Farog'at Kamol. Holatlar kitobi  ( 13081 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  05 Fevral 2011, 16:52:18

Farog'at Kamol. Holatlar kitobi



Muallif: Farog'at Kamol
Hajmi: 1,59 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  10 Sentyabr 2011, 18:23:35

ФАРОҒАТ КАМОЛ

ҲОЛАТЛАР КИТОБИ


Шеърлар

ТОШКЕНТ
Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти
1998

Руҳни вужуддан ажратиб олиш шунчалар қийинки, вужудинг бирор шикаст еса, руҳинг эзилади. Руҳинг қақшаса вужудга ҳам омонлик йўқ. Жон шўрлик ўртада сарсон! Ана шу учлик ўртасида саргардон кимса — шоирдир!
Шоир — кўнгил одами. У мисоли дарахт. Биров мевасини еса, биров соясидан баҳра олади.
Фароғатнинг шеърий сўзлари юрагингга қуйилар экан, уни кутиб олишинг учун ердаги икир-чикирлар ичра эмас, чексиз осмон керак бўлади сенга...


* * *

Мен ҳам ўтдим баҳор ўтган йўллардан,
Шабнам ичган топглар ўпди кўнглимни,
Балки кўп нарсани унутдим бу дам,
Ватан, унутмадим бирор йўлингни.

Бир-бировни излаб чиққан йўлчидек,
Йўлга чиққан эдик Бахт-ла иккимиз,
Балки ўтиб келдик ёнма-ён йўлдан,
Ватан, яшолмасман бирор кун сенсиз.

Денгизда дур йиққан чиғаноқ янглиғ,
Сенинг меҳринг билан юрагим тўлди.
Қуёш кетиб, қора кўринса борлиқ,
Ватан, ёруғлигим бўлиб туюлдинг.

Балки улгурмадим дўстларга ёқиб,
Қўлим ҳам бормади яна кўп ишга.
Кечикдим, эҳтимол, тириклик учун,
Ватан, кечикмадим сени севишга.

Мангулик осмони қораймас сира,
Онам, сўнг отамнинг руҳин учирдим,
Ватан, сенинг каби азиз хотира,
Боғларингда азиз излардан юрдим.

Мен ҳам ўтдим баҳор ўтган йўллардан,
Шабнам ичган тонглар ўпди кўнглимни.
Балки кўп нарсани унутдим бу дам,
Ватан, унутмадим бирор йўлингни.


ИЛТИЖО

Уммонингда бўлдим, бир томчи эдим,
Ёмғирингда бўлдим, тонгда оқ шабнам.
Шаффоф нурларингдан олмоқчи эдим,
Ҳаёт, қизғанмагин ёруғларингдан.

Тупроғипгда бўлдим, тошингда бўлдим,
Қорангда суйкалиб, лошингда бўлдим.
Ўксиндим, қийналдим, қошингда бўлдим,
Минглаб кунларингдан мен ҳам бир кунман.

Кўзимни тикканман зангорларингга,
Юпқа япроқ бўлай баҳорларингга.
Ҳовучим тўлдирсам ғарқ бўлиб ўзим,
Етказиб боргумдир чинорларингга.


* * *

Тун ярим. Кўкда ой сирғалиб кетди,
Нафасимга юлдуз нафаси етди.

Дарахтлар йўқотиб қўйди соясин,
Дилимга ул умид сояси етди.

Ғунча ҳовучини очиб юборди,
Гулшакл хуш бўйлар сочиб юборди.

Секин шивирладим, сўзлар изладим,
Хаёл соҳибига етди сўзларим.


ҲОЛАТЛАР

2. УЧРАШУВ

Қайрилиб сен кетдинг. На «салом», на «хайр»,
Сен кетдинг, ҳеч сўзга эҳтнёжинг йўқ.
Бир туман эдим мен, тарқай олмаган.
Бир туйғу эдим мен, кўзлари юмуқ...

Кетган томонингга қайрилди само,
Тўсатдан чайқалиб кетди бир дарахт,
Исмингни сўрмадим, билмадим аммо
Қайси ой, қайси кун, на-да қайси вақт.

Титроқ нигоҳинпш илғадим фақат
Ва билдим, Эгамдан бу ҳам — иноят.
Бир лаҳза қалбимни ёритди шу бахт —
Нигоҳингдан тушган титроқ бир соя...

2. ТАЪҚИБ

Елкамда қўлларинг юк бўлиб қолди,
Мудом таъқиб этар хира бир хаёл:
Гўё дардларини ташлаб бўйнимга
Ортимдан қолмайди сен севган аёл.

На қувонч изҳори, на дард сурати,
Кўнглимга ҳеч туйғу ташламас соя.
Билмайман, дилимнинг қайси ҳолати
Сенинг қиёфангдан излар ҳимоя.

3. КУЗАТИШ

Сенинг елкаларинг кичрайиб борар.
Узоқлаб кетяпсан. Қаерга? Нечун?
Кўнглингда дам олар тинган тўлқинлар,
Лабларинг шивирлар, «ўтиб кетди кун».

Сени ўз ёдидан кузатиб қўйған
Ким эди, кўзлари бу қадар маъюс?
Қайрилиб қарайсан. Бўм-бўш соҳилда
Шамол кезиб юрар. Яқин эди куз.


* * *

Соҳир кўзингизда ғайр хаёли,
Рашк ила тўлғониб қон бўлди гуллар
Телбаланиб ўтди гулшан шамоли,
Бағри сўзон бўлди, боши нигунлар,
Пайқамадингиз.

Кўкнинг равоқидан тўкилди саслар,
Сизни ойдин нурлар жим ёрлақади.
Туннинг қароғидай қаро наргислар
Бошингизга тўккан нурни алқади.

Алқамадингиз.
Дарди бегоналар бегона бўлди,
Кўзнинг кўзгусида розлар балқиди.
Умид дилимизга афсона бўлди,
«Ёр» дедик, саҳрою замин қалқилди.
Қалқимадингиз.

Соҳир кўзингизда ғайр хаёли,
Ҳажрингиз мотами жонларга етди.
Сизни севганларнинг бевақт заволи
То саҳар, бу даҳр гулшанин тутди.
«Ер» демадингиз...

* * *

Туннинг қучоғидан гул ҳиди келар,
Ҳидлаб уйғонаман ёстиқларимни.
Тушларимда қолган куйни соғиниб,
Юлдузлар бағримга тўкар нурини,

Маъюс ойдинликдан энтикар девор,
Шаффоф деразада ҳаяжон изи.
Биламан, ўнгда ҳам тушларим такрор,
Юракда ишқ кечган кунларнинг иси.


* * *

Сиздан парво эмас, сўрадик ғавғо,
Илинжли дунёда баъзан аҳд раво.
Ағёр таънасидан ўксик кўнглимиз
Ва лекин васл эмас энди муддао.

Энди парилардан Сизга эътибор,
Аламларни кечсак, бизда ихтиёр
Ва лекин паришон ҳолимиз сўрманг,
Баҳригирдоб аро баҳри тғам бисёр.

Не ажаб йўлингиз тушса, гашт сари,
Боғ сари, тоғ сари, балки дашт сари,
Бизга нима ташвиш, қайрилмасангиз,
Кўнглингиз шаштидан айрилмасангиз

Биз Сизни шунчаки...
Эски бу дафтар,
Умримиз қайгадир этмоқда сафар.
Фақат дилга етган жиндай озрр бор,
Бевафо умрдай бевафо ёр бор.

Сиздан парво эмас, сўрадик ғавғо,
Илинжли дунёда баъзан аҳд раво.
Ағёр таънасидан ўксик кўнглимиз,
Ва лекин васл эмас энди муддао.


* * *

Мен биламан, Хотирага ишониб бўлмас,
Унда яшар гарчи менга ўхшаган бека,
Бироқ баъзан тушунмайман унинг феълига —
Мендан пинҳон ўзгартирар кечмишим кам-кам,

Билинтирмай алдар ўтган йилларимни ҳам,
Кеча олар нохуш кечган воқеалардан.
Мен сезаман, Мени жуда аяр негадир,
Қутқаради дилни оғир хотиралардан.

У ҳақ! Балки шундай битар номуносиб дўст
Дилга берган жароҳати, оғир дарслари,
Балки шундай сингиб кетар олис-олисда
Юрагингни босиб ўтган қадам саслари.


* * *

Ёмғир ёғар эди, дарахтлар юпун.
Дийдираб турибди жумлаи олам.
Мен ўз юрагимнн кўрмоқчя эдим,
Қуршаб ётган экан ёмғирдай туман.

Нима илинж эди ахнр дунёга
Сочларимни ювиб оққан ёмғирдан:
Чечаклар илтижо этди самога,
Майсалар шошилиб келдилар қирдан.

Нима илинж эди. Сени эсладим.
Ёлғизсан бир хаёл тумани аро.
«Ёмғирдай яшайлик», шивирлайсан жим,
Томчилар шовуллаб этарлар такрор.

Ёмғирдай яшайлик. Қийнар овозинг,
Руҳга гарчи жонбахш нафасинг тегар,
Ёлғизлик аламин тортади дилим,
Уни эслагунча яратган Эгам...

Бугун боғингизда ўрик гуллади,
Ўтлар орасида кулди мойчечак.
Уйингиз бурканди таниш бўйларга,
Бугун боғингизда Баҳор — келинчак.

Кимдир чертиб ўтди деразангизни,
Билолмай қолдингиз унинг кимлигин.
Турналар соғинди овозингизни,
Улар Сизни йўқлаб қайтдилар бугун.

Ариқлар қайгадир из солиб кетди,
Лаб буриб уйғонди ялпизлар тонгда,
Мен-ку ким бўлибман, мени унутди,
Лолалар очилди Сизнинг томонда.

Бугун боғингизда ўрик гуллади,
Новдада япроқлар жилмаймиш хиёл,
Мен ҳам Баҳор янглиғ қутлайин десам
Хавфим бор: овозим бормас эҳтимол...


* * *

Ёмғир, ёмғир, кўклам ёмғири,
Ёғиб кўнглим тубларига оқ.
Сени жуда соғиндп кўнгил,
Ҳидларнни сочсин қалдироқ.

Севишганлар тилаклари бир:
Куртакларнинг гуллаши лозим.
Дунё жуда бахтга яқиндир,
Эшиттиргин унинг овозин.

Булутларнинг кўчиб бағридан,
Ҳаёт берсанг тошқин сойларга,
Қизғалдоқлар улашар замин
Юрагимга яқин жойларга.

Лаҳза янглиғ қисқа умридан
Айтсин улар мастлигин шул дам.
Ёмғир, ёмғнр, эслатиб ўтгин
Ҳеч нарсанинг қайтмаслигин ҳам


* * *

Дарахтларга насиб севилмоқ бахти,
Эҳтиросли ёрдай нотинч осмон.
Соғинч туйғусини туйган дунёда
Шамол ҳам нечундир кезади гирён.

«Сизми кўргим келди. Соғиндим Сизни».
Аланглайман, қайдан бу сирли товуш?
Ҳеч ким йўқ ёнимда. Йиғлагим келар.
Шохдан шохга кўчиб сайрайди бир қуш,

Ажиб муждаларни кутарман мен ҳам,
Сокин кунларимнинг бузилган тинчи.
Руҳимда шовуллар зангор бу олам,
Кўклам туйғулари, кўклам соғинчи.


* * *

Дилоромга

Ўхшатмадим Сизга ҳеч кимни,
Бир оз яна ўксиндим чоғи,
Дилда қолиб кетган туйғунинг
Қийин экан энди ўчмоғи.

Жим-жит тунда йиғласа кимдир,
Йиғлаб-йиғлаб овунса ҳам сўнг,
Қолиб кетар туннинг бағрида
Ўша овоз қолдирган бир мунг.

У йиғлаган гарчи мен эмас,
Йиғлаб Сизга айтмаганман роз,
Юрагимнинг ичидан келар
Лекин ўша тундаги овоз.

Ўзим билмай маъюс тортаман
Юлдузлар жим чақнаган чоғи.
Дилда қолиб кетган туйғунинг
Қийин экан энди ўчмоғи...


* * *

Бугун маъюс қиёфангда паришон бир хаёл кўрдим,
Юзинг маъюс этарда ул ойина хастаҳол, кўрдим.
Кўнгил бир тус, самоларда қолиб кетган ҳилол кўрдим,
Ўшал олис ҳилол янглиғ кўзингда мен савол кўрдим.
Юзинг маъюс этарда ул ойина хастаҳол кўрдим.

Сен айтдинг: боқ, нигорим, ишқ дилимизни ғариб зтди,
Фано берган қаю сабоқ қаю жонни рақиб этди,
Қара, барча яшил япроқ кетарда сарғариб битди,
Кетарда сарғарайлик, доғ, гар ишқданки, зариф этди,
Фано берган қаю сабоқ қаю жонни рақиб этди.

Сен айтдинг: йўл давоми йўқ, кетайликми туманларга,
Ғариб дилни этиб восил очилган оқ суманларга,
Кетар бўлсак, кўнгил дохил самовий анжуманларга,
Гулу чечак қолиб ғофил, бу ишқ етсин чаманларга,
Ғариб дилни этиб восил очилган оқ суманларга...


* * *

Яна шундай бўлар, ҳар сафар шундай,
Мен кутган рангларда келаверар куз.
Боғлар қисматига қанча куюнмай,
Баргрезон фаслини севаман ҳануз.

Мангулик олдида юраги очиқ,
Сокин кенгликлардай озод ва беғам,
Ҳеч кимга боғланмай яшайди бир ишқ,
Тўкилиб яшайди хазонлар билан

Ва мафтун этади менинг кўнглимни,
Дунёни унутиб руҳим сархуш, жим.
Тингларкан ҳар сафар кетмоқ куйини,
Сўнгги япроқ каби титрар юрагим...


* * *

То тонггача ёғиб чиқди қор,
Симёғочда ўчмади чироқ.
Тонгда эса таниш йўллардан
Бир фаслга кетгандим йироқ.

Ўзга эди осмоннинг рўйи,
Мағрурмиди, балки баландроқ.
Қайтмоқ бўлдим мен ҳам кун бўйи,
Лозим йўлни топмадим бироқ.

Табиатга тушган айрилиқ
Кўчди менйнг юрагимга жим.
Мени тамом унутди борлиқ
Ё борлиққа айландим ўзим,

Ҳовучимга тўлиб қолди қор,
Руҳимга ҳам тўлди сукунат.
Юрагимда ёлғиз умид бор:
Айтолмадим ҳеч кимга фақат.


* * *

Ўзгаришлар кечди жим,
Ой тўлди, сувлар оқди.
Дунё — қари мунажжим,
Фол кўрди, кўкка боқди.

Бир даста қизил гулга
Ошиқ бўлди булбуллар,
Ғам тўлқини қуйилган
Денгиздай тинч кўнгиллар

Фирибгар куз қўйнида
Хазон бўлди япроқлар,
Муҳаббатнинг бўйнида
Қолиб кетди гуноҳлар.

Умид бизни алдади,
Вафо қилмади бу жон.
Дилдаги оғриқ каби
Фарёд узун, бемажол.

Ўзгаришлар кечди жим,
Ой тўлди, сувлар оқди.
Кечикмай келди Ўлим,
Дунёнинг бағрин ёқди...


АКАМ ХОТИРАСИГА

Сездим сенинг кетганингни кўнгилдан...
Чўлпон.

Дўсту ёр йиғлади ғафлатни қарғаб,
Дилни эзиб кирди умрлик бир ғам.
Гарчи биз ёлбордик: ёлғон эт, ё раб,
Ўшал кун биз Сиздан айрилдик, оғам.

Ғурбат тоғиними елкалаб келган
Кун эди, юракда ҳасратлари зил.
Умид офтобига бошини қўйган
Чоғида ерларга қулади кўнгил.

Ҳаёт бир тўкилди Ўлим пойига,
Оғир кишанида ингранди жон ҳам,
Кўпгил жим йиғлади ўзии ҳолига,
Дунёнинг бири кам, кўнгилда минг кам.

Ҳижрон дудин туйиб қорайди фалак,
Термулдик Сиз юрган йўлларга бекор,
Юракка бир маъюс соғинчлар солиб,
Қайтмас бўлиб кетди қирқ икки баҳор...


ОТАМНИ ЭСЛАБ

Сизни ўйлаганда хаёлим нурли,
Меҳрингиз чайқалган самовий денгиз,
Фақат соғингапда энди бир мунгли,
Тушларимдан келар овозларингиз.

Сиз ўтиб борасиз уфқ томонга,
Фурсатингиз йўқдай қайрилмоққа ҳам.
Қўшилиб кетасиз ғалат тумапга,
Қадамингиз энди ердан узилган.

Илғамай қоламан кўзларингизни,
Қай ифода ҳоким, қандай нур зоҳир,
Туманлардан излаб изларингизни,
Қадрдон далалар хўрсинар оғир.

Хазонлар, жимгина тўкилган янглиғ,
Айтилмаган сўзлар рангсиз, беқадр.
Сиз эса, қайдадир, руҳингиз ёруғ,
Сирдош одамингиз топгансиэ ахир.


НОДИРА ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Жисм аро жон хаста бўлди ёрсиз,
Ҳофизим этмас тараҳҳум, корсиз,
Зору афғон этгаймен жим, зорсиз,
Ёрнинг васли эмас озорсиз,
Гулшан ичра гул топилмас хорсиз.

Бир ишора бўлса ёхуд гарди по,
Кўзимда нури умид бўлмас адо,
Эшигинда бўлдиму мипг йнл гадо.
Ул париваш васлидан бўлдим жудо,
Роҳати дил қолмади дилдорсиз.

Менга эрмас, ўзгаларга кулди ул,
Шум рақибнинг олдида хор бу кўнгил,
Энди йиғлаб ювса кетмас доғи дил,
Оразин кўр, зулфидин бўлма малул,
Бу жаҳонда ганж йўқдир морсиз.

Неки андуҳ келди ул ғаддордин,
Куйдиму ком изладим шарордин,
Телба ошиқ қайтмас эрмиш дордин,
Ор қилмас таънаи ағёрдин,
Ошиқи содиқни дерлар орсиз.

Ёр, майли, энди ғайби роҳ ўлинг,
Жонда фитна ёткурур титроқ ўлинг,
Дил худога туҳфа этсин, жоҳ ўлинг,
Нодира аҳволидан огоҳ ўлинг,
Эй мусоҳибларки, қолмиш ёрсиз.


* * *

Ёмғир ёғар. Йиғлаб-йиғлаб тарқар булутлар,
Эрта, албат, бу тунроқда майса унади.
Қисмат инъом этган янги кўкламга қараб,
Бугун менинг кўзимга ҳам ёшлар келади.

Ҳали қишнинг муз нафаси йироқ кетмаган,
Яп-яланғоч новдаларда руҳ бор телбавор.
...Ташлаб келган манзилларин дил унутмаган,
Юрагимда ўтган йилги хазон расми бор.


* * *

Ёр бўлса, кўнглида ардоғи бўлса,
Руҳида муҳаббат — бедоғи бўлса,
Туйғулар талоши кўнглин ўртаса,
Лаблари бир гулнинг япроғи бўлса.

Бир келса, бир йўла бахт ола келса,
Бир келса, йўлларин ювса ёмғирлар,
Ёр келса, аввало ҳаёла келса,
Ишқдан телба бўлса дўсту ёғийлар.

Ёр келса, сўргани дилу жон бўлса,
Ташна бўлиб келса меҳрга, зорга.
Ҳукмида балки юз меҳрибон бўлса,
Алмашиб келсайди ёлғиз дийдорга,

Ёр бўлса, ардоқли бўлса жон каби,
Азиз этган бўлса уни худойим.
Арзиса бир марта ўлмоғишта ҳам,
Яшасанг, сиғиниб яшасанг доим...


* * *

Чоғим йўқ, ўзимни тарк этган чоғим,
Жисми урёнимда ўсган пучмоғим,
Руҳим дарахтидан тўкнб япроғим,
Сени сўраб борсам, остонанг қани?

Гулхан ўчган бўлса кўнглим кулмасми,
Йўлинг кесган бўлсам, севгим йўлмасми,
Илкингда сўлдирган мендай гулмасми,
Гавҳар экай десам, гулхонанг қани?

Изимни изласа, топгай изтироб,
Кулбамга бир бора боқмайди офтоб...
Ранжим кўп, умндим ундан беҳисоб,
Севмоқни ўргансам, дарсхонанг қани?

Жонимда бир жондай кечди малолим,
Кўнглим вайронида дардинг — жалолим,
Нечун номинг айтсам, йиғлар хаёлим,
Яшаб ўтай десам кошонанг қани?


БОЛАЛИК

Сен ҳам майсамидинг баҳор қўйнида,
Яйраб ўсган эдинг дарё бўйида.
Билмадим, қай орзу, армон ўйида
Сени тўлқинларга оқиздим ўйнаб.

Бошимдан турна.тар тўкканда хаёл,
Берк эшпк кпбрпдек дунёда малол.
Кўкларга боқдиму бепарво, беҳол
Сени тўлқинларга оқнздим ўйнаб.

Энди умрим уммон сари елдими,
Баҳор ўтиб яна баҳор келдими?
Бағрида дур оқди, дарё билдими?
Сени тўлқинларга оқиздим ўйнаб.


* * *

Боғлар кўчиб кетди бу оқшом,
Шамолларни етаклаб кетди.
Ҳувиллаган маҳзун гўшада
Неки бўлса, йўқолди, йитди.

Юрагимга боқдим ўртаниб,
Тушнб турар туннинг сояси.
Мену дунё оралиғида
Яшар ншқнинг бир ҳикояси.

Қайларгадир тентираб кетган
Дарё каби қайтмадим ортга.
Билдим, севгим мени унутган,
Шундан дилда қайғулар ортган.

Мени олиб кетди муҳаббат
Абад йитмас саволлар билан.
То тонггача яшагим келди
Кўз ёш томған хаёллар билан.


* * *

Юлдуз тўла осмонга боқдим,
Юлдузим йўқ эди осмонда,
Мен ўйладим: унутган мени.

Сочларимни силаб қаро тун,
Вужудимдан ўтди сирғалиб,
Куйган кўйга рақс этди телба.

Чирилдоқлар овози қалқиб.
Оқиб ўтди сирли бир тўлқин.
Эпкинидан тебранди кўнглим.

Йиғладим. Жим қолди овозим,
Фақат оқиб кетди кўзимдан
Шаффоф нурга тўлган ёшлигим.


* * *

Бу кун ўхшар кечаги кунга,
Кечагидай умрим тартиби.
Улгурмадим ўзгартирмоққа,
Маълум эмас бахтнинг таркиби.
Бу кун ўхшар кечаги кунга.

Сиз ҳам ўша, мен ҳам ўшаман:
Ҳамон ожиз туғён олдида.
Лаҳза билан яшаб ўтаман,
Лаҳзаликман Армон олднда.
Сиз ҳам ўша, мен ҳам ўшаман.

Соядекман ўз хаёлимдан.
Дардларимдак қисқа бир нафас.
Шарпа янглиғ, нотинч ҳолимдан,
Ўз кўнглимдан кўчган ажиб сас.
Мен сояман ўз хаёлимдан.

Ойдинлари кўпдир дунёнинг,
Бисёр сўқир қоронғулари.
Соғинаман гўзал тунларнинг
Дилга тушган тинч ёғдуларин,
Ойдинлари кўпдир дунёнинг.

Саҳар туриб қарайман йўлга
Ҳамон бу йўл — Қуёшнинг йўли,
Бу кун ўхшар кечаги кунга,
Олисларда унинг манзили.
Саҳар туриб қарайман йўлга,


АКСИЛТАШБЕҲЛАР

Ой фонусга ўхшамас гарчи,
Тун кўтарнб ўтмоқда уни.

Кўзгу эмас бу моҳрўй, унда
Ўзга баланд дунё акс этса.

Йиғлаб-йиғлаб сир айтсанг ҳамки,
Айланолмас оқ кийган қизга.

Афсус, оппоқ сандиқ эмас ой,
Чиқиб келса гўзал малика.

Тош эмас у, «ёрил, тош», десам,
Бошимдан жим элар ойдинлик.


ИМОН

Нечун таъма билан боқасап кўкка,
Кўксингда марҳумдай чўккан-ку юрак.
Уни тирилтирмоқ жон бермоқ учун
Исо пайғамбарнинг нафаси керак.


* * *

Ўшал кун унутдим таниш йўлларни,
Турфа сояларга тикилдим ҳайрон.
Мен йўқотиб қўйган жавоҳирлардек
Кўзимга босилди юлдузли осмон.

Ўшал кун кетолмай паришон турдим,
Хаёлингга кирдим балки сўнгги бор.
Ихтиёрсиз ерга номингни ёздим,
Номсиз ўйларимнинг тасвири мисол.

Уза олмаётган қарзларнм кўпдай,
Тик боқа олмадпм ўтмиш кўзига.
Елларга ишондим сирларимизни,
Ишона олмадим балки ўзимга.

Йиғладим, тушуниб-тушунмай ғамни,
Хаёлнинг беўхшов рақсини кўрдим,
Умримнинг энг озод тўлқинларини
Бир тор дарёларга топшириб қўйдим.


* * *

Ёрим, дунё йўлларингга олов тўкар,
Сен қарасанг, ўшал нилгун само чўкар,
Етолмайин ортингда ғам қаддин букар,
Агар менинг муҳаббатим хотирласанг.

Фалак ул кун кечгай юксак ғуруридан,
Манглайингни ёритгайдир Ҳақ нуридан,
Кўкка боқсанг, ой узатгай суруридан,
Агар менинг муҳаббатим хотирласанг.

Соҳир кўклам кўнглим каби телба бўлгай,
Ташрифингдан не қасрлар кулба бўлгай,
Саҳролар ҳам иккимизга хулдо бўлгай,
Агар менинг муҳаббатим хотирласанг.

Ёрим, фидо бўлмоққа бир жоним етар,
Менинг мунглиғ кўнглимдан ҳам ғубор кетар
Фаришталар юрагингга хатлар битар,
Агар менинг муҳаббатим хотирласанг.


ИШҚ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Чархи кўҳан юзи қоралар бўлди,
Пирпираб-пирпираб ўчди бир юлдуз.

Бағрингга энди ғам оралар бўлди,
Кўчмагин, юракда яшарсан, дилсўз.

Қайга изғиб кетди туннинг шарпаси,
Чақирсам келарми бирор-бир хабар

Билмадим, дунёда эрирми бир тош.
Тун бўйи йиғласам, йиғласам агар...

Қадимий боғда жим гуллади жийда,
Тонг чоғи гулларин тўкар, вовайло.

Бир Юсуф оҳ чекар сабуҳ пайтида,
Айтингиз, йиғласин юзта Зулайҳо...


* * *

Мен ҳам шу офтобдай кетарман бир кун,
Тунлар тўкилади ҳовучларингга.
Ҳарир оқ либосда мен каби маҳзун
Ёғдулар киради тунд кечларингга.

Балки кўклам янглиғ кетсам ажабмас.
Ёмғирлар ёғади эзилиб кўкдан.
Намчил далаларда мен каби дилхун
Гуллар пайдо бўлар хаёлдан, йўқдан.

Биламан, сен мени севмайсан энди,
Бир йўл кўрдим рўё тумани аро.
Кўзларим нурини тўшаб қарадим,
Кўзларим бўлдилар тундан-да қаро.

Мен ҳам энди сени соғинмай қўйдим,
Дилнинг шарпасини кўрдим йироқда.
Озода тонгларга илтижо қилдим,
Қутқаринг деб дилни бундай фироқдан.

Иккимизда эди икки йўл боши:
Бир пора ўт кўрдим, яшнаган, гўзал.
Талпиндинг, балки шу ўтни тиладинг,
Менга раво кўрди тақдири азал.

Бир пора ўт кўрдим яшнаган, гўзал...


ТУШ

Туш кўрдим, кўнглимнинг харобасида
Оловнинг тиллари сўзлади оят.
Кўрдим: ёниб битди унинг дастида
Ровийлар нақл этган барча ривоят.

Кўтариб қоп-қора тун чачвонини
Хотирлар изларин узди заминдан.
Саҳфалаб очдилар муслим жонини,
Бир имо етмади само, самоъдан.

Юлдузсиз осмондай қорайди бағрим,
Эгаси тарк этган кўкка интилиб.
Шунча поёнсизми эди ё қаҳри,
Мени дунёсидан кетдилар юлиб.

Номаьлум ғорда ҳам топмадим паноҳ,
Жинонин унутдим, ғамларга ботдим.
Шунда кириб келди ёлғиз бир сайёҳ,
Ёнимда бир тошни туртиб уйғотди.

Менга-да боқмади, ғам бино этган
Тошни тавоб этди, секин сўзлади:
«Бу дил, хайриятки, кўрмоққа етди,
Шу кунни изладим, минг йил изладим».

Сўнг кетди, Тош қолди. Ортга қайтмади
Кўнглимда гумонлар ўсаверди жим.
Тош эса кўр эди, менга боқмади.
Гунг эди мисоли дунёи қадим.


* * *

Ҳаттоки, ёнма-ён яшаб туриб ҳам,
Бир-бировин баъзан севолмас одам.

Ҳаттоки, жонидан ортиқ севиб ҳам,
Бир-бировга меҳр беролмас одам.

Меҳрли бўлса-да бир-бирисига,
Барибир, недандир кўнгли қисилган.

Кўнгил бир нимани қўмсайди мудом,
Бу не муҳтожликдир, билолмас одам...


* * *

Кунлар ҳазин эди, дарахтлар юпун,
Кўнглимга ботарди Ҳасратнинг тиғи.
Шу қадим дунёнинг ич-ичларидан
Гўё чиқиб келар ожиз бир йиғи.

Ўйладим: бу овоз— қисмат овози,
Балки мен эртароқ тингладим уни.
Балки ҳариф кунлар руҳига монанд
Соҳиб табиатдан тиладим уни.

Ўйладим: мен нечун бунда кезгайман?
Кўнглимда йўлларнинг сурати ўзга.
Бир куни, барибир, ахир безгайман,
Биламан, кўнглимнинг фитрати ўзга...

Ўйладим: бир куни кечгайлар жондан
Ишқни таниганлар диллари пора.
Аслида юракнинг туб-тубларида
Жондан кечмоқ азми — энг сўнгги чора

Аслида «бахт» сўзи ҳам бир тасалли,
Уни тилаб олган сўқир бандалар.
Дунёнинг бағрини қон қилган асли
Ишқсизлар кўнглида йиққан жандалар,

Юракда энг улуғ бахтдир эътиқод,
Унинг қудрати зўр буюк дуодай.
Кўнглим танимаса шу бахтни агар,
Мен етган манзил ҳам олис Худодан.


* * *

Ойдан-да ойдинроқ бир кеча ўтар,
Ғунчалар очилар унинг бағрида.
Товушин чиқармай бир товуш учар
Ва сўнар бу ёруғ тундан нарида.

Ойдан-да ойдинроқ бир кеча ўтар,
Қарайман, дарахтлар ўсар ҳар лаҳза,
Идроким қобиғин йиртар шохлари.
Йўлнинг йўлсизлигин айтар ҳар нарса,

Ойдан-да ойдинроқ бир кеча ўтар.
Дилимнинг меҳмони — бир ҳовуч юлдуз.
Тўлқинлар интилиб бузар қирғоқни
Шариасиз, товушсиз, бир ишорасиз.

Ойдан-да ойдинроқ бир кеча ўтар,
Хаёллар — қирғоғи бузилган дарё.
Маконда макон йўқ, деб айтар улар,
Маконда макон йўқ — қайтади гўё.

Ойдан-да ойдинроқ бир кеча ўтар.
Қайдадир бор эмиш бетгоён манзил.
Унгача кўзларим кўргани — Ҳаёт,
Лаҳзалар давоми — умр деган йўл...


* * *

Фурсат кўчиб юрар гулдан гулларга.
Чирқираб сайрайди қушлар безовта:
Умиднинг энг гўзал нафасларида
Ҳолдан тойиб борар дунёни мақтаб.

Ғунчалар очилар — Вақтнинг тортиғи.
Эрта хазон бўлиб балки тўкилар.
Ҳасратнинг ёруғ ва пок қучоғида
Фақат Ишқ илоҳий гул каби кулар.

Бардошлар тилайди ўзига диллар.
Уларни кутмоқда самовий талъат.
Бир ухлаб руҳлар-ла қовушар улар,
Гуноҳкор дунёни севмоқлик — бидъат.

Кунларнинг қошида лол турар Идрок,
Жим ютиб самовий яшинлар қаҳрин,
Ўткинчи умрдан излайди маъно,
Фақат шу даҳрга сиғинган даҳрий,.,


* * *

Не кечса, бошингдан кечгани аён,
Фарёд китобингда саҳфалар бисёр.
Эй муборак замин, она Туркистон,
Ҳар тошингда қисмат ёзиғлари бор.

Тарихинг варақлаб, бағрингда урён
Кечган туғёнлар-ла уйғонар кўнгил.
Эрк деб жондан кечган мардларинг бирён,
Ёвларинг макридан тўлғонар кўнгил.

Маккор сиёсатнинг фирибгар қўли
Эртанги кунингдан очганида фол,
Асл эрларингга чанг солди Ўлим,
«Туркистон қайғуси»— энг озод хаёл.

Шукр, энди олис кирланган овоз,
Сенга етмас унинг акси-садоси.
Бугун кенг бағрингда янграган-овоз—
Истиқлолимизнинг баланд парвози.

Жасур қирғиз қизи Қурмон додхонинг
Ўғлонлари каби жон фидо этган,
Туркману қозоқнинг битган армони,
Бугун Чўлпонларинг орзуга етган.

Тожикистон гарчи гоҳо беором,
Ёруғ кунларидан яшар умидвор.
Сенинг ўлмас руҳинг — бугуннинг руҳи,
Фарзандлар сўзида буюк меҳринг ёр.

Бу меҳр шу қадим, азиз тупроққа,
Бу меҳр шу юртга — жонга туташган.
Унга фарзанд бўлган беш буюк халққа,
Барчасининг қони қонга туташган!


ЧОРЛОВ

Сенинг елкаларинг балки кенг эмас,
Жуссангда йўқ балки Рустам келбати.
Бироқ, фақат сенинг елкангга сиғар
Ўзбаки элингнинг ғаму ғурбати.

Камлик бор, эҳтимол, шошқин феълингда
Турмушингда, балки, кўп нарса етмас.
Сендан ўзга ҳеч ким, бироқ, элингга
Шодликни соғинмас, эрк инъом этмас.

Ўғлон, юрагингда дардларинг кўпдир,
Вафо қилолмассан ёхуд ёрингга.
Бироқ сендан ўзга вафодор йўқдир,
Гарчн ҳаридор кўп Ватан — зорингга.

Зулм қоясидан тош кўчди бугун,
Жаҳолат лашкарин бузулди сафи.
Ёвларинг уйида таҳлика, ваҳм,
Ёришиб келмоқда уфқинг тарафи.

Ўғлон, фурсат етди, ўзлигинг тани,
Юракка жасорат тилагин кўпроқ.
Силжитгин зулумот ҳудудларини,
Бугун сенга муштоқ бу туркий тупроқ.


* * *

Хаёлкаш дарахтлар руҳлардай сокин,
Ўзга бир дунёнинг сояларидай.
Мен сенинг ёнингдан келганман, Ўлим,
Бироқ Ҳаёт билан боғланган ёдим.

Оташга сиғинган телба аёлдай,
Ҳаётга бир севги пинҳон ёнади.
Биламан, қайтсам-да сенинг ёнингга,
Гардларимда менинг бу ишқ қолади...


* * *

Мудом ёруғлик бор йўлнинг сўнгида,
Армон қийнамайди овутар ёдинг.
Сочларингда ойнинг доғлари эмас,
Зулумот тинглаган пинҳон фарёдинг.

Муҳаббат — энди ул хатолар эмас,
Умринг фидолиги соғинчга, дардга...
Сени унутгайлар ер худолари,
Осмон хенг, хаёл кенг, келар мададга.

Юрагинг қачондир банд этилган қуш,
Илк бор эркни туяр — ишқнинг сўнг йўлин
...Парвозга шай қушнинг қанотлари қон,
Уни қўйиб юбор, лаънати дилим...


МУҲАББАТ

Неча бор йиқилдим сенинг изингда,
Неча бор қайтадан тикланди қаддим.
Қолдирмоқ истадим балки ўзимда
Ё балки сен билан кетмоқ истадим.
Неча бор йиқилдим сенинг изингда.

Йиқилсам, йўлларнинг ғуборин йиғдим,
Турсам, юзларимга тегди шамоллар.
Йиғласам, бир томчи ёшга ҳам сиғдим,
Юпансам, юпатди мени хаёллар.
Йиқилсам, йўлларнинг ғуборин йиғдим,

Менга сирдош бўлди ўзимнинг кўнглим,
Мен азиз номингни унга ишондим.
Уйғонсам, осойиш тонглар дафъатан
Кўнглим овозидан қалқиб уйғондим,
Менга сирдош бўлди ўзимнинг кўнглим,

Ортга қараб-қараб кетаётгандай,
Узолмай кунларнинг кўринмас ипин.
Яна бир учрашув кутаётгандай,
Мунис қиёфангни тўлдирмоқ учун...
Ортга қараб-қараб кетаётгандай.

Оловдан қутқариб олинган расминг
Ҳамон юрагимда тутаб ётибди.
Кўнглимдай қонаган уфқ яллиғига
Ҳар оқшом биттадан қуёш ботибди.
Оловдан қутқариб олинган расминг...


* * *

1

Енгил феълли ошиқлар мисол
Ўзгаради бу кунлар таъби.
Оғир сўзлар келади малол.
Гўё нохуш фол кўрган каби
Мен қарайман ўз тақдиримга,
Улғаяди шунда дардларим,
Тушунгандай олам сирига,
Юрагимнинг косаси ярим.
Гарчи кўнглим тўла ҳаётга,
Уни севиб тўймадим ҳали.
Мени оғнр ўйларга отган —
Қисматнинг тунд бефарқ йўллари.

2

Нега келган эдинг, деб сўрмас ҳеч ким
Қайга кетмоқдасан, деб айтмас биров.
Аслида саодат излаган эдим,
Аслида сиғинган сўзларим — Олов...


БАРГИЗУБ

Баргизуб,
мен Сизни
ҳар кўклам кутаман интиқ.
Келасиз
энг хилват жойларга.
Сиз ҳар гал янгисиз,
яна ҳам гўзал,
бир ажаб дафтарми япроқларингиз,
ёзилган ҳавонинг қўллари бнлан?

Баргизуб, биласиз,
Сиз ўсган қирғоқ
менинг болалигим қирғоғи эди.
Сочлари шамолда учган қизалоқ,
қувончи ариққа оққан қизалоқ,
ўша — мен, бир қадар ўзгардим энди,

Барибир,
Сиз билан суҳбат қургали,
ҳар кўклам ортимга қайтаман,
болалигимга.
Чунки шу ҳаётни севмоқлик учун,
Умрни, кўкламни билмоқлик учун,
Сизнинг ҳув болалик меҳрингиз каби
ёруғлик излайман кўнглимга жуда.

Сиз, гўё кўкламнинг митти ҳовучи,
бир қадаҳ шабнамни кўтариб турган,
Мен-чи, ўтаётган оддий йўловчи,
Сизда табиатнинг сеҳрини туйган...
Баргизуб...


* * *

Гарчи шаҳарда ҳам баҳор нафаси,
Фақат кенгликларнинг сирлилиги йўқ,
Одамлар ўзича бахтли ҳар қайси,
Қувонч, ташвишининг бирликлиги йўқ.

Чиқиб кетай десанг, кўчалар ёруғ,
Хаёл сурай десанг, гавжум гўшалар.
Нотаниш кимлардир кўнглинг оғритар,
Сўнгра овутган ҳам яна ўшалар.

Фақат хиёбонда ўзга руҳ ҳоким,
Фақат хиёбонга кўнглинг интилар.
Жимгина, шу ерда, баҳорни кутиб,
Мангулик ҳақида шеър ёзгинг келар


* * *

Сукунат чўкса-да тугамас қўшиқ,
Ўтиб бораяпман бир соғинч — куйга,
Севгилим, сизми у, бунчалар тиниқ
Овоз бера олган ёлғизлигимга?

Севгилим, сизми у, мени унутган,
Бахтли бўла олган ўзга дил билан,
Сизми у, барибир, яна эслаган,
Бироқ айтолмаган уни тил билан.

Сизми у, бир куни ўзингиз сезмай,
Тақдир деб барига кўнган, кўниккан?
Ўтаётган кунлар бағридан туриб,
Сизми у, дунёга маъюс кўз тиккан?

Севгилим, сизми у, мени унутган...


КЎКЛАМ КУНИДА

Қўл ушлашиб шамоллар билан,
Кезиб чиқдим дала-қирларни,
Майсаларда қолди изларим.

Шивирлашиб дарахтлар билан,
Такрор қилдим мен ҳам сирларни,
Қувончларни топди сўзларим.

Оппоқ-оппоқ булутлар каби
Кўнглим менинг юксалди енгил,
Мовийликпи танидим шунда.

Юрагимда оғриқ йўқ эди,
«Бахт изласанг, қуш бўлиб туғил»,
Дегак сўзни ўқидим унда.


* * *

Қушлар учиб кетди, қисқарди кунлар,
Дединг: юрагимга сиғмас ҳеч нима.
Кўзларингни олдинг ғамгин кунлардан,

Кўнглинг даричасин беркитдинг шундай,
На қувонч, на ҳасрат бўлмади меҳмон.
Сезмадинг, ўзгарар тегрангда дунё.

Мен сенинг номингни айтиб чақирдим.
Менга жавоб қилди кенг бир сукунат,
Менга жавоб қилди сенсиз кунларим,

Сен айланган эдинг Вақтнинг ўзига.


* * *

Хайрлашув қўшиғини айтар дарахтлар,
Кетаётган нарсаларнинг номлари унут.
Ҳамма нарса айланмоқда муаллақ вақтга,
Оёғимиз қўйплган жой — пастлаган булут,

Тийрамоҳнинг сокин, тиниқ кунлари аро
Кетаётган нарсаларнинг илғаймиз шаклин.
Ана, сенинг кўзларингга ўхшайди само,
Дунёни шу балаидликка кўтариш мумкин.

Қўлларимиз етган жойда тугамас умид,
Овозимиз ўтиб борар сўнгги синовдан.
Табиатнинг совиётган бағрида бу кун
Бир руҳ кезар, қолиб кетган ёнган оловдан


* * *

Интилсам, тунимда шамчироғим йўқ,
Руҳимда баҳорим, гулгун чоғим йўқ.
Дилимни тарк этмиш туғёним менинг,
Гул бирла сирлашсам, гул дудоғим йўқ.

Бир япроқ эмасман, эй шамол, афсус,
Тўкилсам, тўкилсам, тўкилсам маъюс.
Ё бағрингда учиб қайгадир кстсам,
Ўзимни унутсам, бир кун унутсам.

Фитналар тўқирмиш дунё бир томон,
Омонлик сўрайман ёлбориб ҳар он,
Суйкалиб ўтади кўнглим Ҳасратга,
Жисмимга суйкалар минг битта армон.

Титрайман, асраган япроғим — хазон,
Йиғиниб орттирган хазинам ҳам йўқ,
Юрагимда яшар ҳамон бир осмон,
Боқсам, самода мен севган олам йўқ...


* * *

Ёмғир тинди. Очилди қишлоқ.
Ҳидин сочди ялпизлар майин.
Мактабига бормай қизалоқ
Чиқиб кетди ялпиз тергани.

Болакайнинг хаёлларидай
Парвоз қилди қуёшга варрак.
Бебош бузоқ далага қочиб
Неча кунлар кетди бедарак.

Ҳар жойларда яшиллик ичра
Узилмаган лолалар ёнди.
Шивирлади гўё шаббода:
«Такрор бўлмас бу кунлар энди».


* * *

Секин ёғар кузнинг ёмғири,
Ўтирибмиз, сўзга ҳожат йўқ.
Кўзингизда азиз хотира,
Таниш меҳр, таниш ўй, гапйўқ.

Елкангизда турмуш савдоси,
Сиз бир оддий шарқнинг аёли.
Ўтинаман, ташвиш ғавғони,
Опа, бир дам унута қолинг.

Бунда бари сиз билан боғлиқ,
Тупроқли йўл, азиз хонадон,
Кўнглимизнинг мунис армони —
Ҳаммамизга севикли инсон.

Унинг азиз хотирасига
Маъюс тортсин кўнглимиз бир дам.
Опа, сиз ҳам унга ўхшаган
Ҳаммамизга энг азиз одам.


* * *

Юлдузлар акс этар кўл ойнасида,
Осмон чексизлиги кўлларга кўчар,
Нарсалар хаёлнинг бир соясидай,
Уларни ёнма-ён қилар бу кеча.

Жимгина туради ҳар битта дарахт,
Бир ажиб ойдинлик эзар жисмини,
Бугун табиатда кезиб юрар Бахт,
Эҳтиётлар ҳар бир ғунча исмини.


* * *

Энди фалак юлдуз тўкса жомидан,
Баҳайбат тун ичса дарё қонидан,
Атиргул жой топса Зуҳал ёнидан,
Мен Сизга пайғомлар йўлларман албат.

Энди ҳилол билан снрлашса ҳовлим,
Чарх амридан забун бўлмаса ҳолим.
Ёлғиз Сизга аён этурман долим,
Мен Сизга пайғомлар йўлларман албат.

Энди далв тугамай синса қаҳратон,
Тамуғдаи бир чимдим ўт сўрса жинон,
Узугин қайта бир тақса Сулаймон,
Мен Сизга пайғомлар йўлларман албат.

Энди барқ шуъласи тушса рўёга,
Булут соя солса меҳригиёга,
Ёмғир ёғиб ўтса даҳрий дунёга,
Мен Сизга пайғомлар йўлларман албат.

Энди Кун ўрнида келса бир пари,
Бағрида кулса гар лаългун гуллари,
Кимман, келарман-да Сизни ахтариб,
Мен Сизга пайғомлар йўлларман албат...


* * *

Ғамобод кунларим топгай ниҳоя,
Дилни вайронликдан сақлаб ўтарман
Шу улкан даҳр аро топдим ҳимоя,
Энди бу дунёни ёқлаб кетарман.

Ойсаро хаёллар етакласа жим,
Ёруғ остонага бошим етгайдир.
Юлдузлар ошёни ул сирли анжум
Мени ҳам қайгадир олиб кетгайдир.

Мен қурган иморат тоабад йитмас,
Ғамобод кунларкм топгай ниҳоя.
Лабларим шивирлаб айтса ажабмас,
«Муҳаббат, мен сени яратдим» дея.


* * *

Куй чалса гар муғанний,
Дилда дил топилгайми,
Ҳабибим қўшиқ айтса,
Шул куйга қотилгайми.

Ишқ базмига кечиккан
Барчага овоз етиб,
Ҳамма зулмат тарқалиб,
Жами йўл очнлгайми.

Менинг боғимда ўсган
Қоп-қора тун гуллари
Сайргоҳ самоларга
Жавқу жавқ сочилгайми.

Жонга тушган тийрадуд
Ерни ҳам хушманд этиб,
Ғамли куй оҳангида
Йиғлабон топингайми.

Муножотни жон қуши
Ўзи-ла олиб учса,
Вужуд ўшал кунда жим
Тунларни ёпингайми.

Ёхуд мастона куйда
Бирлашиб руҳ ила тан,
Базмга йўл олса гар,
Мангулик сотилгайми...

Куй чалса гар муғанний,
Дилда дил топилгайми,
Ҳабибим қўшиқ айтса,
Шул куйга қотилгайми...


* * *

Бир гул очилгунча фурсат ўтибди,
Бир ишқ ўлмоғига бу муҳлат етмас.
Фақат бир қадарли туман тушибди,
Унда нималардир ошкора эмас.

Хазон гулшанида тадорикми бу,
Титраб узилгандай гулнинг япроғи.
Фақат юракдаги қийнаган туйғу.
Яна муҳаббатга дахли бор чоғи.

Кўкнинг ҳовучидан тўкилган йиллар
Қад ростлаб ортимдан эргашар бесас.
Юрагимда кечган оғриқлар монанд
Қадрдон кимимдир олади нафас.

Шамолдай ўтгандим Сизнинг йўллардан,
Шошилиб ўтгандим тонг чоғи беғам.
Энди яшайин деб бошмм кўтарсам,
Тўкилиб қолибман унда ўзим ҳам.

Дунё мангу эмас, дарёлар бир кун
Нари тушар азиз қирғоқларидан.
ўйловдим, тўкилсам тўкиламан жим
Сездирмай кўзингиз қароқларидан.

Ўйлабман, мени-да етаклар тақдир.
Эшитиб қалбимнинг шивирларини.
Юрагимга туташ жойлабман ахир
Ишқнинг қони оққан томирларини.

Бир гул очилгунча фурсат ўтибди,
Бир ишқ ўлмоғига бу муҳлат етмас.
Фақат бир қадарли туман тушибди,
Фақат нималардир ошкора эмас...


* * *

Кўнглингнинг тубида исмлар —
ҳеч вақт танимаган одамлар исми.
Муҳтожлик сезасан ҳар лаҳза
одамларга сен.

Хотирангдаги воқеалар
ҳеч қачон бошингдан кечмаган балки.
Сен ҳар вақт сезасан умрингда
воқеалар бўшлиғин.

Тўлқинлар
чуқурликни яширмоқ учун
фақат.
Сўзлар оддийлик учун
хизмат қилар
бор-йўғи.

Кўнглингнинг тубида
илғаб олинмаган
алоқадорлик.


ЁМҒИР

Ёмғир тинмай урилар деразамга,
Ёмғир чалган куйни тинглаб тураман.
Хонам ичра астагииа елкамдан
Қулаётган сукунатни кўраман.

Ёмғир эса сочилар жуфт изларга,
Оғочларнинг япроқлари ялтирар.
Хаёлларим кезар дунё, йўлларга
Астагина чақиради Хотира.

Ёмғир ёғар, эрир ғубор пардаси,
Узун-узун йўлкаларни ювади,
Учиб юрган оҳаигларнинг ҳаммасин
Бўлиб-бўлиб деразамга уради.


ТАЪСИРЧАНЛИК

Қайғу билан ёруғ қувонч чегарасида
Турибман жим, ўхшаб гўё кузги япроққа,
Бундай ажиб масъудликнинг ҳар лаҳзасида
Юракдаги нотинч шивир таралар боққа.

Қайғу билан ёруғ қувонч чегарасида
Қўшиқ гоҳи бахтли қилар, бузар кўнглимни.
Мен Ҳаётни кўрмоқдаман ранглар рақсида
Сояларнинг шарпасида кўрдим Ўлимни.

Ҳар қандай сас қулоғингни йиртиб кетгудек,
Сокинлик ҳам вужудингга ботади қаттиқ.
Ҳар қимирлаш юрагингга бориб етгудек,
Қўрқинчлидир шамолларнинг бу ҳаракати,


БОЛАЛИК

Оқ каптарлар учар тиниқ самода,
Бир вақтлар қўнарди тутсам қўлимни.
Танимади, қўлим қолди ҳавода,
Яна олисларга солди йўлини.

Болалик — оқ каптар, учиб кетади,
Бизни оғушлайди ўзгача олам.
Юлдузлар ёнида парвоз этади,
Унга қўлимизни чўзмасмиз биз ҳам.


* * *

Ўзим ҳақда сўзларим қисқа,
Тугал эмас умрим тасвири.
Ҳали менинг қарзим кўп Сўздан.

Юрагимнинг, баёни — қўшиқ,
Мени ташлаб кетгаи кунларнинг
Излай-излай топилган номи.

Муаллимам — ғамгин бир аёл.
Хотиротнинг кўзгусидаги
Суратига юқмаган чанглар.

Уйларимнинг давоми — Ватан.
Ҳали ҳеч бир фарзанд сезгиси
Тўла қамрай олмаган кенглик.

Мен таниган ва танимаган
Одамларга атаган сўзим,
Менинг ўтар йўлим — Муҳаббат....


* * *

Мен Сизни кузатдим. Вақт тўхтаб қолди
Кўклам келганига ишонмади ер.
Тўлқинлар жимгина ўпган соҳилда
Энди мени кутар музлаган шуур.

Замин дийдорига тўймадим сира,
Бошимни қўяркан сархуш тупроққа,
Шивирлаб ёлбордим сирдош елларга,
«Мени олиб кетинг у кетган ёққа».

Қанотлари енгил эрка қушларнинг,
Ерга тушган жимит сояси мисол,
Бир лаҳза акс этдим Вақтнинг кўзида,
Бир лаҳза ёдимни қийнади малол.

Мен Сизни кузатдим. Оғриқлар тилаб,
Юракка сўзладим сўзларингизни,
Ойдин кечаларда ўқидим титраб,
Сирли мактуб каби, изларингизни.

Мен Сизни кузатдим...


ТУНГИ ҚУШИҚ

Тун бўйи хаёлим кезди боғлардау
Осмонда изма-из юлдузлар учди.
Дарахтлар шивирлаб бир-бирларига,
Билмадим, неларни тушунтиришди.

Мен эса илғаднм ҳар кўланкани,
Ҳар таниш овозга жим қулоқ солдим.
Юракдаги қанча умидларимни
Яна бир кечадан олиб ўтолдим.


НОМСИЗ ҚУШИҚ

Шундай яқин эди сенинг қиёфанг,
Шамоллар кўчиб ўтар
энг яқин боққа.

Намхуш хазон билан қоришган ҳаво
Осмонда юлдузлар
соясиз.

Юрардим ташқари ўз хаёлимдан.
Эркни танимаган
ўйламас эркни.

Мен ҳатто учардим ҳаводан енгнл.
Ёқилган ҳавонинг кули —
ойдинлик.

Кимдир йиғлар эди, овози таниш;
Товушдан ҳимоя сўрар
одамлар,

Ҳайрон боқар эдим, дилим талангаа,
Қароқчилар изи
узоқлаб кетган.


ШАРҚ АЁЛИДАН СУРОВЛАР

Сиз нола қилдингиз кўкда ойларга,
Олиб кет, дедингиз оқар сойларга,
Сиғиниб муқаддас, азиз жойларга,
Кўзингиз кўргани қандай нур эди,
Тилаб олганингиз қандай дур эди?

Тўрт девор ичида қийналганингиз,
Тоза бир ишқ билан ёниб танингиз,
Сизни севмаганда сиз севганингиз,
Дилингиз ўртаган тўрт девормиди,
Ё ноаён ўзга сирлар бормиди?

Ёрилтош деганда ёрилмаган тош,
Маккора аёллар бўлганда кундош,
Кўнгил эрк деб ўтди, кўзлар эса — ёш.
Ё сизга берилган ҳурлик шулмиди,
Фаришталар билан бирлик шулмиди?

Дардли қўшиқ бўлган исёнларингиз,
Руҳлар парвоз қилган оқ тонгларингиз,
Учар тулпор бўлган армонларингиз.
Шундан ботирмиди ўғлонларингиз,
Шундан қўрқоқмиди душманларингиз?

Сизнинг номингиздан сўз сўзлаганлар,
Фақат қоронғуда кун излаганлар,
Сизнинг кўнглингизни тушунмаганлар,
Айтинг, дилингизни доғламайдими,
Янги туғёнларга чоғламайдими?

Кимга айтасиз дил сирларингизни,
Сирлари не эди зил дилингизнинг?


ЧЎЛПОН

Шеърннгизни қарғаб отилган тошлар —
Шаъни паст, бағри пуч, дарди йўқ сўзлар
Қон ҳидига келган қузғунлар мисол
Номингиз талади ўнлаб дардсизлар.

Кишанлар овози таъқиб қилган Шарқ,
Кўзга чалинади ғалат туманлар.
Юртимнинг энг сўнгги кунлари билан
Яшаган эдикми, деган гумонлар.

Сиз айтган қўшиқда дилингиз доди,
Сарғайган дафтарда занжирбанд нола.
Ажалга юзма-юз аёл фарёди,
Кўнгил — ихлосида алданган бола.

Сиз айтган қўшиқда тутқунлик — соя,
Дилнинг қони билан ёзилган ғамлар.
Сизнинг дардингизни тушунар фақат
Дунёга эрк излаб келган одамлар.


* * *

Ариқларда сувлар оқди шошиб, югуриб,
Тутқунликдан қутулгандай, озодлик сари,
Далаларда сархуш-сархуш чайқалиб қолди
Эркинликнинг майин ичган дала гуллари.

Кўкда булут, туман сузган ҳаволар намхуш,
Ерда барча уйғонади қиш уйқусидан.
Узоқлардан эшитилар турналар саси,
Яқинлашиб келаётган бахт туйғусидай.


САМАРҚАНД

Кўк юзидан булут кетиб кўклам кунида,
Кўзга қувонч берганида нур зарралари,
Жим муножот қилаётган художўй мисол
Ёришади Самарқанднинг миноралари.

Шарқнинг ҳамон шаъни баланд салтанатида
Қулоқ берсанг эшитилар пинҳоний овоз:
Ё деворлар орасида ё ер қатида
Секин-секин нола қилар энг қадимий соз.


* * *

Маъюслигим, кимимсан менинг,
Отаммисан ё онаммисан?

Маъюслигим, кимимсан менинг,
Ёриммисан, дугонаммисан?

Маъюслигим, кимимсан менинг,
Элиммисан, тупроғиммисан?

Маъюслигим, кимимсан менинг,
Узун ёнган чироғиммисан?

Маъюслигим, кимимсан менинг,
Ўзиммисан ё йўлиммисан?..


СУНБУЛА

Йиғлаётган аёл,
Боғлар қўйнидан
Шамол олиб қочган хазон товуши,

Узоқдаги соҳил.
Денгиз сувларининг
Сассиз чўкиши,

Осмон.
Бўм-бўш бағир.
Озода кунлар.
Сунбула сувида чайилган кунлар.

Кетаётган дунё
Ярим ой.
Ёлғиз
Сунбулада узайган оғриқ.


ЎТАЁТГАН УМР

Руҳимда ҳамиша паришонлик бор,
Қайталаб сўрайман бир саволимни.
Ўзим ҳам тушунмоқ истайман бекор
Туманда сузгандай сархуш ҳолимни.

Ҳар лаҳза нрмаълум жумбоқдай келар,
Гоҳ ортга, гоҳ олдга жим интилгандай.
Кўз тушмас жойларда гуё идрокнинг
Ёниқ гавҳарлари унутилгандай.


ЁЛҒИЗЛИК

Ўзимга қолдиринг ўзимни.
Хира тортган кўзгуга боқиб
Кузатаман тун соясини.

Қулоғимда турфа товушлар,
Вақт оёғи кўнглимга ботган
Ва жимликда титрар лабларим.

Кўзим тушар дафъатан шунда
Хонадаги бирор буюмга,
Мен эслайман унинг номини.


УЧРАШУВ

Ҳамма нарса ўзгаргандай: кийиминг, сўзинг,
Овозингда нотаниш мунг, босиқ дил розинг,
Гўё ички дардларини очгандай энди
Ҳаётингнинг фожиаси — мағрур овозинг.

Кўзларингда табассумнинг қотган сурати
Сўздан олдин айтар қалбинг изтиробидан,
Кўзларингда бир сирли ўт ёниб туради
Ҳозиргина узилгандай ишқ китобидан.


ТАШНАЛИК

Сўзлашади дарахтлар тунда.
Япроқлардан сирғалиб тушган
Ой нурини ичар майсалар.

Жимирлайди юлдузли осмон,
Сомон йўли порлайди хира,
Гўё кутар сирли карвонни...


ЭСЛАШ

Ўша оқшом осмон кенг эди,
Юлдузларнинг оралиғида
Ортиб қолган жой эди жимлик.

Ўша оқшом боғлар феълида
Ҳоким эди бир паришонлик,
Дарахтларнинг ёйилган шохи.

Йўлда ётган бир қора тошнинг
Узун эди ерда сояси.
Сен кўзингни олмадинг ундан.


* * *

Ишқнинг йўлларида азобим мингдир,
Кўнгил гоҳ тупроққа, гоҳ нурга тенгдир?

Бу дунёда жоним сиғар бошпанам —
Мен чеккан ғамларим — ёлғиз кошонам.

Йиғлайман, кўнглимда қадимий йиғи —
Илоҳнинг мен билан қолган қўшиғи.


САВОЛ

Сенинг йиғлаганинг—дард чекканингми?
Ўзингдан бир қадам чекинганингми?
Таскин сўраганингми?
Қийналганингми?
Билмам, топганингми, йўқотганингми?..


МУСАВВИР

Рангларнинг тилсими ечилган кунда
Оловга айланар қора сочларинг.
Сенинг нур қадаминг етган йўлларда
Фарёди тун бўлар тилсиз тошларнинг.

Шамолнинг қаноти нур ташир шаффоф,
Уфқда қотади дардимиз қони.
Умримнинг заъфарон кенгликларидан
Мен йиғлаб чорлайман сени, дунёни.


* * *

Сенинг кўзларингда теран ва мунглиғ
Менинг яшамаган умрим бор ҳали.
Сенинг лабларингда тоза ва қутлуғ—
Ҳали айтилмаган севги сўзлари.

Умринг йўллари ҳам ҳали қийноқли —
Менинг етказажак жафоларим бор.
Сенинг хаёлларинг на-да ардоқли —
Менинг сиғинажак дунёларим бор.


ИСТИҚЛОЛ

Офтобнинг остида қурган уйим бор,
Ёруғ нурлар билан тўлган осмоним.
Яхши кунларимда йўлдош элим бор,
Суянч тоғларим бор, танти сарбоним.

Бу умр иўлида эгмайман бошим,
Қарзим йўқ, ҳадикда титрамэс жоним
Бир ҳовуч гул бўлар ўпсам гар тошин,
Озод ватаним бор — Ўзбекистоним.

Гўдаклар изини севар тупроғим,
Барча хонадондан келар нон ҳиди.
Иўлчилар бостириб ўтар чанқоғин
Ва олиб кетади тинчлик умидин.

Бегона эмасдир менга ҳам ғурур,
Истиқлол бахш этган туйғуларга мос.
Истиқлол берган бахт бир қуёш эрур,
Менинг кўнглим ундан заррадир, холос.


* * *

Сен дединг, юракка қилмайлик жабр,
Қайтайлик, кўзларинг тўлмоқда ёшга,
Қайтайлик, тақдирдан ўзиб кетибмиз,
Тингла, юракнинг-да сўзлари бошқа.

Сен дединг, қандайдир совуқ бир сеҳр
Бошимиз устида порламоқда жим.
Юлдузлар бизга мос суҳбатдош эмас,
Уларни ўқисин бошқа мунажжим.

Қайтайлик, биз туннинг изидан келдик,
Шундай кезиб юрар соялар тунда.
Кимдир ўз қалбидан қувган шубҳанинг
Шарпалари янглиғ юрибмиз бунда.

Сездингми, теграмиз маъюс жимжитлик,
Биз бунда йўл топган илк йўлчилармиз.
Балки қайлардадир тугаган йўлнинг
Давомин беҳуда излаб юрибмиз.

Сен дединг, юракка қилмайлик жабр...


ҲИЖРОН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Узилган ипларни улайди кимдир,
Ойнинг нурларини ўрайди кимдир.

Ёнингда ўлтириб майин қўл билан
Ёйиқ сочларингни силайди кимдир.

Қўшиқ куйлай бошлар «сиз»лаб юлдузни,
Овози нур янглиғ ёритар Сўзни.

Унинг қўшиғидан йўллар уйғонар,
Кейин кунлар, ойлар, йиллар уйғонар.

Куйлагани сайин қўшиқ узаяр,
Бу қўшиқ айрилиқ ҳақида бўлар.


* * *

Йиғладим — йиғилдим бир парча жойга,
Сўзладим — сиқилдим сиқиқ каломдай,
Тарийқнинг изнида чарх ила анжум,
Менинг дилим бунда ғофил меҳмондай.

Фитнакор кунларнинг боқиб ортидан
Умримнинг ранжларин йиғдим кўзимга.
Ердаги изидай мардуд руҳларнинг,
Дардларим роҳ излаб кезинди зимдан,

Кимдир жоним сўраб чўзди қўлларин,
Соҳир кўзларида қотган илтижо.
Гарчи йиғлайвердим ишқ тангрисига,
Гарчи йиғлайвердим бевужуд, бежон...


ТУШУНИШ

Қачонки мен ишқнинг азобин туйдим,
Рақиб оёғига бошимни қўйдим.

Қачонки тил билан айтдим ҳолимни,
Қанотини юлдим ҳур хаёлимнинг.

Қачонки бошимни ғамлардан тортдим,
Тақдиримдан ёруғ изни йўқотдим.

Қачонки тушуниб бир назар солдим,
Баридан шу лаҳза кўзимни олдим...


ТАРИХ

1. ҒОЛИБ

Қоронғу хонани ёритар хира
Қора чироқ. Дафтар ва қалам.
Замонининг барча асрорин
Тафтиш қилиб ўтирган одам.

Излагани ҳақиқатмикан?
Муаррихми ёки донишманд?
Ҳозир унинг фикри ёдини
Сирли кўчирмалар қилган банд.

Қўлларида қадимий қилич,
Эҳтиётсиз синдирмасмикан?
Ё халқига ҳақ қиличин
Мерос қилиб қолдирармикан?

2. АКС-САДО

Сарғайган китобнинг варақларида
Ботирлар дам берар учқур отига.
Маъбудлар йўл топар, сўзлар ном қўяр
Энг улуғ халқларнинг рақобатига.

Карвонлар ўтган йўл. Излар йўқолган,
Қонлар тўкилган ер. Тилсимли тупроқ.
Фақат жим судралган жим садо қолган —
Кишанлар овози — яқин ва йироқ.

3. ОРҚАМА-ОРҚА

Боши эгик ёлғиз йўлчини кўрдим,
Қочиб борар эди ўз нигоҳидан.

Кетаётган беш-ўн одамни кўрдим,
Улар диндан қайтган — жим оллоҳидав,

Бутун элни кўрдим — эркни унутган,
Олов учқунлари сачрар оҳидан.


* * *

Хазон фасли яқин, тупроқли йўлда
Қуёшнинг излари тутайди секин.
Булутлар ўлчабми кўрар ўзида
Уфқнинг оловранг ёнган кўйлагин.

Ергача эгилган мажнунтолларнинг
Япроғин санайди дайди шамоллар.
Жажжи гўдагининг кийимларини
Сўнгги ёғдуларга ёяр аёллар.

Кейин оқшом чўкар оҳиста, маъсум,
Осмондан узилган ажиб япроқдай,
Боғларнинг уйқуси абадийликка
Юзма-юз турган бир оний титроқдай,

Хазон фасли яқин — ранглар тубида
Сарғаяр йўқотган кунларнинг доғи.
Табиат бу кунлар сирли дарахтнинг
Узилиб заминга қўнган япроғи.

Хазон -фасли яқин.


КЕЧКИ ГУЛЛАР

Табиат ҳеч эркаламаган
Кузнинг сўнгги гулларин.
Балки шундан чидамли улар.

Бу гулларни кутмаган кимса,
Расмин чизиб тасаввурида,
Балки шундан чиройли улар.

Гуллар очилмаган кечикиб.
Асли нигоҳларни чарчатган
Ҳайрат — инжа ранглар ўйини.

Барчанинг хаёли баҳорнинг
Изларини ўпганида жим,
Кечки гуллар излар қишнинг йўлини.


ГУВОҲ

Бу одамнинг юзи тунд, ҳаракатсиз,
Гўё қотиб қолган ички соядан.
Бир кун тан олинган мағлубиятнинг
Нохуш сезгисидан қариган одам.

Қора кун тушганда халқнинг бошига
Хиёнатга пинҳон қўл берган эди.
Яқин дўстларига туҳмат тошларин
Отсалар, панада жим турган эди.


* * *

Туйғулар гул каби кўкарган ердан,
Кўринмас ҳамроҳи моддий дунёнинг.
Ҳар лаҳза гулларнинг пойига каби
Томиб адо бўлмас менинг бу жоним.

Гарчи ер фарзанди, ернинг эркаси
Юрак тупроғида туғилган жойи.
Гуллардек мантиқдан юқори улар,
Туйғулар гуллардек самовий.


* * *

Кўзларинг қувонса,
Учқунлар сочилар йўлларга гулдай.
Маъюс тортсанг агар,
Кўзларинг кўринар тиниқ бир кўлдай,

Кўзларинг илтижо қилсалар агар,
Унинг ноласидан жонлар адодай,
Дунё эшигида бош уриб турган
Икки фидодай.


* * *

Кўзларинг қаърида бир тун — туби йўқ,
Халоскор йўқ ундан қутулмоғимга.
Тақдирнинг ҳукмида бир йўл — сўнги йўқ,
Мен етмоқ истайман то адоғига.

Бир қилич — юракка бориб етади,
Бир олов ёқади дилни, жим турсанг.
Билмадим не сабаб бу ортиқ жафо,
Ким учун жимгина қасос олурсан.


БОЛАЛИКДАН БИР МАНЗАРА

Томимизда осилиб қолган,
Жуда гўзал ой шу ҳолида.
Кўрпалари очилиб қолган
Болакайлар ухлар ҳовлида.

Ёзнинг қиска кечаларини
Кундузларга қўшар бир одам:
Унутгандай яқинларини
Далаларда юради отам.

Бу кечанинг майин шивири
Безовта қилмас уйқумизни.
Ухлолмайди супада бувим,
Уйғотмайди ҳеч биримизни.


ОНАМГА

1

Юлдузлар йиғлабди тун бўйи, она,
Шабнам япроқларда жавдираб турар
Соғинчини айтиб тонгга жимгина
Олис уфқларга бош урар йўллар.
Йўлларнинг бошида маъюс турибди
Узоқ болаликнинг маъсум севинчи.
Эҳ, йўллардан келиб қийнайди мени
Аламдийда йиллар, йиллар соғинчи.

2

Қайдадир олисда фиғон чекар най,
Масофалар жуда узун туюлар.
Шамоллар дайдийди ўзлигин билмай,
Кўзларимда мунис бир сиймо турар.
Қуршар хотиралар қуюни секин,
Қаерга бошлайди, ахир, қаерга?
Узоқлашиб кетар мендан бу қуюн,
Аста йиқилади таниш қабрга.

3

Сассиз урилади вақт шамоллари,
Кўзларимга сокин тунлар қуйилар,
Чорлайди ҳорғин бир умид сингарн
Олис уфқларга туташган йўллар.
Ва чорлар уфқда мени бир соғинч,
Энтикиб бораман интиқ чорловдан.
Соғинчим сиз, она, соғинчим билан
Олис уфқларда учрашамиз ҳам...


* * *

Деразамда тонгнинг оппоқ нигоҳи,
Тебранади хаёл каби ўрикзор.
Менинг кўзларимга жимгина боқиб
Шундай ёнгинамда турибди баҳор.

Шамоллар йўлида ёмғирнинг ҳиди,
Зангор ўтлоқларга тўкилар ёмғир,
Менинг кўзларим ҳам ёмғирга тўлди,
Ўрикзор-чи ҳамон тебранмоқдадир.

Баҳор хаёлларнинг багрида сокин,
Баҳор хаёлларнинг бағрида гўзал.
Яна ҳам оқ бўлар тонгнинг нигоҳн
Баҳор хаёлларга айланган маҳал.


* * *

Қўшиқ айтиб ўтар бир гала қушлар,
Ҳавода қолади ажиб эҳтирос.
Болалар чопишар ерда олқишлаб,
Кичик қалбларида бир дунё ихлос.

Учар хаёллари қушлар ортидан,
Янги бир дунё кашф этиб қайтарлар,
Янги бир само кашф этиб қайтарлар,
Учар хаёллари қушлар ортидан.

Бизнинг қушлар узоқ-узоқ учарлар,
Аста тўлдиришар осмонимизни.
Ўша қушлар юксак эътиқод бўлиб
Олис-олисларга чорлайди бизни.

Бизнинг қушлар узоқ-узоқ учарлар,..


* * *

Жовдираб туради кўкда юлдузлар,
Шуълалар бағрида титрайди олам.
Самоларда мовий, мовийдир излар,
Сизни ўйласам,

Ойдинлик остида кезар шамоллар,
Хаёл деб атайман мен уларни ҳам,
Учар шамолларга айлангим келар,
Сизни ўйласам.

Гўё ёмғир бўлиб эрийди само,
Қор бўлиб оқара бошлайди олам.
Тўрт гўзал фаслга айланар дунё—
Сизни ўйласам...


* * *

Соҳилларда кузнинг сурати,
Хазонларни совурар шамол.
Кимдир менинг исмимни айтар,
Гўё кимдир чорлар беозор.

Менинг умрим сувдай югурик,
Йўқотмоқда имконларини.
Фақат мангу шамоллар тирик,
Сўзлар мангу армонларини.

Куз бағрида сўнг бўлар баҳор,
Телбаланар шамоллар бу кез.
Кимдир гўё чорлар беозор,
Мени чорлар ўтаётган куз.


* * *

Деразанг ёнида шамол ва ёмғир
Менинг мунгларимни сўзлайди шошиб
Жимжит хаёлингда бир сурат қалқир,
Узун ўйларингга кирар адашиб.

Дарахтлар шовуллар, барглар тўкилар-,,
Сенинг хаёлингда йироқ-йироқлар,
Хотирангда ҳамон бир сурат турар
Менинг юрагимни куйлар япроқлар.

Таъсир этолмаслар сенинг руҳингга,
Самода булутлар сурилар оғир.
Келолмай турибсан ҳамон ўзингга,
Деразанг ёнида шамол ва ёмғир...


* * *

Онамга

Сайҳонликда ясси тош,
жимгина ўлтирибман.
Мен сизни ўйлаяпман.

Олисларда тоғлар кўп,
ёнгинамда тоғлар бор,
Мен сизни ўйлаяпман.

Қора сочи елвагай,
учиб юрар бир қизча.
Мен сизни ўйлаяпман.

Нечун, нечун дунёда
бундай қийин доғлар бор?
Нечун, нечун дунёда
бундай баланд тоғлар бор?.

Сизни мен ўйлаяпман.


* * *

Ташқарига боқаяпмиз жим.
Дўстим, не бор сенинг дилингда?
Мен шу дам деб йиллардан ошдим
Яхши гаплар келар тилимга.

Узун йиллар ўзимни минг бор
Маҳрум этдим бахтиёрликдан.
Дўстим, сенинг дилингда не бор,
Бахтлимисан сен ҳам жимликдан?

Интизорлик мадҳиясини
Айтган билан адо бўлмайди.
Шубҳаларим йўқолмоқдалар,
Тилгинамда гаплар ўйнайди,

Ташқарига боқаяпмиз жим.
Атроф сирли хаёл сурганда.
Мен сен билан кучлиман, дўстим,
Лек бу жимлик кучли мендан-да,


ЭРТА КЎКЛАМ ШЕЪРИ

Куламан, йўлимда гуллар кулади,
Йиғлайман, кўз ёшим гўёки шабнам.
Боғлар юрагимга яқин келади,
Шу кўклам сингари ўзим ҳам шодман.

Оҳиста тўкилар ўрик гуллари,
Гўё бир йигитнинг кўнгил изҳори.
Қўлларимга олиб бахтли бўламан
Еридан хат олган қизлар мисоли.


* * *

Шафқат қила олмас ҳеч ким гуллардек
Ўзининг шафқатсиз душманларига.
Душманин қўлида бамайлихотир
Гуллардек очилиб кетолмас ҳеч ким.


* * *

Унутилган хотирани тун тўлқинлари
Юзасига олиб чиқар экан бирма-бир,
Кўрган сирли тушларимга таъбир ахтариб
Менинг тақдир китобимни варақлар кимдир.

Истамайман. Илми нужум бир ёнда қолиб
Саодатни истайман мен, лекин барибир,
Гўё ойдин кенгликларда хотиржам ёйиб,
Менинг тақдир китобимни ўқийди кимдир.

Санаймайман ҳисобимда қолган кунларни —
Бир нимани илғамоққа шошилган каби.
Санаяпман юлдузларни. Санаганларим
Туннинг баланд юзасига қалқиб чиқади.,.


ОВОЗ

Жимликда эшитилган овоз бу,
ниҳояти ожиз бир шивир,
нафасига ўхшар шамолнинг.

Яланг оёқларнинг шарпасига ҳам
қулоқ бериб турсанг, ўхшайди бир оз,

Жимлик эса гўё оч қолган одам,
Нон ушоғи каби тўкилар овоз.


ТУНДА КЕЛГАН ШЕЪРЛАР

1

Ташқарида кезар изғирин шамол,
Совуқ уриб кетди юлдузларни ҳам.
Кеч кузда очилган чаноқлар мисол
Юлдузлар жунжикиб порлайди бу дам.

Нола қиладилар балиқлар кўкка,
Улар жон бермоқда ойга кўз тикиб.
Сени адаштириб қўйдимми, Ҳасрат,
Ҳеч кимса билмаган бахтдан энтикиб?

2

Ёмғир ёғар, шамол тиним билмайди.
О, менинг шамолли, ёмғирли умрим.
Юлдузлар ҳамдардим узун тунларда,
Юлдузлар — энди йўқ кўзларнинг нури.

Ахир мен биламан, ўзлиги йўқлар
Ўзларини билиб гадойларга тенг,
Ҳар эшик олдида тиланадилар:
Менга бир кечага бошпана беринг!

3

Ёмғир, ёмғир, кимнинг арзандасисан?
Эзиб юбординг-ку, юракларимни.
Кимни йўқотдинг, айт, айтақол, ёмғир,
Синдирма дераза — тилакларимни.

Наҳотки бир ўзинг тўлдирмоқчисан
Шу кўҳна дунёнинг кемтикларини?
Ёғавер, бир куни очасан, ёмғир,
Оғриқнинг самовий эшикларини...


* * *

Атрофга боқ, кетаётган куз
Нима сўрар эртанги кундан.
Овозлар-да унга тушган из,
Нималарни тайёрлар зимдан.

Юрак тинглар, титраганча жим,
Япроқларнинг серсўзлигини.
Руҳга тинмай таъкидлайди ким
Сукунатнинг чексизлигини?

Шамол учар, тортқилар яна
Мангуликдан бу соатларни.
Ингранади садоларчана —
Сукунатнинг жароҳатлари,

Сен қарагин, ишон астойдил,
Далаларнинг ўзгарсин ранги.
Бунда юрак — энг сўнгги манзйл,
Туғён қадим, туйғулар янги.


* * *

Оқиб кетар булутлар бу кеч.
Кутилмаган ҳислар кўчкини.
Четлаб ўтмас ҳеч кимни севинч,
Қайғу эса эзмас ҳеч кимни.

Меҳр сўрган нозик кўкатдек
Юрагимни орзиқтирар Бахт.
Шамоллардан омон дарахтдек,
Ишонч билаи ўсар Муҳаббат.

Мен кираман, менинг хонамда
Ҳамма нарса сурат каби тинч.
Фақат жимжит ўша оламда
Мени жуда кутади Соғинч.

Бундай кунда ҳар бир дақиқа
Сахийроқдир узун кундан ҳам.
Сен келмайсан. Бироқ мен хафа
Бўлолмайман ҳатто сендан ҳам.


* * *

Мен сени севаман, Ватаним,
Поёнсиз қирларинг мен учун жондай,
Майли, чексиз эмас умрим, имконим,
Мен сени севаман оддий инсондай.

Йўлларингда тарих, Тўккан кўз ёшим.
Бардошим. Тошларда менинг номим бор.
Ҳар кун нур сочади сахий қуёшим,
Тилимда ўзбекча бир саломим бор.

Мен оддий аёлман ҳеч ким билмаган,
Сенга муҳаббатим, бироқ, осмондай.
Мен сени севаман ярадор жангчи
Кўкрагидан томган сўнг томчи қондай,-


* * *

Сиз бугун тушимга кирибсиз, Она,
Гўёки ёнимда эмишсиз ҳамон.
Қулоғимда қолган овозингизни
Сақлаб ётдим, уйғониб тонгда.

Чеҳрангизда аён ҳар бир чизгидан
Бир туйғу изладим, балки меҳрми?
Ва лекин тушимда ҳам англаб куйдим,
Сизни энди асрай олмаслигимни.

Дафъатан эсладим тонгда уйғониб,
Шундай Куз кунлари кетганингнзня...


* * *

Тун чўкар, бўйсуниб ул ақидага,
Чор атроф қораяр, овозсиз зикри.
Менинг ожиз фикрим тун ҳақидаги
Кундузга кўниккан одамнинг фикри.

Ой нуридан эшар ўргамчаклар ҳам
Дорларин, илинар шамол фарёди.
Бу туннинг бағрида менинг хотирам
Йўқотар нарсаси йўқ одам ёди.

Нимани кутишим
Билмайман ҳеч-а,
Бироқ ишонаман ёлғиз фикрга.
Мен учун омонат қайиқ, бу кеча,
Мангулик кўлида чайқалиб турган.


* * *

Табиат бир моҳир раққоса мисол
Билдирмай алмашар ҳолатларини.
Сездирмай сирғалиб кетади Баҳор
Рангин ўзгартади Ёз дарахтларнинг.

Табассум остига беркитган каби
Раққоса энг нозик дил сирларини,
Ёрқин манзаралар яширар биздан
Ўтаётган куннинг шивирларини.


* * *

Шундай хаёл тинчитмас мени,
Тортаверар бйр жозиб билан.
Гавжум шаҳар кўчаларида
Учрашамиз тасодиф билан.

Ўзгармаган бўлади сира
Шаҳарнинг энг таниш жойлари.
Ўтмагандай гўё аслида
Сендан айру йилу ойларим.

Яқин деразадан келади
Шунда жуда ғалати йиғи.
Сени бир оз ҳайрон қилади
Хотиранинг, Вақтнинг тортиғи.


КУЗ

Қайдан келмоқдадир бу ҳорғин қўшиқ,
Еллар синдирмоқда кимнинг кўнглини,
Ва улар кимларга қилмоқда тортиқ
Олис уфқларнинг мангулигини?

Хазонлар сингари беун тўкилган
Кимнинг юрагида босилган сирлар?
Узун йўлкаларда мағрур шивирлаб
Сўнгсўз айтаётган қайси шоирлар?

...Сийраклашиб қолган чинорлар шохин
Эркалар эртанги қишнинг нафаси.
Ва жимжит боғларга тўкилар секин
Баланд юлдузларнинг ёруғ далдаси,


* * *

Ишонгандан қаттиқ ишонар кўнгил.
Бузилмас сукутнинг тиғиз қатори.
Мени севсанг агар мен учун кўндир,
Минг биринчи мўъжизага баҳорни.

Бу ердан кетаман бир нима излаб.
Қабртошлардаги Кун ёзувлари.
Одамларнинг минг хил қарашларини
Ювади фурсатнинг оқар сувлари...

Мен эса мўъжиза кутаман сендан.
Қолган нарсаларнинг, майли, ҳаммасин
Хотиржам кузатай сўнгги йўлга мен.

Дунё — хоҳишларнинг бир қиёфаси,
Истакларнинг тирик нафаси — дунё,
Бари бир, мўъжиза кутаман сендан.


* * *

Менинг билганларим аччиқ ва чучук.
Менинг кўрганларим оқ билан қора,
Дунё — посангиси эгри тарози,
Ким ундан норози, ким эса рози.

Ҳар нарса коинот хотирасида
Узоқ сақланади, нима ҳам дейман,
Мени кўрганлар бор юз йиллар аввал
Паранжи ёпинган аёллар билан.

Нега ишонмайсиз? Сизни алдадим.
Лекин гап аслида севгимиз ҳақда.
Мени севолмайсиз, бироқ бу бахтни
Мунажжимлар кўрар юз йилдан кейин.

Менинг-чи, кўрганим ёлғон билан чин,
Менинг татиганим аччиқ ва чучук.
Умримга ўлчовмас эгри торози,
Ким ундан норози, мен эса рози.


* * *

Бу бир кунлик соғинч,
фақат бир кунлик,
Фақат бир кун яшар
менда бу бўшлиқ.
Эрта унут бўлар ҳаммаси,
эрта,
Бир кунлик дарддир бу,
бир кунлик оғриқ.
Бир кунлик тобут бу,
Бир кунлик завол.


* * *

Турналар чўкмоқда кўк денгизга,
Ҳорғин кўзларида уфқлар ёнди.
Руҳим эркалаган чақноқ юлдузлар
Ўша турналарга айланиб борди.

Нигоҳларни осди арқонларига,
Олислаб кетдилар биздан турналар.
Энди қайтмайдилар, илтижо нега?
Юрагимда маъюс умидлар ёнар.

Самолар ҳидини соғинган улар,
Чўкмоқда, чўкмоқда шул ҳидга мафтун.
Турналар, турналар...
Қайтсалар ҳамки,
Улар қалбимизга сиғмаслар бу кун.


* * *

Осмон шундай яқин,
Юлдузлар жимгина қадалар кўзимга.
Сувга тўшалади самовий ранглар,
Ранглар тўшалади босган изимга.
Юлдузлар жимгкна қадалар кўзимга.

Сокин ҳароратга тўлиб борар Май,
Саратонни соғинар боғлар.
Ойдинларда бир қуш сайрайди тинмай,
Жаранглаб кетади узоқ-узоқлар...

Саратонни соғинар боғлар...


* * *

Тилсиз само қадар сокиндир дунё,
Фақат юрагимда эзгу довуллар.
Йўлимда жимгина оқмоқда дарё,
Фақат юрагимда тўлқин шовуллар.

Жимжит қирғоқларни кездим оҳиста,
Сассиз қаршилади бош эгиб чаман.
Жимликларга кирдим нимадир истаб,
Жимликларга кирдим товушим билан...


* * *

Табиатда майин бир шивир,
Юз очмоқда нозик куртаклар.
Кезиб юрар қўшиқлар бунда,
Бу қўшиқлар мени сўроқлар.

Минг новдада минг ифор, минг ранг,
Келинчакдай сулувдир олам.
Ҳаяжонни севган юракни
Ҳаяжонлар сўроқлар бу дам.

Кўнгилларда ажиб бир сурур,
Диллар тинглар гўзал навони.
Биз куйлаган мусаффо қўшиқ
Сўроқлайди бу кун дунёни,


БОБОЛАР ХОТИРАСИ

Улар экиб кетди муҳаббатини,
Улар экиб кетди садоқатини
«Ўзбекистонман!» деб ҳайқирган
Далаларнинг чексизлигига.

Муҳаббатдек улуғ, садоқатдек буюк,
Бахмал далаларнинг руҳидек чексиз,
Ўзлигин топмоқда бизнинг дунёмиз
«Ўзбекистонман!» деб ҳайқирган
Далаларнинг чексизлигида.


* * *

Сезмадинг, жонимни ёқиб бўлди ишқ,
Теграмда рақс этди аҳзарваш кунлар,
Жисмим фарёд қилди тилаб ҳаётни,
Руҳимни йўқликдан чорлади жинлар.

Телба бир аёлнинг кўзлари билан
Боқдим бу дунёнинг омонатига.
Юракнинг қон теккан сўзлари билан
Тўловлар тўладим ишқ сарватига.

Йўлимда қалбларнинг ноласи тинди.
Самога интилган руҳлар — дарбадар.
Сен келгин, тирилган пайғамбар янглиғ
Менинг ҳаётимда бор бўлсанг агар.

Ғамлар юрагимга бошпана берсин,
Кибор орзулардан кечсин кунларим.
Бир муштипар янглиғ кўнглим сиғинсин,
Пойингда хор бўлсин ўзга ўйларим,

Шундай юрагимга қўшиқ айтаман,
Бир қадар енгилроқ кечар лаҳзалар,
Сенинг хаёлингни чорлаб қайтаман,
Сезмайсан, кўнглингда изларим қолар,


* * *

Бўм-бўш далаларни кезар куз бесар,
Кун-бакун тўлдирар камчилигини.
Ганжларга эришмоқ истаган кимса
Ана, санар ёмғир томчиларини.

Шакллар чизади булутлар кўкда,
Кунлар излаб ўтар бахтнинг кулбасин
Ёмғир томчисини санайди кимса,
Берилиб, ишониб. Ўша — мен ё сен.

Хаёл дунёларин кезар бу фасл,
Йўл излар, йўл топар, чекар риёзат.
Ироданг етмаса бахтли бўлмоққа,
Бахтсиз бўлмоққа ҳам берар ижозат.


* * *

Аввал ўзимизни севмасак эди,
Севгидан қаримас эди дилимиз.

Аввал ўзимизга боқмасак эди,
Қаровсиз қолмасди юрту элимиз.

Аввал ўт ёқмасак ўчоғимизда,
Умримиз ёнарди ҳур бир оловдан.

Аввал уйимизни қурмасак эди,
Бизга уй бўларди мана шу Ватан.


БАҲОР

Гуллаган дарахтни талар арилар
Интиқлик майини ичгаи дунё — маст,
Қувонч ҳам ўхшайди умидсизликка,
Қувонч ҳам дил учун чекланиш, қафас,

Ўт билан ўйнаган гўдаклар каби
Қизғалдоқлар билан ўйнайди шамол.
Муҳаббат ҳақида қўшиқлар айтиб
Тушингизга кирар рақибам илк бор.


* * *

Ранжимадим дўстимдан ҳам, душманимдан ҳам,
Бир дардли куй сеҳри билан алдандим гўё.
Истакларим нари қилди гуно-ҳсизлардан.
Художўйлар гуноҳини кечирар худо.
Муҳаббатнинг' номи билан қўшиқлар битдим,
Балки улар тўлдиргай деб бахтнинг камини.
Дўст-душманнинг гуноҳидан мен бирдай ўтдим
Ва тушундим шундай яшаш бахт эканини.


МЕН АНГЛАГАН ҲАҚИҚАТ

Тушун, қувончдан ҳам ёруғроқ чеҳра,
Севгидан ҳам руҳий устуворлик бор.
Тушун, айрилиқдан узун қил кўприк,
Умидсизликдан ҳам чуқур жарлик бор,
Уларни танидим ўттиз ёшимда.


* * *

Булутларда сарсон нигоҳим,
Юзларимдан оқди ёмғирлар.
Кўзимдаги суратингизни
Томиб-томиб қалқди ёмғирлар.

Дарахтларнинг шохлари оғир,
Менинг эса оғир хаёлим.
Узоқ кунлар бир сўрмадингиз,
Энди кимлар сўрсинлар ҳолим?

Ё сизни деб кетарман бундан,
Ё қуритар еллар ёшимни.
Умрим ўтар ҳали кўтариб
Улгурмасдан эгик бошимни.


* * *

Биламан, сен бахтни кўрган одамсан,
Сени қайта бахтли қилмоғим қийин.
Минг йил яшасанг-да, мени севмайсан,
Билмайман, не булар минг йилдан кейин,

Менинг қисматим шу — кутиб яшамоқ,
Умрим сўнгигача, бахтли ечимни.
Мен ўтиб кетаман, билмайман бироқ
Минг йиллардан кейин севаман кимни...


ИЗҲОР

У ёққа, бу ёққа юриб турибман,
Ҳолбуки,
ҳамроҳим — тўрт-беш оғиз сўз.
Қаёнга кетарим билиб турибман.
Ҳолбуки,
масофа — ёлғизлик.
Ўз ҳолимга боқиб йиғлаб турибман.
Ҳолбуки,
оқибат — ҳолсизлик.
Дунёнинг суратин кўриб турибман.
Ҳолбуки,
изоҳга ожизман.


СЕН АГАР...

Сен агар шоҳ бўлсанг, бўйин эгар халқ,
Истаб кўтармайди ердан бошини.

Сен агар қаландар жуббасин кийсанг,
Одамлар беради сўнгги ошини.

Ким бўлма, ўзингни ўйласанг фақат,
Ҳеч кимса эргашмас соянгдан ўзга,


* * *

Икки кўздай икки манзил ораси,
Кўнглида ҳисларнинг нотинч сояси,
Аслини сўрадим, топмадим ўзин,
Ғойибдан ғойибга кетаётган ким?

Гарчи маълум эмас қисмат ўйини,
Кўзларда шубҳалар нотинч қуюни.
Сўрадим, тополмас бирор мунажжим,
Ғойибдан ғойибга келаётган ким?

Бирдан хабар борми, бирдан ишора,
Бирдан самар борми, биридан чора?
Дўстми у, ёрми ё ғаним, билмадим,
Ғойибдан ғойибга ўтаётган ким?


* * *

Балки ушоққина жисминг бор,
Муҳаббатдан топган исминг бор.
Оллоҳ берган ўғлинг, қизинг бор,
Аёл, сенинг нурли изинг бор.

Қўлларингда бойлик, гавҳаринг —
Улуғбегинг, мунис Ҳулкаринг,
Юртга деган қўш юлдузинг бор,
Аёл, сенинг нурли изинг бор.

Бир кун келиб сен-ла юзма-юз,
Руҳинг ташлаб кетмади ҳануз.
Ишқли дунё учун сўзинг бор,
Аёл, сенинг нурли изинг бор.

Балки барчасидан аввалроқ,
Барчасидан юксак, баландроқ,
Ҳур Ватанинг, озод ўзинг бор,
Аёл, сенинг нурли изинг бор.


* * *

Тан оламан: ўрганолмадим
Ҳамон булбул куйлаган байтни.
Шеърлар ёздим, кулса омадим,
Балки топдим шунчаки пайтни.

Тутиб олмоқ насиб этмади
Бир бор ҳафтранг камалакларни.
Тан оламан: атай тутмадим
Гулга қўнган капалакларни.

Шафақ кўчган қирларга чиқиб,
Шафақ эмас, лолалар тердим.
Шоирларнинг шеърини ўқиб,
Шеър дардини юқтириб юрдим.

Бир аёлдай юрагим нолон,
Муҳаббатдан юрагим доғли.
Тан оламан, бироқ бу армон
Ҳаёт каби азиз, ардоқли.

Qayd etilgan