Eshqobil Shukur. Hamal ayvoni  ( 22549 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  04 Yanvar 2011, 09:54:50

Eshqobil Shukur. Hamal ayvoni



Muallif: Eshqobil Shukur
Hajmi: 823 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Margiloniy  02 Fevral 2011, 12:04:27

ЭШҚОБИЛ ШУКУР

ҲАМАЛ АЙВОНИ


Шеърлар ва достон

“Шарқ” нашриёт-матбаа
акциядорлик компанияси
Бош таҳририяти
Тошкент — 2002

Китобга иқтидорли шоир Эшқобил Шукурнинг турли йилларда битилган шеърларидан намуналар киритилди. Шеърларда инсоннинг руҳан озодлиги, калб кечинмалари бадиий талқин этилади.
Шоирнинг шеърлари мажозий сифатлари, халкнинг қадимий оҳангларини ўзига сингдиргани билан айрича гўзал бир манзара ҳосил килади. Сўфиёна нақллар фикрлар талошида сувратланадики, бу ҳол назм ҳамиша илоҳиётдан сув ичажагига ботинда яна бир карра ишонч уйғотади.


ҲАЁТГА ҚАСИДА

...лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани...
Қара, қандай мовий шамол ёллари,
Қандай ширин ухлар момақалдироқ.
Музликлар кулгуси қандай оташин,
Қандай сўзаналар тўқийди чакмоқ.

...лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани...
Қайғу чимилдиғин гуллатар севинч,
Кулдан униб чиқар гулкапалаклар.
Шойи шафақларга ўранар юрак,
Ойнинг никоҳ тўйин бошлар малаклар.

...лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани...
Тингла, қандай оҳанг басталар бўшлиқ,
Ва қандай табассум қилади зулмат.
Хазон рутубати қорайтирган ер
Юзига майсадан тортади чиммат.

...лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани...
Барини, барини кўзларингда жамла,
Сен бу тирикликни тингла ва англа.

...лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани...
Сен сувни тинглаб кўр, англаб кўр сувни
Гунгларнинг тилида музлаган овоз,
Кўрларнинг кўзига кўмилган ранглар
Сувнинг ранги билан товушига мос.

...лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани...
Дарахтларни тингла ва англа,
Бир айтган қўширин такрор айтмаслар
Ям-яшил оҳанглар, ям-яшил сўзлар
Мовий чексизликда яшил рақс тузар...
Аммо... мен шу лаҳза умрида кўрдим:
Шифтидан дард томган касалхонада
Армондай тизилиб турар дарахтлар,
Шифокор қабулин кутарди улар...
Шифтига жон тирмашган касалхонанинг
Оппоқ халат кийган хоналарида
Осма уколларнинг остида ётган
Дарёларни кўрдим... сариқ дарёлар...
Кучли иситмадан қайнаб бораётган
Кўзлари киртайган, ориқ дарёлар...
Барини, барини кўзларингда жамла,
Сен бу тирикликни тингла ва англа

...лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани...
Тўрт унсур гўзали париваш олов
Қайларга кетмокда ҳавони кечиб?..
Табассум товушин, йиғи зиёсин
Суяк қадаҳларда май каби ичиб.

...лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лахзани...
Қара, қандай мовий шамол ёллари
Қандай ширин ухлар момакалдироқ.

Музликлар кулгуси қандай оташин,
Қандай сўзаналар тўқийди чақмоқ.

...лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани...


ЧАНҚОВУЗ

Тилим тийилди менинг, сўзим қийилди менинг,
Пўлат тил топиб олдим, ҳаво сўз топиб олдим.

Чанқовуз чанқаб колди –
Кўз ёшга чайқаб олдим.

Чанқаган оғзим менинг, чарнаган* ўзим менинг,
Калбнинг ёруғ қаъридан синмас тил топиб олдим.

Чанқовуз чанқаб қолди –
Дардимга чайқаб олдим.

Корачақмок чўқилаб бағрим ўйилди менинг,
Тилим тийилди менинг, сўзим қийилди менинг.
Пўлат тил топиб олдим, ҳаво сўз топиб олдим.

Чанқовуз чанқаб колди –
Оловга чайқаб олдим.
1986


* * *

Кўнглимни тошга ёрдим,
Тошлар синди-я чил-чил.
Сув ичгали кўзимга
Кушлар қўнди-я бир-бир.

Тушимни сувга айтдим,
Сувлар ёнди-я лов-лов.
Чўғ тергали тилимга
Кишлар қўнди-я бирров.

Дардни ёмғирга айтдим,
Ёмғир тинди-я сим-сим.
Гул тергали кафтимга
Кизлар қўнди-я лим-лим.

Ишқимни ойга айтдим,
Ойлар тўлди-я гул гул.
Куй ичгали кўнглимга
Сўзлар қўнди-я бир-бир.
1983


ШОЛИ ҚЎРИҚЧИСИ

Чумчуқ, чумчуқ, шўртумшуқ,
Ҳоййо-ҳуйт! Ҳоййо-ҳуйт!
Тумшуғингни тошга тут,
Ҳоййо-хуйт! Ҳоййо-ҳуйт!
Шолипоя кўллаган –
Осмонлар чўкиб ётар,
Тилларанг балиқчалар
Юлдузга бўкиб ётар.
Ҳоййо-хуйт! Ҳоййо-ҳуйт!
Шамолга забон бериб,
Шолипоя чайқалар...
Сувнинг оҳангин териб
Куйлаб кетар бақалар.
Ҳоййо-ҳуйт! Ҳоййо-ҳуйт!
Кенг уйнинг бекачидай
Бошда тутлар қаппайган,
Туянинг ўркачидай
Четда чайла сўппайган.
Ҳоййо-ҳуйт! Ҳоййоҳуйт!
Кун иплари узилар
Нурдан кўпчир қишлоқлар,
Қизлар каби сузилар,
Бўйга етган бошокдар.
Ҳоййо-ҳуйт! Ҳоййо-ҳуйт!
1983


СУЮНЧИ

Ер каби куёшдан айланай,
Тунларим ойларга беланур.
Бир ажаб тўйларга шайланай,
Юрагим шодликка уйланур.
Суйганларим, суюнчи беринг.
Айланай, гулларнинг тилидан,
Кўзларимга ранглар тўлмоқда.
Юрагимнинг узун йўлидан
Ширин-шакар кунлар келмокда.
Суйганларим, суюнчи беринг.
1984


ЭНГ ҚАДИМГИ ҚЎШИҚ

Юлдузлар титрар, ҳайрон,
Осмоннинг ҳолига вой.
Қора кенглиқдан кечиб,
Қиз кўксига кўнди ой.

Қизнинг мармар танида
Пориллайди ол дурлар.
Минг тола сочга шўнғиб,
Чарс-чурс синади нурлар.

Ваҳм туш оғушида
Чайқалиб қўяр овул.
Кўзларини ишқалаб
Уйғонади қоровул.

Қизнинг қоқ кўкрагидан
Нур шарқирар мисли сой.
Эрийди... Адо бўлмас
Қиз кўксига қўнган Ой.

Юлдузлар дор ташлайди,
Қитиқланар юраклар.
Дунёни севиб қолар
Шивирлашган тераклар.

Овулнинг вужудига
Оқади оқ ёғдулар.
Йигит Ойга ташланар,
Кўлида олов ханжар.

Юлдузлар титрар, ҳайрон,
Осмоннинг ҳолига вой
Қизнинг кўксида қолди
Иккига бўлинган Ой...
1983


* * *

Жимгина ишона бошлайсиз менга,
Дард билан суяна бошлайсиз менга.
Қаро кўзингизда оппоқ бир гунох,
Бошингиз устида бўлайин паноҳ.
Бахтни асрагайман ўзимдан, бир кун
Сиз тўкар бахтдан зўр кўз ёшлар учун.
Жимгина ишона бошлайсиз менга,
Дард билан суяна бошлайсиз менга.

Майин ёмғирларга ёйиб сочларни,
Кутасиз қайтажак қалдирғочларни.
Сиз маъюс, ийманиб яқинлашар чоғ,
Елкам елка эмас, етмиш икки тоғ.
Жимгина ишона бошлайсиз менга,
Дард билан суяна бошлайсиз менга.
1982


СЕВГИНИНГ БИР КУНИ

Айланар оғир-оғир,
Оғир-оғир фалаклар.
Оғир-оғир силкиниб,
Куйлайдилар тераклар.
Ой сўнар аста-аста,
Аста-аста юлдузлар.
Аста-аста тебраниб,
Кириб келар кундузлар.
Учади енгил-енгил,
Енгил-енгил хаёллар.
Енгил-енгил сочингга
Шўнғийдилар шамоллар.
Уйлайсан ёниб-ёниб,
Ёниб-ёниб ўтар кун.
Ёниб-ёниб даричанг –
Саждагоҳга келар тун.
Тушларинг ширин-ширин,
Ширин-ширин мени бор.
Ширин-ширин таъбири:
Унинг мену сени бор.
Яшайсан бахтли-бахтли,
Дардли-дардли кутасан.
Дардли-дардли ўзингга
Шивирлайсан: «Севаман…
1981

РУҲИМ

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен қушларнинг тушларида кўринай,
Мен тушларнинг қушларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен тилларнинг гулларида кўринай,
Мен гулларнинг тилларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен тўйларнинг куйларида кўринай,
Мен куйларнинг тўйларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен кўзларнинг сўзларида кўринай,
Мен сўзларнинг кўзларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
1983

* * *

Тегрангда ер бўлиб айланар замон...
Юраклар, туйғулар қолмишлар сабил.
Қарайсан, қақшаган деразанг томон;
«Ў, яна ўшами... Ўша... Эшқобил».
Қирғоқлар қариди. Ўчди изларим.
Самовий чангларга айланди кўнгил.
Фақат эшигингни тирнар кўзларим:
«У, яна ўшами... Ўша... Эшқобил».
Не-не замонларни санар дақика,
Ҳаётга эртаклар бўлолмас кафил.
Фақатгина қолди битта ҳақиқат:
«Ў, яна ўшами... Ўша... Эшқобил».
Тегрангда Лайлилар овозалари,
Ойдин қайғуларга тутинган сингил.
Қулар юрагингнинг дарбозалари:
«У, яна ўшами... Ўша... Эшқобил».
У ёғи не бўлар? Бахтми, кўргулик?
Деразангдан нари бепоён, бедил
Ястаниб ётади шундай мангулик:
«Ў, яна ўшами... Ўша... Эшқобил».
Ўў янаа ўшаами ўшаа Эшқобиил.
1985


* * *

О, уятчан намозшомгуллар,
Шеърнинг дилбар сингилчалари...
Калбни суянг хайрихоҳ қўллар,
Шом гуллари — тун дарчалари...
О, уятчан намозшомгуллар,
Қўшиқ айтай шом чоғи сизга.
Дардларимни қўярсиз йўллаб,
Олис юртда қолган бир қизга.
О, уятчан намозшомгуллар,
Қизчалари Бибихонимнинг,
Ўлимгамас, шом чоғи йиллаб
Мен севгига бердим жонимни.
О, уятчан намозшомгуллар,
Гўзалликнинг пок қизчалари,
Супурмокда кўксимдан еллар
Синиб қолган юлдузчаларни.
О, уятчан намозшомгуллар,
Қўшиқ айтай шом чоғи сизга.
Дардларимни қўярсиз йўллаб
Олисдаги танишингизга...
О, уятчан намозшомгуллар...
1986


* * *

Сув устида, сувлар устида
Юракларим чисирлайди-ей,
Ишқ дастидан, ҳижрон дастидан
Суякларим қисирлайди-ей.

Ўт устида, ўтлар устида
Кўз ёшларим дарё бўлди-ей,
Ишқ қасдида, ҳижрон қасдида
Бардошларим адо бўлди-ей.

Тош устида, тошлар устида
Кўнглим эрир ой каби маъюс.
Ишқ фаслида, хижрон фаслида
Йиғла, Баҳор, менинг исмим — Куз.

Йўл устида, йўллар устида
Оёқларим юрак бўлди-ей,
Ишқ касридан, ҳижрон касридан
Умрим фақат тилак бўлди-ей.
1984


ТУГАЛЛАНМАЙДИГАН ШЕЬР

Бу юрак минг йилдан бери яшайди,
Сизни соғинади, сизни қўмсайди.
Кундан-кун қаттиқроқ севгиси келар,
Тошларга урилиб, сувларга чўкиб,
Чўғларга кўмилиб севгиси келар.
О, сиз бу юракнинг ватандошлари,
Ҳаводошларию, тупроқдошлари,
Очинг эшикларни, деразаларни,
Ахир, бу юракнинг севгиси келар,
Янада қашиқрок севгиси келар.
Унинг томирлари гуллаб боради,
Деворлари нурдан тикланиб борар.
Очинг чеҳраларни, очинг кўзларни,
Бойланган тилларин очинг сўзларнинг,
Ахир, бу юракнинг севгиси келар.
О сиз, бу юракнинг туйғудошлари,
Хаёлдошларию, осмондошлари,
Сизга қандай айтсин, қандайлар айтсин,
Бу юракнинг фақат севгиси келар,
Яна-да қаттиқроқ севгиси келар.
1985


БОЙМОҚЛИДА БАҲОР
Азиз акага

Боймоқлида майса ниш урар,
Оқшом йўлни чангитар пода.
Дарахтларда гуллар гуркирар,
Тўлқинлар тирилар дарёда.
Боймоқлида, қирлар остида
Кўз очади минг-минг қўзичоқ.
Яшилланган томлар устида
Келинлардай титрар қизғалдоқ.
Сингилларнинг сочини ўйнаб,
Енгил-енгил елар шамоллар.
Кечалари ўтмиши бўйлаб
Юриб чиқар ўтовда чоллар.
«Боймоклида баҳор! Бўлинглар!»
Чорлайдилар бир-бирларини,
Боймоқлида туғар келинлар
Ўзбекистон шоирларини.
1981


КЎПКАРИ

Ҳайт!» — деди, улоқ кетди,
Ўртада табоқ кетди.

Ногаҳон эл гуриллар,
Гуриллайди чанг-тўзон.
Ер ойнадай зириллар,
Отларга қолди майдон.
Сулув-сулув еллари
Сув ўтидай чайқалди.
Ёпинчиғин гуллари
Ёр юзидай сайқалли.
Ярақлаган яғринда
Семиз қирлар ҳарсиллар,
Туёкларнинг тиғинда
Қора чўғлар чирсиллар.

«Ҳайт!» — деди, улоқ кетди,
Ўртада табоқ кетди.

Чангакдай қўли билан
Куч чангаллар чавандоз,
Отининг ёли билан
Чангни чалар чавандоз.
Қора-қора қомати
Қорайиб кўринади,
Лекин чавандоз оти
Кўзларда суринади.

Ногаҳон эл гуриллар
Ер ойнадай зириллар,
Музлаб қолди саратон,
Қуёш қорга ботади.
Ичдан йиғлар чопағон
Оти ўлиб ётади.
“Ҳайт” – деди, улоқ кетди,
Қош ила қабоқ кетди.
Чавандознинг кўнглидан
Шом ила Ироқ кетди.
Бирдан кун қолди қариб,
Қил сиғмайди кўнгилга.
Отнинг ғамин кўтариб,
Отсиз қайтар овулга:
“Ўтдай ёнган дарага
Ўзин ташлаган кўнглим,
Гуриллаган даврада
Улоқ тишлаган кўнглим”.

Энди ғамли эрига
Сўз айтмасдан ботиниб,
Олти ой аза тутар
Чавандознинг хотини.
1983


* * *

Мен қўрқаман мажнунтолнинг аразлашидан,
Шохларининг титроғида йиғлар «Муножот».
Мен қўрқаман мажнунтолнинг аразлашидан,
Ўтинаман, ранжитмагин сен уни, ҳаёт.
Самоларга илтижолар йўллайман тунлар,
Кўзларимда сокин-сокин чайқалади дард.
Мажнунтолни четлаб ўтсин аразли кунлар,
Мажнунтолнинг япроғида ухлаб қолсин бахт.
Мен қўрқаман мажнунтолнинг аразлашидан..
1981


НОРБОЙ АКА МАРСИЯСИ

Икки дилга икки уя қўйган қалдирғоч,
Кўл-кўкайлар қуриди, кўк томирлар чириди.
Тошлар тегиб бу дунёдан тўйган қалдирғоч,
Қанотингда ёзлар куйди, қаҳратонлар қариди.

О, қалдирғоч, икки дилнинг оралиғида,
Ой-юлдузлар қотган кулга қолди айланиб.
Бу дунёнинг бир бетининг қоралигидан
Ер чангиди, осмон эса кетди лойланиб.

Икки дилга икки уя қўйган қалдирғоч,
Саринжини сайлаб ўтган дамларинг қани?
Тирамохдан кўйлак тикиб кийган калдирғоч,
Қизил-яшил ойга тўлган шомларинг қани?

Икки дилга икки уя қўйган қалдирғоч,
Кўк булутлар йўргаклайди фарёдларингни.
Хазонларнинг шўр сувидан тўйган қалдирғоч,
Йиғолмайсан тобут қисган қанотларингни.

Икки дилга икки уя қўйган қалдирроч.
1984


ХУДБИНЛИК

Яна чегарадан чиқиб кетибман,
Хавотир хуржуни кенг орқангизда.
Фақат пул экилган... Худбинлик ўсган,
Гул излаб юрибман томорқангиздан.

Яна чегарадан чиқиб кетибман...
Тилингиз ачишар куйган қўл каби,
Жилмайиб турарди менинг чеҳрамда
Мангу қовжираган ҳақиқат лаби.

Дейсиз: «Ҳаддингни бил, ҳар сўз хавфлидир»:
Факат шу сиздаги бор бунёдкорлик.
Менга чегарани бузмоқ завқлидир,
Сизга эса завқли эҳтиёткорлик.
1985


ДУНЁНИНГ ТИНЧЛИГИ

Ҳилол ухлаёттан пашшахонанинг
Бир буржин кўтариб термилади тонг.
Ҳилол ухлаётган пашшахонанинг
Ипига осилиб тебранар осмон.

Қовунлар тарсиллаб ёрилмай туринг,
Торларни тирнаманг, чирилдоқлар-ов.
Пардада Ҳилолнинг уйқусин кўринг,
Кўринг, қандай ухлар тунлари олов.

Еллар дарахтларни етаклаб келар
Тонгнинг қўли очган оқ остонага.
Етти иқлимни ҳам сиғдирса бўлар
Ҳилол ухлаётган пашшахонага.
1986


БОЙҚАРО. 1501

Эмраниб-энтикиб келдим қошингга,
Бесамар кунларим сочларин юлди.
Оғир бир савдолар қалқир бошимда,
Менинг юрагимда Навоий ўлди.

Куёшга сўзим йўқ. Сўзим йўқ ойга,
Сен менинг ҳолимга куясан, ҳаёт.
Ўзи ботармиди қоп-қора лойга
Оппоқ қушларини учирган Ҳирот.

Қошингга эмраниб келдим, ўзбегим,
Шоиринг кетдими мендан норизо.
Яхши бўлармиди халқин, ўзлигин
Шоирнинг қалбидан топса подшо.

Ўзбегим, биламан ҳаммасин, бироқ,
Билмагандан оғир энди билганим.
Минг бор ўлганингдан кўра хавфлироқ
Юрагингда шоир бир бор ўлгани.
1982


ТЎҚҚИЗИНЧИ ФЕВРАЛ

Мен эртага ўламан, она,
Агар, сен бу кеча бошимда
Ўзбек тилидаги қўшикларни айтиб турмасанг.
Мен эртага ўламан, она,
Агар сенинг келинларинг бу кеча
Буюк шоирларни туғмаса агар.
Мен эртага ўламан, она,
Агар сенинг бахшиларинг бу кеча
Тонггача тугатолмаса «Алпомиш» достонини.
Мен эртага ўламан, она,
Дарахт шохларида қушлар бу кеча
«Лисонут-тайр”ни такрор этмаса
Мен эртага ўламан, она.

Ухлай олмадим мен...
Бошимда қадимий қўшиклар айтдинг,
Келинларинг туғди улуғ шоирларингни.
Бахшилар... Нафаси тиқилиб бўғизларига
«Алпомиш» сўнгини айтдилар тонгда.

Қушлар... Дарахт шохларида титраган қушлар,
Навоий тилида гапириб чикди.
Мен ҳеч қачон ўлмайман. она!
1982


АЛЛА ТАРИФИ

Болам, бир қўшиқ бор дунёда, болам,
Илк бора отадай айтайин уни.
У қўшиқ энг буюк бир кундир,
Жаҳон шоирларин туғилган куни.

Болам, бир кўшиқ бор дунёда, болам,
Унинг офтобидан руҳингни бойит.
У қўшиқ энг буюк бир ойдир,
Жаҳон халқларининг туғилган ойи.

Болам, бир қўшиқ бор дунёда, болам,
Унинг куйларидан чиқсин-да, тилинг.
У қўшиқ энг буюк бир йилдир,
Жаҳон Ватанларин туғилган йили.

Болам бир қўшиқ бор, охангларидан
Ҳаёт кўкраклари туради ийиб.
Болам, у қўшиқни аёллар ҳар кун
Қуёшнинг сутига олади чайиб.

Болам, бир қўшиқ бор дунёда, болам..
1985


РУҲНИНГ ПАРВОЗИ

Ой бориб, омон қайт, кўнглим-а,
Тилимнинг остида эрир қайроқтош.
Қирқ қизнинг юраги титрар қўлимда,
Елкамга суянар қирқта ўн беш ёш.

Ой бориб, омон қайт, кўнглим-а,
Меҳр ўчоғида куяр бу жоним.
Олов сочиб турар бахтли қўлимда
Битта вужудимга қирқта виждоним.

Ой бориб, омон қайт, кўнглим-а,
Йўл олиб сафари бехатарлардан.
Мен ахир бир оға қирқта синглимга,
Ҳимоя қарзим бор кабутарлардан.
Ой бориб, омон қайт, кўнглим
1985


МЕҲРИНИСОГА АЙТГАН АЛЛАМИЗ

Алласин юлдуз айтсин,
Тун айтсин, кундуз айтсин,
Эна қиз ухласин, эна қиз...

Кемадай чайқалар беланчак,
Шамоллар солади ҳалинчак,
Эна қиз ухласин, эна қиз...

Очилиб-сочилар кечалар,
Эркалар нордон еб чечалар,
Эна қиз ухласин, эна қиз...

Қадамларга кулсин эшиклар,
Гўдакларга тўлсин бешиклар,
Эна қиз ухласин, эна қиз...
1984


ЯНГИ ЙИЛ ШЕЬРИ
Синглимга

Дон каби сепилди совуқ туманлар,
Оқ қорларни кийган йўллар чиройли.
Уйларнинг кўзлари деразаларда
Очилиб-сочилган гуллар чиройли.

Совук қотмадингми синглим, эгачим,
- Акажон, жонимдан ўтмокда аёз, -
Сеҳр-афсунларга етмади кучим,
Қорбобо эмасман, Эшқобил, холос.

Ялдо кечасида бир йилни чекдим,
Оғир-оғир эди бу кеча кўнглим.
Онам аллаларин эслаб энтикдим,
Уларни Тошкентда сен айтгин, синглим.

Боладай тинглай деб келдим қошингга
Унут қўшиқларнинг қаҳридан қакшаб.
Онам аллаларин айтгин бошимда,
Эгачим, айтиб бер онамга ўхшаб.

— Янги йил келмокда, ака, янги йил!
Ягона байрам бу, ғамгинсиз бироқ?
— Мени онам каби тушунгил, сингил,
Ахир, ўтган йилим ўйлатар кўпроқ.

Ҳа, бир йил руҳимдан кечиб бормоқда
Гоҳо шод, гоҳ маъюс палласи билан.
Кутмоғим зарурдир ҳар янги йилни
Онамнинг энг ширин алласи билан.

Ялдо кечасида бир йилни чекдим,
Қаршила, муштипар сўзларни тўшаб,
Онам алласини эслаб энтикдим,
Эгачим, айтиб бер онамга ўхшаб.

Бу йил ҳам сўнг манзил қошига борган,
Не топиб, неларни йўқотар кўнгил.
Сендан акангга деб бериб юборган
Онамнинг алласин йўқотма, сингил.
1985


* * *

Дарахтим, мен яна
қошингга келдим.
Қайтмас кунларимнинг хотири учун,
Умримнинг айтилмас бор сири учун.

Дарахтим, мен яна
қошингга келдим.
Япроқлар юзида ой нури ўйнар„
Атрофда бўғилиб сукунат йиғлар.

Дарахтим, мен яна
қошингга келдим.
Умрим эрталарга бўй чўзаётир,
Ўтмиш кунларимдан олдим хавотир,

Дарахтим, мен яна
қошингга келдим.
1983


ЎТМИШ БИЛАН МУЛОҚОТ

Қачон гулдирайсан, қачон, тегирмон,
Мунғайиб жавдирар бўшаган саноч?..
Юрагим, юрагим, бўла қолгин дон,
Қушлар чирқирайди... Қара, қушлар оч.

Эплай олмадик-ку, биронта шеърни,
Ширин ваъдаларни ичганмиз олдин.
Қушлар чирқирайди, куйдириб ерни,
Юрагим, юрагим, дон бўла қолгин.

Анграяр фалакнинг икки палласи,
Гулдиратар тушларимни тегирмон.
Қарсиллаб турибди қишнинг чилласи.
Юрагим, юрагим бўла қолгин дон.
1986


МЕНГИМ МОМОНИНГ ЙЎҚЛОВИ
Инқилоб даврида ватандан сургун қилинган, хорижда ўз-ўзига йўқлов айтиб, дунёдан ўтган Менгим момонинг гиряси

Тоғдан тошлар қулайди,
Кўздан ёшлар қулайди,
Қисматнинг қора қўли
Пешонангни силайди.
Вой, Менгим-а, шўр Менгим.
Увв!.. Ув!!!

Кўзингда Боймоқлининг
Суратлари қотади,
Кафанда жонсиз тана –
Тирик армон ётади.
Вой, Менгим-а, шўр Менгим.
Увв!.. Ув!!!

Сойларнинг бўйларида
Йирлаб учар овозанг,
Гўристонга қўриқчи –
Ўқилмаган жанозанг.
Вой, Менгим-а, шўр Менгим.
Увв!.. Ув!!!

Ғорларда ухлар шамол,
Қирларда йиғлар шамол,
Шамолнинг этагидан
Тутиб бўзлайди хаёл.
Вой, Менгим-а, шўр Менгим.
Увв!.. Ув!!!

Хотирангга олисда
Мунгли шам чарсиллайди.
Ота юрт соғинчидан,
Суягинг қарсиллайди.
Вой, Менгим-а, шўр Менгим.
Увв!.. Ув!!!

Қора кунга қора соч,
Ёяр бўлса сингиллар,
Кўзларнинг қирғоғидан
Тўкилади кўнгиллар.
Вой, Менгим-а, шўр Менгим.
Увв!.. Ув!!!

Тоғдан тошлар қулайди,
Кўздан ёшлар қулайди.
Қалбингдан бир чуқурга
Ой, қуёшлар қулайди.
Вой, Менгим-а, шўр Менгим.
Увв!.. Ув!!!

Ғарибликда, бойвучча,
Ўз-ўзингни йўқлайсан.
Қисматга биринчи бор
Отилгувчи ўкдайсан.
Вой, Менгим-а, шўр Менгим.
Увв!.. Ув!!!

Ҳув тоғлардан нарида,
Қирларда лола-шамлар,
Майсаларнинг баргида,
Дурдай ёнар шабнамлар.
Бойсунтоғнинг бошида
Қорлари ялтирайди,
Қояларнинг минг йиллик
Сувлари сирқирайди.
Вой, Менгим-а, шўр Менгим.
Увв!.. Ув!!!

Гўрим ўз юрагимда,
Юрақда бордир Ватан.
Қишлокдан кийиб келган
Кўйлагим бўлсин кафан.
Вой, Менгим-а, шўр Менгим.
Увв!.. Ув!!!

Вой, Менгим-а, шўр Менгим. Увв!.. Ув!!!
1981


* * *

Сочлари сумбул-сумбул...Сочлари...
Келбат кериб келаётган келиной,
Ой билан очиб кўнгил... қошлари
Ойнинг камин тўлаётган келиной.

Сочингизнинг савдолари бошимда,
Ичингизда сирлар кетди сиз билан,
Дардларингиз қолди менинг тошимда.

Хилъати тарақ-тарақ, хилъати
Ярақ-ярақ келаётган келиной.
Сарв ила бас бойлашиб келбати,
Сарвнинг камин тўлаётган келиной.

Сарв қаддингиз савдолари бўйнимда,
Очилмаган гуллар кетди сиз билан,
Бир ўчоғ чўғ қолди менинг қўйнимда.
Сочлари сумбул-сумбул... Сочлари...
1985


ТИНЧЛИК ҲУСУСИДА НУТҚ

Бир гўзал фаслда дарёдай тўлиб,
Буғдойзорлар бўйлаб шарқирайди нур.
Ўтган гуноҳларни кечирмоқ бўлиб,
Келасан, оламда салобат, сурур.

Биз бирга бўламиз эртакдагидай,
Кунлар ўтадилар осойишта.
Мён бахтнинг қироли бўлиб чиқаман
Бахтли кун аталган намойишга.

Умримни тўлдирди ғамгин қиссалар,
Ой кетдинг, ойлардан қайтгин саломат.
Жилмайиб туради стюардессалар,
Сен ерга қайтасан, ниҳоят.

Кайтасан, ярқирар менинг бошимда,
Бор тонглар нуридан терилган гултож.
Қора гулчамбардай яшнар бўйнимда,
Минглаб дилбар тундан йиғилган бир соч.

Емғирлар шиғалаб ёғар бағримга,
Тоғларим юзидан ўпар самолар.
Қачонлар хомталаш бўлган еримда
Кеза бошлайдилар улуғ сиймолар.

Биз бирга бўламиз эртакдагидай,
Кунлар ўтадилар осойишта.
Мен бахтнинг қироли бўлиб чиқаман
Бахтли кун аталган намойишга.
1982


ЁРИТҚИЧЛАР ҲАДЯСИ

Юлдузлар бир тилни ўргатди –
Синиб-синиб сувдай сочилгувчи тил.
Ой шафақ қонига ийланиб ботди –
Севги тандирида қизарди кўнгил.

Август кечаларин ягонасида
Мен сенга дардимни айтаман... Кутгил.

Кўнглимни бешикдай тебратди
Шафақнинг сувига чўмилган оқ гул.
Юлдузлар бир тилни ўргатди —
Юракдай-юракдай сўзлари бор тил.

Август кечаларин ягонасида
Мен сенга дардимни айтаман... Кутгил.
1983


* * *
Титроқ новдаларда уйғонар ҳаёт,
Сарғайган қор каби эриб битар дард.
Яшил туйғулардан чайқаласан шод,
Феврал ўтиб борар, яқинлашар март.

Мусаффо руҳингни алқайди қушлар,
Майсалар — ҳаётнинг ширин тиллари,
Уйқунгни тўлдирар энг гўзал тушлар,
Ойнинг нурларини силар қўлларинг.

Кунларнинг чиройи очилиб борар,
Очилиб борасан кунлардай гўзал.
Икки фасл сенинг кўнглингга қарар,
Кўнглингни авайлаб қисқарар феврал.

Унинг ҳиммати кенг, токи сен борсан,
Йигирма саккиз кун танти сайёрга.
Кундан-кун гўзалсан ва бахтиёрсан,
Феврал бир жуфт кунин сочар баҳорга.

Ҳавасим сенгадир. Шодлик ортмоқда,
Сарғайган қор каби эриб кетар дард.
Менинг юрагимдан феврал ўтмоқда,
Сенинг юрагингга кириб борди март.
1984


* * *

Кўнглим, мусичаи беозор кўнглим,
Севгидан толдингми, дарддан толдингми?
Кўнглим, мусичаи беозор кўнглим,
Итлар даврасига тушиб колдингми?

Етимнинг кўзидай кўзинг жавдирар...
Бутун вужудлари иборат тишдан,
Тегрангда хўжасиз итлар бақирар,
Суягин сўрашиб учаргул қушдан.

Ҳамдам этмоқ бўлдинг ахир ўзингга
Не-не мард инсонлар, не орифларни...
Не аччиқ қуюнлар ўйнар кўзимда,
Аёлдай-қарғайман тасодифларни.

Кўнглим, ташқарида оғрир умидлар,.
Сувлардан қайтиб ол тилакларингни,
Мунча, мунча ҳавас қилмаса итлар,
Гулнинг дарддай юмшоқ суякларини.
1986


ҚАНИ СЕНИНГ ОВОЗИНГ

Гитаралар янгради,
Сўнг сеторлар ингради.
Залда қўллар ҳайқирдилар:
Қани, сенинг овозинг?

Бомбалар портладилар,
Қабрлар додладилар,
Микрофонлар титради нотиқларнинг сўзидан,
Қани, сенинг овозинг?..

Тўқнашиб қолдилар: кўкда юлдузлар,
Кўчаларда — бири-бирига ўтмиш,
Бири-бирига келажак кўзлар,
Кашф этиб оламда сўнгги овозни.
Қани, сенинг овозинг?..

Бўронлар бўкирдилар,
Булутлар тўкилдилар.
Улкан муз уммонига айланади Ер.
Ҳаволар йиртилдилар,
Чақмокдшр дарёдай оқар, гулдурар.
Қани, сенинг овозинг?..

Овозга айланади гунгларнинг имолари,
Гумбурлаб портлаб кетар сукунат даҳолари.
Қани, сенинг овозинг?..

Қани, сенинг овозинг?!
Чорлайман, бўғзимга тиқилар тоғ-тош.
Кўзим қирғоғини тўлқинлар бузар.
Кўксимга медалдай осилар бардош,
Овозга айланар қулоқлар, кўзлар.
Қани, сенинг овозинг?..

Қани, сенинг овозинг?!
Тилимни едирдим тўтиқушларга,
Оғиз бўшлиғимда бақирар юрак.
Умримни алишдим ширин тушларга.
Бутун халқ йўқотган энг гўзал эртак —
Қани, сенинг овозинг?..

Қани, сенинг овозинг?!
Бетховен қулоғин очгувчи оҳанг,
Туманлар ортида чарсиллаган нур;
Соҳир коинотда саккизинчи ранг,
Уммонларнинг бағри бой беришган дур,
Қани, сенинг овозинг?..

Қани, сенинг овозинг?!
Майлига, бекор гап севгинг, дил розинг,
Ақалли бир товуш... Бирон калима...
Қарсиллаб синмасдан, чорлар овозинг,
Музтоғлар ичида қолган бир кема. —
Қани, сенинг овозинг?!

Қани, сенинг овозинг?!
Фалаклар кашфидан йироқмидинг сен,
Виждонлар ташвишга тушмоқда бу кун,
Сенинг овозингни чорлаяпман мен,
Оламни ғамлардан қутқармоқ учун.
Қани, сенинг овозинг?..
1981


НОМУКАММАЛЛИК

Чорладинг...
Овозсиз оққанда йўллар,
Чорладинг — ҳилпираб
Байрокқа айланди қўллар.
Мен йўқ эдим.
Чорладинг —
Оламнинг яқини ва олисидан,
Сен кўп деб жаҳоннинг аҳолисидан...
Мен йўқ эдим.
Севги!
Тилимга кирма, Севги.
Оёғингнинг тирноғи билан
Юзингни тирна, Севги.
(Бир қадам ораси севги, нафратнинг)
Қарғишларнинг шамоллари қорайиб елар.
Мени нафратнинг ис босган гулларига,
Ифорлар деб шодмон кўмганингда —
Мен йўқ эдим.
Кечанинг кундуз билан жанжалларида,
Йўқолган кунларнинг ичида,
Йўқотилган кунларни излаб,
Калака бўлардим зарфишонларга
Мени қора шамол билан қувлаганингда —
Мен йўқ эдим.
Нафрат!
Тилимга кирма, Нафрат,
Қушларнинг кўпчиган патлари билан
Юзингни тирна, Нафрат.
Юракни иккига бўлдинг олмадай,
Бир ёни чорласа, бир ёни қувлар,
Бари бир йўқ эдим.
Туманга айланган бир сирли ўғри
Калака қиларди ёритқичларни.
Кундуз озиб кетди, тун озиб кетди,
Туманнинг гупчайган ўғри халтаси
Семириб борарди озғин кун-тунда.
Вужуд эмас, руҳнинг манфаати деб
Фалак мулкин қилар суиистеъмол.
Севги...
Тилимга киргин, Севги,
Ҳар кун мен келтирган нурдаста билан
Нафратни супургин, Севги.
Ўттиз биринчи декабр куни,
Айтганингдай —
Маъюслик, шодликнинг кўришув куни
Учрашдик, томорқада эмас,
Ерда ё коинотда эмас,
Севгида учрашдик, ўттиз бирида,
Мен бор эдим.
Эртага янги йил, - дединг сен,
Янги йилга ҳали битта умр бор,
Янги йилга қадар бутун севги бор,
Ўттиз биринчи декабр туни,
Айтганингдай —
Хотира, умиднинг тутиниш туни
«12» рақами қил кўпригидан
Биринчи ой сари ўтиб кетдинг сен.
Ўн учинчи ойга ўтиб кетдим мен...
Туман адаштирар ва адашади.
Севги...
Ўзинг биласан, Севги,
Нега қарғаб-қарғаб ва куйиб-куйиб
Нафратга дугона бўласан, Севги.
Туман ёлғиз эди, энди ўғримас,
Ойнинг меҳробига қилар ибодат.
Сира сесканмасди, сескантирарди,
Қўлида музлаган ўлик юлдузлар,
Тупукка ўхшарди кўзидаги ёш.
Бўшлиқда сарбасар учар, куйинар
Юз йилнинг тўзғиган куюк патлари...
Севги юз йил олдинда эди,
Туман эса юз йил орқада,
Қотиб қолган эди ўн учинчи ой.
Севги!
Дунёни оловли қучоқларингда
Қаритдинг, Севги!
Энди орқага қайт, юз йил орқага,
Ўн учинчи ойни эритгин, Севги!
1986


ҚАРИЯНИНГ ЎЛИМИ ХАҚИДАГИ ХАБАРДАН СЎНГ

Қ а р и я: Имонини берсин,
Кўриниб қолмоқда сўнгги сарҳадлар,
Ситилиб кетяпмиз кекса улфатлар.

Ў р т а ё ш: Ёшин яшаб, ошин ошади, лекин,
Пари билмаганни билгувчи эди.
Бошимизни қўшиб тургувчи эди.

Й и г и т: Суйганлар бахтлидир, у чол даврида,
Тўй нафаси келар эди товушидан...

Б о л а: Энди эшагини ким минар экан?..
1981


ЗЎРАКИ ҚАҲҚАҲА
Тишларимнинг ўртасида,
Икки қилич ўртасида,
Чавақланар қаҳқаҳа
Ҳа! Ҳа! Ҳа! Ҳа...

Ойни тишлаб олдим мен,
Лабда юлдузлар қони.
Афлокда йўқолдим мен,
Ўлмаган кимнинг жони.

Вужуднинг занжирбанди
Кўкракдаги илоҳа,
Қобирғаларга банди —
Ҳа! Ҳа! Ҳа! Ҳа!

Қаҳкашонлар жим қолар,
Оловларни кечаман.
Лойдан ясалган қадах —
Юлдузларни ичаман.

Қаҳқаҳага алишдим
Умрлик армонимни,
Керак бўлса самолар
Тинглайди фармонимни.

Дарахтларнинг устида
Ухлайман, сақлайман жон.
Мен сенга шерик эмас,
Қувонмагин, Робинзон.

Вужудим чопиб борар
Қилдай арқон устида.
Юрагим қолиб кетди
Ёмғирларнинг остида.

Мени ташлаб кетдингми,
Меҳробдай топинганим,
Севгидан зўр илоҳа?!
Кет, сенсиз ҳам бахтлиман.
Ҳа! Ҳа! Ҳа! Ҳа!

Гуллар, нега кулмайсиз,
Ёзинг ғамгин кўнгилни,
Арилар топиб келар,
Қочиб қолган қотилни.

Юлдузларга кўмаман,
Ғариб қолган бу тунни.
Сўнг қитиқлай бошлайман,
Совуқ қовоқ қонунни.
Мени ташлаб кетмасанг,
Гаровдаги қахқаҳа,
Икки дунёдан зўрман.
Ҳа! Ҳа! Ҳа! Ҳа!
1982


МУВОЗАНАТ

Бу тор хона эмас, балки бу осмон,
Юлдузларни гулдай сочмоқда шамол.
Юрагимга етиб келдингми омон,
Эшикка суяниб жилмайган аёл.

Руҳимда олмалар гуллади тўлиб,
Ногаҳон гуллаган эшик сингари.
Тафтли қўлларингдан тутмоқчи бўлиб.
Юлдузлар қитиғин қўзғар қўлларим.

Менинг дунёларим қанча бетартиб,
Сенинг дунёларинг шунча саришта.
Бекасиз самога бергали тартиб
Ортингдан келмоқда кирқ минг фаришта.

Бу тор хона эмас, балки бу осмон —
Юлдузлар сувидан тўйинган хаёл,
Қушлар тумшуғида титраб турар тонг,
Эшикка суяниб жилмаяр аёл.

Руҳимдан булоқлар чиқади сизиб,
Ногоҳ эриётган осмон сингари.
Мадонна суратин турарди чизиб,
Изтироб рангларин териб кўзларим.

Қирқ ўрим сочининг васфига, илло,
Ҳофизлар юраги бўлди қасида,
Оврупони берар Микеланжело
Ўрта Осиёнинг мадоннасига.

Бу тор хона эмас, балки бу осмон,
Ўн беш дақиқада ой топган камол.
Олтмиш минг томирдан сачраб кетар қон
Эшикка суяниб жилмаяр аёл.

Кўзлари руҳимга оловни қалаб,
Киприк-ла чўғларни тортадилар хўп.
Қўллари осмондан юлдузлар тилаб,
Уларнинг чангини артадилар хўп.

Пастда зулмат, бўшлиқ макон қурибди,
Бу ерда ҳаёту, у ёкда завол.
Икки жаҳонимни суяб турибди
Эшикка суяниб жилмайган аёл.
1984


БОБОДЕҲҚОН

Кўпчиган тупроқда қақрар саратон,
Баҳор тебратади рангпар ҳавони.
Олти ой олдинда қақшар қаҳратон,
Кузгача омон элт олти дарёни.

Бўронда кемадай турар силкитиб,
Атом, нейтронлар ваҳми асрни.
Улардан юракка қўйдинг бекитиб
Икки қўлингдаги тўртта фаслни.

Баҳорга сарғайиб қарар саратон,
Яшил чанглар сачрар рангпар хавога.
Олти ой олдинда турган қаҳратон
Кузгача қон берар олти дарёга.

Кимлар сақлаб қолмиш кўнглинг тўлмайди
Совуқ урушлардан кўлмак наслни.
Бу телба асрга бергинг келмайди
Икки қўлингдаги тўртта фаслни
1982


ҲАЙДОВ

Қўйлар булутларни ичиб қўйдилар
Майсаларнинг яшил қонига қўшиб.
Иссиқ юлдузлардан қирлар тўйдилар,
Июн ўтиб борар ҳовлиқиб, шошиб.

Яшил чимилдиқнинг оҳори синди,
Адирлар бевадай қолди мунғайиб.
Қуёшнинг бўғзидан учган қиринди —
Куйган ўт-ўланлар ётар сарғайиб.

Чўлни боғлаб олиб ҳуштакларига
Палахмон тошидай ўйнатар қуюн.
Кунларини ўраб пўстакларига
Қора терга тушиб ҳарсиллар июн.

Июн силкитганча олов таёғин,
Ҳайдайди пишқириб, ҳайдар беомон
Чўпону қўйларни – доғлаб оёғин –
Июлнинг кўкарган торлари томон.
1987


НАСИБА

Ҳаво чангларини чалиб боради
Чўпоннинг ўйноқи заранг таёғи.
Хуржуни ойларга тўлиб боради,
Эшакнинг қорнида ўйнаб оёғи.

Ортида итлари ғингшир, ҳурпайган
Жунларида кўпчиб пуфак юлдузлар.
Чўпоннинг таёғи тешган осмондан
Кўзиқоринлардай тўкилар излар.

Саҳро томирлари титраб қолади,
Чўлнинг ҳам ўз бахти бордир ҳар қалай.
Чўпон кўкка юзин ювиб олади,
Хуржунга қарайди – хуржун тўла ой.
1987


ЎТОВ

Зап қориндор ўтов қўйнида
Болаларин ухлатди чўпон.
Оёқ тираб ўчоқ бўйнига
Қурбақадай биқирлар қумғон

Чангароқда ғуж-ғуж юлдузлар
Ғинғиллайди боларилардай,
Ҳансирайди дағал кигизлар,
Суйкалганда совуқ қотган ой.

Увуқларни – қоқ суякларни
Тишлаб олиб, сўнг қочар шамол.
Кафтда эзиб иякларини
Тепаликлар суради хаёл.

Кундузларни ўчоққа қалаб,
Тун юзига сепганча олов,
Музлаб колган чўлни елкалаб,
Букчайганча кетмокда ўтов.
1987


ЁМҒИРДАН ОЛДИН

Шомдан сўнг, ёмғирсиз кунлардан ўксиб,
Ҳориб ўтовига қайтди чўпонлар.
Оёғи остига ой нурин қалаб,
Ўзига ўт қўйди зарҳал қўтонлар.

Қўтонлар ярқирар, ёнар товланиб,
Ёғдуларни қуйиб найлар оғзига.
Кетар майсаларнинг туши доғланиб,
Еллар куй пуфлайди найлар бўғзига.

Ўтовнинг хузурли қучоқларида
Оёқлар чигилин ёзар чўпонлар,
Чўлнинг зарҳал тусли байроқларидай
Найларнинг тизмаси – ёнар қўтонлар.

Бўйни, оёғидан боғлаб ташланган,
Қўйлар қулоғидай тешилган тили,
Минг-минглаб найларнинг тўйи бошланди,
Бешикдай тебратиб ухлаган чўлни.

Нурларда ярқираб ёнган қўтонлар
Ичра ой ёнбошлар — уй тиккан ҳумой.
Туйнукдан юрагин отди чўпонлар:
«Хайрият, хайрият, қўтонлади ой».
1987


НАЖОТ

Булутлар қорларнинг қўйнида ухлар,
Чўл қисирлар аёз қамчиларидан.
Қирлар тун бетига уфурган уҳлар
Музлайди изтироб томчиларидай.

Чўпон ҳолдан тойди... Йўл мунча узоқ...
Осмонларга учиб кетганми ўтов?
Умидлар музлайди, музлайди титроқ,
Кўнглида аёли, болалар — еттов.

Кўкйўтал тутгандай кўкаради тун,
Адашган нурларнинг йўлини тўсиб.
Музлаётган чўпон елкаларидан
Улкан, оппоқ бир тоғ чиқмокда ўсиб.
Чўпон елкасида – тоғ орасида,
Икки қўллаганча, қаддин этиб ёй,
Кенг, баҳайбат осмон тоғорасида
Чўғ олиб югуриб келаётир ой.
1987


ЧЎЛДА

Тун осойиш қўзғалиб шамол,
Юлдузларни эркалаб овлар.
Тўхтамдаги сурувлар мисол
Ўз майлида мизғир ўтовлар.
Мен бу ерга ёнгани келдим.

Майсаларнинг чиқар оёғи,
Етаклайди еллар татамлаб.
Чирилдоқлар жуда сайроқи,
Ой нурларин йиғай тутамлаб...
Мен бу ерга елгали келдим.

Чўлнинг мансабдори бўлгудай
Тиканлар боради қоринлаб.
Ўтиб қолсанг ҳамла қилгудай
Ҳурпаяди туяқоринлар.

Мен бу ерга кўргани келдим.
Юрагимни бунда авайлаб
Оймома нур йўргакка ўрар.
Сочларига кенг тунни бойлаб,
Ҳув ўтовда бир сулув ухлар.
Мен бу ерга суйгани келдим.

Мен кираман қизнинг қалбига,
Сезиб-сезмай қўяди овул.
Сўнг хўрозлар тонгнинг хаққига
Узун-узун чалади довул.
Мен бу ерга куйгани келдим.

Тун одоғи. Ой ботиб борар.
Юрак ботар ой каби тўлмай.
Тоғ бошида тонг отиб борар,
Ҳаловатдан қоламан ўлмай.
Мен бу ерга ёнгани келдим.
1987


***

Шикаста-шикаста гул пошикаста,*
Шокила-шокила кокиллари зар,
Синсила-синсила сумбуллари зар.

Шикаста-шикаста гул пошикаста,
Зор-зор кўзларимга тўлди ҳовучим,
Кўнгил экиб борар йиртиқ ковушим.

Шикаста-шикаста гул пошикаста,
Кўзимда нафармон ой синди найлай,
Бўғзимни қонатиб най синди найлай?

Шикаста-шикаста гул пошикаста,
Жон каби тўкилиб кетди кўзларим,
Чўғлардай сочилиб кетди изларим.

Шикаста-шикаста гул пошикаста,
Булбулнинг оғзига тўлди товушим,
Кўнгил экиб борар ҳамон ковушим.

Шикаста-шикаста гул пошикаста...
1987


***

Ойсултон, Ойсултон, хушбахт бўлурмиз,
Сочинг тўлқинида ойлар сузарлар.
Эшилиб юлдузларнинг зар ёллари
Кўзинг осмонини безарлар...

Ойсултон, Ойсултон, хушбахт бўлурмиз,
Лабингдан қон тилар тоғ лолалари.
Тошдай садоқатинг хақда куйлайди
Торлардай титраган тош толалари.

Ойсултон, Ойсултон, хушбахт бўлурмиз,
Ёстиғинг ичига гуллар тўладир.
Сенинг шодлик рангли лабларинг билан
Менинг кўзларимда дунё куладир.

Ойсултон, Ойсултон, хушбахт бўлурмиз,
1987


РЎЗҒОР БУТЛИГИ

Тонгда тандирини ёқар келинчак,
Супрада етилар ботмон хамири.
Молхонада «мў»лаб қўяр эринчак
Елини тирсиллаб кетган сигири.

Чойчокда уялаб тўлронар тутун,
Қўрадан анграйиб қарайди қўйлар.
Келин мамлакатдай рўзрорнинг бутун
Ташвишин кўтариб югуриб елар.

Тип-тиниқ саҳарга барри тўлади,
Шундай адо этар вазифасини:
Келин тонгда туриб йириб олади
Дунёнинг бир кунлик насибасини.
1987


ЧИМИЛДИҚ

Чимилдиқ торлари силкинди,
Кемадай қалқийди чимилдиқ.
Шамолга ёй алвон елканни,
Хушбўй ҳаволарга чўмилдик.

Сочала сочингиз, сочала,
Сепини очингиз, чечалар.

Қудалар ноз қилиб керилган
Қозоннинг бошида капкирдай,
Куёвнинг пулидан тирилган
Остонада ўлган кампирдай.

Сочала сочингиз, сочала,
Сепини очингиз чечалар.

Оталар эшикда тортиниб,
Йўл бўйига ўтин қалатар.
Ичкарида кулиб, қимтиниб,
Янгалари шакар ялатар.

Сочала сочингиз, сочала,
Бизни ҳам алқанг-да чечалар.

Чимилдиқ торлари силкинди,
Чимилдиқ, йўлга соч гулингни.
Куевнинг қомати кўринди,
Янгалар туртади келинни.

Сочала сочингиз, сочала,
Сепини очингиз, чечалар.

Кемадай қалқийди чимилдиқ,
Ёнади мой тўлган ўчоқлар.
Тўйнинг ҳавосига чўмилиб,
Қошини қоқади бўйдоқлар.

Сочала сочингиз, сочала,
Бизни ҳам тингланг-да, чечалар.
1987


ОЛАПАР

Олапарни шундоқ кўзим олдида
Отдилар — дўстини болалигимнинг...
Онам ўргатгандай: «Рози бўл» дедим,
Шу илк бор розилик сўрашим менинг.

Жигарранг, аламлик кўзларин тикиб,
Олапар видолар айтаркан бесўз...
Бирдан ўқ отилди. Ортга бурилдим —
Елкамга кадалиб қолди икки кўз.

Йиллар ўтиб кетди. Ўз ўтмишим бор —
Кечганим гоҳ душман, гоҳо дўст билан.
Мен энди қарайман болалигимга
Елкамга қадалган бир жуфт кўз билан.
1985


БИБИЗИЛОЛ ҲИКОЯТИ

I

Эри ўлди Бибизилолнинг...
Келинчаклик даври ўлди,
Беланчаклик ўйлари ўлди.
Кун — мотам. Тун — мотам.
Йиғининг қанотлари улкан,
Кулгунинг лаблари йиртилган.
Эри ўлди Бибизилолнинг...
Ойдай тўлган дамлар тўкилди,
Сойдай кўздан ғамлар тўкилди.
Кун – йиғи. Тун – йиғи.
Тонглар синди, шомлар сўкилди,
Ой — ёғий. Кун — ёғий.
Лаҳзалар — ёғий.
Эри ўлди Бибизилолнинг...

II

Йил ўтди.
Эри ўлган Бибизилолнинг.
Келинлиги бешиқда ўлган,
Орзу-ҳавас тўшакда ўлган,
Дийдорлар эшикда ўлган.
Кун оғир, Тун оғрир,
Куяди бағир.
Оғир...
Ахир
Йигит ўлган.
Эри ўлган Бибизилолнинг.
Совчиларни ёғди тўрт тараф,
Қуп-қуруқ елинни соғди тўрт тараф.
Кун — раддия. Тун — раддия,
Бибизилол қасам кўтарди:
«Агар эрга тегсам,
Отам эрим бўлсин», — дея
Сўнгра ўзга йўлга оғди тўрт тараф.

III

Йиллар ўтдилар.
Эри ўлиб кетган
Бибизилолнинг.
Дунё-да, бечора ёш қолган,
Эр кетган, кўксида тош колган.
Эр деб эримайди бу тош,
Қўр еб қаримайди бу тош.
Қаранг, қаримайди бу тош.
Кун ўтар. Тун ўтар.
Яралар битар.
Яралар ўтмиш.
Яралар – ўтмиш.
Эри ўлиб кетган Бибизилолнинг...
Ёлғизлик жонларга тегар-ку,
Бу дунё қонларга тепар-ку.
Ёлғизликнинг ёллари узун,
Аёл кўнглин торлари узун.
Ёлғизлик, ёлингни елга тут,
Дунё, аёлингни эрга тут.
Тун — хоҳиш.
Кун майин.
Бибизилол қарор кўтарди:
«Иштоним увада бўлиб қолди-ку,
Менга иштон олиб бер, қайин».
Эри ўлиб кетган Бибизилолнинг.

IV

Кўксингда ётган тош эриди,
Кўзингда қотган ёш қариди.
Бибизилол, касаминг қани?
- Қасами қасноқ-да,
Ошни е, дунё.
— Эрингнинг тўшаги ёзилди,
Бегона оёқлар босилди.
Бибизилол, қасаминг кани?
— Қасамни қусмокда,
Қистама, дунё.
— Йиғилар йиғилиб буғланар, йитар,
Тилинг ўз сўзидан булғанар кетар.
Бибизилол, касаминг қани?
— Қасами қасами,
Қистама, дунё.
— Ҳаром ўлган қасамингни менга бер.
Ошалмаган ошамингни менга бер.
Бибизилол, қасаминг қани?
— Қасами қассобда,
Тошни е, дунё.
— Йиллар ўтдилар.
— Аввал ҳам эри бўлганмикин,
— Ўша эри ўлганмикин
Бибизилолнинг.


ИККИ ҲОЛАТ

У заминга сиғмай қолди. Вужудни қистар,
Парвозга чорлаб,
Осмонларга учиб кетмоқни истар
Заминни қучоқлаб.

У заминга сиғмай қолди. Вужудни қистар,
Парвозга бошлаб,
Осмонларга учиб кетмоқни истар,
Заминни ташлаб.
1980


* * *

Иккимиз ялпизлар ичида эдик...
Беомон ўрдилар уларни,
Яшил доғлар қолди юзларимизда.
Иккимиз юлдузлар ичида эдик...

Бенарвон урдилар уларни,
Синиқлари кирди кўзларимизга.

Иккимиз кўз ёшлар ичида эдик...
Бу аччиқ ёшлардан, куюк ёшлардан
Ғийбат бозорларин безади улар.
Иккимиз сулб* тошлар ичида эдик...
Бу бахтсиз тошлардан, шўрлик тошлардан
Ўзларига ҳайкал ясади улар.
1984
_____________
* “Сулб” – мустаҳкам, қаттиқ маъносида.


* * *

Юракни уйғотиб юборинг...
Тинглайин юлдузлар қўнғироғини,
Майин қора ўтни кечиб ўтаркан,
Шамолларнинг нафис титроғи ила
Юракни уйғотиб юборинг...

Қора ҳаволарда ойдин хўрсиниқ,
Суйгум келаётир куйиб-куйиб мен.
Уйқулар оқади сув каби тиниқ,
Тушларни томоша қилай тўйиб мен.

Юракни уйғотиб юборинг...
Суйгум келаётир... Гул косаларга
Қуйиб кўзларимни ичар юлдузлар.
Парча-парча ойдай кулгулар билан
Ўн саккизга кириб туғилган қизлар,
Юракни уйғотиб юборинг...
1983


ОРАЛИҚЛАРДА

Кўнглим сувайдоси, кўзим сайгули,
Заҳри ҳам новвотей, чашми қиймочим,
Куйган устихонда ўстирган гулим,
Олам: «вижир-вижир», мен: — «ҳажр-ҳажр»,
сен — қалдирғочим.
Бағримни чангаллаб юлди чарновуқ,*
О бағри шамолим, чилторим чарнар.
Мен — қўли қуп-қуруқ қолган чирмовуқ,
Олам: — «қурей-қурей», мен: — «хорей-хорей»,
сен — етим турнам.
Кўнглим сувайдоси, кўзим сайгули,
Бу занжир товуши... айланмас тилим.
Сен — ғамнинг бир қўли, бахтнинг бир қўли,
Олам» — «чип-чип-чип», мен:”ғип-ғип...ғип...”,
сен — сукут булбули.
1986
____________
* Чарновуқ — қадимда тишни суғурадиган асбобни шундай аташган.


ИНҚИРОЗ

Ҳўкизнинг шохига урса, туби зирқирайди.
Халқ мақоли.

Кунгира-кунгира йиллар қадоғи
Сирқираб-сирқираб етар суякка.
Ернинг қўли етмас, кўкнинг оёғи
Ҳўкизнинг шохида турган юракка.

Тилларим ёлғон-а, кўзларим ёлғон,
Кел, гулдор рўмолин ёйганда фалак.
Ҳўкизнинг тубида кеча қатағон,
Шохида гумбурлаб уради юрак.

Кел...
Сумбула сувлардан сўрайди нафас,
Шамоллар сочларин эшмас кўкрақда.
Олтин тўға ҳўкиз бурнида эмас,
Шохлари санчилиб турган юракда.

Кўнгира-кунгира йиллар қадоғи,
Сирқираб-сирқираб етди суякка.
Менинг қўлим етмас, сенинг оёғинг
Ҳўкизнинг шохида турган юракка
1986


ҚИЗ ҚЎШИҒИ

Ёрилтошлар ёрилди,
Ёрилмадинг сен.
Бурим сочлар бурилди,
Бурилмадинг сен.

Бу фалак ёлғон экан,
Уйини — талқон экан.
Ёмғири ёқут эмас,
Бор-йўғи ёвғон экан.

Борса-келмас эврилди,
Эримадинг сен.
Қабр тошлар тирилди
Эримадинг сен.

Бу фалак ҳақрост экан,
Эрмаги — ихлос экан.
Анжуми инжу эмас,
Ўтли тош, холос, экан.
1986


УЛҒАЙИШ

Кўзлардан байроқлар ўсиб чиқади...
Онангнинг синглингга мерос рўмоли
Сенинг кўзларингдан ўсиб чиқади
Ҳилпираб ҳаволи-ҳаволи...
Кўзлардан байроқлар ўсиб чиқади.

Кўкракдан бир Ватан ўсиб чиқади...
Отангнинг авлодга мерос тупроғи
Сенинг кўкрагингдан ўсиб чиқади
Силкиниб залворли-залворли.
Кўкракдан бир Ватан ўсиб чиқади.
1983


СЕҲР

Кеча дилдан қолди, қолди-я, тилдан...
Ҳилол этагида йиғлаётган сен.
Қадимий оятлар битилган йўлда,
Эшқобил эмасман энди мен.

Денгизлар кўкариб тортади чилим,
Бахмал булутларни кияётган сен.
Олтин балиқчага айланди тилим,
Эшқобил эмасман энди мен.

Ғуборли туманлар чимилдиғида,
Олов қанотида титраётган сен.
Қара, кўзларимнинг топилдиғига,
Эшқобил эмасман энди мен.

Кеча дилдан қолди, қолди-я тилдан,
Нафас торларимда ухлаётган сен.
Қушдан илдиз олдим, қанотни гулдан,
Эшқобил эмасман энди мен.
1986


* * *

Қора холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.
Ҳофиз

Нимани истадинг, барини бердим,
Булутлар патидай кетдим сочилиб.
Ўзимни оламдай туганмас дердим,
Кўкрагим бўшлиқдай қолди очилиб.

Барини бердим-ку, мен энди йўқман,
Ҳатто томчи қони, на бир сўзи йўқ.
Ярим оғиз исмим бўлган чоғда ҳам,
Лутф ила тутгувчи қўлнинг ўзи йўқ.

Раъно, барин бердим ўзимда бўлган,
Боқасан кўп нарса кутиб дафъатан.
Кўкрагида фақат битта мушт қолган
Боши, оёғи йўқ мустамлакадан.
1983


* * *

Раъно, бу гулларни узмоғим учун
Ўн олти ёшимга қайтмоғим керак.
(Кўзим диёрида очилган гуллар.)

Қоғоз ўчоқларнинг қаҳрига ўтин
Кўлимда узилган гул каби юрак.
(Севгининг энг сўнгги гуллари титрар.)

Сен учун юз йилда хато килмасдан,
Бу нафис гулларни экмишдир худо.
(Кўзим диёрида очилган гуллар.)

Ўн олти ёшимга қайтиб бормасдан,
Уларни узмоққа ҳаққим йўқ асло.
(Севгининг энг сўнгги гуллари титрар.)
1984


МИННАТДОРЧИЛИК

Элдошларим...
Жон деса жон берган, элдошларим,
Айланайин берган жонларингиздан.
Менга Ватан берган, элдошларим,
Айланай берган Ватанларингиздан.
Элдошларим...
Менга қўш-қўш кўнгиллар берган,
Жуфт-жуфт ҳуркак сингиллар берган,
Элдошларим...
Умримга, кўнглимга маънилар берган —
Давра-давра оға-инилар берган,
Элдошларим...
Минг бора айланай ҳимматингиздан,
Сари зиёдалар бўлган давлатингиздан.
Элдошларим...
Бир кўркам ифорлар сочар йўлимга,
Бу иссиқ чеҳралар, ёруғ дийдорлар.
Аввал ўтиб борар менинг кўнглимдан,
Сизга етиб борган қишлар, баҳорлар.
Элдошларим...
Кўнглимга туморлар таққан, элдошларим,
Кўнглимга жонимдай ёққан, элдошларим,
Элдошларим...
Кечадан омонлик тилайман сизга,
Оқ дарёлар оқсин эшигингиздан.
Кундуздан омонлик тилайман сизга,
Тўданалар бўлай бешигингизда.
Элдошларим...
Менга сўзлар берган, менга куй берган,
Бир-бирига улашган қатор тўй берган,
Элдошларим...
Минг бора айланай ҳимматингиздан,
Тақдир суюб берган давлатингиздан,
Элдошларим...
1983


* * *

Менинг қўлим очиқ, қўлларим очиқ,
Каптарлар дон териб едилар ундан.
Менинг қўлим очиқ, қўлларим очиқ,
Юлдузлар қон сўриб эдилар ундан.
Менинг қўлим очиқ, кўлларим очиқ,
Турналар арғимчок солдилар унда.
Менинг қўлим очиқ, қўлларим очиқ,
Йўлларнинг излари қолдилар унда.
Менинг қўлим очиқ, қўлларим очиқ,
Кун ва тун бир-бирин топдилар унда.
Менинг қўлим очиқ, қўлларим очиқ,
Қутблар бир-бирин ўпдилар унда.
Менинг қўлим очиқ, қўлларим очиқ,
Эркакка топинди бор аёл унда.
Менинг қўлим очиқ, қўлларим очиқ,
Илк бор мева тугди мажнунтол унда.
Менинг қўлим очиқ, қўлларим очиқ,
Кезди сулувларнинг қўллари унда.
Менинг қўлим очиқ, қўлларим очиқ,
Сенинг кўлларингдан айрилган кундан!
1982


СУМБУЛА

“Сумбула-ё, Сумбула,
Ўраб олай гул билан.
Менинг кўнглим сиз билан-эй,
Сиз кетасиз ким билан?
Сумбула, жон, Сумбула.”

Турналарим кетмоқдалар кўз ёшдай қатор-қатор.
Турналарим кетмокдалар сочларингиздай узун.
Осмонда булут бўлиб йиғлайди ғамгин баҳор,
Қалдироқлар қулаб кетар кўкдан ерга сиз учун.
Сумбула, жон, Сумбула.
Сиз кетасиз ким билан?

Оҳ чекаман, кўзларимдан зор-зор оқади Сурхон,
Хаёлимнинг осмонини қоплайди сирли титроқ.
Юраккинам бўзлаб чиқар тун бўйи шамдай гирён,
Юраккинам — кемалари қайтмаган етим қирғоқ.
Сумбула, жон, Сумбула
Сиз кетасиз ким билан?

Очиқ қолган қўлларимда титрар тола сочингиз.
Кетажаксиз, бир тола соч узун-узун хотира.
Кимларга ёр бўлғусидир ул мунис қарошингиз,
Сумбулажон йиғлар бўлди ҳижронларга асира.
Сумбула, жон, Сумбула,
Сиз кетасиз ким билан?

«Алвидо...» деб кўзларимнинг қароғидан учяпсиз,
Турналарим кетмоқдалар кўксимдаги осмондан.
Жимгина бошлар эгик, келин бўлиб кетяпсиз,
Аро йўлда бир юрак тушиб қолар карвондан.
Сумбула, жон, Сумбула,
Сиз кетасиз ким билан?


БАХТНИНГ ЎЛЧОВИ

Бир ажаб қуёшли кунлар бошланди...
Ҳар кун йўл четида чангларга ботиб,
Ўйнаб ўтирар бир яланғоч бола.
Дунёда энг бахтли одам шу бола,
Қуёшни симирар, елларни ичар,
Ҳовучлаб тупрокни сочар бошидан,
Кир-чир баданлари яйраб, энтикиб,
Осмоннинг мовий чалобин симирар.
(Аста костюмингни ечиб қўясан).

Шаппатилаб кўйиб қорнига бола,
Танин қитиғлаган нур бармоқларин
Тўзғитиб қушлардай ҳайдар нарига.
Қуёш бўйинларин қашлайди унинг,
Пахмоқ сочларига кўмилиб кетар...
(Ечасан бўйинбор, кўйлакларингни).

Кун ухлар бош қўйиб болдирларига,
Кир-чир товонларин ювади тупроқ...
Бахтли бўлгинг келар шу бола каби,
Куёшли кунларнинг ичида бахтли...
Ечасан ботинканг ҳамда шимингни,
Шунда бирдан кулиб юборар бола,
Қиқирлаб-қиқирлаб кулаверади.
Уялмасдан шундоқ йўлнинг четида
Кап-катта одамнинг ечинганидан
Кулади яланғоч, ақлли бола.

Кийиб ололмайсан қуёшли кунни —
Бу бахт ўлчанмаган сенинг руҳингга,
Бу бахт минг газ катта сенинг танангдан.
1985


АРУЗ

Темир халажидан
Терс ўтган момо,
Қурбақанинг бутига шардоз бойлаб бер энди,
Йиғлаяпман... Еғли-ёғли илик чақиб берэнди,
Келим-кетим дунёдан
Ўнг ўтган момо,
Сурув-сурув қайғулардан сулув сайлаб бер энди,
Ола тошдан қоқ елкамга тумор тақиб бер энди.
Темир халажидан
Терс ўтган момо,
Қурбақанинг сол бутига кўк томирим бойланди,
Кўр қурбақа мени судраб зиндон бўйлаб айланди.
Келим-кетим дунёдан
Кенг ўтган, момо,
Талонзада кўкрагимга авраб гулмих қокдилар,
Ичидан қўш дарё оққан илигимни чақдилар.
Темир халажидан
Терс ўтган момо...
1987


ҚОДИР БАХШИ ЁДИ

- Оғам, айтгин,
Чанқовузни ким чалди?
- Чиммат тутиб куёв кутган келинлар чалди.
- Сарбон, айтгин,
Чанқовузни ким чадди?
- Қақшаб-кақшаб қумда қолган қулунлар чалди
- Синглим, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
- Далаларда куйиб кетган ойларим чалди.
- Она, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
- Болаларим ташлаб кетган куйларим чалди.
- Элим, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
-Томиримга қўниб ўтган бир булбул чалди.
-Бахшим, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
-Кўкрагида эрк чайқалган эна эл чалди.
1987


КУЁВМУНЧОҚ

Зарпардалар тилло сочиб,
Кулгу сочиб қиқирлайди.
Икки оқкуш учмай-учиб,
Кўкрагингда питирлайди.

Синар бахмал деворларда
Часир-чусир титроғинг,
Кўзимдаги каптарларга
Тизилган дон – мунчоғинг.

Сўзаналар сузилишиб,
Солланади, ёқади.
Қирқ ўрим соч тизилишиб
Товонингга оқади.

Зар кашталар гуллар сочиб,
Дурлар сочиб пиқирлайди,
Ичида моҳбалиқ қочиб,
Кўйлакларинг шитирлайди.

Хўп тортинар, хўп қимтинар,
Очиларкан қучоғинг,
Эгнингга каптарлар қўнар,
Чирт узилар мунчоғинг.
1987


* * *

От айланиб қозиғини топганда,
Зот айланиб тузлиғини топганда,
Эл айланиб ўзлигини топганда,
Сен айланиб қаерларга кетдинг, ёр,
Кимга арзон, кимга қиммат бу бозор.

Бир бошимда минг-минг савдо ўйнади,
Кўз ёшимга икки дунё қайнади,
Кўпга берган бир новдасин қиймади,
Нелар бўлди, нелар бўлди, айтгин, ёр,
Кимга омад, кимга касод бу бозор.

Бу ерларга юлдуз тилаб келдим мен,
Ўз пойимга ўтин қалаб келдим мен,
Ким ўт ёқса, ўчоғига тўлдим мен,
Чимилдиғинг чирқиллайди, куйган ёр,
Кимга омад, кимга касод бу бозор.
1987


СОТҚИНЛИК

“Хамтовоқ бўлдимми ёки ит билан”.
«Авазхон» достонидан

Ош келтирдинг бир товоқ,
Бир ит менга ҳамтовоқ.
Оҳ-оҳ-оҳ!

Ош устида юрагим
Устихон экан эвоҳ!
Воҳ!

Куйиб кетди бирпасда
Елкамда қирк фаришта –
Уҳ!.. Уҳ!.. Уҳ!..

Қирқ мулла мук тушганча
Дам солар ҳаром ошга —
Куф! Суф! Куф!

«Устихонни олинг» — дер,
Елкамга минган қирқ дев.
Туф... Туф... Туф...

Совумай титрар ҳамон
Ош устида устихон.
Фуф! Фуф! Фуф!
1987


СОҒИН. БЕФАРЗАНД АЁЛ

Ҳўўш-ҳўўш... Ҳўўш...
Говмишим, ийсин сутинг,
Бағримда бўғма тутун,
Оқ сийнамнинг остида
Қобирғаларим ўтин.

Ҳўўш... Ҳўш... Ҳўўш...
Елинда сут тизиллар,
Қўш кўкрагим изиллар.
Куйган саҳро — бағримда
Ёнар шамол безиллар.

Ҳўўш... Ҳўш... Ҳўўш...
Бир тирноққа зор бўлдим,
Эгасиз мозор бўлдим,
Бахти тошга бойланган,
Тош каби ночор бўлдим.

Ҳўўш... Ҳўш... Ҳўўш...
Қуюн ўйнар изимни,
Ғам қовурар кўзимни.
Говмишим, сени эмас,
«Ҳўш-ҳўш»лайман ўзимни
Ҳўўш... Ҳўш... Ҳўўш...
1987


ЕТИМ БОЛА

«Ўғлига берди бутун кулча,
Менга берди куюк кулча».
Болалар фольклоридан

Буғдойзорлар шовуллар
Тун келиб, кун ўтгунча,
Ўгай онам чувиллар,
Бергани куюк кулча.

Кечани кечиб чопдим,
Ой тиқилди томоққа.
Устимга булут ёпдим,
Беминнат ухламоққа.

Пахтазорлар гуркирар,
Пахта... Пахта — тўрт томон.
Ўгай онам чулдирар,
Бергани йиртиқ иштон.

Чопдим қуёш тиғида
Товоним тилим-тилим.
Кўйлагим йиртиғидан
Мўлтираб қарар кўнглим.

Ич-ичида кўнглимнинг
Ўз онам йиғлаб турар,
Қуроқ-қуроқ дилимни
Куйиниб ямаб юрар.

Ҳаёт, замон гувлайди,
Кунлар қимтиниб ўтар...
Ўгай онам элакка,
Отам бозорга кетар.
1987


МУҲАББАТ

Манглайимнинг ўртасида
Сочлари тилло юлдуз.
Ёнар икки чаккасида
Ойдин тун, сарғиш кундуз.

Бир ўчоқ олов ютдим,
Дил гуркираб ёнди-я!..
Ойга осиб, кунга тутдим,
Юлдузим ўйғонди-я.

Кўзларим қорасида
Сочлари тилло юлдуз
Ўтли дил орасидан
Дилдираб қарар бир қиз.

Қизга шафақни ёпдим,
Чайқалади чимилдиқ.
Қиз билан чимилдиқда
Тилло сочга кўмилдик.

Оқ парда сув устида
Оқар. Юлдузлар куяр.
Энди юрак фаслида
Булбуллар қайтиб келар.
1987


ХАЛҚ ОҲАНГИДА

Ойбулутнннг орасидан ойдай келинлар келар,
Кунбулутнинг орасидан кундай келинлар келар.

Тарам-тарам сочлар, мана, бойлар кўнгилни,
Қалам-қалам қошлар яна найлар кўнгилни.

Тоғларимнинг тошларида тонглар ёрилди,
Оҳларимнинг ёшларидан тунлар тирилди.

Ойбулутнинг орасидан ойдай келинлар келар,
Кунбулутнинг орасидан кундай келинлар келар.

Дарбозада дарахшона оловлар ёнсин,
Сочлар сирин сулб, мастона куёвлар олсин.

Ойдин ой ҳам бағрингга жим ботар бирам-ей,
Гулчамбардай бўйнингга қўл осар жўрам-ей.

Ойбулутнинг орасидан ойдай келинлар келар,
Кунбулутнинг орасидан кундай келинлар келар.
1987


ХУН АЁЛИ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Осмонга санчилингиз,
Мотамнинг байроқлари,
Каро дарё бўлингиз,
Кўзларнинг кароқлари.

Мен ёримдан айрилдим-а,
Мен ёримдан айрилдим.

Елкасидай маҳкам деб
Бош қўяман тошларга,
Мен ёмғирни енгаман
Ёмғирдай кўз ёшлар-ла.

Дарахтлар қарсиллайди,
Калдироқлар бўкирар.
Ўрмоннинг қучоғидан
Чиқиб келар буғулар.

Ёримни қайтиб бергин,
Буғу, Буғу, Буғужон.
Найзаларни синдиргин,
Бахтни қилмасин қурбон.

Чўнг Қоя, ташлаб юбор
Елкангдан осмонингни,
Буғулар жим кетдилар
Тингламай армонимни.

Қалдироқ гумбурлайди,
Осилар олов тиллар.
Аёлнинг кўкрагидан
Отилар ерга гуллар.

Ёмғирларнинг мавжида
Ювилар қонли тана.
Қора ўрмон қўйнидан
Қайтар буғулар яна.
1987


ПОТИНИ*

Потини-я, потини,
Бир чақмоқ юлиб ўйнар
Тилимнинг қанотини.
Жим. Жим.

Потини-я, потини,
Хотирамдан ўчирдим
Юрагимнинг отини.
Жим. Жим.

Потиния, потини,
Руҳим соқов, элдан чикдим
Мен ёғийга сотилиб.
Жим. Жим.

Потини-я, потини,
Қўйнимда ухлаётир
Хиёнатнинг хотини.
Жим. Жим.

Потини-я, потини,
Тилимни тишлаб туриб
Чаппа қуйдим отимни.
Жим. Жим. Жим.
1987
__________
* Потини қўйиш — болалар ўйини. Ўйинга қўшилган болаларнинг ҳаммаси бир сўз ҳам айтмай, оғзини юмиб ўтиришлари шарт. Ўйиннинг шарти жимлик ва гунглик худди турғунлик
замонидагидай...


ЎТТИЗИНЧИ ЙИЛЛАР

Кафтларим тошга тўла,
Отолмаган тошларим...
Кимга отай? Кимга отай?

Кўзларим ёшга тўла
Тўколмаган ёшларим...
Кимга сотай? Кимга сотай?

Кифтларим бошга тўла
Дўстдан қолган бошларим..
Қайга кетай? Қайга кетай?

Кўнглим қуёшга тўла,
Занжирбанд қуёшларим...
Энди нетай? Энди нетай?
1987


ВИДО

Қанотидан қон томчилаб
Қушим кетди, чинни қушим.
Юрагимдан мих тортқилаб,
Суғуролмай синди тишим...
Синди тишим.

Томоғимга қултум-қултум
Муз тиқилди — сўз тиқилди,
Юлдузчалар «қулт-қулт» этиб,
Қайнаб ётган кўз тиқилди.
Сўз тиқилди.

Қанотини қора булут
Қора сувга ювган қушим.
Ўргимчаклар уялаган
Булутларга тўлди тушим.
Тўлди тушим.

Қанотидан қон томчилаб
Қушим кетди, чинни қушим.
Чинни қушим.
1987


ОРОЛ

Кўк эшакни минибсан,
Кўк паранжи ёпинибсан,
Кўкайлари кесилган Аёл,
Кўкрак сути бузилган Аёл,
Бир эл эланади: қо-ол!

Шўр бошинг ёпинар кўк булут.
Тегрангда шамоллар тизилар.
Ҳавода сузади кўк тобут,
Кўм-кўк куй кўклардан узилар.
Кўкайлари кесилган Аёл,
Боври юртдан узилган Аёл,
Бир юрт ёлборади: қо-ол!

Кўкайлари кесилган Аёл,
Жони ерга сепилган Аёл,
Кўнгли кўкка тўшалган Аёл,
Бир Ватан эланар: қо-ол!
1987


БАХТ

Ҳали капалаклар келиб ўйнайди —
Кўксимда очилди ажойиб гуллар.
Ҳайратдан бирон сўз топа билмайди
Дунёдаги тирик ва ўлик тиллар.

Ҳали шаҳаншоҳлар келиб қутлайди —
Кўксимда очилди ажойиб гуллар.
Дунёдан энди ҳеч йиғлаб ўтмайди,
Ҳамон бир нур излаб йиғлаган қуллар.

Ҳали келинчаклар келиб куйлайди,
Энди чимилдиққа кирган сулувлар.
Осмон қувончидан тўйиб йиғлайди,
Маъбудлар бошимдан сочар оқ сувлар.

Эрта висолига қараб шошгайман,
Ёнган юрагимни табриклар йўллар.
Сизни ва ўзимни қутлай бошлайман —
Кўксимда очилди ажойиб гуллар.
1987


* * *

Давлатли бегойим, эркли бегойим,
Биза мурувват қил, кўркли бегойим.

Худо тумор тақиб бошинг бойламиш,
Бандага дарчаси беркли бегойим.

Ишқинг чархи дунни вайрон айлади,
Олам охирати туркли бегойим.

Бир кўнгилни ташлаб кетдим дунёга,
Менга бу дунё на, эркли бегойим,
Сенга бир кўнгил на, кўркли бегойим.

Ҳимматли бегойим, султон бегойим,
Сулаймон тахтида ҳайрон, бегойим.

Ўзинг ободсен-у, давлатинг обод,
Пойингда икки дун вайрон, бегойим.

Бир кулгинг ўғирлаб кетдим дунёдан,
Сенга бир кулгу на, хушъон бегойим,
Менга бу дунё на, султон бегойим.
1987


* * *

О, менинг суманбар келинчагим-ей,
Кел, бирга куйлайлик,
Зарафшон чимилдиқнинг хушбўйлар чўккан
Энг қоронғи хилватгоҳида.
О, менинг сарвқомат келинчагим-ей,
Кел, бирга ўйнайлик,
Ҳудҳудлар қаноти — зардеволларнинг
Оқ булутлар чўккан хилватгоҳида.
О, менинг шаккарлаб келинчагим-ей,
Кел, бирга яшайлик,
Ям-яшил товуслар кўкараётган
Алвон сўзананинг хилватгоҳида.
О, менинг заркокил келинчагим-ей,
Кел, бирга севайлик
Лолалар суйкалиб жон бераётган
Ҳаётни дўзахлар хилватгоҳида,
Кел, бирга севайлик.
1987


ОЙДИН ҚАЙҒУ

Ўн олти ёшимнинг диёрларида
Қизғин шафақларни кийган кунсулув,
Тунларнинг сим-сиёҳ дарёларига
Дарё сочларини чайган тунсулув.
Тилим сочқи товуш — қ а н и с а н у в

Ўн олти ёшимнинг диёрларида
Ялпизлар сутидан тўйган гулсулув,
Юлдузларнинг тилло киприкларида
Шокила-шокила ёнган дурсулув,
Кўнглим етим қуш — қ а н и с а н у в

Ўн олти ёшимнинг диёрларида
Тошлар чанқовузин чалган куйсулув,
Юрагимнинг ғариб шохчаларига
Ўттиз хил кўйлагин илган ойсулув,
Сўзмас, бу узун туш — қ а н и с а н у в

Ўн олти ёшимнинг диёрларида
Қизғин томирларим сочган жонсулув,
Қобиргалар қисган қизралдоқларнинг
Оғзидаги қулфни очган руҳсулув,
Кўзларим бўш-бўш — қ а н и с а н у в
1987


ХАЙРЛИ ТУН

Хайрли тун, сайроқ қушларим,
Хайр сизга, сирли дарчалар.
Ой нурига тўлинг, тушларим, ..
Сокин ухланг, яйдоқ кўчалар.

Хайр сизга, омон бўлинг-ей,
Туяқушдай қотган ғарамлар.
Юрагимга меҳмон бўлинг-ей,
Юрагимдан кетган санамлар.

Хайрли тун, кунги кулгулар,
Ҳижолатли хатолар, хайр.
Ҳув қорайган ўтовлар ичра
Қолиб кетган оталар, хайр.

Буғдойзорлар куйин кашф этган,
Девонаваш шамоллар, хайр.
Эрларига ўғил бахш этган
Пок париваш аёллар, хайр.

Далалардан насиба терган
Қаро кўзли сингиллар, хайр.
Бугунгина муҳаббат кирган
Ўн олти ёш кўнгиллар, хайр.
Хайрли тун... Хайрли тун...
1986


МЕҲРЖОН КУНИ

Ўғлим Меҳриддинга

Ўйна юлдузлар билан,
Ой билан ўйна, болам,
Меҳржон куни бугун.
Лайлакнинг қанотида
Ёз чайқалиб келади,
Қуёшнинг кўкрагидан
Сут чайқалиб келади.
Меҳржон куни бугун.
Қалдирғоч қанотидан
Гул тўкилиб қолади,
Ер-у осмон бағрига
Бахт экилиб қолади.
Меҳржон куни бугун.
Сенга осмонни бериб
Қушлар келиб кетади,
Момонг ёққан тандирлар
Нонга тўлиб кетади.
Меҳржон куни бугун.
Оқ булут хуржунидан
Ок буғдойлар тўкилар.
Бугун гул ғунчасидан
Ойдай қизлар туғилар.
Меҳржон куни бугун.
1987
__________
* Меҳржон куни — қадимий байрам.


УМУМИЙ ВАГОН

Шов-шув, ғала-ғовур алаҳсиб кулар,
Толиқиб кетасан жуда, суйгулим.
Ойдин тушлар кўриб ухлагинг келар,
Тошдай ўтирғичда очилган гулим.
Ибосиз шовқинлар, хунук хурраклар
Тортинчоқ руҳингни қийнайди ёмон.
Аросат тилида бидирлаб борар,
Умумий вагонни кийган оломон.
Хеч нарса англатмас, эслаб бўлмайди
Тарихдай орқада эзилган йўлни.
Чираниб бақирган кўзлар кўрмайди,
Уялиб қизарган маъюс бир гулни,
Толиқиб кетасан жуда, суйгулим,
Ким қийқирар, кимдир сўкинар ёмон.
Шундай отгани тош бўлади, гулим,

Эл эмас, бирлашса агар оломон.
Толиқиб кетасан... Елкамга титраб,
Оғриниб,- тортиниб қўйдинг бошингни.
Турибман тилимни тишимга қайраб,
Оломон бепарво отар тошини.
Тинглайман юрагим уришдан тиниб:
О, мунча хўрсиниб нафас оласан.
Елкамга дард билан титраб суяниб,
Шикаста-шикаста ухлаб қоласан.
Елкамга тош каби ботган тушларинг,
Гумбурлаб урилар юракларимга.
Ўз-ўзидан чўчиб кетган тушларинг
Маҳкам ёпишади кўйлакларимга.
Елкамда зилзила, даҳшатлар кечар,
Сен қочиб келаяпсан юрагим томон.
Ташвишли тушларга янги тўн бичар,
Сохта шодликлардан тўйган оломон.
Руҳин ўзгаларнинг руҳи-ла ямаб,
Гўё башанг тусда жулдур оломон.
Уни аросатнинг уйига қамаб,
Қаерга элтасан, умумий вагон?
Елкамга суяниб ухлайсан, гулим,
Уйқунг тўла ташвиш тутунларига
Суяниб ухлайсан, суйгулим,
Осмоннинг титраган устунларига
1986


* * *

Кекса донишмандга айт энди, Бўрон,
Сен хам шивирлаб қуй, Момоқалдироқ.
Муқаддас бошпана — чинордан чиқсин,
Ахир, бош уришга йўқ тоза оёқ.
Йиғлаб дардимизни айтайлик унга,
Сен ёлбор... Сен ёлбор, Момоқалдироқ.
Шунда ҳам чиқмаса донишманд... Унда
Муқаддас чинорга ўт қўйгин, Чақмок.
1987


АТАЛА

Мусофир аёлнинг кўзи ёриди,
Атала қилишни билмас эдим мен.
Деразада қолган гулдай сарғайди,
Аталани кутиб мусофир аёл.
Аёл уч кун кутди. Уч кун йиғлади
Қозоннинг бошида мусофир севги,
Тўртинчи кун кулди ғамгин дераза,

Йиғининг ичида жилмайди аёл.
Уддабурро чикди мусофир севги,
Кўз ёшдан атала қила биларкан.
Шундан бери сира шеър ёзмайман мен,
Атала қиламан, фақат атала.
1988


* * *

Отанг сени йўқлаб Тошкентга келди,
Энди уйғон, кўзингни оч, тош.
Етмайдими сенга беш йиллик ўлим,
Отанг келтирибди бир халта кўз ёш.
Унга юзингни юв, юрагингни юв,
Қара, бош-одоғинг қоп-қора қурум.
Отанг етмиш йилни судраб келибди,
Сени қўйвормайди беш йиллик ўлим.
1988


* * *

Тилимни куйдирди булбулнинг сути,
Танглайимни ёқди гул ичирган қон.
Мен икки дунёни бир ҳатлаб ўтиб,
Оғзимга солганим — бор-йўғи талқон.

Кўзимни музлатди жаҳаннам ўти,
Кўнглимни хор қилди бу «гулзор, чаман»
Мен икки дунёни бир ҳатлаб ўтиб,
Кўз очиб кўрганим бор-йўғи туман.

Кулоғим кар қилди ҳақнинг сукути,
Бу сукутми ва ё тилсиз қатағон.
Мен икки дунёни бир ҳатлаб ўтиб,
Эшита олганим бор-йўғи ёлрон.
1988


* * *
О, мени йиғлатма...
Ёмон тушлар кўриб, намозшомгулим,
мени йиғлатма.
Мен пойи патагинг бўлай, қайғулим,
фақат йиғлатма.
Отингдан айланай, оғрима, гулим,
мени йирлатма.
Уҳ тортсанг устуни қулар фалакнинг,
йиғлатма.
Кўкрак қафасига янглишдан худо
Аёлнинг юрагин қўйган эркакни,
йиғлатма.
1988


ЁЛҒИЗЛИК ВА ИШОНЧСИЗЛИК

Қоронғи бўшлиқда...
Қоп-қоронғида
Бир юрак чайқалиб турар муаллақ
Ўлик ой бурканар тирик қайғуга...
Бир юрак чайқалиб турар муаллақ.
Юракни тортиниб урасан: «Ким бор?...»
Бир садо келмайди бу мавҳумотдан.
Сўнг қаттиқроқ уриб кўрасан: «Ким бор?»
На ўлим товши, на бир сас ҳаётдан...
Қайта-қайта уриб юрак деворин
Сен сўрайверасан: «Ким бор?! Ҳо, ким бор?!»
Бир садо келмайди бу мавҳумотдан,
Ҳатто тўқилламас лаънати девор.
Сўнг муштлай бошлайсан алвон деворни...
Сўнг йиғлай бошлайсан: «Ким бор?! Ҳо, ким бор?!»
Мен унсиз тентийман юрак қаърида
Ва айта олмайман: «Мен... Фақат мен бор!»
Бу ғурбатхонада тилни тишлайман,
Ташқарида эса дод, фарёд:«Ким бор?!»
Ичкаридан мен ҳам сўрай бошлайман.
Бу ғурбатхонада КИМ БОР, ҲО, КИМ БОР?!
1988


* * *

Хафа бўлиб кетди уйимдан,
Кутган меҳмонларим минг йилдан бери,
Хафақон кетдилар маълум хабардай.
Хотиним ташвишли боқади менга,
Ҳамон қайтмаётир руҳим сафардан.
1988


ГЎРЎҒЛИ

Гоҳо ботирларни туғар қабрлар,
Гоҳо туғадилар етим қасосни.
Ер остига кирса барча шоирлар,
Осмондан кутинглар улуғ овозни.

Гоҳо ботирларни туғар қабрлар,
Марҳумлар дунёсин ижоди каби.
Ер устига чиқар аввал шоирлар
Дард тутган қабрлар фарёди каби.
1990


АВРАЛГАН ИЛОН

Мен ғамли илонман, қайғули илон,
Авралган чумчуқдай чирқирайдирман.
Иссиқ меҳробларга бошимни қўйиб,
Совуқ кўзларим-ла кўп йиғлайдирман.
Мен ғамли илонман, қайғули илон,
Муқаддас битик бор олтин бошимда.
Бу битикни ўймоқ мумкин эмасдир
На қоғозга, на-да тоғлар тошига.
Мен ғамли илонман, қайғули илон,
Кун бўйи суяйман сўнгги устунни.
Тунлари битикни ўймоқлик учун
Изларман ташлаган пўстимни.
Мен ғамли илонман, қайғули илон.
1988


КЎНГЛИ ЯРИМ

Кўнглимнинг ярмини дунёга бердим,
Ярмидан бошпана қурдим ўзимга.
Шунданми оламда неники кўрдим,
Ёртидай кўринди бари кўзимга.


УМИД

Бир кун капалакка айланар бу гул,
Бир кун буюк руҳга эврилар бу тан.
Очилмаган гулдай бир муштга кўнгил,
Ва эркка етишган бир қушга Ватан.


ХУН ИБОДАТИ

Бўғзимдан қизариб чиқади қуёш,
Ой қонга беланган — кўзимдан учиб.
Ер-осмон ораси жудаям тордир,
Ер-осмон ҳаққига ибодат учун.


* * *

Жуда алам қилар... Кўп оғир ботар...
Яшайсан улкан бир юрак билан...
Дунё тошин отиб тугатган зотлар
Энди ҳужум қиларлар кесак билан.
1988


МЕНИНГ ҚЎШИҒИМ

Мен сени боладай суйсам, нетайин,
Кўйингда бевадай куйсам, нетайин,
Суйгунчигим менинг, суйгунчигим-ай...

Тилимни тишлаб ман куйиб куйларам.
Қувонгим келар-да, нега йиғларам,
Суйгунчигим менинг, овунчиғим-ай...

Бўсаға суяниб мунғайсам, куйма,
Мен йиғлаб олайин, сен эса ўйнаб.
Суйгунчигим менинг, суянчиғим-ай...

Дунёдан тўярам, ўздан тўярам,
Тўйиб-тўйиб яна сени суярам,
Суйгунчигим менинг, куюнчагим-ай...

Бу кўнгил қўймаса, мен-да нетарман,
Бир куни сенга айланиб кетарман,
Суйгунчигим менинг, суйгунчигим-ай...
1988


АЙРОЛИҚ

Менинг даҳоларим ўтди оламдан,
Узлатга чекинди мағлуб дўстларим.
Заминдан юлиниб қолган ҳужрамда
Ой билан сўзлашиб йиғлар кўзларим.
Бир ошно излайдир девона дилим,
Қай тараф қарасам туман, залолат.
Куйган юрагимга етмайдир қўлим,
Етмайди ўзимга ўздан маломат.
Қайда дил товушин тинглар бандалар?.
Бир вола қайтмади кетган ноламдан.
Ер остида тинчлик, ер усти хатар,
Менинг даҳоларим ўтди оламдан.
1989


* * *
Ҳасратли ҳужрамда
Қайғудан бўлак
Ҳамма кетиб бўлди бирма-бир... бирма-бир...
Дастурхонда фақат кемтилган юрак
Ва.. бир коса сабр...
Ҳасратли ҳужрамда
Зилзила тинди..
Анграйган эшикни ёпиб қўяман.
Юракнинг қолганин ейман-да, энди
Бир коса сабрни ичиб қўяман.
Хасратли ҳужрамда
Дунё ҳам, мен ҳам
Бир-бировдан тўйдик ноилож...
Фақат қайғу оч-да, қайғу жуда оч!
1989


ОҲУ

Сенга нима бўлди, жигарим, синглим,
Зил-замбил тошлардан ясаган қанот?
Бир паноҳ беролмас еттита иқлим,
Ким сенга ўқ узди бир сиқим ҳаёт?

Кўзига оламнинг хусни битилган,
Кўксидан суюлган юлдузлар оқар.
Олам ўз чиройи дафн этилган
Қабрга — юмилган кўзларга боқар.

Ким сенга ўқ узди, жигарим, юз оҳ,
Кимга ҳузур берар хиёнат иси?
Осмондай бегуноҳ, ердай бегуноҳ
Улар одамзотнинг сўнгги синглиси
1989


* * *

Сен бор-йўғи бир сўз бўлмадинг,
Оллоҳ туҳфа этган бечора дилим.
На-да яшамадинг, на-да ўлмадинг,
Гадо тўрвасига ўхшайди қўлинг.
О, менинг кўп ғариб қушчам, о, дилим.

Сени итлар еди, битлар едилар,
Соҳиби нотавон бечора дилим.
Йиғласанг, кулсанг ҳам телба дедилар,
На ҳаёт сийлади сени, на ўлим,
О, менинг кўп ғариб қушчам, о, дилим.

Сен ғамли булоқсан, мен эса саҳро
Жаҳолат ичинда уйғонган дилим.
Разиллар тўқиган дунё бу дунё,
Бу Оллоҳ йўлимас, шайтоннинг йўли,
О, менинг бечора қушчам, о, дилим...

Мен-ку ўтажакман сезмай, сезилмай,
Лек сенинг ҳолингга йиғларман дилим.
Ҳали кўп яшарсан ердан узилмай,
На ҳаёт бор бунда ва на ҳақ ўлим...
О, менинг адашган қушчам, о, дилим...
1989


* * *

Кўкракда йўлбарслар уяси,
Оловли қиличлар, чақмокдар.
Алам қилади-да, ахир қорнингда
Хўжалик юритса қорағулоқлар.

Кўкракда шаҳарлар қулади,
Жон сўқди оятдай армонлар.
Алам қилади-да олий бандага,
Оёққа илашган сомонлар.

Кўкракда ер шари тўқнашди
Ўзидан каттароқ юрак билан.
Алам қилади-да, бундай юракни
Биргалашиб емоқ туллак билан.

Кўкракдан турналар кўчдилар —
Қўшиқнинг узилмас карвони.
Сариқ чумолилар ташиб кетдилар
Мамонтлар йўргаклаган дунёни.

Кўкракдан бургутлар учдилар,
Чангаллаб учдилар осмонни.
Алам қилади-да, оғзи бурнингдан
Қуйсалар бўғзингдан тўкилган қонни.

Ҳаммасига «майли», ҳаммасига «хўп»,
Қай дилнинг йўлига қурбон тулпорлар.
Бугун тобутимни синдирар «тўп-тўп»,
Кўкракдан дарахтдай ўсган чўқморлар.
1988


* * *

Олмалар гуллаган хилват кўнглимда
Бир аёл гулламай яшар жимгина.
Ўлмас бир қуш уя қурди қўйнимга,
Уя қурди ўлмас бир илон яна.
Мен кимман? Қаноти куйган тирамоҳ,
Дунёдан ўтарман шамолдай оқиб,
Бир аёл кўнглимда гулламай яшар,
Бир қуш билан битта илонни боқиб.
1989


* * *

Воажаб! Мени кўп ҳайратга солар...
Тилда минг даъво-ю, дилда ҳеч маъно.
Ўзини ҳар кун бир янгилаб олар,
Ўн бор эрдан чиққан хотиндай дунё!
1989


* * *

Кўксим узра етти жаҳон чайқалур,
Елкамда етмиш минг замон чайқулур.
Йиғларам, кўнглимда ўлган дарёдек
Ўзани қирқилган иймон чайқалур.
Куларман бошимда қора тож киби
Беҳаё товланиб шайтон чайқалур.
Ноқис вужудимга қанот тиласам,
Сулаймон ҳудҳуди ҳайрон чайқалур.
Бу жаҳон мулкида хароб ҳолимдин,
Ул жаҳон кўшкида раҳмон чайқалур
1988


МАМАТРАИМ БАХШИ

Тилингга чипқонлар чиққанида,
Тйлингни чаёнлар чаққанида
Мен табиб бўлдим, халқим,
Мен табиб...

Узолмай ортидан ёшли кўзингни,
Сўнг манзилга кузатсанг битта сўзингни
Мен тобут бўлдим, халқим.
Мен тобут...

Мен сўз деб яйрадим, сўз деб қақшадим,
Юракни ўртага қўйиб яшадим.
Юрагим сўзларнинг дастурхонидир,
Юрагим дастурхон, халқим.
1988


* * *

Майсага қўшилиб титрамоқ учун
Навоий бўлмоғинг шарт эмас.
Ғарибга қўшилиб инграмоқ учун
Яссавий бўлмоғинг шарт эмас.

Инсондай... Инсондай яшамоқ учун
Бақо бўлмоқлигинг шарт эмас.
Бир бора Ватан деб йиғламоқ учун
Даҳо бўлмоқлигинг шарт эмас.
1990


САҲРО
(туркумдан)

О, саҳро сарвари
Сув сўраб келдим...
Бу оғоч жасадлар, ўтин таналар,
Қумлар дарёсида оқурлар қаён?
Шамоллар уяси — бўм-бўш сийналар...
Дил қайда, гул қайда, қайда гулистон?
Пир қайда, руҳ қайда, қайда руҳистон?
Куюнга таланган тиланчи кўзлар,
Ўйиқ кабрлардай нафсидан вайрон —
Худодан бошқасин ҳар нени излар...
Дил қайда, гул қайда, қайда гулистон?
Пир қайда, руҳ қайда, қайда руҳистон?
Қайда? Қайда улар? Чарчар овозим,
Бу аччиқ шамоллар келтирмас садо.
Бир қултум сўз кутар бечора созим,
Атрофда... Атрофда сахтиён саҳро...
О, саҳро сарвари,
Сув сўраб келдим...
1990


* * *

Оппоқ булут кийиб ўтди марҳумлар...
Кўлимда ҳамён-у, эгнимда жубба.
Ўтдилар хаёлга, Сўзга маҳкумлар,
Кўзимда дунё-ю, сўзимда тавба.
Ойдин кеча эди... кўп ғамгин кеча...
Оппоқ булут кийиб ўтди марҳумлар,
Ҳаёт ўзича-ю, хаёл айрича,
Бир кўнгил устида минглаб ҳукмлар.
Тилимда дарё-ю, дилимда олов,
Ортда — сўз, олдинда ўйнар рақамлар,
Оёқда пайтава, қўлимда ялов,
Ҳолимга кулгандай бўлар марҳумлар.
Гоҳо сўниб қолиб, гоҳида тошиб,
Ўзни жамлай олмай ўтаётирман,
Ҳолимга қарайман: ўттиздан ошиб,
Ўттизга бўлиниб кетаётирман.
1990


ЗАЛОЛАТ

...Ибодат сувидан...
... Муҳаббат қонидан...
Жом каби симиллаб тўлишди бу дил.
... Ой қуюн қаърида...
... Кеча қўрқинчли...
Зулмат соҳилида имиллайди йил.
... Туялар фарёди...
... Йилқилар ноласи...
Саҳродан осмонга йиқилар.
Ўн учинчи ойда қонларга ботган
Ойларни туғдилар йилқилар.
... Ибодат сувидан...
... Муҳаббат қонидан...
Тўла қари жомни кўтар, эй ўғлон.
... Ой гирдоб ичинда...
... Кунга йўл узоқ...
Ҳолимизни шарҳла, эй пири мурон.
... Ибодат сувидан...
... Муҳаббат қонидан...
Жом каби симиллаб тўлишди бу дил.
Зулмат соҳилида имиллайди йил.
1990


* * *

Қайтингиз қарғалган гумроҳ аёллар,
Эшқобил ерда йўқ...

Олмалар етилар ғамли зирқиллаб,
Аёлдай бўшалар милтиқлар ўқдан.
Бошларда ғоялар пишар билқиллаб,
Ё раббим, наҳотки... наҳот мен йўқман?..

Олтин шафтолилар чириб узилар,
Зубаржад бошоқлар дарддан тўлиққан... ,
Динлар қулаб кетар, халқлар бузилар,
Ё раббим, наҳотки... наҳот сен йўқсан?..

Булбуллар қафасда лоқайд семирар,
Қуллар бўйнидаги занжир толиққан...
Кўнглим деворларин сичқон емирар,
Ё раббим, наҳотки... наҳот мен йўқман?..

Авлодлар етилар ғарибдан ғариб,
Қайғули кўзларда совиб ётар ўқ.
Кимлар Ерни кўкка қўймиш тўнкариб,
Ё раббим, наҳотки иккимиз ҳам йўқ?..
1990


* * *
Қўлларим давлатдан бўшаган сари
Тўлиб бораверар юрагим.
Кўзларим зулматдан бўшаган сари
Тўлиб бораверар юрагим.
Имоним тузумдан бўшаган сари
Тўлиб бораверар юрагим.
Юрагим ўзимдан бўшаган сари
Тўлиб бораверар юрагим.
1990


ҚАДИМИЙ БИТИКТОШЛАРГА ЁЗУВЛАР

I. СЎЗ

Баридан муқаддас сўз бўлди фақат —
Тангрилар инсондан қизғанган даҳо,
Боши бир ёқадан чиққан мамлакат,
Мангуликни йўргаклаган ибтидо.

Баридан муқаддас сўз бўлди фақат...
Оламдан ўтганни тупроқ остига,
Тупроқнинг устига сўзни қўйдилар,
Куёшдан уялиб, ойдан уялиб,
Яланғоч юраклар сўзни кийдилар.

II. ТАШЛАБ КЕТИЛГАН МИНГ ЙИЛЛИКЛАР

Бечора бўм-бўш уй, эй, сағир...
Рауф Парфи

Чўккан харобадай мунғайиб ётган
Минг йилликлар ичра тирик жон борми?
Барбод бўлган эллар фалакка отган —
Исён қолдиқлари ё фиғон борми?

Ким бор, минг йилликлар харобасида,
Бирон-бир нафас ё бир товуш борми?
Чўғ тишлаб зулматнинг исканжасида
Эркинлик қўшиғин айтган қуш борми?

Садо йўқ... Садо йўқ! На дард, на зорлар...
Сўз ҳайкалдай ўсган тош елкасидан.
Оғзин очиб ётар тилсиз мозорлар,
Барбод бўлган эллар хотирасидай.

III . УНУТИЛГАН СЎЗЛАР

Бошингиз устида йиғлайман,
Кўзим қароғида тунларни санаб,
Синган тобутлардан излайман,
Сўзларим излайман юрагим қонаб.

Руҳимда ҳансирар оғир қадамлар —
Сўнгги дармонига суянган сабот.
Сизни тили билан туқкдн одамлар
Хотираси билан ўлдирса, наҳот...

IV. БИТИКТОШЛАР ҲОМИЛАСИ

Оғироёқ тошларнинг ҳомиласи — шоирлар,
Уч минг йилдан бери дарднинг тишлари билан
Аямай юрагин тишлаб келган шоирлар.
Тошларнинг тор қорнида уч минг йилдан бери
Юзлаб машраблар ягона бир шеърни айтар,
Тошларнинг тўлғори ҳақида у шеър...
У шеър...
Оғироёқ тошларнинг ҳомиласи — шоирлар...

V. ЎЛМАС АСКАРЛАР

Кўз ўнгимдан саф-саф сўз аскарлари,
Мунглуқ яловларни кўтариб ўтар.
Ўтмишнинг қон юзли тош дафтарлари
Менга
Бир халқ шаклидаги сўзларни тутар:
Қайсининг қўли йўқ... Қайсин оёғи...
Барининг оғзигатўлган юлдузлар.
Маъюс ҳилпирайди идрок байроғи,
Келар суяклари қисирлаб сўзлар.
Баҳайбат ўйиқ бор кўкракларида,
Замонларнинг даҳшатлари дастидан.
Бир Ватанни тутиб киприкларида,
Бир халқ чиқиб келар ернинг остидан.

VI. МАҒАСТВИ

Мағастви, Мағастви, буюк буддавий,
Ҳар кимда ўзгача руҳий тантана,
Камолот пойида вужуд деган сатҳ,
Сен йўлбарс қошига бординг мардона.
Бординг, қирмиз тўлқин вужуд сатҳида,
Шовуллаб руҳингга бағишлар баёт.
Оч барс ҳолсиз ётар оёқ остида,
Ўмган томирингдан тўкилар ҳаёт.
Сен шундай мардона-мардона бординг,
Оч йўлбарс танига куч бўлайин деб,
Етти боласига сут бўлайин деб.
Гўзал вужудингдан кечиб юбординг
Мағастви, Мағастви, буюк буддавий,
Томирингдан оқкан чечакларингдан
Руҳнинг осмонига учди юлдузлар.
Йўлбарснинг қуриган эмчакларидан
Сут каби тизиллаб тўкилди сўзлар.

VII. ҚОШҒАРИЙ ЁДИ

Сиз нега нотинчсиз, Маҳмуд Қошғарий?
Тошни ёриб чиқар улуғ йўлчилар
Тошлар тўлғоғига доя бўлмасми
Ўзбекистондаги тилчилар?
Сиз нега нотинчсиз, Маҳмуд Қошғарий?
Тилнинг чеҳрасини ёрган қамчилар
Синмасми, Эрк деган Сўзга айланса
Ўзбекистондаги ҳамма тилчилар.
Сиз нега нотинчсиз, Маҳмуд Қошғарий?

Ҳоритиб қўйдими адашган йиллар.
Тунлари «Девон луғатит турк»да
Қушлардай чуғурлаб чиқмасми диллар.
Сиз нега нотинчсиз, Маҳмуд Қошғарий?
Тил — эга, давлар аниқловчилар
Йиғларми, ўлган сўз узра «болам!» деб
Ўзбекистондаги тилчилар.
Сиз нега нотинчсиз, Маҳмуд Қошғарий?
Юрақдай ёрилиб бормокда тошлар,
Улардан шоирлар чиқиб келмокда,
Кўксини тўлдирган алвон қуёшлар.

VIII. МУТОЛААДАН СЎНГ

Айланар сўзларга суриниб дилгир
Шафақларга тўлиб қолган кенгликлар.
Сўзларга суриниб тиниб-тинчимай
Фалак елинларин соғар ерликлар.
Қуроқ кўрпаларга айланиб тушлар,
Олов нафас билан аврар бизларни.
Тун ва тонг оралирида қисилган қушлар,
Олмадай чўқийди қадим сўзларни.
Битиктошлар дардин кўзимга битдим,
Кўнглимга чўктириб нолаларини.
Кул бўлган боғлардан тергани кетдим,
Боболарнинг олтин олмаларини.
1984


МОҲИЯТ

Мен ҳам тангрининг бир битигидирман
Ва тошга айланиб қоларман бир кун.
Нондай узиларман, балки, тандирдан,
Сополда ёзувга айлансам... мумкин.

Ва шунда... билмасман, ерданми, кўкдан,
Сувми, нурми бўлиб қайтиб келарман.
Ва шунда... дунёдан англамай ўтган
Битикни – Ўзимни ўқий оларман.
Мен ҳам тангрининг бир битигидирман.
1992


АНЖУМАН

Сўзлар қийғос гуллар бу кеча...
Бир жом оби замга айланар сабр,
Яшилланиб кетар қарри дарича,
Пешонангни силар лайлатул қадр.
Бу боғда анжуман замони етган,
Бу муслим дарахтлар жаннатдан қиёс...
Тангри қачонлардир тилингга эккан,
СЎЗЛАР ГУЛЛАЁТИР ҚИЙҒОС ВА ҚИЙҒОС.
1994


МАНГУ АЙРОЛИҚ АСРЛАРИДА

Олтин ойга олма отар Ойбодом,
Ойботарда йиғлаб ётар Ойбодом.
Ойқизларнинг ойпариси Ойбодом,
Кунботардан куйиб ўтар Ойбодом.
Олма юзли, бодомқовоқ Ойбодом,
Ёйиқ сочи ёнар байроқ Ойбодом.
Йил ботарда чўкар қора сувларга,
Бу дунёда ой каби тоқ Ойбодом.
Шамол, мени Ойботарга олиб кет,
Қуюн, мени кунботарга олиб кет,
Ҳаёт, мени Ойбодомга олиб кет,
Оллоҳ, мени муҳаббатга олиб кет.
Кунботарда бир баҳодир бўлойин,
Ойботарда лайлатул қадр бўлойин.
Йилботарда Оллоҳдай сир бўлойин,
Ойбодомда Ой кўнгли не билойин.
Шамол, мени... ҳаёт мени... оллоҳ мени..
Кайғу юрти — Ойбодомга олиб кет.
Ойботарда йиғлаб ётар Ойбодом,
Ойга олтин олма отар Ойбодом.
1991


* * *

Бунга бир йилдан сўнг гуллар келади,
Эшикни юракдай қоқарлар «дук...дук...»
Ялпайган остона жавоб қилади:
«Эшқобил уйда йўқ!»

Ўн йилдан сўнг келар бева шамоллар,
Тоғларнинг кўзидан сачраб кетар дўқ:
«Қайтингиз, қарғалган гумроҳ аёллар,
Эшқобил ерда йўқ!»

Турналар келади юз йилдан кейин,
Ҳар бири тумшуқда келтирар бир чўғ.
Ва мовий байроқлар бош силкир майин:
«Эшқобил кўкда йўқ...»

Бу ўтар дунёдан минг йил ҳам ўтар,
Келарсан... Ер-осмон ботади терга.
Шунда кесаклардан ўт чиқиб кетар:
«Эшқобил шу ерда!»
1992


* * *

Ўтдан-да, сувдан-да, топмадим завол,
Фалак куйиндилар тўкди бошимга,
Қаердан кирдинг сен, фаришта аёл,
Қайғули йигирма беш ёшимга.

Бу ёшнинг туйнуксиз бир ҳужрасида
Маъюс ўлтирарсан... Тиззангда кашта...
Ипак эшиб юрагининг толаларидан
Қайғу гулин чизаётган фаришта.

Юз йилки, сен маъюс... Тиззангда кашта,
Юз йилки, чўмилмас ҳурлар тушимга.
Юз йилки, ҳар куни юз бор қайтаман
Қайғули йигирма беш ёшимга.

Юз йилки, бу ердан кетолмасман ҳеч,
Бу ғариб ҳужрада тугаган йўлим.
Тиззангга бош қўйиб йиғлайман кун-кеч,
Тиззангда улғаяр қайғунинг Гули.
1991


* * *

Лаб теккизсам карсиллади ой,
Тирноқ урсам чарсиллади лой,
Ичсам, ичда оловланди сой, -
Дил косаси лим-лим муҳаббат.

Қўл узатсам, чақмоқлар қўнди,
Оёқ боссам, сўқмоқлар ёнди,
Мендан яхши-ёмонлар тонди,
Дил косаси лим-лим муҳаббат.

Кўксим ичра рақсга тушар жон,
Тирноғидан сочи қадар қон,
Ўлдим дедим, ўлганим ёлғон,
Дил косаси лим-лим муҳаббат.

Дайри дуннинг саҳнаси ҳайрон,
Ишқ элининг даҳмаси вайрон,
Мен адашган қуш каби сайрон,
Дил косаси лим-лим муҳаббат.
1992


* * *

Р. П.

Тилсиз шовуллайди узун сочларинг,
Номаълум шевада инчкир дарахтзор.
Қурбон тиламасдан камон қошларинг,
Менинг қурбон берган дунёларим бор.
Ахир, нима керак, не керак, айтгин,
Бир нафас ҳаётми, бир пиёла қон?
Мен сенинг ҳукмингга маҳкумман, маҳкум,
Ақалли бир сўз топ, камбағал забон.
Ғайридин сукутнинг даҳоси ўзинг,
Етарли саждалар, ваҳму ибодат,
Залолат юртидан изладим тўзим.
Юрак катталашар сендан, сукунат,
Тобора кичрайиб бораман ўзим,
Юрак билан сенга бўлиб омонат.
1988


“МЕН” ТАЖРИБАСИ
(«Таназзул» туркумидан)

Суғуриб олдилар ичидан «Мен»ни
Ҳаётнинг шоҳ томири каби.
Кўзига тиқдилар Бугунни,
Кечаси, Эртаси кетдилар сабил.

Дардлар, хотиралар қувғинди, дайди,
Туйғулар эгаси ўлиб довдирар.
Ватан деворларин тагин ковлайди
Ичида «Мен»и йўқ гавдалар.


ШОИР

Ҳаёт тарозиси — елкамда хуржун —
Бир кўз енгил шодлик, бир кўз огир рам.
Бу дунё бўм-бўшдир, мен эса гавжум,
Кушлар қўналраси етим қобиррам.
1988


* * *

“Сувга чўкиб кетган. болам, ёшлигим”.
Р. Парфи

Даричанг пойида ўлганда гуллар,
Адашган даракчи қушларни кутиб...
Умримни хомталош қилганда йўллар,
Тўрт миллиард одам елкада тутиб,

Менинг ёшлигимни олиб ўтдилар.

Муздай деразада қарир нигоҳинг,
Армон тўшагида ўйларинг қарир...
Силкиб ташлаганда фалакни оҳинг,
Будданинг синиғи каби кўтариб,

Менинг ёшлигимни олиб ўтдилар.

Кўз ёш-ла сувлайди гуллар қарғишни,
Ҳижрон панжасида ўксинар қисмат.
Момо Ҳаво жаннатда очган урушни
Сенинг эшигингда чеклар муҳаббат.

Менинг ёшлигимни олиб ўтдилар.

Қақнуслар юлдузлар ушоғин териб,
Қора шамолларга оқ сирлар айтди.
Юрагингни тинмай айланавериб,
Буюк бир Эранинг кексайган пайти

Менинг ёшлигимни олиб ўтдилар.

Қисилиб қолганда қуёш дарчангда,
Жулдур кунларимга боққанда ғариб...
Кузни келин қилган хорғин кўчангдан
Сенинг боланг каби кифтда кўтариб,

Менинг ешлигимни олиб ўтдилар.
1988


ПОРТРЕТИ ИШЛАНАЁТГАН АЁЛ ҚОШИДА

Сўзмас, бу лаблардан чўғлар узилар,
Жамлаб аёл меҳри, саботларини.
Кўнгилчан қўлларинг авайлаб силар
Танбал креслонинг қанотларини.

Мен эса, шамолдай ҳовлиқма, шошқин,
Бепоён ўзини йиға олмаган.
Ўлган дарёларга берган-у тошқин,
Ўзида ирмоқнинг чўғи қолмаган.

Сен маъюс ва гўзал ўлтирар экан,
Танқис бир ҳаёдан ёнар бўёқлар.
Титрар икки дунё бирга яратган
Йигирма асрнинг кашфи оёқлар.

Сенга йўлай олмас разолат, бало,
Фалакнинг бетакрор нодир ижоди.
Нега учиб кетмас бадбахт кресло,
Ғам, бахтдан оғирми унинг қаноти.

Сенга муносиблик қилмасман даъво,
Лекин улуғвордир сенга ҳавасим.
Қаҳрабо тошларга айланган ҳаво —
Сенинг ҳузурингда олган нафасим.

Дунёни ягона тилда сайратар
Тегрангда шовуллаб нурнинг тошқини.
Адашган оламни қайта яратар
Сўнгги гўзалликнинг вазмин босқини.

Сенинг лабларингдан тонглар узилар,
Асраб дунёларнинг ҳаётларини.
Суратинг битгунча учирма қилар
Кўлинг креслонинг қанотларини
1988


СЎФИНИНГ ЎЛИГИ

Қоронғи бир ғорда бир илон яшар,
Уялаб ётади бир қора шамол...
Бир сўфи мурдаси ловуллаб ётар,
Беш юз йилдан бери ана шундай ҳол.

Сўфининг ўлиги ҳар кун бир ҳикмат
Айтади... Китобга ёзади илон.
Беш юз йил нарида ётар ҳақиқат,
Беш юз йил берида лақиллар ёлғон.

Ғор шифтида улкан ўргимчак ҳар кун,
Ўликка бир кафан бичар бемалол.
Қари илон ганжни қўриклаб ётар,
Ҳар кун йиртиб ташлар кафанни шамол.
1990


СУВ

Бекор қолганда-чи, баъзида секин
Бир-бирин тагига сув қуяр.
А. Орипов

Дарёлар қуриди, кўллар қатқалоқ,
Саҳродай қақрайди кўзларимиз ҳам.
Қиёматдаи олдин ҳақ қилиб талоқ,
Қадрсиз лафз ила сўзларимиз ҳам.

«Бизларга сув керак, катта сув керак!»
Ҳақ эса сўрайди тўловсиз хунни.
Кўза синдирганнинг раъйига қараб,
Ошкора хўрладик Сайхун, Жайхунни.

Шўр тузга топширдик такдиримизни,
Ҳамон бепарвомиз, ҳамон бемаъни,
Денгизга эмас-да, бир-биримизнинг
Тагимизга куйиб икки дарёни.
1990


МАНГУЛИК ЛАҲЗАСИ

Юракнинг ичида ўтирибман жим,
Тушига қайтаман бу оқшом унинг.
Булбулнинг патидан жулдур кўйлагим
Қонлари сачраган намозшомгулнинг.

Юракнинг ичида мунғайиб, ғамли...
Жанда булутларга ўраб оёғим,
Қора суякларин қалайман шомнинг
Шафақ ўчоғига ўтиндай тағин...

Юракнинг ичида ўтирибман жим,
Икки дунёдан-да ўзимни тийиб.
Вулқоннинг бағрида ўтирибман мен,
Будданинг энг сўнгги терисин кийиб.

Юракнинг ичида ўтирибман жим,
Мен ғариб меҳмони бу оқшом унинг.
Будда терисига юрак шифтидан
Қони томчилайди намозшомгулнинг.
1988


ЭВРИЛИШ

Мен тошни табарга уриб кўрмасдан,
Сўзларни юракка уриб кўрганман.
Ўзимнинг бир қарич ерим бўлмасдан,
Сенга осмонларни бериб кўрганман.
Кетдинг...

Суғурдим юракнинг илдизларини,
Олий туйғуларни қўйдим хатарга.
Осмонлар қусмоқда юлдузларини,
Мен уриб ўйнайман тошни табарга.
1988


* * *

Ана, чўмилмоқка ечинар гуллар,
Ойнани синдириб шарқирайди нур.
Эринчоқ керишар мудроқ стуллар,
Бу ерда қолмоғинг жудаям зарур.

Камбағал қучоғин очади шкаф,
Латиф илтифотдан туйгандай сурур.
Жавонда китоблар юборар куйлаб,
Бу ерда қолмоғинг жудаям зарур.

Оёғинг гардини тера бошлар пол,
Ва «уҳ» деб қўяди бахтидан масрур.
Итдай тўрт оёқлаб ялинар стол,
Бу ерда қолмоғинг жудаям зарур.

Ҳайронсан, хонада бор нарсаларга
Гоҳ ийиб боқасан, гоҳида мағрур.
Менга керак эмас, лекин уларга
Бу ерда қолмоғинг жудаям зарур.
1988


* * *

Мен энди гуноҳкорман,
Гуноҳимдан кеч, гулим.
Бир қошиқ қоним бўлса,
Ўн қадаҳда ич, гулим.

Мен энди диндорман,
Савобимдан кеч, гулим.
Меҳробда томчи ёшим
Юз қадаҳда ич, гулим.

Мен энди бир дарвешман,
Сен хайрдан кеч, гулим.
Халтамда бир юлдуз бўлса,
Минг қадаҳда ич, гулим.

Мен энди гуноҳкорман,
Сен кўнглимни еч, гулим.
Дилда бир дарё бўлса,
Бир қадахда ич, гулим.
1989


* * *

Кеча... Хона карахт. Дераза тирик.
Ҳавони чайқалтар унут бир овоз.
Ажинанинг сочин тарайди ўтрик,
Илондай судралар бунда инқироз.

Соат ва маконнинг қиличбозлиги
Шунчаки эрмаги фалакнинг.
Ёмони: битта юракнинг озлиги...
Ёмони: кўплиги битта юракнинг.

Хона куйган ойдай совуқ ва нурсиз,
Бу гўристон ичра ҳувиллар кўнглим.
Дераза ортида жавдирар бир қиз...
Юракнинг ёлини тарайди ўлим.
1989


* * *

Ёқут ёнғоқларни чақиб бўлдингми,
Афсунгар олмахон, қаллоб олмахон?

Тилло чақмоқларни чақиб бўлдингми,
Ў, алдамчи баҳор... Ў, тантиқ бахор?

Олтин одамларни чақиб бўлдингми,
Мурувватсиз ўлим, шафқатсиз ўлим?

Қон тўла юракни чақиб бўлдингми,
Пешонангга уриб, бечора шоир?..
Саховатли шоир, бечора шоир...
1988


* * *

Сўзлар калтирайди бўғзимда,
Кўзларимда музлайди ҳумой.
Ҳали дарз емаган кўксимда
Чил-чил синиб кетар ой.

Хайр энди. Айтган-айтмаган
Сўзларимни қилмам ҳимоя.
Нима зарур, нимага керак
Ўлаётган севгига доя.

Маъзур йўкдир менинг тилимда,
Асос ҳам йўқ энди курашга.
Муҳаббатим маҳкум ўлимга,
Мен эса, маҳкумман яшашга.
1888


МАҒЛУБИЯТ

Умр ўтаётир, кўлларим бўм-бўш,
Кунларим кўнглимдай ҳувиллаб колган.
Мен — ташландиқ уйман, бўшаб ётган туш,
Қўйнимда тўладир ёлғон... Пуч ёлғон.

Кундан-кун ранжида, хирадир таъбим,
Кўнглим тусайверар овлоқларни.
Қафасдаги шўрлик олмахон каби
Эрмакка чақаман пуч ёнғоқларни.

Умрим ўтаётир, кўнглим ҳам бўм-бўш...
Мен – буюк урушда йиқилган байроқ.
Оғзим тўла тошдир, ўттиз икки тош,
Қўйним тўла ёнғоқ, бари пуч ёнғоқ.
1990


* * *

Жаҳонга сиғмасак, уйга сиғмасак,
Каёққа кетармиз, эй дил, қаёққа?
На-да гул бўлолдик, на ўт, на кесак,
Каёққа кетармиз, эй дил, каёққа?

Карвонимиз ўтди, бўталар бўзлар,
Қаёққа кетармиз, эй дил, қаёққа?
Ҳеч нарса топмади дунёдан кўзлар,
Қаёққа кетармиз, эй дил, қаёққа?

Сахтиён саҳрода ҳолимиз хароб,
Қаёққа кетармиз, эй дил, каёққа?
Карвон ҳоки туроб — теварак сароб,
Қаёққа кетармиз, эй дил, қаёққа?
1989


ҚАЛБ МАНЗАРАЛАРИ

I

Ё раббим! Бу дилга илҳом ато қил,
Бу тилни бу дилга тамом ато қил.
Биза бу жон надир, бу жаҳон надир,
Беш кунлик бўстонда минг вайрон надир.
Вайрон тан экилган ёлғон бўстон не,
Тан дондай сочилган бу гўристон не?
Бир ён фосиқлар-у, бир ён ғофиллар,
Нафс базмидан фосиқ ғофил кўнгиллар.
Базм аро ҳолимдан пирлар норизо,
Гоҳ ҳалол, гоҳ ҳаром жонимға ғизо.
Не бўлиб истадим илоҳий ором,
Бир қўлим ҳалол-у, бир қўлим ҳаром.
Ёраббим! Бу дилга ўзинг қувват бер,
Бу ҳайрон сувратга субҳон сийрат бер.
Йибординг…Қайтмоққа ўзинг навбат бер,
Ёраббим! Хайр қил – ҳайрат бер.
Мен ҳам бир бандангман, мен – зарра, улғайт,
Бомдоддан хуфтонга беш карра улғайт.
Каломдан каломга етолсам, шукр,
Осмонингга ойдай ботолсам, шукр.
Ёраббим! Бу дилга илҳом ато қил,
Бу тилни бу дилга тамом ато қил.

II

Қулингман, мен сени билмоғ истарам,
Дунёни саломат кўрмоғ истарам.
Ўт билан ўйнашиб ўтмоғда бу дил,
Тоғ билан қайрашиб йитмоғда бу тил.
Сен – дарё, сен – дарё, муаззам дарё,
Адашган балиғдай қумлоғда бу дил.
Қулингман, мен сени билмоғ истарам,
Руҳимни саломат кўрмоғ истарам.
Воҳ, қақнус боласи, эй дил, на бўлди,
Осмоннинг эчлиси сингил, на бўлди?
Мен сени дунёга қушдай учирдим,
Кўз ёш пиёласи чил-чил... на бўлди?..

Қулингман, мен сени билмоғ истарам,
Дилимни саломат кўрмоғ истарам.
Кўксимда қамалиб ётибди бир ой...
Қизғалдоқ қонига ботибди бу ой.
Ғофилман... Мен ҳали ҳаётдан ўтмай,
Менинг ҳаётимдан ўтибди бу ой.
Қулингман, мен сени билмоғ истарам,
Ул ойни саломат кўрмоғ истарам.

III

«...гул вақтинг бўлди».
Омон Матжон

Ай дил, ҳушёр бўлғил, саҳар вақти бу,
Ўз ичу тошингга сафар вақти бу.

Билмам завол қайдан ва иқбол қайдан
Сен қай сори юрсанг зафар вақти бу.

Ай дил, тараб айла, ҳурсан, озодсан,
Сенга тонг, вужудга маҳшар вақти бу.

Теграмда чақмоқлар гуллаб ётадир,
Ҳатто кесакнинг ҳам гуҳар вақти бу.

Мен тилло товоқда бошим келтирдим,
Ай дил, қабул айла, самар вақти бу.

Ҳикмат узлатдадур, узлат юракда
Жон қушин Оллоҳга сайрар вақти бу.

Ай дил, ҳушёр бўлғил, саҳар вақти бу,
Ўз ичу ташингга сафар вақти бу.
1993


КЎНГИЛ ҚУШЛАРИ

Кўзимга қамалган ҳайрон тушларни
Қайга ҳайдаяпсан, девона шамол?
Кўксимда донлаган чип кўр қушларни
Нега алдаяпсан, бегона аёл?

Бу қушлар – кўр қушлар, туғма кўр қушлар,
Ўттиз йил боқяпман юрак едириб.
Арслон ўз боласин тургандай тишлаб,
Турар тумшуқларин дилга ботириб.

Ажаб, дил роҳатда, кўзларим қақшар,
Ҳайрон тушларимни супурар шамол...
Бу қушлар касалманд болага ўхшар,
Сен эса, шамолга ўхшайсан, аёл.
1993


ТОНГИ БЕДАЗОР

Тун қизларин биллур кўз ёши —
Нур таратиб титрар шудринглар.
Қайда менинг ўн олти ёшим,
Дилга киприк санчган келинлар.

Тонг ҳурларин хушбўй нафаси —
Ястанади ям-яшил ҳаво...
Қайда қолди гуллар ваъдаси,
Қайда қолди ўн олти наво?

Марваридлар сочилган дала
Ва шамолда бўм-бўш ҳалинчак...
Қайда менга табассум ила
Оқ шудринглар сочган келинчак?

Тонг қизлари ям-яшил қушлар...
Ястанади ям-яшил ҳаво.
Энди бўм-бўш чимилдиқ тушлар,
Энди унут ўн олти наво.
1994


* * *

Ойўчоғда дил пишди ҳил-ҳил,
Синграб-синграб ситилди сунбил,
Келорим ҳам, борорим ҳам гил,
Халоскорим, кулбама келгил,
Жон устига меҳмоним бўлгил.

Чангароқ*да ой пишди, ҳай-ҳай,
Кипригимда дур пишди, бай-бай,
Оқўтовда эланар бир най:
Нажоткорим, кулбама келгил,
Бош устига меҳмоним бўлгил.

Иложим-у илмим — илтижо
Ўзим қувғин дилимга сен жо,
Умрим, шеърим сенда мустажоб,
Дилга ёрим, кулбама келгил,
Жон устига меҳмоним бўлгил.
1994


* * *

Бу кўнгул устина қорлар ёғдилар,
Боғларин пайҳонлаб ўтди бўронлар
Ақллар, фикрлар ҳайрон бокдилар,
Унинг қайтар вақти бўлди ёронлар.

Кўнгул кулбасини обод этган гул,
Ҳимматингга қуллуқ, раҳмингга қуллуқ.
Ахир нимани ҳам кўрди бу кўнгул,
Гоҳида султонлик, гоҳида қуллик...

Бу кўнгул меҳридан тошлар эриди,
Қўшиққа айланди нолаи зорлар.
Сулаймон сурури — сафар қариди,
Унинг қайтар вақти бўлди, ағёрлар.

Кимнидир қарғади, кимнидир суйди,
Сумбула сувига тўйинган кўнгул...
Бу кўнгул хокисор катта йўл эди,
Ўздан бошқа ҳеч ким юрмаган бир йўл.
1990


* * *

Яратганга шукр, бизники бу тун,
Қора сочларини ёйди тирамоҳ.
Сен ойдай хотиржам бўлмоғинг учун
Зулфинг зулматида синди неча моҳ.

Масиҳ нафасидай эсар бир шамол
Сочларингни силаб... Момо Ҳавосан,
Мен ҳам мақтанишга тайёрман алҳол
Тарқалганим билан Одам Атодан.

Тангрига минг шукр, бизники бу тун,
Худонинг ҳиммати доим беминнат.
Берса бахтини ҳам беради бутун,
Атрофда ястаниб ётибди жаннат.

Шохларда олмалар ойдай тўлишган,
Баркамол васл учун тангрига шукр.
Бу кеча бағрида ёлғиз қолишган,
Муҳаббати билан Эшқобил Шукур.
1994


ТИЛАК

Менинг муҳаббатим нимага арзир,
Нимага арзирди ёниб-куйганим.
Меҳр бу суннатдир, меҳр бу фарздир,
Сени худо суйсин, менинг суйганим.

Мен бир куйинчагинг, тиловчинг, холос,
Сенга йўламасин мендаги қайғу.
Мендан бу дунёга бир ният мерос,
Сени худо суйсин, обод бўл мангу.
1994


* * *

Бу кўнгул даштини бузма, ай дунё,
Жонтортар майлисинг тузма, ай дунё.
Келдик. Қалб юртида ҳурлик ва бахт бор,
Қуллик ила фитна кўзда, ай дунё.
...ай дунё... ай рўё...

Сан илоҳ жавҳари, маъруф туз, ай сўз,
Ишқ ипига дилни бир-бир тиз, ай сўз.
Келдик. Бошимизда қанча синов бор,
Сан гувоҳ ўтарсан, ўзинг – кўз, ай сўз,
Осмондан келган кўз ўзингсан, ай сўз.
ай сўз ... ай сўз... ай сўз...

Биза мурувватсан, ҳикматсан, ай руҳ,
Сан худо назари, ҳимматсан, ай руҳ,
Бу тан бугун обод, эртан харобот,
Бир тола нур уза абадсан, ай руҳ.
ай руҳ. ... ай руҳ... ай руҳ...
1993


* * *

Бу не таманнодур, бу не кўркам ноз,
Суйгулим, ойгулим, чақмоқнинг қизи,
Мен одам боласи, менинг умрим оз,
Сизга йўкдир ўлим, мангу ёлғизим.

Бу не мурувватдир, бу не тараҳҳум,
Мени ўтга ювар чақмоқнинг қизи.
Танда таҳлика-ю, рухда тақаддум,
Сиз ойдай хотиржам, мангу ёлғизим.

Бу не файзли рафтор, бу не тажалли,
Руҳимнинг бекачи, чақмоқнинг қизи,
Мен бир ўткинчиман, дунё ажалли,
Сизга йўкдир ўлим, мангу ёлғизим.
1993


* * *

Севгилим, сен гулсан, севгининг гули,
Мен эса дунёнинг залворли тоши.
Пойингда умримнинг ўттиз бир йили,
Ўттиз бир ёшимда айланди бошим.

Севгилим, сен ойсан, севгининг ойи,
Узансам етмайди... етмайди қўлим.
Чархи кажрафторнинг райъига мойил,
Ўттиз бир ёшимда айланди дилим.

Нечун паришонсан менинг қошимда,
Сўлим бир оҳангсан, сўлим бир баёт...
Ўттиз бир ёшимда, менинг бошимда,
Тегирмон тошидай айланди ҳаёт.

Севгилим, сен гулсан, севгининг гули,
Сенга бўйлай олмас на давлат, на шон.
Пойингда умримнинг ўттиз бир йили
Кечиккан гуллардай йиғлар паришон.
1993


БИР КУН

Бир кун келар...
Ер фаришталари – сўлим Мусичалар
Осмон ювган ҳалол тумшуқларида
Олиб келадилар ўша Бир кунни.

O, бизнинг Бир кун келар...
Куйинчак момолар, азиз момолар,
Йўргаклаб берарлар ўша Бир кунни,
Бешикка беларлар ўша Бир кунни.
Боболар кафтига тўлар дуолар.

О, бизнинг Бир кун келар...
Шунда тўртовимиз катта супада,
Дастурхон бошида бирга бўлармиз,

Сувлардай шалдираб кулармиз,
Тўртовимиз тўртовора бўлармиз.

О, бизнинг Бир кун келар...
Фотима чумчуқлар фаришталардай
Бир куннинг кўксига тумор тақарлар.
Чақмоққалб қақнуслар йўлнинг четига
Исириқ тутатиб олов ёқарлар.

О, бизнинг Бир кун келар...
Нондай ҳалол бўлар дастурхонимиз,
Қуёш каби бутун бўлар нонимиз.
Шунда тўртовимиз бир-биримизга
Кўнгил ушатармиз, кулгу ушатармиз.

О, бизнинг Бир кун келар...
Шунда тўртовимиз Бахтни кўрармиз.
Куёш бизга атаб туғар у кунни.
Менинг тўрт жойдаги тўртта жоним-эй,
Охир тўртовимиз бирга бўлармиз,
Суюнчи берармиз мусичаларга.
О, бизнинг Бир кун келар...
1988


БУЗОҚНИНГЎЛИМИДАН СЎНГ

Уч кунлик бузоғи ўлган сигирни
Соғиб олаётир бефарзанд хотин.
Туёғи зирқираб йиғлайди жонвор,
«Ҳўш-ҳўш»лаб куйлайди қайғули хотин:
«Кувшаб егин ўтингни,
Ийиб бергин сутингни.
Сенинг боланг ўлибди,
Хурмо* боланг бўлибди.
Ҳўш-ҳўш, энам-ов, ҳўш**.

Қайғуни ямламай ютади хотин,
Аламни кувшаб еб ётади сигир.
Томорқада эса... Экин ичидан
Битта бола излаб ивирсийди эр.
Ҳовлида ҳувиллар беш хонали уй...
Гувиллаб кўпайиб борар чумоли...
Узоқлашиб борар хотин билан эр,
Бир яйраб кулишга етмайди ҳоли.
Уч кунлик бузоғи ўлган сигирнинг
Сутин соғиб олди бефарзанд хотин.
Икки жонвор қалби чайилган сутни
Ўғри мушук ичиб кетди ўша тун.
1993


* * *

Қаҳратон чилласи, ялдо сурури...
Кўзим даштларини кўмди кумуш қор –
Руҳим чеҳрасида музлар қариди,
Кел энди, кўксимни ёргил, зулфиқор.

Мен оғир уйқуда... Кўрпам кумуш қор.
Сен мени уйғотгин, уйғот, зулфиқор.
1994


ЙИҒЛОҚ ТОШ

Туркистонда “Йиғлоқ тош” деган бир манзил бор. Унда баҳайбат қоятошнинг минг-минглаб кўзларидан симиллаб сув тўкилиб туради.

Йиғлоқ тош... Йиғлоқ тош...
Кел, бирга йиғлайлик, йиғлоқ тош, —
Бир туннинг ичинда, бир осмон остинда
Сен бир ғариб тошсан, мен ғариб бош,
Кел, бирга йиғлайлик ўзнинг дастиндан.

Тўгарак қоронғи... Тўгарак – сукут...
Оллоҳнинг оҳидай ойдин бир шамол.
Йиғига етилди кўз ила кўнгул,
Кўз ёшга етилди дард ила завол.

Сенга минг-минг кўз бермишдир, йиғлоқ тош,
Менга бир кўнгилни берган худойим.
Сен елга талошсан, мен ерга талош,
Қисмат қаттиқ экан, бизлар мулойим.

Минг кўзинг мингта гул, йиғлоқ тош,
Гулоб қайнаб чиқар булоқдай минг гул.
Мен эса... Ичига бир дарё тўлган
Мингта йиртиғи бор увада кўнгил.

Кел, бирга йиғлайлик, йиғлоқ тош,
Бир она қорнинда, бир юрак остинда
Эгизак кўзлардай йиғлайлик...
Кел, бирга йиғлайлик ўзнинг дастиндан.
1992


ИШҚ СУҲБАТЛАРИ

– Ай, гул, киймишинг ўн саккиз баҳор, ай, гул,
Сўйла, қайси жаҳон санинг қулингдир?

– Ибтидонг туфроғдир, интиҳонг ҳам шул,
Билсанг, етти олам манинг молимдур.

– Ай, сарв, яфроғлари ишқ уйи, ай, сарв,
Сўйла қайси бўстон санинг боғингдур?

– Эй, сен, кўнглин ишқи ўз жонига сарф,
Бир насим уволдур сенга боғимдин.

– Ай, моҳ, минг кечани ёпинган, ай, моҳ,
Сўйла, зулфинг ичра неча тўфондур?

– Эй, сен, ўз-ўзига топинган гумроҳ,
Ҳар тола сочимда бир тонг ниҳондур.

–Ай, шамс, минг юлдузни ияртган, ай, шамс,
Сўйла, ҳаёт қайда, ўлим қайдадир?

– Эй, сен, ўз-ўзини этолмаган жамъ,
Ҳаёт осмондаю, ўлим ердадур.
1991


КАМБАҒАЛНИНГ ШОДЛИГИ

Сен янги ботинка кийиб келган кун,
Эски ботинкангдан қутулган кунинг...

Хотинингнинг чеҳрасидаги
Шип-шийдон куз гуллади бирдан.

Бир зарбда гуллади, ботинка эмас,
Гўё соғин сигир келтиргандай сен.

Гапдон бўлиб қолди мунгли хотининг
Шолипоя узра оч чумчуқ каби.

Ў, эркак, йиғлама, ўзингни тутгин,
Шодликдан гуллаган хотин қошида.

Шу кеч ёзилмади кечки дастурхон,
Кўзларни тўйдирди янги ботинка.

Тун...
Хотининг оч, ширин ухлар қўйнингда,
Юрагингни эса ғарч-ғурч тепкилар
Яп-янги ботинка.
1988


КАМБАҒАЛ СЕВГИСИНИНГ НОМУКАМАЛЛИГИ

Олтинга ўхшаган тўғноғич,
Марваридга ўхшаган мунчоқ,
Одамга ўхшаган кўз бойлоғич,
Кўз бойлоғич бўғзига тиралган пичоқ.
Қонга ботирилган тиллодай тирноқ.
Ва
Ҳеч нарсага ўхшамаган сен.
Қасрга ўхшаган уй,
Товуснинг патидай тўшаклар.
Жаннатга ўхшаган ҳаёт,
Ў, жаннат, албатта, ўлимдан кейин
Дўзахга ўхшаган айролиқ,
Дўзах ҳам, албатта, ўлимдан кейин
Ҳақиқатга ўхшаган ёлғон,
Ҳақиқат, албатта, ўлимдан кейин
Ва сенга ўхшаёлмаган бор нарса,
Бор нарса... албатта, ўлимдан кейин
Йиғигами ўхшаш бир нарса...
Бу эса... албатта, ўлимдан олдин.
1989


СУРГУН
ёхуд Қирмиз момо ҳамда Қурбон момо билан мулоқотлар
(Туркум)

(Улар 30-йилларда сургун қилинганлар ва бу даврнинг бор азоб-уқубатларини бошидан кечирганлар)

1. ҲАЙДОВ

Юзлаб одамларни отнинг дамига солиб ҳайдаб кета бошладилар. Қаёққа? Йўлни қамчилар билади. Нимага? Ҳа, бир бойга яқинлигинг бор-да? Илож қанча, эл бўлгандан сўнг элнинг бойига ҳам, камбағалига ҳам бир томиринг туташади-да. Қулоқ қилинганларнинг орасида кексалар ҳам, болали аёллар ҳам, ўн беш-ўн олтига-да етмаган улу қизлар ҳам, нони реза болалар ҳам бор эдилар. Биз кетавердик, орқада эл изиллаб колаверди.

Қамчи ва елкамнинг оралиғида
Мудҳиш бўшлиқ Ватан каби ҳувиллар.
Ярим ой товоним ғарч ботган тиғдан
Ер тишлаб ётибди ўлик овуллар.

Машрикда яримсан, Мағрибда ярим,
Раҳмати таланган ягона худой.
Қайғули оятдай оқар кўзларим,
Иккига бўлиниб кетаётир ой.

Оёғим осмонда, қўлим занжирда,
Мени ютаверар улкан Ёрилтош.
Минорлар қулади Мовароуннаҳрда,
Ҳиротда иккига бўлинди қуёш.

Ўзимнинг додимни ўз кўнглим тинглар,
Лабимдан жон каби сачрайди «Қуръон».
Бир юрак излайди тул қолган мунглар,
Бир халқ излагандай бева Туркистон.

Иккига бўлиниб борар эдим мен,
Синган кема каби ўз қонимга ғарқ.
Икки хоқонликка эмас-да, икки
Қулликка бўлиниб борар эди халқ.

II. БИТЛАР

Биз К...га борганимизда, у ерга биздан олдинроқ олиб борилган ўзбекларни учратдик. Уларнинг ҳаммаси касал эдилар. Шунда ҳам кечани кундузга, кундузни юлдузга уриб, машаққатли меҳнат қилдилар. Грузинлар бизга «Элдошларингга яқинлашманглар, улар энг оғир жойларда ишлаб, битлаб кетдилар» деб айтишди.

У битлар баҳайбат битлар эдилар,
Оғзи Осиёда топилмас ўпқон.
Бошданми, оёқдан ёйверардилар,
Кўзи Оврўпода ишланган қопқон.

Қуёш — кечки овқат ёвуз даҳога,
Шафақларни ютди қоп-қора туман.
Йигирма асрда кўҳна дунёга,
Янги шажарада қайтди Аҳраман.

У битлар баҳайбат битлар эдилар,
Оғзи Осиёни ютгувчи ўпқон.
Минорларни юлиб кўза қилдилар,
Ва минглаб кўзага тўлдирдилар қон.

Ютилиб борарди халқлар, элатлар,
Бир ўпқон оламни чўчитар эди.
Ўзидан кўпаймай қўйганда битлар,
«Даҳо» ўз пуштидан урчитар эди.

У битлар баҳайбат битлар эдилар,
Қопқонига тўлди халқлар, ватанлар.
«Даҳо» — Битлар халқлаб кетди — дедилар,
Қутқаринг битларни, кетди ватанлаб.

Хомийлар елдилар сермаб қиличин,
Ўлик танлардан-да изладилар жон.
Сўнг ҳаром битларга таҳорат учун
Келтириб бердилар икки дарё қон.
У битлар баҳайбат битлар эдилар.

III. ПАЛАХМОН

У ерда фақат қизлар ва аёллар ишлар эдик. Бир бўлак нон учун жонимизни берардик. Ўша ёкдан тайинланган бригадир қизларни ҳам, аёлларни ҳам аямай калтакларди. Оёқости килиб ҳақоратлар эди.

Отдинг-ку бу юртнинг ўғилларини,
Тошларини отдинг ўзига томон,
Менинг юзлаб сулув сингилларимни
Ахир, қаерларга отдинг, палахмон?

Бахмал чимилдиқлар қолди анграйиб,
Йиртилган тўшаклар йиғлади ёмон.
Ёстиғида ойлар кетди қорайиб,
Ҳуркак сингилларим қани, палахмон?

Ҳар бири бир элга эна бўлгудай...
Эллар энасиздир, етимдир ҳамон.
Юзлаб мамлакатни обод қилгудай,
Юзлаб сингилларим, қани палахмон?

Тандирлар ўйилди. Ўчоқлар ўчди.
Йиғлади, бешикка беланган армон.
Сен ерда қай қонли қўлларга тушдинг,
Худонинг қўлидан тушган палахмон.

IV. ЧОРЛОВ

Сургундагиларнинг кўпчилиги ўлимни бўйнига олган эди.Лекин уларнинг бир армони бор эди. Омонатни ўз тупроғи, ўз элида топшириш армони. Ўлимдаям ўлим бор-да. Кўпларнинг бу армони ушалмади. Ўлаётганларнинг ҳаммасининг жони сачраб кетди. Соғиниб етолмай ўлиш ўлим эмас, хорлиқдир.

Бу ерлардан кетайлик, юргин,
Қўлингни бер, юрагингни бер.
Кўзларингни кўзимга бергин
Ва этимга суягингни бер.

Қаро ер остида ётганим,
Яшамай ҳам ўлмай кетганим,
Қон балчиққа гуллар отганим,
Бу ерлардан кетайлик, юргин.

Ер остига ўсган сочларинг,
Кўкарар тош тирноқларингни,
Қолдирмагин, қолдирма бунда
Мовий арвоҳ — байроқларингни.

Кун кўрмай, ер босмай ўтганим,
Боши қонга ойдай ботганим,
Гўр ичра ўлолмай ётганим,
Бу ерлардан кетайлик, юргин.

Ўлик тирик ғарибим, юргин,
Байроққа айт, тахласин кўчин.
Қабрдан чиқ, кўнглингни бергин,
Ватан бор-ку ўлмоқлик учун.

Кўк-қизили куйиб ётганим,
Ёт тупрокдан тўйиб ётганим,
Юртни суйиб... суйиб ётганим,
Бу ерлардан кетайлик, юргин.

V. ОЧЛИК

Не кунлар ўтмади бу бошдан. Нон деб ўйлаб ковушларни тишлаб ўлиб қолган болаларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Очлик қирғинни кексалар ва болалардан бошлаган эди.

Бир жуфт кўз косаси... Лимиллар нола,
Осмон — куйиндилар куйдирган ҳовуч.
Тутилган ой эмас еганинг, болам,
Еганинг - эгаси йўқолган ковуш.

Мағзи кул бир буғдой қобиғи - олам,
Замин — тўкилмаган бир коса сабр.
Тандир кесагимас еганинг, болам,
Еганинг кимнингдир суяги — кўмир.

Бир жуфт кўз косаси... Тўкилар нола,
Ўчар ёнаётган бошоқдай қуёш.
Тутилган кун эмас еганинг, болам,
Еганинг, бошимни ёрган қора тош.

VI. НАҚШИГУЛНИНГ ТУШЛАРИ

Нақшигул, Рўзигул, Мақсадгул, Норсулув деган хоразмлик дугоналаримиз бор эди. Нақшигул бир сулув, бир қайғули эди. У ҳар кеча тушида Хоразмни кўрарди. Биз қайтдик?.. Улар уёқларда қолиб кетишди.

Ер гули, Нақшигул, бормисан омон,
Тушовли кийигим, маъюс хушрўйим.
Макка чопиб келар Хоразм томон,
Очилган қабрдай ҳувиллар уйинг.

Сенинг тушларингни кўрдим, Нақшигул:
Тишлаб турар эдинг юракни маҳкам,
Тегирмон қуёшни янчарди нуқул,
Янчарди Хоразм ойларини ҳам.

Ҳар кеча худодан юртни сўрардинг.
Замон чўқиларди нолаларингни.
Урғочи йўлбарсдай тишлаб турардинг
Ҳали туғилмаган болаларингни.

Тишлаб турар эдинг Ватанни маҳкам,
Чарновуқ лабингни йирарди нуқул.
Кириб бораяпман тушингга мен ҳам,
Мен сени севаман, қайтгин, Нақшигул.

Тишлаб турар эдинг маҳкам миллатни,
Занглаган занжирни тишлар эдинг сен.
Қонталаш елкангда кўриб давлатни,
Кўзимнинг ичида йиғлар эдим мен.

Хоразмни маҳкам тишлаб турардинг,
Кулгучинг — йиғичи, иякларинг қон.
Уларга қизлик қирқ жонингни бердинг,
Қолди Ватан каби тишланган имон.

Тунлар битиктоши тушингни топдим,
Ўзинг қайлардасан, айтгин, Нақшигул,
Бекафан танларни кўз билан ёпдим,
Мен сени севаман, қайтгин, Нақшигул.

Қайтгин, бу дунёда диёрлар ўлди,
Зора у дунёда бормисан омон.
Ер-осмон ораси фитнага тўлди,
Қайтгин, Хоразмнинг аҳволи ёмон.
1989


УСМОН НОСИР

Орангиздан яшаб ўтди бир шоир,
Ўртада юраги — очилдастурхон.
Бир кун салом бермай, қирқ йил ичдингиз,
Ундан қирқ йилгача едингиз-ку нон.

Орангиздан яшаб ўтди бир шоир,
Арвоҳлар сарқитин ёлғиз еди у.
Еди изтиробнинг совуқ пўстларин,
Бўшаб қолганида очилдастурхон,
Шоир ўйиб берди сизга кўзларин.

О, ожиз бандалар, очкўз бандалар,
Шоирнинг кўзлари аччиқ эканми?
Худо тўйдирмаган оч хўрандалар,
Сизни шоир кўз тўйдирарканми?

Орангиздан яшаб ўтди бир шоир,
Ўртада юраги — очилдастурхон.
Ундан қирқ йилгача Ватан едингиз,
Қирқ йил чанқоқ босди соф ўзбаки қон.

О, ожиз бандалар, очкўз бандалар,
Етмиш қарич илон қора тилларинг.
Халқнинг юрагига ўч хўрандалар,
Узанса, бир ёқа топди кўлларинг.

О, ожиз бандалар, очкўз бандалар,
Бир кун салом бермай, қирқ йил едингиз.
Ёпилиб қолганда очилдастурхон,
«Шоир — халқ душмани» дедингиз.

Шоир қайтиб борди тангри қошига,
Оғриниб, куйиниб дардин айтар у.
Очилдастурхонда бир Ватан қолди,
Тангридан уртўқмоқ сўраб қайтар у.
1989


ИККИ ДУНЁ ОРАЛИҒИДАГИ ҚОФИЯСИЗ ТУШЛАР

* * *

Уч кунлик ой, йўргакдаги ой
Шарт кесиб ташлади бошимни.
Беш кун ўтгач, қоронғи беш кун
Ўмган томиримдан кўкарди бу гул,
Пайғамбар бошига ўхшаш улкан гул.

* * *

Нега йиғлаяпсиз, кўлларим?
Оёқларим,
Нега юлиб ташлаяпсиз тирноғингизни?
Бор-йўғи уч минг йил яшадик ҳали
Тош асрида, темир асрида,
Нега йиғлаяпсиз, кўлларим,
Оёқларим нега йиғлайсиз?
Ҳали манзил узоқ Одам асрига.

* * *

Тушларимнинг саёқ буржида
Аянчли тишларин ботириб
Болдиримдан тишлар бир кучук.

Калима қайтариб қочиб бораман...
Ёпишиб қолгандай оёқларимга
Бадтар тишлайверар лаънати кучук,
Шайтондан тарқаган лаънати кучук.

Қўрқиб уйғонаман. Чироқни ёқдим.
Қайноқ тер ювади совуқ ҳужрамни
Хайрият... ғайбга қайтибди кучук.
Сўнг қўрқиб қарадим оёқларимга
Энди тушимдамас, ўнгимда кўрдим:
Кучук тишларининг аянч излари
Бақрайиб турарди болдирларимда,
Улардан сирқираб сизар эди қон...

* * *

Ҳазрати Ҳизрнинг бошмалдоғига
Уя қўйиб қайтган оқ қалдирғочни
Чақириб-чақириб чарчар юрагим...
Қонга ботган ойнинг чимилдиғида
Юлдуз тирноғи-ла сўнгги терисин
Қайғули-қайғули арчир юрагим...

* * *

Осмон балчиғида нотавон қушдай
Учиб бораётир хароба бир уй.
Топталган эрк каби, куйган китобдай
Учиб бораётир хароба бир уй.
Одамларни ерга лаш-лушдай ташлаб,
Кўчиб бораётир хароба бир уй.
1992


ШОИР ЖАНОЗАСИДА ХАЛОЙИҚҚА ТАРҚАТИЛГАН ЙИРТИШЛАР

* * *

Қайлардан келяпсан, қибланинг қизи,
Нега тирноғингдан тиззанггача қон?..
Зархалтангда қанча ошиқ юлдузи,
Оёғинг остида неча дил талқон...
Қайларга кетяпсан, қибланинг қизи?..

* * *

Бу умр ўткинчи! Не қолур биздан,
Не мурод, бу вужуд, бу дил, бу сўздан?
Бизни қабул этмас на ҳақ, на фано
Ўздан келибмиз-у, қайтмабмиз ўздан.

* * *

Бу жаҳон мулкида мен ким бўлибман?
Бир юлдуз думидан тушган ўликман.
Бир нафас ато эт, бир ишқ ато эт,
Бу ўлик дунёдан кетай тирик ман.

* * *

Бу ғариб кулбага чироқ ёқиб қўй,
Шамолдай ўткинчи ғариб йўловчи.
Мен кетдим, мунғайган юрагим қолди,
Ғариб харобага чироқ ёқиб қўй
1992


УМИД КЕЧАСИ

Чорладим қадимий муқаддас руҳни,
Юрагимга қайтди қувғинди калом.
Ёриб чиққандайман мангу андуҳни,
Қўлларим тилида янгради «салом».
Турналар сукутнинг бағрини ёрди,
Қизлар қабоғида ёнди қизғалдоқ.
Чумчуқлар чуғурин ютиб юборди,
Кўкрагимда синган момақалдироқ.
Момолар қирларга боқдилар — Армон —
Умрнинг сўнг манзил сўқмоқларида.
Болалар афсона излар — ҳаяжон —
Дарёларнинг сўлим қирғоқларида.
Кўзларга тўкилар энди оҳиста
Осмон малаклари — юлдузлар бари.
Бу кеч даричангдан киради аста
Дунёнинг қайтмаган пайғамбарлари.
Умид кечаси бу — ... нажот кечаси...

Тавоф қил самовий қўлчаларини.
Таланган бағрингга қайтмиш барчаси,
Тавоф қил, худонинг элчиларини.
Бахши армонидай тўлқинли йўллар,
Мудроқ манзилларни елпийди бўшлиқ.
Хилпираб байроққа айланди қўллар,
Бармоқларим — қўшиқ, тирноқларим — қўшиқ.
Тоғларнинг кўксида юрак лоладай,
Келинлар сўйлайди тилакларини,
Қишни сўкиб қўйган дудуқ боладай
Осмон ечиб ташлар кўйлакларини.
Қалқийман йиртилган байроғим билан,
Умид кечаси бу... ў, халқим уйғон.
Армонга айланган тирноғим билан
Юрак пўстлоғига ёзаман достон.
Утган тунларимни бўзлаб ўтказдим,
Улфат эрмагидан топмай тасалло.
Кел, деб рақибимга гуллар тутқаздим,
Қучоғимдан қочди муқаддас олло.
Менинг вужудимга уялар қурган,
Қўйиб юбормадим қалдирғочларни.
Дўстларнинг ўрнига гунг бўлиб турган,
Қучоқлаб йиғладим симёғочларни.
Замин айлангандай айланди бошим,
Хайём қўлларимга тутқазди шароб.
Тунлар қиз ўрнига қучоқлар мени
Вертерни қийнаган буюк изтироб.
Ўзбаки дилимни аврамоқ учун
Боқдилар ишшайиб, боқдилар чирик.
Аканг ғанимларин қарғамоқ учун,
Синглим, сен нимага қолмадинг тирик.
Тақдир, мард келмадинг бу элга бир бор,
Ёқангга қўл чўзар йигирма ёшим.
Олтмиш минг фаслни қилади қатор
Менинг Ер шаридан каттароқ бошим.
Менга насиҳатлар сотди минбарлар,
Тупуклар сачратиб, ранглари бўздек.
Мен сени эсладим шу дамда музтар,
«Оқ олтин» остида эзилган ўзбек.
Яланғоч кунларим, жулдур йилларим
Замоннинг бўғзига қолди тиқилиб.
Кўзимда яшаган тутқун элларнинг
Сўнгги тулпорлари кетди йиқилиб.
Гоҳида сотдилар содиқ дўстларим,
Тақ этиб ёпдилар даричаларни.
Сотқинни топинг, — деб сўнгра ўзлари
Қўйиб юбордилар овчаркаларни.
Мен эса, юракни отдим бемалол,
Янглишиб кетдингми, о, содда бардош.
Сўнгра итга суяк ташлаган мисол.
Қилмоқчи бўлдилар уни хомталош.

Яна неларнидир излай бошладим,
Ўн сонига ёлбор, деди Пифагор.
Ёзган шеърларимни отиб ташладим.
Уларга кафандир юракдаги нур.
Сиз менинг ҳолимга боқасиз ҳайрон,
Минг йиллик қонунлар, сизни бузаман.
Валекин, барибир худо суратин
Ўзимнинг расмимга қараб чизаман.
Такдир саҳнасида ҳайронлар қолдим,
Кимгадир тасалло, кимгадир табрик.
Лекин, олис рухдан мактублар олдим:
«Эшқобил, бормисан оламда тирик!»
Чорладим, маконни рад этганда Вақт,
Лаҳзага қайтганда узун асрлар,
Чорладим, эриди музлаб қолган Бахт,
Оламга навбатсиз кирди фасллар.
Чорладим, қадимий муқаддас руҳни,
Ҳимматинг улуғдир, борлиғинг сахо.
Жангларга чақирдим сокин қўшиқни,
Ўзинг мададкор бўл, исмсиз даҳо.
Биллур кўйлакларин ечди дарёлар,
Найсон нафасингда чўмилмоқ учун.
Меҳробин тарк этди динлар, худолар
Қанотингдан ўсган бир байроқ учун.
Ҳаёт, мен-ку сендан ортда қолмайман,
Баҳор қуёшига тутай кўкракни,
Мени тушунинг, деб ҳайқиролмайман,
Кечиринг, изоҳлаб бўлмас юракни...
Севгилим, кулгингнинг шарафи, шони,
Бош уриб йиғлайин оёқларингга.
Одамлар йўқотган буюк дунёни
Мен топиб оламан қучоқларингдан.
Севгилим, сўнгра биз бахтли бўламиз,
Мангу эрк берамиз орзу, хаёлга.
Кун келиб ёнма-ён таъзим қиламиз
Ҳурлик аскарларин туққан аёлга.
Умид кечаси бу... Нажот кечаси,
Кўзга сурт муқаддас қўлчаларини.
Таланган бағрингга қайтмиш барчаси,
Тавоф қил эркинлик элчиларини.
Қўлларимда қалам титрайди яна,
Мангуга бор бўлсин Ҳақиқат ва Шеър.
Сени қучоқлайман қўрқиб жимгина,
Ҳўкизнинг шохида титраб турган Ер.
Қувғинди султондай еллар кездилар,
Мени олиб кетди учар гиламлар.
Осмонларда оппоқ қушлар суздилар,
Юраклар доғини ювди шабнамлар.
Яна хотиралар кириб келади,
Сочлари елкада ёйилган малак.
Ҳорғин вужудимни сархуш қилади,

Улкан тўйхонага айланар юрак.
Гуллар яйрайдилар кекса дунёда,
Ёмғирлар сўнгида мавжланар тошлар.
Бойчечак гуллаган Сурхондарёда
Отам ўзбекларнинг тўйини бошлар.
Мен эса, чорлайман қадимий руҳни:
Ҳимматинг улуғдир, борлиғинг сахо.
Жангларга чақирдим сокин қўшиқни,
Ўзинг мададкор бўл исмсиз даҳо!
1981


МАНГУЛИКДАН КЕТГАН ДАРЗ

Муносиб эмасман сенга ҳеч қачон,
Муносиб эмасман, ночор ва нўноқ.
Мен бугун ўлимга топширдим бир жон,
Ўттиз тўққиз жоним қолди-ку, бироқ.

О, юрак бор-йўғим, сени чақирдим,
Сўнг отдим ағёрлар товоғи томон.
Сўнгги чироқларни кўздан ўчирдим,
Ажаб томошадан кулар оломон.

Кеча оғир эди. Кеча дилозор...
Яхшилар, ёмонлар, қолманг ғафлатда.
Ҳар битта одамнинг қирқта жони бор,
Бир юрак ичида қирқ жон, албатта.

Зотан, азиз дўстга айтибман видо,
Мени театрга чорлар оломон.
«Сен нега бизларни тоқ қилиб қўйдинг?» —
Йиғилиб келади ўттиз тўққиз жон.

Қайдасиз кўз ёшлар? Қайдасан, виждон?!
Чорлайман ваҳмали, шарафсиз, шонсиз.
Бўғзимга тиқилар ўттиз тўққиз жон,
Яшаб бўлмаяпти қирқинчи жонсиз.
1985


ОЛТИН ҚЎЗИЧОҚ

I

Она совлиқ бўзлар оғзидан
Лахта-лахта қизғалдоқ тўкиб,
Синиқ тошдай тиқиқ бўғзида
Тўққиз ойлик оятлар юқи.
Бир ингроқ тўлдирар бўшлиқни,
Бир карам қилмасми яратган?

Худо суюб урди совлиқни
Олтин қўзи бериб фалакдан.
Қарғишлар тутмасми борлиқни —
Лахта-лахта қора қизғалдоқ,
Худо суюб урди совлиқни —
Туғди яна олтин қўзичоқ.

II

Совлиқ ўзин ҳар ёнга отар,
Гоҳ худо, гоҳ шайтонга отар.
Олтин қўзичоқни сўярлар...
Елинига тўлади юрак,
Қип-қизил сут бўлади юрак.
Олтин қўзичоқни сўярлар...
Чайнагани одамнинг олтин,
Совлиқ эса, чайнар ҳаётин.
Олтин қўзичоқни сўярлар.

III

Олтин қўзичоқнинг сўйилар чоғи
Бўри бўлгиси келди совлиқнинг,
Йўлбарс бўлгиси келди...
Балиқ бўлгиси... Чумоли...
Фил бўлгиси келди совлиқнинг...
Қоплон бўлгиси келди...
Қурбақа бўлгиси...
Чувалчанг...
Лекин,
Одам бўлгиси келмади совлиқнинг.
Одам бўлгиси келмади сира.
1988


УРУШДАН КЕЙИНГИ УРУШ
(Туркум)

АСОРАТ

Булутлар парчаси — кўк кўйлак яна
Омон чиқаётир қирқинчи қишдан.
Ҳолинг нима кечди, ҳолсизим, онам,
Қайтиб бормаяпман урушдан?

Кеча хўрсинади, куйиб кетар ой,
Кўнгил синиқларин ямайсан тушда.
Ҳолинг нима кечди, бир ҳолим, отам,
Қайтиб бормаяпман урушдан?

Иффат зарпардаси — Шарқнинг рўмоли
Суюқ гавҳарларга тўлар туйқусдан.
Ҳолинг нима кечди, жуфти ҳалолим,
Қайтиб бормаяпман урушдан?

Муҳаммад пайғамбар ғазотдан қайтди,
Суворов қайтади қайтгандай ишдан.
Че Гевара қайтди, Робин Гуд қайтди,
Эшқобил қайтмади ҳамон урушдан.
1988


УРУШ

«Опа, Ватан — улуғ дард,
Опа, Ватан боғ бўлсин.
Шеърда суратин чизсам,
Тўрт мучаси соғ бўлсин.”
Усмон Азим

Уруш!!!
(Бақириб юборар ундов белгилари,
Аскарлар таянган қўлтиқтаёқдай)
Уруш...
(Нафас ололмасдан қолар нуқталар
Қўрғошин уч марта тешган юракдай)
Қийнаб қўймадими сизни, оталар,
Гўдак болаларнинг катта сўроғи?
Ватан тупроғини ҳамон туш кўрар,
Жангчининг Берлинда қолган оёғи.
Саломга чап қўлни узатар секин,
Ҳорғин вужудида асабий титроқ.
Ўнг қўли вужуддан олисда, лекин
Тинчлик деб зулматда кўтарган чироқ.
Уруш!!!
(Бақириб юборар ундов белгилари,
Соғинчдан қуриган дарахтлардай)
Уруш...
(Нафас ололмасдан қолар нуқталар,
Майдалаб ташлаган қорхатлардай)
Сиз қайтиб келдингиз урушдан,
Қайсингизда оёқ... Қайсингизда қўл...
Қайсингиз кўздан-у, қайсингиз пуштдан...
Лекин кўкракларда ҳилпирайди гул.
Вужудсиз оёқлар ер шарин ёриб,
Олға югуради, ҳансирар ғаним.
Сиз-чи, шивирлайсиз қишлоққа бориб:
«Сенинг оёқ-қўлинг соғми, Ватаним».
1985


ЎЗБЕК ОТАНИНГ ҚИРҚ УЧИНЧИ ЙИЛДАГИ ФАРЁДЛАРИ

Ер йиғлар, осмон йиғлар,
Кўксимда тўнар оҳим.
Кўз — дўзах, ризвон йиғлар
Йиғлайди синиқ моҳим.
Дил — икки жаҳон йиғлар:

Вой болам-а,
Вой болам.
Тўлмай кетган
Ой болам!

Ўчоғимда ўнг-тушлар
Қаловли қордай ёнар,
Тунни кийган бойқушлар
Кўнглимни чўқиб ўйнар.
Илонларнинг пўстидан
Ийланган ваҳма-пўстак,
Орзуларнинг устида
Бақраяр калтакесак.

Вой болам-а,
Вой болам!
Оқмай кетган
Сой болам!

Қонли кафан ҳилпирар,
Бўғзимда куйган шамол.
Тун... Юлдузлар дилдираб,
Қўйнимда музлар беҳол.
Итдай увлайди оқшом
Ғариб қолган дарчада,
Кўзимда қон тўла шом,
Ҳувиллайди кўчалар.

Вой болам-а,
Вой болам!
Куйсиз синган
Най болам!

Азадор эшигимда
Қушдай осилган кўнглим,
Тобутмас, бешигингда
Тебраниб ётар ўлим.

Вой болам-а,
Вой болам!
Сут қўмсаган
Той болам!

Ҳаёт, қўрқма, ҳаёт сен,
Емиш бўлмас, юрагим.
Лек, гумбурлаб қулади
Осмонимга тиргагим.

Вой болам-а,
Вой болам!
Бўлмай қолган
Тўй болам.

Ер йиғлар, осмон йиғлар,
Кўксимда тўнар оҳим.
Дил — икки жаҳон йиғлар,
Йиғлайди синган моҳим.
1984


ҚИРҚ УЧИНЧИ ЙИЛ ҚЎШИҚЛАРИ

1

Ошларнинг устида ҳар куни дуо,
Қошларнинг остида мунғаяр видо.
Мен туннинг титроғи, Ойнинг титроғи.
Тилимнинг учида яшайди худо.

Тушларим тебратар бешиктебратар,
Кўзларим тебратар эшик, тебратар.
Мен туннинг сукути, ойнинг йиғиси,
Чорлов қўлларимни бўшлиқ тебратар.

Йўллар, кўзларимни ҳоритди йўллар,
Жондай сўзларимни қаритди йўллар.
Мен — ҳаёт овунчи, соғинч соғинчи,
Сенинг дийдорингга зор этди йўллар.

Оғир садоларга тўладир олам,
Тийра самоларда синадир нолам,
Нега қучолмайман, ўпа олмайман,
Ахир, юрагимда юрадир болам.

2

Дард, нидога айланар кеча,
Илтижога айланар кеча.
Садоқатли битта банда-ю
Бир худога айланар кеча.

Кўзим оғрир, юрагим оғрир,
Тилим оғритади қўшиқни.
Тун хотиржам, кўнгил бесабр,
Совуқ ой ёндирар бўшлиқни.

Бўғзимни юлдузлар куйдирар,
Умрим оғрир, ўлимим оғрир.
Кечамни кундузлар куйдирар,
Кунлардан ҳам лаҳзалар оғир.

Тун безовта, йўллар йиғлайди,
Юракка санчаман қўлимни.
Не қилай, қўлимдан келмайди,
Ўлдира олмайман ўлимни.
1986

Qayd etilgan


Margiloniy  02 Fevral 2011, 12:05:23

ТЎЛҒОНОЙ

“Сенсиз Ўзбекистон Ўзбекистонмас!”
МИРТЕМИР

Яшардинг кўзларнинг қароларида,
Ундаги боғларнинг ароларида.
Сен бир сулув эдинг сочлари жўшган,
Қошингда ҳайратлар ҳайратга тушган.
Йиғлардинг, о, ҳеч ким йиғламас сендай,
Кулардинг, о, ҳеч ким кулолмас ундай,
Гўзал камалакнинг етти рангини
Рад эта оларди шўх кулгуларинг.
Болалар куйлардилар сенинг ҳақингда,
Нолалар куйлардилар сенинг ҳақингда:
«Толим сочларингнинг ўрими майда,
Золим қошларингнинг терими майда.
Майли, васлингни деб тунлар тўлғанай,
Фақат, меники бўл, сулув Тўлғоной».
Сени кўплар севди, қилолмай тоқат,
Гоҳо олам билан чикди юзма-юз.
Сени кўплар севди, сен эса фақат.
Тўлишган ой каби баркамол, маъюс.
Гоҳо муҳаббат деб бош кўтарди мушт,
Кимнинг боши ёриқ, кимнинг бурни қон.
Кимгадир изза-ю, кимгадир олқиш,
Сен эса, ўртада куйинчак виждон.
Ўсмирлик, ғайратинг, кучингга шараф,
Сенинг ҳузурингда лол қолар олам.
Сен жангга кирасан тарафма-тараф,
Ўртада Тўлғоной — севинч ва алам.
Тўлғоной, кетдилар улар урушга,
Энди Ватан дея жангга кирдилар.
Ўқлар овозидан титраган тушда,
Сенинг ёнингдаги юртни кўрдилар.
Қилган аччиқларинг қийнайди гоҳо,
Сендан ва оламдан кетар кўплари.
Сен сўнгги қарорга келасан илло:
«Суюкли эдилар уларнинг бари».
Қишлоққа куйиниб сирли ўтиниб,
Хабарлар келади, оғир хабарлар.
Бунда ҳаёт суви — умид сутини
Ҳар тун эмиб кетар эчкиэмарлар.
Сенинг юрагинг ҳам ўрганди қарғиш
Ва тунлар фалакдан тилашни омон.
Халқларни қақшатди даҳшатли уруш,
Сен нега ўртада бўлмадинг виждон.
Бу улкан дунёдан улкан давлатлар
Фожеъ саҳнасида келди юзма-юз.
Тўхтатиб қолмоққа энди уларни
Виждон бўлолмади бокира бир қиз.
Сен тунлар чорлайсан кетганлар руҳин,
Бесамар сўроққа тутиб худони.
Ўша миллион-миллион шаҳидлар учун
Гуноҳкор санайсан бутун дунёни.
Тўлғоной, кетдилар улар урушга,
Сенинг хаёлинг-ла жангга кирдилар.
Ўқлар овозидан титраган тушда
Сенинг ёнингдаги халқни кўрдилар.
1988


ХОТИРАЛАР

Мени хотиралар қийнайди оғир,
Бефарзанд аёлдай хотиралар...
Етимлардай излар қайноқ бир бағир
Кўзлари шамолдай хотиралар.
Мени хотиралар қийнайди оғир...
Қалблари, васл ила фироқларини
Йилларим еб қўйган хотиралар,
Юрагимга босиб оёқларини
Суяклари куйган хотиралар.
Мени хотиралар қийнайди оғир...
Узун сочларига олов туташиб,
Шамоллар учирган хотиралар.
Киприклари билан юлдузлар ташиб,
Кўзда сув ичирган хотиралар.
Мени хотиралар қийнайди оғир...
Юракдан куйинган беморлар каби
Оғир хотиралар бирма-бир ўтар...
Куюк табассумдан ёрилиб лаби
Осмон кафанига ўралиб кетар...
Мени хотиралар қийнайди оғир...
Кўзлари шамолдай хотиралар...
1989


МЕН ВА МУСИЧА

Манзар қирғоғида мунча қайғули
Жавдираб турарсан, синглим мусича.
Мени одам қилди дунё доғули,
Мен ҳам мусичайдим... Кўнглим мусиқа.

Мен бунда бегона, қанотсиз, дайди,
Юрагим улоқдир, дунё отчопар.
Топталган дилимни обкетолмайди
Манзардан жавдираб боққан муштипар.
1994


ГУНГ ҲИКОЯСИ

Аваз сукунатнинг боласи эди,
Сингилдай суярди мусичаларни...
Тенгдошлари — одам болаларидан
Итдан қўркқан каби безиб юрарди.

Такаббур тенгдошлар гоҳо эрмакка
Овлаб ўлдирарди мусичаларни...
Сингиллар ўлигин кўрганда Аваз
Овозсиз-овозсиз ҳайқирар эди.

Безиб хўрликлардан, ҳақоратлардан
Хилват гўшаларга кетарди Аваз...
Овлоқда онаси Сукунат билан
Узоқ гурунглашар, узоқ ўйнарди.

Овлоқда Авазнинг ғариб бошини
Меҳрибон силарди буюк бир овоз.
Бунда ҳалок бўлган мусичаларнинг
Қаноти остида куйлари Аваз
1997


“НАСОЙИМ УЛ МУҲАББАТ”ГА САЙР

МУНОЖОТ

Борлиқ ҳам йўқликда мутлоқ ўзингсан,
Йўқдан бор этувчи халлоқ ўзингсан.
Ожизман, васфингга бирор сўзим йўқ,
Бир қутлуғ сўз ичра ҳали ўзим йўқ.
Бу хароб кўнгилга давлат ато эт,
Раҳм қил, раҳмлиғ раҳмат ато эт.
Каримсан, караминг бесарҳад кенгдир,
Бир назаринг икки жаҳонга тенгдир.
Бу тун кўр кўзимга нур тушса, шояд,
Дилим ҳидоятга йўл қўшса, шояд.
Дунёга қўл бериб гуноҳкордирман,
Вале, карамингдан умидвордирман.
Қай дилда сен йўқсан, у дил ўликдир,
Энг буюк озодлик сенга қулликдир.

БИЗГА БИРГА ХИТОБ

Битик битмоқ эрсанг, эй ровий,
Қўлингни юракка ботириб битгил.
Савоб ёзмоқ эрсанг, эй осий,
Манглайингдан ўзинг бир юриб ўтгил.
Дунё кўрмоқ эрсанг, эй сўқир,
Ўз кўзинг ичига бир кириб ўтгил.
Ошиқ бўлмоқ эрсанг сен охир,
Қўлингни бўшатиб, дил ичра кетгил.


ШАЙХ УВАЙС ҚАРАНИЙ

1. ЎТТИЗ ИККИ ТИШ ДОСТОНИ

(Ул зот) «Уҳуд урушида пайғамбарнинг муборак тишин шаҳид бўлғонин эшитиб, мутобаат (тобеълик, ихлос) учун ўттиз икки тишин ушотти».

Юракка қадалиб ётган тошларни
Бирма-бир суғуриб олгандай гўё.
Шайх Увайс ушатар дурдай тишларин,
Қонга ботар тилин остида дунё.

Бир парча нур келиб теккан Оллохдан
Ҳақиқатнинг рамзи бу улуғ манглай,
Ҳамду сано учун расулуллоҳга
Лахта-лахта қондан сўз қилган танглай.

Шайх Увайс тишларин суғурар тезлаб,
Ҳавода қанотдай кўкарар ҳар тиш.
Сўнг етти водийдан Симурғни излаб,
Учиб бораётир ўттиз икки қуш.


ШАЙХ БОЯЗИД БИСТОМИЙ

I. НАМОЗ

«Ва султонул орифин Боязид Бистомий намоз қилса эрдилар, қаъқаа аларнинг кўкси сўнгакларидан чиқар эрди».

Машойих оғриниб қилар маломат:
Шайхда илм товуши, илоҳий овоз,
Кўксида Каъбасин қурган диёнат,
Вале Шайх нечукдир ўқимас намоз.
Унинг кўзларида ислом юлдузи,
Юзларида эса худо нури бор.
Одаммас, ҳақиқат фарзанди ўзи,
Лек намоз ўқимас, ул шайхи номдор.
Машойих таън қилур, машойих сўроқ:
«Сидқ қайда, Боязид, риёзат қайда?»
Шайх эса хотиржам, исломий байроқ
Каби қўзғолади жойидан:
«Эй сиз уламолар, таънадан олдин,
Мулоҳаза этинг, кўринг ҳолимни...»
Дея шайх Боязид намоз бошлади,
Жон кўриб қолгандай дил жамолини.
Қанотга айланди, қаранг, жойнамоз,
Вужуд сўнгаклари куйди беомон.
Шайх «Оллоҳу акбар» деб берганда овоз,
Хар туки тубидан бош кўтарди қон.
Машойих лол эди. Бу қандай намоз?
Зарбидан чайқалиб ётарди фалак.
«Оллоҳу акбар» деб берганда овоз,
Ҳар туки тубида қўзғолди юрак.

II. АҲВОЛИ РУҲИЯ

Кўнглим ҳоли надур? Яратган билур,
Бу дил Оллоҳ мулки — мендан зиёрат.
Элга ҳол айтмасам маломат қилур,
Ҳолим айтсам бу эл бошлар қиёмат.

III. МЕЪРОЖ

«Боязид дедики.Оллоҳ таолони туш кўрдим, Сўрдимки, бор худоё, йўл санга не навъдур? Дедиким, ўзунгдан ўттинг, еттинг».

Мумкиндир чақмоқни тиш билан тутмак,
Тил тишлаб, дунёни кўз билан ютмак,
Жараён келмакдур, моҳият — кетмак,
Ўзунгдан ўтмак бу — Оллоҳга етмак.
Кўз юмсанг, оламни аён кўрмоғинг,
Манглайинг остида фалак тирноғи,
Беш фарзга ишора бешта бармоғинг
Ва қонли кемадай дилга минмоғинг,
Ўз сари юрмоғинг, ўзга бормоғинг...
Бу дунё — келмакдур, моҳият — кетмак,
Ўзингдан ўтмак бу — Оллоҳга етмак.

IV. ОШИҚ

«Они ўтгандин сўнг туш кўрдилар, холин сўрдилар. Дедиким, мендин сўрдиларки, эй қари, не келтурубсен? Дедим, дарвеш подшоҳ эшигига келса, андин сўрмагайларки не келтурубсен, сўрғайларки, не керак».

Бир парча нон бўлмас балки сўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.
Бир қултум сув бўлмас балки кўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.
Хаёл ва ҳижрондур нону тузимиз,
Воҳ, бул кун ошиқмиз, ошиқмиз,
Нетонг кўнгил бўлди ризқу рўзимиз,
Эртан ҳам ошиқмиз, ошиқмиз,
Йўқ бўлиб кетсак-да тамом ўзимиз,
Сўнг яна ошиқмиз, ошиқмиз.


ШАЙХ ЗУННУН МИСРИЙ

I. УЧ ИЛМ ҲИКМАТИ

«Зуннун дебтурки, уч сафар килдим ва уч илм келтурдим» (Булар тавба илми, таваккал ва муомалат илми, ниҳоят, ҳақиқат илмидир)

Илм — гадоликни ихтиёр этган султондур...султондур.
Тавба — охиратга яланғоч кетган инсондур, инсондур.
Муҳаббат — жон қушин талаби, токи сайрондур, ҳайрондур.
Ҳақиқат — бир дилда олишган икки жаҳондур, жаҳондур.

II. СУРАТ ВА СИЙРАТ

Воажаб! Бир занги кўрдим бу дунда,
Минг кеча зулматин кийган бир занги.
У ҳар гал оҳ ила «Оллоҳ!» деганда,
Ботаётган ойдай оқарди ранги.
Воажаб! Ҳолинг не, эй осий банда,
Вужудингда балқмиш оламнинг тонги.
Сен ҳар гал ошиқиб, «Дунё!» деганда,
Тутилган ой каби қорайди рангинг.

III. ЯШИЛ ЎЛИМ

Шайхнинг хазон куни баҳорлар келди,
Фалак яшил байроқ тусига кирди.
Кўк юзини тутди соясиз
Ниҳоясиз яшил қушлар, ниҳоясиз...
О, шайхнинг тобути гўристон қадар
Дарахтдай кўкариб улгурди... (Шажар)
Ёраб, не масофа қондан жонгача,
Шайх кўкариб улгурди гўристонгача.
Ёраб, не ғавғода тан ила кўнгил,
Дарахт — Тобут ичра ўсарди бир гул.
Икки дунё аро тилим ва тилим
Ястаниб ётарди ям-яшил ўлим,


ИШҚ ВА ТАЛАБ ҚАЙҒУСИ

Шабнамдай дилимга ютдим субҳини,
Олов узра сочдим жон тасбеҳини.
Эй жон, ҳолинг хароб, матлабинг тараб,
Эй дил, ишқ қонидан бир коса шароб.
Кўнгилнинг кўнглаги, кел, эй шабистон,
Шамъингга кўмилиб куйсин устихон.
Ишқ ва талаб келсин қошу қабокдин,
Ишқ насиба бўлсин Шому Ирокдин.
Жон узра чайқалиб турар муттасил,
Мансур каби дорга тортилган бу дил.


ЙЎҚЛОВ

Симурғ юз йил излаб ўзидан топган,
Оллоҳ манглайидан эркалаб ўпган,
Карвонин шайтоннинг итлари қопган,
Кўнглим рисолати, қанисан, қани?..
Жоним ибодати, қанисан, қани?..
Қадр кечасида ўттиз ҳур туққан,
Минг-минг оч гадойни сўз билан боққан,
Дил ўтида эт ва суягин ёққан,
Кўнглим рисолати, қанисан, қани?..
Жоним ибодати, қанисан, қани?..
Саҳройи қуюнга дўнди булутлар,
Кемадай чайқалиб сузар тобутлар,
Сен омон кабутар, ҳайрон кабутар,
Кўнглим рисолати, қанисан, қани?..
Жоним ибодати, қанисан, қани?..
Бу кўҳна оламга балки қайтмассан,
Юрак яланғочлаб қайта ўтмассан,
Ёлғончи дунёга мени сотмассан,
Кўнглим рисолати, қанисан, қани?..
Жоним ибодати, қанисан, қани?..


ЯССАВИЙ

Мен энди сўзласам —
Яшил ялов кияр унут оятлар.
Мен энди оҳ урсам —
Жизиллаб пишади музлаб ётган ой.
Мен энди йиғласам —
Нуҳнинг кемасидай қиблага томон
Қайғули-қайғули суза бошлайди
Шилқиллаб ҳўл бўлган қари жойнамоз.
1992


ОВОЗ

Изтироб товуши — менинг овозим,
Кўзларим — кўнарган изтиробранги.
Тан — дилим эгови. Ўзим-чи? Ўзим —
Тўқнашган кайғулар жаранги.
Илк бор ибодатга чўккан динсиздай,
Юрагин ёпиниб ўқийди намоз,
Кўп оғир чайқалиб намоз ўқийди,
Қайғули одамга ўхшаган овоз.


БЕДИЛ

Кўп бўлди оёғим ердан узилган...
Бир қулоч юқори юраман сиздан
Кушдай ялангоёқ, ой каби яёв.
Қадам қўяр бўлсам ерга энди мен,
Ҳар босган изимдан адашган гулдай
Кўкариб чиқади бир даста олов.
1992


ҲЕЧ КИМ ҲАММА

Ой ва шамол билан диллашгим келар,
Синган хум ичидан ўзимни топдим.
Ўзимга тўламан, ганж каби тўла,
Хум синди. Ҳаммани ногоҳ йўқотдим.
Ой ва шамол билан диллашгим келди...
Исонинг хочимас менинг чорраҳам.
Бир пайтлар одамзот ҳали йўқ эди,
Бор эдик шамол ҳам, ой ҳам ва мен ҳам.
1996


ФИДОЙИ ХУДБИН

Алдамчи дунёни алдагим келди,
Сизни йўлатмасман ўз соямга ҳам,
Оламнинг сўнгига етмаган каби,
Етолмаслар менинг ниҳоямга ҳам.
Ҳаёт қайда ўзи? Ҳақиқат қайда?
Шамолдай тарихсиз, ривоясизман.
Ибтидом, интиҳом ўзим бор жойда,
Ўзим бор жойда мен ниҳоясизман
1996


ҲАММОЛ

Ўлимни кеч кузда қаршилаш керак...
Ўйилган кўнгилдай увиллар шамол,
Сотилган сир каби шовуллар хазон,
Кимнидир кўтариб юрар бир ҳаммол.

Ўлимни севгидай қаршилаш керак...
Кимнинг беваси бу дилпора шамол,
Кимнинг сағири бу бечора хазон
Ва кимни опичлаб кўтарган ҳаммол.

Ўлимни сингилдай қаршилаш керак...
Кулранг шоҳкосадан тўкилган ёмғир.
Алвон гулкосани этганда поймол
Кўчадан лўкиллаб ўтар бир ҳаммол.

Ўлимни кеч кузда қаршилаш керак...
Дилдираб йиғлайди жавраган шамол...
Қоронғи кўчада қайга кетмоқда
Ўз ўлигин ўзи кўтарган ҳаммол?..
1996


* * *

Сен қайси оламнинг элчиси, ай руҳ,
Келгинди зиндонбанд, уммондан айру?
Юзқаро дунёга юзинг бурибсан,
Зулмат чимилдиққа хуш келдинг, ойрў
1996


ОВ

Гул сотиб ўтирар қари мегажин,
Илон тил ўйнатиб чиқар шикорга.
Ҳуштак чалиб боғни айланади жин,
Осмонга қағиллар бир сўқир қарға.
Нега?.. Нега?.. Нега?..
Гул сотиб ўтирар қари мегажин,
Тили танглайини чалади: шақ-шақ.
Ҳар кун бир булбулнинг жигарин ейди,
Қари олашақшақ, кўр олашақшақ.
Нега?.. Нега?.. Нега?..
Гул сотиб ўтирар қари мегажин,
Абадий хизматкор шайтонга.
Боғни ҳуштак каби чалиб кетди жин,
Оёғи осмонда... Оёғи осмонда...
Нега?.. Нега?.. Нега?..
1996


ТАСЛИМ

Оққана товуқ хирмон чочди,
Ўз сирини ўзи очди.
Оққана товуқ, оққана...

Сир кетди — савлат кетди,
Ботмонлаб давлат кетди.
Оққана товуқ, шўргина...

Том бошида тош терар,
Ким кўрарга қичқирар,
Оққана товуқ, кўргина...

Оққана товуқ оқ бўлди,
Уч карра талоқ бўлди.
Элга кулги — товға тулки,
Шаққиллаб шалоқ бўлди.

Оққана товуқ «оҳ» дейди,
Бир ишни билиб қўйди.
Шўр товуқ тариқ еса,
Бу дунёси сир ейди.
Оққана товуқ, оққана...
1996


УМР

“Аслинг билсанг оби-гил..”.
Яссавий

Устимдан кўрпани сидиради тонг
Гўдакдай яланғоч... Аёлдай хижил.
Ёстиқнинг устида судралади онг:
Нега тонгнинг қўли ям-яшил?..

Вақтнинг ўроғидай хўрознинг думи,
Қонли қанотида синиб ётар ой.
Наҳот, умр шуми? Ўтмишим шуми?
Лойдан ясалгандим... Оқибат ҳам лой.

Ясаниб, рангланиб чикдим дунёга,
Кўксимдаги қушим йўлимда йўлдош.
Шомгача бу қушни учирмоқ ишим.
Шомгача сополни пиширар қуёш.
1996


УЧРАШУВ

Бойчечак чечаклаб дунё томида,
Маъюс ёрилади мазлум қизғалдоқ.
Умримнинг хафақон бир оқшомида
Азал сўроғидай маъсум қизалоқ
Келди ҳузуримга сокин, оғриниб
Ҳамал чечагидай ғамгин, паришон.
Кимдандир безиб у, кимни соғиниб
Келди, қизғалдокдай қизарди оқшом.
—Илминг не? — деди у.
—Яшамоқ, ўлмоқ.
—Ўзинг ким?
—Дайр аро ақлли дайди.
Оғзидан дур сочиб кулди қизалоқ:
—Сен, майда дўконнинг сайёди, сайди,
—Дашт кўрмай даллилик, дайдилик қайда?
Сўнгра дер:
—Дўстинг ким?
—Ўзимга ўзим.
—Душманинг?..
—Ва яна ўзимга ўзим.
—Ўзингни билмасдан тавалло нечун,
Ичингга боқмасдан очилмас кўзинг.
Яна ғамгин бўлиб қолди қизалоқ:
—Сен биздан кечдингми?
—Ўзимдан қочдим...
—Қочиб нима топдинг, нимага етдинг?
—«Ҳечликда ҳеч нарса» деган фан очдим.
—Тирик ҳикматларга тўла эдинг-ку?
—Бирма-бир ўлдирдим, кетдилар сабил...
Қизалоқ кўзида ҳайқирар қайғу:
—Наҳотки, қотилсан! Қотилсан, қотил.
—Қийралган ҳикматлар, қурбон туйғулар,
Ўзимники эди, ҳукм ҳам мендан.
—Тангри омонати эдилар улар,
Омонат устида хиёнат сендан.
Орада чайқалди оғир сукунат.
Фақат битта нафас — йиғими, афсус?
Бир ён адашган нур, бир ёнда зулмат...
Кетишга чоғланди сўнг қизғалдоқ қиз.
—Кимсан? — дедим сўнг бор, кетар чоғда у
Қайрилиб, қаради маъюс, паришон.
Чеҳрасида гуллаб бораркан қайғу,
Деди: «Мен виждонман... қувғинди виждон»,
Бойчечак чечаклаб дунё томида,
Маъюс ёрилганда мазлум қизғалдоқ,
Умримнинг хафақон бир оқшомидан
Шундай ўтиб кетди ўша қизалоқ.
2000


* * *

Эй пир, ҳолим забун, идроким хароб,
Ҳоритди таъналар, ғийбат, олқишлар.
На куй таскин берар, на гул, на шароб
Руҳим осмонида музлаган қишлар.

Айландим, дунёга суриниб дилгир,
Мени қай тўдага отди палахмон.
Бахтни истаганим айбимми ахир,
Меҳр истаганим ёмонми, ёмон?

Бир вақтлар кафтимда ой порлагани
Товонимда чақмоқ гуллагани рост
Айбимми, дунёдан қўл сўраганим,
Айбимми, теграмга бўлай десам мос.

Келдимми, кетмасман энди беҳуда,
Ёраб, йироқ тутма мени илмингдан
Мен орсиз яшашдан қўрқаман жуда,
Мен қаттиқ қўрқаман орсиз ўлимдан.
2000


* * *

«Мен илон оғзидан шаккар талабман».
Зебунисо

Тикондан гул сўраб гавҳар топган мен,
Илондан бол сўраб жавҳар топган мен,
Қабрдан нур сўраб қамар топган мен,
Мени кечиринглар, мазлум туйғулар.

Дил устида дунё мангу дилозор,
Кўр кўзлар ҳар касдан тиланди дийдор.
Билдим, ҳеч ярашмас бизга бу бозор,
Мени кечиринглар, мазлум туйғулар.

Муаззин тилимда чақирди азон,
Қалдирғоч кўксимда тиклади қўрғон.
Икки дунё аро бир дил саргардон,
Мени кечиринглар, мазлум туйғулар.
2000


* * *

Сенда титраб ётар маъюс оқшомлар,
Шафақлар юзимга сачратади қон.
Қуёшни елкалаб ўтади шомлар,
Сен — хотира юрти, Исроил Субҳон.

Бир ёнда Варахша, бир ёнда Пойкент,
Чалгандай ҳалокат сурин Исрофил...
Мангу зулумотга чўкиб кетган кент
Кўзларинг қаърида ётар, Исроил.

Бухорони юбор Азиз Саиддан,
Соғинч тариқатин эгаллаган сен.
Саккизинчи қават манзарида жим
Бухоро изладик... Абдували билан мен.

Бир ён ғайб эшиги, бир ён бу ҳаёт...
Пирларнинг хокидан таралмокда шон,
Субҳни етаклаб келмокда бомдод,
Сен — хотира юрти, Исроил Субҳон.
2000


* * *

Ассалом худонинг кундузи,
Мени йўргаклаб ол зар ришталар-ла...
Паймонамдан олдин тўлмокда кўзим,
Мен кўнгил ушатай фаришталарга.

Худонинг кундузи, сенга ассалом!
Бир чимдим туз тотгин менинг қўлимдан.
Паймонада умр, юракда илҳом,
Диёнат қарзим бор аҳли мўминдан.
Худонинг кундузи, сенга ассалом...
1994


* * *

Дилгир оқшомларда дилимни суяб,
Гавжум кўчаларда кезарман танҳо.
Телбадай ўзимдан ўзимни сўраб,
Ҳеч нарса топмаган оқилман, аммо.

Ҳаёт гувлаб ўтар гулдурак отиб,
Ғолиб мағлубман-у, мағлуб ғолибман.
Бу эски дўконга ўзимни сотиб,
Қайтимига азоб сотиб олибман.

Заъфарон кундузлар тўкилиб борар,
Қоғозга тўкилар тундай кўзларим.
Умрим кўйлаклари йиртилиб борар,
Қўрғонин топширар Кузга ёзларим.

Қулфли юрагимни қандай очайин,
Қандай босай ичда зилзилаларни.
Билмаслик истарман, билганим сайин,
Бу кўҳна... бу янги... мангу асарни.
2000

* * *

Дардинг бир ғўзадами, кўзларинг кўзадами,
Кўнглингнинг манзиллари тўйдами, азадами,
Ўзини изламасдан, ўзингни тополмассан.
Қўлларинг жиловдами, ё эркинг бировдами,
Кул умринг гулшандами, гул кўнглинг гулхандами,
Ўзини изламасдан, ўзингни тополмассан.
Тулпоринг шамолмидир, ё боринг заволмидир,
Аробанг тиллоданми, харобанг ҳаёданми,
Ўзини изламасдан, ўзингни тополмассан.
Бу дунё кафтингдами, ё хуржун кифтингдами,
Замона забтингдами, ё ажал шифтингдами,
Ўзини изламасдан, ўзингни тополмассан.
2000


ТАНАЗЗУЛ

Ўттиз йил суздим мен, қайиғим ҳилол,
Юлдузлар юртида юрагим сархуш
Осмон елинидан эмар эдим бол,
Дединг: «пастга туш».
Келдим. Дунё кездим. Оёғим яланг.
Дарахт дўстим бўлди. Ҳоксор синглим —
Еганим нур эди. Ичганим оҳанг.
Дединг: «пастга туш»

Кўпчиган давралар. Кибрдор. Башанг.
Нафс пойида ақл. Наҳсга ботган ҳуш.
Улфатим хачиру... сирдошим сатанг.
Дединг: «пастга туш»

Ахир қайда қолди қайиғим ҳилол?
Кайда ўша дарахт? Қайда ўша қуш?
Қулоғим ичидан шивирлар дажжол:
«Яна пастга туш».
2000


НАҚШБАНД
(достон)

* * *

Бу –
Семурғ қони билан ёзилган китоб,
Қуёш томоғида пиширилган таом...
Бу –
Вулқон юрагига ўйилган нақш,
Бир коса ўлимдай ичилган қасам...
Бу –
Шамол кўйлагига тикилган кашта,
Чақмоқ шохларида етилган хурмо...
Бу –
Денгиз деволига чизилган тасвир,
Бир қултум ҳаётдай ютилган дарё...
Бу –
Шудринглар тошига битилган битик,
Қақнус юрагида яшалган ўлим...
Бу –
Сопол синиғида бутланган дунё,
Қалб ила осмоннинг туташган йўли..
Бу –
Ҳаққуш минқорида сайраган тарих,
«Ўлимсиз ҳаёт бу, ҳаётсиз ўлим»...

I

Қасри Ҳиндувонда...
ғуж-ғуж ғужумлар
Ҳайрона очилган кафтлари узра
Ёғду ёғмурлари ёғилган куни...
Нажотга чорлаган муаззинларнинг
Ҳурлар довушидай ҳур овозлари
Ҳуррият куйидай тўкилган куни.
Бир карвон ўтарди Ҳиндувон бўйлаб...
Туялар устида ўркачлар аро
Зикрдан чайқалган ойлар ўтарди,
Оёқ тираб ернинг узангисига
Осмонга узанган отлар ўтарди.
Куйик ёлларида чақмоқ ўйнатиб,
Ўлимни тишлаган шерлар ўтарди.
Сим-симлаб, юрагин сим-сим қонатиб,
Қуёшда қишлаган пирлар ўтарди.
Улкан қанотлари — шамол қишлоғи,
Осмонни елкалаб қушлар ўтарди.
Бир карвон ўтарди Ҳиндувон бўйлаб...
Қари гужумларнинг хуш салқинида
Саждага бош қўяр серсут булутлар.
Қуруқшоқ гужумлар гуллай бошлайди,
Гуллагани каби чўбин тобутлар.
Кесаклар зикр айтар — сачраб кетар ўт,
Харсанглар ёрилар — ичи тўла гул...
Хазонлар тирилар майсадай хушнуд,
Ҳар қабр бошидан бошланар бир йўл...
Учаётган думли юлдузлар каби,
Учарди зикрдан мастона қушлар.
Ҳар дилга меҳмонга келар бир набий,
Ҳар дилнинг боғида муҳаббат пишар...
Бир карвон ўтарди Ҳиндувон бўйлаб...
Маъсум муслималар ҳомилалари
Ҳалол луқма сўраб волидалардан
Қурсоқда юракдай тепинар эди,
Буюк Исм айтиб ҳайқирар эди.
Жон шаъми титраган жаъми жонворлар
Бу Исм ўтига талпинар эди.
Осойиш боғларда муслим дарахтлар
Ибодат деб сафга тизилар эди.
Бир карвон ўтарди Ҳиндувон бўйлаб...

II

Бобойи Самосий отдан тушдилар,
Бир чайқалиб кетди Қасри Ҳиндувон,
Бир булоқ кўз очди босган изидан.
Ҳизр ҳассасидан ёққандай имон.
Ҳазрат Мир Кулол ҳам отдан тушдилар,
Фалак хуржунидан тўкди юлдузлар,
Манзилдан виқор-ла тушиб келди ой...
Пойига тўшалди кўнгиллар, кўзлар.
Бобойи Самосий отдан тушдилар,
Яктаги енгидан даста-даста нур
Етим Ер устига тўкилди сим-сим,
Қашшоқ рўзғорига ёғилгандай дур.
Самосий самони ҳидлади аввал,
Оллоҳ нафасини туйдилар узоқ.
Руҳида ястанди абад ва азал
Юз минг тонг нуридан ясаб бир чироқ.
Гўдак ҳидлагандай онасин кўксин,
Сезгандай пайғамбар бўйин умматлар,
Осмонга интилган севги дарахтин,
Шохларида гуллар буюк оятлар.
Самосий самони ҳидлади узоқ...
Ва мовий чеҳрани суйиб силаган
Бармоқлар учидан сизиб чикди дил,
Дунёдан юз буриб дийдор тилаган
Бармоқлар учидан сизиб чикди дил.
Ҳиндувон тупроғин ҳидладилар сўнг,
Абад шамолларин бўйлар эдилар.
Илҳом товуш берди пирнинг тилида,
Тупроқ ҳикматини ўқиб дедилар:
«Бу тупроқдин бир эр иси келадир,
Ул эр файзи билан Қасри Ҳиндувон
Кун етиб Қасри Орифон бўладир».

III

Оллоҳ кипригига осилиб турган
Юлдузлар ҳаққи Пир башорат этди.
Оллоҳ нафасидан ҳаракат топган
Ой, Қуёш ҳаққи Пир башорат этди.
Буюк қиёматни бошламоқ учун,
Дунёдан қоқ тери ошламоқ учун,
Амр кутаётган Исрофил сури ҳаққи,
Кўп маъсум, кўп мўъмин аҳли жаннатга
Рангдор камалакдан йиртишлар йиртиб,
Кўйлаклар тикаётган Идрис ҳаққи,
Пир башорат этди.
Умматлар дилига умидвор боққан,
Зулматлар қаърида қуёшлар ёққан,
Оламлар сарвари Муҳаммад ҳаққи,
Ҳақиқат ҳаққи Пир башорат этди.
Ҳалокат тамғаси дунё устида,
Ёлғонлар, фитналар, заволлар қасдида,
Буюк бошпана — мовий Кулоҳ остида
Мангу илм ҳаққи Пир башорат этди.

IV

Бобойи Самосий, самовий Бобо,
Бир зумда Машрикдан Мағрибга борган.
Эгнида жандапўш, қалби тождор бобо
Дамида ўт-сувни ўйната олган.
Йиртиқ ковушидан тузаган қанот,
Осмон деворларин сўз билан ёрган.
Бобойи Самосий, самовий Бобо
Буюк Баҳоуддин таваллудидан
Башорат берган чоғ муридларига.
Хушхабар сочганда кўнгил удидан,
Ҳиндувон осмони, тупроқларига
Ёғдулар ёғмурдай ёғилган чоғда
Ҳали Баҳовуддин она қурсоқда
Биринчи оламни яшар эдилар.
Бир ҳовуч нур каби титрар эдилар.

V

Бобойи Самосий, авлиё Бобо
Қасри Ҳиндувондан қайта ўтар чоқ,
Оқ чанглар тўзғиган сомон йўлида
Қадим ҳаёт билан сирлашди узоқ.
Бир зум тин олдида, сўнгра дедилар:
«Димоғимиз сезган ўшал эр ҳиди
бу гал бу тупроқдан келди ортиқроқ»

VI

Мангуликнинг мовий водийларида
Зангори ва ҳарир тўлқинлар узра
Етаклаб сузади ҳар бир она йил
Уч юз олтмиш бешта болаларини.
Одамлар қарийди, кунлар қаримас,
Авлодларни қаритиб, йиллар қаримас.
Вақтнинг шамолида дунё устунлари —
Аччиқ куюндилар учар сарбасар.
Кунлар бола келиб, боладай кетар,
Йиллар она келиб, онадай кетар.

VII

Уч кундан сўнг Бобойи Самосийнинг осмоннинг ўнгири этакларига манглайида ой порлаган гўдакни қуёш боласидай обкеб солдилар. Этаклари нурга чўлғанган Бобо уни фарзандликка қабул қилдилар.

Оқ фотиҳа берди Ҳазрати Хизр,
Оқ қалдирғоч учди бошмалдоғидан.
Оқ фотиҳа берди Ҳазрати Хизр,
Дуога қанотин очди қалдирғоч.
Бир табассум берди Ҳазрати Хизр,
Оқ кулгулар тўкди момоқалдироқ.
Хуш бир назар берди Ҳазрати Хизр
Туялар кифтидан ўсди жуфт қанот.
Бобойи Самосий, муборак Бобо,
Оятни омонат топширган каби,
Ҳаётни омонат топширган каби
Гўдакни топширди Амир Кулолга.
Оқ фотиҳа берди Ҳазрати Хизр,
Ҳиндувон йўлида эриди тошлар.
Фотиҳанинг имло товушларидай
Осмонни қоплади оқ қалдирғочлар.

VIII

Аслида бу дунё тўфон ичинда,
Лойқа сел, кўр куюн туғён ичинда.
Ҳар қадам ораси фитна ва завол,
Ғариблар гиряси гирён ичинда.
Бир кўнгил истадим айқаш танлардан,
Бир буғдой топмадим сомон ичинда.
Емхўрлар ем йиғиб, емлаб ётурлар,
Ўзлари емишлар шайтон ичинда.
Тишланган оёқ-ла қайга борурсан,
Норлардан итлар кўп карвон ичинда.
Аслида бу дунё тўфон ичинда,
Лойқа сел, кўр қуюн, туғён ичинда.
Бир кема истабмен ёрга ёлбордим,
Бир жойнамоз сузди уммон ичинда,
Ҳар кимга бир гўр бор замин қаърида,
Ҳар кимга бир кема осмон ичинда.
Эй дўст, кемангга чиқ Нухдай мардона,
Аслида бу дунё тўфон ичинда.

IX

«Ҳожамизнинг оналаридан — Оллох уларнинг сирларини муқаддас қилсин — шундай нақл қиладилар: «Фарзандим Баҳовуддин тўрт ёшли пайтида: «Мана бу сигир пешонаси қашқа туғади» деди. Такдирдан бўлиб уч-тўрт кундан кейин ўша айтилган сифатдаги бузоқ туғилди. Ҳамма таажжубда қолиб: «Ҳазрати Хожа Муҳаммад Бобонинг муборак нафасларининг асари зоҳир бўлди», — дедилар.

«Боланинг ичида даҳо яшайди»*...
Боланинг тилидан гапирар даҳо,
Боланинг кўзи-ла кўради даҳо...
Бола шамол ўйнаб шамол бўлади.
Ёмғирга суюниб, ёмғирга дўнар
Жажжи кафтларида ҳаёт тўладир,
Фаришталар унинг кифтида ўйнар.
Боланинг ичида тонг отмай туриб,
Дунёнинг устида ёримайди тонг.
Боланинг кўзида кун ботмай туриб,
Шафақ чимилдиққа кирмайди оқшом.
Дунёдан юз буриб, чиллага кирган
Даҳо бошпанаси — боланинг кўнгли,
Жонворлар, дарахтлар тилини билган
Даҳога қийиндир одамлар тили.
Бола денгиз кўриб, денгиз бўлади,
Бола осмон кўриб, осмон бўлади.
«Боланинг ичида яшайди даҳо»,
Яшар яратганнинг хуш соясида,
Олам моҳиятдай ястаниб ётар,
Даҳонинг ғаройиб бошпанасида...

X

Гузарларни қоплар қора туманлар,
Осмон сояларин ҳайбати совуқ.
Бари қора кийган ранглар, чаманлар,
Қоронғу... Қоронғу... Яқин-у ёвуқ...
Бухоронинг овлоқ гўшаларида,
Кеча зулматида, ёлғиздан-ёлғиз,
Ҳазрат Баҳовуддин кезиб юрарлар,
Дунё ўлиб ётар сурурсиз, нурсиз.

XI

Кўҳна мозористон... Мангу сукунат...
Сукунат оҳидай бир қора шамол.
Юлдузлар ўлиги тўлган бу хилқат,
Қора ҳижоб ичра ётар бемажол.
Ҳурлар товуш берар нафасдан енгил,
Ўйиқ қабрларда уялар шамол.
Шоҳкосалар чил-чил, умрлар чил-чил,
Ҳар қабр қаъридан куйган қўл каби
Секин бош кўтарар биттадан савол.
Баҳовуддин тунни кезиб юрарлар.
Тун кеза бошлайди Баҳовуддинни
Сўнг улуғлар қабри сари борарлар,
Юрак косасига тўлдириб динни.
Бир мозор бошига бордилар Ҳазрат,
Маъюс липилларди бир хира чироқ.
Чироғдон ичига машъал қамалган.
Пилик ҳаракатга муҳтождир бироқ.
Сўнгра етиштилар Ажфарнуй* сари.
Мозорда дуч келди икки суворий —
Бир жуфт қилич билан баланд беллари. —
Исони кутгандай икки ҳаворий.
Хазратни элтдилар Муздохун** томон
Бир ғойиб ишорат берди зиёрат. —
Мозорбошда яна пилик, чироғдон
Ноаён бир сирдан қилар башорат.
Қиблага юзланиб ўтирди Ҳазрат,
Ғайбга ғойиб кетди икки суворий.
Бўлиниб кетгандай сурат ва сийрат,
Ногаҳон ёрилди Қибла девори.
Шунда пайдо бўлди ҳавода сузиб,
Яшил ҳарир билан тўсилган бир тахт.
Ҳазратнинг кўзлари кетдилар кезиб:
Тахтнинг теграсида пирлар бўлмиш тахт.
Тахт узра ой каби тўлин балқарди,
Ҳазрат Ғиждувоний — Хожайи жаҳон,
Пойидан ям-яшил нурлар оқарди,
Нуроний чеҳрадан ёғарди имон,
Унинг атрофида олти улуғ пир,
Олтита осмондан бир-бир фаришта.
Етти осмон бўйлаб айтарди зикр,
Ҳамма замонларда ҳар бири ишда,
Ҳаммаси дунёдан кетган улуғлар,
Ҳазратнинг қошида бўлганда пайдо.
Ногоҳ оловланди дил ичра чўғлар,
Осмондан заминга оқди бир дарё.
Ҳазратга дедилар Хожаи жаҳон:
Сенга мозор узра кўрсатилди сир,
Сени кутмакдадир пилик, чироғдон,
Сулук пилигига ҳаракат келтир.
__________
*Ажфарнуй, Муздохун — Бухородаги қадимий зиёратгохлар.

XII

Илоҳий жазаба... Мунаввар ёғду,
Фалак елинидан тўкилади сут.
Дилда нур тошқини... Ҳузур дарёси...
Осмон ёриғидан ёғилади қут.
Ҳар неда тажалли — ҳақнинг маъноси,
Ҳазрат Маъно ичра эдилар беҳуд.
Қошида ер юзи буғдой донаси
Беҳудлик ичида йўқ эди ҳудуд.
Ҳазрат бехуд эди, тан уясидан
Ҳар туки учарди мисли бир ҳудҳуд.
Мунаввар чайқалган ҳол уммонида
Синган қайиқ каби чўкарди вужуд.
Ҳазрат эсламакка етишмак учун
Унут керак эди, Илоҳий Унут.

XIII

Шу тунда жозиба юртида Ҳазрат
Илоҳий ойдинлик, мунавварликда
Учрашди ҳақ дўсти бир азиз билан
Сиротдай чайқалган қалтис кўприкда.
Ойдинлик ғарқида Оллоҳнинг дўсти
Ойдин-ойдин нигоҳ тўкиб ҳазратга:
«Ошинолардан кўринасан», — деди,
Таниш шодлик каби, таниш ҳасратдай,
Дўст нафасин сезиб, дедилар Ҳазрат:
- Ҳар недан безорман, Унга зордирман,
Дўстлар назарининг баракотидан
Ошно бўлмоқликдан умидвордирман.

* * *

Сўнгра ҳол сўради Оллоҳнинг дўсти
Ҳол сўради руҳнинг ҳурриятидан.
Рўзғор тафтиш этиб дедилар Ҳазрат:
«Топсам шукр қилгум, топмасам сабр...»
Ойдин-ойдин эди Оллоҳнинг дўсти,
Сокин-сокин деди Оллоҳнинг дўсти:
—Енгил йўл тутибсен, ўзга йўл танла,
Бўйнидан занжирлаб нафсинг итини
Қақшаган чангалзор қаърига ташла.
Мунаввар нафас бу, ойдин даъват бу!
Хорлик тупроғида ободлик бордир.
Ҳоксорлик оёғида азизлик бордир,
Ойдин бир тун эди, муаззам бир тун,
Шундай бир ҳол кечди кўприк устида,
Ойлар ғарқ пишганди Дўстнинг кўзида.

XIV

Ҳазрат кўнгли халқдан буткул узилди,
Дунёдан қўл тортди, базмдан оёқ.
Савлат ва ҳашамнинг куйлагин йиртиб,
Кўксидан суғуриб олди бир чироқ.
Ўлик қумлар узра бир кема сузар,
Ҳазрат борардилар ҳақ дашти томон.
Қумларга оёқлар ҳикматлар ёзар,
Ҳар босилган издан гулларди иймон.
Қумлар-да қоларди шовуллаб, куйлаб,
Бу гал ўзга эди Ҳазратнинг шахти.
Кимсасиз, қақраган биёбон бўйлаб,
Кезиб юрар эди жаннат дарахти.
Ҳазрат уч кун юрди сувсиз ва нонсиз.
Озиғи — муҳаббат, озиғи — имон.
Руҳнинг ҳимматидан энди гумонсиз,
Дарёга айланиб борар биёбон.
Бир отлиқ дуч келди тўртинчи куни
Ҳазратга бир нонни қилди илтифот.
Нонга қарамади, ишқ тандирида
Дилини нон каби пиширган бу зот.
Кезар... юлдузларга тўлар кулоҳи,
Куртак отиб борар куйган уд-асо.
Ҳазрат саҳро кезар, ҳуррият излаб,
Саҳро кезганидай ҳазрати Мусо.

XV

Етти йил биёбон кездилар Ҳазрат,
Етим етти йилни обод қилдилар.
Оёқлари — ҳиммат, қўллари — ҳиммат,
Ҳар лаҳза бошига ҳикмат илдилар.
Оллоҳ назар қилган жониворларни,
Оғадай, сингилдай сийлади Ҳазрат.
Етти йил ичида етмиш минг зина
Юракнинг устидан тиклади Ҳазрат.
Муборак юзларин узун кечалар
Ҳайвонлар изига суртар эдилар.
Яра, жароҳатин жониворларнинг,
Дилин ярасидай боғлар эдилар.
Ҳар кеча кўзидан юрагин тўкиб,
Буюк назар ҳаққи йиғлар эдилар.

XVI

Бир итга дуч келди, бир тунда Ҳазрат,
Ҳол пайдо бўлди-да, мук тушган куйи.
Илтижо, ёлбориш қилдилар фақат,
Оллоҳга йиғлади тун бўйи...
Бўлинар чоғида тун ила тонгнинг,
Хира тортганида сўнгги юлдузлар,
Қўшилар чоғида дил ила таннинг,
Ҳазрат ит томонга ташлади назар.
Ногоҳ ит орқасин ерга қўйди-да,
Тўрттала оёғин баланд кўтариб,
Гўё ер устида осмон кўтариб,
Кўзин кўкка тикиб нолалар қилди,
Яратган ёди-ла волалар қилди.
Ит мискин товуш-ла алвон оҳ билан,
Туннинг чеҳрасини лолалар қилди.
Ҳазрат кафтларини дуога очиб
«Омин... омин...» дея турдилар узоғ.
Ит эса, осмонга нолалар сочиб,
Тонгнинг эшигини очарди бу чоғ.

XVII

Ҳазрат етти йил биёбон кездилар,
Етим етти йилни қилдилар обод.
Дилдан Худогача бир йўл қаздилар
Юрак томиридан ясади қанот.
Хорлик тупроғида ободлик бордир,
Хоксорлик оёғида азизлик бордир.

XVIII

Раҳмат нурларига тўлар тушлари,
Уйқу-тариқатдан енгилган ўлим.
Кўзидан сув ичар илоҳ қушлари,
Дуога очилган юракнинг қўли.
Ҳазрат туш кўрарлар: ғуж-ғуж юлдузлар,
Тилло патларини тўкар бошидан,
Ойнинг қайиғида хотиржам сузган
Ҳожа Ғиждувоний чиқар қошидан
Илоҳий тонг отар вужуд шомида,
Жон каштасин ёяр бир гўзал андуҳ.
Ғайбнинг осмонида, ғайб замонида,
Юзма-юз туради икки буюк руҳ.
Вақт девори қулар пойида Дилнинг,
Фано ва бақода балқар ҳуррият.
Ҳар кеч тушларида Баҳовуддинни
Ғиждувоний руҳи қилар тарбият,
Ҳазрат ҳаққа ўтар тун ёриғидан,
Ҳар кеч уйқуда ҳам гулларди урфон.
Тушлар денгизида, ой қайиғида
Сузиб келар эди Ҳожаи жаҳон.

XIX

«Дил ба ёру, даст ба кор»
БУ СЎЗНИ —
Бу қуйма олтинни олмак истадим,
Ичимда маҳбус қуш руҳониятим.
БУ СЎЗНИ —
Ой туя устида қонаган бағирни
Юлдуз ёруғида билмак истадим.
БУ СЎЗНИ —
Чақмоқлар чархида чархланган сўзни
Хом тилим устига қўймак истадим.
БУ СЎЗНИ —
Қуёш боғларида пишган ҳаётни,
Хом ўлим устига қўймак истадим.
БУ СЎЗНИ —
Тоғлар қўрғон қилиб кўтарган сўзни,
Кўзим кулбасида кўрмак истадим.
БУ СЎЗГА —
Дилим дарёсига етмаган каби...
Бу сўзга етмадим... Афсус... етмадим...

XX

Ўзига ўт қўйиб ёнар саратон,
Олтин эритади осмон эркаси.
Танлардан тер эмас, чаккилайди жон,
Чок-чок йиртилади кўкнинг хирқаси.
Заъфарон ўт ичра теварак беҳол,
Қўрғошин мисоли эриб суюлди.
Шундай кун ҳазратга пири Мир Кулол:
«Хумдонга ўт ёқинг», — дея буюрди.
Пирдан хуш насимдай эсди бу талаб,
Бериб сир ва сабаб ишоратини.
Ҳазрат хумдон ичра ўтинни қалаб,
Ёқди пўстинини — бор давлатини.
Заҳмат кечалари тунни ёпинмай,
Ёпинган давлати ёлғиз шу пўстин.
Ипак кундузларни бир кийиб кўрмай...
Кун кеча ҳиммати ёлғиз шу пўстин.
Мир Кулол дедилар бу ҳолни кўриб:
«Хумдонга киринг-да, пўстинни олинг!»
Ҳазрат дер: «Темир ҳам кетарди эриб,
Пўстин-ку ёнади ўтиндан олдин».
Пир талаб этдилар... Бош эгди Ҳазрат.
Қалқондай қўллари безади кўксин.
Хумдонга кирдилар... Лов-лов ўт фақат,
Аммо бир туки ҳам куймаган пўстин.
Мир Кулол дедилар: «Фарзанд, боқингиз,
Буюк оташ ичра дил ва тан ўтин —
Сиз Оллоҳ ишқида куйган чоғингиз
Сиз билан тенгма-тенг ёнган шу пўстин.
Бу пўстин сиз билан Ишқ ўтин кўрган,
Унга кор қиларми хумдон олови.
Қайта куйдирилмас, бир бора куйган,
Оловдан тикилган Ишқнинг ялови.
Дарвеш зоҳирини куйдира олмас,
Намруд оташгоҳи, дунё талаши,
Дарвешлар қалбидан жой олсангиз, бас,
Сизни куйдиролмас дўзах оташи.
Бир олов бормокда... Ёнар саратон.
Борар қуёшларга тўлдириб кўксин.
Олов юриб борар кунботар томон,
Эгнида бир туки куймаган пўстин.

XXI

Қандай тиллашайлик сиз билан, эй халқ,
Нима қилайликки...
Кўнгил боғларига тўлган хазонларни
Хуфиёна зикрнинг хуш шамоллари
Бир жуфт фариштадай супуриб сидирса...
Нима қилайликки...
Тилимиз сўқмоқлари
Осмон гулларига кўмилиб қолган,
Дилимиз ариқлари
Илоҳ сувларига лиммо-лим тўлган.
Қандай тиллашайлик,
Қандай диллашайлик сиз билан, эй халқ.
Нима қилайликки...
Саждага бош қўйиб букилган чоғда
Юлдузлар юртида пайдо бўлсак биз,
Осмон қабатларида сайр этсак сархуш
Ва осмон сайр этса бизнинг кўзларда.
Қандай тиллашайлик сиз билан, эй халқ.
Нима қилайликки...
Кўҳна кулоҳимиз
Йиртиғидан учган бир озод шамол
Бизни олиб учса вақт гиламида.
Бир зумда худонинг уйига элтса...
Нима қилайликки...
Қизғалдоқ қонига ботиб яшасак,
Сувни олов билан чатиб яшасак,
Қақнусни кафт узра тутиб яшасак,
Қандай тиллашайлик сиз билан, эй халқ.
Нима қилайликки...
Гоҳо итнинг изин кўзга суртган чоғ
Дарё тошиб чиқса кўзларимиздан,
Шу оёқ изидан топсак бир булоқ...
Маломат тўксангиз бошларимиздан,
Қандай тиллашайлик сиз билан, эй халқ.
Нима қилайликки,
Лаҳзада бу дунёни яшаб битирсак,
Кўксимиз ёриғи осмон ёриғига ўхшаса,
Жандапўш куйиги ойнинг куйигига ўхшаса,
Вужуднинг қайиғи замон ўйиғига ўхшаса,
Қандай тиллашайлик сиз билан, эй халқ.
Нима қилайликки...
Ҳолимизга қуруқ сумбатлар сиғмаса,
Таъманинг тупуги миннатлар сиғмаса,
Гўр бошида кулган давлатлар сиғмаса,
Қандай тиллашайлик сиз билан, эй халқ.
Нима қилайликки,
Серҳосил дарахтдай рукуъга борсак,
Бўйнимиз устида қилич дол турса,
Қўйнимиз ичида бир шамол турса,
Қандай тиллашайлик сиз билан, эй халқ.
Нима қилайликки...
Тирноқ юзи каби ернинг устига
Осмондай улкан бир дилни қўйган биз,
Дунё эвазига ҳақни кўрган биз,
Қандай тиллашайлик сиз билан, эй халқ...
Нима қилайликки...
Тилимиз сўқмоқлари
Осмон гулларига кўмилиб қолган,
Дилимиз ариқлари
Илоҳ сувларига лиммо-лим тўлган...
Қандай тиллашайлик сиз билан, эй халқ.

XXII

«Толибнинг руҳоният қуши бир соҳибдавлатнинг тарбияти орқали башарият тухумидан чиқиши зарур»
Сайид Мир Кулол

Ҳимматингга қуллуқ, эй соҳибдавлат,
Тошлар тарс ёрилиб, сачради ҳикмат.
Кўзгавҳар юзидан сидирилди чиммат,
Руҳоният қуши тухумдан чиқар.
Тол тобут қуйиги — чаккиллади тан,
Товон йиртиғида лўққиллади жон.
Кўзлар туманида липиллади шан.
Руҳоният қуши тухумдан чиқар.
Тонг товуши ҳурлар сибизиғида,
Нур томчилар юлдуз эмизигидан,
Гуллар гуллаб ётар чақмоқ тиғида,
Руҳоният қуши тухумдан чиқар.

XXIII

Сабоҳ ҳавволари ҳувиллаганда,
Тонг танглайи — найзор шовуллаганда.
Сўзона дилимни сўзга чўктирдим,
Тўтёна тилимни сувга чўктирдим.
Қайроқ қўлларимда ҳилол қайранди,
Сўнгра ойболтадай бошда айланди,
Сен сари жимгина кетмак истадим,
Дунё ҳижобини йиртмак истадим.
Бомдод шафақлари зардевол тикди,
Ичида бир кўнгил ичкин ичикди.
Сопол ҳовучимда чўғ олиб ичдим,
Вужуд кўзасидан кўчкидай кўчдим.
Сен сари жимгина кетмак истадим,
Бу ғамгин китобни ёпмак истадим,
Ҳурлар тонг пардадан куйлаклар тиқди,
Дилим тупроғига юлдузлар экди.
Кўр каби пайпаслаб узатгандим қўл,
Кўзимдан тўкилди ям-яшил бир йўл.
Сабоҳ ҳавволари ҳувиллаганда,
Руҳимда бир оҳанг шовуллаганда.
Сен сари жимгина кетмак истадим,
Бу ғамгин китобни ёпмак истадим.
1997


* * *

Кўз ёшини ичиб тугатар Хайём...
Сабоҳ... Шабнам ялаб тентирар сабо.
Беш юз йилдан бери бу шўрлик хумдон
Бир дилни пишириб тугатмас аммо.

Иблис тузоқ тузар руҳ ила жонга,
Иймонга гулдаста тузайди афлок.
Тўрт минг йилдан бери икки илонга
Ҳар кун дил едириб оввора Заҳҳок.

Йилларни пишириб айланар қуёш,
Ойларни олмадай етилтирар Ой.
Ажабмас, қуш каби учиб қолса Тош,
Ажабмас, одамдай жилва қилса Лой.
1998


КОИНОТ ВА ЗАРРА

Ойнинг теграсида тўфонлар кечарлар...
Қарғалган қавмлар, қабиҳ қавмлар
Фитналар устида қасамлар ичарлар...
...ва
Ҳалокат кўлкалари, офат айғоқчилари
Ойнинг теграсида изғиб кезарлар.
Жоду илонлари — чақмоқ қамчилари
Фалак олмаларин шахд-ла узарлар.
УЙҒОН, ЭЙ ЗАРРА!
Қара, иштонингнинг тиззаси йиртиқ,
Бошинг кал, қўлингда темир тароғинг.
Сен юлдузлар ҳакда ўйлайсан,
Товонларинг ёриқ, яланг оёғинг.
АХИР
Ойнинг атрофида тўфонлар кечаётир,
Қарғалган қавмлар қасамлар ичаётир,
Умидвор умматлар кўкларга кўчаётир
ЮКСАЛ, ЭЙ ЗАРРА!
...ва
Кўп ўксик туюлди сенга хотининг,
Аламлар алласи умрингдан ортиқ.
Ўлик юлдузларга тўлди ботининг,
Манглайинг тиртиқми, юрагинг тиртиқ?
АХИР
Ойнинг атрофида тўфонлар кечаётир,
Сўзбозлар, пулбозлар ва ватанбозлар
Қўрчоқбоз пойида мук тушаётир.
ЮКСАЛ, ЭЙ ЗАРРА!
...ва
Мусонинг ҳассаси сен кўрган дарахт,
Иброҳим отилган оташдон бу тан.
Сулаймон шамоли сен ўтирган тахт,
Сен эса, мунчалар ғарибсан, аттанг...
АХИР
Ойнинг атрофида тўфонлар кечаётир...
Вақтнинг ўчоғида қайнаб бешафқат
Замонлар, инсонлар, юраклар пишаётир,
Сенда фақат жимлик, сенда фақат тоқат
ЮКСАЛ, ЭЙ ЗАРРА!
1998


ИЗТИРОБ ГУЛИ

Қай дилда ўсдинг сен, изтироб гули,
Улғайиб қай осмон томига етдинг?..
Бир кифтимда ҳаёт, бирида ўлим,
Ўттиз беш ёшимда сен сари қайтдим.
Сўйла, япроғи — сўз, изтироб гули,
Гулбаргдан сўз каби томчилайди қон.
Сўйла, сўйла энди, ёлғизлик қули,
Гулобдай янчилиб, эзилган виждон.
Нечук севиб бўлдим сени, билмасман,
Қайга беркитайин, обкетай қайга?..
Ёввойи тўдалар қолса кўрмасдан...
Маданий майдалар йўқ бўлган жойга.
Сўйла... Бағри қоним изтироб гули,
Гунглар кўзларидан товшинг излайман.
Шеърлар тингламоққа йўқ энди ҳолим,
Сенинг сўзларингни тинглаш истайман.
Қай_сори борурсан, ёлғиздан-ёлғиз, “
Қай дин силамоқда ғариб бошингни.
Ёлғизим, сурату сийратингда куз,
Гулга тортган каби ўлим хочини.
Дунё гулларига чатиш эмассан,
Сўйла, нафасингда мазлум туйғулар.
Ваҳший тўдаларга сени бермасман,
Кибор майдаларга талош қилмасман.
Сўйла... бағри қоним... изтироб гули,
Осмон кўзларидан товшинг излайман.
Шеърлар тингламоққа йўқ энди ҳолим,
Сенинг сўзларингни тинглаш истайман.
1998

МУВАҚҚАТ УЙ

...ва шундай гуллайди минг йилдан кейин,
Севгидай гуллайди яна бир олча.
Минг йилдан кейин ҳам бўлмоғи тайин,
Бир доно қошида ўттиз уч ғалча.
.
..ва шундай сайрайди минг йилдан кейин,
Олтин қафас ичра яна бир булбул.
Минг йилдан кейин ҳам бўлмоғи тайин,
Бир шоир қошида ўттиз уч думбул.

...ва шундай кенг бўлар минг йилдан кейин
Маъюс ва хокисор шу Ернинг бағри.
Минг йилдан кейин ҳам бўлмоғи тайин
Бир марднинг қошида ўттиз уч ўғри.

...ва шундай гуллайди минг йилдан кейин,
Шодликдай гуллайди яна бир ўрик...
Минг йилдан кейин ҳам бўлмоғи тайин
Бир Исо қошида ўттиз уч ўлик.

...ва шундай қолади минг йилдан кейин
Руҳлар сайилгоҳи яна шу осмон.
Минг йилдан кейин ҳам бўлмоғи тайин
Бир иймон қошида ўттиз уч шайтон.
1998


ЛАЙЛАТУЛ ҚАДР

Тонгга кадар менга шафқат қил,
Ҳукм ўқима саҳарга қадар.
То тонггача гуллар муттасил
Юрагимда намозшомгуллар.
Қандай йиғлай, қандай куйлайин,
Тошқинларга тўлаяпман мен.
Бу кечада ўзим билмайин,
Ўзинг сари келаяпман мен.
Мурувват қил, бомдодга қадар,
Осмонингдан ёғилмоқда қут.
То тонггача бир дарахт бўлар
Юрагимни кўтарган тобут.
Тонгга қадар менга шафқат қил...
1998


ГИНА

Эй жон, сенда нечук мунча таманно,
Ақлим сийратида шунча тавалло.

Тилимнинг сўз дея тергани — ёлғон,
Сабаби, кўзимнинг кўргани ёлғон.

Ақлим, ҳар лаҳзада ғавғо қилурсан,
Руҳни тупроқ бирла савдо қилурсан.

Бўйнимга осилиб, нозланар дунё,
Нафсим нафасидан безанар дунё.

Бир оёқ истаги — осмон, мардона,
Бир оёқ истаги — шу қиморхона.

Мен қаён борайин икки том оша,
Бир вужуд саҳнида шунча томоша.
1998


* * *
(Улуғбек маломати)

Шамчироқ истармен орзуманд дилга,
Бу кун руҳ тилинда ўзга талаффуз.
Ёхуд аҳли Қаҳфдай нақ уч юз йилга
Танаффус сўрармен, катта танаффус.

Сахтиён саҳрода кўринмас карвон,
Қумлар қуюнида қулундай қолдим.
Кийикдай қатлга элтилар виждон,
Ёрилтош, ёрил, тош, юрақдан олдин.

Қанча йилларимни бой бердим бунда,
Қанча туйғуларим кетмишлар увол.
Ва осмон қарзини сўрайди мендан,
Бир жавоб топмадим чор тараф савол.
1998


БЕГОНА

Бир дўсти ғарибга дил берсам дедим,
Бу ғариб дилимга боқмади ҳеч ким.
Бир ёрга кўзимдан йўл берсам дедим,
Кўзим дарёсида оқмади ҳеч ким.

Бир пири муршидга қўл берсам дедим,
Руҳимга чақмоқтош чақмади ҳеч ким.
Бир ношуд қавмга эл бўлсам дедим,
Эш бўлиб қошимга чиқмади ҳеч ким.

Сиз дарё, майли, мен чўл бўлсам дедим,
Бағрим саҳросида оқмади ҳеч ким.
Бир дўсти ғарибга дил берсам дедим,
Бу ғариб дилимга боқмади ҳеч ким.
1998


«АЛПОМИШ» ОҲАНГЛАРИДА

Нормурод акага

Намозшомда гулдай сўлган тарзим бор,
Тўхта, эй йўловчи, сенга арзим бор.
Орбонглаган от бошида дардим бор,
Кўнглим куйган, куйганлардан қарзим бор,
Куйиб-куйиб суйганларга арзим бор.

Сендан, мендан даврон ўтди, тўражон,
Бир майдонда майдон ўтди, тўражон,
Кул кулбадан султон ўтди, тўражон,
Гул гулбадан гирён ўтди, тўражон,
Намозшомда гулдай сўлган тарзим бор,
Тўхта, эй йўловчи, сенга арзим бор.

Бўзлай-бўзлай бўғинларим бўшайди,
Бу дунёси қиморбозга ўхшайди,
Қуш қалбингни эшаклари тишлайди,
Намозшомда гулдай сўлган тарзим бор,
Тўхта, эй йўловчи, сенга арзим бор.

Сув эдим сахтиён саҳро бўлмишам,
Ер юза адашган Зуҳро бўлмишам,
Оқ ювиб, оқ тараб қаро бўлмишам,
Билмай чарх рафторин расво бўлмишам,
Намозшомда гулдай сўлган тарзим бор,
Тўхта, эй йўловчи, сенга арзим бор.

Ўзга дўст тутдимми итларни, ёраб,
Кўзларим куймишлар кўнглимга қараб,
Даллиман, дунёдан донолиқ сўраб,
Ҳар кўчманч шамолдан ошнолиқ сўраб,
Намозшомда гулдай сўлган тарзим бор,
Тўхта, эй йўловчи, сенга арзим бор.

Дунё дунёлиғин этмоғи аён,
Битта бошпанада булбул ва илон,
Бир кўнгил ичинда раҳмон ва шайтон,
Бош манзил қаён-у, сўнг манзил қаён,
Намозшомда гулдай сўлган тарзим бор,
Тўхта, эй йўловчи, сенга арзим бор.
1998


* * *

Қор эдим, қаловим топилди, ёндим,
Сув эдим, оловим топилди, ёндим.
Қадр кечасида сени дўст тутиб,
Зор эдим, тиловим топилди, ёндим.

Нечук сенсиз ўтди умр... ҳайронмен,
Гаҳи чумолимен, гаҳ Сулаймонмен.
Саодат тунида сени дўст тутиб,
Кул узра гуллаган боғ-у бўстонмен.

Этагингни ўпиб, тўлдим, тўлғондим,
Хор эдим, бир тунда гулга айландим.
Муҳаббат тунида сени дўст тутиб,
Ўлимдан уйғондим, Йўқдан уйғондим.
Мен эдим, бир тунда Сенга айландим.
1997


ДАЛВАРЗИН МОМОНИНГ ҚИЛИЧИ

Букчайган қора уй қошида
Ўрмак тўқиб ўтирар Далварзин момо,
Ойнинг ўроғига,
Куннинг оёғига
Шардоз бойлар Далварзин момо.
Бу ўрмакнинг боши қайда, одоғи қайда?

Тўқилган ўрмакнинг устидан
Туялар карвони адашмай келар,
Буддалар келади, зардуштлар келар,
Ўрмак тўқийверар Далварзин момо...

Зобитлар элларни қиличлаб ўтар,
Дилларни, гулларни қиличлаб ўтар,
Лекин қилич* билан Далварзин момо
Гиламга гул солиб ўрмак тўқийди.

Ер устида чексиз узаниб ётар,
Қиличда тўқилган рангин камалак.
Букчайган қора уй қошида
Камалак тўқийди Далварзин момо.
1996


КУЁВҚЎРҒОН ВА ҚИЗҚЎРҒОНДА

Куёвқўрғон харобалари узра
Олмалар отишга шайланиб турган
Куёвларни кўрдим минг йил олдинги.
Қизқўрғоннинг харобалари ичра
Муҳаббат олмаларига қўл чўзаётган
Ҳур қизларни кўрдим минг йил олдинги.
Тобора...
Куёвқўрғон қарир, Қизқўрғон қарир,
Замонлар кексаяр, дунё қарийди,
Қари харобалар бағрида аммо,
Тобора муҳаббат яшариб борар.
1997


ҚАРИ ҚИЗ

Қалдирғочнинг ташландиқ уясида
Кашта тўқиб ўтирар қари қиз.
Игнани матога уришдан аввал
Ҳар гал ўз кўнглига бир санчиб олар.
Қалдирғочнинг ташландиқ уясида
Каштага айланиб борар қари қиз.
Харобалар ичра кулгандай баҳор
Гуллаб бораверар бу ноёб кашта.
Қалдирғоч уяси чайқалар сархуш
Кечиккан келинчак чимилдиғидай.
1997


НЎНОҚ

У ўн уч ёшида, сулувлар қолиб,
Фотима чумчуққа ошиқ бўлган у.
Дуога очилган кафти устида
Мўъжаз уя қурди Фотима учун.
Шундан бери унинг кафтлари очиқ,
Йилларнинг патидай тўзмас бу уя.
Қуруқшок мангу банд, қўллари хино,
Дунё этагидан ушлай олмас у.
Кафт томирларига туташиб кетган
Фотима чумчуқнинг мўъжаз уяси.
У ўн уч ёшида, дунёдан қолиб,
Озод Фотимага ошиқ бўлган у.
1997


КАМО НО ТЁМЕЙ

Мен ўйларга кўмиламан
Тупроққа кўмилганлар каби.
Зиёратга келганлар, ранжимай кетинг.
Шошқин йўловчилар,
Бу тирик қабрни топтамай ўтинг.

* * *

Сенга йиғлагим келди бу кеча,
Осмондай йиғласам сенга...
Йўқсан... кўзларим кўр бўлиб қолди.
Ёмғирдай йиғласам сенга...
Ўрмон дарахтларин лабларим-ла пайпаслаб,
Бир-бир ҳидлаб чиқяпман тунда.
Қанисан?

* * *

Бу қоронғу ўрмон ичида
Қушнинг уясидай тор бу чайлада,
Бир киши ҳам сиғмас чайлада
Икки киши яшаши мумкин.
Бу чайлада бир киши ётса
Ташқарида қолар икки оёғи.
Бир киши тик туриб кўрса мабодо,
Боши ўйиб чиқар чайла қорнини.
Бунда икки киши яшаши мумкин,
Будда билан яна бир одам...
1993


ТИЛЛА БАЛИҚЧА

Кўнглим дарёсида тилла балиқча,
Тила тилагингни, мени озод қўй.
Мангу хизматингда етмиш фаришта,
Битта танбал девни ўз эркига қўй.
Етмиш фариштангга тилло зубаржад,
Етмиш фариштангга олтин жўмалак.
Етмиш фариштангга етмиш муҳаббат,
Бахтиёр қурбонлик — етмишта эркак.
Кўнглим дарёсида тилла балиқча,
Тилагингни тила, мени озод эт.
Олти суягимдан битта кемача,
Икки қулоғимдан бир қўриқчи ит
Ясадим сенга деб, тилла балиқча,
Фақат нўноқ девни энди озод эт.
Кўнглим дарёсида, тилла балиқча,
Тила тилагингни мени озод эт.
1994


МУСОФИР

Симм-симм афсун айтар мусофир шамол,
Ғаройиб ғор каби очилар бағрим...
Юз йилки, кўксимда жим ухлаб ётган
Улкан тегирмонга қўл урар аста
Бу авлиёсифат қари мусофир...
Бир вақтлар шу ерда яшаган эдим,
Шу ғор мезбонидай дадил ва ўктам.
Унда тирик эди ўлик тегирмон,
Унда мен ҳаммадан бахтиёр эдим.
Ғаройиб ғор каби очилар бағрим:
Қимтиниб киради икки мусофир —
Уйсиз, бошпанасиз шамол ҳам, мен ҳам...
Ялдо кечасида йўлда адашдик
Ғор каби очилди эгасиз бағир.
1997


ЖИННИ БОЛА

Отадан етим, онадан етим Худойқул,
Эккани кўчат, тергани ўтин Худойқул.
Қор устида сарпойчан,
Қаҳратонда қартайган,
Кўнгли ярим, жони бутун Худойқул.
Юлдузларни капалакдай овлайди,
Қаҳратонда тинмасдан,
Муз кўчада сарпойчан
Аямасдан ўз-ўзини қувлайди.
Меҳрдан бутун, ақлдан етим Худойқул,
Қиш қушларин кўзларида сувлайди.
Болаларга ўйнаб берар Худойқул,
Гоҳ куйлар, гоҳ йиғлаб берар Худойқул.
Ва ўзига қисмат отган тошларни
Қаллиғи отган гулдай терар Худойқул.
Усти жулдур,
Яланг оёқ, ялангбош
Бир дўсти йўқ Қиш билан ўйнар Худойқул.
Қор босган бир тунда онам айтдилар:
«Худойқулга гул* чиқибди, иссиғи ўткан...»
Шундан сўнг биз уни сира кўрмадик.
Билдик, Худойқулни Гул олиб кетган.
Тўқсон чилласида, овлоқ овулда
Худойқул ҳаммадан олдин ГУЛЛАДИ.
1997


СИЗ КУЛОЛ ҚИЗИМИ Ё МЕҲР ҚИЗИ

Нечук сиз маъюссиз, нечук сиз ҳайрон,
Бир телба ошиқ деб дилингиз вайрон?..
Мендан фаришталар чекинди, ҳай-ҳай,
Гуноҳларим кўпдир, осий бандаман.
Ўзлигим ўзимдан кетар пайдар-пай,
Сизнинг кўнглингизга бир асрандиман.
Дилёрим, сиз мени тарк этманг фақат,
Дунё кетаберсин, сиз кетманг фақат.
Ҳеч кимга бошимни эгмай яшадим,
Лекин ҳар ҳурликнинг ўз поёни бор.
Бор-йўғим сиз сари элтиб ташладим,
Дунёда ҳар қулнинг ўз султони бор.
Дилёрим, сиз мени тарк этманг фақат,
Дунё кетаверсин, сиз кетманг фақат.
Нечук йиғладингиз, султон бегойим,
Нега кўзингизда дил парчалари?
Саодат эшигин очсин худойим,
Ва сизда гулласин ишқ ғунчалари.
Дилёрим, сиз мени тарк этманг фақат,
Ҳаёт кетаверсин, сиз кетманг фақат.
Бир кун дўстларимдан бирови айтди,
Эй ошиқ, қўлларинг қарибди, қара.
Сизни чорлайвериб қўллар қариди,
Сизни чорлайвериб излади чора.
Дилёрим, сиз мени тарк этманг фақат,
Ўлим кетаверсин, сиз кетманг фақат.
Сиз нурдай очилган муҳаббат гули,
Ёруғ меҳроблардан учган ибодат.
Дунёда ҳаёт йўқ, демак, йўқ ўлим,
Муҳаббат бор фақат, буюк муҳаббат.
Ишқ гули, сиз мени тарк этманг фақат,
Дунё кетаверсин, сиз кетманг фақат.
1997


МЕН ҲАЙРОН, ДЎСТ ҲАЙРОН

Шоир Менгнор Олломуродга

Фасли хазон келди, дарахтлар ҳайрон,
Дарбадар дил етим қушчадай сайрон,
Эврилиб келаркан бу икки жаҳон,
Мен ҳайрон, дўст ҳайрон, икки дил ҳайрон.

Майсалар жон берди юракларимда,
Бир оят сирқирар суякларимда,
Ялов тикиб олдим кўйлакларимдан,
Ўт чақнар тошларим, кесакларимдан,
Мен ҳайрон, дўст ҳайрон, икки дил ҳайрон.

Ўн олти ёшимнинг диёрларида,
Бир қизнинг кузлари, баҳорларида,
Кўнгилнинг кўп интиқ дийдорларида,
Ўтганларнинг ғариб мозорларида,
Мен ҳайрон, дўст ҳайрон, икки дил вайрон.

Ёлбордик, тиллари кесик булбулдай,
Сўнгги синглисини бой берган улдай.
Кечалар тўшаги тутаган тулдай,
Оғалар доғида куйган сингилдай,
Ёлбордик кеч кузда очилган гулдай.
Мен ҳайрон, дўст ҳайрон, икки дил ҳайрон.

Лек, садо келмади, мозорлар, сиздан,
Бир насим елмади, баҳорлар, сиздан.
Кўнгилни гаровга қўйган эдик биз,
Бир даллол чиқмади, бозорлар, сиздан.
Мен ҳайрон, дўст ҳайрон, икки дил вайрон.

Дунё бу, яхшилар, нокаслар ўтар,
Гул ўтса ёнидан хор-хаслар ўтар,
Ҳаромнинг завқидан аластлар ўтар,
Мардлар ризқини еб гоҳ пастлар ўтар,
Гоҳ узун, гоҳ қисқа не дастлар ўтар,
Мен ҳайрон, дўст ҳайрон, икки дил ҳайрон.

Маъюс момоларим куйлаб ўтган юрт,
Боболар юрагин қайраб ўтган юрт,
Келбати осмонни бўйлаб ўтган юрт,
Мен борсам, бир парча юрак тутган юрт,
Мен ҳайрон, дўст ҳайрон, икки дил ҳайрон.
Биз тонгни илғадик туннинг таъбиридан,
Юлдуз териб ўтдик шеърнинг сатридан,
Янги ой чиқмоқда пирлар қабридан,
Мен ҳайрон, дўст ҳайрон, икки дил ҳайрон.
1997


СУБҲИ САҲАР

Кўнгилга хуш келдинг, эй субҳи саҳар,
Уйғот ухлаб ётган томирларимни.
Мўъминлар кўз ёши — гавҳар шудринглар,
Ювсин ғубор чўккан бағирларимни.
Бу элга хуш келдинг, эй субҳи саҳар,
Бу дилга хуш келдинг, эй субҳи саҳар.

Очай эшикларни, деразаларни,
Масиҳ нафасингни май каби ичай.
Олис болаликда йўқотиб қўйган
Синглимни топгандай мен сени қучай.
Элимга хуш келдинг, эй субҳи саҳар,
Дилимга хуш келдинг, эй субҳи саҳар.

Бу тун кимлар қолиб, кимлар кетдилар,
Қайда ризқ гуллади, қайдадир фитна.
Сен келдинг, гўдаклар иси ҳам келди,
Сен келдинг, ер-осмон чайилди сутга.
Дилимга хуш кеддинг, эй субҳи саҳар,
Элимга хуш келдинг, эй субҳи саҳар.
1997


ХУДОЙБЕРДИ ЧОЛ ҲИКОЯСИ

Кун бўйи такрорлади...
Тун бўйи такрорлади...
Тили айланди битта исмга,
Юраги айланди битта исмга,
ИСМга...
Ситилиб кетмокда кўзидан йўллар,
Ситилиб битмокда умридан йиллар,
«Фарзанд кўрсам эди унинг исмини...
Оҳ, унинг исмини...»
Такрорлайверади, такрорлайверади
Худоси бермаган Худойберди чол.
Суякка ёпишган қабоқларидан
Узилиб тушади тунлар, кундузлар.
Умрнинг буришган сўқмоқларидан
Нотугал оламда армонли излар.
Қариган эшиқдан далда кутади,
Тобутга айланар бешиксиз «ватан».
Оҳ деган бир исм тунни ютади,
Шўр такдирга таскин бўғчада кафан.
Ҳеч ким дард изламас. Ҳеч ким истамас,
Чол билан сўзлашар тунги пардалар.
Дераза ортида элас ва элас
Тилсиз шивирлайди оғир шарпалар.
Умрида илк бора етмиш ёшида
Кампири кўксига бошини ташлаб
Йиғлади, йиғлади, йиғлади:
«Кампир, жуда узоқ яшаб юбордик,
Чўксайди йилларни тортган туялар.
Кампир...
Эллик йил бағримда жимгина ёндинг,
Эллик йиғлади садоқатларинг...
Кампир...
Жимгина... Жимгина...
Худди келинчаклик давридай сирли
Севги нигоҳларда ёнган кунидагидай,
Жимгина... Жимгина тўкаверди ёш,
Кўзларига етди юракнинг зўри:
«Етмишми... Саксонми... Яшаб берамиз».
Кунлар тошбақадай оғир судралар,
Ҳувиллаган уйда ёлғиз чол, кампир.
Ортиқлик қилади ширин таомлар —
Туғилмаган болаларнинг насибаси...
О, уларни сен е, бевафо қисмат.
Худойберди чол туш кўради:
Бир келин. Унда
Етмиш минг келиннинг ҳусни, ҳаёси.
Осмондай рўмолининг бир буржи билан
Дўппайган қорнини яшириб,
Уялиб чой узатар чолга.
Жилмайиб туради ёнида ўғли...
Сўнг...
Тили айланар битта исмга,
Юраги айланар битта исмга...
ИСМга...
1985


* * *

Сим-сиёҳ балчиққа чўкиб ётар тонг,
Нафснинг қозонида биқирлайди онг,
Ва Илондарада, захлаган ғорда
Шамолдан беркиниб пўст ташлар илон.

Нақадар ҳикматни кўрдим мен бунда...
Нақадар ўлим бу... нақадар ҳаёт.
Нақадар оғирдир энг сўнгги кунда
Билган-билмаганинг ўз-ўзингга ёт.

...Ҳам яйдоқ яйловга чўкади туман,
Ҳам тўзғоқ тузоққа етим ел чўри.
Ҳам жоду жабдуғин очар ёсуман,
Ҳам ойдан беркиниб туллайди бўри.

Шунчаки, ўйини бу иш фалакнинг,
Шунчаки, қиморда бир шашқолдона...
Шунчаки, бир гўрдан олиб юракни
Яна бошқа гўрга тиқмоқ мардона.
Шунчаки, ўзингдан ўзинг бегона.

Тобутдан ташқари Искандар қўли,
Сувдан чиққан Зардўшт ёнади ўтда...
Ва одам танасин бевафо билиб,
Итнинг терисига беркинар Будда.

Инчунун, кўз очиқ, қорачиғлар кўр,
Инчунун қўрқувга едирилган дил.
Инчунун, ўргимчак тўқиётган тўр,
Жаннат кўпригидай кўринар сабил.

Ва....
Маймун терисидан хушбичим тана,
Тимсох терисидан нафисроқ тери.
Ёғоч от устида борар жимгина
На-да илондир у, на-да у бўри.

Нақадар ҳикматни кўрдим мен бунда,
Нақадар ўлим бу, нақадар
ҳаёт...
Биринчи кундан ва энг сўнгги кунда
Ўз ўзингга ётсан, ўз-ўзингга ет.
1998


ҚАЙТИШ

Раҳмат ёғмурлари ёғди фалақдан,
Пайғамбар кемаси — ҳаёт бешиги.
Бир ёруғ дарича очдим юракдан,
Очилди саодат, севги эшиги.

Унинг пештоқида ям-яшил қушлар
Ўзидан нур тараб сайрайди оят.
Гулдурак гулдурос отиб олқишлар,
Бу оқшом дил сари келибман, шояд.

Бу оқшом балқарман ой каби тўлин,
Раҳмат ёғмурлари ёғди фалакдан.
Марҳамат қилингиз, эй аҳли мўъмин,
Муҳаббат эшигин очдим юракдан
1998


БИР КУНИ

Эл энаси — Ойсиҳат момо,
Чопон тикиб беринг менга шафакдан,
Кифтига Ой, Кундан қўштумор тақинг.
Заррин чирозига юлдузлар қаданг,
Менга камалакдан бир белқарс тўқинг.

Зерикдим, бўшлиқдай зерикдим, момо,
Шунгами, куёвдай ясангим келди.
Борликда бир кўза сув эдим, аммо,
Шу дамда оловга узангим келди
1998


ИБОДАТ СУРУРИ

Қамалган қамарлар, энди озодсиз,
Илоҳий қанотлар қуллуқ, ассалом.
Ризвон қушларидай муҳаррам, шодсиз,
Жуфт-жуфт келинлардай айлангиз салом.

Қўлларим эрийди, вужудим эрир —
Қаранг, қандай эрир бу олтин қафас...
Тош сўнгаклар энди ипакдай ҳарир,
Ҳадемай тан абас, яна тан абас.

Фаришталар кутар сизни қайдадир,
Нурдан кашта тўқиб, либослар тикиб.
Даҳолар шивирлаб айтмокда такбир,
Мангу сукунатга овозлар тўкиб.

Сиз сузиб борасиз, зулматлар синар,
Гўзал... Қандай гўзал ойлар карвони.
Осмон қовоғига кулгулар қўнар,
Нурдан тўйдирасиз етим самони.

Қаранг, қандай эрир бу олтин қафас,
Ризвон қушларидай муҳаррам, шодсиз.
Ҳадемай тан абас, яна тан абас,
Қамалган қамарлар энди озодсиз.
1994


* * *

Бошқа гапни қўйинг. Одам халқига
Кўп нарса ортиқча, олифта, башанг.
Уч-тўрт норасида гўдак ҳаққига
Узоқроқ яшанг сиз, Узоқроқ яшанг.

Дунёдан тўйдингиз, ҳаётдан тўймай,
Келинг, кенг кўнгилни кенгликка тўшанг.
Куйган онангизни азобга қўймай,
Узоқроқ яшанг сиз, узоқроқ яшанг.

Ҳамиша дунё тор одам аҳлига...
Мунча қайғулисиз, мунчалар бўшанг.
Кимнингдир ғамига, кимнинг бахтига
Узоқроқ яшанг сиз, узоқроқ яшанг.

«Ҳеч кимман» деманг, сиз ўзбек халқига
Кераксиз.
Кераксиз ўйларни ташланг.
Ногоҳ ўлмай қолган миллат ҳаққига
Узоқроқ яшанг сиз,
Узоқроқ яшанг.
1994


ҚАДИМГИ ДАФТАР
ёхуд
УНУТИЛГАН ОҲАНГЛАР
(туркум)

I. ВАТАН
(қадимги боланинг қадимги қўшиғи)

Оқ ўтовни нортуя
етти марта айланса,
чангароқ осмонида
етти гўзал сайланса...
Қизил тандир тоб еса,
кунларим пишса ҳил-ҳил.
Тунларим кулиб турса,
ой билан ўйнаса дил.
Ўзим қалдирғоч бўлсам,
сўзим суюнчи бўлса,
кўнглимда титраб ўсган
қамишлар найчи бўлса.
Момомдай даштларимнинг
Жони, эркаси бўлсам.
Бу даштлар менга тўлса,
Мен бу даштларга тўлсам.
Ўзим қалдирғоч бўлсам,
Сўзим суюнчи бўлса...

II. «ИРҚ БИТИГИ»га битик

Мунчалар мунглисан,
Кийикнинг ўғли,
Чўлпонми, Усмонми исминг, сирдошим,
Етим эмчакдошим, ерсиз ердошим.
Қандай қайғулисан,
Кийикнинг ўғли...
Яшил қоя сенинг ёзлик жойинг — хор,
Қизил қоя менинг қишлик жойим — зор.
Кўзинг, қайғу уйи,
Кийикнинг ўғли,
Қора қуш жигаринг чўқилар кун-кеч
Топшириб бўларми шу Ватанни ҳеч?...
Ҳеч... ҳеч... ҳеч!!!

III. СЕВГИ

Қув елиндан сутлар келди сирқираб,
қ а н и с а н-у в?...
Қора бошга қор ёғди ярқираб,
қ а н и с а н-у в?...
Қизил-яшил кунлар ўтди гуркираб,
қ а н и с а н-у в?...
Қирқ қуш бўлиб қирқ жон учди чирқираб,
қ а н и с а н-у в?...
Дил ёрилди, дарё оқди шарқираб,
қ а н и с а н-у в?...
Тупроқ танам гул ўстирди зирқираб,
қ а н и с а н-у в?...

IV. ЁНИБ КЕТГАН МАРСИЯ БЎЛАКЛАРИ

Чўжалари чўлда қолган бой бола,
Қулунлари қумда қолган бой бола,
войй бола-а...
Қатордаги қора норлар қоқилди,
Кади синди, сирқираб сут тўкилди,
юрак тинди...
Тутқозиққа бойли бола, бой бола,
Толтобутда жойли бола, вой бола,
войй бола-а...
Куюк кўнгил кўк кийганда кўк куяр,
Кийик сингил синграганда тош ияр.
Ёрилтошнинг сутин ичган бой бола,
войй бола-а...
Ўнг бўсаға суяниб ўғлинг қолди,
Чап бўсаға суяниб қизинг қолди.
Чақмоқтошнинг чўғин ютган бой бола,
войй бола-а...
Эшигингда эланиб элинг қолди,
Қайроқтошнинг қаҳрин ютган бой бола,
войй бола-а...
Ёрилтошнинг сутин ичган бой бола,
войй бола-а...

V. ҚАДИМГИ ШОИРНИНГ ТУҒИЛИШИ

Қаҳратон қатронидан
Саратонга муз бердим.
Юлдузсиз кечаларга
Киприкда юлдуз бердим.
Капалак қанотидан
Чойшаб ёпдим дунёга.
Мусича ҳаётидан
Ҳикмат топдим дунёда.
Тоғларим — боболарим,
Ой маним момом бўдди.
Кўзларимнинг ичида
Дунё дунёга келди.
Энамдай дарёларим
Оқ ювиб, оқ таради.
Осмондай юрагимга
Ҳаёт тўлиб боради.

VI. ФАСЛЛАР ҳақида ИБТИДОИЙ БИТИК

Қоя этагида, ғаройиб ғорда
Қиш мени меҳмон қилди
Бир ўчоқ олов билан...
Кўзларимга иссиқ кўриниб кетди
Менинг совуқ дўстим, қадрдоним Қиш.

* * *

Куз оқшоми... Қорайган тўқай...
Узоқ-узоқ увлади бўри.
Товушсиз пинжимга беркинар
Қўрқиб кетган маъюс синглим Куз.

* * *

Тонгда мени уйғотди қалдирғоч,
Сўнг шалдираб кулдилар сувлар.
Деразамдан жилмайиб қарар
Қизалоғим, севинчим Баҳор.

* * *

Олма, анор, узумга қўшиб
Юрагимни пиширар офтоб.
Далаларга сочилиб кетган
Тириклик деб аталган китоб.
Хавотирли боқар қалбимга
Куюнчагим, онажоним Ёз.

VII. КУЁВ

Отанг мендан айлансин,
Энанг мендан ўргилсин,
Эрка Гулсум, жон Гулсум.
Қўлларим қадоғига
Сочларинг тилло тўксин.
Ой туғар қабоғингда
Кун туғса, сенга туғсин.
Отанг мендан айлансин,
Энанг мендан ўргилсин.
Ўжар Гулсум, жон Гулсум.
Куёв — ёв деб айтдилар,
Топсинлар ўзга дўстни.
Сени хўп айнитдилар,
Беписанд билиб бизни.
Кўзимда ўсган гулим,
Кулбамни обод айла.
Новвот қайнатар тилим,
Мен каби куёв қайда?
Куёв ёвмас, куёв-тов,
Суянсалар арзийди.
Хасис отанг, шум энанг
Мендан бир қиз қарзийди...
Отанг мендан айлансин,
Энанг мендан ўргилсин,
Эрка Гулсум, жон Гулсум.

VIII. ИСТИБДОД

Жангдаги мағлубиятдан сўнг эшитилган нола

Бек бўлар улларим қул бўлди,
Сулув бўлар қизларим чўри...
Алп эрлар юраги йиртилди,
Во-о, шўрим! Во-о, шўрим!
Эрк бўлар Ватаним берк бўлди,
Зулматнинг қаҳрида қуёшнинг нури.
Нафрат, алам билан кафаним тўлди,
Во-о, шўрим! Во-о, шўрим!
Гул бўлар ерларим кул бўлди
Топталди, хўрланди оталар ери.
Ер топмай кўнглимга кўмилдим,
Во-о, шўрим! Во-о, шўрим!

IX. ЙЎҚОЛГАН БИТИКТОШДАГИ ЁЗУВ

Эр Билга аразлаган йўлбарсга айланди,
Алам ҳам улғайтар ўғилни.
Бешик боғичлари узилиб кетди,
Қасос кучайтади ўғилни.
Бешик олтин туёқли тулпорга айланди.
Эрк Эр қилади ўғилни.

X. ҚАДИМГИ КУЙ

Яйраб оққан жилға бўйида
Чанқовуз чалади қизгина...
Мендай йиғлоқ апрел ойида
Йиғлагим келади жимгина.
Бир уюм оқ булут пойида
Қизгина чалади чанқовуз, —
Яйраб оққан жилға бўйида
Тош устида яйрайди товус.
Сой ичида, жилға бўйида
Чанқовуз чалади қизгина.
Мендай ташна апрел ойида
Яшагим келади жимгина...
Яшагим келади жимм-гина...

XI. СИНГИЛГА БАҒИШЛОВ

(қабртошдаги эски ёзув)

Муштипар эгачим,
Тиловчим менинг...
Кимсасиз даладай ҳорғин қолдим мен
Яхши-ёмон кунда
Сўровчим менинг,
Қоронғи саҳрода ғамгин қолдим мен
Маъюс дуогўйим,
Муштипарим-ай,
Қора туманларга чўкмишдир дилим.
Ой каби олисим,
Нурдай холисим,
Менга тик қарашдан уялар ўлим.
Эгачим, тиловчим,
Сўровчим менинг...

XII. КЎҲНА ЮРТ ҲАҚИДА ЯНГИ ШЕЪР

Момолар сирларин тинглаган тупроқ,
Боболар кўкрагин кўтарган осмон.
Пирларнинг кафтида кўкарган байроқ,
Оналар кўзида йиғлаган достон.
Ўғиллар кўксида чақнаган чақмоқ,
Ойқизлар кўнглини гуллатган туйғу.
Гўдаклар дилидан бошланган ирмоқ,
Шоирлар юрагин порлатган қайғу.
Даҳолар манглайин ярқиратган ой,
Фидолар бағридан силқиган бардош.
Тангри ер юзига йўллаган ҳумой,
Боботоғ бағрида туғилган қуёш.
1999


* * *

Ҳамал айвонида куйлайди ҳаво,
Қизғалдоқ қўшини қирларга тушди.
Мени етаклаб ўт, эй Қари Наво,
Юрагим юртида юлдузлар пишди.

Адирлар эгнида ям-яшил қабо,
Шамол ҳалинчакда ипак булутлар...
Мени етаклаб чиқ, жон синглим Сабо,
Совиган кўнглимда чақнади ўтлар.

Янги кўйлакларин киймокда Ҳаёт,
Ҳамал айвонида куйлайди ҳаво.
Мени яшаш сари етаклайди шод
Қари Наво билан шўх синглим Сабо.
2001


* * *
“Қани, най бер менга, дўстгинам.”
А. Орипов

Лабларимда гуллаяпти най,
Куртаклади қўлимда рубоб.
Киш кечаси ҳеч кимга айтмай
Йўлга тушдим, йўл жуда узоқ.
Қор устида ўйнайди ўлан,
Оқ зорларни ёғади кўксим.
Дардга тўлган юрагим билан
Юрагингга боряпман, дўстим.
Унутилган туйғулар ҳаққи
Ярим тунда оқ қорлар кечиб,
Кетиб борар оҳанг дарахти
Муҳаббатли қасамлар ичиб.
Узун кеча... Йўл ундан узун...
О, қанчалар соғиндим сени.
Деразангда муз гуллар билан
Тонг чоғида қаршила мени.
2001


* * *

Дарё соҳилида сен билан танҳо
Кезардик, тилларанг қумларни кечиб...
Ширин ваъдаларни ичардик, аммо
Бари қумда издай кетмишлар ўчиб.
Ўтмишлар, кечмишлар, бари кетмишлар,
Сувларга оқмишлар ҳаяжонимиз.
Ишқ тўла дилларни йиллар нетмишлар,
Икки соҳил бўйлаб айро жонимиз.
Қумларга дафн этдик ёшлигимизни,
Сирлар инжуларин сувларга берди...
Бегона соҳиллар чорлади бизни,
Кўзимизда дарё чайқалиб турди.
2001


ИЖОД

Саҳро қумларида бир калтакесак
Етти юз йил думин судради, елди.
Оқибат тарихи не бўлди, десак,
Туғилди, яшади туғди ва ўлди.

Уммонлар қаърида битта капалак
Қирқ саккиз лаҳзада паймони тўлди.
Қирқ саккиз лаҳзанинг ширасин ялаб,
Туғилди, яшади туғди ва ўлди.

Шулар қаторида бор эди инсон...
У Ҳаёт ва Худо маъносин билди.
Оқибат, тарихи бошқа жараён —
Туғилди, яшади, туғди, туғилди.
2001


ИШОРАТ

Оғзи ҳеч ёпилмас қиличбалиқнинг,
Боиси: оғзидан тишлари катта.
Шундай, қай бўғизга қилич тиралган
Ва қай бир оғизга тиқилган латта.

Тишлари баҳайбат қиличбалиқнинг,
Нафс ва руҳ илмига ишорадир бу.
Бу ҳам бир ҳикмати Буюк Маликнинг,
Оғзин очиб ўтмак дунёдан мангу.

О, тақдир, ҳукмда билганинг билган,
Мени ерга урма пастлар олдида...
Кўзлари абадий юмилиб қолган,
Оғзи ҳеч ёпилмас каслар олдида.
2001


ҚАДИМИЙ ҚЎШИҚ

Менинг манглай сочимни
Тонг шамоли қайирди,
Айта қолгин, шамолжон,
Жон шамоли қаерда?

Саҳар-саҳар юрагим
Шудринг кечиб сайрда,
Айтинг энди, саҳарлар,
Дил саҳари қаерда?

Менинг қора бошимни
Оқбулут айлантирди,
Айта қолгин, жон булут,
Жон ёмғири қаерда?

Менинг манглай сочимни
Тонг шамоли қайирди,
Айта қолгин, шамолжон,
Жон шамоли қаерда?
2001


КУТИШ

Юрагимнинг нурли ришталаридан
Сенга деб ўттиз хил кўйлак тиктирдим.
Уч юз йиллик ёнғоқ уруғларидай
Кўзларимни йўлларингга экдим мен.

Умримнинг паришон борчаларида,
Заъфар япроқларда дилдирар титроқ...
Бир туп кекса ёнғоқ шохчаларида
Кайғули ҳилпирар ўттиз хил байроқ.
2001


КЎР БОЛА

Қуёш дафн этилган
менинг кўзимда,
Минглаб кўз чарақлаб
ётар кўксимда.
Товушлар гулларин
тераман ғамгин,
Қоронғи боғимга
бир бора келгин.
Ич-ичимда кимдир
йиғлайди юм-юм,
Куйган қорачиғда
мўлтирар кўнглим.
Қуёш дафн этилган
менинг кўзимда,
Қоронғи боғлар бор
ахир ичимда...
2001


ДЎКОНДА

Яхши чизишибди кўзу қошингни,
Усти-бошинг яхши... Кайфиятинг чоғ.
Агар очиб кўрсак елим бошингни,
Нима чикар экан ундан, қўғирчоқ?

Боплаб ишлашибди муштинг, тишингни,
Ўтирган курсинг ҳам ярашган, бироқ,
Ногоҳ ёриб кўрсак сенинг ичингни,
Нима чиқар экан ундан, қўғирчоқ?

Саволга не ҳожат, сенга ҳам оғир,
Қисматинг қўрчоқлик, шундай бўлдирган
Ҳеч овоз чиқармай ишингни битир,
Начора, ичингни елга тўлдирган
2001


* * *

Муғанний, дардим дудига
Дуторинг дуто бўлди.
Ашки селобим ичиб,
Санавбар сато бўлди.

Ғайри Ҳақ суҳбатида
Руҳимни ҳалок айлаб,
Мазаллат ғурбатида
От сурмак хато бўлди.

Ғафлат уйида мастмен,
Аммо, ноумид эмас,
Қўл чўзса пири дастгир
Кофир ҳам кимё бўлди.

Ғавғои ғамдин не ғам,
Не ғам бу маломатдин.
Яхшим ҳам, ямоним ҳам
Атои худо бўлди.

Дайр аро куйлаб ўтдим,
Ҳеч ҳолим билолмасман..
Куйим — интиҳо бўлди,
Кўйим — ибтидо бўлди
2001


АБДУХОЛИҚНИНГ ЖАЙДАРИ ФАЛСАФАСИ

Билса балиқ, дединг, билмаса холиқ,
Ҳар касга дил бердинг, эй Абдухолиқ.
Ҳимматингни кўриб, тентак дедилар,
Меҳрингдан сув ичиб, калтак урдилар.
Ҳар тулки, ҳар илон, ҳар калтакесак
У биздан қарздордир, дедилар, бешак.
Гоҳо бойўғлига, гоҳо қарғага
Ушоқ-ушоқ кўнгил ушатдинг нега?
Эвазига олдинг туҳмат, маломат,
Оқибат сен нодон, улар валломат.
Десам, шамол каби шивирлади у:
Биродар, ҳолимга чекмагил қайғу.
Оламда бўлмаса мор, қарға, балиқ,
Бўла олармидим мен Абдухолиқ?
Уларда бор-йўғи нафс ва риё бор,
Менинг ичимда-чи, сўнгсиз дарё бор.
Уларни номма-ном бир-бир санадинг,
Асли зотларини асло билмадинг...
Барининг исми бир — ОЛИҚСОЛИҚДИР,
Шукр, менинг исмим АБДУХОЛИҚДИР.
2001


* * *

Кўп бўлди ранг-баранг ранглар сотгани
Келмай қўйганига бўёқчи Орзу,
Мен унга ўрганиб қолган эканман...

Лекин, ҳар кун келар сувоқчи Турмуш,
Паришон умримнинг чалдеворларин
Ўзи билганича суваб кетар у...
2001


* * *

Дарёлар уйғонди кўнглимда менинг,
Ўн икки ой эрир қўлимда менинг,
Пирлар пайдо бўлди ўнгимда менинг,
Мен энди дунёни нетарман?..

Ўйнабман юракни урганча тошга,
Учиб киргандайман мен ўттиз ёшга,
Ишонинг, мен энди бошқаман, бошқа,
Бу ёлғон савдони нетарман?..

Давлату зар сизга, дунёлар сизга,
Ер остига кетган даҳолар бизга,
Дил ишққа айланди, ўзим юлдузга,
Бу ўлик саҳрони нетарман?..

Олов қушлар учди тилимдан менинг,
Рубоб ясанг энди қўлимдан менинг,
Қарзим ҳам қолмади ўлимдан менинг,
Бу ўтар дунёни нетарман?..
1993


* * *

Маъсум майсаларни тирилтгувчи сен,
Музлаган ҳисларни илитгувчи сен,
Буюк ҳимматларинг унутгувчи мен,
Мени кечир, азизим Ҳаёт.

Умрим фаслларин кузатгувчи сен,
Бешик ҳам тобутим безатгувчи сен,
Ҳаққингга маломат узатгувчи мен...
Мени кечир, азизим Ҳаёт.

Ғам ва шодлик билан сийловчи ўзинг,
Сени айбим билан айбловчи ўзим,
Нақадар аччиқ ва шириндир тузинг...
Мени кечир, азизим Ҳаёт.
2002


* * *

Куюнчак момолар, азиз момолар,
Бошдан оёғимга сочинг дуолар.
Сизнинг меҳрингиздан истайди қанот,
Кўкрак қафасимда қисилган ҳаёт.
2002


ОЗОДЛИК

1
Севгимдай севарман сени, Озодлик...
Саёқ сак эмасман, кўчкин қуюнмас,
Уясиз илонмас, уя излаган.
Бир парча нон менга азиз туюлмас,
Бир парча юрагим эрк деб бўзлаган.
Қандай ёлғонлайин... Қандай алдай мен?
Қўлларим рубоб-ку, томирларим тор.
Ўсмир ёшимдаги севгилимдай сен,
Ўлим ёшимдаги кўксимдаги ор.
Севгимдай севимлим, сирим, Озодлик!

2

Шодлик улашармен дардга, қайруга,
Машрабдай сочилиб кетаяпман мен.
Ўн олти ёшимда сезган туйғуга
Ўттиз беш ёшимда етаяпман мен.
Тоҳир Зуҳросини суйгани каби,
Мен суймак истадим сени, Озодлик.
Битта муҳаббат деб келар ҳар набий
Ва битта қайғудан кўкарар шодлик.
Севгимдай севарман сени, Озодлик!

3

Дилимда чаманлар бўлганида хор,
Елкамдан потирлаб ўсди қабрлар.
Чўлпоннинг қошида чайқалганда дор,
Жойнамоз устида жон берди пирлар.
Бағримни чўқилаб зулмат ғажири,
Қонаган дилимни қорганда лойга...
Сўнгги китобини ёзди Қодирий
Турма туйнугига осилган ойга.
Менинг варақларим қонли варақлар,
Юрагим шифтидан чаккиллайди қон.
Ёшлигим сурурин сўрди қамоқлар,
Сибир шамолидай увиллар Усмон.
Севгимдай севимлим, сирим озодлик!

4

Туманлар ичинда чарсиллайди дил,
Отамнинг жонидай оғрир виждоним.
Мени дуо қилгил, муштипар сингил,
Мени дуо қилгил, севгим, армоним.
Ерларим топталса, хўрланса қуёш,
Қўлим найза бўлсин, тишларим ханжар.
Тош бўлсин кўзингда милтираган ёш,
Мени дуо қилгил, маъюс муштипар.
Бошдан қора кунлар ўтди басма-бас,
Севгидай тўкилдим, сувдай тўкилдим.
Шунда ҳам тобутлар пойига эмас,
Бешиклар пойига келиб йиқилдим.
Севгимдай севарман сени, Озодлик!

5

Ҳайрон қўлларимни очдим фалакка,
Оёғим остида сўнгсиз пахтазор.
Ташландиқ оролдай ғариб юракда
Ўлик кемалардай минг-минглаб мозор.
Ёшлигим ой каби балққан паллада,
Сирлар табассумдай гуллаган палла...
Куёвлик кунларим қолди далада,
Чимилдиғим — дала, келиним — дала.
Инсонлик истадим тун ёруғида,
Инсонлик, Ватанлик, Халқлик, Ободлик.
Юрагимнинг рангин чимилдиғида
Бир бор кўрсам, дедим, сени Озодлик.
Севгимдай севимлим, сирим, Озодлик!

6

Юрак саҳарида кўриниш бердинг,
Қуёш арзандаси, кўнгил ҳулкари.
Кексайган отамдай мен сари юрдинг,
Нон реза боламдай келдинг мен сари.
Инсонлик истарман ҳаёт боғида,
Инсонлик, Ватанлик, Халқлик, Ободлик.
Юрагимнинг рангин чимилдиғида
Мангу кўрсам дейман сени, Озодлик.
Севгимдай севимлим, сирим, Озодлик.
1998


МАНГУ ЮРТ

Илоҳ манглайингдан ўпган хойнаҳой,
Сенга камалакдан ипак ҳалинчак.
Бошингда солланиб турар ўттиз ой,
Ҳазрати Хизрни кўрган келинчак.

Раҳмат нурин сочар Малик Явмиддин,
Зулфингни тарайди ўттизта ҳилол.
Ва ўттиз бешикда диёнат ва дин,
Сен-да, ўттиз ҳурни улғайтган аёл.

Қошингдан изма-из авлодлар ўтар,
Бу қандай виқордир, қандай оройиш?...
Бошдан оёғингга гул сочиб кетар,
Юраклар бошлаган буюк намойиш.

Билмасман, оғангми улуғ Муҳаммад,
Қуёш парчалари қайтмишдир яна.
Юрагинг — эрк қуши, руҳинг — ҳақиқат,
Сен-да, ўттиз ҳурни улғайтган она.
Илоҳ манглайингдан ўпган ҳойнаҳой...
1994


ҲУРРИЯТ

Тол бешикка гулдай таянган, синглим,
Саҳар-саҳар қушдай ўёнган, синглим.

Ўнг тиззангга ул олиб суяр бўлдинг,
Чап тиззангга қиз олиб суяр бўлдинг.

Тол бешикка тўданалар тақасан,
Тов бошидан сочалалар сочасан.

Уй тўрига улинг қуллуқ бўлсин-а,
Дил тўрига қизинг қуллуқ бўлсин-а.

Қўш бешикка эгиз қамар беланган,
Бешик боғи осмонларга уланган.

От бошида дардим бор, айтиб ўтай,
Элдан ният қарзим бор, айтиб ўтай:

Худо қабул қилсин, хуш ният бўлсин,
Болангга бош давлат Ҳуррият бўлсин.
1998


* * *

Гоҳ ғамгин, гоҳ шодмон ўтмоғда умрим,
Азал саҳросида йиллар елади.
Дайри фано сари кетмоғда умрим,
Менинг гуллар сари боргим келади.

Суманлар, сулувлар сурурдан сўйлар,
Менинг ҳар ҳолимга фалак кулади.
Умрим охиратнинг ҳаддини бўйлар,
Менинг гуллар сари боргим келади.

Етимга етарми етти ҳимматим,
Дунё кимдан ўтиб, кимга қолади?
Ҳурлар сари кетар белдан қувватим,
Менинг гуллар сари боргим келади.

Сут ва сўз қарзим бор ҳаёт — онадан,
Вақт-бевақт кўзимга ёшлар тўлади.
Элчи шамол келди байтул фанодан,
Менинг гуллар сари боргим келади.

Бемор куз қизидай ўтмоғда умрим,
Менсиз ҳам кун кулиб, ойлар тўлади.
Фасли хазон сари кетмоғда умрим,
Менинг гуллар сари боргим келади.
1994


ЛАҲЗАНИНГ УМРИ

Пайғамбар эшигин тақиллатган мен,
Шайтонни ўттиз йил лақиллатган мен,
Қўйнида ҳурларни сўлқиллатган мен,
Сен ахир нимасан? НИМАсан, ўлим.

Қилкўприк устидан ўйнаб ўтган мен,
Бир ҳурга етмиш хил юрак отган мен,
Етимга
Етти қобирғамдан тиргак тутган мен,
Сен ахир нимасан? НИМАсан, ўлим.

Оғзидан юз булбул учиролган мен,
Исони Каъбага кўчиролган мен,
Кўнглини худога ичиролган мен,
Мен КИМман. Сен эса, НИМАсан, ўлим


ХАЧИР ВА ТАҚДИР ЎЙИНИ

(боболар услубида)

Адир сўқмоғида бир кун хачирга
Насиб этди дуч келмоклик Тақдирга.

Тақдир билди: хачир аҳволи ёмон,
Кўнглида бетайин онадан гумон.

Худодан норози, элдан норози,
Ҳаққидан урганмиш ризқда тарози.

Азалнинг котиби қалам сурганда,
Қорни дамлаб турган унга келганда.

Тухумга кирар чоғ, сайраб бемаҳал,
Камолига хўроз берганмиш халал.

Ҳомилада шаклин топганда янги,
Онасин айнитмиш бузуқ бир ҳанги.

Не-не умид билан бўлганда бино,
Падари бузругин чалғитмиш зино.

Ҳуллас, хачир ҳолин қора қилмишлар
Ўзидан аввалроқ яратилмишлар.

Йўқса, довруғ солиб оламга бот-бот,
Не-не тулпорларни этмасмиди мот.

Такдир деди: «Эҳ, бечора хачирвой,
Аросатда кечган аҳволингга вой.

Бироз қарибманми, юмшади кўнглим,
Бир томоним ҳаёт, бириси ўлим.

Иккисини сира келиштиролмай,
Чарчадим, фикримни йиғиштиролмай.

Толиқтирар экан эрта-кеч бир иш:
Дунёнинг соч ила соқолин қириш.

Бугун бир ўйинга майлим бор менинг,
Майли, қисматингни янгилай сенинг.

Ниятингни сўйла, этайин адо,
Истаган суратда бўлурсан пайдо».

Хачир тулпордайин керди оёғин,
Тикрайтди эшакдан мерос қулоғин.

Шунда ёқимсиз сас янграб юборди.
Хачирвой шодликдан ҳанграб юборди.

Хирқироқ товуши қулоқни еди,
Хачирвой қийшанглаб Тақдирга деди:

«Бобо, кам бўлмасин сира давлатинг,
Менга ато этгин отнинг савлатин.

Шояд, бир ҳамламдан бўлажакдир мот,
Қирчанғи Бойчибор, ўлакса Ғирот».

Тақдир унга ҳиммат назарин солди,
Шу дам хачир отлик мақомин олди.

Эгнида эгар-ла гижинглаб беор,
Савлатин сайлатди бозорма-бозор.

Охир бир уюрга қўшдилар уни,
Хачирвой унутди хачирлигини.

Уюрда отларга бермай қўйди гап,
Ўзининг насли-ю, насабин мақтаб.

Тумшуғин кўтариб тинмай кишнарди,
Ҳатто эгасин ҳам итдай тишларди.

Зотдан ўзиб қайга борарди ахир,
Суратда от эса, тийнатда хачир.

Уни кўпкарига солдилар бир кун,
Ор талашиб кўрсин, от бўлса деб, чин.

Шунда кўринг шўрлик шармандаҳолни,
Фарқлай олмай қолди дум ва соқолни.

Ҳар қадамда оқсаб, суринар эди,
Кетидан ел чиқиб чиранар эди.

Эл эса, устидан кулар эди боз,
Қайдан келди дея, от-масхарабоз.

Сўнг уятга қўйиб отлар қавмини,
Баҳона қилди у арпа унини.

Яна ҳар не юмуш бериб кўрдилар,
Оқибатин фақат фириб кўрдилар.

Гар қўшилса хачир отга ароба,
Бундай аробанинг ҳоли хароба.

Зеро, уч кун ўтмай бузилиб, синиб,
Қоларда ўчоққа ўтинга дўниб.

Хачир-отда тортилса гар мойжувоз,
Мой ўрнига чиқарарди лой бироз.

Охир уни ярамас деб билдилар,
Гўштга топширишга қарор қилдилар.

Хачир ҳолни билиб қочди адирга,
Ялиниб-ёлборди яна Такдирга:

«Бобо, химматингга минг бора қуллуқ,
Отнинг номи улуғ, супраси қуруқ.

Бекорга отликни қилибман ҳавас,
Мен қуруқ шаън учун зорманда эмас.

Ҳукминг бирла омад келаверади,
Менга эшаклик ҳам бўлаверади.

Кичикроқ хизматлик, кўпроқ хашаклик,
Каттароқ орсизлик — шу-да, эшаклик».

Тақдир яна ҳиммат назарин солди,
Хачирвой эшакка айланиб колди.

Фаҳмсизлик бирла чиқарди отин,
Дум остидан тўкиб ор ва уётин.

Ҳар бир иши номаъқулдан намаъқул,
Хачир эшак бўлмай, бўлди Таъмақул.

Юк ташишга қўйсалар ўзи бир юк,
Уч қадам юрмай ағнар гўё ўлук.

Сув ташишга қўйсалар ғирром этар,
Ичи ўтиб, идишни ҳаром этар.

Элдан нолиб, бош яна сарак-сарак,
Оёқ суюқ, кўз эса, олазарак.

Бет қолмади, бор қадрин елга сепди,
Семириб кетган сўнг эгасин тепди.

Бундай эшак кўрмаган ҳамон-ҳамон,
На ғайр эли, на-да аҳли мусулмон.

Бийдай чўлга эшакни қувладилар,
«Хизмати»ни хивич билан сийладилар.

Кимсасиз саҳрода яна хачирга
Насиб этди дуч келмоклик Такдирга.

Қора қилмишларин хўп оқлар эди,
Оёқларин кериб хачирвой деди:

«Бобо, мени кечир, айбдорман бешак,
Менга номуносиб на от, на эшак.

Қадрим билмадилар икки ҳолда ҳам,
Бир гала фаҳмсиз, бир тўп муттаҳам.

Англадим, Такдирнинг беназир бахши
Хачирлик эканин, хачирлик яхши.

Бобо, ўз ҳолимга қайтаргин мени,
Олқишлаб ўтайин бир умр сени».

Тақдир диди: «Эҳ, бечора хачирвой,
Ўйиним сўнгига етди ҳойнаҳой.

Сенга бағишладим отнинг савлатин,
Ўзгартиролмадим бироқ сийратинг.

Суратинг турфа хил шаклни олди,
Ичингда хачирлик тийнати қолди.

Зоҳиринг янгилаш менинг хоҳишим,
Ботининг тозалаш ўзингнинг ишинг».

Тақдир шундай дея бир имо қилди,
Хачирвой аввалги ҳолига келди.

Сурат ҳам сийрати мослашди бешак,
Шўрлик хачир на от бўлди, на эшак.
2002


ТАБАССУМ ХОТИРАСИ

Ўн беш йил муқаддам мен сизни кўрдим
Порлоқ лаҳзаларда чақнади кўнгил.
Сизнинг чеҳрангизда битта табассум
Қалбимни етаклаб юрди ўн беш йил.
Мени кечиргайсиз туйғулар учун,
Ҳаяжонлар ҳаққи мени кечиринг.
Юрагим адашган хаёлдай учиб,
Сизнинг пойингизга борар яширин.
Сирлашгим келади сиз билан тунлар,
Юрак-юрагимни очиб ташласам.
Ўн беш йил аввалги хуш табассумлар
Оғушида яна яшай бошласам.
Паришон кечаларда шудринглар кечиб,
Сиз, мен ва муҳаббат яшай бошласак,
Юлдузларнинг зарҳал нурларин ичиб.
Дунёда аламлар, шодликлар ўтар,
Минг хил чиғириғин пеш қилар ҳаёт,
Шудрингзор далада бизларни кутар
Ёлғиз бир муҳаббат — мазлум эътиқод.
Минг кеча Шаҳризод эртагин тинглаб
Хаёл қанотларин тикдим ниятдан.
Сизнинг чеҳрангизда ўша табассум,
Мен учун юксакдир абадиятдан.
Мени кечиргайсиз туйғулар учун...
2002


ШЕЪР ОДАМЛАРИ

Инсон туйғулари қарийдими ҳеч,
Баргрезон қопларми гул туйғуларни?
Сизга гулзорларим очаман бу кеч, —
Ҳасратим, севинчим... ва қайғуларни.
Шабистон, нуристон оралиғида
Шабнамдай титранар дунёи қадим.
Соҳир кавкабистон чимилдиғида
Сизга юрагимни очмоқ истадим,
Сизга юрагимни очмоқ истадим.

Мен ахир ўзгача англайман Сизни,
Сиз туйғу элчиси, севги одами.
Қирқ йил сайр этибман юрагингизни,
Орзулар ватани, меҳр олами...
Ғойиб дарёларни мен Сиздан топдим,
Куйловчи тоғларни Сиздан изладим.
Ой мусиқа сочган ойдин кечада,
Сизга юрагимни очмоқ истадим,
Сизга юрагимни очмоқ истадим.

Шу тоғлар, дарёлар мен учун етар,
Манглайим силайди момо офтобим.
Қўнглимда бегуноҳ дарахтлар ўсар,
Шуларнинг барчаси менинг китобим.
Ажаб саодатли тунлар бағрида
Кўнглим юлдузларин сочмоқ истадим.
Ҳаёт гуллаётган меҳр боғида
Сизга юрагимни очмоқ истадим,
Сизга юрагимни очмоқ истадим.
2002

Qayd etilgan