V
Мен сув ичган дарёлар
* * *
Деразамнинг ортида тун
Қора сочин ёзганда,
Тинч хонада хаёл билан
Қолганимда бир ўзим,
Ҳар бир сўзни қалам чертиб
Муҳр қилиб босганда,
Энг аввало ўз олдимда
Ёруғ бўлар деб юзим —
Қоғоз узра аста-аста
Қанотимни кергайман,
Бургут каби юксакларга
Ҳаётимни бергайман.
ДАРЁ
Лойқа сувли дарё оқар
Чайқалиб беғам,
Менинг яхлит ҳаётимни
Иккига бўлиб.
У қирғокдан эшитилар
Таниш бир оҳанг,
Аммо унинг мазмунини
Бўлмагай билиб.
Ўша оҳанг ором бериб
Қулоқларимга,
Юрагимга қўяр аста
Армон доғини.
Йўллар эса бош уради
Оёқларимга,
Эсга солиб ҳаётимнинг
Яхлит чоғини.
ТОШКЕНТГА
Эй қадим Туроннинг валломат шаҳри,
Икки минг ёшингни қутлайман бугун.
Сен ҳар бир ўзбекнинг безовта фахри,
Ғурури, умиди бўлганинг учун.
Сен ҳар бир ўзбекнинг қалбида борсан,
Отаси, онаси, фарзанди каби.
Деҳқон интилгандай қишда баҳорга,
Сен билан боғлиқдир эзгу матлаби.
Сенга интилади гоҳ тушларида
Парвоз қилганлар ҳам, қилмаганлар ҳам.
Сенга интилади турмушларида
Роҳат кўрганлар ҳам, кўрмаганлар ҳам.
Хаёл ё амалда сенга интилар,
Қалбан юксалади интилган сари.
Сени энг муқаддас манзил деб билар,
Денгизга оқувчи дарё сингари.
Халқ ақлу закосин гули бундадир,
Бундадир истиқбол мухандислари.
Ҳамма нарса аён, ҳамма нарса сир,
Бунда ранг-барангдир қувонч туслари.
Тошкент яшамокда халққа интилиб,
Халқим ўз бахтини кўргандай унда.
Ўтмиш сабоқларин мухтасар қилиб,
Эртани ўйлайди оқиллар бунда.
ТАРИХИНГ ВАРАҚЛАБ
(Бухорога)
Тарихинг варақлаб
Ҳар саҳифада
Битта буюкликни кўриб бегумон,
Пешонамга уриб ҳар дақиқада,
Ноилож ҳолимга қиламан армон.
Заволга юз тутган кошоналар ҳам
Ҳамон ақлимизни ўрайди нурга.
Ҳайрон бўлмасликка ожиздир одам,
Не қилай, ҳар ғиштда дуч келсам сирга.
Менга озор берар битта муаммо,
Бир андиша мени қийнайди ҳар дам.
Мен яна тарихдан топдим бир мавзу,
Буюклик ҳақида бундай мавзу кам.
Фикримни кишанлаб қўймаган ҳеч ким,
Ушлаб тургани йўқ ҳеч ким қўлимни.
Аммо тарк этмайди дилимни ваҳм,
Қўрқув торайтириб турар йўлимни.
Тилингда милт этган шуълани кўрса,
Ажални кўргандай гўдакда,
Шошиб
Уч бошли аждардай тутарди ўққа.
Ёки ўлдирарди этик-ла босиб.
Хайрият, ўзгариб замон оқими,
Ваҳима тўрини ташлади узиб.
Елкадан ағдариб қўрқув тоғини,
Қаддимни тикладим енгиллик сезиб.
Тарихинг варақлаб —
Ҳар саҳифада —
Битта буюкликни кўриб бегумон,
Пешонамга уриб ҳар дақиқада,
Ноилож ҳолимга қилардим армон.
МУҲАММАД МУСО ХОРАЗМИЙГА
Бир неча йил бурун ЮНЕСКО қарори билан буюк ватандошимиз Муҳаммад Мусо Хоразмий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланган эди. Шу юбилей муносабати билан ҳукуматимиз Хоразмда йўллар, уй-жойлар қуриш, Хивани ободонлаштириш, тарихий, маданий ёдгорликларни таъмир қилиш учун ўн беш миллион сўм маблағ ажратган эди. «Яхшининг шарофати» деб шуни айтсалар керак.
Ўтмиш асрларга боқиб хаёлан
Дам паришон бўлиб, дам кўнглим ўсиб,
Муҳаммад Мусонинг излари қолган
Хива кўчаларин оҳиста кезиб...
Кўзга суртгим келар ҳар бир ғиштини,
Мен таскин излайман ташна дилимга.
Шу ғиштлар билади етмиш ггуштини,
Ўтмишдан афсона айтар элимга.
Ҳақиқат сингари, тарих сингари
Бугун афсона ҳам азиздир менга.
Армонли қалбимнинг суюк сарвари —
Сенсан, дегим келар мунис заминга.
Бундан ҳам юрагим топмайди таскин,
Хаёлим югурар гоҳ ўтмиш томон.
Гоҳ истиқбол сари югурар вазмин,
Хоразмий сингари дилида армон.
Юртининг номини тахаллус этиб,
Байроқдай кўтариб тахаллусини.
Асрларнинг олис йўлидан ўтиб,
Мармар қиёфада кўрди ўзини.
Шундай бўлишини билармиди у,
Орзу қилармиди ёшлик чоғида?
Тириклар сафида қоларин мангу
Мармар ҳайкал бўлиб Урганч боғида.
Мен бугун ўйлайман:
Қанчалик сахий,
Қанчалик ҳимматли,
Мард одамки деб,
Юртига яхшиллик қилмокда ҳамон,
Бир минг икки юз йил орадан ўтиб.
Ҳеч қачон мардларсиз бўлмаган дунё,
Билмайди улуғлар чиқмаган дамни.
Мен ҳам яхшиларни кўрганман, аммо,
Ҳали кўрганим йўқ, Сиздай одамни...
ДАРЁНИ ИЗЛАР ШАМОЛ
1
Дарадан дарё билан оқиб ўтарди шамол,
Далаларга дарёдай сингиб кетарди шамол.
Портлатиб, тоғни тешиб, метин лаҳм қурдилар,
Асов дарё бошини шу лаҳмга бурдилар.
Эски ўзан одамлар кўчиб кетган қишлоқдай,
Ҳувиллаб ётар энди кераги йўқ тошлокдай.
Сувга кўзини тикиб учмас балиқчи қушлар,
Эшитилмас қирғокда турли-туман товушлар.
Четда эски қайиқлар тўнкарилиб ётибди,
Сувсизликдан ёрилиб, дарё лаби қотибди.
Эски ўзан устида кезиб майин бир шамол:
«Қайга кетди дарё?» — деб берарди гўё савол.
2
Лаҳмга кирган дарё йўқотиб ҳаловатин,
Йўлни кенгайтирмоққа ишга солиб қувватин,
Тоғни иккига бўлиб юборар деб ичидан,
Тўлғанди, аммо бу гал иш чиқмади кучидан.
Йўлда учраган ғовни бузиб кетарди аввал,
Сепояни оқизиб, эзиб кетарди аввал.
Бу ахир тўсиқ эмас, қирғоқ емирган сув-ку,
Бу ахир қирғоқ эмас, тошни кемирган сув-ку...
Дунёда уч балодан биттаси эрди, ахир,
Қанча боғу одамнинг бошини ерди, ахир.
Даҳшат солиб, ҳайқириб чикди лаҳм бағридан.
Турбиналар гуриллаб юриб кетди қаҳридан.
Унинг қаҳри тошлардан симга бойланиб кетди,
Уйларда, кўчаларда нурга айланиб кетди.
Эски ўзан устида кезиб адашган шамол:
«Қайга кетди дарё?» — деб ҳамон берарди савол
ҲАҚИҚАТ
Даврада нодон-ку туролмайди жим,
Рост гапни айтолмас ёлғиз риёкор.
Ўз қаричи билан ўлчайди ҳар ким,
Хуллас ҳамманинг ўз ҳақиқати бор.
Сен бўлса ҳақиқат йўқ дейсан,
Қўл силтайсан:
Бари бефойда.
Ҳақиқат ягона бўлмоғи мушкул
Қараш ва имконлар хилма-хил жойда.
Сенинг ҳақиқатинг инкор этишда,
Менинг ҳақиқатим бор этишдадир.
Биз қайга борамиз шундай кетишда,
Албатта, йўлимиз бошқа-бошқадир.
Биз турли йўллардан кетсак ҳар томон
Тўқнаш келмаймиз деб қиласан хато.
Инкор ва таъкидлар куйдирмаса жон,
Такомил бўлмасди, оламда асло.
Оқил халқ яратар ҳақиқатларни,
Юзага чиқарар уни ботирлар.
Қўй, ошнам, бузмагин табиатларни,
Ҳамма ҳам бир яшаб, бир бор ўлади.
Аммо бир хил бўлмас сира тақдирлар.
ОТА НАСИҲАТИ
Биламан бахт нима, бахтсизлик нима,
Яхши ҳам, ёмон ҳам кунлар кўрдим мен.
«Мен ҳам мактаб кўрдим, кўзим бор», дема,
Ҳали ҳеч нарсани кўрганинг йўқ сен.
Ўйламай сўзладинг қон жўшган дамда,
Нималар кутмоқда, билиб бўлмайди.
Шундай ҳодисалар борки оламда,
Ҳеч бир қоидага тўғри келмайди.
Ҳеч кимга ишонмай яшамоқ қийин,
Алданиш ундан ҳам аччиқ фожиа.
Дулпоринг қолмасин карвондан кейин,
Кулфат ин қўймасин сира бошингга.
Ҳаёт бозорида шошилинч ичра,
Ким хурсанд, кимнингдир синади шахди.
Сен шунда ноинсоф бўлмагин сира,
Баъзан кўз чиқарар ўзганинг бахти.
Олдинда сирли бир истиқбол турар,
Сени ҳаёт кутар, аммо ўйлаб боқ.
Виждон сотиб номинг чиққандан кўра,
Номинг чиқмагани яхшироқ...
ДОРИЛФУНУНИМ
(ТошДУга)
Йўлга чиққан ўғил каби эгиб бош бугун,
Остонангни тарк этарман кўзда ёш бугун.
Томоғимга тиқилар бир қаттиқ тош бугун,
Гарчи мени кутаётир қорақош бутун,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.
Товуқ каби ўз қаноти фаҳмига етмай,
Икир-чикир ташвишларга қўл силтаб кетмай,
Юксак-юксак парвозларни ихтиёр этмай,
Юрар эдим, дединг: «Бургут яшар бургутдай»,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.
Қишлоғимда эшитган чоқ фазилатингни,
Севган эдим ҳақиқатгўй табиатингни.
«Қўл етмас бир олам», дея тутиб отингни,
Кеча-кундуз дилда сақлаб эътиқодингни,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.
Биринчи бор эшигингдан кирганда шодон,
Ўхшаши йўқ бир истиқбол бўлиб намоён.
Бахтдай кулиб боққан эди улуғ бир армон,
Аммо орзу, орзу экан, умр бепоён...
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.
Сен жавоҳир сочдинг кунда ҳотамлик билан,
Ғариб эдим, дилга тердим хуррамлик билан,
Чўнтак ҳамон жилмайса ҳам мулзамлик билан,
Бойман бугун билим билан, одамлик билан,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.
Талабалик олтин даврим деганича бор,
О, бу давр туйғулари қандай беғубор,
Бу баҳорга ўхшамайди бошқа ҳеч баҳор,
Бир армон бор: ўтган умр бўлмайди такрор,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.
Фан аҳлининг яктолари дарс берар бунда,
Ал-Беруний, Сино руҳи барқарор бунда.
Ижод қалби дунё билан бир урар бунда,
Янги-янги буюк зотлар туғилар бунда,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.
Сўнгги довон ошилган кун байрамдир, дўстлар,
Ўйин-кулги, қўшиқ билан хуррамдир, дўстлар.
Аммо дилда байрам аро аламдир, дўстлар,
Бу айрилиқ олдидаги қадамдир, дўстлар.
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.
Йўлга чиққан ўғил каби эгиб бош бугун,
Остонангни тарк этарман кўзда ёш бугун,
Томоғимга тиқилар бир қаттиқ тош бугун,
Гарчи мени кутаётир қорақош бугун,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.
ТОҒДАЙ ҚАЛБНИ
Тоғдай қалбни табиат ҳам саралаб берар,
Кўргилик ҳам туҳфа қилар шунга яраша.
Бундай дилда тоғлар руҳи ҳокимлик қилар,
Кирлар феъли ўхшамайди унга заррача.
Қишин-ёзин қор аримас унинг бошидан,
Кўм-кўк хилват ўнгирида булоқлар уйғоқ.
Беғамликка тимсол қилиб олма тошидан,
Бир қарашда кўз илғамас хислатига боқ.
Маъдан излаб портлатишар тинмай кончилар,
Йўлчилар йўл солиб борар чўққилар томон.
Парво қилмай дарёларга сув тарқатар у.
Ва қалбида сақлаб ётар қудратли вулқон.
ТОШКЕНТДА ПУШКИН ҲАЙКАЛИ
Пушкин қизил мармар супада
Қўлларини орқага қилиб,
Борар шуҳрат истиқболига
Уфқларга ўйчан тикилиб.
Эрта кузнинг чала сарғайган
Юзи каби хомуш дарахтлар
Қайдан олсин таскинни, қайдан?
Қалбни ғусса ўртаган вақтлар.
Майса ҳиди, қушлар навоси...
Эслатгандир ёшлик дамларин.
Ё чорбоғнинг майин сабоси
Янгитгандир эски ғамларин.
Шитир-шитир қилса япроқлар,
Келдими, деб тортинчоқ гўзал.
Вужудига кирдими титроқ,
Хаёлидан бўлдими ўсал?
Эзгу ҳислар уясин ковлаб,
Шўхлик қилиб илҳом париси —
Маъниларни азобда тоблаб:
Сенга, деди, сенга бариси.
Шу ҳолатда чиқиб чорбоғдан
Уфқларга назар солди у.
Ўз умрида кўрмаган ёкда
Ҳайкал бўлиб туриб қолди у.
ИНҚИЛОБЧИ
Кимдир пулни ўйлаб чиқарди,
Ўйлаб топди кимдир камонни.
Бахт излади дунёнинг ярми,
Ярми кўрди қуруқ армонни.
Кимдир тугал бўлсин деб ҳаёт,
Бир кун дорни қилди ихтиро.
Шу заҳоти кўтариб фарёд,
Дор остида эр бўлди пайдо.
Шундан бери эркнинг дардига
Даво излаб тинмайди одам.
Шундан бери боқмай ортига,
Ташвиш билан ўзгарар олам.
Ўзгаради ўзгарган сари
Ортиб борар кундан кун чигал.
Хаёл оти чопар илгари —
Қанча-қанча жумбоқ бўлар ҳал
«Тожу тахт, деб, эрк кўшандаси»,
Тожу тахтни этганда вайрон.
Тиниб қолди эркнинг хандаси
Эркнинг ранги ўзгарган замон.
Йиқилган тўймайди курашга,
Давом этар эрк учун кураш.
«Ижозат бер бир гап сўрашга,
Бир гапим бор, майлими сўраш?
— «Нега бунча шошилиб келдинг,
Не қилардинг эрксиз дунёда?»
— Мен Инқилоб учун туғилдим,
Инқилоб бор менга дунёда.
ҚИССАДАН ПАРЧА
(муқаддима)
1
Дала. Икки отлиқ — икки баҳодир,
Отини йўрттириб йўлда борадир.
Ортидан қорайиб кўринар ўрмон,
Уфқ эса югурар отлиқлар томон.
Нарида ҳайкалдай жим турар тоғлар,
Берида имлайди меҳмондўст боғлар.
Тепалар сезаркан улар кўлкасин,
Толиқмай ўтсин, деб букар елкасин.
2
Оқ отда ўтирган ўрта бўй одам,
Қора отдагига қарар дам-бадам.
Изтироб чекмокда тоғдай келбати,
Не дард экан уни эзган лаънати.
Эрталабдан бери «оҳ» урар тинмай,
Нима қора қилди кўнглини тундай?
Гоҳи кулдирарди, кулар эди гоҳ,
Нима бўлди унга? Нега чекар «оҳ»?
Ё кўнгли тўлмасми қилган ишидан,
Ёки норозими кўрган тушидан?
Қуриган дарёга сув келтирди у,
Уч бошли илонни яксон қилди у.
У такдим этди-ку халққа осойиш,
Аммо бугун нега кўринар нохуш?
Ҳар кун ўз халқига берганда салом,
«Бирликда гап кўп» деб айтарди мудом
Шу сабаб бўлсин деб ўлкам бехатар,
У дарё бўйига қурдирди шаҳар.
Қувурдан сув келар ҳар бир хонага,
Муносиб шаҳардир соз замонага.
Бахтиёр халқини қутламоқ учун
Келгамиш шаҳарга бормоқда бугун.
Хотири паришон кўринар нега,
Нега Келгамиш-ла ёнма-ён юриб,
Шуларни ўйларди оқ отда туриб.
3
Сўнг от жиловини аста тортди-ю,
Дилида борини изҳор этди у.
Яна бир оҳ урди Келгамиш полвон,
Дўсти сўзларини тугатган замон.
«Мен шунча яшадим ёруғ дунёда,
Истагим кутгандан бўлди зиёда.
Эл мендан миннатдор, аммо менга бу
Таскин беролмайди, азизим, мангу.
Мен яшаш истайман доим ёш бўлиб,
Доим ёш, доимо қувватга тўлиб.
Аммо ёшлик ўтди. Умрим кунлари
Тўкилиб кетмокда япроқ сингари.
Мен шуни ўйладим бугун азонда.
Ўлмаслик чораси борми жаҳонда?»
Дўсти бош эгди-ю, бўйнин қашлади,
Бир вақт эшитганин сўзлай боШлади:
«Эсингизда бордир Нуҳ деган одам,
Учрашмоқ лозимдир ўшанга бу дам».
«Сабрим етармикан уни топмоққа,
Қайда у, азизим, бошла шу ёққа».
Улар отларини ўнгга бурдилар,
Чўл ошиб, сув ошиб узоқ юрдилар.
Ниҳоят баланд тоғ олдига келиб,
Бир лаҳза турдилар ғорга тикилиб.
4
Бир вақт тўфон бўлган, ўша тўфонда,
Ҳеч нарса қолмаган ёруғ жаҳонда.
Фақат Нуҳ аталмиш комил бир одам,
Омон қолган экан тўфон турган дам.
Ўлмаслик сирини ўша билармиш,
Буюк ақли билан даво қилармиш.
Аммо етмоқ учун унинг васлига,
Устоз керак экан одам наслига.
Бўлмаса дунё ҳам турар экан жим,
Шу сабаб у зотни кўрмаган ҳеч ким.
Аммо бир сеҳргар минг йилдан буён,
Зор экан кимнидир қилмоққа меҳмон.
Нуҳ бобо қўлига берганмиш қўлин,
Фақат у билармиш энг яқин йўлни.
Мана ғор. Шу ғорда яшар сеҳргар,
Иш ўнгидан келар, у чиқса агар.
Келгамиш шу ғорнинг оғзига келиб,
Узоқ қараб турди жимжит тикилиб.
5
Мен дарё бўйига етиб келган чоғ,
Осмонда чақнади даҳшатли чақмоқ.
Фарёд кўтарилди шаҳарда бирдан,
Нима гап? Бу фарёд чиқди қаердан?
Яқинда кезарди шаҳарда шодлик,
Яқинда бор эди тинчлик, ободдик.
Муҳтарам ўқувчим, сиздан илтимос,
Келгамиш шу ерда турсин бир нафас.
Ҳозир мен отимни ортга бураман,
Сўнгра бу қиссани айтиб бераман.
ҲАСРАТ
(Шандор ПЕТЕФИдан)
Ғам-ҳасрат — каттакон бир денгиз,
Қувонч-чи, ундаги жавоҳир.
Шуни ҳам, шуни ҳам, минг афсус —
Топгунча қиламиз қаро ер.
НИМА ЕГАНСАН ТУПРОҚ
Нима егансан тупроқ? —
Бир лаҳза бўлгин сирдош.
Намунча қон ичасан,
Ичасан мунча кўзёш?..
НОЗИМ ЮРАГИ
(Евгений ЕВТУШЕНКОдан)
Тайпоқ насиҳатлар, йўл-йўриқлар ва
Беҳаё сиқувдан ҳорганда руҳим.
Малла Нозим келар доим эсимга,
Сал димоғда дерди:
«Салом, қардошим!»
Нега торинг сустроқ?
Парво қилма кўп.
Поэма битдими?
Кетдик, отамиз.
Пул йўқми?
Топамиз, чекма изтироб.
Қиз йўқми?
Уни ҳам топамиз».
Ўзини нимадир кемирар эди,
Кўриниб турарди, ажинлар аро,
«Ҳаммаси яхши-ю, юрак санчийди,
Не қипти?
Тирикмиз — оғримоқ раво».
Кимгадир шеърият ниқоб бўлса гар,
Ким учундир дўкон, бойлик манбаи.
Унинг учун эса,
Ниқоб эмас, дард,
Шундан оғрир эди Нозим юраги.
Ғамхўр шифокори ишонмаса ҳам,
Менга тайинлади оҳиста бир кун:
«Зинҳор оғиз очманг қалтис мавзудан,
Нозимнинг юраги оғриб қолмасин...»
Эҳ, содда шифокор...
Беморингиз ўлди,
Фойда беролмади чорангиз, ахир.
Мўъжиза юз бериб тирик қолган қалби
Ўлимдан кейин ҳам оғримоқдадир.
У оғрир мендаги аччиқ аламлар,
Рус ва турк қавмида келганлар учун.
У оғрир тутқунда, озод юрганлар,
Озодликда тутқун бўлганлар учун.
Қамоқ назокати таълимин кўрган,
Ўлгандан кейин ҳам бўйсунмай, ҳатто,
У оғрир токи биз юрсак бепарво,
У оғрир бировга
«Салом, қардош!» деб,
Изҳор этолмасак меҳру тилакни.
Бизники оғрисин ҳаммаси учун,
Ором олсин десак
Нозим юраги.
ИЛТИЖО
Наврўз кечасида мени ўйлагин,
Ва ёз кечасида мени ўйлагин,
Ҳам куз кечасида мени ўйлагин,
Аёз кечасида мени ўйлагин...
Бошқа жойда бўлай, ёнингда эмас,
Узоқ ўлкада деб қилсанг ҳам фараз,
Ўралиб узун, нам чойшабга бирпас
Денгизда ётгандай чалқанча бесас,
Ихтиёринг бориб тўлқинларга, бас,
Хилватда мен билан дам ол бир нафас.
Истамам ўйлашинг мени кундуз кун,
Кундуз барин қилсин остин ва устун,
Тутунга ўрасин, майда чайқатсин,
Бошқа нарсаларни сенга ўйлатсин,
Нимани хоҳласанг ўйла кундуз кун,
Мени ўйлашингга қолсин фақат тун.
Эшитгин паровоз ҳуштаги аро,
Булутларни қувган шамол ичра ё,
Ночор қолганимда зарурлигинг, о,
Тўрт девор ичида ўтириб танҳо —
Бахт, ғуссадан юзинг бужмайтиб гоҳо
Чаккаларинг қисгин оғритгунча то.
Илтижо қиламан — жимжитлик чоғи,
Ё ёмғир шовуллаб турганда ёғиб,
Ё қор қуюнига уйингдан боқиб,
Тушлар кўрганингда ё бедор ётиб —
Наврўз кечасида мени ўйлагин,
Ва ёз кечасида мени ўйлагин,
Ҳам куз кечасида мени ўйлагин,
Аёз кечасида мени ўйлагин.
СЎҒДИЁНА
Йилларнинг паст, баланд тоғлари,
Қалин-қалин ўрмонларию,
Дарёлари, чўллари оша
Йиллар сени олисларга олиб кетмишлар
Сўғдиёна, Сўғдиёна.
Номингни ҳар сафар эслаганимда,
Қалбимда бир нозик сезгилар билан
Бир садо янграса томирларимда,
Хотирамнинг олис бурчакларида
Уйғона бошлайди турфа манзара.
Кўзимга кўринмай кетган бўлсанг ҳам
Қалбимда яшайсан асрлар оша
Сўғдиёна, Сўғдиёна.
Нотинч замонларнинг чорраҳасида
Отининг юганин тутган бир йигит
Ҳарсангтош устида ўтирар ўйчан.
Кўзларида умид, ишонч порлаган
Бу ўғлон сен эдинг асрлар оша
От чоптириб келган паҳлавон.
Сўғдиёна, Сўғдиёна.
Кўз олайтирмадинг ўзга мулкига,
Бергинг келмас эди ўз мулкингни ҳам.
Гарчи номингни ҳам унутиб қўйдинг
Очкўз асрларнинг долғаларида.
Аммо еринг ўша, одатинг ўша,
Қалбимда яшайсан асрлар оша,
Сўғдиёна, Сўғдиёна.
Дунёда бор экан Куч билан Макр,
Ғафлатда қолдирар ортиқча ишонч,
Ҳушёр бўл, одамзод,
Ҳушёр бўл, одамзод,
Ҳушёр бўл, замин,
Номинг ўчиб кетмасин тағин.
Юрмасин авлодлар асрлар оша
Мен каби хўрсиниб аччиқ аламда:
Сўғдиёна, Сўғдиёна! — деб.
САМАРҚАНД
Салобатинг, камолингга изламай қиёс,
Рим, Қоҳира, тақдиридан сўзласам бир оз;
Ҳомер билан Ҳеродот ҳам қилмай эътироз,
Шаҳрим, сени мангулик-ла қўйиб ёнма-ён,
Бири тарих, яна бири ёзарди достон.
Аммо улар қилиб кетди қилар ишини,
Сен-чи, ҳамон лол этасан кўрган кишини,
Сўзлагандай ҳар ким чала қолган тушини,
Сайёҳ айтиб тугатолмас, бегона гарчанд,
О, мен қандай тамом қилай мадҳинг,
Самарқанд!
Завол олиб келган чоғи сенга Искандар,
Камолингни кўриб шошиб қолди шу қадар,
«Юз ўгирдим ҳаммасидан, бориб айт, шамол,
Шу ер менинг Ватаним», деб айтарди дарҳол.
Аммо бошқа бир йўл билан айтиб сирини,
Шу диёрга пайванд қилди ўз тақдирини,
Бу лаънатдан поклаш учун она-Ерини,
Мардлар қилич яланғочлаб кирди майдонга,
Ўлди, аммо доғ туширмай ўлди виждонга.
Кечир, шақрим, босиб ўтган йўлинг кўп узоқ,
Ҳар бир кунинг китоблардан маълумдир, бироқ
Уни қайта такрорлашга ҳожат йўқ бироқ,
Аммо янги кашфиётдай кўтариб баланд,
Ғуруримни айтмоқчиман сенда, Самарқанд.
Чигирткадай ёпирилди. Шаркдан гур этиб,
Ўтди қанча водийларни чўлдай қуритиб,
Қанча бўғди икки қитъа ёқасини тутиб,
Танти тақдир эркалаган мўғул зотлилар,
Чингиз отли, Боту отли, учқур отлилар.
Зулмат ичра шуъла сочиб ўтар қаҳрамон,
Курашларда устоз бўлар шафқатсиз замон,
Тарих уни олиб кетар мангулик томон,
Шу тахлит бахт қуши қўниб азиз бошингга,
Темур отли ўғлон келган эди қошингга.
Ҳеч бир дардга бўлган эмас манманлик даво,
Боязиднинг бошига ҳам шу бўлди бало,
Сўнг Европа қудратингга бўлиб маҳлиё
Қўрқув ичра назар солди сенга, Самарқанд,
Боязиднинг кулфатидан шод эди гарчанд.
Шайтон йўлдан урди сўнгра ҳакамларингни,
Эслайсанми қондай қизил шабнамларингни?
Ёзиб адо қилолмасман аламларингни,
Аммо шунча кучли эди ишонч, бардошинг,
Қуёшингни ютолмади аччиқ кўзёшинг.
Гоҳи юксак-юксакларга айладинг парвоз,
Гоҳ узилди авж пардада янграб турган соз,
Гоҳи ёниб кетган каби беназир қоғоз —
Ёниб кетдинг, кулларингни учирди шамол,
Тағин пайдо бўлдинг, чунки халқинг безавол.
Етти тепа елкасида Римдай ўрнашиб,
Сафар қилдинг, жабборим, деб Кунга эргашиб,
Ахсикату Хоразмдай шонга буркашиб,
Алп Тегину Жалолиддин полвонлар ўтди,
Кошғарийдай, Берунийдай ўғлонлар ўтди.
Бир қўлингда қилич билан буғдой бошоғи,
Бир қўлингда Қуёш қўнган юртнинг байроғи,
Хотирангда боболарнинг ўлмас сабоғи,
Балки шундай бўлгандирсан, шаҳрим, бурунда,
Аммо бугун сен шундайсан тасаввуримда.
Чўпон ота тепаликдан ташлайди назар:
«Нима бўлди? Кечагидан ўзгадир шаҳар?
Кўксаройда бир гап борми? Нотинч шу қадар?»
Қўнғироғин жаранглатиб ўтаркан карвон
Сарбон айтар: «Қурбон бўлмиш аллома султон!..»
Кечир шаҳрим, босиб ўтган йўлинг кўп узоқ,
Ҳар бир кунинг китоблардан маълумдир, бироқ,
Уни қайта такрорлашга ҳожат йўқ бу чоқ,
Аммо янги кашфиётдай кўтариб баланд
Аламимни айтмоқчиман сенда, Самарқанд.
Ўтмиш билан истиқболинг туташган ерда,
Мен кўрганман саховату макрни бирга.
Бугун бағринг тўлганда ҳам иқболу нурга,
Ўша макр асорати жилмаяр келиб,
Йиллар оша хотирамни безовта қилиб.
Нону қатиқ бўлиб бирга йўллар юрмадинг,
Наҳот совға ортидаги тўрни кўрмадинг?
Шубҳа қилдинг, аммо нечун отни бурмадинг?
Қанча тилсим ва қудратга бўлсангу эга
Ишлатмасанг нега керак шунча тажриба?
Мумкин бўлса ҳаётингдан юлиб ташламоқ,
Тарихингда турмас эди шунча қора доғ,
Шартта юлиб ташлар эдим ўйлаб-нетмай, оҳ!
Гарчи кўркам дамларингни адо этган у,
Аммо қалбга томир каби сингиб кетган у.
Сизга эмас, аждодларим, бу таъна зинҳор:
Ҳамон юрар аламзада руҳингиз бедор,
Бўлмасин деб яна шундай хатолар такрор,
Сўнган чироқ уйингизда қайта ёнган чоғ,
Авлодларга ибрат бўлсин дейман шу сабоқ.
Кечир, шаҳрим, босиб ўтган йўлинг кўп узоқ,
Ҳар бир кунинг китоблардан маълумдир, бироқ,
Уни қайта такрорлашга ҳожат йўқ бу чоқ,
Аммо янги кашфиётдай кўтариб баланд,
Армонимни айтмоқчиман сенда, Самарқанд.
НАДОМАТ
Келиб-келиб ҳасратимни сен айтдимми?!
Ундан кўра, бўлмасмиди тошларга айтсам,
Ундан кўра бўлмасмиди айтсам сойларга,
Тўтиларга, майналарга, қарғаларга ҳам,
Майсаларга, теракларга, ёнғоқларга ҳам...
Ҳаммасига-ҳаммасига бирма-бир айтиб
Юрагимни бўшатмоқни истардим, аммо,
Ўйлардимки, қизиғи йўқ уларга бунинг.
Қизиқ-қизиқ жумбоқларга тўладир дунё.
Ғийбат эмас, фитналарнинг режаси эмас,
Юрагимни эзиб юрган ҳасратларимни
Шамолларнинг қулоғига қуйиб қўйсайдим,
Ҳар бир бино пештоқига ўйиб қўйсайдим,
Жар солсайдим олам узра овоза қилиб
Унда сенинг бўлармиди менга керагинг.
Келиб-келиб ҳасратимни сенга айтдимми?!
ЭЙ ТАБИАТ...
Тошқин дарёлардан, қирлардан ошиб,
Алвон уфқларга бағрини очиб —
Чопиб бораётган ўктам далалар,
Тўхтанг, изоҳ беринг, мумкин бўлса гар:
Ранг-баранг чироқлар ихтиёрида,
Баланд иморатлар ўрмонзорида
Нечун мени ташлаб қочаётирсиз
Айтинг, қайга бунча шошаётирсиз?
Ақлин танибдики, бунда одамзод
Сиз билан ҳамжиҳат кечирар ҳаёт.
Сиз билан боғлиқ-ку аза, тўйлари.
Сизни қилмасин деб ғанимлар поймол
Қилич билан қалқон яратган ҳаёт.
Тош йўниб, уй қуриб, кўкартириб боғ,
Бўлсин демаган-ку юрагимда доғ...
Бугун барчасини писанд қилмасдан,
Урфу одатларни кўзга илмасдан,
Ранг-баранг чироқлар ихтиёрида,
Баланд иморатлар ўрмонзорида —
Нечун мени ташлаб қочаётирсиз,
Эй далалар, қайга шошаётирсиз?
Темир-бетон уйлар, асфальт майдонлар,
Метин кўчаларда темир карвонлар...
Бензин, газ қўшилган ҳавони ютиб,
Ҳар лаҳза табиат кўнглидан ўтиб,
Табиатга қилиб меҳримиз изҳор,
Кўча четларини этамиз гулзор.
Нафас ростлаш учун ҳордиқ кунлари,
Боғлар бунёд қилиб ўрмон сингари,
Унда-бунда сунъий кўллар қурамиз,
Табиат, биз шундай эслаб юрамиз.
Ҳали кўп илм-фан ечмаган тугун,
Техника ҳокимга айланди бугун.
Ҳамма иш келади унинг қўлидан
Ҳамма бораётир унинг йўлидан.
Сен бунча ожизсан, энди табиат?!
Қанча сир бор эди ва қанча қудрат?
Сирли руҳинг қани, қудратинг қани?
«Онангман!» дегулик журъатинг қани?
Таъна қилган каби онага фарзанд
(Ўзимни тутишга уринмай ҳарчанд)
Отилиб чиқади қалбдан сўзларим,
Айтингиз, далалар, айтинг, дўстларим:
Ранг-баранг чироқлар ихтиёрида,
Баланд иморатлар ўрмонзорида
Нечун мени ташлаб қочаётирсиз?
Қайга мени ташлаб қочаётирсиз?
ТОҒЛАР ВА ДЕНГИЗЛАР
Денгиз қанча чуқур бўлса,
Тоғлар шунча юксакдир.
(Евгений Евтушенко)
Мен Ўрта Осиёнинг тоғларини севаман:
Илон каби буралиб ўрмаловчи йўлларин,
Совуқ хўмрайиб турган даҳшатли жарликларин,
Абадият сингари айнимас музликларин,
Халқ руҳидай беназир пасту баланди билан
Мен тоғларни севаман.
Олтой, Тангритоғ каби тоғлар силсиласида
Кўкрак кериб турибди кенжа паҳлавон Помир.
Унинг алп қоматига мафтун, маҳлиё бўлиб.
Чимён, Қурама, Оқтоғ боқар олисдан мағрур,
Фикримни олиб қочар турли-туман хаёллар,
Турли-туман саволлар айлантирар бошимни:
Бу тоғлар тўнкарилган денгизлар эмасмикан,
Қоялар эмасмикан, ўркач-ўркач тўлқинлар?
Мен тоғларни севаман.
Тақдирлар томчисидан иборат денгиз аро
Яшаш учун курашнинг тўлқинлари ҳайқирар.
Ҳокими мутлақ каби бу мулки борлиқ узра
Ўз тожига маҳлиё қуёш айланиб юрар.
Чўққилардан пастроқда ўтлаб юрган сурувдай;
Тоғдан ошолмай тўзир тўда-тўда булутлар.
Илинжуташвишлардан юксак умидим каби
Беғубор юксакликда камол топгай туйғулар.
Мен тоғларни севаман.
Менинг деҳқон авлодим бахтига интиқ бўлиб,
Чигит қилиб тупроққа экади орзуларин.
Манглай теру кучини пахтазорга оқизар,
Оқизар қуёш билан қалбининг ҳароратин
Тола-тола меҳрини чаноқлардан тўпларкан,
Елкасидан тушгандай бўлар залворли бир тоғ.
Бу тоғ, «Оқ олтин» тоғи — Ўзбекистон тоғидир,
Бу сенинг келбатингдир, эй менинг деҳқон халқим.
Мен тоғларни севаман.
Пушкин шўх денгизларнинг қудратини севарди,
Шоирона қочарди гоҳо денгизлар томон.
«Шовқин сол!» деб ҳайқириб, қўлга олиб қалпоғин,
Асов денгизга боқиб тош соҳилда турарди.
Аммо Терекни қисган шиддаткор қояларни
Алам билан куйларди чиқиб Кавказ тоғига.
Унинг жўшқин руҳига денгиз оҳангдош эди,
Ҳаракатсиз, шовқинсиз, совуқ тошлардан кўра!
Мен тоғларни севаман.
Байрон, Балзак сингари денгизларнинг тўлқини,
Тожу тахтлар кемасин чайқатаркан ҳар томон...
Данте, Гёте даҳосин шиддатли уммонлари
Инсон ақлини тортар ўз қаърига беомон
Мен ҳам юрагимдаги тўлқин ичра ғарқ бўлиб,
Бир умидбахш соҳилни излайман хаёлимда
Қулай бандаргоҳ бўлиб кўринар таниш тоғлар,
Кўнглим тинчиб оҳиста лангар ташлайман унга.
Мен тоғларни севаман!
Форобий чўққисида ростлайман нафасимни,
Беруний чўққисида булутларни қувгайман
Алишер чўққисида булутларни қувгайман
Улуғбек чўққисида қанотимни ёзгайман.
Сўнг юксак-юксаклардан назар ташлаб оламга
Туман янглиғ фаромуш маҳдудликни ҳайдарман.
Ҳамма тоғу денгизлар муносиб деб меҳримга,
Шодон тараннум этиб қалб аро маҳбубликни,
Мен тоғларни севаман.
Чағалоқлар чарх урар денгизлар саҳросида,
Қояларда бургутлар қурар ўзига ошён.
Унда наҳанг, делфинлар қандай сезса ўзини
Бунда шеру оҳулар яшар шундай бахтиёр
Аччиқ-аччиқ кўзёшнинг бўлса денгизлар рамзи,
Бу тоғлар, табиатнинг ҳайкалидир армонга
Бу тоғлар разилларнинг узун қўллари эмас,
Бу тоғлар даҳоларнинг маъниларга бой қалби.
Мен тоғларни севаман.
Минг бир касалга даво ҳавосини ким севмас.
Ким севмас гоҳ шафқатсиз, гоҳ сахий табиатин?
Тонгги сабодай дилбар булоқларин ким севмас?
Ким севмас табиатнинг ёввойи мўъжизасин?
Аммо мени ошиқу шайдо қилган бу эмас,
Бу эмас кўнглим олиб, хаёлимни банд қилган.
Бир кун уйғониш учун, бир кун уйғониш учун
Бу тоғларнинг бағрида ухлар баҳодир вулқон.
Мен тоғларни севаман.
ЧИРОҚ
Ривоят
Маҳкам Маҳмудга
Бир чўпон яшаркан тоғ орасида.
Ўзи кўкартирган боғ орасида.
Гоҳ сурув ортида тинмай чопаркан,
Гоҳ қизиқ нарсалар ўйлаб топаркан...
Чақмоқ қилиб қалби изтиробларин,
Жиловлаб фаразнинг шўх гирдобларин,
Табиатдан олиб андозасини,
Очиб илҳомининг дарвозасини,
Қилмоқ учун тунни кунга иттифоқ
Қуёш нусхасида ясабди чироқ.
Кенгайгандай бўлиб, бу ишдан дунё,
Одамлар ўқирмиш унга тасанно.
Бири «тавба» дермиш ёқасин ушлаб,
Бири бош чайқармиш лабини тишлаб.
Ҳар бир хонадондан олиб битта от,
Бермоқчи бўлишди унга мукофот.
Бири: «Олтин, кумуш берайлик» деди,
Бири: «Мармар сарой қурайлик», деди.
«Йўқ, — деди бошқаси, — қайси замонда
Молдан бошқа нарса ёққан чўпонга!»
Шу тахлит саналгач ноёб нарсалар,
Ҳеч нима тенг келмас — ўйлаб кўрсалар.
Маслаҳат бир ерга келмай қолибди,
Одамларнинг кўнгли тўлмай қолибди.
Шунда бири дебди қилни қирқ ёриб:
«Ўзидан сўрайлик уйига бориб».
...Уларнинг гапини эшитган замон,
Ҳайрон бўлган каби кулибди чўпон,
Тиниқ ақл билан ўлчовсиз ҳиммат
Ато қилган экан унга табиат:
Тўлдирмай элининг қалбини нурга,
Олиб кетармиди уни қабрга!
Аммо одамларда фикр ўзгача,
Фикрдан туғилган зикр ўзгача.
Ерда тузоқ бор деб чўчиган қушдай,
Улар кўнгли турар жойига тушмай.
Хурсанд бўлгилари келаверибди,
Уни мақтаб-мақтаб ўлдирибдилар,
Сўнгра тоғдан мармар келтирибдилар.
Йўниб, меҳр билан беришиб сайқал,
Боғда қўйибдилар чўпонга ҳайкал...
Сўнгра кўнгиллари тушиб жойига,
Гуллар экибдилар унинг пойига.
АФРОСИЁБ
Ёлғиз ўтирибман ёмғирли кунда
Сиёб оқар ҳамон шошиб сарсари.
Тепалар ёнбошлаб ётибди бунда
Хазина асраган ота сингари.
Қанча одамларнинг кўзини очиб,
Қанча ақлларни пешлаган диёр.
Мен ҳайрон қоламан:
Шу ҳолга тушиб,
Қора ер қаърида бўлганингга хор.
Саройлар, майдонлар... Бунда эҳтимол,
Туну кун янграган қўшиқлар, куйлар,
Хиёбонда кимдир излаган висол,
Афросиёб ботир Ажамдан қайтиб,
Дўстлар даврасида шодон тургандир.
Ҳинду элчисига узрини айтиб,
Емак хонасига ҳорғин киргандир.
Қанотини фитна қайирган шоир
Майдан аламини олар кечаси.
Буни бефарқ дунё билмайди ҳозир,
Балки дунёнинг ҳам бордир режаси.
Нуроний бир кекса соқол тутамлаб
Хаёл денгизига шўнғиб кетгандир.
Эҳтимол поёнсиз фикрини жамлаб
Оқ қоғоз бетига тарих битгандир.
Токчада китоблар растаси вазмин,
Сукут сакдар унда буюк акдлар.
Чол-ку ёд биларди халқининг назмин,
Менга-чи, қолмаган ҳатто нақллар.
Шунча китоблардан наҳотки менга
Буюрмаган бўлса бирор донаси.
О, фотиҳ, китоб не айб қилди сенга,
Нима қилдинг Кўҳак кутубхонасин?
Неки тирикларга хосдир дунёда
Ҳаёт яхлитлиги негаки боғлиқ.
Бари қолиб кетган қора тупроқда,
Тарих ва Маъруфнинг юраги доғлиқ.
КЎҲАК БАҲОДИР
Биттагина хат бор Кўҳак ботирдан,
Биргина тепалик унинг номида.
Бошқа бари чиқиб кетмиш хотирдан,
Бошқа бари қолмиш йўқлик комида.
Сўзма-сўз ёдимга келади мактуб,
Кўзларимни юмиб сураман хаёл.
Мағрур қиёфасин тасаввур этиб,
Хаёлимда унга бераман савол:
Ўттиз беш йил қамал, ўттиз беш йил жанг,
Шунча йил қолибсиз шаҳар ичида.
Шунча йил ютолмай қийналмиш наҳанг,
Муболағадир бу шаҳар кучига?
Ер ости йўлидан балки деҳқонлар,
Дон билан таъминлаб тургандир сизни.
Шу йўлдан келгандир қанча полвонлар
Баланд қилмоқ учун қўлларингизни.
Қамал бошланганда туғилган гўдак
Ўттиз беш ёшдаги эркак бўлганда...
...Сенга нима бўлди, айтиб бер Кўҳак,
Сўзласанг-чи, гапга фурсат келганда.
Балки шу қаршилик пўлатдай сингач,
Мағлублар ўзини ургандир ўққа.
Ғолиблар юраги хатардан тингач,
Шаҳарни чиқармоқ бўлгандир йўққа.
Мурдалари билан, уйлари билан
Кўмиб юборгандир ғазаб устида.
Бўлмаса Афросиёб нега кўмилган,
Нега қолиб кетган тупроқ остида.
Ё сен ҳам Маъруфга ишонмайсанми?
Ёки мақтанишга йўқми рағбатинг?
Сендан фахрлансам қувонмайсанми,
Ё бундай гапларга йўқми тоқатинг?
Менинг хаёлларим қалбингда ётган,
Ҳамма жароҳатни ювишга қодир.
Уруш ҳали ҳам бор дунёда, лекин,
Кел, бир дардлашайлик, Кўҳак баҳодир.
МАРҲУМЛАР ШАҲРИНИНГ АҲОЛИСИГА
Чала қолган ишларингизни,
Ширин-ширин тушларингизни,
Чалкаш-чалкаш қисматингизни,
Яхши-ёмон хислатингизни,
Қаро ерга олиб кетган ниятингизни менга беринг.
Эплай ажал қилолмаган вазифангизни,
Тўплаб-тўплаб ишлатмаган тажрибангизни,
Алданганда титроқ солган қутлуғ орият,
Ғалаба ё ўлимга дуч келтирган ният
Ва яшашга бўлган чексиз ғайратингизни менга беринг.
Менга беринг ер юзида жой тополмасдан
Ер остига олиб кетган армонингизни.
Инсофингиз, виждонингизни,
Қўли калта имконингизни,
Ҳамда бунёд этолмаган бўстонингизни менга беринг.
Менга беринг ичга ютган аламингизни,
Менга беринг босолмаган қадамингизни,
Менга беринг кўролмаган оламингизни
Ўтмиш билан истиқболни пайванд қилай деб,
Ҳеч кимсага ишонмаган каломингизни менга беринг.
Тирикларнинг қувонч-ғами ўзига керак,
Умид, ишонч кулган дами ўзига керак,
Тушда кўрган дард-малҳами ўзига керак,
Қайга бориб бош уришни билмай саргардон,
Сабил қолган ҳиммат ила нафратингизни менга беринг
ТАРИХ БИЛАН МУЛОҚОТ
Гап кетса Афина ё Рим ҳақида
Сўзингни тингламоқ қанчалик роҳат.
Ғурур балқиб турар ҳар гап тагида
Гўё дунё Афина, Римдан иборат.
Хитойнинг тарихи ундан кексароқ,
Ҳиндистон тарихи бойроқ-ку ундан.
Буюк давлатларга қўшни-ку Турон,
Наҳотки хабаринг бўлмаса шундан?
Туронга келганда тилинг айланмас,
Гўёки бу ўлка чуқур бир жарлик.
Эмишки Эроннинг бир бўлаги бу,
Бу ер Эрон учун бўлган хатарли.
Хитой ва ҳиндларнинг ўз динлари бор,
Ўз ёзуви бўлган ҳатто Эроннинг.
Турон тақдирини сўрайман такрор:
Ахир, нимаси бор шўрлик Туроннинг?
Ҳеч бўлмаса қўшни халқларнинг
Ёзувин ўрганиб олгандир.
Шаҳарлар бунёдга келтириб,
Китоблар тартибга солгандир.
Геродот ёзмаса баъзи гапларни,
Кундалик ёзмаса хитойлик сайёҳ,
Искандар тортмаса лашкарин,
Спанта чиқмаса унга қарши, оҳ!
Тақдир Эрон томон буриб кетса юз,
Ўлиб кетармиди эгасиз армон.
Тарих назарига тушмасмидик биз,
Номсиз ўтармиди дунёдан Турон?!
Тарих менга қара, оқилсан беҳад,
Бугунги ёлғонни эрта айтасан.
Сен холис кўз билан кўрасан фақат,
Аммо ўз шартингдан баъзан қайтасан.
Пул, амалга сотиб баъзан номингни,
Шон олиб қаланғи-қасанғи зотлар,
Ҳақорат қилмокда гоҳ Туронимни,
Фарёд қилгим келар сенга, фарёдлар.
Бир нарса айтсанг-чи, таскин бергулик,
Йитган китобларда бор эди, ахир,
Маст қилиб, ўғирлаб кетдиларми ё,
Ёки қилдиларми кўзингни басир?
Тили, миллатини унутсин буткул,
Ери ўзимизга мангу қолсин деб.
Ақлни тупроққа кўмдиларми ё,
Қасоскор дунё йўлдан чалғитиб?
Замона зайли-да... Беруний бобо,
Майли, ўзга тилда ёзган бўлса ҳам,
Айтган-ку, Ҳиндистон Эрондан асло
Турон илм аҳли бўлган эмас кам.
Тарих, эсингдами, илк бор кўрганми?
Йигирма йил ўтди ўшандан буён.
Халкдар тақдирини сендан ўргандим,
Тағин ўрганаман борича имкон.
Ўз халқим яратган эски китоблар,
Нариги дунё бўлиб кўринар менга.
Рус тили кундан-кун акдимни тоблар,
Маҳримни оширар ота заминга.
Ёрқинроқ бўлсин деб узоқ истиқбол,
Ўзимни излайман узоқ ўтмишдан.
Унда баъзи гаплар келтирар малол,
Ҳеч натижа чиқмас баъзан ўқишдан.
Олтин изловчидай излайман далил
Зора чиқиб қолса бирор саҳифа.
Ўзимга юкланган вазифам масъул,
Халқим шарафидир менинг вазифам.
ШОИРЛАР
Шеър ёзиш унчалик қийин иш эмас.
С. Есенин
Ўқиб китоблардан ҳаётингизни
Сирли жумбоқларга учрардим гоҳо.
Биров қайирарди қанотингизни
Ўзининг ҳолига бермасдан баҳо.
Пичинг қилар эди ўйламай биров,
Биров уялмасдан тўқирди ғийбат.
Ундан бошингизга қўнарди қиров,
Кулфатдан бошингиз топарди зийнат.
Ҳорғин юзингизга тикилиб бирпас,
Ўйлайман: умрингиз бунча жумбоқли...
Шеър ёзмоқ-ку унча оғир иш эмас,
Аммо оғир экан шоир бўлмокдик.
Кун сайин интилиб юксак-юксакка,
Олис-олисларга тикилиб мағрур,
Минг йиллар юкини кўтариб якка
Манзиллар ошади Сизнинг тафаккур.
Ўзини енгмаса аввало одам,
Аввало ўзидан чиқмаса ғолиб,
Йиллар бўронидан ўтолмас бардам,
Адам саҳросида кетади қолиб.
Сабоқ беринг менга яна бир нафас,
Алишер, нимадир собит қолмоқлик?
Шер ёзмоқлик унча мушкул иш эмас,
Аммо мушкул экан шоир бўлмоқлик.
Гуллар очилади сўлмоқлик учун,
Яна чиқмоқ учун ботади офтоб.
Отга дам беради чопар ярим тун,
Тонг-ла елмоқ учун йўлларда шитоб.
Сиз қанча элларни саргардон кезиб,
Фурқат домла, айтинг, нима топдингиз?
Оҳуга ачиниб, дилларни эзиб,
Сайёд орқасидан йиғлаб чопдингиз.
Очиқ кўрдингизки, дунё бир қафас,
Мумкин эмас озод нафас олмокдик.
Шеър ёзмоқ-ку унча ғурбат иш эмас,
Аммо ғурбат экан шоир бўлмокдик.
Тўсиқларни бузиб замон тўлқини
Қонуний бурчини этади адо.
Кимлардир тўхтатиб қолмоқчи уни,
Тўхтатмоқ бўлгандай тошқинни садо.
Сиз-чи, ўртоқ Ҳамза, Сиз айтинг, нечун,
Тошларга бердингиз бошингиз тутиб?
Қўйиб турмадингиз курашни бир кун
Ўлим ҳар қадамда турганда кутиб.
Нодонлар шоирга қилмаса ғараз
Шунча лозиммиди эрта ўлмоқлик.
Шеър ёзмоқ-ку асли қонли иш эмас
Аммо қонли экан шоир бўлмоқлик.
Сиз ҳам, Чўлпон домла, айтинг-чи, Сиз ҳам,
Нечун бунча чалкаш дунё ишлари?
Нечун адолатга тиш қайрар ҳар дам
Макр-разолатнинг ёвуз кучлари?
Сиз қоғоз устига эгилган маҳал
Қора кечангизга нур сочди қалам.
Ундан қанча қалблар топдию сайқал
Қанчалар кенгайди бу ёруғ олам.
Сўз билан ўликка бағишлаб нафас,
Касби Адолатнинг ёнин олмокдик,
Шеър ёзмоқ-ку унча шарафли эмас
Аммо шараф эрур шоир бўлмоқлик.
ЧОРРАҲАДА
(Насрий)
Умр йўли бўйлаб сафарга чиқди.
Юриб-юриб чорраҳага етиб келди у.
Қайси йўлдан борса бахт висолига етади?!
Манзилнинг узоқ ёки яқинлигини билмайди.
Йўл ҳам нотаниш. Биринчи марта сафарга чиқиши.
Ким икки марта туғилиб, икки марта яшабди.
Умр сафарига ҳамма ҳам бир марта чиқади.
Таваккал қилиб ўнг томондаги йўлга равона бўлди.
Юриб-юриб, тоғ, қир, боғ ошиб, дарё кечиб, яна ўша чорраҳага келиб қолди.
Адашибман, деб ўйлади-да, тўғридаги йўлга тушди.
Юриб-юриб, тоғ, қир, боғ ошиб, дарё кечиб, яна ўша чорраҳага келиб қолди. Яна адашибман, деб кўнгли оғриди, руҳий ва жисмоний чарчоқ ҳис қилди. Чапдаги учинчи йўл тўғри бўлса керак, деб ўйлади. Ҳорғинлигини умид билан енгиб, йўлга тушди.
Юриб-юриб, тоғ, қир, боғ ошиб, дарё кечиб, яна ўша чорраҳага келиб қолди.
Энди нима қилиш керак! Орқага қайтсинми?! Умрни қандай қилиб қайта бошлаш мумкин?
Ҳаёт ўз ишини қилди.
Эътиқодим, сен бўлмасанг,
Ўтармидим мен ҳам адашиб...
* * *
Алдамоққа бола яхши,
Бола эмас у ахир.
Ростгўйлик-ку инсон нақши,
Инсон нақши беқадр.
Иккиланмай шубҳа қилмай,
Ҳаёт қурсин десангиз:
Қалбида бор гавҳарини
Баҳам кўрсин десангиз:
Алдаб-алдаб ўргатмангиз
Уни ёлғон сўзлашга,
Сизга бошқа ваъда бериб,
Бошқа йўлни кўзлашга.
Катта одам ғаши келиб
Унутмоқчи бўлса гар,
Дастак қилиб илиб олар
Ёлғон гапни болалар.
Сиз кетасиз бир кун унга
Мерос қилиб дунёни,
Сиз қолдирган ёлғон ичра
Излаб қолар зиёни.
Бир кун йўлда қоқилганда
Изтироби ортмасми?
Сиз туфайли бир умрга
Улар жафо тортмасми?!
ДАРАХТ
Дарахт танасига болта тушади,
Учқундай сочилар ҳар ён пайраха.
Аччиқ инградию бирдан қулади,
Ўзининг ҳолига уриб қаҳқаҳа.
Бирдан ниҳоллари кўтарди фарёд,
Ингради суяги қотмаган шохлар.
Сўнди умид билан барқ урган ҳаёт,
Оҳ уриб юборди олисда тоғлар.
Армон билан боқиб сирли оламга,
Кўнглига не келмас ўйлаб кўрганнинг.
Дарахт вафо қилмай эккан одамга,
Қозонин қайнатар болта урганнинг.
ЭЪТИҚОД
Минг йил илгари ҳам олма дарахти,
Аввал барг чиқариб, кейин гуллаган.
Эсингдами ўрик гуллаган вақти,
Гулдан олдин япроқ пайдо қилмаган.
Тонглар бир-бирига ўхшамас асло,
Ҳар кун умрингизга зийнат қўшадир.
Ҳар куни янгидай туюлар, аммо,
Мазмун, моҳияти ўша-ўшадир.
Ўшадир ариқдан оққан сувлар ҳам,
Булут ҳам, ёмғир ҳам ўшадир ҳамон:
Табиат қонуни шундай мустаҳкам,
Сенинг феълинг бунча беқарор, инсон?
Мушук ўтган эмас ит қавмига ҳеч,
Тулки ор қилмаган тулкилигидан.
Ёз либосни кийиб яйрамасди қиш
Алмашмоқ келса ҳам, агар илкидан.
Гарчи Ер турланар мавсумга қараб,
Аммо бу кимнингдир таъсири эмас.
Миллион йил шу урфин келади сақлаб,
Ўзгача тақдирни қилмасдан ҳавас.
Хиёнат қилмасман эътиқодимга,
Тарихим, тақдирим соқчимдир сергак.
Шулар жо бўлса-ю Маъруф отимга,
Нега мен ўзгариб турмоғим керак?!
АНДИША ИЗТИРОБИ
Гулзоримни пайҳон қилса бир нодон,
Нега юрагимга чўкмасин армон?
Суғуриб ташласа эккан ниҳолим,
Ғишт қуйсам, қуримай парчинлаб ўтса,
Чироқ ёқиб қўйсам тунда кўчага,
Унинг шишасини синдириб кетса,
Нега индамасдан турмоғим керак?!
Ўтган-қайтган одам дам олар дея
Ўтирғич ўрнатсам кўча бўйига.
Тахтасин кўчириб, қай бир ноинсоф,
Буюм деб кўтариб кетса уйига...
Бунча назари паст бўлмасанг номард,
Ҳайқиргим келади: «Қандай дард бу дард?»
Нега индамасдан турмоғим керак...
Яхшилик курашса ёмонлик билан,
Ёмонлик панд берса чаққонлик билан.
Хавф остида қолса Яхшилик жони,
Шунда қўрқоқларнинг кетса иймони,
Бехатар бўлмоқни кўрсаю афзал,
Кимдир кўрмаганга олса шу маҳал,
Нега мен индамай турмоғим керак?
Одамлар,
Сиз билан ёнма-ён юриб,
Баъзи бир нолойиқ ишингиз кўриб,
Нима қиларимни билмай аламда,
Ер ёрилса, дейман, қани шу дамда,
Номусдан қон бўлиб кетганда қалбим,
Қўлга андишали қаламим олдим,
Нега индамасдан турмоғим керак?!
ҚИСМАТ
(«Калила ва Димна»ни ўқиб)
I
Елкасида қоп тўла юк,
Армон тўла юраги.
Дил ёрарга бир дўсти йўқ,
Суянмоққа тираги.
Қопни қандай тўлдирсам деб
Ўйлар эди туну кун.
Унда кучли йигит эди,
Кучига бўлди мафтун.
Йиқилганни тепиб ўтди,
Кесак отди турганга.
Бузғунчига мадад берди,
Ҳасад қилди қурганга.
Нафси тинмай: «Ўйла, деди.
Ўйла ёлғиз ўзингни».
Ақл бўлса: «Ҳали вақт бор,
Очгин, деди кўзингни».
Бора-бора қопи тўлди,
Кучи кетди белидан.
Шунча яшаб битта раҳмат
Эшитмабди элидан.
Оғир-оғир нафас олар,
Азоб чекар виждони.
Кўтармоққа дармони йўқ,
Ташламоққа имкони.
На бахт берар йиққан моли,
На бағишлар куч, ғурур.
Елкасида гуноҳ юки,
Гуноҳ юки кўп оғир.
II
Кўрдим яна бир одамни,
Юк кўтариб борарди.
Кўриб қолса муҳтожларни,
Дарров ёрдам берарди.
Қопи тўлар борган сари,
Юки ошар дам сайин.
Чарчоқ билмай қадам ташлар,
Кулиб қўяр гоҳ майин.
Пушаймонга қул бўлмас ҳеч,
Қалби тўлмас армонга.
Эзгу ишлар юк бўлмайди,
Қанот бўлар инсонга.
НЕГА ЯШАЯПМАН...
Нега яшаяпман ёруғ дунёда?
Боболар йўлини такрорлашгами?
Отамни чироғи ёнган бинода
Ўзимга меросхўр тайёрлашгами?
Ўзгалардан кўра кўп алам чексам,
Баҳам кўрсам фақат шодлигим ошкор.
Ишонч ва садоқат уруғин эксам,
«Сабаби тириклик» эмасдир зинҳор.
НАВОИЙГА ЯҚИН БЎЛМОҚ
«Навоийни тушуниш қийин;
Тили оғир», дейди дўстларим.
Рус тилида Ғарб шеърин ўқиб,
Янги Колумб сезар ўзларин.
Майли, янги қитъалар очинг,
Янги йўллар очинг мазмундор.
Аммо, дўстлар, ҳар бир миллатнинг
Рамзи бўлган ўз юлдузи бор.
Бировнинг тожини уриб туширмоқ,
Ё тортиб олишга ишқибоз одам,
Дунё ишларидан бўларди огоҳ,
Навоийга улфат бўлсайди бир дам.
Кундан-кун яқинроқ бўлиш ўрнига,
Кундан-кун теранроқ билиш ўрнига,
Кундан-кун узоқроқ — бегона бўлдик,
Йиғлашимиз керак кулиш ўрнига.
Қасд қилдик, дарёлар чўлга йўл солди,
Денгизимиз қуриб, кемамиз қолди,
Ўлкамизни обод қилдигу, аммо,
Тилимиздан ўзга нимамиз қолди.
Уни ҳам эскирди, десак не кетар,
Ростдан ҳам эскидир, янгитсак нетар.
Дўстларим, ғафлатда ётмоқ бас энди,
Навоий бағри кенг, бизни авф этар.
Навоийсиз миллат бўлармидик биз,
Ўзбекча сўзлашиб, кулармидик биз,
Биргина шу улуғ хизмати учун,
Унга яқин бўлсак ўлармидик биз.
ОДДИЙ ЖУМБОҚ
Абдулла Қодирийга
Кўнгил очгим келар қувончни куйлаб,
Тўлиб кетса дейман куйимга осмон.
Аммо бошим қотар дунёни ўйлаб,
Оддий жумбоқларга бўламан ҳайрон:
Муқаннани бадном қилдилар нега?
Нега Улуғбекни сўйдилар, ахир?
Одамзод фикрини бўлдилар нега?
Нега умидларни этдилар сағир?
Эй идрок, эътиқод, фойдасизмидинг,
Сен қайда эдинг, эй покиза виждон?
Сен-чи, сен адолат, сен қайда эдинг?
Наҳот сен бўлмасанг оламга посбон?
Жанна д'Арк ким учун кўрди шуълани,
Сирли товушларга эргашди нечун?
Уни тўполонда кимлар ушлади.
Гулханда ким ёкди? Нега? Ким учун?
Булар ўтаётиб бошқа манзилга
Бошпана сўраган мусофир эмас.
Булар солмоқ бўлган ҳаётни йўлга,
Оламга уфуриб янги бир нафас.
Билсам: тилаб олган буларни дунё,
Ожиз кўзларини нурга тўлдирган.
Аммо тополмагач муносиб баҳо,
Замонларнинг ўзи бўғиб ўлдирган.
БЕДАНА
Қафасда патирлаб турар бедана,
Ўзини ҳар ёнга урар бедана.
Сепилган тарикдан қилгандай ҳазар,
Тилла сувдонга ҳам ташламай назар.
Ўзин уравериб қафас рошига,
Пати қолмаса ҳам шўрли бошида —
Ҳаво булут бўлиб чиққандай чақин,
Ишонч билан сакрар, патирлар тағин
Сира тан бермасди тақдирига у,
Яна далаларни қилгандай орзу.
Шу аҳволда умри бўлса ҳам адо,
Девдимки, қафасга кўникмас асло.
Наҳот ишонганим алдади, наҳот,
Тўпори қушни ҳам енгдими ҳаёт?
Ёки тан олдими ночорлигини,
Яшириб қафасдан безорлигини?!
Энди кунда сайрар, сайраган сайин
Дону қурт қумурсқа берар хўжайин.
ХОТИРА
Кунчиқишга қараган айвон,
Хаёлимдан чиқмайди ҳамон.
Унда бувим нимадир тикиб,
Ўтирарди офтобга чиқиб.
Атрофида чумчуқ, мусича,
Юрар эди эркин ҳамиша.
Гоҳ чарх бураб ўтирар эди,
Пахтадан ип йигирар эди.
Гоҳ чархнинг «ғув-ғуви»га мослаб,
Қолар эди ҳиргойи бошлаб.
Жангга кетиб тирик қайтмаган,
Ўғлин эслаб нола қиларди.
Ҳеч кимсага дардин айтмаган,
Лекин дардин ҳамма биларди.
Куйларди ўз болалик чоғин,
Ота, она, яқин-йироғин.
Умр ўтиб,
Ёлғиз қолганин,
Ўғлин кута-кута толганин.
Бу дунёнинг вафосизлигин,
Гоҳ аччиқ, гоҳ ширин сўзлигин.
Куйлаб, йиғлаб ўтирар эди,
Оҳиста ип йигирар эди.
Бугун ўша умидбахш, ғамгин,
Қўшиқларни тусаб қолдим мен...
Кунчиқишга қараган айвон,
Хотирамдан кетмайди ҳамон.
ҚОРАДАРЁ ТЎҚАЙЗОРИ
Қорадарё тўқайзори ёдимда бор,
Ёдимда бор болалигим ўтган диёр.
Қув буталар бир-бирига узатиб қўл,
Олмазорга ўтай десак бермасди йўл.
Ўрик, анжир, узум, шотут ҳил-ҳил пишиб,
Ҳайрон бўлиб ётар эди ерга тушиб.
Қуш, қумурсқа, шоғол, жайра яйрар эди,
Тустовуқлар, беданалар сайрар эди.
Итбурунлар гул кўтариб оқу қизил,
Хуш бўй сочиб турганидан яшнарди дил.
Нуқра баргли жийда боқса тўлиб-тошиб,
Дўланалар чорлар эди тепа ошиб.
Ўсиқ ўтлар орасидан ўтар маҳал,
Чақир тикан, янтоқ мудом берган халал.
Аммо қизил, оқ жангалнинг найзалари,
Тўсиқлари олдида бу ҳолва бари
«Хилват гўша, жин, ажина макони», деб,
Болалар кўп бормас эди юрак ютиб.
Шу ерда мен ҳайратимнинг учиб ранги,
Кўрган эдим илон билан кирпи жангин.
Табиат ўз қонунидан заррасини
Ошкор қилган очиб ҳикмат пардасини.
Қорадарё тўқайзори ёдимда бор,
Ёдимда бор болалигим ўтган диёр.
РЎЗҒОР ТУБСИЗ ҒОР ЭКАН
Ҳаёт гўзал, яшаш соз,
Қанча севсанг, шунча оз.
Тун — сокин роҳат тилар,
Тонг кулиб омад тилар.
Ҳунаринг топиб камол,
Бахт ваъда қилар хаёл.
Аммо имкон тор экан,
Рўзғор тубсиз ғор экан.
Югурасан, еласан,
Уйга ҳориб келасан.
Ёринг чиқар йўлингга,
Боланг боқар қўлингга.
— Нима олиб келдингиз?
— Нима олиб келдингиз?
Сен жилмайиб ноилож,
Оҳиста қашийсан бош.
«Эсим қурсин, унутиб,
Бозорга кирмабман», деб
Янгилайсан ваъдани,
Улар кутар эртани.
Не истаса бозорда
Топилар харидорга.
Қаттиқ тошдан зўр-базўр
Сизиб чиққан қатрадир.
Чўнтакдаги ойлигинг,
Ишлаб топган бойлигинг.
Бозордаги нарх эса,
Қўлга қўнмас гаҳ деса.
Рўзғор эса сўрамас,
Нархи баландми ё паст.
Уни олиб кел, дейди,
Буни олиб кел, дейди.
Олиб келсанг, ҳамма шод,
Бўлмаса афсус... ҳайҳот...
Кимда имкон тор экан,
Рўзғор тубсиз ғор экан.
Ойлик резинка бўлса,
Қанча чўзсанг чўзилса.
Олам гулистон эди,
Тўкин дастурхон эди.
Аммо у ҳеч чўзилмас,
Таманноси бузилмас.
Кам бўлмас фикр қилган,
Бой бўлар шукр қилган.
Шукр қилгин танинг соғ,
Эртани ҳам ўйлаб боқ.
Қара, қандай чароғон,
Турмуш тўкин, фаровон,
Элак билан сув ташиб,
Югурмайсан тоғ ошиб.
Ҳайрон бўлиб турмайсан,
«Рўзғор — ғор» деб юрмайсан.
Лоф экан ушбу таъриф,
Бунга аминдир Маъруф.
ИНСОН
(Тарих йўлларида)
(Парча)
1
Тарих титкилардим ҳақиқат излаб,
Унда ҳар хил гаплар қўйилган тузлаб:
Бирида семизман, бирида ориқ,
Бирида қораман, бирида сариқ,
Бирида ҳунарманд, маданий, гўзал,
Бирида ёввойи, хароб ва касал...
Ўқийман ўзимнинг тасвирларимни,
Кўраман нотаниш тақдирларимни.
Ҳатто китобда ҳам топмай ҳақиқат,
Аламдийда руҳим чекар азият.
2
Юртимда эрта-кеч тотганимда туз,
Унинг аҳволини қилар эдим ҳис.
Урфу одатларим этсин деб давом,
Ватан тақдирини ўйлардим мудом.
Севиб, севилганда ўғил қизларим,
Нурланиб кетарди бенур кўзларим.
Кулиб боқса дея вафодор иқбол,
Уй-рўзғор тузардим уларга хушҳол,
Аммо гоҳ бу ишга етмаса қурбим,
Олисни кўришга берардим дурбин.
3
Қутайба шаҳримни этганда қамал,
Бахт қуши ҳақида тўқидим матал.
Ким сайраб турганда учратса уни,
Умрбод ўшанинг туғармиш куни.
У қуш адолатни солиб дилига,
Бир кун сайрар эмиш фақат йилига,
Ким сайраб турганда учратса уни,
Умрбод ўшанинг туғармиш куни.
"Жон олиб, жон бериб чексак ҳам заҳмат,
Бахтсизлик қушлари дуч келди фақат.
4
Нур, ҳарорат билан қилмасдан савдо,
Қуёш кезиб юрар кўкда бепарво.
Ердаги ишларга тушганда кўзи,
Негадир ёпилиб қоларди юзи.
Шунда менинг нохуш ҳолимни кўриб,
Булут ҳам йиғларди тепамда туриб.
Мен-чи, пинҳон тутиб қон ютганимни,
Излардим йўқотган умидларимни.
Лекин тор қафасга солганни эмас,
Эрку юртни тортиб олганни эмас,
Сенинг занжирингда дея ҳақиқат,
Сени қарғар эдим, тилсиз табиат.
5
Кечир мени, кечир, ношукр дема,
Энди ранжитмайман, жоним, ғам ема,
Дўстим эканингу, бойлигу, ризқим,
Маъсумлигингни ҳам қачонки севдим:
Шундан бери юриб иқбол йўлида,
Неча бор ўлганман тожлар қўлида,
Шундан бери қачон алданиб қолсам,
Ҳушёр бўлмоқ учун ичаман қасам.
Шундан бери гоҳи очлик йиқитар,
Шундан бери умид қўлимдан тутар.
Шундан бери излаб тенглик, озодлик,
Ўзимга қиламан ўзим устодлик.
6
Йигирманчи аср, сени ҳам кўриб,
Устингдан қарасам ичингда юриб,
Савлат тўкиб турар қават-қават уй,
Қулоққа чалинар аллақандай куй,
Кўчаларда ёнар ранг-баранг чироқ,
Қолмаганга ўхшар оламда фироқ.
Аммо тикилиброқ қарасанг бир дам,
Бир хонада байрам, бир хонада ғам.
Бири ўйнашини қилар зиёфат,
Бири иш қидириб синайди омад,
Бири машинада қувар шабода,
Бири юк кўтариб борар пиёда,
Бири фақат қорин тўйдирмоқ учун
Маош олган дўстин ўлдирар бу кун,
Бири чақмоқтошдан яратар қуёш,
Бир кўз чиқарар қўяман деб қош.
Ҳалиям туғсин деб бўғоз олтиним,
Туҳмат корхонаси ишлар бетиним.
Шубҳа ё ғаразга очиларкан йўл,
Самимий ҳурмат ҳам, севги ҳам бир пул:
Номус ҳам, ғурур ҳам қадрин йўқотиб,
(Ундан ҳазар қилсанг) кулади қотиб,
Йигирманчи асрим серзиё асрим,
Маданий, асабий, беҳаё асрим.
7
Биламан сийнангда жароҳат билан
Ёнма-ён турибди ўлиму ўлан,
Биламан қалбингда ишонч, хавотир,
Чунки бирга яшар нокасу ботир,
Биламан, истагинг тинчлик, адолат,
Аммо қисматингда уруш, адоват.
8
Асрим, кечир, сени бир оз қарғадим,
Биларсан, мақтовдан жуда чарчадим.
Агар, тушунсангу ишонсанг менга,
Қарғиш ҳам, мақтов ҳам лойиқмас сенга
Туғилиш, ўлиш-ку дунё неъмати,
Аммо бунча чигал инсон қисмати?
Кел, асрим, писанда қилиб тақдирга,
Ким эдим, ким бўлдим, эслайлик бирга.
9
Азоб, камситишнинг бўлсам гувоҳи,
Безиб кетар эдим дунёдан гоҳи.
Суяк-суягимга етса ҳам ғамлар,
Яқин деб ўйлардим бахтиёр дамлар.
Агар умид билан кечирмасам кун,
Телба дунё мени қиларди мажнун.
Мен Алпомиш эдим, Гилгамиш бўлдим,
Сўнгра Широқ бўлиб қайта туғилдим.
Гоҳи куйлай десам — чиқмаган овоз,
Гоҳи ёзай десам — бўлмаган қоғоз.
Гоҳ садр тушганман жанозаларда,
Гоҳ ётиб юрганман ҳавозаларда.
Ҳар бир қадамимни ёд билар тарих,
Кўрган-билганини тутмайди дариғ.
Мен Арасту эдим, Форобий бўлдим,
Ибн Сино бўлиб қайта туғилдим.
Гоҳ ёруғ дунёни ташвишга қўйдим,
Гоҳ мағлуб бўлганда номусга тўйдим.
Ернинг хотираси мустаҳкам жуда,
Асаби бузилмас ҳуда-беҳуда.
Сўранг дарёлардан, тоғлардан сўранг,
Чақирингу ўтган чоғлардан сўранг,
«Нималар қилиши мумкин эди-ю,
Аммо ҳақиқатда не қилолди у?»
Мен Муқанна эдим, сарбадор бўлдим,
Амир Темур бўлиб қайта туғилдим.
Бошпанам бўлса ҳам шу ёруғ дунё,
Менга топилмасди беминнат зиё.
Зинҳор тиллақўнғиз шуъласи эмас,
Қуёш васли эди кўнглимда ҳавас.
Мен Улуғбек эдим, Галилей бўлдим,
Сўнг Шекспир бўлиб қайта туғилдим.
Қўлимда шафтоли, мен турибман тик,
Дейман: «Шафтолидан данаги кичик».
Аммо бундай ўйлаб қарасам бир вақт,
Данакнинг ичида бор экан дарахт.
Тилимга чиқмасдан содда саволим,
Яна дунё кезиб кетди хаёлим...
Волтер, Гегел эдим, мен Маркс бўлдим,
Сўнгра Ленин бўлиб қайта туғилдим.
Октябр тонгида кўриб бахтимни,
Унга берган эдим сўнгги аҳдимни,
Дунёни бахтиёр кўрарман девдим,
Коммунизмни ҳам шунинг-чун севдим.
Аммо тарих-ла дўст тутинган кездан,
Дилимдаги ғафлат йўқолди тездан.
Тарих йўлларида кезиб сарбасар
Тўрт томонга фикран ташладим назар...
Ўтмишдан топдиму иқболдан имкон,
Коммуна боғида кўрмадим нишон.
Мендай ўз элининг дардида ёниб,
Аламдан ўртаниб, умиддан қувониб,
Уй-жойсиз дарбадар кезган бормикан,
Ватан ҳасратини сезган бормикан?
* * *
Арзон шон-шуҳратга берилганлар кўп,
«Ватаним», «Элим» деб керилганлар кўп.
Кўпдир мақтов ёзиб бўлган мукаррам,
Аммо унинг дардин тинглаганлар кам.
Бегона оёқлар остида зотан
Топталиб ётарди бечора Ватан.
Буни ҳамма ерда кўриб турардим,
Ҳамма ерда иқбол излаб юрардим.
Изладим, излайман, сафарим узоқ,
Излаганим бир кун очади қучоқ.
Тилим, феълим ўша, миллатим ўша,
Қувончим, ташвишим, кулфатим ўша,
Ўшадир ҳунарим, ўшаман ҳамон.
Мансабим меҳнаткаш,
Унвоним — ИНСОН!