Erkin A'zam. Suv yoqalab (kinoqissa)  ( 7877 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  28 Avgust 2010, 12:21:11

Erkin A'zam. Suv yoqalab (kinoqissa)



Muallif: Erkin A'zam
Hajmi: 309 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  30 Avgust 2010, 15:38:13

Эркин Аъзам

СУВ ЁҚАЛАБ


Киноқисса

«ЖАННАТ ЎЗИ ҚАЙДАДИР»
(«Шарқ» НМАК Бош таҳририяти, Тошкент — 2007)
китобидан олинди.



Кенг-мўлгина ҳовли. Уч томон иморатнинг ўртаси баланд ишком. Ишкомдан нарёғи куюк дарахтзор боғ.
Саратоннинг охирлари. Саҳар чоғи.
Ўнг қанотда саф тортган олди очиқ ошхона, омбор, сомонхонаю сайисхоналар тарафдан тош терилган йўлка бўйлаб олтмиш беш ёшлардаги девқомат, важоҳатли бир одам келмокда. Елкасида узун ок яктак, қўлида мис обдаста — хилватда таҳорат олиб қайтмоқда.
У қўлидаги обдастани ишком остидаги супа четига қўйиб, цемент зинапоядан тўрдаги уйга кириб кетади.
Ичкаридан номоз ўқиётгани эшитилади.
Энди ўша кишини супа лабида чўнқайиб ўтирган ҳолатда кўрамиз. Супа пойида тик турган хотини Мусаллам опа обдастани баланд кўтариб, оҳиста жилдиратиб сув қуймоқда. Сув томчилагандек имиллаб тушади.
Эр ана шу сувга тикилиб алланималарни пичирлайди — кеча кўрган тушини сўзламоқда.
У пичирлаётир, лекин биз эшитамиз:
— Тавба... Ажаб туш! Йигитлик даврим эмиш. Мана шу супада худди мана шу тахлит чўнқайиб ўтирган эмишман. Тепамда отам, норози, танбеҳ бераётганмиш: «Тутни нимага кесдинг, бесўроқ? Сену мени тўйдириб, кийдириб турган дарахт шу эди-ку! Болалигингда ўзинг шохма-шох тирмашиб тут териб юрардинг... Ҳе, ноинсоф!» Раҳматли нимадан норози экан, қизиқ... Кампир, — дейди у кейин бошини кўтариб хотинига, — шу супанинг ўртасида тут-мутимиз бормиди, эслайсанми?
— Тут? — дейди Мусаллам опа анқовсираб, бўшаган обдастани беихтиёр кўкрагига босаркан. — Тутимиз ҳув ана — боғнинг этагида.
Эр энсаси қотгандек унга бир назар ташлаб, ўрнидан қўзғалади.
У супадан тушиб, вазмин босиб боғ сари йўналади.
Мусаллам опанинг қўлидаги обдаста ерга тушиб кетиб, шарақлаб қопқоғи очилади, тагида қолган бир-икки томчи тўкилади.
Мана, уй эгаси, қўли орқасида, боғини айланиб юрибди. Бир-икки дарахтнинг олдида тўхтаб, танасини силаб-силаб қўяди, шохларига назар солади.
Дов-дарахт барг ташлай бошлаган. Баъзилари сувсизликдан қувраб-қовжираб қолган. Ер тарс-тарс ёрилиб ётибди. Хуллас, ташландиқ бир манзилнинг ўзгинаси!
Боғ кезаётган одам, ниҳоят, этакдаги қўшни деворга туташиб ўсган бужур тут тагига келади.
Баҳайбат дарахт қариб, тепа шохлари қуриб ётибди. Худди кўкка қўл чўзиб фарёд чекаётган мотамсаро кампирга ўхшайди.
Унга тикиларкан, уй эгаси хомуш бош чайқайди:
— Бу эмас...
Ҳикоямиз қаҳрамони мана шу киши — Болта Мардон.

* * *

Болта Мардон дарвозахона олдида, бир қўлида икки букланган қамчи, хуржунлари қаппайган қашқа отининг жиловидан тутиб бетоқат бўлиб турибди.
У «сиёсат» либосида, бошида сомон шляпа!
— Чақир энди! — деб дағдаға қилади ошхона оғзида енгининг учини тишлаб шумшайган хотинига.
Мусаллам опа бизга кўринмаётган тарафдаги аллакимларга жонҳалпида, таҳлика аралаш ишора қилади: бўлинглар, бўлинглар, балога қоласизлар!
Чап қанотдаги кўркам иморатдан кўзларини ишқай-ишқай ўртанча ўғил — Қодир чиқиб келади. Қовоқлари шишган, жиғибийрон. Орқасидан кўҳликкина хотини кўринади. Унинг қўлида сигарет билан гугурт.
—   Шанба куниям тинчлик йўқ экан-да! — деб тўнғиллайди Қодир, йўл-йўлакай кўйлагини эгнига иларкан. — Балога қолган — сурнайчи! Анови тошкентлик боди қани? Кенжа Ботир! Бой-чи, бой?
—   Биз тайёр, ака! — дейди «ота уй»нинг зинапоясида турган Ботир керишиб.
У кечагина келган — Тошкентдан атай чақиртирилган! Кийим-бошида, навқирон қиёфасида шунга яраша бир оҳор. Лекин ўзи хомуш, ўйчан.
— Бойваччангниям айтдингми? — деб сўрайди Болта Мардон ҳамон жонсарак бир кўйда турган хотинига ўқрайиб.
Чап томон девор узра юксалган ҳашаматли қўшни шийпонда тўнғич ўғил — Амирнинг бўй-басти кўринади.
У спортча кийимда, қўлидаги тошларни ўйнатиб машқ қилмокда.
—   Ҳа, дада, тўйга тайёргарликми? — дейди кенжа укасига кўз қисиб.
—   Боғнинг аҳволини кўр, ўғлим! — дейди Болта Мардон дафъатан шаштидан тушиб. — Дарахтнинг ҳам жони бор ахир, қарғайди.
Амир қўлидаги тошларини аста қўйиб, панжарага суянади.
— Шунгаям овора бўлиб юрасизми? Тўрт-беш мошина сув юбораман — олам гулистон-да!
—   Бирор мошина бензин ҳам қўшиб юборсанг зиён қилмасди! — дейди Қодир пичинг билан.
—   Ия, Қодирбой, бош оғрияптими дейман, — дея ака ҳам ачитмоқчи бўлади.
—   Бензин сабилнинг ҳиди ёмон-да, оғримоқ тугул, бирдан айлантириб ташлайди бошни!
—   Ҳа бўлди, бўлди энди! Аравакашлигингизни билинг сиз! — дейди Амир укасини жеркиб. — Тўрт-беш мошина сув нима бўпти, дада! Овора бўлиб сув ёқалаб юрманглар дейман-да.
Болта Мардоннинг фиғони чиқиб кетади:
—   Ота-бобонг мошинада сув ташиб томорқа суғорганми, инсон?!
—   Сизлар билан борардим-у, — дейди Амир бўшашиб, — бугун Термиздан каттамиз келмоқчи. Кечқурун уйда...
—   Бормасанг — борма! Мен сени не ниятлар билан дўхтирликка ўқитиб эдим-а. Эсиз, эсиз!
— Дада, мен ўғрилик қилаётганим йўқ-ку!
—   Унисини билмадим-у, лекин дунёда шундай касб-ҳунарлар бор: ўғрилик қилсанг-қилмасанг — ўғрига ўхшайверасан!
—   Ҳеч шу феълингиз қолмади-қолмади-да, дада. Эрталабданоқ одамни...
—   Ҳаҳ, сени замонга боқ деб ўргатган отангга лаънат! — дейди Болта Мардон аччиқ билан отини дарвоза томон етаклаб.
Амир шийпонида сўппайганча қолади.
— Дада-а...
Гузар кўчаси.
Болта Мардон отда, одатланганидек, савлат тўкиб боряпти. Елкаларида белкурак, икки ўғил орқасидан келяпти.
Ота-болалар сув ёқалагани жўнаган.
Муйилишдаги супачада бир мўйсафид деворга суяниб, мудрагандек бир кўйда ўтирибди. Ёз кунида бошида ярғоқ телпак. Кўзи кўрмайди — ожиз. Ўзича минғирлаб хиргойи қилади. Ўзича маст. Ажабо, нимадан сархуш экан у? Зулматда ўтаётган умридан қандай бир нур топди экан?
(Дарвоқе, бу кўҳна зотни биз «Эркак» фильмида ҳам учратганмиз.)
Болта Мардон жиловни тортади — от тўхтайди. Отлиқ чўнтагидан олган пулни буклаб, орқада келаётган ўғли — новча Ботирга тутқазади-да, чол тарафга имо қилади: элтиб бер.
Мўйсафид хиргойидан тўхтаб, пайпаслаб пулни олади. Қорачўғи сўник кўзларида, чечак изидан бужур-бужур юзида жилмайишга ўхшаш бир ифода зоҳир бўлади.
—    Раис, ўзингизми?
—    Ўзим, ўзим, Ҳамро бобо.
—    Бу йигит кенжангиз, шундайми? Хув Тошкандларда ўқийдиган, а? Келган экан-да? Ҳа балли, балли.
—    Топдингиз, топдингиз! — дейди Болта Мардон Ботирга ғолибона кўз қисиб.
—    Яхши жойлардан ато этсин, омин! — дея дуо қилади мўйсафид. Сўнг бармоқлари орасидаги пулни тўлғаб сўрайди: — Буни нима қилай, раис?
—    Хўрозқанд олиб ейсиз, Ҳамро бобо! Кеча денг, раҳматли отам, ошнангиз, тушимга кирибди. Бир тиловат қилиб қўярсиз. Ирими-да.
—    Тиловат иримига эмас, чин ихлос билан қилинади, раис!
— Биламан, биламан. Биз сизга ишонамиз-да, Ҳамро бобо.
— Сувга балиқ ташламоққа отланибсиз-да? Болта Мардон яна кенжа ўғлига маъноли қараб қўяди: кўрдингми, авлиё бу чол!
— Сувдан балиқ тутмоққа, Ҳамро бобо!
— Мен бошқа гапни айтаётибман, рчис. Хизр алайҳиссалом билан Мусо алайҳиссалом бир ёққа кетаётиб эдилар. Хизр алайҳиссаломнинг қўлларида қорни ёриб тозаланган, тузланган бир балиқ бор экан. Шу нимарса ариқдаги сувга тушиб кетибдию балиқ жонланиб, кўзлари шартта очилибди! Хўш, бунисига нима дейсиз?
— Худонинг қудрати-да.
—   Шундай, шундай. Сув келтиргану сувни кўрганнинг йўли ойдин бўлади, раис. Сув — ёруғлик. Ҳув нақлдаги «Яхшилик қилгину сувга от — балиқ билар, балиқ билмаса — холиқ билар» деган гаплар қофияси учунгина айтилмаган!
—   Бўлди, бўлди, энди тушундим, — дейди Болта Мардон.
Чол қўлидаги қоғозни беписандгина ёнбошига ташлаб, дуога қўл очади:
— Умрингизга барака берсин, Болтабой, омин! Болта Мардон ҳам юзига фотиҳа тортиб, эгар қошидан жиловни бўшатади. От йўлга тушади.

* * *

Йўл кескин сўлга — тоғ тарафга қайрилган жойда, серсоя гужум тагида бир чорпоя бор. Унда мудом беш-ўн бекорчихўжа тўпланиб олиб, ўртада бир чойнак чой, дунёнинг ишларидан ҳангамалашиб ўтиради. Давра — олақуроқ: етмиш яшар мудроқи чол ҳам шунда, турмуш ташвишларидан ҳориган аёлмандроқ кексаю кечагина ҳарбий хизматдан қайтган қирчиллама йигит ҳам шунда.
Ҳангаматалаблар ўтган-кетганни тўхтатиб гапга тутишади, ўзларича маслаҳату насиҳат беришади. Бозорлиқ кўтарган биров-ярими шуларнинг ёнида тин олиб, бир дам нафас ҳам ростлайди. У кетгач, шўрликнинг изидан муҳокамаси бошланади.
Бу ерни гўё бир қўлбола чойхона дейсиз. Чой кўпинча яқин атрофдаги бирор ҳовлидан чиқади. Шуни майдалаб гап сотишади.
Бундай манзил ҳар қишлоқ, ҳар бир гузарда топилади.
Болта Мардонни кўриб давра жонланади.
— Йўл бўлсин, раис бобо? Бундай, лашкар тортиб...
—   Боғ-роғ қувраб қолди, Жумақул, — дейди отлиқ беҳафсала. — Шунга бир коризга — қулоқбоши томонга ўтиб келай.
—   Бу йил сув масаласи чатоқ, — дейди Жумақул — коржомага ўхшаш якранг либос кийган ўртаяшар киши. — Менинг ҳам чорбоғим қақраб ётибди.
— Юринг бўлмаса, билла-билла сув ёқалаймиз.
—   Қулоқбошида Ўрин Жага ўтирибди деб эшитаман. У баттолдан сув сўраб бўлмас. Раиснинг тоғаси!
—   Сувни пуллаб ётганмиш занғар! — дея луқма солади ёшроқ бир киши. — Ҳеч балодан тап тортмайди у. Уч марта камалиб чиққан расво бир қирриқ-да!
—   Эски ошномиз экан-да, — дейди Болта Мардон беозор кулиб отининг биқинига ниқтаркан. — Бермай кўрсин-чи!
— Ҳай, сиз отдасиз-ку, Болта ака, юзингиздан ўтолмас, — деб қўяди Жумақул.
Ҳалиги билағон гап қўшмай туролмайди:
— Жага отлиқ тугул, отаси тирилиб келсаям танимайди!
Болта Мардон кетади-ю, одатдагидек, изидан гапи қолади.
— Неча йил довруқ солиб даврон сурган одамнинг аҳволини кўринг — сув ёқалайман деб юрибди бугун!
— Ҳали бақувва-ат. Сиёсатини қаранг!
—   Сиёсат қиладими, қилмайдими, даври ўтди-да энди. Ҳамманикиям шу, жўра.
—   Лекин ўғиллари жой-жойини топган. Амири — бензинга хўжайин...
—   Дўхтирликни ташлаб, азза-базза бензинфуруш бўлиб кетди-я шу одам? Қойил-э, шеримард!
—   Анови бегонасираброқ турган пасон — кенжасими? Тошкандда ўқийди-я? Сал кўпроқ ўқиб юбормадими шу бола? Ё у ёқда...
— Аспирант у, аспирант, — деб қўяди билағон. — Олим!
— Ҳа-а, қаранг. Бўладиганнинг боласи-да!
— Раис синглиси билан қуда бўлмоқчи деб эшитдим. Майрам беванинг қизини мана шу ўғлига олиб бермоқчи шекилли.
— Шаҳар кўрган бола — кўнармикан?
— Кўнмай қаёққа борарди, укам? Раиснинг феълини биласан-ку!
Яхшиямки, шу пайт кўчадан авлодлик бир одам ўтиб қолади. Жумақулнинг ошнаси экан.
— Хў-ў, Чорибой! — деб чақиради у. — Бир майдон оёқ илиб кети-инг. Зўр гурунг бўляпти бу ерда!
Кўктош гузари биқинидаги баланд яланглик гавжум. Аксарияти қизил-яшил, гулдор либосли хотин-халаж, бола-бақра. Бир тўдаси оналарини жавратиб берироқда копток тепиш билан овора. Қий-чув авжида.
Билмаган, яхшилаб қарамаган одам бу ерда ё бир топилмас матоҳ сотиляпти, ё мўлтони маймунини ўйнатяпти, деб ўйламоғи тайин. (Дарвоқе, яланглик четида майда-чуйда сотадиган бир-иккита қўлбола дўконча ҳам бор.) Андак зеҳн солиб қаралса, манзара аён бўлади. Гирд-атрофдаги анови турли-туман аравачаю эшак-уловни кўряпсизми? Тунука челакларнинг тақирлашию мис кўзаларнинг жаранг-журунгини эшитяпсизми?
Ҳа балли, бу ерда сувга навбат турилибди! Бу теварак-жавонибда бирдан-бир сув қувури мана шу.
Муздек чашма суви, чучук сув, зилол сув, ичаман десангиз — кепқолинг! Буни ҳам елимшишаларга солиб, бирор шоввоз бизнес бошлаб юбормагунича қониб-қониб ичиб қолинг!
Бир лаҳза шу манзарага маълул боқиб турган Болта Мардон отининг сағрисига аччиқ қамчи солади. От ҳам жаҳл билан йўртоқлаб кетади.
Ортда қолган ўғиллардан ўртанчаси кенжасига нимадир дея яқинроқдаги дўкончага қараб чопади.
Ботир ҳаллослаб отга етиб олганида боядан бери бирор дафъа орқасига ўгирилиб қарамаган ота сўроқлаб қолади:
— Аканг қаёққа кетди?
— Сигарети қолмаган эканми, — деб гап бошлайди-ю, акасини «сотиб» қўяётганини сезиб, тилини тишлайди Ботир. — Йўқ-йўқ, чанқабди. Кока-кола ичмоқчи. Ҳозир етиб келади, дада.

* * *

Қулоқбоши.
Тоғдаги булоқлардан томчилаб йиғилган сув кориз орқали ўтиб мана шу шоҳариққа тушади. Этак-даги каттакон қишлоқ, боғ-роғлар асосан шу ариқдан сув ичади. Сув коризнинг поёнидаги кўлсимон даҳанадан таксимланади. Демак, тақсимотчи мироб ҳазилакам одам эмас. Айниқса, йил қурғоқ келган ёз ойлари у раисдан олдинги бўлмаса-да, кейинги арбобга айланади.
Бундай мойли жойга одатда раисга яқинроқ, ишончли одам ўтиради. Ҳозир бу ерда Ўрин Жага хўжайин. Мироб ҳам, арбоб ҳам ўзи.
Қишлоқда уни кўрган катта-кичик зир титрамаса ҳам, бир сесканиши бор. Важоҳати чатоқ-да. Кўзлар чақчайган, ўқдек тешаман деб туради. Башарани ҳар хил чандиғу тиртиқ «безаган». Оёқ-қўл ва баданнинг-ку соғ жойи йўқ — ватанга муҳаббатдан тортиб беҳисоб ишқ жафоларигача турли йўсинда ифодасини топган. Юрганда бўйнини ичкари тортиб, худди ҳозироқ муштлашувга киришиб кетадиган каби, муштлари кўкракда шай, хезланиб, атрофга безовта аланглаб юради. Қисқаси, ўтган асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йилларидаги худо урган безорини кўрмадим деманг!
Ўрин Жага қулоқбошини расмона қароргоҳга айлантириб олган. Берироқда, улкан чинор соясида зангори стол-стул — ошхонаники. Стол устидаги магнитофондан Шерали сайраб ётибди. Чинор танасига қозиқ қоқилиб, илгичдан ўтказилган кийим-кечак шунга осиб қўйилган; орасида гулдор галстук ҳам кўринади. Фақат телевизору телефон етишмайди, холос.
Бош мироб — Ўрин Жаганинг ўзи, эгнида тўр майка, қўллари бошига ёстиқ, буклама каравотда ялпайиб ётибди. Ким келди, нима деяпти, итмисан, битмисан — парвойи фалак!
Болта Мардон, қўлида букланган қамчи, унинг тепасида турибди.
—   Жага иним, нима, мени танимай қолдингми? — дейди ажабланиб.
—   Ўзингиз тушунган одамсиз-ку, раис бобо! Сув маккага кетяпти. Маккажўхори — давлатники. Сиёсий масала! Раис валломати келсаям бир қатрасини бермайсан, деган. Тамом!
—   Болта Мардонга-чи?
—   Болта Мардоннинг даври ўтган!
—   Ўтмайди! Тур, даҳанани оч!
—   Ҳазиллашманг, раис бобо! Закунни бузяпсиз!
— Закунчи! Закунни мендан ҳимоя қиласанми? Сен-а?! Ё пирим-эй...
— Раислар бузади-да закунни!
Қони қайнаб кетган Болта Мардон қамчисини сермайди:
— Тур-э жойингдан! — Сўнгра бурилиб, хуржундан қовун-тарвуз олаётган ўғилларига амр қилади: — Бор, даҳана-паҳанасини бузиб ташлайсан!
Элликдан ошиб қолган одам, эчкидек сакраб ўрнидан туради. Каравоти тагидаги белкуракни олиб, уларга қарата милтиқ ясайди:
— Тўхта — отаман!
Ҳам кулгили, ҳам хавфли вазият! Ўрин Жага кутилмаганда белкуракни бир ёнга улоқтиради-да, Болта Мардонни қучоқлаб олади:
—   Сизга йўқ деб бўладими, раис бобожон! Кўр бўламан-а! Охирги сафар сиз орага тушмаганингиз-да, турмада чириб кетардим. Аммо-лекин, ҳамма ишнинг қонун-қоидаси бор, ўзингиз биласиз-ку!
—   Шундан келмайсанми, касофат! Сувни оч, кейин гаплашамиз.
Қодир отасининг кўзини шамғалат қилиб, қўйнидан олган газетага ўроғлиқ алланимани каравотдаги кўрпачанинг орасига тиқиб қўяди.

* * *

Сарбанд.
Пастга — қишлоққа кетадиган ариқнинг оғзи тошу чим билан шиббалаб ташланган. Ака-ука, қўлларида белкурак, оёқяланг бўлиб олиб шуни бузмоқда.
Ўрин Жага чаққон сакраб уларнинг ёнига тушади.
— Нари тур-э, салага! — дея ака-укани икки ёққа суриб, белкуракни ўзи қўлга олади.
Даҳана кенг очилиб, шоҳарикдаги сувнинг тенг ярми издиз босиб кетган новсимон ўзандан шарқираб пастга оқа бошлайди.
—   Бўладими, раис бобо? — деб сўрайди мироб белкурагини қўлдан қўймай. — Ёки бу ёғини ҳам...
—   Бас, бас, Ўринбой, — дейди кулиб тепада турган Болта Мардон. — Бор экансан-ку!

* * *

Бош миробнинг қароргоҳида қўлбола зиёфат. Қовун-тарвуз сўйилган, нонлар ушатилган. Помидор-бодринг, яхна гўшт.
Жаганинг қўлида ароқ қуйилган пиёла.
— Биргина қўл кетадими, раис бобо? Хў-ўв даврларингизни эслаб-да, ба нияти шифо...
— Боя ўзинг айтдинг-ку, бизнинг давримиз ўтган!
—   Хай, хай, бенават. Қодир болага рухсат берарсиз бўлмаса?
—   Қодир... — Болта Мардон ўртанчасига таънаомуз боқади. — Ўзи билади. Ёш бола эмас энди.
Қодир ҳамшишасига қараб титрай-қақшай қўл тўлғайди: йўқ, йўқ, кейин!
—   Буларингиз сиздан қўрқяпти, раис бобо. Бўлмаса-ку, ўлгудай ичса керак, — дейди Ўрин Жага ва қўлидаги пиёлани баланд кўтариб: — Бўпти, бизга оқ фотиҳа беринг. Ол, Ўрин Жага! Ё ҳаёт, ё ўлим! — дея ичиб юборади. Пиёлани ҳидлаб ўзича «газак» қилгач: — Кечирасиз-да, раис бобо, — деб қўяди.
—   Майли, майли. Ёшлиқда бўлади-да. Сенам бора-бора одам бўлиб кетарсан, Ўринбой.
Бу гапни мақтов билиб, Ўрин Жага жез тишларини кўрсатиб илжаяди.
— Шу, сизнинг даврингиз ажаб зўр даврлар экан-да, раис бобо!
—   Нимаси зўр экан?
—   Сув жонивор сероб эди-да. Оқи-иб ётаверарди.
— Нимага шундай эди-я, Жага иним? — дейди Болта Мардон уни эрмак қилгандек.
— Файзли одам эдингиз-да.
—   Нима, энди, раисликдан бўшаб, бефайз бўлиб қолдикми?
—   Йўғ-э! Ҳаммаёқни ёш бола босиб кетдими дейман-да. Манови Самарга ўхшаган мишиқилар!
—   Раисингни айтяпсанми? Нима қипти уни, туппа-тузук-ку!
—   Раис эмиш! Жипириқ! Ўзимнинг қўлимда катта бўлган.
—   Сенинг қўлингда ўсганлар раис бўлиб кетаверса, ҳазилакам одам эмас экансан, Ўринбой! Билмай юрарканмиз-да.
—   Нима деяпсиз, раис бобо, Тошкентларда паханлик қилганман-а! У ёғини ўзингиз биласиз...
Шу орада Ўрин Жага яна бир пиёласини уриб олади.
Ботир нарироқда, миробнинг каравотида бир парча қоюзга алланимани ёзибми, чизибми, ўйчан ўтирибди.
— Се-ен, Жага иним, кайфингни суриб ётавер, — дейди Болта Мардон қўзғалиб. — Биз энди сув ёқалаб кетдик.
—   Пешингача оқса бўлар?
—   Кечгача деявер энди, Ўринбой!
—   Ий, ий, ий! Бир боққа-я?
—   Ўша боққа бошқа боғлардан ўтиб борадими, ахир! Ёки ўзгинанг мошинада элтиб берасанми?
—   Э, бўлди-и, раис бобо! Бир оғиз сўзингиз! Керак бўлса — сув эрталабгача сизники! Самар-памари капейка менга!
—   Ҳай, ҳай, Ўринбой, инсоф қилинг! — дейди Болта Мардон кулиб, отининг бошини ҳовли-боғлар томон бураркан.
—   Дада, мен ҳозир етиб бораман, — дейди Қодир. — Ўрин акамизда бир гапим бор эди.
— Қолиб кетма, бола!
Икки улфат шоша-пиша бир пиёладан ичадилар.
—   Қолган сувниям ағдариб берайми? — дейди Ўрин Жага мардликдан жўшиб.
—   Йўғ-э, раис кепқолса!.. Макказорга кетаётган экан ўзи...
— Макка эмиш! Давлат эмиш! Ўзининг ҳув адир этагидаги ўғринча экинзорига оқиб ётибди, билдинг! Бобойларнинг даври бошқача эди, братан, бошқача! Сенлар билмайсан — салагасанлар-да. Болта Мардон деб қўйибдилар, Болта Мардон! Дамида ош пишарди-я! Сув-ку сув, керак бўлса, жонимни ҳам беришга тайёрман мен бу одамга!.. Олсанг-чи!

* * *

Сувчилар боя келган катта кўчаларини қўйиб, энди ҳовли-томорқа, боғу боғот оралаб сув ёқалаб кетадилар.
Бу ишнинг турган-битгани даҳмаза! Сувни ундирганингиз-ку бир сари, кейин уни то томорқангизга етказиб боргунча жонингиз ҳалқумингизга келади. Кўпчиликнинг боғ-роғи, экин-тикини сув кўрмай қуриб-қовжираб ётибди. Ҳовлисининг ичидан сув ўтдими, бас, уни ким боғлаб келди, қандай бошлаб келди — суриштириб ўтирмай пайкали томон буриб олаверади: қўлингдан келганини қил! Сув ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас. Худо ато этган неъмат у. Эгам уни ҳаммага баробар улашади. Сув — текин. «Сувтекин» деганлари ҳам шундан. Демак, у — халқники! Мен ҳам халқман, халқнинг бир бўлагиман. Бор, ишингни қил!
Сув ёқалаганнинг олдида ана шундай машмашаю можаролар, гоҳо ёқа бўғишишлар, уриш-жанжал, ҳатто ундан-да баттарлари йўл пойлаб туради.
Хўш, собиқ бўлса-да, раис бобомиз сув ёқаласа, қандай бўлар экан?
Йўқ, бошланиши силлиқ кечади. Ҳарҳолда, қулоқбошига яқин жойлар, нари-бери сув кўрган. Бир ҳовлидагина андак тўхтамоққа тўғри келади: айқириб оқаётган сув қўшни пайновдан чиқишда сустлашиброқ қолган экан.
— Ҳў сув ўғриси, ўзингни кўрсат бундай бир! — деб бақиради Болта Мардон отдан бўйлаб.
Ботир дарров бориб деворга тирмашади.
— Шошма, ўзи келар.
Дарҳақиқат, девор оша майкачан бир йигит кўринади. Биров сўз сўрамасданоқ таваллога тушиб, бидирлай кетади у:
—   Э, э, раис бобо! Ассаломалайкум. Сув сизданмиди? Билмабмиз-ку. Биздан ўтибди-да, узр. Ўтган дафъа томорқани суғорганда бир пайкалгина қолган эди. Худо берди деб, шунга буриб қўйибман-а сувингизни. Сизники эканини билганимда, ўлайки агар...
—   Бўпти, бўпти, ўзингни бос. Бизнинг ошна қалай? Сал тузукми ишқилиб?
—   Ётибдилар, — дейди йигит бирдан маъюс тортиб. — Ўша соз, ўша аҳвол. Оёқда жон йўқ-да.
—   Сўраб, салом айтиб қўй. Йўл тушганда бир кирарман.
—   У кишиям сизни кўп гапирадилар. Армияда билла бўлган экансизлар-да... Ия, Ботирбойми? Кўрмабман, қаранг. Гуноҳ қилган одам мана шундай довдираб қолади, ҳа. Ўқишлар битай деб қолдими?
—   Раҳмат, раҳмат, — деб қўяди Ботир ҳафсаласизгина.
—   Раис бобо, мен ҳозироқ сувингизни қўйиб юбораман!
— Ҳовлиқма, бола. Бир пайкалгина, деяпсан-ку. Қониб олсин, қўявер. Гуноҳ дейсан — бу ёқда бир ариқ сув оқса-ю, у ёқда ер қақраб ётса, гуноҳ бўлмайдими?
— Э яшанг-э, раис бобо! Раҳмат.
Можаро олдинда экан.
Этаги деворсиз — чангалзор бир боққа мўралаганларида олтмиш ёшлардаги миқти бир одам, ўспирин невараси енида, апил-тапил экинларига сув тараб ётибди.
— Ие, ҳормасинлар, ҳормасинлар! — дея отда чангалзорни ёриб ичкари киради Болта Мардон. — Кафан текин деб ўлавериш экан-да, Бозорбой?!
Бозорбой деганлари ўгирилиб уни кўради-ю, аммо сап-сариқ башарасида бирон бир ўзгариш сезилмайди. Индамай бурилиб ишини қилаверади.
—   Энди сувга хўжайинлик қилишлари қолган экан-да, қуллуқ бўлсин! — дейди у бир оздан кейин тўнғиллаб. — Сув — элники, ҳамманики!
—   Элники бўлса, ҳамманики бўлса, уйингда сасиб ётмай, чарвингни эритиб ўзинг қулоқбошига чиқиб келмайсанми?!
—   Ў-ў раис, катталигингни бошқага қиласан, хўпми? Давринг ўтди сенинг! — дейди Бозорбой белкурагига энгак тираб. — Ё, мени қаматиб юборганинг эсингдан чиқдими?
—   Сен ўзингни ўзинг қаматгансан, банда! Бир йилдаёқ омборни шилиб, шип-шийдам қилганинг учун, нима, кўкрагингга орден тақсинмиди?!
Шу пайт ҳаллослаб етиб келган Қодир, бир ғайратига ўн ғайрат қўшилган чоғи, тўппа-тўғри Бозорбой томон хезланиб қолади.
Ботир бир чеккада индамай кузатиб турибди.
— Бу ёққа ўт, тентак! — дейди Болта Мардон ўғлидаги ўзгаришни пайқаб жаҳл билан. — Манови ариқни тўс! Бир қатраям ўтмасин! Сув бериб бўпман мен бу хумсага!
Ака-ука бир-бирига қўймай ишга киришиб кетади.
—   Замона зўрники бўлди, э худо! — дейди бўшашиб қолган Бозорбой жаврашга тушиб. — Нима, мен бечоранинг хаққим йўқми? Мен сув ичмайманми?
—   Ичарсан, — дейди Болта Мардон чангалзор қўрадан чиқатуриб. — Мен ўлгандан кейин!
— Тезроқ ўл бўлмаса!
—    Оғзингни юм-э, энағар! — Қодир белкурагини кўтариб Бозорбойга ташланмоқчи бўлади.
—   Қайт! — дея чангалзорни қамчилайди Болта Мардон. — Олдимга туш! Ҳе, ҳайвон! Индамаса... Сен, ўғлим, бирпас шу ерда қараб тур, — дейди сўнг Ботирга тайинлаб.
Кучлар нисбатидан алами келибми, Бозорбойнинг ўспирин невараси улар ортидан кесак отиб қолади.
Бобоси белкурагини пуштага отиб, уй томон юради.

* * *

Мана, сув ёқалашнинг ҳангомасига ҳам етиб келдик. Томошанинг қизиғи бу ёқда экан.
Ёнма-ён икки ҳовли. Эгизакларники: олдингиси — Ҳусанники, кейингиси — Ҳасанники. Ака-уканинг иккаласи ҳам бамаъни, ўқимишли йигитлар.
Болта Мардон отда, девор оша индамайгина кузатиб турибди.
Ўртадаги пастак деворни эшак қилиб миниб олган атлас кўйлакли аёл қўшни ҳовлига қараб шанғилламоқда:
— Сув менинг ҳовлимдан ўтса-ю, аввал сизникини суғорсинми? Ҳо-о, бекорларни айтибсиз!
Қўшни ҳовлида белини рўмол билан танғиб олиб супа лабидаги жомда кир юваётган аёл билакларидан совун кўпигини сидираркан, муроса қилолмай овора:
—   Сизлар яқиндагина суғорган эдиларинг-ку, Кароматой? Мана, меникини қаранг — қақраб, тақрон бўлиб ётибди!
—   Керак бўлса, ҳар ҳафта суғораман! Ҳа-а, алам қиляптими? Солиқчига тегиб олинг эди, бўлмаса!
—   Иби, оғзингизга қаранг, овсинжон, бу нима деганингиз?
— Оғзим жойида, деганим — шу! Меники қолиб, сув бекордан-бекор сизникига ўтиб кетаверар экан-да? Анойингни топибсан!
— Ўзи келиб турган сувга ҳам солиқ сол бўлмаса!
—   Ҳой келин, туш девордан! — дейди ниҳоят Болта Мардон сабри тугаб. — Айб эмасми? Ким айтади сенларни бир қориндан тушган икки ака-уканинг хасми деб! Сен қайсисиники ўзи?
—   Ҳусанбойники, — деб жавоб қилади қўрқа-писа девордан сирғалиб Каромат. — Ҳусан солиқчини биласиз-ку, раис бобо!
—   Хўш, айт-чи, Ҳусан каттами, Ҳасанми?
—   Сув меникидан ўтади-ку, раис бобо!
—   Сен кейин ичасан!
—   Иби, раис бобо, сув — кичикдан эмасми?
— Бу маталингни бориб энангга айтасан, қизим! Тушундингми? Гап шу: аввал Ҳасан ичади, кейин — сенлар! Сенинг эринг ундан кейин туғилган... — Шунда Болта Мардон, ўзи кутмаганда, беихтиёр хотирага берилиб кетади: — Отаси чойхонага чикиб жар солган — «ўғил кўрдим» деб. Унинг изидан укаси чопиб борган — «ака, яна биттаси бор экан» деб. Роса хангома бўлган. Кечқурун, пода қайтар маҳали эди. Мен эндигина райондан келиб идорамнинг эшигини очаётувдим. Адашмасам, анови космонавт хотин осмонга учган кун эди. Ҳа-ҳа, шунга митингкага бориб эдим. Райкўм бобо «Шу куни туғилган қизининг исмини ким Валентина қўйса, суюнчисига — кажавали битта «ИЖ» мотоцикли!» деб эълон қилган. Буни эшитиб эгизакларнинг отаси бир эмас, икки карра афсусланган. Мана, кўриб турибмиз, бекорга афсусланмаган экан у шўрлик...
Дарвозахонада кўринган Ҳусан солиқчи икки ҳатлай келадию хотинини билагидан тортиб четга отади:
— Бу ёққа ўт-э, энағар! Узр, раис бобо. Қўл тегмайди боққа қарагани. Иш кўп.
— Майли, майли, Ҳусанбой, солиғингни йиғиб бўл-чи, рўзғоргаям вақт топарсан, — дейди ачитио Болта Мардон. — Ўргилдим-э, Валентина, — деб қўяди кейин ғудраниб ўзича.
Отлиқ девор ёқалаб бораркан, юқорироқдаги бир ҳовлидан шовқин-шабохун эшитилади. Орасида Қодирнинг ҳам овози бор.
— «Сув сенинг шахсий мулкингми? — деб чинқиради кимдир. — Ҳаммаям одам! Ҳуқуқи тенг!»
—   «Ҳуқуқинг тенг бўлса, ўзинг опке сувни!»
—   «Раисга бораман!»
—   «Э, менга деса, худога бормайсанми!»
— Ҳай, нодон-а! Астаъфурулло! — деб қўяди Болта Мардон.

* * *

Каттакон бир ёнғоқнинг тагига келганларида девор бузиғидан дарахтлар оралаб супада ўтирган тўрт-беш киши кўринади.
— Шўрлик Омонбойнинг таъзияси, — дейди Болта Мардон Ботирга қараб. — Босиб ўтсак бўлмас.
Шу чоқ, қўлида узун хивич, Қодир келиб қолади.
—   Сен болани орқада қолдириб бўлмас экан, — дейди ота норози оҳангда. — Олдинга ўтасан энди. Ботирбой, сен бир юқори ўрлаб, анови Бозор касофатникидан хабар ол-чи. У баччағарга ишониб бўлмайди. Эски ўғри-да.
—   Ундан беридагисини айтмайсизми! — дейди Қодир жони чиқиб. — Дамин калнинг хотинак ўғли. Ашула муаллими бор-ку, ўша. Қарасам, сувни ҳовузчасига буриб ўтирибди. «Ҳа, кранингда ҳам сув бордир?» десам, «Болалар кўлда чўмилишни яхши кўради» эмиш! «Чўкиб кетса нима бўлади?» деганимни биламан — «Гапинг бунча совуқ, алай-балай» деб роса чинқирди. «Ўзинг совуқ, ўзинг чўкиб ўл, ҳе, эркакка ўхшаган!» деб сувни аранг ағдардим-а бу ёққа!
Ўғилларини икки тарафга йўллагач, Болта Мардон отининг жиловини эгар қошига маҳкамлаб, пастак дарча томон юради.

* * *

Тўрда ўтирган рангпар, иягида тўрттагина мўй тиккайиб турган оқ қалпоқли қори бола тиловатини тугатгач, юзга фотиҳа тортилади.
— Болтабой, шу, отдалигингизда кўп савоб ишлар қилдингиз-у... — дея сўз бошлайди бир чол.
Марҳумнинг бесабр, бефаросатроқ ўғли гапни илиб кетади:
— Тўғри айтасиз, бобо. Отам раҳматлини ҳам бир ўлимдан опқолганлар. Ичаклари буралиб колганда мана шу киши мошиналарида Термизга оборганлар. Шундай, а, раис бобо?
— Эсда йўқ экан, жиян, — деб қўяди Болта Мардон.
— Эслаб кўринг, эслайсиз. Ўзим билла борганман-ку!
—   Балки. Иш биланми, мажлис-пажлисгами кетаётган бўлсам керак-да.
—   Бу ернинг дўхтири «ўлади» деган одам, мана, қаранг, яна ўн беш йил яшадилар. Ўн беш йил-а!
— Худо раҳматига олсин, — дейди Болта Мардон. Бояги чол бошлаган гапини унутмаган экан:
—   Шунча йил отда юрдингиз-у, сув масаласини бир ёқли қилмадингиз-да, Болтабой!
—   Анови тоғни тешиб, Дурдаранинг суви шундай бир эндириб юборилса — олам гулистон эди-я! — дейди сира жим ўтиролмайдиган таъзиягир. — Ҳашар йўли билан ҳам битирса бўларди. Ҳамма чиқарди, кафилман агар! Бойнаги Қурбон қўнғирот ҳам депутатлик даврида бу ишга бир киришди-ю, кейин охирига етказмасдан ташлаб қўйди. Уни яна бир бор сайлаганимизда, ким билсин, балки...
Болта Мардон секин уҳ тортиб қўяди — индамайди.
—   Айтишга осон-да, Набибой, — дейди чол. — Мана, бугун тоққа ҳашар тугул, тўрт-беш тангадан тўплаб берамиз денг, қани, неча пул йиғиларкан?
—   Пули бўлмаса, битини берсинми, бобо? — деб луқма ташлайди ёшроқ бир киши.
—   Раис унда коммунист эди, — дейди қишлик мовут шляпа кийган кексароқ одам салмоқ билан сўз бошлаб. — Юқоридан сўрамай иш қилолмасди. Ўзидан билиб бирор юмушни бошлаган одамнинг калласи кетмасаям, ҳарқалай, омон қолмасди. Тўғри айтяпманми, Болтабой?
Болта Мардон вазмингина бош ирғаб қўяди.
—   Шу масалани ҳал қилмаган эканмиз-да, қаранг, — дейди хўрсиниб ниҳоят. Сўнг синиқ кулимсираб қўшади: — Халқ қийналсин, халққа ёмон бўлсин, кейин бир куни бизни лаънатласин деганмиз шекилли-да... — У гапини якунламай, ўгирилиб таъзиягир ўғилдан сўрайди: — Бобо неча кун ётди?
—   Ётганлариям йўқ ҳисоби. Кечқурун сал инқиллаб туриб эдилар, эрталаб туриб кўрсак...
—   Елдай келиб, селдай кетгани шу-да одамзоднинг, — дейди чол ривоят охангида. — Умр деганлари — ҳув арикдаги сувдай гап. Ўтади-кетади.
Бефаросат таъзиягир бу гал ҳам қўшилади:
— Қани денг ўша сув! Бу йил қурғоқ келди-ку! Шу вақт Ботир пайдо бўлиб, супага чиқиб тиззалайди.
Яна тиловат. Яна фотиҳа.
— Ўзингизни овора қилибсиз-да, раис, — дейди гурунгчи чол. — Ўғилларними чиқарсангиз бўларкан бу ишга.
—   Мана, ўғиллар ҳам юрибди сув ёқалаб.
—   Ҳа, шундайми? Барака топсин.

* * *

Ботир қайтиб Бозор сариқникига қоровулликка жўнайди.
Болта Мардон отини ўз ҳолига қўйиб, боғ-боғот оралаб кетаётир.
Жийдазордан ўтаётганида қандайдир чорбоғ этагидан қиқир-қиқир кулги эшитилади. Жувон кишининг овози.
От жилови тортилади. Қулоқлар динг!
— «Эсимдан ҳам чиқиб кетган...»
— «Хат-пат ёзиб турадими ишқилиб? Пул-мул дегандай?..»
— «Кўп бўлди — ҳеч гап йўқ».
— «Кайфини суриб юргандир-да. Сен бу ёқда мана шу боғдай қовжираб ётибсан...»
—   «Бўлди-бўдди! Анови ялмоғиз кепқолади ҳозир!»
—   «Қайнонангми?»
—   « Ялмоғизим».
— «Кўрса — кўрар! Келин керак бўлса, ўғлини топиб келсин! Чорбоғини суғориб турган бўлсак...»
— «Бўлди, бўлди, жо-он Қодир ака...» Қарс!
Девор оша қарсиллаб қамчи тушади.
— Ўт бу ёққа, жувонмарг!
Жувон ўзини жийдазорга уради, каловланиб қолган Қодир эса девор кемтигига ёпишади.
Болта Мардон гуноҳкор ўғлини олдига солиб, қамчи сермаб бораётир.
Қодир гандираклайди, юз-бошини чангаллаб олган.
— Уялмайсанми, ҳайвон? Бировнинг хасми бўлса...
—   Эри йўқ. Россияга кетган, — деб ғўлдирайди Қодир ўзини оқлашга уриниб. — Ўзи...
—   Бунинг гапини! Ҳе, номард! Биров сенинг хо-тинингга ҳам... Нима қилардинг, а, итвачча?!
—   Икковиниям сўйиб ташлардим! — дейди бирдан овози титраб Қодир.
—   Ҳа-а, йигит экансиз-да! Нима, бошқалар ердан чиққанми?!
Қодир шартта бурилиб чўккалайдию ўзини юзтубан ташлайди.
— Дадажон! Тавба қилдим, дадажон!
Болта Мардон отдан бир ёнга қийшайиб, аямай ўғлининг яғринига қамчи солади.
—   Лаънат сендай фарзандга! Қодир беўхшов ҳўнгиллаб йиғлайди.
—   Тавба қилдим, дадажон!
Бир лаҳза бояги ҳолатда қийшайиб қолган ота чап кўксини сийпалай-сийпалай қаддини ростлайди.
— Тур ўрнингдан, — дейди бирдан бўшашиб, ҳорғин овозда. — Қулоқбошидан хабар олиб кел. Сувнинг шашти пасайгандай...

* * *

Жийдазор. Бояги гуноҳкор жувон бир пуштада шумшайибгина ўтирибди. Тиззаларини қучоқлаб олган. Йиғидан кўзлари қизарган.
У ердан кўмир бўлагига ўхшаш қоп-қора алланимани олиб, заранг пуштага йирик-йирик қилиб ёзади:
«Энди нима бўлади»
Бир зум ўйлангач, охирига сўроқ аломати ва иккита нуқта қўшиб қўяди.

* * *

Зулфиянинг уйи. Чоққина ҳовли. Ҳаммаёқ ораста, саранжом-саришта.
Айвон лабида оёқларини осилтириб омонатгина ўтирган Болта Мардон устунга суяниб пинакка кетган. Бир қўлида шляпа. Қамчиси ерга тушиб ётибди.
Бу ҳолатни кўрган одамнинг негадир раҳми келади.
Ҳовлига югуриб кирган дуркунгина қорача жувон — Зулфия таққа жойида тўхтайди.
— Иби, дадажон, қачон келдингиз? Болта Мардон эринибгина кўзини очади.
—   Дарвозада отингизни кўриб, чопдим. Қачон келдингиз?
—   Бу нима юриш? Ҳаммаёқ очиқ-сочиқ... — дейди қовоғини уюб Болта Мардон.
—   Меҳрибон дадажонимдан! — Зулфия чопа келиб отасини қучоқлаб олади, чўлпиллатиб ўпа кетади. — Дорига чиқувдим. Вой, Жаҳонгир уйда эди-ку, ичкарида дарс тайёрлаётувди. Чарчаб, ухлаб қолган-да. Кўп дарс қилади шу бола!
— Каттанг кўчама-кўча тўп тепиб юргандир?
— Йў-ўқ, ақлли у. Чизган чизиғимдан чиқмайди. Икковиям! Дарсга кетган. Тушдан кейин ўқийди-ку, иккинчи смена. Ўзим ҳалигина мактабдан келиб, биррав...
— Дорихонада нима қилиб юрибсан?
—   Ўтим оғрийди, дада, биласиз-ку. Шунга фебихолми деган янги дори чиқибди. Айб ўзимда. Ҳар балони аралаштириб еявераман. Хай, ўйламанг, тузалиб кетар. Ўзингиз яхшимисиз? Энам? Мактабдан бўшаёлмайман денг, дарсим кўп. Сув ёқалаб юрганмишсиз? Шу иш сизга нима керак, дада?
—   Тирикчилик-да, қизим. Ўзинг қалайсан? Қийналмаяпсанми ишқилиб?
—   Зўр! Қийналсам — мана, сиз борсиз. Муртини болта кесмас акаларим, укаларим бор! Худога шукр, ҳеч нимадан камчилигим йўқ. Ҳаммаси зўр! Айтгандай, Ботирбой кептилар. Куёвбола. Тўйни қачон бошлаймиз энди?
—   Аввал укангни кўндирайлик-чи. Эрингдан хат-хабар борми?
—   Бир йилгинаси қолди, дадажон. Ҳадемай кеп-қолади, худо хоҳласа. Барига анови тоғлик ошнангизнинг арзандалари айбдор! Ўша балони бунга келтириб берар экан-да. Сақлаш учун. Мен, гўрсўхта, ҳеч гапдан бехабар юраверибман. Ўзи, биласиз-ку, унақа нарсаларни оғзига олмасди. Ҳатто попирис ҳам чекмаган. Майли, бунисиям бор экан-да пешонамизда.
—   Пешонанг... — дейди Болта Мардон алланечук эзилиб. — Ҳаммасига мен айбдорман, қизим.
—   Иби, нимага? Қиз махлуқ — палаҳмоннинг тоши, дер эдингиз ўзингиз. Эсингиздами? Ўша палаҳмондан отдингиз — мана шу ҳовлига келиб тушдик! Бўлди. Ҳаммаси яхши, худога шукр... Сиз буларни кўп ўйламанг, дадажон, хўпми?
—   Хўп, хўп, Зулфинжон. Сенинг гапингни икки қилиб бўлармиди?
— Ҳаҳ, дадажонимдан!
Зулфия отасининг пинжига кириб олган, худди эркатой қизалоқдек, гоҳ унинг бет-бошини силайди, гоҳ маҳкам қучоқлаб ўпади.
—   Уят! — дея бир маҳал жойидан сакраб туради у. — Бу ўтиришимни қаранг! Даҳанама-даҳана чопиб, очиққансиз. Ҳозир гўшт қовуриб келаман!
—   Йўқ, йўқ, тамадди қилиб олганман, — дейди Болта Мардон ўрнидан қўзғалиб. — Даҳаналарни айланмасам бўлмайди, қизим. Дарвоқе, томорқанг сув ичганми?
—   Барака топкур қўшнимиз, ҳув Ҳакимбой жўрангизнинг ўғли-да, тунов куни сув боғлаб келган экан. Кўллатиб суғориб олдим.
— Ҳа-а, маладес. Полвон қиз!
— Кечқурун ўтаман, дада. Амирбойингизникида яна зиёфат эмиш-ку. Термиздан меҳмон келармиш.
— Ҳар балодан хабардор-а бу шайтон!
— Йўқ, боя Азизбек келиб кетди. Янгам айттириб юборибдилар. Манти тугишга қарашарканман. Ботирингизни кўрмаганимга ҳам қанча бўлди!..
Одатдагидек, Болта Мардон отда. Магазиннинг ёнида қаққайган қўлбола дорихона олдида турибди.
— Вой, боягина қизингиз — Зулфия опам сўраган эдилар-а шу дорини, - дейди қош-кўзи бўялган сотувчи қиз.
— Бердингми?
— Кейин оларман, дедилар. Пуллари етмади шекилли. Хай, насия олиб кетаверинг, десам — кўнмадилар.
— Шундан тўрт-бештасини ўраб бер!

* * *

Болта Мардон Зулфиянинг дарвозаси олдида отининг жиловидан ушлаб турибди.
— Ҳа дадажон, тинчликми? — дейди ҳовлидан югуриб чиққан Зулфия.
Негадир унинг кўзлари қизарган.
—   Йиғлаган кўринасан, қизим? Нима бўлди?
—   Бармоғимни ари чақиб олди!
— Шунгами? Кап-катта аёл-а! Қани, кўрсат-чи. Зулфия қўққисдан отасининг бўйнига осилиб йиғлаб юборади.
— Сизни соғиндим... Соғиниб кетдим, дадажон! Беихтиёр Болта Мардоннинг ҳам ўпкаси тўлиб келади.
Ота-бола бир-бирига ёпишиб йиғламоққа тушади. Қоғозга ўралган дори оёқ остида...

* * *

Бу дунёнинг ғавғоси бунча кўп! Болта Мардон қамчисига ияк тираб, кишибилмас, эр-хотиннинг машмашасига қулоқ тутган.
Қутичадеккина ҳовли. Қаровсизроқ. Усти-боши кир-чир уч-тўрт болакай, ота-онанинг дийдиёсига тамоман бепарво, нимадир ўйин билан машғул.
Эр — афт-ангори қорамойга белангандек бир барзанги — супа лабида чўнқайиб ўтирибди. Кетмонси-фат кафтлари билан қулоғини бекитиб олган.
— Ҳў-ў, бас қил энди! Қулоқ-мияни еб қўйдинг-ку, энағар! — деб қўяди ҳар замонда дўриллаб.
Айвоннинг тагида, бир қўлида супурги, бирида латтадек ҳилвираб турган аллақандай қоғоз — муштдеккина хотин ҳовлини бошига кўтаргудек чинқираётир:
— Майли, келиб ўтирсин — мана ҳовли, мана жой! Лекин манови етимчаларингни судраб мен қай гўрга борай, айт?!
— Оббо-о! Нима деяпти-я бу шанғи?!
— Биламан — ўша! Ўша суюқоёқдан бошқа ҳеч ким қилмайди бу ишни! Мана шу ўйилгур кўзларим билан ўзим кўриб эдим-а! Ҳу, холангнинг тўйида, Боғболода, сенга муқом қилиб ўйнагани, сенам кўзингни лўқ килиб ўша манжалақига тикилиб ўтирганинг эсингдан чикдими? Ҳа-а!..
— Эҳ, худойим-эй! Қаёқдан топдинг-а бу гапни?
— Бўлмаса, нимага шунча жойдан оқиб келган бу сабил менинг ҳовлимга, менинг ариғимга етганда илиниб қолади?
Шундагина можаронинг пайновини англаган Болта Мардон бу ёкдан туриб ҳайқиради:
— Бўлмаса, ариқ-париғингни тозалаб қўйгин-да, мусулмон!
Эру хотин серрайиб қолади.
— Ҳой келин, қанақа қоғоз экан ўзи у? Бу ёққа бер-чи!
Эр шўрликка бирдан жон киради — ирғиб туриб хотинининг қўлидаги ҳилвираб, бир чети юлиниб қолган шум қоғозни оласолиб, девор оша Болта Мардонга узатади.
Бинафша бўёқ чапланиб кетган қоғозга қоқ ўртасидан камон ўқи ўтган юрак тасвири туширилиб, тагига «Барибир сени яхши кўраман!» деб ёзилган экан.
— Бу қоғоз меники, — дейди Болта Мардон илкис бош кўтариб. — Мен ёзганман буни!
Эр-хотин бир-бирига қараб қолади.
—   Иби, раис бобо, ростданми? — дейди бадрашк хотин бирдан бўшашиб. — Сиз?.. Уят бўлмайдими?
—   Яхши кўриш уят эканми? Нима, мен одам эмасманми? Сенинг эрингга бировлар хат ёзар экан-у, менга ёзмайдими? Ёки мен бировга ёзолмайманми? Гап бундай, келин: бўлмаган жойдан ғавғо қўзғаб ўтиргунча, эрингга қара, бола-чақангга, манови ҳовли-жойингга қара! Тушундингми? Ўзингга ҳам бир назар ташлаб қўйсанг зиён қилмас!
Болта Мардон шартта бурилиб бу ердан жиларкан, ҳалиги қоғозни нарироқда ўз хаёллари билан банд бўлиб турган Ботирга узатади:
— Сеникимиди? Боя қулоқбошида бир нимани ёзиб-чизиб ўтиргандай кўринувдинг...
Девор ортидаги машмашадан унча бехабар Ботир қоғозни олиб кўз ташлайдию дув қизаради ва уни кафтида ғижимлаб, ариқда қувлашмачоқ ўйнаб оқаётган сувга тикилиб қолади.

* * *

Эгасизмикан, ташландиқ бир ялангликдан ўтаётиб ота-бола бирдан тўхтайди. Уларнинг диққатини ғалати бир ҳол жалб этган.
Деворлари емирилиб нурай бошлаган ғариброқ ҳовлининг бурчак девори остидаги мўридан дам-бадам аллақандай мис кўза кўриниб, сувга тўлгач, ғойиб бўлади.
Ботир отасига саволомуз, таажжуб билан боқади. Отда ўтирган Болта Мардоннинг кўзи девордан ичкарида.
Ортидан қараса навжувонлардек хипчагина кўринадиган, аслида ёши хийла ўтинқираган бир аёл кўзасини тўлдириб ўрнидан туради-да, майиша-майиша элтиб дарахтларининг тубига қўяди.
Бу ҳол учинчи бор такрорлангач, Болта Мардон Ботирга:
— Шу ҳовлига озроқ сув оч, ўғлим, — дейди. — Анови кўк тошни суриб қўйсанг кифоя.
Ботир отасига малолли қарайди:
—   Бунақада эртагаям сув бормайди ҳовлимизга!
—   Айтган ишни қил!
Болта Мардон отидан тушиб, уни букри беҳига боғлайди-да, ўғлига «Сен пастлаб боравер» дея, ўзи ажиб бир чаққонлик билан девор кемтигидан ошади.
Сувга қайтиб келаётган аёл уни кўриб, қўлидаги кўзаси тушиб кетади. Бир сесканиб, шоша-пиша рўмолининг учи билан оғзини тўсиб олади.
— Иби, ака, сизми? Ассаломалайкум, — дейди ғалати бир титроқ билан.
—   Бормисан, Шарофат?
—   Шукр, шукр, ака.
—   Боғни хароб қилибсан-ку?
—   Нима қилай, ака, бенаво бир бева бўлсам...
—   Неча йил бўлди... ўлганига?
—   Шу йил кузакда беш йил бўлади.
—   Ёмон одам эмас эди. Мўмин-қобилгина.
— Яхшими, ёмонми, худо раҳмат қилсин энди. Болта Мардон девор тагида занглаб ётган эски белкуракни олиб, у ер-бу ердан сувга йўл очмоққа киришади.
Бир маҳал нафас ростлаш учун қаддини кўтариб, беихтиёр уй тарафга назар ташлайди. Қарайдию турган жойида қотиб қолади: ажаб манзара!
— Ётавба-а!.. — дейди ёқасини очиб туфлаб қўяркан. — Бу не синоат бўлди экан? Худди кеча тушимга кирганининг ўзгинаси-я!..
Пастак кулбадан берирокдаги лойсупа ўртасида баҳайбат бир тут бўй чўзган эди!
— Танасининг айрилиги ҳам ўша-ўша, каваги ғорнинг оғзига ўхшашлиги ҳам... Ё қудратингдан!
Талай замон шу тахлит ҳуши оғиб турган Болта Мардон ниҳоят:
— Шарофа-ат, — дея, нима қиларини билмай шу атрофда шох-шабба териб юрган аёлни чақиради. — Бирпасгина шу супангда ўтирсам майлими?
—   Иби, бу нима деганингиз, ака? Юринг, уйга киринг.
—   Йўқ, Шарофат, менга шу ер маъқул, — дейди Болта Мардон. Кейин ўзи ҳам кутмаган бир гап оғзидан чиқиб кетади: — Энди уйингга кирдим нима, кирмадим нима!..
Аёл унга аянчли бир қараш қилиб, кулбасига кириб кетади.
Супага келиб жойлашган Болта Мардон анграйиб тутга тикилгани тикилган. Тарвақайлаган шохларига қарайди, кавагини кўздан кечиради.
Аёл уйдан бир коса қатиқ билан дастурхон кўтариб чиқади.
Меҳмоннинг олдига дастурхон ёзгач, бориб лой-сувоқ айвонининг бир чеккасида муштдеккина бўлиб ўтиради. Одатдагидек, рўмолининг учи билан даҳанини тўсиб олган.
Болта Мардон қатиққа нон тўғраркан, ўзига ўзи гапиргандек сўзланади:
— Шу қишлоқда мен кирмаган, мен кўрмаган ҳовли-жой йўқ деб юрардим. Ажабки, бу уйга бирор марта бўлсин қадам босмаган эканман. Худди балоси бордай, қочиб ўтардим-а...
— Жанозасига келди деб эшитиб эдим-ку?
— Келганман, келганман. Дарвозахонадан қайтиб кетиб эдим.
— Бунинг устига, худойим бизни тирнокдан ҳам қисди денг. Эл-улусга бундай бир тўй-маърака ҳам қилолмадик... — Ҳасратлари эскиб битганми, аёл бирдан чеҳраси ёришиб, орзумандлик билан сўрайди: — Кенжангизни уйлантирдингизми, ака? Боя кўриб эдим, сув ёқалаб юрган экан. Бир йигит бўптики!..
Болта Мардон унга ўқдек тикилади:
—   Шу бола сеники бўларди, Шарофат... Аёл титрагудек бўлиб ўрнидан туради.
—   Гапирманг, ака, гапирманг!
—   Тузингга рози бўл, Шарофат. Мана, энди армоним қолмади.
—   Эски савдоларни қўзғаб нима қиласиз, ака! Тақдиру пешона денг. Сизда қандай армон бўлсин? Шердай-шердай ўғилларингиз бор, қизингиз бор. Ўзингиз шунча йил элнинг бошида юрдингиз. Ҳозир ҳам бировдан каму камчилик жойингиз йўқ...
— Тўғри айтасан, Шарофат, шундай. Ўзига шукр!

* * *

— Бояги кампир ким эди, дада? Ҳовлисига кирдингиз-ку?
— Э, бир ғариб шўрлик-да, ўғлим...
Болта Мардон қийшайиб, ер бағирлаб ўсган йўғон бир токнинг танасида ўтирибди. Ботир отасига рў-барў, ертокнинг баланд пуштасида чўнқайган.
Сувлиғидан халос бўлган қашқа нарироқда ер искаб юрибди.
— Ботир, гап бундай: шу, аммангнинг қизига кўнглинг бўлмаса, очиқ айтавер, тўй қолади! Бирон карми, кўрми топилар унгаям. Кўнглингга қара, болам! Лекин уйлансанг, шундай бировини топиб хотин қилгинки, сира-сира жонингга тегмасин! Неча йил ўтса ҳам! Буниси энди ҳар кимгаям насиб этавермайди, албатта. Бўлмаса, бу савдо — бир умрлик азоб. Шу гапим эсингиздан чиқмасин, Ботирбой!
Кенжа Ботир таажжубда қолган. Ота хомуш, сўзида давом этади:
—   Тағин бир гап, ўғлим. Эртага бир кун орқамда қолмасин-да. Сен энди ёш бола эмассан, билиб қўйганинг маъқул. Нолиган — ношукур дейдилар. Энангни айтаман-да, яхши хотин. Ювош. Мана, сенларни туғиб берди, катта қилди. Ўзим ҳам ундан бирор ёмонлик кўрмадим. Лекин кўнгил курғур ҳе-еч... Билмадим — нимага... — Болта Мардон дафъатан ҳушёр тортади. — Бўлди, турдик. Сен анови кўприкнинг нарёғидаги ҳовлидан бир хабар ол-чи...
—   Уйгаям яқинлашиб қолдик, дада. Бу сувингиз қачондан бери тинмай оқиб ётибди. Ҳаммаёғимизни босиб кетган бўлмасин тағин!
— Майли, ўзинг биласан, Ботирбой.

* * *

Кимсасиз бир сайҳонлик. Узоқда отини етаклаганча Болта Мардон ёлғиз кетиб бораётир.
У тобора олислаб, аллақандай дарахтзор ичида кўздан ғойиб бўлади.

* * *

Амирнинг данғиллама ҳовлиси.
Мармар бассейнга шариллаб сув тушяпти.
Ҳовлида чопа-чоп авжида. Кўпчилиги ёш-яланг, келин-кепчак. Алланималарни кўтариб у ёқдан-бу ёққа ўтишади.
Ҳовли ўртасидаги, зиёфат дастурхони ҳозирланаётган баланд шийпон зинапоясидан, икки қўлида икки ликобча, Зулфия чиқиб бораётир.
У четланиб, юқоридан тушиб келаётган янгаси — Амирнинг семиз хотинига йўл бўшатади.
Этакроқдаги ўрик тагида пичоғини тишлаб олган қассоб йигит муштуми билан сидира-сидира, дарахт шохига осилган қўйнинг терисини шилмоқда.
Боғнинг хилватроқ бурчагида нозик мехмонлар ташрифига атаб янги «иншоот» пайдо бўлган. Атрофи рангдор сунъий чарм билан тўсилган бир жой. Тепасига сув бочкаси ўрнатилган. Замонавий ҳожатхона.
— Вот, хозяин, прими, — дейди ичағонлиги башарасига битиб қўйилган найнов уста ичкарига мўралаб турган Амирга.
У осилиб ётган чилвир ипни пастга тортиб кўрсатади — шиғиллаб унитазга сув тўкилади.
— Маладес, Генка, маладес! — дейди Амир устанинг елкасига қоқиб ва орқасида турган ўғлининг қўлидан газетага ўроғлиқ бир нимани олиб унга тутқазади. — Бизнинг ҳожатхоналар уларга тўғри келмайди-да, — деб уқтиради анқайиб қолган ўғлига. — Қоғозни анови ерга қўйиб қўй.
Кейин Амир бояги чилвирни ўзи тортиб кўради. Шиғиллаб пастга сув тушади.
Қўлбола ҳожатхонадан чиққан сув қўшни ариққа қараб оқади.
Бассейн тўлай-тўлай деб қолган...

* * *

Кўчада отини етаклаб келаётган Болта Мардон эрталабки кўзи ожиз мўйсафиднинг ёнидан ўтади.
—   Бахайр, Болтабой! Мурод ҳосилми ишқилиб?
—   Бир нави, Ҳамро бобо!
— Хотиржам бўлинг, бўтам, ўқилди. Худо хоҳласа, ижобат бўлгай!
— Қуллуқ, қуллуқ.
— Бу дейман, сувлар ҳам энди бир-бирига қўшилиб-аралашиб кетгандир-а, Болтабой?
—   Нима деганингиз, бобо, тушунмадик-ку?
—   Баҳри уммонга куйилганда ҳам аралашмайдиган жаннат сувини айтаман-да. Орада ҳарирдек бир нимарса бўлармиш — қўшилмоққа, айнимоққа қўймасмиш шу. Агар аралашса, билингки, рўзи қиёмат яқин! Эски китобларда шундай ёзилган, та-ғин ким билсин!
— Бўлса бордир, ким билсин!
Қулоқбоши.
Бу ерда ҳозиргина бир можаро кечгани аён.
Сочлари ҳурпайган, шопмўйловининг ярми юлиниб масхара бир қиёфага кирган ёқавайрон Ўрин Жагани икки-уч мелиса мошина томон судраб бораётир.
Пастда — сарбанддаги кўлчада бет-боши ҳўл, кийимлари шалаббо бир кимса сув кечиб юрибди. Самар раис. Бир қўлида шляпа, иккинчисини пахса қилиб у банди этилган миробга дўқ ураётир.
Мелисаларнинг чангалидан халос бўлмоққа уриниб ўзини ҳар ёққа отаётган Ўрин Жага ҳам, кўзлари ола-кула, ўзича нимадир деб бақиради, ўтаётиб аламидан супа лабида турган аллақандай алюмин идишни (канистр) бир тепиб ағдаради. Идишнинг оғзи сустроқ буралган эканми, ундан сизган сарғимтир суюқлик (бензин шекилли) ариққа қараб оқа бошлайди.
Мошинага чиқиш олдидан банди қўлидаги сигаретни елкаси оша чертиб юборади. Лаҳза ўтмай ўша томонда аланга кўтарилади.

* * *

Болта Мардон дарвозасига яқинлашганда аравачали бир мотоцикл тўхтаб, ундан Қодир тушади. Мотоцикл кажавасига йирик-йирик қилиб «ВАЛЕНТИНА» деб ёзилган ва ўша космонавтнинг скафандрдаги расми солинган.
—   Қулоқбошидан келяпман, — дейди у саросимада. — Жагани милиса олиб кетибди. Раис билан ёқалашиб, сувга итариб юборган экан. Ҳозир қулоқ-бошида раиснинг ўзи...
—   Ҳай, улар — эт билан тирноқ. Битишиб кетар, — дейди Болта Мардон алланечук бепарво.
—   Дада, кечиринг. Мактабда шу қизга кўнглим бор эди...
—   Кўнгил берган одам шундай сўгшайиб қоладими?!
—   Ўзингиз...
— Нима — ўзим? — Болта Мардон ўғлига ўқраяди. — Ота деганинг пайғамбар бўптими!..
Шу вақт дарвозадан Ботир кўринади. Ташвишманд.
— Дада, эртага яна чиқамиз шекилли. Сув ёқалаб...
Болта Мардон чурқ этмай, отини етаклаб ичкари кириб кетади.
Ака-ука бир-бирига тикилиб қолади. Қодир чўнтагидан сигарет чиқаради.
—   Менгаям беринг битта, — дейди Ботир.
—   Чекмасдинг-ку?
—   Чекмас эдим...
Тонгги манзара такрорланади.
Ана, Болта Мардон, қўлида обдаста, йўлка бўйлаб таҳорат олиб қайтаётир...
Мана, ичкаридан номоз овози...
Ҳовли кимсасиз — ҳамма қўшни ҳовлида.
Ана, елкасида тўн, Болта Мардон ёлғиз боғ оралаб юрибди...
Дарахтдан холироқ жойга чиқиб, осмонга тикилади у. Осмонни булут босган. Тунд. Нотинч.
— Тавба...
Мана, ниҳоят, уй эгаси боғ этагидаги, Амирнинг ҳовлисидан чиқадиган ариқ бўйида...
Сув пайновдан бир қулочча бери ўтгану қуриб қолган!
Бир муддат шу ҳолга тикилиб турган одам, иягини қашлай-қашлай нари кетади.
У тағин дарахт оралашга тушади...
Теварак қоронғилаша бошлаган...

* * *

Қўшни ҳовли ёп-ёруғ, чароғон.
Шийпонда аллақачон зиёфат бошланган.
Тўрда — сипо кийинган силлиқ-силлиқ меҳмонлар. Олтмишларга яқинлашган тепакал киши — «асосий катта» ўртада ўтирибди. Ёнида ўта замонавий либосдаги сулув бир жонон. Қизими, ё?..
—   Бассейн тайёр, Алишер ака!
—   Яшанг, Амирбой, қойил!

* * *

Ўша ҳовлидаги ошхона.
— Дадам бечора бир ўзлари ўтирган бўлсалар кераг-а, эна? — дейди пиёз арчиётган Зулфия ташвишланиб.
— Аввали оқшомданоқ ётиб олиш одатлари бор, — дейди Мусаллам опа. — Айниқса, бугун, чарчаб келган бўлсалар...
Ботир ўша ҳовли дарвозаси олдида турибди. Ёлғиз. Сархушроқ. Қўлида телефон, Тошкент билан гаплашмоқда.
— Мен ҳам... Жуда! — дейди у эҳтирос билан.
— Нигор! Айтинг-чи, бир куни келиб жонингизга тегиб қолмайманми?
— Неча йил ўтса ҳам-а?
— Сиз-чи?
—   Унгаям бирон карми, кўрми топилармиш. Дадам айтдилар.
—   Йўқ, тушунмадингиз. Шундай бир нақл бор. Бизда.
— Индин. Ҳа, эртадан кейин бораман...

* * *

Қоронғида боғ кезиб юрган одам ногаҳон мункиб кетадию бир дарахтни қучоқлаб олади. У дарахт танаси бўйлаб сирғала-сирғала ерга ўтириб қолади. Сўнг секин орқага кетиб, ерга чалқанча чўзилади. Муаллақ қолган қўллар бир зум титраб тургандек бўлади-да, шалоп этиб икки ёнга тушади.
Қўшни шийпондан ёғилаётган бир тутам нур очиқ кўзларни ёритиб, чўғдек яллиғлантириб юборгану улардан қайтган ғайритабиий бир шуъла тепадаги, шамолда қалтираётган япроқлар аро ялт-юлт этиб аксланади...
Дарахт баргларини шитирлатиб, ёмғир шивалай бошлайди.

* * *

Қўшни шийпон. Базм авжида.
— Саратонда ёмғир-а! Чудо, чудо! — дейди «асосий катта» кафтларини бир-бирига уриб, қувнаб. — Кавказ! Настояший Кавказ! Что там Кавказ — жаннат! Жаннат-а!
—   Атай заказ қилганмиз-да, ака!
—   Қойил, Амирбой! Яшанг!
—   Зўридан битта бўлсинми, Алишер ака? — Амир пастдаги чорпояда ўтирган санъаткорларга қараб ҳайқиради: — Бошла, Жума!..

* * *

Вишиллаган шамол аралаш ёмғир кучайгандан кучаяди. Гўё қоронғи дарахтзор қаърида чўзилиб ётган жасадни сувга кўмиб юбормагунча қўймайдигандек...
Қўшни ҳовлида янграган ялла ёмғир шовқинини босиб кетгудек...

Юрак туйгуларим айтаман сизга,
Ўзим ўсма қўяй шўх қошингизга.
Аразламанг, жоним, аразламанг...

Ёмғиру тўзонга басма-бас, боғ-боғот оралаб қоронғида ёнарқурт мисоли яллиғ таратиб бир илон судралади.
Сув ўрнига ариқда олов оқаётир, олов...

* * *

Эртаси куни.
Марҳумни дафн этган тобуткашлар кўчани тўлдириб қайтмоқда.
Кечаги кундан бизга таниш-нотаниш кўпчилик шу сафда. Ана — маҳмадана таъзиягир ўғил; ана — отаси бемор ётган «сув ўғриси»; ана — бир соат ичида туғилган Ҳасан билан Ҳусан; ана — бировларга ўлим тилайдиган баднафас Бозор сариқ; ана — гурунгга ишқибоз чол, бекорчи танбал Жумақул, рашкчи хотинидан дакки еган эр...
Ўрин Жага тўдадан четрокда — бир ўзи келаётир. Мўйловсиз. Таниш қийин. У дам-бадам енги билан кўзёшларини артиб қўяди.
Йўлнинг ярмига келганда саф бошида бораётган ҳассакашлардан бири — марҳумнинг кенжа ўғли ногаҳон акаларидан ажралиб, бир тор кўчага кириб кетади.
Буни кўрган биров-ярим узрли ҳолга йўйиб, аҳамият бермайди.

* * *

Бизга таниш ҳовли.
Ўртасида қари тут ўсган супанинг бир четида тиззаларини қучганча боққа қараб кечаги аёл ўтирибди. Эгнида кўк кўйлак — мотам либоси.
Ҳовлига кирган йигит аста келиб аёлнинг кифтига қўл теккизади.
Аёл оғир қўзғалиб жойидан турадию йигитнинг елкасига бош қўяди.
— Бандалик экан-да, болам...
Йигит беихтиёр тепага қараб, бургутдек қулоч ёзган улкан тутга тикилиб қолади.
Қадимий тут унинг кўз ўнгида яшнаб турган азамат бир дарахтга айланади...

Qayd etilgan