Qutlibeka Rahimboyeva. Uzun kunduzlar  ( 7912 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  05 Fevral 2011, 15:50:41

Qutlibeka Rahimboyeva. Uzun kunduzlar



Muallif: Qutlibeka Rahimboyeva
Hajmi: 871 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  14 Sentyabr 2011, 20:19:52

ҚУТЛИБЕКА РАҲИМБОЕВА

УЗУН КУНДУЗЛАР


Шеърлар

Тошкент
Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёчи
1984


ҚУВОНЧ

Тоғлар елкасига сиғмаган ирмоқ —
Сасидан сукунат эшиги синди.
Рангин чечакларга айланди тупроқ,
Заминнинг чиройи энди билинди.

Қуёшники бўлди бепоён само,
Нурларнинг йўллари узайди.
Орзули-ҳавасли кунлар беором
Новдаларни гуллар билан безайди.

Илдизидан бошлаб учига қадар
Гулга тўлиб кетди оғочлар жисми,
Боғларда адашиб қолди шабада,
Рангидан мастми ё бўйидан мастми?..

Офтобнинг анҳорга чизган нақшини
Мажнунтол кун бўйи кўриб тўймайди.
Юксакда куйламоқ шунча яхшими,
Одамлардан кўпроқ қушлар куйлайди.

Яна ўз ранглари қайтган бағрингда,
Юртим, кўнглим тўлиб юриб қувондим.
Яна куз заҳмати, қишнинг заҳридан
Омон чиққанингни кўриб қувондим.

1983


ЯХШИ КУНЛАР КЕЛДИ

Юнусободда олмазор боғ бор,
атрофи баланд бинолар...

Яхши кунлар келди, энди олмазор
Ёруғлик ичида энг ёруғ жойдай.
Яхши кунлар келди, энди олмазор
Гуллар яшайдиган соҳир оролдай.

Бевақт шамоллардан хавотир олиб
Атрофин айланиб юради чоллар.
Икки ёнбошидан ярқираб келиб,
Олиб кетолмайди олисга йўллар.

Бағрида қоракўз невара билан
Бошига ёпиниб рўмоллар — оппоқ,
Севинчми, соғинчми кипригида нам,
Кампирлар манзардан термилар узоқ.

Анҳорлар бу боғни кўрмоққа шошар,
Бу боғнинг устида кенгаяр само.
Булутлар томчимас, дур бўлиб тушар,
Бу боғдан чиқмайди мусаффо ҳаво.

Гўё ҳайма узун қиш бўйи ташна —
Кутгандай бу боғнинг гуллашин такрор.
Шаҳарнинг сершовқин жойларин ташлаб,
Саралаб бу боққа қўнгандай баҳор.

Ҳайбатли бинолар ёнида қатор
Тўхтаган, юрмоққа етмай журъати.
Гуллари тупроққа сочиқ олмазор —
Хушсуврат юртимнинг битта суврати.

1983


СУҲБАТИМИЗ ҲАР САФАР ОДДИЙ...

Муҳтарама Зулфия опага

Ўзингизни сўйламайсиз ҳеч,
Пасту баланд одамларни ҳам
Гапирмайсиз ажратиб, хиллаб.
Суҳбатимиз ҳар сафар оддий,
Ўртамизда ҳар сафар гуллар.

«Ёзяпсанми?» дея сўрайсиз,
ёки бирор шоир кашфини
умрингизда биринчи марта
камалакни кўриб келгандай
жонингизга сиғмай айтасиз.
Қўлларимга гоҳида райҳон,
гоҳи хушис қип-қизил олма
тутқазасиз қайтар пайтда Сиз.

Жуда яхши кўзларингизга
кўзларимда меҳримни айтиб,
йўлга тушар эканман ҳар гал
қалбимдаги яхшиликларнинг
ҳали қанча ушоқлигини,
қанча-қанча ушоқлигини,
бирданига пайқаб қоламан.

1983


БАҲОРНИНГ БИР КУНИ

Чақмоқ булутларни тилиб юборди:
ёмғир минг шодали марварид каби
ярқираб-ярқираб тўкилди.

...Кейин кечки сабо сайрга чиқди:
Дарахтдан тўкилган марваридларни
олиб бермоқ учун ўтлар эгилди.

Қуёш бир қизариб, ботди қайтадан.
Унинг ташрифидан суюнганданми
уфқ бирданига қизариб кетди.

...Кейин бўшаб қолди қумролранг осмон
Қучли қушчалар ҳам секин айланиб,
ёмғир ҳиди тўлган боғларга ўтди.

Ой чиқди, юлдузлар чиқдилар секин.
Анҳор тўлқинига ўтқазиб оқди
чўктириб юбормай улар сувратин.

Ойдан-да ёруғроқ баланд ўриклар
тутиб бир-бирининг сергул шохини
боққа киргизмади туннинг зулматин.

Тун кетди, тонг келди ранглар кўтариб,
кундузни ясатиб юборди беҳад
тонгдан бўёқ олган гулларнинг бари.

Шунчалар улуғвор, гўзал яшашни
бировдан ўрганмай, қандай биларкин
табиатнинг доно фуқаролари...

1983


ҚИШЛОҚҚА ҚАЙТИШ

Қишлоғим боғ бўлиб кўринди
Узоқдан — оппоқ ранг, пушти ранг.
Гуллабдими бу баҳор энди
Уйлар, қуруқ симёғочлар ҳам...

Тезлайман, югуриб чиқар сой.
Тўлқинлари — тўйга шайланиб,
Оппоқ, пушти кийган гулчирой
Сув-да кетган гулга айланиб...

Дарахтзордан куй учар — дилбар,
Қушлар ўзи қайдадир, қайда?
Новдаларда маржондай гуллар,
Қуш ҳам гулми бу ёруғ ойда...

Қучоқ очиб чиқар даладан
Ҳозир менинг ўртоқ қизларим.
Гул бўлишса кошки улар ҳам,
Ним пушти, оқ бўлса юзлари...
Гул бўлишса кошки улар ҳам!

1983


* * *

Ўн йилдан кейин ҳамкурслар билан учрашдик.

Менинг яхшиларим, ҳам яқинларим,
Дийдор кўришдикми? Ўнгмидир ё туш?
Осмон туюларкан йўл бу кунлари,
Севинч — икки қанот, биз ўртада қуш.

Ўн лаҳза ичида яшардик ўн ёш,
Хотиралар сўзга айланди бирдан.
Яна биз бир тўда билнмдон, бебош,
Қувончимиз бирга, ғамимиз бирга.

Фарғонанинг яшил бағрида яна
Гоҳ пахта, гоҳида лолалар тердик.
Шеър ёздик шуҳратдан, пулдан бетаъма,
Лайли-Мажнун бўлиб севишиб юрдик.

Китоблар ичидан китоблар хиллаб,
Саволлардан чиқиб саволга ботдик.
Яна шоҳ Машрабнинг «Ўртар»и билан
Оқ тонгда қип-қизил Кунни уйғотдик.

Буёғи Бугунми? Узаман сўзни.
Орамизга бугун кирмасдан олдин
Яхшироқ кўрайлик ўз-ўзимизни,
Вужуддан не кетиб, нималар қолди?

Севимли фаслимиз баҳорми ҳамон,
Унинг ташрифидан шодланамизми?
Гул кўтариб кетса чўққилар томон
Вақт топиб, изидан отланамизми?

Ҳамон севамизми безовта, бедор,
Хушсуврат бўлмоққа шошиламизми?
Ёнимизга келган пайтда азиз ёр
Атиргул мисоли очиламизми?

Машрабу Бобурни соғиниб тинглаб,
Дарё бўламизми, бўламизми ўт?
Ҳамон кўксимизда яшарми кенглик —
Ўзбекистон деган заҳматкаш бир юрт?

Шукронамиз борми иссиқ тупроққа,
«Сиз»лаб юрибмизми сувни ва нонни?
Далага биз жуда керакли чоғда
Олиб қочмаймизми сояга жонни?

Ҳамон ҳамма билан туриб юзма-юз,
Ҳақни айтамизми тортмай хижолат?
Болаларгами катта муҳаббатимиз,
Уларга қоларми биздан хуш одат?

Хаёл осмонида чўлпондай орзу —
Келажак кемтилмай турарми омон?
Тинчми, дарди йўқми, чиройлими у,
Ётмоқ истагимиз кучлими ҳамон?

«Йўқ» бўлса, бу юрак бизга етти ёт,
Дўстларим ўн йилга ортга қайтамиз.
Ҳар ким ўз юрагин топгунича то
Яна хотирани бошдан айтамиз.

1983


ДИЙДОР

Москвадан Берлингача Улуғ Ваган уруши қаҳрамонларига қўйилган ёдгорликлар орасида Ўзбекистонлик жангчилар ҳам кўп.

Ўтдай бағрим очдим, нечун шошмайсан,
Тананг гулдай эди, қучдим: тошдайсан,
Нетай кўндим, шунқоримга ўхшайсан.
Уйга юргин, бўйингдан ўргилайин,
Жон берганман, яна жоним берайин.

Кўз куюгим, сен сўз берган моҳ бўлди,
Набирамга деган аллам «оҳ» бўлди,
Худони ҳам қарғадим: гуноҳ бўлди.
Бор экансан, бўйингдан ўргилайин,
Жон берганман, яна жоним берайин.

Кўк бўлмаган чўл қолмади элингда,
Очилмаган гул қолмади элингда,
Боши ёпиқ йўл қолмади элингда.
Кўр, қувонгин бўйингдан ўргилайин,
Жон берганман, яна жоним берайин.

Фақат дунё бутмас: йиртиб-чатилар,
Ҳали бордир ўқли — ўқсиз қотиллар,
Юртга кунда керак сендай ботирлар.
Мардсан, юргин бўйингдан ўргилайин,
Жон берганман, яна жоним берайин.

Ўзим кўрдим кечаги кун, бу кунин,
Биров ортар бировларга ўз юкин.
Кимлар тикка яшар кимлар юкиниб,
Тиксан, юргин, бўйингдан ўргилайин,
Жон берганман, яна жоним берайин.

Сени тиклаб қўйган халқни алқарман,
Иззатини кўз устимда сақларман,
Лекин юртда турмоғингни хоҳларман.
Қолма, юргин, бўйингдан ўргилайин,
Жон берганман, яна жоним берайин.

Яқинимда турсанг адл, хушқомат,
Силаб-сийпаб топарман-ку ҳаловат,
Бекам одам тошга этмас тиловат.
Юр, юра қол бўйингдан ўргилайин,
Жоним, сенга жоним барин берайнн,

1983


ОФТОБ ЭНАДАН СЎРОВИМ

«Ўтганлар ўтди, кетди»,
Йўқ, бир эслаб айтингиз.
Ўн олтими, ўн етти...
Кундай кулган пайтингиз
«Ёр-ёр»и, тўйи билан
Ширин-шакар вақт келди.
Бор эни, бўйи билан
Қошингизга бахт келди.
Кийган атлас-шоҳининг
Оҳори тўкилмасдан,
Ой юзингиз доғинн
Ким билиб, ким билмасдан
Уруш, бўлди. Кетди ёр,
Йиғлаб-йиғлаб толдингиз.
Қора кунларга ночор
Оқ йўл тилаб қолдингиз.

«Ўтганлар ўтди, кетди»,
Йўқ, энажон, айтингиз.
Ёлғиз тўкилиб тутдай
Баргдай сўлган пайтингиз.
Қушдай оқ хат изидан
Тошдай «қорахат» келди.
Совуқ хабар музидан
Жисмингиз карахт бўлди.
Соат деган, йил деган
Кўксингиз эзиб ўтди.
Ёстиқлар аждар экан,
Қанча соғинчни ютди.
Бахтингизнинг ушоғи —
Ёдгор қизчангиз ушлаб,
Кўтардингиз ҳажр тоғин,
Гоҳо тик, гоҳ ер тишлаб.
Сиз айтмайсиз бу сирни,
Заъфар бўлган юз айтар.
Ер сўнгидан бир эрга
Ноз этмаган кўз айтар.
Учмай ҳусннинг изи,
Мумкин эди тайрилмоқ.
Йўлни ярмида узиб,
Енгилига қайрилмоқ.
«Ҳув» десангиз бахт ахир,
Қўлингизга қўнарди.
Совиб ётган бўш бағир
Янги ўтга тўларди.
Ҳис-туйрунгиз занжирлаб,
«Руҳи чирқирайди», деб
Сиз ўтдингиз йўққа ҳам
Хиёнатни кўрмай эп.

«Кичрайибди садоқат,
Кичрайибди ҳаёлар.
Тирикларга хиёнат
Қилар баъзи аёллар...»
Гапингиз бўлмай тамом
Узун «уҳ»лаб қўясиз.
Барини тўкис замон
Шўхлигига йўясиз.

«Ўтганлар ўтди, ана...»
Йўқ, эслангиз, қайтингиз.
Аёл поклиги мудом
Тўрда турсин, айтингиз.
Аёллари пок бўлган
Халқнинг толеи ётмас.
Аёллари пок бўлган
Халқ халқлигин йўқотмас!

Йўқ, ўтганни айтингиз!

1983


АСКАР ЙИГИТГА ОҚ ЙУЛ

Шукур, йигит етилиб қолдинг,
Ватан сени бағримдан олди,
Ўзи кирсин бағрингга олдин,
Кунларингга Кун туғсин, болам.

«Иним» деса ким, бўл йўлдоши,
«Оға» деса силагин бошин,
Суянчиқли бўлсин ёнбошинг!
Кунларингга Кун туғсин, болам.

Балки унда гулзордир, гулдир,
Офтоб илиқ, заҳмат енгилдир,
Кўрмоқ савоб яхшини, кўргил,
Кунларингга Кун туғсин, болам.

Фақат қолма, куймасин кўзинг,
Ҳар эл камин тўлдирар ўзи,
Аҳил бўлса, юрмаса тўзиб.
Кунларингга Кун туғсин, болам.

Халқинг номи қошу кўзингда,
Чайг юқтирмай юргин ўзингга,
Яхши гаплар келсин изингдан.
Кунларингга Кун туғсин, болам.

Дунё қалқиб турар, чўкмагин,
Ҳар ёшинг бир ғунча, тўкмагин,
Онанг асли тикмас, букмагин,
Кунларингга Кун туғсин, болам.

1983


* * *

Шуҳрат Абдурашидни эслаб

Дўстлари бахтига
қилмасди ҳасад.
Ота-бобосининг
кимлигини ҳам
унутиб юргани йўқ эди.
Бор-йўғи —
нигоҳи умидга
тўла онанинг;
нигоҳи ишончга
тўла боланинг;
нигоҳи севгига
тўла шоирнинг
улкан сувратларин
чизарди фақат.
Сен уни нимага
ўлдириб қўйдинг?
Кўзларинг кўрмиди,
ахир, тасодиф?!


* * *

Исфандиёрнинг «Куз. Шамолли кун» манзарасига ёзув

Қуёшранг боғларга кириб берухсат,
Нечун сувратини ўзгартдинг кузнинг?
Собит ҳаётига қилдингми ҳасад,
Ё маржон меваси куйдирди кўзинг?!

Шу боғ-ку яқинда кенг этагингга
Тўлдириб-тўлдириб тўккан оқ гуллар.
Салқин оғушидан жой берган сенга
Саратон сувни ҳам ёндирган кунлар.

Баланд новдаларни қайириб, узиб,
Жойингни кенгайтмоқ истайсан, бироқ;
Дарахт бўлолмайсан ахир сен ўзинг,
Илдиз отолмайсан, ёзмайсан япроқ.

Кўрдингми, туташар новдалар, ана,
Яшашинг қийиндйр энди бемалол.
Улар бирлашдими, қилар тантана,
Мен бу дарахтларни биламан, шамол.

1983


ШОҲИМАРДОН

Хоҳлаган жойига тизилган тоғлар,
Дарахтлар яшайди хоҳлаган-жойда.
Оқ тошлар думбалоқ ошиб ўйноқлар,
Бор овози билан сув сўйлар сойда.

Ҳеч кимга малолмас унинг шўхлиги,
Мавжлари Кунни-да улашиб кетар.
Майсалар бермайди ёзга кўклигин,
Чечакларга исм қўйилмай ётар.

Сўқмоқлар юксакка қилишар пойга,
Қоя ғолибларни кутар гул билан.
Тош йўллар етаклаб кирар тош уйга,
Истаган қайтади тупроқ йўл билан.

Фасллар ўзгарди, жойлар ҳам гоҳи,
Йўқотмай турибсан сен чинлигингни.
Яхши от ярашган — мардларнинг шоҳи,
Умри узун бўлсин эркинлигингнинг.

1983


ОВОЗЛАР

Нимага бақириб юрибсан, Шамол?
Нега безовтасиз, қушлар, бетинчсиз?
Гулдирак, ваҳима қиласан бунча?
Бор-йўғи воқеа: Ёмғир осмондан
ўз она ерига қайтяпти экан,
бу унинг фарзандлик бурчи-ку, ахир!


* * *

Япроқ титрайверма
сал-пал шамолга.
Онангнинг бағрида
яшаяпсан-ку.
Ўзингники онанг турган тупроқ ҳам.
Атрофингда эса
қиш эмас, баҳор.
 

* * *

Ассалом, чиннигул!
Ассалом, райҳон!
Гул бўлиб туғилиб,
гул бўлиб яшаб,
гул бўлиб ўтмоқнинг
сирини менга
ишора тилида бўлса ҳам майли
тушунтириб бера олсангиз эди,
ўргатган бўлардим уамма-ҳаммага.


* * *

«Чироқни ёқ», — дейсиз,
Ҳадеб қистайсиз.
Олинг, ана ёқдим —
дейлик, шу билан
ўзгариб қолдими,
Сизнингча, дунё?


* * *

Гўзал туйғуларинг
бор эди сенинг.
Гўзал орзуларинг...
Энди-чи,
улар йўқ.
Гўзал кийимларинг
кўпайиб кетибди.
Гўзал буюмларинг.
Айрибош қилдингми,
қийдими кўзинг?


* * *

«Менга таянч нуқта
бўлармикансиз?»
Ҳа, бўла оламан.
Юракда кўтариб
турган юкингиз
камида бир халқнинг
шодлик-ташвиши;
камида бир халқнинг
орзу, истаги —
бўлса, унда келинг,
таянч нуқтаман.
Якка бошингизнинг
қайғуси эса
ҳув озғин дарахтга
суяна қолинг.


* * *

«Йўқ» — дедими Сизни
кимдир. Бу — янглиш.
Менинг вужудимда —
мамлакатимда
Сиз ҳали ҳам Шоҳсиз,
Ҳазрати Ишқ.


СИЗ ШУНЧА ЯХШИСИЗ

(Туркум)

* * *

Тўхтайсиз яна бир кўргингиз келиб...
Тўхтайсиз яна бир кўргингиз келиб,
Қароғингиз сувга чўкаётган чўғ.
Ташлаб кетмоқликка кўзингиз қиймас,
Олиб кетолмайсиз, иложингиз йўқ.


* * *

Сўроқладим, топдим сиз севган куйни,
Сиз севган гўлларни саралаб қўйдим.
Сиз севган рангларда ясатдим уйни,
Ўзим ҳам шу рангда либослар кийдим.

Лаҳзалар қалбимга сездириб кечди,
Сиз бўлиб туюлди ҳар ўтган шарпа.
Эшикни кўп марта югуриб очдим
Ва оҳиста ёпдим яна кўп марта.

Сиз-чи остонадан кетдингиз қайтиб,
Соғинчингиз... сўнгра узрингиз айтиб.


МЕН СИЗНИ КУТЯПМАН

Вужуди тош бўлиб ётган тоғларнинг
Баҳорни соғиниб кутгани ёлғон!
Барибир келди-ку баҳори,
Тошлар гулхонага айланиб қолди.

Изида муз бўлиб қотган тўлқинлар
Қуёшни соғиниб кутгани ёлғон!
Барибир қуёши ёниб бошида,
Музлар шўх дарёга айланиб қолди.

Қора аёзларга чулғанган шамол
Муаттар гулларни кутмайди ахир,
Барибир гуллари очилиб қийғоч,
Бағрига сочилиб райҳонлар иси
Шамол хуш сабога айланиб қолди.

Бахтиёр висоллар бағрида туриб,
Узун, тор бир йўлга сиғинаман жим,
Узун тор бир йўлга термиламан жим.
Келса ҳам кутмаган, соғинмагани
Менинг чор атрофим мўъжиза нечун?
Шунча кеч қолдингиз... чарчар кўзларим,
Чарчайди юрагим, чарчар чидамим.
Ўзимни унутиб, бор шодликларга
Кўмилиб қувонгим келади, нетай,
Сизсиз қувонмоққа етмаса кучим...
Мен Сизни кутяпман.


БИЛМАГАН ЭКАНМАН

Билмаган эканман симларни...

Сасингиз келтирди. Мен билдим:
Хушдарак бўларкан бу симлар.

Қуёшли кунлари тепамда
Камалак бўларкан бу симлар.

Қалдирғоч бехато тизилса,
Кўзмунчоқ бўларкан бу симлар.

Шабада торларин чертганда,
Хушчақчақ бўларкан бу симлар.

Билмаган эканман қоғозни...

Хатингиз келтирди. Мен билдим:
Бахт-иқбол бўларкан бу қоғоз.

Кўнглимнинг кечасин ёритар
Бир ҳилол бўларкан бу қоғоз.

Сўзингиз суврати бинафша,
Бинафшазор бўларкан қоғоз.

Дил куйганда, кўз билан кирсанг,
Салқин диёр бўларкан қоғоз.

Билмаган эканман мўъжизаларнн


СИЗ КЕЛАР КУН

Гуллардай
тилсиз бўлиб уйғонгим келяпти
шу тонгда.
Гуллардай кучсиз бўлиб уйғонгим келяпти
шу тонгда.
Лекин
ундан ҳам олдин,
бундан ҳам олдин
Гуллардай чиройли бўлиб уйғонгим келяпти
шу тонгда.


* * *

Эшикдан кирасиз,
Кўзларим лаҳзада бу хушхабарни
Бутун вужудимга юборар ёйиб.
Бирдан чиннигуллар ўстиргим келар,
Ҳаммага қарагим келар жилмайиб.

Чиройли сўзлайман, иссиқ сўзлайман,
Дарахтлардай баланд сезаман ўзим.
Энг яхши одамга айланиб қоламан
Сиз мени кўргани келган кун.


* * *

Қўзингизда ташвиш суврати, нечун,
Нечун сўзларингиз кучсиз, шикаста?
Менга ишончингиз эмасми бутун,
Ёлғон бахт кўйглингиз этганми зада?

Ёлғизга қийинроқ кечар бу пайтлар,
Меҳримга суяниб қаддингиз ростланг.
Кетган орзуларни чақиринг, қайтар,
Мен ёлғон эмасман, мен чинман, ростман!


* * *

Битта бутоқдаги япроқлар мисол,
Яқинмиз, шу қадар яқинмиз ҳозир.
Лекин кўзингиздан кетмайди хаёл,
Лекин вужудингиз недандир оғрир.

Кичкина шодликман барибир мен ҳам,
Юрагингиз улкан юрак, биламан.
Бахтли кунларимиз бағрида Сизга
Яна жуда кўп бахт керак, биламан.


* * *

Уйингизнинг осмонида ҳилол бўлиб порлайин,
Тунни ҳайдаб, бошингизга юлдузларни чорлайин.

Уйингизнннг ёнбошида дарахт бўлиб ўсайин,
Бевақт келган довулларнинг йўлларини кесайин.

Дарахтингиз шохларида булбул бўлиб сайрайин,
Сизни бир бор яйратганда, ўзим минг бор яйрайин.

Уйингизнинг теграсида сабо бўлиб елайин,
Тўрт фасл ҳам райҳонларнинг бўйин олиб келайин.

Пойингизга бошим қўйиб анҳор бўлиб оқайин,
Сувратингиз кўрсатайин, яна ўзим боқайин.

Ҳеч йўқса бир кўз қувончи — чечак бўлай,
Ёр, сизга,
Не бўлсам ҳам ҳар лаҳзада керак бўлай,
Ёр сизга.


* * *

Йилнинт тўрт фасли ҳам
кичраймай тургувчи —
ишончим сиз менинг.
Йилнинг тўрт фасли ҳам
кичраймай тургувчи —
қувончим сиз менинг.
Сиз шунча яхшисиз, дунёда
Мен Сизсиз яшашдан энди қўрқаман.
1976 — 83


УЗУН КУНДУЗЛАР

(Туркум)

ВАТАН

Тунлари чўғ каби йилтирар юлдуз,
Кундузи оловдай ёнади офтоб.
Иссиқ кунларида ўриклар гуллар,
Иссиқ тупроғида ўсади пахта.

Ёмғирлар ёғади, шамоллар эсар,
Гўё йўқ ҳеч қандай мўъжизаю сир.
Барибир қувончим, армоним билан
Шу ерда яшагим келар бир умр.


КЕЛИНОЙИЖОН

Айни туш чоғи-ку, келинойижон,
Қуёш ўз ўтидан беҳол бўлган пайт.
Сен эса пахтам деб юрибсан ҳамон
Қовжироқ лабларинг шивирлаб бир байт.
Балки бу байтинг ҳам пахта ҳақдадир,
Сенинг тилинг билан дилинг бир ахир.

Келинойижон,
Пешонангга қалқир реза-реза тер,
Нам рўмолчанг бнлан сидириб қўймай
Ерларнинг дардига суртмоқчимисан,
Ғўза баргидаги ёзнинг гардини
На ёмғир, на сувга раво кўрмасдан
Манглайинг терида артмоқчимисан?

Келинойижон,
Кундай эгиласан ғўза устига.
Осмоннинг олови оз туюлдими,
Тафтингни далага ўтқазмоқчисан,
Янглишдим, меҳрга тўла қалбингни
Иккинчи қуёш деб тутқазмоқчисан.

Келинойижон,
Элга оқ кийгизиш йўлида юрган
Кўзимга гўзаллик илоҳасисан,
Ҳамма хушрўйлардан хушрўйим менинг.
Сен шунча юксаксан, минг пардоз билан
Дунё гўзалларин етмагай бўйи.


КУЗ

Кўклиги тўкилган ўт-ўланларни
Шабнам ҳар саҳарда бир чайиб қўяр.
Қуёш пастроқ тушиб нур қўлларида
Уларни ўзининг рангига бўяр.

Ҳавони мусаффо этмоқ учунми
Аямай атрини сепар райҳонлар.
Баҳор, ёз авжини хўп олиб энди
Майин пардаларда куйлар анҳорлар.

Жилмайиб-жилмайиб очилар гуллар,
Улар очилганда очилади кун.
Марғилон қизлари кокилларидай
Мажнунтол сочлари шунча кўп, узун.

Боғлар бадавлатдир, бойлиги сиғмай
Пахса деворлардан ошиб. ўтади.
Дарахтлар етилган меваларини
Энг олдин тупроққа ҳадя этади.

Дамлар бир-биридан сулув, мунаввар
Ўзбекистон айни оромгоҳ кезлар,
Пахталар очилиб юборар қийғос,
Бошланар серташвиш, узун кундузлар.


ҚУТЛОВ

Сувлар ҳали сахий: оқар шарқираб,
Майсаларни яшил асрамоқ учун.
Қуёш ҳали сахий: ўтли, ярқироқ,
Ёнига булутлар келолмас чўчиб.
Бу сахий дамларнинг умрини берсин,
Юртим, янги кузинг муборак бўлсин.

Пахталар очилди юлдуз шаклида,
Лекин юлдузлардан кўпроқдир улар.
Ширан меваларинг ҳаққи, ҳурмати
Баланд оғочлар ҳам пастроқ эгилар,
Далаларинг тўлсин, боғларинг тўлсин,
Юртим, янги кузинг муборак бўлсин.

«Пахтага!» Сўзларнинг ичида бу сўз
Бир кунда шоҳ бўлиб сайланиб олди.
Шу шоҳ амри билан тунлар қисқариб,
Болалар каттага айланиб қолди.
Фидоий бу жонлар ёдингда турсин,
Юртим, янги кузинг муборак бўлсин.

Дўстларинг келишди узоқ-яқиндан,
Тилларида олқиш, кўзида ҳайрат.
Машаққатинг қўшиқ этиб айтишди,
Дастурхонинг узра қилишди байрам.
Табиат ўзингга куч-қудрат берсин,
Юртим, янги кузинг муборак бўлсин.

Қораяр чеҳралар, қораяр қўллар,
Қорайгани сайин бепоён майдон.
Энди то қишгача олис манзилга
Оппоқ пахталаринг ташийди карвон.
Кўпга бир берганинг минг бўлиб келсин,
Юртим, янги кузинг муборак бўлсин.


* * *

Кундузнинг киприги аста ажралди,
Юлдузлар ўралди тонг кумушига,
Шабнамли дарахтлар ярқираб кетди,
Тилло кўйлак кийган фасл оғушида.
Салқин шабадалар исир лаҳзада,
Борлиқ турар қуёш рангида ёниб.
Осмон ҳам, замин ҳам бир рангга кирган,
Офтоб қайдалигин билмайсан аниқ,
Ўзбекистон кузин кўркнни кўриб.
Бирдан қуёшланар менинг ҳам кўзим.
Болалик йиллардан таниш деҳқонда
Нигоҳларим тўхтаб қолади шу зум.
Ота кетиб борар, қадами вазмин,
Норғул жуссалари кичрайиб қолган,
Унинг ёнидаги далалар узун,
Далалар бағри бут... далалар улкан...


ЧИНОР БИЛАН СУҲБАТЛАР

Ҳашарга борганимизда Чинор билан 40 кун бирга пахта тердик. У еттинчи синфда ўқийди

— Жуда кичкинасан,
яна Чинорсан?
— Ҳамма чинорлар ҳам
мендайлигида
кичкина бўлишган,
агар билсангиз.
— Чинорча, нимага
кўзларингда нам,
уришиб қолдингми
ё қуёш билан?
— Отам «кеч қолдинг» деб,
уйғотиб қўйди.
тушимга раҳматлик
онам кирганди...

— Опа, пахталарни
пояси билан
гуллардай чиройли қилиб борласак,
торттирмасдан тақдим қилсак —
бўлмасми?

— Унда жуда кўплар —
қийналар, Чинор.
— Ҳув нозик йигитча
Сенинг укангми?
Юз-кўзлари ўхшаш,
жуссалари ҳам?

— Йўқ, опа, у менинг
синфдош дўстим.
Бир хилда терамиз,
бир хил ташиймиз,
офтоб рангимизни
қорайтар бир хил.

Опа, сиз нимага
қўшиқ айтмайсиз?
— Қўшиқ яхши чиқмас
эгилиб айтсанг.

Кел, Чинор,
келажак ҳақда ўйлаймиз...
— Ёмғир ёққан куни
ўйлайлик, опа,
ҳозир бироз ҳорғин,
бироз чарчоқман.

— Нимага қишлоқни яхши кўрасиз?
— Сен ҳам яхши кўргин
кимнинг қалбида
улкан бир муҳаббат
яшамас экан,
у ҳамма замонга
кераксиз киши.

— Опа, ялпиз кўрдим,
ишонасизми?
куз тугабди, лекин
ялпизлар бор-а!
— Ҳали ҳам ялпизми,
кўк, муаттарми?
Айнимаган бўлса,
узма, яшасин.

— Гоҳида ўйлайман:
улғайганимда,
ким бўлсам яхшироқ?
Сиз нима дейсиз?
— Чинор бўлавергин
катта бўлсанг ҳам.
У осмонга яқин,
у жуда кучли.
Мажруҳ қила олмас
бўронлар тезда.
Офтобли жойларда
ўсади кўпроқ.

1976 — 83


Марина Цветаевадан

ВАТАН

Бунча қайсарсан, забон!
Мендан олдин ҳам деҳқон:
— Россия, ватаним, — деб
Куйлашни қилган-ку эп.

Калуга қирларидан
Юртга боқардим ҳар дам.
Энди олис масканим,
Ғариб элим, ватаним.

Олислик — битмас ярам,
Топилмас унга малҳам.
Қайга борсам кўксимда
Йўл босар ўзим билан.

Яқинни йироқ қилган
Олислик кириб тилга:
«Уйга қайт», — дер тинимсиз,
Тўрт ёним, ҳатто юлдуз.
Мен бошимни бекорга
Урармидим деворга?
Сўнгги йўлга кетар дам
Икки қўлсиз қолсам ҳам
Бошим ётган кундага
Лабларимда ёзаман:
«Қаддингни ростла, бағрим,
Ватаним, менинг фахрим!»


* * *

Мен қоғозман қаламинг учун,
Нима битсанг айлайман қабул.
Бойлигингни асрайман бутун,
Қайтараман кўпайганда ул.

Мен қишлоқман ва қора тупроқ,
Сен бошимда ёмғир, нур — олмос.
Соҳибимсан, яна сен Оллоҳ,
Мен қора ер, оқ қоғоз, холос.


* * *

Охират китобида
Аёл учун ишқ — гуноҳ.
Унинг «Севги санъати»
китоби — бутун тупроқ.

Юрак — ишқнинг шароби,
Яхшидан — яхши шароб.
Аёллар йўргакданоқ
Бировга гуноҳ, азоб.

Қўй осмонни, узоқ у,
Ердаги лаблар яқин.
Аёлмассан, билмайсан,
Бизни қарғама, тангрим.


МАКТУБ БЎЛИБ БОРЯПМАН

(Туркум)

Душанба

ТАНИШ АЁЛГА

Бойлам чечак тақдим этса ҳам
Суюнгандан ўзим гул бўлдим.
Ним табассум, ним кулгум билан
Қашшоқ қалби бойликка тўлди.
У умрнинг кун кўриш эмас,
Ёруғ толе эканин билди;
Гуноҳим — шу.

Олисласа, соғиндим куйиб,
Йўлларига баргдай тўкилдим.
Гоҳи кетдим, тинчини йўйиб,
Ёлғизланди, қийналди, сўлди.
У соғинчнинг ҳарф ё сўз эмас,
Чуқур оғриқ эканин билди;
Гуноҳим — шу.

Баланд қўйдим қадрини беҳад,
Не тиласа югуриб-елдим.
Хиёлгина эгилгани пайт
Мен яна ҳам қуйи эгилдим.
У йигитлик — оддий фасл эмас,
Тоқлик, тоғлик эканин билди;
Гуноҳим — шу.

Қорачиғи-ичра ёнда ўт,
Қайтиб келди жисмига кучи.
Қаранг, энди унинг бағри бут,
Фидойижон яхшилик учун.
Шунча улкан қувонч олдида
Гуноҳларим — майда-ку. Кечинг
Гуноҳим — шу.

Сешанба

ОНАМГА

Биринчи саҳифа

Вақт тугади. Мен қайтдим ночор,
Ёнингизда ҳозир сўлим тун.
Биламан: сиз ётибсиз бедор,
Юрагингиз эмасдир бутун.
Ухланг ахир, дарров отар тонг,
Ёруғ тушлар кўринг, онажон.

Уйинг йўқ, деб қайғурманг сира,
Яхшилар кўп — яшаш қийинмас.
Уй ҳам бўлар, бўлар зар зирак,
Руҳим қашшоқ юрмасам шу бас.
Ухланг ахир, дарров отар тонг,
Ёруғ тушлар кўринг, онажон.

Оз ёзасан, деб тортманг ташвиш,
Қувончим ҳам, юпанчим шеърдир.
Сатр битмоқ жуда осон иш,
Кўнглинг тўкмоқ: бироз оғирдир.
Ухланг ахир, Дарров отар тонг,
Ёруғ тушлар кўринг, онажон.

«Миш-миш»ларга ишонманг, қўйинг,
Эрмак эмас менга муҳаббат.
Бир одамни жон қадар суйдим,
Ўшани деб ўтарман фақат.
Ухланг ахир, ҳозир отар тонг,
Ёруғ тушлар кўринг, онажон.

Чоршанба

Иккинчи саҳифа

Сизга умр тилаб тураман ҳар тонг,
Сиз бор тушларимни эслайман қайта,
Томчи топдиммикан йўқотиб уммон,
Бу савол кунларим яна узайтар.
Соғинчга вақт йўқ деб ёзганим ёлғон,
Мен сизни соғиндим, онажон.

Ҳа, ўқиб турибман китобларни ҳам
Кўплари кўнглимни тўлдирмас бироқ.
Қувончи ўхшамас қувончларимга,
Дардлари негадир дардимдан йироқ.
Китоб овутар, деб ёзганим ёлғон,
Мен сизни соғиндим, онажон.

Тоғамларга бориб-келиб юрибман,
Ҳаммаси далага жўнашар саҳар.
Дам олиш кунимнинг бор эканнга
Қайтаман ҳижолат бўлиб ҳар сафар.
Зўр ўйнаб келдим, деб ёзганим ёлғон.
Мен сизни соғиндим, онажон.

Кўп нарса керакмас менга аслида:
Халқим ўз уйида қадди тик юрсин.
Тўрт фасл мисқоллаб топган хазина
Энг олдин ўзига буюрсин.
Тиланг, тилакларим яшасин омон,
Мен сизни соғиндим, онажон.

Замон дориламон, тузуклар ҳақли,
Журъатсиз бўлмасак енгар сўзимиз.
Қийинмас яшамоқ бундан ҳам бахтли,
Уни қийин қилиб юрган ўзимиз.
Демак, давомлидир ҳали бу ҳижрон,
Мен сизни соғиндим, онажон.

Пайшанба

Учинчи саҳифа

«Қизинг ўзгарди», деб айтибди кимдир,
Она, хатингизда бироз хавотир...

Эслайсизми, бизни ҳар тонг қуёшмас,
Соатлар жаранглаб уйғотар эди.

Ҳуррият байрами куни даладан 
Юлдузни чиқариб, сўнг қайтар эдик.
Баҳордан қишгача оғир-енгилни
Бутун қишлоқ билан бир тортар эдик...
Ташвишларим ҳамон ўша-ўшадир,
Онажон, сиз мендан олманг хавотир.

Дунёда ишқ ёши — ўн саккиз ёшин
Буюм тўпламоқдан бошлаганлар бор.
Ўзлари ишонмай истиқболига
Кўпларни шу йўлдан бошлаганлар бор.
Дўстона очилган иссиқ бағирга
Бош эмас, оёғин ташлаганлар бор.
Демак, нафратим ҳам ўша-ўшадир,
Онажон, сиз мендан олманг хавотир.

Биламан: отам ким, боболарим ким,
Руҳига сиғиниб, сийлаб юрибман.
«Ушшоқ»лар айтилса сел бўлиб тинглаб
Қўмсасам беовоз куйлаб юрибман.
Кечиринг, сочларим ўзгарган сал-пал,
Лекин ўз тилимда сўйлаб юрибман.
Қувончларим кўпнинг қувончларидир,
Онажон, ишонинг, олманг хавотир.

Жума

ШОИР ДЎСТЛАРИМГА

Дарахтлар борлигин бахт деб биласан,
Ўзингдан баландроқ дўстларинг улар.
Сенинг юрагингда кўпаяр қувонч,
Дарахтларнинг барги кўпайган кунлар.

Келтириб қўйишса беҳуш мажнунни,
Боғлар гуллаганда, ойдин тун пайти,
Ўйлайсан: тонггача у шоир бўлар
Тафаккур, ҳайрати аслига қайтиб.

Қўшиқлар борлигин бахт деб биласан,
Ўзингдан суюкроқ дўстларинг улар.
Тилингга келгандан, жисминг қуш бўлиб
Кўзларинг камалак рангига тўлар.

Ойлаб Кун кўрмаган бемор ёнида
Ҳофизлар куйласа ойдин тун пайти,
Ўйлайсан: тонггача кириб мадорга,
Қуёшга чиқар у «Омон ёр» айтиб.

Муҳаббат борлигин бахт деб биласан,
Ўзингдан қудратли дўстинг — муҳаббат.
У билан энг нафис ва энг кучлисан,
Усиз кўнглинг бўм-бўш, ғариб бир хилқат.

Бир лаҳза, бир кунда тасодиф бўлиб,
Барча ишқ дардига бўлса гирифтор,
Ўйлайсан: кичрайиб қоларди ғамлар,
Осонлашар эди яшамоқ минг бор...

Ўзинг ҳам бир парча бахтсан, билмайсан!

Шанба

ПАХТАКОР СИНГЛИМГА

«Вақт йўқ», дейсан.
Қўнғироқдай овозинг бор,
Қўшиқ айтмайсан...

Вақт-чи зумрад либос кийиб келар қошингга,
Мовий, шаффоф осмонни ёяр бошингда.
Дарахтлар қиш бўронидан чиқишар омон,
Қалдирғочлар адашмасдан қайтар юрт томон

«Вақт йўқ», дейсан.
Қўнғироқдай овозинг бор,
Қўшиқ айтмайсан...

Вақт-чи чўғдай либос кийиб келар қошингга,
Қуёш тўла осмонни ёяр бошингда.
Новдаларда атиргуллар — алвон ёлқинлар.
Мажнунтолнинг қучоғида ётар салқинлар.

«Вақт йўқ», дейсан.
Қўнғироқдай овозинг бор.
Қўшиқ айтмайсан...

Вақт-чи олов-либос кийиб келар қошингга
Ва оловранг осмонини ёяр бошингда.
Хушбўй олма осилади узун шохларда,
Сўнгги гуллар очилади кунгай ёқларда.

«Вақт йўқ», дейсан.
Қўнғироқдай овозинг бор,
Қўшиқ айтмайсан...

Вақт оққушлар либосида келар қошингга,
Булут тўшаб осмонини ёяр бошингда,
Анҳорларда биллурсифат музлар тўнади,
Оғочларга барг ўрнига қорлар қўнади.

«Вақт йўқ», дейсан.
Қўнғироқдай овозинг бор,
Қуйламайсан бир...
Сенга бундай яшашни ким
Ўргатди, ахир?!

Якшанба

ҲИНДИСТОНГА

«Бугун Ҳиндистоннинг 683 миллион муаммоси бор».
Индира Ганди

Рангдор шокилаларин
силкитиб шилдир-шилдир
хушсадо таратгувчи
жинжино*лар ҳали оз...
Кичкиналар, йиғламанг,
қулоқ тутинг аллага.

Булут каби ёли бор,
туёқлари темирдан.
Манглайида зари бор,
кишнаб, депсинмаса-да
очар билан ирғиган —
«дулдуллар» ҳам ҳали оз...
Болалар, ҳеч ўксиманг,
чиқинг, учирар шамол.

Шамшод бўйли бўлганда
чақмоқдай кийинмоққа;
тўкис дастурхон ёзиб,
дўст чорлаб суюнмоққа —
қўлингиз қисқа ҳали,
ҳали имконият оз...
йигитлар, азобланманг,
муҳаббат бор, қизлар бор.

Қорамтир чеҳрангизга
шуълаларин сочгувчи;
асли кўркам жисмингиз —
кўркин яна очгувчи —
безаклар — бозубандлар,
гулубандлар ҳали оз...
Аёллар, маъюс тортманг,
гуллар тақиб ясанинг.

Пештоқлари мармарли,
тутқичлари гавҳарли,
ойнаклари олмосдан,
ҳам қишга-ю ҳам ёзга —
уйларингиз ҳали оз...
Кексалар, қайғу чекманг,
ватанингиз — гўзал уй.

Шод яша, кулиб яша,
Қўй, мунгли оҳангингни,
Меҳнат билан бутласа —
Бўлар барча камингни.
Ғурур ўссин кўксингда,
Қашшоқмисан? Йўқ, ёлғон!
Еринг, эркинг ўзингда,
жуда бойсан, Ҳиндистон!
_____________
* Жинжино — шилдирайдиган ўйинчоқ.


* * *

Оға, иккимизнинг томиримиз бир,
Менинг ҳам бобо юрт, ота юртим шу.
Кўз очиб кўрганим — Кунга яқин ер,
Кўзларим юмилса, ётар юртим шу.

Улғайдим саратон, қаҳратонида,
Иссиғи-совуғи бошимдан ўтди.
Менинг ҳам осмонранг минор ёнида
Кўнглим осмон бўйи юксалиб кетди.

Ўтмишин ёритиб турган ёруғлик —
Даҳоларин таниб, мен ҳам ёришдим.
Яхши-ёмонига сапчимадим тик,
Ҳамма боримига бирдай боришдим.

Амунинг узумранг мавжлари билан
Узун саволларим оқди қўшилиб.
Мавжлари йўқотган авжлари билан
Тунлар қароғимга қайтди туш бўлиб.

Мен ҳам Ҳожихонни тинглаб ҳар сафар
Тилимга сўз келмай титроқда турдим.
Қумларнинг устида ўсган оқ шаҳар —
Пахтазор оралаб неча бор юрдим.

Юзидан юраги хушсуврат қизлар
Менинг ҳам опамдир, синглим, чиқоним.
Тупроққа эгилиб, баланд шон излар,
Гоҳи уларни деб қийналди жоним.

Юртимнинг кўргани, энди кўрари
Кўзингизга хаёл бўлиб тўлгандир.
Мен ҳам шу хаёлда юрибман оғриб,
Нечун танимайсиз, билмайсиз, ахир?

Иш борми? Буюринг, энг зарур дамда
Етган манзилларим қолар, Тушаман.
Қўрқманг, узун кўйлак, ушоқ жуссамдан
Юрт юкин сиз билан тенг тортишаман.

1983

Qayd etilgan