Tursun Ali. Uyg'oq sukunat  ( 7457 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  07 Oktyabr 2011, 18:57:06

Tursun Ali. Uyg'oq sukunat



Muallif: Tursun Ali
Hajmi: 280 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  08 Oktyabr 2011, 13:02:39

ТУРСУН АЛИ

УЙҒОҚ СУКУНАТ


Шеърлар

Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти
ТОШКЕНТ — 1999

Рангин туйғулар сувратини чизишни мўйқалам эмас, жозибали сўз сеҳри билангина уддалаш мумкин Муҳаббатнинг беқиёс завқи ва азиятларини, озод юртимизнинг бетакор манзараларини, юртдошларимиз руҳиятининг серқирра жиҳатларини мусаввирона тасвирлаш орзусидаги шоир мазкур китобида сизни ҳам мулоқотга чорлайди, дунё ва атрофимиздаги кишилар ҳаётига лоқайд бўлмасликка даъват этади.


ОЗОДЛИК

Уйқудан уйғотдим Туркистокимни.
Р. Парфи

Узоқ ухладим,
босиб ўтди туялардай
устимдан йиллар карвони.
Сап-сариқ алвасти жинларни
кўрдим тушларимда ҳам.
Букун уйғондим Алпомишдай,
атрофга қарайман масрур.
Энди кўриб,
таниб қўй мени,
эй, оқ соч дунё.


ҲУРРИЯТ

Кел, жон қушим, жоним қушим, кел,
сени босай суйиб кўксимга.
Момиқ патларингни силай энтикиб,
эй, қанотлари қонли,
юраги доғлиқ,
узун умри қафасда кечган қушим,
кел, бағримга босай,
кўнглимни бўшатиб олай.
Оҳ, сени озод кўролмай кетганлар ҳаққи,
сенинг бийрон сайрашингни тинглолмай
ўтганлар ҳаққи,
мен сени кўксимга босай, жон қушим.


ВАТАНГА АЙТИЛГАН СЎЗ

Ватан — эй, ота.
Оҳ, сени ўлдирмоқ бўлдилар
Қип-яланғоч хоинлар.
Кўзларининг манфур косасига
Қон тўлган сотқинлар.
Бағрига илонлар ин қурган
Одам шаклидаги махлуқлар
Ўлдирмоқ бўлдилар сени,
Аммо
Улар виждон сотиб,
Иймон сотиб,
Сотиб тилларини,
Сотиб динларини,
Ўлдирдилар ўзларини.
Уларнинг на гўри бор,
На бир чимдим тупроғи,
Улар йўқ.
Улар йўқ.
Улар йўқ.


* * *

Мен ёнаяпман,
вужудим ила,
Сочларим ёнмоқда алангаланиб,
алангаланиб.
Мен ёнаяпман,
юрагимнинг деворлари чўғга айланган.
Кўзларимдан сочилар аланга,
тун қаърига,
бутун оламга.
Мен ёнаяпман,
заминни куйдирар товоним.
Куйдирар қўлларим тутган нарсани,
Мен ёнаяпман,
вужудим ичинда ловуллаб.


ЗАНГОРИ ТУЙҒУЛАР

I

Баҳор.
Қад ростлаган майсалар
шаббода нафасидан
ҳилпиратиб яшил кўйлакларини
уйқудан уйғотди
менинг зангор туйғуларимни.

II

Тун. Кезаман Дўрмон боғларини,
ҳайрат эпкинлари урилиб юракка,
тикилсам Шукур Холмирза боғига
бир туп ўрик,
ёритиб тун кўксин,
осмонга ўрлайди оппоқ ҳайқириқ.

III

Баҳор эрта келди Дўрмон боғларига,
дарахтлар гуллади қийғос,
маъюс ўйлар бўрони
руҳимли чулғади.
Ижоди мавжланиб шул дарахтлардай
гуллаган чоғи,
оҳ, оламдан эрта кетган
Шавкат Раҳмон келди ёдим дунёсига.

IV

Боғ. Майсазорда чалқанча ётиб,
сени осмон кўзгусида кўрдим, қишлоғим.
У, ўшанда майсаларга ёнбошлаб,
Сеҳрлиг шаҳардар сарй
орзулар отида учардим бесар.
Ай, қишлоқ,
букун сочларимга йилларнинг
оқ гардлари қўнганда
тўфонли шаҳарнинг бир четида ,:
майсаларга юмалаб-юмалаб,
сени ўйлай-ўйлай,
кўзларимда осмон кетди қорайиб.


САККИЗИНЧИ МАРТ

Шукруллонинг шеъри

Гар қарғалар учиб юргайдир,
Чор атрофим ола-чалпоқ қор,
Кўзларимда шукуҳ порлайди,
Юрагимда уйғонган баҳор.
Бугун ахир саккизинчи март.

Сизни қутлай, муаллим опа,
Бойчечакдек порлоқ меҳрим-ла,
Сизни қутлай, синфдош қизлар,
Гўзал нафис гулу сеҳрим-ла.
Бугун ахир саккизинчи март.

Олисдаги, эй, опажоним,
Қутлагайман гарчи хат ила,
Қутлагайман эй, онажоним,
Соғинч тўла юрагим билан,
Бугун ахир саккизинчи март.


* * *

Ферузага

Баҳор чоғи туғилган аёл,
сени қутлар нафис бойчечак.
Қутлаб сени юз очган лола „
у баҳорга гарчи келинчак.

Баҳор чоғи туғилган аёл,
ҳаёт йўлинг гулларга тўлсин.
Бошингда бахт қуши чарх уриб,
кеча-кундуз парвона бўлсин.

Баҳор чоғи туғилган аёл,
тарк этмасин сени муҳаббат.
Баҳор бўлиб қолгин юракда,
гўзаллигинг сўлмасин абад.


ГЎЗАЛ

Гўзалликнинг олдида ахир,
Чўкка тушган ҳатто худолар...
А. Орипов

Жийдалар гуллаган муаттар кунлар
ёдимга тушасан, эй, гўзал аёл.
Ёришиб, чарақлаб кетади тунлар,
сен сари чақмоқдай учади хаёл.

Юлдуз кўзларингга тикиламан жим,
зулмат сочларингда ўрмалар қўлим.
Сенинг гўзаллигинг қошида балким
ўлдиролмас мени — ҳаттоки ўлим.


АЁЛГА ДИЛ СЎЗИ

Дунё чархи
айланар бетин,
кунлар ботар,
оқ кияди тун.
Ўтаётган умр
асов, сокин,
тўлин ойдай
тўлибсиз букун.
Тегрангизда
ў, гул ғунчалар
пойингизни
ўпарлар бир-бир.
Ҳаёт аччиқ,
ширин шунчалар,
шошиб ўтар
дарёдай умр.
Букун Сизга
тилайман сабот
тоғлардайин
метин ирода.
Гулдай сўлим
кечиринг ҳаёт.
Мен-чи Сизни
асрайман ёдда.


* * *

Юлдуз Усмоновага

Сен қўшиқ куйлайсан ёниб, ўртаниб,
Мен эса йиғлайман мунгли ва унсиз.
Хотирот қушлари бошимда яниб,
Изтироб чўлига итқитар беиз.

Сен қўшиқ куйлайсан ёниб, ўртаниб,
Бағримни куйдирар олис муҳаббат.
Мен унинг ишқида Мажнуну ғариб,
Ғам юртин кезгайман дилхун беадад.

Сен қўшиқ куйлайсан ёниб, ўртаниб,
Овозинг оламни тутсин, илоё.
Менинг-чи, қарсакка етмас мажолим,
Кўзларимда адо бўладир дунё...


БОЙЧЕЧАК

Теваракда қорлар уюми,
Шамол елар,
қўлида — тиғи.
Узаяди дилгир қиш умри,
Март қуёшин кўринмас тийғи.
Теваракда қорларнинг қаҳри,
Бош кўтарган гўзал бойчечак.
Бағрин тилса
гарчанд қиш заҳри,
Унга афзал ёруғлик бешак.


ҚАЛДИРҒОЧ

Баҳор нафасини туйган қалдирғоч
келдингми, уйимнинг шифтин бекаси.
Қани, дардлашайлик, юрагингни оч,
Юртимда уйғонган — баҳор нафаси.

Менинг юрагимда яшамоқда қиш,
унда қору совуқ, изғир изғирин.
Гарчанд атрофимда баҳорга олқиш
руҳимга кимлардир санчийди тиғин.

Мен кўрдим, ватанда хиёнат изғир,
эвоҳ, отасига ўқ отганлар бор.
Онасин қонини ичганлар бижғир,
аламзада итдай дайдир нобакор,

Гарчанд манқуртларнинг юзлари чиркин,
гарчи қадамлари бўлгай жаҳаннам.
Қалбим ойнасини қилиб чилпарчин
тўлдириб кетдилар кўзимга шабнам.

Эй, эзгулик қуши, жоним қалдирғоч,
сен келдинг, уйимнинг шифтин бекаси,
Кўнглимда очилди лолалар қийғос,
юртимда кезгайдир баҳор нафаси.


БОЛАЛИКНИНГ БЕДОР ТОВУШЛАРИ

Болалигим кечган кўча, уни ёқалаб ариқ оқади. Ариқнинг лабида осмон билан сирлашаётгандай серпўстлоқ, сервиқор жийда тебранур... Ўралар сувларни ютгани каби, у жийдани йиллар ютиб кетди. Букун ўша жийдадай кекеайиб бормоқда умрим дарахти. Бу узун умрим ичра, ўшал жийдадай дарахтни кўрмадим сира. Букун тушларимга аждодларим эккан ўша жийда киради. О, бунчалар яқин, бунчалар ойдин болалигим ўлкасидаги жийда.


* * *

Бу кун хаёлимнинг ям-яшил диёрида
Қуёшни опичлаб келаман дея,
Уфқ сари қанот қилиб қўлларим,
Чангитиб тупроқли кўчани,
Ялангоёқ чопиб борар болалигим.


* * *

Тунлари қулоғим остида
Ҳайқириб уйғотар уйқудан
Болалигимнинг безавол товуши.


* * *

Тушимда бир қушчани кўрдим
Шовуллаган терак шохида
Уйнар эди озод ва эркин.
Саҳар пайти ёдимга тушди
Олис болалигим—Қува боғлари.


* * *

Тоғлар оғушида сор бургутнинг
Синиб қанотлари, сизилди хуни.
Сузади булутлар бошида унинг,
Энди теграсида тошлар учқуни.

Оҳ, қандай чидаркин ўқнинг дошига,
Унинг хаёлини кемирар ўкинч.
Шунда она бургут келиб қошига,
Кўз ёши-ла қилар Оллоҳга ўтинч.

Ярадор бургутнинг яраларига
Жуфтин кўз ёшлари бўлолди малҳам.
Букун оқ шуълалар ҳалинчагида
Бургут қуёш сари учади ўктам.

Абгор қанотлари остида эса
Бўрон каби елар не-не бургутлар.
Денгиздайин мовий осмон қўйнида
Бадкирдор овчининг армони учар.


АҲМАД ЯССАВИЙ

Не замонки, Султоним,
Кўнглимнинг тўрида қабрингиз.
О, уни зиёрат айламоқ ишқи
Беҳад ўртайди мени.
Шояд етолсам Сизга,
Тиз чўкиб,
Тупроқни ўпгайман у кун.


ОЗОД ШАРАФИДДИН

Бошида чарх урди қора шамоллар,
Қора либос кийди унинг кундузи.
Бироқ юрагида оппоқ хаёллар,
Оқ нур тўшайверди кўнгил юлдузи.

Абдулла Қаҳҳорнинг дардларин тутиб,
Чўлпоннинг ҳар сатрин кўксига жойлаб
Тарихнииг ўчмаган қўрларин титиб,
Яшайверди ёруғ кунларни пойлаб.

Эркалайди букун озодлик ели,
Ҳуррият қуёши бошида балқир.
Озод Шарафиддин мангулик сари —
Оқар дарёларда ойдайин қалқир.


* * *

Боғ. Унда Мирпўлат Мирзонинг ҳужраси бор. Мен унга яқинлашсам, шеъриятнинг сарин овозин эшитаман. Ўша овоз олиб кетар мени Туркистоннинг ястанган кенгликларига. Ўша овоз қанотларида мен бутун Туркистоннинг қаъри-қаърига кетаман сингиб. Ўша овоз қанотлари олиб борар мени пирим Аҳмад Яссавий бошига. Ўша овоз қанотлари бошлаб борар мени Миртемир қошига. Эй, эзгуликлар сари элтувчи овоз! Сен тинмагин кундузлар қуёшдай. Тунлар ой куйлаётган оппоқ қўшиқдай. Токи сени эшитсин еру осмон.


* * *

Узоқларга ҳорғин қадайман кўзим,
Тилимдан учади мунгли бир садо.
Аммо менга жавоб бермагай ҳеч ким,
Сукунатда сасим бўлар-ку адо.

Хаёллар сураман ноаён, мубҳам,
Сен томон юраман, йўллар беадоқ.
Елдай қўним билмай елсам-да, бу дам
Ёруғлиқдан сени топмасман бироқ.

Эй, менинг кўзимга чалинган рўё,
Овоз бер, қайларни этмишсан макон?
Эй, менинг умримга тўқинган хулё,
Сен ахир кўксимда тирик бир армон.


* * *

Тасбеҳ донасидай кунларни санаб,
Умрим араваси елмоқда бесар.
Нидонг олислардан бағримни тирнаб,
Бутун вужудимни қақшатар, эзар.

Қайдасан, жавоб бер, дейман-ку ўзим,
Мўлтираб қарайман юрагим тўниб.
Жимликда яшиндай синади сўзим.
Наҳот қайлардадир қолгансан сўниб.

Йўқ, йўқ, сен яшайсан, юравер порлаб,
Менинг яраланган армонимга зид.
Майлига, ёндиргин, туравер чорлаб,
Кўксим осмонида туғилган умид.


МАЖРУҲ ТУРНА

I

Яна оёғинг синдими,
Қадрдон турна?
Наҳот сенга етди
Фалакнинг қонли қўллари?
Эй, менингдек шўрпешона қуш.

II

Эй, дардкаш турна,
Сенинг ҳам кўксингга қўнарми,
чақмоқлар?
Гулдирарми қулоғинг остида
момақалдироқ?
Димоғингга уфуриб турарми
Дўстларингнинг иссиқ нафаси?!


ТУН ТОВУШИ

I

Кўзларимга бермас уйқу,
Юрагимнинг деворига урилар қаттиҚ
Туннинг қоп-қора товуши.

II

Тун бўйи тинмади итлар ҳуриши,
Оҳ, бу товушлар тунни эмас
Ғажиди менинг чап кўксимни.

III

Тун... Уйғотиб юборар мени
Деразам ортидан ўтиб бораётган
Ойнинг оёқ товушлари.

IV

Тунлар юрагимга солар- ваҳима
Бойўғлининг сайраши.
Дарахтзор эса ҳали ям-яшил.


ҚОРАКЎЗИМ

I

Қоракўзим, сени севиб қолдимми,
сўрайман ўзимдан ёлвориб, тониб.
Қушдайин қўлларинг тутиб олдимми,
ишқнивг оловида ўтиндай ёниб.
Букун қаён бошлар севги кўчаси,
балки айрилиқдир, фироқ бешафқат.
Қора тўрин тортмай—умрим кечаси
мени ўлдиради энди муҳаббат.

II

Ёмғир. Шамол эсар, барглар чилпирак,
севгилим, борасан ёмғир остида.
Менинг-чи, паноҳда жонимдир ҳалак
сочларинг тирналар ел қанотида.
Ёмғир кучаяди, совуқ ўртанар,
сен елиб борасан уст-бошинг юпун.
Мени ширин оғу лаззати қийнар,
барибир сен томон кетаман беун.

III

Мен сенинг ёнингга бораман ёниб,
эй менинг соғинчим, руҳим эркаси.
Сенга тикилгайман кўзим қувониб,
ишққа беланган кўнглим бекаси.
Мен сенинг ёнингдан қайтаман маҳзун,
юрагимнинг уйи бўм-бўш ҳувиллаб.
Олисда бир қушча сайрайди дилхун,
шамол қўзғалади шу дам увиллаб.

IV

Севгилим, қошингга бораман бот-бот,
кўзларинг гўёки қоп-қора денгиз.
Руҳим кенгликлари ёришгай беҳад
кўзинг денгизида юзолсам ёлғиз.
Майлига, дуч келай тўфонларга ҳам,
тўлқинлар отилгай ёниб мисли барқ.
Умид қушин тутган кимсадай бир дам
кўзинг денгизида, майли, бўлай ғарқ.

V

Сенинг-ла узун йўл, эй, қоракўзим,
гўёки икки қош оралиғидай.
Сен тушиб қоласан манзилда секин,
ичимни ғам босар бир қоронғудай.
Қайтар йўл туйилгай узун, беадоқ,
Дунёдан кетгандай бўламан ёлғиз.
Мошин чарчагандай секинлаб шу чоқ,
тун қаърига кирар товуши маъюс.

VI

Қоракўзим, букун бизлар биргамиз,
кўнглим гулзордаги булбулдай сайрар.
Момиқдай қўлингга қўюрман қўлим,
сувдаги балиқдай вужудим яйрар.
Гар ёнимда бўлсанг, эй, қоракўзим,
гўзал либос кияр эртам— келажак.
Сен-ла кечаётган ҳар бир дақиқа
менга бахт гулларин тутқазар бешак.

VII

Қоракўзим, сени чорладим масрур
Ҳув, гўзал тоғлар оғуши томон.
Унда бир нафосат, ундадур сурур,
унда дайдимайди ҳеч қандай ёмон.
Уқрайиб қарамас бизларга ҳеч ким
Ва севгимизга солмас бирон-бир қутқу.
Қўлларингдан тутиб етакласам жим,
қалбингни тиғламас ҳеч қандай қўрқув.
Юргил, тоглар томон кетайлик тезроқ,
Унда ажиб дунё, муаттар ҳаво.
Бағримда очилган лолалардек, оҳ,
Унда ҳам лолалар чалади наво.
Нечун, қоракўзим, бош тортдинг маъюс,
Кўзларимда тоғлар қолди мунғайиб.
Феруза осмоним қорайди бехос,
Қип-қизил лолалар кетди сарғайиб.

VIII

Букун қоракўзим, сен-ла кўришдик,
гўёки икки қутб орасида жим.
О, гарчанд ёнма-ён суҳбатлар қурдик
Шодлик гулларига тўлмади кўнглим.
Билмам, совуқмиди сеиинг сўзларинг
ё қалбимда ўчган муҳаббат ўти.
Ёхуд мени адо этди кўзларинг,
ў, не кўйга солгай севги қисмати.
Мен букун сўрайман ўзимдан ўзим,
дунёга телбадай қарайман маъюс.
Наҳот адо бўлар бўшлиқда сўзим,
сен севги ё рўё? Айтгил, қоракўз.


ЁЛҒИЗИМ

I

Дунёга боқаман сени соғиниб,
Бағримни эзади мунгли бир товуш.
Хастадил инграйман вужудим ёниб,
Юлдузлар руҳимга қулайди беҳуш.

Мени итқитади шамоллар қўли,
Қайғу диёрида кезгайман танҳо.
Наҳот сароб бўлса соғинчим йўли,
Йўқ, йўқ, ўзинг асра бундан, илоҳо.

Майли, ғам элида изғий пиёда,
Илло, висолингни соғиндим беҳад.
Оҳ, сени кўрайин ёруғ дунёда,
Юрагимга чўкиб кетган муҳаббат.

II

Куз... Қайда қолди ул,
Қайларда бу дам,
Мен унинг гўшасин излайман ҳорғин.
Юрагим ёндирган, оҳ, ўшал санам
Қоронғи ўйларга толдирди бетин.

Япроқлар йиқилар пойимга бу чоқ,
Ёнимдан ўтади еллар ломакон.
Очунга қарайман жунжикиб, нечоғ
Ғам-андуҳ қалбимни айлаган макон.

III

Ҳаво тунд. Мунғайган руҳим сингари,
Осмон юзларида тийра булутлар.
Ёзилмайди менинг кўнглим ғубори,
Ана, осмон бағрин бўшатиб йиғлар.

Ёлғизим, айт, нечун йиғлолмайман мен?
Нечун кўнглим бўлмас шодлик маскани?
Суюкли ёлғизим, жавоб бергил сен,
Бор бўлсанг шу ҳолда қолдирма мани.

IV

Биламан, жуда ҳам олислардаеан,
Узатсам етмайди ҳатто қўлларим.
Сен менга нақадар йироқ юлдузсан,
Ахир, борай десам, чигал йўлларим.

Билмайман, не қилай, ишқинг ўтида
Ёнаётган дарахт бўлса вужудим.
Мени соғинчларинг қийнар-ку жуда,
Айт, бу изтиробнинг борми ҳудуди?

Аччиқ азоблардан мени қутқаргин,
Қайғу кишанидан бўлайин озод.
Умримнинг қуёши чарақлаб кулсин,
Таважжуҳ қилгайман сенга, паризод.

Гулим, сени кун бўйи кутдим,
Йўлларингга кўзим нигорон.
Мен ўзимни тамом унутдим,
Руҳимдайин қорайди осмон.

Қалбим каби юлдузлар ёнар,
Тепамда ой кезар бағри хун.
Умидимдай чироқ ҳам сўнар,
Бурканаман тўшакка дилхун.

Тағин умид уйғонар шу дам,
Тушларимда кўрсайдим сени.
Кўзларимга чўкмас уйқу ҳам,
Бироқ илинж овутар мени.

VI

Яна сени эсладим, гулрў,
Оғир ўйлар гирдоби ичра,
Ҳолим сўрсанг сен келиб бирров,
Юрагимда дард қолмас сира.

Хасталикнинг йиртилиб тўнк,
Ёришади умрим офтоби.
Гар келмасанг, инонгин, мени
Олиб кетар узлат итоби.

VII

Умрим боғларига қўнган қора тун(
Унинг тепасида ҳатто юлдуз йўқ.
Боғларни оралаб юрмасанг бу кун,
Менинг ҳаётимда кун йўқ, кундуз йўқ.

VIII

Қора ўйларимнинг бағрини тилиб,
Ой каби тўлишиб келасан бир кун.
Хун бўлган юрагйм қолар энтикиб,
Руҳим оламидан учиб кетар тун.

IX

Дилим дунёсида қурдим бир қаср.
Сен энди у ерда яшайсан абад:
Ҳар кун чақираман — хуфтону аср,
Дилим қасридаги ёлғиз муҳаббат.

X

Кунларнинг занжири чўзилиб, мана,
Мен ҳамон ётурман ишқингда куйиб,
Хаёл қушларини учириб яна,
Сени эркалайман жонимдай суйиб.

Дилтанг юрагимни юпатиб аранг,
Фақат ўйларинг-ла яшайман букун.
Юзларимни тортмиш кузги япроқ ранг
Кўзларим-чи, ўйчан — гўё чўкмиш тун.

Ҳеч нарса беролмас руҳимга таскин,
Юлдуздан-да гўзал ишвалар бекор.
Оҳ, кунларим кечар нақадар мискин,
Ўзинг тараҳҳум қил, эй, парвардигор.

XI

Мен сени, ёлғизим, унутмайман ҳеч,
Унутилмагандай тепамда осмон.
Пойингга тиз чўкиб оқшомлару кеч,
Рўшно кунларимга кўзларим гирён.

Англадим дахрни — узоқ кўз тикиб,
Олдимда ястанган энди ҳидоят...
Олис-олислардан суйиб, энтикиб,
Қилурман доимо сенга итоат.

XII

Мен сенга кун сайин яқинлашаман,
Соҳил қучаётган кема мисоли.
Мен сенга тун сайин яқинлашаман,
Елдириб борадур ишонч шамоли.

Масофа қанчалар йироқ эди, о,
Ярқираб ётарди бамисли сароб.
Қалбимда барқ уриб ишқ, ҳамду сано
Сен томон бошлади нурдайин шу тоб.

Эрта даргоҳингга етсам, паризод,
Майлига, жоним ҳам сенгадур ато.
Ишқ бағримда илдиз ёйган бесарҳад,
Уни қўпоролмае довуллар ҳатто.

XIII

Оҳ, яна ёлғизман, йиғлайди юрак,
Гўё мен қафасга қамалган оҳу.
Кўнглимни юпатмас китоблар сира,
Шеърлар ҳам кўнглимни ололмас, ёҳу.

Абгор ҳолатимга боқиб ушбу дам,
Ёдимга оламан сени, ёлғизим.
Дилимдасан энди кундуз-тунлар ҳам,
Шохдай эгиламан пойингга ўзим.

Кел, гуноҳимдан ўт, кечиргил мени,
Неки кечган бўлса, феълимдан бари.
Дилимнинг тўрига ўтқазиб сени,
Саждалар қиламан бир умр, тангрим.


МУҲАББАТ

I

Кеч гуллаган олма мисоли букун
Юрагимга кириб келдинг, муҳаббат,
Утса-да умримнинг ярмидан кўпи,
Муҳаббатим, сенга тилайман сабот.
Бўронлар туради энди олдимда,
Аччиқ изғиринлар тиғлар бағримни.
Совуқ хаёлимга қорлар ёғади,
Оҳ, нелар кутади умр— боғимни.
Ай, бағримга олов ёққан паризод,
Сочдим-ку, елларга кўп сирларимнн.
Мана энди сипқориб севги бодасин,
Бахшида этаман сенга умримни...

II

Кеча... кўринади на ой, на юлдуз,
Шамол изиллайди чимдиб юзимни.
Дарахтлар соч ёйиб шивирлар маъюс,
Йўқотиб қўйганман тамом ўзимни.
Йўлим йўқ юрарга, йўқдир эс-ҳушим,
Атрофга қарайман нигоҳим тўниб.
Бир ён ўғилларим — янгроқ товуши,
Бир ёнда чорлайди севгилим ёниб.
Билмадим, бу кеча не кечар ҳолим,
Вужудимни ёқар икки ўт сеҳри.
Бошлаб кетармикан муҳаббат йўли,
Ёхуд олиб қолар остона меҳри?..

III

Кетгансан бу ердан кўп олисларга,
Энди сенсиз ғариб бу гавжум шаҳар
Сиримни фош этиб ой, юлдузларга,
Девона юрапим ёнар, ўртанар.
Ёниб чақираман, овозим толғин.
Умидим гуллари очилмай, кулмай,
Йўлингга сочилган заъфарон, сўлғин.
Мен бу кун ишқингда бемору ғариб,
Бу ёруғ дунёни кезгайман маъюс.
Топаман бир кун мен сени ахтариб.
Эй, менинг фариштам, севгилим — ойюз.

IV

Бу кун мен саҳрода қолган йўлчидай,
Висолинг йўлида ўртандим, куйдим.
Сенсиз гулбаҳорим менга қишлигин,
Ёз эса кузлигин англадим, туйдим.
Сенсиз ўтаётган узун умримни
Қарзга берганман фоний дунёга.
Сенга гар етишсам, у кун умримни
Қайтариб оламан, чўмиб зиёга.

V

Узоқларда яшайсан энди,
Эшитаман овозинг симдан,
Менга олиб келар саболар
Сочларингнинг бўйларин зимдан.
Ой эслатар оқшом юзингни,
Кўзларингни эса — юлдузлар.
Тушларимга кирасан тунлар,
Энди узун бўлар кундузлар...

VI

Биламан,
Сенинг ошиқларинг кўп,
Соядай ортингдан эргашар,
Хоҳласанг, энг ёруғ юлдузни,
Ойни ҳам
Гулдай тақиб қўйишар кўксингга.
Амин бўл, улар капалак каби
Гулдан-гулга «ўчувчилар.
Менинг калтадир қўлларим,
Ғарибдир сўзларим,
Бироқ, мўъжаз юрагимда
Сенга муҳаббатим бор,
Муҳаббатнинг ўзидан ҳам катта.

VII

Изларингдан чопдим ҳушимдан оғиб,
Бироқ етолмадим, эй, кўнглим гули.
Афсус, бу ерларда итдайин изғиб,
Йўқотдим, йўқ энди умидим йўли.
Оҳ, юлдузларнинг кўзлари ёниқ,
Самода ўйнайди шуълалар ўктам.
Ой вақт дарёсида оқади тўлиқ,
Бир мен бу дунёда адашган одам.

VIII

Йўқ, бу ердан энди кетмасман,
Не умидда келганман ахир.
Эй севгилим, сени топмасам
Кечар умрим аччиқ ва тахир.
Излаганим — куйиб-ёнишим,
Не қилайин паймонам тўлса?
Бир кўрингин, тинсин хонишим,
Агар исминг ҳақиқат бўлса.


ҚАЙҒУ

I

Ўша қора кўйлак кийган кундуз
Сен ҳам жим,
мен ҳам жим.
Сукунатнинг измида
видолашдик маъюсгина.

II

Менинг муштдек юрагимга сиғган қушча,
сен қаёқларга кетдинг?!
Наҳот шу улкан,
шу бадбахт шаҳарга
сиғмаган бўлсанг?!

III

Олис, совуқ юртда,
қандай кечаётир ҳаётинг?
Наҳот,
қисмат шамоллари
бир умр учириб кетган бўлса?

IV

Бу тун
кўксимга санчдинг пичоқ,
эй, олисдаги яқиним.

V

Севгилим,
қиёмат йўллари
олиб кетди сени йироқларга.
Не қилай?
Тутиб қололмаган бўлсам
тўзғин сочларингдан ўзим.

VI

Юлдузсиз кечада,
суратингга боқаман узоқ,
Анордай юрагим эзилиб,
тун қаърига
юлдуз бўлиб сочилар.

VII

Хотиротим кўзлари ичра,
олов сочларингни тараб сен,
оҳудай тураверасан,
эй, менинг олисда яшаётган қайғум.


АЙГУЛ

Букун юрагингни очдинг, севгилим,
Руҳим осмонидан қора булутлар тарқалди.
Кўнглимда музлар ҳам синди қарсиллаб.

* * *

Тун... Қўй, жовдирама, қушча,
ана,осмоннинг бир чети
оқариб келмоқда кўнглим каби.

* * *

Ёмғир. Лойларга ботдинг-ку, ай гул, бас,
шамол бўлиб мен булутларни ҳайдарман,
ҳозироқ бошингда чарақлар офтоб.

* * *

Соянгдай ортингдан эргашдим,
бу нотинч бу ғалаён дунё ичра.
Иккимиз бир лаҳза довдирадик.

* * *

Қўй, чирқирама, ярадор қушча,
мен борман-ку бошингда,
Топарман амаллаб малҳам.

* * *

Ҳой, қора қўл,
қаршингдаги оппоқ гулни тортқилама кўп,
унинг тиканлари бор ўткир, заҳарли.

* * *

Рухсат эт, ай гулим
дарахтлари синиқ руҳинг боғларига
бир умр богбон бўлиб қолай мен.


СОҒИНЧ ТАШБЕҲЛАРИ

I

Бу кеч мен ой билан ёлғиз
Сенинг йўлларингга кўз тикдим.
Сен эса келмадинг,
Юрагим ҳам ой каби
Тун бўйи ёнди ловуллаб.

II

Шу қадар соғиндим, сени!
Йиғлайман дейману йиғлолмайман..,
Кулай дейману кулолмайман,
Менга нима бўлди,
Кўксимда юрагим бормикин, омон?!

III

ЁЛҒИЗИМ,
Изларингдан шамол бўлиб борсам,
Шамол бўлиб силасам сочларинг,
Етишсам васлингга шамол бўлиб агар,
Бир умр шамол бўлиб қолай, майлига.


ЮРАГИМНИНГ ҲАЗИН ТОВУШИ

* * *

Нимадир демоқчи бўламан сенга,
Бироқ ҳеч нарса деёлмайман.
Сувга чўкиб кетар сўзларим.

* * *

Узоқларга чорладим сени,
Узим ҳам билмайман, қаёққа?!
Сен ҳам кўнмадинг
Оқ кўйлакли капалак.

* * *

Оппоқ қушчалардай бармоқларингдан тутиб,
Олиб кирсам юрагимнинг дашту биёбонларига
Балки,
Қадамингдан уйғонар гуллар.

* * *

Недир дегим келар сенга,
Севаман дейманми, билмайман,
Мунчалар ёқмасанг мени, дейманми, олов?

* * *

Севгилим шу қадар бокира,
Ул тунлар
Ой япроқларида ухлар маъсум.

* * *

Ёнингга чорлагин, мусаввир,
Кўзларимнинг суратин чиз.
Чизгин юрагимнинг сувратин.

* * *

Қийналиб кетдим жуда,
Билмадим, дўзах ўтиданми?
Ё, жаннат йўллари шундай олисмикан?

* * *

Сени қизғанаман, шабнам,
Тунлари ойдан-да,
Субҳидам — қуёшдан.

* * *

Чироғимни ўчирма, шамол
Тилло сочлигим-ла
Ёруғ тунда кўришай.

* * *

Оқ қушгинам, кел знди,
Шул бўронли кечада
Сингиб кетгин бағримга.

* * *

Оҳ, кўнглингни ололсам,
Шодликлар юртига бошласам сени,
Инон, у кун мен подшоҳман, подшоҳ.

* * *

Сен алдадинг,
Наҳот дарахтларнинг шохларида ўсса, олтин?
Наҳотки, эртага пойимизга тўкилса...

* * *

Алдама, жоним, айт,
Балки қисматинг гўзалдир, балки
Чақмоқ урган дарахт.

* * *

Ичгим келди сен-ла чўқиштириб,
Сен-чи, қип-яланғоч эдинг,
Эй кўзлари мовий, олтинсоч малак.

* * *

Ҳей, мусаввира,
Менинг сувратимни матога эмас,
Юрагинг кенглиги, кўзларинг майдонига
чизсанг бас.

* * *
Қаршингда кун бўйи ўлтирсам-да,
Дунёга тўёлмай ўлаётган йигит каби,
Васлингга тўёлмай елиб борар умрим оти.

* * *
Соғинаман сени —
Бағрида ой қиқирлаётган,
Бошида қуёш чарақлаётган аёл.

* * *

О, сенинг сочларинг ёнаётган аланга,
Менинг юрагимни
Ловуллатиб ёқиб юборди-ку.

* * *

Сени унутай дейман, бироқ
Юрагимда муҳаббат дарахти гуллаётган бўлса
Қандай қилай ахир?!

* * *

Ўша оқшом
мен телбадай қўлларингни тутдим
ва йўқотиб қўйдим ўзимни ўзим.

* * *

Аёзли кечада
сени қайдадир қолдирдим.
Оҳ, шўрлик Бинафша.

* * *

Сен кириб борардинг туннинг
яланғоч қўйнига.
Атрофингда изғир қоп-қора совуқ.
Менинг-чи, жунжикиб, совқотар юрагим.

* * *

Кўнглим хижил, ёришмас руҳим дунёси,
наҳотки, сен кетиб борасан
ўғри туннинг панжасида жим.

* * *

Тун қучоғига ташлаб кетдим сени,
Қайга кетдим, билмасман ўзим.
Сен-чи, қайда қолдинг, буни худо билади

* * *

Момиқ қўлларингни узоқ тутдим,
бошлаб кетолмадим барибир сани
муҳаббатнинг яшил ўрмонларига.

* * *

Сен йўқсан, сен йўқсан ёнимда,
хавотирнинг уйида
тунларим оқарар, кунларим қораяр.

* * *

Вужудимдан тўкилиб титроқ,
ёмғир толаларидай овозим узилиб,
бугун юрагимни сенга очдим, севгилим.

* * *

Севаман, деб айтдим,
О, оғир ботдими
Юрагимнинг ҳазин товуши.

* * *

Ҳар кун сен-ла йўл босамиз,
менинг кўнглим каби
манзил ҳам яқин.

* * *

Ишқим осмонларида тўлин ойсан,
Ром айлаган мовий денгиз—кўзларинг.
Илоҳа, саждалар қиламан сенга,
Не тонг шу денгиз — кўзларингга
Абадий чўкиб кетолсам, кошки...

* * *

Хайр, қўлларингни ўпаман,
Кўксимга урилар оғир тун.
Уф тортаман, от эмасман ахир.

* * *

Бугун кўролмадим сени, паризод,
Қўнди юрагимга андуҳ қушлари.
Руҳимнинг осмони қорайди беҳад,
Мени тарк айлади эсу ҳушларим.
Тирнар вужудимни соғинч тирноғи,
Бутун борлиғимдан сирқирайди қон.
Кўзларимга парда тортган— қоронғи,
Йўқлик дунёсига кетдими бежон?..

* * *

Азизим, деб чақираман сени,
Энг ёруғ юлдуздай
кўзим диёрига кириб келасан сен.

* * *

Бир кун лабларингдан ўпаман қаттиқ
ва бошимни кўксингга қўйиб
уйқуга кетаман мангу.
Сочларимни силасанг ўша кез,
Ўлим уйқусида бўлсам-да,
о, қўлларинг тафтидан
уйғониб кетаман, севгилим.

* * *

Ёлғон сўзларингга инониб яшамоқ
сувга чўкаётган одам каби
жуда оғир кечса-да,
барибир
сени ташлаб кетолмайман, «ёлғончим».

* * *

Севгилим,
Юрагингнинг узун йўлида
Ҳоридим,
толидим,
Нажотсиз қолдим.

* * *

Кеч. Оқшом оҳиста қора тўн кияр,
Анҳор бўйи совуқ жунжиктирар танни.
Сени қайноқ бўсаларга кўмиб ташлагим келди.
Бироқ...
Тирик армонларим сувга шўнғиб кетди.

* * *

Боғ. Сеиинг кўнглинг каби
Яланғоч дарахтлар мунғаяр.
Мен қўлларингни тутаман секин
Бари бир ёришмас руҳинг.
Атрофда қарғалар қағиллар узоқ.

* * *

Сенинг-ла танҳомиз хилватда,
Менинг қонимда эсар эҳтирос бўрони,
Юзларимни босаман юзларингга,
Оҳ, бунчалар совуқ,
мен қандай қучаман ўлик эҳтиросни?

* * *

Хайр, севпилим,
Эгнимда изтиробнинг қора кўйлаги.
Бағримда унди-ку армон чечаклари.
Хайр, севгилим,
Мен сендан узоқлаб кетаман энди.
Хайр,
Мендан сенга не қолди, билмасман.
Сендан менга эса,
Ёнган юракнинг оловлари қолди.
Хайр...


РУҲИЯТ

Мен бу кеча ухлолмай, бедор
Ён-веримга қарайман маъюс.
Тун қаърини қуршаган туман,
Қора шарпа кезинар ёлғиз.

Мен бу кеча ухлолмасман ҳеч,
О, юрагим уйи зимистон.
Томиримда ғашлик илони,
Очилмагай кўнгилда бўстон.


РУҲИЯТ МАНЗАРАЛАРИ

* * *

Бағринг тошми,
ёхуд бағринг қонми,
қайга кетдинг, оқибат?!

* * *

Кўнглим дунёсин кезар маломат,
атрофимда қора тўнли сукунат.
Оҳ, қайдасан шодлик?
Тўнғиб қолар овозим.

* * *

Қайларга қочяпсан,
менинг ихтиёримдан чекинган
эй, яланғоч хаёл?!

* * *

Бунчалар маъсумсан, Шабнам,
ичай десам, шабнам эмассан.
Тутай десам, қўл етмас хаёлсан,
Шабнам.

* * *
Қаён кетяпсан, булутча,
Беҳудуд чексиздик ичра
Сингиб, ёмғир бўлиб кетмасанг бас.

* * *

Ичимда қоронғи тун...
Бошимда ўйнайди шамоллар.
Оҳ, кўксимда қўпган қиёмат.


* * *

Ўша тун
Иброҳим Ҳаққул,
Асқар Мусақул,
турфа хил шоирлар
димиқ хонада
суҳбат қурдик узоқ.
Рауф Парфи шеърияти,
Рауф Парфи қисмати —
суҳбатимиз ўқ томирига айланди.
«Мен ёлғизман,
овозим ёлғиз» сатрлари
чарсиллаб баҳсларга бойланди.
Ўша маҳал
тун қаърин куйдириб,
қайдандир,
балки яқиндан,
балки узоқдан
ҳазин эшитилди ёлғиз товуш.


* * *

Тун...
Худди азадор одамлар каби
Дарахтлар кийган қора тўн.
Бир шарпадай
Ўтаман тун қаъридан,
Ана,
Чироғи ўчмаган Абдулла Қаҳҳор
уйининг.


* * *

Уйимнинг шундоқ ёнгинасида, кўзларимнинг ўнгида битмаган уй бор. Мен унга ҳар гал тикилсам, ичимдан нимадир япроқ каби узилар. Руҳим уйи вайрон бўлиб бузилар. Ёмғирлар ёғар, не-не қорлар ёғар. Ҳали бу уйнинг эшик, деразалари ҳам қурилмаган. Уйни тунлар қоронғулик маскан этар. Кундузлар сукунат ўз домига тортиб кетар. Мен бу уйга, тикилсам, руҳим уйи кетар бузилиб.


* * *

Куз, сени севмайман,
Балки сени ёмон кўраман
энг хунук,
энг жирканч махлуқлар каби.
Зотан,
Кимгадир олтин кўринган япроқларинг
Юрагим майдонига қон бўлиб тўкилар.
Кимсасиз, ҳувиллаб қолган боғларинг
кўзларим нурини чарчатар беҳад.
Сокин, тинган сувларинг
гарчанд зилол бўлса-да,
зериктирар руҳим қушларин.
Тафтсиз, нурсиз қуёшинг эса
толиқишни эслатар умрим отига.
Куз, сени севмайман,
балки,
сени ёмон кўраман,
энг хунук,
энг жирканч махлуқлар каби.


* * *

Кеч куз. Намозшом.
Ҳовлида сукунат мудрайди.
Дарахтларнинг заъфарон япроқлари
Муздай шамол чангалида титрайди.
Қунишиб айвонда,
Ҳассага таяниб,
Қонталаш уфққа тикилар кекса чол.


* * *

Дунё қоронғи денгиз. Шамоллар эсар.
Тўфонлар итдай қутирар. Тўлқинлар
қилар исён. Дунё қоронғи денгиз. Сузаман
кемадай қалқиб-қалқиб. Эй, жоним.
Сен қаёқдасан? Чақираман овоз пардаларим
кўтариб. Бироқ товушимни ютар
аждардай тўлқинлар, итдай қутирган
тўфонлар. Эй, менинг қуёшим—ишончим,
балқиб-балқиб кел сен.


* * *

Эй, кўҳна қабристон. Бу кун маҳзун ўйлар
гирдоби ичра сенга келдим. О, бунда уйғоқ
сукунат.
Эй, кўҳна қабристон. Сенинг бешигингда ётар
менинг муҳтарама волидам. Ётар падари
бузрукворим.
Ётар бунда етти пуштим жим ва осуда.
Улар хотирам водийсида ётар уйғоқ.
Эй, кўҳна қабристон, бунда узун кунлар,
... қоронғу тунлар
оҳ чекмаяптими уларнинг руҳи?
Сенга юкиниб келдим мен.


ҚИШ РАНГЛАРИ

I

Дўрмон. Қиш
Теварак-атрофим қор.
Дарахтларда уйғоқ сукунат.
Овозимни баланд қўяман,
Бироқ,
Товушимни ейди оч совуқ.

II

Кеча.
Далаҳовлим сукунат тўшагида,
Кўнглим сендан совуган каби
Совиб борар хонам.
Қиш кечаси
Қишлоғим йўлидай, оҳ, жуда узун.

III

Дўрмон.
Қиш оқшоми. Кезаман,
Музлаган қорларни кўксин синдириб
Чироғи ёнмаган уйлар
Атрофимда саноқсиз.
О, улар ҳам мен каби ёлғиз.

IV

Қиш туни,
Ой ҳам булутлар кўрпасида.
Теваракни тутиб турар
Ёлғиз сукунатнинг товуши.

V

Ярим кеча,
Атрофимда оч бўридай
Изғийди қиш.
Ҳув нарида бўлса
Чироғи ўчмаган ёлғиз уй.

VI

Бу кеча,
Тушимда дарахтлар гуллаганмиш оппоқ.
Воҳ,
Уйғонсам дарахтларга қўнган қор.
Қишнинг
Узун ҳикояси бошланар энди.

VII

Қор ёғар,
О, замин чулғанган оппоқ сукунатга.
Негадир шу топда.
Қорни искаб қўяр ит.

VIII

Кундан-кун музлайди ҳаволар,
Қалин ёғди қор ҳам бу кеча,
Не кечаркин, эртага
Остонамда турган юртдош чумчуқлар
ҳоли?!


* * *

Аччиқ армонларим қолдириб ортда,
У, умид отлари сачратиб учқун,
Қор қушининг момиқ қанотида
Янги йил келмоқда, дўстларим, букун.

Қуёш ҳам фалакда кўрсатмас рухсор,
У қиш булутларин қаърида беун.
Бироқ, чеҳраларда қуёш акси бор,
Янги йил келмоқда, дўстларим, букун.

Ёруғ хаёлларнинг қўйнига шўнғиб
Салмоқлаб кўраман, кунларим дуркун.
Руҳим қувончларга кетар кўмилиб,
Янги йил келмоқда, дўстларим, букун.

Тирик орзуларим дунёси томон
Бағримдан отилар оловли учқун.
Кўксим соф ҳисларга тўлади шу он,
Янги йил келмоқда, дўстларим, букун.


ТИЛАК

Ғофур акага

Букун оға эллик ёшдасиз,
Эллик ёшда бу қадим дунё.
Чақнаётган ой эллик ёшда —
Сизга эллик йил сочган зиё.

Йўлингизни ёритган қуёш,
Букун у ҳам элликка тўлгай.
Тегрангизда ёр-дўстлар қатор
Уларга ҳам эллик ёш бўлгай.

Букун оға эллик ёшдасиз,
Эллик ёшда бу қадим дунё.
Эллик ёшлик умр дарахтингиз
Завол кўрмай ўссин илоё.

Qayd etilgan