Kutubxona > Alisher Navoiy asarlari

Alisher Navoiy g'azallariga sharhlar

<< < (3/4) > >>

AbdulAziz:
Иброҳим ҲАҚҚУЛОВ

«ПАРИМ БУЛСА УЧУБ ҚОЧСАМ...»

Парим бўлса учуб қочсам улусдин то қаиотим бор,
Қанотим куйса учмоқдин, югурсам то ҳаётим бор.

Чиқиб бу дайрдин Исоға нечун ҳамнафас бўлмай,
Биҳамдиллаҳ, тажарруд бирла ҳимматдин қанотим бор.

Халойиқ суҳбатидин минг ғамим бордурки, муфт ўлғай,
Агар минг жон бериб билсамки, бир ғамдин нажотим бор.

Чекиб ағёрдин юз жавру тортиб ёрдин минг ғам,
Не ўзга халқдин ғайрат, не ўзимдин уётим бор.

Кечиб кўздин ёзай бир хатки, даҳр аҳлига кўз солмай,
Бу дамким кўз саводидин қаро, кўздин давотим бор.

Тилар кўнглум қуши анқодин ўтгай нари юз водий,
Мунингдек сайр этарга Қофдин ортуқ саботим бор.

Навоий, билки, шаҳ кўнгли манга қайд ўлмаса, биллаҳ,
Агар кавнайнга хошок чоғлиғ илтифотим бор.

Ҳар қандай улуғ санъаткорнинг шеърида сўз унинг ўзи акс эттирипши истаган фикр ва туйғудан бир неча ҳисса ортиқ маъноларни ифодалайди. Шунинг учун ҳақиқий шеърнинг ғоявий-бадиий таркибида ҳамиша нималардир сир бўлиб, аллақандай маъно гавҳари яширинлигича қолаверади. Энг зукко шеършуноснинг ҳам таҳлил имконияти чекланган. Чунки у ҳар қанча уринмасин, сўзнинг мажозий моҳиятини барча ранг, оҳанг товланишлари билан идрокдан ўтказа олмайди. Бирданига бир неча рамзий мазмунларни таркибига бирлаштира олган шеър — чинакам шеър. Навоийнинг ғазали шу даъвонинг ёрқин исботидир. Уни ўқигаи бугунги ўқувчи қандай хулосаларга келади. Тахминан бундай: Шоирни «улус» жуда бездирган экан-да, қанот чиқариб қочишни кўзлабди. Шоҳ унга илтифот кўрсатганида, балким у «халойиқ суҳбатидин минт ғам»га гирифтор бўлмасмиди. Бунга сабаб ўша жаҳолатли замон, адолатсиз феодал тузум ва ҳ. к. Ғазалнинг шахс ва замон ўртасидаги зиддиятлардан мулоҳаза қўзғагани яхши, албатта. Лекин бу шоирнинг қўлига қалам тутқазган асосий дард ёки бош мақсад эмас.
Туркий тасаввуф шеъриитининг буюк вакили Юнус Эмро ҳусни мутлақ ошиқлари тилидан:

Ишқинг олди мандан мани,
Манга сан кераксан, сан!
Жисмим ёнур кеча-кундуз,
Манга сан кераксан, сан!

—деб айтган. Илоҳий «муҳаббат баҳрининг ғаввоси» бўлган юрак фақат тавҳид завқига муҳтождир. Уни Ҳақдин бошқа «на борлиқ», на «йўқлик» — ҳеч нима севинтирмайди. У таҳайюл ва ваҳдат майидан маст, ҳалқу оламдан қочиб, «кўнгул тахтининг шоҳи»— Ҳақ даргоҳига учмоқ шавқида ёнади, Навоий ғазалида ҳам «Ман»ликдан кечиб, «Сан»ликка юз бурган лирик қаҳрамоннинг сирли кечинмалари, олами ғайб сори парвози тасвирланган.

Эрур мақсад йироқ, водий узун, тун тийра, йўл бўртоқ,
Бу йўлда салб этиб ўзлик юкин, ўзни сабукбор эт,

— дейди Навоий бошқа бир ўринда. Юқоридаги ғазал қаҳрамони «ўзни сабукбор» эта олгани учун ҳам «учиб қочмоқ» ниятиии очиқ изҳор қилган:

Парим бўлса учуб қочсам улусдин то қаиотим бор,
Қанотим куйса учмоғдин, югурсам то ҳаётим бор.

«Парим бўлса» демоқ билан одамда пар пайдо бўла қолмайди. «Учуб қочсам» дейиш улусдан қутулиш чораси эмас. «Қанотим куйса...» Дарвоқе, қанот иимадан куяди? Қуёш оташиданми? Йўқ, ҳусн қуёшининг нуридан. Навбатдаги байтни ўқиб англаймизки, лирик «Мен» «Парим бўлса учуб қочсам...» дея асоссиз сўзламаган экан. Унга самога учган Исо пайғамбар ўрнак. У Исога ҳамнафас бўлмоғни истайди:

Чиқиб бу дайрдин Исоға нечун ҳамнафас бўлмай,
Биҳамдиллаҳ, тажарруд бирла ҳимматдин қанотим бор.

Дайрдин чиқмоқ — бу дунёни тарк қилмоқ. Аммо «нобакор олам»дан баланд кўтарилиш учун ҳам қанот керак. Шу маънода тажарруд — воз кечиш ва ҳиммат тилга олинган.
Дийдорталаб ошиқларнинг суҳбати — илоҳий суҳбат. Улар учун, Ибн Арабий айтмоқчи, жимлик ва сукут орифликнинг олий белгиси, негаки, «билган гапирмай, гапирган билмайди». Ҳақиқий ишқ аҳлининг иқрорига кўра, «Қай ерда тинчлик бўлса, Ҳақ ила бирлик бўлар». Халойиқнинг ўткинчи манфаатларга дахлдор машмаша ва ғавғолари ана шу хаёлий бирликка халал беради.

Халойиқ суҳбатидин минг ғамим бордурки, муфт ўлғай,
Агар минг жон бериб билсамки, бир ғамдан нажотим бор.

«Халойиқ суҳбатидин минг ғам» исканжасида қолган киши нажот тилаши табиий. Аммо бу «минг ғам»дан биттасида ҳам нажот йўқ. Агар бўлганида текинга «минг жон бериб» бўлса-да, уни билиш мумкин.

Чекиб ағёрдин юз жавру тортиб ёрдин минг ғам,
Не ўзга халқдин ғайрат, не ўзимдин уётим бор.

Биринчи мисрада гап ёр ва ағёр ҳақида. Ағёр — душман ёки ғаним. У юз жавр кўрсатган бўлса ёр ёхуд дўст минг ғам етказган. Шу боис ўздин ҳам «ўзга халқдин» ҳам узоқлашилган.
«Рақиб», «ағёр» деганда биз салбий қиёфадаги инсон тўғрисида ўйлашта кўникиб қолганмиз. Ҳолбуки, тасаввуф адабиётида «рақиб» ва «ағёр» ҳақидаги фикрлар нафсга доирдир.
«Тўққиз мингдир бу нафс ҳашорати, Мудом эгурлидир аларнинг оти...» Юнус Эмро «Тўрт кишидир йўлдошим...», дейди. «Ул тўртнинг бири — жон, бири — дин, бири — имон». Хўш, охиргиси-чи? Мана, эшитинг:

Бири нафсимдур душман,
Анда савашиб қолдим...

Тасаввуф шеърияти билан чуқур яқинлиги йўқ Захириддин Муҳаммад Бобур ҳам «Шаҳвату нафс қавий душмандур». «Нафс ёғисини мағлуб этгил», нафс «Душманедур агарчи ўтру эмас, Лек бир лаҳза сендин айру эмас», дея огоҳлантирган.
Навоийнинг «Чекиб агёрдин юз жавр...», дейиши, бу — «нафси золим»га тегишли. «Ёр» эса вужуди мутлақдир. Нафсни енгиш — «ўзлик иморатин» бузиш. Акс тарзда «Не ўзга халқдин ғайрат, не ўзимдин уётим бор», дейиш ҳолатига кўтарилиш имконсиздир.

Кечиб кўздин ёзай бир хатки, даҳр аҳлиға кўз солмай.
Бу дамким кўз саводидин қаро, кўздин давотим бор.

Нега кўздин кечиб «бир хат» ёзиш керак? Фақат «даҳр аҳлиға кўз солмаслик учунми? Йўқ, албатта. «Жон кўзи» Ёрни кўриб, «Дил ондин хабар» бергач, ҳусн шоҳи жон ичин-да жойлашиб, «кўнгилни арш» айлайди. Бу — ботин кўзнинг очилиши:
«Ботин кўздир Дўстии кўрган, Бу зоҳир кўз ёбондадур...» Кўздин кечиш ва «кўз саводи»га оид ҳақиқат асосан мана шу.
Тилар кўнглим хуши анқодин ўтса нори юз водий, Мунингдёк сайр этарга Қофдин ортуқ саботим бор. Бу икки мисрада фано водийсига сайр эътиборда тутилган. Чунки анқо қушидан ҳам «нори юз водий»га ўтишга аҳли фаногина қодирлигига Навоийнинг ўзи бир ўринда гувоҳлик берган:

Уруж истар эсанг бу дайр ичинда фоний ўлғилким,
Малак узра қадам босиб ўтар аҳли фано густоҳ.

Демак, шеър қаҳрамонининг анқо манзилидан ҳам «нори юз водий»га сайр этарга соботи етарли. Ахир, унииг кўнгли «фано кучидин зўрбозу» истаётир. Ғазалнинг сўнгги байтини ўқиймиз:

Навоий, билки, шаҳ кўнгли манга қайд ўлмаса, биллаҳ,
Агар кавнайнга хошок чоғлиғ илтифотим бор.

Ниҳоят бош муддао гапирилди: шоҳнинг кўнгли шоирга мойилмас. Шунинг учун икки дунёга ҳам унинг «хошок чоглиг» илтифоти йўқ. Профессор А. Ҳайитметов ғазал шоирнинг йигитлик вақтида яратилганига таяниб, ўша шоҳ «Навоийга душманлик назари билан қараб, унга Ҳиротда кун бермаган золим Абу Саид эди. Унинг даврида Навоий Ҳиротда ниҳоятда қийналиб, бир пулга зор бўлиб, туришга уйи йўқ, ейишга овқати йўқ ҳолда яшайди... Ҳиротдаги хушомадгўй феодаллар подшонинг Навоийга муносабатининг ёмонлигиии билиб, унга нисбатан яхши қарамаганлар. Натижада, шоир юқоридаги газалда тасвирланган аҳволга тушган ва охири Ҳиротдан кетиб қолган», деб ёзади. Ғазалдаги умумий руҳ, мистик кечинмаларнинг багоят қуюқлиги, сўз ва оҳангдаги ғамгинлик шундай хулоса чиқаришга асос беради. Аммо ғазалнинг гоявий-бадиий мундарижаси бошқа мулоҳазаларни ўртага ташлашга ҳам монелик қилмайди.
Алишер Навоий ғазалларидан бирида шоҳга мурожаат этиб, ўзни «ўздин улуғроқ шоҳга ҳожатманд» билишга чақирган. Бу шоҳ—Аллоҳ. Бизнингча, газал хотимасида ана шу шоҳдан марҳамат кутилаётир. Шоирнинг икки дунёни ҳам хошокча назарга илмаслиги бир золим подшоҳнинг муносабатигагина боғланса, шеърда аксини топган илоҳий-фалсафий моҳият ўз-ўзидан майдалашади.

Югурма ризқ учун, не етса ҳақдин англаким, комил,
Не келтургил демиш, не ғайбдин етганин қайтормиш.

Навоий энг мушкул аҳволда ҳам шу эътиқодга содиқ қолганлиги ва Тангридан бошқасидан қўрқиш, шафқат тилашни гумроҳлик билганлиги шубҳасиздир.

AbdulAziz:
Нусратулло ЖУМАЕВ

САТРЛАР СИЛСИЛАСИДАГИ СЕҲР

Шеърдаги бадиият салмоғи — мазмун, ғоя ва руҳий таъсир кучини теран тушуниш учун асарнинг шаклий тузилиши, сўзлар, сатрлар аро маънан, суратан боғланиш сеҳрини илғаб олиш муҳим. Шундай таркибий тузилиш бадииятини илмда «композиция» истилоҳи ифодалайди. Барча рубобий (лирик) асарлар сингари, ғазалда ҳам композиция табиий хусусият. Санъаткор атай композиция яратмайди, муайян композиция танлаб, сўигра шу асосда асар ёзмайди. Композшшя — шакл масаласи. Ғазал бадиияти — мазмун ва шакл бирлиги, мутаносиблиги маҳсулидир. Шундай экан, ғазалнинг бўлғуси мазмуни ўзига хос композиция билан бирга бунёдга келади.
Ғазал композициясига кўра тўрт мустақил турга ажралади: 1. Мустақил байтли ғазал. 2. Якпора газал. 3. Воқеабанд ғазал. 4. Мусалсал газал. Ғазал фақат шаклий сайқалдорликкагина эмас, балки бадиий етуклик, ғоявий юксаклик ва мазмун салмоқдорлигига омил бўлувчи композицион белгиларга асосан шундай турларга бўлинади. Булар — ғазалнинг ўзига хос композицион типлари. Ҳар бир типга мансуб ғазаллар ўзига хос композицион хусусиятлари билан ўзаро фарқланиб туради.
Ўзбек ғазалиёти тарихий тажрибаларининг энг юксак натижалари Алишер Навоий ғазалиётида мужассамлашган. Унинг девонларида ғазалнинг мазкур тўрт турига оид ажойиб намуналар мавжуд. Қайд этилган типдаги ғазалларнинг энг олий нави мусалсал (силсилали) ғазалдир. Навоийиинг шундай асарларидан бирини таҳлил этишдан аввал мусалсал ғазалнинг хос фазилатлари ҳақида фикр юритайлик.
Таркибидаги лирик воқеа, манзара, фикр ва кечинма сатрлар силсиласида, даражама-даража ривожланиш хусусиятига эга бўлган ғазал мусалсал ғазалдир. Классик поэтикадаги тадриж усулининг бутун ғазал доирасида фаол қўлланиши ўша ғазалнинг ўзиға хос композицион тур — мусалсал ғазал сифатида шаклланишига хизмат қилади. Мусалсал ғазал ички тадрижий такомилга эга бўлган якпора ва воқеабанд газалга ўхшаб ҳам кўриниши мумкин. Аммо мусалсал ғазал билан воқеабанд ёки якпора ғазаллар орасига тенглик аломати қўйиб бўлмайди. Яъни, улар айнан бир турдаги ғазаллар эмас. Мусалсал, воқеабанд, якпора газаллар орасида қуйидагича тафовут мавжуд. Албатта, ҳар қандай воқеабанд ғазал замирида муайян сюжет ётади. Бу сюжет «маълум бир фабула ва ҳикоя маъносида эмас, балки фикр ва туйғуларнинг бир-бирига мантиқий равишда боғланиб келишлиги» (М. Шайхзода) тарзида тажассум топган тақдирда ҳам, у ибтидо, ривожланиш ва интиҳо босқичларидан иборат бўлади. Агар мана шу босқичлар изчил силсилалардан ташкил топса, ғазал воқеабандлик билан бирга мусалсаллик ҳам касб этадики, бу юксак санъат намунасига айланади. Демак, барча воқеабанд ғазаллар мусалсал бўлавермайди, айни пайтда, ҳар қандай мусалсал ғазаллар ҳам воқеабанд бўла олмайди. Якпора ғазаллар ҳам шундай. Қўйилган масала матлаъдан мақтаъга қадар тадрижий усулда, мисралар силсиласида ривожлантирилса, поэтик фикр ва кечинмаларнинг бундай ривожланишига поэтик образ ҳамда бошқа бадиий воситалар ҳам ҳамоҳанг бўлсагина, ғазал айни пайтда якпоралик (яхлитлик) ва мусалсаллик фазилатига эга бўлади. Мусалсаллик ғазалнинг бутун комнозициясига тегишли хусусият. Шунинг учун, айрим байтларида тадрижий такомил мавжудлигига қарамай, мустақил байтли ғазаллар мусалсал бўла олмайдилар.
Алишер Навоийнинг «Ёрдин айру кўнгул мулкедурур султони йўқ, Мулкким, султони йўқ, жисмедурурким, жони йўқ» ёки «Жонға чун дермен: «Не эрди ўлмаким кайфияти?» Дерки: «Боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати» матлаъи билан бошланувчи асарлари мусалсал ғазалнинг классик намуналаридир. Қуйида Навоийнинг мусалсал газалларидан бирини таҳлил этамиз.

Дўстлар, маҳрам деб элга роз ифшо қилмангиз,
Бошингизга юз бало куч бирла пайдо қилмангиз.

Фош қилманг роз, чунким асрай олмай қилдингиз,
Ўзгалардин асрамоқ боре таманно қилмангиз.

Ишқ асрориға тил маҳрам эмастур зинҳор
Ким. кўнгулдин тилга они ошкоро қилмангиз.

Чун кўнгулдур қалбу тил ғаммоз, махфий розни
Жон ҳаримидин бу иккига ҳувайдо қилмангиз.

Чун кўнгул тил бирла маҳрам бўлмади, ҳожат эмас
Айтмоқким, элга аидин нукта имло қилмангиз.

Саҳв этиб, чун роз дуррин сочтингиз, нозим бўлуб
Оҳнинг дудин саҳобу кўзни дарё қилмангиз.

Чок-чок айлаб кўнгулни, тилни айлаб юз тилим,
Ташлаб итларга, аларнинг ёди қатъо қилмангиз.

Менда ҳижрон дардию, йўқ васл, боре дўстлар,
Чорае гар қилсангиз, жуз жому саҳбо қилмангиз.

Чун Навоий ишқ розин асрай олмай қилди фош,
Отини роз аҳли тумморинда иншо қилмангиз.
(«Бадоеъ ул-васат», 216-ғазал)

Ғазал Навоийнинг қарилик лирикаси маҳсули бўлиб, панд-насиҳат мавзуида яратилган. Тўққиз байтдан иборат бу ғазал сир сақлаш маданиятидан сабоқ беради.
У мавзу, ғоя, мазмун жиҳатидан «Наводир уш-шабоб» девонидаги «Кимсани дард аҳли деб сирримға маҳрам айладим» сатри билан бошланувчи ғазалга жуда яқин. Қизиғи шундаки, бу ғазалларнинг бошқа хусусиятлари ҳам бир-бирига мутаносиб: яратилиш даври, ҳажми, вазни, лирик қаҳрамони бир хил. Аммо улар бир ғазалнинг турли вариантлари эмас. Қиёсий таҳлил этилганда, уларнииг ҳар бири мустақил ва оригинал ғазал эканлигини тасдиқловчи қатор фазилатлар юзага чиқади.
«Кимсани дард аҳли деб сирримга маҳрам айладим» ғазали услубан ғазалнинг шарҳи ҳол типига мансуб. Унда лирик қаҳрамоннинг ўз замондошларидан бирига сирини изҳор этгани ва бунинг оқибатида бошидан кечирган изтироблари шарҳланади. Бу ғазалда эса лирик қаҳрамоннинг ҳаётий саргузашти, унинг оқибатлари эмас, балки сир ва сирдош сақлаш маданиятига оид ҳаётий тажрибадан келиб чиққан тугал, қатъий умумлашма, хулосалар дидактик услубда ифодаланади.
Бу икки ғазални бир шоир шуурида кечган кечинмаларнинг тадрижий такомили натижаси сифатида баҳолаш, уларга бир-бирининг мантиқий давоми сифатида қараш мумкин. Чунки шоирнинг ҳаётий саргузаштлар ниҳоясида етилган хулосалари «Эй Навоий, дема сирринг кимсага...» дебон биринчи ғазал мақтаъида бошланган ва иккинчи ғазалда тўлиқ акс этган. Бу ҳолат «икки ғазал бир йўла ёзилган экан», деган фикрни уйғотмаслиги лозим. Улар шоир ҳаётининг бир даври — қарилик босқичида, лекин турли фурсатларда, турли воқеалар турткиси билан ёзилган бўлиши эҳтимол. Ғазалларнинг бири «Наводир уш-шабоб»дан, иккинчиси «Бадоеъ ул-васат» девонидан ўрин олиши ҳам балки шу билан изоҳланар.

Дўстлар, маҳрам деб элга роз ифшо қилмангиз,
Бошингизға юз бало куч бирла пайдо қилмангиз.

Бу бир маҳаллар «кимсани дард аҳли деб сиррига маҳрам айлаган» ва бундай очиқкўнгиллиги туфайли, «ўз-ўзини куч била расвойи олам айлаган» лирик қаҳрамоннинг ўз шахсий фожиасидан жамиятга бераётгаи сабоғи. Аввалги ғазалнинг«кимсани дард аҳли деб», «дема сирринг кимсага» иборалари шоирнинг муайян кишиларга нисбатангина ишончи яраланганидан гувоҳлик қилса, бу ғазал матлаъидаги «элга роз ифшо қилмангиз» сўзлари шоирнинг кишиларга ишонавериб кўп панд егани ва умуман, элга ишончи йўқолганидан кафолат беради. Иккинчи байт матлаъдаги фикрни янада кучайтиради:

Фош қилманг роз, чунким асрай олмай қилдингиз,
Ўзгалардин асрамоқ боре таманно қилмангиз.

Энди шоир инсон табиатидаги умуминсоний заифликдан огоҳлантиради. Инсоннинг ўз сирини асрашга ўз иродаси ожизлик қилса, ўзининг оғзига кучи етмаса, сирини пинҳон тутишни бошқалардан умид қилиши ақлга сиғмайди. Чунки бошқалар ҳам унингдек бир бандайи ожизда. Шунинг учун одам, аввало, ўзига ўзи пишиқ бўлиши лозим. Шу тариқа, шоир умумдан хусусга кўчади:

Ишқ асрорига тил маҳрам эмастур зинҳор
Ким, кўнгулдин тилга они ошкоро қилмангиз.

Ғазал ҳажвий, киноявий руҳда давом этади: «кимса», «эл», «ўзгалар»ни қўя турайлигу, аввал, ўз аъзоларимизни назорат қилайлик. Маълум бўладики, «расвойи олам», «юз бало»га мубтало бўлишимизнинг биринчи боиси тил экан. Чунки сиримизни илк ошкор этувчи — у. Демак, сир-асрорни зинҳор-базинҳор «кўнгулдин тилга» кўчирмаслик керак. Аммо, кўнгулга ишониб бўлармикин?

Чун кўнгулдур қалбу тил ғаммоз, махфий розни
Жон ҳаримидин бу иккига ҳувайдо қилмангиз.

Афсуски, кўнгул ҳам маҳрами асрор бўлолмайди. Чунки уни «қалб» деб атайдилар. Навоий бу ўринда, «қалб» сўзининг ўз (кўнгул) ва кўчма (қаллоб, фирибгар, нопок) маъноларидан маҳорат билан фойдаланган. Бу эса кўнгулдан қаллоблик ва фирибгарлик зоҳир бўлиши хавфидан далолат. Шундай қилиб, кўнгул — хиёнаткор, тил-сотқин («тил» сўзининг ҳарбдаги маъносиии ҳамда «ғаммоз» сўзининг сир очувчи, чақимчи маъноларшш эсланг) экан, махфий сирни жондан бу икки аъзога кўчирмаслик, уни фақат жонда асрамоқ маъқул. Акс ҳолда, «махфий сир» жондан кўнгулга, кўнгулдан тилга, тилдан «кимса»га, «кимса»дан «ўзгалар»га, «ўзгалар»дан «эл»га ўтиб фош бўлади. Қарабсизки, соҳиби асрор яна — расвойи олам.
Ғазалдаги силсилавий тасвир тил ва кўнгул тафтиши билан тугамайди. Чунки инсоннинг ички имкониятида сирни фош этувчи бошқа воситалар ҳам бор:

Чун кўнгул тил бирла маҳрам бўлмади, ҳожат эмас
Айтмоқким, элга андин нукта имло қилмангиз.

Шоир тилни сўзлашдан, кўнгулни тилдан, жонни кўнгулдан тийгандан кейин, сирни ошкор этувчи яна бир омил — имлодан (сирни ёзув орқали фош этишдан) ҳам тийилишни огоҳлантиради...
Шунчалик эҳтиёткорликка қарамай, бордию сир элга аён бўлиб қолса, шоир «Оҳнинг дудин саҳобу кўзни дарё қилмай» — шармандаликка равнақ бағишламай, хоинларни жазолашни маслаҳат кўради:

Чок-чок айлаб кўнгулни, тилни айлаб юз тилим,
Ташлаб итларга, аларнинг ёди қатъо қилмангиз.

Бу байт сир сақлаш санъати ҳақидаги мусалсал мушоҳадаларнинг — «Сир сақлаёлмайдиган вужуд — ҳалокатга маҳкум» маъносидаги изчил мантиқий якунидир.
Албатта, сирни бу қадар пинҳон сақлаш камдан-кам иродали кишиларнинг қўлидан келади. Айниқса, Навоий сингари сухан аҳлига собит совуққонлик билан сир сақлаш душвор. Чунки, шеър аҳли таъсирчан, эҳтиросли, очиқкўнгил бўлишади. Лирик қаҳрамон ўз саргузаштидаги саҳву хатони назарда тутиб: «Саҳв этиб, чун роз дуррин сочтингиз, нозим бўлуб, Оҳнинг дудин саҳобу кўзни дарё қилмангиз», дея ўзгаларга сабоқ беради.
Бу ва ғазалнинг сўнтги икки байти: «Домланинг айтганини қил-у, қилганини қилма!» қабилидаги ўгитни эслатади. Негаки, шоир ўзидаги «ҳижрон дардини» баралла изҳор этиб, «дўстлар»дан чора — «жому саҳбо» тилаб турибди. Ғазал лирик қаҳрамоннинг ўз айби — «ишқ розини асрай олмагани»га иқрор бўлиб, уни «роз аҳли» сир сақлай олувчилар тоифасига киритмасликлари илтижоси билан тугалланади. Демак, газал мундарижаси пишиқ ишланган. Ғазал сир сақлашнинг мукаммал сабоги, унга асос бўлган шахсий кечинма ҳамда оқибат-натижадан тузилган.
Ғазалнинг ғоявий моҳияти ҳаёт сабоқлари юзасидан панд-насиҳат қилишгина эмас. Киноявий тасвирдан мақсад игвогар, бадхоҳ замон ва аҳли замон устидан заҳарханда кулиш, уларни фош этиш, уларга нафрат изҳор этиш ҳамдир. Асар замондошларимиз маънавий камолоти учун катта тарбиявий, маърифий аҳамиятга эга.

AbdulAziz:
«ЗУЛФУНГ ОЧИЛИБ...»

Зулфунг очилиб, орази дилжў била ўйнар,
Ҳиндубачае шўхдурур, сув била ўйнар.

Ул шўх кўнгул лавҳин этиб тийра нафасдин,
Бир тифлдур, алқиссаки, кўзгу била ўйнар.

Ўйнай-ўйнай боғлади уйқумни фусундин,
То ғамзаси ул наргиси жоду била ўйнар.

Тонг йўқки, кўзунг бўлса кўнгул бирла мулойим,
Мажнунға ажаб йўқ, агар оҳу била ўйиар.

Бир лўлийи бозигар эрур чанбар ичинда
Холингки, ўшул ҳалқайи гесу била ўйнар,

Зоҳид била нафс этса тамасхур, не ажабким,
Ит сайр қилур вақтда тулку била ўйнар.

Муғ дайрида маст ўлса, Навоийни кўрунгким,
Бир олма киби гунбази мийну била ўйнар.
( «Бадоеъ ул-васат». 166-газал)

Навоийнинг ўрта ёш лирикасига мансуб бу ғазал шоирнинг ўрта ёшдаги бадиий камолотини, ўрта ёш гўзалликларига мафтунлигини, ўрта ёш эҳтирослари инъикосини ифодалаб турибди. Асарнииг мазмун-мундарижаси маъшуқа жамолини васф этишдан иборат. Аммо ундаги васф анъанавий тавсифий ғазаллардан кескин ажралиб туради. Ҳар бир ҳусусият васфи муайян қиёсий тасвир асосига қурилган. Зулфнинг эшилиб, силкина-силкина юз теграсида ўйноқланиши шунчаки айтиб ўтиб кетилмайди. Акс ҳолда, зулф васфи қуруққина таърифланган бўлиб қоларди. Шоир шу ҳолатга мос ҳаётий тамсил топади. Тамсил усулида сув билан ўйнаб турган ҳиндубачани зулфга муқоиса этади. Бу қиёсга ҳиндубача ва зулфнинг икки манонд белгиси — қоралиги ва шўхлиги асос бўлади. Шунингдек, бу қиёсдан маъшуқа юзининг сувдай тиниқ, мусаффо ва ҳаётбахшлиги аён англашилади.
Шоир газалнинг мазмунига мутаносиб, шўх ва ўйноқи оҳанг танлаган. Бу ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи маҳзуф вазнидир.
Ғазалнинг классик қўшиққа айланиши ва халққа севимли, машҳур бўлишида ҳам мана шу шакл ҳамда мазмуннинг бадиий мутаносиблиги боисдир.
Ғазал мураддафлиги, радифга «ўйнамоқ» феъли танлангани тасодифий эмас. Бу ҳам — бадиий мутаносиблик тақозоси. Ғазалда мазмун ва бадиий тасвир мутаносиблиги бошдан-оёқ изчил давом этади. Бу эса ғазалнинг композицион жиҳатдан якпора шаклда вужудга келишини таъминлайди.
Зулфнинг болаларга хос ўйинқароқлнги тасвири кейинги байтларда ҳам ўша маромда сақланган:

Ул шўх кўнгул лавҳин этиб тийра нафасдин,
Бир тифлдур, алқиссаки, кўзгу била ўйнар.

Ўйнай-ўйнай боғлади уйқумни фусундин,
То ғамзаси ул наргиси жоду била ўйнар.

Ҳаётий лавҳалар билан қиёслаб тасвирлаш, тамсил усули бу ғазалда услубий воситага айланган. Чунки у бутун ғазал доирасида амал қилади. Маъшуқанинг кўзи тасвирланган байтга эътибор беринг:

Тонг йўққи, кўзунг бўлса кўнгул бирла мулойиб,
Мажнунға ажаб йўқ, агар оҳу била ўйнар.

Бир қарашда, байтда кўз тасвири асосий мақсад эмасдай туюлади. Аслида эса, асосий мақсад кўз тасвири, буни шоир бевосита эмас, билвосита амалга оширади. У шундай мазмунни ифодалайди: «Сенинг кўзинг менинг кўнглим билан ўйнашгани таажжубланарли эмас, чунки мажнуннинг оҳу билан ўйнаши табиий». Бундан англашиладики, шоир маъшуқа кўзи оҳу сингари гўзал, ҳуркак, ўйноқи эканлигини, шунингдек, лирик қаҳрамон кўнглининг мажнунҳоллигиии ҳам сўзаро тасвирлаб ўтган. Ҳаётий асосларда акс этган хол тасвири ҳам диққатга сазовор:

Бир лўлийи бозигар эрур чанбар ичинда
Холингки, ўшул ҳалқайи гесу била ўйнар.

Шоир талқинича, тебраниб турган маъшуқа ҳалқаси теграсидаги хол чамбарак ичида ўйин кўрсатаётган лўливаш гўзалга монанд. Демак, васф этилаётган хол шунчалар дилнишин ва жозибадор.
Одатда, мустақиллиги билан ажралиб турадиган матлаъдан олдинги байтда шоир зоҳидга танқидий муносабатини тамсилий усулда, образли тарзда қистириб ўтади:

Зоҳид била нафс этса тамасхур, не ажабким,
Ит сайд қилур вақтда тулку била ўйнар.

Бунда ов чоғида итнинг тулки билан ўйини лавҳаси зоҳиднинг нафсга муносабатини очиб беришга хизмат қилган. Байт зимнига нафснинг тулкидек ҳийлагарлиги ҳам сингдирилган.
Ғазал ихлосмандларини жуда қизиқтириб келган тилсимлардан бири еттиичи, яъни тугалланма байтнинг мазмунидир.

Муғ дайрида маст ўлса, Навоийни кўрунгким,
Бир олма киби гунбази мийну била ўйнар.

Шарҳлашга уринсак, дастлаб байтнинг мазмуни жуда соддадек туюлади. Яъни, гўёки, «Майхонада маст бўлган чоғида Навоийни кўрасиз, у олам гумбазини қўлида бир олма каби ўйнатиш қудратига эга бўлади». Аммо байтнинг замирида бундан кўра салмоқли ва сеҳрли маъно яширингандек, шарҳдан кўнглимиз тўлмайди. Балки, байтнинг ботинида сўфиёна мазмун ётгандир. Фараз қилайлик, «муғ»—маъиавий майхона, унда маст бўлиш — ҳаққа эришиш тимсоли бўлсин. Бунда маънан Ҳақ даражасига кўтарилган лирик қаҳрамоннинг олам гумбазини бир олма каби ўйнаши (борлиқни маънавий жиҳатдан тугал англаб етиш)ни аниқроқ тасаввур этиш мумкин. Тугалланманинг фалсафий тус олиши Навоий ғазалиёти учун умумий хусусиятдир.

AbdulAziz:
«...ЁР УЗАР БУЛСА МУҲАББАТ РИШТАСИН...»

Алишер Навоий ғазалиётида бугунги инсоний, оилавий муносабатларда ҳам ибрат бўлгулик ҳаётий сабоқлар, кечинма, мулоҳазалар мужассам асарлар кўп. Мана, шундай ғазаллардан бири:

Кимки, онинг бир малаксиймо париваш ёри бор,
Одами бўлса, пари бирла малакдин ори бор.

Кеча улким чирманур бир гул била, не тонг, агар
Ғунчадек ҳар субҳ ўлуб хандон вашот изҳори бор.

Йўқ ажаб булбулға гул шавқидин ўлмоқ зорким,
Пардин ўқ жисмиға сончилғон ададсиз хори бор.

Белингу лаълинг хаёлоти била кўнглум эрур
Анкабутеким, онинг жон риштасидин тори бор.

Сунбули зулфи агар ошуфтадур, айб этмаким,
Гул юзида ётқон икки нозанин бемори бор.

Айлаб ўзни масту бехуд, чиқмасун майхонадин
Кимки, мендек давр элидин кўнглида озори бор.

Эй, Навоий, ёр узар бўлса муҳаббат риштасин,
Келмас ўлса ул сенинг сори, сен онинг сори бор.
(«Наводир уш-шабоб», 181-ғазал)

Бу асар Навоий ижодий такомилининг учинчи босқичида яратилган ва дастлаб «Наводир уи-ниҳоя» девонига киритилган бўлиб, унда етарли ҳаётий тажриба, хаёлий эмас, мавжуд турмуш кузатишлари заминида юзага келган ижтимоий хулосалар мужассамлашган. Якпора тузилишга эга бу ғазал рамали мусаммапи мақсур вазнида битилган.
Ғазалнинг биринчи байтиёқ вафо, садоқат, фидойилик каби олижаноб инсоний туйғулар билан йўғрилган. Ягона инсон муҳаббати билан яшаш, ўз севгилисига садоқат Навоий замонида қанчалар долзарб ижтимоий муаммо бўлса, бизнииг давримизда ундан ҳам муҳимроқ ижтимоий-ахлоқий муаммодир. Ўз умр йўлдошларига содиқ яшайдиган, ҳаттоки, «пари бирла малакка қайрилиб боқишдан орланадиган чин севги соҳиблари Навоийнинг юксак орзусидир. Навоий шундай ошиқона орият — одамийликнинг асосий шартларидан эканлигини алоҳида уқтиради. Бу Навоийнинг шоҳ байтларидан бўлиб, унда шоир мазмун салмоқдорлиги ва таъсирчанлигини тарди акс (терс такрор) санъатини «малаксиймо париваш» ва «пари бирла малак» шаклида маҳорат билан қўллаган.
Шоир вафо асосига қурилган ҳаётнинг инсон фароғати ва камолоти учун нақадар ижобий аҳамиятга эга эканлигини иккинчи байтдаёқ кўрсатади:

Кеча улким чирманур бир гул била, не тонг, агар
Ғунчадек ҳар субҳ ўлуб хандон нашот изҳори бор.

У оилавий фаровонликдан баҳраманд кишини тонгла гул-гул очилиб, чор атрофга чирой улашаётган, муаттар ҳидлар таратаётган ғунчага қиёслайди.
Ғазалнинг навоийвор тузилишига кўра, кўпгина асарлар мавзу ва ғояни баён этиш, уни бадиий шарҳлаш ва умумлашиш хамда хулоса чиқариш каби қисмлардан иборат бўлади. Юқорида биринчи қисмнинг ифодасиии кўрдик. Учинчи байтдан мавзу ва ғояни бадиий шарҳлаш бошланади.
Шоир юқорида севикли ёр васли ғаниматлиғи ҳақида фикр юритган эди. Энди ўша фикрни қувватлаш мақсадида гул ва булбул тимсолида айрилиқ изтироби манзараларини ҳам чизади.

Йўқ ажаб булбулға гул шавқидин ўлмоқ зорким,
Пардин ўқ жисмига сончилғон ададсиз хори бор.

Классик шеъриятимиз саҳифаларида булбулнинг гулга шайдолигини акс эттирувчи минглаб байтларни кўздан кечириш мумкин. Уларнинг аксариятида булбулнинг гулга муносабати тавсифий характерда, ахборот тарзида баён этилган. Навоий эса мазкур байтда бадиий фикрни ҳаётий тафсиллар билан асослаш йўлидан борган. Шоирнинг талқинича, булбулнинг гулга бўлган муҳаббатига унинг шайдолигигина эмас, балки ҳамдардлиғи ҳам боисдир. Гулга булбулнинг ҳамдардлиги боиси шундаки, булбулнинг жисмига пардан ясалган ўқлар каби тиканлар санчилган. Худди шунингдек, гулнинг бадани ҳам тиканлар билан ўралган. Гулнинг мана шу озурдажоилиғига куюниш булбулнинг гулга меҳрини янада кучайтирган. Бадиий фикрнинг бу қадар топқирлик ва нафосат билан асосланиши шарқ бадиияти илмида «ҳусни таълил» деб юритилган. Рамзий образлар орасидаги бундай мутаносиблик асосида реал инсоний муносабатлар ётади. Иисоннинг инсонга муҳаббати замирида ҳам маҳбубанинг фақат ташқи чиройидаи баҳрамандлик эмас, балки ўнинг маънавий оламига яқинлик, у билан ҳаммаслаклик, ҳамдардлик мужассам бўлади.
Койинги байтдан маҳбуба гўзаллигининг муайян қирралари ва гўзаллик шавқидаги муҳим кечинмалари аёнлашади:

Белингу лаълинг хаёлоти била кўнглум эрур
Анкабутеким, онинг жон риштасидин тори бор.

Тасвир дойрасига маҳбубага доир бел ва лаб, муҳибга доир кўнгул образлари тортилган. Уларнинг тасвири анкабут, жон риштаси ва тор образлари орқали юзага чиқарилган. Бадиий маҳорат ҳар қандай дағал жисм ёки ёқимсиз жооиворни нафислаштириш қувватига эга бўлади. Навоий ғазалиётида моҳирона қўлланган бундай образлардан бири «анкабут»— оддий ҳашарот ўргимчакдир. Бир қарашда, ҳеч бир ижобий хусусияти сезилмайдиган, хусусан, нафис адабиётдан йироқ бу жонивордан шоир лирик тасвирга хос қандай имконият топдийкин? Ўзи тўқиган торларда ўрмалаб юриш анкабутнинг ҳаёт кечириш тарзи. Унинг ҳаётини ўша торларсиз тасаввур қилиб бўлманди. Шоир лирик қаҳрамоннинг кўнгли-ҳолати билан анкабут, маъшуқа бели билан анкабўт торлари орасида монандлик кўради. «Бел» ва «лаъл» образларига «жон риштаси» мутаносиб келади ва шу усул билан шоир белининг ингичкалиги, лабнииг нафис-юпқалигига ишора қилади. Байтдаги образлар муносабатидан «бел ва лаъл — кўнгулнинг жон ришталари», деган фикр англашилади. Шу йўсинда ошиқ қалбнинг муддаоси назокатли тарзда англатилади.
Навбатдаги байт ғазални яратиш чоғидаги Навоий илҳоми ва санъаткорлигининг авж нуқтасидан далолат беради:

Сунбули зулфи агар ошуфтадур, айб этмаким,
Гул юзида ётқон икки нозанин бемори бор.

Шоир зулф ва кўз тасвирини яратмоқчи бўлади. Ҳайратомуз йўл тутиб, бу икки аъзонинг жонли тасвирини вужудга келтириш учун уларни бир-бирига поэтик восита сифатида хизмат қилдиради. Биринчи мисрада «сунбул» ва «ошуфта» сўзлари биланоқ зулфнинг таърифу тасвирини бериб қўя қолади. Ғазалхон маъшуқа зулфини «ошуфта сунбул» сифатида тасаввур эта бошлайди. Лекин унга сунбулий зулфнинг паришон ва ғамгинлиги боиси ноаён. Бу ҳолнинг сабабини аён этиш, демакки, зулф тасвирини янада кучайтириш мақсадида шоир кўз образига мурожаат қилади. Гул чеҳранинг сузук ва мастона кўзларини «икки нозанин бемор»га менгзайди. Яна ҳусни таълил санъатининг нодир имкониятидан фойдаланиб, зулф ҳолатини кўзлар аҳволи манзараси билан асослайди. Бу иккала мисрадаги тасвир чунонам бир-бирига эш ва чамбарчас боғлиқки, уларни бир-бирисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шоир бунда сабаб ва оқибатнинг диалектик таносубига эришган. Биринчи мисра байт бадииятидаги оқибатни ифодаласа, иккинчи мисра сабабни англатади. Навоий олтинчи байтда лирик мазмунни бадиий якунлашга ўтади:

Айлаб ўзни масту бехуд, чиқмасун майхонадин
Кимки, мендек давр элидин кўнглида озори бор.

Шоир бадиий тугалланмани ғазалнинг дастлабки қисмлари билан мантяқий узвийликда яратади. Биринчи ва олтиичи байтлардаги «Кимки» сўзи муайян тоифадаги кишиларни англатади. Илк мисрадаги «Кимки» —«Бир малаксиймо париваш ёри бор», яъни 1 — 6 байт оралиғида тасвирланган гўзаллар ишқидан баҳраманд бахтиёр киши образи. Олтинчи байтдаги «Кимки» эса — «Бир малаксиймо париваш ёр»дин ҳижрон чеккан (ўз замондошларидан озордан ўзга роҳат кўрмаган), 1—6 байт мобайнида ҳусни жамоли зуҳур этган гўзаллар васлидан бенасиб «ушшоқи зор» тимсоли. «Мен» сўзи қўлланмаганда ҳам, бу тимсол замиридаги Навоийнинг ҳаётий сиймосини таниб олар эдик. Чунки ғазалнинг навоийвор тузилиши, тасвир табиати, бахтиёр ошиқ билан «Кўнглида озори бор», «Масту бехуд» ринд қиёфасининг қиёси буни аниқ айтиб туради. Бу сатрлар ғазал мухлисларида Навоийнинг шахсий изтиробларига яна бир бор ҳамдардлик туйғуларини уйғотади.
Шоир ғазални нақадар зукко мушоҳада билан бошлаган бўлса, шунчалик теран ҳаётий ўгит билан якунлайди:

Эй, Навоий, ёр узар бўлса муҳаббат риштасин,
Келмас ўлса ул сенинг сори, сен онинг сори бор.

Бир-бирини тан олмаслик, худпарастлик, такаббурлик иллати ҳар қандай инсоний муносабатларга ҳамиша раҳна солиб келган. Шоир айрилиқ хавфидан огоҳ этади ва ўзликдан кечиб, ёр васлига сазовор бўлиш, уни қадрлашни маслаҳат кўради.
Бу назмий хулоса асрлардан бери ўзининг ҳаётий қудратини сақлаб келмоқда. У Навоий замондошлари учун қанчалик қадрли бўлса, бизиинг давримиз фарзандлари ва келажак насллар учун ундан ҳам кўпроқ сабоқ бўлгулик аҳамиятга эга.

AbdulAziz:
ЎН САККИЗ ЁШ ҲАЙРАТЛАРИ

Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур.
Не ашаб, чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур.

Деса бўлгайким, яна ҳам ўн сакиз йил ҳусни бор
Ўн сакиз ёшинда мунча фитнаким бошиндадур.

Ўн сакиз йил дема, юз саксон йил ўлса. улдурур
Ҳусн шоҳи, ул балоларким, кўзу қошиндадур.

Ҳайрат этмон ҳусни мақомдаки, ҳар ҳайратки, бор
Барчаси эзид таоло сунъи иаққошиндадур.

Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлга юз ҳайрат, ул ойнинг ичу тошиндадур.

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Бул. ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур.

То Навоий тўкти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур.
(«Бадоеъ ул-васат», 156-гаяал)

Машҳур ва манзур бу ғазал Алишер Навоий қарилик лирикаси маҳсули бўлиб, унда шоир ишқий-фалсафий мавзуда баҳс этади. Рамали мусаммани маҳзуф вазнида битилган.
Ғазал услубан таъриф-тавсиф типида яратилган. Асарнинг мақсад-моҳияти ўн сақкиз ёшдаги манзур (назарда тутилган муайян сиймо) малоҳатини васф этишга қаратилган. Лекин бу васф инсон умрининг навқирон палласи ҳамда ҳусну жамол ҳақидаги фалсафий мупюҳадалар билан йўғирилган. Ҳатто, баъзи байтларда тавсиф иккинчи ўринга ўтиб қолиб, таъриф, фалсафий умумлашма ифодаси биринчи даражага кўтарилади. Ёхуд таъриф-тавсиф баравар меъёрда, уйғун акс эттирилган бўлса ҳам, фалсафий моҳият эътиборимизни кўпроқ тортади. Чунончи, матлаъда ўн саккиз ёшли дилбарнинг сарвинозлигидан кўра, унинг шу ёшдаги маънавий-руҳий аҳволи тасвирига кучли урғу берилган. «Ўн саккиз минг олам» — турғун сўз бирикмаси бўлиб, у бутун борлиқ ўн саккиз минг оламдан иборат, деган оламнинг чексизлиги ҳақидаги афсоиавий қадимий тасаввурлардан келиб чиққан. Шоир «Сарвинозимнинг бошида ўн саккиз минг олам ғавғоси бор, аммо бунга ажабланмаслик керак, чунки у ўн саккиз ёшдадур», дер экан, биргина сарвиноз аҳволига эмас, умуман, инсоннинг ўн саккиз ёшига таъриф беради. Таъриф умуминсоний бўлганидек, назаримизда, ўн саккиз яшар сарвиноз ҳам умумлашма образ. Асарда ўн саккиз ёшли муайян инсон тасвирлангаи бўлиши эҳтимол, унинг ҳаётий сиймоси бизга маълум эмас. Балки, матлаъдаги таърифу тавсифга ўн саккиз яшар гўзал қиз эмас, баркамол бир ўспирин талъати асос бўлгандир.
Муҳтарам мухлис, Навоий йигит кишини васф этгани ҳақидаги тахминимизга дарҳол эътироз билдириш ёхуд буни нотўгри талқин этишдан сақланишингизни сўраймиз. Бу — ҳали илмда ўрганилмаган муаммо. Навоийнинг йигитлар васфида битилган ўнлаб рубобий (лирик) асарлари борки, улар турли андишалар билан «Хазойин ул-маоний»нинг 1959-— 60 йилларда чоп этилгаи Ҳамид Сулаймон нашрига киритилмаган ва халққа етиб бормаган. Бу газал ҳамда қитъалар Навоий мукаммал асарлари тўпламида босилмоқда ва энди илмий баҳоланса керак. Назаримда, бу ҳодиса Навоий дунёқараши билан боглиқ. Навоий инсонда илоҳий етукликни, илоҳда иисоний гўзалликни кўргаи. Мутафаккир ўзи сиғинган илоҳий қудрат, навқиронлик, баркамоллик, ҳайратомуз сеҳру сииоатни, жисмоний ва ақлий тенгсизликни йигитлар сиймосида тажассум эттирган бўлса, ажаб эмас. Ҳарқалай, асарга ўн саккиз минг оламни мушоҳада этишга қодир, ўн саккиз минг олам дарди билан яшайдиган, ақлу заковати ўн саккиз минг олам тилсимларини еча оладигаи, ҳусни ўн саккиз минг оламни лол қолдирадиган, ҳаяжон ва эҳтирослари ўн саккиз минг оламни ўртайдиган ўн саккиз ёшли инсон сиймоси сабаб бўлган. Эҳтимол, бу Навоий орзусидаги қомил инсондур. Дарвоқе, ўн саккиз минг олам ташвишлари билан яшайдиган ёш замондошларимиз ҳам йўқ эмас. Эсли-ҳушли, заковатли, ғайрат-шижоатли йигит-қизларимиз олдида шундай улкан муаммолар, вазифалар, орзулар турадики, уларнинг кўлами ва салмоғи ўн саккиз минг олам ошубидан кам эмас. Чинакам инсон учун ўн саккиз ёш — шундай масъулиятли давр, аслида.
Кейинги байтларда матлаъдаги ғоявий мазмун тадрижий такомиллаштирилади. 2 – 3-байтлар матлаъда васф этилган даражадаги камолотга эришган инсон етуклигининг яшовчанлипг ҳақида баҳс этади:

Деса бўлғайким яна ҳам ўн сакиз йил ҳусни бор,
Ўн сакиз ёшинда мунча фитнаким бошиндадур.

Ўн сакиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур
Ҳусн шоҳи, ул балоларким, кўзу қошиндадур.

Мазкур байтлардан бошлаб ғазалдаги лирик қаҳрамон умумлашма образликдан бир оз чекланади. Яъни, умуман ўн саккиз ёшли инсон эмас, гўё ўн саккиз ёшдаги манзур васфи давом этади. Бунда фикримизга боис ғазалнинг матлаъдан кейинги қисмида кўпроқ аёл зотигагина хос фазилатлар қаламга олинганидир. Албатта, Навоийнинг бундай ғазаллари тагзаминида илоҳий ҳусн тимсоли ҳам туришини эсда сақлашимиз керак. 3-байтдаги «ҳусн шоҳи» ибораси айнан шундан далолат беради.
Ғоявий мазмуннинг байтларда тадрижий ривожланишига тадриж усули билан бирга ружуъ санъати ҳам кўмаклашган. Шоир иккинчи байтда, «Сарвиноз ўн саккиз ёшидаки ўн саккиз минг оламга татийдиган ҳусну жамолни зоҳир этган экан, ўн саккиз минг олам можароларини бошига сиғдиролган экан, ундаги бу қобилият яна ўн саккиз йил бемалол сақланади», дер экан, учинчи байтда бу фикридан қайтади. Ўз-ўзини «Ўн саккиз йил дема» сўзлари билан инкор этиб, «Яна юз саксон йил ўтса ҳам, кўзу қошида турфа балолар жилва қилар экан, ул сарвиноз ҳусн шоҳи сифатида гўзаллик салтанатида ҳукмфармолик қилаверади», деган хулосага келади. Ружуъ моҳияти мана шу ўз-ўзини инкор этиб, фикрни кучайтиришдадир. Сарвинознинг «кўзу қошида»ги ул балолар сеҳрига келсак, бунда Шарқ ғазалиётида кўз ва қош мадҳида айтилган (масалан, кўзнинг хунхорлиги, жаллодлиги, фитнагарлиги, қошнинг шамшир каби қаттоллиги, бирининг имо қилиб, бирининг жон олиши ва ҳ. к.) ҳамма сифатлар назарда тутилади.
Шоир ақл бовар қилмайдиган даражадаги ҳусн соҳибини тасвирлаёттан бўлса-да, унинг қонуний ва табиий ҳол эканлигини иқрор этади:

Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки бор,
Барчаси эзид таоло сунъи наққошиндадур.

Чунки Навоийнинг дунёқарашича, ҳар қандай ҳайратомуз гўзалликнинг яратувчиси ва ижодкори «сунъ наққоши», яъни худодир. Ҳар бир модда, жисм, жонзот, шу жумладан, инсон ҳам бу илоҳий мавжудотнинг зарраси, бўлаги, акси янглиғ намоён. Ҳар бир чиройда тангри таоло жамоли жилваланиб туради.
Навбатдаги байт сарвинознинг ниҳоятда гўзал, аммо беқиёс бағритошлигига киноя тарзида яратилган:

Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат, ул ойнинг ичу тошиндадур.

Сарвинознинг танаси (ташқи чиройи) кумушдай товланиб, ўзига мафтун этади. Аммо бу кумуш вужуд шундай сирга эгаки, унинг ичи кўнгул яширинган тошдан иборат. Бу синоатга инсон ақли юз карра ҳайрону лол қоладики, манзурнинг сийрати суратида ҳам иамоён. Бу инсон табиати, қалб ва қиёфаси орасидаги мутаносиблик ҳамда зиддиятнинг навоийвор фалсафий ифодасидир.
Бу ғазалда ҳам, анъанадагидек, мақтаъдан олдинги байтда майфурушга мурожаат қилинади:

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Бул ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур.

Соқийга мурожаат тарзида битилган анъанавий байтлар ғазалнинг бошқа байтларидан алоҳида, мустақил маънога эга бўларди. Бу байт эса ғазалнинг олдинги қисми мазмуни билан чамбарчас боғлиқ битилган. Олдинги байтларда лирик қаҳрамон ўзининг ҳайратларини изҳор этган эди. Бунда эса Масиҳ «юз ҳайрат аро» қолганлиги ҳақида гап боради. Яъни бу кўҳна майхона (дунё) ажойиботларига лирик қаҳрамон (Навоий) юз ҳайрат изҳор қилганидан Масиҳ ҳам юз чандон ҳайрат ичида қолади. Бу ерда «хуффош»— кўршапалак образи атайин танлаб киритилгаи. Кўршапалак, яъни лирик қаҳрамон кўҳна майхона (дунё) ажойиботларини кўргунча (майхонага кириб, ваҳдат майидан қонмагунча), ғофил эди. «Эски дайр» ажойиботларини идрок этгач, кўзлари ярқ этиб очилди ва юз ҳайратга тушди. Бундай мўъжизадан жонбахш Масиҳ ҳам юз ҳайратга тушади, чунки у ўликни тирилтириши билан машҳур, кўр кўнгил кўзига нур ато этишга у қодир эмас. Мақтаъга келиб, таъриф-тавсиф ойга, қуёшга қадар кўтарилади:

То Навоий тўкти ул ой фурқатидии баҳри ашк,
Ҳар қачои боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур.

Навоий ул ой, яъни ҳусн шоҳи фироқига дучор бўлганидан (бу фоний дунёга меҳмон бўлганидан) буён йиғлайди ва кўз ёшларида ул қуёш — илоҳий талъатнинг акси мудом: жилоланиб, шуълаланиб туради. Кўринадики, дастлабки байтлар тагзаминидагина туйиш мумкин бўлган сўфиёна образ ва маънолар мақтаъгача ошкора балқиб юзага чиқди.
Матлаъда бошланган тасвир мақтаъгача изчил ривожланди. Ғазалдаги сўз, образ, ифодалар ҳам шундай ривожга мувофиқ ҳаракатлантирилди. «Ўн сакиз минг олам», «ўн сакиз йил», яна «ўн сакиз ёш», яна «ўн сакиз йил», «юз саксон йил», «ҳайрат», «ақлга юз ҳайрат», «юз ҳайрат» сўз бирикмалари ғазалдаги мазмун ва ғоянинг силсилавий тадрижини таъминлади. Натижада, асар композицияси мусалсал даражасида такомиллашди.
Ғазал юксак бадиияти туфайли шуҳрат тутди, халққа севилиб, тилдан тилга, дилдан дилга кўчди. Хонанда Берта Давидова томонидан классик қўшиқ сифатида, мақомшуносларимиз томонидан мақом куйларига солиб куйланиб, нашъу намо топди.

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

[*] Previous page

Go to full version