Anvar Javlonov. Tog' burguti (qissa)  ( 9915 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  29 Sentyabr 2010, 12:13:43

Anvar Javlonov. Tog' burguti (qissa)



Muallif: Anvar Javlonov
Hajmi: 409 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


yoqutxon  05 Oktyabr 2010, 07:22:41

Анвар ЖАВЛОНОВ

ТОҒ БУРГУТИ


Ҳужжатли қисса

«Yoshlik» журнали
2010 йил, 8-cон


Бу тоғ бургутини отаси бир пайтлар эканида Михин тепасидаги Қоратошдан полапон ҳолида олиб келган эди. Шу-шу бургут уйда эмин-эркин юрадиган бўлди. Абдураҳмон уни аста-секин овга ўргатди. Лочин аввал чумчуқларни овлашни ўрганди, кейин уни Қизилқумда бўрига ҳам солиб кўришди. Бургут бир тепишда бўрининг белини синдириб юборди. Шу-шу тоғ бургути оиланинг бир аъзосига айланди.
Энди Абдураҳмон ёвдан халқни озод этмоқ учун курашга чоғланарди. У уйида отасидан қолган тоғ бургутини алоҳида парвариш этарди. Кўпинча бургутни машқ қилдириш учун улоқни сўйиб, олдига ташларди. Бургут ўлжасини қояга кўтариб чиқар ва Кўҳнабозор қишлоғи томон узоқ-узоқлардан қараб-қараб қўяркан, улоқ гўштидан тўйганича ер, ортиғини ўша ерда қолдирар, бироздан сўнг қузғунлар лошнинг қолган-қутгани учун талашишга тушишарди. Бургут баъзан кўкдан улоқни ташлаб юборар, орадан бир оз ўтказиб эса ўзини ўқдек унинг орқасидан отар ва панжаларига илинган улоқни маҳкам чангаллаганча яна қоялар томон учарди.
...Офтоб уфқ томон шошиларди. Бургут тоғ устида чархпалак айлана ясаб, пастлай бошлар, ерга етишига озгина қолганда кўк сари тикка кўтариларди.
Тоғ бургутининг шиддатидан Абдураҳмон завқ¬ла¬нар¬ди. Бургут ҳавога кўтарилиши билан қора қузғунлар ўз¬ларининг ин-инларига кириб кетарди, қорон¬ғи туш¬гунча ўлак¬сахўрлар пана-панада уни зимдан куза¬тишарди.

* * *

Абдураҳмон ўрта бўй, оч сариқ юзли, елкаси кенг, боши узунчоқ, ҳар бир мушти ҳандалакдек, кўзлари ўткир йигит эди. Бу жусса отадан мерос бўлиб, у отадек қўрқмас ва ботир бўлиб ўсганди. Абдураҳмон от устида доим тик ўтирар, ҳамиша отлиқ ёки пиёдани бир чақирим наридан бемалол кўриб, таниб оларди. Ички сезиш ҳиссиёти кучли эди унда.
Бухорода савдо қилиб юриб, кечки пайт карвон¬саройнинг кичик хонасида молларини тахлаб ўтирганда бир баҳайбат афғон йигити ҳужрага индамасдан кириб келди-да, миқ этмасдан унинг нарсаларидан танлаб ола бошлади. Абдураҳмон йигитнинг белидаги ханжарга анча вақт тикилиб турди. Ниҳоят йигит танлаб олган молларини олиб чиқиб кетишга чоғланган пайти Абдураҳмон унинг орқасидан белини мўлжаллаб тепди. Афғон йигити жойида йиқилганди, бора солиб унинг бўйнини орқасига қайирди. Босқинчининг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Яна бир лаҳзадан сўнг уни ўлдириб қўйишини англаган Абдураҳмон беихтиёр панжаларини бўшатди. Йигит сўкина-сўкина ошиғич тарзда хонани тарк этди. Бу йигирма ёшли Абдураҳмоннинг илк бор ўз мулки, эрки учун курашиши эди. Афғон йигитининг шерикларини бошлаб келиши мумкинлигини ҳис қилган Абдураҳмон мол-мулкини олиб, кечаси карвонсаройни тарк этди.
Шу-шу отасининг эрк, озодлик ҳақидаги гаплари Абдураҳмоннинг қулоқлари остида тез-тез жаранглаб туради. Қаерда юрмасин, қайси миллат-элат ичида бўлмасин, доимо савдо-сотиқда тўғриликка ҳаракат қилди, ҳеч кимни алдамади. Шу туфайли Абдураҳмоннинг Бухоро, Самарқанд, Жиззах шаҳарларида жуда кўп ишонган дўстлари, ошналари бор.

* * *

Санкт-Петербургдаги император саройи. Улкан бўлмада император Осиё харитаси олдида ўйчан турганча папиросини босиб-босиб чекмоқда.
Ҳарбий вазир папка кўтариб кирди. 1867 йил ёзида Россия императори Александр II Туркистон ҳарбий округини таъсис этиш ҳақидаги фармонига имзо чекканди. Ҳарбий вазир фармонни чарм хат жилдга солганича саройнинг чекка хонасида ўтирган генерал-адьютант фон Кауфмандан суюнчи олгани югуриб борарди. Зеро Кауфман император фармонига кўра Ўрта Осиёнинг Россия таркибига киритилган ҳудудларига “Ярим подшо” этиб тайинланган эди. “Олтин ёрлиқ” эгаси фон Кауфман фақат подшога бўйсунарди.
Бу хабардан генерал шунчалик қувондики, унинг шодлигини қалам билан таърифлаб бўлмайди.
“Ярим подшо” ўша куни ўз уйида бу ёрлиқни катта тантана билан нишонлади. Катта бойликларга эга ўлка энди унинг ихтиёрида эди.
– Қани, вазир жаноблари, ушбу қадаҳни императорнинг саломатлиги учун ичсак. Англиядан олдин у ерга етиб бормоқ биз учун саодат эрур, – дея қадаҳ сўзи айтди генерал фон Кауфман.
Унинг сўзларидаям жанг иштиёқи сезилиб турарди. Шу пайт хонага ҳарбий вазирнинг хотини кириб келди. Фон Кауфман унга таъзим қилди.
– Хоним, сизни кўрмоқ бахтига муяссар бўлганимдан бахтиёрман, – деди у назокат билан.
Вазир қадаҳидаги ароқни бир кўтаришда ичди-да, катта стол устида ёйилиб ётган Осиё харитаси устига энгашди. Хоним эса Куфманга табассум ҳадя этди. Ҳарбий вазир худди ўлкани ўз қўлида ушлаб тургандек, Аму ва Сир оралиғидан кўз узмасди. Фон Кауфманнинг бутун фикри бир амаллаб хонимни гапга солиш билан банд эди.
– Сизга, жаноб Фон Кауфман, катта ваколатни амалга оширмоқ учун катта армия ҳам зарур бўлади. Мен эртагаёқ буюраман: 8 минг кишилик армия, 16 та тўп ва 10 минг милтиқ берилади. Шунча ўқ-дори билан халқни бўйсундирмоқни Темурланг юрти Самарқанддан бошламоқ керак.
Хоним эса эри яна уруш мавзуида гап бошлаганини тушунган заҳоти аста хонани тарк этди.
Икки ҳарбийнинг узоқ давом этган суҳбати Ўрта Осиёни бўйсундиришга қаратилди.
 Орадан бир ҳафта ўтиб Кауфман Самарқандга жўнаб кетди. “Ярим подшо” поездда Самарқанд сари келар экан, Жиззахдан ўтгач, Сангзар дарёси оқиб турган кўприк устига келганида Моргузар тоғига жуда узоқ тикилиб қолди. Бу тоғлар тоши унинг кўзига жуда катта қўшин бостириб келаётгандек бўлиб кўринди. Генерал ўзини жуда ҳорғин сезди. Атроф эса жуда мафтункор эди. Одамлар эса боғларда мева-чева териш билан банд. Узоқдан элас-элас нотаниш куй-қўшиқ эшитиларди.
Генерал Самарқандгача атрофни томоша қилиб борди. Қир-адирлар тўла қўй-қўзи, узоқларда сағрини ялтираётган моллар ўтлаб юрибди.
Фон Кауфман одамларга Иван Грозний ҳақидаги ҳикояларни айтишни яхши кўрарди, бу билан у гўё ўзини Иван Грознийга тенглаштирарди.
Фон Кауфман ўзига берилган ваколатдан кенг фойдаланди, у бир вақтнинг ўзида ҳам ҳарбий қўмондон, ҳам прокурор ва ҳам молия вазири эди.
Ўша пайтлари Самарқанд Бухоро амирлиги таркибида эди.
Генерал Самарқандга келган куниёқ амир қўшин¬ларига қарши ҳаракат бошлади. Ҳарбий тактикаси бўш бўлган амир қўшинини енгиш унча қийин бўлмади. Чўпон ота тепалигида амир қўшинлари мағлубиятга учради. Шундан кейин Амир Музаффарбекнинг обрўйи тушиб кетди. Амир қўшини рус аскарларини тўхтата олмади. Амирнинг 15 минг отлиқ, 6 минглик пиёда армияси рус армиясига дош бера олмади.
Амир Музаффарбек Қизилқумга қочди. Аҳоли орасида норозилик кучайди. Қўзғолон бошланди. Бу эса Кауфманга қўл келди. У Самарқандга ўт қўйдирди, шаҳар талон-тарож этилди. Фон Кауфман Санкт-Петербургга, император номига телеграмма жўнатди: “Сартлар ўз-ўзини қирмоқда. Биз уларни осонгина бўйсундирдик”.
Император Александр II генерални орден билан мукофотлади. Амир Музаффар Кауфман олдига бош эгиб келди. Самарқанд, Каттақўрғон ва Зарафшон дарёсининг юқори қисми Россияга берилди. Ўлка деярли батамом фон Кауфман ихтиёрига ўтди, амир эса орден эгаси бўлди.
Ўлкада мустамлакачиларга қарши халқ қўзғолонлари қарийб эллик йил давом этди. Албатта, бунинг сиёсий, иқтисодий асослари бор эди. Ўлкада халқ турмуши ночорлашди, шарт-шароити яхши жойларда “Рус қишлоқлари” барпо этилди. Императорга ёқмаган рус мужиклари Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Қўқон, Жиззах шаҳар ва қишлоқларига кўчирилди. Фон Кауфман ҳамма йирик қишлоқларда ўз приставларини тайинлади.

* * *

Орадан бир-икки ой ўтгач Россиянинг турли ўлка¬ларидан Туркистон томон руслар кўчиб кела бошладилар. Самарқандда азалдан ҳам бир неча минг насронийлар яшарди. Шаҳарда Амир Темур даврида ҳам насронийлар бўлиб, улар шаҳарнинг алоҳида даҳасида ҳаёт кечирар, маҳаллий аҳоли билан иноқ яшарди.
Ўлкада аста-секин рус қишлоқлари пайдо бўлди.
Қоратош атрофи ёнғоқ, дўлана, олма, ўрик, шафтоли, узум билан қопланган. Нурота тоғ ёнбағридаги энг хушманзара жой атрофидаги қишлоқлар Михан, Қулба, бир томон эса Катта Боғдон ва Илончи. Шу оралиқда рус пристави Барилло учун оппоқ қўрғон қурилди. Қўрғон ичидаги ўн хонали бино жуда кенг, деразалари катта, ромларга гулдор ойна қўйилган. Деразанинг ташқарисидан қуёшни тўсадиган равоқ ўрнатилганди. Бу ердан Кўҳнабозор қишлоғи кафтдек кўриниб турарди. Хоналарда сап-сариқ қандиллар олтиндек товланарди. Ҳовлига эса ўнлаб арчалар гўзаллик бахш этарди. Фаввораларда сувлар рақсга тушарди.
Барилло хотини ва қизи билан ўзига атаб қурилган оппоқ қўрғонига кўчиб келди. Қўрғонга тоғ орасидаги чашмадан тарнов орқали сув олиб келинди. Тоғ ён бағрида эса шамол ёрдамида ишлайдиган, электр энергияси етказиб берувчи мотор ўрнатилди. Хоналарда электр лампочкалари чарақлаб турарди. Пристав кўҳнабозорлик Нодир шилпиқни ўзига тилмоч қилиб тайинлади. Нодир бир неча вақт Россияда яшаган, уларнинг тилини биларди.
Барилло оч сариқдан келган, кўккўз, бетларини сеп¬киллар қоплаган, ялтирбош, қирқ-қирқ беш ёшлардаги киши эди. Унинг хотини ва қизи ёпиқ аравадан тушганда эса эркаклар улардан кўз узолмай қолишди. Она-бола юпқа ҳарир кўйлакда бўлиб, гўё бутун таналарини кўз-кўзлардилар. Ҳали бундай ҳолатни кўрмаган эркакларнинг ҳирси қўзғалди.
Нодир тилмочнинг бир кўзи ғилай бўлса-да, унча-мунча рус аёлларини алдашни қотирарди. Орадан икки ой ўтиб, Бариллонинг Жиззахга кетганини аниқ билган тилмоч кечаси унинг қизини дарахтзор орқасига олиб борди. Булоқ ёнидаги туятош устида қўлбола вино билан меҳмон қилди. Қиз вино таъсирида анча сархуш бўлиб қолди. Нодир уни оғушига олиб эркалай бошлади. Қиз хандон отиб кулди. Ногаҳон қиз қўлини чўзиб Нодирни ўзи томон торта бошлади ва:
– Вой, сен балосан-ку! – деди ғамза аралаш.
Нодирнинг бутун баданидан тер чиқиб кетди. Қиз эса юлдузли осмонга тикилганча жим ётарди...
Қиз тилмочга ортиқча қаршилик кўрсатмади. Нодир эса тун бўйи уни ўз оғушидан чиқармади. Эрталаб қиз жойидан зўрға турди, унинг оёқлари шишиб кетганди. Бундай пинҳоний учрашувлар кейин ҳам такрорланиб турди.
Қишлоқдаги қўзғолонга тайёргарликдан хабар топиб қолган тилмоч қиз орқали бу хабарни пристав Бариллога етказишни ният қилди. У ҳар кечани қизнинг қучоғида ўтказарди. Бу сир аста-секин бошқа йигитларга ҳам ошкор бўла бошлади. Қиз қишлоқдаги бошқа йигитларни ҳам шу усулда йўлдан ура бошлади. Бундайин фоҳишабозликни кўрган осмондаги тўлин ой ҳам уялганидан булутлар орасига яширинарди. Аммо кўкда ой уялса уялди, қиз уялмади.
Пристав Барилло ўзи билан бир гуруҳ муҳандислар, картографлар, ер қазувчиларни олиб келган эди. Улар Кўҳнабозордан узоқ бўлмаган Қоратош устидаги Бургуттоғ атрофида ер мойи олишга киришдилар. Маҳаллий аҳоли булоқлардан чиқаётган сувда иссиқ ёғ борлигини биларди, лекин уни ажратиб ололмасди. Икки-уч рус Бургутқоя ва Сокинлик дарасидаги булоқларда қумларни ювиб, сариқ кукунларни ажратиб ола бошладилар. Муҳандислар ва картографлар эса қишлоқларни харитага туширишни бошлаб юборди. Тез орада тайёр бўлган хариталар Петербургга жўнатилди.
Рус қишлоқлари Жиззах ва Фориш атрофида кўпая борди. Жиззах ва Фориш ўртасида почта алоқаси пайдо бўлди. Газеталар Россиянинг турли жойларида очликдан одамлар ўлаётганини ёзишарди. Сил касали билан касалланганлардан бир неча рус оила Боғдон, Кўҳнабозор қишлоқларига кўчириб келтирилди. Бу ўлкаларда халқ бу касалликни асло билмас эди. Касал рус болалари билан қишлоқ болалари эртадан кечгача бештош, чиллик ўйнашар, булоқ сувларида чўмилишар эди. Натижада бу дард аста-секин боғдонликларни ҳам ўз домига торта бошлади. Одамлар ўлими кўпайди. Айниқса сил касаллигидан кўп одам қазо қилди. Одамлар бу касалликдан қутилиш учун Самарқанд, Пайариқ, Чиноз, Қарши, ҳатто Бухоро томонларига кўчиб кета бошлашди. Аста-секин сойда сув камаяверди, экин-тикин ҳосил бермай қўйди.
Абдураҳмон Самарқанддан қайтишда Жиззах бозорига кирди. Мақсад болаларига қанд-қурс олиш эди. Хотини тўй учун зарур нарсалар тайинлаган. Бир қисмини Самарқанддан харид қилди. Абдураҳмон бозордан хотинига ҳақиқий маржон сотиб олди-да, чўнтагига солиб қўйди ва қишлоғи томон шошилди. Унинг одати шунақа: ҳеч қаерда узоқ туролмайди, ўз қишлоғини соғинади.
Бугун Абдураҳмоннинг кайфияти ўзгача. Негаки, жиззахлик Назархўжа эшон билан чойхонада бир чойнак чой устидаги суҳбат уни қувонтириб юборганди. Халқ эшонга жуда суянади.
Эшон қўярда-қўймай Абдураҳмонни уйига олиб кетди. Эшон меҳмонхонасидаги дастурхон четида “Садойи Туркистон” газеталари ётибди. Дастурхондаги нондан меҳмон бир тишлам олгач, суҳбат асосан дунё воқеалари, замон ғавғолари ҳақида бўлди.
Оппоқ нурга ўралгандай таассурот уйғотадиган эшон Абдурахмон жевачи учун нақд авлиё эди. Ҳақиқатан ҳам эшон дунё ишларини ўз ақли ва қалби билан ҳис этар, гапирганда ҳам мулоҳаза билан, етти ўлчаб бир кесиб гапирарди. Назархўжа эшон ўғли олиб келган чойни пиёлаларга қуйиб узатгач, қўшни маҳалла оқсоқоли Гадойбойга кўз остидан бир қараб қўйди, балки “Кўнглимдагиларни шу одам олдида бемалол айтсам бўлармикин?” деган хаёл ўтгандир.
– Иниларим, ўзбек халқи турли хонлик, бекликларга бўлиниб олиб, ўз ёғига ўзи қовурилиб ётгани учун дунёда бўлаётган кўп ўзгаришлардан четда қолмоқда. Хону беклар халқига маърифат беришни ўйламайди! Ўз нафси йўлида бир уруғни иккинчи уруғга, бир қишлоқни иккинчи қишлоққа гиж-гижлаш, ўзаро уруш чиқариш билан машғул. Шу сабабга кўра дунёга Ал Хоразмий, Ибн Сино, Алишер Навоий, Темур ва Бобурдек ўғилларни берган эл жар лабига бориб қолди.
– Дарҳақиқат, бир томондан ўрислар, иккинчи томондан инглизлар бизга қўл чўзмоқда, – дея гапга қўшилди Гадойбой. – Хон ва беклар ўзимизники, улар бизга тош отмайди, отса ҳам бош ёрмайди.
– Лаънат ўша келгиндиларга! Оқ ит, қора ит – барибир ит. Мақсад битта: ўзбекнинг бойлигини талаш. Газетасида ҳам фақат ёлғон ёзилган. Халқни атрофдаги воқеалардан ғофилликда ушлаб турмоқ ниятида фақат Германия ва Франция ҳақида мақолалар босади газеталар.
Абдураҳмон жевачи суҳбатдошлари фикрини жим ўтириб эшитгач, ахийри тилга кирди:
– Ҳар иккингиз ҳам ҳақсиз. Лекин ҳеч бир миллат учун эрк ва озодлик ўз-ўзидан келиб қолмайди. Қуруқ қошиқ оғиз йиртар. Гап билан иш битмайди. Халқни курашга чоғлаш керак. Эрта-индин Самарқанд, кейин Тошкент халқи қўзғолон кўтаради. Қўзғолон бу “Ё ҳаёт, ё ўлим!” дегани, учинчиси бўлиши мумкин эмас.
Абдураҳмон жевачининг гапларидан Назархўжа эшоннинг анча кўнгли тўлди. Ҳа, бу тоғ бургути озодлик йўли, ҳурлик йўли қўзғолон эканлигини тўғри тушунтирди. Қўзғолон режаси ҳам роса пишиб етилганга ўхшайди.
Абдураҳмон жевачининг шаталибликлар ичида обрўйи баланд. Шаталибликлар асли манғит уруғининг бир бўлаги. Улар бу ерлардан чамаси икки юз йил олдин қўним топишган, ҳозирда ўлканинг катта қисмида яшашади. Улар тоғ орасида бир неча ой туриб бирорта ҳам тирик жонни учратмагач, сувли тоғ ёнбағрига чодир тикишган. Шу-шу шаталибликлар Қўҳнабозор қишлоғини макон тутган. Ҳамма тоғ қишлоқлардагидек бу ерда ҳам йўл бўйида жойлашган сой тўлиб оқмоқда. Бу йил Бургуттоғи тепасида саратонда ҳам қор аримади. Сойнинг икки томонидаги ёнғоқзорлар, узумзорлар, тутзорлар ичида қишлоқнинг тошдан пахсали, синчли гувалак уйлари кўзга ташланиб туради.
Абдураҳмон жевачининг уйи қишлоқ марказидан унча олис эмас. У отни ўз ҳолига қўйиб берди. Саман уй томон яқинлашганини сездими ёки эгасини ўз хонадонига тезроқ элтгиси келдими, юришини тезлаштирди.
Жевачи бу пайт ўзи биладиган бир қўшиқни хиргойи қилиб борарди. Бу қўшиқни унга бир вақтлар чўпонлар ўргатган эди:

Қоралар, қоп-қоралар,
Ошиқ-мошиқни мўралар.
Икки ошиқ бир бўлса, эй,
Қўймайди бахти қоралар.
 
Абдураҳмоннинг ўзича қўшиқ тўқигиси келиб кетди. Лаблари пичирлаб, қофия қидирди, тўрт сатр бир-бирига мос келгандай ҳам бўлди. Лекин у қўшиққа ўхшамади:

Тезроқ юргин, тўпичоқ,
Кўзлари мунчоқ-мунчоқ.
Ёв келмоқда юртимга,
Қиличлашай отамдек.

От сой бўйи билан қишлоқ этагига яқинлашди.
Жевачи яна қўшиқ тўқимоқчи бўлди. Аммо Назархўжа эшоннинг русларнинг Жиззахга ҳужум қилиши ҳақидаги гапларини эслаб, кайфияти бузилди. Ахир Жиззахда бошланадиган тўполон бўрони Форишга етиб келиши аниқ.
От ҳовли этагидаги булоқ ёнига келиб сув ича бош¬лади.
– Абдураҳмон, болам, сенмисан? – дея овоз берди онаси.
Рўпарасида ўтирган онасини кўрмагани Абдураҳ¬монни хижолатга солди. Шу маҳал уйдан болалари шошиб чиқишди. Жевачи хуржундаги совға-саломларни, Самарқанд нони ва ҳолваларини уларга улашди. Онасининг бошига катта бахмал рўмол ёпди. Кампир қўлларини дуога очди:
– Оллоҳим, боламни ўз паноҳингда асра. Доим тинч бўл, йўлинг очиқ бўлсин!
Онаси ўғлининг ҳовли томон бир қараб қўйганини сезди: келин ичкаридан эрига оҳиста салом берганди. Абдураҳмон жевачи ичкари ҳовлига кирди, хотинига ҳақиқий маржонни тутқазди-да, тезда орқасига қайтди.
Болалари совғаларини бир-бирларига кўз-кўз қилишиб, “Меники зўр!” дея мақтанганча қўшни болаларга ҳам намойиш этиш учун чопиб кетишди.
Кампир ўғли билан ичкарига кирди. Ҳовлидаги супа устида солинган жойга она-бола ўтиришди. Келин дарҳол елиб-югуриб дастурхон ёзди, чой дамлаб келди. Она ўғлининг босиб-босиб чой ичишига қараб ўтирар экан, ногаҳон кўнглини ғаш қилиб турган бир хабарни айтиб юборди:
– Қишлоқда ҳар хил гаплар. Биров тепадаги ўрис приставига ҳамма гапни етказиб турар экан. Сен эҳтиёт бўл, болам.
Абдураҳмон бирдан чой ичишдан тўхтади. “Ким бўлиши мумкин?” деган фикр унинг миясини пармадек ковлай бошлаганди. Қишлоқ одамлари бирма-бир унинг кўз олдидан ўтди.
Ахир Нодирдан бўлак ким ҳам уларнинг тилини билади? Наслига тортган-да, боболари ҳам хон ҳузурида айғоқчи бўлган экан.
У ўрнидан туриб отхонага ўтди. Отнинг совуганини кўриб, устидаги абзалини туширди. Бошига емхалта олди. От арпани карт-карт чайнай бошлади. Отхонада энди учта от қолган эди, холос. Минишга ярайдигани иккита, биттаси ҳали бир ярим ёшда. Булар учқурликда қишлоқнинг энг олди отларидан. Бунақа отлар қишлоқда ҳеч кимда йўқ. Ўтган йили тўрт ёшли кўк саманини бир харидор қозоққа икки отга алмаштирмади.
Абдураҳмон жевачи безовталаниб қолганди. Онаси¬нинг гаплари сира ёдидан кўтарилмасди.

* * *

У отхонадан чиққач, тоғ бургути турган ерга қараб юрди. Бургут ҳам эгасининг келаётганини билиб тўр қафас ичидаги ёғоч тўсин устида “Келдингми?” дегандек икки кўзларини унга тикиб, мағрур турарди. Жевачи тепадаги гўштдан бир парча олиб, қафас ташқарисидан бургут тумшуғига тутди. Бургут эгилган тумшуғида гўштнинг бир қисмини юлиб олди, бир оз оғзида олиб турди-да, лиқ этиб ютиб юборди. Гўшт томоғидан ўтгунча ўзини тинч тутди. Сўнг яна гўштга яқинлашди. Абдураҳмон гўшт бўлагини тепадан пастга ташлади. Бургут гўштни чаққонлик билан илиб олди ва панжалари орасига олиб, парчалай бошлади.

* * *

Кўплар кетди, уйлар бузилди, қишлоқлар ҳувиллаб қолди. Қишлоқлар бойўғлилар маконларига айланди. Тоғлардаги бўри, ёввойи чўчқалар қиш кунлари қишлоқ оралади, бу яхшилик аломати эмасди.
1916 йил арафаси. Жиззах ва Форишда яширин қўзғолонга тайёргарлик бошлаб юборилганди. Унинг ташкилотчиларини бир-икки кишидан бўлак ҳеч ким билмасди. Жиззах шаҳри бузилган ари уясига ўхшайди. Кундузлари жим-жит. Кечаси эса полковник Рукин яширинча мардикорлар рўйхатини тузарди.
Полковник Рукин 4 июль куни шаҳар аҳолисини эски шаҳардаги катта мачитга тўплади. Йиғилишга катта бойлар ва мингбоши, элликбошилар таклиф қилинди.
Йиғилишда шаҳарнинг кўзга кўринган кишилари Мирзаёр Худоёрхонов, Маҳкамбой Рўзиқулов, Мирза¬ҳам¬дам Зокиржонов, маҳаллий бойлардан Раҳмонқул ва Мар¬донқул савлат тўкиб туришарди.
Оқ подшонинг фармонига қарши бўлганларни қўрқитиб қўйиш учун Рукин сўз бошлади:
– Эшитишимга қараганда ораларингда ғалаён кўтармоқчи бўлганлар бор экан. Ўшалар билиб қўйишсин: ҳукуматга қаршилик кўрсатганлар ер билан яксон этилади, мол-мулки эса талон-тарож қилинади.
Бу сўзларни тилмоч Мирзаҳамдам Зокиржонов ўзбекчага айлантириб халққа етказиб турди. Одамлар бир-бирига имо қилиб, аста-секин тарқала бошлади.
– Ажаб замонлар бўлади шекилли. Бугун-ку инда¬мади, аммо эртага йигитлар вагонга чиққанида халқ бу адолатсизликка қандай чидар экан?! – деди одамлар орасида кетаётганлардан бири.
Муҳаммадраҳим бу гапларни эшитса ҳам, ўзини эшитмаганга солди. Юзлаб одамлар юзида ғазаб учқунлари чарсиллаб турарди. Уларга битта баҳона етишмас эди.
Муҳаммадраҳим шаҳарнинг четидаги Назархўжа эшоннинг уйига Зиёқори билан биргаликда боришга қарор қилди. У Назархўжа эшон билан маслаҳатлашиб, одамларни қандай қилиб бўлса-да мардикорликдан олиб қолиш ниятида эди. Негаки, халқ, айниқса камбағал деҳқонлар чор Россияси ва маҳаллий маъмурларнинг зулмидан тўйган эди. Халқ бундай яшашдан безор бўлганди.
Кечки пайт Назархўжа эшоннинг ташқи ҳовлиси эшиги тақиллади. Эшон аста томоқ қириб олгач, сўради:
– Ким у, нима хизмат?
Ташқаридан Зиёқорининг таниш овози эшитилди:
– Эшон бобо, биз Муҳаммадраҳим билан сизнинг икки оғиз суҳбатингизни олгани келдик.
Эшик очилди. Ичкаридан оппоқ иштон-кўйлак кийган эллик-эллик беш ёшлардаги, бўйи ўртача, оппоқ юзли, мошгуруч соқолли, кўзларидан нур ёғилиб турган киши кўриниш берди.
– Ассалому алайкум, – дея келувчилар мезбон билан қўл бериб кўришишди.
– Келинг, келинг, ҳожи, – дея Зиёқорини олдинга ўтказди уй эгаси.
Учовлон олдинма-кейин меҳмонхонага киришди. Эшик олдига қўлини узун енги билан ўраган аёл киши дастурхон, нон, писта, новвот ва чой қўйиб кетди. Муҳаммадраҳим уй эгасидан олдин чаққонлик қилиб, дастурхонни ёзиб чойни қайтарди.
Гапни Зиёқори бошлади:
– Эшон ака бугун Рукин деганларининг гапини эшитдик. Мардикорлар рўйхати тузилган, уларнинг тегирмонига Акрамхонтўра, Абдусамат Махсум сув қуймоқда. Одам¬ларнинг қаҳр-ғазаби дарёдек тошди, бунинг устига қур¬ғоқчилик одамларнинг тинка-мадорини қуритган.
Назархўжа эшон бўлаётган воқеаларни мудом ақл тарозисидан ўтказишга уринарди. Унинг отаси Абду¬саломхўжа дунё кўрган, чуқур илмга эга бўлган зиёли инсон эди. Бухоро мадрасаларида узоқ таълим олган Абдусаломхўжа ўғли Назархўжанинг билим олишига жуда катта эътибор қаратган.
Кейинги йилларда халқ қўзғолонлари Хўжанд, Қўқон, Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида рўй берди.
Самарқандда одамлар волост бошқарувчиларини тош¬бўрон қилдилар.
Назархўжа эшон қўзғолонга бошқаларни ҳам, айниқса Боғдон, Зомин, Янгиқўрғон ҳамда Сангзорда яшовчи камбағал деҳқонларни бирлаштириб, уларни босқинчилар ва адолатсиз маҳаллий маъмурларга қарши курашга отлантириш кераклигини маслаҳат берди.
Зиёқори унинг гапини маъқуллади:
– Қўзғолон бир-икки киши билан бўладиган нарса эмас, қўзғолон тўй ҳам эмас, бу қонли кураш. “Ё ҳаёт, ё мамот!” дея курашга кирилади. Кураш ҳеч қачон қурбонсиз бўлмайди.
Зиёқори ҳожи бу гапни юраги ачишиб айтди. У Маккага икки марта ҳаж қилган, бошқа эл-юртларни ҳам кўрганлардан бири. Анча саводли бўлиб, бир-икки баёзи бор. У озодлик ва ҳурлик учун курашга тайёрлардан. Айни пайтда мустамлакачилик занжирининг осонгина ечилмаслигини ҳам жуда яхши тушунарди. Бу ҳаракат ҳўкизни ҳам ўлдириши, омочни ҳам синдириши мумкинлигини тушунарди.
Зиёқорининг таклифи билан ўлкадаги қасоскорларни бирлаштириш режаси тузилди. Уларга Назархўжа эшон етакчилик қиладиган бўлди.
Эртасига Назархўжа Тошкент шаҳрига, Зиёқори Самарқанд шаҳрига, Муҳаммадраҳим Боғдонга боришга қарор қилдилар.
Назархўжа эшон гурунг якунида шундай деди:
– Халқ адолатсизликка асло чидай олмайди. Неча йиллардан буён ўзимизнинг амалдорлар адолатсизлик қилишмоқда. Солиқнинг янги-янги тури ҳар куни ўйлаб топилмоқда. Халқимизда якка отнинг чанги чиқса ҳам донғи чиқмас, деган мақол бор. Жиззахда қўзғолон кўтарилган билан уни Боғдон, Зомин, Янгиқўрғон, Сангзор аҳли қўллаб-қувватламаса ғалабага эришиб бўлмайди. Биз атрофимизга бутун халқни тўплашимиз зарур. Самарқанд, Тошкент, Боғдон, Зомин ва бошқа жойлар билан алоқа боғлаш, ишончли кишиларни юбориб, зудлик билан келишиш керак, энг аввало қурол масаласини ҳал қилиш зарур. Айниқса, Боғдонда қурол топиш анча мушкул. Одамлар Самарқанд, Қарши ва бошқа томонларга кўчиб кетди. Битта-ярим қуролни ҳам ўзлари билан олиб кетишди.
– Ҳақ гапни гапирдингиз, – деди Муҳаммадраҳим эшоннинг сўзини маъқуллаб. – Мен Боғдонга бориб Абдураҳмон жевачи билан алоқа боғлашни ўз зиммамга оламан. У киши Форишда катта обрў-эътиборга эга. Атрофига бошқа бекликларни ҳам тўплай олади. Фориш халқи мағрур тоғликлар. Улар бир ишни бошласа бўлди, уни охирига етказади.
– Шундай, – деди Зиёқори. – Менинг Боғдонда кўп танишларим бор. Уларнинг ҳам сабр-косаси лим-лим тўлган. Қўзғолонга қўшилишлари тайин. Назархўжа ака айтганидай, битта муаммо – қурол-аслаҳа масаласини ҳал қилиш лозим.
– Биз дўстим Иброҳимбой билан Самарқандга бориб, ёр-дўстлари билан учрашамиз ҳамда қўзғолон ҳаракат дастурини пишитиб қайтамиз, – дея гапида давом этди Зиёқори. – Самарқандликлар ҳам Россия подшосининг фармонидан нарози. Самарқанд атрофидаги қишлоқларни, айниқса ургутликларни бу қўзғолонга жалб эта олсак, нур устига нур бўлади.
– Мен эса, – деди дўстларининг гапидан хурсанд бўлган Назархўжа эшон ҳаяжонланиб, – Тошкент шаҳрига бориб келаман. Тошкентликлар бизни қўллаб-қувватласа жуда зўр бўларди. Курашиш учун милтиқ масаласини ҳам тошкентлик дўстлар билан бамаслахат ҳал қилармиз. Жиззахдаги маҳаллаларга ёшлар орқали мурожаатнома тарқатиш керак.
Бу фикр Зиёқорига жуда ёқди. Негаки, хат оғзаки айтилгандан кўра инсон руҳига кучлироқ таъсир этади. Мурожаатнома матнини Зиёқори ёзишга киришди. Мурожаатнома ўзларининг ишончли кишилари орқали тарқатиладиган бўлди.
Маслаҳат битгач, меҳмонлар Назархўжа эшон хонадонидан битта-битта чиқиб кетишди. Негаки, Рукин шаҳарнинг ҳар бир кўчасига айғоқчилар қуйган эди. У фон Кауфманнинг “Сартларнинг ҳар бир қадамини пойламоқ, уларни бир-бирига қўшмаслик керак. Уч киши бирикса, албатта подшога қарши гап бўлиши тайин!” деган ўгитига қатъий амал қиларди.

* * *

Эрта баҳор. Атроф кўм-кўк. Осмонда учиб юрган қушларнинг майин сайроқи овози эшитилади.
Шундай кунларнинг бирида Абдураҳмон жевачи Михин қишлоғидаги боғдан хабар олиш учун отланди. Эшик олдида тўхтаб тўнғич хотини Рўзи, ўғиллари Ислом билан Сорабекка атрофдаги хас-хашакларни тўплашни буюрди. Рустам ва Норбек эса отга мингашиб, ота билан Михинга жўнашди.
Ҳовли чиннидай тоза. Ҳовлидан ўтган ариқдан зилол сув мавжланиб оқмоқда. Мақсад билан Рухсат сўрида қўғирчоққа кўйлак тикмоқда. Ички ҳовлида Абдураҳмоннинг кичик хотини Қормиз Норбувини эмизиш билан овора. Эрининг оти сойдан ўтганини кўрган Қормиз аста ташқи ҳовлига ўтди.
– Опа, мен хамир қорсам, сиз болалар билан бир далани айланиб келмайсизми, боғ этаги шундай чиройли бўлибдики, атроф кўм-кўк, токларнинг барги шапалоқ-шапалоқ. Мен иссиқ нон олиб ўтаман. Болалар бир яйрашарди.
Рўзининг ҳам кўнгли алланечук бўлиб турган эканми, тезда “Кичик хоним”нинг ўғиллари Достон, Қорабекларни эргаштириб, ўзи эса Рухсатни кўтариб боғ этагига тушиб кетди. Катта боғ этагидаги ёнғоқ остига жой қилишди. Кигиз солиб, устидан кўрпача ташлашди. Атрофда ғир-ғир майин шабада эсади. Тан роҳат олади. Қорабек бир этак ялпиз, исмалоқ териб келди. Болалар кўк ўтларни тузга ботириб ейишарди. Сариқ читтакнинг майин овози атрофга таралди.
Орадан кўп ўтмай Қормиз қаймоқ, жиззали патир кўтариб, қолган болалар билан етиб келди. Ўғил болалар ўтириб варрак ясаб, осмонга учиришди. Шамол варракни баландга кўтарган сайин Достон шодон тарзда “Яшасин, яшасин ўзимнинг варрагим!” деб бақирарди.
Варракбозлик пешингача давом этди. Баҳор ҳавоси қорайтириб юборган болалар кигиз устида ётиб, тоза ҳавода уйқуга кетишди.
Қишлоқ этагидан қўшиқ куйлаётган йигит кишининг майин овози келди:

Оқ илон, оппоқ илон,
Ойдинда ётганинг қани.
Биз ёмондан айрилиб,
Яхшини топганинг қани.

Бу Форишда жуда оммалашиб кетган қўшиқлардан бири эди.
Рўзи Қормизни болаларга қоровул қилиб, ўзи кечки овқат тайёрлаш учун ташқи ҳовлидан ошхона томон юрди. Бу оилада икки хотин бўлса-да, улар аҳил-иноқ яшашар, бир қозон осилар, бир дастурхонда ўтириб овқат ейиларди.
Кечки овқат тайёрлашга ҳали анча бўлса ҳам Рўзи кулчатой тайёрлаш учун қозондаги сувга қотган от, мол, қўй гўштидан мўл солди. Негаки, кечки пайт бу хонадонга эрининг уруғ-аймоқлари, инилари ҳамда ҳамқишлоқлар келишарди. Қишлоқда Абдураҳмон жевачи билан маслаҳатсиз бирон жиддий иш қилинмасди.
Кеч тушишига яқинлашганда жевачи Михиндан ўғиллари билан етиб келди. У кун бўйи Қоратошдан келадиган ариқни тозалаб, Каттабоғнинг токларини хомток қилганди. Ҳар бир токда ўн-ўн беш бош узум гул кўрсатган, бу ҳосилнинг мўллигидан дарак берарди. Абдураҳмон жевачи асли манғит уруғидан бўлиб, уруғ уч бўлакка: оқ манғит, сариқ манғит, қора манғитга ажраларди. У қора манғитга мансуб эди. Манғитлар бу ўлкаларга XIV асрларда Туркистон томонлардан келган бўлиб, бир қисми Қарши, бир қисми Мўйноқ томонларда яшарди. Жевачи лақаби эса хоннинг от етакчиси, йўлбошчиси бўлганлигидан келиб чиққан.
Дастурхон атрофида ҳамма жамул-жам бўлди. Амакилари Мавлон ва Ҳайдар ҳам кириб келишди. Эркаклар суҳбати замон ташвишлари ҳақида бўлди. Кўк чойни майдалаб ичаётган Мавлон амакисининг фикрини билиш учун гап бошлади:
– Ўрислар ҳам аста-секин атрофда кўпайиб бормоқда. Гермон билан ўриснинг уруши ҳақида турли миш-мишлар эшитаяпмиз.
– Ҳа, замон ўзгарди. Зуғумли, адолатсиз давлатнинг узоқ яшаши қийин. Ўрислар атрофга кўз тикиб қолди. Улар Муринтовни эгаллаш учун йигирма йил олдин Бухорога яширинча келишганди. Бизда олтин мўл, еримиз бой, элимиз содда. Бундай элни бўйсундириш осон. Замон ўзгараверади, бир кичик хато замонни телба-тескари қилиб ташлайди. Темурдек подшо замони ўзгарганда, Николай подшо замони ўзгармасинми! Халқда ҳамжиҳатлик бўлиши керак, ҳамжиҳат бўлмаган халқни ҳар ким талайди.
Уй ичидаги аёл ва болалар эркакларга халақит бермаслик учун ички ҳовлига ўтиб кетишди. Уч эркак болишга ёнбошлаганча анча суҳбат қуришди.
Ҳайдар чорвадор бўлгани учун бу йилги чорванинг аҳволидан сўз очди:
– Ўт-ўлан мўл, эрта-индин Қоратошда ўроқ бош¬ласакми, сиз нима дейсиз, ака! Ҳашар қилсакми? Ё ўзимиз ўриб йиғиб ола қоламизми? Қишликни ҳозир тайёрламасак, эрта ёзда хашак ўриш анча қийин.
Жевачига амакисининг гаплари ёқиб тушди, негаки бугун кун бўйи Қоратошда бўлиб, ўт-ўланнинг бўйи тиззасидан ошиб кетганини кўрган эди.
– Хашак мўл, мен бугун боғдан хабар олдим. Уч-тўрт киши билан йиғиб олиш анча қийин. Ҳашар қилиш керак. Эрта-индин қишлоқда биров уй шувоғи, биров қурилиш қилади, биров дарахт кесади. Сизлар ҳам қараб турмайсизлар. Ҳа деган туяга мадад. Майли, бу ишлар бўлар, мен Жиззах, Тошкент, Самарқанддаги дўст-биродарлар ҳолидан хавотирдаман. Темир йўл бор. Солдатлар уларни тез босиб олади. Замон ўзгараяпти. Нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Жиззахдаги Эшон аканинг одамларидан ҳам ҳалигача ҳеч хабар бўлмади...
Суҳбат ярим кечагача давом этди. Ниҳоят Мавлон билан Ҳайдар фотиҳа қилиб, ўринларидан қўзғалишди. Жевачи ҳам улар билан ташқарига чиқди.
Осмонда юлдузлар порлаб турарди. Ҳовли этагидаги ёнғоқда қари тоғ бургути тумшуғини пати орасига олганича уйқуга кетганди.
Абдураҳмон жевачи керишиб қўйди. Ҳадемай тонг отади. Эртага не бўлиши фақат Оллоҳга аён.
Жевачи ҳовлида анча туриб қолди. Устига камзулини киймаганидан эти жунжикди. Қоратошдан эсган майин салқин шабада тетиклик бахшида этдими, у кичик хотини ётган хонага йўл олди.

* * *

Абдураҳмон жевачи орадан бир ҳафтани ўтказиб яна Жиззахга келди. Мақсади қўзғолон олдидан қилинадиган ишларни яна бир маслаҳатлашиш, режаларни пухталаб олишдан иборат эди. Ўтган гал келганида Назархўжа эшон билан бу соҳада келишиб олган эди.
Жевачи Пистали тоғ этаги бўйлаб Жиззахга келар экан, йўл-йўлакай атрофдаги тоғ-тошларга, ҳаттоки дов-дарахтларга ҳам қараб келди. Негаки, кейинги кунларда Бариллонинг айғоқчилари унинг атрофида итдек изғиб қолишди.
Эшон жевачини ҳамишагидай очиқ чеҳра билан эшик олдида кутиб олар экан мамнуният билан деди:
– Бўрини йўқласак бўлар экан, ҳозир сизни эслаб тургандим. Умрингиз узун бўлади, қани, иним, хуш кўрдик, ичкарига марҳамат!
Жевачи отни оғилхонадаги якка михга боғлади-да, эшон билан кўришиб, доимий келиб юрган меҳмонхонга томон қадам ташлади. Улар жойлашиб ўтириб олишгач, эшон фотиҳа қилди, ҳол-аҳвол сўрашдилар. Хонага ёшгина йигитча дастурхон келтирди. Эшон гапни узоқдан бошлади:
– Ўрислар урушда енгилди, лекин қирол Англияси чор Россияси билан бугунги кунда муносабатларини янада яхшиламоқчи. Ҳар иккиси Туркистонга кўз тиккан, лекин маълумингизки, подшоларнинг қучоқлашиб кўри¬шиши улар ўртасидаги рўй берган бирорта урушга барҳам берган эмас. Юзи юзига теккани билан, қалби-қалбига тегмайди. Ҳаттоки икки қўшни аразлашса, анча вақт орага совуқчилик тушади. Мамлакат подшоларининг ҳам тилида бошқа, дилида бошқа…
Жевачи дастурхондаги пиёлага тикилганича ўз мулоҳазасини билдирди:
– Англия Россия билан жуда яхши муносабатда бўлгандек туюлса-да, у Россиянинг қудратли бўлишига йўл қўймасликка уринади. Бу Англиянинг одат тусига кирган сиёсати.
– Албатта. Бир вақтлар Наполеон босқини пай¬тида Англиянинг Эрон орқали Россияга қарши уруш уюштирганини билсангиз керак.
Жевачи бу гапларни эшитар экан, рўпарасидаги эшоннинг нафақат диний соҳада, дунё сиёсати соҳасида ҳам етук эканлигини билди. Зеро турли курашларда Англия четдан туриб ўша мамлакатларга қурол-яроғ етказиб берар, маҳаллий аҳолини қуроллантирар эди. Ўша кунлари ҳам Афғонистон орқали Туркистонга қурол етказиб бера бошланган эди.
Суҳбат узоқ давом этди. Кураш режаси пухталанди. Кеч қоронғи тушганда Абдураҳмон жевачи Боғдонга қайтди. Йўл-йўлакай тоғ-тошлар устида турган бургутларни томоша қилиб кетди. Улар узун қанотларини ёйиб, мағрур учишарди.
Жевачининг кўз олдида Боғдоннинг ярим тақир тошлоқ дашти ястаниб ётарди. Шу дашт бўйлаб иккита сўқмоқ йўл ёнма-ён чўзилиб кетган. Олдинда, жуда узоқда кўкиш тутун зўр-базўр кўзга чалинарди.
Қош қорая бошлади. Ҳамма ёқни чангитиб даладан пода қайтди. Жевачи оқ қашқасининг юганини бўш қўйиб аста тебраниб борарди. Пастқамликда эса уни бир жуфт кўз диққат билан кузатиб турарди...
Абдураҳмон жевачи энди озодлик йўлидаги курашга бел боғлаганди. Орадан бир ҳафта ўтиб Абдураҳмон жевачи тонг саҳарда яна Жиззах сари йўл олди. У Жиззахнинг Ховост, Тошкент, Сарой, Мўлкал, Равот, Яхтал, Ўратепа, Оққўрғон маҳаллаларида яшовчи Сувон ғижжакчи, Насим уста, Бўтабой чилангир каби ошнолари билан тез-тез учрашиб турарди. Ҳар бир учрашув ташвишлари одамлар ҳаёти ҳақида бўларди. Бироқ улар билан қанча гурунг қурмасин, бариси Назархўжа эшоннинг суҳбати ўрнини боса олмасди. Жевачи ҳар келганда Назархўжа билан узоқ суҳбатлашарди.
– Одамларни мардикорликка олиш бу бир баҳона холос. Ўрислар ва олмонлар уруш бошлаган экан, бу аждаҳо ўз оғзини шунчалик катта очдики, уни на одамлар, на пул билан тўлдириб бўлади. Бу аждаҳо юртларни, элларни, эр-хотинларни ҳам ютиб тўймайди, – деди Назархўжа эшон.
– Мардикорликка бойлар, амалдорлар ўз болаларини жўнатмайди, улар Рус подшоси ҳомийлигида аввал камбағал бечораларнинг фарзандларини юборишади. Шунинг учун болаларни тоғлар орасига жўнатиб юбориш керак. Халқ денгиздек тошиб турибди. У албатта сиздек одамлар олдига маслаҳатга келади. Одамларни курашга тайёрлаш зарур. Бу кураш энди енгил кураш бўлмайди.
Меҳмон бу гапларни айтар экан, уй эгаси нима деркин дегандек ер остидан Назархўжага разм солди.
– Халқ оқ подшонинг солиқларидан тўйган эди. Туркистондан кейинги икки йилда 70 минг от, 12 минг туя, 13 минг ўтов, 30 минг дона кигиз, 300 минг тонна гўшт, 3 миллион пуд ёғ талаб олинди, иним. Бу халқнинг насибаси эмасми? Кўпчиликнинг бурнидан тортсангиз, оёғингиз остига йиқилади. Ўрис подшоси буни билади, билса ҳам атайлаб қилади, “Эзиб ташла-ю, ҳукм сур!”. Ўзимизникилар эса “Ўзингникини сот – кун кўр!” шиорига ўтиб олган. Кеча дастурхонда бирга нон еган бугун сизни сотади...
Кечки салқинда жевачи Боғдонга қайтди. У Қоратошга келганида тонг отишига яқинлашган эди. Отини тушовлаб қўйиб таҳорат қилди. Устидаги чопонини ечиб бомдод номозини ўқишга киришди. Жевачи Оллоҳдан юрт тинчлиги, халқнинг омонлиги, қилган гуноҳларини авф этишни сўради.
Жевачининг ортидан бир одам писиб келарди. Бу Бариллонинг айғоқчиси эди. Айғоқчи жевачининг Жиззахда Назархўжа эшон билан учрашганини аниқлаб қайтаётганди. У Жиззахда Мирзаёр мингбошига кўрганларини оқизмай-томизмай айтиб бергач, жевачи орқасидан тулкидек писиб келаётган эди.
Қоратошга келганида жевачи сой бўйида анча тўхтаб қолди, отга дам бериб, ўзи ҳам бир оз тамадди қилиб олишга чоғланди. Шошиб нима ҳам қилади. Бирор воқеа бўлса, унинг келишини кутмасдан бошлаш учун Кўҳнабозорда ҳам дўстлари кўп.
Ёз иссиғида шувоқ остига ин қўйган чумчуқнинг тўрт боласи оғизларини катта очиб, қизил тилларини кўрсатганча сувсизликдан қийналишарди. Жевачи дўпписида сув олиб келиб темирқанот қушлар оғзига икки-уч томчидан томизди. Қушлар жим бўлиб қолди.
Сой тўлиб оқаётган муздек сув, атроф кўм-кўк дарахтзор, олмалар шохи мевасини кўтаролмай ерга букилган, сой атрофидаги ялпиз димоқни қитиқлайди. Яқин жойдан бедананинг “Вавоқ-вавоқ” деган овози эшитилади. Шамол ёқимли ҳид билан бирга аччиқ шувоқ исини олиб келади. Ҳар турли ҳидлар қўшилиб одамнинг танасини яйратади. Болалиги ўтган қишлоғида отаси билан ҳар йили қанча-қанча дарахтлар ўтқазар, уларни кўкартириш учун эрта баҳорда токларнинг илдизи атрофини очар, соқол томирини қирқиб, ўқ томирини қолдирар, чуқурга эса бузилган уй гуваласини, қўй-эчки нурисини солар, суғорарди. Кузда эса тилни ёрадиган қора кишмиши, қип-қизил тойфи, оппоқ данаксиз бармоқча узумлар қуритиб майиз қилинарди. Айниқса, Фориш узум шинниси дунёнинг ҳеч ерида йўқ.
Абдураҳмон жевачи тунни Ёйилма чўлида ўтказди. У чўлда осмонга тикилганча ётаркан, ёшлигида тоққа чиқиб, бургут болаларини овлаган кунларини эслади. Абдураҳмон қиш келиши билан тоғ-тошларга чиқиб кетарди. У Бургутқоядаги ғорларда тунаб, қиши билан бўриларни овлаб хумордан чиқарди. Абдураҳмон ғирромликни ёмон кўрар, ҳаттоки бўри билан курашда ҳам ғирромликдан қочиб, милтиқ билан отмас, қашқирлар билан фақат пичоқ ёрдамида олишарди. Бўри ҳамиша қулай пайт пойлайди. Одамнинг хаёли қочишини кўзлайди. Дунёда унинг ҳамиша ёниб турадиган кўзидан ўткир кўз йўқ. Бўрилар баъзан иккита бўлиб ҳужумга ўтади, пичоқдек ўткир тишларини ишга солади. Абдураҳмоннинг бир сафар бўри панжасига тушишига сал қолганди. У ўшанда Михиндаги даласи четидаги ҳужрада бир ўзи қолди. Таҳорат олиш учун ташқарига чиққанида молхона томондан баҳайбат бўри унга ташланди. Кураш анча давом этди. Ниҳоят Абдураҳмон бўрининг жағини айириб юборди. Бўрининг ўткир тишлари унинг қўлларини қонатиб юборди. Умуман Абдураҳмоннинг қўллари ва танасининг бошқа ерларида бўри тишларининг изи сон-саноқсиз эди.

* * *

Абдураҳмон жевачи қуёш кўтарилиши билан йўлга чиқди. Жевачи лақаби унинг авлодлари манғитлар даврида хоннинг ишончли аскарларидан бўлгани, совут кийиб, ҳар хил темир яроғлар билан қуроллангани учун берилган. Жевахонада ҳарбий юриш вақтида ишлатиладиган хоннинг совут ва темир қуроллари сақланган ҳамда уруш пайтлари хон билан бирга олиб юрилган. Абдураҳмон жевачининг отаси маълум муддат Бухоро хонлигида Тўқсоба, яъни хон маслаҳатчиси лавозимида хизмат қилган. Унинг ўзи ҳам хонлик даврида Боғдон беклигида катта обрў-эътиборга эга бўлган. Жевачи авлодлари ўрта бўй, қорамағиз, бақувват, кўзи ўткир, панжалари йирик, отда қоматини тик тутиб юрадиган бўлган.
Айни саратон палласи. Барча илону чаёнлар ин-инига кириб кетган. Жиззахдан чиққан Туркистон генерал губернатори югурдаги капитан Афанасьев ўз ортидан тўрт ротадан иборат пиёда аскарлар, юз кишилик отлиқ казаклар ва иккита тўпчилар взводини эргаштириб Фориш томон борарди. Унинг қўлида қўзғолончиларни йўқ қилиш ҳақида буйруқ. Кеча исёнчилар Жиззахга ўт қўйди. Ҳўлу қуруқ баравар ёнди. Қон дарё мисоли оқди. Халқ қўзғолонга чиқмоқчи. Мақсад битта: “Ё ҳаёт, ё ўлим!”
Тошкентда бошланган қўзғолон бутун ўлкани қамраб олди. Туркистон генерал-губернатори А. Н. Куропаткин Петербургга, оқ подшога телеграмма берди. Унда шундай сўзлар ёзилганди: “Ўлкада нотинчлик. Ёрдамга одам, қурол юборинг. Ёввойи халқни қуролсиз буйсундириб бўлмайди”.
Капитан Афанасьев чўл бўйлаб кетар экан, узоқдаги Нурота тоғларига қўрқинч билан боқарди. Тоғ устида бургутлар галаси учиб юрарди. Бу ерларнинг одамлари эмас, ҳатто тошу бургутлари ҳам Афанасьевга ваҳима соларди. Бу тоғлар бағрида қанчадан-қанча унга қарши курашчилар яшириниб ётган экан...
Ана, осмонда тоғ бургути чарх уриб учмоқда. У чўлда ўлжа қидиради. Унинг ҳам дарди душманларни йўқ қилиш. Қуш дарди нима – овқат. Ҳаёт фалсафаси қизиқ: ким кимнидир йўқ қилиш, ўзига бўйсундириш, янчиш иштиёқи билан яшайди. Тоғ бургути онгсиз бўлса-да, буни билади.
Рус аскарлари бундай иссиқни кўрмаганидан сувсизликдан қийналиб, тобора суръатни пасайтирардилар. Айрим аскарларнинг флягасидаги сув аллақачон тамом бўлган.
Икки кун бўлдики, айғоқчидан дарак йўқ. Афанасьевнинг кўзи унинг йўлида. Форишга шундай кириб бориб бўлмайди. Тоғликлар ҳамма жойда ҳам қайсар ва қўрқмас бўлишади. Афанасьев буни болалиги ўтган Кавказда кўп кўрган. Форишликлар ҳам кавказлик тоғликларга ўхшайди. Ўлса ўладики, ҳеч бўйин эгмайди. “Форишдаги пристав Барилло Кўҳнабозорда беш йилдан буён қандай яшаётган экан?” деган ўй ўтди унинг кўнглидан.
Абдураҳмон жевачи билан Назархўжа эшон тузоқ қўйишган бўлса, буни айғоқчи орқали билиш мумкин. Айғоқчи эса қумга тушган сувдек йўқ бўлиб кетди. На тириклигидан, на ўлганидан дарак бор. Афанасьев хаёл сурганича от устида аста тебраниб борар экан, аскарларнинг сафи юришдан тўхтади. Дарҳақиқат, бу жазирамада узоқ юриб бўлмасди. Бу ерларнинг ҳавосига ўрганмаган рус аскарлари ўзларини ўт-ўланлар ва тошлар соясига олишди. Отларни бундан икки юз йил олдин қурилган Абдуллахон сув омбори тубида қолган кўлмакдан суғориб олиш учун бир оз нафас ростлашди. Афанасьевга эса отлар судраб кетаётган кўчма ошхонадан тушлик келтирилди. Афанасьев тушликни қоятошга суянганча аста ея бошлади.
Шу пайт узоқдан от қораси кўринди. У айғоқчи эди. Айғоқчи иссиқдан қийналганидан зўрға нафас оларди. У отдан туша олмади. Икки солдат уни қоятош соясига олди, оғзига флягадан икки қултум сув томизишди. Сув айғоқчининг томоғидан зўрға ўтди. Айғоқчи ҳансирар, овози зўрға чиқар, ёрилиб кетган лабларидан қон сизиб турарди.
– Одамлар қуролланмоқда. Абдураҳмон жевачи ўзи яшаган Кўҳнабозор қишлоғи атрофидаги қишлоқларга одам юбориб қуроллантирмоқда. Улар ичидан биттасини топдим. Оқ байроқ билан бизни кутиб олади.
Айғоқчи бир амаллаб шу гапларни айтган заҳоти ҳушидан кетди.
Осмонда бир гала тоғ бургутлари чарх урарди. Капитан Афанасьев уларни кўриб даҳшатга тушди. Зеро у тоғ бургутлари одамларга ҳам ҳамла қилади деб эшитганди. Бу ерларнинг бургутлари шундай қўрқинчли бўлса, одамлари қандай экан?
Афанасьев икки аскарга айғоқчининг оғзига оз-оздан шарбатли сув томизиб туришни тайинлади-да, ўзи Жиззахга, ўлка қўмондони Ивановга одам юборди. Бу халқни бир-икки пулемёт ва юзлаб милтиқлар билан бўйсундириб бўлмаслигига капитаннинг кўзи етганди. Қўшимча куч келганча эса кечаси аста Қоратошдан ўтиб Осмонсой, Илончи қишлоқларидаги хонадонларга ўт қўйишга, барча қимматбаҳо нарсаларни бир ерга тўплашга буйруқ берди.
– Агар бу иш тезликда қилинмаса, одамлар тоғ¬ларга чиқиб кетади, – деди Афанасьев. – Ҳеч ким аяб ўтирилмасин, хотин ва бола-чақалар ҳам йўқ қилинсин!
Буйруқ жуда ҳам даҳшатли эди. Рус аскарларининг кўпчилиги ҳам ҳам бу каби шафқатсизликка биринчи бор дуч келишлари эди.
Илончи, Осмонсой аҳолиси ёвга қарши қўлига кетмон, паншаха кўтариб чиқди. Мерганлар рус солдатлари устига милтиқлардан ўқ ёмғирини ёғдирди. Уста мерганлар эса камон билан оловли найза отишарди. Тош қоялар ортидан отилган ўқлар ва оловли найзалар ёв аскарларига қирон келтирди. Улар орқага чекинишга мажбур бўлдилар. Рус босқинчиларининг кўпи куйиб сафдан чиқди. Ҳамма ёқни куйган одамнинг сассиқ гўшти ҳиди қоплади. Тоғликлар ёвдан шундай қасос олишди.

* * *

Бу воқеа бундан беш йилча олдин, Барилло келмасидан бурун содир бўлганди.
Абдураҳмон жевачининг ҳовлиси. Ҳовли тўрт томондан баланд девор билан ўралган. Боғда ёнғоқ, олма дарахтлари шохларига мевасини кўтара олмай қолганидан тиргак қўйилган. Ҳовли четидан кичик ариқ ўтган, ундан булоқ суви оқади. Молхонада ўн бош сигир, ўттиз-қирқ қўй беда кавшамоқда. Қўйхонада икки думбасини кўтаролмайдиган қўчқор ем емоқда. Қўчқорлар устига тухум қўйса бемалол туради. Аёллар ички ҳовлига дам-бадам товоқларда олма, нок, анор узатмоқда. Бугун бу хонадонга Абдураҳмон жевачининг кўп йиллик қадрдони жиззахлик Назархўжа эшон меҳмон бўлиб келган. Эшон бу ерга келишидан олдин Тошкентга бориб келган эди. Меҳмондорчилик бу қуруқ зиёфат эмас, эшон ҳамфикр жевачи орқали халқнинг кайфиятини билиш ниятида. Меҳмон ва мезбоннинг ташвишли эканлиги кўзга ташланади. Дастурхондан товоқлар олингач, таомга фотиҳа ўқиган эшон аста гап бошлади.
– Жевачи, мана ўрислар ҳукмронлиги бир оз бўшашди. Лекин Россиядан катта мадад кутилаяпти. Тўғри, ўрис мактаблари очилишини айтишмоқда, аммо у ерда ерли халқ боласи кам бўлар. Биз Маҳмудхон Беҳбудий йўлидан боришимиз керак. У очган мактаблар барча учундир. Унда диний ва дунёвий илмлар ўргатилади. Қуруқ диний билим билан халқни бошқариб бўлмайди. Динимизда йўқ нарсалар пайдо бўлмоқда. Ҳаром ривож топди. Шаҳарлар “Янги”, “Эски” шаҳар деган қисмларга бўлинмоқда. Янгисида ишратхона, ичкиликбозлик дўконлари, қиморхоналар қурилади. Агар олдини олмасак эрта-индин болаларимизнинг ахлоқи бузилади. Нашахўрлик авж олади, – дея эшон мезбонлар юзига разм солди.
Ҳамма унинг гапини жим эшитарди. Одамларнинг бир қисми меҳмон нимани кўзлаб бундай фикр юритаётганини тушунмай ўтиришарди.
Ҳовли ўртасида ёнғоқ тагида оёғига ип боғланган тоғ бургути тоғу тошларга учиб кетиш учун чоғланмоқда. Тоғ бургути шу қафасдан чиқса, душманни қулатгудек кучга эга.
Абдураҳмон жевачи эшоннинг гапларини жим туриб эшитса-да, бир қанча муддат бирор нарса демай амакилари, ҳамқишлоқларига зимдан назар ташлади.
– Эшон ака айтган нарсага биз ҳам тайёр турмоғимиз лозим. Негаки, босқинчилар бу ерларга ҳам келади деган хабарлар бор. Бир ой бўлди, ўрис айғоқчилари қишлоқ оралаб қолди. Бизда қурол йўқ. Икки-учта милтиқ билан замбарак тўпига қарши курашиб бўлмайди. Биз куч тўплаб уч-тўрт кундан кейин Жиззах сари юриш қиламиз. Биргаликда курашмасак, якка ҳолда душманни енгиб бўлмайди. Атрофдаги қишлоқларга одам жўнатамиз. Келаётган хавфнинг олди олинмаса у эрта-индин бутун ўлкани босиб олади. Урф-одатлар бўлакча бўлади, тил аста-секин унутилади. Одамлар гиёҳванд, болалар касалманд бўлади.
Жевачи жим қолганини кўрган меҳмонларнинг энг ёши Матлаб Мирза гурунгга қўшилди:
– Ўрислар ҳамма ерга ўз қўрғонларини қурди. Ҳатто ўзимизникилар қишлоққа ким келди, ким кетди – барисини приставга етказиб турибди. Эҳтиёт бўлмоқ зарур. Кўп кишини бир ерга тўпламоқ хатарли...
Кечаси жевачи эшонни Жиззахга қадар кузатиб қўйди…

* * *

Назархўжа эшон сўри устида анча ўтириб қолди. Тошкентдаги Мусахон доричи билан бемаслаҳат Боғдондаги жевачи ошнаси билан қўзғолон бошлаш ҳақида бир тўхтамга келгани хато бўлмадимикан?
Саратоннинг иссиғи эрталабдан ёндирса-да, эшон аста вокзал томон йўл олди. Унинг мақсади Тошкент сафари эди.
Эшон Тошкентга етиб келганида шаҳар одамларининг юзида подшо фармонидан норозилик ҳиссини кўрди. Баландмачит маҳалласи бошига етганида эса отдан тушиб ариқ лабида бир оз дам олиб, нафас ростлади, уст-бошини тўғрилади, бет-қўлини муздек сув билан ювди. Унинг оппоқ соқолидан майда сув томчилари ерга томчилади. Эшон отини дарахт шохига бойлади. У Мусахон доричи эшигининг бир тавақаси очиқлигини кўриб, хонадон эгасининг уйда эканлигига ишонч ҳосил қилди ва аста овоз берди:
– Уйда ким бор? Ассалому алайкум!
Ҳовлининг этагидаги боғдан ўрта бўй, қошлари сийрак, зиёли бир киши эшон томон шошиб келаркан:
– Э, келинг, ака, хуш кўрдик. Омон-эсон юрибсизми? Қайси шамол учирди? – дея Назархўжа эшон билан қучоқлашиб кўришди.
Мезбон меҳмонни боғ ичидаги салқин сўрига ўтқазди. Ичкаридан икки ёш йигит дастурхон ва чойнак, пиёла келтириб, улар олдига дастурхон ёзди. Назархўжа эшон ҳовлисига қадам ранжида қилган Мусахон Мирзахонов Тошкентнинг илғор зиёлиларидан бири эди. Қозон университетининг доришунослик куллиётини битирган, шаҳар дорихонасининг раҳбари. Кўп вақт дунё кезган, оқ-қоранинг фарқига борадиган зиёли инсон, меҳмон билан унчалик узоқ бўлмаган қариндош ҳам эди.
Суҳбат тезда қовушиб кетди. Гап асосан Жиззах ва Тошкентда подшо фармонини бажармаслик хусусида бўлди. Мусахон гўёки ҳовлисида тинчгина ўтирса-да, аслида ўз одамлари орқали қўзғолонга зимдан тайёргарлик кўрарди.
– Халқ озодликка, эркка қўзғолон орқали эга бўлади. Одамларимиз қурол ишлатишни ҳам унутишган бўлсалар керак. Шаҳарларимизда эса қуролнинг ўзи ҳам йўқ...
Шу пайт эшик олдида бир киши кўриниш берди. Мусахон доричи шу томонга борди ва номаълум киши билан икки оғиз шивирлашиб гаплашгач, дарҳол ортига қайтди.
– Ака, халқ ғалаён кўтарибди. Шаҳар даҳаларида рус армияси халқни кўчалардан ҳайдаб бошлабди. Мардикорликка одам беришдан қатъий бош тортганлар аёвсиз жазога тортиларкан. Куропаткиннинг буйруғи шундай. Уларда кучли қурол бор. Биз эса қуролсизмиз. Кўп қон тўкилиши мумкин...
Назархўжа эшон шаҳар кўчаларида одамларнинг бесаранжом юрганликларини кузатаркан, Жиззахга тезроқ етиб олиш чорасини кўрди. Назархўжа эшон Тошкентдан Чинозгача отини тўхтатмади. Атрофдаги кўм-кўк боғлар, поёнсиз далалар, мевасини кўтаролмай ерга эгилган олмазорлар унинг кўзини қамаштирарди. Узоқ-узоқлардан турли нав қовун ҳидини шамол у томон олиб келарди. Юртнинг бир томони гуллаб-яшнаётган бўлса, иккинчи бир томонда курашга тайёргарлик кетарди.
Жиззахга етиб келган Назархўжа эшон шаҳарни ари уясидек тўзғиган ҳолатда кўрди. Чор Россияси армияси Жиззахни қамал қилиб турарди. Эшон одамларни тўплаб, халқни бирлашишга, мустамлакачилар ва уларнинг малайларига қарши курашга даъват этди.
Ўша кунлари Мусахон доричи яна бир янгиликдан воқиф бўлганди. Тошкентнинг бир гуруҳ қози ва мингбошилари Афғонистон амирига хат йўллаб, уни Россияга қарши уруш эълон қилишга чақирган. “Бунда Туркистон халқлари сизни қўллаб-қувватлайди”, деб ёзилган эди хатда. Орадан кўп ўтмай хат Баландмачитлик мулла Абдураҳмон орқали жўнатилгани маълум бўлди. Мактуб Кўкча даҳаси қозиси Ҳожи Абдумалик Абдунабиев томонидан ёзилган эди.
Туркистон махфий полицияси бу хатдан хабардор бўлиб, ғалаённи бостириш пайтида қўзғолон раҳнамолари қатори уларни ҳам қатл этди.
Туркистон ўлкасини “Қонли саратон” ўз домига тортиб борарди. Рус подшосининг вакиллари ерли халқни ўлдириш, уйларига ўт қўйиш билан қўрқитмоқчи бўларди. Аммо сабр косаси тўлган халқ бўйин эгмасди, яна кишан кийишни хоҳламас эди.

* * *

Губернаторнинг олди ойнаванд уйи қаршисидаги чинор соясидаги арғимчоқда унинг севимли қизлари Анна ва Мария бир-бири билан ким ўзарга ўйнамоқда. Кутилмаганда Мария арғимчоқдан учиб кетиб чим устига тушди. Унинг “Онажон” деган чинқириғи атрофни қоплади.
Сал наридаги чинор тагида рус ароғига мол гўштидан қилинган кабобни газак қилаётган ота улар томон отилди. Ичкаридан губернаторнинг хотини, хизматкор аёл ва ароққа бўкиб олган рус миссионери Николай Остроумов етиб келишди. Қизчанинг қўллари шилинган эди, холос. Эр-хотин уни кўтариб ичкарига олиб киришди. Губернатор жаноблари азиз меҳмонни куттириб қўймаслик учун тезда ташқарига қайтиб чиқди.
– Суҳбат қаерда тўхтаган эди? – дея сўради губернатор.
– Ерли халқни қай йўсинда бўйсундириш ҳақида, – дея мавзуни аниқлаб берди Остроумов.
– Ерли халқ... – ўйланиб қолди губернатор.
– Бу халқ катта маданият ва маърифатга эга, буларда жуда катта бойлик мавжуд. Бу бойлик – буюк олимлар, шоирлар, тадқиқотчилар асарларидир. Олтин, кумуш олиб кетилаверса бир куни тугайди, лекин халқнинг билими тугамайди.
– Сиз уларнинг муқаддас китобларини яхши тушунасиз, жаноб Остроумов. Уларнинг энг зўр китобларидан тўпланг, жаноби олийларига совға қиламиз. Эвазига мукофот оласиз!
Губернатор анча ўйланиб қолди. Ахир олтин-кумушни истаган вақтда олиб кетса бўлади, китобларни эса зиёлилар яшириб қўйишлари мумкин.
Губернатор:
– Мен ёввойи халқдан милтиқлар ва бошқа қуролларни тортиб олишга фармон бердим, – деди ниҳоят. – Ҳаттоки каттароқ ошпичоқ ҳам қолдирилмайди. Ноёб китоблар эса тезда олиб кетилади. Подшо ҳазратлари бундай китоблар ишқибози эканликларини яхши биламан. Мўғуллар бу халқни ёзувидан маҳрум қилган бўлса, биз уларни тилидан маҳрум этмоғимиз керак. Айтгандай, сизга бир муҳим топшириқ бор. Сиз ўлкада рус мактаблари сонини кўпайтирасиз, шунда улар ўз маданияти ва маърифатидан узилади. Майли, кўпроқ бошқа юрт ҳақида маълумотга эга бўлишсин. Кейинги масала газета масаласи. Ўлка халқлари учун газета нашр этинг.
– Сизнинг айтганларингиз жуда ажойиб, жаноб губернатор, бу топшириқларингизни тезликда амалга оширамиз. Дарҳақиқат, мактаб орқали рус маданиятини маҳал¬лий халқ онгига сингдириш зарур. Айниқса ёшларга.
Остроумов шиддат билан ўрнидан қўзғалди. Сўнг йўл четида ўзини кутиб турган фойтунга ўтирди-да, чанг кўчада кўздан ғойиб бўлди.
Куропаткин эса Кауфман қурдирган, қизил эшигига “Туркистон Губернатори” деб ёзилган бино ичкарисига қараб йўл олди.
Шаҳар ташқаридан сокин кўринса-да, даҳа ва маҳал¬лаларда рус босқинчиларига қарши кураш учун тайёргарлик ишлари қизғин кетарди. Аҳоли яширин ташкилотлар тузиб, қуролланишни бошлаб юборган эди. Юртнинг эрксевар ўғиллари ловуллаб ёнишлари учун бир учқун керак эди. Бу учқун Жиззахдан келди. Ўлкада катта талотўп бошланди. Самарқанд, Фарғона, Каттақўрғон, Зомин каби йирик шаҳар-қишлоқларда подшога қарши намойишлар бошланди. Ўлканинг катта шаҳарларида қўзғолонга етакчилик қилувчи гуруҳлар тузилди. Лекин улар бир-бирлари билан доимий алоқа ўрната олишмади. Бунинг устига одамларга қурол етишмасди.

* * *

Боғдон пристави Бариллога маҳаллий халқдан мардикор олиш ҳақидаги фармон келган эди. У зимдан бу ишга тайёргарлик бошлаб юборди.
Абдураҳмон жевачи Хоразм қалъасида бундан анча йиллар олдин чор Россия армияси билан жангларда ҳалок бўлган отаси Абдужаббор учун қасос олишга, халқни озод, эркин яшаш учун курашишга чақиришга онт ичди.
Одамлар “Мардикорликка бормаймиз!” деб оёқ тираб олишди. Боғдонда ҳам исён кўтарилди.
Ўроқ, кетмон, калтак, милтиқ билан қуролланган пиёда оломон ва ўн чоғлик отлиқдан иборат исёнчиларга Михин, Нукурт, Сафар ота, Ухум қишлоқларидан ҳам одамлар келиб қўшила бошлашди. Жевачи сафнинг олдига ўтди ва одамларни Жиззах сари бошлади.
Оқ подшонинг Фармонини одамларга етказиш мақсадида Мирзаёр 12 июл куни жиззахликларнинг катта гуруҳини масжид ҳовлисига тўплади.
Масжидга кириб келган мингбошининг ёнида Абулқосим элликбоши, Қосимхўжа ва Ориф оқсоқол ҳамда иккита миршаб бор эди.
Мингбоши юзларида ғазаб ўти ёниб турган жиззахликларни кўрди-ю, гапни қисқа қилди:
– Мардикорлар рўйхати тайёр, келгуси жума подшолик учун хизматга тайёр турмоқ лозим. Мардикорлик юртга келган тўй. Рўйхатдагилар кийим-кечагини тайёрласин! Мардикорлар ой бориб, омон келсин, омин!
Мингбоши юзига бармоқларини сийпади. Масжид ичида халқнинг шивир-шивири кўпайди. Рўйхатни мирза ўқиди. Рўйхат фақат камбағаллардан иборат эди, унда на бирор амалдор, на бирор бой, на бирор домланинг фарзанди бор.
Орага совуқ сукунат тушди. Бу тўфон олдидаги денгиз сокинлиги эди. Денгизнинг усти жимирлаб турса-да, тагида бўрон ҳайқирарди.
– Мингбоши, сиз бунинг барчаси тақдирдан дедингиз. Подшо амри – худо амри дедингиз, – дея гап бошлади арабқишлоқлик Содиқ деҳқон.
– Худонинг бандасига тақдир ёзмиши вожибдир! – дея мингбоши унга юзланди.
– Унда нега сиз ёки ўғлингиз рўйхатда йўқсизлар, ахир подшо сизнинг энг яқинингиз-ку! – дея бир озғин киши мингбошига мурожаат этди.
Мингбошининг тили айланмай қолди. Абулқосим элликбоши Қосимхўжа оқсоқолнинг қулоғига бир нима деб пичирлади. Миршаблардан бири ташқарига йўл олди. Бирданига икки-уч киши унинг йўлини тўсди. Масжид эшиклари ёпилди. Буни кўрган Ориф оқсоқол типирчилаб қолди.
– Рўйхат подшонинг вакиллари Кауфмон жаноблари томонидан тасдиқланган, – дея мингбоши салобат билан гап бошлашга уринди.
Абулқосим элликбоши чап қўлини пастга тушириб, гапни тўхтатинг дея ишора қилди.
Оломон орасидан:
– Сиз аввал саволга жавоб беринг! – деган қичқириқлар янгради.
Мингбоши:
– Жим, жим! – деганча қизариб-бўзариб оломонга нималарнидир тушунтирмоқчи бўлди.
 Шу пайт масжид эшиги олдида турганлардан бири баланд овозда қичқирди:
– Булар билан гаплашиш бефойда, барибир бой бойга боқади, сув сойга оқади.
Вазият ёмонлашганини англаган мингбоши ён томондаги эшикдан ўзини ташқарига урди. Шу пайт “Ўлдир мингбошини!”деган ҳайқириқ эшитилди. Мингбоши масжид ёнидаги чойхонага кириб яширинмоқчи бўлди. Аммо йўлдан ўтиб бораётган кулол йигит уни чопонидан тортиб қолди. Мингбоши ерга юзтубан йиқилди. Кулол катта тош билан мингбошининг бошига урди. Боши ёрилган мингбоши оқаётган қонни салласи билан тўхтатишга уринди. Шу пайт масжиддан денгиздай тошиб чиққан оломон мингбошини тош билан ура кетди. Мингбоши ўша жойда жон таслим қилди.
Абулқосим элликбоши, Қосимхўжа ва Ориф оқсоқоллар эса уст-бошлари йиртилган, тош-кесак дўли остида миршаблар қуршовида пристав қароргоҳи томон қочиб боришарди. Бироқ уларнинг орқасидан оломон етиб келди.
Жиззахликлар мингбоши маҳкамасига ёпирилишди. Уйга ўт қўйилди. Маҳкамадаги рўйхат қидириб топилди, барча қоғоз-дафтар, анжом-аслаҳа синдирилди, ёндирилди. Шаҳарнинг ҳар ер-ҳар ерида милтиқ овози эшитилиб қоларди. Кечаси шаҳарда ёнғин бошланди, рус аскарлари қўзғолончиларга қарата ўқ узишга киришишди. Одамлар турли томонларга қараб тарқалиб кетишди. Ўратепаликлар, зоминликлар, ровотликлар уруғ-уруғ бўлиб ўз маҳалласини рус аскарларидан қўриқлашга киришдилар. Аммо аҳолида қурол йўқ эди...
Ҳар томонда ёнғин, аччиқ тутундан ҳеч нарсани англаб-кўриб бўлмасди.
Эрталаб шаҳар марказида аҳоли билан учрашган Рукин:
– Халққа қайишмаган мингбошининг аҳволи шу! – дея ўзини одамларга меҳрибон қилиб кўрсатди.
Тилмоч унинг сўзларини таржима қилиб турди. Рукин вақтдан ютиши керак эди. Шу пайт янги шаҳар томондан кетмон, паншаха кўтарган, қутиларга тош солиб олган оломон етиб келди. Икки дарё бир бўлди. Унинг тўлқини шиддатли эди. Улар Рукин, капитан Зотоглавов ва Комил миршабни ўлдирдилар.
Полковник Иванов ва Афанасьев отряди етиб келиб, оломонни ўққа тутди. Рус казаклари аёл ё эркак, кекса ёки ёш, деб ўтирмади. Ўқ ёмғири шундай ёғдики, ҳаттоки уй ичида бекиниб турганлар ҳам омон қолмади.
Жиззах қамоқхонаси маҳбуслар билан тўлиб кетди. Маҳбусларнинг кўпи оғир ярадор эди. Улар тор, кичик хоналарда бир-бирларининг устида қалашиб ётар, сассиқ ҳид ҳамма ёқни қоплаган, йиғи-сиғи овозлари тинмасди. Жиззахликлардан рус казаклари Рукин, Мирзаёрлар учун шундай ўч олди. Бу вақтда Фориш сари Афанасьев қўшини кетиб борарди.
Жиззах ўт ичида қолди. Бутун-бутун маҳаллаларга рус аскарлари ўт қўйди. Одамлар аёвсиз ўққа тутилди.
Эртасига, 16 июл куни замонавий ҳарбий қурол-яроғ ва техникага эга бўлган полковник Иванов қўзғолончиларни қора қонга ботирди. Жиззахнинг аёллари, қизлари номуси топталди. Шаҳар озиқ-овқатсиз қолди. Кўчалар қон билан қопланди. Очарчилик бошланди. Подшо Николай II малайлари маҳаллий йигитларни мардикорликка жўнатди. Неча-неча Жиззах йигитлари Россия ўрмонларида кафансиз кўмилди. Ҳаттоки ёш болалар кўчаларда отилди, Ержар чўлига ҳайдаб юборилди. Ержарда эса одамлар сувсизликдан нобуд бўлдилар.

* * *

Ўша куни Форишда ҳам босқинчиларга қарши кураш кучайди.
Жевачи одамлари Жиззах йўлини ўз назоратларига олишганди.
Пешинга яқин узоқдан от минган бир йўловчи кўринди. Унинг оти зўрға юриб келарди. Кун иссиқлигиданми, чавандоз от устида маст кишидек чайқалиб келарди.
Жевачининг одамлари уни бир зумда ушлаб олишди. Бу пристав алоқачиси Сибирцев деган киши эди. Унинг ёни тинтиб кўрилганда хат чикди. Бу хат Жиззахдан жазо отряди чақириш ҳақида эди.
Қўзғолончилар чопарни ўлдирдилар. Сўнг Фориш пристави Бариллони қидиришга тушдилар. Аммо жазо отряди кечикканидан шубҳага тушган Барилло аллақачон қайгадир кочиб кетганди.
У осмонга учдими, ерга кирдими – йўқ эди. Барилло яшаган қўрғон жим-жит. Хизматкорлар эса дарвозани беркитиб, яшириниб олишган. Қўзғолончилардан бири халқни қўрғон томон бошлади.
– Биз уларни йўқ қилишимиз керак! – деди у. – Бизни одам ўрнида кўрмаганларга шафқат қилмаслигимиз керак!
– Қайтинглар, ахир улар ҳеч кимга ёмонлик қилмаган, – деди жевачининг укаси Бобобек.
Аммо оломон унга қулоқ соладиган аҳволда эмас эди. Барилло яшаётган қалъа тепасида бир тўп тоғ бургутлари чарх уриб учиб юрарди. Қоронғи тушгач кетмон, болта кўтарган одамлар пристав қўрғонининг дарвозасини бузишди. Қўрғонда хизматкорлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шу пайт Бобобек отлар учун хашак сақланадиган емхонада Бариллонинг хотини Наташа Янковская ва қизини кўриб қолди. У ўзини уларни кўрмаганга солиб эшикни ёпиб қўйди, хизматкор жувон Галина Клюевани эса сомонхонага яширди. Кейин орқасидан келаётганларга қарата:
– Бу ерда ҳеч ким йўқ, – деди.
Бобобек одамларни тинчитиш мақсадида ёлғон гапирди. Агар ростини айтса, бегуноҳ икки аёлнинг қони тўкилиши аниқ эди.
Оломон тошқин сувдек орқага қайтди. Йўлда икки солдатни ушлаб олиб, ўласи қилиб калтаклашди. Бу вақт Барилло хотини ва қизини ташлаб, ўз жонини сақлаш мақсадида Қизилқумга қараб қочиб қолган эди.
Оломон пристав яшайдиган уйга ўт қўйди. Приставнинг хонадони олов ичида қолди. Оломон қишлоққа қайтиб келди. Кечқурун туннинг қоронғилигидан фойдаланган Бобобек яна отхонага келди ва титраб-қалтираб ўтирган она-болани отхонадан олиб чиққач, уларни акасининг уйига олиб бориб яшириб қўйди. Бу ер хавф-хатардан холи эди. Бариллонинг бир неча рус хизматкори ва қўриқчиларидан икки киши олов ичида қолиб кетди. Уларнинг дод-фарёдига ҳеч ким қулоқ солмади. Қасоскор халқни энди тўхтатиб бўлмаслигини руслар тушуниб етишди. Даҳшатли воқеаларни ўз кўзлари билан кўрган она-бола бу хонадонда бир ҳафта тинч яшашди. Улар олдига аёллардан бўлак ҳеч ким кирмас эди. Она-бола бу ҳолатга аста-секин кўника бошлашди. Дастлаб қўрқиб нон, майиз билан тамадди қилишганди, кейинчалик мол гўшти солинган овқатларга ҳам ўрганишди. Ҳаёт – ҳаёт-да, инсон барча нарсага кўникади. Улар ҳам янгича ҳаётга аста-секин мослаша бошлашди.
Абдураҳмон жевачи Бобобек қилган ишни хотинидан эшитган бўлса-да, укасига бир-икки кун индамади. Ўзини ҳеч нарсани билмайдигандай тутди. Жума куни пешиндан сўнггина Бобобекни олдига чақирди.
– Майли, ғайридин бўлса-да, аёлларни қутқариб савоб иш қилибсан. Фақат буни қишлоқ аҳли билмасин. Улар ҳозир яхши-ёмоннинг фарқига бормай туришибди. Сенинг қутқарганингни эшитишса, нотўғри тушунишлари мумкин.
Бобобек акасига эътироз билдиролмади. Янгаси олдига қўйган шўрвани нон тўғраб ичди-да, Бургутқоядаги тош қалъага чиқиб кетди. У ўзини олқор ови билан овутмоқчи эди. Ов унинг севимли машғулоти. Бу қалъанинг тўрт томони тош билан ўралган бўлиб, икки тош орасидаги йўлакка бир одам сиғарди. Қалъа ичида булоқ бўлиб, у ёзин-қишин қайнаб, мавжланиб турарди. Булоқнинг ёзда совуқ, қишда иссиқ суви шунчалик мазалики, уни тўйиб ичган киши бир-икки кун чанқамайди ҳам. Агар акаси кўнса Бариллонинг хотини ва қизини қўзғолон босилгунча шу қалъага яшириб қўяди.
Бироқ Бобобек тоққа кетганидан кейин жевачи она-болани ўз қўрғонига кузатиб қўйди....

* * *

Эрталаб Абдураҳмон жевачи ўз одамларини савдо карвони билан Бухорога жўнатди. Жевачи уларга Бухородаги танишларидан қурол олиб келишни топширди. Ахир ”Қуруқ қошиқ оғиз йиртар” деб бекорга айтмаган. Ёвга қарши икки-уч милтиқ, кетмон, ўроқ билан курашиб бўлмайди-ку. Эртага қандай кунлар келади, ёлғиз Оллоҳга аён. Шундан кейин жевачи Боғдон беклигидаги Михин, Қулба, Учма, Нурак, Сафар ота қишлоқлари оқсоқолларига одам жўнатди.
Ҳар куни Жиззахдан ваҳимали хабарлар келиб турибди. Абдураҳмон жевачи уйга киради, ташқарига чиқади, сира кўнгли ёришмайди.
Бариллонинг хизматкорлари кўпайганлиги ҳақидаги хабар жевачини ҳушёр торттирди. Улар пулемёт билан қуролланган, дея хабар етказди хуфялардан бири.
Жиззахда бошланган қўзғолон хабари ўша куниёқ Форишга етиб келганди. Абдураҳмон жевачи укаси Бобобекни эски таниши Назархўжа эшон ҳузурига жўнатди. Эшоннинг ҳовлиси шаҳар марказида бўлиб, ўша куни Жиззахнинг барча маҳалла оқсоқоллари, бундан ташқари Ўсмат, Зомин, Фориш беклигидан ҳам вакиллар шу ерга тўпланишди.
Назархўжа эшон жўшиб сўзлади:
– Биз бугун бу ерга эл ва юрт озодлиги учун, фарзандларимизга Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Муқанна, Мангуберди каби боболаримиз душманга қандай курашганини етказиш учун тўпландик...
Йиғилиш жуда қисқа ва аниқ бўлди. Маҳалла оқсо¬қоллари битта-биттадан бўлиб эшон ҳовлисини тарк этишди. Вакилларнинг хавф-хатарсиз ўз манзилига етиб олиши учун эшон ўз одамларини уларга қўшиб юборди. Эски қадрдони жевачининг укаси Бобобекни Кўҳнабозоргача кузатиб бориш учун икки кишини қўшиб жўнатди.
Кечқурун Абдураҳмон жевачининг уйига атрофдаги Михин, Қулба, Учма, Сафар ота, Қорабдол қишлоқларидан маслаҳат учун ўндан ошиқ киши тўпланди. Жевачи раҳбарлигида душманга зарба бериш йўл-йўриқлари ишлаб чиқилди.
– Ҳамма қуролланмоғи лозим. Энг аввало уларни қишлоқларга киритмаслигимиз, мардикорликка борадиган ёшларимизни олиб қолиш учун бел боғламоғимиз керак. Озод ва ҳур ўлкани ўрис императори аскарлари оёғи остида топталишига йўл қўймаймиз.
Йиғилганлар бу кўрсатмани бажариш учун ўз қишлоқларига жўнаб кетишди.

* * *

Кимдир дарвозани ҳовлиқиб қамчи сопи билан урди.
Абдураҳмон жевачи шошиб шу томонга юрди.
Оти кўпикка ботган бир нотаниш киши дарвоза олдида ҳансираб турарди.
– Ассалому алайкум, ака! Мен Жиззахданман. Мени Назархўжа эшон жўнатди. Жиззах ўт ичида қолди. Ҳаммаёқ ёндирилди. Ўрис отряди Афанасьев дегани бошчилигида Фориш томон келмоқда. Эртага тонгда етиб келади. Халқни уларга қарши турғазмоқ керак.
Чопар яна нималардир демоқчи эди, аммо саратон иссиғига ва йўл азобига чидай олмай кесилган дарахтдек аста қийшайди. Абдурахмон жевачи уни суяб қолди ва аста кўтариб ёнғоқ остидаги супага олиб бориб ўтқазди. Ичкаридан жевачининг катта ўғли дастурхон кўтариб чиқди. Чопар бир-икки пиёла совуқ чойни ютоқиб ичгандан кейингина ўзига келди.
– Мен ўрисларни Оқтупроқ қалъаси олдида кўрдим. Тоғ оралаб келишмоқда. Эшон ака сиздан одамларни тўплаб, уларга қарши туришни, аскарларни қишлоққа киргизмасликни илтимос қилди, – деди хабарчи ҳамон энтикиб нафас оларкан.
Абдураҳмон жевачи хабарчининг гапларини эшитиб ёв энди бегуноҳ халқдан қасос олишига, бу йўлда ҳеч нарсадан қайтмаслигига ишон ҳосил қилди, негаки Кўҳнабозордан унча узоқ бўлмаган тепаликларда пристав Бариллонинг одамлари кейинги кунлари яна иккита тўп ўрнатиб, уларни қишлоққа қаратиб қўйган эди. Барилло аллақачон Қизилқумдан қайтиб келган. Қишлоқ тепаликдан яққол кўриниб туради.
Албатта, биргина қишлоқ аҳли билан ёвга қарши курашиб бўлмайди. Кўплашмоқ керак. Кўп қурол керак. Ёвнинг қўлида қанчалаб милтиғи, тўплари бор. Абдураҳмон жевачи тезда ўғли Савронни Михин беклигига, Матлабни Учма ва Сафар ота беклигига, Давронбойни эса Синтоб беклигига жўнатди.
Ниҳоят қўшни қишлоқлардан одамлар от ва эшакда, пиёда етиб кела бошлашди. Уларнинг бир қисми милтиқ билан қуролланган эди. Кўпчилиги эса қуролсиз. Аксарият кетмон, паншаха билан қуролланган. Синтобликлар негадир бу ишга бош қўшишмади.
Бухорога кетган йигитлардан яхши хабар келмади. Бухоро хони Амир Олимхон жевачи билан узоқроқ қариндош бўлса-да, унинг номидан келган мактубга жавоб бермади. Амир шу кунларда айш-ишратга муккасидан кетган эди.

* * *

Абдураҳмон жевачи тўпланган халқни Жиззах сари бошлади. Боғдон чўлини чанг-тўзон қоплади. Қўзғолончилар болта, кетмон кўтариб капитан Афанасьев бошлаб келаётган, тиш-тирноғигача қуролланган рус аскарларига қарши кетиб борарди, улар орасида аёллар ҳам бор эди.
XVI асрда Абдуллахон қурдирган сув омборидан ўн чақиримча берида икки тараф юзма-юз бўлди. Икки ўртада жанг қизиди. Рус солдатлари тўп ва пулемётларни ишга солди. Одамлар тутдек тўкилди, лекин қайсар ва мард тоғликлар душман устига ёпирилиб келаверди.
Жанг қизиган маҳал тоғликлардан бири русларнинг битта пулемётини эгаллади ва дарҳол уларга қарата ўқ уза бошлади. Аммо қизиб кетган пулемёт бирдан тариллатиб ўз узишдан тўхтади. Уни совутиш учун устига сув қуйиш керак эди. Аммо тоғлик эркак буни билмасди. Шу сабабли ҳайрон бўлиб пулемётнинг уёқ-буёғига қараётган маҳал аскарлардан бири уни отиб ўлдирди.
Афанасьев жон-жаҳди билан исёнкорларни Жиззахга ўтказмаслик ҳаракатини қиларди.
Кўкда эса бир гала тоғ бургути тўп бўлиб учиб юрарди. Тўсатдан жевачининг уйида сақланган бургут рус аскарларидан бирига ташланди. Аскар юзини кафти билан тўсганча дод солиб қулаб тушди. Унинг панжалари орасидан қон оқарди. Бургут аскарнинг бир кўзини ўйиб олганди.
Афанасьевнинг ўзи аскарларга ибрат бўлиш учун кичкина тепаликка чиқди ва:
– Тезда бизга қўшимча куч етиб келади, бардам бўлинглар! – дея бақирди. – Улар бу ёввойи халқни тумандек тарқатиб юборади. Биз ҳам уларни шундай савалайликки, туғилганларига пушаймон бўлишсин!
Замбараклардан отилган ўқ исёнчилар устида ёғилди. Одамларнинг пашшадай ҳалок бўлаётганини кўрган Абдураҳмон жевачининг кўзларида ғазаб ўти чақнади. Унинг ўғиллари ҳам жанггоҳнинг ҳар томонига тарқаб кетишганди. Жевачидан унча узоқ бўлмаган ерда катта ўғли бир йўла икки рус аскари билан қиличбозлик қиларди. Уруш ўз оти билан уруш. Унда ҳеч ким душманни аямайди. Чўл тўкилган инсон қонидан қип-қизил лолазорга айланди гўё.
Ёв чекинаётганини кўрган Абдураҳмон жевачи жарликни айланиб ўтар экан, кўзи тошга бош қўйганча ўлиб ётган аёлга тушди. Аёл кўкрагидан иккига бўлиниб ташланган эди. Нарироқда эса яна бир ўлик аёлни бир ярим ёшлардаги болакай эмиб ётарди. Жевачининг кўзларида ёш тирқиради. Ёв орқасидан қувиб келаётган бўлса-да, тўхтаб, биринчи аёлни чопони билан ўраб қўйди. Иккинчи аёлнинг боласини олишни эса ортидан келаётган бир ҳамқишлоғига буюрди.
Бу пайтга келиб рус аскарларининг ўқ-дориси тугай бошлаганди. Шу сабабли улар Жиззах томон чекинишга тушишди. Шубҳасиз, рус аскарлари мадад кутаётган эдилар.
Кечга томон, жанг тугаганидан сўнг жевачи укаси Бобобекка Матлаб, Саврон, мулла Муҳаммад, Қурбон, Турсунбой ва Эргашни топишни буюрди. Улар Абдураҳмон жевачи атрофида давра қуриб, ерга тикилганча жим туришди.
Атрофга қоронғулик тушганда одамларнинг бир қисми чўл орқали Кўҳнабозор қишлоғига етиб келишди. Қишлоқ ўт ичида эди. Ёндирилган уйлардан аччиқ тутун осмонга кўтарилар эди.
Тарихда кейинчалик Жиззах қўзғолони деб аталган машҳур қонли жанг бошланди. Бу воқеа 1916 йилнинг саратонида юз берди. Ҳар икки томон жангга қийқириқлар билан кирдилар. Икки кун давом этган жангнинг биринчи куни форишликлар рус аскарлари устидан ғалаба қозонгандек бўлди. Рус аскарлари шошиб қолишди. Ғалаба яқиндай эди. Жевачи русларга қарши курашда ҳарбий топқирлик кўрсатди. У узокдан туриб палахмон тоши отадиган мерган йигитларни тўплаб, русларга қарши жангга солди. Палахмон тошотарларнинг олдига эса тажрибали, жанг кўрган, катта ёшдаги одамларни тайин этди. Ёшларнинг бир қисмини тош тўплашга йўллади. Сой ичида эса махсус пистирмалар ташкил қилди. Пистирмада аёллар пилтали милтиқларни ўқлаб, эркакларга ёрдам бериб туришди. Айниқса кўҳнабозорлик аёллар бошқаларга ибрат бўлишди. Тўғри, жанг кўрмаган аёллар, ёш болалар орасида талофат катта бўлди.
Дастлаб рус аскарлари парокандаликка учраса-да, уларга Жиззахдан қайта-қайта мадад кучлари келиб қўшилаверди. Қўзғолончилар сафи эса тезликда камайиб борарди. Очлик ва сувсизлик ҳам ўз кучини кўрсатди. Рус аскарлари қуролсиз халқни чўлда тўпга тутди. Қон дарё-дарё бўлиб оқди.
Абдураҳмон жевачи одамларни руҳлантирмоқ учун гоҳ чап томондан, гоҳ ўнг томондан уруш майдонига ўзини урар, ҳар сафар жангга кирганда ўзининг жонини ҳалокат гирдобига отарди…
Иванов отряди билан тошлар орасидан пана жой қилди, жевачининг одамларини узоқдан кузатаркан, ёнидаги офицерларга уқдира кетди:
– Бу халқнинг билгани очиқ майдонда мардларча урушиш. Биз эса қалъага бекинамиз ёки девор ортида пусиб турамиз. Бир неча қишлоғини босиб олдик. Пешонасидан туриб отдик, бирортаси яширинай демади. Атиги бир марта шу чўлда очиқ майдонда урушмоқдамиз. Булар ана шундай қайсар халқ. Ҳар доим ҳушёр бўлмоқ керак.
Чўл узра тун ўз сепини ёйганда ҳар икки томон орқага кайтди. Рус аскарлари Абдуллахон бандига бориб, шаршара атрофида эртага бўладиган жангга тайёргарлик кўришди. Абдураҳмон жевачи эса отлар туёғи остида майиб бўлган одамларни, ўлганларни тўплаб сой ичига тушди. Тепаликка йигитлардан қоровул қўйди. Шундан кейин у одамларни бир жойга тўплашга ҳаракат қилди. Ярадорлар ва ўлганлар кўп эди.
Эртасига рус аскарларини форишликлар тош, милтиқ билан қарши олдилар. Иванов отрядига Жиззахдан Афанасьев отряди мададга келди. Афанасьев отрядини жевачи омон қолган озгина одами билан, бениҳоя чарчаган, ҳолсиз аҳволда кучсиз кутиб олди. Икки ўртадаги кураш унча узоқ давом этмади. Қуролсиз аҳолига нисбатан тўплар ишлатилди.
Одамлар отсиз, озиқсиз ҳолда рус аскарларига қарши туриб қолишди. Абдураҳмон жевачи ўзининг хатосини тушуниб етган эди: халқ эрки ва озодлиги учун тўрт оёқли бўри билан курашгандек курашиб бўлмас экан.
Жевачи афсус-надоматлар ила одамларни бир ерга тўплашга киришди. Сўнг кечаси аёл ва болаларни олиб Кўҳнабозор қишлоғига қайтиб келди. Эртасига эрталаб унинг уйи олдига халқ тўпланди. Қишлоққа руслар анча яқинлашиб қолган эди.
Абдураҳмон жевачи одамларга қарата деди:
– Биз озчилик қолдик. Ёмон урушмадик. Лекин энди орқага қайтиш керак. Ўрис аскарлари ўнлаб шаҳар ва қишлоқларнинг халқини қиришга, кулини кўкка совуришга, ўт қўйишга тайёр! Биз одамларни ва қишлоқларни сақлаб қолмоғимиз керак...
Эртасига рус армиясининг мадад кучига таянган Афанасьев Боғдонга етиб келди. Қишлоқлар тўпга тутилди. Икки ярим минг хонадондан иборат Кўҳнабозор қишлоғи олов ичида қолди. Биринчи бўлиб қишлоқдаги мачитга ўт қўйилди. Кўплаб китоблар оловга ташланди. Масжид ичида ёнаётган китобларга тикилганча мулла Муҳаммад йиғлаб ўтирарди. Орадан икки кун ўтиб руслар уни ҳам олиб кетишди. Мулла Муҳаммаднинг кампири ўғиллари Жавлон, Ҳамроларни олиб Гарашага яқин бўлган Довтепа қишлоғидан макон топди. Кейинроқ мулланинг синглиси Чучук ҳам уларга келиб қўшилди. Бу аёл акаси дардида йиғлай-йиғлай кўз юмди.
Халқнинг қўй-эчкилари ва бошқа моллари ҳайдаб кетилди. Ҳаттоки айрим жойларда мол боқиб юрган ёш болалар ҳам қиличдан ўтказилди. Рус аскарлари от-араваларга таланган мол-мулкни ортиб, пода-пода молларни ҳайдаб Жиззах сари йўлга тушишди. Одамлар тоғ-тошлар орасига жон сақлаш учун қочиб кетган. Уларнинг бир қисми эса Челак, Пойариқ, Самарқанд томонларга бош олиб кетди. Ёв уларнинг ҳам аксариятини йўлларда ушлаб олиб, кўпини йўқ қилиб юборди. Кўҳнабозорда шаталиб уруғининг барча катта ёшдагилари халқ ичида отиб ташланди. Абдураҳмон жевачини эса қўл-оёғига кишан солиб аравада Жиззахга олиб кетишди. Унинг ўғилларидан иккитаси отаси билан бирга олиб кетилди.
Жевачи кета туриб халққа мурожаат қилишга улгурди:
– Сизлар мени унутманг, мен озодлик йўлида қурбон бўламан. Биз енгамиз. Мен халқим учун, отам учун қасос ололмадим. Бу мени қийнаётган армондир. Мен ёшимни яшадим, бу ёғига Оллоҳ билади. Озодлик ва эрк учун курашиш керак. Ҳали замон ўзгаради. Юрт озод ва ҳур бўлади. Юртни мард ва қўрқмас фарзандлари бошқарадиган давр узоқ эмас. Юз йилда ер, эллик йилда эл янгиланади. Озод ва ҳур замон албатта келади. Уни менинг авлодларим кўради.
Шу пайт рус аскари милтиғи қўндоғи билан унинг бошига урди...
Арава жўнаб кетди. Одамлар кўзда ёш билан жевачини кузатиб қолишди...
Асирлар Жиззахга икки кунда етказиб келинди.
Шаҳар қамоқхонаси. Унда юзлаб одамлар оғриқ азобидан ингранмоқда.
Одамлар орасидан сурила-сурила Назархўжа эшон бурчакда ётган Абдураҳмон жевачи ёнига етиб келди. Эшоннинг баданида соғ жой қолмаганди. Унинг ўзи ҳам зўрға нафас олар эди. Узун соқолида ҳам қон қотиб қолган. Эшоннинг бир кўзи умуман кўрмай қолганди.
Эшон жевачи ёнига базўр ёнбошлади.
– Тузукмисиз, иним. Кўп қайғурманг, бу кунлар ўтиб кетади. Самарқандда бир гуруҳ дўстларимиз Россия Давлат думасига хат ёзишибди. Уларга маърифатли инсон Беҳбудий бош экан. Оқ подшонинг фармонидан сўнг бир биз эмас, ўлканинг барча музофотларида норозилик ҳаракати авж олган. Бизнинг битта хатомиз шуки, сиёсий ва марказлашган раҳбарга эга бўлмадик. Кучлар нисбати ҳам тенг бўлмади. Орамиздаги сотқинлар улар томонга ён босиб турди. Бундай кураш даврида доим сотқинлар бўлган, бундан кейин ҳам бўлади.
– Бир нарсадан афсусдаман. Қурол билан ёрдам бериш ўрнига Самарқанд ва Тошкентдаги, ҳаттоки Бухородаги танишларимиз, маҳаллий амалдорлар ҳам Оқ подшо одамларига кўмак кўрсатишди. Шунга юрагим ачишади.
Жевачи аста чап ёнбошига ағдарилди. Унинг гапиришга ҳам дармони йўқ эди. Уч ойдан буён тор, зах хонада оч ва яланғоч, қийналиб вақт ўтказарди. Ҳар икки-уч кунда терговчининг тинкани қуритадиган саволлар бериши ҳам жонига тегиб бўлганди.
Ниҳоят жевачига бир амаллаб тут талқони орасига солинган хатни етказишди. Хат жуда қисқа эди: «Россия думасида Мустафо Чўқаев Оқ подшо одамлари билан учрашди. Жиззахдаги воқеаларни уларга етказишди. Сизларни озод қилишар экан».
Хат жевачига бироз умид бағишлади. Лекин Назар¬хўжа эшон бунга ишонмади. Эшоннинг фикрича, бу ердаги қўзғолон, халқ норозилиги ҳақида Оқ подшога ёлғон маълумот берилади.
Орадан яна бир ойча вақт ўтгандан кейингина Жиззахга Россия Думаси вакиллари ва Мустафо Чўқаев етиб келишди. Вайроналарни ўз кўзи билан кўрар экан, Чўқаевнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Зеро, Чўқаев аввал кўрган Жиззах шаҳри қўрғонидан ҳеч нарса қолмаганди. Жиззах энди харобазор эди.
Бироқ Оқ подшо вакили пинагини ҳам бузмасдан «Ёввойиларнинг жазоси шу!» деб қўйди жаҳл билан. Мустафо Чўқаевнинг энсаси қотди, аммо индамади. Чўқаев Думада Жиззахдаги воқеалар ҳақида гапирганида ҳам Дума аъзолари унинг гапини эшитмади. Халқ дардини тинглайдиган одамнинг ўзи йўқ эди. Бу ҳақда кейинчалик «Нажот» газетасида «Ҳақ олинур... курашиб... қон тўкиб олинур» деган хулосали мақола битилди. Тушунган тушунди...
Жевачи йўлда анча ўзини олдириб қўйганди. Шунга қарамасдан уни ўз бошига тушган азоб эмас, халқ бошига тушган кулфат қийнарди. Энди халқ қандай яшайди? Эрта-индин қиличини кўтариб қиш келади... Жевачи фақат шу ҳақда ўйларди. Сассиқ турма хонасида калласининг қон оқаётган ерига туя чакмонидан бир парча куйдириб босди. Шундан кейин анча ўзига кела бошлади. Аста-секин атрофдагиларни таний бошлади. Жиззахлик Назархўжа эшон, Зиё қори, халқни курашга чорлаган қирғиз Дониёлбек, Нуриддин ҳожи каби эски танишларини кўрди. Нари борса ўн беш киши сиғадиган тор хонада олтмишдан ортиқ маҳбус ётарди. Маҳбуслар очлик ва ташналикдан, оғир калтак зарбидан ўла бошлади. Одамлар очликдан устларидаги кийимларини ея бошлашди.
Шундай кунларнинг бирида тинка-мадори қуриган Абдураҳмон жевачини сўроққа чақиришди. У оёғини аранг судраганича хонага кирди. Хона тўрида шопмўйлов терговчи Иванов гердайиб турарди. Тилмоч унинг сўзларини таржима қилиб турди.
– Хўш, сен давлатга қарши нега бош кўтардинг? Унинг маҳкамаларига ўт қўйиб, босиб олишга ҳаракат қилдинг?
– Мен ҳеч кимнинг ерини, юртини босиб олмадим. Ўз уйим, халқим, фарзандларим, Ватанимни ҳимоя қилдим. Россия империяси Туркистонни босиб олди, кўплаб мачитлар бузилди, китоблар ёқиб юборилди, ақлли кишилар қувғин қилинди, одамларнинг тинка-мадорини қуритди. Биз озод Ватан қурмоқчимиз! Бизда тоғ бургути бор, у боласини ўзи учиради, шунинг учун курашади ҳам. Лекин мен ўша қушча бўла олмадим...
Унинг томоғига бир нарса тиқилди. Тилмочдан унинг сўзларини эшитган Иванов истеҳзоли кулди:
– Ҳали кўрасан, сени дорга осамиз!
Жевачи ўлими муқарар эканлигини билиб турарди.
Уни ўша тор хонага қайтиб олиб боришди. Абдураҳмон жевачининг баданидаги таёқ зарбидан кўкарган жойлари йиринглаб кетганди. Хонадаги қўзғолончиларнинг кўпчилигини сўроқ қилиб ҳам ўтиришмади.
Орадан бир ой ўтиб ташналик ва очликдан силласи қуриган қўзғолончиларни дала суди қарорига кўра дорга осишди. Жевачи дор тагида бир зум осмонга қараб турди. Кўм-кўк осмонда бир жуфт оппоқ бургут боласи бир-бирини қувиб чарх урарди.
Шу маҳал Иванов:
– Агар сен халқ олдида тавба қилдим десанг озод бўласан! – деди.
Бу гапни эшитган жевачи Ивановга шундай нафрат билан қарадики, у беихтиёр кўзларини олиб қочди.
– Йўқ, мен сотқин эмасман. Мен озодлик йўлида курашдим, – дея жавоб қайтарди жевачи. Сўнг бошини мағрур кўтарди ва дор майдонига олиб келинган одамларга қаради: – Халқим, мен сизларни босқинчи ёвдан қутқариб ололмадим! Афсуски, халқ озод бўладиган кунларни кўриш менга насиб этмади. Бироқ Ватаним озод бўлган кунларни менинг авлодларим, халқим албатта кўради. Биз озод бўламиз! Алвидо! Халқимга саодат бер, фарзандларимни омон сақла, Тангрим! Билиб-билмай қилган гуноҳларимни кечиргин. Оллоҳу акбар!
Абдураҳмон жевачи ўз бошини дор сиртмоғига солди. Сўнг… Бир зум дор ипи тебраниб турди, тана жимиб қолди.
Дорга осилган ўн тўрт кишининг жасади уч кунгача арқонда қолиб кетди...
Ниҳоят осиб ўлдирилган барча қўзғолончилар жасади тунда яширинча Самарқандга олиб кетилди ва Мурод авлиё қабристонида дафн этилди.
Умарқул Бухоров, Кўҳнабозор қишлоғидан ака-ука Ҳайдар ва Раҳмон Қурбоновлар, Омон Иброҳимов, Матлаб Қувнақов, Раҳмон Эшматов, Исроил Мўминов, Исмоил Олламуродов, Раҳмат Раҳмонов, Муротқосим Ортиқов, Узоқ Абдурасулов, Эгам Мусаев, Абулқосим Ортиқов, Жўра Раҳмонов, Отақул Султонов каби бир юз йигирмадан ортиқ киши терговсиз отиб ташланди. Уларнинг айримларини тириклай тупроққа кўмиб юборишди. Кўҳнабозордаги қабристондан икки кунча ингроқ овози келиб турди, бироқ бирор одам ёрдамга кела олмади...
Кўҳнабозорликларга мададга келганлар орасида Ямчи, Оқбулоқ, Учма, Илончи, Осмонсой ва бошқа қишлоқ фуқаролари ҳам бор эди. Фориш қишлоқлари бир ҳафта тутаб ётди. Рус солдатлари қўзғолончилардан қўрққанидан жевачининг қирғиз ошналарини ҳам тоғларда ушлаб олиб ўлдира бошладилар.
Босқинчилар одамларни шундай қийнадики, тасвирлашга қалам ожиз...

* * *

Қормиз эрининг Жиззахда руслар томонидан дорга осилганини эшитганида уйга кириб юм-юм йиғлади. Энди бир этак болани боқиш унинг зиммасида эди.
Қормиз эрига аза очиб, устига кўк кийди. Орадан бир неча ой ўтгач эса қуруқ йиғи билан иш битмаслигини тушунди. Қўрғондаги уй ёндирилган эди. Демак Михиндаги ёзлик уйда ҳаёт кечиришдан бўлак имкон йўқ эди.
Қормиз ўғил-қизларини эргаштириб Михин қишлоғига чиқди. Ҳовлини ўт-ўланлардан тозалади. Қизлар ҳовлига сув сепишди. Барча хас-хашакларни ўғил болалар тозалашди. Токларда қолган ўн-ўн беш сават узумни ерга ёйишди. Одам қарамаганидан боғдаги мева-чеваларни қурт-қумурсқалар, чумчуқлар еб кетган, олма, ёнғоқлар ерга тушиб ётарди. Уларни болалар териб олиб ошхона четидаги ёғоч қутига жойлашди. «Қишда ҳеч бўлмаса қоқи чойга ярайди-ку», дея ўйлади Қормиз.
Жевачининг бутун авлоди, ака-ука ва ўғиллари: Норбек, Ислом, Рустам, Достон, Қорабек, Довул, Сорабеклар ҳам қўзғолонда шаталибликлар билан бирга қатнашди. Қишлоққа рус солдатлари ўт қўйган куни барча шаталиб уруғи ҳар томон тариқдай тарқаб кетди. Улар йиллар ўтибгина ўз маконларига қайтдилар.
Аста-секин қишлоқ қайта тикланди. Одамлар чорва ва деҳқончилик билан шуғуллана бошлади.
Кунлар шу тахлитда ўта бошлади. Қормиз молхонадаги эридан қолган кетмон ва ўроқларни ўғиллари билан ўткирлади. Бу ишда айниқса ўғли Довул унга анча кўмак берди. Қизи Рухсатнинг эса буйи анча чўзилиб, ўроқ ўришга қўли келиб қолганди. Она-болалар қўзғолон кунлари тоққа ҳайдаб юборган молларини қидиришди. Орадан бир ҳафта ўтиб икки сигир ва уч эчкини топиб келишди. Бир қўра молдан қолгани шу эди. Қиши билан мева-чева еб, сут-қатиқ ичиб кун ўтказишди. Баҳорда бир эчкини сўйишди. Шу билан пишиқчиликка етиб олишди. Боғдаги тут новдасини кўтаролмас даражада кўп ҳосил солди. Йил яхши келди. Узум, олма ва ёнғоқлар мўл бўлди. Қормизнинг сочлари қиши билан қордай оппоқ бўлди. У энди ўғил-қизларини катта қилиш ташвиши билан овора эди. Қиш бўйи улардан ҳеч ким хабар олмади.
Қормиз эрининг йилини ўтказиш учун Кўҳнабозорга борди. Эски ҳовлига уч эркак, беш аёл тўпланди. Абдураҳ¬мон жевачининг амакиси марҳумни ёдлаб Қуръон тиловат килди.
Қормиз қайтишда ўзи билан кундоши Рўзининг болаларини ҳам олиб кетди. Улар бу ерда анча қийналиб қолишганди. Рўзи эса орият кучлилик қилиб у билан кетмади.
Оила аста-секин тиклана бошлади. Улар ҳовлидаги дарахтларни парвариш қилардилар, токларни суғорар¬дилар, мева-чевалардан қоқ тайёрлардилар.
Ҳаёт шу зайлда давом этди. Аста-секин одамлар қишлоққа қайтиб кела бошлади. Табиатнинг иши қизиқ-да: одам бор жойга қушлар ҳам етиб келади. Жевачининг фарзандларига кўникиб қолган тоғ бургутининг болалари ҳам тез орада бу ерга етиб келишди.
Нурота тоғларида яшиллик пайдо бўлди. Далалардан моллар тўйиб қайта бошлашди. Болалар кулгуси эшитилди, осмонда варраклар кўринди.
Қормиз болаларнинг ишларини кўриб қувонарди. Улар худди оталаридек ҳар бир ишни тиришиб, жон-жаҳдлари билан адо этардилар.
Турли томонларга тарқаб кетган одамлар Кўҳнабозор қишлоғини Совуқбулоқ атрофида қайтадан барпо этишди.

* * *

Орадан йиллар ўтди. Ниҳоят Абдужаббор тўқсоба, Абдураҳмон жевачининг невара-чеваралари озодликка эришишди.
Бугунги кунда юрт осмонида мағрур тоғ бургутлари баланд парвоз этмоқда. Боболари-момолари эркинликни орзу қилган Ватанда халқ бахтиёр яшамоқда.
2001 йил. Тошкентга, Мустақиллик байрами тантаналарида қатнашиш учун юртимизнинг турли туманларидан меҳмонлар келишган. Мустақиллик майдонида буюк Истиқлолнинг ўн йиллиги нишонланмоқда. Саҳнада Ватан ҳақида қўшиқ куйланмоқда. Уни Жиззах вилояти Фориш туманидаги 5-мактаб мусиқа ўқитувчиси Олимжон Давилов ижро этмоқда. У Абдураҳмон жевачининг набираси. Саҳнада унинг 15 нафар ўқувчи қизлари рақсга тушишмоқда. Осмонда мушакбозлик авжида. Олимжон боболари орзу қилган озодлик ҳақида жўшиб куйламоқда. Унинг кўксида “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” нишони ярқираб турибди.
Мустақилликнинг биринчи йили Олимжон бошчилигида Абдураҳмон жевачининг неваралари Самарқанд шаҳ¬ридаги Мурод авлиё қабристонига Кўҳнабозор тупро¬ғидан олиб бордилар ва боболари мозорига сепдилар. Улар Мурод авлиё қабристони ботир, қўрқмас, Ватан озодлиги учун жонини қурбон қилган боболарининг мангу маконига айланганини саксон беш йилдан кейингина билишди.


КАМТАРИН УСТОЗ ЭДИ...

...Дунёда адабиёт билан яшайдиган фидойи, айни пайтда ўта камтарин инсонлар бор. Анвар ака Жавлонов шундайлар жумласидан эди. У киши билан қачон учрашиб қолсак, гурунгимиз адабиёт ҳақида бўларди. Бир куни Анвар ака ҳаяжонланиб Журжи Зайдоннинг Илҳом Султонов таржимасидаги “Ал-Амин ва ал-Маъмун” романи ҳақида гапириб қолди. Сездимки, устоз ал-Хоразмий ҳақидаги ҳикоялар тўпламига янги маълумотлар тўпламоқда. Яна бир куни мунаққид Қозоқбой Йўлдошевнинг “Ёниқ сўз” китобини излаб атай Тошкентга келганида учрашиб қолдик. Англадимки, устоз яна бир нималарни ёзишни режалаштириб турибди.
Афсуски, шафқатсиз ўлим энди олтмиш ёшдан ошган, қалами чархланиб турган, адабий орзулари бир олам Анвар Жавлоновни орамиздан олиб кетди. Анвар акадан сандиқ-сандиқ қўлёзма қолди. Анвар акадан бири биридан ажойиб ҳикоялар, мақолалар, ҳажвиялар, қиссалар қолди. Анвар акадан оқил фарзандлар, ширин-шакар неваралар қолди.
Анвар Жавлонов ўзининг киндик қони тўкилган Фориш тумани тарихи билан астойдил қизиқарди. Бизга Жиззах қўзғолони ташкилотчиларидан бири бўлган форишлик афсонавий Абдураҳмон жевачи 1916 йилнинг 25 июлида осиб ўлдирилгани маълум эди, холос. Анвар ака жевачининг авлодларини қидириб топди, улар билан суҳбатлашди, айрим тарихий маълумотларни қайта-қайта текшириб кўрди. Муаллифнинг ўн йилдан ортиқроқ давом этган изланишлари самараси ўлароқ “Тоғ бургути” деб номланган тарихий қисса яратилди. Мазкур қисса илк бор ўқувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Абдуқаюм Йўлдошев

Qayd etilgan