Bahrom Ro'zimuhammad. Terakka yaqin yulduz  ( 9727 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  05 Fevral 2011, 16:02:27

Bahrom Ro'zimuhammad. Terakka yaqin yulduz



Muallif: Bahrom Ro'zimuhammad
Hajmi: 969 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Habib  26 May 2011, 15:58:06

- Шоирнинг илк китоби -

Баҳром РЎЗИМУҲАММАД

ТЕРАККА ЯҚИН ЮЛДУЗ


Тошкент
Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти
1989


Баҳром Рўзимуҳаммад руҳиятнинг мажозий сувратларини поэтик ифода қилади. Дунёнинг тилсимлари, ноаён сезимларини ўзига хос йўсинда ечишга, англашга интилади.
Ўйлаймизки, адабиётимизга кириб келаётган истеъдодли шоирнинг илк китоби китобхонларимиз муҳаббатига сазовор бўлади.


СЕН КЎЗГУ БЎЛ

Сен тилла бўл,
мис мислигини,
темир темирлигин тўғри тушунсин.
Сен кўзгу бўл
ҳеч ким ўзининг
ўзидан каттароқ аксин кўрмасин.


КЕТАЁТГАН САФЛАР

Бу лаблар кулмоққа тайёр ҳамиша —
ишон: сабр остидаги олтинни
наинки оқ,
қора қўллар билан ўмармоқ мумкин.
Титрама.
Кузатиб туришибди
агар йиқилсак
узала тушамиз минг қорачиққа.
Агарда инграсак
акс-садо берар икки минг жарлик.
Титрама,
титрама...


ФИКР ДОИРАСИДАГИ ФИКР

1

У бир фикр — урчиб кўпайса
ўтмоғинг шарт бошнинг баҳридан.
Бир сўзки у телба ва дайди
на юракда, на тилда яшар.
Эҳтимол дарахтдир, дарахт, суянсанг
кўринади дўзах девори.

2

Бошинг қотиб қолса — очиқ осмонга
оппоқ булут каби келмаса фикр —
қақраган лабларга сўнгги томчидай
мақол борлигига шукр қил, шукр.
Даҳо бир дақиқа пинакка кетиб
насиҳатдан чарчаган пайтда
сени дуо каби асраб қолажак
мақолни дуодек пичирлаб айтсанг.

3

Ҳордиғингни чиқармак учун
ечдинг кийим-кечагингни сен,
ҳам исмингни — кўзинг илннгач.
Энди исминг кифоя қилмас
сени уйғотмоққа... ҳар қандай туртки
исм вазифасин ўтар бемалол.
Тонгда туртар юмшоқ бир «салом».
«Хайр» дераза пардасига ўхшар,
«хайр» — деразага тортилган парда.

4

Хуллас, ўтиб кетди эски замонлар:
кап-катта эркагу аёллар
яланғоч юргувчи даврлар ўтди.
Эсини таниган ҳар битта гўдак
бурканиб олади жажжи либосга.
Ҳатто қўғирчоқ,
қўғирчоқ ҳам яланғоч эмас.
Гап фикр ҳақда.
Фикрни даврга мослаб
кийинтиришни эсдан чиқарманг.


ПАРВОЗДАГИ ҚИЁФА

Мунаққид дўстим Баҳодир Содиқ хотирасига

1

Сен кўзсиз қарасанг,
кўзойнаксиз тикилсанг ажал
мени босаверар хавотир.

2

Паст оҳангда сўзлар эркаклар,
аёллар бошида оқ рўмол —
хонани совутар йиғи товуши.

3

Ит ҳанграмас,
кўкка қараб увламас эшак —
товушим па.рвоздаги қиёфамдир

4

Тилни сақлар ўттизта соқчи,
соқчилар еийраклашгани сайин
тил хонасидан чиқар, узаяр.

5

Деразанн чил-чил синдирди,
маҳбусни эргаштириб кетди изига
чечакларнинг. исёнкор ҳиди.

6

Қафасдан бир қадам ҳатламаса,
қорачиққа қиё боқмаса,
бу ўргатилган хонаки юрак.

7

Зулмат қўйнида Оқ кема —
гоҳ қон тусида,
гоҳ сут тусида чайқалар денгиз.

8

Учаяпти қанотли нина,
яшил кўйлак тикиб бер, ниначи
кейин мовий кўйлак.

9

Ғадир-будир Кун туғилди —
тўрт уфқида шовқин,
арракашлар шовқини.

10

Не демоқчи япроқ,
не демоқчи қора сув,
ўзига тушяпкан ҳилол ҳақида. -

11

Қўшиқни ушлаб кўрдилар,
қўшиқни бармоқдан ясалган
қафасга қамаб қўйдилар.

12

Тила тилагингни деб сўрар
бақалар билан бирга
яшайдиган олтин балиқ.

13

Болалар тол новдасидан
дудук чиқармоқда теварак яшил,
яшилдир дудукнинг овози ҳатто

14

Бу ерда адашиб
акс этиб турибди
ғариблик.

15

Чирилдоқ
товушингни қарз бериб тур
илма-тешик қилай тунни мен.


ЭРТАКДАН СУНГГИ ЙЎҚОТИШ

Зулматга кўмилган баҳайбат ғазна,
ўзича нур сочиб турар жавоҳир.
Унда дайдиб юрар ўзича баъзан
бировнинг адашган ялқов арвоҳи.

Зулмат тирилгудай у чалса ҳуштак,
қопқоқлар очилиб, чиқиб келар тонг.
Бунда ҳар битта нур зангори қушдек —
осмон парчасига айланар ҳатто.


ТОНГГИ МАНЗАРА

Из тушмаган қордек
қуёшгача ёйилиб кетди тонг,
дарахт шохлари бўртиб кўринар,
қуш қаноти кўмилиб қолган —
ёқут уфққа туташади ҳарир гилам.
Гиламнинг устида
Ундан ҳам ҳарирроқ туман,
совуқ юлдузчалар қолдиғи,
юлдузчада тилларанг ҳошия.
Тўйиб нафас ол
шаффофлик хира тортгунча,
(Дум-думалоқ нафас
юлдуз қиррасида титрар).


БУ ТУН ШУНДАЙ

Тун, туннинг ортида
Унутилсан қора қуёш бор,
бир қалъа бор қабристон каби жимжит
Унда мукка тушиб донолар
қора китобларни ўқир тун бўйи;
ниҳоят дарвоза олдида
иккита соқчи
қўриқлаб туришар қалъани
тонгга ўхшаш оқ одамлардан.


ЖАРАЁН

Қоғоз гуллар гулга айланди,
тувакка ёйилиб кетди оқ илдиз;
вақти-вақти билан
ҳайкал одам каби нутқ сўзлади;
қалбаки танга. билан
қалбаки буюмларни харид қилдилар;
ўғрини қароқчи урди,
йиқитди.


КАПАЛАК КАБИ

Бир лаҳзани юлиб ол
ўтиб кетаётган вақтдан —
тилла тусига қайта бўя уни
сўнг эса акс эт
ўша лаҳзанинг ялтироқ сиртида
ёниб
осмондаги қоронғиликии
кесаётган капалак каби.


ЭҲТИЁТКОР

Бошни эмас,
телпакни асра тошлардан
телпагинг тошдан бўлсин
эҳтиёткор одам,
Қўлқопни совуқ сувга урма
қўлқопинг тошдан бўлсин
эҳтиёткор одам.
Ен чўнтакни,
чап чўнтакни ўқ тешмасин
камзулинг тошдан бўлсин
эҳтиёткор одам.


* * *

Эринчаклик билан еч телпагингни
уч кун ичида
пастдан юқорига кўтарилсин қўл;
янада эринчоқлик билан
бир кунда бир тугмани еч
ва қишки лаш-лушни
жойламоққа кетсин ярим кун;
ғунча қандай очилса
шу муҳлатда туга бошла муштни
аста-аста
кейин эса
яшил тошбақага қиёс қил
кечикаётган ялқов кўкламни.


ТЕЛБА

Битта пар юлиб олар-да, қушдан
тупроққа кўмар
сўнг эса
қуш униб чиқмоғин кутади телба
Бир ҳовуч уруғни
қуш уясига ташлаб ўтару
майса унмоғига ишонар қаттиқ.


БАҲОРДА

Апрель
Шундоқ уйинг олдида
кўрасан Амунинг лойқа сувини.
Кўмилган ток
бнр оздан сўнг
ходаларга қўл чўзиб
боладек йиғлайди севинчдан.
Боғдан бир қадам жилгинг келмайди
илиқ бир шамол эсаркан,
шох-шаббаларни тешиб ўсаётган
майсалар ҳидига аралаш шамол...
Деразага қўнди ниначи,
қалдирғоч эшикларни қоқди,
чумолилар карвони ўтади ингичка сўқмоқдан,
суҳбатга тортгим келади биттасини.


ТУРЛАНИШЛАР

1

Берк эшиклар қошида доим
кутмоқликка етади сабр.
Не мўъжиза яшар хонада
қизиғи йўқ... бизга барибир.
Энг муҳими тақилласа бас,
энг муҳими бўлса тутқичи.
Ою йиллаб кутмоққа шаймиз
иродани синамоқ учун.
Гар очилса... очилмасин у!
Токи шундай тақилласин боз.
Муштни янчиш, пешона ёриш —
шудир мақсад, фақат шу холос.

2

Кўкрагингни қоқсанг келади
жулдур кийган илҳом париси.
Бир замонлар гўзал бўлгану
энди гўзалларнинг қариси.
Ажин босган пешонасида
тўхтаб қолар нигоҳинг таққа.
Уни ҳайдаб юбориб сўнгра
алаҳлайсан оппоқ вараққа...

3

Сен йиғлайвер — гўзал бўласан,
дард чекавер — ҳуснинг ортади.
Сенга ярашмайди табассум,
қиёфангга огир ботади.
Қора либосингни ечма ҳеч
сени босаверсин қора тун.
Кимдир шундай йиғлаши лозим
бошқаларнинг кулиши учун.


ҚИЁФАЛАР ЎТАР

Қиёфалар ўтар теграмдан
бари сирли метсор кави,
қора уйқу ичида ўликлар
хуррак тортиб қўяр баъзида.
Неки туғилгиси келса туғилсин,
мўъжиза кутманглар бугун, эртага
баҳайбат бир махлуқ қояга чиқиб
суягини тозалар қушнинг.
Соат қўнғироғи илгаригидай
секин таралади болға зарбида
чордана қуриб май ичар
яшашдан чарчаган жонзодлар.
Қоронғиликни кесар оқ шуъла
ёритар атрофни, жонзодлар эса
миқ этмас, тушини бузгиси келмас
ердан сакраб тушиб
бошқа сайёрада
қайта туғилгиси келган телбаларсимон.


ФОЛ

Қани, кафтингни чўз,
фол очиб қўяй.
Мана, майда чизиқлар,
сен юришни истаган сўқмоқ,
(шунақаси пешонадаям бор)
кўзгу бетига қалқмоқда бари:
табассумга ўхшаш,
ингроққа ўхшаш нарсалар
тўлқиндек ўркач-ўркач келастир.
Мана, булбул овози
яшил ҳошияли қирмизи қўшиқ,
унинг остида хордиқ чиқармоқдасан...

Сиз шошасиз келажакни кўрмоққа
эртак китобини
охирги вароғига
интилган бола каби шошасиз,
сайр қилмоқ истайсиз олис кунларга...

Юр, орқамдан
сени келажакка бошлаб кетайин.
Мана, тоғ,
унинг ортида
чўққидан-чўққига сакраб яшайди
зангори ва оқ кун лаҳзалари.
Тоғ қорайган чоқда
атроф оқара бошлар,
шунда иккала кун икки ҳўкиздек
бир-бирини сузар, чеккага тортар,
биттаси ажралиб чиқар-да,
қорайгани кетар чўққи ортига.
Ва ҳеч бир товуш
эшигилмайднган лаҳза келади
ҳеч ким сезмайдиган лаҳзани эргаштириб.
Нарироқда қаср кўриниб
ланг очилар икки эшиги.
Шунда хотиржам ўтавер,
фақат ўз қабрингга қарама
ўша оромгоҳга кираётганда.


ҒИРА-ШИРАЛИКДА

Ёқут гуллар бош эгиб нафис,
ҳамон сўзлар — бийрон шивири
эшитилмас шабадаликда.
Вақт шамоли кўксини йўнгач
кўпни кўрган донишманд мисол
харсангтошлар ғўлдирар ҳамон.
Кўк тубида бинафша ранги
қуюқлашиб қора ранг билан
юлиб олар қўёшнинг тилин.
Ғира-шира кун тиғида жим
тил сўрайди мендан теварак.


ОЙ УРНИГА

Тўлқинни согинтирар бу фасл.
Суюқ кулбасида ойнинг
учратмайсан совуқ шуълани.
Фақат ой ўрнига кўзингни олар
ярқираган балиқлар қабри.


АКС ҲОЛДА

Яхшиямки шифт бор. Акс ҳолда
кўзга яқин келмасди уйқу.
Юлдуз тушмайдими бошимга
ёмғир каби ҳаракатда у.
Ухлагани қўярмиди нур,
унга очиқ қорачиқ керак.
Сукунатни ҳурмат қилмаслик
соф юзига сачратмоқ хуррак.
Осмонона ҳаётдан бизни
яхшиямки ажратади шифт.
Тушимизда учиб чиқамив,
пар тўшакка узала тушиб.


СЕН УЧАВЕР

Сен одамсан, ҳайкал эмассан,
ҳайкал адашмайди ҳеч қачон —
бор вужуди абадиятда
уни чулгаб олган шуҳрат-шон.
Тошга монанд тепар юраги,
кунлар унинг пойида майда.
Унинг соатида мангулик
мангуликка айланар қанта.
Бир қуш учса учишни истаб
худди сендек қарамас йўлга.
Чўчитолмас ҳеч қандай шуҳрат —
сен учавер, у учиб бўлган.


ИШОНЧ ЙЎҚОЛАЁТГАНДА

Аввал ишонилган,
эътиқодга айланган нарсалар
бирдан шубҳа туғдирса юракда...
Бу йўл,
оёқларим остидаги равон йўл
боши берк кўчаларга келиб туташса...
Ҳаммаси
нодир буюмларни сандиқдан олиб
деразадан ирғитиш билан баробар —
тош сингари эзар вужудни
буюмлар жарангидан яралган
ёқимсиз куй.


НОЗИМ ҲИКМАТГА

Мен юрагимга яхшилик уруғини экдим,
мен ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмадим,
дарахтларнинг тили бўлсайди,
тили бўлсайди тошларнинг —
шундай эди болаликда хаёлим, —
тўлқин ҳайқириб оқаяпти,
нега қирғоқ куйламас,
қўшиғини берарми у тўлқинга?
Ва чопарканман чағир тошли сўқмоқни кўрдим
кўрдим ёнмай қолган машъалаларни,
(Ҳаёлимдагидай эмасди улар,
йўллар равон эмасди хаёлимдагидай)
Нега ҳамма бир-бирин севмас —
саволлар кемирарди бошимни.
Шунда
олисдаги зулмат қаърида
бирдан
ёнаётган баҳайбат гулханни кўрдим,
тун минглаб гулханларда ёниб
тонгга айланаётган пайт эди,
машъала тутган сафлар
узоқ-узоқларга кетиб борарди,
мен ҳам пайдо бўлдим гулхан қошида,
ёлқин титраганда
вужудимдан бир парча юлиб
ташладим унга
яна ўча бошлади,
сўнг ёшлигимни шарт юлиб
гулханга япроқдай ирғитдим —
ёнмади гулхан;
бармоқларим билан кўкрагимни очиб
ёқутдек юрагимни гулханга ташладим —
бирдан
барханлар орқасида майса кўргандек
бир умид ниш урди вужудимда,
гулхан ёна бошлади,
олтинсимон аланга
ва қўшиғим ёруғида
элас-элас кўзга чалинарди
тулпорга айланаётган бинафшаранг уфқ.


ТУНГИ САРҲАДЛАР

Тўқликдан ёрилай деган худбиннинг
хуррагини кўкатдек кўкартирган тун.
Интилиб-интилиб
қора қисмати ила учрашган кимсанинг
армони сингари узун тун.
Бағрида ўз телбаларини
дайдитиб, эркалайдиган,
ўзини ўзидан яшириб
кимсасиз манзилга элтиб қўядиган
тун.
Қўрқа-писа қадам ташлашар
қоп-қора сим билан ўралган тундан
ташқарига чиқиб кетмаслик учун
қўрқа-писа қадам ташлашар.


ЭҲСОН СУРАР

Очиқ кафт сингари
бу чеҳра
кўзлари,
лаблари,
овози билан
фақат эҳсон сўрар ҳаётдан.


КЎЗИ БЎЛСА...

Агар сен қурт бўлсанг
айбдор эмассан,
қуртга кўз керакмас,
қўлоққа эҳтиёж сезмас ўзида.
Кўзи бўлсайди
қуёшга ҳам тушар эди у.


ҚОИДА

Тўйга
энг яхши кийимларни кийиб,
табассумни
лабга қўндириб бормоқлик лозим.
Дафн маросимида
қора кийиб,
табассумни узиб
ўрнига қайғуни илмоқ шарт,
Энг муҳими
кўзлар қуруқ бўлмасин
бунда кўз ёш билан ўлчанади дард.


ТАШВИШ

Ташвиш бизни яхши кўради,
севганидек олма мағзин қурт.
Эргашиб юради кун бўйи
тунда яна қайтар кундузга.
Илон бўлиб тош орасидан
ўтиб пўстдск ечиб қўйсанг-да,
у салгина ўзига келгач
тирилади, изингдан етар.


ХАРИД

Кўп нарсаларни
кўз ёшларимиздан танга ясаб
сотиб оламиз.
Кўп нарсалар
бизни-да сотиб олар
кўзимиздан танга ясаб:


АСЛ УМРИМ

Бу мевани еб бўлмас,
данагига ёпишиб
сайр қилаяпти-ку қуртлар.
Кун бўйи қуёш
кулранг булут ичида ухлади
(соати тўхтаб қолганми?)
Кундуз эмас бу,
тун ҳам эмас.
Менинг ҳаётим-чи?
Улкан китоб —
баъзи варақларга сиёҳ тегмаган.
Уша саҳифани юлиб ташласак
аён бўлар бари.
Менинг асл умрим
капалак вужудидек бормикан,
дарахтда
ойдек тўлишган
меваларга ўхшармикан у?


РИВОЯТЛАР

1. Учишни хаёл қилган қурбақа
хусусида

Қурбақанинг
кўршапалакка ҳасади келди:
кўзи кўр,
сичқондек бу мадлуқ
осмонда учаяпти,
унинг қанотларини кўраяпман ой ёруғида.
Шундай экан-да дунё.
Мана, менинг қисматим —
сакраш,
сакраш,
сакраш
сассиқ ҳовузчага шўнғиш
ва ғужғон ўйновчи чивинлар —
пешонамга ёзилгани шу.
Аммо, кўршапалак...
Мана, кўм-кўк кўзларим,
мана, енгил вужудим,
сайрасам овозим бор.
Қани энди учсам...
У ўзидан нафратлана бошлади,
шунда бирдан муштдек бошига
битта хаёл келиб қўнди:
балиқлар ҳам учмайди,
ҳатто қуруқликка чиқа олмаслар,
илонга-чи, оёқ битмаган,
боши йўқ чувалчангнинг.
Қурбақа ўзини бахтиёр сезди,
эски қўшиғини бошлади яна.

2. Хасис сичқон хусусида

Сичқон уясига олтин танга олиб кирди,
бу гал мушук эмас,
изидан қувди баҳайбат бир қўл.
Жимжилоқ хонасига ташриф буюраркан
ташқарига чиқмади сичқон,
чиқмади хавотирни кўриб.
Шубҳасиз, одамнинг
йўргакдагй чақалоғи ҳам
Сичқон уясига сиға олмайди —
буни тушунишади улар.
— Сичқон, — деди одам, —
болачаларинг рақс тушармиди
олтин танга ёруғида,
меига бер уни,
эвазига нон бераман бир бурда.
— Йўқ, — деди Сичқон, —
болаларим кўриб қўйишсин
муқаддас буюмни — тиш ботмайдиган.
...Шундай қилиб Сичқон
одамга бермади олтин тангани.


— ҚАНДАЙ ШАРПА?

Дарахт танасини йўнгандек шамол
сен нурай бошлайсан чап кўкрагингдан,
бу суяк қафасдир —
панжаралари
чирт-чирт сина бошлар чап бурчагидан.
Нени кутдинг,
нега шошилдинг,
сени қийнаётган қандай шарпа бу?
Наҳотки
қулаб тушмоқ учун ўсади дарахт?


ВОКЗАЛНИНГ КУТИШ ХОНАСИДА

Бу ерда ёлғизлик рутубати бор,
ҳеч ким чурқ этмас,
бегоналик пардасини кўтармас ҳеч ким;
бу ерда, жарлик устида
ҳали қурилмади кўприклар;
буларнинг ҳаммаси —
кўринмас одам,
қорачиғи бўм-
бўш.


ҚУЁШ ҲАММАМИЗНИКИ

Қуёш ҳаммамизники,
ер бундай эмас,
турли-туман юлдузлар,
байроқлар,
йиртқич қуш суратлари ила
уни парча-парча қилдилар
ва ҳануз бўлаклаб,
бўлаклаб
пўлат тақсимчада истеъмол қилмоқдалар
Юлдузлар йириклашиб
байроқлар чўзилгиси келиб қолди,
энди ерни бут-бутун ҳолда
ўзинйки қилишни хйҳлаганлар
режа тузмоқдалар пана-панада...
Қуёш ҳаммамизники,
одамга қанот битмаган экан
у шундай бўлиб қолаверади.


КУЗОЙНАК ТАҚИБ

Қиёфаси саёз,
бировнинг кўзларини кўзойнак каби
тақиб олган бу одам
ўз тили билан чурқ этмас.—
у гапираётган сўзлар
ўзгалар кўксидан тортиб олинган.
Тонгга қараб эснпр,
эсноғидан яралган тутун
кўзларини ачитар.
Қишда,
қор аралаш музлаб қолган қизил гулдек
Унинг юраги туман ичида.
Қачон бош ўсиб чиқар
елкалари орасига?
Билмайди,
билмайди кўзойнак тақиб
яшашдан чарчаётган одам.


УМИДСИЗЛИК

Тунги бедорликлар билан бемалол
қуёш шуъласини қиламан харид.
Қуёш... менга зарурмикан у,
дарахтмидим мен ёки гулмиднм,
ғашимга тегади сариқ шуъласи.
Ёлғиз қолсам кўксимдаги чўғ
лаҳза сайин каттайиб кетар,
нур тушмайдиган панада
зах босиб ётибди ўша тош
кўҳна обиданинг парчаси каби...
Умидимнинг мингта қўлини
кесиб ташлаб кун кўраман мен,
қанийди битта бармоғи қолмаса, чунки
садақа сўрамас қўли йўқ одам.


УЙҒОНМОҚ УЧУН

Иш битмайди шивирлаш билан,
бақирмоқни ўрганмоқ маъқул,
хивич ясаб аччиқ сўзлардан
қулоқни савала, руҳни савала...
Жондан тўйиб мажбур бўласан
хўроз каби ҳурпаймоққа сен —
одамларни уйғотмоқ учун
хўроз бўлмоқ керак баъзида.
Ичкарида кутади сени —
стулга парчинлаб қўйилган одам,
кўксингда жимгина ухлаб ётади
эшикни очишга етмаган журъат.


БЕГУНОҲ

На яхшилик қилди ва на ёмонлик,
қўйдек юввош,
қўй оғзидан бир чўп олди у.
Етмиш йил туш кўрди,
етмиш йил!
Буни қаҳрамонлик деса бўлади!


ИШОНЧ ҚАСРИ

Ишонч — улкан қаср, бир ғишти ҳам кўчмаган,
ана, юқсалмоқда туман ичида.
Ииллар шамол бўлиб ўтади,
нарсаларни емиради Вақт,
шамдек сўнар севинч,
шамдек сўнар армон.
Ичимда қоронғилик,
қоронғилик ичида( қаср.
Ҳамма нарса нураб борар,
нураб борар аста-аста...
Ичимда қоронғилик,
қоронғилик ичида ярқираб
кўринаётгаи қаср.


КУТИШ

Яланғоч дарахт остида
кампир кутиб ўтирибди,
ерга эгилган —
қўрқинчли юзидан уялади кампир.
Аҳён-аҳёнда
бош кўтаради:
кўзлари нурсиз,
бунга парво қилмас кампир,
кўзга кўринмайди кутган нарсаси.


ТУХУМ ИЧИДАГИ ТОВУШ

Ҳаммаёқ қоронғи. Кўзларим юмуқ,
биттаси очилиб, юмилар яна.
Жунжикиб ётибман, айниган ҳаво
бешафқат бўғади — кичраяр танам.
Ярмиси қайрилган қанотларимнинг,
ярмиси илвирар — ёпишқоқ, суюқ.
Қани иссиқ бағир? Юмшоқ бир овоз?
Атроф диққинафас. Бу хона совуқ.
Не гуноҳ қилибман дунёга келмай
товушлар чалинар ахир қулоққа —
онам олиб кетар оғаларимни
изига ияртиб йироқ-йироққа.
Бир бор оёқларим ёзилса эди,
бир бор у дунёни кўрайин ахир.
Наҳотки товуқлар қафас туғарлар,
наҳотки тухумдан ясалса қабр?!


БИРОН-БИР САБАБСИЗ ЗЕРИККАН
ОДАМНИНГ КУНДАЛИГИГА ЁЗГАНИ

Мен бу турмушни рангсиз деб ўйлайман,
туси ўчган... демак рангли бўлган бир пайтлар,
маошга чақиладиган кун,
бешикдек тебраниб турадиган рўзғор
ва бизнинг қиёфадаги қиёфалар
мени зериктириб юборди, зерикдим,
энди ҳаммасиниртуси ўчган дейман.
Бош аниқ мақсад билан банд,
оёқлар тобе ўша мақсадларга,
қайгаки ташриф буюрар экансан
ўша мақсад рўй кўрсатар
салом-аликдан сўнг албатта.
Мени ҳатто ўлим зериктириб юборди,
минг йилдирки моҳияти битта унинг:
юмилган кўз қайта очилмас.
Тузатиш киритмак керак бу қоидага
вақти-вақти билан очилиб турсин
мангуга юмилган қорачиқлар ҳам.
Кимки мен билан суҳбатлашса
оғзини лапг очиб эснай бошлайди
негаки бутун суҳбат давомида
чурқ этмайман — ўзи гапирсин.
Сўзлар кам туғилмоқда,
ён дафтарга эмас, тошга битиладиган сўзлар кам,
Хилма-хил тақдиру қисматлар,
оқ ва қора тўқнашувида ҳосил бўладиган учқун
тахта қириндисидан фарқ қилмас сира.
Ушлаб кўрилмаган юлдуз қолмади,
неки ушланса бас, балиқ сингари
огзшш каппа-каппа очиб қовжираб қолар.
Худди балиқлар қуршовида қолавераман,
балиқлар қуршовида...
Ҳали ҳеч кимнинг кўзи тушмаган юлдуз
акс этмасмикан қорачигнмда?
Шундай хаёл сурайки
уни ҳеч ким сурмаган бўлсин.


УЧРАШУВ

Биз минг йил аввал учрашган эдик...
Хаёл тортқилардп уругнн
нур тушмаган кнмсасиз  жойда.
Асрлар ўтади лаҳза кабй тез —
урур ёрилади — сачраб чиқар гул,
бир думалаб болакайга айланар хаёл.
Кел, бугун хайрлашамиз:
сен — тошга парчинланган гул,
мен — оқариб ётган суякман,
бугун ажрашайлик нур тушмаган жойда.


ОРҚАГА БУРИЛСА

Қўғирчоқ одам юриб боряпти,
орқасида ипи бор — билмайди,
қўл бор — баҳайбат.
Юриб боряпти қўгирчоқ одам,
пўллари кўзгудек ярқироқ.
Бизникидек вужуди бор унинг,
боши бор,
хаёли ва умидларн.
Юриб боряпти қўғирчоқ одам —
фақат ҳаракатдир ҳаёти,
орқага бурилмоқ — ҳалокат.


СЎЗ

Шундоқ тил учида турибди-ку у,
нега айтолмайман бу сўзни?
Оҳ, қандай мулойим сўз,
қандай яланғоч!
Юракдан тил учига келди-да,
шундай туриб қолди айтилмай.
Ичига фикр солиниб
бўйни чилвир билан боғлапган қоп...
Тунда
шубҳалар чизиндек тарқаб кетади,
кўзлар ухлаб стар опг билан,
ўшанда чилвир ечилади-да
бехосдан отилиб чиқар
бир оғиз сўз.


ҚИШЛОҚДА

Қуёшсимон ўсимликнинг битта шоҳчаси
аксланиб турарди кўлмак бетида.
Аравага қўшилган эшак,
думига илашгандек пилдирар кучук,
беда ҳиди анқиб ҳавода.
Уфққа бирга сингарди улар.
Дақиқа сайин узайиб,
узайиб борарди соя шаклида
тун ва тонг оралиғидаги девор.


АГАР

Ўша оламдан қайтмасам
мактубингни ўқий олмасман,
битта ҳарфини-да танимас кўзим.
Қайтмасам ўша оламдан
қулоғимга ҳеч товуш кирмас,
ҳеч нарса акс этмас онгимда.
Бу оҳори тўкилган йўлга
қадам ташламоғим учун даставвал
қайтиб келмоғим шарт ўша оламдан.


ВАҚТНИНГ ИШИ

Вақтнинг иши — ўтиш,
унга безакли шиппак кийгизманг,
қадам отиши бир хил абадий.
Тўхтаб қолган соат
вақтни ушлаб қолслмас,
у фақат алдаши мумкин.


ТАБАССУМ КУЙЛАГИДА

Кулгили нарсалар жуда кўп,
нега кулмаяпсиз мириқиб?
айтайлик моғор босган сичқон
нутқ сўзласа
миибарга чиқиб.
Ҳодисалар бор гар кулсанг
йиртилиб кетади лабларинг.
Бирдан ҳувиллаган бўшлиқни кўрсанг
ютоқиб очганда қалбларни.
Ёки баҳор чоғи осмон-фалакда
турналар ўрннда рақс тушиб сархуш
келсалар тўлдириб кўк қўйнин
қоп-қора қарғалар,
чақчайган бойқуш.,
Нега катта бўлар бойқушнииг кўзи,
ҳатто сиғар унга сичқон — емиши...
сесканиб кетасан термулсанг
кўксингга ботгандек илоннинг тиши.
Турфа ҳангомалар тўла дунёнинг
акс этса руҳингда битта бўлаги
баъзан кулгинг келар телбадек
узилиб-узилиб ичагинг.
Аммо, бирданига ёришган кўксинг
аста-аста хира тортган дам,
пайқайсан — бўғзингда кўндаланг турган
табассум кўйлакли
улкан бир алам.


УЙЛАБ ТОПИЛГАН ДАҚИҚА

I

Одатдаги кун таслим бўлмади,
фақат тонгни ишғол этдилар,
тонг кучсиз эди. Бўйсунди —
вақтни кўрсатмади соат миллари.
Шунда саросима бошланиб кетди
тонг деса тонг эмас, тун деса тун эмас,
кун деса кун эмас — ғалати сония
ҳаммани қўрқитди мангулик бўлиб.
Ҳарна чарчоқ енгди исёнкорларни
узоқ давом этмади ҳарна телбалик.

II

Оддий дақиқа десам бу хато.
Тунга ўхшаш тонг десам оддий гап.
У олма эди дейман,
занглаб қолаверди битта тишлангач.
Нақ кўкрагингга қадалиб
оғриқсиз, шарпасиз қатл этгувчи
сеҳрли ханжар десам муболағадир.


ГАП ТАГИДА

Бир гапнинг тагига етган ҳамоно
бошланиб кетади қайсар тушкунлик —
нени мангу десанг бари омонат,
дунёга ишонсанг, дунё беш кунлик.


ТОШДА АКС ЭТМАГАН ГУЛЛАР

Тошда акс этмаслик қайсарлик бўлса,
тошда акс этмаслик бўлса ўжарлик.
Унда фарқи йўқдир ернинг осмондан,
унда барибирдир чўққи ва жарлик.


АРЧА БАРГЛАРИДЕК ЯШИЛ

Умидларим соғлом ўссин деб
нафас олдим тоза ҳаводан,
қиёқ тилли майсалар,
қушлар қанотида осмоннйнг ҳиди,
ҳансираётган баҳайбат дарахтлар
нафасга йўғрилиб ичимга кирди.
Ва ўсаяпкаи умидларим оша
бир садо вулқондек отилиб чиқди:
қандай яхши яшаш,
айниқса сени ҳамма тушунса,
ҳамма сени севса,
юрагини юборса кўксингга,
жажжи
қизил ва оқ қушчалардек
суҳбатлашишса улар...
Вужудимни қоплади
бирдан тўлқинсимон ҳайқириқ.
Менинг севгим ^шундай эдики...
Севгининг ичида яшайман,
менинг севгим абадий,
менинг севгим арча баргларидек
абадий яшил.


ЖАБРДИЙДА

Одамнинг тошга айланиши
осон,
тамаки тутуни,
кулранг туман,
ҳеч нарса кўринмас унинг ортида.
Бу девор
уни юлиб олди мовий ҳаводан.
Ҳеч ким тушунмади,
қайрилиб қарамади ҳеч ким.
Сизга тикилаётган харсангтош
бир пайтлар одам эди,
унда ўсаётган майсалар
қорачиқда акс этмас энди...


УНУТИЛГАН ВАЗИФА

Катта-кичик чуволчанглар
сени олма қурти каби
кемиряпти, замин.
Қоп-қора одамларнинг
боши қизармоқда.
Уларнинг нафасидан
юлдузлар хира тортар.
Уфқдан бош кўтараётган
олтин шарга
бошларини тираб
қон тусини бердилар...
Уларнинг кўксига юрак жойлашни
унутиб қўйибсан-ку, эй Қудратли куч?!


ҲАҚИҚАТ УЧУН

Вужудим зирқираса-да
инграмайман,
туфураман дарднинг юзига.
Кўзларимга рухсат бермайман
ёш тўкмоққа,
маъюс бўлмоққа,
сенинг остонангга қўяман
ҳақиқат
ҳеч кимга эгилмаган бошимни.


УНДАЙ ОДАМНИ

Йиғи товшин ёмон кўраман,
гўёки ғам қўнгироғидай,
қора қушнинг қанот сояси
бошим узра ёйилган каби
сесканаман, қўрқаман жуда.

Ким юраклар қаърида ёнган,
жилоланган шуълани кўрмас,
севмас қалбнинг оппоқ қиррасин,
сизса ҳамки қонида баҳор
япроқ ёзмас, гулга айланмас.

Ким исёндан яшар панада,
вужудини қўрқувга ўраб
бош кўтармай... ундай одамни
эрмак учун чумоли тепар,
кўзларини ўяр капалак.


ОВОЗГА АЙЛАНГАН ХАЁЛ

Ёлғиз қуш
секин сайрамоқда ёлғизлигида.
Ким тингламоқда бу овозни,
одам гапирарми бир ўзи қолса?
Ёлғиз қуш...
телба бўлиб қолган балки у,
ҳеч кимни тингламас,
ўз сайроғидан сархушдир ўзи.
Бу овоз
уни ўраб олган хаёлларидир.


БУЛБУЛ

Япроқларда синиб ой нури
овозингга менгзаб кетади.
Бунда кундуз кундуз ортидан
туннинг кўпригида ўтади.

Аммо шарпа, шарпа йўқ бунда,
сукунат ҳам шу қадар тоза.
Чақмоқ каби лаҳзалик дунё
аста чиқиб келар овоздан.

Дард йўқ сенда заррача, булбул
бола очиб ташимайсан хас —
ёлғон бўлса буларнинг бари
овозингга ншонгим келмас.

Ёлғиз ўзинг куйдан яралдинг
ва қайтасан бир кун зиёга.
Нима бўпти муштдек битта қуш
бўйсунмаса улкан дунёга!?


ҚАЙТИШ

Ҳамма нарса изига қайтар.
Сайёҳ юрагига ранг йиғиб
бошидан кечирар ўз хонасида.
Булутнинг бир бўлаги
чўққига тегиб
ерга тушар
момиқ буғ шаклида тикланар яна.
Ҳайқираётган одамнинг
товушини қўйиб юбормас ҳаво —
аввал сарғаяди,
кейин қизаргач
тушуниб қолади бу товуш
фарқ қилмас кундалик овоздан.
Қозиққа суйканар бўшловдаги от,
афв сўраб ёлворар исёнкор,
оғиз бўшлиғига қайтар ҳайқириқ.


ДАРС

Одам ҳеч қачон гулга айланмасин, дедим тарих китобини ёпаётиб. «Одам худди гул каби ўсди, худди гул каби ўз бўй-бастини сир сақлаб ер бағирлаб ўсди. Унинг бошини гул каби узиб ташлардилар, шундан чўчиди у». Бу думалоқ гулни тилла баркашга солиб келтирдилар. Ҳукмдор уни тўйгунча ҳидлади ва ғунчаларни шундай йирик гулга айланишини кута бошлади.


ОНИЙ МУЛОҲАЗА

Худди думли комета каби бир «фикр» мия қаватлари ичидан «йилт» этиб ўтиб кетди. Ҳатто шаклланишга улгурмаган бу «фикр»ни воқеалари бир-бири ичига кириб кетган тарқоқ тушнинг каттароқ бўлагига ўхшатаман баъзан. Бу фақат эсимда қолган белгилардан биттаси, холос. Мияга чўғланиб тушиб сўнгги қаватига етмай ёниб битган «фикр». Яхшиямки, оз умр кўрди, акс ҳолда шеър ичига тушиб улғайганида борми, қўшниларини — катта-кичик оўзларни ёқиб юбориб култепада фақат битта ўзи яшармиди...


СЕН ҚЎРҚСАНГ

Қўрқма,
сен қўрқсанг
шайтон тарих саҳифасига
ўзини «даҳо» деб ёзиб қўяди.
Унут титроқларни.
Неъматларга тўла
ҳаёт дастурхонидан
қўрқмай олгин ўз улушингни.
Барибир адашиб Кета олмайсан,
ёвузлик кўксингга сиғмас барибир.
Қачон сичқон мушукка панжа ўқталг-ан,
қўзичоқ бўрини еб қўйган қачон?..


ҲАВО ТУНД

Ҳаво тунд —
ғира-шира тун, тун.
Ҳавога чўзилиб ётгинг келади,
шунчалар юмшоқ.
Эртакдаги йўлдан қадам ташларкан
сукунатни бузма.
Ёмғир ёғар экан — сукунат,
чақмоқ чақар экан — сукунат,
биз бузмасак бари сукунат,
Дала четидаги сап-сариқ
қуёшнинг узун жисмига қара,
асаларилар билан гаплашадиган қуёшдан
руҳингни нақ ярми ёришар секин.
Ҳаво — тунд, тунд,
ғира-шира тун, тун.,,


БУЙСУНИШ

Тавбасига таяниб ўрнидан турди,
бу йўлдан воз кечди, қарамас ҳатто.
Бўронни жимгина кузатиб қўйди —
шамол қайга эсса сўқмоқ шу ёқда.
Ханжардек қийнади
бу ярқироқ йўл.
Энди барибирдир оёқ остида
чоҳ борми, ё сўқмоқ, ё чуқур қудуқ..
Энди
рухсат қоғозисиз нафас олмайдй.


ОЙ ТЎЛИШГАН ТУНДА

Ой тўлишган тунда
бир дона ҳам сўз айтманг,
ҳар қандай фикрдан йирикроқ
ой остидаги сукунат.
Ғунча очилаётган лаҳзада
бақирмоқни унутинг бирпас,
ахир, гўдак каби нафисдир ғунча.
Ёмғир ёғар экан
ичкиси келади руҳимнинг
ювилган, зангори ҳавони.
Сукутда термилмоқ афзал
оппоқ, шабадали кунлар юзига.
Фақат, жимликкина кўприкча ясар
юракка кираётган шуълалар учун.
На-да, қўшиқ, на-да ҳайқириқ
фақат, сукут — кўприк.


ҚИШ БУЛБУЛИ

Қиш суҳбат қурмоқчи эди биз билан
ичкарига қўймадик элчисини ҳам —
дераза кўзига мактуб ёзди у.
Мактубни ўқиди тувакдаги гул.
Қишни қушлар ташлаб кетишди.
Узга юртлардаги фасллар сари.
қушлар учар экан иккинчи ин ҳам
иккинчи дарахтда пайдо бўлади.
Энди қишнинг булбули қарға.
Қиш ҳақида куйлар бу булбул.


МОВИЙ ШАРДА ЯШАШ ҲУҚУҚИ

Мовий шар,
қалқиб турибди мовий , шар,
юрагингдаги энг чиройли умидни
уфла унинг мовий тупроғига,
овозинг ям-яшил бўлсин.
Асаларининг гул ҳақидаги фикри,
қушнинг осмон остидаги эркинлиги...
Сенинг-чи, сенинг қўлингдаги,
оёғингдаги бармоқлар — занжир ҳалқалари,
овозинг қора бўлса занжир ҳалқаларидир.
Самовий фикр,
илиқ кўз ёшлар,
ям-яшил овозинг ила
мовий шарда яшашга ҳақлисан.


ЖАҲЛ ЧИҚҚАНДА

Асаб томирлари таранг,
ингичка чақмоқдек ярқирар
бошнинг миллион асаб томири.
Жаҳлнинг қора тулпорлари
бостириб келади сукут устига.
Шундоқ бўсағада
бош чангаллаб йиқилади мунг.
Қабоқ остидаги булутлар
йиғила бошлайди кўз қорачиғига.
Емғир ёғармикан,
балки қор ёғар,
қайси кавакка бекинамиз энди?!


ГУЛНИНГ ТИЛИ БЎЛСА...

Бир умр кутганим, интилганларим
сен бўлиб қаршимда очилди бари —
атроф бўшлиқ, поёнсиз саҳро
мен кетиб боряпман телба сингари.
Ҳеч ким бош кўтармас, ипак қуртидек
ҳамма енга олмас ўз чарчоғини:
туссиз ҳаёт ичра улар ҳар куни
еб битирмоқда ўз япроғини.
Оҳ, бунда ўзгача, ҳаёт мовийдир,
ҳаво пахта каби юмшоқ, мўътадил.
Сархуш тинглаяпман овозингни мен
бундай сўзлолмасди гулда бўлса тил.
Мени бошқача деб ўйлама асло
мен ҳам ташвишларга бўламан банда.
Сени фаришта деб айта олмасман
меҳнаткаш бу қуртлар бош кўтарганда.


НАФАС ЙЎЛЛАРИ

Дарахтлар зулмат қаъридан
ҳаво шарчаларин ирғитар бизга,
теваракка ёйилар
майсаларнинг елкаларидан
зангор-зангор ҳаво томчиси...
Тонг
кўкрак -қафасимни тўлдиролмас гоҳ,
чунки кўзларим-ла нафас оламан,
қорачиқлар — нафас йўлларим.
Мен кўзлардан ҳаво сўрайман
дарахтдек гулламак учун.
Харсанг остидаги заъфарон майса
ва япроқлар зулмат қаъридан
одамларга қараб қичқирар.
Узоқ-узоқларда янграр бу садо.


ОДАМ БЎЛИШ

Қачон одам бўласан, хаёлкаш, —
дейишди менга.
(«Одам» деганда
баландроқ нуқтани кўзда тутишган.)
Ҳали эрта,
ҳали жуда эрта,
бу саволни бериш учун эса
лоақал одам бўлиш керак.
Мен хаёлимнинг энг қизиғини
тунги ёлғизликка асраб қўяман.
Мен ушалмаган орзулар, умидлар
моғор босиб қалашиб ётган
майдондан ўтдим —
уларни ташландиқ қутига жойлаб
элтмоқ учун кимсасиз жойга.
Пуч бўлса-да
барибир воз кечмайман хаёлдан,
ахир, жуда ширин-ку хаёллар.


КЎРГАЗМАЛИ ҚУРОЛ

Бу ўқ —
Пушкиннинг кўқсига теккан ўқ;
бу олма —
Ньютоннинг бошига тушган олма;
бу от —
Екатеринани тепган от;
тарихий ўқ,
тарихий олма,
тарихий от.


ХОРИЖДА

Ватанлиги сўриб ташланган ватан
тили танглайига ёпишган миллат..
Илтижо қилмоққа қўллари ҳам .йўқ
садақа ўрнига эрк-ҳуқуқ тилаб.
Қўшиғини сотган тупроғин сотар,
чақага алмашар ўз онасини.
Халқ эса қўзғолиб... қуллик муҳрига
тутиб бераётир пешонасини.


УЧБУРЧАК ШЕЪР

Бу китобии
тун бўйи
кемирди
сичқон

* * *

Сўзлар ҳазм
бўлмади
ичида.
Нимадир ялтирар
пайпаслаб кўр—
дим
кафтимга санчилди
игнадек
битта
сўз.


...ГА

Мана сенга муқаддас китоб
ҳар бир сўзни пиёздек арчи;
курашмакни эпласанг кураш
жарда туриб осмонга қарши.


* * *

Идрок ингроғидир қўрқув —
деразам олдидан битта тошбақа
яшин тезлигида чопиб ўтса гар
чайқалиб кетади шабадасидан.
Ажиналар рақсга тушса
хўмрайса арвоҳ
тушиб, синмоқликка шай турар
бу шаффоф идиш.


* * *

Ташрифимни кутмай қўя қол, дўстим,
турланиб тураман дамо-дам —
борсам осмондан тушгандек бораман
мен қўзиқорин каби бир одам.


* * *

Қалдироқ овозин эшитмас, аммо
эшитар болари гулга қўнган пайт
«тиқ» этиб таралган майда товушни.
Пайқамас қай йўсин очилар ғунча
аммо кўриб қрлар ўша болари
олиб кетаётган тилларанг чангни.
Балки ҳеч нарсанинг фаҳмига етмас
шуни биладики болари қўнса
кунгабоқар ўзин қуёш деб билар,
қуёшга қўняпман деб ўйлар ари.


* * *

Кошки чироқ бўлса
ва ёки олов
ичимда милтиллаб ёнаётган нарса.
Нафис туман чўкса
ичингга, сўнгра
пешонангда бўртар
шубҳа қорачиқли кўз—
ростдан ёняптими
ёки бу нарса
битта бўлагими
кечаги тушнинг?


* * *

Тош каби кучли, оловдек ақлсиз,
жийда гули каби фаслга бепарво;
гўдак каби итоаткор,
ғоят итоаткор,
ҳатто ўз овозидан ўзи қўрқади
чўчиб тушар ўз хуррагидан.


* * *

Кўп куйинма, сўниб кетмайди
ичимизда умид учқуни —
бизни севмаганлар фикридан
қайтмоғи ҳам мумкин бир куни.

Узоқ оғриб турмас бу яра
нажоткор қўл босажак малҳам.
Узимизни маҳкам тутолсак
ўтиб кетар шамолдек дард ҳам.


* * *

Титраётган чанг босган сукут,
балки қотиб қолган ҳаводир —
кетиб бораяпман кўксимда
алмашинар соғинч, хавотир.

Ёлғизгина соядан бошқа
ҳамроҳ бўлмас бу йўлда ҳеч ким.
Чарчамадим, ҳали бир тонгни
оттирмоққа етади кучим.


* * *

Аквариумда балиқча бўлса
қушча бўлса агар қафасда
ёлғиз бўлмасдим бу қадар
уй бурчагидан битта чумоли
ўрмалаб чиқса лоақал.


* * *

Оламни сув босса
қўзғалмасам мен
таъна тошларини отманг бошимга
токи ўйлаб олай
қандай олам бу
қимирлашга арзирми сув ҳам?
Қимирлашга арзимаса у
тиззам йўқ менинг,
тўпиғим ҳам йўқ.


ҚОРА МУШУК

Тунда ҳамма ухлайдиган пайт
чақалоқ йиғисин ўғирлаб аста
ташқарига чиқиб кетар у.
(Чўчиб уйғонади бир аёл
уйқу ва бедорлик оралиғида
алла қотиб турар айтилмай).
Ташқарида гўдак йиғиси
қоп-қоронғи бўшлиқ ичида
баттар кучаяди, баттар кучаяр.
(Чўчиб уйғонади бир аёл
уйқу ва бедорлик оралиғида
алла қотиб турар айтилмай).
Адашиб юрибди бир йиғи
бу товушни ким ўғирлаган
қоронғида кўриб бўлмас ҳеч.


* * *

Сиёҳдонга қараб, қоғозга қараб,
рўпарангда оқариб кетган деворга
узоқ тўхтаб қолган, чанг босган
танаффусга қараб қўрқиб кетасан
жасадини кўрган одам сингари.


* * *

Байроққа илашган чумоли бўлсам
жангга кирар эдим ҳаммадан олдин
жанггоҳдан соғ-омон чиқардим, чунки
ўқдан кичкинаман тегаман деса,
соғ-омон чиқардим бирор жангчининг
ярасига қулаб тушмасам агар,
ғарқ бўлиб кетмасам агар кўз ёшга.


* * *

Бу одам буйруққа кўниккан. «Нафас ол» демасангиз димиқиб қолиши мумкин. Бехавотир яшамоғи учун бўйнига «яшайвер» деган тахтача осиб қўйинг. Қўшиқ айтишдан аввал унга «эшит» дейишни унутманг. «Кўравер» демасангиз кўзини лўқ қилиб тураверади, шўрлик. Олдига таом қўйганда буйруқни эслатмагунча қошиқ ушламайди. Уни ўлдирмоқ учун бир оғиз сўз кифоя. Аммо ўшанда ҳам у — чалажон мурда «тирил» деган буйруқни кутиб ўлолмай ётган бўлади.


* * *

Баъзида:
бу қалам
меники эмас,
дафтарнинг-да менга дахли йўқ,
ҳатто шу мисраларни ёзаётган одам
мен эмасман
ойнага қарасам
аксим бўлиб , термилар ўша
нотаниш одам;
қаердаман дейман ичимдан
бутунлай нотаниш овозда.


* * *

Унутилган ялангликда
яланғоч дарахтга ин қуриб
ёлғиз яшаётган қушча шаклида
сайрагим келади
ёлғизлик ҳақда.

Qayd etilgan