Нажмиддин КОМИЛОВ
ЖОН ВА ЖОНОН МОЖАРОСИ
Алишер Навоийнинг лирик асарлари жамланган «Хазоим ул маоний» девонида икки ярим мингдан ортиқ ғазал бор. Шарқ адабиётида бирор шоирга бунчалик кўп ғазал ёзиш насиб бўлмаган. Аммо гап фақат сонда эмас. Навоий қалбидан қуйилиб чиққан ғазалларнинг ҳар бири даҳо ижодкорнинг беназир санъати ва теран тафаккуридан гувоҳлик берадиган бадиий дурдона, мўъжизадир. Бу бадиий миниатюраларнинг яратилганига беш асрдан ошди, лекин кеча ёзилгандай ҳамон руҳимиз, шууримизни ғалаёнга солиб, дилларга ҳаловат бағишлайди, ўқиган сари яна ўқигингиз, байтлар қатидаги сеҳрли ва сирли маъноларни теранроқ, тўлароқ англаб олгингиз келади. Буюк ўзбек шоири салафлари ижод-хонасида камолга етган кўҳна жанрнинг имкониятларини истифода этиб, бемисл маҳорат кўрсатиш, хазоя билмас шеърий гулшанлар яратиш баробарида ўзи мустақил равишда янги ифода усулларию услублар ихтиро қилди, ижодий тажрибалар, улкан изланишлар йўлидан бориб, ғазал инкишофини баланд чўққиларга олиб чиқди.
Яхлит маъноли, воқеабанд ғазаллар яратиш улуғ Навоийнинг шундай услубий ихтироларидандир. Мақсуд Шайхзода биринчи бўлиб бунга эътиборимизни қаратган эди. Аввалги шоирларда аҳён-аҳён учраб турадиган бу хусусият Навоий ижодида изчиллик тусини олади, муайян равия, бадиий ифода тарзига айланади. Турфа инсоний ҳолатлар, воқеа-ҳодисалар тасвирига бағишланган туркум-туркум газаллар шундан далолат беради.
Яхлит маъноли ғазал радиф-сўзга урғу бериб, шоирона ваҳиятни намоён этиш, ё бирор-бир ҳодисадан таъсирланиб, ҳис-ҳаяжонни тўкиб солиш, шу воқеа моҳиятини очиш, ёхуд муайян анъанавий туркумча-тамсиллар, образ-ифодалар атрофида сухансозлик қилиш. лутф кўргатиш ниятнинг мевасидир. Чунончи, улуғ шоир жон ва жонон мавзуида бир туркум дилбар ғазаллар яратганким, шулардан бирини қуйида тўла келтирамиз:
Ҳар лабинг ўлганни тирғузмакда жоно, жон эрур,
Бу жиҳатдан бир-бириси бирла жоножон эрур.
Жоним андоқ тўлди жонондинки, бўлмас фаҳмким,
Жон эрур, жонон эмас, ё жон эмас, жонон эрур.
Бўлса жонон бордудур жон ҳам, чу жонон қилди азм,
Жон кетиб жонон била, жондин менга ҳижрон эрур.
Жон манга жонон учундур, йўқ жонон жон учун,
Умр жононсиз қатиқ, жонсиз вале осон эрур.
Борса жон жонон йитар, гар борса жонон жон кетар,
Кимсага жонону жонсиз умр не имкон эрур.
Ҳушдурур жону жаҳон жонон била, жонон агар бўлмаса,
Жон ўйлаким ўлмас, жаҳон зиндон эрур.
Жоним ол, эй, ҳажру жононсиз манга ранж айлама,
Чунки жононсиз Навоий жонидин ранжон эрур.
Ғазалда «жон» сўзи ўн тўққиз, «жонон» сўзи ўн олти марта такрорланиб келган. Бироқ бу қайтариқлар бизга нохуш туюлмайди, аксинча, кучли завқ уйғотади, шоирнинг заковати, топқирлигига қойил қоламиз, Қаршимизда ўзига хос бутун бир ғазал-тажнис, яъни бир ўзакли, талаффузи, шакли ўхшаш, аммо маънолари хилма-хил сўзлар воситасида барпо бўлган ҳайратомуз санъат намунаси. Аёнки, тажнис классик шеъриятимизда кенг тарқалган усул, лекин етти байтли ғазалда икки жинодош сўзнинг бошдан-охир ҳар гал янги маънода, янги жило, янги товланиш билан бундай занжирланиб келиши фавқулодда ҳодиса. Гўё уста заргар бир бўлак жавоҳирдан турфа тароватли марварид доналарини суфталаб, ипак ипга тизиб чиққандай. Ва лекин шу нарса ҳам эсда турсинким, улуғ шоир сўз соҳибқирони эканини кўз-кўз қилиш учунгина бу санъатга қўл урган эмас. Бу санъат замирида Навоий қалбида ҳамиша яшаб, кўкариб тургап эзгу-ардоқли фикрлар: ишқ, вафо, садоқат ҳақидаги мунаввар, муборак ғоялар порлаб диққатимизни тортади. Сўз —тафаккур хизматида, санъат — фикр ва ғоянинг кўрки, тарғиботчиси.
Бутун ғазал бўйлаб сўз додини бериб тажнисни узлуксиз давом эттириш бир санъат бўлса, буни муҳим ижтимоий-ахлоқий ғоя билан боғлаб ривожлантириш орқали гўзал бир тасвирни вужудга келтириш яна бир санъат — юксак шоирлик маҳоратининг, уйғоқ, уйғун тахайюл, табиатдай қудратли ва сахий истеъдоднинг нашъу намоси, сеҳркорлиги. Шоирнинг усталигини қарангки, байтлар бир-бири ила мантиқан пайвандланиб, етакчи, сарбон ғояни теранлаштира бориш асносида лирик қаҳрамоннинг туйғулари ҳам байтдан байтга кучайиб, унинг юрагидаги дарди, эҳтирос-ҳаяжонлари жўшиб бораверади, жон ва жонон можароси зўраяди, висол шодлигию ҳижрон азоблари, ошиқ изтироби ва ёр истиғноси орасидаги драматик зиддият таранглашади.
Ғазални шарҳлаганимизда бу хусусият янада равшанроқ кўзга ташлана боради. Аммо бу ишни бошлашдан олдин ҳамма гапларимиз келиб тақаладиган «жон» ва «жонон» сўзларига изоҳ бермоқчимиз. Жонон сўзининг жондан келиб чиққани аниқ. Лекин қандай қилиб? Балки бу «жон каби», «жонга ўхшаш» (жондан ширин) деган маъноларни англатар? Яъни: жонмонанд — жонмон — жонон тарзида бирикманинг ихчамлашиб бориши оқибатида содир бўлгандир? Форс тилида сўзни мана шундай ихчамлаб, талаффузни енгиллаштириш ҳодисаси бор. Аммо Суддий Баснавийнинг фикрича, жонон жон сўзининг кўплигидир. Маҳбубни улуғлаш, унга чексиз ҳурмат-эҳтиром билдириш мақсадида шундай қилинган бўлса ажаб эмас, чунки бу яхши одатимиз ҳозир ҳам амал қилиб келмоқда. Бундан ташқари, жонон — жонларнинг жони (жони жонҳо, жони жонон) туганмас, ўлмас жон маъносида ишлатилиб, бора-бора тилда мустаҳкамланиб қолган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда барча маъноларда ҳам жонон (муаннас шакли жонона) инсон учун энг қимматли, азиз ҳисобланган жон билан баробар қўйилгани, ҳаттоки ундаи ортиқроқ билиб, эъзозланаётгани аён бўлмоқда. Жонон — маҳбуб, маъшуқ, дилбар, дилором, санам — буларнинг барчаси ёрнинг сифат-синонимлари. Улардан ҳар бири шеъриятда ўз мавриди, ўз мақом-нисбатида қўлланиб келинган. Чунончи, жонон сўзи тилга олинганда албатта жон сўзи ҳам қўшиб зикр этилган.
Воқеан бир-бирига вобаста бу тушунчаларни яна ҳам тўлиқроқ тасаввур этмоқчи бўлсак, жон сўзининг келиб чиқиш моҳиятини ҳам билишимиз даркор. Зеро, қадимги аждодларимиз буни ҳозир биз тушунгандай талқин этмаганлар. Ҳозир биз жонни танадан ажратиб тасаввур қилолмаймиз. Жон, яъни тириклик материянинг олий даражада уюшган шакли бўлмиш биологик ҳаётнинг (демак инсон вужудининг ҳам) хусусияти деб қараймиз. Қадимгилар эса, жон бошқа, тана-жисм бошқа деб тушунганлар. Боз устига, уларнинг тасаввурича, жон, руҳ — олий неъмат, бирламчи борлиқ бўлиб, жисм қуйи хаюло — тўрт унсурдан таркиб топган бир қолип. Агар жон бўлмаса, вужуд ўзича яшай олмайди, дунё тимсоли бўлган бу «вайрона»ни жон обод қилиши мумкин. «Ошиқ дили дўстга мунтазир ва беқарор талпинганидай, жисм руҳга муштоқ ва муҳтождир», дейди «Кашфул маҳжуб» китобининг муаллифи Шоҳ Иноятулло. Алишер Навоий асарларида учрайдиган «жисми вайроним», «тан уйн», «вужуд хокистари» сингари ибораларни шу маънода англашимиз керак. Унингча, жонсиз жисм — қаро тупроқ: «Жисмдан жонсиз на ҳосил, эй му-сулмонларки, ул бир қаро туфроқдурурким, гулу райҳони йўқ». Жоннинг шоирлар кўп қўллайдиган иккинчи рамзий номи «равон» (юриб турувчи) эканини эътиборга олсак, жон жисмга қарама-қарши ўлароқ доимо ҳаракатдаги нарса деб қаралгани маълум бўлади. Шунинг учун у жисм билан курашади, ўз асли — мутлақ руҳга бориб қўшилишга интилади, дея талқин қилинган. «Жоним оғзимга келди», «жон риштаси», «жони кирди» қабилидаги халқ иборалари ҳам шу тасаввурлар таъсирида туғилган. Мазкур тасаввурлар, шу билан бирга, абадий ҳаёт ҳақидаги, Масиҳ (Исо), Хизр тўғрисидаги армонли ривоятларнинг яратилишига ҳам сабаб бўлган. Гўё Масиҳ ўз нафаси билан ўлган одамни тирилтирар, Хизр бўлса оби ҳаёт — тириклик сувини топиб ичгани учун мангу яшаб, одамларни эзгулик манбаига етаклар эмиш...
Алишер Навоий тасвирлаган ошиқнинг севган ёри худди шундай нафасли киши, унинг лаблари ўликка ҳам жон бағишлай олади, бу лаблардан ўпган ошиқ абадий ҳаёт топади. Фақат бу эмас. Жонон лабларининг ҳар бири алоҳида-алоҳида сеҳр кўрсатиш қудратига эга ва соҳирлик ишида улар ғоят иноқ-иттифоқдирлар. Қисқаси, ғазалнинг ушбу ривоятга асосланган биринчи байтининг мазмуни бундай: «Жонгинам, лабларингнинг ҳар бири ўлган одамни тирилтиришда жон ўрнидадир, улар иккови бу ишда жуда иноқдирлар». Байтдаги «жонон» сўзининг иноқ, иттифоқдан ташқари, яна бир — жонга жон, жон бериб жон олиш деган қадимий маъноси ҳам бор. Масалан, урушда фидойилик кўрсатган кишиларга нисбатан шундай дейилган. Навоий газалга бу маънони ҳам сингдира олган: жононнинг икки лаби ошиққа жон бағишлашда бир-бири билан тортишиб, баҳслашади — бири жон олса, иккинчиси жон ато этади. Ҳа, бу ёр дийдорига муштоқ, кўнгли муҳаббат бодаси-ла лиммо-лим одам учун табиий ҳолдир. Ошиқ жонон ёдида шунчалик азият чекадики, ўзининг бор-йўқлигини унутиб қўяди, бироқ жонон ҳузури, висол уни қайта ўзига келтиради, тирилтиради. Висол лаҳзасидаги бу руҳий ҳолат, қониқиш, ёр лабларидан олинган бўсанинг лаззати жонга беқиёс ҳузур бағишлайди. Жон жонон билан қовушиб, йўқ-йўқ, бирлашиб кетади. Улар орасида ҳеч қандай фарқ қолмайди: жон — жононга, жонон эса — жонга айланади. Яъни: «Жоним жонондан шу даражада тўйиб қониқдики, қайсиси жон, қайси бири жонон эканини билмай қолдим — жон бўлса, жонон қани, жонон бўлса, жон қани?» Биринчи байтнинг бевосита давоми бўлмиш иккинчи байтиинг мазмуни шундан иборат.
Муҳаббат қиёмида ошиқнинг «буду нобуду тенг бўлиб» қолиши, жонон жилвасида эриб кетиши Навоий ижодида кўп маротаба учрайдиган хуш тасвирлардан. Чунончи, шоир бошқа бир ғазалида бундай дейди: «Ёр буди ичра нобуд ўлғаменким, ўртада ўзгаликдан демаким, ўзликдан осор қолмағай». Ишқ тариқати шуки, агар бу йўлга кирган одам ҳақиқий ошиқ бўлса, у ўзини маъшуқанинг бир бўлагига айлантириши, орада «у» — «мен» деган фарқланишга ўрин қолдирмаслиги керак. Ахир, висол чоғида юз берадиган муҳаббат қиёми «Ўзни унутиш ва маҳбубдан айри тасаввур қилмасликдир» (Шоҳ Иноятулло, «Кашфул маҳжуб», 19-бет). Бу ошиқни беқарор орзиқиб кутган дам, унинг учун олий мукофот. Чунки ошиқнинг кўнгли ва жони тинимсиз равишда жононга қараб интилади, жононсиз яшашни дўзах азоби деб билади. Зотан, жононсиз жоннинг унга кераги йўқ. Жононсиз жон танни ҳам қийноқ ва уқубатлар гирдобига солади.
Жоннинг доимий суратда жононга талпиниши, висолга ташналигини инсоннинг ўз Идеалига, бутун файзу фазилати, пок ахлоқи, ички маънавий дунёсининг кўркам, нурафшонлиги билан жозибали бўлган дўст сари интилиши деб билмоқ керак. Дўст — кишининг севган ёри ҳам, эътиқод-имон тимсоли ҳам, эзгулик, адолат ва ҳақиқат ҳамдир. Яхши инсонни севиш — ҳаётни севиш, ҳаётни севиш — ҳақиқатни, ҳақни севиш демакдир. Буюк Навоий хаёлотида етилган Жонон образида бу тушунчаларнинг бари мужассам. Шу маънода жононга бўлган муҳаббат реал турмуш, муҳитдан қониқмаган, зулм ва зўрлик пажмурда этган, дунёнинг нотекис ва нотўкислигидан озурда кўнгилнинг қидирган оромгоҳи, сиғинадиган ва суянадиган ягона паноҳхонаси бўлганини унутмайди. «Хазоин-ул маоний» дебочасида шоир ўз ғазалларининг ёзилишига сабаб бўлган ҳаётий турткиларни бундай қайд этади: «Олдимга анча душворлиқлар юзланди ва теграмга анча саъб гирифторлиқлар айланди ва бошимға сипеҳр анча бало тошини отди ва ишқ сипоҳининг лагадкўби заиф пайкарим била сўнгакларимни онча оёқ остида ушотдиким, не сўзимдан хабарим, не ўзлугим билан ўзумдин асар қолди». Бу аҳволимни шарҳ этсам тушунадиган бир мушфиқ инсон тополмадим, шу боис дардларимни шеър қилиб ёздим, дейди Навоий.
Ёрга бўлган ишқнинг шиддат ва шарофатини шу тахлит камоли эътиқод билан таърифлаб келиб, улуғ шоир учинчи байтда фикрларини янада равшанроқ баён этади: «Агар жононинг бўлса — жонинг ҳам бор, агар жонон кетишга чоғланса, билгилки, жон ҳам жонон билан бирга кетади. Демак, жондан ажраласан ва ҳижрон азобида қоласан». Жон билан жононнинг ажралмаслиги ҳақидаги бу ғоя кейинги байтларда янгича қиёсланиш ёрдамида давом этади. Масалан, тўртинчи байтнинг мазмуни бундай: «Жон менга жонон учун керак, аксинча, жонон жон учун эмас. Чунки жононсиз яшаш беҳад оғир, аммо жонсиз шу маромда ўртаниб-ўртаниб изҳор яшаш беҳад оғир, аммо жонсиз умр кўриш осон». Жигарсўхта, шайдойи ошиқ кўнгил муножотини мана шу маромда ўртаниб-ўртаниб изҳор этган. Висолдан сархуш, бироқ ёрдан жудо бўлиш муқаррарлигини олдиндан сезгандай жон талвасада. Ҳижрон азобларига қайта гирифтор бўлмаслик учун жондан кечишга ҳам рози... Тўртинчи байтдаги «жонсиз умр осон эрур» жумласи бизга ғалатироқ туюлиши мумкин.
Дарҳақиқат, қандай қилиб одам жонсиз яшай олади? Чамаси, бу ўринда шоир жон баҳсининг мажозий-ботиний маъносини чуқурлаштира бориб, инсон учун маънавий ҳаётнинг афзаллигини таъкидламоқчи бўлган. Унинг назарида ҳақиқий ҳаёт маънавий ҳаётдир, зероким, жонон, кўриб ўтганимиздай, ана шу маънавий фазилатларнинг умумлашма тимсоли. Навоий сўз ўйини — тажнисдан мантиқ силсиласига ўтади: модомики, жон билан жонон бир экан, бири иккинчисисиз тасаввур этилмас экан, жонони йўқ (ишқсиз) одамлар жонсиз кишилардир. Улар тирик юрадилару лекин руҳан, қалбан ўлганлар. Шунинг учун умрлари осон кечади. Аммо энг қизиғи шундаки, шоир ўзининг бу фикридан қайтади, ахир, ишқ барча махлуқотда бўлиши шарт, ишқсиз, жононсиз, умуман ҳаёт йўқ. 6у хулоса бешинчи байтда ўз ифодасини топган: «Жон кетса, жонон кетса, жон ҳам кетади. Шундай бўлгач, жононсиз ва жонсиз қандай яшаш мумкин?»
Бу фикр олтинчи байтга келиб мазмунан яна кенгаяди, жонон фақат ошиқнинг жони билан баробар нарса бўлиб қолмай, балки «жону жаҳон»га тенг бутун мавжудотни ўз ичига оладиган тушунчага айланади. Энди ошиқ ўз жони, ўз шахсияти ҳақида қайғуриш билан чегараланмайди. Унинг учун дунёнинг барча ширинлиги, лаззати, ҳатто азоб, хўрсиниқлари ҳам жонон билан хуш, жонон билан маъноли ва зебо: «Жону жаҳон жонон билан хушдир, агар жонон бўлмаса, жон бўлмайди деганинг кам, бу кенг жаҳон зиндонга айланади». Навоий такрори бўлсада, ҳижрон оғирлигини бот-бот таъкидлаб, охирги еттинчи байтда илтижо ва тавалло оҳангини кучайтиради, ҳамда ғазални шу нафас билан якунлайди. Зору нотавон ошиқ жондан кечиш эвазига бўлса ҳам жонон васлидан маҳрум этмасликларини ёлбориб сўрайди: «Эй, ҳижрон, майли, жонимни олгин, аммо жононсиз яшаш азобини менга раво кўрма. Чунки жононсиз Навоий жонидан безордир». Маълум бўладики, таҳлил этганимиз ғазалда ошиқнинг икки ҳолати — висол лаҳзасидаги ҳаловат, жоннинг яйраши ва ёрдан ажралганда юз берадиган руҳий қийноқлар қиёслатиб тасвир этилган. Бошқача айтганда, жон ва жонон баҳси васл ҳамда ҳижрон қиёси негизига қурилган. Висолга мушарраф бўлган ошиқ бу бахтнинг абадий барқарорлигини истаб, агар жонон ташлаб кетса нималар бўлиши мумкинлигини зорланиб гапиради.
Бу — Алишер Навоийнинг айни шу газалда қўллаган бадиий усули. Жон ва жонон можаросига бағишланган бошқа ғазалларида шоир яна ўзгача санъат, ўзгача усулларни синаб кўрган. Масалан, «Қасди жоним қилди ҳажр, эй қотили хунхор, кел» сатри билан бошланадиган ғазалда жонондан ажралган фироқдаги ошиқнинг изтироблари ифодаланади. У ёрига ғойибона мурожаат қилиб, «Жон нақдини овучда ушлаб турибман, агар келсанг, йўлингга сочаман», дейди. Руҳ ҳам, жон ҳам жонон йўлига мунтазир, ошиқнинг нияти бўлса жонини жононга топшириш: «Жон етибдур оғзима, дерман лабингга топширай, лутф этиб қилғил мени жон бирла тенгсиз неъмати! Ҳаётбахш нафасли маҳбуб висолига муштоқ ошиқнинг интизорликдан жони огзига келган. Шу бетоқат жонимни келиб олгин, мени азобдан қутқар, сендан миннатдор бўламан, дейди, у. Аммо бу айни ҳолатда ошиқ учун янгидан жон топиш ҳам. Чунки Навоий васф этган маҳбуб лаби жон багишлаш қудратига эга-да! «Севингил, эй кўнгул, охирки, жисминг ичра жон келди», деб бошланадиган газал эса бунинг акси ўлароқ жонон келгандан кейинги шодлик, руҳий кўтаринкилик кайфиятини тараннум этади. Ёр бемор бўлиб ётганда ошиқнинг жони ачишиб, баттар қийиалади. Ёки ёрдан келган мактуб, ёрга юборилган нома, ёхуд ёр муждасини келтирган хабарчи кабутарлар тасвири ҳам Навоийда ошиқ қалби ҳаяжонлари билан қўшилиб кетади. Жонондан келган нома жон исини (ҳам хабар, ҳам хушбўй маъносида) келтирса, жавоб номасини ёзганда ошиқ уни жон риштаси билан чирмаб, ҳар бир сўзи, ҳарфи ёрдамида гўё қийналган жонининг нишоналарини жўнатади. Бу каби газалларда муайян образнинг чизгилари намоён, тасвир характерли деталлар асосида давом этган ва шу ҳаётий ашё — сурат таъсири натижаси ўлароқ лирик туйғулар қулф уриб, қайнаб чиқади. Хуллас, Навоийнинг воқеабанд, яхлит маъноли асарлари унинг лирик меросидаги ўзига хос ғоявий-бадиий ҳодиса, туркумлар ичидаги ҳар бир газалнииг махсус усулда битилгани эса бутунлик, гармонияга интилган муқтадор шоирона тафаккурнинг ранғин оламида алоҳида-алоҳида кўринишлардир. Шу сабабли улуғ шоир ижодининг тадқиқотчилари учунгина эмас, балки унинг асарларини ўқиб, баҳра олишни ният қилган китобхонлар учун ҳам бу хусусиятларни билиш зарур.
ТИМСОЛЛАР ТИМСОЛИ
Шарқ халқлари тафаккури тарихида чуқур илдиз отган тасаввуф таълимотини яхши билмай туриб, Алишер Навоий дунёқараши ва адабий меросини барча мураккабликлари, фалсафий теранлиғи билан тўлиқ ҳолда тўғри, ҳаққоиий ёритиб бериш мушкул. Ўттизинчи йиллардаёқ Ойбек бунга эътибории қаратган эди. Аммо, назаримда, бу масала ҳамон ҳал бўлмасдан долзарблигини сақлаб қолмоқда. Чунки ҳозир ҳам улуғ шоир асарларини «керакли» ва «кераксиз» қисмларга ажратиш, орифона маэмундаги шеърларини нашрлардан соқит қилиб, эл кўзидан яшириш, «пайқамасдан» тадқиқотларга киритмасликка мойиллик давом этмоқда. Баъзан эса, сўфиёна маъноларни англаб етмаганимиз сабабли, Навоийнинг рамзий ибора-истиораларини ҳаминқадар талқин этиб, ўқувчиларни чалғитиб келмоқдамиз. Бу ҳол Навоий даҳосини, оламининг бепоёнлиги ва улуғворлигини муаззам салоҳияти ҳам кўркамлиги билан идрок этишга халақит беради. Ваҳоланки, Навоий мероси — яхлит бир адабий борлиқ, бебаҳо маънавий хазииа. Ва яна муҳими шундаки, шоирнииг ўлмас гуманизм билан кўкарган ҳаётбахш ғоялари «дунёвий» асарларида қандай порлаб турса, биз бир чеккага олиб қўймоқчи бўлган «илоҳий» асарларида ҳам шундай куч билан нур таратиб туради. Зотан, улар зоҳирий жиҳатдан шундай, аслида эса, ботиний маънолари моҳиятига кўра бир хил фалсафий-тасаввуфий қарашлар силсиласига бориб тақаладиган ўзаро узвий алоқадор асарлар бўлиб, бирини иккинчисисиз тушуниш қийин. Бас, шундай экан, шоир асарларида учрайдиган ишқ, май, майхона, харобот, соқий, соғар, қадаҳ, хум, кўнгил, маҳбуб сингари кўпдан кўп киноя-тимсоллар, рамзий маъноли сўзлар ва улар заминида ётган яширин маьнолар асрори ҳамда унинг ижоди яхлит бир бутунликда олиб текширилиб, олам ва одам ҳақидаги мушоҳада-мулохазалари ичида шарҳлансагина, мазмуни керакли даражада очиқ ойдинлашиши мумкин. Масалан, қуйидаги ғазални олайлик:
Каманд учига еткурмас ғаму андеша айёри,
Вийик чокмиш магар майхона томин сунъ меъмори.
Хуморим заъфида каҳгил иси то етти маст ўлдум,
Сувалмишдур магар май лойидин майхоиа девори.
Тўла куб оғзи май, хуршидедур, гўё тенг очилмиш
Чекарди бу ики хуршид даврин сунъ паргори.
Май ичмиш хонақаҳ шайхи, харобот аҳли айш айланг,
Ки, чиқмиш баҳя урғон хирқасидин маблағи кори.
Кўринган мосиво буди эмас, балки намудидур,
Май устида ҳубобу мавж шаклининг намудори.
Ҳубобу мавж май таҳрикидин зоҳирдурур, лекин
Сукун топғон вужуди, майдин ўзга қайдадур бори?
Қуёш аксимудур ҳайвон суйида ё кўрунмишдур
Равоносо май ичра соқин гулчеҳра рухсори.
Фано дайрин кўнгул истарки, бир-бир пири дайр элга
Тутарда бода, шояд, журъае сунгай бизинг сори.
Навосидин фано чун ҳосил ўлди, қилгасен эй ишк,
Навоий риштаи жонин муганний удининг тори.
Хўш, бу ғазалда қандай ғоя ифодаланган? Май ва унинғ моҳиятларини таърифлашдан мурод нима?
Ўз-ўзидан аёнки, Навоий зикр этган май биз тасаввур қилган ёхуд билган ичимлик эмас. Шоир сира ҳам буни назарда тутмаган. Билъакс, ўта тақводор ва поқдомон бўлган Навоий замонасининг ишратпараст, майхўр кишиларини қаҳру ғазаб билан танқид остига олиб, шаробни «уммул чабоис», яъни барча ёмонликлар, фалокатлар онаси деб эълон қилган. «Ҳайрат-ул аброр» достонида бўлса, бадмастларнинг масхарали ҳажвий қиёфасини яратиб, уларни элга шарманда этган. Ушбу ғазалда шоир майни илоҳий ишқ — маърифат, дониш иштиёқининг авжи қиёми, Ёр жамоли мушоҳадасидан ошиқ дилида пайдо бўлган кучли завқ — илҳомнинг, беҳад хурсандлик, сурурнинг рамзий ифодачиси сифатида қўллаган. Хумор бўлиш, майпарастлик ҳам бу ерда шунга мувофиқ. Бу буюк нур чашмасидан ҳузурланиш, висол бехудлиги, ҳаёт табиат зеболиги ҳамда ақл ва тафаккур етмайдиган, аммо кўнгил билан ҳис этиладиган Мутлақ руҳ мўъжизоти жилвасидан баҳрамандлик ва шунга талпиниш сархушлигидир. Чунки Навоий эътиқод қўйган фалсафий таълимотга биноан, олам азалий ва абадий ягона руҳнинг ўз-ўзини севиб, ўз жамолини томоша қилиш истагидан пайдо бўлгаи кўзгудир. Вирламчи қудрат порлашидан таралган нур бу кўзгуда акс этади, яъни моддий дунёдаги жамики мавжудот ва маҳлуқот — заррадан қуёшгача, еру кўк, собуту сайёра шу иур билан ёритилади, шу нур туфайли ҳаракатланади, муайян уйғунлик ичра ривожланиб туради. Бу илоҳий тажаллини шоирлар май тимсолида қабул қилганлар. Моддий дунё эса, шу тасаввур бўйича, жом ёки қадаҳдир. Дунёнинг ранго-ранг товлаиишлари, ўзгариш, янгиланишлар, табиатнинг турфа сиру асрори, ҳодиса-ашёлари, баҳорий уйғониш, чунончи, дарахтларнинг кўкариб, гуллаб мева боғлаши, дашту даранинг ўт-ўлан билан қопланиши, қушлариинг маст бўлиб сайраши, борингки, ҳаётнинг барча нашъу намоси, гуркираб кўринган иафосат тўфони шу май уммонининг мавжланиши, кўпириши деб тушунтирилган. Инсон ҳам мазкур кўзгунинг бир бўлаги, лекин руҳи мутлақ энг кўп акс этган ҳилқат. Чунки у холиқиятнинг сарвари ва ганжи гавҳари, яъни «икки олам истеъдодииинг жамулжами» (Бедил). Инсон руҳи шу боис тинимсиз равишда ўз манбаига қараб интилади. Бу интилиш дунёнинг ўзини идрок этиш ва ўз-ўзини англаб етиш орқали содир бўлгани сабабли инсон олам ҳодисалари гўзаллигини мушоҳада этиб, чексиз ҳайратлаиади. Ҳайрат эса ашё-ҳодисаларни билиб олиш қизиқишини кучайтиради. Шу тариқа, киши моҳият-ҳақиқатни билиш иштиёқи билан ёниб, борган сари кўпроқ ташвиш-тараддудда бўлади. Инсоининг бутун ҳаётий фаолияти, ижод ва яратувчилик қобилияти, кашфу каромати ва файзу фазилатлари шу ишқнинг қудрати деб талқин этилгая.
Аммо инсон табиати икки асос — руҳий ва моддий олам унсурларидан таркиб топгани учун улар орасида кураш боради. Агар моддий асос бўлмиш жисм талаблари кучайса, у ҳирс ва шаҳват, ҳайвоний нафс домига гирифтор бўлиб, борган сари тубанлашади. Бу хавфнинг олдини олиш учун киши доимий равишда руҳий-маънавий эҳтиёжларини қондириб бориши, шу жиҳатни тарбиялашга бел боғламоғи даркор. Бу ишда унга ўзидан кўра комилроқ инсон — пир раҳнамолик қилади. Пир ёки ориф деб тасаввуф аҳли донишда етук, маърифат нури билан қалби лиммо-лим, пок ният, покиза аҳлоқли, закий одамни назарда тутганлар. Навоий назарида Жомий ана шундай шахс бўлган. Бундай шахслар ҳаммавақт эзгуликни ўйлаб, ўзига эргашган одамларии қалб саховати билан тарбиялаганлар, уларнинг иродасини чиниқтириб, кўнгил чашмасининг кўзини очиб, оламни янгича тушунишга, ҳақ йўлни ҳимоя қилишга ўргатганлар. Юқорида келтирганимиз ғазалда шу маънолар ифодаланган. Буни муайян изоҳлар билан шарҳлаб, тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Ғазалнинг биринчи байтидаги ғаму андеша айёри, сунъ меъмори, каманд, майхона каби сўз ва бирикмалар изоҳга муҳтож. Каманд шеъриятда аксар ёр сочи ўрнида истиора сифатида қўлланилади. Бироқ бу ўринда Навоий унинг асл луғавий маъноси — арқонни назарда тутган. Ғаму андеша айёри — ақл тадбиркорлиги, ақлу ташвиш тадбири деган маънони беради. Майхона эса «шавқу завқ ва илоҳий маърифат тўлиб-тошган комил инсон — орифнинг ботиний дунёси ва руҳи мутлақ манбаидир». (Саййид Жаъфар Сажжодий. Мусталиҳоти урафо. 392-6.) Сунъ меъмори — худо. Энди байтнинг мазмунига келсак. Алишер Навоий баланд иморатлар, сарой ва қалъаларнинг кунгурасига арқон ташлаб, тирмашиб том устига чиқиш одатига ишора қилиб, дейди: «Азал меъмори — худо майхона томини шунчалик улуғ ва баланд қилиб қурган эканки, фикру ташвиш тадбирининг арқони унинг кунгурасининг учига етмайди». Шоирнинг таъкидича, ақл ва тадбир билан майхона қалъасини забт этиш мумкин эмас. Нега? Чунқи ориф қалбининг маърифати ва у орқали илоҳий руҳ манбаининг беқиёс гўзаллигини идрок этишга (шуни айтиш керакки, Навоий ибора-тимсолларида ҳар доим икки маъно — ориф қалби ва руҳи мутлақ биргаликда кўзда тутилади, зеро ориф қалби олий зотманбаига олиб борадиган бир восита, кўприк деб қаралган) фақат қалб ва руҳ қодирдир; ақлий мушоҳада, мантиқий-тафаккурий билиш усули бунга қобил эмас. Маълум бўладики, Алишер Навоий ғазалнинг матлаиданоқ тасаввуф тариқатининг асосий талабларидан бирини баён этган. Бу талаб тариқат йўлига қадам қўйган одам учун биринчи жиддий мушкулот ҳам эди, чунки ақлу ҳуш қудрати етмайдиган нарсага кўнгил майли билан эришиш — руҳий иродани қайтадан қуриш, ўзини ўз виждони, эътиқоди олдида жавобгар ҳисоблаб, қаттиқ назорат остига олиш, жуда кўп дунёвий ҳавас-хоҳишлардан воз кечиш демакдир. Майхона қасрининг буюклиги олам сиру асрори, ажойиботлари, ҳодиса-воқеаларининг беҳад кўплиги, уни билиш, моҳиятига етиш қийинчилигидир, айни вақтда саркаш нафс қутқуларини енгиш, юксак ахлоқли одам бўлиш машаққатларини ҳам англатади.
Иккинчи байт биринчи байтдаги фикрни давом эттиради: ғолиб (ёки ошиқ) ақлу тадбир билан комил инсон мартабасига кўтарилишига — майхонани забт этишга кўзи етмагандан кейин, бу бинонинг деворларини ҳидлаш билан қаноатланади.
Яъни пирнинг муҳитига яқинлашиб, унга қўл бериб, дастлабки насиҳатларини эшитишдан баҳра олади. Майхона девори шундай қилиб, пири комилнинг муҳити, ташқи, зоҳирий дунёсидир. Иккинчи тарафдан, бу — бизни ўраб олган моддий дунё ҳам. Чунки қалъа ичидаги руҳ манбаини идрок этиш, аввало қалъа деворлари — дунё ашёларини ўрганиш, хаёл, сезгилар орқали унинг моҳиятига етиб бориш билан амалга ошади. Заъфи хумор — кайфнинг тарқала бошлаши, ишқнинг вақтинча сусайиши, ҳақиқатга шубҳа билан қараш, шубҳаланиш лаҳзасини билдиради. Каҳгил-сомонли лой. Май лойи — шароб қуйқуми, дунё мулки, ҳирсий иштиёқлардан ҳали покланмаган руҳ тимсоли. Алҳосил, байтнинг мазмуни қуйи-дагича: «Майхона деворини май лойи билан шуваганлар шекилли, хуморим тарқалганда димоғимга сомонли лой ҳиди уриб, яна маст бўлдим». Ёки: «Муҳаббатим вақтинча сусайганда (кўнгилда шубҳа туғилганда), пирга яқинлашганим сабабли шубҳаларим тарқалиб, қалбимда ишқ яна аввалгидай алангаланди». Пирнинг ички олами унинг нутқи, ҳаракатлари, кароматида зуҳур этганидай руҳи мутлақ ҳам дунё гўзаллигида жилваланиб, кишини мафтун этади. Орифнинг завқи салиқаси, нозикфаҳм заковати дақиқ маънолар магзини осон чақиб, мушкул масалаларни ички бир фаросат билан ҳал қилиб бера олади. Бу худди қадаҳдан томган май томчилари каби ошиқ дилига ҳикмат нури бўлиб қуйилади. Шу маънода тасаввуф аҳли хум, хумхона, соғар, жом, майкада деганда ҳам орифнинг пурфайз жозиб юрагини тушунганлар.
Учинчи байтда биз тушунмайдиган учта сўз бор. Булар: куб, хуршид, паргор. Куб — шароб сақланадиган хум, мажозий маънода, боя айтганимиздай, орифнинг кўнгли ва руҳи мутлақ. Хуршид — қуёш. Паргор — доира чизадиган асбоб — (циркуль); баъзан йўл-йўриқ, чора-табдир маъносида ҳам қўлланилади. Шунга кўра, учинчи байтнинг маъносини ҳозирги тилимизда қуйидагича изоҳласа бўлади: «Оғзигача май тўлғазилган хум худди қуёшга ўхшайди, гўё оллоҳнинг доира чизгичи бу икки қуёшнинг (яъни фалак қуёши ва май хумининг) гардишини чизганда бир пайтда баравар очилгандай». Ёхуд: «Май хуми билан қуёшнинт тарҳи бир хил, улар бирга бир вақтда яратилган ўхшаш нарсалардир». Шоир айтмоқчи, қуёш ҳам май хуми, яъни бирламчи манбаъдан нишона. Шунинг учун улар бир-бирининг мавжудлигини исботлайдилар — қуёшнинг далили қуёш. Май хумини қуёшга ўхшатиш билан Навоий ориф қалбининг саховати, карамининг бепоёнлигини таъкидламоқчи, зеро қуёш ўз ҳарорати, зиёси билан оламни мунаввар этгандай, ориф қалби ҳам ошиқларни фаровон баҳравор эта олади. Бундан ташқари, бу ерда толибнинг зоҳирий мушоҳададан (майхона деворини ҳидлаш) аста-секин ботиний маъноларни англаш сари бораётгани, бундан ҳайратланаётгани ҳам ўз ифодасини топган.
Тўртинчи байт шарҳи. Хонақоҳ — сўфийлар йиғилиб, важду самоъ билан шуғулланадиган жой. Харобат сўзининг луғавий маъноси вайрона, шаробхона бўлсада, аммо тасаввуф аҳли истилоҳида инсон жисмининг хароб бўлиши — қаноат, фақр йўлига кириб, ҳайвоний нафслар, кераксиз, ёмон хулқ-одамлардан қутулиб, ўзни хоксорлик, камтаринлик рутбасига солишдир. Хароботийлар, яъни риндлар «майхона тараддудидан бехонумонлиғи ва паймона тааллуқидан бесарусомонлиғи» («Маҳбуб-ул қулуб») билан машҳур. Улар учун «тожу тахт туфроғ билан тенг», ҳамма нарсадан фориғ, ёлғиз ёр ишқида сармаст. Ҳирқа-сўфийлар киядиган йиртиқ, жанда кийим. Бундан ташқари, инсоннинг бадани, сурати ва ашёлар олами ҳам. Бахя — ямоқ, жияк. Маблағи кори — ишининг натижаси, аҳволи, бор-буди демак. Хуллас, байтнинг мазмуни бундай: «Хонақоҳ шайхи май ичибди, яъни унинг кўнглида илоҳий нур порлаб, бу ҳузурдан сархуш бўлибди. Эй ошиқ хароботийлар, сиз ҳам бу хабардан хурсанд бўлиб, важд-ҳолга тушинг. Кўрмайсизми, шайхнинг аҳволи унинг жанда тўнининг йиртиқларидан маълум бўлди, яъни ботиний олами юзага чиқди, маърифат нури шуълаланди». Байтнинг иккинчи сатрида сўфиларнинг ўз жамоалари мажлисида жазава хуружида рақсу самоъга тушиб, кийимларининг чок-чокидан сўкилиб кетишига ишора бор.
Бешинчи ва олтинчи байтларда шоирона ифода-тимсоллар орқали қадимги ва ҳозирги фалсафанинг учта муҳим категорияси тушунтирилган. Булар моҳият ва ҳодиса, мазмун ва шакл, жузъ ва кулл (яккалик ва умумийлик) категорияларидир. Бироқ фалсафий категориялар ҳақида гапиришдан олдин нотаниш сўзларнинг маъносини билиб олишимиз керак. Масалан, мосиво — ғайр, ўзга, ундан бошқа деган маъноларни ифодалаб келади. Мазкур фалсафий-тасаввуфий истилоҳнинг моадо деган иккинчи атамаси ҳам бор. Навоий девонининг биринчи ғазалида шу сўз ишлатилган. Шарҳланаётган ғазалимизда эса, шоир мосиво деб моддий борлиқ, яъни дунёни назарда тутган. Чунки дунё мутлақ руҳ билан инсон орасида, яъни қалб билан «у» орасида ғайр, бегона бир тўсиқ, ўзгаликдир. Шу каби ошиқ билан маъшуқ орасида парда бўлиб турган жисм, бадан ва унинг эҳтиёжлари ҳам ўзгадир. Шарқ шоирлари асарларида учрайдиган Рақиб — севишганларни ажратиб турувчи шахс шу хусусиятларни ўзида жамлаган образ бўлиб гавдаланади. Бешинчи байтдаги буд — асос, ҳақиқий мавжудликни, намуд — кўриниш, шаклий белгиларни англатса, хубоб — сув ва бошқа суюқликлар юзасида пайдо бўладиган пуфакча. Бу сўз мавж билан биргаликда ҳаракат, моҳиятнинг зуҳуротини билдиради. Энди бешинчи байт мазмунини қайд этиш мумкин: «Кўзга ташланган нарсалар (ўзгаликлар) зоти азалийнинг ҳақиқий моҳиятини англатмайди, шу сингари пуфакча ва тўлқин майнинг ўзи эмас, балки шаклий ифодасидир»; Ёки бошқача қилиб айтсак: «Май устидаги пуфак ва мавж майнинг моҳиятини акс эттирмаганидай, «у»дан бошқа кўринган ашёлар «у»нинг борлигини — мавжудлигини белгиламайди, улар ташқи белгилардир, холос».
Шундай қилиб, ташқи дунё ва ундаги нарсалар моҳият эмас, балки ҳодисадир. Моҳият — руҳи мутлақ ёки ориф кўнглидаги маърифат. Айни вақтда, моддий дунё — шакл, руҳ эса — мазмун. Инсон ҳодиса ва шаклларга маҳлиё бўлмаслиги керак, унинг мақсади ва вазифаси моҳият-мазмунни билишга қараб бориш. Демак, тасаввуфда дунё Мутлақ руҳ билан инсон орасида тўсиқ деб ҳисоблансада бироқ, барибир, дунёни билиш шарт қилиб қўйилган, дунёни билмасдан туриб, моҳиятни (ҳақни) идрок этиш мумкин эмаслиги тан олинган. Шу тариқа, ҳодиса моҳиятни билиш йўлида имтиҳон, чунки у ранг-баранг ва хилма-хил. Шарқ файласуфлари бу миқдорий кўпликни асмо (исмлар), ашё (нарсалар), сифот (сифатлар), имтиёз (фарқлар), афъол (ҳаракат-фаолият), важҳ (юз, жиҳат) ва бошқа истилоҳлар воситасида тавсиф этиб келганлар. Миқдорий хилма-хиллик, мантиқий равишда, жузъият ва куллият, яъни тур ва жинс тушунчаларини келтириб чиқаради. Жузъият (тасаввуфчилар буни касрат ҳам деганлар) куллиятга, яъни ваҳдатга зиддир. Шундай бўлгач, уларнинг хусусиятида ҳам қарама-қаршилик мавжуд: ваҳдат — бирламчи қудрат, турғун, ҳаракатсиз жавҳар (субстанция) бўлса, касрат — тафсилийлик, доимий ҳаракат, ривожланиш қонуниятига тобеъ. Демак, майнинг мавж ва пуфакчаларини томоша қилиш, мушоҳада этиш билан чегаралаимасдан, худди ҳодисадан моҳиятга қараб борилгандай, касратдан ваҳдатга қараб бориш ва шу асосда бирламчи қудрат нафосатини идрок этиб, ҳузурланиш мумкин. Ғазалнинг олтинчи байтида бу фикр очиқроқ ифодаланган (бунда таҳрик — ҳаракат, сукут — турғунлик, тиниш): «Пуфак билан тўлқин майнинг ҳаракати, тажаллусидир. Бу ҳаракат тингач, тиниқ майнинг тоза вужудидан бошқа нима қолади?»
Бу вужудни идрок этган киши Ёр ҳузурига мушарраф бўлиб, фано мартабасига яқинлашдиким, ғазалнинг еттинчи байти шу хусусдадир. Ҳайвон суйи деб гўё одамзод ичганда абадий умр топадиган афсонавий ер ости мамлакатнинг чашмасини атаганлар. Тасаввуфда у ишқ-муҳаббат булоғи, ҳақиқат нурининг манбаини англатади. Байтнинг мазмуии эса бундай: «Ишқ чашмасида ёки ҳақиқий нур манбаида кўринган қуёш аксими ё жонга ўхшаш май ичида азал соқийсининг гулдай зебо юзи намоён бўлганми?» Соқий сўзи ҳам бу ерда рамзий маънога эга, яъни мутлақ файзиёт, маърифат булоғи демак. Майда ёр жамолини кўриш, май идишини қуёшга ўхшатиш Навоийнинг севган образларидан. «Ашриқат мин акси шамсул каъси анворул худо, ёр аксин майда кўр деб жомдин чиқди садо» — чиқаётган қуёш косасининг аксидан ҳидоят нурлари порлаб кўринди, жомдан ёр жамолини майда кўр, деган садо чиқди. «Хазоин-ул маоний» девони мана шу байт билан бошланади. Шоир назарида ловуллаган олов қўраси — муаззам офтоб ҳам ўша буюк илоҳий қудратнинг инъикоси, мавжудотни ҳаракатга келтирувчи май “тўлғазилган жом, унинг порлаши эса — ёр жамоли”.
Ёр жамолини кўрган ошиқ мақсадга эришиб, фано водийсига кириб боради. Ғазалнинг охирги икки байти шу маънони ифодалашга хизмат қилади. Саккизинчи байтдаги дайр аслида насронийлар ва оташпарастлар ибодатхонасининг номи, мажозан эса майхона, дунёдир. Дайри фано – ҳайвоний нафсдан қутулган, руҳан тирик, маънавий жиҳатдан етук кишилар мажлиси, уларнинг ботиний олами, Навоий бу байтда маънавий ҳақиқатларни кашф этган одамлар ҳузурини қўмсаш, улар хизматидан баҳра олиш туйғусини ифодалаган. Шунинг учун у пири дайр деганда ҳам эзгулик ва карам дарёсининг тимсоли комил инсонни кўзда тутган. Алҳосил, байтнинг мазмуни: «Юрак майхона истайди, чунки унда пири комил кишиларга сабоқ бермоқда, шояд менга ҳам шу май шуъласидан бир насиб этса». Ёки: «Кўнгил жисм, вужуд йўқоладиган, фано бўладиган макон истайди. Чунки унда камолот ва етуклик тимсоли маънавий шайх ҳақиқат файзидан элга бир-бир бода тутмоқда. Зора, у бу ҳикмат ва дониш шаробидан менга ҳам бир қултум узатса».
Тўққизинчи байтга келсак, бунда иккита сўз ўзак маъно ташийди. Биринчиси — наво. Навонинг маънолари кўп. У мусиқа, куй, оҳанг, шу билан бирга мунтазамлик, тартиб-интизом, симметрия, низомия, нафосат тушунчаларини қамраб олади. Агар бу маъноларнинг ҳаммасиии бир жойга йиғсак, наво умумбашарий, умумжаҳоний оламнинг яхлит уйғунлигидан иборат олий гўзалликни ифодалаган бўлади. Модомики шундай экан, ягона руҳий қудратнинг мунтазам ҳаракати, созкорлиги қайдида қалбнинг шукру шукуҳи, ором ва осойишталиги ҳам наводир. Алишер Навоий, шубҳасиз, охирги байтда қалб ороми, ички руҳий қониқиш нашидасини тасвирлаган. Бу нашида шоир юрагида бир муаззам куй бўлиб янграган ва муғанний (иккинчи ўзак сўз) тушунчаси билан боғланиб кетган. Муғанний — чолғувчи дегани. Бу ўринда эса у узлуксиз ёғиб турувчи нурфайзнинг навосини етказувчи, шу неъматдан огоҳ этувчининг тимсолидир. Куй каби оқиб келадиган ушбу нур қалбни роҳат-фароғатга ғарқ этади. Байтнинг насрий таржимасини келтирсак, фикримиз янада ойдинлашиши мумкин: «Эй ишқ, буюк жаҳоний уйғунлик нури навосидан, сафо нашидасидан қониқиш муяссар бўлди, энди Навоий жонининг ипини шу нурни ёғдирувчи чолғувчи асбобига тор қилгин, яъни ўша буюк нур риштасига улаб юборгин». Ёки: «Эй ишқ, маҳбуб жамолини кўриб, ўзликдан батамом хориж бўлдим — мақсадга етдим, висол куйи вужудимни оғушига олди. Энди Навоийнинг жонини жонон нурининг тарамларига боғла». Бу ерда шоир тахаллуси билан байт мазмуни ўзаро уйғунлашиб, ажойиб сўз ўйини ҳосил бўлганини кўрамиз. Шу нуқтада шоирнинг ҳар икки тахаллуси (Навоий ва Фоний) маъно жиҳатидан бир-бирига яқин эканлиги ҳам маълум бўлади.
Улуғ шоирнинг фалсафий мушоҳадаси мана шундай чуқур ва қамровли. Коинот ва инсон унинг назарида яхлит бир бутунликни ташкил этади, бир қонуният билан бошқарилади. Инсон бу қонуният сирларини руҳ кучи, алоҳида ҳиссий тасаввурлар теранлиги билан билиб олиши даркор.
Хуллас, мазкур ғазалда мажозий тимсоллар ёрдамида тасаввуф фалсафасининг билиш назарияси ифодалаб берилган: аввал оламни билиш мушкуллигидан қўрқиб саросимага тушиш, ҳайратланиш, кейин ташқи дунё нарса-ҳодисаларини мушоҳада эта бошлаш, зоҳирий мушоҳададан аста-секин моҳиятни идрок қилишга ўтиш. Моҳиятнинг улуғворлигини ҳис этиб, руҳий-тафаккурий қониқиш туйиш. Бу жараён уч босқичга ажратилиб, илмул яқин, айнул яқин, ҳаққул яқин деган махсус терминлар билан белгиланган. Яқин — исбот талаб қилинмайдиган шак-шубҳасиз ҳақиқат. Айн — чашма, кўз, ҳар нарсанинг асли, зот. Тасаввуф назариётчиларидан Абдураззоқ Кошоний бундай дейди: «филжумла, сўфийлар ақидасига мувофиқ маънавиятни билиш уч хилдир: илмул яқин, айнул яқин ва ҳаққул яқин. Аввалги ҳолатда одам маълумни ақлий далил, ҳужжат келтириш билан дарк этади ва иккинчи ҳолатда билиб олинган, исботланган маълумни мушоҳада этади ва учинчи ҳолатда ҳақиқатни дарк этишга етади». (Абдураззоқ Кошоний. Масобиҳ-ул ҳидоя, 52-бет). Бу бамисоли қуёш шуъласи ва ҳароратини далил келтириш билан исботлаш (илмул яқин), қуёш жисмини кузатиш билан аниқлаш (айнул яқин) ва қуёш вужудинииг мусаффо нурдан иборат эканини қалбан идрок этишдай (ҳаққул яқин) гап. Қаширий деган олим назарида эса «илмул яқин — ақл аҳли учун, айнул яқин — илм арбоблари учун, ҳаққул яқин — орифлар учундир». (Қаширий. Кашф-ул маҳжуб, 497-бет). Демак, бу фалсафий қарашга мувофиқ, ҳақиқат тажрибадан олдин мавжуддир, мантиқ кучи билан эмас, балки ҳис — руҳ воситаси билан, яъни интуиция ёрдамида билиб олинади. Чунки ҳақиқат инсоннинг ўзининг қалбида, кўнгил кўзгусида. Фаҳмлаган бўлсангиз, дунёни билишнинг бу усули немис олими И. Кант (XVIII аср)нинг «нарса ўзида» ва «априор» (тажрибадан аввал мавжудлик) тушунчалари остида ривожлантирган фалсафий таълимотга ўхшаб кетади. Биз ҳам худди шуни таъкидламоқчи эдик, яъни тасаввуф баъзи тадқиқотчилар айтмоқчи бир дин ўрнига келган янги, мураккаблаштирилган ва мистик туйғуларни қондиришга хизмат қилувчи иккинчи дин эмас, балки оламни билишга йўл очган, шу сабабли ҳам фикрий-ҳиссий мушоҳадакорлик, ҳур фикрлиликни ёқлаб, инсонни тадқиқ этишга диққат қилган катта фалсафий оқимдир. Ана шу жиҳати билан у динга нисбатан олға ташланган муҳим қадам бўлди ва башарий тафаккур тараққиётига шубҳасиз ижобий таъсир кўрсатди. Алишер Навоийга ўхшаш гуманист мутафаккирлар учун эса у инсон табиати ва тийнати ҳақида, жамият, ҳаёт воқеа-ҳодисалари моҳияти тўғрисида ўйлашга имкон берадиган қидириш-изланиш, таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилган. Улуғ шоир буни биринчи девонига киритган:
Харобот аро кирдим ошуфта ҳол, Май истарга илгимда синғон сафол, — деб якунловчи таржеъбандида равшан баён этган. Таржеъбандни ўқир эканмиз, муаллифнинг рози дилидан огоҳ бўламиз, чунки у ёшлигидан бошлаб ҳар хил илмларни ўргангани. ҳар хил «саргузашт»ни бошидан кечириб, дунё ва унинг одамлари ҳақида кўп мулоҳаза юритганини ёзади. Шоҳу султонлар дабдабаси, шайҳул ислому уламо-умаролар, ман-ман деган донишмандлар суҳбати уни қониқтирмаган, уларнинг бирортаси ҳам инсон қаршисида пайдо бўладиган минглаб саволларга жавоб беришга қодир эмас эди. «Назар айла бу коргоҳ вазъига, ки ортар тамошосида ҳайратим», дейди шоир. Олам моҳияти нимадан иборат, инсон нега дунёга келади ва яна нега кетади? Нега инсон зоти бир хил эмас? Фирибгарлик, қонхўрлик, риё, ёлғон қаердан келиб чиққан? Бу ва бунга ўхшаш саволлар Навоийни ҳамиша қийнаб келган. На ўзимнинг «Саъи ила фикратим», «на касби улум этти ҳал мушкулим», деб ёзади у. Юрагида ҳар хил андешалар, шубҳалар кезгани, лекин замона тафаккури доирасидан батамом чиқиб кетишга журъат қилолмаганини эслатади. Ва оқибатда:
Менинг бошима бас қотиғ тушди иш, Чу тоқ ўлди бу дард ила тоқатим, — дея ўзини тасаввуф билан овутади. яъни «май билан улфат» тутинади. Шундай қилиб, тасаввуф Навоийга жаҳолатдан қутулиш, дунёни билишга чанқоқ юракни маълум даражада тинчитишга кўмак берган. Бунинг иккита сабаби бор: биринчиси шуки, Навоий яшаган замоннинг ақлий тараққиёт даражаси, фан ривожи реал дунё воқеаларини илмий асосда тушунтиришга ожизлик қиларди. Иккинчиси эса, бу яна муҳимроқ, инсоннинг ақлий имкониятлари, донолиги билан ахлоқи, аъмол-нияти орасида мавжуд бўлиб келаётган номувофиқликдур. Навоий ақлу заковати ҳайратланарли, қилни қирқ ёрувчи кишилар ичида нафс домига тушган, зулм ва бадкирдорлиги билан машҳур бўлганларни кўп кўрган эди. Шунинг учун улуг инсонпарвар шоир ахлоқий фазилатлар тарбиясини биринчи ўринга қўядиким, бу ҳам тасаввуфона мурожаат этишга олиб келарди. Зеро, тасаввуф бутун эътиборни айнан инсон ахлоқини поклашга қаратиб, шу мақсадда турли йўл-йўриқлар, амалий тадбирлар ишлаб чиққан эди. Тасаввуф одамни виждони билан юзма-юз қўйиб, ўзи ҳақида ўйлашга мажбур этар, ҳақиқат ва эътиқод поклиги руҳида тарбияларди.
Фалсафий таълимот сифатида оламни ягона деб эътироф этиш билан тасаввуф жаннат-дўзах тўғрисидаги диний афсоналарни мантиқан инкор қилар, натижада зоҳид, муҳтасиб, аълам каби шариат намояндалари ҳақиқатни билмайдиган нодон кишилар бўлиб чиқарди. Навоий уларни муқаллидлар, яъни юзаки нарсалар, қуруқ ақидаларга кўр-кўрона тақлид қилувчи, мустақил фикрлашдан маҳрум одамлар деб атайди. Тасаввуф, шу тариқа, фалсафий дунёқараш сифатида диний ақида, мутаассибликка зид эди ва Алишер Навоий ундан куч-қувват олиб, комил журъат билан:
Зоҳид, сенга ҳуру менга жонона керак, Жаннат сенга бўлсин, менга майхона керак. Майхона аро соқию паймона керак, Паймона неча бўлса тўла, ёна керак, —дея олар эди. Тасаввуф, айниқса, Жомий ва Навоий мансуб бўлган нақшбандия таълимоти қаноат ва тийинишни талаб этсада, бироқ дунё гўзаллигидан ҳузурланишни инкор этмаган. Негаки, модомики реал дунё Мутлақ руҳ инъикоси экан, демак уни севиш ва ундан баҳра олиш мумкин. Шу асосда инсоннинг иисонга муҳаббати, яъни мажозий ишқ орқали илоҳий ишққа қараб бориш ҳам табиий ва зарурий деб топилган. Навоий ўзини ана шу «ишқи мажозий» куйчилари сирасига киритади. Дарҳақиқат, биз таҳлил этган ғазалга ўхшаган соф тасаввуфий маъноли ва «ишқи ҳақиқий»ни васф этувчи асарлар Навоий ижодида асосий ўринни эгалламайди. Аммо шуниси борки, ибораларнинг тимсолийлиги, рамзий йўналиши «дунёвий ғазаллар»да ҳам сақланган. Ойбек айтганидай, бу ерда конкрет бирор шахс муҳаббати назарда тутилмайди, балки умуман яхши инсонни севиш мадҳ этилади. Ишқ Навоий наздида покбозликдир, яъни: «Пок кўзни пок назар билан пок солмоқдир ва пок кўнгул ул пок юз ошубидин қўзғолмоқ ва бу пок мазҳар воситаси била ошиқи покбоз маҳбуби ҳақиқий жамолидин баҳра олмоқ» (Маҳбуб-ул қулуб, 42-бет). Шунинг учун, масалан, дейлик, «Келмади» радифли ғазални муножот куйи оғушида берилиб тингларканмиз, «Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнгил уйин, не учунким бода кирган уйга қайғу келмади», деган мақтаъни эшитганда, шоирнинг лирик қаҳрамони ёрини кутавериб қийналганидан, уйига кириб аламдан роса ичиб олибди-да, деб ўйласак, ўта калтафаҳмлик қилган бўлардик. Бундай ғазалларда ҳам бода, шароб, май сўзлари ўша мажозий маънода — муҳаббат шавқини билдириб келишини эсдан чиқармаслик керак. Бундан ташқари, Навоий бодани «кўнгул уйини хуррам этувчи» нарса деганда, ёрни кўнглида сақлаш, унинг ёди билан яшашни таъкидлаган. Негаки, нақшбандия сулукида ёд, хотира, эсга олиш тушунчалари муҳим ўрин эгаллайди. Абдулҳаким Табибийнинг ёзишича, нақшбандияда туз йўлга кирган одам қалбида «эътиқод нури, тавҳид нури, маърифат нури, ҳидоят нури, аждодлар ёди нурининг бодаси» жўшиб туриши лозим. (Абдулҳаким Табибий. Афгопистонда таеаввуф ривожи, 10-бет). Бунда эсга олиш, ҳофиза қуввати ҳақида ҳам гап борадики, бу ватан, эл-улус ғами каби кенг маъноли тушунчалар билан боғланиб кетади.
Шундай қилиб, тасаввуф инсоини улуғлаш, ҳаётнинг қадрига етиш, умрни оқилона ўтказиш ғояларини тарғиб қилишга назарий замин ҳозирлаб, инсонпарвар шоирларнинг илҳомига илҳом қўшган. Бу таълимотнинг негизи савқи табиий, руҳий қўзғалиш, ваҳийлик ҳам шоирона тафаккур кайфиятига мос тушарди. Ва, умуман, биз шайхлар, орифлар тасаввуфидан ижодкорлар тасаввуфини фарқ қилишимиз керак. Сўфийлар учун тариқат зикру самоъ, важду ҳол, касбу каромат эди. Аттор, Румий, Жомий, Навоий сингари буюк шоирлар учун эса у шуурий мушоҳада усули, инсон зотини маънавий баркамол ҳолда кўриш орзуси, сирли-хаёлий оламни тасаввурда яратиб, Идеал бир гўзаллик ишқида ёниш бўлган. Одамнинг асрлар давомида абадий ҳаёт, руҳнинг ўлмаслиги ҳақида ўйлаб келган армонлари, ривоят-асотирлар бу беҳудуд романтик олам уфқини кенгайтирган. Шу боис, умрида тасаввуфнинг бирор расмий қоидасини бажармаган, яъни расман сўфий бўлмаган Алишер Навоий мазкур таълимотни маслак, мафкуравий эътиқод сифатида қабул қилиб, ўзининг инсоншунослик, ҳақпарастлик ва адолатпарастлик ғояларига бўйсундирган эди. Шоҳ ва шаҳзодаларни инсофга чақириш, риёкор шайхлар, бетавфиқ сўфийларни фош қилишда ундан фойдаланди. Шоирнинг ижоди ана шундай мураккаб ва кўп қиррали, ибора-образлари кўп маъноли, теран. Унинг ҳар бир асари устида тўхталганда, бу хусусиятни албатта эътиборга олиш лозим.