Chingiz Aytmatov. Qiyomat (roman)  ( 39766 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  27 Dekabr 2011, 15:11:13

Chingiz Aytmatov. Qiyomat (roman)



Muallif: Chingiz Aytmatov
Hajmi: 2,61 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Зайнаб  28 Dekabr 2011, 11:05:59

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ

ҚИЁМАТ


Роман

Рус тилидан Иброҳим ҒАФУРОВ таржимаси

ТОШКЕНТ
Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти
1989



БИРИНЧИ ҚИСМ

I

Қишнинг қисқа куни нораста нафасидай бирпасгина илиб турди-ю, тоғларнинг кунгай бетларида кўп ўтмай ҳавонинг авзойи бузилди, музликлардан совуқ шамол изғиди, дара-ўнгирларга эрта тушган хуфтон қоронғилиги шитоб билан ёйилди, қор-қуюнли кечанинг изғирин совуғи турди.
Теваракка қалин қор тушган. Табиатнинг бебош хоҳишига кўра, худди тўрт томонга ўт кетгандай бундан икки кун бурун тўсиндан қаттиқ қорбўрон қутуриб ўтган, Иссиқкўл тоғ тизмалари қор кўрпалари билан қопланиб ётарди. Тоғлар қора қуюн ичра ғойиб бўлди, осмон кўздан йўқолди, атроф-жавониб кўринмай қолди. Сўнг сукунат чўкди, ҳавонинг ранг-рўйи очилди. Ўшандан буён қиш бўрони тиниб, ўнгу сўли жами қор забтида қолган тоғлар ётсираб, жимжит аёзда хўмрайганча қотиб турардилар.
Фақат ўша кунботар чоғида Узун Чот дараси бўйлаб осмоннинг узоқ шамолгоҳида, салладор булутлар қўйнида тутаб ётган Ола Мўнгу муз довони сари ўтиб бораётган оғир вертолётнинг гулдираган овози дам сайин яқинлашиб, кучайгандан кучайиб борар ва ниҳоят, атроф-тумонат, товуш ҳамда ёруғликдан бўлак ҳеч нарса етиб боролмайдиган чўққилар, тизмалар, мангу кўк музликларни тамом ўз ҳукмига олди. Тоғу тошларга урилиб, аввалгисидан яна бешбадтар зўрайгандан зўрайган қалдироқ бошлар узра шунчалар аёвсиз даҳшат солар эдики, гўё яна озгина шундай давом этса, яна ўша ер қимирлаганидай... қиёмат-қойим қўпадигандай эди.
Ўзи шунга яқинлашиб ҳам қолди — вертолёт учиб ўтаркан, йўл устидаги шамоллар ялаб кетган тик қоя бағридан гулдуроснинг зўри туфайли тош уюмлари кўчиб ўрнидан қўзғалди-да, сўнг яна шу заҳоти худди қон қуюлгандай айланиб тўхтади. Худди шуни кутиб тургандай беқарор, муаллақ тошлар, бир неча оғир харсанг баланд учурумдан йўл-йўлакай чанг-тўзон кўтариб, шиддат ва сурон солиб қулади. Тоғ ёнбағрига етганда, улар худди замбаракнинг ўқидай қарсиллаб тушиб, ёрилиб, қизил тол ва қорағат буталарини ўпириб ўтиб, қор тўзонларини кўкка совурганча юксакдан осилиб турган қоя тагида, қуюқ бутазорлар билан тўсилган ўнгирда, икки қирғоғи яхлаган жилға бўйидаги бўри ини оғзида тўхтадилар.
Урғочи бўри Акбара тепадан қулаган тошлар ва қор уюмларидан чўчиб ўзини орқага олди, қоронғи ўнгир сари тисарилди, елкасидаги ёллари тиккайиб, кўзлари ғира-ширада ваҳшиёна ўт сочиб, қандай бало келмасин, унга қарши сапчишга ҳозирланиб турди. Лекин, у бекорга хавотирланган эди. Очиқ дашт ёмон. Унда тепангда қувалаётган вертолётдан ҳеч қаерга қочиб қутулолмайсан, у тинмай, орқангдан қолмай, изма-из таъқиб қилиб келаверади, вертолёт парракларининг касирғаси, автоматдан дўлдай ёғилган ўқларнинг чийиллаши юрагингни азоб ва қўрқинч билан тўлдиради, ёруғ дунёда вертолётдан омонлик йўқ, қочиб қутуладиган, шўрлик бошингни пана қиладиган тешик-туйнук ҳам йўқ — шундай пайтда ер ҳам ёрилмайди, қувиб келаётганлардан жонингни қутқариб, ерга кириб кетаман десанг.
Тоғларда йўриғ бошқа. Бу ерда доим қочиб қутулиш мумкин. То хавф-хатар ўтиб кетгунча писиб ётадиган бир жой албатта, топилади. Бу ерларда вертолёт қўрқинчли эмас, вертолётларнинг ўзи қўрқади тоғлардан. Бироқ қўрққанга қўшалоқ кўринади, деган гап бор. Бунинг устига бир марта юрагингни олдиргансан. Вертолёт яқинлашиб келаркан, Акбара қаттиқ ғингший бошлади, бошини ичига тортиб, ғужанак бўлиб олди, лекин барибир дош беролмади, ожиз, аянчли, ғайришуурий бир қўрқувга тушиб, бирдан бор овозини қўйиб увлаб юборди: тишларини алам-аччиқ устида ғижирлатиб, шу ернинг ўзидаёқ қаттол олишувга чоғланиб, қорни билан ғор оғзи томон судралди, гўё назарида шундай қилса, темир ялмоғиз Узун Чотдан қочиб кетадигандай, тоғу тошлар тинчийдигандай, зилзилалар тўхтайдигандай эди.
Акбара қўрқиб увлаб, ғингшийвергандан кейин ғор ичига унинг жуфти Тошчайнар бошини суқди. Акбара оғироёқли бўлиб қолгандан бери Тошчайнар кўп вақтини инида эмас, ўнгирдан узоқ кетмай қалин ва тинч қорағат бутазорлар орасида ўтказарди. Тишлари ханжардай ўткир бу бўри ҳар қандай нарсани ғажиб ташлашга тайёр бўлгани учун шу атрофдаги чўпонлар унга Тошчайнар деб ном берган эдилар. Тошчайнар жуфтининг ёнига судралиб келди-да, уни бало-қазолардан ҳимоя қилгандай гавдаси билан тўсиб, таскин бергандай ириллади. Акбара унинг пинжига маҳкамроқ тиқилди, адолатсиз осмонданми ё бошқа бировданми ёхуд шўрпешона қисматиданми нола-фарёд қилгандай ғингшиди. Вертолёт Ола Мўнгунинг оқ қорли, кўк музли довонидан ошиб ўтиб, булутлар ортида кўздан ғойиб бўлгандан кейин ҳам Акбара яна анчаганча ўзига келолмай, қалт-қалт титраб турди.
Коинотни босган сукут каби тоғларга бирдан жимжитлик чўкди. Акбара кутилмаганда ичидан нимадир қимирлаётган, туртинаётганлигини аник ҳис қилди. Бир куни Акбара, унда овга энди-энди чиқаётган пайтлари эди, бир сакраб каттакон қуённи босиб олганлигини эслади. Ўшанда қуённинг қорнида қандайдир кўзга кўринмас маҳлуқчалар қимирлаганлигини сезгандай бўлган ва бу нарса ёш урғочи бўрини эсайрон қилиб, қизиқтириб қўйган, қулоқларини диккайтирганча, ўлжасига анграйиб тикилиб қолган эди. Бунга шунчалар тонг қолиб қизиқиб кетган эдики, худди мушук чала ўлик сичқонни ўйнагандай, у ҳам ўша ўзи кўринмай қимирлаётган маҳлуқлар билан ўйнашмоқчи эди. Мана энди ўз қорнида ҳам кутилмаганда тириклик ҳомиласини ҳис килиб турибди. Эсончилик бўлса, бир ярим-икки ҳафтадан сўнг дунёга келадиганлар ўзларидан хабар бераётган эдилар. Лекин, ҳозирча, ҳали туғилмаган қип-қизил обжиш болалар она қурсоғидан ажралмаган, у билан бир жон, бир вужуд бўлиб туришар, шунинг учун онани кўрқитиб юборган, таҳлика ва талвасага солган бояги ҳолларни улар ҳам қоринда ётган кўйи сезган, бошдан кечирган эдилар. Улар ташқи олам борлигини, унда ёвуз муҳит мавжудлигини шу тариқа илк маротаба туйган эдилар. Онанинг қийналганлигини сезиб, улар қурсоқда ҳаракатга келдилар. Улар ҳам қўрқиб кетдилар, қўрқинч уларга она қони билан ўтди.
Вужуди ичра яна бир вужуд битганини сезган Акбара тинчини йўқотди. Юраги гурсиллаб ура бошлади. Кўкраги остида вояга етаётган болаларини хавфу хатарлардан асраш ва қўриш иштиёқида ғайрат-шижоатга минди. У ҳозир ҳеч нарсадан тап тортмас эди. Табиат ато этган наслни асраш сезими кучга кирган эди. Шунда у меҳр бутун вужудига иссиқ қондай югурганлигини ҳис қилди, энди дунёга келадиган болаларини эркалагиси, бағрига олиб иситгиси, уларни тўйдириб-тўйдириб эмизгиси келди. Бу оналикнинг энг биринчи бахтиёрлиги эди. У қорнида икки қатор тўлиб, қизариб, бўрсиллаб турган эмчакларидан сут тошиб, повиллаб келишини ўйлаб орзиқиб кетди, азбаройи маза қилганидан инграб юборди ва кўзларини юмиб олди. У ини имкон берганча жисмини ёзиб, оҳиста-оҳиста эркаланиб керишди ва шундан сўнг кўнгли биратўла жойига тушиб, яна ўзининг кўк ёлли Тошчайнарига яқинроқ сурилди. Тошчайнар ёллари қалин ўсган ҳайбатли ва чайир бўри эди. Шунча ўжар ва дўлайган эканига қарамай, у ҳам жуфтининг юрагида нималар кечаётганлигини сезди. Назарида жуфтининг қурсоғида бир нарсалар бўлаётгандай эди, буни ўйлаб унинг чеҳраси очилди. Тошчайнар қулоғини диккайтириб гувалакдек қийшиқ ва чўнг калласини кўтарди, шунда унинг ичига чуқур ботган қорамтир кўзларининг қорачуқлари совуқ йилтиллаб, улардан қандайдир бир шарпа, аллақандай татти башорат ўтгандай бўлди. У оҳиста томоғини қириб, йўталгандай ириллади. Шу билан жуфтига меҳр-оқибатини, уни ҳар қандай бало-қазолардан ҳимоя қилишга тайёр эканлигини, кўк кўз қанжиғига ғинг демай бўйсунишини изҳор этди ва шундан сўнг Акбаранинг бошини, айниқса унинг порлаб турган кўк кўзлари ҳамда тумшуғини катта, иссиқ сўлакайи оқиб турган тили билан эркалаб ялаб-юлқай кетди. Акбара Тошчайнарнинг тилини яхши кўрарди. Арлонининг қони жўшиб, бетоқат ҳирсга тўлиб, нари сакраб-бери сакраб ўйноқлаб, шунда ҳам тили илондай эшилиб-тўлғаниб, шиддатга киришини ёқтирар, лекин ўзини гўё ҳеч нарсани сезмагандай бепарво кўрсатар эди. У эт-мойга кўп тўйиб, осуда роҳатланиб ётган чоғларида ҳам арлонининг сўлакайи оқиб турган ипакдек юмшаган тилини хуш кўрарди.
Бу икки жондорнинг бошчиси, ақли-эси Акбара эди. Овни у бошлаб берарди. Арлон эса унинг қора қули — амру иродасини ғинг демай бажо келтирар, бинобарин, ишонган тоғи эди. Арлон ҳеч қачон чарчаш нималигини билмасди. Ўрталаридаги шу муомала йўсини ҳеч қачон бузилган эмас. Фақат бир куни кутилмаган синоат бўлиб ўтди. Арлон кечаси билан йўқ бўлиб кетди-да, тонг азонда бутунлай бошқа қанжиқнинг бадбўй исини эргаштирганча қайтиб келди. Дайдиган арлон бўриларни ўн чақиримлаб узоқ ерлардан мараз ҳидига чақирадиган ўша ебтўймас юҳо бўрининг исига Акбара сира тоқат қилолмади. Ёмон ғаши келиб, аччиғи чиқди, нафрати қўзиди, тўсиндан шартта эркагининг елкасига тишларини қаттиқ ботирди. Сўнг бир неча кунгача унга ҳеч рўйхуш бермай, орқасидан ялинтириб юрди. Сўлжайган, обрўсини тўккан аҳмоқни ўзига яқинлаштирмади. У дод деб, қанча ув солмасин, ўзига гўё ҳеч бир алоқаси йўқдай, худди энди у ўзи учун ўлгандай, ҳатто йўлига бўлсин, бир марта қайрилиб қарамади. Тўхтамади. Агар Тошчайнар шунда унга яқинлашиш ва кўнглини овлаш учун яна осилгудай бўлса, Акбара чиндан у билан тап тортмай олишарди. Зотан, бу икки махлуқнинг боши ўзи, арлони эса — оёғи эди.
Ҳозир эса Тошчайнарнинг кенг бағрида ётиб, пича ҳуши ўзига келди. Қўрқинчли дамларда эркагининг бирга бўлганидан, унга далда берганидан рози эди. Шунинг учун арлонининг эркалашларига қаршилик қилмади, ҳатто унга жавобан ўзи ҳам унинг тумшуғини бир-икки бор ялаб қўйди. Лекин, бояги ваҳиманинг асорати ҳали кетмаган, дам-бадам вужудига титроқ кирар, шунда батнига қулоқ тутар, ҳали туғилмаган болалари нима сабабдандир безовта бўлаётганликларини тингларкан, ҳаммасига: ини борлигига ҳам, тоғларга катта қор тушганига ҳам, совуқ тун шитоб билан бостириб кириб келаётганига ҳам шукурлар киларди.
Урғочи бўрини қаттиқ қўрқитиб юборган кун ана шундай ўтиб борарди. Оналик табиатининг барча ғайришуурий сезимларига тобе ҳолда у ўзи учунгина эмас, болаларим деб, мана шу қоронғи ўнгирда яқинда туғиладиган бўричаларим деб қўрқди. Ахир, худди шуларни деб, икковлашиб қидира-қидира ниҳоят, мана шу ҳайбатли тик қоя остидаги қалин чангалзорлар ва тоштепалар билан тўсилган холи ўнгирни бошпана қилган эдилар.
Бунинг устига Акбара билан Тошчайнар бу ерларга келгинди эдилар. Разм солиб қаралса, улар у ерлик бўрилардан ажралиб турардилар. Уларнинг елка ёллари кўкрак жунларига қуюндай буралиб тушар, бутун елкаларини то каллага довур қалин жун қоплаган, худди дашт бўрилариники каби ёллари оқиш-кўкиш тусда товланар эди. Шунинг учун буларни оқёл деб аташарди. Оқёллар Иссиқкўлнинг тоғ атрофларини ўзига макон тутган ерлик бўрилардан йирикроқ, бўлалироқ эдилар. Агарда Акбарага яқинроқдан бировнинг кўзи тушса, унинг тип-тиниқ кўк кўзларидан тамомила ҳайратга тушган, бунақасини бошқа ҳеч қачон учратмаган бўлар эди. Шу ерлик чўпонлар бу қанжиқ бўрини Оқдил деб юришди. Кейин-кейин бориб Акбари дедилар, яна бирмунча вақтлар ўтиб эса Акбара — Улуғ деб атадилар. Ким айтса айтгандиру, лекин унга шундай ном берилиши бежиз эмасди. Бунда қазонинг ҳам ҳукми борга ўхшаб кўринарди...
Бултур бу ерларда кўкёллар йўқ эди. Улар келишга келдилару, лекин ҳеч кимга қўшилмай бўлак бўлиб юрдилар. Бошида бу ерларнинг туб эгалари билан тўқнашиб қолмайлик деб, кўпинча эгасиз ерларда четлаб-четлаб изғишди, борига қаноат қилиб жон сақлашди. Кейин ўлжа излаб одамлар яшайдиган пастдаги жойларга ҳам панжа ура бошлашди. Лекин, бари бир туб ерлик бўри тўдаларига қўшилишмади. Кўккўз бўри Акбара очдан ўлса ўлардики, лекин бировларга қарам, сиғинди бўлиб яшашга асло кўнмас эди.
Ҳамма нарсани вақт ҳал қилади. Бора-бора келгинди кўкёллар оёққа мустаҳкам туриб олишди. Сон-саноқсиз омонсиз жангларда Иссиқкўл адирларидаги кўп ерларни ўзларига қарам қилишди. Келгиндилар ҳар нарсага эга чиқдилар. Маҳаллий бўрилар уларнинг аймоқ-дарига асти яқин йўлай олмасдилар. Жон сақлаш учун бегона жойлардан қочиб келган кўкёлларнинг ҳаёти Иссиқкўлда шу ангиз изга тушиб кетди. Лекин шунгача улар, эҳ-ҳэ, қанчалаб воқеаларни бошларидан кечирмадилар. Сезгир, зийрак Акбара уларнинг ҳаммасини қайта бошдан ўтказгандай бўлиб юради, тез-тез эслаб қўяди. Қанийди, махлуқлар ҳам кўрган кунларини бирма-бир сўйлаб берсалар эди. Балки яна ким билади, эсига тушганда, ҳаммаси тағин кўз ўнгидан ўтиб, аламли ёшларини тиёлмай оғир-оғир инграса, ажабмас...

* * *

Ўша қўлдан кетган дунё Мўйинқумнинг бу ердан узоқ саксовулзор далаларида қолди. Чек-чегарасиз Мўйинқум саҳроларида сайғоқларнинг ададсиз сурукларини ададсиз карра суриб, қувиб юрган ов кунлари орқада қолди. Ота-бобо замонларидан бери қақроқ саксовулзор саҳроларда тўда-тўда бўлиб умр кечирадиган, худди чексиз вақтнинг ўзи каби жуда қадим, чопиб чарчамайдиган, айритуёқ, қувушшох, дўнгтумшуқ шу жониворлар муртидан океан сувларини пуркаган китлардай бурунларидан пишқириб ҳаво олиб, пишқириб ҳаво чиқариб, кун ёришгандан кун ботгунга қадар тўхтамай югура олардилар. Улар ўзларининг абадий ҳамроҳлари — бўрилар таъқибига учраб, бирдан ҳаракатга келганларида, ўтакаси ёрилган бир сурук бошқасини талвасага солиб ўз ортидан эргаштирганда, сўнг уларга яна бир, яна икки, яна уч кийик тўплари ҳуркиб қўшилганда, сўнг яна ва яна янги-янги, катта-кичик тўдалар дам сайин қўшилаверганда — сайғоқлар Мўйинқумнинг кўз илғамас кенгликларида — адирлар, пасттекисликлар, яйдоқ қумликлардан худди ер юзига тушган тўфон каби тошганда, ана ўшанда замин гўё тескари айланаётгандай бўлар, ёз фаслида довуллар ҳамда дўллар савалагандай туёқлар остида тинимсиз гувиллар, шунда ҳаво қуюн янглиғ қўзғалар, осмонга чақин чақилгандай учқунлар сочар, ҳаммаёқни ҳайвон сурукларининг ҳидлари, ҳаёт-мамот учун бораётган телбаворий қувди-қочдининг ҳидлари тутиб кетар, бўрилар кийик издиҳомининг икки биқинидан ва орқасидан тўшлари ер бағирлаб чопишар, подаларни ўзларининг пистирмалари сари ҳайдаб боришга уринишар, пистирмада эса шўрлик қувғиндиларни ашаддий, сара ваҳший бўрилар кутиб туришар, улар саксовуллар орасидан бўриларга ташланишиб, хунрезлик қилишар, ўзлари ҳам улар билан баравар қора тупроққа думалаб-думалаб кетишар ва шунда сайғоқнинг кекирдагини шартта узиб ташлашар, варақлатиб қонини оқизишар, сўнг яна қочаётган пода ортидан таъқибни давом эттирар эдилар. Бироқ сайғоқлар қандайдир йўллар билан бўрилар биқиниб ётган ерлардан хабардор бўлишар ва кўпинча ўша жойларни айланиб ўтишар эди, қув-қув шундан кейин яна шиддатлироқ авжига минар ва уларнинг ҳаммалари — қочаётганлар ҳам, қуваётганлар ҳам — шу бераҳм борлиқнинг банди балолари ҳарс-ҳарс қилиб, тиллари бир қарич осилиб, ўлар ҳолатга етиб жон-жаҳдлари билан югуришар, қандай бўлмасин, ишқилиб, яшаш, омон қолиш учун азиз қонларини олов қилиб ёқишар, энди бу қувғиндилару қувиб борувчиларни Худованднинг ўзи тўхтатмаса, бошқа ҳеч кимнинг бу нарса қўлидан келмас, зотан, гап ўлиш ё қолиш устида борар, бинобарин, бундай кўз кўриб қулоқ эшитмаган қувди-қувдига дош беролмаган, олишув учун яратилмаган бўриларнинг юраклари ёрилиб кетар ва улар чанг-тўзонга қоришганча ерга қулар, жон таслим қилар эдилар, қувиш-қочиш эса бир зум бўлсин сусаймас, осмон довул турган каби қортўзон билан қопланар, ҳолдан тойиб йиқилган бўрилар, мабодо, ўлмай қолган тақдирларида ҳам, бу ерларда турмай, бошқа ёқларга бош олиб кетишар, кейин заррача ҳам қаршилик кўрсатмайдиган, ҳатто қочишга ҳам уриниб кўрмайдиган ювошгина қўй сурувларини бўғизлаш билан машғул бўлар эдилар: тўғри, бў ерларни ҳам хатарсиз деб бўлмасди — тағин буниси барча хатарлар ичида энг хатарлиси эди — бу ерларда подаларга одамлар қарашарди, қўй-қўзиларнинг худоси ҳам, қўй-қўзиларнинг қули ҳам шулар эдилар, булар ўзлари кун кўрардилар-у, лекин бошқаларга сира кун бермас, айниқса, уларга қарам бўлмаганларни, ўз эрки билан яшашга уринганларни қўймас эдилар... О, одамлар, одамлар — одамхудолар! Ўша одамлар ҳам азалдан Мўйинқум сайғоқларини овлаб келадилар. Аввалда улар отларга миниб, устиларига тери ёпиниб, ўқ-ёй отиб келдилар, кейин милтиқ кўтариб варанг-варанг ўқ қўйиб айюҳаннос кўтардилар, у ёқдан-бу ёққа ҳалокунинг итидай от қўйиб чопдилар. Сайғоқлар эса тўда-тўда бўлиб дам у ёққа, дам бу ёққа қочишар, ниҳоят, чексиз саксовулзорлар ичра ғойиб бўлишар эди. Ана, энди уларни топиб кўр-чи! Булар ҳам ўтиб, одамхудолар кейин сайғоқларни машиналарга миниб қира бошлашди. Худди бўрилар каби сайғоқларни аввал ҳолдан тойдириб, сўнг милтиқлари билан қирон солишди. Ундан ҳам ўтиб, одамхудолар вертолётларда учиб келишди, кейин сайғоқларни улар ўтлаб юрган ерлардан топишиб, белгиланган жойларига ҳайдаб, қуршаб олиб келишди, бу пайт ерда, машиналарда пойлаб турган мерганлар тезликни юз-юздан ошириб таъқиб қилишга тушар, вертолётлар эса тепадан уларга йўл ва нишон кўрсатиб турардилар. Машиналар, вертолётлар, тезотар милтиқлар зулмидан Мўйинқумнинг ҳаёти остин-устун бўлиб кетди. Сайғоқлар учун охирзамон, қиёмат-қойим бошланди.
Кўккўз Акбара унда анча ёш эди. Бўлажак жуфти Тошчайнар эса ундан пича каттароқ эди. Улар бўри тўдаларига қўшилиб ов қилишнинг машқини ола бошлашди. Бошда улар олғир бўрилар билан тенглашолмай, ерга қулаган, чалажон ҳолда йиқилган кийикларни бўғизлаб, қорнини ёриб юришди. Сўнг ўзлари куч-қувватга тўлиб, кўп бўриларни ва айниқса, қари бўриларни орқада қолдириб кетишди. Ҳаммаси табиатнинг ўз йўл-йўриғи билан борганда, улар кўп ўтмай бўри галаларининг серкаси бўлардилар. Бироқ икки ўртада ҳеч ҳаёлга келмаган ишлар рўй берди...
Йил йилга тўғри келмас экан. Ўша йили кўкламда сайғоқлар хўп баракали қулунладилар — кўплари эгизак туғди. Ўтган куз ойлари, сайғоқлар куйиккан кезлари кунлар илиқ келди, уст-устига ёғин-сочин тушди, шундан сўнг қуруқ чексиз сайҳонларда икки марта майса кўклади. Ўт-ўлан мўл-кўл, болалаш ҳам шунга яраша эди. Кўз ёрийдиган пайт келганда сайғоқлар эрта кўкламдаёқ Мўйинқумнинг энг ичкарисидаги қор тушмас қумликларга кетиб қолишади. Негаки, бу томонларга бўрилар яқин йўлай олмас, бунинг устига барханларда сайғоқларни қувиб етадиганнинг ўзи йўқ эди. Қумликларда кийик қувмоққа йўл бўлсин. Бироқ, куз ва қиш ойларида сайғоқлар чўл, чала саҳроларга тушиб келган маҳаллар кўкёл галалари ўз ҳиссаларини ошиғи билан оладилар. Худо берди қашқирларга, дегани ана ўшанда бўлади. Ёзда кунлар қаттиқ исиб кетганда, бўрилар сайғоқларга тегмайдилар. Бу ёқда шундоқ тумшуқлари тагида бошқа емишлар тўлиб-тошиб ётмайдими. Суғурлар қиш уйқусидан чиқишиб, тамоми саҳро бўйлаб югургилашиб юришади. . Бошқа маҳлуқ ҳамда жониворлар йил бўйи еб-ичиб, умргузаронлик қиладиган нарсаларга улар фақат ёз ичи етишадилар. Ана шунда суғур галаларининг беҳаловат югур-югурларини кўринг. Улар хавф-хатарга ҳам қарамай қўядилар. Ана шунда бўри деганиниш куни туғади. Суғур ови бошланади. Ахир ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бор-да. Қишда суғур анқонинг уруғи. Ёз ойларида бўрилар илвасин, каклик-каркилдак каби қушлару жониворларни ўлжа қилиб кун кечиришади. Лекин энг улуғ ов — сайғоқ ови кузда бошланади. Сўнг то қиш оёқлагунча чўзилади. Ҳар нарсанинг ўз вақти-соати келади. Чўлу даштларда ҳаётнинг шу маромда тебраниб туриши табиатнинг адолатидан бўлса керак. Мўйинқумда азал-азалдан бери давом этиб келаётган тирикчиликнинг бу йўриғини ё табиий офат ва ё инсон боласигина издан чиқариб юбориши мумкин эди...

II

Тонгга яқин чўлга салқин тушди. Ер ючида неки қимирлаган жон-зот бор, бари енгил нафас олди. Ўтиб бораётган дим, таффот тун билан шўр босган тала-тузни ўртаб, офтобнинг оппоқ алангасида ёндириб юборадиган кундуз ўртасидаги энг роҳатижон пайт шу эди. Ерга кўк сурмаранг шуълаларини сочиб, Мўйинқум узра сариқ тўлин ой чиқди. Қаеридан қараманг, бу ернинг боши ҳам, охири ҳам кўринмасди. Чор атроф олис-олисларгача қорайиб борар ва серюлдуз осмон билан қўшилиб кетар эди. Тунги ўлик сукунатга жон кирди, илондан бўлак барча жониворлар тонг палласидан баҳра олиш учун ғимирлаб қолди. Чангал-чангал бўлиб ўсган жилғин буталари тагларида полапонлари чийиллаб қушлар уйғонди. Типратиканлар ер искаб югургилади. Туни бўйи тинмай чириллаган чирилдоқлар яна бошқатдан хуружга кирди. Уйқудан уйғонган суғурлар инларидан бошларини чиқариб, ҳар томонга аланг-жаланг боқишиб, саксовул тагига тўкилган уруғларни терсакмикин, термасакмикин, дегандай уйқусираб туришарди. Каттакон япалоққуш бешта бўз учирмаси билан бирга ўзаро чақчақлашиб, чақиришиб, бир-бирларидан айрилмай дам учиб, дам қўнишар эди. Бошқа турли-туман жониворлару маҳлуқлар оқариб келаётган чўл тонгида бири олиб бири қўйиб уларга жўр бўлишарди...
Кўккўз Акбара билан Тошчайнарнинг бошлари қовушган биринчи ёз кунлари эди. Улар энди ўзларини катта овларда чопиб чарчамас зўрабор бўри эканликларини кўрсатишган ва Мўйинқум бўрилари орасида таниқли эдилар. Икковининг бахтига — чўл жониворлари орасида ҳам бахтли ҳамда бахтсизлари бўлса керакким — табиат Акбарага ҳам, Тошчайнарга ҳам чўл жондорларига ўта зарур бўлган муҳим сифатларни мўл-кўл берган, иккови ҳам жуда сезгир, овни олдиндан яхши ҳис қилишар ва кўзлашар, кучлари таналарига сиғмас, чопағон ва босағон, шиддаткор эдилар. Ҳаммаси келажакда бу икки бўрининг ови бароридан келишидан, уларга тирикликнинг барча азоблари-ю роҳатлари ҳам тўла ёр бўлишидан, қисматларида неки ёзилган бўлса, баридан қочиб қутулолмасликларидан дарак берарди. Ҳозирча Мўйинқум чўлларида ёлғиз ҳукмрон бўлишга уларга ҳеч қандай куч тўсқинлик қилолмасди. Ҳали одамлар бу чўлларга кўпда қадам босмаган ва бўрилар ҳам улар билан сира тўқнашмаган эдилар. Табиатнинг уларга ато этган яна бир инъоми шунда эдики, бошқа барча жониворлар каби бу йиртқичлар ҳам эртага нима бўлади, деб ташвишланмай, қўрқмай, қалтирамай кун кечирардилар. Одил табиат азалдан маҳлуқларни тирикликнинг бу қарғиш теккан ташвишидан халос этган экан. Гарчи табиатнинг худди мана шу инъомида жамийки Мўйинқум жониворлари бошига қора кун, хунбийрон қирғин солган бир куч ҳам яширин эди. Лекин жониворларнинг ҳеч бири буни фаҳмламасди. Бош-кети йўқ Мўйинқум қанчалар чексиз ва ҳудудсиз бўлиб кўринмасин, Осиё қитъасининг харитасидан нимсирғиш тусга бўялган бармоқ изича бир жой эканлигини англамасдилар. Йилдан йилга боқиладиган мол кўпайяпти, янги қудуқлар қазишиб, ўтлоқ жойлар излашиб, Мўйинқумни тўрт томондан қисиб келишяпти. Каналлар қазиляпти, йўллар ўтяпти. Мўйинқум атрофларида дунёда энг йирик газ қувури ётқизилиб техника билан қаттиқ қуролланган одамлар машина, моторларга ўтириб, ёнларига сув ғамлаб олиб, радиоалоқа ёрдамида ҳар қандай дашту саҳро ичига, шу жумладан, Мўйинқумга шитоб билан кириб боряпти. Лекин, булар келажакда насллар фахрланиб юришига арзийдиган кашфиётлар қиладиган фидокор олимлар эмас, ҳар кимнинг қўлидан ҳам келаверадиган ишни бажарадиган оддий кишилар. Чек-интиҳоси кўринмаган, ҳеч қандай бало-қазо йўлай олмайдигандек туюлган Мўйинқум саҳросини мана шу жўнгина одамлар тўрт тарафдан қисиб кела бошлашди. Бироқ инсон ҳаётининг жуда ҳам одми ва жўн кўринган ишларида яхшилик билан ёмонлик қўшилиб кетганлигини Мўйинқум жониворлари қаердан билсинлар. Бу ерда ҳамма нарса одамларнинг ўзларига боғлиқ эди — улар инсон жамоатчилиги учун одатий бўлиб қолган бу нарсаларни нималарга йўналтирар эканлар: яхшиликками ё ёмонликка, тузишгами ё бузишга — буни саҳро маҳлуқлари қаёқдан билсинлар. Одамлар ақл-идрок билан иш юрита бошлаган замонлардан бери ўзларини ўзлари билишга уриниб келаётганликлари, ўз чигал ишларидан сира қутулиб кетолмаётганликлари ва азал-азалдан нима учун ёмонлик доим яхшилик устидан ғолиб чиқади деган муаммони, бошларини қотириб келаётган жумбоқни ечолмаётганликларини забонсиз махлуқлар қаердан билсинлар...
Одам боласининг мана шу каби ишлари, йўл-йўриқлари Мўйинқум жониворларига мутлақо қоронғу эди. Бинобарин, бу нарсалар уларнинг сезимлари, тажрибалари ва умуман, табиатларида йўқ эди. Хулласи калом, ҳозирги кунларгачайин Осиёнинг шу буюк ярим чўл, ярим саҳро жазирамаларида дарахт бўлиб дарахтмас, чўп бўлиб чўпмас, аммо тошдай қаттиқ, метиндай мустаҳкам, темир арқон каби чийралган, қурғоқчиликка чидамли жинғилзорлари, қумлоқ саксовулзорлари, какра ўтлари ва ҳаммасидан ҳам ой шуълаларида, кун ёруғида олтин тусли шаффоф ўрмон каби ловуллаб ёнадиган, ичига кирган ҳар қандай зот бошини кўтарган заҳоти тўрт томондан баравар кўзга ташланадиган чий қамишзорлари бўлган шу даштлардаги жонзотларнинг яшашига ҳеч нарса тўсқинлик бермай келарди.
Янги бўри хонадони — Тошчайнар билан Акбаранинг қисматлари мана шу ерларда кечадиган эди. Бу орада махлуқлар ҳаётида жуда муҳим бир воқеа ҳам бўлиб ўтган, Ақбара учта туққан эди. Бу унутилмас воқеа Мўйинқумда ўша кўклам чоғи жинғил чангалзор орасида, кекса саксовул тагидаги ўнгирда рўй берган эди. Бу уя бўри болаларини сайрга олиб чиқиш учун жуда қулай эди. Бўричалар анча тиккайиб қолишган, қулоқларини диккайтириб туришар, лекин бир-бирлари билан ўйнаган, думалашган чоғларида қулоқларининг шалпайиб тушгани билан ишлари йўқ эди. Улар энди оёқда анча маҳкам турадиган бўлиб қолган, ҳар бирлари ўзларига яраша феъли ҳўй орттирмоқда эди. Катта бўрилар овга чиқадиган пайтлари улардан қолмай эргашардилар.
Яқинда бўрилар бир кеча-кундуз овда бўлишди. Ов кутилмаган фалокат билан тугашига оз қолди.
Ўшанда Акбара тонг қоронғусида бўриваччаларни эргаштирганча Мўйинқумнинг овлоқ бир чеккасига йўл олди. Ўша ерларда, бепоён даштларда, айниқса, нимқоронғи сойлар, ўйдим-чуқур жарликларда ҳушни ажабтовур элитиб, бошни айлантирадиган ғалати ўт-ўланлар кўп ўсиб ётарди. Бўйи бардан урадиган, қорайиб ётган, бўғриққан мана шу ўтлар ичида уларнинг турфа ўткир чанг-ҳидларини бирпас димоғингга тортиб кезсанг, бирдан ўзингни осмонда учиб кетаётган-дек, ҳавода сузаётгандек енгил ва хушкайф сезасан, кейин беҳол уйқу босади. Акбара бу ерларни бўриваччалигидан бери билар, банг ўт гуллайдиган кезлар бир келиб кетган эди. У йўл-йўлакай чўлнинг майда жониворларини чангалидан ўтказиб, қуюқ ўтлар орасида айланиб юришни, улар устида ағанаб ётиш, ўткир исларни ичига тортиш, сўнг қанот чиқаргандай бўлиб учиш ва ниҳоят, хуморланиб ухлаб қолишни яхши кўрар эди.
Ҳозир эса улар Тошчайнар билан ёлғиз ўзлари эмас, орқаларидан оёқлари беўхшов ва узун бўричалар ҳам эргашиб келар эди. Бундай сафарлар пайтида бўри болалари иложи борича кўп нарсаларни билиб, ўз мулқатларини кичикликдан яхшилаб ўзлаштириб олишлари керак эди. Урғочи бўри эргаштириб бораётган мулк чеккасидаги хушбўй ўтлоқларга ҳам шу бўрилар эгалик қиладилар. Ундан у ёғи бегона маконлар эди, у томонларда одамларга дуч келиб қолиш ҳеч гап эмасди. Ўша кўз илғамас ёқлардан гоҳо куз шамолларининг увиллашидай паровоз товушлари қулоққа чалинар, у ёқлар бўриларга мутлақо ёт эди. Улар Акбара етагида ўз мулкларининг энг чекка ёқаси томон кетиб борардилар.
Акбаранинг орқасидан Тошчайнар лўкиллаб боряпти. Бўричалар эса жонлари ичига сиғмай, дам сайин шўхлик қилишади. Ўйнашиб олдинга ўтиб кетишади. Лекин Акбара уларнинг бебошлик қилишларига изн бермайди. Ҳеч бир маҳлуқ унинг олдига тушмаслиги керак.
Бошида саксовулзорлар ва чўл шувоқлари босган қумлоқ ерлардан боришди. Кун тобора юқорига кўтарилиб, ҳаво одатдагидай очиқ ва иссиқ бўлишидан дарак берди. Оқшомга тортиб бўри тўдаси чўлнинг чеккасига етиб келди. Ҳали кун ёруғ эди. Ўтлар бу йил баланд бўлиб ўсган, улар ичида юрган бўриларнинг ёлларигина кўринарди. Банг ўтнинг кун бўйи офтоб тиғида қизиб ётган тук босган шохчаларидаги кўзга унчалик ташланавермайдиган гуллари кучли ҳид таратарди, айниқса, ўт қалин ўсган жойлардан ҳид ғоятда ўткир ва қуюқ эди. Узоқ йўл босиб келган бўрилар кичикроқ бир сой ичида дам олишди. Тинмағур бўри болалари чарчоқ нималигини билмай атрофда ўмбалоқ ошишар, ер искашар, ҳид олишар, ҳар нарса уларга қизиқ кўринарди. Бўриларнинг қоринлари тўқ, бинобарин, кечаси шу ернинг ўзида тунаб қолсалар ҳам бўлаверарди. Йўл-йўлакай бир неча семиз-семиз суғур билан битта қуён тутиб ейишган, бир қанча қуш уяларини тинтишган, сўнг йўлда учраган жарликдаги булоқдан тўйиб-тўйиб сув ичишганди. Лекин ўртада кутилмаган бир воқеа юз бердиким, шундан сўнг бўрилар бу ерларни жадаллик билан тарк этишга, орқага, саҳро ичкарисидаги уяларига қайтишга мажбур бўлдилар. Улар тун бўйи йўл босдилар.
Воқеа бундай бўлди. Кун ботиб борарди, Акбара билан Тошчайнар банг ўтнинг ҳидидан маст, хумор ҳолда ўт-ўланлар узра чўзилишган эди. Шу пайт яқин атрофдан қулоқларига одам саси эшитилди. Одамни бошқалардан бурун жар ёкасидан ўйнаб, қувалашиб юрган бўри болалари кўрдилар. Улар баногоҳ пайдо бўлган ушбу ғалати хилқат одам эканлигини ҳатто, ҳаёлларига ҳам келтирганлари йўқ. Япроқдай иштон, яланг оёғига кеди, бошига янгилигида оқ, ҳозир эса бутунлай яғирлашиб кетган панама кийган махлуқ яланғоч ҳолда банг ўтлар орасида телба каби чопиб юрарди. У ўт қалин ўсган жойларни танлаб дам у ёққа, дам бу ёққа лўкилларди, бундан маза қилаётганга ўхшарди. Бунақасини умрларида биринчи маротаба кўриб турган бўри болалари андак чўчиб, андак ажабланиб писиб-нетиб қараб қолишди. Анави маҳлуқ эса, худди жин теккандек, нари бориб, бери чопиб келишини қўймасди. Бўри болалари қўрқувдан ўзларини ўнглаб, юраклари қизиди. Лўкиллаб чопиб юрган, баданида туки йўқ, икки оёқли ғаройиб маҳлуқ билан ўйнагилари келди. Шу пайт қип-яланғоч одамнинг ўзи ҳам бўричаларни кўриб қолди. Ҳайрон қоладиган ери шундаки, бу ерда қашқир болалари нима қилиб юрибди, деб ўйламай, ҳушёр тортмай, бу эси йўқ қўлларини олдинга чўзиб; бўри болаларини эркалай бошлади.
— Вой, булар нима?— дер эди у юзларидан оқиб тушаётган терларни сидириб.— Бўри болалари эмасми? Ё бошим айланиб, кўзимга шундоқ кўриняптими? Йўғ-эй, учаласи ҳам катта-катта бўлиб қолган бўри болалари-ку! Вой, менинг бўривойларим! Йўл бўлсин? Қайдан келдингиз? Қайга борасиз? Бу ерларда нима қилиб юрибсиз? Мени-ку, ёмонлигим бу ерларга ҳайдаб келди, сизлар-чи! Бу чўлларда, қарғиш теккан бу банг ўтнинг ичида нима қиляпсиз? Қани, маҳ-маҳ, бери келинглар, қўрқма, қўрқма, маҳ-маҳ! Вой, тентак бўривойларим-эй!
Эсипаст бўри болалари одамнинг эркалатганига чиндан ишониб, қуйруқларини ликиллатиб, букилиб-букилиб бағирларини ерга теккизиб қувлашмачоқ ўйнаш иштиёқида яқинлашиб бора бошладилар. Лекин шунда жар ичидан Акбара отилиб чиқди. У вазият қанчалар хатарли эканлигини кўз очиб-юмгунчалик вақт ичида англаб етди. Акбара босиқ ириллаб, чўл қуёшининг қизғиш шафақларига беланган  яланғоч одамга ташланди. Шу сакраганда унинг қорнини ёриб ташлаши ёки кекирдагини узиб олиши ҳеч гап эмасди. Ҳалиги киши эса ўқдай отилиб келаётган бўрини кўрган заҳоти қўрқувдан кўзлари ола-кула бўлиб кетди, эс-ҳушини йўқотиб, бошини қўллари билан пана қилганча чўккалаб ўтириб қолди. Ана шу уни қутқарди. Ўқдай учиб келаётган Акбаранинг фикри яшин тезлигида ўзгарди. У яланғоч ва ҳимоясиз, бир зарбалик ҳоли йўқ одамнинг устидан қуюндай ўтиб кетди. Шунда одамнинг чеҳрасини, қўрқувдан қотиб қолган кўзларини кўрди. Акбара одам танасининг ҳидларини сезди. У яна бир ирғиб ўзини одам устидан орқага отди ва болалари ёнида пайдо бўлди, уларни думчаларидан оғритиб тишлаб, шиддат билан жар ёқасига суриб ҳайдаркан, Тошчайнарнинг рўпарасидан чиқди. Тошчайнар одамни кўрган, унинг баҳайбат ёллари қўрқинчли ҳурпайган эди. Акбара уни ҳам нари суриб, бир тишлаб олди ва орқасига қайирди. Сўнгра ҳаммалари жар ичига тушиб кетдилар ва кўз очиб-юмгунча ғойиб бўлдилар...
Шундан кейингина бояги одамнинг эси жойига келди, у ўрнидан дик этиб туриб қоча бошлади... Орқасига қарамай, нафас чиқармай чўлда анча ергача чопиб борди...
Акбара галасининг одам билан тўқнашуви биринчи маротаба мана шундай юз берган эди... Бунинг оқибати нима билан тугашини ким билибди дейсиз...

* * *

Кун оғди. Ботиб бораётган қуёшдан оташин ҳарорат ёғилар, унга кун бўйи қизиб ётган ердан кўтарилаётган тоқат қилиб бўлмайдиган иссиқ ҳовур қўшилар эди. Қуёш ва чўл азалдан муқоясада: кунга қараб чўлнинг — офтоб ўз сепларини ёйган маконнинг қанчалар чексиз эканлиги билинади. Чўл осмонининг бепоёнлиги эса калхатларнинг баланд парвозларидан аён. Ўша кунботар чоғи Мўйинқум чўллари узра кўз илғамас юксакларда бир тўп айридум калхатлар учиб юришарди. Улар ҳеч нимани мўлжалга олмай, қанотларини кенг ёзиб, билинар-билинмас укпар парда билан қопланган, доимо салқин кўк денгизида роҳатланиб сузишарди. Улар худди ушбу вақт ва ушбу осмоннинг азалийлиги ҳамда ўзгармаслигидан хабар бергандек, бирининг орқасидан бошқаси давра солиб айланишарди. Ўша онларда калхатлар ўзларидан узоқда, пастда, қанотлари остида нималар бўлаётганлигини жимгина томоша қилишарди. Уларнинг кўзлари ўткир, ҳамма нарсани кўради (ҳа, аввал кўради, сўнг эшитади). Худди мана шунинг учун ҳам улар чўл осмонининг энг буюк йирткичлари ҳисобланишар, гуноҳкор ер узра эса факат ўлжа олиш ва тунаш учунгина қўнар эдилар.
Афтидан, ўша дақиқаларда ўша кўз етмас баландликдан уларга чоғроқ тепа устида ола-қуроқ бўлиб ўсган жилғинлар ва тилладай жилвиллаб ётган чийлар орасида жойлашган арлон бўри, серка бўри ва уч бўри боласи аниқ-тиниқ кўринган бўлса керак. Бўрилар юксакда кадхатларга томоша бўлаётганларини ҳаёлларига ҳам келтирмай, иссиқдан тилларини осилтирганча дам олиб ётишарди. Тошчайнар ўзига жуда ёқадиган ҳолатда, олдинги оёқларини чалиштириб, бошини баланд кўтарганча чўзилган. Бу ғажир бўри бошқалардан пот-ҳайбати, келбатининг зўри билан ажралиб турарди. Унинг ёнида калтабақай, йўғон думини тагига босиб, худди тошдан йўнилган санамдай бўлиб серка Акбара чайир қўлларини ерга маҳкам тираганча узала тушган. Қанжиқнинг оқариб кўринган кўкраги, энди анча шалвираб қолган эмчаклари, ичига ботиб турган икки биқини унинг куч-қудратга тўлганлиги, бели жуда бақувват эканлигидан дарак беради. Бўричалар эса учовлон шу атрофда ғужғон ўйнашади. Уларнинг тиниб-тинчимасликлари, энтак-тентак шўхликлари, ҳадеб суйкалиб осилаверишлари катта бўриларнинг зиғирча бўлсин ғашига тегмасди. Майли, тўйиб-тўйиб ўйнаб олишсин, дегандай қарашарди...
Калхатлар эса, ҳамон кўкда парвоз қилганча, пастда, Мўйинқумда, кунботар чоғида нималар бўлаётганига совуқ назар ташлашарди. Бўрилар тўдаси жойлашган ердан бир оз нарироқда кенг жилғинзорлар оралаб оққуйруқ сайғоқлар ўтлашарди. Бу сурукдан пича нарида бутазорлараро яна бир каттакон пода ёйилганди. Калхатлар кийикларга қизиқиб қараганларидами, ўнлаб чақиримга чўзилган чўлнинг икки томони ҳам юзлаб, минглаб сайғоқларнинг подалари билан тўлганлигини пайқашар эди. Сайғоқлар ярим саҳро-ярим чўл мана шу ўнғай ерларни қадим-қадим замонлардан бери ватан қилиб кўпайишиб келадилар. Сайғоқлар кечки иссиқ қайтишини кутиб, кеча салқинда олис-олисларда жойлашган булоқлар сари йўл оладилар. Айрим сайғоқ подалари ҳозирнинг ўзида тўп бўлиб сув ичгани йўлга тушмоқда эди. Сув деб улар жуда узоқ масофаларни босиб ўтадилар.
Сайғоқ сурукларидан бири бўрилар ётган тепалик ёнидан ўтиб борар, жилвираган қуруқ чий орасидан оққуйруқларнинг шувиллаб ўтиб турган сағри ва биқинлари, така кийикларнинг шохлари туртиб чиққан, ерга томон эгилган каллалари кўриниб қоларди. Улар ҳавонинг ортиқча қаршилигига учрамаслик учун доимо бошларини қуйи эгиб юрадилар ва бир зум ичида шиддат билан югуриб кетадилар. Табиатнинг ўзи уларни шундай қилиб яратган, улар ҳар қандай хавф-хатардан бемалол қочиб қутуладилар. Сайғоқларга шу афзаллик ато этилган. Сайғоқлар ўзларига тинч пайтларида. бафуржа бораётганларида ҳам, бир маромда, сира чарчаш нималигиии билмай бўрилардан бошқа ҳеч бир маҳлуққа тутқич бермай йўртиб кетаверадилар. Кийикларнинг сон-саноғи йўқ, уларнинг кучи ҳам мана шунда...
Ҳозир улар буталар орасида ётган Акбара галасини ёнлаб ўтиб боришар, ортларидан шамол кўтарилар, шамолга поданинг чанг-тўзони ва бадбўй тер ҳидлари аралашиб кетган эди. Тумшуқларига урилган бу ислардан бўри болаларининг қонлари кўпирди. Учовлари ҳам ҳавони ютоқиб искашар ва нималигини ўзлари ҳам билмаган ҳолда ўша қонларни жўштирадиган пода иси анқиётган томонга, чийлар оралаб ўтиб бораётган бўлиқ таналарга ташланмоқчи бўлишарди. Бироқ катта бўрилар — на Акбара ва на Тошчайнар жойларидан қимирладилар. Ваҳоланки, улар бир сакрашда подага етиб олишлари, унга даҳшат ва қўрқув солиб ўтиб кетишлари, ҳаёт-мамот талашувида жониворларни буткул ҳолдан тойдириб, сўнг бир қанчасини чапдастлик билан ерга ағанатиб, бўғизлаб ташлашлари мумкин эди. Ҳа, шундай қилса бўларди. Бунинг қийин жойи йўқ эди. Лекин омад келмай ўлжани қўлдан чиқариб юбориш ҳам ҳеч гап эмасди. Бунақаси бўлиб туради. Ишқилиб, Акбара ҳам, Тошчайнар ҳам суруклар ортидан қувишни ҳаёлларига келтирмадилар. Ўлжа шундоқ ёнларидан ўтиб бораётганига қарамай ўринларидан жилмадилар. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Ўша куни уларнинг қоринлари тўқ эди. Қорин тўқида, куннинг шу иссиғида кийикларни қувиш, қутуриб ов қилиш ўлим билан баробар эди. Лекин, гап бошқа ёқда. Муҳими, ҳали бўричаларнинг ов қиладиган пайти келмаган эди. Улар қув-қув, чоп-чопга дош беролмай, ўлжани ололмай шаҳдини йўқотиб қўйиши мумкин эди. Юрагини олдириб қўйган, шашти қайтган бўри бўри бўлмайди. Ҳали қиш кирсин, катта овлар бошланади, ана ўшанда кучга тўлган, вояга етган бўрилар нималарга қодир эканликларини кўрсатиб қўядилар. Ўзларига ишонч орттирадилар. Ҳозирдан ишнинг пачавасини чиқаришнинг ҳожати йўқ. Лекин вақт-соати келсин, ўшанда кўринг буларни! Зўр маърака бўлади ўшанда!
Акбара ов тамайида ўйноқлаб, ирғишлаб ўзига осилаверган бўриваччалардан безор бўлганда бошқа жойга сакраб ўтарди. Чийларнинг кумуш укпарлари оралаб худди урчийдиган пайти дарёдан юқорига қараб сузган балиқлардай ҳаммаси бир томонга қараб бораётган кийиклардан кўзларинй узмай қараб турди. Кийикларни бир-бирларидан сира ажратиб бўлмасди. Акбаранинг нигоҳидан, майли, ҳозир ўтаверинглар, яшаганча яшаб қолинглар, лекин вақти соати келадики, саҳрода нимаики бўлса, яна саҳронинг ўзига қайтади, ундан асло қочиб қутулолмайди, деган маънони уқиш мумкин эди. Бу орада бўриваччалар мудраган Тошчайнарга осилиб, тирмашиб, ўрнидан қўзғаш пайидан бўлишарди.
Шунда Акбара бирдан буюк саҳрога тушадиган қишнинг илк кунларини тасаввурига келтирди. Тонгга яқин ҳаммаёқ оппоқ қор билан қопланади. У ярим кун, узоғи билан бир кун туриб, сўнг эриб кетади. Лекин ўша қор бўриларга катта овлар палласи келганлигидан дарак беради. Шундан эътиборан бўриларнинг         эс-ҳушлари сайғоқ овида бўлади. Ўша дориламон кунлар ҳали келади. Сойликларни туман ўрайди. Оппоқ, мунгли чийларни қиш қирови босади. Жилғинларнинг қалин шохлари қор юкини кўтаролмай эгилиб тушади. Ҳарорати қайтган чўл қуёшининг бети ҳовурланиб туради. Урғочи бўри ўша кунни кўз олдига шу қадар равшан келтирдики, бирдан сесканиб кетди: ўпкасига муздай қиш ҳавоси киргандай туюлди, гўё ғуж юлдуз каби пишиқ панжалари қор бетига тушгандай, ўз таниш изларини ҳам, ўсиб-улғайиб, феъл-атвори ҳам анча белгили бўлиб қолган болаларининг изларини ҳам, буларнинг барига ёнма-ён йирик, қудратли, тирноқ ўринлари худди каттакон қушнинг қайрилган тумшуғидай ўйилиб тушган изларни — Тошчайнарнинг омонсиз изларини ҳам равшан ўқигандай бўлди. Кенг ўмровли, бароқ тўшли Тошчайнарнинг панжалари қорга чуқур ботади, унинг куч-қудрати босган изидан ҳам билиниб туради. Тошчайнар сайғоқларнинг кекирдакларига қадалган ханжар, у чалиб ўтган сайғоқ қизил қони билан чўл қорини бўяйди. Гўё қонга беланган қуш қанотларини тапирлатиб қор бетида ётгандай. Бировнинг қони — бошқа бировга ем. Бирининг қонини ичмаса, иккинчиси яшолмайди. Азал-азалдан шундай, тирикликнинг бошқа йўсини йўқ. Бунга ҳеч ким қозилик қилолмайди. На ҳақ бор бунда, на ноҳақ. Ким бировнинг қонини ўзга биров учун ем қилиб яратган бўлса, айб ўшанда. (Фақат одам боласигина бошқача қисмат билан яралган: у нонини заҳмат чекиб топади, заҳмат чекиб эт топади. Одам ўз табиатини ўзи бино қилади).
Мўйинқумнинг илк қорига тушган бояги ғужум юлдуздай катта-кичик излар — бўрининг туркум панжалари сойларнинг туманлари оралаб боради-боради-да, шамолдан пана бир жилға бўйида, буталар орасида тўхтайди — бу ерда бўрилар маслаҳат маърака қиладилар: ким қувишга боради, ким пистирмада қолади...
Эҳ, бир куни орзиқиб кутилган дамлар ҳам келади — Акбара қор узра қорни билан судралиб, тўнғиб қолган ўтларга суйканиб, билинар-билинмас нафас олиб, ўтлаб юрган сайғоқларга оҳиста яқинлашиб боради, кўзи уларнинг ҳозирча осуда боққан кўзларига тушади ва шунда бирдан соядай сапчийди. Ана, энди кўринг бўрининг куни туққанини! Акбара бўриваччаларига сабоқ бўладиган ўша биринчи овни шунчалар яққол тасаввур қилдики, беихтиёр инграб юборди ва сакраб туриб кетишдан ўзини базўр тийиб қолди.
Оҳ, ўша илк қиш кунларидаги чўлдаги ов! Сайғоқ суруклари ўтдан қўрққандан бадтар қўрқиб, қутуриб қочишга тушади. Қорнинг оппоқ бети бир зумда қора чўтирга айланади. Акбара ҳаммадан олдинда улар ортидан қувиб боради. Ёш бўрилар — унинг қонидан бўлган насл ортда қолмай чопади. Ахир қазову қадар уларни худди мана шу соат, мана шу ов учун дунёга келтирган; улардан сал нарида ҳайбатидан от ҳуркадиган, елдай илдам, қудратли Тошчайнар; унинг мақсади битта: сайғоқларни пистирма ётган томонга ҳайдаб бориш, ана ўша ерда у ўғлонларига ов қандай бўлишини кўрсатади. Ана қув-қув, ана ов! Акбара учун бунда ўлжа олишдан ҳам завқлироқ бошқа нарса бор. Ҳа, ов фасли тезроқ кела қолсайди, чўл бағрида ҳайё-ҳайт қувғин солиб, қушдай учиб кетса... бўри ҳаётининг қизиғи шунда, лаззати, хумори шунда...
Табиат урғочи бўрига шундай ҳаёл ато этган. Яна тағин ким билади, шу сирли ҳаёлларни кейинчалик аччиқ алам, чидаб бўлмас ўкинч билан эслар. Ажабмаски, булар дардли армонга айланар ва тез-тез тушларига кирар... Ўша ҳаёллардан балки,  фақат надомат қолар, хуноба ёшлар қолар. Ахир, ҳаёл деган нарсанинг ўзи бошида кўнгил мулкида шундай ҳаволаниб пайдо бўлди-ю, сўнг кўпинча илдиз отмай япроқ ёзгани учун муқаррар талафотга юз тутади. Худди баъзи гуллар ва дарахтлар каби... Қуруқ ҳавойи ҳаёлнинг қисмати бошқа нима ҳам бўларди. Яхшилик билан ёмонлик нисбатларини англашнинг аччиқ зарурати ана шундай...

III

Мўйинқумга қиш тушди. Бир марта қор ҳам ёғиб ўтди. Хийла қалин ёғди, аммо узоқ турмади. Эрталаб жамики чўлу саҳрони худди тўлқинлари югуриб кета туриб бирдан қотиб қолган оппоқ уммонга айлантириб юборди. Оқ муҳитда қамғоқларни тирқиратиб қувиб юрган шамолгина ҳоким бўлиб қолди. Қумлоқларга нам сингиди. Баданига ҳўл теккан қатқалоқ тақирнинг бағри юмшади. Чўлга коинот — беҳудуд осмоннинг жимлиги чўкди... Бундан сал илгарироқ саҳро тепасидан ғозлар ғағиллаб учиб ўтдилар. Улар Мўйинқум узра жуда юксакларда баланд овоза солишиб, Ҳимолай томонларга боришарди. Шимолнинг дарё ҳамда денгизларидаги ёзги қароргоҳларидан Ҳинд ва Брахмапутранинг азалдан ҳам азал сувларини мўлжал қилиб учишарди. Чўл жониворларининг қанотлари бўлсайди, улар, албатта, ғозларнинг ҳазин чорловларига жавобан ҳавога кўтарилар эдилар. Бироқ ҳар маҳлуқнинг пешонасига ўз жаннати ёзиб қўйилган... Ҳатто, юксак парвозларга ўрганган чўл калхатлари ҳам ўз учар жойларидан узоққа кетмайдилар...
Акбаранинг болалари қиш бошланишида вояга етиб, кўзга ташланиб қолишди. Ҳар бирининг ўзига етгунча феъли бор. Рост, Акбара уларга исм, атов қўйгани йўқ. Худонинг ўзи буюрмагандан кейин, йўриғидан чиқиб қаёққа ҳам борарди. Лекин Акбара одамлар билмайдиган ҳид-бўйларидан ва бошқа ўзига таниқ белгилардан болаларини яхши ажратиб олар ва ҳар бирини адашмай аниқ чақирарди. Бўричаларнинг энг каттаси худди Тошчайнарга ўхшаган калладор эди. Шунинг учун уни Хумкалла деб фарқлайди. Ўртанчаси ҳам бўла ва йирик. Унинг оёқлари узун ва кучли эди. Вақти соати келиб у овда ҳайдовчиларга бош бўлади. Шунинг учун уни Илдам деб билади. Учинчи бўрича эса Акбаранинг худди ўзи — кўккўз, човида оқ ямоғи бор, энасининг суюкли ўйинқароғи. Акбара уни ўз назарида Суйгиной деб атаган. Ҳали унинг бўйи етсин, эҳ-ҳэ, не-не умидвор ошиқлар уни деб бир-бирларига қирон соладилар...
Кечаси билинтирмай ёғиб чиққан қор ҳамманинг баҳри-дилини очиб юборди. Бўри болалари аввал уяларининг теварак-атрофини бутунлай бошқача қилиб юборган ўзларига номаълум бу ғалати нарсани кўриб, димоқларига унинг ҳидини чуқур-чуқур тортиб, андак ҳуркиброқ туришди. Кейин қорнинг роҳатбахш муздек салқини қонларини жўштириб юборди, бир-бирларини қувлашиб, хириллашиб, қорга думалатишиб, босишиб, азбаройи жонлари кирганидан инграшиб, акиллай кетишди. Ўша қиш бўрининг тўнғич болалари учун мана шундай бошланди. Қиш оёқлаганда, улар бир-бирларидан, ота-оналаридан ажралиб чиқадилар, ҳар бирлари мустақил ҳаётга қадам қўйишлари керак бўлади.
Кечга томон яна қор сепалаб ёғди. Эртасига эрталаб, ҳали қуёш чиқмасданоқ, чўл тиниқ ёришиб кетди. Ҳаммаёққа осуда сукунат чўкди. Қиш совуғи иштаҳаларини очиб юборди. Бўрилар галаси қулоқларини динг қила атрофга аланглашди — ўлжа қидириб чиқадиган вақт етганди. Акбара бошқа бўри галаларидан сайғоқ овини бошлаш ҳақида хабар қутмоқда эди. Ҳозирча ҳеч қандай ишора йўқ. Лекин ҳамма шунга маҳтал турарди. Хумкалланинг ўтиришини кўринг. Қулоқлари дикрайган, кўзларида сабрсизлик. Лекин, овнинг қанчалик машаққатлари борлигини ҳали билмайди. Ана, Илдам ҳам ҳозиру нозир; мана, Суйгиной — онасининг кўзларига тик ва садоқат билан боқади; уларнинг ёнида Тошчайнар, нари бориб-бери келиб турибди. Ҳаммалари Акбаранинг амрига мунтазир. Лекин буларнинг бари устидан яна бир буюк ҳоким — Очлик, нафс ҳукмрон.
Акбара вақт етди дегандай ўрнидан қўзғалди, йўртиб йўлга тушди. Ортиқ кутиб бўлмасди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар.
Акбара, болалари ҳали кичкина экан, овни қандай орзу қилган бўлса, худди шундай бошлайди. Гала-гала бўрилар бир жойга йиғилиб, чўлда катта ов бошлаб юборадиган пайт. Яна жиндак вақт ўтсин, қора совуқлар туради, ўшанда ёлғиз дайдиган бўрилар жамоага бирлашади ва то қиш охирларига қадар биргаликда ов қилади.
Акбара ва Тошчайнар унгача тўнғич фарзандларини синаб кўргани биринчи катта сайғоқ овига олиб бормоқда эдилар.
Бўрилар бирда одимлаб, бирда йўртиб чўлга қараб ичкарилар, уларнинг излари теп-текис момиқ қорга худди ягона куч ва ирода рамзидай чуқур ботар, йиртқичлар йўлларида бута келса, эгилиб ўтишар, лозим бўлса, худди соядай овоз чиқармай сакрашар эди. Энди ҳаммаси уларнинг ўзларига боғлиқ, омадларига ҳавола...
Бир ерга етганда, Акбара атрофга кўз ташлаб қўйиш учун тепалик устига югуриб чиқди. Кўккўзларини чўлнинг олис-олисларига қадаганча тек қолди. У димоғи билан шамол келтирган ҳидларни сараларди. Улуғ саҳро уйғониб келарди. Кўз илғагулик енгил, ҳарир туманлар ичра сайғоқ суруклари ўтлаб юрарди, суруклар жуда катта эди; уларга бир ёшга тўлган тўқли подалари ҳам аралаш эди; лекин, кўп ўтмай улар ўзлари алоҳида сурук бўлиб чиқадилар. Ўша йили сайғоқлар мўл болалаган эдилар. Бу — бўриларга ҳам барака демак...
Акбара чий ўсган тепада бир оз туриб қолди: мўлжални расо олиш, шамолнинг эсишига кўра овни қайси томондан бошлашни аниқ билиш керак эди.
Худди мана шу пайт аллақайлардан, осмон тарафдан ғалати қалдираган товуш чиқди. Чўлни шу гулдурос босди. Лекин у сира момақалдироқ сасига ўхшамасди. Нотаниш шовқин дам сайин кучайиб келарди. Тошчайнар ҳам жойида туролмай сакраб Акбаранинг ёнига кўтарилди, шунда ҳар икковлари ҳам қўрқиб орқаларига тисарилдилар — осмонда нимадир бўлмоқда эди. Узоқда қулоқларни батанг қилиб қалдираган қандайдир темир қуш пайдо бўлди. У худди қумга тумшуғини тиқиб олай деб, пастлаб, энкайиб, қийшайиб учарди. Ундан пича нарироқда яна бир худди шундай қуш учиб келарди. Кейин улар кўздан йироқлаб кетдилар. Шовқин-сурон аста-секин тинди. Булар вертолётлар эди.
Шундай қилиб, мисоли сувда из қолдирмайдиган балиқлардек икки вертолёт Мўйинқум осмонини тилиб ўтди. Бироқ на кўк ва на ерда бирон нарса ўзгарди. Бу ҳаводан қилинган азмойиш эди. Ҳозир учувчилар қаерда, хаританинг қайси бўлагидан қанча, нима кўрганликлари ҳақида радио орқали тегишли жойга хабар бермоқда. Мўйинқумга кирадиган вездеходлар, юк прицепларига қулай йўлларни кўрсатмоқда эдилар...
Бўриларми, уларни нима ҳам деб бўларди, бирпаслик саросимадан сўнг, улар вертолётларни эсларидан чиқариб, сайғоқлар макони сари лўкиллаб жўнашди. Уларнинг ҳаммалари, барча чўл жониворлари ва йиртқичлари энди дафтарга тушганликлари ҳамда ёппасига қирғин қилишга маҳкум этилганликларини қаердан билсинлар, ахир. Бу уларнинг етти ухлаб тушларига ҳам кирмаган, буларни билиш, англашдан маҳрум ҳам эдилар. Ҳолбуки, уларни қириш режалаштирилган, кўп жойларда келишилган, мана, ҳозир, шу тобда қанча-қанчалаб мотор-машиналарга миниб бу ёқларга қараб йўлга тушишганди...
Чўл бўрилари ўзларининг азал емишлари — сайғоқлар — одамларга гўшт топшириш планини бажариш учун керак бўлиб қолганлигини қаердан билишсин, ахир, «Ҳал қилувчи» йилнинг охирги кварталида областнинг аҳволи ниҳоятда чатоқ, юқори доираларда асабий ҳолат ҳукмрон эди. «Беш йиллик плани» тўлмай турарди. Шунда область бошқармасидаги ақлли устаси фаранглардан бири Мўйинқум гўшт заҳираларини «ҳаракатга келтиришни» таклиф этди. Бунинг маъноси шу. Гўшт етиштириш муҳим эмас. Муҳими гўшт топшириш. Халқ олдида, талабчан юқори ташкилотлар олдида юзни ёруғ этишнинг бирдан-бир йўли шу. Лекин буларнинг барини дашт бўрилари не билсинлар. Марказлардан областларга тўхтовсиз сим қоқишади. Шу куннинг қатъий талаби: қандай бўлмасин, ернинг тагидан бўлса ҳам топиб, гўшт топшириш планини бажариш керак, вассалом. Етар шунча пайсалга солингани. Беш йиллик якунланадиган йил ахир, биз халққа нима деймиз. Қани план, қани гўшт, қани мажбуриятлар? Аммо буларни чўл бўрилари не билсинлар.
«Планни албатта тўлдирамиз,— жавоб йўлларди область бошқармаси,— яқин ўн кунлик ичида бажарамиз. Жойларда қўшимча имкониятлар мавжуд. Зўр берамиз, талаб қиламиз...»
Бу орада ҳеч нарсадан асти хабари йўқ чўл бўрилари ҳамон Акбара етакчилигида юмшоқ қор устидан сас-сабарсиз юриб, чекка, холи жойларни паналаб, босқин бошлайдиган ерларига келиб тўхтадилар. Ўзларини баланд ўсган чий тўплари орасига урдилар. Уларни чийларнинг қўнғир илдиз тўпларидан сира ажратиб бўлмай қолди. Акбаранинг тўдасига ҳаммаси бу ердан баралла кўриниб турарди. Яратилганларидан бери ҳаммалари бир-бирларига ўхшаш, бўксалари оқ, елкалари малла кийикларнинг  сон-саноқсиз подалари хавф-хатардан холи кенг жинғилзор водийда янги тушган қор остидаги эрман, шувоқларни иштаҳа билан чимдиб юришарди. Акбара пайт пойларди. Пайт пойламаса бўлмасди. Босқин олдидан нафасни ростлаб олиш керак. Ундан сўнг барчалари баравар подага ташланадилар ва дарҳол ҳайда-ҳайдани бошлаб юборадилар. Ўшанда қувиб кета туриб яна нималар қилиш кераклиги ўз-ўзидан равшанлашади. Ёш бўриларнинг тоқатлари тоқ, думларини асабий типирлатишади, қулоқларини дам тиккайтириб, дам шалпайтиришади. Оғир, босиқ Тошчайнарнинг ҳам қони жўшади, тишларини ўлжасининг биқинларига санчиш зуғумида ғижирлатади. Бироқ Акбара кўзларидан чақнаган ўтни яширар, бўриларни ҳали босқинга бошламас, энг қулай пайт келишини пойларди. Фақат шундай қилгандагина ов бароридан келади. Акс ҳолда сайғоқлар бир зум ичида шамолдек елиб, кўздан ғойиб бўладилар. Бошқа ҳеч қайси ҳайвон улардек тез югуролмайди. Ҳа, пайт пойлаш керак.
Шунда, худди ёздаги чақиндек, осмонда яна бояги вертолётлар кўринди. Бу сафар улар тез пастлаб учиб келишди. Бемалол ўтлаб юрган сайғоқларнинг қалин тўплари устига ёпирилишди. Сайғоқлар қаттиқ ҳуркиб кетдилар. Ҳаммаси бир зум ичида рўй берди. Юзлаб, минглаб қўрқиб кетган сайғоқлар серкаларини йўқотиб, кўзлари ола-кула бўлиб, ўзларини бошолмон ҳар томонга ура бошладилар. Беозор маҳлуқлар кўкдан тушган темир балога тоқат қилолмадилар. Вертолётларга эса худди шунинг ўзи керак эди. Улар қутурганча тўзғиб бораётган подаларни ерга қисиб, ўраб, ундан олдинга ўзиб ўтиб, бир подани нарида ўтлаб юрган бошқа подалар билан тўқнаштириб, аралаш-қуралаш қилиб юбордилар. Ҳеч қачон бундай офатга дуч келмаган, тўз-тўз бўлиб кетган минглаб чўл кийиклари эс-ҳушларини йўқотиб, у ёқдан-бу ёққа югуришар, Мўйинқумда бамисоли жаҳаннам қўпганга ўхшар эди. Чўлда ҳеч қачон бунақаси бўлмаганди. Жуфт туёқларгина эмас, уларнинг азалий ҳамроҳлари — бўрилар ҳам худди шундай ёмон аҳволга тушдилар.
Вертолётларнинг бу мудҳиш босқинчилигини кўрган бўрилар ҳам эсхоналари чиққанча, писиб чийларнинг дўмпайган илдиз тўплари тагига биқиндилар. Лекин бари бир юраклари дош бермай, лаънати ердан ура қочишга тушдилар. Бўрилар бу ердан иложи борича тез бош олиб кетишлари, кўздан йўқолишлари, бехатар жойга етиб олишлари керак эди. Бироқ, худди мана шунинг иложи топилмай қолди. Улар қочиб ҳали узоққа ҳам бормаган эдилар, баногоҳ тўфон кўчгандай ернинг гувиллагани, зириллагани эшитилди. Вертолётлар керакли томонга ҳайдаб бораётган сон-саноқсиз сайғоқлар ақлдан оздирадиган тезлик билан бўрилар томонга бостириб келардилар. Бўрилар на бир чеккага қочиб чиқолдилар, на ўзларини панага ололдилар. Улар йўлида нимаики учраса, ҳаммасини остин-устун қилиб, мажақлаб ташлайдиган, қора булутдай шиддат билан ёпирилиб келаётган талотум остида қолдилар. Агарда, улар шу онларда бир зумгина тўхтасалар эди, кўз очиб-юмгунча сайғоқларнинг туёқлари тагида топталиб, қаро ерга қоришиб кетардилар. Бошвоғини йўқотган, ўзини мутлақо идора қилолмай қолган бу подалар мисоли жонли сел каби ваҳшат солиб келарди. Бўрилар қадамларини секинлатмай ва аксинча, ваҳиманинг кучи билан янада зўр бериб қоча бошлаганлари учун ҳам ўлмай омон қолдилар. Лекин, энди улар ҳам ақл бовар қилмас мана шу буюк қочқинда сиртмоққа тушган эдилар. Аёвсиз ваҳший оқим уларни суриб кетгандан суриб кетди. Энди улар ўзлари боягина қувғин қилиб, қирғин-баротга солиб, этини бир бурдадан қилиб ташламоқчи бўлганлари сайғоқлар — азал қурбонлари билан умумий ёвуз хатардан биргаликда, ёнма-ён жонларини ҳовучлаб қочишар эди. Омонсиз қисмат уларни теппа-тенг қилиб қўйганди. Бўрилар билан сайғоқларнинг мана шундай бир тўп ичида қочганлигини қари Мўйинқум ҳатто энг улуғ ёнғин пайтлари ҳам кўрмаганди.
Акбара бир неча маротаба тўп ичидан чиқишга уриниб кўрди. Лекин, эпини қилолмади. Ёнма-ён чопиб бораётган кийикларнинг туёклари остида қолиб кетиш ҳеч гап эмасди. Акбаранинг бўрилари қутурган бу талотумда ҳозирча жипслашиб борар эдилар. Акбара уларни кўз қири билан кўриб турарди — ана, улар кийиклар орасида тобора илдамроқ югурмоқдалар, ана, кўзлари қўрқинчдан жайноқланган тўнғичлари — ҳов ана Хумкалла, ҳов ана Илдам, ана, ҳолдан тойиб, базўр етиб келаётган Суйгиной, ана, Мўйинқумнинг қаҳрли ботири — Тошчайнар, эвоҳ, у ҳам даҳшатли қўрқув ичида тирақайлаб қочиб келади. Кўккўз Акбара шуларни орзу қилганмиди ахир. Кўринг, катта ов ўрнига улар сайғоқларга қўшилиб қочиб боряптилар. Шундан ўзга чоралари ҳам йўқ, гўё дарё чирпирак қилиб кетаётган хасдай... Биринчи бўлиб Суйгиной кўздан йўқолди. Издиҳом туёғи остида қолиб кетди. Фақат бир чинқириқ эшитилди. Сўнг бу овоз минглаб туёқларнинг ола-тасири ичида йўқ бўлиб кетди.
Қувғин солган вертолётлар эса улкан қочоқ поданинг икки ёнида учар, пода тўзғиб кетмасин, яна чўлдан қайтариб келиш қийин бўлади деб, уни четдан қисиб келишар, рация орқали бир-бирлари билан сўйлашар, бир-бирларига мослашиб ҳаракат қилишар, жониворларнинг ўтакасини ёришар, уларни янада тезроқ чопишга мажбур қилишар эди. Шлемофондан қувғинчиларнинг қулоқни батанг қилувчи хирқираган овозлари эшитиларди: «Йигирманчи, менга қара, йигирманчи! Қани, яна бир зўр бер! Яна, яна!» Тепада учиб юрган вертолётларга пастда оппоқ қор узра сел каби оқиб бораётган қутурган қора дарё яққол кўриниб турарди. Қулоқчиндан йигирманчининг чинқироқ овози келади: «Бўпти, зўр берамиз! Ҳа-ҳа-ҳа! Э, кўряпсанми, уларнинг орасида бўрилар ҳам бор экан! Ана холос! Қўлга тушдинглар, калтадумлар! Жонингдан умидингни уз, баччағарлар! Бу сенларга кинодаги «Ҳали шошмай тур!» эмас!»
Қувғинчилар ҳайвонларни зўриқтириб, ҳолдан тойдириб қувардилар. Олдиндан шундай қилиш келишилган ва кўзланган эди. Худди кўзлангандай бўлди.
Қувғинда кийиклар катта, теп-текис ёйиқликка кириб борганларида уларни қурол тутган отувчилар кутиб олдилар. Вертолётларнинг эрталабдан бери қилаётган ҳаракатлари мана шунга эди. Булар овчилар эмас, қирувчилар. Усти очиқ «уазик»ларга ўтириб олган отувчилар сайғоқларни қува кетдилар. Улар сайғоқларни йўл-йўлакай автоматлардан ёппасига ўт очиб, ҳатто мўлжалга олиб ўтирмай қиришар, жониворларни худди томорқада ўт ўргандай ўриб ташлашарди. Уларнинг орқаларидан эса юк прицеплари борар — ўлжаларни бирма-бир унинг устига итқитиб ташлашар, одамлар мўмайгина ҳосил кўтаришар эди. Эпчил ва бақувват йигитлар дарҳол бу ишнинг ҳам пайховасини олишди. Улар ҳали жони чиқмаган кийикларни сўйишар, ярадорларининг орқасидан қувишар ва сўнг уларнинг томоқларига пичоқ тортишарди. Лекин, асосий қиладиган ишлари ерда қонга беланиб ётган кийикларни кўтариб, оёқларидан силкитиб, кейин бир зарб билан машина тепасига кўтариб ташлашдан иборат эди. Чўл — чўл бўлгани учунгина худоларга мана шундай қонли солиқ тўламоқдайди. Хунғарқоб кийиклар кузовларга тоғдай уюлди.
Қирғин эса давом этарди. Машиналардаги отувчилар ҳолдан тойган сайғоқларнинг қалин тўпларига ёриб кирар, ўнгу сўлига қарамай уларни отиб қулатар, жониворларни бадтар ваҳима ва харосонликка солардилар. Қўрқинч аросат шу даражага етган эдики. гўё қиёмат-қойим бўлаётгандек, отишмалардан қулоғи том битган Акбарага гўё оламнинг ўзи кар ва гунгга айлангандек, еру осмон остин-устун бўлиб кетгандек, ҳатто кўкда унсиз-овозсиз шуъла сочиб турган қуёшнинг ўзи ҳам улар билан бирга қутурган қувғинга учрагандек ва ўзини тўрт томонга уриб нажот қидираётгандек, ҳатто вертолётлар ҳам ўз қалдираган, гулдираган, чийиллаган товушларидан ажраб, соқов бўлиб қолгандек туюлар эди. Улар поёнсиз зулматга чўмган саҳро узра ваҳимали қора калхатлар каби овоз чиқармай сузиб юришарди... Оммавий отувчилар эса тиззалаб ўтириб ҳам отишар, «уазик»ларнинг бортларидан туриб ҳам отишар, лекин ўқ товуши чиқмас, машиналар шамолдек елар, сакрар, кўтарилар, учиб тушар, лекин уларнинг ҳам овозлари чиқмас, жинни бўлиб қолган кийиклар гўё қанот чиқариб учар, лекин саслари чиқмас, дўлдай ёғилган ўқлардан қонга беланиб қулар, ағдарилар, лекин овозлари чиқмас эди... Бу охир замон сукунатига ўхшарди. Шунда Акбаранинг кўзига одам қиёфаси кўринди. У одамнинг қўрқинчли башарасини шунчалар яқиндан, шунчалар аниқ-таниқ кўриб, шунчалар даҳшатга тушдики, сал бўлмаса машина ғилдираги тагига кириб кетай деди. «Уазик» унинг шундоққина ёнгинасига келиб қолганди. Анов одам белидан ярмисини машинадан ташқарига чиқарганча олдинда ўтирарди. У кўзини шамолдан эҳтиёт қилиб каттакон кўзойнак тақиб олганди. Ўпкадай қип-қизил башарасини ел ялаб кетган, қорайиб кўринган оғзига микрофон тутган, ўтирган жойида тинмай сакрар, бутун чўлга эшиттириб алланарсаларни бўғилиб қичқирар, лекин унинг сўзлари эшитилмас эди. Афтидан, у қирғин ва қувғинни бошқарарди. Агарда шу онларда Акбара шовқин-сурон товушларини эшитганда ва одам боласининг тилини тушунганда эди, унинг рацияга қичқираётган шу сўзларини англаган бўларди: «Четидан отинглар! Четидан! Ҳой! Ўртасига отманглар! Э, нима қиляпсизлар! Ҳаммаси оёқ остида қолиб кетади-ку!» Ўлдирилган кийикларнинг гўштлари ерда пайҳон бўлиб кетмасин дейди-да...
Шунда микрофонга бақираётган киши машина билан ёнма-ён қочқин кийиклар орасида битта бўри, унинг орқасидан эса яна бир нечта бўрилар чопиб кетаётганлигини кўриб қолди. У бир силтанди, алланарса деб хириллаб қичқирди, ҳаҳ, шошмай тур, дегандай микрофонни ташлаб, қўлига милтиқ олди ва шу заҳоти уни ўқлади. Акбаранинг қўлидан нима ҳам келарди, кўзига ойнак тутган одам ўзини мўлжалга олаётганлигини у тушунмасди, тушунганда, билганда ҳам, хўш, нима қила оларди — қувғин ичидан чиқиб кетолмасди, бошини панага ололмасди, одам эса ҳамон мўлжалга оларди. Шу Акбарани қутқариб қолди. Нимадир бўрининг оёқ остига тарсиллаб урилди, бўри боши билан ўмбалоқ ошиб тушди, лекин издиҳом остида қолмаслик учун дарҳол сакраб турди, шунда тўнғичи Хумкалланинг осмонга баланд сапчиб, сўнг ерга қулаганлигини кўрди. Ўни чопиб кетаётганида отган эдилар. Тўнғичи ёнига аста ағдарилиб, гавдаси чўзилиб онтарилганча ўз қонига олуда бўлиб тушди. Балки у оғриқдан увлаб юборгандир. Балки ўлим хавфи - фарёд кўтаргандир, лекин буни бўри эшитмади. Отган одам азбаройи хурсанд бўлиб кетганидан милтиқни боши узра кўтариб нуқул силкитарди. Яна бир дақиқадан сўнг Акбара ўлиб ётган боласининг лоши устидан сакраб ўтиб кетди. Шунда яна унинг қулоғи очилди, оламнинг бутун қийлу қолини эшита бошлади — ана шовқин, ана сурон, ана ола-тасир ўқ овозлари, машиналарнинг гувиллашлари, одамларнинг бақириқ-чақириклари, жон бераётган кийикларнинг ҳирқирашлари... Кўпгина сайғоқлар ерга таппа-таппа қулар, оёқларини типирлатиб ерда ётар, туришга мадорлари етмас, ўпкаларига ҳаво тиқилган, юраклари ёрилиб кетган эди... Одамлар шу ернинг ўзида уларнинг томоқларига шартта пичоқ тортиб сўйишар, сўнг яна жони чиқмаган, титраб-қақшаган кийик таналарини оёғидан ушлаб, юк машиналарга улоқтирар эдилар. Бошдан-оёқ қонга ботган бу одамларга қараш жуда қўрқинчли эди...
Агарда тубсиз осмон қаъридан бировнинг сергак нигоҳи буларнинг барини кузатиб турганда эди, у қирғин қандай бўлганлигини ва Мўйинқум шундан сўнг нечоғлик абгор аҳволга тушганлигини кўрган бўлар эди. Лекин, бундан кейин нима рўй бериши, бунинг оқибати қандай тугаши, афтидан, унинг ўзига ҳам қоронғилигича қолаверарди...
Мўйинқум қирғини кечга томон тўхтади. Қувган ҳам, қочган ҳам тамомила ҳолдан тойди. Чўлга хуфтон кирди. Эртага вертолётлар базадан мойларини янгилаб келгандан сўнг қирғинни яна давом эттириш кутиларди: уларнинг чамаларича, бу ерларда иш ҳали уч-тўрт кунга етиб ортарди. Вертолётларда ўтказилган текширишларга қараганда, Мўйинқумнинг энг қумлоқ ғарбий қисмида ҳали ҳеч тегилмаган сайғоқ сурувлари сон-саноқсиз эди. Расмий тилда уларни ўлжанинг ҳали очилмаган резервлари деб аташарди. Бинобарин, резерв мавжуд экан, уни зудлик билан ўлканинг гуллаб-яшнаши йўлида план оборотига қўшиш керак. Мўйинқум «юриши»га худди мана шу нарса расмий асос бўлганди. Лекин маълумки, ҳар қандай расмий хулосалар ортида, албатта, тарихнинг ҳаракатини белгилаб берадиган у ёки бу ҳаётий шарт-шароитлар туради. Шарт-шароит деганимиз эса, бу аввало, одамлар, уларнинг интилишлари ва ҳаяжонлари, яхшилик ва ёмонликлари, нима билан тугашини билиб бўлмайдиган ахтаришлари ва бош-кети йўқ зиддиятлари. Шу маънода Мўйинқум фожиаси мустасно бир ҳодиса эмасди. Ўша кеча ўзи хоҳлабми, хоҳламайми, шу ваҳшийликни қилган кишилар чўлда тунаб қолган эдилар.
Бўри галасидан Акбара билан Тошчайнаргина аросатдан омон чиққан, энди туни бўйи тентираб қирғинжойлардан узоқроққа кетиб борардилар. Қиёмат қўпган дала-тузда қочавериб кўкраклари, човлари то сағирларигача лой-балчиққа ботган бўрилар зўр-базўр қадам ташлардилар. Тилинган, шилинган, яраланган оёқлари тинмай зи-қиллаб оғрир, куйгандай ачишар, ҳар қўйилган қадам мисоли бир азоб эди. Қани энди, тезроқ инимизга етиб олсак, шўрлик бошимизга тушган бу оғир кунни тезроқ унутсак, оёғимизни ёзиб, кўзимизни юмсак — бўриларни ҳозир бирдан-бир истаклари шундай эди.
Лекин, бу ерда ҳам омадлари келмади. Инларига яқинлашиб қолганда улар одамларнинг устидан чиқдилар. Қадрдон инларининг шундоқ ёнгинасида каттакон юк машинаси қорайиб кўринар, унинг ғилдираклари жилғин буталари ичига ёриб кирган эди. У ерда одамларнинг ғовур-ғувури эшитилди. Бўрилар бирпас жим қулоқ солиб туришди-да, сўнг индамай очиқ чўлга қараб юришди. Негадир, худди шу пайт тун қоронғилигини ёриб машинанинг ўткир чироқлари ёнди. Гарчи уларнинг шуълалари нариги томонга тушган бўлса-да, лекин бўрилар учун шунинг ўзи ҳам етарли эди. Улар чўлоқлана - чўлоқлана, оғриқ азобидан диконглаб бош оққан томонга жўнадилар. Акбаранинг, айниқса, олдинги панжалари ачишиб оғрирди... Зада бўлган оёқларига озгина ором бериш учун у эримай қолган қорлар устидан қадам босишга уринарди. Бўри панжасидан тушган эзгин нақшли гуллар қорда аламли, маъюс судралиб борарди. Болалари ўлди. Бошпана йўли берк. Чўлда одамлар изғияпти...
Улар олтовлон эдилар. Ҳайдовчи Кепани ҳам ҳисоблаганда, тасодиф туфайли бир жойга йиғилиб қолган ўлжа тўпловчилар, эртага ишни барвақтроқ бошлаймиз, деб чўлда тунаб қолгандилар. Иш ҳам уларга жуда маъқул келди. Ёмонми, машинага ортилган ҳар бир кийик учун эллик тийин тўлашади. Бугун учта кузовни лиқ тўлатдилар. Лекин барибир қоронғи тушгунча ҳамма отилган, йиқилган кийикларни йиғиб, улгуришолмади. Эрталаб йиғилмай қолганларини топиб, машинага ортиб, сўнг прицепларга жойлаштиришади. Улар эса ўлжаларни Мўйинқумдан узоқларга олиб кетади.
Ўша кеча ой тўлган эди. Тўлин ой баркаши уфқдан жуда эрта кўтарилди. Ой қути ўчган, қори бутунлай эриб кетмаган чўлнинг ҳаммаёғидан баралла кўриниб турарди. Унинг мовий шуълалари чўлдаги бутазорлар, ўр-жарлар, дўнг-тепаларни дам ёритиб, дам кўланкалантириб қўяди. Лекин шу ҳувиллаган, кимсасиз жойларда улкан юк машинасининг қорайган шарпасига ҳеч кўникиб бўлмайди. У бўриларнинг жонларига кутқу солади: ҳар сафар ўгирилиб карайдилару, юраклари орқаларига тортиб кетади, думларини чотларига қисиб, қадамларини тезлатадилар. Шунга қарамай, улар ҳадеса тўхтаб, яна ортларига тикилиб қоладилар, ўзи нима бўляпти, нега одамлар уларнинг ини олдида тўхташди, нима бор уларга? Анови қўрқинчли катта машина бу ерда ҳали узоқ турармикин ё кетармикин? Дарвоқе, бу машина ҳарбий йўриқ билан чиқарилган, усти брезент билан ёпиладиган, баҳайбат ғилдираклари юз йил юрса ҳам емирилмайдиган, истаган жойда бемалол юриб кетаверадиган «МАЗ» вездеходи эди. Кузовда эртага жўнатиш учун қолдирилган ўнлаб сайғоқ тўшлари орасида қўллари худди асир олингандай боғлаб қўйилган бир одам ётар, у тагидаги ва ён-атрофидаги сайғоқларнинг лошлари вақт ўтган сайин совиб, қотиб бораётганлигини ҳис қиларди. Ҳарқалай, уларнинг териси уни иситиб, жонига ора кириб турар, оўлмаса аҳволи жуда чатоқ эди. Машина устига ёпилган брезентнинг тирқишидан ой мўралар, лекин ётган одамнинг нигоҳи бўшлиқдан ўзга нарсани илғамас, қути ўчган чеҳрасида азоб-уқубат шарпаси аксланарди.
Энди унинг такдири мана шу одамларга боғлиқ. Бу ерга улар билан бирга келди. Худди уларга ўхшаб Мўйинқум қирғинидан пул ишлаб кетмоқчи эди...
Одамнинг умри нима, деган саволга жавоб топиб бериш қийин. Инсон муносабатлари шунчалар турфа, табиати, феъл-атвори шунчалар ранг-баранг ва мураккабдирки, ҳатто энг мукаммал, энг замонавий компьютер системалари ҳам энг оддий инсон табиатининг умумий чизиғини ажратиб беролмайди. Мана шу олти кишини олинг. Тўғрироғи, беш киши, чунки вездеходнинг шофери Кепа ўз ҳолича, буларга фақат ҳайдовчи бўлибгина қўшилган, яна уларнинг ичида бирдан-бир бола-чақали одам, лекин очиғини айтганда, шерикларидан унчалар фарқи ҳам йўк, шуларнинг биттаси, хуллас, мана шу олтовлон ҳаётда бир-бирига тамомила қарама-қарши ҳолатлар бўлиши ва бунда компьютер ҳисоб-китобига ҳам ҳожат йўқлиги, шунингдек, гап одамларнинг энг кичкина, арзимас коллективлари устида бораркан, ақл етмайдиган, англаш қийин ҳоллар ҳам кўп эканлигига мисол бўлаолади. Худонинг хоҳиши шу экан-да, бўлмаса, уларнинг ҳаммалари ҳайратомуз тарзда бир хилдаги одам бўлиб чиқармидилар. Яна ким билади, ҳар ҳолда, улар Мўйинқумга отланган чоғларида аҳвол шундай эди...
Бедананинг уйи йўқ, қайга борса, питпилдиқ дегандай, булар ҳам тайини йўқ, қамғоқдек шамол қаерга учирса, шу ерда дайдийдиган кимсалар эди. Фақат Кепагина бундан мустасно эди. Учтасини хотини ташлаб кетган, ҳаммалари ҳам на бировни ёлчитган, на ўзлари ёлчиган; шунинг учун ҳам дунёдан тўйган, ҳамма нарсадан норози эдилар. Улар ўртасида ёшгина бир йигит ажралиброқ турарди. Унинг исми ҳам ғалати — Авдий эди. Бу ном қадим китобатда бор: Инжилнинг учинчи Мулк битигида айтилган. Ўзи асли дьяконнинг ўғли бўлиб, Псков томонлардан эди. Отасининг вафотидан сўнг, черков ходимининг куртаги деб, таҳсил учун диний семинарияга қабул қилинган, аммо икки йилдан сўнг куфронага йўл қўйиб у ердан ҳайдалган эди. Мана энди икки қўли боғланганча «МАЗ»нинг тепасида жазосини кутиб ётибди. Обернинг тили билан айтганда, у кемада исён чиқармоқчи бўлди.
Уларнинг ҳаммалари Авдийни ҳисобга олмаганда, ўлгудай ароқхўр эдилар. Касбимиз ароқ ичиш дейишарди ўзлари. Бироқ, бунда ҳам Кепа уларга кўп қўшилолмайди, шоферлик қоғозини сақламаса бўлмайди, акс ҳолда хотини иккала кўзини ўйиб олишдан ҳам тоймайди. Лекин ўша кеча Мўйинқумда бошқалардан асло қолишгани йўқ — бўкиб ичди. Фақат Авдий-Авдюха, шу дайдивой, ичмайман, деб оёғини тираб туриб олди. Обернинг баттар ғазабини қўзғади.
Қўл остидаги тўш йиғувчиларга ўзини қисқа қилиб, Обер деб чақириш кераклигини айтиб қўйган эди. Эҳтимол бу сўз катта деган маънони англатишини кўзлаб шундай қилгандир. У чиндан ҳам, жазо олмасидан илгари жарима батальонининг катта лейтенанти эди. У унвонидан маҳрум қилинганда, хайрихоҳ кишилар: хизматини ортиғи билан адо этгани учун куйди бечора, деб анча хафа бўлиб юришди. Ўзи ҳам бошлиқлар менга нисбатан адолатсизлик қилишди деб -ҳисоблар, сўраганларга шундай деб тушунтирар, ичидан қиринди ўтар, лекин армиядан ҳайдалишининг ҳақиқий сабаблари ҳақида чурқ этиб оғиз очмасди. Ўтганни эсласанг, эсинг кетади. Нима қилади эслаб, Обернинг ҳақиқий фамилияси Кандалов эди, асли Хандалов бўлиши ҳам мумкин, лекин бу билан кимнинг нима иши бор — Оберми-Обер, бундан ортиқ яна нима керак.
Бу тўп ўзини хунта деб атайди. Ҳаммалари шунга келишганлар. Фақат область драма театрининг собиқ артисти Гамлет-Галкингина «хунта» деб аташга эътироз билдирган: «Э қўйинглар, шу хунта-пунтасини. Жиним ёқтирмайди шу хунтани, болалар. Биз сафарга отланяпмиз. Келинглар, номимиз ҳам «сафар» бўлсин!» Лекин Гамлет-Галкиннинг бу таклифига ҳеч ким қўшилмади. «Сафар» сўзи унча тушунарли эмасди. «Хунта» дегани эса дадил ва ўктам эшитиларди. Шунинг учун кўпроқ шу сўз маъқул бўлди шекилли. Ана шу хунтанинг иккинчи одами Мишаш деган кимса. Тўла айтганда, Мишка Шабашник. Қўтосдек серзарда бу зот истаган одамини, ҳатто Обернинг ўзини ҳам бўралаб сўкиб юборишдан тоймасди. Мишашнинг одатларидан бири шу эдики, ҳар икки сўзнинг бирида «онангни...» деб турарди. Бу унга нафас олгандай ўрганиш бўлиб кетган эди. Авдийни боғлаб машина кузовига ташлаш фикри ҳам бошқалардан эмас, айни шу Мишашдан чиқди. Хунта эса унинг таклифини кўз очиб юмгунча бажо келтирди.
Хунта ичида энг кўзга кўринмайдиган камсукум одам бу — Гамлет-Галкин. Ичкиликка муккасидан кетган, саҳнани жуда эрта тарк этган ушбу кимса дуч келган ишни қилиб кун кўрарди. Мана, орадан осмондан тушгандай бу мўмай иш чиқиб қолди. Кийик дейдими-ей, сайғоқ дейдими-ей, унга нима фарқи бор, оёғидан кўтариб шартта-шартта машинага ташлар экансан. Бир ойда ҳам тополмайдиган ақчангни икки-уч кунда бемалол ишлаб оласан. Яна Обер қурғурнинг сийловини айтмайсизми? Бир яшик ароқ. Тўғри, бу ўртадаги умумий даромаддан олинади. Лекин барибир-да. Ниҳоят, бу тўп ичида энг қўй оғзидан чўп олмагани бу — Узуқбой. Унинг оёқ-қўли жуда чаққон. Узуқбой ўзи шу ерлик, Мўйинқум атрофларидан. Негадир уни Абориген деб чақиришади. Узуқбой ор-номус деган нарсаларнинг ҳатто кўчасидан ҳам ўтмаган. Нима десанг, барига рози, барига кўнади, қўшилади. Бир шиша ароқ учун Шимолий Қутбга десангиз ҳам боради.. Абориген-Узуқбойнинг қисқача таржимаи ҳоли бундай: тракторчилик қилиб юрган эди. Кейин бошини кўтармай ичадиган одат чиқарди. Бир куни кечаси тракторини катта йўлнинг ўртасига ташлаб кетибди. Унга бир машина келиб урилиб, одам нобуд бўлади. Узуқбой шундан сўнг икки йил ўтириб чиқди. Бу орада хотини болаларини олиб кетиб қолди. Шундан кейин Узуқбой, қайдасан, деб шаҳарга жўнади. Тайинли бирон ишнинг бошини тутмади. Озиқ-овқат дўконида юк ташиб юрди. Уйларнинг қоронғу йўлакларида чўк тушиб ўтириб шиша бўшатди. Обер уни шундай қоронғу йўлакларнинг биридан топди. Узуқбой унга миқ этмай эргашди. Нимасига ҳам миқ этсин... Обер Кандаловга йўқ деб бўлардими — узокдан ҳид билишга жуда уста одам...
Обер Кандалов бош бўлган хунта мана шу тахлит топишган эди. Улар Мўйинқум маъракасида юзага чиқишди...
Агар тақдир ва тақдирлар ҳақида, ҳодисаларни олдиндан белгилаб берадиган тирикчиликнинг турли-туман ҳол-аҳволлари ҳакида сўз юритадиган бўлсак, унда айтишимиз керакки, Авдий Каллистратов ўз вақтида диний мактабни муваффақият билан битириб, шу йўлда кўшиш кўрсатиб, яхши унвонларга мушарраф бўлиб юрганда эди, унда Худо шоҳид, Обер Кандаловни ҳеч қандай ташвишга қўймас, бошини бунчалар қотирмасди. Дарвоқе, Авдийнинг барча синфдошлари, енгилтаккина ўқувчи болалар кейинчалик ҳам танлаган ҳаёт йўлларини собитқадамлик билан давом эттиришди, уларнинг ҳаммалари бу соҳада собиқ дьяконнинг ўғли Авдийдан кўра абжирроқ, чапдастрок чиқишди. Улар диний таҳсилни тугатгач, черков мансаб шотисининг пиллапояларидан муваффақият билан кўтарилиб боришарди. Ваҳоланки, Авдий руҳоний оталарнинг севимли, истеъдоди порлоқ ўқувчиларидан ҳисобланарди. Ўз синфдошлари қаторидан чиқмаганда эди, у ҳеч қачон Обер Кандаловга ҳам дуч келмасди. Обер Кандалов эса попларни дунёга янглишиб келиб қолган одамлар, деб биларди. Ўзидан қолар гап йўқ, у умри бино бўлиб черков остонасига яқин йўламаган ва ҳатто черков нима экан деб қизиқиб кўрмаганди.
Агар-магар деймиз... лекин шундай бўлишини ким билибди дейсиз. Ҳаммасини олдиндан билиб бўлсайди... Бир марта бирга қилинадиган ишга ким анкета тўлдириб ўтиради. Пул ишлашдан бошқасини ҳаёлингга келтирмайсан. Бу худди коллектив билан картошка йиғишга чиққандай омади гап. Фарқи шуки, бу ерда картошка эмас, ўққ учган сайғоқларни йиғиштирасан. Обер Кандалов ўзига вокзалда дуч келган дайди Авдийнинг эсипаст, девона эканлигини билгандайди, Мўйинқумда энди буни нима қиламан, қандай қилсам, бу шўрпешанадан омон-эсон, безиён қутуламан деб, бошини қотириб ўтирмасди. Обер Кандалов бу ишни бир чеккаси ўтган гуноҳларимни юваман деб, жон куйдириб бошлаган эди. Ана шу ишни тентак Авдий барбод қилишига оз қолди. Ҳаммаси ақл бовар қилмайдиган даражада ғалати бир тарзда, бунинг устига ғоятда аҳмоқона бир тарзда бир жойдан чиқиши кимнинг ҳаёлига келибди дейсиз. Шуларни ўйлаганда, Обер Кандаловнинг ичгиси келади. Бор, нима бўлса, бўлди, десинми? Лекин, буни у жуда боплайди. Ярим стаканни шартта отади. Кейин яна. Ундан кейин яна ярим стакан. Қарабсизки, энди унинг йўлини тўсадиган ҳеч қандай куч йўқ дунёда, жини жўшади, қони қайнайди, ҳамма нарсанинг қатиғини чиқариб ташлагиси келади... қок миясига урсам, мажақлаб ташласам дейди... Аммо, у худди мана шундан қўрқарди. Чунки кейин иш қанчалар пачава бўлишини биларди...
Қайдан келиб қолди ўзи бу Авдий деган бало! Яна агар тақдир ва тақдирлар хусусида, бошқа ҳодисаларни келтириб чиқарадиган турли-туман ҳол-аҳволлар хусусида сўзлайдиган бўлсак, унда айтишимиз керакки, буларнинг бари анча илгари бошланган ва бу ерлардан анча олис ерларда бошланган эди...
Ўша кезлар Авдий диний семинариядан куфроний фикр учун ҳайдалган, область комсомол газетасининг штатдан ташқари ходими бўлиб ишларди. Газета редакцияси ўқувчилар севадиган мавзуларда бинойидай ёзадиган ва бунинг устига семинариядан ҳайдалган ёш йигитга бирмунча қизиқиб қарарди. У черков томонидан муртад деб эълон қилинган, динга қарши ташвиқот олиб бориш учун анча қулай эди. Ўз навбатида семинария билан чиқишолмаган йигитга ёшлар матбуотида ўзига яқин ахлоқий-маънавий масалаларни кўтариш анча-мунча қизиқарли бўлиб туюларди. Область матбуотини тўфон пайтидаги сувдай босган бир қолипдаги зерикарли ақлбозликлар, тумтароқ фол очишлар орасида унинг газета саҳифаларидаги антиқа фикрлашлари шубҳасиз, ўқувчилар эътиборини тортар, ёшларгина эмас, бунга катталар ҳам қизиқардилар. Ҳозирча ҳар иккала томон ҳам бир-бирини тўлдириб, бир-бирларига керакли эканликларини англаб туришар, лекин янги ойдек эндигина балқиб келаётган бу йигитнинг юрагида қандай алангали ниятлар бош кўтариб келаётган-лигини жуда оз кишилар, тўғрироғи, бир одамдан бошқа ҳеч кимса билмасди. Авдий мухбир сифатида номи бора-бора кўпчиликка танилгандан сўнг қандайдир муносиб бир шакл, қандайдир ўртача мафкуравий ора йўл топиб, шунинг воситасида назарида жуда ҳам долзарб ва ҳаётий жиҳатдан ғоятда муҳим бўлган, ҳозирги замонда Худо ва инсон ҳақидаги жадидона фикрлари ҳамда тасаввурларини эски диний таълимотнинг қотиб қолган ақидаларига зид қўйиб ифодалаб бермоқни кўнглига туккан эди. Ният қилишга килгану, лекин ўз олдида икки бўйсунмас, ишғол қилиб бўлмас зўр истеҳком турганлигини ўйламагани кулгили эди. Бу икки куч ҳеч қачон бир-бировини ёқтирган эмас, ёқтирмайди ҳам. Бир-бирига ҳеч вақт бўйсунган эмас, бўйсунмайди ҳам. Бир томонда минг йиллардан бери диний эътиқоднинг софлигини ҳар қандай янгиликлардан ва ҳаттоки, яхши ният билан юзага чиққан янги фикрлардан тиш-тирноғи билан кўриқлаб, асраб, ҳимоя қилиб келган, ўзгармас, вақтга тобе бўлмаган маврусий диний қарашлар ва иккинчи томонда, динни унинг ҳар қандай кўринишида таг-томири билан инкор этадиган, рад қиладиган илмий атеизмнинг қудратли мантиқи. Бояқиш йигит шуларнинг орасида тегирмон тош ўртасида қолгандай ўртанарди. Бироқ умид чироғи сўнмаганди. «Инсониятнинг тарихий тараққиёти жараёнида ва унга боғлиқ ҳолда Худо категориясининг вақтга кўра ривожланиши», деган янги ақидани куйиб-пишиб кўтараётган бидъатчи Авдий Каллистратов: такдир эртами, кечми, барибир менга ўз қарашларимни одамларга маълум қилиш учун имконият беради деб ишонарди. Зотан, инсон қудрати ўзининг энг юксак нуқтасига етган, саноат ҳукмрон кучга айланган даврда одамларнинг ўзлари Худога бўлган муносабатларини аниқлаб, билиб олиш пайига тушадилар. Бўлаётган ишларнинг бари худди мана шунга қараб боряпти. Авдийнинг хулосалари ҳали тугал эмас, анча мунозарали эди. Лекин расмий диний таълим унинг бу эркин фикрини ҳазм қилиб, кечириб кетолмади. У тавба-тазаррудан бош тортгандан сўнг, епархия уни диний семинариядан ўчирди.
Авдий Каллистратовнинг манглайи кенг, бўздай оқ эди. Ўзи қатори кўп ёшлар каби у сочларини елкасигача ўстирган, кўнғир тусли қуюқ соқол қўйганди. Булар унга кўркамлик бағишламаса-да, лекин чеҳрасини қандайдир мўмин-мулойим қилиб кўрсатарди. Косасидан бўртиб чиққан кўзлари безовта йилтиллаб турар, уларда унинг ўз феълига мос беором, нотинч ўй-ҳаёллар акс этар, яна ўзи қийнала-қийнала топаётган нарсалардан беқиёс мамнунлик ва шу билан бирга у яхшилик қилмоқчи бўлиб интилаётган атрофдаги одамлардан келаётган кўп оғир азоб-уқубатлар ҳам ифодаланарди...
Кийгани кўпроқ катак кўйлак, свитер, жинси, совуқ кунлар тўзиган пальто, отасидан қолган қалпоғини кийиб юради. Мўйинқум чўлида ҳам шу уст-бошда пайдо бўлди...
Ушбу соатда қўллари боғланган ҳолда машина устида ётаркан, ҳаёлидан ҳар турли аччиқ, аламли ўйлар ўтарди. Лекин шу тобда ҳаммасидан ҳам ёлғизлик алами кўнглини ўртаб юборди. Шунда қайсидир Шарқ шоирининг эсида чала-ярим қолган сатрларини такрорлади: «отадан олтов бўлсанг-да, бир ёлғизлик бошингда, жафодан ёлғиз бўлсанг-да, шу ёлғизлик бошингда». Яна бадтар изтироб ичида кейинги пайтларда дунёда ўзига энг яқин бўлиб қолган ўша хилқат тўғрисида алам билан ўйлаб кетди. Уни ўз жонидан айру тасаввур қилолмайди. У ҳаёлларига доим ҳамроҳ. Қийналса ҳам, қувонса ҳам, унга мурожаат қилади. Оғир ҳолатга тушганда бир-бирларига жуда яқин кишиларнинг телепатия йўли билан фавқулодда мулоқатга киришишлари рост бўлса, унда ўша мунис-меҳрибон хилқат ўша кеча нимадандир қаттиқ ўртаниб, ниманидир қаттиқ соғиниб, нимадандир юраги бир нотинчликни сезган бўлиши керак...
Мана шунда ўша Шарқ шоири айтган ғалати сўзларнинг асл маъноси бирдан унга аён бўлди. Олдинлари шу сўзлардан кулиб юрарди. Ишонмасди уларга: «Жуда қаттиқ сева олган чин севгига ета олмас...» Тавба! Энди бўлса, ўша хилқат ҳақида ўйлаб ётаркан, у овоз чиқармай йиғлар, агар уни кўрмаганимда, билмаганимда, ўртаниб-куйиб севмаганимда, бунчалар азоб-уқубат чекмаган бўлардим. Соғинмасдим, ёнмасдим, ҳозирнинг ўзида, ҳа, худди мана шу тобда уни кўргим, совуқ, бераҳм тун қаьрини ёриб ўтиб унинг қошида пайдо бўлгим келмасди. Ахир, чеки борми бу телба, бу енгиб бўлмас, бу оғриқ-азобнинг! Қани эди, ҳозир Осиёнинг чек-чегараси йўк чўлларида, шу чўлларнинг бир чеккасида, трансконтинентал темир йўл ёқасида жойлашган Жалпоқ-Соз бекатига бориб қолсанг, худди ҳўв ўшандагидай касалхона ёнидаги . мўъжазгина уйнинг остонаси олдида ярим соатгина турсанг, бу ахир,  унинг уйи... Лекин қутулиб кетишнинг иложи йўқлигини кўриб, Авдий ўзининг, эҳтимол ўша қизга сира керак бўлмаган садоқатини лаънатларди. Ахир фақат ва фақат уни деб, иккинчи марта яна қайтиб Осиё ўлкаларига келди, уни деб, мана, Мўйинқумда тушовланиб ётибди ит кўрмаган хўрликларни кўриб. Уни кўришнинг иложи йўқлигидан жони бадтар ўртанар, баттар ўзини ёлғиз сезарди. Айни замонда шу ҳиссиётлар унга Худога умтилиш ва унинг висолига етиш йўлини очгандай бўлди. Худо инсонга муҳаббат орқали намоён бўларкан ва шунда одамга тирикликнинг энг олий саодатини ҳадя этаркан. Бунда Тангри таолонинг хайри саховати чексиздир, худди вақт дарёсининг чексизлигидай, ва муҳаббатнинг йўли ҳам такрорланмасдир, ҳар бир одам учун, ҳар бир ҳол учун...
— Ўзига ҳамду санолар бўлсин!— деб шивирлади у ойга қараб ётаркан. Сўнг ўйлади: «Дилни муҳаббатга ошно қиларкан, бу ҳам лутфу марҳаматининг чексизлигидан... қанийди, у буни тушунса...»
Шу пайт пастда — машина ёнида қадам товушлари эшитилди. Кимдир кекириб, хириллаганча машина устига тармаша бошлади. Мишаш экан. Унинг ортидан Кепанинг калласи кўринди. Роса тортишганга ўхшайди. Улардан гупиллаб ароқнинг қўланса ҳиди анқийди.
— Ётаверасанми ҳадеб, онангни... Кани тур ўрнингдан итнинг попи. Обер чақиряпти. Терингни шилиб оламан дейди,— Мишаш сўкинганча сайғоқлар устидан айиқ инида гандираклагандай алпанг-талпанг босиб келарди.
Кепа ҳам милжинглади:
— Терисини шилиб шу чўлга ташлаб кетамиз.
— Чўл ҳам гапми!— кекирди Мишаш.— Шу қилиғи учун Сибирга жўнатиш керак бу итни, ҳе онангни... Тоза бошимизни қотирдинг. Нима, сўпи қилмоқчимисан бизни! Тоза топибсан одамини, онанг...

IV

Шу вақт ичида Авдий Каллистратов Жалпоқ-Соз бекатига Инга Фёдоровна номига бир қанча хатлар ёзиб жўнатди. Инга Фёдоровна ҳам шаҳар почтасининг «Сўраб олиш» бўлимига жавоб йўллаб турди. Чунки Авдийнинг шаҳарда ҳозир бошқа тайинли адреси йўқ эди. Авдий онадан эрта айрилди. Тул қолган дьякон Каллистратов юрагининг бутун қўрини, барча дунёвий ва диний билимларини ўғли билан қизига бағишлади. Авдийдан уч ёш катта опаси Варвара Ленинградга ўқишга кетди. Педагогика институтига кираман деб юрган эди, лекин уни черков ходимининг қизи, мактаб болаларини буларга ишониб бўлмайди деб, қабул қилишмади. Шундан сўнг у конкурсдан ўтиб Политехника институтига кирди ва шу бўйича Ленинградда қолиб кетди. Турмуш қурди. Бола-чақали бўлди. Ҳозир қайсидир лойиҳа институтида чизмакашлик қилади. Авдийнинг йўли руҳоний улум соҳалари сари тушганди. Бир чеккаси, ўзи шуни хоҳласа, иккинчи томондан, отасининг ҳам, айниқса, Варваранинг институтга кириш воқеасидан сўнг, хоҳиши шундай эди. Авдий семинарияда таҳсил ола бошлаганлигини кўриб дьякон Каллистратов ич-ичидан ғурурланиб, ўзида йўқ хурсанд бўлиб юрди — у орзулари ниҳоят ушалганидан, меҳнатлари ва ўгитлари зое кетмаганидан, нолалари Худога етиб борганидан беҳад бахтиёр эди. Лекин, сал вақт ўтмай у омонатини топширди. Яна ҳам тақдирнинг меҳрибончилиги экан, зеро, у фарзанди қобил Авдийнинг оламнинг ўзидай кўҳна илми илоҳиёт — Тангри таолонинг боқий ва чексиз қудрати билан мангу яратилган диний таълимот соҳасида бидъатга берилиб кетишини, куфроний ўйларга йўл қўйишини кўрса, буни асло кўтаролмаган бўларди.
Авдий Каллистратов область ёшлар газетасида қатнаша бошлагандан сўнг дьякон Каллистратов узоқ йиллар ўз оиласи билан истиқомат қилган мўъжазгина квартира янги тайинланган черков хизматчисига берилиб, собиқ семинария ўқувчисидан уни бўшатиб қўйиш талаб қилинди. Энди унинг черков билан алоқаси узил-кесил узилганди.
Авдий Ленинграддан опасини чақирди. Хоҳласа, ота-онамиздан қолган ўзига керакли нарсаларни, асосан, санамлар-у сувратларни хотира учун мерос тариқасида олиб кетсин, деди. Ўзига отасининг китобларини олиб қолди. Опа-ука ўшанда охирги марта учрашган эдилар. Уларнинг ўзларига яраша ўз ҳаёт йўллари бор эди. Ўшандан бери кўришганлари йўқ. Бир-бирларига муносабатлари ёмон эмасди. Лекин, начора, умр йўллари бошқа-бошқа эди. Ўшандан бери Авдий бировларникида ижарага яшайди, пули борида алоҳида хонада, пули йўғида сиғинди бўлиб туради. Шунинг учун ҳам, унга ёзилган хатлар почтанинг «Сўраб олиш» бўлимига жўнатиларди.
Область комсомол газетаси редакцияси томонидан Авдий Каллистратовнинг Ўрта Осиёга юборилиши худди мана шу пайтларга тўғри келади. Бу фикр ҳам Авдийнинг ўзидан чиқди. У мамлакатнинг Европа қисмидаги ёшлар ўртасида нашавандлик қандай йўллар ҳамда воситалар билан тарқалаётганлигини ўрганмоқчи ва шарҳлаб бермоқчи эди. Наша эса Ўрта Осиёда, Чу ҳамда Мўйинқум чўлларида ўсарди. Наша — машҳур марихуананинг туғишган опаси, жануб даштларида ўсадиган қуврайнинг ёввойи бир тури. Ёввойи қуврайнинг япроқлари, гуллари ва чангларида одамнинг бошини айлантирадиган, чекканда ҳушини элтадиган ва хаёлини кўкларда сайр қилдирадиган, лекин меъёридан ортса, руҳни эзадиган, қийнайдиган ва охир-оқибат жинни қилиб қўядиган моддалар бўлади. Уин чеккандан сўнг одам атрофдагилар учун ғоятда хавфли бўлиб қолади.
Авдий Каллистратов сафардан олган таассуротларини йўл очеркларида батафсил тасвирлаб ёзди. Чўлда кутилмаганда, бўри галасига дуч келганлигини, қўйинг-чи, ўз кўзи билан нимани кўрган, бошидан нимани ўтказган бўлса, барини ҳам гувоҳ, ҳам граждан сифатида алам ва ташвиш билан тасвирлади. Банг ўтнинг жамиятга қанчалар зарар келтириши мумкинлиги ҳақида куюниб огоҳ қилди. Бирок редакция бошида қучоқ очиб кутиб олган очерклар аввал кечиктирилди, сўнг бутунлай чиқмай қолди.
Иши ҳеч юришиб кетмаётганлиги, ўзи дуч келаётган қийинчиликлар ҳақида Авдий Инга Фёдоровнага ёзиб турди. Авдий уни тақдирнинг ўзига ато этган туҳфаси, дунёдаги энг яқин одамим, деб биларди. Назарида, Инга Фёдоровна бир дарё эди, шу дарёга бир чўмиб олсам, ўлиб бораётган вужудим яна тирилади, яна турмуш уринишларини енгиш учун ўзимда куч пайдо қиламан, деб ўйларди. Бора-бора Авдий Инга Фёдоровна билан ёзишлари ўз ҳаётининг энг катта воқеаси, умрининг асл маъноси ва мазмуни бўлганлигини англаб етди.
У хат жўнатгандан сўнг фақат шуни ўйлаб яшарди. Ҳамма ёзганларини хотирасида яна бир бошдан тиклаб чиқар, уларни изоҳлар, ўзича тушунтирарди. Бу ўртада жуда олис масофалар ётган ғалати бир мулоқот эди — унинг аламангиз юрагидан вақт ва макон сари узлуксиз отилаётган шуъланамолар эди.
«...Кейин мен анчагача ўйланиб юрдим. Хатимнинг бошидаги сўзлар Сизни таажжубга солиб қўймадимикин: «Падару Ўғилу Муборак Руҳ исми билан!» Ўзим шундай анъаналар ичида тарбияланганим учун уларни келтирган эдим. Ҳар бир жиддий гап олдидан уларни эслайман. Чунки шу сўзлар юрагимни қитиқлайди, тилимни созлайди ва бурро қилади, худди ибодат қилаётгандек бир аҳволга тушаман. Шунинг учун мен бу одатимни ўзгартириб ўтирмадим. Руҳонийлар табақасидан чиққанлигим ва семинарияда ўқиганлигимни Сизга яна бир карра эслатиб ўтяпман. Мен Сиздан ўзимга тегишли ҳеч нарсани яширишни истамайман. Сизга бўлган муносабатим шуни тақозо қилади. Яна шуни ҳам кўп ўйлайманки, Сиз билан хайрлашган чоғимизда яқин бўлиб қолган ва санлашиб гаплашган эдик. Энди эса яна Сиз деб ёзяпман. Мени кечиринг, хайрлашганимиздан бери ҳали кўп вақт ўтгани йўқ. Лекин менга нимадир бўлди. Инчунин, барча тентак одамлар ўзларини оқлаш учун доим бўлмағур бир баҳоналар ўйлаб топадилар. Бу омади бир гап-да. Ҳар ҳолда орамизда шунчалар масофа ётибди. Ижозат этинг, Сизни сизлаб ёзайин. Шундай қилсам, ўзимни анч ўнғай сезаман. Мабодоки, Сиз билан яна кўришмоқ менга насиб этса, юрагимдаги энг муқаддас, энг эзгу орзу-омолим шу (орзуларим менга ўз фарзандларимдай бўлиб қолганлар. Мен уларни орзулаб ўстираман. Уларсиз бир зум ҳам туролмайман. Ўз пушт-камарингдан бўлган болаларни севиш, уларни худди орзу каби севиш нечоғлик бахт-саодат эканлигини яхши тасаввур қиламан). Бу орзулар руҳнинг абадий жозиб ва сўнгсиз илоҳий баркамолликка умтилишидан туғилганлар. Шундай килиб десангиз, ўзим ҳам билмаган ҳолда шу орзулар туфайли мен йўқлик дағдағасига қарши устивор тураман. Эҳтимолки, муҳаббат ўлимнинг зиддидир. Шунинг учун ҳам, туғилиш синоати қатори у тирикликнинг асл калити бўлса ажабмас. Мен буларни Сизга худди фол каби такрорлаяпман, бизга яна дийдор кўришмок насиб этсин деб. Ўшанда, учрашган чоғимизда, Сизни хижолатга қўймасликка ваъда бераман — Сизга сен деб мурожаат этишга ваъда бераман... Ҳозирча айтиш керак бўлган гаплар шунчалар кўпки...
Инга Фёдоровна, эсингизда бўлса керак, Сизнинг юртингизга боришдан мурод — мақола ёзиш эди. Мақолаларим газетада чиқиши билан авиапочта орқали уларни Сизга юбораман деб, айтган эдим. Афсуски, нашаванд болалар, наша қидирган ўсмир йигитчалар ва шулар билан боғлиқ бўлган ҳаётимиздаги барча қайғули ҳодисалар ҳақидаги очеркларим тез орада газетада чиқишига ақлим етмай колди. Мен бизнинг кунларимизда деяпман. Чунки, наша бу ерларда жуда эски замонлардан бери ёввойи ҳолида ўсиб ётади. Бундан ўн беш йил бурун — буни ўзингиз ҳам биласиз, нега мен буни сизга, ўзи мутахассис бўлган одамга айтяпман, билмайман, лекин маъзур тутинг, мен барибир, Инга Фёдоровна, буни ҳикоя қилишим керак ва яна фақат Сизга ҳикоя қиламан ва фақат ёлғиз шугина ўша ишларнинг ҳаммасига қандайдир маъно бағишлаб туради. Шундай қилиб, ўн беш йилча бурун бу баттол гиёҳни, нашавандлар уни гиёҳ деб айтишади,— чекиш учун ёки бошқа бирон мақсадда йиғиш ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган экан. Ўша ерлик одамлар шундай дейишади. Бу офат яқин-яқинларда пайдо бўлди. Албатта, бунда Ғарбнинг таъсири ҳам озмунча эмас. Мана энди десангиз, менга қайсидир ташкилотларга баёнот ёзишни таклиф қилишяпти. Ҳеч ақлга тўғри келадими шу гап. Тушунаман, бу масалани кўтариш осон эмас. Ёшлар ўртасида, адолат юзасидан айтиб қўяйлик, ёшларнинг онги паст қисми ўртасида, гиёҳвандликка бағишланган  ўткир шов-шув тарзидаги мақола гўё обрў-эътиборимизга путур етказар эмиш. Ҳаммани дарғазаб қилармиш. Кулгига қолармишмиз. Чўчиган нарсаларини каранг. Қалбакилик эмасми бу, сиёсатда туяқушга ўхшаб қолиш эмасми бу... Оқибати ҳаддан ташқари оғир кўчадиган бундай обрўнинг кимга кераги бор!
Бу сўзларни ўқиб туриб, Инга Фёдоровна, вой боласи тушмагур-эй, мунча содда бўлмаса, мунча ёниб-куймаса деб, мийиғингизда кулиб қўйсангиз керак. Балки аксинча, ташвишланиб қошларингизни чимиргандирсиз. Ростини айтсам, бу сизга жуда ярашади. Қошларингизни чимирганларингизда Сизнинг чеҳрангиз илоҳиётнинг моҳиятига етишга уринган ёш роҳиблларнинг рухсорларидай пок ва ғоятда теран бўлиб қолади. Ўша Исо қаллиқларининг чин гўзаллиги ҳам уларнинг илҳомбахш мафтункорлигида эмасми ахир. Агар мен бу сўзларни овозимни чиқариб ва яна бошқа одамларнинг олдида айтсам, унда тилёғламалик қилаётгандай бўлиб қолардим. Лекин, боя айтган эдим. Сизнинг қошингизда менинг на камайтириб ва на кўпайтириб кўрсатадиган мутлақо хеч нарсам йўқ. Ва мабодо, Сизнинг ташвишли ҳаёл билан тўлган чеҳрангиз хотирамга Уйғониш даври санъатининг Биби Марямини тушираётган бўлса, унда бу ҳолни менинг санъат соҳасидаги тажрибасизлигимга йўйиб қўя қолинг. Ишқилиб, қандай бўлмасин, сўзларимнинг самимий эканлигига ишонарсиз деб умид қиламан... Ахир, ҳаммаси шундай бошланмадими? Сиз оғзимдан чиққан биринчи сўзимданоқ менга ишондингиз ва менинг ҳаётимда бутунлай янги бир саҳифа очдингиз...»

* * *

Бугун яна мақолам юзасидан редакцияга бордим. Аҳвол ўша-ўша, ҳеч қандай ўзгариш йўқ, ҳеч қандай силжиш йўқ, ҳеч қандай ёруғлик йўқ. Нега менинг чўл очеркларимни редакцияда аввал шод-хуррамлик билан қарши олишди-ю, нега энди бутунлай кўнгиллари совиди, буни менга ҳеч ким тузукроқ қилиб тушунтириб беролмайди. Кўтарилган масалалар қанчалар муҳимлигини ахир, ошкора тан олишган эди-ку. Газетанинг бош муҳаррири мендан ўзини олиб қочгани қочган, кошки қўнғироқ қилиб олиб бўлса уни, котибаси доим банд деб жавоб беради — дам ҳайъат, дам йиғилиш, дам юқори чақирган, улар айниқса, мана шуни рўкач қилишни жуда яхши кўришади.
Яна таниш кўчалардан ёлғиз ўзим кетиб боряпман. Бу ерга четдан келиб қолган бегонага ўхшайман. Гўё шу ерда туғилмагандай, болаликдан катта бўлмагандай, юрагим ҳувиллаган, бўм-бўш, ўзимни ёт сезаман. Гоҳи танишларим мен билан сўрашмайдилар. Улар мени диндан қайтган, муртад деб билишади, семинариядан қувилган, бидъатчи ва ҳоказо ва ҳоказо. Фақат бир нарса юрагимга ҳарорат бағишлаб туради, фақат бир ўй доим мени ўзига тортади — бу менинг хатларим. Йўл-йўлакай нимани ёзишимни ўйлаб бораман. Кейинги хатимда унга қизиқарли бўлган барча нарсалар ҳақида ҳикоя қилиб бераман. Суюкли аёл ҳақида ҳаёл суриш, унга мактублар ёзиш ҳаётимнинг асл маъноига айланади деб, сира ўйламаган эдим. Қанийди, қанотим бўлса, тезроқ унинг олдига парвоз қилсам, яна у билан биринчи учрашган жойга етсам. Тезроқ бўла қолсайди! Юриб кетяпман-у нуқул шуни ўйлаганим ўйлаган. Чоғи, бошқа одамларнинг бошларидан ҳам шундай кунлар ўтгандир, улар ҳам маълум бир вақт ҳаётларининг мазмунини фақат муҳаббатда билиб, шундан қувониб, бошлари осмонга етиб юргандирлар. Лекин улардан фарқим шундаки, мен то ўлгунча севаман ва ҳаётимнинг бутун маъноси ёлғиз шунда бўлади...
Мана, хиёбонларда япроқлар тўкиляпти. Ахир, мен ёзган нарсалар ёзнинг бошида бўлиб ўтган эди-ку. Редакция ўша кезлари менинг фикримни маъқуллаб тезроқ ёзишга қистар эди. Амалий ишга келганда, редақция ўзини орқага тортиши мумкинлиги ҳаёлимга ҳам келмаганди. Оммавий матбуот саҳифаларида фақат ўзимизга маъқул ва ёқадиган, обрў келтирадиган, ютуқларни умумлаштирадиган нарсаларнигина ёзиш керак, деган ғалати одат бунчалар кучли эканлиги ҳакида ўйламаган эканман.
Ўша кунлари бутун фикру зикрим жануб ўлкаларига қиладиган сафарим билан банд эди. Россиянинг ичкарисида туғилиб-ўсганим учун у нотаниш ерлар менга жуда жозибали кўринарди. Борсам, нашаванд чопарларнинг бири бўлиб, уларнинг махфий тўдаларига қўшилиб бораман, деб кўнглимга тугиб қўйган эдим. Четдан туриб кузатиш билан бунда ҳеч нарсага эришиб бўлмасди. Тўғри, ёшим нашаванд чопарлардан кўра сал каттароқ, лекин ташқаридан қараганда, шубҳа уйғотадиган даражада эмасди. Редакциядагилар, агар эски жинси билан тўзиган кроссовка кийиб олсангиз, бунинг устига соқолингизни ҳам олдириб ташласангиз, сизни ўша жўн болалардан сира ажратиб бўлмайди дейишди. Бўпти, дедим-да, соқолимни қирдириб ташладим. Ҳеч қандай ён дафтар тутганим йўқ. Хотирамга ишондим. Мен қандай бўлмасин, уларнинг ичларига кириб олишим, бу йўлга болаларни нималар бошлаганлигини аниқлашим, пул топиш ва савдо-сотиқдан ўзга яна нима уларни бунчалар машғул қилиб қўйганлигини билишим керак эди. Мен бангилик ҳодисаларини шахсий, ижтимоий, оилавий, қолаверса, психологик ҳолатларини ичдан туриб ўрганишим зарур эди.
Шунга қараб, ҳозирлик кўрдим. Май ойи эди. Наша май ойидан гулга киради. Шундан бошлаб унинг гулини териш учун махсус одамлар Мўйинқум ва Чу чўллари сари отланадилар. Буларнинг ҳаммасини менга шаҳримиздаги мактаблардан бирининг тарих ўқитувчиси Виктор Никифорович Городецкий деган танишим ҳикоя қилиб берди. У билан иккимиз бир боғдан, бир тоғдан дегандай суҳбатлашиб ўтирганларимизда, ҳазиллашиб мени ота Авдий деб чақирарди. Унинг ёши ҳам мендан унчалар катта эмас, опам Варвара билан тенгқур эди. Виктор Никифоровичнинг бир жияни бўлиб, туғилганда унга ўзи Паша, Пахом деб от қўйган экан. Ана шу Пашаси тушмагур боши оғиб нашавандлар тўдасига тушиб қолибди. Буни кейинроқ билишган. На ота-онаси ва на Виктор Никифоровичнинг хабари бўлган.
Бир куни Паша ота-онасидан Рязанга, бобомнинг олдига бориб келаман деб, рухсат сўрабди. Бобосининг олдига тез-тез бориб тураркан. У жўнаб кетгандан сўнг беш кунлар ўтгач, Виктор Никифорович Қозоғистоннинг жуда узоқ бир бекатидан йўл назорат прокуратурасининг терговчиси Жаслибековдан телеграмма олибди. Телеграммада, сизнинг жиянингиз темир йўлда жиноий тарзда наша олиб кетаётганда қўлга тушди, қамоқда ўтирибди, деб хабар қилинган эди.
Виктор Никифорович Жаслибеков нега боланинг ота-онасига эмас, унга телеграмма юборганлигини дарров сезган. Паша ҳаддан ташқари қаттиққўл отасидан қўрққан. Виктор Никифорович дарҳол Олмаотага учган, у ердан поездга тушиб, бир кеча-кундуз йўл юриб, ўша чўл бекатига етиб борган. Қараса, Пашанинг аҳволи жуда чатоқ. Махсус қонун бўйича у дарҳол суд қилиниши, камида уч йилга кесилиши ва. камоқ муддатини оғир шароитли колонияда ўтказиши керак экан, Жиноят исботланган — иш судга тушиши тайин эди. Виктор Никифорович афсусланибди, жиянига бўлар иш бўлибди, энди илож қанча, аттанг,  дейишдан бошқа чора йўқ, жиноят қилгандан кейин жазосини тортасан деб тушунтиришга уринибди. Ўзини қандай тутиш, судга нима деб жавоб бериш кераклигини тайинлабди. Ота-онангга ўзим тушунтираман, колонияга бориб хабар олиб тураман, деб юпатибди. Жаслибеков тоға-жияннинг ҳамма гап-сўзларини эшитиб ўтирган экан. У бирдан шундай деб қолибди:
— Виктор Никифорович, агар жиянингиз бу жиноий ишга бошқа ҳеч қачон қўл урмайман, деб айтса ва сиз уни кафилликка олсангиз, мен ҳам масъулиятни ўз устимга олиб, уни қўйиб юбораман. Менимча, бу болани тўғри йўлга солиш сизнинг қўлингиздан келади. Агар у яна бир марта наша билан қўлга тушса, худди оғир жиноятчидай қамалади. Ана энди, ўзингиз ҳал қилинг.
Виктор Никифорович хурсанд бўлиб кетиб, Пашани кафолатга олади. Жаслибековга нима деб миннатдорчилик билдиришни хам билмайди. Жаслибеков эса бундай дейди:
— Сиздан, Виктор Никифорович, бир илтимосим бор. Ўз турган жойларингизда бизга ёрдам беришингизни сўрайман. Матбуотда шу ишларни жиддий кўтариб чиқилса, жуда яхши бўларди. Сиз ахир муаллимсизку. Биз рўй берган ёки рўй бераётган жиноятларга қарши курашамиз. Лекин, мана бунақа она сути оғзидан кетмаган болаларни бу кимсасиз овлоқ чўлларга, айниган кимсалар, ашаддий жиноятчилар орасига кимлар, қандай қилиб жўнатаётганларини бизлар билмаймиз. Ахир, биз бу ўсмирларни судга беряпмиз, суд қилишга мажбур бўляпмиз. Сиз дарров етиб келганингиз соз бўлди, менга ёрдам бердингиз. Аксар қариндош-уруғлар — улар кўпчилик — умуман, келишмайди. Кейин ўн беш яшар бола оғир шароитли колонияга тушади. Колонияда нима бўларди дейсиз? Нимани ўрганишарди у ерда? Тубан, ҳеч нарсага ярамайдиган нобакор бўлиб чиқишади. Ўзингиз биласиз, Виктор Никифорович, мажбур бўламиз турмага ўтқазишга. Одамнинг жони куяди бу ишларни кўриб. Ишонасизми, ўтган мавсумда фақат бизнинг бўлимимизнинг ўзида юздан ортиқ ўсмирни суд қилдик. Қўлга тушмаганлари, кўзимизни шамғалат қилиб қочганлари қанча денг. Улар сон-саноқсиз. Келаверишади. Архангельскдан тортиб Камчатка томонлардан келишади худди балиқ уруғлагандай. Охири борми ахир бунинг? Ҳаммани қамаб бўлмайди-ку. Улар наша йиғишнинг миридан-сиригача ишлаб чиқишган. Ўзларининг йўл бошловчилари бор — баъзилари шу ерликлар, баъзилари бошқа жойлардан — улар болаларни наша кўп ўсган жойларга бошлаб боришади. Биз уларни ҳам суд қиламиз. Улар поездларни нима қилаётганликларини биласизми? Пассажир поёздига чиқишмайди. Юк поездларини тўхтатишади. Пассажир поездда уларни дарров ушлаб олишади. Улар қандайдир бир махсус дори топишади. Шуни кечаси рельслар, шпаллар устига сепиб чиқишади. Узоқдан поезднинг чироғи тушганда, шу сепилган нарса худди ёнаётгандек, йўл, шпаллар, рельслар аланга ичида қолгандек туюлади. Албатта, ҳайдовчи составни тўхтатади. Чўлда нималар бўлмайди дейсиз. Чопиб пастга тушади. Қараса, тинчлик, ҳеч нарсага ўт кетган эмас. Нашавандлар бўлса, шу фурсатдан фойдаланиб, сумкалари, жомадонлари, қопларини кўтариб вагонларга чиқиб оладилар. Ҳозирги составларни биласиз, бир чақиримлаб чўзилиб кетади. Минг қараган билан фойдаси йўқ. Улар поездга чиққач, катта бекатгача бориб оладилар. У ерда эса йўловчилар кўп! Кимнинг кимлигини билиб кўринг-чи! Рост, кейинги йилларда милиция махсус ўргатилган итлар боқяпти. Улар нашани ҳидидан топади. Сизнинг жиянингизни ҳам итлар ушлаб беришди...
Виктор Никифорович ўша ерда яна бошқа кўп гапларни ҳам эшитибди. Буларнинг ҳаммасини менга у айтиб берди. Лекин ўзим ҳам тахминан шундай бир гапга ич-ичимдан етилиб қолган эдим. Ўзимга тенгқур ёшларнинг ақл ва юракларига ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган бир йўл топсам деб, ич-этимни еб юрардим. Уларни мен эзгуликка чорлашим керак дердим. Зиммамга юқоридан худди шу нарса юклатилгандай эди. Шундай ўйлаб, эҳтимол, ўзимга ўзим ортиқча баҳо бериб юборгандирман. Лекин ҳар қалай, нима бўлмасин, чин юракдан шундай қилишни истардим. Балки буни ижтимоий келиб чиқишим юзасидан тушунтириш мумкиндир. Ким билсин яна. Мен айрим мақолаларимда, гарчи умумийроқ тарзда бўлса-да, ичкиликнинг ёшларга ҳалокатли таъсири ҳақида тўхталган эдим. Ғарбнинг фожиали тажрибалари асосида гиёҳвандлик хусусида ҳам шунга яқинроқ нарсаларни ёзгандим. Лекин буларнинг ҳаммасини ё бошқалардан эшитган ва ё китоб-газеталардан ўқигандим. Ёшлар ва айниқса, ўсмирлар ўртасида тарқалаётган, кўп қайғули оқибатларга олиб бораётган, ҳаммага маълум, шу билан бирга кўплар вабодан қўрққандай номини айтишга қўрқадиган гиёҳвандлик ҳодисалари — шахснинг ўз-ўзини емиришидан тортиб, то қийноққа солиб ўлдиришларигача — ўзимнинг ўйларим ва кечинмаларим акс этадиган ёрқин, таъсирчан материал тайёрлаш учун муаммони ичидан барча тафсилотлари билан очиб берадиган билим етишмаётган эди. Буни қарангки, шу аснода, бундай воқеалар билан шахсан ўзи тўқнашган Виктор Никифорович Городецкий менга барча бошидан кечирганлари, ўй-ҳаёлларини сўйлаб берди. Пашани нашаванд улфатлардан ажратиб олиш учун ота-она, ака-ука, бутун хонадон уйларини кичикроқ, лекин бошқа шаҳардаги квартирага алмаштириб кўчиб кетишга мажбур бўлдилар. Буларнинг барини Виктор Никифорович куюниб, хафа бўлиб ҳикоя қилди.
Шу-шу кўнглимга туккан ишимга дадил киришдим.

* * *

Мен Москвага келдим. Бу ердан, Қозон вокзалидан наша ўсадиган чўлларга жўнашим керак эди. Гап шундаки, худди мана шу Қозон вокзалида ўсмирларнинг нашага борадиган чопарлари,— ҳа, улар наша йиққани борадиган болаларни чопар дер эдилар,— тўда бўлиб оладилар. Кейин бу нарсани ўз кўзим билан кўрдим. Чопарлар Шимол ҳамда Болтиқбўйининг турли шаҳарларидан, айниқса, Архангельск билан Клайпедадан кўп келишарди. Чамаси, бу шаҳарларда нашани йўлга чиқаётган денгизчиларга пуллаш қулай бўлса керак. Нашаванд чопарларнинг изларига тушиш учун мен Қозон вокзалида Утюг ёки Утя лақабли кўкрагига саксон ёттинчи рақам осган юк ташувчини топишим, унга эски бир танишидан салом етказишим лозим эди. Танишининг номи бизга Паша орқали маълум эди. Утюг патта кассаларини яхши билар — андак музд эвазига йўлда кетишни таъминлар эди. Лекин, ким шундай қилади билолмадим, ундан бошқа яна кимдир шу ишларни махфий бошқариб туриши аниқ эди. Ўша Утя болаларнинг ҳаммасига бир поездга патта топиб, уларни ҳар турли вагонларга жойлаб, жўнатиши керак эди. Нашаванд чопарлар билан яқинроқдан танишиб шуни билиб олдимки, наша олиб келиш учун борадиганлар аввало, мабодо қўлга тушиб қолсалар, миқ этиб оғиз очмаслик, бир-бирларини сотмаслик учун сўз берар эканлар. Шунинг учун улар одамлар кўз ўнгида ўзаро кам гаплашар эканлар.
Шундай қилиб, мана, Москвага илгари келган-кетган пайтларимдан яхши таниш уч вокзал майдонидаман. Одам кўп. Айниқса, метро билан вокзалнинг ўзи тиқилинч, ўтиш маҳол. Шунча одам қаердан келяпти, қаерга кетяпти — гирдобга тушган чўпдек чирпирак бўлиб айланади бу уч вокзал майдонида. Лекин барибир мен Москвада юришни, шаҳар марказига, сал кенгликка чиқиб олгач эса, кўчаларда тентираш, эски китоб дўконларида ивирсиш, афиша ва турли эълонларни ўқишни, иложини топсам, яна Третьяковка ёки Пушкин музейига боришни жуда севардим.
Бу сафар электричкадан Ярославский вокзалида тушиб Қозон вокзали томон одамлар издиҳоми ичра ўтиб борарканман, бир фикр миямдан ўтди. Буни қаранг, илгари ўзимга ўзим хўжайин эканман. Камсуқум хоҳиш-истакларим ўзимга тобе, зиммамда ҳеч қандай юк йўқ, ҳеч қандай иш-ташвиш вақтимни банд қилмайди. Москва кўчаларида қанча хоҳласам ва қандай хоҳласам, шундай тентиб, ўйнаб юраман. Бундан ортиқ бўлиши мумкинми, ахир. Хўп, замонлар экан-да, ўша замонлар. Ҳозир эса, чумолининг уясидек, одамлар ғужғон ўйнаб ётган улкан Қозон вокзалида кўкрагига саксон еттинчи рақам осган Утюг лақабли алоқачи ва юк ташувчини зудлик билан топишим керак. Оҳ, Худойим, бунинг рақами саксон еттинчи бўлса, Қозон вокзалида унга ўхшаган арава судраганларнинг ўзи қанчайкин, юздан кам эмасдир ҳар ҳолда. Чиндан ҳам, бу издиҳом ичидан уни топиш осон бўлма-ди. Ярим соат вақт сарфлаб юк ташувчилар юрадиган ҳамма жойларни айланиб чиқдим. Ниҳоят, уни Тошкентга жўнаётган поезд перронидан топдим. Утюг аллакимнинг юклари — жомадонлари ва қутиларини аравадан вагонга жадал ортиб берар, дам-бадам проводниклар билан хазил-мазаҳ қилар, ўзига жуда ёқса керак, вокзалларда кенг тарқалиб кетган битта майнавозчиликни ҳадеб такрорларди: «Пулим бор — Қозонга бораман, пулим йўқ — Чашмага бораман». Мен бир чеккада унинг бўшашини, йўловчилар вагон-вагонларга жойлашиб, кузатиб келаётганлар эса состав бўйлаб купеларнинг ойналари қаршисига тарқалишларини кутиб турдим. Ниҳоят, у олган чойчақасини чўнтакка суққанча, ҳарсиллаб чиқиб келди. Девдек малла йигит экан, кўзлари тўрт томонга аланглаб туради. Сал бўлмаса ишнинг иачавасини чиқариб қўяй дебман. Унга сизлаб сўзлашим, устига-устак, безовта қилга ним учун узр сўрашимга оз қолди.
— Бормисан, Утюг, ишларинг қалай?— дедим иложи борича ўзимни бепарво ва бетакаллуф тутиб.
— Ишларимиз худди Польша. От-арава кимники — панники,— мени худди юз йилдан бери танийдиган одамдай чечан жавоб берди у.
— Пан ўзинг экансан-да,— дедим унга аравасини кўрсатиб.
—Бўлмасам-чи! Биз ҳам оғайни, биламиз пулнинг сассиғига чилолмаётганларни. Ўзинг нима қилиб юрибсан, чавағим? Обориб қўяйми юк-пукинг бўлса, ё нима дейсан? Хўш!
— Обориб қўйиш ўзимнинг ҳам қўлимдан келади,— ҳазил қилдим.— Сенда ишим бор.
— Айт, нима иш экан.
— Бу ердамас. Сал четга ўтайлик.
— Юр унда, чавағим, нарироқ борайлик.
Узун перрондан ўтиб, вокзал биносига қараб юрдик. Тошкент поезди жилди, ёнимиздан қатор-қатор ойналару ойналарга бурниларини тираган башаралар ўта бошлади. Қўшни йўлга аллақайдан бошқа состав келиб тўхтади. Поездлар саф-саф туришар, одамлар шошилишар, югур-югур қилишар, радиокарнайдан дам сайин келаётган ва жўнаб кетаётган поездларни эълон қилишарди.
Вокзал биносига етганимиздан сўнг, Утюг аравасини бурчакка бурди, бу ерда ҳеч ким йўқ эди, атрофга сарасоф ташладимда, унга Пашка айтган одамнинг дуойи саломини етказдим. Унинг оти Игорь бўлиб, чопарлар ўртасида Морж лақаби билан танилган эди. Нега Морж эканлигини бир Худонинг ўзи билади.
— Моржнинг ўзи қани?— сўради Утюг.
— Етиб келади,— жавоб бердим.— Ичакдаги яраси қийнаб юборди бечорани.
— Ўзим айтувдим-а,— ачиниб пешанасига урди Утюг. Бир чеккаси айтгани тўғри чиққанидан мамнун ҳам эди.— Унга айтганман, чавағим, ўтган гал айтганман, тентаклик қилма, деганман. Аввал ўзингга боқ, кейин ногора қоқ. Экстрага зўр бераётган эди, бели синадида. Ичак чақа бўлмай, мен чақа бўлайми шундан кейин.
Мен ачиниб қулоқ солгандай бўлдим. Лекин очиғи, экстра дегани нима — ароқми ё бошқа нарса — билмасдим. Аммо Худога шукур, ундан буни сўраб ўтирмадим. Кейин билишимча, экстра дегани наша чангидан қилинган мум-сақич экан. У худди пластилинга ўхшаркан. Нашадан олинадиган энг қимматли нарса ана шу экан (мен пластилин ҳақида Виктор Никифоровичдан эшитган эдим). У қорадорига ҳам ўхшайди. Кимёгарлик тажрибахоналарида экстра героинга ўхшаш суюқликка айлантирилиши мумкин. Бунга Моржга ўхшаганлар ё бошка чавақ нашаванд чопарларнинг қурби етмайди. Лекин жуда кўнгиллари тусаб қолса, экстрани тиллари тагига ташлаб сўриш, чайнаш, ароққа қўшиб ичиш, нонга қўшиб ейиш қўлларидан келади. Улар экстрага хумор бўлсалар, миямизни бир чалғитайлик, дейдилар. Лекин энг қўлболаси — нашани чекиш. Бунда ҳам ҳар ким ўз ҳолига яраша: ким тозасини чекади, ким тамакига қўшиб аралаштиради. Чекканда ҳам мия анча чалғийди. Лекин бунда нашанинг кайфи бошқа усулларга қараганда тезроқ тарқайди.
Буларнинг ҳаммасини ва яна нашаванд чопарлар ҳаётига оид бошқа кўп нарсаларни мен «Халхингол»га борганимда аста-секин билиб олдим. «Халхингол» деб ўша наша ўсадиган жойларни айтишаркан. «Халхингол»и қурсин, сал бўлмаса, чув тушай дебман.
— Сен ҳам чавағим, «Халхингол»гами?— сўради Утюг гап орасида. Олдин тилим тутилиб қолди, тушунмадим «Халхингол» деганига, кейин бирдан фаросатим ишлаб кетди:
— Шундай десак ҳам бўлади. Умуман олганда менга бу...
— Унда гап бундай. Билет тўғрисида чавағим, ташвишланма. Ҳаммаси жойида. Қолган гапларни ўт-мўт олиб келганларингда Догнинг ўзи ҳал қилади. Бу менинг ишим эмас.
Бизга билетлар олиб берадиган Догнинг кимлиги, у нимани ҳал қилишини мен билолмадим, охиригача ҳам буни аниқлай олмадим. Лекин Утюг билан ўртамиздаги гап-сўздан «Халхингол»га бугун эмас, эртага юришимизни билдим. Маълум бўлишича, ҳали барча чопарлар етиб келишмаган. Мурманскдан икки чопар тунги поезд билан келади. Яна биттаси, қаердан экан билмайман, эрталаб шу ерда бўлади. Лекин энди буларнинг менга сира дахли йўқ. Бир кун ҳам ҳарна Москвада турганга не етсин.
Эртага тайинланган вақтга Қозон вокзалига келадиган бўлдим (келсам-келмасам, барибир, шу вокзалдан бўлак ётадиган жойим йўқ). Мен билан хайрлашаркан, Утюг гиёҳ соладиган юкхалта ва елим пакетларинг борми деб сўради. Жомадонимда юкхалта ва пакетлар бор эди. У, магазинларни қара, агар қопқоғи махкам, зич ёпиладиган шйша ёки пластмасса қутича топсанг, сотиб ол, ўшанга нашанинг ширасини йиғасан, деди.
— Шалпангқулоқ бўлма. Жуда қийин иш-ку, лекин бир озгина ширач тўпла,— деб шипшиди у.— Ўзим ҳеч бормаганман, лекин кўп эшитганман. Шу ерда бир Лёха дегани бор. Икки марта сафар қилиб келдию, дарров «Жигули» олди. Москвада маза қилиб юрибди, шаталоқ отиб... Одам узоғи билан ўн кунгина қийналади, холос...
Шундан сўнг ҳар қайсимиз ўз йўлимизга кетдик. Мен жомадонимни сақлаш жойига топширдим-да, Москвани айлангани отландим.
Май ойи охирлаб қолган. Ёз бошланиши олдида Москва жуда бошқача бўлиб кетади. Ундай десам, куз-чи, ҳаво беҳад мусаффо, япроқларнинг тилларанг шуълалари ҳатто одамларнинг кўзларида акс этадиган эрта куз палласи ҳам мислсиз чиройли. Лекин, мен кўпроқ ёзга кириб бораётган Москвани яхши кўраман — унинг кундузги кўчалари гаштли, сутдай оппоқ кечалари гаштли, бундай чоғларда шаҳарнинг ўзи ҳам, шаҳар узра юлдузли осмон ҳам то тонгга қадар тун ёғдуси шуълаларига чўмилиб ётади.
Мен вокзалдан тезроқ тоза ҳавога чиқмоқчи эдим, лекин шаҳар марказига метрода бориш қулайлигини эсладиму, яна одамлар оқимига қўшилдим. Ҳали кечки тиқилинчга вақт бор. Кўз ўнгимда қоронғулик ва ёруғлик липиллаб ўтаркан, марказга бемалол етиб олдим. Свердлов майдонида ўзим яхши кўрадиган боғчага қарадим. Боғча худди сўлим оролга ўхшайди. У кўм-кўк яшнаб ётади, атрофида машиналарнинг тинимсиз оқими ва зич қуршаб келаётган ғуж бинолар. Мен беихтиёр йўловчилар тўлқинига қўшилиб, Манеж томонга юрдим. Бирон кўргазма очилган бўлса кўраман, дедим. Аммо Манеж берк экан. Шундан сўнг эски университет биноси олдидан, Пашков уйидан ўтиб, Валхонкага ва ундан Пушкин музейига бордим. Негалигини билмайман.. Лекин дилим жуда осуда ва фараҳли эди. Балки бу ҳали тиқилинч бошланмаган Москва марказининг кўчалариданмикин ёки балким, шаҳарнинг бу қисми узра гўё нурамас тоғ тизмаларидай ястаниб турган Кремлнинг ғиштин деворлари ташлаган сояларданмикин, руҳимга ажиб бир фароғат ёғиларди. «Нималарни кўрмаган бу деворлар ва ҳали яна нималарни кўрмайди?» деб ўйлардим. Кўчаларда ўзидан-ўзи ёпирилиб келаётган ҳаёлларга берилиб кетиб, соқолимни куни кечагина қириб ташлаганимни ҳам унутиб, ўзим сезмаган ҳолда тўхтовсиз яланғоч иягимни силардим. Шунда Қозон вокзалида уя қуриб олган кулфатнинг сирига етмоқчилигимни ҳам вақтинча эсдан чиқардим.
Йўқ, ҳар қалай, тақдир деган нарса бор, яхшилик ҳам ундан, ёмонлик ҳам. Пушкин музейи томон борарканман, омадим юришганини қаранг, ҳеч ҳаёлимга келмаган иш бўлди. Мен музейда жиллақурса, янги экспозицияларни кўрарман деб, ният қилгандим. Агар у ҳам бўлмаса, залларни яна қайта айланиб чиқаман, кўп нарсаларни эсимга тушираман, таассуротларимни янгилайман, дегандим. Буни қаранг-ки, музейга кираверишда, боғча олдида қиз билан йигит рўпарамдан чиқишди-да, мени тўхтатишди:
— Менга қара, ошна, сенга билет керакмасми? — деди ялтироқ кўк галстук таққан, оёғига малла туфли кийган ва туфлиси оёғини қисаётганлиги шундоққина кўриниб турган аллаким.
Ҳар икковлари ҳам жуда зерикиб кетганга ўхшардилар, башараларидан бетокатлик акс этарди.
— Нима, билетлар йўқ эканми? — деб сўрадим навбат гурган бирон кимса йўқлигини кўриб.
— Э, йўқ, бу концертга. Фақат иккаласини оласан.
— Қанақа концерт? — сўрадим яна.
— Ким билади дейсан, черков хори дейишяпти.
— Музейда-я? — ҳайрон бўлдим.
— Оласанми, йўқми? Иккита билет уч сўм, ол.
Мен иккала билетни олдиму музейга шошилдим. Пушкин музейида концертлар қўйилишини эшитмагандим. Администратордан сўраб билдим. Кейинги вақтларда музей қошида классик музика лекторийсига ўхшаш бир нарса ташкил этилган экан, кўпроқ машҳур музикантлар томонидан камер куйлар ижро қилинаркан. Бу сафар — во ажабо — Итальян саҳни деб аталған залда эски булғор ибодат куйлари концерти бўларкан. Ҳатто тушимга ҳам кирмаган эди бу! Наҳотки, славян ибодат музикасининг отаси Иоанн Кукузель ижро этилса? Афсуски, администратор хотин тафсилотларини айтиб беролмади. Ҳурматли меҳмонлар кутиляпти, болгар элчиси келса ажаб эмас, деди у. Менга буларнинг ҳеч кандай алоқаси йўқ эди, барибир, хурсанд бўлганимдан тўлқинланиб кетдим. Булғор ибодат куй-қўшиқлари ҳақида илгари отамдан эшитган эдим. Буни қаранг энди — шундай ажойиб тортиқ, яна хатарли сафар олдидан. Концерт бошланишига ярим соат вақт қолган. Мен музейни айланиб ўтирмадим-да, ўпкамни босиб олай деб, тоза ҳавога чиқдим.
Оҳ, Москва, Москва! Москва-река яқинидаги етти катта баландликнинг бири, май ойининг охирлари! Юрагингда ғубор йўқ, борлиқда муваққат уйғунлик ҳоким, ана шунда шаҳар жуда серфайз ва ҳамма нарса жуда маънодор бўлиб кўринади. Кўкрагимни тўлдириб, чуқур-чуқур нафас олар, осмон тиниқ, ер-ҳаво — мўътадил, мен музей олдидаги боғнинг чўян панжараси бўйлаб нари бориб-бери келардим.
Кутадиган ҳеч кимим йўқлигидан ўкинардим. Эҳтимол, чўнтагимда иккита билетим борлиги учун шундай ўксингандирман. Канийди, у ҳозир келиб қолса, бу қанчалар табиий ва ажойиб бўларди-ку. Унга кўчанинг нариги бетида хурганида кўзим тушади, ишқилиб, кечикиб қолмай деб, кўчанинг бу томонига ўтмоқчи, у шунчалар гўзал, шунчалар тентак ва эҳтиётсиз, мен уни деб қўрқаман, юрагим ҳовлиқади, ҳаприқади, унга зўр бериб, ҳаяжонланиб ишоралар қиламан, шошма, ўтмай тур, ҳовлиқма дейман,— ана, кўряпсанми, машиналар келяпти, одамлар кўп ҳамма ёқда, лекин ёлғиз сен, сен менинг бахти-иқболимни ўзинг билан бирга олиб юрасан, дейман. Шунда у менга қараб табассум қилиб қўяди, ахир у юзимга қараб, юрагимдаги барча сўзларимни уқиб олардида. Ўшанда мен ундан олдинроқ кўчанинг нариги бетига унинг олдига чопиб ўтаман, мен ўзим учун қўрқмайман, чаққонлигимни биламан, чопиб ўтиб шартта унинг қўлларидан ушлаб олардим-да, кўзларига термулиб қарардим. Нима учундир шу манзараларни кўз ўнгимга келтирарканман, ҳақиқатан ҳам, юрагимда муҳаббат интизорлигини ҳис қилдим ва нечанчи маротаба пешонамга ёзилган суюкли қизни ҳали-ҳанузгача учратолмаганлигимни ўйладим. Лекин ўша менга аталганнинг ўзи бормикин, буни мен ўзимча тўқиб чиқармадиммикин ва жуда оддий нарсаларни чигаллаштириб юрмаганмикинман? Бу ҳақда мен кўп ўйлардим ва ҳар гал ҳаммасига ўзим айбдорман деб, ўкинар, маъюс тортардим,— ё ҳаддан ортиқ кўп нарсаларни кутяпман ёки, менда қизларни ўзига тортадиган ҳеч нарса йўқ. Ҳар ҳолда тенгқурларим бу борада мендан кўра омадлироқ ва кўнгилнинг кўзини биладиганроқ одамлар чиқишди. Диний семинария ёш кўнгилнинг ўз хоҳишига қараб яшашга йўл қўймасди, деб баҳона қилишим мумкин эди. Лекин семинариядан кетганимдан кейин ҳам, мен бу борада бирон-бир муваффақиятга эришганим йўқ. Нега? Агар ҳозир мен севишни истаган одам чиндан ҳам бу ерга келиб қолса, унга ҳаммадан бурун бундай дердим: юр, бирга-бирга ибодат мусиқасини тинглаймиз ва ўзимизни шу мусиқадан топамиз. Лекин, кейин мени шубҳалар кемира бошлайди: мабодо, буларнинг бари унга ғоятда зерикарли ва туссиз кўринса, унчалар тушунмаса, ана унда нима бўлади? Ахир, ибодатхона ичидаги ибодат, само мусиқаси бошқа, оддий бинонинг оддий залида не турфа одамлар ичида айтилган куй-қўшиқ бошқа. Чунончи, Бах хоралларини физкультура майдонида ва ёки жўшқин маршларга одатланиб қолган авиа-десантчилар казармасида ижро этилгандек таассурот қолмасмикин?
Пушкин музейига ялтир-юлтир машиналар келиб тўхтай бошлади. Ҳатто битта интурист автобуси ҳам келди. Вақт бўлганга ўхшайди. Итальян залига кираверишда одамлар тўдалашиб туришарди. Кишилар жам ҳолида бир нарсани кутаётганларида шундай туюлади. Кимдир ортиқча билет йўқми, деб сўради. Мен ортиқча билетимни ўзига ярашмаган кўзойнак таққан талаба йигитга бердим. Кейин пушаймон қилдим. У одамлар ўртасида чўнтагидан барча танга-чақаларини чиқариб санашга тушди. Тангалар қўлидан ерга тўкила бошлади. Мен, бўлди, бас қилинг, бу билетни менга совға қилишган эди, мендан сизга туҳфа десам ҳам, ҳеч қўймайди, ниҳоят, залга кириб бораётганимизда тангаларни бир ҳовуч қилиб курткамнинг чўнтагига ташлади. Рост, пулим ошиб-тошиб ётгани йўқ, ўз кунимни ўзим бир амаллаб кўриб юрибман. Лекин шундай бўлса ҳам ҳар ҳолда... Пойтахт одамлари концертга мос кийинганларини кўриб, яна бир ҳижолатга тушдим. Ўзим сийқаси чиққан жинси, олди очиқ куртка, беўхшов бошмоқ кийиб олган, бунинг устига соқолим қирдирилганди. Бунга эса сира кўниколмас, худди бир нарсамни йўқотиб қўйгандай эдим. Мен ўзим билмаган узоқ, номаълум ўлжага, нашазор чўлларга отланган, ҳамроҳларим эса аллақандай худобехабар банги чопарлар... Лекин булар бари ҳатто гапириб ўтиришга арзимайдиган майда-чуйда нарсалар...
Икки қаватли юксак итальян саҳнидаги барча кўргазмалар, чамаси, ўз жойида турар, фақат залнинг ўртасига бир-бирига зич қилиб стуллар кўйилганди. Биз ана шу стулларга ўрнашдик. Қаршимизда на саҳна, на микрофон, на парда — бунақа нарсалар йўқ. Залнинг тўр томонига чеккароққа ўртачароқ катталикдаги минбар ўрнатилган. Икки дақиқалардан сўнг барча жой-жойига ўрнашиб бўлди. Эшик олдида яна бир неча одамлар тўдаланиб колди. Афтидан, залдагиларнинг кўпчилиги бир-бирларини танишса керак, ҳаммалари чақчақлашиб ўтиришарди. Фақат мен жимгина ҳаёл сурар, ўзим билан ўзим овора эдим.
Лекин мана, ниҳоят, ён томондаги эшикдан икки аёл чиқиб келишди. Улардан бири — Пушкин музейининг ходимаси, иккинчисини — Софиядаги Александр Невский жомеси музейидан келган болгар ҳамкасабасини таништирди. Залда ғовур-ғувур тинди. Сочлари силлиқ таралган, яхши туфли кийган, оёқлари ғоятда чиройли, негадир шунга эътибор берганимни кўринг, сипо ва ёш болгар аёл каттакон қора кўзойнак устидан залга вазмин бир нигоҳ ташлади-да, саломлашди, сўнг тузуккина рус тилида мухтасар маъруза қилди. Ўз музейларида черков меъморчилигининг бебаҳо ёдгорликлари, қадим қўлёзмалар, санам чизиш санъати намуналари ҳамда эски китобатчилик тарихи асарлари билан бир қаторда ўрта аср черков музикасини ҳам тарғиб қилаётганликларини сўйлаб берди. Улар жоменинг тагида жойлашган пастки қаватларида — буни крипт дейишар экан,— кечки концертлар уюштиришиб, уларда тирик экспонатларни қатнаштиришаркан. Хоним шундай дегач, табассум қилиб қўйди. Пушкин музейининг таклифига кўра «Крипт» капелласи мана энди Москвага меҳмонга келибди.
— Сўраймиз! — деб таклиф қилди у ичкаридагиларни залнинг қарсаклари остида.
Қўшиқчилар шу ерда туришган экан. Улар биз кириб келган эшикдан залга ўтишди. Улар жами ўн киши эдилар. Бор-йўғи ўн киши. Ҳаммалари навқирон, мен билан бир ёшдаги йигитлар. Ҳаммалари бир хилда концертбоп қора костюмда, оппоқ ёқаларида қотирма капалак галстуклар, қора ботинка. На чолғу асбоблари, на микрофон-лар, на овозни кучайтириб берадиган ускуналар, на махсус саҳна ва на кўзни қамаштирадиган ранго-ранг чироқлар. Фақат залдаги чироқларнинг ёруғлигини бир озгина пасайтиришди, холос.
Назаримда, бу ерга капелла ҳақида тушунчага эга тингловчилар йиғилган, лекин негадир барибир қўшиқчилар учун қўрқиб кетдим. Озмунча одам йиғилганми? Бунинг устига бизнинг ёшларимиз бақироқ электрон овозларга ўрганиб қолишган — қўшиқчилар жанг майдонида қуролсиз қолган аскарларга ўхшардилар.
Улар елкама-елка ярим доира ясаб туришди. Чеҳралари осуда, сердиққат, ўзларига ишонч барқ урган. Яна бир қизиқ нарсани ҳам пайқадим — уларнинг ҳаммалари негадир бир-бирларига худди қуйиб қўйгандек ўхшардилар. Юраклари шу тобда бир ташвиш, бир интилиш, бир мақсад билан ураётганлиги боисидан шундай кўринса керак.
Бундай пайтларда бошқа нарсалар, ҳатто ҳар бирининг ҳаётидаги энг муҳим нарсалар ҳам орқага чекинади, улар хаёлдан мутлақо чи-қариб ташланади — бу жангга киришдан олдин ҳамма ғалаба қозо-нишни ўйлагандай гап.
Бу орада бояги болгар жувон концерт бошланмасдан бурун қора кўзойнагидан бизга вазмин назар ташлаганча, қисқача тарихий маълумот бериб ўтди. Болгар черковининг ўзига хослиги, Византияга бориб тақаладиган илдизлари, ажралиб турадиган хусусиятлари, ибодат маросимлари ва қўшиқлари ҳақида сўзлади, болгар қўшиқчилигининг миллий анъаналарига тааллуқли айрим тафсилотларга тўхтал-ди. Сўнг концерт бошланганлигини эълон қилди.
Қўшиқчилар тайёр эдилар. Улар нафасларини ростлаб яна бир зум жим қолдилар. Бир-бирларига елкама-елка янада жипсроқ турдилар. Шунда жимжитлик чўкди. Зал худди бўшаб қолгандек туюлди — одамларнинг қизиқишлари ортганди: қани, бу ўн йигит бизга нима бераркин, нима ҳунар кўрсатаркин. Улар ўзларининг нимасига ишонаркин. Ниҳоят, ўнг томондан учинчи бўлиб турган қўшиқчи — у тўданинг етакчиси шекилли — ишора қилди ва қўшиқ бошланди. Овозлар парвоз этди...
Ўша жимжитлик ичида гўё самонинг порлоқ ҳавойи араваси оҳиста ўз ўрнидан жилди ва кўзга кўринмас ҳаво тўлқинларига миниб залдан чиқароқ кўкларга интилди, бу жонон араванинг ортидан руҳнинг битмас-туганмас заҳираларидан куч-қувват олароқ ва ҳар сафар қайта тирилароқ овозларнинг тантанавор ҳамда сарафроз излари ўчиб кетмай чўзилгандан чўзилиб борарди.
Сарахборданоқ капелладаги барча овозлар ўзаро жуда нозик мослашганлиги, овозларнинг ҳаракатчан ва уйғун-мутаносиблигига эришилганлиги билинди. Ўнта бир-бирига асло ўхшамайдиган одам, улар қанча вокал қобилият ва моҳирликка эга бўлмасинлар, бунчалар уйғунликка эриша олишларини ҳатто тасаввур қилиш қийин эди. Ва агарда мабодо, мана шу қўшиқ ижросига ҳар қандай музика ва айнйкса, замонавий музика асбоблари жўр бўлганда эди, ўнта мустаҳкам устун тутиб турган манавиндай ноёб иморат ҳам қулаб тушиши шак-шубҳасиз эди. Ноёб қисматгина бундай мўъжизани ярата олиши мумкин. Яъни мана шу, ҳа, худди мана шу ўнта одам қазову қадарнинг марҳамати билан бир пайтда туғилиши, вояга етиши, бир-бирларини ахтариб топиши, бир ерга тўпланиши, қачон-қачонлардир етиб ҳам, ажратиб ҳам бўлмас Руҳдан яралган Илоҳни не азоб-уқубатлар ичида излаган, ўйлаган ва ниҳоят, топган або-боболар олдида фарзандлик бурчини ҳис қилиши керак эди — ахир, сўз билан ифодалаш қийин туғёнли, нолакор қўшиқлар фақат мана шу ҳолдагина дунёга келиши мумкин эди. Улар шу қадар зўр қудрат билан вужудан куйга айланиб, ўртаниб, ўз куйларига тамомила берилиб айтардилар-ки, бу санъатнинг сарвати унинг туганмас эҳтиросида жо бўлганди. Бунда илоҳий сўзлар баҳона эди, холос. Илоҳга қарата муножот эди.
Ҳаммасининг бошида эса, ўз улуғворлигининг мумтоз чўққилари сари умтилган инсон руҳи турарди.
Тингловчилар асиру мафтун бўлган, буткул ўй-ҳаёлга ботгандилар. Уларнинг ҳар бирларига ўзини мудом ташқаридан излайдиган ақл-идрокнинг неча-неча асрлар мобайнида фожеали адашувлар ва кароматлар ичида яратган нарсасига ўз ҳолича, якка-якка ҳолда, қўшилмоқ, бобаҳра бўлмоқ имкони туғилганди. Шу билан бирга улар бошқа ҳамма билан биргаликда, жам ҳолида Сўзни англашга муяссар бўлган, жуда кўп дилларнинг қўри қўшилган қўшиқларнинг куч-қуввати ҳам бундан яна ўн чандон ортиб кетганди. Яна шу билан бир вақтда ҳар бир тингловчининг тасаввури инсон ҳаётининг йўлларида дуч келган хотиралар, алдамчи ҳаёллар, соғинишлар, айрилиқлар, қувончлар, армонлар, виждон қийналишлари, таънаўпка ва ёзғиришлардан иборат доим ўзингга қадрдон, лекин, ноаён ва мубҳам дунё сари тортиб кетарди.
Ростини айтсам, ўша соатда бошимдан нима кечаётганлигини англамас, англашни ҳам истамас эдим. Кўринишдан худди менга ўхшаган, худди мен каби одам бўлган ўн қўшиқчига нега бу қадар берилиб кетдим билмайман, аммо улар айтаётган қасидалар, алёрлар худди менинг кўксимдан, дарду аламларимдан, хоҳишларим, шу пайтгача ташқарига чиқишга йўл топмаган ташвиш-қувончларимдан отилиб юзага чиқаётгандай ва шу заҳоти, янгича нур ва янгича башорат билан тўлаётгандай эди. Шу қўшиқчиларнинг санъат, маҳоратлари туфайли мен ибодатгоҳ само қўшиқларининг азалий маъносига тушуниб етгандай бўлдим. Бу ҳаётнинг фарёди, қўлларини кўкларга чўзган инсон боласининг нола-афғони эди. У кўз илғамас коинот бўшлиқларидан ўзига таянч изларди, ўзига ишонч ҳосил қилишни истарди, ўз аҳволини яхшилашни хоҳларди, бунда ундан ташқари яна ўзига ёру мададкор бўла оладиган аллақандай илоҳий кучлар борлигига умид қиларди, фожиона бир алфозда улардан нажот кутарди. Ана сизга янглишнинг зўри! О, одам болалари ўз оҳ-фарёдлари кўкларга етиб боришини нақадар истайдилар! Қанчалаб куч-ғайрати, ақл-фаросатини у ишонч-эътиқодга, тавба-тазарруга, ҳамду саноларга бахш айлади. Қони қайнаб, жўшиб турган бўлишига, табиатида азалий исён, инкор, янгилик яратиш иштиёқи туғён уришига қарамай ўзини сабр-матонатга, мўминликка, ҳар нарсага чидашга, андишага ўргатди — буларнинг бари кўкда ҳисобга олинади-ку, деди. 0, қанчалар азоб-уқубатлар, қийинчиликлар билан эришарди буларнинг барига, Ригведа, муножотлар, сеҳр-жодулар, ромлар, дуолар, ҳамду наътлар, шомонлар! Асрлар бўйи қанча-қанчалаб илтижолар, ибодатлар, дуолар кўкка ёғилиб турди. Мабодо уларнинг бари бирдан дарё ёҳуд уммонга айланиб қолсайди, қирғоқларига сиғмай тошиб чиққан, аччиқ ва шўр баҳри муҳит каби ер юзини босган, буткул кўмиб ташлаган бўларди. Қанчалар мушкулликлар ичида туғилди одамнинг одамийлиги...
Худонинг қудрати билан бир жойга жам бўлган ўн муғанний қўшиқ айтар, бизни ўз ҳаёлларимизга ғарки об айлар, онгимизнинг қоп-қоронғу гирдоблариға чўктирар, ўтмишни, адам мулкига кетган инсон глодларининг руҳи ва ғам-ҳасратларини тирилтирар ва шу асно, бизни юсакларга парвоз қилдирар, ўзимиздан, оламдан баландроқ кўтарилишга, ҳаётимизнинг маъноси ва гўзаллигини топишга чақирар — ҳаётга бир мартагина келасан, унинг мўъжизий иморатини сев, дерди. Ўн муғанний эҳтимол ўзлари ҳам билмаган ҳолда илоҳий қўшиққа муносиб бўлиб шу қадар фидойилик билан, мафтун ва маҳлиё куйлардиларки, мутаассирликдан юракларда олий умтилишлар жунбушга келарди. Кундалик турмушда, жонга теккан ташвиш, югур-югур, ҳаловатсизликлар ичида одам бундай кечинмаларни камдан-кам бошидан ўтказади. Шунинг учун ҳам, тингловчиларнинг баҳри дили очилган, юзларида ҳаяжон зуҳур этар, айримларнинг кўзларида эса ёш ҳалқаланарди.
Шу ажиб байрамни тортиқ қилиш учун мени етаклаб келган тасодифга таҳсинлар ўқир, ўзимда йўқ қувонар, бутун вужудим гўёки вақтдан, макондан буткул холи бўлиб, кўз илғамас кенгликларга чиққан бунда ўтган кунлар хотираси ҳам, шу онларнинг сезим ва тушунчалари ҳам, келажак орзулари ҳам — бари-бари менинг барча билган нарсаларим, бошдан кечирганларимга мўъжизакор бир тарзда қўшилиб, бирлашиб кетгандай эди. Шу ҳаёллар ичида бирдан мен ҳали севмаганман, деб ўйладим, қонимда яшаб, ўз вақти соати келишини кутиб юрган муҳаббат соғинчи кўкрагимни каттиқ сирқиратиб, оғритиб ўтди. Ким у, қаерда у, қачон ва қандай юз беради бу? Бир неча маротаба эшикка беихтиёр қараб-қараб қўйдим — балки у келиб қолгандир, ўша ерда туриб эшитаётгандир, менинг қачон қарашимни кутаётгандир. Унинг мана шу дамларда шу залда эмаслигига жуда ачиндим. Қанийди, у билан мени ҳозир шу қадар тўлқинлантирган, тасаввурларимни жонлантирган нарсаларни унга айтиб, ўртоқлашсам. Лекин афсус... Бу ерда яна бошқа бир нарсани ҳам ўйладим. Тақдир ишқилиб, буларнинг барини кулгили қилиб қўймасин, кейин эслаганда, уялиб, хижолат чекиб юрадиган бўлмасин...
Нимагадир, ойимни, гўдаклик чоғларимни эсладим... Қиш пайти эди, эрталаб хаммаёқ оқарган, ёп-ёруғ ҳиёбонларга эринибгина қор учқунлайди, ойим кулар кўзлар билан юзимга тикилади, валангар пальтомнинг тугмаларини қадайди, нималардир дейди, мен ундан қочиб кетаман, у эса кулиб кетимдан қувади, тепаликда жойлашган черковдан бутун шаҳарга жом овози таралади, отам ўша ерда дьякон бўлиб хизмат қилади. У Худога қаттиқ ишонган одам эди, шу билан бирга, одамзотнинг Худо учун ва унинг номидан яратган барча нарсалари шартли эканлигини яхши тушунарди. Мен буни энди фаҳмлаяпман. Мен эсам, у кишини қанчалар эъзозламай, бутунлай бошқа йўлдан кетдим. Унинг хоҳишини адо этолмадим. Отам нариги дунёга рози бўлиб кетди. Мен-чи, ўзимни ҳар ёққа ураман, ўтмишни рад қиламан иа яна бундан баттар юрагим сиқилади. Лекин шунда ҳам, асрма-аср тарқалиб, бутун дунёда, инсон авлодларига, уларнинг қарашларига ҳоким бўлиш учун барча қитъалар ва ороллардаги одамларни ўз комига тортиб, ақидаларига ишонтирган, чакмоқни ерга ўтказиб юборган яшинқайтарғич каби одам боласининг абадий исёнкор даъватларини босиб тўхтатиб, уларни мутелик ва итоат қаърига чўктирган, бир пайтлар чексиз қудратга эга Мутлақ ғоянинг илгариги улуғворлиги Хамда мислсиз ифодавийлигидан сурурга тўламан. Шукрлар бўлсин — Имон ва Гумонгаким, улар ҳаётни тўхтовсиз ҳаракатга келтириб турадиган кучлардир.
Мен шак, гумон кучлари ўстун келган замонда туғилдим. У шубҳалар ўз навбатида яна янги шубҳаларни вужудга келтирди. Мен ана шу жараённинг мевасиман. Мени бир томон кўкрагимдан итариб, четга суриб қўйди, иккинчи томон эса, мени бутун мураккабликларим билан ўзига қабул қилишни истамайди. Нима ҳам қилардик, тарих менга ўхшаганлардан қасдини олади, уларни эрмакка айлантиради... Эски булғор қўшиқларини куйлаётган муғаннийларни тинглар эканман, ана шуларни ўйлардим.
Қўшиқлар ўша залда худди ўтган замонларнинг акс садосидай бири кетидан бири янграрди. «Кеча қурбони», «Сабийларни таҳқирлаш», «Малоиклар ноласи» каби Инжил эҳтирослари дин-иймон йўлида азият ва риёзат чекканларнинг оғир алангали қўшиқлари билан алмашарди. Гарчи, буларнинг кўпи менга аввалдан таниш бўлса-да, мени ижро этувчиларнинг ўзлари мафтун этиб қўйган эдиларки, буни тўла ифодалаб беролмайман. Ўн муғанний ўзига асир қилар, маълум нарсаларни тенгсиз санъатга айлантирар, бу санъатнинг кучи халқ руҳининг тарихан кенг қамралганида эди. Зотан, азоби кўпнинг билиги ҳам кўп...
Ўз куйларидан завқ-шавққа тўлиб, мастона қўшиқ айтаётган София муғаннийларининг овозларига қулоқ тутар, уларнинг хатти-ҳаракатларига разм соларканман, кутилмаганда, чап томондан иккинчи бўлиб турган, буғдойранг, қора сочли болгарлар ичида бирдан-бир малла қўшичи жуда ҳам менга ўхшаб кетишини сезиб қолдим. Ўзингга баайни ўхшайдиган одамни учратсанг, ғалати бўлиб кетаркансан киши. Унинг кўзлари кўкимтир оч, елкалари тор,— эҳтимол, уни ҳам болалигида ориқ деб чақиришгандир,— узун сочлари оч сарғиш, қўллари серпай ва ингичка, у ҳам тортинчоқлигини қўшиқ айтиб енгса ажабмас, бундай ҳолат менда ҳам кўп бўлади, ўнғайсизлигимни яшириш учун кўпинча гапни диний мавзуларга буриб юбораман. Хотинлар билан танишганда ҳам, жиддий ва сипо гаплардан оламан, ташқаридан қараган одамга бу ўлгудай аҳмоқона кўринса керак. Кўккўз йигитнинг чеҳраси ҳам баайни ўзим — икки чаккаси ичига ботган, қирғийбурун, пешанасига икки узун чизиқ тушган ва ҳаммадан ҳам, соқолини айтмайсизми, нақ менинг қириб ташланган соқолимнинг худди ўзгинаси. Қўлим иягимга чўзилганини ўзим ҳам сезмай қолдим. Шунда эртага нашаванд чопарлар билан чўлга отланишим ёдимга тушди. Ўзимдан ўзим тонг қоламан: қаерга кетяпман, нимага? Ҳеч солиштириш мумкинми, илоҳий самолар қайда-ю вокзалга ин қуриб олган утюгларнинг қабоҳатлари қайда? Бироқ, барча замонларда ҳам чинакам ҳаёт ҳамма яхшиликлари ва золимликлари билан ибодатгоҳлардан ташқарида кечган. Бизнинг замонамиз ҳам бундан мустасно эмас...
Ўша концертда шундай ўхшаш қиёфаларни кашф қилдим. Кейин мен адашимдан кўзимни узганим йўқ. Қўшиқ айтаётганда, юзининг қандай чўзилиши, авжини олаётганда оғзининг қанчалар очилишини кузатиб ўтирдим. Ўзимни унинг ўрнига қўйиб кўрдим. Гўё, у менинг аксим эди. Шу йўсин мен ҳам қўшиқ айтишда иштирок этардим. Вужудим қўшиққа айланиб кетгандай эди. Хор билан бир жону бир тан бўлдим. Кўксимда ажиб биродарлик туйғулари жўш урар, йиғлагим келар, узоқ айрилиқдан сўнг ўз оғаларим билан учрашгандай, шу мардона, танти кишиларни бағримга босгандай, қандайдир улуғворлик, якдиллик ҳис қилар, бизнинг овозларимиз эса кўк тоқларига ўрлар, оёғимиз эса заминда мустаҳкам турарди. Биз шундай қўшиқ айтаверамиз, хоҳлаганча айтаверамиз ва узоқ замонлар айтамиз...
Улар шундай куйлашар ва мен ҳам улар билан бирга эдим. Мен кўпинча эски грузин кўшиқларини эшитганда, ўзимни шундай йўқотиб қўяман. Буни тушунтириб беришим қийин. Лекин ҳар қалай учта оддий грузин йиғилиб қўшиқ айта бошласа, дилинг яйраб кетади. Ўз уйғунлиги билан ғоятда содда ва ноёб санъатнинг баланд парвозини кўрасан, руҳинг ҳам қанотланиб учади. Бу уларга табиатнинг эъзоз туҳфаси, маданият даражаси, балки Худонинг тўппа-тўғри лутфи карамидир. Уларнинг нима ҳақда куйлаётганларини тушунмайман. Лекин менга улар билан бирга қўшилиб айтаётганим муҳимроқ.
Шуни ўйларканман, қўшиқ эшитиб ўтириб, бирдан ҳаёлим чарақлаб очилиб кетгандай туюлди. «Олтовлон ва еттинчи» деган грузин ҳикоясини ўқиганимни эсладим. Бирдан шу ҳикоянинг маъноси менга ярқ этиб аён бўлди. Бундай ҳикоялар вақтли матбуотда оз эмас. Ҳикоянинг унчалар ажралиб турган хусусияти ҳам йўқдай эди. Унда психологизмдан кўра кўпроқ фабула кўзга ташланар, йўналиши романтикроқ эди. Аммо, ҳикоянинг нима билан тугаганлигини каттиқ эслаб қолган, у худди зирапчадек менга тинчлик бермасди.
Ҳикоя, тўғрироғи, «Олтовлон ва еттинчи» деб аталган балладанинг (ҳали унча танилмаган муаллифнинг қийин номини эслай олмайман) мазмуни ҳам ўзига ярашароқ эди. Революция аланга олган, қонли гражданлар уруши кетяпти, инқилоб душман тўдалари билан охирги жангларга кирган, Грузиянинг тарихий йўли муқаррар — совет ҳокимияти ғалаба қозониб, энг овлоқ тоғ қишлоқларидан ҳам қуролланган аксилинқилобчиларнинг қолган-қутган тўдалари сиқиб чиқарилаётган пайтлар. Бундай шароитда асосий қонун битта — агар душман таслим бўлмаса, уни янчиб ташлайдилар. Аммо шафқатсизликка жавобан шафқатсизлик юзага чиқади — бу ҳам қадимдан қолган қонун. Айниқса, жўмард Гурам Жўхадзе деганнинг тўдаси тиш-тирноғигача қаршилик кўрсатади. Гурам Жўхадзе ўзи асли йилқибоқар, теварак-атрофдаги тоғларни беш қўлдай билади. Уни ушлаш қийин, кутилмаган ерлардан келиб босқин ясайди, қирон солади. Синфий кураш ичида оёғи чалкашиб қолган. Лекин унинг хам куни битган. Кейинги вақтларда уст-устига тепки еяпти. Гурамнинг тўдасига бир чекист кириб олган. V жонини минг хатарга қўйиб Гурам Жўхадзенинг ишончини қозонган, тўдадаги энг абжир йигитлардан бирига айланган. Омонсиз жанглардан бирида Жўхадзе тўдаси кўп талафот кўради, чекинишга мажбур бўлади. Шунда Жўхадзе чекистнинг усталик билан қўйган тузоғига тушади. Гурам Жўхадзе дарёдан кечиб ўтаётган маҳалда пистирмага дуч келади. Йигитлар шитоб билан қочиб дарё қирғоғига етиб келганлар. Улар бир дам ҳам пайсалланмай отларни дарёга соладилар. Чекист минган отнинг эса айили бўшаб кетади. У буталар панасида отдан тушади. Жўхадзенинг йигитлари кўпирган отларда пишқириб оқаётган тоғ дарёсининг белига етадилар. Дарё ўртаси тўрт томондан кафтдай очиқ. Шунда ҳар иккала қирғоққа яширинча ўрнатилган икки катта пулемёт йигитларни баробар ўққа тутади. Омонлик йўқ. Йигитлар тоғ дарёсининг ўртасида тутдай тўкиладилар. Лекин Гурам Жўхадзенинг вақти соати битмаган экан! — у дўлдай ёғилган ўқ остидан омон-эсон қутулиб чиқади. Отини шитоб билан орқага қайиради. Ўзини дарё ёқалаб ўсган қалин бутазорларга уради ва зум ўтмай кўздан ғойиб бўлади. Бир нечта тирик қолган содиқ йигитлари унга эргашадилар. Мўлжалдаги иш тўла амалга ошмай кўр бошлиғи қочиб бораётганлигини кўрган чекист дарҳол яна уларга қўшилади.
Дарёдаги қирғинда Жўхадзе қўри тамомила тор-мор келтирилган, қириб ташланган эди.
Гурам Жўхадзе ниҳоят таъқибдан қутулиб, ҳолдан тойган отини тўхтатганда, қўрдан ўзини ҳам қўшиб хисоблаганда етти йигитгина омон қолганлигини кўради. Еттинчиси ўша Сандро деган йигит эди. Ҳикоянинг номи ҳам шунга ишора қилади чоғи: «Олтовлон ва еттинчи».
Сандро қандай бўлмасин, қўрнинг бошлиғи Гурам Жўхадзени йўқотиш ҳақида топшириқ олган. Жўхадзе хавфли душман. Лекин эндиликда унинг яна қайта жангларга кириши даргумон. Демак, уни отиб ташлаш ҳам анча мушкул. Бунинг устига энди ёлғиз қолгач, тузоққа тушган йиртқичдай жуда ўзини эҳтиёткор тутади. Кўпроқ ўз кучига ишонади. У охиригача олишади, охирги нафасигача...
Мана, ўша воқеанинг охири... у мени ҳаммасидан кўпроқ ҳаяжонга солади...
Йигитлар қўрига қирон келгач, тоғ дараларини беш қўлдай билган Гурам Жўхадзе қош қорая бошлаган паллада Туркия чегарасидаги одам ўтиб боролмайдиган хилват ўрмонга қўнади. Ҳаммалари — олтовлон ҳам еттинчи ҳам, отларни апил-тапил эгар-жабдукдан чиқариб, чарчоқнинг зўридан ўзларини ҳам таппа-таппа ерга ташлайди-ар. Беш киши шу заҳоти ўликдай донг қотиб ухлаб қолади. Икки кишининг эса кўзларига уйқу келмайди. Чекист Сандронинг ташвиши ўзига етиб ортади. Энди нима қилсамикин, буларнинг ишини қандай бажарсамикин, қандай қасос олсамикин, деб боши қотгандан қотади. Аскарларидан айрилган Гурам Жўхадзенинг ҳам кўзидан уйқу қочган — мана, боридан бир йўла мосуво бўлиб ўтирибди. Эртага куни не кечади, Худо билади. Инқилоб қоқ икки томонга ажратиб ташлаган бу икки азамат — икки қаттол, муросасиз душман яна нималарни ўйлардилар, ёлғиз яратганга аён.
Тўлин ой уларнинг бошларининг ўнг томонида нур ёғдиради. Тунги ўрмон оғир, босинқи хўрсинади. Пастда тошлардан тошларга урилиб дарё шағиллайди. Атроф-тоғлар тош сукутга кетган. Шу пайт худди бир нарсадан безовта бўлгандай Гурам Жўхадзе даст сакраб ўрнидан туради.
— Сен ухламаяпсанми, Сандро? — ҳайрон бўлиб сўради у еттинчидан.
— Йўқ. Нега туриб кетдинг? — ўз навбатида сўрайди Сандро.
— Ўзим шундай. Уйқум қочди. Бу ерда ҳеч ётолмаяпман. Кўзимга ой тушяпти. Ғорга бориб ётаман.— Жўхадзе буркаси, қурол-яроғи, бошига қўйиб ётиш учун эгар-жабдуқни олди. Кета туриб деди: — Қолганини эртага гаплашамиз. Бошқа гаплашадиган вақт ҳам қолмади.
Кетди. Мағоранинг нақ оғзига бориб жойлашди. От боқиб юрган кезлари бу ерда ёмғир-қордан қочиб кўп беркинган. Мана, энди ҳам бошини шу панага олди. Балки адоқсиз кулфати, дарди-аламини ёлғиз ўзи чекмакчидир, ёхуд, нимадандир хавфсирагандир, ёнимга ҳеч кимса йўлай олмасин, кимда-ким бу томонга яқинлашса, дарров кўзимга ташлансин, дегандир. Сандро этаги куйгандай типирчилаб қолди. Қўр бошлиғи бу қилиғи билан нима демоқчи, аслида-ку, унинг қилаётган иши тўғрику-я? Ишқилиб, сезиб қолмадимикин?
Ўша кеча шундай ўтди. Эрталаб Гурам Жўхадзе отларни эгарлашни буюрди. Ҳеч ким унинг нима ўйда эканлиги, нима қилмоқчилигини билмасди. Отлар эгарланиб, ҳамма жиловни тутганча индамай қараб тураркан, у хўрсиниб деди:
— Йўк, туғилган еримиздан бундай қилиб кетиш ярамайди. Бугун бизни ўстириб катта қилган она-Еримиз билан хайрлашамиз. Кейин ҳар қайсимиз ўз йўлимизга равона бўламиз. Лекин ҳозирча ўз уйимизда тургандай кўнгил очайлик.
У икки отлиқ йигитни яқин атрофдаги қишлоққа вино ва егулик олиб келиш учун жўнатди. Қишлоқда унинг содиқ одамлари бор эди. Сандро билан яна бир йигитни қуруқ ўтин йиғиш ва отларни қўриқлаш учун қолдирди. Ўзи икки йигитни олиб ов қилгани кетди. Кечки хайрлашув зиёфатига бирон кийикми, тоғ эчкисими отиб келмоқчи эди.
Сандронинг бўйсунишдан, топшириқни бажариш учун бошқа қулай пайт пойлашдан ўзга иложи қолмади. Лекин, қачон келади ўша қулай вазият, номаълум.
Шом тушганда олтовлон ва еттинчи бир жойга тўпландилар. Ўрмоннинг чекка ёқасида ўт ёқдилар, ерга қалин дастурхон тўшаб, унга қишлоқдан Гурам Жўхадзенинг содиқ одамлари бериб юборган нон, туз, вино ва бошқа таомларни қўйдилар. Гулхан алангаси осмонга ўрлади. Етовлон ўтга яқинроқ келдилар.
— Ҳамма отлар эгарландими? Ҳамма дўстлар узангига оёқ кўйишга шайми? — сўради Гурам Жўхадзе.
Ҳамма тасдиқлаб бош силкиди.
 — Ҳей, Сандро,— деди Гурам Жўхадзе,— яхши ўтин йиғиб келибсан, нега ўтинларингни гулхандан узоққа қўйдинг?
— Ташвиш қилма, Гурам, бу менинг ишим, гулханга мен қараб тураман. Сен айтарингни айт.
Шунда Гурам Жўхадзе айтди:
— Биродарларим. Биз ишимизни бой бериб қўйдик. Икки тараф урушганда кимдир енгиб чиқади. Бошқаси мағлуб бўлади. Уруш дегани шу. Биз қон тўкдик. Бизнинг қонимизни тўкишди. У тарафдан ҳам, бу тарафдан ҳам кўп асл ўғлонларнинг бошлари кетди. Бўлганича бўлди. Ҳалок бўлган дўстларимдан ва ғанимларимдан узр-маъзур сўрайман. Жангда ўлган ғаним — ғаним эмас. Оёғим узангида турганда ҳам, барибир мен ҳалок бўлганлардан кечирим сўрар эдим. Лекин қисмат биздан юзини ўгирди. Шунинг учун ҳам халқнинг кўпчилиги бизга ишонмай қўйди. Ҳатто бизни йўргаклаб вояга етказган жонажон еримиз ҳам бизни сиғдирмаяпти. Бизга жой йўқ бу ерда. Бизга афв ҳам йўқ. Худо шоҳид, агар мен ғалаба қилсам, душманларни омон қўймасдим. Бизга бирдан-бир йўл қолди. Бошимизни олиб бегона юртларга кетамиз. Ҳўв анави катта тоғнинг орқаси — Туркия, қўл узатсанг, етади. Ундан сал чеккароқда ой кўтарилиб келаётган тоғ ўркачининг нариёғи — Эрон. Ким қаерга бораман деса, ўзи билади. Мен Туркияга кетаман. Истамбулда кемаларда юкчилик қиламан. Ҳар биримизга бошпана керак. Биз етти киши қолибмиз. Кўп ўтмай ҳаммамиз ҳар ёққа, бегона юртларга тарқалиб кетамиз. Пешанада борини кўрамиз. Бошқа ҳеч қачон кўришмаймиз. Бир-биримизни охирги марта кўриб турибмиз. Охирги марта бир-биримизнинг сўзларимизни эшитяпмиз. Келинглар, бир-бирларимиз билан хайрлашайлик, она-Еримиз билан хайрлашайлик, грузиннинг нони-тузи билан хайрлашайлик, виноси билан хайрлашайлик. Бундай вино бошқа ҳеч ерда йўқ. Видолашгач, ҳар ким ўз йўлига кетади. Биз ўзимиз билан тариқча нарса олганимиз йўқ. Ватанни олиб кетиб бўлмайди. Фақат соғинч ва армонларимизни олиб кетамиз. Агар ватанни хуржун каби олиб юриш ва ташиб кетиш мумкин бўлганда, у сариқ чақага ҳам арзимасди. Келинглар, йўлимиз олдидан ичайлик, йўл олдидан қўшиқларимизни айтайлик...
Вино деҳқонча мешларга солинган эди, унга ер ва осмоннинг таъми қўшилиб кетганди. Вино юракларга сархуш дов солди. Ғам-қайғуни тўкиш истагини уйғотди. Кўнгиллар яна шодумонлик ва ҳасрат билан тўлди. Қўшиқ ўз-ўзидан қуйилиб келаверди. У худди тоғу тошлар бағрини ёриб чиққан ва йўлида нима дуч келса, шуни гуллаб-яшнатадиган булоққа ўхшарди. Улар оҳиста ота-боболарнинг қўшиқларини бошладилар. Сўнг тоғ ёнбағридан тушаётган чашма сувидай қўшиқ саси аста кўтарилиб, борган сари куч олди. Етовлари ҳам қўшиқни боплаб айтишарди. Негаки, қўшиқ айтмайдиган грузиннинг ўзи йўқ. Ҳар ким ўз овози билан, ўзига яраша куйлар, лекин овозлари бир-бирларига ғоятда қовушар, шунинг учун куй ўртада ёнаётган гулхан каби тобора авжга чиқарди.
Етовлоннинг, тўғрироғи, олтовлон ва еттинчининг хайрлашув қўшиғи ана шундай бошланди. Бироқ еттинчи ўз зиммасидаги топшириқни бир зум бўлсин унутмасди. Уларнинг ҳеч қайсилари ва айниқса, Гурам Жўхадзе ўз жазосини олмасдан чет элларга чиқиб кетмаслиги керак эди. Чекист бунга асло йўл қўёлмасди. Шундай буйруқ олганди. У буйруқни бажариши керак эди.
Кўшиққа янги қўшиқ уланар, вино ичилар ва ичилган сайин яна кўпрок ичилгиси келар, юрак ҳам шунга монанд аланга олиб ёнар, ёнган сайин яна майга ташна бўлар, яна қўшиқ тошарди.
Улар давра ясаб туришар, баъзан қўлларини бир-бирларининг елкаларига ташлашар, баъзан қамчидай ерга солинтиришар, баъзан эса, билиб бўлмас ва кўриб бўлмас, лекин ҳар нарсани билувчи ва ҳар нимани кўрувчи илоҳий қудрат эшитсин дебми, қўлларини осмонга кўтарар эдилар. Агар Яратган ҳаммасини кўриб турган ва билиб турган бўлса, нега унда уларни ўз она-Ерларидан кувғин қилмоқда, бу қандай бўлди ахир? Нега ахир бундай, нега ахир одамлар бир-бирлари билан урушадилар, қон тўкадилар, кўзёшларни дарё қилиб оқизадилар, ҳаммалари ўзларини ҳақ, бошқаларни ноҳақ деб ҳисоблайдилар, қани ахир ҳақиқат, ким ҳақиқатни айтади, ким? Қани уларни адолат билан ажрим қилувчи набий?.. Халқ хотирасида сақланиб қолган ўша қадим қўшиқларда олис-олис замонларда рўй бериб ўтган азоб-уқубатлар, яхшилик ва ёмонликларнинг азалий тажрибалари, уларга ота-боболарнинг бағишлаган маънолари, улар орқали ҳис қилинган гўзаллик ва абадият акс этмасмиди, шулар ҳақида эмасмиди ўша қўшиқлар? Шунинг учун етовлон бир қўшиқ тугар-тугамас бошқасини улаб юборар ва қўшиқларнинг ҳалқаси сира узилмасди. Фақат Сандрогина вақти-вақти билан даврадан чиқиб, ўтин келтириб, яна гулханга қаларди. Бекорга у шунча куруқ ўтин йиғмаган экан ўрмонда (ҳаётда ҳар бир нарсанинг ўз баҳонаи сабаби бўлади), мана энди, оловга ўзи зўр бериб ўтирибди. Қўшиқларни ҳам у барча қатори чин юракдан айтар — ахир қўшиқ ҳаммага баб-баравар тегишли эмасми? Бошқалар айтиши ман этилган, фақат подшоҳларнинг ўзларигина айтадиган қўшиқлар йўқ. Қўшиқ айт, қувна, яйра, дард чек ва йиғла, ўйнаб қол бу тириклик айвонида...
Кимни жондан севган эдинг, кимни титраб-қалтираб кутган эдинг, ким сени ташлаб кетди, қанчалар ўртандинг, куйдинг, сени тушунмадилар бундан кўра ўлганим яхшийди дединг, ўлим олдида айтган сўнгти қўшиғингни у эшитишини орзу қилдинг, онанг қанчалар эркаларди сени гўдаклигингда, дов ва танти отангнинг боши қайларда қолди, қандай жанг қилишарди жасур дўстларинг, қайси худоларга очардинг беғараз ва пок дилингни, ўйлаганмидинг ҳеч одам нега туғилади-ю, нега ўлади ва нега ўлим доим сен билан бирга, сендан нари жилмайди ва ўлгандан сўнг ўлим йўқ, лекин ҳаёт ўлимдан юқори, дунёда ҳаётдан кўра юқори ўлчов йўқ — шунинг учун тирик жонни маҳв этма, лекин элингга ёв бостириб келса, дарҳол ҳимояга отлан, севганингни номусини асра худди она-Ерни ётлардан асрагандай; айрилиқни ҳеч тотиб кўргянмисан, биласанми айрилиқнинг душворлигини, худди елкангга чўнг тоғларнинг юклари ортилгандай; суйганинг бўлмаса, ҳеч нарса кўзларингни қувонтирмайди: на гуллар, на нурлар ва на келажак кунлар — ана, нималар куйланмайди қўшиқда, айтиб адо қилиб бўлармиди барини...
Ўша кеча ҳижрон чоғи алам ва илҳом билан қўшиқ айтаётган шу етти грузиндан кўра бир-бирига жондош ва қадрдон одамлар дунёда йўқ эди. Қўшиқ оҳанглари уларни янада яқинлаштириб қўйганди. Ота-боболар наслларга шу дилбар руҳафзо сўзларни қолдириш учун қанча-қанчалаб хуноба ютганлар, аччиқ воқеаларни бошларидан кечирганлар. Қушни учишидан билгандай грузин ҳам грузинни қўшиқ айтишига қараб ўн чақирим наридан билади ва унинг қаерлик эканлиги, бошига нима савдо тушганлиги, юрагида нима борлиги, қайси тўйда шўх ўйнаб-кулганлиги ёки қандай ғам-қайғу жонини қийнаётганлигини бехато айтиб беради...
Ой тоғлар узра анча ҳаволаб кетганди. Бутун ер унинг ёғдуларига чўмиб ётарди — ўрмондаги дарахтларнинг қора чўққилари тунги шамолда чайқалади, дарё шалдирайди, нам босган харсангтошлар кумушдай жилоланади, тун қушлари гулхан атрофида куйлаётган одамлар устидан шарпадай учиб ўтади ва ҳатто эгарланган отлар эгаларини сабр-тоқат билан кутиб, қулоқларини тиккайтириб, қимирлатиб-қимирлатиб қўядилар, уларнинг кўзларида олов шуълалари ўйин тушади... Отлар бегона ўлкалар сари йўлга чиқишлари керак, вақт яқинлашиб келарди...
Лекин, қўшиқнинг охири кўринмасди. Гурам Жўхадзе ҳаммаси учун юрагини биратўла бўшатиб олмоқчига ўхшарди: «Оғайнилар, қўшиқ айтинг, май ичинг, даврага йиғилиш бошқа насиб этмайди, яна қачон айтамиз грузин қўшиқларини...» Дам якка-якка, дам ҳаммалари жам бўлишиб қўшиқ айтишар, дам худди ўлим олдидан ўйинга тушаётгандай гурсиллаб, шаҳдам рақс бошлаб юборишар, сўнг яна давра ясаб қаторга туришарди етовлон грузин, тўғрироғи, олтовлон ва еттинчи. Сандро эса дам-бадам даврадан чиқиб, гулханга ўтин ташлар, олов қарсиллаб, тобора қиздириб, куйдириб баланд ўрларди.
Охирги қўшиқни айтамиз дейишди, кейин яна ва ундан кейин яна хайрлашув олдидан айтайлик, дейишди, ҳеч тинчийдиган эмас, яна даврага туришди, бошларини қуйи эгиб, қўшиқ бошлашди —оҳанг гўё ер осгидан гувиллаб келаётгандай ўйчан ва қудратли янграб борарди. Гарчи гулхан аланга олиб ёнаётган бўлса ҳам, Сандро яна ўтин келтиргани орқага ўтди. Буни у аниқ ҳисобга олган эди — четдан у олов атрофида қўр ташлаган, кўзлари ўтдан ёшланиб кўшиқ айтаётган олтовлоннинг хар бирини аниқ-таниқ кўриб турар, уни эса ҳеч ким кўрмасди... Оғир маузер аллақачон шай эди. Қасос палласи етганди. Кўп ўқли тезотар маузерни иккинчи қўли устига қўйди. Биринчи ўқ билаи кўр йигитлар бошлиғи Гурам Жўхадзени қулатди. Тўппонча овози тун қўйнида момақалдироқдек гумбурлаб кетди ва шу заҳоти, йигитлар бўғзидан ҳали қўшиқ сўзлари узилмаёқ бошқа бешовини ҳам кетма-кет отиб йиқитди. Улар нима рўй бертанлигини ҳатто англолмай қолдилар. Шундай қилиб, ўлим чархи яна бир шармандали айланди. Тўкилган қоғлар учун яна қонлар тўкилди.
Шундай. Инсон муносабатларининг конунлари алжабр ҳисоб-китобларига бўйсунмайдилар. Замин эса қонли фожиаларнинг кажаваси каби дўнаверади...
Наҳот, ахир, бу кажава то охир замон бўлгунча, Ер офтоб атрофида кезиб чарчатунча эврилади, наҳот айланаверади қонли чарх?
Ўқлар мўлжалга аниқ урилди. Факат бир одам титраганча қўлига тиралиб турмоқчи бўлди. Сандро сакраб сакраб бориб, унинг чаккасидан ўқ қўйди... Отлар қўрқиб орқага тисарклдилар ва сўнг жиловлангдн ерларида қотиб қолдилар...
Гулхан ёниб битмаганди. Дарё вағилларди. Ўрмон ва тоғлар бари ўз жойида эди, ой юксакларда сокин кезарди ҳеч нарса юз бермагандай, ёлғиз узоқ давом этган таронагина узилди, узилди...
Сандронинг башараси тун шуьласида бўздей оқариб кўринарди. У харс-ҳарс нафас олар, ўпкасига ҳаво етмасди. У мешни шарт кўтарди-да, тагида қолган винони тўкиб-сочиб ютоқиб ича бошлади, у ичида ёнаётган оловни босмоқчи бўларди... Кейин сал ўзига келди, гулхан атрофида ётган ўликларни хотиржам айланиб чиқди. Сўнг ўлганларнинг қуролларини олди, уларни эгарларнинг бошларига осиб қўйди. Отларни жилов, нўхталаридан батамол, бў.иатди, уларни эркин-ликка қўйиб юборди. Ҳамма отларни, жумладан, ўз тўриғини ҳам бўшатди... Отлар эркинликни сезгач, тоғдан пастга, одамлар қўналғаси томон турнақатор тизилишиб тушиб кета бошладилар. Ахир отлар доим одамлар яшайдиган томонга қараб юрадилар... Уларнинг ортларидан бирпас қараб турди... Лекин мана,  тақаларнинг овозлари ҳам эшитилмай қолди, пастда ойнинг тутаб ётган беқарор шуълалари қўйнида қатор тизилиб бораётган отларнинг шарпалари ҳам кўздан ғойиб бўлди...
Ҳаммаси тугади. Сандро яна бир марто ерда ағанаб ётган олтовлон атрофидан айланиб чиқди-да, сал чеккароқка ўтди. Маузернинг оғзини чаккасига тиради. Тоғларда яна бир ўқ овози садоланди. Бу еттинчи эди. У ҳам ўз қўшиғини айтиб битирганди.
Ўша грузин балладаси мана шундай якунланарди.
Эски булғор қўшиқларини ижро этган ёш болгар муғаннийларини тингларканман, бирдан шу ҳақда эсладим. Бу қўшиқлар асрлар зулматидан туриб Яратганга тавалло қилаётганларнинг нолаларидан туғилганди. Улар Яратганни йўқдан бор қилиб, сўнг уни руҳоний мавжудиятга айлантирган эдилар. Улар ўзларини ёруғ дунёда жуда ёлғиз ҳис қилардилар, ёлғиз қўшиқлар ва дуолардагина уни топамиз, деб, ишонардидар.
Мен ўша воқеани фавқулодда бир зум ичида, саноқли сониялар ичида ёдимга туширдим ва барча ҳаяжонлари билан бошимдан кечирдим. Тафаккур тезлиги олдида ёруғлик тезлиги ҳеч нарса, ҳаёл ўтмишга караб йўл олиб яна орқага қайтиб, вақт ҳамда макон ичида ҳаракат қила олади, унинг суръати билан ҳеч нарса тенглашолмайди....
Ўша йиллар шундай бўлиши мумкин эди. Мен бунга мана ҳозир ишондим. Муаллиф ҳикоянинг хотимасида Сандро ўлимидан сўнг орден билан тақдирланганлигини ёзганди.
Аммо бир тарафнинг янги кириб келаётган тарихга қаршилиги ва иккинчи тарафнинг худди мана шу тарихни тезлатиш учун бесабр кураши ҳаётни туб томирлари билан ўзгартирмаса, гражданлар урушининг фожиалари миллатнинг фожиаларига айланмасайди, инқилоб далаларидаги бу даҳшатли чек-чандиқлар қаердан пайдо бўларди ва грузин балладаси шундай якун топармиди унда?.. Ахир ўша еттинчи тантана қилиши, яшаши мумкин эди-ку. Лекин у буни истамади. Бунинг сабабларини тушунтириш жуда қийин. Ҳар ким бу сабабларни ўзича келтириши ва изоҳлаши мумкин. Мен эса, ўша соат узоқ-узоқларда турмушнинг очиқ уммонларида абадий сузиб юрувчи руҳафзо ҳаёлнинг оппоқ елканларини кўтарган булғор қўшиқларининг кемачасида сайр қиларканман, грузин нақлининг шундай тугашига қўшиқ сабаб бўлди, деб ўйлардим, Ўша қўшиқларда етовлоннинг имони, диёнати жамланган эди...
Бир нарсани ўзинг учун кашф қилсанг, ўзингдан ўзинг рози бўласан, юрагинг, руҳинг еришади, файзу киром топади. Муқаддас алёрларни куйлаётган София муғаннийларининг кўзлари тақво, илҳом, вафо билан чарақлаб тургани, уларнинг ол чеҳралари азбаройи зўриқишдан реза-реза тер билан копланганини кўриб, қанийди, мен ҳам улар орасида, адашимнинг ўрнида бўлиб қолсам, деб ҳавас қилардим.
Ярқ этиб ёришган ҳаёлимга яна шу фикрлар келди: инсонда бу нарсаларнинг ҳаммаси - мусиқа, тарона, муножот, қўшиқ қаердан, уларнинг одам боласига қандай зарурияти бор ва бўлади? Ҳаёт чархи абадий айланиб, эврилиб туради, ҳамма нарса келади ва ҳаммаси кееади, яна эврилиб келади ва эврилиб кетади, одам шуларнинг дардини беихтиёр ҳис қилади ва ўзини англатмоқчи, ифодаламоқчи, ўзидан нишон қолдирмоқчи бўлади. Ахир, бир кунмас-бир кун бари тугайди, миллаардлаб йиллар ўтгач, ахийри охир замон келади, замин деб аталган куррамиз ўлади, сўниб битади, ана ўшанда бошқа галактикалардан келган қандайдир умумкоинот онги зимдан азим бўшлиқ ва жимжитлик қўйнида албатта бизнинг тароналаримиз ва қўшиқларимизни эшитади. Кўрдингизми, биз яралганимиздан бери шундаймиз - ўлгандан кейин ҳам яшамоқни истаймиз. Ўз умрини узайтириш мумкинлигига ишонч, шунинг ҳиссиёти билан яшаш одамзодга қанчалар муҳим, қанчалар зарур. Одамлар ўзларидан кейин қандайдир автомат қурилма, аллақандай вокал-музика абадий двигатели қолдириш фикрига келсалар, ажаб эмас — бу ҳамма замонлар учун инсон маданияти эришган энг яхши нарсаларнинг антологияси бўлади. Мен муғаннийларнинг қўшиқларидан беҳад лаззатланардим ва ишонардимки, бу сўзлар ва бу тароналарни эшитганлар заминда яшаган, бирдан-бир онг эгаси одамлар қанчалар мураккаб, зиддиятли, қанчалар даҳо ва мустар хилқат бўлганликларини англаб, ҳис қилиб етадилар.
Ҳаёт, ўлим, муҳаббат, шафқат ва илҳом — ҳаммасини мусиқа айтади, зотан, биз мусиқада энг олий ҳурликка эришамиз, бу ҳурлик учун эса онгимиз ёришган замонлардан бошлаб, бутун тарихимиз давомида курашганмиз, лекин унга фақат мусиқадагина етишганмиз. Факат мусиқагина барча замонларнинг ақидаларини енгиб ўтиб, доимо келажак сари умтилади... Шунинг учун биз айтолмаган нарсаларни у айтади, шунга чорланган...
Соатимга қарарканман, мен севган Пушкин музейидаги концерт ҳали-замон тугайди-ку, деб юрагим орзиқарди. Ўшанда мен тағин Қозон вокзалига, бутунлай бошқа олам, бутунлай бошқа ҳаёт ичига қайтаман. Дунё бино бўлибдики, бу ҳаловатсиз ҳаёт югур-югурлар ўпқонида ва буқаламун тентирашлар ичида беқарор эврилади, эврилаверади, унда илоҳий қўшиқлар йўқ, уларга ўрин ҳам йўқ... Бироқ худди шу боисдан мен ўша ерда бўлмоғим фарз...

V

Ярим кун ҳам ўтди. Поезд Волгабўйи ерларидан кетиб борар, купе вагонларда ҳамма узоқ сафар тадоригини кўриб, жойлашиб олган, Авдий Каллистратов тушган умумий вагонда эса одатдаги ғала-ғовур ҳаёт бошланганди. Йўловчилар ҳар хил, ҳар ким бирор баҳонаи сабаб билан йўлга отланган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ — йўлга чиқиш керакми, керак, вассалом. Улар орасида нашаванд чопарлар — Авдий Каллистратовнинг ҳамроҳлари ҳам бор. Назарида мана шу поездда ўндан ортиқроқ чопар кетаётгандек эди. Лекин ҳозирча улардан фақат иккитасинигина билади. Чаққон Утюг вокзалда уни шуларга бириктириб қўйган. Бу азаматлар Мурманскдан келишяпти. Уларнинг каттароғи Петруха йигирмаларга чиққан, иккинчиси ҳали ёш бола, ўн олтиларга кирган, унинг исми Лёня, лекин Лёнянинг ҳам у томонларга иккинчи маротаба бориши. Шунинг учун ўзини ҳар балони кўрган одамдай тутади, ҳатто керилиб ҳам қўяди. Мурманлик болалар аввал ўзларини сал тортиброқ туришди. Лекин, Авдий ишончли кишиларнинг тавсияси билан чопар бўлиб бораётгани, демак, ўз одамлари қатори эканлигини билишади ва уни шимолликларга хос талаффуз билан Авдий деб чақиришади. Қилинадиган ишлар ҳақида кўпроқ тамбурда, чеккани чикқанда гаплашиб туришади. Одамлар вагонда чектиришмайди. Чунки вагон тиқилиб кетган, шусиз ҳам нафас олиш мушкул. Шу сабабдан чекиш, у ёқ-бу ёқдан лақиллаб гаплашиш учун тамбурга чиқишади. Авдий ҳали чекишни қойиллата олмайди, бунга ҳаммадан бурун Петруха эътибор берди:
— Нима, Авдий, илгари ҳеч чекмаганмисан? Қиз боладай ичингга тортишга қўрқасан?
Авдийнинг ёлғон гапиришдан бошқа иложи қолмади:
— Илгари чекардим, кейин ташлаганман...
— Кўриниб турибди. Мен кичкиналигимдан ўрганганман. Визнинг Лёнькамиз бўлса худди бангининг ўзи. Тутатгани-тутатган. Чол боболардай тоза бурқситади. Онда-сонда отиб ҳам қўяди. Тўғри ҳозир ҳеч мумкин эмас. Лекин кейин ҳиссасини чиқарамиз.
— Ҳали ёш бола-ку!
— Ким ёш, Лёньками? Кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни. Сен ўзинг энди боряпсан бундай катта ишга. Ҳашар деб ўйлама буни. Лёнька бўлса, бало, ҳаммасини билади.
— Ўзиям ўт-пўт тутатадими ё фақат бориб-келиб турадими? — кизиқиб сўради Авдий.
— Лёньками? Чекмай бўладими? Ҳозир чекмаган одам йўқ. Лекин чекишини хам билиш керак,— донолик қила бошлади Петруха. Бировлар оғзидан кўпиги келгунча чекади. Бунақалар ишга ярамайди, Палағда. Тайёр ошни бузади. Ўт деганимиз қанақа — одамни хурсанд қилади, кайфинг чоғ бўлади, ўзингни жаннатга киргандай сезасан, яйрайсан.
— Нимаси кайфингии чоғ қиларкин?
— Нимаси бўларди? Шу кетяпсан. Олдингдан бир кичкина жилға чиқди. Ўтаман десанг, бир сакраб ўтасан-кетасан. Сенинг назарингда бўлса, у катта дарё, океан, баҳри-дилинг ҳам очилади-да. Ана шу-да сенга кайф. Ўзи бўлмайди бу кайфнинг. Қаердан топасан ўша кайфни? Нон сотиб оласан, кийим-кечак сотиб оласан, оёғингга оласан, бошингга оласан. Ароқни ҳам ҳамма ўз пулига олиб ичади. Ўт бўлса, жуда қиммат, лекин роҳатижон-да: ширин бўлиб пинакка кетасан. Худди кино кўраётгандай бўласан. Фарқи шуки, кинони юзлаб, минглаб одамлар кўради. Сен эсанг, ўзинг хон — қўланканг майдон. Бировнинг сен билан иши йўқ. Тумшуғини суқадиган бўлса боплаб башарасига туширасан. Жўна. Нима ишинг бор, итвачча. Қандай хоҳласам, шундай яшайман. Аралашма. Ана, гапнинг пўсткалласи шу! — У жим бўлиб қолди. Кейин жинчироқдек милтиллаган кўзларини қисиб, юзсизлик билан деди: — Менга қара, Авдий, балки тотиб кўрарсан, а? Бир кайф қилмайсанми? Жиндеккинасини бекитиб қўйганман...
— Олдин ўзим топай,— бош тортди унинг таклифидан Авдий,— кейин тотиб қўрарман.
— Рост айтасан,— қўшилди унга Петруха,— ўзингники беминнат.— Яна жим бўлди. Сўнг яна жағи очилди: — Бу ишда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Атрофдаги ҳамма бизга ёмон кўз билан қарайди. Кампиршолардан тортиб кўкрагига тақир-туқирларни осиб олган ветеранларгача, ҳар бир пенсионер, бошқаларни айтмай қўя қолай, ҳаммаси бизга душман, бизни кўролмайди. Уларга қолса, дарров бизни суд қилса-ю, ит бормас жойларга бадарға қилиб юборса. Шунинг учун бўйнимизни қисиб, кўзга ташланмай, ғариб-бечора бўлиб юрамиз. Лекин ҳақимизни олайлик-чи! Ана унда кўринг бизни! Чўнтакда пулинг жарақлаб тургандан кейин уларнинг қош-қовоғига қараб ўтирасанми!.. Лекин сира эсингдан чиқарма, Авдясь. Бир гап бўлса, миқ этиб оғзингни очма! Бу қонун. Гуллаб қўйсанг, тамом. Жонингдан умидингни уз. Итдай бўғизлаб кетишади. Ҳатто қамоқда ётган бўлсанг ҳам, қўллари етади. Ҳазиллашиб бўлмайди булар билан...
Гап узоқ чўзилди. Маълум бўлишича, Петруха аллақайларда, бир қанча қурилишларда ишлаб кўрибди. Ёз келиши билан Мўйинқум атрофларидаги чўлларга жўнаркан. Бу ерларда нашапояларни ях-ши биларкан. Айниқса, сойлар ва жарликларда чангалзор бўлиб ётади. Ана, ҳосил! Истаганингча йиғиб ол. Бутун дунёга десанг ҳам етиб ортади. Уйда ёлғиз қари онаси бор экан. Ичаркан. Акалари қутб томонларга, газопровод қурилишига кетишган экан. Пулни катта-катта ишлашаркан. Лекин қишининг совуғига чидаб бўлмас экан. Ёзда эса чивин мўр-малахдек одамга ёпириларкан. У бўлса ҳар йили бир марта кўзи қисиқ Осиёда ўйнаб келаркан. Кейин то янаги йилгача ялло қилиб юради. Хоҳласа тукуради, хоҳласа кўпиради. Шериги Лёньканинг оиласи бундан ҳам ишкалроқ. У на онасини кўрган ва на отасини. Болалар уйида ўсган. Мурманскда узоқ сафарларга чиқадиган кема капитани бор экан. Кўпроқ Кубага қатнаркан. Бир куни у хотини билан келиб, ҳамма қоғозларни тўлдириб Лёнькани ўзига ўғил қилиб олибди. Уларнинг болалари йўқ экан. Лекин беш йилдан сўнг яна бари айқаш-уйқаш бўлиб кетибди. Капитаннинг хотини ўйнаши билан Ленинград томонларга қочибди. Капитан ичкиликка берилибди. Уни портнинг ўзида ишлашга қолдиришибди. Лёнька мактабда ўлганнинг кунидан ўқибди. Гоҳ капитаннинг холасиникида, гоҳ бухгалтер бўлиб ишлайдиган акасиникида турибди. Бухгалтернинг хотини эса нақ ялмоғизнинг ўзи. Дард устига чипқон дегандай бола шўрлик қаровсиз қолибди. Дийдаси қотибди. Жонидан тўйиб капитанникидан кетиб қолибди. Кейин сув ости кемасининг собиқ жангчиси, уруш ногирони бўлган бир одамникидан бошпана топибди. Лекин бу киши Лёнькага ҳеч қандай таъсир кўрсатолмабди. Бола бевошликка ўрганиб қолган. Хоҳлаган жойига боради, хоҳлаганда келади. Мана, бу йил Лёнька иккинчи марта нашага кетяпти. Ўзи ҳам нашавандликка ўрганиб қолганга ўхшайди. Қаранг, эндигина ўн олтига кирган бола, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган... Авдий Каллистратов бу ачинарли гапларни эшитаркан, юраги жуда эзилди, йиғламоқдан бери бўлди. Нашавандлик борган сари ўз комига кўпроқ навқирон ёш йигитларни тортиб кетяпти. Тезроқ бу ҳодисанинг моҳиятини очиб, авра-астарини ағдариб ташламаса бўлмайди. Авдийнинг энг катта мақсади ҳозир шу. Ҳаёт денгизининг усти сокин кўрингани билан унинг тагида кўзга чалинмайдиган шиддатли оқимлар борлиги равшан. Шунга ўхшаш қайғули воқеалар ичига чуқурроқ киргани сайин бунга кўпроқ ишонч ҳосил қилмоқдайди. Турли бемазагарчиликлар қилишга майллар уйғотадиган шахсий ва хусусий сабаблар бўлиши мумкин. Лекин ёшлар ўртасида бу каби касалликлар ва бемаънигарчиликларни келтириб чиқарадиган ижтимоий сабаблар ҳам мавжуд. Бир қарашда бу сабабларни илғаб олиш осон эмас. Улар касалликни бутун танага тарқатадиган, бири-бири билан боғланган қон томирларини эслатарди. Ўз шахсий миқёсинг ва даражангдан туриб ушбу сабабларнинг тагига етиб бораман деб, қанча уринма, барибир фойдаси йўқ. Умуман ҳеч қандай натижага эришолмайсан. Бунда кам деганда йирик социологик тадқиқот яратиш, ундан ҳам яхшиси, матбуот ва телевидение орқали кенг баҳс уюштириш керак. Осмондаги ойни хоҳламайсизми, мабодо? Худди ўзга сайёралардан келган мавжудотга ўхшайсиз, а? Унинг семинаристларга хос чекланганлиги, кундалик ҳаётни билмаслигини ҳисобга олганда, осмондан тушган деса ҳам, хато бўлмасди. Кейин у бир нарсага ишонди: бундай воқеалар ҳақида очиқ-ошкора фикр юритишдан ҳеч ким манфаатдор змас экан. Ва бу нарсалар гўё жамиятимизнинг обрўсини сақлаш учун қилинади. Ваҳоланки, бунда аввало, ҳамма гап бошқа шахсларнинг кайфиятлари ҳамда фикрларига чамбарчас боғлиқ ҳолда ўз мавқеига путур етказмаслик, уни яна бир карра хавф остига қўймаслик устидагина боради. Жамиятнинг қайсидир бир қисмида рўй бераётган ишкалликлар ҳақида бонг уриш учун афтидан, бошқа кўп нарсалар қатори, ўзига зарар келтириб қўйишдан чўчимаслик керак. Бахтигами, бахтсизлигигами, Авдий Каллистратов бундай ғаддор қўрқинч юкидан холи. Лекин ҳали турмушнинг барча паст-баландликлари, кашфиётлари олдинда эди. У эндигина бу йўлга кириб келаётганди. Эндигина адашган дилларга меҳру шафқат ва хайрихоҳлик юзасидан ҳаётнинг ўзига қоронғу томонларини ташналик билан ўрганмоқчи, тажрибаларидан ўтказмоқчи эди. Йўлдан озганларнинг жилла қурса бир кисмига мадад етказсам, дерди. Йўқ, у насиҳатлар қилмоқчи, ваъзлар ўқимоқчи, таъналар ёғдирмоқчи, айбламоқчи эмас. У ҳалокатли ҳаётни ёлғиз қайта қуриш бадалигагина қутулиш мумкинлигини ўз шахсий иштироки ва шахсий намунаси орқали уларга исботламоқчи, шу маънода, уларнинг ҳар қайсилари жилла қурса, ўз қалблари доирасида инқилоб қилишлари зарурлигини уқдирмоқчи эди. Лекин бундай гўзал тилак, ғоялар бениҳоя қимматга тушишини ҳатто ҳаёлига чам келтирмасди.
Ёш эди-да. Фақат ёш эдими... Ахир, семинарияда Исонинг тарихини ўрганаётганда, унинг чеккан азоби ва риёзатини ўз жонида туймаганмиди ва ўшанда уни Гефсиман боғида Иуда сотганлигини ўқиганди, ҳўнг-ҳўнг йиғламаганмиди! Ўша кун тиғида Исо Руҳиллони Ғулқоф тоғида қатл қилганларида, буни олам иморатининг инқирози ва ҳалокати деб англамаганмиди! Дунё ўз фарзандларини уларнинг энг покиза ғоялари ва руҳий умтилишлари учун ҳаммадан кўпроқ жазолайди. Лекин ўшанда ҳали ғўр йигитча олам қурилишининг бу қонунияти устида ўйлаб кўрмаганди. Балки бу ўша ғоялар ўлмаслиги ва охир-оқибатда тантани қилиши учун зарурдир. Эҳтимол, буни мулоҳаза қилиб кўриш керакдир? Ростдан ҳам, шундай бўлса-чи? Бу ғалабанинг баҳоси эмасмикин?
Авдий бошда бу ҳақда Виктор Городецкийга оғиз очган эди. Ёшлари ўртасида унча катта фарқ йўқ эса-да, Авдий уни Никифорович деб ҳурмат қиларди. Бу суҳбат Авдий диний семинариядан кетиш фикрига тушган кезларда ўтган эди.
— Нима ҳам дердим? Биласанми, ота йигит, сени ота йигит деганимга ранжима, Авдий, сени шундай деб чақириш менга жуда ёқади,— деб мулоҳаза юритарди Городецкий, чой ичиб ўтиришаркан,— Сен семинариядан кетасан, тўғрироғи, сени черковдан чиқаришади. Уламоларинг сени осонликча қўйиб юборишмайди. Сени шаккок деб эълон қилишади. Черков унда-мунда бўлиб турадиган бунақа ишларни ёқтирмайди. Ахир, у ерда сенга ҳеч ким адолатсизлик қилгани йўқ. Сени ҳеч ким хўрлагани, эзгани, қонингни ичгани ҳам йўқ. Черков кишилари билан заррача ҳам сан-манга бормагансан. Ота йигиг, сенинг олдингда черков заррача ҳам айбдор эмас... Нима десамикин, сен соф ғоявий мақсадлар туфайли алоқангни узяпсан.
— Ҳа, Виктор Никифорович, рост айтасиз. Тўғридан-тўғри сабаблар йўқ. Гинахонлик, хафагарчиликнинг ҳам ўрни эмас. Булар жуда жўн гаплар. Ундан кейин гап менинг ўзимда ҳам эмас. Масала шунда-ки, маврусий динлар бугунга келиб мутлақо эскиб қолди. Улар эндигина уйғониб келаётган ибтидоий уруғчилик онгига қарата мурожаат қилган эди. Ўзингиз ҳам тушунасизки, агар тарих динларнинг умумжаҳон уфқига янги бир бош сиймо — Худо — Замондош сиймосини илгари сурса, ушбу сиймо ҳозирги давр талаб-эҳтиёжларига жавоб берадиган янги илоҳий ғояларни кўтариб чиқса, ана ўшанда диний таълимот ҳали ўз қадр-қимматини йўқотмаганлигига ишонса бўлади. Менинг у ердан кетишимнинг сабаби шунда.
— Тушунаман, тушунаман! — кўнгилчанлик билан кулиб қўйди Городецкий чой ҳўпларкан. Сўнг давом этди: — Бу гапларинг одамнинг этини жимирлаштириб юборади. Сенинг назариянг ҳақида фикр билдиришдан олдин шуни айтиб қўяй. Мана, бемалол, гашт қилиб чой ичиб ўтирибмиз. Мен чин дилдан ўрта асрларда яшамаганим учун суюнаман. Биласанми, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган бундай бидъат учун католик Европада, Испания ёки Италияда сенинг ботир оғзингдан чиққани ва менинг тешик қулоғим эшитгани учунгина, ота йигит, аввал иккаламизни ҳам нимта-нимта қилишарди, кейин ўтда ёқишарди, ана ундан кейин кулимизни кўкка совуришарди. Янчиб, майдалаб. Инквизация жон-жон деб, бизни тилка-пора қилиб ташлаган бўларди. Бир шўрликнинг устидан у худонинг модарзодлиги устида гап кетганда, кулиб қўйди, деб ёзган эканлар. Муқаддас инквизация нега Худодан куласан деб, уни ўтга ташлаган. Кўрдингми, сен билан бизни-ку, асти қўявер, нима бўлишимизни...
— Виктор Никифорович, узр, гапингизни бўламан,— Авдий мийғида истеҳзоли кулиб, семинаристлар киядиган қора ридонинг тугмаларини асабий қадай бошлади.— Билиб турибман, нимага кулаётганингизни. Лекин ҳазилни қўяйлик. Агар бизнинг замонамизда инквизация бўлганда ва мабодо, эртага бидъат учун ўтда ёнишга тўғри келганда, мен барибир ўз сўзимдан қайтмас эдим.
— Ишонаман,— деб бошини силкиди Городецкий.
— Мен бу фикрга тасодифан келганим йўқ. Насронийлик тарихини ўрганиб ва ҳозирги замонни синчиклаб кузатиб шундай хулосага келдим. Мен Худонинг янги, замонавий шаклини излайман, майли, уни ҳеч қачон тополмасам ҳам...
— Тарихни тилга олганинг яхши,— унинг фикрини бўлди Городецкий.— Энди менга қулоқ сол. Сенинг янги Худо ҳақидаги бу фикринг — ғализ, мавҳум назария. Бизнинг ақлли зиёлиларимиз уни нимаси биландир актуал ғоя деб атаган бўлардилар, Илгариги одамларнинг тили билан айтганда, бу мулоҳазаларинг — ақлбозлик. Сен Худо яратмоқчисан. Лекин ҳар қанча жозибадор ва сеҳрли кўринмасин, уни ақлий муҳокамалар билан яратиб бўлмайди. Биласанми, агар Исо қатл қилинмаганда, у Худо бўлмасди. Ҳамма тенг, баробар одил салтанат қуриш ғоясига мубтало ул ноёб зотни одамлар олдин ваҳшиёна бир тарзда ўлдирдилар, сўнг уни юксакларга кўтардилар, ҳамду сано ўқидилар, қайғурдилар, унинг азобини ўз юракларига олдилар. Бунда тавоф ва ўз-ўзини айблаш, тавба ва умид, жазо ва марҳамат — инсонни севиш аралаш бўлиб кетди. Лекин кейин бориб, ҳаммаси бузиб талқин қилинди ва маълум кучларнинг маълум манфаатларига бўйсундирилди. Ҳа, барча умумбашарий порлоқ ғояларнинг тақдири доим мана шундай бўлган. Мана, энди ўзинг ўйлаб кўр. Катта ғоя туфайли дорга тортилган, хоч азобини бошидан кечирган, бошини жодига қўйган Худо-Мажзуб қудратлироқ, мафтункорроқ ва яқинроқми ёки замонавий фикрлайдиган мукаммал олий ҳилқат, мубҳам идеал афзалроқми?
— Мен бу ҳақда ўйлаганман, Виктор Никифорович. Сиз ҳақсиз. Лекин мен ўтмишни қайта кўрадиган вақт етди, деган фикримдан воз кечмайман. Бизнинг Худо ҳақидаги тасаввурларимиз қанчалар мутлақ ва ўзгармас бўлмасин, улар эндиликда дунё ҳақидаги янгича билимларга сира мос келмай, эскириб қолди. Бу аён ҳақиқат. Бу ҳақда тортишиб ўтирмаймиз. Балки мен мубҳам фикрга асосланаётган, қидирилмайдиган нарсани қидиришга уринаётгандирман. Нима ҳам дердик! Майли менинг фикрларим мутлақ диний гаълимотга тўғри келмасин. Лскин мен нима қилай ахир. Кимда-ким мени бу фикримдан қайтаролса, ўзимни бахтли санардим.
Городецкий тушунарли дегандай қўлларини ёзди:
— Сени тушуниб турибман, ота Авдий. Лекин бари бир, сени огоҳлантириб қўйишим керак. Худо излаш черков кишиларининг тасаввурида черковга қарши энг кўрқинчли жиноят билан баробар. Улар назарида бу дунёни ағдар-тўнтар қилиб юбориш билан тенг.
— Буни биламан,— деди хотиржам Авдий.
— Лекин Худо излашни черковдан ташқаридагилар ҳам қайтага бадтарроқ ёқтирмайдилар. Сен буни ўйлаб кўрганмисии?
— Ғалати фикр-а,— ҳайратланди Авдий.
— Бош омон бўлса, кўраверасан ҳали...
— Лекин нега ундай? Шу ерга келганда уларнинг фикрлари бир жойдан чиқадими?
— Гап бир жойдан чиқишида эмас. Умуман, бунинг ҳеч кимга кераги йўқ...
— Қизиқ, энг керак нарсанинг кераги бўлмаса...
— Қайдам. Сенга жуда қийин бўлади, ота Авдий. Сенга ҳавас қилмайман. Лекин сени йўлингдан тўхтатмайман ҳам,— хулоса қилди Городецкий.
У ҳақ эди. Ҳамма гаплари ҳақ. Кўп ўтмай Авдий Каллистратов бунга тўла ишонди.
Семинариядан ҳайдалиш арафасида шундай воқеа бўлиб ўтди. Ўша куни уларнинг шаҳарчасига мўътабар зот — патриархиянинг ўқув юртлари бўйича Координатори ота Димитрий ташриф буюрди. Уни ректорат вокзалда эъзоз-икром билан қарши олди. Семинарияларда уни ота Координатор деб аташарди. Кўринишидан кўркам, салобатли, оқил ва доно (бу вазифада шундай бўлиши ҳам керак), ўрта ёшлардаги ота Координатор рўй берган фавқулодда ҳодиса муносабати билан келган, бунинг сабабчиси аълочи семинаристлардан бири Авдий Каллистратов бўлиб, у муқаддас битикни очиқдан-очиқ тафтиш қилиш ва бидъат йўлига кирган, Худо-Замондош деган шубҳали фикрни кўтариб чиққан эди. Оқил ва ориф ота Координатор ўз обрў-эътибори, эътимодли сўзи билан адашган сабийни ҳидоят йўлига қайтариш, бу ишни шовқин-сурон кўтармай ими-жимида амалга ошириш ниятида эди. Муҳими, диндан қайтганнинг овози кўчага чиқмаслиги керак. Шу маънода черков ўз шаъни, обрў-эътиборини- ҳамма нарсадан юқори қўядиган бошқа дунёвий идоралардан фарқ қилмайди. Авдий Каллистратовнинг ўрнида бошқа пишиқроқ, тажрибалироқ одам бўлганда, ота Координаторнинг ниятини тўғри пайқар ва шунга яраша иш қиларди. Лекин Авдий кўзга кўринган черков намояндасини ҳақиқатан ҳам тушуниб етмади. Шу билан руҳоний отани ҳам мўлжалидан адаштириб юборди.
Авдий ота Координаторнинг ҳузурига кун ўртасида чақирилди ва унинг қошида озмас-кўпмас, уч соат ўтирди. Бош корпуснинг залларидан бирига академик черковнинг меҳроби ўрнатилган эди. Ота Координатор олдин ана шу ерда бирга ибодат қилишликни таклиф этди.
— Чироғим, фаҳмлаб тургандирсан, сен билан жиддий гапимиз бор. Лекин бот шошмагаймиз. Аввало, мени тангри таолонинг муқаддас меҳробига бошла,— деди у Авдийга косасидан бўртиб чиққан қизарган кўзларини қадаб,— аввало биргалиқда ибодат қилиб олайлик, сўнг кўргаймиз.
— Худо хайрингизни берсин, тақсир,— деди Авдий,— мен тайёрман. Шахсан мен учун ибодат олло-таолога каратилган турли ўй-ҳаёлларимнинг энг уйғун нуқтасидир. Худо-Замондош ҳақидаги фикр миямга қаттиқ ўрнашиб қолганга ўхшайди.
— Сабрсизлик шайтон иши, чироғим,— босиқ деди ота Координатор юмшоқ ўриндиқдан тураркан. У Худо-Замондош, турли уйғун ўй-ҳаёллар ҳақидаги сўзларни ҳам қулоғининг бир чеккасидан ўтказиб юборди. Тажрибакор руҳоний арбоб бошданоқ барини чигаллаштириб ўтиришни маъқул кўрмади.— Ибодат қилайлик. Сенга айтсам,— давом этди у,— қанча кўп яшаганим сари Худонинг марҳамати бизга шунчалар чексиз, раҳм-шафқати шунчалар улуғ эканлигига тобора кўпроқ имон келтиряпман. Ҳаммасини унутиб ибодатга берилган чоғингда буни янада чуқурроқ ҳис қиласан ва ўзингни аржуманд сезасан. Яратган тангримнинг бизга муҳаббати ҳақиқатан ҳам чексиз. Бизнинг ибодатларимиз унинг олдида ҳавойи чулдирашлардан бошқа нарса эмас. Лекин бу Худо бирлан чамбарчас бирлигимизнинг далолатидир.
— Баайни ҳақиқатни айтдингиз, тақсир,— деб кўйди Авдий эшик олдида бошини эгиб тураркан.
Лекин у ҳали чиндан ҳам ғўр ва сабр-қаноатсиз эди. Суҳбат чоғида у одоб юзасидан сукут сақлаб ўтирмади ва дарҳол гапнинг пўскалласига кўча қолди.
— Изн берсангиз, айтай. Бизнинг тушунчамизда Худонинг чек-чегараси йўқ. Лекин ер юзининг одамларида фикр билишдан яна билишга томон ўсиб боради. Бундан бир хулоса келиб чиқади: Худо ҳам ўсиши керак. Сиз нима деб ўйлайсиз, тақсир?
Координатор ота энди жавобдан ўзини олиб қочолмади.
— Қизиққонлик қиляпсан, чироғим,— деди у томоғини оҳиста қириб йўталиб, сўнг уст-бошини тўғрилаган бўлди.— Ёшликда нималар бўлмайди. Лекин ўшанда ҳам Худо ҳақида бундай ҳаёлга бориш керак эмас. Яратган эгамни билиш азал-абад бандасининг қўлидан келмайди. У бизнинг ихтиёримиздан ташқарида мавжуд. Ҳатто материализм ҳам тан олади: борлиқ онгимиздан ташқарида деб. Инчунин, Худо ҳам.
— Маъзур тутинг, тақсир. Лекин ҳамма нарсани ўз оти билан атаган маъқул. Бизнинг онгимиздан ташқарида Худо йўқ.
— Сен шунга аминмисан?
— Ҳа. Шунинг учун ҳам айтяпман.
— Майлинг. Лекин шу билан бирга нуқта қўймаймиз. Айтайлик, таълим юзасидан андак муноқаша қиламиз. Бунга биз ибодатдан сўнг қайтурмиз. Кани, энди марҳамат қил, мени ибодатга бошла.
Ота Координатор академик черковда Авдий билан бирга ибодат қилмоқчи бўлганлигининг ўзи мантиқан олиб караганда, ёш семинаристга кўрсатилган катта илтифот эди. Шунинг учун ҳайдалай деб турган талаба ушбу қулай вазиятдан фойдаланаман деса, не ажаб.
Улар узун йўлакдан олдинда ота Координатор, ён томонда пича орқароқда Авдий Каллистратов юриб борардилар. Руҳоний отанинг адл қоматига, ишонч билан қадам ташлашига, тўпиғигача эркин тўкилиб турган, унга ўзгача бир улуғворлик бағишлаган қора ридосига қараркан, унда асрлар бўйи етилиб келган нуроний бир қудрат мужассамлигини ҳис қилди Авдий. Бу куч ҳар бир инсон фаолиятида дин-иймон ақидаларини ҳимоя қилароқ, хаммадан бурун ўз манфаатларини кўзлайди. Ҳаётда ҳақиқат йўлларини ахтараркан, Авдийга мана шу қарши турган куч билан тўқнашишга тўғри келади. Ҳозирча ҳар қайсилари ўзларича ишонадиган ва имон келтирадиган У сари қадам тешлардилар. Ҳар бир инсонга У номи билан дунё ва одам боласининг ўрни ҳақидаги барча учун баробар фикрларни уқдиришлари лозим эди. Унйси ҳам, буниси ҳам, У номига таваккул қилардилар, зеро, ёлғиз Ўзигина ҳамма нарсадан хабардор ва ҳаммага баробар марҳа-матли. Улар юриб борардилар...
Ўша соат академик черковда ҳеч ким йўқ эди. Шунинг учун бўлса керак, у ҳайҳотдай бўм-бўш кўринди. Умуман, унинг бошқа черковлардан фарқи ҳам йўқ эди. Фақат қоронғилатиброқ қўйилган меҳробнинг ичкарисидаги кўзлари бир нуқтага ҳаёлчан тикилган Исонинг қорамтир сочлар ўрамидаги юзи ҳаддан зиёда оқариб кўринарди. Унга бўздай ёруғ тушириб қўйилганди. Ҳар икковлари — Худонинг шўбони ҳам, ҳали ҳур фикрлашдан маҳрум бўлмаган талаба ҳам чўнқайиб тавофга турдилар, нигоҳларини Ўзига тикдилар, бутун ўй-ҳаёллари билан Ўзига берилдилар. Улар ёлғиз Ўзига роз айтиш умидида эдилар. Зеро, Ўзи ер юзининг истаган нуқтасида, куннинг истаган вақтида истаганча одамлар билан, ҳаттоки бутун инсоният билан бир вақтда мулоқот қила оларди. Мана шунда ҳам зоҳир эди Ўзининг интиҳосизлиги.
Бу сафар ҳам ҳар қачонгидай бўлди: ибодат ўйинини адо этаркан, уларнинг ҳар бири ташвиш-андуҳларини Ўзига баён қилмоқни, Ўзига имон-эътиқоддан келиб чиқадиган хатти-ҳаракатларини оқламоқни истарди. Уларнинг ҳар бирлари коинотда шу қадар кичкина бир нуқтани шу қадар кичик муддатга ишғол қилиб тураркан, ўзларини тасаввурдаги шу коинот билан мувофиқлаштиришга уринар, чўқинар, ёруғ оламга меҳмон бўлганлиги учун Яратганга шукрона айтар, ҳамма кунлардан ҳам кейин келадиган охир кун эшикка ташриф буюрганда, тилда ва дилда Ўзининг номи билан жон олишини илтижо қилардилар...
Кейин улар яна ўша хонага ўз вазифаларини адо этгани қайтдилар. Юзма-юз ўтириб, очиқдан-очиқ сўйлашиб олдилар.
— Шундай қилиб, чироғим, сенга панд-насиҳат айтмоқчи эмасман,— деб сўзини бошлади ота Координатор Авдий Каллистратовнинг рўпарасидаги юмшоқ чарм ўриндиққа қулайроқ жойлашиб оларкан. Авдий стулда ўтириб, семинариянинг одми кийимлари остидан ёғочдаи туртиб чикқан ориқ тиззаларига қўлларини тираганча тавозе билан уни эшитишга ҳозирланди.
Авдий масалани узил-кесил қиладиган гапни кутганди. Лекин хазратнинг нигоҳида на қаҳр ва на бошқа бир ғараз уқмай бир оз ажабланди. Аксинча ота Координатор ташқаридан бағоят хотиржам, вазмин кўринарди.
— Қулоғим сизда, тақсир,— деди итоат билан талаба.
-- Гап шундай. Мен сенинг танобингни тортиб қўйгани. келганим йўқ. Сенга ўгит айтиб ҳам ўтирмайман. Булар жўн нарсалар ва сенга муносиб эмас. Сени енгилтак деёлмайман. Лекин ўйламай-нетмай қизишиб айтаётган гапларинг одамнинг ғашини келтирмай иложи йўқ. Фаҳмлаган бўлсанг керакким, сен билан ўзимни тенг қўйиб гаплашяпман. Очиғини айтсам, сен анча-мунча ақллисан... Сирли жойи йўк, черков ўз таълимотига қарши боришингдан манфаатдор эмас. Аксинча, Худо йўлида буткул ва сира оғишмай кўшиш кўрсатишингни истайди. Мен ҳам буни яшириб ўтирмайман. Сенинг марҳум падарингни яхши билардим. У билан доим фикримиз бир жойдан чиқарди. Шунинг учун қулоғингни оталарча чўзиб қўйишим мумкин эди. Отанг чин христиан, эзгу одам эди. Бунинг устига анча билимдон, маърифатли ҳам эди. Насиб этган экан, мана сен билан идора одамларининг расмий тили билан айтганда, дьякон, кўп йиллар черковда хизмат қилган марҳум дьякон Иннокентий Каллистратовнинг солиҳ фарзанди билан ҳам кўришдим. Нима бўляпти ўзи? Яшириб ўтирмайман, бошда сен ҳақингда кўп яхши гапларни эшитгандим. Лекин бу ерда ҳозир одамни анча ташвишга солиб қўйган масала устида келдим. Сен ҳали оддий талабасан. Лекин ҳалитдан Худонинг таълимотини тафтиш қилишга тушибсан. Оғзингдан чиқаётган бефаришта гапларга қулоқ солсам, ёшлигингга бориб, чакки қадам ташлаётганга ўхшайсан. Бир нарсага ишонгим келади. Гап шундаки, анчайин сабабларга кўра одам ёшликда ўзига қаттиқ бино кўяди. Турли-туман одамлар феъл-атвори, таълим-тарбиясига кўра бу турлича намоён бўлади. Турмушнинг тегирмонидан бутун чиққан, ёши бир ерга бориб қолган одам ҳаёт шомида Худога ишончини йўқотгани ёки илоҳий истилоҳ ва тушунчаларни ўзбошимчалик билан талқин қилганлигини ҳеч эшитганмисан? Йўқ, бунақа воқеа рўй берса ҳам, аҳён-аҳён тасодиф билан рўй беради. Одамнинг ёши улғайган сари илоҳиётнинг моҳиятини шунча чуқур англайди. Ахир, барча Европа файласуфлари, хусусан, алғов-далғов инқилоб даври арафасида динга қарши даҳрийларча кескин ҳужум бошлаган (бу ҳужум уч юз йилдан бери тинмай давом этиб келяпти) анави француз энциклопедист алломалари ҳам жуда ёш эдилар, шундай эмасми?
— Рост айтасиз, тақсир, ёш эдилар,— тасдиқлади Авдий.
— Ана кўрдингми? Бу ёшликка, нима десамикин, экстремизм хос эканлигини кўрсатмайдими? Ҳозир ёш-қари барчанинг оғзида шу сўз. Шундай қараганда, экстремизм ёш билан боғлиқ бир нарса бўлиб чиқади.
— Тўғри-ю, лекин сиз айтган ўша экстремистлар, адолат юзасидан тан олишимиз керакки, эътиқодлари бениҳоя кучли одамлар, тақсир,— луқма ташлади Авдий.
— Ҳеч шубҳасиз, шубҳасиз,— шоша-пиша рози бўлди ота Координатор,— аммо бу алоҳида масала. Ҳар ҳолда улар черков ходими бўлмаганлар, динга муносабатлари ҳам хусусий ишдан нарига ўтмаган. Уларнинг йўллари бошқа. Сен эса, келажакда шўбон бўласан, чароғим.
— Ана кўрдингизми,— унинг сўзини бўлди Авдий,— ахир, одамлар менга ва менинг билимларимга тўла ишонишлари керак.
— Сабр қил,— қовоғини уйди ота Координатор,— сенинг фойдангни кўзлаб айтаётган гапларимни тушунишни истамасанг, унда майли, бошқача сўзлашамиз. Хўш, биринчидан, дин-иймонга шак келтирадиганлар сендан аввал ҳам ўтганлар, сендан кейин ҳам бўладилар. Сенга ўхшаган шаккокларни черков кўп кўрган. Нима бўпти? Ҳар бир ишнинг бир қийиғи бор. Бундай ўткинчи, тасодиф воқеалар бундан кейин ҳам бўлиб туради. Лекин, уларнинг бари муқаррар бир ечимга келади: ё кимса ўз шубҳа-гумонларидан бутунлай воз кечади ва оғишмай, ғайрат-жиҳод кўрсатиб чин дин-иймон йўлини тутади, натижасида руҳонийлар ўртасида ҳам мағфиратли бўлади, ё куфр йўлидан қайтмаса, ундай муртад черков томонидан рад этилади ва бошига тавқи-лаънат ёғилади. Учинчи йўл йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Биласанми шуни?
— Ҳа, тақсир, лекин учинчи йўл менданам кўпроқ черковнинг ўзига керак.
— Ана холос,— масхаралагандай бошини чайқади ота Координатор.— Топган гапингни қара,— деб хитоб қилди ва аччиқ киноя билан давом эттирди: — Қани, марҳамат қилиб, менга айтиб бер-чи, Муқаддас черковга таклиф қиладиган учинчи йўлинг нима экан? Инқилоб эмасми ҳайтовур? Мунақасини ҳали тарихнинг қулоғи эшитмаганди...
— Асрлар бўйи қотиб қолган фикрларни ўзгартиш, ақидабозликдан қутулиш, инсон руҳига Худони англашда ҳурлик бериш ва Худони инсон борлиғининг энг олий зуҳуроти деб билиш...
— Астағфурилло, бас, бас! — титраб, тутаб кетди ота Координатор.— Бу ўзбошимчалик жуда кулгили, чироғим!
— Агар сиз, тақсир, мустақил фикрга эга бўлишликни бесарлик деб қораласангиз, гаплашиб ўтиришимизнинг бошқа маъноси йўқ!..
— Баайни ҳақиқат — сира маъноси йўқ! — қизишиб кетди ота
Координатор ва ўрнидан турди. Унинг овози гулдираб чиқа бошлади:— Кўзингни оч, бола! Такаббур бўлма! Ҳалокат чоҳига бориб қолибсан! Сен бадбахт, Худони фақат ўз тасаввурингда мавжуд деб биласан. Одамни Худо узра Худо деб тушунасан. Ҳолбуки, онгнинг ўзи фалакнинг иқтидори билан яратилгандир. Сен янгича фикрлаш ниқоби остида бидъатга берилиб, бани башар неча минг йиллаб оғир қийноқ ва изтироблар ичида топган, унга бениҳоя қимматга тушган, ҳалолни — ҳалол, ҳаромни — ҳаром қилган сўзларни йўққа чиқармоқчисан. У сўзлар неча-неча авлод инсон қавмларининг илоҳий аҳкомига айланган. Сен ақидабозликдан халос бўламан деб, нимага эришасан. Ҳолбуки, бу ақида бу аҳком Худонинг иноятидир. Черков бидъатсиз яшаб келган, яна яшайверади. Ақидасиз, аҳкомсиз дин-иймон йўқ. Ҳамон гап очилди, эсингда тут: ақидапарастлик — ҳар қандай қонун-қоида, низомлар, ҳар қандай ҳокимиятнинг таг-заминидир. Эсингдан чиқмасин. Сен Худони гўё янги фикр билан яхшиламоқчи бўласан, аслида эса уни бутунлай инкор этасан. Ҳатто, ўзингни Унинг ўрнига қўйишдан ор қилмайсан! Лекин яхшилик ва марҳамат сенга боғлиқ эмас. Сенга ўхшаганларга ҳам боғлиқ эмас. Худонинг инон-ихтиёри ўзида. Бизни нима қилса, ўзи билади. Сенинг шаккоклигинг ўз бошингни ейди. Худованди карим эса боқий ва тонуқдир! Омин.
Авдий Каллистратов ота Координатор қошида лаблари қумдай оқарганча турарди: унинг бунчалар қаҳр-ғазабга миниб, жазавага тушишини кўриб юраги эзилди. Лекин барибир ўз деганидан тоймади:
— Маъзур тутинг, тақсир. Ўзимиздан чиқаётган нарсаларни илоҳий кучларга нисбат бериб ўтирмайлик. Нега бўлмаса, У бизни бу қадар ожиз ва нотугал қилиб яратди. У ўзи бино қилган махлуқларни ҳам иккита тескари томонга — яхшилик ва ёмонликка ажратиб юбормаслиги мумкин эди-ку. Нега Ўзи бизни бунчалар шак-шубҳалар, иллатларга гирифтор қилиб қўйди? Нега одамлар бунчалар маккор? Худонинг ўзига мурожаат қилганларида ҳам, маккорликдан ўзларини тийиб туролмайдилар. Худога бунинг нима кераги бор? Сиз Дин-иймон таълими мутлақ кучга эга бўлишини истайсиз. Олам ва одам руҳининг моҳияти бир марта бирваракай, абадиятга очилган деб ҳисоблайсиз. Лекин ахир, бу мантиқка тўғри келмайди-ку. Наҳотки биз христианликнинг икки минг йили давомида ўша алмисоқдан қолган аҳкомларига бир оғиз ҳам ўз янги сўзимизни қўшолмасак? Сиз ҳақиқатга бир ўзингиз ҳокимлик қилмоқчи бўласиз. Лекин бу оз деганда ўз-ўзини лақиллатишдир. Зеро, ҳақиқатни бир марта ва бирваракай билиб етган таълимотнинг, ҳатто илоҳий таълимотнинг бўлиши мумкин эмас. Мабодо, шундай бўла қолса, у ўлик таълимотдир.
У жим бўлди. Ўртага тушган сукунатда дераза ортидан шаҳар черковининг жом садолари эшитилди. Жом садоси Авдийга худди инсонни Худога боғлаб турган Мулоқот тимсоли каби ғоятда яқин ва шунчалар таниш эди. Шунда Авдий худди ушбу садолар каби чексизлик аро сузиб, кўздан йироқлашиб, йўқ бўлиб кетгиси келди...
— Сен жуда ҳам ҳаддингдан ошяпсан, бўтам,— деб тўнғиллади ота Координатор, энди унинг товуши совуқ ва бегона эди.— Сен билан диний мавзуларда тортишиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди, зеро, билимларинг ифрот, ғўр ва ҳатто шубҳали. Сени бани башарнинг ғаддор душмани иблис васвасага солиб қўймадимикин? Лекин сўзимнинг охирида сенга бир нарсани айтиб қўяй: бундай фикрлар билан сен ҳеч қачон рўшнолик кўрмайсан. Зотан, асос-эътиборли таълимотларни шубҳа остига оладиганларни динга алоқаси йўқлар ҳам асло ёқтирмайдилар. Ахир, ҳар қандай мафкура ўзини ҳақиқатнинг энг сўнгги эгаси деб билади. Сен албатта, ҳали бу нарсалар билан тўқнашасан. Бир қарашда унчалик билинмаса-да, лекин дунёвий ҳаёт ғоятда шафқатсиз. Сен ҳали енгил ўйлашнинг жадига қоласан. Ўшанда менинг гапларимни эслайсан. Лекин бас, семинариядан кетасан, ҳозирлик кўр, черков сендан юз ўгиради. Худо уйини ортиқ тарк эт!
— Менинг черковим доим ўзимда,— бўш келмасди Авдий Каллистратов.— Менинг черковим — мен ўзим. Мен ибодатгоҳларни тан олмайман. Руҳонийларни ҳам уларнинг ҳозирги савиясига кўра тан олишни истамайман.
— Нима ҳам дердик, бўтам, Худонинг ўзи раҳм қилсин. Лекин билиб қўй: дунё сенга ўз айтганини қилдиради. У ерда ўз кунингни ўзинг кўришингга тўғри келади. Неча-неча миллионлаб сенга ўхшаганларнинг беллари синиб ётибди бир кунимни кўраман деб...
Кейинчалик Авдий яниб айтилган бу сўзларни бир эмас бир неча марталаб эслади. Лекин унга ҳаётининг энг олий маъноси ҳар доим ҳали олдинда — нурли уфқларда кўринар, йўлидаги барча чигалликлар, турмуш савдолари вақтинчадай туюлар, одамлар ахийри, бир кунмас бир кун ортидан эргашишларига ишонарди. Ҳаётнинг асл маъноси ҳам ахир шунда эмасми?
Ўша кунлари нашаванд чопарлар билан чўллар қўйнига кириб бораркан, поезд даричасидан кета-кетгунча бўм-бўш ҳувиллаган тақир маконларга эрталабдан кечгача тикилиб, ўзига ўзи дерди: «Мана, ниҳоят, инон-ихтиёринг ўзингда, редакциянинг топшириғини ҳисобга олмаганда, сени боғлаб, қўлингни ушлаб турган ҳеч нарса йўқ, нимани хоҳласанг, шуни қиласан. Хўш, нима? Не топяпсан бу сарсонлик-саргардонликда? Асл, ростмана ҳаётнинг ўзи мана шу. Сен у билан юзма-юз турибсан. Юз йил илгари қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Одамлар қайлардандир қайларгадир борадилар, сен эса шу йўловчиларнинг бири, нашаванд чопарлар ҳам йўловчи, лекин ашаддий йўловчи — улар энг даҳшатли иллатлардан бирининг устига тухум қўйиб кун кўрадилар. Ўша сизловуқдай тутун, ўша кайфу мастоналик арзимаган нарсага ўхшайди, лекин одамни одамликдан чиқаради, мосуво қилади. Аммо уларнинг ўзлари ўзларини қурбон қилиб турган чоқларида сен қандай қилиб уларни ҳимоя қиласан? Биласанми, булар қаердан келиб чиқяпти? Сабаблари қаерда? Индамайсан. Қайси томондан ёндашиш, қайси томондан тушунтириш, нима қилишни билмайсанми? Семинария бағридан ҳаёт тўлқинлари ичига нима учун отилиб чиқдинг? Уни андаккина бўлсин, яхши томонга ўзгартирмоқчи эмасмидинг? Семинариядаги синфдошларинг сени идеалист деб чақиришарди. Балки, тўғридир. Манави чопарларнинг кўзлари менга учиб турмагандир, уларнинг ишига, хулқи-атворига аралашиш зарурми? Қўлингдан нима ҳам келарди? Нима қилиб беришинг мумкин уларга? Кирган йўлларидан қайтара оласанми? Бошқача яшашга кўндира биласанми? Сен қийналиб, ич-этингни еяпсан бу ёғи нима бўлади деб. Улар эса ўз олдиларига битта мақсад қўйганлар ва бу мақсадларидан асло қайтмайдилар, омадим келса-ю, бойисам дейдилар, бахтларини шунда кўрадилар. Қани, уларни қайта ишонтириб кўр-чи, улар ҳақиқатга тик қарай олармикинлар? Агар аралашмасанг, ёрдам бермасанг, улар эртами-кечми қамоққа тушадилар, колонияларни тўлдирадилар ва бунга айб деб эмас, кулфат деб қарайдилар. Қани энди, уларни шу расволиклардан қайтара олсанг, қани энди, пушмон бўлиб, тавба қилиб, диллари тозаланса, жиноятдан юз ўгириб, чинакам бахт-саодат нимада эканлигини англасалар. Қандай гўзал бўларди-я! Лекин уларнинг бахтлари нимада? Биз қадрлаган нарсалардами? Аммо қадриятларимизнинг асл баҳосини тушириб юборганмиз, ғоятда дағаллаштириб ташлаганмиз. Балки кулгига қолган чол-кампирларнинг Худосидамикин уларнинг бахтлари, лекин бу ахир чўпчак-ку? Умуман олганда, даста-даста пул топиш имкони турганда, сўз нима қилиб берарди? Ҳозир кимни қарама — шунинг тилида бир гап — қуруқ раҳматга мушук офтобга чиқмайди. Пул ўз оти билан пул-да! Чопарларнинг чўнтакларига кираётган ўша пуллар фақат ўзимизники эмасдир, чет пуллар ҳам бордир уларнинг ичида,— қаранг, қанча талабгорлар келишяпти — Мурманск, Одесса, Болтиқбўйи, ҳаттоки Узоқ Шарқ порт шаҳарларидан? Қаерга кетяпти шунча наша? Унинг сақичи, мумидан ишланган бошқа нарсалар-чи? Гап қаерга кетаётганлигининг ўзидагина эмасдир-ку? Нега бундай бўляпти, нега бизнинг ҳаётимизда, бизнинг ижтимоий системамизга иллатлар ёт деб, бутун дунёга жар солган бизнинг жамиятимизда бундай бўлиши керак? Қанийди, шундай бир нарса ёзсангки, унга ҳамма ўз жонажон ишидай муносабат билдирса, унга ўз уйида бўлаётган ёнғиндай, фарзандларининг бошига тушган офатдай қараса, ана ўшанда айтилган сўз барча холис ниятли кишиларнинг қўллаб-қувватлаши билан пулдан устун чиқади ва ёмонликни енгади! Илоҳим, шундай бўлсин, ёзилган сўз бекор кетмасин, чиндан ҳам, «аввалда сўз бўлган» экан, у ўз азал-абад қудратини кўрсатсин... Шундай яшасангки, шундай ўйласангки...
Лекин ё раб, сендан сўрайман: жарақ-жарақ пуллар турганда, сенинг каломинг недир? Яширин иллатлар олдида сенинг ҳукминг недир? Сўз билан ёвузлик моддиюнини қандай енги олиш мумкин? Менга Ўзинг куч-қувват ато қил, бошлаган йўлимда ва ишимда мени тарк этма, мен ёлғиз ўзимман, ҳозирча ҳеч кимим йўқ, пулга муккасидан кетганларнинг эса адади йўқ, сон-саноқсиз...»

* * *

Москва — Олмаота поезди Саратов ерларини орқада қолдириб, икки кундан бери Қозоғистон чўлларидан борарди. Авдий Каллистратов Турон томонларни биринчи кўриши. У бир пайтлар Россия томонидан эгаллаб олинган жуғрофий маконларнинг, ўлканинг бу қадар кенглиги ва миқёсларидан ҳайратга тушар — чиндан ҳам кўз ўнгида бош-кети йўқ, беҳудуд ерлар ястаниб ётар, агар Сибирь билан қўшиб ҳисобласак, деб хомчўт қиларди у, ер юзидаги қуруқликнинг деярлик ярми... Яна бу ерларда одам турадиган қўналғалар онда-сондагина учрайди... Шаҳарлар, қишлоқ ва овуллар, бекатлар, унда-мунда кўзга чалиниб қоладиган молхоналар, чўпон-чўлиқларнинг пастак қўралари ҳаммаси темир йўлга қараб ёпишиб келар, улар бепоён чўл сувратини чизиш учун тайёрлаб қўйилган, лекин илк бўёқларигина чапланган матога ўхшар, бироқ суврат кейинчалик ишланмай, фақат бир тусдаги бўз ранглари билан чала қолиб кетгандай эди... Бу томонда кета-кетгунча яйдоқ чўл, ҳозир бу ерда жамики ўт-ўлан гуллаб-яшнаган фасл, чўл бир неча кун мана шундай жаннатмисол гуркираб ётади, сўнг тағин офтобнинг бераҳм иссиғига дош беролмай сарғайиб сўлади ва келаси баҳорни кутади...
Вагонларнинг очиқ ойналаридан гулга кирган чўл чечакларининг муаттар бўйлари ёпирилади. Айниқса, поезд тўрт томони очиқ аллақандай кичкина бекатларда тўхтаганда, одамнинг дим вагондан сакраб пастга тушгиси, ўзи кўримсиз, лекин ҳидлари ёвшандай ўткир, курғоқ ерда ўсганига қарамай эти сувлик майса-ўланлар устида эркин-эркин чопиб юргиси келади. Қизиқ-ку, деб ўйлайди Авдий, наҳотки, ўша ярамас наша ҳам мана шундай бемалол ўсиб ётса ва ҳидлари ҳаммаёққа гуркираб тарқалса? Одамларнинг димоқларини қитиқласа? Чопарларнинг оғизларидан гуллашларига қараганда, нашанинг ҳиди ҳаммасидан ҳам ўткир ва кучли бўлса керак. Ҳаммасидан ҳам, дейишади чопар болалар — наша баланд бўлиб, шохлари ҳар ёққа тарвақайлаб ўсади. Нашазорларда унинг баландлиги одамнинг белига уради. Ёввойи наша тўғри келган жойда ўсиб ётавермайди. Наша кенг тарқалган алоҳида нашапоя майдонлар бор. Шунисига ҳам шукр. Уни топиш учун шунча оворагарчилик бўлмаса, ҳаммаси оппа-осон кўчса, унда нималар рўй беришини тасаввур қилиш мумкин... Мана, талабгор хумор чопарлар узоқ порт шаҳарлардан дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига наша савдоси тутиб боришяпти... Ҳали йўл узоқ, яна қанча йўл босиш керак — Худо билади, яна охири нима бўлади, бу ишлардан нима чиқади.
Айрим вақтлар Авдий Каллистратов нимага кетаётганлигини ҳам унутиб, бу эл-юртларда илгари замонларда яшаган халқларни тасаввурида жонлантиришга уринар, ўқиган китобларини, ўқувчилик йилларида кўрган киноларини эслар, адам даштида ғойиб бўлган ўша ҳаётнинг излари ва қолдиқларини кўрганда, бирдан хурсанд бўлиб кетарди.
Худди ташлаб кетилган қўналғалардай чўлларда яккам-дуккам қаққайиб турган қўнғир туялар, кўҳна мақбаралар, мозоратлар, уч-тўрттагина ҳужрадан иборат кўримсиз овуллар, кўз базўр илғайдиган ёлғиз чодир, юрталар, дунёда бор-йўқлигини ҳеч ким билмайдиган, хароб, номаълум капаларда яшайдиган кишиларнинг холини ўйлаб юраги увишиб кетар, ваҳм босарди... Кўз ўнгидан худди қадим-қадим замонлардагидай кўҳна эгар-жабдуқ урилган отларга минган, бошларига тепаси чўққи қулоҳ кийган отлиқлар ўтиб қолардилар дам якка-якка, дам тўда-тўда бўлиб... Қандай яшашган экан одамлар бу ерларда, юраклари сиқилиб ўлиб қолмасмикинлар, сувсизликдан қирилиб кетмасмикинлар бу бепоён дашт-биёбонларда? Кечаси-чи, кечаси нима бўлади? Фалак тунда кимсасиз саҳроларга эниб тушади, ўша чоғларда одам ўзини қандай сезаркин? Чексиз само рўбарўсида одам ўзини бениҳоя ёлғиз ва ғариб ҳис қилса не ажаб? Шунинг учун ўқтин-ўқтин ўтиб қоладиган поездлар уларга далда берса керак. Поездларнинг шовқинлари катта шаҳарлардагина одамларнинг қулоқларига ёқмайди, зериктириб юборади. Эҳтимол, бари бутунлай аксинчадир. Азим чўлларнинг тунлари кўнгилларда улуғвор баётларни уйғотар, шеърият ахир, олам поёнсизлиги узра инсон руҳининг ҳур парвози эмасми?..
Лекин, бундай ҳаёллар уни узоқ машғул қилмас, яна чопар болалар билан бораётгани, қонун юзасидан қараганда, жинояткор кимсалар қаторига қўшилгани эсига тушар, газета учун ижтимоий-маънавий репортаж ёзаман деб, то вақти-соати келгунча шу ҳаётга, қолаверса, нашаванддарнинг бадкирдорликларига чидашдан ўзга иложи йўқ эди. Шунда назарида кўкраги беихтиёр музлаб кетгандай бўлар, қорнига аллақандай оғриқ кирар, гўё ўзи ҳам чопарларнинг бирига айланиб қолгандай, жиноят йўлига киргандай эти сесканиб, ваҳимага тушарди. Шунда у юрагининг тубида оғир махфий юк билан юрадиганларнинг ҳолига тушунгандай бўларди. Жаҳон қанчалик улуғ кўринмасин, янги таассуротлар нечоғлик қувончли туюлмасин, агарда онгинг ва хотирангда нўхотдан ҳам кичик оғриқ нуқта бўларкан, буларнинг ҳаммаси на татийди, на ақлинг, юрагингга ҳаловат беради. Ўша оғриқ нуқта яширинча, билинтирмасдан одамнинг кайфиятини ҳам, атрофдагиларга муносабатини ҳам белгилайди. Авдий Каллистратов нашапоя чўлларга бирга бораётган чопарларга разм солиб қарайди, уларни гапга солмоқчи, очиқчасига сўзлашишга тортмоқчи бўлади. Шунда ҳаёлига бир фикр келади: гарчи чопар ҳамроҳларим ташқаридан қараганда, ўзларига жуда ишонгандай кўринсалар-да, лекин уларнинг ҳар бири қилаётган ишидан хавфсирарвди, бир кунмас бир кун барибир жазога тортилишидан ўлгудай қўрқади. Ҳа, шу қўрқинч уларга доим эргашиб юради. Шуларни ўйлаб Авдийнинг уларга юраги ачийди. Уларнинг қуруқликлари, бетамизликлари, бефайз вирди-забонлари, қартавозликлари, ароқхўрликлари, чапаниликлари, ё остидан ё устидан деб туришларини бошқа ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди. Бинобарин, бундан бошқача яшашни улар тасаввур ҳам қилолмайдилар. Авдий Каллистратов бу одамларни ёмон йўлдан қайтарсам, кўзларини очсам, улар ўзларига бошқача, очиқ бир назар билан қараб кўрсалар, ҳаётларини заҳарлаб турган қўрқинчдан ва шу қўрқинчнинг таъқибидан халос этсам, деб орзу қилади. Олган билимлари, жуда бой бўлмаса-да, лекин етарлича орттирган турмуш тажрибалари заминида у олижаноб, эзгу ниятларини амалга ошириш йўлларини изларди. Ҳозир у семинариядан кетгани, расмий черковдан чиқарилганига қарамасдан дилида тарғиботчи ҳамда ваъзхон бўлиб қолганлигини, инчунин, ҳаёт йўлида қилиши мумкин бўлган бирдан-бир улуғ иш — одамларга ҳақиқат ва яхшилик сўзини ўзи билган, англаган даражада етказиш деб тушунарди. Бунинг учун алоҳида фатво олиш шарт эмас, бунинг учун ўзинг сиғинган нарсага садоқатли бўлишинг кифоя. Лекин, буларнинг бари ҳали яхши ният, холос. Юрак ва ақл амри билан у нима қилиши зарурлигини ҳали тўла тасаввур эта олмасди. Кўнгилда ширин ҳаёлларга берилиш, шу ҳаёлларда тубанларни тубанликдан халос этиш бошқа ва шу билан бирга, сенинг панд-насиҳатингга, маслаҳатингга асло муҳтож бўлмаган тирик одамлар ўртасида яхшилик қилиш — бутунлай бошқа. Улар мисол учун худди ўзларига ўхшаган, дунёнинг бир чеккасига наша йиғиш ва пул ишлаш учун кетаётган аллақандай бир Авдийнинг ваъз-карсонига зормикинлар. Уларнинг тақдирларини нурли томонга буриш иштиёқида ёнган Авдий Каллистратов билан уларнинг неча пуллик ишлари бор дейсиз. Авдий Каллистратов Худо калима ичида яшайди ва калима илоҳий қудрат касб этмоғи учун у чин ва пок ҳақиқатдан туғилмоғи керак, деган бўлса уларга нима. Авдий эса бунга худди борлиқнинг қонунидай ишонади. Лекин у ҳали бир нарсани билмайди: яхшилик ёмонлик йўлига кирганларга ёрдам бермоқчи бўлганда ҳам, ёмонлик барибир яхшиликка қарши тураверади... Аммо бу кўргиликлар ҳали олдинроқда...

VI

Тўртинчи кун тонг азонда қорли тоғларнинг букир тизмалари кўзга чалинди. Поезд улар кетаётган Чу ва Мўйинқум чўлларига яқинлашарди. Теп-текис кенгликлардан сўнг келадиган қорли тоғлар тархи чўлмаконларда ўзига яраша бир белги бўлиб қолганди. Чўллар бағрига кириб кетаверган сари тоғлар кўздан узайиб сўнг йўқоларди. Лекин мана, ернинг ҳув четидан қуёш бошини кўтарди ва оламни осуда нурлари билан тўлдирди. Тақдирлари бир-бирларига сира ўхшамаган турли-туман йўловчилар тушган поезд тоғларга етмай турнақатор тизилган вагонлари қуёшнинг илк шуълаларида ярақ-юруқ қилганча, тонгнинг арғувон кўйлаги ёйилган биёбонларга бурилди — у ёқлардан энди тоғлар кўзга ташланмайди...
Нашаванд чопарлар Жалпоқ-Соз бекатида тушишлари керак эди. Ундан уёғига ҳар ким ўзича, ўз билганича таваккал ҳаракат қилади.
Аммо тўда ўша-ўша — битта, ният ҳам ўша-ўша — битта. Лекин буларнинг ҳаммасини ким бошқаради, ким ўша Ўзи — доим уларни кўз юммай кузатиб турган — Авдий Каллистратов ана шуни билишни истарди. Лекин айрим узуқ-юлуқ, ивир-шивир сўзлардан бўлак ҳеч нарса унга маълум эмасди.
Уч соатдан сўнг Жалпоқ-Соз бекати келади. Чопарлар йиғиштириниб ғимирлаб қолишди. Кечаси ўлгудай ичишган эди. Петруха охирги топшириқларни олиш учун Ўзининг ҳузурига боришдан аввал ҳожатда узоқ ювинди. Йўловчилар тоза диққат бўлишди. Чопарлар ўтган кеча шампандан бошлашди. Шампанни худди лимонад ичгандай эрмакка стаканлаб ичишаркан. Кейин арокқа ўтишди. Шунинг асорати эрталаб анча билинди. Тирмизак Лёнька-ку, қийшанглаб, росмана чулдираб қолди. Авдий эрталаб уни базўр оёққа турғизди. Жалпоқ-Созга етдик дегандан кейингина Лёнька зўрға кўзини очиб, тахтага оёғини осилтириб ўтирди. Сочлари тўзғиб кетган боши ингичка, қилтириқ бўйнида аранг осилиб турарди. Шу зумраша ғайриқонуний йўл билан анча-мунча пул топади. Ҳаёти ҳалитданоқ бутунлай барбод бўлган деса, албатта, бунга ҳеч ким ишонмасди.
Поезд поёнсиз текисликлардан равон кетиб борарди. Қаердадир, қайсидир вагонда унинг Ўзи кетяпти. Боши чириллаб айланган, карахт Петруха бош оғриғини босиш учун бир стакан қорайиб кетган аччиқ чойни шимириб ичди-да, Ўзи қошига шошилиб жўнади. Чамаси, Ўзи ичкиликбозларни хуш кўрмаса керак. Йўл бўйи Авдий Каллистратов Ўзини ҳатто узоқдан бўлса ҳам кўролгани йўқ. Ваҳоланки, ҳаммалари битта поездда кетишяпти. Ким у? Қандай одам? Юзлаб йўловчилар орасидан уни топиб кўр-чи. Худди қамишзорлар орасида қоронғу чуқур ичида бекиниб олган махлуқдай ғоятда эҳтиёткор, йўл бўйи салча бўлсин, сиёқини кўрсатмади. Кўп ўтмай Петруха унинг қошидан қовоғи солинган, жаҳли чиққан, лекин бутунлай ҳушёр тортган ҳолда қайтиб келди. Албатта, ҳали маконга етиб бормай туриб қилинган тунги ичкиликбозлик учун Ўзи боплаб адабини берган. Тушуниш мумкин Ўзини ҳам. Поезд Жалпоқ-Созга етиши билан иш қизиб кетади. Шундай пайтда шалпангқулоқ Петруханинг ғирт маст бўлиб юриши сира тўғри келмайди. Мана энди, бир ҳафта бошоғриғидан қутулмай юради. Петруха худди Авдий бир айб иш қилиб қўйгандай унга норози қараб, тўнғиллади:
— Юр, гап бор.
Улар тамбурга ўтишди. Чекишди. Поезд ғилдираклари тинмасдан тарақа-туруқ қилади.
 — Менга қара, Авдий, у қулоғинг билан ҳам, бу қулоғинг билан ҳам эшитиб ол,— деб бошлади Петруха.
— Хўп, эшитаман,— пешанасини тириштирди Авдий.
— Сен кўпам бурнингни жийираверма,— диққати ошди Петруханинг.— Ким бўпсан ўзи?
— Э, қўйсангчи, Петр,— уни тинчлантирйшга уринди Авдий,— нима қиласан бекорга хафа бўлиб? Хўп, мен ичмайман, сен эса ичасан, хўш, нима бўпти шунга, нима киласан сўкиниб? Яхшиси, бу ёғига нима қиламиз, ана шуни айт.
— Уёғини Ўзи айтади.
— Мен ҳам шуни сўраяпман-да. Нима деди Ўзи?
— Ишинг бўлмасин,— шартта унинг оғзига ургандай қилиб деди Петруха.— Сен янги одамсан. Шунинг учун Лёнька икковимиз билан борасан. Уч киши бўламиз. Бошқа болалар ҳам ким ўзи, ким шерик бўлиб боришади.
— Тушунарли. Фақат қаерга борамиз?
— Ишинг бўлмасин, мен обораман. Жалпоқ-Созда тушамиз. У ёғига ўзимиз кетамиз. Йўл-йўлакай машиналарга тушиб, «Мўйинқум» совхозига етиб оламиз. Ундан у ёғида тирик жон йўқ — пойи пиёда.
— Ана, холос.
— Ҳа, нима деб ўйловдинг. «Жигули»да олиб бориб кўйишади девдингми? Оласан, ошна! У ерда сал шубҳа уйғотсанг, дарров ушлаб оли-шади, машина ё мотоциклда борганларни-ку таппа босишади. Қалпоқ қилишади.
— Ўҳў-ўҳў! Анов, ким, Ўзи қаерда бўлади, у ким билан боради?
— Нима ишинг бор? — ўдағайлади Петруха.— Нега ҳадеб уни сўраб-суриштириб қолдинг? Борадими, келадими! Балки умуман бормас! Нима у сенга ҳисоб бериши керакми, а?! Нима деб тушунайлик буни?!
— Нимасига тушунмайсан? Бошлиғимиз бўлгандан кейин билиш керак-да қаердалигини. Бирон кор-ҳол юз бериб қолиши мумкин.
— Худди мана шу нарсани билишнинг сенга ҳеч кераги йўқ,— кибр билан деди Петруха.— У қаерда бўлади, нима қилади, сен билан бизнинг ишимиз эмас. Керак бўлса сени ернинг тагидан ҳам топади,— Петруха гапим қандай таъсир қилди экан деб бирпас атай жим қараб турди, кейин ҳали кайфнинг асорати тарқамаган лойқа кўзларини унга тик қадади-да, қўшиб қўйди: — Сенга шундай деди, Авдий: ишни уддалаб кетсанг, доим бориб-келиб турасан. Агар Худо кўрсатмасин, сотадиган бўлсанг, яхшиси, ҳозироқ орқангга қайтиб кет. Бекатга тушганимиздан кейин секин жўнавор. Тўрт томонинг очиқ. Сенга қўлимизни ҳам теккизмаймиз. Лекин иш бошладингми, тамом, орқага қайтиш йўқ. Сотсанг — тирик қолмайсан. Билдингми?
— Билдим. Билмай нима? Ёш боламидим,— жавоб қилди Авдий.
— Ундай бўлса, эсингда тут: айтдим-қўйдим. Икки қулоғинг билан эшитдинг. Кейин билмовдим, эшитмовдим, кечиринглар, деган гаплар кетмайди.
— Бас қил, Петр,— унинг сўзини бўлди Авдий.— Ҳадеб битта гапни чўзаверасанми. Ақли-ҳушим жойида. Нимага боряпман, нима қиламан, ўзим биламан. Яхшиси, сенга бир гапим бор, эшитиб ол. Шу бугундан эътиборан ичкиликни йиғиштир. Лёнькани ҳам ичирма. У тентак. Сен ҳам нима қиласан? Ўша ерларда шу иссиқда калламиз қизиб турса, нима қойил қилиб йиғамиз?
— Тўғри,— деб тан олди Петруха ва тупук сачраган лабларини қийшайтириб жилмайди. Унинг кўнгли жойига тушган эди.— Тўғри гапни тан оламиз. Ишон, ўзим ҳам оғзимга олмайман, Лёнькага ҳам ичирмайман. Тамом, бўлди!
Улар фикрлари бир жойдан чиққанига хурсанд бўлиб жим қолдилар. Поезд чайқалганча Жалпоқ-Соз томон жадалларди. Бу ерда машинистлар алмашадилар, поезд ҳам янгиланади. Кўпгина йўловчилар тушишга ҳозирлик кўрардилар. Лёнька ҳам ташвишланиб тамбурга қаради.
— Нима қиляпсизлар? — деди у боши оғриганидан юзини буриштириб.— Нарсаларни йиғиштириш керак. Бир соатда етамиз.
— Қўрқма,— жавоб килди Петруха.— Бизга йиғиштириш чўтми? Қиз бола эмасмиз-ку. Халтамизни елкамизга осамизу, ҳайё-ҳайт!
— Лёня,— болани ёнига чақирди Авдий.— Қани, берироқ келчи. Бошинг оғрияптими?
 Лёнька айбдорларча бошини силкитиб қўйди.— Петр билан шундай келишдик. Бугундан бошлаб оғзингга бир томчи ҳам олмайсан. Хўпми?
Лёнька индамай бош ирғади.
— Бўпти, бор. Биз ҳозир. Қўрқма, улгурамиз.
— Ҳали анча вақт бор,— деди Петруха соатига қараб.— Бир соатдан ҳам кўп.— Лёнька кетгач, деди: — Лёнькани тўғри айтдинг. Чилтоннинг ўзи ичаман деб ёпишади. Ичгандан кейин оёқда туролмайди. Бўлди энди! Ишми иш! Йўлда озгина эркалик қилдик. Ҳа, тағин, ўйлаб юрма, мен Лёньканинг пулига ичганим йўқ. Балки унинг ўзи шу... лекин мен ўзим олиб ичаман.
— Гап унда эмас,— деди алам билан Авдий.— Болага одамнинг юраги ачийди.
— Рост айтасан,— унинг гапига қўшилиб хўрсинди Петруха. Уни анчадан бери бир фикр безовта қилиб келса керак, шуни Петруха ҳозир очиқчасига гаплашаётганларидан фойдаланиб эслади.— Қулоқ сол, Авдий, бизгача, бизга келиб қўшилгунингча, нима иш қилардинг, ишлармидинг? Олибсотарлардан эмасмисан, мабодо? Сен яширма, энди биз ё ресторанда бирга ўтириб, мазза қиламиз, ё камерадан ахлат челакни бирга олиб чиқамиз. Ё униси, ё буниси!
Авдий яшириб ўтирмади:
— Чайқовчи эмасман. Яширадиган ерим йўқ. Мен илгари диний семинарияда ўқиганман.
Бундайини Петруха сира кутмаганди.
— Шошма, шошма! Семинарияда дейсанми? Э, бундан чиқди, сен поп бўлиш учун ўқиган экансан-да?
— Шундай десак ҳам бўлади...
— Ўҳу! — кўзларини ола-кула қилди Петруха ва лабларини чўччайтириб ҳуштак чалди.— Нега у ердан кетдинг, ё ҳайдаб юборишдими?
— Ундоқ десанг ҳам тўғри, мундоқ десанг ҳам. Умуман, ташлаб кетдим.
— Нимага? Худони талашиб қолдингларми? — шўхлик билан сўрашни қўймасди Петруха.— Ана кулги!
— Ҳа, талашиб қолдик шекилли.
— Бўлмаса, қани айт-чи, ҳаммасини билсанг... Худо борми, йўқми?
— Бунга жавоб бериш қийин, Пётр. Биров учун бор, биров учун йўқ. Ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ. Одамлар ер юзида қанча яшасалар, шунча Худо борми, йўқми, деб ўйлайдилар.
— Унда, агар бўлса қаерда, Авдий?
— Бизнинг ўй-хаёлларимизда, айтаётган сўзларимизда... Петруха ўйланиб жим бўлиб қолди. Вагон ғилдиракларининг товуши бирдан кучайди — вагондан вагонга ўтган йўловчилар тамбур эшигини очиқ қолдирган эдилар. Петруха тамбур эшигини ёпди. Ғиллиракларнинг тарақа-туруғи бир оз босилди, ниҳоят деди:
— Унда менда йўқ экан-да. Сенда Авдий, у борми, йўқми?
— Билмадим, Пётр. Бўлса эди дейман, кошкийди...
— Сенга у керакми?
— Ҳа, усиз иложим йўқ...
— Ана холос,— норози бўлди Петруха. Нимадир унинг ғашига текканди.— Худо керак бўлса, унда нима п... еб биз билан юрибсан?
Авдий гапни чуқурлаштиришнинг вақти ҳам, ўрни ҳам эмаслигини сезди.
— Лекин ахир, пул ҳам керак-ку,— деди у муроса оҳангида.
— Э, гап бу ёкда десанг-чи. Ё Худо, ё мулла жиринг! Пулнинг кетидан қувибдилар-да!
— Шундайроққа ўхшайди,— тан олишга мажбур бўлди Авдий. Бу гапдан кейин Авдий Каллистратов анча нарсаларни ўйлади.
Аввало, йўл бўйи қорасини кўрсатмай чопар болаларга кўз-қулоқ бўлиб келаётган Ўзи унча-мунчага ишонавермайди. Афтидан, пихини ёрган ва жуда бераҳм бўлса керак. Агар қилаётган ишининг бирон ерида ишкаллик сезса, у ўзини ва ўз ортида турганларни хавф остига қўймаслик учун ҳар қандай йўл билан ўч олади. Ҳеч нарсадан қайтмайди. Бошқача бўлиши ҳам мумкинмас. Буни ўз оти билан гиёҳ билан савдо қилиш деб қўйибди. Авдийнинг биринчи чиқарган хулосаси шундай эди. Петруха ва бошқалар билан йўлдаги гап-сўзлардан иккинчи аниқлаган нарсаси шу бўлдики — чопар болаларга сўз билан таъсир ўтказса бўларкан. Ваъзхоннинг вазифаси ҳам шу: чин дилдан самимий сўз юритиш, ҳеч қандай хавф-хатарга қарамай сўз билан фидокорларча тушунтириш; ахир, бир пайтлар фидойи дин ёювчилар жонларини Худо йўлига тикиб, ёввойи Африка қабилалари ичига Исо Руҳилло каломини етказмаган эдиларми; зеро, адашган дилларни халос этиш — унинг асл тақдирида бор, ҳаётининг тугал маъноси ва мазмуни ҳам эҳтимол, худди мана шундадир,— ҳа, у дилларни халос этади.
Улар Жалпоқ-Соз манзилига эрталаб соат ўн бирларда етиб келдилар. Бекат катта, ундан яна бошқа поездларга ўтириларди. Темир йўлнинг икки изи тонгда кўзга чалинган узоқ қорли тизма тоғлар сари кетарди. Шунинг учун бу ерда турли томонларга борадиган йўловчилар сероб. Чопар болаларга бу ҳам қулай. Ғала-ғовур бекатда бемалол кўзга ташланмай юрса бўлади. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандай силлиққина ўтди. Тушлик пайти барчалари вокзалдаги ошхонага киши билмас, лекин чаққон йиғилиб келганларида, Авдий ҳайрон қолди. Авдийни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, чўлга наша йиғиш учун борадиганлар ўн икки киши эди (унга шундай туюлди). Чопар болалар столлар атрофида битта-иккитадан бўлиб ўтиришарди. Ҳамма бир-бировининг кўз ўнгида. Лекин, ҳеч ким ҳеч кимга очиқ сўз қотмайди. Улар оддий йўловчилардан асло фарқ қилмайдилар. Кўпроқ Лёнькага ўхшаган ўсмирлар ва Петрухадай бўйи чўзилиб қолган йигитчалар. Айни ёз мавсуми. Ким қаёққадир кетяпти, ким қаёқдандир келяпти. Одатдагидай осиёликлар европаликлар билан аралаш-қуралаш... Тартибни сақлаш учун бу ерга милиция ходимлари дам-бадам кириб чиқаётган ва бекатнинг ўзида ҳам ҳар қадамда милиционер юрган бўлишига қарамай, чопарларнинг авзойидан ҳеч нарса билинмасди. Улар тезгина овқатланиб, ўринларини бошқа навбат пойлаб турганларга бўшатдилар. Шундан сўнг худди бир ишора бўлгандай дарҳол ҳар томонга ими-жимида тарқалдилар. Ҳар бирининг ўзига яраша юки ҳам бор: нон, консерва ва бошқа турли-туман зарур нарсалар солинган тўрхалталар, чарм сумкалар, портфеллар. Мана шундай қилиб, нашаванд чопарлар жой-жойларига, Мўйинқум атрофидаги яйдоқ чўллар ичига сочилиб кетдилар.
Петруха, Авдий ва Лёнька Ўзи белгилаб бергани ва топшириғи бўйича учовлон йўлга тушдилар. Авдий Ўзини бари бир кўролмади. Лекин бутун иш Ўзи томонидан бошқариб турилганига ҳеч қандай шак-шубҳа йўк эди. Улар энг олис жойга, «Учқудуқ» совхозининг Мўйинқумга тақалган бўлимигача Ўзи томонидан ажратилган ва Петрухага бериб қўйилган йигирма беш сўмга йўловчи машинани кира қилиб тушиб бордилар. Ҳар эҳтимолга қарши улар ўзларини уй қурувчи уста деб таништирадиган бўлдилар. Авдий — дурадгорлик қилади. Дурадгорларни бу ерларда кўзга суртишади. Аслини олганда ҳам, Авдий дурадгорлик ишларидан дурустгина хабардор эди. Отаси бу ҳунарни унга болаликдан ўргатган эди. Петруха унинг юк халтасига уйдан олиб чиққан — ранда, болта, искана сингари асбобларни солиб қўйди. Петруха ўзини ва Лёнькани сувоқчи ва бўёқчи уста деб таништиради. Улар гўё ПТУнинг ўқувчилари, «Учқудуқ»қа, Мўйинқум чўлларига ёзги таътилда уй қуриб, пул ишлаш учун келишяпти. Ким ишонмайди бунга.
Кун иссиқ. Лекин очиқ юк машинасининг тепаси анча шабада, офтобнинг иссиғи унчалик билинмайди. Тўғри, чўл йўлининг мазаси йўқ, ўнқир-чўнқир, чанг-тўзон.
Машина чўнқирларга келиб, секинлаганда, ғилдираклар остидан кўтарилган чанг устиларига ёпирилади, йўталиб, кўзларини уқалаганлари уқалаган. Йўл оғир, аммо атроф кенг, баҳаво эди. Беихтиёр ҳаёлингга шундай фикр келади: қанотим бўлсайди, учиб кетардим... «Энди мен бутунлай ишондим: ер ҳам сайёра экан,— деб ўйларди Авдий кабина тепасида туриб.— Нега одам ерга сиғмайди, доим торлик қилади, тўймайман, оч коламан, деб қўрқади, баайни ўзига ўхшаганлар билан ҳеч чиқишолмайди. Олдиндан ҳосил қилинган фикрлар, қўрқинч, нафрат сайёрани стадион даражасида торайтириб қўйяпти. Барча томошабинларнинг умрлари ушбу стадионда гаровга қўйилган, бинобарин, ҳар икки команда ҳам ўйинда ютиб чиқиш учун ўзлари билан бирга ядро бомбаларини олиб келган, ишқибозлар эса ҳеч нарсага қарамасдан қичқириб ётибдилар: гол, гол, гол! Сайёра — мана шу. Ҳолбуки, ахир, ҳар бир инсон олдида муқаррар бир вазифа кўндаланг бўлиб турибди — одам бўлиш. Бугун, эртага, доим. Тарих шундан яралади. Ҳозир нимага кетиб боряпмиз. Кандай муҳим ҳаётий зарурат ёки эҳтиёж борки, одамлар ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам заҳар-заққум ахтарадилар. Уларни бунга нима мажбур қилади? Ўз-ўзини унутишнинг ўша даҳшатли гирдобидан улар нима топадилар?»

Qayd etilgan


Зайнаб  28 Dekabr 2011, 11:07:42

* * *

Учқудуқ деганлари дунёнинг бир тупкасидаги гадой топмас қўналға экан. Улар бу ерда ўзларига дарров иш топиб олдилар. Бир чўпоннинг чала ётган иморатини битириб берадиган бўлдилар. Чўпоннинг ўзи бола-чақаси билан пода ҳайдаб кетган, қўшни турадиган қариндошига тайинлаган экан, агар бултургидай уй қурадиганлар келиб қолса, иморатни биткизиб беришсин деб. Шуни билгандай учта азамат чопар — Петруха, Авдий, Лёнька етиб келишган эди.
Улар шу ернинг ўзида томи битган чала уйда ётиб юришди. Ҳаво очиқ, кунлар иссиқ. Ҳовлида ўзларига ўчоқ қуриб олишди, гоҳо об-овқат қайнатиб туришди. Ростини айтиш керак, итдай ишлашарди. Петруха эрталаб барвақт турар, артелчи шериклари Авдий ва Лёнькани уйғотар, шу билан бир ишга тушганча қоронғу хуфтонга бориб бас қиладилар. Ҳовлида андак олов ёқиб, шунинг ёруғида овқатланар, фақат шундан кейингина Петруха ҳордиқ чиқариб, ундан-мундан гаплашиб ўтиришга ижозат берарди.
— Авдий, қараб турсам, бу иш сенга жуда ёқиб қолганга ўхшайди. Албатта, хўжайиндан тегишимизни оламиз. Лекин бу пул тупукка етмайди. Сариқ чақа! Одамларнинг кўзи учун ишлаймизда. Асл жойларни топиб йўлга тушайлик, ана ўшанда кўрасан. Гулиниям, ширасиниям икки қўллаб терасан. Бир кун нашапояга шўнғиб чиқсанг, бир йил министрдан кўра яхшироқ яшайсан. Сен биласан-ку, а, Лёнька? Тўғрими, гапим?
— Озроқ биламан,— деб жавоб беради шу кунларда сира овози чиқмай қолган Лёнька.
— Фақат кўзларингга қаранглар, болалар,— жиддий огоҳлантиради Петруха,— ҳеч кимга, на қўшниларга, на бошқаларга оғизларингдан гуллай кўрманглар. Бу ернинг одамлари яхши одамлар. Лекин барибир, ўлсанг ҳам, миқ этма. Айникса, бошқа ёқдан битта-яримта келиб сўраса, асло сир бой берманглар. Авдий, сен айт: ўламан саттор, ҳеч нарсани кўрганим йўқ, билмайман, эшитмаганман деб. Керак бўлса, ана, бошлиғимиз бор, ўша билади, деб менга рўпара қил. Мен кичкина одамман, ҳеч нарсани билмайман де. Хўпми?
Хўп демай иложинг қанча, хўпми, хўп... Лекин Авдийнинг диққатини ошираётган бу нарса эмасди. Индамай жим юришга мажбур бўлаётганидан, катта-катта пул ўмаришнинг тайғоқ ва жиноий йўлига кирган болаларга ўз таъсирини ўтказа олмаётганидан хуноб эди. Юраги ваъз айтиш иштиёқи билан тўлиб-тошар, лекин кўнгил амрини адо этолмасди. Агарда Авдий фикр ва сўзнинг кудрати билан болаларни иккилан-тириб, ўйлантириб қўя олганда, қанчалар тубанликка тушганларини уларга уқтира билганда ва улар виждон сасига қулоқ тутиб, бундай номуносиб ҳаётдан батамом воз кечиш фикрига келганларида ҳам, барибир охир-оқибатда бунга уларнинг қурблари етмаган бўларди. Сабаби оддий ва осон: улар ўч олишга ҳақи бўлган бошқа одамлар билан оғир аҳд-паймон қилинганлар, бу исканжадан ўзларини асло бўшатолмайдилар. Хиёнат йўлига кирмоқчи бўлганни эса даҳшатли қасос кутади. Шу бузуқ чевирикни қандай пачақлаб ташлаш мумкин? Нашавандлар ва чопарларнинг ҳаётларини ўз кўзим билан обдан кўриб, сўнг буларни газетада жиддий ёритиб бераман, одамларнинг кўзларини очаман, олижаноб мақсадлар учун хизмат қиламан, деган ҳаёлгина Авдийга андак таскин бериб турарди. Бу бир ҳовуч йўлдан озган ёшларни халос этиш учун олиб бориладиган ахлоқий курашнинг бошланиши бўлади, деб умид қиларди Авдий. Бу машмашаларга беихтиёр аралашиб қолгани, Петруханинг тўдасига тоқат қилиб келаётганлигининг боиси ҳам фақат шу эди.
Учқудуққа келганларининг учинчи куни арзимаган бир воқеа бўлиб ўтди. Авдий бунга унчалар ҳам эътибор бермади. Петруха эса воқеани билгач, оёғи куйган товуқдай безовталаниб қолди. Ўша куни Петруха овулдаги қўшнилари, уруш ногиронининг аравачасида совхоз марказига консерва, сигарет, қанд-қурс келтиргани кетган эди. Чунки эртасига саҳарлаб чўлга отланадиган эдилар. Элнинг кўзига эса гўё, бошқа жойга уй солгани жўнагандай бўлиб чиқардилар.
Лёнька уйнинг ичини сувоқдан чиқарар, Авдий эса, сояроқ жойни танлаб омборхона учун эшик ясарди. Бирдан кўча томондан мотоциклнинг патиллагани эшитилди. Авдий ўгирилиб қўлини пешанасига қўйиб қаради. Уй олдида тариллаб катта мотоцикл тўхтади. Эгаси ундан қушдай енгил сакраб тушди. Мотоциклни ёшгина аёл ҳайдаб келганлигини кўриб Авдий ҳайрон қолди. Бундай ваҳимаси зўр машинани абжағи чиққан уйдим-чуқур ерларда қандай ҳайдар экан-а?! Хотин бошидан икки четида камарчалари ликиллаб турган каскасини ечди, кўзларидан шамолҳимоя кўзойнагини олди, бошини силкиб-силкиб қўйди, сариқ сочлари елкаларига сарсарак сочилди.
—   Иссиғ-ей! — жилмайди у қатор оппоқ тишларини кўрсатиб.
—    Вой Худойим-эй, чангга ботганимни қаранг! — хушчақчақлик билан деди у устидан чангларини қоқаркан.— Салом!
— Яхшимисиз,— тортиниброқ саломлашди Авдий. Петруханинг аҳмоқона панд-насиҳатлари унга ўз таъсирини кўрсатган эди. «Ким бўлди? Нега келганийкин бу ерга?» — миясидан ўтди Авдийнинг.
— Хўжайин шу ердами? — сўради мотоцикл миниб келган хотин ҳамон чеҳрасидан табассум аримай.
— Қанақа хўжайин? — тушунмади Авдий.— Уйнинг эгасими?
— Ҳа, уйнинг эгаси.
— Ҳозир уйда йўқ шекилли. Молларини ҳайдаб кетганга ўхшайди.
— Нима, сиз уни кўрмадингизми?
— Йўқ, кўрмадим. Йўқ, кўрдим сал-пал, яқинда келиб кетган эди. Лекин у билан гаплашганим йўқ.
— Қизиқ, қандай қилиб у билан гаплашмайсиз, сиз шу ерда ишла-япсизми ўзи, унга уй соляпсиз шекилли?
— Кечиринг. Мен ҳақиқатан ҳам, у билан гаплашолганим йўқ. У шошиб турган эди. Каттамиз гаплашган у билан. Каттамизнинг оти Петр. Ҳозир бу ерда йўқ. Тезда келиб қолиши керак.
— Менга бунинг алоқаси йўқ, айбга буюрманг. Ўрмонни кўрмоқчийдим. Ишим бор эди ўрмонда. Йўл-йўлакай кириб ўта қолай, уйдадир девдим. Хўп, кечиринг, мен халақит бердим шекилли.
— Йўғ-ей, нима деяпсиз.
Мотоциклчи хотин яна икки тасмачаси ликиллаб турган қалпоғини кийди, моторини ўт олдирди, қайрилиб кетаркан, шамолҳимоя кўзойнагидан Авдийга қия назар ташлади ва билинар-билинмас бошини қимирлатиб қўйди. Авдий эса негалигини ўзи ҳам билмай унга қўлини силкитиб қолди. Кейин анчагача унинг ҳаёли шу арзимас, тасодифий воқеа билан банд бўлди. Йўқ, унинг кўнглига шубҳа оралагани йўқ: энди ҳосил йиғиштиришга чиқай деб турганларида бу хотиннинг келиб қолишида бир гап бормикин, ишқилиб бирон нарсани сезмадимикин, деб ўйлагани йўқ, Авдий бутунлай бошқа нарса ҳақида ўйларди. Жувон орқасидан қуюқ тўзон кўтариб жўнаб кетгандан сўнг, Авдий худди бир умрга эслаб қолмоқчидай уни бошдан-оёқ яққол кўз ўнгига келтирди. Унинг ўртачагина, жуда хушбичим, малоҳатли қадди-бастини тасаввурида, жонлантириб, бирдан дили равшан тортди ва чеҳраси очилди. У шундай ҳамма нарсаси ўзига ярашган хотинларни ёқтирарди. «Рост-да, ҳазили йўқ,— деди ўзига-ўзи, худди аллаким билан баҳслашаётгандай.— Хотин деган шундай бўлиши керак! Ҳа, шундай бўлиши керак хотин деган». Унинг бениҳоя нозик, нафис чеҳраси, порлаб турган қора кўзлари, юзини текис ўраб елкаларига тўлқинланиб сочилган сарғиш сочлари Авдийнинг кўз ўнгидан кетмасди. Бунинг устига кўзининг қорамтирлиги билан сочининг оқ-сариқлиги бир-бирини ажиб тарзда тўлдириб, чеҳрасига ўзгача жозиба, латофат бағишларди. Авдийга унинг ҳамма нарсаси: чап ёноғидаги билинар-билинмас чандиқ ҳам (болалик чоғларида йиқилганининг аломатимикин), усти-боши — жинси, куртка, кўнжи қайтарилган эски этикчаси ҳам, мотоциклни қандоқ ҳайдаб кетиши ҳам (ахир, Авдийнинг ўзи велосипеддан бошқа нарсани минмаган эди-да) жуда-жуда ёқди... Тағин у хўжайинни сўраса, эс-ҳушини паққос йўқотиб қўйганлигини айтмайсизми: йўқ, кўрмадим, йўқ, кўрдим, йўқ... худди ёш боланинг ўзгинаси, нега мунчалик тили чулдираб колмаса?
У ҳақда ўйлаган сари яна ўйлагиси келаверарди Авдий Каллистратовнинг. Ундай деса, эслайдиган тузукроқ нарсанинг ўзи ҳам йўқ — кутилмаганда жувон келди, кутилмаганда жувон кетди, ана, бор гап шу. Лекин ким бўлди экан-а ўзи, қаердан келдийкин? Бирон ердан келаётгани аниқ. Лекин бунақанги аёл кимсасиз чўл-биёбонларда нима қилиб юрибди?..
Петруха мотоцикл минган ғалати хотин келиб кетганини эшитиб, бир оз эсанкиради ва тўхтовсиз минғирлаб, нима деди, нимани сўради, Авдий нима жавоб берди, деб жонга тегди. Ўртада бўлиб ўтган гапни бир неча марталаб қайта сўзлаб беришга тўғри келди.
— Бу ерда бир гап бор, бир гап бор,— шубҳаси тарқамай бошини чайқарди Петруха.— Аттанг, ўзим бўлмабман-да, дарров у жононнинг кимлигини билиб олардим. Шу дейман, Авдий, сен ақлли, ўқиган боласан-ку, лекин мен буни дўндириб қўйган бўлардим. Ҳаммасини ўзидан сўраб билардим. Кимсиз, сизга нима керак, дердим. Сен бўлсанг, ошна, ўзингни йўқотиб қўйибсан. Кўриб турибман, ҳушинг бошингдан учган. Айтган эдим-а сенга...
— Мунча хавотир оласан? — уни тинчлантиришга уринди Авдий.— Нимасига шунча ваҳима килаверасан?
— Э, қизиқ экансан-ку, изимизга исковучлар тушиши мумкин. Ўша хотинни айғоқчи қилиб юборган бўлсалар-чи, бор, ҳаммасини кўриб кел, деб?
— Қўйсангчи, бўлмағур гапларни!
— Думингдан босиб, олиб кетсинлар-чи, унда нима деб сайраркинсан? Ё Ўзига нима деб жавоб қиларкинсан ҳали? У исковучлардан ҳам баттар сўроқ қилади: терингни шилиб олади. Сўкиб юборишдан ҳам тоймайди. Сўкиш нималигини биласанми ўзинг?
— Ўзингни бос, Пётр. Бошга тушганни кўз кўради. Буни олдинрок ўйлаш керак эди. Ана, Лёнька, ҳали кичкина бола, ким уни бу ишга тортди? Ёки ўзингни олайлик. Нечага кирдинг? Йигирмага чиқиб қолгандирсан, ҳойнаҳой? Аҳмоқсан, Ўзи-Ўзи деб бир қадам ортиқча қўёлмайсан, миқ этиб оғзингни очолмайсан. Ҳали охири нима бўлади? Ундан кўра шуни ўйла.
Лекин Авдийнинг бу сўзлари нишонга тегмади. Петруханинг ғазаби қайнади.
— Онангга айт бу насиҳатларингни, Авдий. Лёнькага ҳам тил теккизма. Кашишларни китобларини ўқибсан, энди буларни эсингдан чиқариб ташла. Эсингдан чиқар. Ўгитларингдан бир тийинлик фойда йўқ. Сен Ўзи дединг. Унинг соясида жарақ-жарақ пул топяпмиз. Билдингми? Лёнька тирик етимча. Ҳеч кимга кераги йўқ. Чўнтаги пулга тўлиб юрса, бировга муҳтож бўлмайди. Хоҳлаганча ейди, хоҳлаганча ичади. Сенинг чўпчакларинг корин тўйдирмайди. Қачон ўйнаб-куласан бу беш кунлик дунёда? Столнинг усти ҳар турли ноз-неъматларга тўлиб турса, эстрадада жонон қизлар тинмай қулинг ўргилсин қўшиқларни айтиб ўйнаса, жигарингдан урса, қани, қачон қўрасан бундай яхши кунларни? Менинг ака-акажонларим қора терга тушиб ишлаганлари ишлаган, бир кўрсайдинг уларнинг қандай ишлаётганларини! Ишдан бошларини кўтармайди бечоралар. Мен-чи, ҳоҳласам, қоғоз пулга артаман! Фақат аҳмоқ одамгина пулни яхши кўрмайди, тўғрими, Лёнька?
— Тўғри,— талтайиб бош силкиди Лёнька, бунга ҳеч кандай шубҳа бўлиши мумкин эмас дегандай.
Шу тариқа Авдий гапнинг учини чиқариб қўйди, холос. Вақти келса, бафуржароқ сўзлашади. Лекин ҳали пишмаган ғўрани узиш ярамайди. Авдий буни тушуниб турибди. Акс ҳолда, ким уни нашага келган, пулнинг кетидан қувиб юрган бола дейди?
Эртасига тонг қоронғусида турдилар. Субҳи содиқ эндигина оқариб келяпти. Чеккароқдаги ҳовлилар ҳали уйқуда. Уч чопар томорқалардан ўтиб, овоз чиқармай чўлга чиқдилар. Ҳатто итлар ҳам ҳуригани йўқ. Петруханинг гапига қараганда, борадиган жойлари узоқ эмас. У йўлни билар, ёввойи наша дуч келиши билан Авдийга кўрсатаман деб ваъда берган эди.
Кўп ўтмай Авдий ниятига етди. Нашанинг пояси пишиқ, қаттиқ, баланд шохлаб ўсаркан. Шохларининг уч томонига караб қорамтир япроқлар ичра гуллари майда-майда бўлиб поясига ёпишиб ётади. Осиёга Европадан мана шу ўсимликни деб келган эдилар. «Худойим-эй,— деб ўйларди Авдий наша тупларига қараб,— шўрага ўхшаган кўримсизгина ўт экан. Айримлар учун унда қанчадан-қанча кайф қиладиган лаззатли шира, банг бор, шуни деб бошларини ҳам тикиб юборадилар! Ер билан битта бўлиб ўсиб ётибди бу ерда!» Ҳа, наша дегани шу эди. Офтоб кўтарилиб елкаларни қиздира бошлади. Атрофда бир туп дарахт йўқ. Кимсасиз, адоқсиз чўл. Улар чўл ўртасида турганча ёввойи наша япроқларини бармоқларида эзиб уқалаб, унинг ёпишқоқ, ўткир, ачимсиқ ҳидини димоқларига тортар эдилар. Неча замонлардан бери гиёҳвандлар буни чекиб келадилар. Не-не гўзал рўёлар уйғонмаган уларнинг кўкнори ҳаёлларида! Авдий Ҳиндистон, Афгонистон ёки Туркиядаги Шарқ бозорларини тасаввур қилиб кўрди (улар ҳақида китобларда ўқиганди). Истамбул ёки Жайпурнинг эски шаҳар қўрғонлари тагида, бир замонлардаги машҳур саройларнинг дарвозалари атрофида тарёк, афюнни очиқдан-очиқ сотган, очиқдан-очиқ олган, шу ернинг ўзида такяхоналарда чўккалаб ўтириб чеккан бўлсалар керак. Кейин хумор ҳаёл уларни узоқларга олиб қочган, албатта — ким бу ҳаёлга оғушта бўлиб, ҳарамларда мислсиз гўзаллар билан кайфу сафолар сурган, ким шоҳона ясатилган филларда, гулдор шодурвонларда гавжум шаҳар кўчаларини шодиёна сайр этган, ким мерт бўлиб қолган онгнинг зулматли қаърларида туғиладиган аламангиз елғизлик қучоғига шўнғиган, сўнг шу зулмат жонидан тўйдириб, ғазаб отига минган — дунёни таг-томири билан емириб, бузиб, кулини кўкка совурмоқчи бўлган ҳозирнинг ўзида, дарҳол, ёлғиз яккама-якка!.. Бир замонлар жаннатдай гуллаб-яшнаган Шарқнинг ҳалокати ва таназзулининг сабаби шунда эмасмикин? Наҳотки сувсиз чўлларда ҳар қадамда оёқнинг тагида ўсиб ётган шу нашапояда одамнинг миясини айнитадиган фараҳ-бахш оғу яшириниб ётса?..
— Оҳ, сиз қадрдонларим! — деб ирғишларди Петруха қўлларини кенг чўлларга ёзиб кўрсатиб,— Қара, ана яна, ана, ана! Ҳаммаси ўзимизники, бизнинг нашамиз! Лекин, бу ердан йиғмаймиз. Булар ҳали нима! Ҳеч нарса эмас! Сизларни шундай жойларга бошлаб борай-ки, анқайиб қоласиз...
Улар яна ичкарилаб кетдилар ва бир соатлардан сўнг ўрмон бўлиб ўсган нашапоядан чикдилар. Атроф-тумонатни одамни маст қиладиган гуркираган наша ҳиди тутганди. Чопарлар хурсандчилигининг чеки йўқ эди. Улар наша барглари ва гулларини йиғишга тутиндилар. Йиққанларини қуритиш учун ёйиб қўйдилар. Петруха икки соат қуритилса етади, ортиқ керак эмас дерди. Иш қизигандан қизиб борарди... ҳаммаси жойида эди. Лекин, кутилмаганда аллақаёқлардандир вертолётнинг гулдирагани эшитилди. У чўл тепасидан пастлаб учиб улар томонга қараб келарди.
— Вертолёт, вертолёт! — болаларча хурсанд бўлиб қичқира бошлади Лёнька турган жойида ирғишлаб.
Лекин Петруха ўзини йўқотиб қўймади.
— Ерга ёт, аҳмоқ! — деб қичқирди у шалоқ сўкинганча. Ҳаммалари ерга биқиниб ётишди. Ўтлар орасида яширинишди.
Вертолёт бир оз нарироқдан учиб ўтди. Учувчилар уларни пайқамаган бўлсалар керак. Петруха анчагача ўзига келолмади. У Лёнькани сўккани сўккан эди. Вертолёт атай бизни қидириб келган, дерди нуқул.
— Нима,— дер эди минғирлаб — тепадан ҳаммаси кўриниб туради, ҳатто сичқон ҳам кўринади. Биз аҳмоқлар эса юз чақирим наридан кўринамиз. Тепадан кўзи тушиши билан керакли жойга хабар қилади. Милиция машинада келса, қочадиган жой йўқ. Қўлингни кўтар! Ўлдинг!
Аммо сал ўтмай ҳаммаси унутилди. Ишлаш керак эди. Худди шу куни ҳеч ақлга сиғмаган ҳодиса рўй берди. Авдий бўрилар галасига дуч келди. Воқеа бундай бўлди.
Дам олишга ўтирдилар. Овқатланиб олдилар. Шунда Петруха деди:
— Менга қара, Авдий. Ўзимизнинг одам бўлиб қолдинг. Бизга киришиб кетдинг. Сенга бир нарса айтиб қўяй. Сенга ўхшаган янгилар учун бир одатимиз бор. Агар биринчи марта ишга тушаётган бўлсанг, Ўзига ҳадями, тортиқми, бир нарса қилишинг керак.
— Яна қанақа тортиқ? — қўлларини ҳайрон бўлганча ёзиб сўради Авдий.
— Э, тўхта. Мунча қўрқмасанг. Сенга биров магазинга бориб кел деяптими? Магазиннинг ўзи йўқ бу ерда. Мен нима демоқчиман. Сен гугурт қутичадай бўлса ҳам, ширачни йиғ. Нашапоя ичида бирпас чопиб юрсанг, вассалом. Нима қилиш кераклигини айтаман. Ўша ширачни Ўзи билан кўришганда қўлига тутқизасан. Дўстлигимиз учун дейсан. Ақлли одамсан-ку, биласан нима дейишни. Ҳаммасига Ўзи бош, сен унинг қўл остидаги одам. Ишончини қозонишинг керак...
Авдий ўйга толди: нима қипти, чакки эмас. Нашанинг асилини — ширачни ўзига туҳфа қилсанг, йўлинг очилади, танишиб ҳам оласан. Ниҳоят, Ўзини кўришга муяссар бўласан. Бу жуда ҳам зарур эди! Ҳаммани титраб-қақшатиб ўз ҳукмида тутиб турган Ўзи билан учрашиш! «Ҳокимлик, ҳокимлик, иккита одам йиғилган жойда албатта бири хоким бўлади!» — аччиқ кулиб қўйди Авдий Каллистратов.
— Бўпти,— деди у,— керагича йиғиб сўнг Ўзига бераман. Қачон бериш керак? Бекатга боргандами?
— Аниғини билмайман,— тан олди Петруха.— Балки эртага берарсан.
— Эртага?
— Шундай. Вақт бўлди. Кетамиз. Етади. Эртага йигирма биринчи. Эртага соат тўртгача албатта айтилган жойда бўлишимиз керак. Йўлга тушамиз.
— Қаерда?
— Қаерда бўларди,— билағонликдан керилиб деди Петруха.— Борайлик. Ўшанда биласан. Уч юз ўттизинчи километрда.
Авдий бошқа сўраб ўтирмади — уч юз ўттизинчи километр Чу темир йўлидаги жой эканлигини тушунди. Ҳаммадан, Ўзи билан учрашув эртага ўша ерда бўлиши мумкин. Шунинг учун вақтни бой бермай тезроқ ширач йиғиш керак эмасми?
Бу ишнинг ўзи қийин эмас экану, лекин одамни жуда чарчатиб юбораркан. Ишнинг усули ҳам ёввойиларча. Қип-яланғоч бўлиб нашапоя ичида чопиб юриш керак. Шунда баданга наша гулларининг чанглари ёпишади. Кейин уларни аста уқалаб олинади. Ўша куни Авдий Каллистратов тоза ҳалак бўлиб югурди. Умрида бундай чопмаганди! Нашанинг шира чанги кўзга базўр чалинади. Рангини билиб бўлмайди. Лекин, жуда ёпишқоқ ширачдай бўлади. У баданга ўрнашиб ёпишиб қолади. Аммо, уни сидириб олиш осонмас. Кўп уриниб озгинагина ширач йиғиш мумкин. Лекин Ўзи билан кўришмаса бўлмайди. Бу мамлакатга жар соладиган, оғир дард-касалликдан огоҳ этадиган, бонг урадиган газета мақоласи учун ғоятда зарур. Авдий буни жуда яхши ҳис қилади ва шунинг учун жавзонинг сўхта қилиб юборадиган офтобига қарамай у ёқдан-бу ёққа чопгани чопган.
Қалин ўсган нашапояларда чопа-чопа Авдий шерикларидан хийла узоқлашиб кетганди. Шунда кутилмаганда, у ўзини енгил парвоз қилаётгандай, ҳаёли кўкларда ҳаволаётгандай сезди. Бу қачон, қандай бўлганлигини Авдий пайқамай қолди. Осмонда офтоб саховат билан нур сочади, ҳаво иссиқ, аллақандай қушлар пирпираб учишади, сайрашади, айниқса, чўл тўрғайлари тинимсиз чулдирашади, капалаклар пир-пир учиб, дам қўнишади, дам кўтарилишади, анвойи ҳашаротлар ҳам алланечук ўз куйларини куйлашади — мисоли ер юзидаги жаннатга ўхшайди. Ана шу жаннатмаконда шимоллик оқбадан йигит Авдий наша ҳидларидан ғоятда сархуш бўлиб, худди мурвати бураб қўйилгандай у томондан-бу томонга югургани югурган. У қип-яланғоч. Бошида панамаси-ю, кўзида ойнак, оёғида кеди ва устида кичкина иштончасигина қолган. У энг қуюқ ўсган нашапояларни топиб ўзини улар ичига уради. Унинг атрофида гуллаб уруғ боғлаётган нашанинг чанги оқариб кўтарилади. Улар ҳаво билан Авдийнинг ичига киради, бошини айлантиради, ғувиллатади, кўзига ҳар турли рангин манзаралар кўринади. Сархуш ҳаёл тасвирларга тўлади: ана, у мотоциклда учиб боряпти. Кечаги мотоциклчи хотиннинг орқасига ўтириб олган. Одатда мотоциклнинг орқасига хотин-халаж минади. Лекин Авдий йигит бўла туриб каттакон мотоциклни ўзи эмас, аёл бошқариб бораётганидан хижолатга тушмайди. У мотоцикл ҳайдашни билмаса ва умуман, техникадан узоқ бўлса, не қилсин. Хотин билан битта мотоциклда кетишнинг ўзи маза эмасми. Аёлнинг сочлари қалпоғи остидан тўзиб чиқади, шамолда учиб, унинг юзига урилади, сирпалади, қитиқлайди уни худди шамолдай, лаблари, кўзларига ёпишади, томоқларини қичитади, оҳ, қандай яхши, қандай соз: гоҳида жувон орқасига ўгирилиб қарайди, унга шўх-шан кулиб қўяди, кўзлари чўғдай порлайди — о, қанийди, доим-доим шундай бўлса, узоқ-узоқ давом этса, асрларча...
Шунда бирдан унинг кўзи уч бўри боласига тушиб қолди-ю, дарҳол ҳушёр тортди. Ана холос! Қайдан келиб қолдингиз, азаматлар? У кўзларига ишонмасди. Учта бўри боласи думчаларини ликиллатиб унга яқинлашмоқчи, у билан ўйнашмоқчи бўлар, лекин — юраклари тўла дов бермас, анжо, қочиб кетмас ҳам эдилар. Оёқлари ўсмирларники каби узун-узун, қулоқлари дам диккайган, дам шалпайган, тумшуқлари чўзинчоқ, жайноқланган тамтам кўзлари одамга кулгини қистатадиган даражада ишонч билан боқади. Худди шу нарса Авдийнинг дилини қитиқлаб юборди-да, бошқа ҳамма нарсани унутиб, уларни ўз олдига эркалаб, авраб, қизиқтириб чақира бошлади. Авдий бўричаларни яхши кўриб тамомила ийиб кетганди. Шу он кўз ўнгида гўё оқ йилдирим пайдо бўлди. Тишлари оппоқ йилтираган қанжиқ бўри унинг устига ўқдай отилиб келарди... Бу кутилмаганда, тез, лекин шунчалар секин ва даҳшатли тарзда содир бўлдики, тиззалари ўз-ўзидан букилиб, беихтиёр чўккалаб ўтириб қолгани, қўллари билан бошини тўсганини билмади. Худди шу нарса унинг ҳаётини қутқариб қолди. Лекин, у бундан ҳам бехабар эди. Бўри уч қадамча нарида эди, ў бирдан шиддат билан сакраб Авдийнинг бошидан нари ошиб кетди. Авдийнинг димоғига ҳайвон ҳиди гупиллаб урилди. Шунда уларнинг кўзлари тўқнашди. Авдий бўрининг кўк олов сочган нигоҳини, мислсиз кўм-кўк ва қаҳрли кўзларини кўрди. Вужуди музлаб кетди. Бўри эса зум ўтмай яна унинг устидан орқага сакради ва кучукчаларини тишлаб, турткилаб худди шамол янглиғ орқага суриб юборди. Йўл-йўлакай жар ичидан ёллари тикка-тикка бўлиб, баҳайбат калласини чиқариб қараган ваҳимали бўрини ҳам кўкраги билан уриб, тишлаб шитоб билан орқага қайтарди. Улар худди бўрон учириб кетгандай, бир зумда кўздан ғойиб бўлдилар...
Авдий эса оёғини қўлига олиб қочди, чўлда қанча чопганини билмайди, қўрқинч бўғзидан фарёд бўлиб отиларди. Чопиб бораркан, боши чириллаб айланар, оёғи чўян осиб қўйилгандек оғирлашиб кетган, чалкашган оёклари тагида ер чайқаларди. Йиқилсаму турмасам, ухлаб қолсам дерди. Шунда у ўқчиб-ўқчиб қуса бошлади. Ана энди ўлдим, деб ўйлади. Ҳоли-жони қолмаган, лекин шундай бўлса ҳам, ўзини қусуқдан нари олишга куч топар, яна югуришга тушар, яна ўқчиб, букчайиб-букчайиб қусгани-қусган эди. Қорнида чидаб бўлмайдиган оғриқ турди. Ичакларини худди биров тинмай тилаётгандек эди. Оғу ичидан сўлакайланиб тушаркан, азобдан етти букилган Авдий титраб-қақшаб хХдога ёлворарди: «Оҳ, Худойим, бўлди, бас қил! Бошқа ҳеч қачон, ҳеч қачон, хеч қачон наша йиғмайман, о, Худо, ўзинг менга раҳм қил...»
Ниҳоят, кўнгли айниши тўхтади. У кийимларини ахтариб топиш учун ўрнидан турганда, олдига Петруха билан Лёнька чопиб келишди, Бўрилар ҳақидаги ҳикоя уларга қаттиқ таъсир қилди. Айниқса, Лёнька кўрқиб кетди.
— Ўзингни тут, ҳей! Мунча қалтирайсан? — деб қичқирди унга Петруха.— Одамлар олтин қидирганларида нималар бўлмаган, биласанми, лекин орқаларига қайтишмаган... Сен бўлсанг, қандайдир бўрилардан қўрқиб ўтирибсан. Улар аллақачон қочиб кетган...
— Олтиннинг йўли бошқа-да,— деди Лёнька бир оз жимликдан сўнг.
— Нима фарқи бор? — ўдағайлади Петруха. Авдий фурсатдан фойдаланди.
— Фарқи бор, Пётр,— деди у заиф овоз билан.— Катта фарқи бор. Олтин ҳам кўп ёмонлик келтиради. Лекин у тақиқланмаган. Наша бўлса, ҳамма учун оғу. Бошимдан ўтказдим. Ўлиб қолай дедим. Бутун чўлга қусиб чиқдим...
— Бас қил, шу гапларингни! Ўрганмагансан. Озроқ заҳарлангансан. Шунга шунчами? — қўлини норози бўлиб силкиди Петруха.— Нима, сени биров мажбур қилиб олиб келдими бу ерга? Нуқул Худо дейсан. У яхши, бу ёмон деб нах урасан. Нега бизга пишанг беряпсан? Нега сувни лойқатяпсан? Пул деса, ўзингни томдан ташлайсан. Шундан шунга пул деб келгансан. Тағинам бўри қорнингни ёриб ташламабди!
— Лойқатмоқчи эмас, тозаламоқчиман сувни,— Авдийнинг назарида янада очиқроқ гапириш палласи келгандай эди.— Ўзинг ақлли боласан, Петр. Жиноят йўлига кирганингни билмайсанми, ақлинг етмайдими...
— Ҳа, шу йўлга кирганман! Сен-чи, сен қайси йўлга киргансан?!
— Мен қутқаришни истайман!
— Кутқариш дейди! — жаҳл билан қичқирди Петруха.— Сенми ҳали бизни қутқарадиган? Қандай кутқарасан, қани, айтиб бер-чи!
— Олдин — Худога тавба қиламиз. Кечиришини сўраймиз. Кейин одамларга...
Авдий уларнинг кулмаганларига ажабланди. Фақат Петруха оғзига бемаза нарса теккандай чиртиллатиб тупурди.
— Тавба эмиш! Гапини қаранг! — тўнғиллади у.— Э, сен тавба қил. Биз пул ишлаймиз. Бизга пул керак, билдингми. Гап тамом. Сен тавбангни қилавер! Авдий, агар ҳазиллашаётган бўлсанг, сал кўзингга қараб ҳазиллаш! Бизни йўлдан ураётганингни Ўзи эшитса, чиққан жойингга киргазиб юборади, билиб қўй! Сенга жўрам деб айтяпман. Бизни ҳам алағда қилма. Пулдан бошқасига қизиқмаймиз. Лёнька, ўзинг айт. Сенга пул керакми, Худоми?
— Пул! — жавоб берди бола.
Авдий ғиқ этмади. Гапнинг давомини бошқа пайтга қолдирди.
— Хўп, қани, гапни бас қилдик. Етар, йўлга чиқайлик,— муросага келгандай деди Петруха.— Сен ширач қилолдингми, Авдий?
— Йиғолмадим. Бўри ҳужум қилди. Қолганларини қаерга қўйганман, эсимдан чиқди. Уст-бошимни ҳам топиб келишим керак...
— Кийимларингни-ку топарсан, каерга кетарди. Лекин ширач йиғиб улгурмайсан. Бугун кетишимиз керак. Майли нима бўлганини айтсак, тушунар. Тушунмаса, келаси сафар йиғиб берарсан...
Наша тўлдириб солинган юк халталарини елкага ортганча, ярим кечага довур темир йўл томонга қараб юрдилар. Юриш унча қийин эмасди. Қуритилган гиёҳнинг қанча оғирлиги бўлади дейсиз. Лекин нашанинг ҳатто елим пакетлардан ҳам гуркираб турган ҳиди бошни айлантирар, кўзни уйқуга тортарди. Чопар болалар тун ўртаси ухлагани қўндилар. Йўлни тонг қоронғусида давом эттирадиган бўлдилар. Лёнька Авдий билан Петруханинг ўртасига тиқилиб ётди. У бўрилардан қўрқиб қолганди. Бола-да ҳали. Бари аксинча бўлди. Йўл юрганларида уйқу босганди. Ухлагани ётганларида Авдийнинг уйқуси қочди. Лёньканинг ўртага тиқилиши кўнглини ийитиб юборди. Кимнинг ҳаёлига келибди дейсиз. Кап-катта бола бўрилардан қўрқиб ўтирибди. Лекин кўрдингизми, иллатнинг кучини, ҳаёт ҳақидаги тасаввурларнинг гўдакликдан бузилганини. Боя Лёнька заррача ўйлаб ўтирмай дарҳол Худонимас, пулни яхши кўраман, деди-я. Худо бунда шартли бир нарса эди, тақводор ҳаётнинг рамзи... Авдий шуларни ўйларди...
Ёз чоғларида чўл кечаларининг ўз гўзаллиги бор. Замин ва само бепоён, ундан чиқаётган сукунат ҳам чексиз. Кеча илиқ. Анвойи ўт-ўланларнинг ҳидлари гуркирайди. Сон-саноқсиз юлдузлар, ярқироқ ой одамни қаттиқ ҳаяжонга солади. Юлдузлар ва нигоҳ аро зарра ғубор йўқ, ҳаво шу қадар мусаффо. Одам турмуш уринишларидан чалғиган ноёб дамларда хаёл ўша сирли оламлар бағрига шўнғийди. Афсуски, бу узоқ давом этмайди...
Ҳаммаси ўзим ўйлаганимдек, мўлжаллаганимдек бўлди, деб фикр юритарди Авдий: чопарлар билан нашазорларга келдим, барини ўз кўзларим билан кўрдим, бошимдан ўтказдим. Энди энг мураккаб иш — поездга ўтириб жўнаш қолди. Чопарлар учун энг хатарлиси — нашани олиб кетиш. Милиция уларни кўпинча Осиё станцияларида ушлайди. Россия томонларда бу жиҳатдан анча осон. Москвага бориб олсанг ва ундан у ёғига омон-эсон етиб олсанг, марра сеники! Турмушнинг улуғ заволи кичкина одамларнинг кичкина ютуғига айланиб мана шундай тантана қилади...
Авдий бу билан ҳатто ҳаёлида чиқишолмасди. Лекин айтайлик, жиноятнинг олдини олишгина эмас, чопарларнинг фикрини ўзгартириш, уларни бу йўлдан қайтариш, қайта тарбиялашга келганда, бунга кучи етмаслигини энди у тушунарди. Шу чўлларда ҳам қайлардадир ўралашиб, ҳамма нарсани, жумладан, Авдийни ҳам чангалида тугиб тургач, барча чопарларнинг жиловини ўз қўлига олган, ўша Ўзи деб аталадиган кимса унга буткул қарши турар ва ундан анча-мунча қудратлирок эди. Уларнинг нашачўлга юришлари Ўзининг ҳукми ва назоратида эди. Балки ундан ҳам ортиқ — Ўзи микродиктатор эди. Улар орасида Авдий қароқчиларга қўшилган дайди роҳибдай жуда аянчли эди... Аммо художўй ва мутаассиб роҳиб ҳар қандай шароитда ҳам роҳиб бўлиб қолиши керак... У ҳали ҳаётнинг бу жомидан ҳам ичади...
Кундузи бўлиб ўтган таажжуб ҳодиса яна ҳаёлини банд этди. Анави узуноёқ тентак кучукчаларни қаранг-а. Одамни кулгили, безиён махлуқ деб ўйлашди чоғи. У билан жуда ўйнашгилари келди. Катта бўрининг турқини кўринг, қутуриб кетган, кўккўзлари ёнади. Роса аччиғи чиққан эди. Йўқ, шукр, ҳаммаси ўтиб кетди. Нега унинг устидан икки марта сакраб ўтди? Не маъноси бор бунинг? Бир ҳамла қилганда уни пора-пора қилиб ташлаши мумкин эди-ку? Панама-ю кичкина иштони демаса, шаҳарнинг қип-яланғоч аҳмоқ одамини нега аядийкин? Фақат ҳангомалардагина шундай бўлиши мумкин. Буни кўринг энди — бўриларнинг марҳамати — тақдирнинг марҳамати эмасми? Демак, у ҳали ҳаёт учун керак экан-да? Лекин унга томон қаҳру ғазаб билан ташланган, болалари учун қўрқиб кетган кўккўз бўри қанчалар шиддатли ва қанчалар ажойиб эди. Ҳа, у ўз йўлига ҳақ эди. Лекин отасига балли-ей, унга ташланмади, гўштларини ғажимади. Ахир, Авдийнинг ҳам ҳеч қандай гуноҳи йўқ эди-да. Авдийни ўша ҳолатда анави мотоцикл минган хотин кўриб қолгандами, тоза котиб-қотиб кулармиди-ей? Авдий шуни кўз ўнгига келтириб оҳиста кулиб қўйди. Ҳа, худди циркда масхарабозни кўргандай маза қиларди. Лекин у бирдан қўрқиб кетди: кимсасиз чўлда кетаётганда мотоциклнинг мотори ўчиб қолса-я, бир ўзи, бу ёқдан бўрилар ташланса?! Шунда Авдий кўккўз бўрига мурожаат қилиб ёлвора бошлади: «Сўзларимни тингла эй, гўзал она бўри! Сен шу ерларда яшайсан. Ўзингга қандай яхши бўлса, шундай яша, табиат қандай буюрган бўлса тирикликни шундай адо эт. Ёлғиз шуни ўтинаман сендан: агар унинг мотори ўчиб қолса, Худо ҳаққи, бўриларнинг худолари ҳаққи, болаларинг ҳаққи, унга тегма! Унга зиён-заҳмат еткизма! Шундай катта мотоциклни миниб кетаётган ўша гўзал хотинга ҳавасинг келса, унинг ёнгинасида, йўлнинг чеккасида бирга чопиб бор, лекин асло унга кўринма. Қанот чиқаргину уч. Буддоийлар айтганларидай, балки сен, эй кўккўз бўри, уни одам қиёфасидаги ўз эгачинг, деб тан оларсан? Нима, шундай бўлиши мумкин эмасми? Нима қилибди сен бўри бўлсанг, у эса одам, лекин икковингиз ҳам, ахир жуда гўзалсиз, ўзингизга ярашган чиройлисиз! Сендан яшириб ўтирмайман, уни чин юракдан яхши кўриб қолишим мумкин. Лекин мен тентакман, ҳа, тентакман, яна ким ҳам бўлардим! Фақат ғирт девоналаргина шундай орзу қиладилар. Мабодо, менинг нима деб ўйлаганларимни у билиб қолса, кула-кула кўзларидан ёш чиқиб кетарди! Лекин шундан хурсанд бўлса, майли, тўйиб-тўйиб кулсин...»
Чўлда тонг ёришиб кела бошлади. Петруха Авдий билан Лёнькани уйғотганда, ҳали тонг қоронғулиги кетмаганди. Уч юз ўттизинчи километрга йўл олиш керак эди. Қанча барвақт бўлса, шунча яхши. Чунки ўша ерга бошқа наша тўпловчилар ҳам йиғилиб келишлари кутиларди. Биронта юк поездини тўхтатиб, унга ими-жимида чиқиб, Жалпоқ-Соз бекатига етиб олишлари керак. Сўнг бу ердан аста бошқа поездларга ўтирадилар. Умуман, чопарлар учун йўлнинг энг хатарли қисми бошланмоқда эди. Ҳаммасига Ўзи раҳбарлик қиларди чамаси. Уч юз ўттизинчи километрда ким кимни: улар — Ўзиними ё Ўзи — уларни топадими, Петруха буни тузукроқ айтмади. Ё билмайди, ё айтишни истамайди.
Шундай қилиб, яна юк халталарини елкаларига ортдилар-да, Петруханинг ортидан йўлга равона бўлдилар. Петруханинг хотираси, йўлни билишига Авдий қойил қолди. Қаерда жар бор, қаерда киши билмас булоқ милдираб оқади, қаерда сой-ўр бор, барини олдиндан биларди. Шундай хотира, шундай қобилият ҳайф кетаётганига Авдий афсусланди. Бир кўрган ерини эсидан чиқармас экан бола!
Мен ахир деҳқон боласиман-да, дерди у. Петруханинг айтишича, бу ердан икки юз чақирим нарида Мўйинқум саҳроси бор. У ерда сайғоқлар — чўл кийиклари гала-гала бўлиб юради. Идоранинг «газиги»га миниб юрадиган уддабурон одамлар ҳатто Оренбург томонлардан овга келишади. Келгандаям яна қандоқ! Бу ёқда тирик кабоблар истаганча чопиб юрибди. Ичкилик эса ўзларида етарли. Ана, шоҳона ов! Лекин хатарли жойи ҳам бор. Машина бузилиб қолса. Ана унда кўринг ҳангомани. Овчилар саҳрода сув қидириб, адашиб, ташналикдан ўлиб кетган пайтлар бўлган. Қиш пайтлари эса бўронларга чидолмаганлар. Кейин фақат суяклари топилган. Битта овчи жинни бўлиб қолган экан. Уни вертолётда қидиришган. Вертолёт уни қутқараман деса, у вертолётдан қочармиш. Беркиниб олармиш. Орқасидан қува-қува алоҳа етиб қутқариб олишибди. У бўлса, гапиришни ҳам эсидан чиқариб юборган экан. Хотини ҳам орада бошқага тегиб кетибди. Вой ифлос-эй! Уларнинг ҳаммаси шунақа! Мен уйланмайман. Шаҳарда биттаси бор. Жуда кетворган. Озгина пул ташлаб қўйсанг, тамом, жонингни киргизади. Сўз ҳам берган — бола бўлмайди деб! Зўр мото ҳам олиб қўйибман, чехларники, спортчилар минадиганидан. Саройда қантариб қўйганман. Хоҳласам, «Жигули» ҳам оламан. Чўт эмас. Лекин ҳаммаси «Волга» дан ўтаверсин. Ҳозир «Мерседес»га ўхшагани чиққан. Ўшандан олсанг-да, олганга яраша. Қўлга туширса бўлармикин-а, шунақасини? Кассета жойлаб қўйсанг. Ястаниб эшитиб ётсанг ичида. Ашула дегани ҳам мундоқ жигарларингни эзиб турса-да. Ҳаммасига таниш керак, ҳаммасига пул керак, чўзиш керак ҳаммасига. «Волга»ни миниб қайдасан Воркута деб жўнасанг. Кўриб қўй аканг қарағайлар деб. Ҳе-ҳе, ичиқора кеннайилар ёрилиб ўлади. Юкхонада шишалар лиқ тўла. Асл тоза ичимликлар. Кўпи четники. Ўзимизники ҳам бор. Ўзи шундан яхшиси йўқ. Мингани эса «Волга», ана холос... Шунинг учун, азиз жўраларим, нашанинг кетидан қувиб юрибман-да. Сизлар ҳам бир нарсалик бўлиб қолинглар деб жон куйдиряпман-да... Давринг келди — сур бегим, давринг кетди — тур бегим...
Петруханинг маза-матрасиз, гўл алжирашларини эшитиб, Авдийни яна ҳаёл олиб қочди. Инсон боласи бойиш васвасасида ялпи тус олган тақлидчиликка тақлид қилиш ва манманлик ўртасида овора-сарсон бўлиб юради. Мана шу уч нарса — оммавий онгнинг уч наҳанг балиғи. Ҳамма ерда ва ҳамма замонларда одми одамларнинг ҳаётлари шулар заминида барқарор туради. Барча катта-кичик кулфатлар улардан ҳосил бўлади. Уларга ин қуради. Эътиқодлар ва қарашларнинг қашшоқлиги, ночорлиги ҳам улардан. Одми одамларнинг тенгсиз қудратга эга бўлган бу мафкурасини енгадиган кучни ер юзида топиш мушкул. Дин ҳам бундан мустасно эмас. Ичи бўш ва ҳавол бўлса-да, ҳеч қачон нурамас бу қояга руҳнинг қанчадан-қанча парвозлари ўзини уриб парча-парча бўлиб кетмаган дейсиз... Унинг чопарларга қўшилиб бораётгани ҳам ўшандан далолат — руҳ ночор, лекин ҳоримас... Пешанада бор эканда. Ёзмиш... У йўл бўйи Ўзи билан учрашувга ҳозирланиб борди — жангга. тайёр туриш керак эди.
Уч юз ўттизинчи километрга улар вақтидан икки соат бурун етиб келдилар. Соат учда улар шу ерда эдилар. Темир йўл бўйлаб кетган жарликка яқинлашарканлар, Петруха юкхалталарни мен кўрсатган ерга қўйинглар, ўтиб турган поездларга қорангларни кўрсатманглар, бошларингни кўтарманглар, нима гап бўлса, ҳаммасини ўзим айтаман, деб тайинлади.
Ўлгудай чарчашган экан. Осонми бир кунда шунча йўлни босиш! Жар тагидаги маврак ва чалов аралаш ўсган бахмалдай майсага чўзилиш қанчалар роҳат. Узоқдан поездларнинг гулдираб яқинлаб келишларини эшитиб ётиш аллақандай фароғат бағишлади. Узоқ-узоқларга чўзилган зил вагонлар остида темир излар зинғиллаб ва зувиллаб кетар, кейин оғир чўян ғилдиракларнинг қалдир-қалдир, қалдир-қалдир ўтгани эшитилар, сўнг темир ва мой ҳиди анқирди. Бу шовқин кейин яна анчагача олис-олислардан қулоққа чалиниб турар, сўнг аста-секин олам океанини қуршаган жимжитликка сингиб кетарди... Шамолдай елиб бири — у томонга, бошқаси — бу томонга пассажир поездлар ўтарди. Авдийнинг юраги орзиқиб кетди. У болаликдан пассажир поездларни, вагон ойналарида лип-лип ўтиб бораётган одамларнинг башараларини томоша қилишни яхши кўрарди. Ҳой бахтиёр одамлар, мени ҳам ола кетинглар ўзларинг билан! Лекин ҳозир шу ўткинчи ҳавасдан ҳам маҳрум. Бута панасида бошини чиқармай ётишга тўғри келади. Лекин энг чатоғи — шу ерда юк поездини қароқчиларга тўхтатишда иштирок этади. Тўғри, ҳеч ким составни таламоқчи эмас. Поезд тўхтаса, чопарлар унга липпа-липпа сакраб чиқиб оладилар. У ёғи ўз йўли билан кетаверади. Уёғига юк вагонларда пусиб боришади...
Поездлар у ёқдан-бу ёққа тинмай ўтарди. Кейин узоқ жимлик чўкди. Авдийнинг энди кўзи илинган экан, бирдан ҳуштак овози келди. Петруха қулоғини динг қилди, сўнг ўзи ҳам ҳуштак чалди. Унга яна бир ҳуштак чалиб жавоб қилишди.
— Хўп, сизлар бемалол кутиб туринглар,— деди Петруха,— мен борайчи, чақиришяпти. Менсиз қимир этманглар, эшитяпсанми, Авдий, эшитдингми, Лёнька? Юк поездини тўхтатиш осон иш эмас. Каллани ишлатиш керак, каллани.
У шуларни айтиб ғойиб бўлди. Ярим соатлардан сўнг қайтиб келди. Андак шаҳди сустроқ эди. Чеҳраси қандайдир ўзгарган, кўзлари ўғринча аланг-жаланг қилар, одамнинг юзига тик қарашдан ўзини олиб қочарди. Авдий бундай пайтларда гумонсираб ўтиришни ёқтирмас, нохуш ўйларни ўзидан нари қуварди. Ўз эркига қўйиб берсанг, ҳаёлга нималар келмайди. Балки кишининг қорни оғриётгандир... Шунинг учун хотиржам ўсмоқчилади:
— Хўш, Пётр, ишларимиз қалай?
— Ёмон эмас, тузук. Яна озроқ кутамиз.
— Поезд тўхтатамизми?
— Албатта. Юк поезди бизга қулай. Поезд бекатга кечаси борса ва қўшимча йўлда турса, ундан ҳам яхши.
— Шундай де.
Улар жим қолдилар. Петруха сигарет тутатди. Тутунини ичига чуқур тортаркан, гўё ҳеч нарса билмагандай деди:
— Бир жўрамизнинг оёғи лат ебди. Оти Гришан. Бориб кўриб келдим. Иши юришмабди. Чўлоқланиб қанча йиғиб бўларди. Таёққа таяниб юрибди. Албатта, одамга алам қилади. Балки, ҳаммамиз оз-оздан унга йиғиб берсакмикин. Ўн киши эканмиз. Жиндак-жиндак наша берсак бечоранинг кўнгли кўтарилади.
— Майли,— деди Авдий.— Лёнька ухлаяпти. Лекин у ҳам қизғанчиқ эмас.
— Э, Лёнька ўзимизнинг ҳотамтой-ку! Авдий, сен бориб Гришан билан гаплашиб келсанг, бўларди. Нима қилди, нима бўлди, деб ҳол-аҳвол сўрасанг, сал ёзилармиди чўлоқ шўрлик...
— Ўзи қаерда, ўша ердамикин? — эҳтиётсизлик қилиб сўради Авдий.
— Э, сени нима жин урган ўзи? Оғзингдан Ўзи, Ўзи тушмайди,— жаҳли чиқди Петруханинг.— Мен қаердан билай? Сенга Гришанни айтсам, яна Ўзими дейсан. Керак бўлса Ўзи бизни топиб олади. Бўлма-са хап ўтир. Бурнингни суқма. Нега ҳадеб суриштираверасан?
— Бўлди, бўлди. Сўрадим қўйдим-да. Тинчлан. Гришан қаерда? Қайси томонда?
— Ҳув ана, ўша ёққа бор — ҳув ана, сояда, бута тагида ўтирибди. Бор, бор.
Авдий ўша томонга юрди ва кўп ўтмай Гришанга кўзи тушди. У ўт-ўланлар орасида мўъжазгина курсичада қўлида таёқча ўйнаб ўтирарди. Кепкасини манглайига бостириб кийган. Сезгир одам бўлса керак, Авдий ҳали яқинлашмай туриб, ўгирилиб қаради ва кафтига йўталиб қўйди. Ундан нарироқда яна икки киши ўтиришарди. Ҳаммаси бўлиб уч киши. Шунда Авдий тушунди: Ўзи мана шу одам... Қадами тайсаллаган Авдий баданига совуқ ўрмалаганлигини ҳис қилди. Юраги гурсиллаб тез-тез уриб кетди...

 
ИККИНЧИ ҚИСМ

I

— Ярадорга саломлар,— деди Авдий иложи борича одмигина қилиб, шу билан у қаттиқ дукирлаб ураётган юрагини босмоқчи эди.
Худди балиқчиларникидай мўъжазгина йиғма курсичада таёқ ўйнб ўтирган Гришан бир кўзини қисиб қаради.
—   Салом-ку, салом, лекин кимдан экан бу салом?
 Авдий беихтиёр кулиб қўйди.
— Аввало сенинг соғ-саломатлигинг керак одамдан-да, бу саломлар.
— Э шундайми! Ғоят миннатдорман, ҳаддан ташқари миннатдорман, яхши бошланган ишнинг охири ҳам ёмон бўлмайди. Кимсасиз чўлда кўнгил сўраганнинг йўриғи ҳам бошқа. Нимасини айтасан! Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз-да, тўғрими?
«Гапга чечан экан, бунинг устига кўп китоб ўқиган бўлса, иш чатоқ. Бунақасини сира кутмаган эдим, ўлай агар. Оҳанжама қилади, ўзини маҳмадона қилиб кўрсатяпти,— деб ўйлади Авдий.— Нима сабабдан? Ёки Ўзининг найрангимикин бу?» Авдий Гришаннинг чеҳрасига қараб, эсда қоладиган ҳеч нарсаси йўқ экан, деб қўйди ичида. Ташқаридан у ғоятда жўн одамга ўхшаб кўринарди: бўйи ўртачадан баландроқ, сочлари бирмунча қўнғир уст-боши ҳам ёшига монанд, кўзга унчалик ташланиб турмайди, жинси шим, ёқаси «молния»ли эскигина кўйлак, бошида чўнтакка ҳам сиғиб кетаверадиган кўримсизгина шапка. Агар Гришан чўлоқланмаса ва шу туфайли қўлида йўғон ғўдир таёқ кўтариб юрмасайди, уни одамлар орасидан ажратиб олиш қийин бўларди. Кўпроқ тикилиб қараган киши балки Гришаннинг кўзларини эслаб қолса ажабмасди. Жайноқланган қўйкўзларининг маъноси тўхтовсиз суратда ўзгариб турар, эҳтимол ўзи ҳам сезмаган ҳолда у тинмай кўзларини қисар, ўғринча қия қарар, рангини билиб бўлмайдиган қошларини учирар, худди бурчакка қисиб қўйилган, ташланиб, човут солиб, тишламоқчи бўлаётган, лекин журъати етмаётган ва шунга қарамасдан бари бир юрак ютиб, ириллаётган, пўписа қилаётган ваҳший жондорга ўхшарди. Эҳтимол гапирганда баралла кўзга ташланадиган синган тепа курак тиши туфайли шундай таассурот туғилса ҳам ажабмас. «Тилла тиш қўйдириб олиши ҳам мумкин эди, лекин негадир буни хоҳламаган,— деб ўйлади ўзича Авдий.— Балки ортиқча кўзга ташланиб туришни истамас».
— Оёққа нима қилди? Қайрилиб кетдими? Қарамай қадам қўйгандирсан-да? — одоб юзасидан сўради Авдий.
Гришан бошини ноаниқ чайқаб қўйди.
— Ҳа, жиндай лат еди шекилли. Кўзимга қарамаганман, тўғри айтдинг, Авдий, исминг шундай шекилли, а?
— Ҳа, исмим Авдий.
— Инжилдан олинганми дейман. Хўп исмлар бўлади-да, а,— сўзларни атай чўзиб, тамшангандай ямланиб фикрларди Гришан.— Авдий — черковнинг иси келиб турадиган исм,— ўйчанлик билан деди У-— Қаранг-а, одамлар бир пайтлар Худони дилларига тугиб яшашган. Рус ўлкасидаги Пречистенскийлар, Боголеповлар, Благовестовлар мана шундан чиқишган-да. Сенинг фамилиянг ҳам исмингга яраша бўлса керак дейман, а, Авдий?
— Каллистратов.
— Ана кўрдингми, ҳаммаси тўғри келяпти... Менинг номим эса жуда жўн, қора ишчининг номи — Гришан. Лекин, гап бунда эмас. Шундай қилиб десанг, сен ҳақсан, Авдий Каллистратов, оёғимга қарамаганман. Бундан қўрқинчли бир хулоса чиқади: одам агар ғирт аҳмоқ бўлмаса, албатта оёғининг тагига қараб юрсин. Бош ақлсиз бўлса оёққа жабр, дегани ҳам мана шу ҳақда айтилган. Кўриб турибсан, оқсоқланиб қолдим. Шу десанг, бемаза ишлар.
— Оқибати ҳам анча билингандир? — сўради Авдий Петруха айтган гапга шама қилиб.
— Тушунмадим,— сергак тортди Гришан.
— Шу бемазагарчилик туфайли ишинг ҳам яхши юришмагандир, демоқчиман, холос? — очиқроқ шама қилди Авдий.
— Ана бу бошқа гап! — Гришан шу заҳоти майнавозчиликни йиғиштириб дарҳол тўнини ўзгартирди.— Ишни назарда тутаётган бўлсанг, гапларинг ҳақ. Лекин ҳозир бунинг аҳамияти йўқ, мени бошқа нарса ташвишлантиряпти. Ўзинг ҳам сезаётгандирсан, акс ҳолда менга нимага керак, сен билан али-бали деб шакаргуфторлик қилиб ўтиришнинг... Гапнинг қисқаси, мени ўзларига оқсоқолдай кўришади, ҳарбийчасига айтганда старшина, шунинг учун мен одамларимни сақлаб фронт чизиғидан омон-эсон ўтиб олишим керак, менга ҳаммадан зарури шу.
— Унда менинг ёрдамим керак бўлса, бажонидил. Умуман, бир гаплашиб олсак, ёмон бўлмасди,— таклиф қилди Авдий.— Менинг ҳам шу одамлар тўғрисида айтадиган гапларим бор...
— Фикримиз бир жойдан чиққанини кўр, гаплар бўлса, бўпти, отамлашамиз,— рози бўлди Гришан.— Ўзим ҳам худди шуни мўлжаллаган эдим. Мисол учун десанг, мана, битта масала бор, лекин орамизда қолсин,— муғамбирларча шама қилди у, кейин бир чеккада гапга қўшилмай ўтирган икки чопарга буюрди: — Сизлар бекор ўтирмай боринглар, тайёргарлик кўринглар!
Чопарлар олдиндан келишиб қўйишгандек айтилган юмушни адо этгани чурқ этмай кетишди. Гришан топшириқ бергач, соатига қаради.
— Бир соатлардан сўнг поездга чиқиш операциясини бошлаймиз. Кўрасан, бизнинг қандай ишлашимизни,— деди у Авдийга писанда билан.— Биз интизомга қаттиқ риоя қиламиз. Худди десант ташлагандай. Биз чиндан ҳам ватаннинг энг фидойи десантчиларимиз. Катта ҳарфлар билан ёзиладиган. Сен ҳам буюрилган ишни бажар. Бу ерда «ундоғ эди», «мундоғ эди» деган гаплар кетмайди. Ҳаммамиз жон куйдириб ҳаракат қилсак, кечқурун Жалпоқ-Созга етиб оламиз.
Гришан маъноли сукут қилди. Кейин Авдийга бадхоҳ назар ташлади-да, синган тишини кўрсатиб иршайди: — Энг муҳим гап бошқа ёқда. Бу ерга нега келганинг тўғрисида... Сен ҳовлиқма, шошилма. Нима десамикин, жиноятчилар ичига бошинг оғиб тушиб қолибсан, ҳали яна бу ҳақда гаплашамиз, ҳозирча сен — чопарсан, ичимизга кириб олдинг, кўп нарсалар энди сенга маълум. Ранг-рўйингга қарасам, унчалар тентакка ҳам ўхшамайсан. Лекин бу тузоққа ўз ихтиёринг билан тушдинг. Ҳамон шундай экан, барака топ, шунча ишонч билдирдикми, сен ҳам ишончимизни оқла.
— Бу билан нима демоқчисан?
— Назаримда, ўзинг сезиб турган бўлсанг керак...
— Сезиш бошқа, очиғини билган бошқа.
Улар ўтиб кетаётган составнинг шовқини тинишини кутиб жим бўлиб қолдилар. Ҳар икковлари ҳам бўлажак муқаррар жангга ҳозирлик кўрардилар. Одамларнинг муомалалари қанчалар ғалати бўлади-я, деб ҳаёлидан ўтказди ўша онда Авдий: мана шу овлоқ чўлда ҳамма тенг, ҳамманинг имконияти баробардай, иш ўнгидан келмаса, ҳаммаси қўлга тушади — қонун олдида тенг жавоб беради, омад чопса, ҳамма бирдай манфаатдор бўлади, Лекин ҳатто мана шу ерга ҳам одамлар ўз қонлари янглиғ қонунларини судраб келганлар ва Гришан улар устидан ҳоким бўлиб олган, бу ерда унинг ҳукми ўтади.
— Демак, сен очиқчасига гаплашмоқчи экансан-да,— деб ўртадаги жимликни бузди Гришан.— Бўпти унда,— дудмал қилиб чўзди у, сўнг худди сергак тортгандай муғамбирлик билан қўшиб қўйди: — Менга қара, сенга бўрилар ҳужум қилганмиш, ростми шу?
— Ҳа, шундай бўлди,— деб таедиқлади Аьдий.
— Сенга бир неча саволим бор. Уларга жавоб беришинг учун қисмат сени тирик қолдирганга ўхшайди, шундай эмасми, Авдий Каллистратов? — кемтик тишини кўрсатиб иршайди Гришан.
— Балки шундайдир.
— Унда гапни айлантирма. Менга ҳозир шу тобда шу ернинг ўзида жавоб берасан. Нега менинг йигитларимни йўлдан уряпсан?
— Битта тузатиш киритайлик,— унинг сўзини бўлди Авдий.
— Нима дейсан? Қонунга яна нима тузатиш киритмоқчисан?
— Мен уларни тўғри йўлга солмоқчиман, шунинг учун бу ерла «йўлдан уриш» деган гап кетмайди.
— Йиғиштир, бу маҳмаданагарчиликни, ўртоқ Каллистратов. Тўғри йўлми, нотўғрими, бу ҳақда ҳар кимнинг ўз тушунчаси бор. Сен ҳазил-мазақни қўй. Гапни айлантириб ўтирадиган жой эмас. Сен ўзи бу қилиқларинг билан нималарга эришмоқчисан, ҳазрат отахоним?
— Нима, ўзига фойда кўзлаб юргандир, деб ўйлаяпсанми?
— Бунга шубҳам йўқ. Бўлмаса, нима? — кўлларини кенг ёзди Гришан ва худди топдимми дегандай масхараомуз тиржайди.
— Ҳеч нарсани кўзлаган эмасман, ҳеч нарса керак эмас,— кескин жавоб берди Авдий.
— Жуда соз! — хурсанд бўлиб қичқирди Гришан.— Айни муддао! Ҳаммаси тўғри келяпти. Сен ғирт гирифтор телбалардан экансан-ку, анови.
— Бас қил! Биламан, сенинг нима демоқчи эканлигингни!
— Бундан чиқди, Мўйинқумга наша йиғиш баҳонасида келган, суркалиб, ичимизга кириб олганингга сабаб мўмайгина пул топиш эмас, шундайми, ахир сен пулнимас Исони яхши кўрасан-ку, тўғрими? Бунинг сабаби сени семинариядан ҳайдаганларидан кейин бошингни қаерга уришни билмай қолганингда ҳам, ишинг ҳамма жойда чакки кетганида ҳам эмас, топдимми? Э, мен ўша кашишлариинг ўрнида бўлганимда сени илло-биллога қўймай тепиб-тепиб жўнатардим — бу аҳволда сени бошига урадими улар. Кашишлар алмисоқдан қолган эски ўйинларни ёқтиришади. Сен бўлсанг, эсингни еб қўйганингдан ҳаммасига жиддий қарайсан...
— Ҳа, жиддий. Сен ҳам менга жиддий қара,— деди Авдий.
— Бўлмаса-чи! Мени тушунмайди деб ўйлаяпсанми? Мен ҳаммасини кўриб турибман. Авра-астаринггача кўриб-билиб турибман кимлигингни. Сен — девонасан, жиннилигингдан шу кўйларга тушиб юрибсан. Аксинча бу ерларда сенга пишириб қўйибдими? Наша йиғиб, маи қилинган оғуни пуллаб, кун кечириб юрган биз тубан бечораларни кўзимизни очиб қўйгани, разолат чоҳидан халос этгани келгансан. Ҳиди уч чақирим наридан туриб одамнинг кўнглини айнитадиган сийқаси, чиқиб кетган панд-насиҳатларни тарқатаман дегансан, халоскор бўламан деб кўнглингга туккансан. Уларни ёмон йўлдан қайтараман, деб ўйлагансан. Бизнинг ўзгаришимиз, тавба-тазарру қилишимиз, ҳамма қандай бўлса, худди шундай бўлишимизни истагансан. Ахир, сен ялпи онг андозаларини ғоятда қадрлайсан-ку, шундай эмасми? Мана, Ғарб ҳам бизда ҳамма бир андозада фикрлайди деб даъво қилади.— Гришан кутилмаганда йиғма курсичасидан дик этиб туриб кетдики, унга қараган одам сира оёғи лат еган демасди, у Авдийга яқинлашиб, қизариб кетган башарасини унинг юзига тақади.— Ҳой, сен халоскор-вакил, сенга қарши қандай куч турганини ўзинг биласанми, йўқми?
— Биламан. Шунинг учун ҳам 6у ерга келдим. Яна огоҳлантириб қўяй: мен орқага қайтмайман. Сизларни деб, шу йўлга кирдим. Энди пешонамда борини кўраман. Сен бунга ҳайрон бўлиб ўтирма.
— Э, ҳали бизни деганмисан! — Гришаннинг афти буришиб кетди.— Кўнглингни тўқ тут, ҳайрон бўлиб ўтирмайман. Инсониятнинг халоскори ҳам эсини еб қўйиб чормих қилинган эди, бунинг нимасига ҳайрон бўламан... Қўллари хочга михланган, боши кўксига осилган башараси азобдан тиришган — кўринглар-у, йиғланглар-у, тавоб қилинглар-у охиратгача, ол-а! Баъзи ақли бошидан ошиб-тошиб кетганлар неча замонлардан бери бизни қутқармоқчи бўлиб юришади, ўзларига шуни касб қилиб олишган! Охири нима бўлди? Бу дунёда ким қутулди-ю, нималар қутулди? Қани, жавоб бер! Ғулқофга қадар қандай бўлса, ҳамон ўшандай. Одам боласи ўша-ўша. Ўшандан бери одамнинг ҳеч нарсаси ўзгармади. Биз бўлсак, ҳали-ҳанузгача кутамиз, кўзларимиз тўрт бўлиб, қани, ким келиб биз гуноҳкорларни халос этаркин деб. Шу ишга сен, Каллистратов етмай турган эдинг. Лекин мана, сен ҳам юзингни кўрсатдинг. Ҳайтовур моғорлаб қолмаган экансан! — истеҳзо билан лабини бурди Гришан.— Марҳабо, эй, навжувон Христос!
— Мен ҳақимда оғзингга сиққанича гапираверишинг мумкин, лекин Исо номига шак келтирма! — танбеҳ берди Авдий.— Бу қандай келиб қолди деб ажабланяпсан, жаҳлинг чиқяпти. Ваҳоланки, ҳеч ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Пешонага сен билан учрашиш ёзилган эди. Бундоқ танангга ўйлаб кўр! Наҳотки сен буни тушунмасанг! Мен бўлмасам, бошқа биров сен билан албатта тўқнашиши керак эди. Мен эсам сен билан учрашишни ҳисоблаб чиққанман...
— Эҳтимол, сен мени ҳам ҳисоблагандирсан?
— Ҳа, сени ҳам. Бизнинг бир-биримизга дуч келмоғимиз муқаррар эди. Мана, мен етиб келдим. Сен ўйлаганча, моғорлаб қолмаган эканман.
— Фаросатингга балли, ўғлон. Биз бир-биримизсиз кун кўролмаймиз. Бунинг ўзига яраша бемаза бир қонунияти бўлса ҳам керак. Лекин ўпкангни бос, халоскор Каллистратов. Сенинг ақиданг билан амалда ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Лекин қизиқ йигит экансан. Шундай бўлса ҳам, бас қилайлик, бу маҳмаданагарчиликни. Бўлди, кимлигинг менга равшан! Ҳамон гап айланиб шунга келган экан, сенга битта яхши маслаҳат берай, бор, йўлингдан қолма, Каллистратов, ҳаммадан бурун ўз жонингни қутқар, сенга ҳозир ҳеч ким қўл теккизмайди. Чўлдан йиққан нарсаларингни эса хоҳласанг, бошқаларга бўлиб бер, ё ёқиб юбор, ё шамолга соч,— бу сенинг ихтиёринг. Лекин ўнг қулоғинг билан ҳам, чап қулоғинг билан ҳам, яхшилаб эшитиб ол: бошқа ҳеч қачон бизга яқин йўлама! — Шундай деб Гришан таёғини тошга маънодор тўқиллатиб урди.
— Аммо мен сенинг бу маслаҳатингга юролмайман. Бу менга тўғри келмайди.
— Менга қара, ҳей, сен қип-қизил жинни экансан-ку! Нима сенга халақит беради?
— Мен Худо олдида ҳам, ўз олдимда ҳам, сизлар учун жавобгарман... Балки, сен буни тушунмасанг ҳам керак...
— Йўқ-йўқ! Нега энди? — деб овозини кўтариб қичқирди Гришан ғазабдан туси оқарган ҳолда.— Мен, ҳар қалай, театр кишилари хонадонида ўсганман. Менга ишон, нима ўйин қилмоқчи бўлаётганингга ақлим етиб турибди, тушунаман. Лекин сен ўйинга ҳаддан ортиқ берилиб кетмадингмикин. Ахир, ҳар қандай, ҳатто энг буюкдан буюк ўйиндан сўнг ҳам парда туширилади-ку. Мана ҳозир, ўртоқ Каллистратов, парда бирдан-бир томошабин иштирокида ёпилади. Кўзингга қара, бола. Сени деб, ортиқча гуноҳга ботиб юрмай тағин. Вақт борида этагингни йиғиштир.
— Гуноҳ дейсан. Билиб турибман, нима демоқчи бўлаётганингни. Лекин мен учун қабоҳатни кўра билан туриб, ундан юз ўгириб кетишдан ортиқ журму гуноҳ йўқ. Мени йўлдан қайтараман деб овора бўлма. Айтайлик, ўша кичкинтой Лёнька, Петруха, сенга жиловини бериб қўйган болаларнинг ҳоли нима кечади, мен бунга бефарқ қараб туролмайман. Шу жумладан, сенга ҳам.
— Тасанно! — унинг гапини кесди Гришан.— Бизнинг ҳаётимизга аралашишга нима ҳаққинг бор? Қандай яшаш ҳар кимнинг ўз ихтиёри. Умрим бино бўлиб, сени ҳозир кўриб туришим. Сен кимсанки, мен ва бошқалар ҳақида қайғурасан, худди сенга осмондан муборак ваҳий тушгандай. Суф, сенга! Жонингга жабр қилма. Жинни бўлсанг, ўзингга. Худо хайрингни берсин, жўна бу ердан. Сенсиз хам бир кунимизни кўрармиз. Тушундингми?!
— Йўқ, мен бундай қилолмайман! Осмондан ваҳий келганми деяпсан. Менга ҳеч қандай ваҳий ё хабар келмаган. Адолат ва бурч туйғуси мен ана шуларга вакил қилинганман, буларни ҳисобга олиш-олмаслик сенинг ишинг, аммо мен қандай бўлмасин, уларни адо этажакман. Мана, ҳозир ўз тақдиримни ўзим ҳал этаман дединг. Эшитган қулоққа чиройли бу гап. Бироқ бир-бирига дахлсиз тақдир йўқ. Туғилиш ва ўлишдан бошқа тақдирни тақдирдан ажратадиган чизиқ йўқ. Туғилмоқ ва ўлмоқ оралиғида эса биз худди эшилган иплардай бир-бировимизга қўшилиб кетамиз. Гришан, ахир, сен ва сенга тобе анови одамлар ўз фойдаларингизни кўзлаб, бошқаларга мана шу чўллардан наша билан биргаликда бахтсизлик ва кулфат олиб борасизлар-ку. Одамларни кайф васвасасига соласизлар, тузоқларингизга илинтирасизлар, уларни қайғу-алам ва тубанлик чоҳига ташлайсизлар.
— Сен нега бизга қозилик қиляпсан? Биз нима қилиш, қандай яшашни сендан ўрганишимиз керакми?
— Мен қози эмасман. Сизларга ўхшаган бир одамман, фақат...
— Нима фақат?
— Фақат мен ҳаммамизнинг тепамизда диёнат ҳамда раҳм-шафқатнинг энг олий ҳаками Худо борлигига ишонаман.
— Яна Худо! Хўш, бу билан яна нима демокчисан?
— Худонинг марҳамати бизнинг иродамиз орқали намоён бўлади. У бизда яшайди, онгимиз орқали бизга таъсир этади.
— Менга қара, қўй, бу сердаҳмаза гапларни. Хўп, борингки, нима бўпти? Бизга бунинг нима дахли бор?
— Нега дахли бўлмас экан! Ақл-идрокнинг қудрати билан инсон ўзига ўзи худди Худо каби таъсир этади. Ахир ёмонликни чин дилдан тан олиш нима дегани? Менимча, бу ёвузликни Худо даражасида туриб қарғашдир. Инсон ўз моҳиятига янгича қарашни ўзи белгилайди.
— Сенинг бу қарашинг омманинг онгидан нимаси билан фарқ қилади? Биз тўдага ўхшашни истамаймиз ва ундан ўзимизни олиб қочамиз. Сизлар бизга тенг бўлолмайсизлар, биз ўзимиз алоҳидамиз.
— Хато. Эркинлик қонундан қўрқмагандагина ҳақиқий эркинлик бўлади, акс ҳолда, у саробдир. Сенинг эркинлигинг мудом кўрқув ичида, қонуний жазони кутиб яшайди...
— Хўп, нима бўпти шунга? Сенга бунинг қандай оғирлиги тушяпти? Сен эмас, ўзимиз танлаганмиз бу йўлни.
— Тўғри, ўзинг танлагансан. Лекин бу йўлга сендан бошқалар ҳам кирган. Тушунсанг-чи, ахир, бу охири берк кўчадан чиқиб кетиш мумкин. Мана шу ернинг ўзида, чўлда, очиқ осмон тагида тавба-тазарру қилинглар, бу ишдан бутунлай воз кечаман деб, ўзларингизга сўз беринглар, хуфя савдонинг файдасидан, ярамас одамлардан юз ўгиринглар, ўзингиз билан, Худо номини атанган ва ҳаммамизни воҳид онг воситасида бирлаштирган зоти шариф билан муросага келинглар...
— Хўп, кейин нима бўлади?
— Кейин сиз яна инсон деган номга мушарраф бўласиз.
— Жуда чиройли бўлиб кетди-ку! Яна бунчалар осонлигини қаранг! — Гришан таёгини ўйнаб ўтираркан, қовоғини солди, тепалик ортида ўтиб бораётган яна бир юк составининг шовқини босилишини кутди, сўнг бирдан тушган сукунат ичида, тили ҳаддан ташқари ечилиб кетган Авдийга тешиб юборгудай масхараомуз тикилиб туриб, деди: — Энди гап бундоқ, муҳтарам Авдий, сенинг гапларингни камоли диққат билан эшитдим. Хурсанд бўлмай қўя қол. Сен қаттиқ хато қиласан. Ўзингча ўйласанг керак, мендан бошқа ҳеч ким Худо билан дилдан гаплашолмайди деб. Билиб қўй, Худо билан муомала қиладиган ёлғиз сен эмас. Сен тақводор бўлсанг, биз ҳам маҳрум эмасмиз бу неъматдан. Ана кўрдингми, дарров шу гапдан нафасинг ичингга тушиб кетди. Азбаройи ҳайрон бўлганингдан. Менга ўхшаган бир одамнинг Худо билан алоқа қилиб туриши сенга жуда ғалати эшитилди, а?
— Ундай эмас. Фақат «алоқа» деган сўз андак қизиқ туюларкан. Аксинча, сенинг оғзингдан бундай гапни эшитиб хурсанд бўлдим. Балки сен фикрингни ўзгартиргандирсан?
— Асло! Мунча содда бўлмасанг. Хўп, унда билиб қўй, Каллистратов, фақат тилингни тишлаб қолма. Худога менинг ўз борар йўлим бор, мен унинг ҳузурига орқа эшиклар кираман, холос. Худойинг сен ўйлаганчалик ноз-фироқ қилиб танлаб ўтирмайди...
— Худо олдига орқа эшикдан кириб сен нимага эришардинг?
— Эришадиган нарсам сеникидан кам эмас. Мен одамларга шодлик бағишлайман. Улар кайфда Худонинг висолига етадилар. Мен берадиган нарсани улар на сизнинг панд-нисиҳатлар, на ваъзлар ва на дуо-ю ибодатлардан топадилар... Мен ўз одамларимни Худога бошқа ҳар кимдан кўра тезроқ етказаман.
— Пулга сотиб олинган Худога еткизасанми? Оғу ёрдамидами? Мияларини айнитибми? Яна сен буни Худонинг висолига етиш бахти деб атайсанми?
— Ҳа, нима бўпти? Шаккоклик, Худони оёқости қилиш дейсанми? Ана холос! Нозик кўнгилларига озор бердикми? Сенинг нонингни яримта қиляпманми? Йўлингни тўсиб кўяманми? Хўп, пул, хўп, қорадори, хўп, нима бўпти! Пул деганинг ҳазилакам нарса эмас. Пул — ҳамма нарса! Нима, пулнинг Худоси бутунлай бошқа деб ўйловмидинг? Черковлару яна бошқа ташкилотларда нима, сизлар пул ишлатмайсизларми?
— Э, бу бутунлай бошқа нарса-ку!
— Бас! Дийдиё қилма! Дунёда ҳамма нарса сотилади ва олинади, жумладан, сенинг Худойинг ҳам. Лекин мен одамлар маза қилиб кайф сурсинлар дейман. Сизлар сўзда ва бунинг устига нариги дунёда ваъда қилган нарсаларга мен бу дунёнинг ўзида муяссар этаман. Ёлғиз кайф роҳат-фароғат бағишлайди, оламда ўзингни қушдай эркин ҳис қиласан, кўкларга учасан. Майли, бу роҳат, бу лаззат кўз очиб юмгунча ўтиб кетсин. Майли, у фақат рўё бўлсин. Лекин унда бахтиёрлик, унда саодат ва унга фақат ҳушни йўқотиб етиш мумкин. Сиз, тақводорлар эса, ҳатто мана шу рўёдан ҳам маҳрумсизлар.
— Лекин гапинг тўғри — булар бари рўё.
— Бўлмаса-чи? Беш тийин тўлаб, ҳақиқат топмоқчимисан? Бекорларни айтибсан, авлиё ота! Бошқа бахт бўлмагандан кейин аччиқ оғу унинг ўрнини босади.
— Йўқ нарсанинг ўрнини тўлдир деб, сенга ким айтди! Буларнинг бари ёвуз ниятдан бошқа нарса эмас!
— Ўпкангни бос, ўпкангни бос, Каллистратов! Дурустроқ ўйлаб кўрсанг, мен ахир сизларнинг ёрдамчингизман!
— Яъни қандай?
— Қандай бўларди. Сира ҳайрон қоладиган ер йўқ! Одам яратилгандан бери унга нималарни ваъда қилишмади, хўрланган ва ҳақоратланганларнинг қўйни-қўнжиларини не-не ажойиботлар билан тўлдириб ташлашмади: ана, қарасанг, Худо салтанати кириб келяпти, ана қарасанг, демократия, ана тенглик, ана биродарлик, ана коллектив ҳаёт бахти, иста — ана, Коммуна қуриб яшайвер, ўзингни кўрсатиб ишласанг, ана сенга жаннат боғлари. Ҳақиқатда эса нима? Фақат қуруқ сўз! Мен бўлсам, агар билсайдинг, кўнгли яримталар, ғарибу ғураболар, мунглиғ бечораларга эрмак бераман, ҳаёлларини чалғитаман. Мен яшинқайтарғичман, одамларни орқа йўл орқали етиб бўлмас Худо сари бошлаб бораман.
— Э, сен мен ўйлагандан ҳам хатарлироқ экансан! Сен дунёни бутунлай остин-устин қилиб ташлашинг мумкин. Ҳатто тасаввур ҳам қилиш қийин ва қўрқинчли! Яхшиям, Наполеон бўлмаганинг!
— Юқорироқдан келавер. Наполеон ҳам гапми? Мени ўз эркимга қўйиб беришса, эҳ-ҳе, нималар қилмасдим! Агар биз бирдан Ғарбга бориб қолсак, қулочимизни қайларга ёзмас эдик, дейсан. Ўшанда сен ҳам мен билан тортишиб ўтиролмасдинг, яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам менинг кўзларим билан қараган бўлардинг...
— Бунга шубҳам йўқ. Лекин сенинг бу сўзларингда қўрқинчли бир нарса кўрмайман. Гапларинг янги эмас. Сен, Гришан, одамлар ишончини йўқотиб қўйган жойда кун кўрмоқчи бўласан, бунга ўргатиш ҳам унчалар кийин эмас. Ҳаммаси ёмон, ҳаммаси ёлғон, шундай экан, ўзингни кайф қилиб овунтир. Сен ўтган барча нарсаларни қоралайсан, сенингча шундай бўлса, қани, одамларни дунёга бошқача карашга ўргатмайсанми, қўлингдан келса. Имон — кайф эмас сенга, имон не-не авлодлар бошдан кечирган азоб-уқубатларнинг меваси, имонга эришмоқ учун минг йиллаб ва ҳар кун машаққат чекмоқ керак. Сен ўз шармандали ҳунаринг билан оламнинг азал тартиботини бузмоқчи, ёруғ кунни тунга айлантирмоқчи бўласан. Ҳозир айшингни сурасан, кейин кулфатини тортасан, сен кўкларга кўтариб мақтаётган кайфдан сўнг, албатта, жиннилик бошланади, сўнг одам бутунлай тубанликка ботади. Нега сен буёғини гапирмайсан? Сен айтган кайф — ғирт аблаҳликнинг ўзи эмасми? Ахир, гўё Худо олдига боргандай бўлиб, аслида иблиснинг қучоғига тушасан-ку. Буниси қандай бўлди?
— Кандай бўларди. Қасосли дунё. Бунга ҳам жазо бор. Яшаганнинг жазоси ўлим... Сен бу ҳақда ҳеч ўйлаганмидинг? Нега жим бўлиб қолдинг? Сен, авлиёга менинг бу фикрим ёқмайди, а!
— Ғайри Исо фикрми? Ҳеч қачон!
— Ҳа-ҳа! Сенинг христианчилигинг ҳоли ғайри Исо бўлмаса, нима кечарди! Ғайри Исо қитиқлаб турмаса, кимга керак христианлик? Нима фойдаси бор унинг? Шундай бўлгач, менсиз ҳеч нарса қилолмайсиз! Мен бўлмасам, кимга қарши курашасиз, ғояларингиз жанговарлигини қандай исбот этасиз?
— Жуда ҳам қирриқ экансан-э! — беихтиёр кулиб юборди Авдий.— Чалкашликлардан усталик билан фойдаланаркансан. Лекин гапга зеб берма. Сен билан тил топишимиз қийин. Биз тескари одамлармиз, бир-биримизга тўғри келмаймиз. Шунинг учун мени бу ердан қувяпсан. Сен мендан қўрқасан. Лекин мен барибир ўз сўзимда тураман: қайт бу йўлдан, тавба қил, ёш болаларни тузоғингдан бўшат. Мен сендан ёрдамимни аямайман.
Гришан бирдан жим бўлиб қолди. Таёғига тиранганча қовоғини солиб у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошлади, кейин юришдан тўхтади.
— Агар сен, ўртоқ Каллистратов, мени қўрқаяпти, деб ўйласанг, қаттиқ хато қиласан. Қолгинг келса, қолавер, сени ҳайдаётганим йўқ. Ҳозир юк вагонларга чиқиб оламиз. Поездга бирваракай босқин ясаймиз.
— Яхшиси, қароқчиларча, деб қўя қол,— унинг гапини тўғрилади Авдий.
— Майли, сен айтганча бўла қолсин, қароқчиларча бўлса, қароқчиларча-да. Лекин мақсадимиз талон-тарож эмас, мақсадимиз — яширинча манзилимизга етиб олиш, бунинг фарқи бор. Ахир сенинг давлатинг бизга эркин бориб-келишга йўл қўймайди...
— Давлатга тилингни теккизма. Хўш, менга нима таклиф қилмоқчисан?
— Айтишга ҳам арзимайди. Сен айтмоқчи, вагонларга қароқчиларча чиқиб оламиз,— деб темир йўл томонга бошини силкиб кўрсатди Гришан,— ҳамма жам бўлади, ҳамма кўзга кўринади. Ана ўшанда кичкина Лёнькалару лакалов Петрухаларга айтар гапингни айт, уларнинг жонларини қутқар, эй Халоскор! Мен ғиқ этмайман, сенга заррача тўсқинлик қилмайман. Мени мисоли йўқ деб ҳисобла. Мабодо, бу авомни орқангдан эргаштириб кета олсанг, уларни ўз Худойингга ишонтира олсанг, мен шу заҳоти енгилганимни бўйнимга олиб, мутлақо қорамни кўрсатмай кетаман. Гапимни тушуняпсанми? Қабул қиласанми шу шартимни?
— Бажонидил! — қисқа жавоб қилди Авдий.
— Унда бошла! Ўртамизда бўлиб ўтган гапни ҳеч кимса билмайди. Ағдан-бағдан гаплашдик, деймиз.
— Раҳмат! Лекин менинг яширадиган жойим йўқ,— жавоб берди Авдий.
Гришан елкасини қисди.
— Айтдим-қўйдим-да. Инжилда ёзилган: «Сен айтдинг» деб! Май ойининг охирги кунларидан бири эди. Соат кечки еттилар бўлиб қолганди. Лекин теп-текис чўллар узра қуёш ҳамон ял-ял нур сочиб, қиздирарди. Куни билан худди бир жойга боғлаб қўйилгандай нима сабабдандир қимирламай турган кумушсимон булутлар, аввал оппоқ оқариб, кечга томон уфқ узра қоп-қорайиб осилиб қолдилар, бундан Авдийнинг юрагига англаб бўлмас бир хавотир тушди. Афтидан, момақалдироқ бўладиганга ўхшарди.
Поездлар эса ҳамон у томондан бу томонга, шимолдан жануб ёқларга, жанубдан эса шимол ёқларга ўтиб боришар ва замин уларнинг чўнг ғилдираклари остига зириллар, титроққа тушарди. «Қанча ёр бор, қанча кўз илғамас маконлар ва ёруғлик бор, шундай бўлса ҳам, одам боласига яна барибир нимадир етмайди, ҳаммасидан бурун - эркинлик етмайди,— деб ўйдарди Авдий поёнсиз яйдоқ чўлларга боқиб.— Одам боласи одамларсиз яшолмайди, яна бунинг устига одамларга ҳам тоқат қилмайди. Мана, ҳозир — нима қилиш керак? Гришаннинг тузоғига илинганлар тўданинг тазйиқига юрмай, уларнинг дўқ-пўписаси, қўрқитишларига қарамай ақл-идрок измига кирсалар нима қиларкин? Бу бадбахт афюнчининг таъсиридан қутулишга ўзларида куч, иропа топармикинлар? Анавини қаранг-а! Учига чиққан хавфли фирибгар экан. Нима қилай, қандай йўл тутсам, тўғри бўлади?»
Ниҳоят, кутилган вақт етди. Юк поездини тўхтатиш олдидан чопарлар икки-уч киши бўлиб, темир йўл бўйлаб буталар ва баланд ўсган қуюқ ўтлар орасига яширинишди. Ҳуштак чалиб бир-бирларини хабардор қиладиган бўлишди. Йўлнинг олис муюлишида илон каби буралиб поезд кўринди, ҳуштак овози келди ва дарҳол ҳаммалари ҳамлага ҳозирландилар. Наша тўлдирилган жомадонлару катта чарм халталар қўл остида эди. Авдий, Петруха билан Лёнька учовлари темир йўл ремонтидан сўнг қолган майда шағал уюмини паналаб ётдилар. Гришан улардан сал нарироқда эди. Унинг ёнида ҳам икки чопар бор: улардан  бири, малла сочли йигитчани Коля деб аташар, бурни қўнқайган, кавказча талаффуз билан сўзлайдиган чапдаст иккинчисини Махач деб чақиришар — афтидан, у асли Махачқаладан эди. Бошқаларни Авдий билмас, лекин яна икки-уч чопар ўзларига қулай жойни пана қилиб, поезд келишини пойлар эдилар. Гришан темир йўлга дори сепиб, кўприк устида гўё ўт тушгандай қилиб кўрсатадиган ва шу билан машинистни локомотивни тўхтатишга мажбур қиладиган икки кишини юборган, улар бу ердан ҳийла олисроқда «330 КМ» белгиси қўйилган ерда эдилар. Ўша ерда баҳорнинг тошқин сувлари ўпириб кетган чуқур жарлик устидан чоғроқ темир йўл кўприги ўтарди. Чопарлар қўпорувчи деб аташадиган анов иккиси ўша нозик жойга ҳозир дори сепишарди.
Поезд шитоб билан яқинлашар, Авдий, ҳамма нима бўларкин, тез ва омон-эсон вагонларга чиқиб олармикинмиз, состав ўзи кандай экан, ишқилиб, цистерна бўлмасин-да, цистернага қандай қилиб ўрнашасан, деб титраб-қақшаб турганлигини тушунарди. Қўриқлаб бориладиган ҳарбий эшелон бўлса ундан ҳам чатоқ, тамом ишкал деяверинг. Лёнька қўллари қалтираганча сигарет тутатди. Петруха шу заҳоти унга ғазабини сочди:
— Дарров ташла! Ўлдираман ифлос!
Бироқ ранги кўкариб, оқариб кетган Лёнька унга парво қилмай ичига зўр бериб тутун тортарди, шунда Петруха унга йиртқичдай ташланди-да, қулочкашлаб бошига урди, шапкасини учириб юборди. Лекин Лёнька ҳам қараб турмади,— зарбага зарба билан жавоб берди, ўзини ўнглаб туриб Петрухани оёғи билан тепди. Петруха қутуриб кетди, икковлон жон-жаҳдлари билан тепкилаша бошладилар.
Авдий ўрнидан қўзғалишга мажбур бўлди:
— Бас қилинглар, ҳозироқ бас қилинглар. Петруха, Лёнькага тегма. Уялмайсанми!
Лекин Петруха жаҳл билан Авдийга ташланди:
— Сен аралашма, ит попнинг ўғли. Нега қаққайиб турибсан, тўнка! Бўйинг бир чақирим наридан кўринади! — Шундай деб, жон-жаҳди билан унинг иштонидан тортди. Улар жўжахўрозлардай қизишиб, бир-бирларини бўралаб сўкишганча, ҳансираб яна ўз жойларига биқиндилар.
Поезд эса яқинлашиб келарди. Чопарларнинг титраб-қалтираши беихтиёр Авдийга ҳам ўтди. Нима ҳам дейиш мумкин, аҳвол ғоят танг ва хатарли эди.
Авдий болалик чоғларидан поездларни томоша қилишни яхши кўрарди: у осмонга қуюқ тутун ва оппок пар чиқарадиган, теварак-атрофларга қичқириб, шрвқин соладиган урушдан кейинги ажойиб паровозларни кўрганди, лекин ҳеч қачон бир кунмас-бир кун поездни бунчалар азоб билан кутарман деб ҳаёлига келтирмаганди. Мана энди, қонунга хилоф тарзда ва ҳатто зўравонлик ишлатиб, поездга чиқиши керак.
Иккита локомотив бирлашиб тортиб келаётган оғир юк поезди тобора яқинлашар, унинг яқинлашаётгани одамнинг бутун вужудига акс садо берар, этни сескантирарди. Илгариги паровозлар ҳозирги дизеллар билан сира беллашолмайди. Уларнинг кучи ичида яширин эди, лекин улар шунчалар кўп вагонларни судраб боришардики, худди уларнинг охири йўққа ўхшарди. Сон-саноқсиз ғилдираклар тўхтовсиз ғилдирар, вагонлар остидан шамол ғувиллаб чиқар, гулдираган товушлар, бир маромда дўқир-дўқирлар эшитиларди. Авдий роса шиддат билан келаётган бу девқудрат машинага қарар экан, ҳаддан ортиқ чўнг ва улкан составни тўхтатиш мумкинлигига кўзи етинқирамасди.
Вагон-платформалар, цистерналар, ёғоч ортилган вагонлар, ёпиқ контейнерлар — бирин-кетин ўтиб борар, мана, составнинг ярми ҳам ўтиб бўлди, шунда Авдий: ҳеч иш чиқмайди, булар ҳаммаси бекорга уриниб, овора бўлиб ётишибди, деб ўйлади: шундай шиддат билан кетаётган катта поездни тўхтатишнинг иложи йўқ. Лекин бирдан поезднинг тезлиги пасайди, ғилдираклар борган сари секин айланди, тормознинг оғир ғажирлагани эштилди-да, эшелон худди кутилмаганда қоқилиб тушгандай оғир асабий силтаниб, юришини секинлатди. Авдий кўзларига ишонмасди: состав тўхтади ҳисоб. Шунда чинқириб, ҳуштак овози келди.
— Кетдик! — буйруқ қилди Петруха.— Олға!
Улар юк халталарини кўтарганча, секинлаб қолган вагонларга ўзларини уришди. Ҳаммаси пистирмадан туриб ҳамла килингандай кўз очиб-юмгунча тез рўй берди. Қўлга нима тўғри келса, шуни ушлаб, тирмашиб, истаган вагон, истаган жойга чиқиб, ишқилиб, жойлашиб олиш керак эди. Кейин томдан томга, вагондан вагонга сакраб қулайроқ жой топиш мумкин. Ундан уёғини Авдий худди ёмон туш каби эслайди: у кўз ўнгида худди осмон қадар қад кўтарган зич вагонлар тагида зир югура бошлади, у ақлининг бир чеккасида ғайришуурий тарзда вагонларнинг бунчалар юксаклигидан, ғилдираклардан чиқаётган қорамой ҳидларининг бунчалар ўткирлигидан ҳайратга тушди, ғилдираклар яна кўз очиб-юмгунча тезлашиб кетиши ҳеч гап эмасди. Лекин шунга қарамасдан Авдий жонҳолатда вагонга тирмашди, кимгадир ёрдамлашди, кимлардир уни ҳам қўллаб юборишди. Поезд икки мартача шарақлаб тортилди, силкинди, ғилдираклар ғасир-ғусур бўлиб кетди — улар тагида қолиш шу тобда ҳеч гап эмасди. Бироқ ҳаммаси жойида бўлди. Поезд яна бир карра қаттиқ силтаниб, бой берилган вақтни етказиб олиш учун шитоб билан илгарига жадаллаб кетди, Авдий мундай айланиб қараб, ичи бўм-бўш юк вагонида турганлигини, ўзининг ажралмас ҳамрохлари Лёнька ва Петруха, колаверса, Гришан ҳам шу ерда эканлигини кўрди. Лат еган оёқ билан унинг қандай вагонга чиқиб олганини Худо билади, анави иккиси — Махач ва Коля ҳам у билан бирга эди. Ҳаммаларининг ранг-қутлари оқарган, ҳансираб нафас олишар, лекин чехралари шод ва мамнун эди. Бари яхши тугагани ва энди энг ишкал жойи орқада қолганига Авдийнинг сира ишонгиси келмасди. Энди наша йиғувчилар Жалпоқ-Соз бекати томон кетиб боришар, ундан у ёғига йўллар бари катта ерга, катта шаҳарларга, одам издиҳомлари ичига элтади...
Яна беш соатлар чамаси йўл юришлари керак. Омад келганини қаранг: вагонда юк туширилгандан кейин қолган шекилли, бўш ёғоч яшиклар бор экан — чопарлар уларни тагларига ўриндиққа мослаб олишди. Гришан айтгандай қилиб, ташқаридан қараганда, кўринмайдиган бўлиб ўтиришди. Агар бир томондаги эшик очилса, вагон ичи анча ёруғ, бунинг устига ҳаво кириб туриши учун тепадаги тирқишлар ҳам кўтариб қўйилганди.
Қандайдир кичик разъездда тўхтаганларида, улар эшикни маҳкам ёпиб, дим ва иссиқ вагон ичида миқ этмай пусиб ўтирдилар, лекин состав олдига ҳеч ким келгани йўқ.. Петруха оҳиста ташқарига аланг-жаланг қилди-да, ҳаммаси жойида, ҳеч ким кўринмайди, деди. Қаршидан келаётган пассажир поезди ёнларидан гулдираб ўтиб кетгач, состав яна ўрнидан жилди, навбатдаги кичик бекатда Махач бир канистр сув топиб келди, вагондаги ҳаёт яна жонланди, қаттиқ нон, консервалар ейилди, Жалпоқ-Созга борганда, ошхонада тўйиб иссиқ овқат еймиз, деб орзу қилишди.
Поезд эса Чу чўлларидан тоғлар томон ўтиб борарди...
Май ойи оқшомлари узоқ давом этади, ҳали-ҳамон ёруғ эди. Ундан-мундан гаплашиб ўтиришар, кўпроқ турли овқатлар, пул эсланарди. Петруха Мурманскда попукдай қиз кутаётганлигини эслади. Шунда Махач соф кавказча жўшиб деди:
— Менга қара, ҳой, Петруха, азизим, нима, сен Мурманскдан бошқа ерда аёлни қилолмайсанми? Нима, Москвада энди қилиб бўлмайдими озгина? Ҳа-ҳа-ҳа! Нима, Москвада хотин йўқми?
— Сен мишиқисан ҳали бунақа ишларда, Махачка. Нимани маънисига тушунардинг? — қаҳри келди Петруханинг.— Неччига чиқдинг?
— Неччи-неччи! Неччи бўлса неччи! Бизнинг Кавказда мендақалар аллақачон бола ясайдиган бўлишган! Ҳа-ҳа-ҳа!
Бу гап ҳамманинг димоғини чоғ қилди. Ҳатто Авдий ҳам Гришанга қараб-қараб қўйиб, беихтиёр жилмайди, у эса бир чеккада такаббурлик билан иршаярди. У боя-боягидай йиғма курсичасига ҳамон ўша эгри таёғини ушлаб ўтирарди. У худди бошқа чопарлар каби жўн сигарет чекар ва фақат шу билангина уларга ўхшарди.
Кўп ўтмай улар ҳазил-ҳузул қилиб боришаркан, бўш юк вагонини батамом ўзлариники қилиб олишди. Ҳали офтоб уфққа ботмаган, ҳаммаёқ ёп-ёруғ бўлса-да, Лёнька вагоннинг бир чеккасида уйқуга кетган, бошқалар ҳам ухламоқчи бўлиб турардилар. Қандайдир арзимаган нарсаларни гаплашиб, чекиб ўтирган чопарлар бирдан жим бўлиб қолишди, сўнг Гришан томонга қараб кўя-қўя алланарсани шивирлаша бошлашди.
— Қулоқ сол, Гришан,— дея унга қарата мурожаат қилди Махач,— биз бу ерда ўтириб, умумий мажлис қилиб қарор чиқардик. Бир оз кайф қилсак-чи, а? Вақт ҳали бор, кайф қиламизми? Менда, азиз тамада, шунақанги бир олқиндиси борки, воҳ-воҳ, бунақасини фақат Бағдоднинг ўғриси чеккан!
Гришан Авдийга: хўш, қалай, дегандай тезгина қараб олди. Кейин бирпас жим турди-да, вақт ўтказиб, деди:
— Олаверинглар!
Ҳаммаларига жон кириб, Махачни ўраб олишди. Махач курткасининг қайси бир еридан ўша Бағдод ўғриси чакадиган олқиндисини чиқарди. Узунчок ва катта папирос ўради, ўзи биринчи бўлиб тортди, кейин ёнидагиларга узатди. Ҳар бири наша тутунини ичига ҳузур қилиб тортиб, сўнг папиросни шеригига чўзарди. Навбат Петрухага етганда, у тутунни ичига ютоқиб кўзларини юмиб, чуқур тортди-да, сўнг Авдийга узатди:
— Қани, Авдясь, сен ҳам бир торт! Сенинг қаеринг кам? Ма, чек! Э, мунча ўзингни опқочасан, қиз боламисан, нима бало?
— Йўқ, Пётр, мен чекмайман, овора бўлма! — Петруханинг кўлини қатъий қайтарди Авдий.
Петруха дарров ранжиди:
— Ҳеч поплигинг қолмади-да! Қойилман-э сенга, поп-соп! Сенга яхшилик қилмоқчи бўлсак, сен биздан ирганасан!
— Мен ирганаётганим йўқ, Пётр, тўғримас бу гапинг!
— Бор-э, сенга гап уқдириб бўлармиди! — қўлини силтади Петруха ва яна бир карра ичига чуқур тортиб, париросни Махачга берди, у эса кавказча чаққонлик билан уни Гришанга узатди.
— Энди, азиз тамада, сенинг навбатинг! Сўз сенга! Гришан индамай унинг қўлини нари сурди.
— Майли, ўзинг биласан, ўзинг — хон, кўланканг — майдон! — ачинган бўлиб, бошини чайқади Махач, папирос яна давра айлана бошлади. Лёнька сўриб-сўриб чекди, ундан кейин малла Коля, кейин Петруха ва яна Махач. Кўп ўтмай чекувчиларнинг кайфиятлари ўзгара бошлади, уларнинг кўзлари гоҳ туман билан қопланар, гоҳ йилт-йилт этиб кетар, оғизларини қийшайтиришиб сабабсиз илжайишар, ўзларини ғоятда бахтиёр сезишар, фақат Петрухагина ҳалиям гинасини унутмаган, ора-сира Авдий томонга норози назар ташлар, поплар ўзи ҳаммаси тўнғиз бўлади, деб тўнғилларди.
Гришан бир чеккада курсичасида чекувчиларга бамайлихотир қараб ўтирар, лабларидан кўпни кўрган одамлардай кинояли, такаббур, яниб қўйгувчи табассум аримасди. У вагоннинг очиқ эшиги олдида турган Авдийга дам-бадам ўқрайиб ўғринча нигоҳ ташлар, қарашидан бўлаётган ишдан мамнунлиги сезилар, шак-шубҳасиз буларнинг бари покдомон Авдийга қандай таъсир қилаётганлигини фаҳмлаб турарди. Авдий Гришан чопарларга наша чекишга ижозат бериб, ўзига бир томоша кўрсатмоқчи бўлганлигини англарди. Кўриб қўй, қандай бўларкин? Менинг кучим нимада эканлигини билдингми? Сенинг юксак интилишларинг бу баттаринлик олдида қанчалар ожиз эканлигини энди тушундингми?
Гарчи Авдий ўзини уларнинг қилғиликлари билан ишим йўқ дегандай кўрсатаётган бўлса-да, лекин ичида Гришанга ҳеч нарсани қарши қўёлмаётганидан, ожизлигидан қатъий ўкинди. Чопарларни Гришаннинг таъсиридан қутқариш учун амалда нима қилса бўлади, ахир. Ана шунда Авдий чидай олмади. У ғазабини яшириб, жиловлолмай қолди. Петруха папироснинг охирини чекиш учун яна унга тутганда, у ўзини тутолмади, ниҳоят, ёрилди. Папироснинг қолдиғи ҳам сўрилавергандан хунуги чиқиб кетган, сарғиш-заққум тусга кирганди.
— Ол, Авдясь, мунча афтингни бурасан, вой попни боласи-ей! Мен чин кўнгилдан айтяпман. Ҳамма мазаси охирида бўлади, миянг қаймоқдай оқиб кетади! — тиқилинч қилиб қўймасди хира Петруха.
— Нари тур! — силтаб ташлади уни Авдий.
— Ҳали шунақами! Мен сенга чин дилдан айтсам, ноз қилдингми ҳали! Афтингни буриштирадиган бўлдингми!
— Бўпти, бер бу ёққа, бер! — деди фиғони ошиб Авдий ва чўғланиб турган папиросга қўл чўзиб, уни худди Петрухага намойиш қилиб кўрсатгандай боши узра баланд кўтарди-да, вагоннинг очиқ эшигидан ташқарига улоқтириб юборди. Бу шунчалар кутилмаганда тез рўй бердики, ҳамма ва ҳатто, Гришаннинг ўзи ҳам ҳайратдан бақа бўлиб қолди. Орага чўккан сукунатда поезд ғилдиракларининг шиддатли овози янада аниқ ва ваҳималироқ эшитилди.— Кўрдингми? — саннаб деди Авдий Петрухага.— Нима қилганимни ҳамманг кўрдингларми? — аччиқ-тиззиқ билан деди у яна бошқа чопарларга бир-бир қараркан.— Бундан кейин доим ана шундай бўлади!
Петруха ва ундан кейин бошқалар Гришанга ҳайрон бўлиб, саволомуз қарашди: бу ёғи қандай бўлди, хўжайин, бу тавия қаердан келиб қолди?
Гришан дам Авдийга, дам чопарларнинг тумтайган башараларига масхара қилгандай қараркан, индамасди. Махачнинг тоқати тугади:
— Ҳой, тамада, нега индамайсан? Нима, соқов бўп қолганмисан?
— Йўқ, соқов бўп қолмаганман! — деб унинг жиғига тегди Гришан ва заҳарханда қилиб чўрт кесди: — Мен манов нусхага оғзимни очмайман, деб сўз бергандим. Қолганини ўзларинг ҳал қилинглар! Менинг бошқа гапим йўқ...
— Шу ростми? — ўсмоқчилади Махач Авдийдан.
— Рост, лекин гап бошқа ёқда! — қичқирди Авдий.— Мен уни фош қилмоқчи эдим,— деб Гришанни бош силкиб кўрсатди у,— бу иблис сизларнинг ҳаммаларингизни йўлдан урган! Ҳалокат ёқасига келиб қолгансизлар! Мен жим қараб турмайман, ҳақиқат мен томонда! — Шунда у нима бўлаётганини, нима қилаётгани, нималар деб қичқираётганини англамай, наша тўлдирилган юклар ичидан юкхалтасинй куч билан тортиб олди. Гришандан бошқа ҳамма ўтирган ўрнидан сакраб турди: бу поп-сопнинг юмшоққина боласи асти нима қилмоқчи ўзи?
— Мана, қаранглар, болалар! — Авдий юк халтани боши узра кўтариб силкитди.— Мана шунинг ичида биз одамларнинг бошини ейдиган, офат ва қирон келтирадиган оғу олиб кетяпмиз. Енгил пулга учган сиз чопарлар, сен, Петр, сен, Махач, сен Лёня, сен, Коля, шундай қиляпсизлар! Гришанни гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Унинг кимлигини ўзингиз яхши биласиз!
— Шошма, шошма, Авдий! Қани, тасаддуқ, халтани менга бер-чи! — унга томон юрди Петруха.
— Нари тур! — итарди уни Авдий.— Яқинлашма! Ўзим биламан бу одамлар бошига битган балони қандай йўқотишни.
Шундан сўнг Авдий ҳали чопарларнинг ҳуши ўзига келмай, юк халтанинг чизимчасини тортиб ечди-да, вагон эшигидан нашаларни ташқарига соча бошлади. Анча-мунчагина гиёҳ терилган экан, нашанинг сарғимтил-кўк япроқлари ва гуллари темир йўл бўйлаб худди кузги барглар каби пароканда тўзиб учди. Юзлаб, минглаб жарақ-жарақ пуллар ҳавога сувурилмоқда эди! Қандайдир бир зум чопарлар Авдийга анқайиб, шамдай қотиб қолдилар.
— Кўрдингларми! — қичқирди Авдий ва юк халтани хам ташқарига отди.— Ана энди сизлар ҳам шундай қилинглар! Сўнг биргаликда тавба қиламиз, Худонинг шафоати ва мағфиратига сазонор буламиз! Бўлинглар, Лёнька, Петр! Лаънати нашаларингизни тўкинглар, қутулинглар шу ярамасдан!
— Жинни бўлиб қолибди! Бекатда у бизни ушлаб беради! Ур уни, ит попнинг боласини! — чинқирди эс-ҳушини йўқотиб Петруха.
— Тўхтанглар, тўхтанглар! Қулоқ солинглар! — уларга ниманидир тушунтирмоқчи бўлиб қичқирарди Авдий гиёҳвандларнинг қутуриб кетганларини кўриб. Лекин энди кеч эди. Гиёҳвандлар унинг устига қутурган итдай ташландилар. Петруха, Махач, Коля бир-бирига гал бермай унинг бошига мушт ёғдирардилар. Фақат Лёнькагина уларни кучи етганча ажратишга уринарди.
— Қўйинглар, бас қилинглар! — деб атрофда нима қиларини билмай сарсиларди у. Лекин уларни ажратишга кучи етмасди — уч кишини бир ўзи қандай ҳам эпласин. Раҳмсиз, олатасир калтаклаш бошланди.
— Ур! Итар! Вагондан ташлаб юбор! — деб бўкирарди Петруха.
— Попни ўлдир! Пастга от! — жўр бўларди Махач.
— Керакмас! Ўлдирманглар! Илтимос, ўлдирманглар! — чийилларди ранги ўчган, қалт-қалт титраган Лёнька.
— Қоч, итвачча, сўяман! — Лёньканинг қўлидан юлқинарди ваҳшийлашган Коля.
Авдий силкиниб бораётган вагоннинг очиқ жойидан кучи борича нарига, ўртароққа сурилишга уринарди: гиёҳвандларнинг бунчалар бераҳм, ваҳший, зўравон бўлишларига у энди ишонди — бўлмаса, ҳозиргина гашт қилиб, оғзининг таноби қочиб ўтиришган эди-я. Авдий ҳаёти қил устида турганлигини тушунар, кучлар ҳам тенг эмасди. Кучи ошиб-тошиб ётган, қутурган уч йигитга ёлғиз ўзи қандай бас келсин.
Тўғри, Лёнька унинг ёнини оляпти. Лекин, унинг кучи қаерга етарди.
Гришан эса ҳамон ўша жойида худди цирк ёки театрга тушган томошабиндай ўтирар, хайрихоҳлик билан иршаярди.
— Ўҳу! Ўҳу! Ана холос! — лабини қийшайтириб мазах қиларди у. Итдай уриштириб қўйди-ку охирида, шундай бўлишини олдиндан ҳисоблаб чиққанди, мана энди, ғалаба нашъасини суряпти — унинг кўз ўнгида одам ўлдиришяпти.
Авдий фақат Гришан ўртага тушсагина жони қутулиб қолишини сезиб тарарди. «Гришан, қутқар!» — дейиши билан чопарлар уни тинч қўйишларини биларди. Лекин калласини кесганда ҳам, у Гришандан ёрдам сўролмасди. Бирдан-бир чора вагоннинг ичкарироғига амаллаб ўтиб олиш, бурчакка қисилиб туриш — ундан у ёғига калтаклайдиларми, тепкилайдиларми, қўлларидан келганини қилишсин, фақат вагондан ташлаб юбормасалар бўлгани, акс ҳолда жондан умид йўқ...
Лекин, ичкари бурчакка етиб олиш осон эмасди. Уни уриб, тепкилаб яна вагоннинг ланг очиқ эшиги томон улоқтирдилар. Авдий бир зум шу ерда туриб қолса, уни ҳаш-паш дегунча ташқарига итариб ташлардилар. Шунинг учун Авдий қандай қилиб бўлмасин, яна йиқилган еридан турар, ўзини вагоннинг ичкарисига олишга уринарди. Гиёҳвандлар ахийри ҳолдан тойиб, ё ҳушларини йиғиштириб олишар, деб умид қиларди. Аёвсиз жангда биринчи бўлиб, бошига оғир зарба тушган Лёнька қулади. Попнинг ўғлидан, янги чиққан авлиёдан ва демак, чопарларнинг душманидан аёвсиз қасд олаётганда, оёқ тагида ўралашмасин деб, Коля уни тинчитган эди. Гиёҳвандлар мушт устига мушт туширар — елга совурилган шунча пулга ичлари куйиб борарди.
— Ур, ур! Жон чиқар ерига сол аблаҳни! — қутуриб кўпик сочарди Петруха. У Авдийни орқасидан келиб маҳкам қисиб олди-да, қўлларини орқага қайирди ва Махачга тўғрилади. Махач эса шунда худди шайтонлаган буқадай, ғазаб билан Авдййнинг қорнига урди. Авдий ўлар ҳолатда букчайиб, оғзидан қон кетганча, вагон ичига қулади. Шундан сўнг учовлари уни эшик томонга судраб кетишди. Авдий эса шу аҳволда ҳам, уларнинг чангалидан қутулиб чиқишга уринар, қаршилик кўрсатар, тирноқлари кўчиб кетишига қарамай, вагоннинг тахталарига ёпишарди. Мудҳиш Гришан эса вагоннинг бир четида гўё ҳеч нарса бўлмагандай йиғма курсичасига оёқларини чалиштириб ўтирар, безрайган башарасида мумнунлик ифодаланар, эгри таёғини ликиллатиб ўйнаб, ҳуштак чалиб машқ қиларди. Ҳали ҳам раҳм-шафқат сўраб: «Гришан, қутқар!» — деб қичқирса, кеч эмасди ва Гришан ҳам унга раҳми келиб, олижаноблик кўрсатиб, ўлим чангалидан олиб қолиши мумкин эди. Аммо Авдий омонлик сўраб оғзини очмади. Уни очиқ жойга қонларини оқизиб судраб кетдилар. Вагоннинг очиқ эшигида сўнгги олишув рўй берди. Улар Авдийни бир йўла итариб юборишга чўчидилар, у билан бирга ўзлари ҳам ташқарига қулашлари мумкин эди. Авдий эшикка, тўғрироғи, эшик орқасидаги темир тутқичга маҳкам ёпишди. Поезднинг кучли шамоли уни эшикка михлаб ташлади, Авдий чап оёғи билан қандайдир темир чиқикка базўр илинди ва бутун оғирлиги билан осилиб қолди. Афтидан, у ҳеч қачон яшаш ва кулфатдан қутулиш учун бунчалар жон-жаҳди билан уринмаган эди. Бунчалар куч қаердан келяпти, ўзи ҳам билмасди. Агар уни ўз ҳолига қўйганларида эди, у балки тиришиб-тармашиб яна вагон ичига кириб оларди. Бироқ чопарлар худди тўп тепкандай унинг бошига тепишар, оғизларидан боди кириб, шоди чиқар, аямай қора қонга булғашар, у эса ҳамон темир қабзани қўйиб юбормасди. Охирги дақикалар айниқса даҳшатли бўлди. Петруха, Махач ва Коля ҳаддан ташқари ваҳшийлашиб кетдилар. Шу пайт Гришан ҳам ўзини тўхтатолмай эшик олдига чопиб келди: энди юзини бемалол сидириб ташласа бўлаверади, энди Авдий Каллистратов қандай жон таслим этади, томоша қилиш мумкин. Гришан чопарлар Авдийни батамом асфаласофилинга жўнатишларини кутиб турарди. Тан бериш керак — Гришан ўз ишига ғоятда уста эди. Эртага мабодо Каллистратовнинг ўлигини топиб, унинг йиқилиб тушгани ёки ўзини поезддан ташлаганига шубҳалансалар, Гришан ўшанда ҳам ҳеч нарсани билмаган, кўрмаган бўлиб тураверади — шахсан ўзи бу ишга қўл урмаган. Нари борса, болалар жанжаллашиб, дўппослашиб қолишгану бахтсиз ҳодиса рўй берган — қочаман деб, поезддан тушиб кетган.
Кейин Авдийнинг юзига тепишди. Унинг охирги эслаб қолгани шу бўлди. Чопар гиёҳвандларнинг пошналари конга бўялди. Шамол Авдийнинг қулоқларида худди аланга каби гувилларди. Унинг вужуди тобора оғирлашиб, пастга қўрқинчли бўшлиқ сари зилдай тортиб борарди. Поезд эса шамолларнинг каршилигини енгиб, ҳамон ўша чўллардан елдек елар, бутун ёруғ оламда жони қил устида турган шу жабрдийда йигитга ёрдам қўлини чўзадиган бир кимса йўқ эди. Узундан-узоқ давом этган кун сўнгида ботиб бораётган қуёш унинг қийноқ даҳшатидан олайиб кетган кўзларини қонли шафаққа бўяб, у билан бирга олам зулматига чўкмоқда эди. Лекин, қанча тепкиламасинлар, Авдий қўлларини бўшатмасди. Шунда Петруха Гришаннинг таёғини тортиб олиб, сўнгги зарбани берди. Инчунун Гришан ҳам худди билмаган кишидай таёғини кўрга ҳасса қилиб ушлаб турган эди, мана, марҳамат, олиб урмайсанми қўлларига, мажақ-мажақ бўлиб кетмайдими, қисталоқ, дегандай...
Шунда Авдий қонли гўшт парчаси каби пастга учиб кетди. У темир йўл кўтармасидан қандай қулагани, нималарга урилиб, сурилганини сезгани ҳам йўқ, эшелоннинг думи у йиқилган ердан шалдираб ўтди, собиқ ҳамроҳлари тушган поезд кўздан йўқолди, ғилдиракларнинг шовқин-сурони тинди, лекин у ҳеч нарсани сезмади.
Кўп ўтмай қуёш сўнди, қоронғу тушди, моматалоқ тусига кирган ғарбнинг қўрғошин осмонида қора булутлар қуюқлашди...
Ўша машъум ердан эса энди бошқа поездлар елдек чопар, анави жонини сақлаш учун раҳм-шафқат сўраб ялинмаган шўрлик йигит эса темир йўл пастидаги чуқурлиқда чапараста ағанаб ётарди. Мана энди, ҳақиқатни жонсарак излаб билган ҳамма нарсалари ва қарор топтиришга уринган нарсаларнинг ҳаммаси ҳозир орқага улоқтириб ташланган, забун этилганди. Ўзини шунчалар аямагани, омонлик тилашдан воз кечганига арзирмиди булар? Ахир, ҳамма гап у эмас-бу эмас, унинг ҳаёт-мамоти устида кетаётган эди-ку. Бор-йўғи учтагина сўзни айтса: «Мени қутқар, Гришан!» — деса кифоя эди. Аммо бу сўзлар унинг оғзидан чиқмади...
Чиндан ҳам, Худо таоло таажжуботларининг чеки йўқ... Ахир бир маҳал узоқ тарихда шундай воқеа рўй берган эди-ку — Галилиядан чиққан бир мажзуб ўзига шунчалар ишонган эдики, икки оғизгина сўзни айтишни истамай ҳалокатга гирифтор бўлганди. Охири, ширин жондан айрилганди. Одамлар ҳам то ҳалигача, орадан бир минг тўққиз юз эллик йил ўтганига қарамай эс-ҳушларини йиғиштириб ололмайди-лар — бу қандай қилиб юз берди, ахир, шундай бўлиши мумкинми, деб ажабланишади, баҳслашишади, изтиробга тушишади. Ҳар сафар бу уларга худди куни кеча рўй бергандай бўлиб туюлади — яралари ана шунчалар янги. Ва ўша замонлардан буён неча-неча насллар дунёга келмасин, ҳар бири ўртаниб-куяди, агар ўшанда биз Ғулқофда бўлганимизда, ҳеч қачон галилейлик кишини жабрлашга йўл қўймасдик, дейишади. Ана шундай туюлар экан-да, ҳозир. Лекин дунё айланаай-лана ҳамма нарсалар унут дарёсига ғарқ бўлиб кетади-ю бироқ ўша кун сира эсдан чиқмайди, деб кимнинг ҳаёлига келибди дейсиз...
Айтганча, ўшанда ҳам жума куни эди ва жонини қутқариши мумкин бўлган зот ўшанда ўзини халос этмоқ учун тилга икки оғиз сўз олмоқни раво кўрмаганди...

II

Ўшанда Қуддусда ҳаво эрталабдан қизиб, кун иссиқ бўлишидан дарак берарди. Ирод саройининг Арк айвонида мармар устунлар тагида прокуратор Понтий Пилат ўзига курси қўйишни буюрди. Бу ерда пастдан эсаётган елвизак унинг сандал кийган оёқларини билинар-билинмас елпиб ўтарди. Катта боғдаги адл теракларнинг учлари шабадада эринчоқлик билан қимирлар, уларнинг япроқлари бу йил барвақт сарғая бошлаганди.
Саройнинг Арк айвони жойлашган шу тош тепаликдан шаҳар кафтдек кўриниб турар, ҳозир ҳаво тобора қизиб бораркан, шаҳар манзаралари оқ ҳарир парда ичра жимирлаб кўзга чалинар,— ҳатто Қуддуснинг доим равшан кўринадиган теварак-атрофларини ҳам оқариб ётган саҳро сарҳадларида аранг пайқаш мумкин эди.
Ўша куни эрталаб худди кўзга кўринмас иплар билан осмонга осиб қўйилгандай қанотларини кенг ёзиб ёлғиз бир қуш сас чикармай сузиб юрар, маълум вақт орасида ҳеч канда қилмай катта боғ устидан учиб ўтарди. Бургутмикин, калхатмикин, шу иккисидан бўлак ҳеч қандай қушнинг бундай иссиқ кунда узоқ ҳамда зерикарли учишга қурби етмайди. Оғирлигини у оёғидан бу оёғига солиб турган назарлик Исонинг кўкда айланиб юрган қушга бехос кўз қирини ташлаганлигини пайқаб прокуратор бирдан оғринди ва тутоқиб кетди. У заҳар сочиб деди:
— Сен қаёққа қараяпсан, Яҳудонинг подшоси? Бошингда ажал қуши айланяпти!
— У ҳаммамизнинг бошимиздан айланяпти,— оҳиста, худди ўзи билан ўзи сўзлашаётгандай жавоб берди Исо ва қорайиб моматалоқ бўлиб кетган кўзини кафти билан пайпаслаб қўйди: синедрионда суд қилиш учун элтаётганларида бозор олдида руҳоний ва оқсоқоллар гиж-гижлаган оломон уни уртўқмоқ қилган эди. Айримлар раҳмсиз калтаклаган, бошқалари башарасига тупурган ўша дамларда руҳонийлар руҳонийси Кайафанинг одамлари ўзини нечоғлик қаттиқ ёмон кўришларини тушунди, ҳа қуддусликларнинг судидан ҳеч кандай раҳм-шафқат кутиб бўлмайди, шундайку-я, лекин уни оломоннинг айнимачоқлиги ва жаҳолатга миниб қутуриши таажжубга солиб қўйди, гўё шу пайтгача улар ичидан ҳеч ким унинг дародилигини билмагандай, гўё шу пайтгача улар ибодатгоҳлар ва майдонларда нафасларини ичларига ютганча қимир этмай унинг ваъзларини эшитмагандай, гўё улар хўтигини эргаштирган кўк эшакка миниб шаҳар дарвозаларидан кириб келганида шоду хуррам қарши олмагандай, гўё улар умид-омол била: «Салламно бани Довудга! Салламно ва акрам!» — деб қичқиришиб, эшаги оёғи остига гуллар отмагандай.
Мана энди, у йиртилиб далва-далва бўлиб кетган уст-бошда паришон ва фаромуш алфозда тақдиримда яна нималар бор экан дегандай Понтий Пилат қошида мустар турибди.
Прокураторнинг эса шу тобда асаби ғоятда бузилган ва қизиғи шундаки, ҳаммадан бурун ўзидан — ўзининг сустлиги, бировга тушунтириб бўлмайдиган журъатсизлигидан хафа эди. На Рим қўшинларида хизмат қилиб юрганларида ва на мана ҳозир прокураторлик чоғларида у ҳеч қачон бундай ҳолга тушмаганди. Ростдан ҳам кулгили эмасми, ахир! — синедрионнинг ҳукмини шартта тасдиқлаш ва ортиқча бошоғриқдан қутулиш ўрнига у терговга кучи ҳамда вақтини сарф қилиб ўтирибди. Ҳолбуки, Байтулмуқаддас руҳонийлар руҳонийси ва мушриклари унинг фармойишига илҳақ, уларни дарҳол чақириб, мана, олинглар, гуноҳкор сизларники, нима қилсаларингиз, ўз ихтиёрларингиз, деса бўлади-ку, ахир. Шунга қарамасдан, Понтий Пилатга шундай осонгина йўл тутишга нимадир халақит бермоқда эди. Бунинг устига манови масхаравоз шунча овора бўлишга арзирмикин?..
Лекин бу тентакни ҳам кўринг-да ахир! Қарангким, у Яҳудонинг подшоси, муҳибби Раббоний эмиш, Илоҳнинг одил салтанатини тузмоқ учун Худо томонидан яҳудоларга тортиқ қилинганмиш, Унинг одил салтанатида қайсару қайсарчаларга, уларнинг нойибларига ва ялоқи синагогларга ўрин йўқмиш, жами одамлар эндиликда то охиратга қадар бир-бирларига тенгу биродар бўлар эмишлар. Неча-неча кишилар давлат қушини бошларига қўндиришга ҳаракат қилмаганлар, лекин бунақа ақлли, айёр ва бунақа ғаддорини ҳали ҳеч ким кўрмаган эди. Бунақалар салтанат тепасига келсин-чи, аввал қандай бўлса, худди шундай ҳукм юритаверади, зотан, дунёга ҳаётнинг бошқача йўриғи йўқ ва бўлмайди ҳам. Аммо бадкирдор буни беш қўлдай яхши билади, лекин бари бир найрангини қўймайди! Содда одамларни янги Салтанат қурамиз деб алдайди. Ҳар бир одам ўз юрагидаги гумонига кўра бошқанинг устидан ҳукм чиқарди, деган гап ҳақ бўлса, бу ерда айни шунинг ўзгинаси эди: прокуратор юрагининг энг яширин ерларида оруланган, лекин амалга ошишига ўзи ҳам ишонмаган ҳаёлларни Исога тақамоқда эди. Ҳаммасидан ҳам, худди мана шу нарса Понтий Пилатнинг ғашига тегар ва шу боисдан маҳкумга бир вақтнинг ўзида ҳам қизиқиб қарар, ҳам нафратланарди. Прокуратор назарлик Исонинг сирини билиб олдим, деб ўйларди: бу дайди башоратгўй ер юзида ғалаён чиқармоқчи, одамларга Янги Салтанат ваъда қилиб, эскини йиқмоқчи ва янгининг устига ўтирмоқчи. Оббо, муғамбир! Румо Салтанатининг Кичик Осиёдаги вилоятлари ҳокими бўла туриб, Понтий Пилат ҳаёлига келтирмаган, тўғрироғи, ҳатто орзу қилишга қўрққан нарсаларни наҳот шу ожиз ва ночор Яҳудо кўкрагида кўтариб юришга журъат этса-я. Дайди кароматгўй Исони бошқача йўллар билан тергар ва сўроққа тутаркан, тажрибакор прокуратор ўзини мана шунга ишонтирар, шунга чоғлар, шундай хулоса чиқаришга ҳозирларди: ҳар сафар ўзини маҳкумнинг ўрнига қўйиб кўрганда, унинг ҳокимлик даъво қилаётганидан тепа сочи тик турарди. Шундан Понтий Пилатнинг жиғибийрони чиқар, шубҳалар ўтида қовурилар — дам Байтулмуқаддас Синедриони томонидан Исо устидан куни кеча чиқарилган ўлим ҳукмини тасдиқлаб, ҳокимлик муҳрини босмоқчи, дам буни орқага чўзиб, Румо давлати учун Исо фикрлари ва хатти-ҳаракатлари нечоғлик хавфли эканлигини охиригача аниқламоқчи бўларди...
Унинг осмонда учиб юрган қуш ҳақидаги сўзига маҳкум дайдининг жавоби тўғри ва очиқлиги, бетакаллуфлиги билан прокураторнинг энсасини қотирди. Ундан кўра индамагани ёки тилёғламалик қилгани ҳам тузук эди. Қаёқда, қайтага ўзига-ўзи таскин беряпти: ўлим гўё барчамизнинг бошимизда кезиб юради. «Буни қаранг-а, ўз бошига ўзи эран-қаран ўлим чақиряпти-я, ростданам, қатлдан ҳеч чўчимаётгандай»,— куфр бўлиб кетди Понтий Пилат.
— Бўпти, яна аввалги гапимизга қайтамиз. Шўрлик, биласанми, сени нима кутаётганлигини? — сўради прокуратор товуши хириллаб. У боядан бери тез-тез йилтираган башараси, тепакал боши ва ғўладек бақувват бўйинларидан рўмолча билан терини артарди. Прокуратор Исонинг жавобини кутиб, терлаб кетган бармоқларини бирма-бир қасирлатиб қайириб чиқа бошлади. У шунга ёмон одатланганди.— Сендан сўраяпман, нима бўлишингни биласанми?
Исо бошидан нима кечишини ўйлаб, ранги ўчди ва оғир хўрсиниб, деди:
— Шундай, Румо нойиби, мени бугун қатл қилишларини биламан,— базўр оғзидан чиқди унинг.
«... Биламан!» — масхараомуз такрорлади прокуратор ва қаршисида турган шўрлик пайғамбарга ҳам раҳми келиб, хам аччиғи қистаб, мийиғида кулганча бошдан-оёқ назар солиб чиқди.
Қовушмаган, бўйни узун, ўсиқ сочлари патила-патила тўзиган, либослари йиртилган, сандали оломон талаганда тушиб қолган бўлса керак, оёқ яланг Исо прокуратор қошида бошини хам қилиб турар,— унинг орқасида сарой Аркининг тўсиқлари оша олис тепаликларда шаҳар уйлари элас-элас кўзга чалинарди. Шаҳар прокуратор тергаётган одамга муштоқ эди. Қабиҳ шаҳар қурбон истарди. Бугун мана шу жазирама иссиқда шаҳарга қонли томоша керак эди, унинг қоронғу, сим-сиёҳ истаклари жунбушга тушмоқни хоҳларди — худди қаҳрли йўлбарс Ливия саҳроларида зебрани тилка-пора қилаётганда чиябўрилар тўдаси алам билан акиллашиб, увлашганидай оломон ҳам кўчаларда нола-фарёд чекиб кўксини тиғлайди ўшанда. Понтий Пилат бундай воқеаларни одамлар ўртасида ҳам, жониворлар ичида ҳам кўрган эди. Шунинг учун, чорчўпга михлаш қандай бўлишини бир зум кўз ўнгига келтириб, ич-ичдан эти жимирлашиб кетди. Ва юраги ачишгандай ўкиниб деди:
— Биламан, дейсан! «Биламан» ҳам гапми? Сени у ёққа олиб чиқишгандан кейин биласан...
— Шундай, Румо нойиби, мен буни биламан, ўйласам, этим сесканиб кетади.
— Сен гапимни бўлма ва нариги дунёга кўпам ошиқаверма, борасан ҳали,— деб тўнғиллади прокуратор гапи чала қолганидан норози бўлиб.
— Афв эт, ҳукмдор, беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди, гапингни бўлмоқчи эмасдим,— узрхоҳлик қилди Исо.—- Мен ҳеч ерга шошилаётганим йўқ. Мен ҳали яшасам девдим.
— Эса сен куфроний сўзларингдан воз кечиб қўя қолмайсанми? — тиккасига сўради прокуратор.
Исо қўлларини ёзди, унинг кўзлари болаларникидай маъсум эди.
— Менинг қайтиб оладиган сўзим йўқ, ҳукмдор. У сўзлар қисматда бор. Падарим дилимга солган. Унинг иродасини адо этиб, сўзларини одамларга етказмоғим керак.
— Айтганингдан ҳеч қолмайсан,— норози бўлиб овозини кўтарди Понтий Пилат. Унинг қийғир бурунли, қайишдай қаттиқ лаблари атрофига чуқур чизиқлар тортилган юзи нафратангиз совуқ тусга кирди.— Мени чалғитаман деб, овора бўлма, ҳаммасини шундоқ кўриб турибман,— деди у эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.— Падаримнинг сўзлари, уларни одамларга еткизаман дейсан. Аслида бу нима? Аслида бу қора халқни лақиллатиш. Уни қўлга олиш! Авомни бузғунчиликка бошлаш. Балки унинг сўзларини менга ҳам етказмоқчидирсан — мен ҳам одамман-ку!
— Ҳозирча. Румо ҳукмдори, сенга бу ҳожат эмас. Билъакс, сенда изтироб йўқ. Сен бошқача ҳаётни орзу қилмасанг ҳам бўлади. Сен учун ҳукмронлик бу — Худо ва диёнат. Ҳукмронлик эса тамомила ўз қўлингда. Сен учун шундан юқори ҳеч нарса йўқ.
— Рост. Румо ҳукмронлигидан ўзга олий нарса йўқ. Умидворман-ки, сен шундай демоқчи бўлдинг, шекилли?
— Сен шундай деб ўйлайсан, ҳукмдор.
— Ақлли одамлар ҳар доим шундай ўйлаганлар,— илтифотли оҳангда уни тўғрилади прокуратор.— Бекорга айтмаганлар,— уқдира бошлади у.
— Қайсар  — Худо эмас, лекин Худо — худди Қайсардай. Агар аксинчасига ишончинг комил бўлса, менга исбот қил. Қани! — У Исога мазах қилгандай тикилиб қолди.— Мен Румо императори Тиверийнинг нойиби бўламан. Унинг номидан мен замину замонадаги нарсаларнинг ҳолатларини бирмунча ўзгартира оламан. Сен эсанг бунга аллақандай олий кучни, гўё сен элтаётган қандайдир ўзгача бир ҳақиқатни қарама-қарши қўймоқчи бўласан. Шоён ғалати, шоён ғалати! Акс ҳолда сени бу ерда тутиб турмас эдим. Синедрионнинг ҳукми қачон ижро этилади деб, шаҳар ошиқмоқда. Хўш, қани, жавоб бер!
— Мен нима дей?
— Қайсарнинг Худодан кичиклигига ишончинг комилми?
— Қайсар ҳам ўладиган одам.
— Албатта, ўладиган одам. Лекин у тирик экан, одамлар учун Қайсардан юқори Худо борми?
— Тирикликнинг ўзга ўлчовини олсак, ҳукмдор, албатта, бор.
— Топган гапингни қара-я,— ўзини хафа бўлгандай кўрсатиб, қошларини чимирганча деди прокуратор.— Одамлар кулади демайсан ҳам. Сенинг бу гапларингга ким ишонади билмайман, тушунмайман.
— Зулмдан эзилганлар менга ишонадилар, адолат истаганлар ишо-надилар менга. Менинг сўзларим азоб-уқубатлардан тўйган ва кўзёшлар билан суғорилган заминда ниш отиб, кўкаради,— деб тушунтирди Исо.
— Бас! — қўлини ноумид силкиди прокуратор.— Вақт зое кетмоқда.
Улар ўз ҳаёлларига берилиб, жим қолдилар. Исонинг бўздай манглайи терчилади. Лекин у терларини на кафти ва на узун кўйлагининг йиртиқ енги билан артди, бу ҳаёлига ҳам келмасди — қўрқувдан томоғига бир нарса тиқилган, кўнгли озар, юз-кўзларидан тер қуйилар, серпай ориқ оёқлари тагига — мармар тахтачаларга чакиллаб томарди.
— Мана шундан кейин ҳам,— деб давом этди негадир овози ичига тушиб кетган Понтий Пилат,— Рим ҳукмдори сенга озодлик беришини хоҳлайсанми?
— Шундай, яхши ҳукмдор, мени қўйиб юбор.
— Кейин нима қиласан?
— Элларга Худонинг каломини еткизаман.
— Одамларни аҳмоқ қиламан де! — деб қичкирди прокуратор ва заҳраси учиб ўрнидан туриб кетди.— Ана энди ишондим. Сени ҳақиқатан тахтага тортиш керак экан. Сени фақат ўлим тинчитади!
— Сен янглишасан, шонли ҳукмдор, ўлим руҳ олдида ожиз,— қатъият билан дона-дона қилиб деди Исо.
— Нима? Нима дединг? — ўзига ишонмай ҳайратланди Понтий Пилат Исога яқинлашиб бораркан, унинг ғазаб ва ҳайратдан ўзгариб кетган юзи қизғимтир қора доғлар билан қопланди.
— Сўзларимни эшитинг, ҳукмдор.
Понтий Пилат нимадир демоқчи бўлиб, ўпкасини тўлдириб нафас олди, қўлларини силтаб юқори кўтарди, лекин шу пайт шаҳсуворнинг гурсиллаган қадам товуши эшитилди.
— Нима дейсан? — қовоғини солиб сўради прокуратор унинг қошига қандайдир ўроғлик қоғоз кўтариб келаётган қуролли сарой аскаридан.
— Сизга юбордилар,— деб қисқа жавоб берди аскар ва шу заҳоти кўздан йўқолди.
Понтий Пилатга хотини хат йўллаган эди: «Ҳукмдорим, сиздан ўтиниб сўрайманки, ўша саргардон йўловчига оғир азоб берманг. Одамларнинг айтишларига қараганда, уни Христос дер эмишлар. Ҳамма уни безиён, тақводор одам дейди. Ҳар турли майиб-машриқлар, касал бечораларни тузатар эмиш, мўъжизакор эмиш. Уни Худонинг ўғли, Масиҳ, Яҳудонинг султони десалар, қулоқ солманг, балки туҳмат қилишаётгандир. Яна билмадим, бунга менинг ақлим етмайди. Яҳудолар қандай жанжалкаш, серғалва халқ эканлигинй ўзингиз биласиз. Миш-мишлар рост чиқса-чи, унда нима бўлади? Қора халқнинг оғзида юрган гап кейин кўпинча тўғри чиқади-ку. Мабодо, бу сафар ҳам, рост бўлса, унда сизни тавқи лаънат қиладилар. Эшитишимча, бу ердаги синагогларнинг кишилари ва шаҳар оқсоқоллари Исога халқ эргашганини кўриб, қўрқиб кетганмишлар, ундан ўч олиш пайига тушганмишлар. Руҳонийлар Исони қўролмай, жоҳил оломонни унга қарши бўҳтон қилиб тезлаган эмишлар. Кеча унинг этагида ибодат қилганлар, бугун уни тошбўронга тутибдилар. Ожиз ақлим билан бир нима деёлмайман-у, лекин азизим Пилат, завжайи муҳтарамим, агар сиз бугун бу савдойини қатл этишга муҳр чексангиз, кейинчалик фақат сизни ёмонотлиқ қиладилар. Ахир, биз ўла-ўлгунча бу ерда қолиб кетмасмиз-ку. Мен сизни Римга олий унвонлар ва иззат-ҳурматлар билан қайтишингизни истайман. Асло бунга йўл қўйманг, азизим Пилат. Боя соқчилар олиб ўтишаётганда, унга кўзим тушди, худди ёш илоҳ каби кўркам йигит экан. Биласизми, кеча бир туш кўрибман. Кейин ўзингизга сўйлаб бераман. Жуда муҳим. Ўзингиз ва наслларингиз бошини маломатга қўйманг!»
— Ё Худо, Худо! Не гуноҳ қилдим сенга? — деб инграб юборди Понтий Пилат. Ва яна нечанчи маротаба бу девонасор, мажзуб, ёлғон пайғамбарни дарҳол, ҳеч қандай ортиқча гап-сўзсиз қўриқчилар билан шаҳар ташқарисига, Ғулқоф қатлгоҳига жўнатиб юбормаганлиги учун афсус-надомат чекди. Ахир Қуддус ҳакаму ҳукамолари шуни талаб қилишмаяптими. Мана энди, ҳокимлик идорасига бош кўшмаган бир хотини қолган эди. Бунда ҳам у Исо тарафдорларининг яширин қўлларини кўргандай бўлар, йўқ деганда, буларнинг барини осмон кучларининг бу ишга қилаётган қаршилигига йўярди. Бироқ дунёнинг ишлари маъбудларни унчалар қизиқтирмайди. Хотини эса, ноқис ақли билан сиёсатни тушунармиди. Қайсарларни беҳурмат қилиб юрган шубҳали дайди Исони деб, Румонинг содиқ фуқаролари бўлмиш руҳонийлар Кайафа ҳамда Байтулмуқаддас аъён-ашрофлари билан орасини бузсинми, уларни ўзига душман қилиб қўйсинми? Бунинг унга нима кераги бор? Ажабо, бу нусханинг нимаси чиройли? Ёш илоҳ каби эмиш! Ёш бўлса бордир. Шунга шунчами. Унчалар мақтайдиган жойи йўқ. Ана турибди, оломон калтаклаган итдай. Хотинининг кўзига нечук кўринди экан? Ҳукмдор хатни мулоҳаза қилиб, ўйчан кезинди. Сўнг оғир хўрсиниб, яна жойига ўтирди. Илгари ҳам шу фикр неча бор калласига келганди: бундай қарасанг, одамлар жуда пастга ўхшайдилар — бавл қиладилар, ҳўллайдилар, қўшиладилар, туғиладилар, ўлиб-қириладилар, тағин туғиладилар ва ўладилар, қанчадан-қанча ёвузликлар ҳамда тубанликларни ортмоқлаб юрадилар, мана шундай қабоҳат ва баттаринликлар ичида яна қаёқлардандир — башорат, каромат, расуллар, руҳият эъжозлари ҳам пайдо бўлади. Манавини айтмайсизми энди — у ўз қадрига шунчалар ишонадики, худди осмонда учиб юргандай, туш кўраётгандай. Лекин, бас. Унинг ҳушини жойига келтириб қўйиш керак! Етар энди!
— Ҳар ҳолда мен шу нарсани билмоқчи эдимки,— дея мурожаат қилди прокуратор ҳамон ўз жойида жимгина турган Исога қараб,— айтайлик, сен соддафаҳм одамлар ичида ғалва қўзғаб турган ёвуз ниятли киши эмас, художўй, тақводор бир кимсасан. Айтайлик, сен Адолат салтанати ҳақида сўзлайсан ва Румо қайсарининг жаҳонга ҳокимлик ҳуқуқини тан олмайсан. Айтайлик, хўп, мен сенга борингки, ишондим: хўш, менга тушунтириб бер-чи, сени ўлимга боришга нима мажбур қиляпти? Юрагингни оч менга, нима истайсан? Мабодо, сен шу йўл билан Исроил халқига подшолик қилмоқчи бўлсанг, унда мен буни маъқулламайман, аммо ниятингни тушунаман. Бироқ нима учун сен бошданоқ ўтирмоқчи бўлган шохни кесиб ташламоқчисан? Кайсарнинг ҳокимлигини тан олмай қандай қилиб Кайсар бўлмоқчисан? Сени тирик қолдириш ва ёхуд қатлга жўнатиш менинг измимда. Буни ўзинг биласан. Хўп, нега индамай турибсан? Тилинг гапга айланмай қолдими?
— Шундай, Румо нойиби, мен қийноқдан қўрқяпман. Лекин мен ҳеч қачон Қайсар бўлмоқчи эмасман.
— Унда шаҳар кўчаларига чиқ, тавба қил, янглишган эканман, деб айт. Ёлғон хабарлар қилдим, ёлғон башоратлар айтдим, мен Яҳудо подшоси эмасман, деб жар сол. Қора халқни алдама, йўлдан урма, орқангдан эргаштирма, дилларига иштибоҳ  солма, жиноятларга бошлама. Ҳеч қандай Адолат Салтанати бўлиши мумкинмас. Доимо мавжуд нарсаларгина адолатли. Дунёда император Тиверий бор ва у жаҳон биносининг мустаҳкам устуни. Сен Адолат Салтанати деб, ҳавойи одамларни йўлдан оздиряпсан. Сен айтган салтанат — йўк нарса! Ўйлаб кўр! Ўзингни ҳам, бошқаларни ҳам бошларини айлантирма. Сен ўзинг ким бўпсан, Румо императорини ташвишга қўядиган,— кўча-кўйда кезиб юрган дайди, даргумон набий, бақироқ ваъзхонсан, Яҳудонинг ерлари сенга ўхшаганларга тўлиб-тошиб ётибди. Бироқ сен ўз таълимотинг билан одамлар юрагига васваса соляпсан, руҳонийлар руҳонийси тинчини йўқотган, шунинг учун рўёларингни фош қил. Сўнг Шом ёки бошқа ўлкаларга чиқиб кет. Мен ҳам сенга ёрдам қилай. Вақт боридарози бўл. Нега яна миқ этмайсин?
— Биз бир-биримиздан жуда ҳам фарқли одамлар эканмиз, Румо нойиби, бир-бировимизни тушунишимиз қийинга ўхшайди, мен шуни ўйлаяпман. Мен мунофиқлик қилиб, Худонинг илми-роҳидан воз кечолмайман. Унда сенга ва Қайсарга манфаат етиб, ҳақиқат завол тутади-ку?
—Гапни айлантирма. Римга нимаики фойдали бўлса, ўша нарса аъло.
— Ҳаммасидан аълороқ бу ҳақиқат — ҳақиқат эса, битта. Иккита ҳақиқат бўлмайди.
— Яна доғулилик қиляпсанми?
— Аввал ҳам доғулилик қилмаганман, ҳозир ҳам. Менинг сенга жавобим шу: биринчидан, ҳақиқат ҳақи айтилган сўздан қайтиш йўқ, зеро, Сен ўзинг шуни истаяпсан. Иккинчидан — қилмаган ишингнинг журмини гарданга олмоқ жоиз эмас ва қоракуя каби бўҳтонлардан кўкракка урмоқ билан қутулиб бўлмас. Асоссиз бўҳтоннинг умри қисқадур.
— Лекин ҳаммадан бурун сенинг кунинг битиб турибди, Яҳудонинг подшоси! Демак: сен қандай бўлмасин, халос йўлини тутмайсан ва ўлимни танлайсан, шундайми?
— Менга халос бўлмоқнинг фақат шу йўлигина қолган.
— У қандай йўл?
— Дунёни халос этиш йўли.
— Жинниликни бас қил! — тоқати тоқ бўлди Понтий Пилатнинг.— Демак, ўз ихтиёринг билан бошингни сиртмоққа тиқасанми?
— Шундай бўлиб чиқади энди, менинг бошқа йўлим йўқ.
— О худолар, худолар! — ҳорғин шивирлади прокуратор манглайини чуқур тилиб ўтган чизиқларни сийпаб.— Ёндираман дейди-я, кун айнимасмикин ишқилиб? — деб тўнғиллаб кўйди ўзига ўзи у. Сўнг қатьий бир қарорга келди: «Менга нима зарур? Ўз фойдасини билмаганнинг ёнини олиб нима қиламан? Қизиқман-да, ўзим ҳам!» Кейин айтди: — Ундай бўлса, мен бу ишдан қўлимни ювиб қўлтиғимга ураман!
— Ихтиёринг, нойиб,— жавоб қилди Исо ва бошини солинтирди.
Улар яна сукутга чўмдилар. Шунда афтидан ҳар икковлари саройдан ташқарида соя-салқин боғлардан нарида Қуддуснинг офтоб ўртаган паст-баланд кўчаларида дам ўтмай портлашга тайёр теран сукунат чўкканлигини баб-баравар ҳис қилдилар. Ҳозирча қулоқларига ноаён шовқин эласлаб чалинар — эрта тонгдан одамлар, от-уловлар аралаш-қуралаш бўлиб кетган бозорларнинг ғала-ғовури келарди. Паст ва юқори олам ўртадан иккига бўлинган эди: сарой деворлари ортида қуролли соқчилар айланиб юришар, пастроқда, чоғроқ дарахтзорда эса суворийлар қўр ташлаган эдилар. Отлар думлари билан пашша қўраётганлари шундоқ кўзга чалинарди.
Қўлимни юваман дегач, прокуратор ўзини бир қадар енгил сезди, зеро, энди бемалол айтса бўларди: «Мен қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Худолар шоҳид, унга ўжар бўл, оёғингни тираб тур, омолингни ҳаётингдан баланд тут, деганим йўк. Лекин у сўзидан қайтмади, майли, у айтганча бўлсин. Бизга шуниси ҳам маъқул. У ўлимига ўзи муҳр босди...» Понтий Пилат шуларни ўйларкан, бирваракай хотинига берадиган жавобини ҳам пишитарди. Қазову қадарда ёзилган тақдирини жимгина, сирли жилмайиб кутаётган Исога қия нигоҳ ташларкан, ҳукмдор яна шуларни ҳаёлидан кечирди: «Шу тобда нималарни ўйлаётган экан бу одам? Ҳойнаҳой, ичида қаттиқ афсус чекаётгандир? Тўқиб чиқарган ғалати гап-сўзлари ўз бошига етганлигини балки тушуниб қолгандир? Лекин негадир улардан воз кечолмади. Ўз тузоғига илинди. Ана энди, қутулиб кўр-чи: хамма-ҳамма учун — бутун замину замона, бутун бани башар учун — битта Худо. Битта имон. Ҳамма-ҳамма учун битта Адолат Салтанати. У нимага шама қиляпти? Несини айтасиз, ҳамма-ҳамма шуни хоҳлайди. У худди шуни кўзлаб иш тутган! Лекин, ҳаёт бизни ана шундай ўргатади, ҳаддан ошиб, муғамбирлик қилсак, жазолайди. Пешонангда ёзилмаган тахту бахт учун талашсанг, ҳолинг ана шундай забун бўлади. Кўнгли тахт тилаганини қаранг! Қора халққа қутқу солиб, Қайсарга қарши ғалаёнга чақирган, у тўдадан бу тўдага ўтиб дунё тинчини ўғирламоқчи бўлган. Одамнинг азал тартибот қурилмасини остин-устун килишни ўйлаган. Бевош тентак! Қойил-э! Йўқ, бундай одамни сира тирик қолдириш мумкин эмас. Кўринишдан калтакланган, шўрига шўрва тўкилган паррихтага ўхшайди. Лекин юрагида нималар яширинган, Худо билади — кўзлаган ишларини кўринг, фақат буюк ақл эгасигина бунақа режа тузишга қодир. Унга қараган одам сира шундай деб ўйламайди!»
Прокуратор Понтий Пилат ўзини шу каби ўйлар билан овутарди. Унга яна бошқа бир нарса ҳам таскин берарди. Энди Исо Масиҳо юзасидан синедрион ҳукмини тасдиқлашни очиқдан-очиқ талаб қилаётган муфтилар муфтиси Кайафа билан тортишиб, талашиб ўтиришга ҳожат қолмаган эди.
— Даргумон бўлмагилки, эй ҳаким ҳукмдор, ўз ишингдан ўзинг мамнун бўласан ва не қилсанг, ҳақ қиласан,— деб кўйди Исо, худди ҳукмдорнинг ичидаги фикрларни ўқигандай.
Понтий Пилатнинг фиғони ошди.
— Менинг ғамимни емай қўя қол,— Исони силтаб ташлади у,— мен учун Римнинг манфаати ҳар нарсадан юқори. Сен ўзингни ўйла, эй шўрлик!
— Маъзур тут, шавқатли ҳукмдор, менга бу сўзларни айтмасанг ҳам бўларди.
— Айни муддао. Ҳали ҳам кеч эмас. Яна ўйлаб кўр. Кейин ачиниб юрма. Мен ҳозир ичкарига кириб чиқаман. Келгунимча ўз фикрингни ўзгартирмасанг, унда охирги сўзимни айтаман. Бани Исроилнинг шоҳиман, оламнинг таянчиман, мен бўлмасам, ернинг ҳоли не кечади, деб ҳаволанма. Билъакс, ҳамма нарса ўчакишгандай сенга қарши. Вақтинг ҳам аллақачон тугади. Сўзингдан қайтсанггина бошингни халос этасан. Уқдингми?
— Уқдим, ҳукмдор...
Понтий Пилат елкасига ташлаган кенг ридосини тўғрилаб, сарой ичкарисига кириб кетди, У суяхлари йирик, боши катта ва сочи қолмаган, улуғвор, ўз шаъни-шавкати ва куч-қудратига ишонган киши эди. Арк айвони ҳовлисидан ўтиб бораркан, унинг кўзи яна осмон бағрида парвоз қилиб юрган қушлар шоҳига тушди. Бу бургутмиди ёки шунга ўхшаш бир қуш, у билолмади, бунга ҳозир қизиқаётгани ҳам йўқ эди, ҳозир ҳаёлини қушга асло кучи етмаслиги, уни ўз измига бўйсундиролмаслиги тамомила банд этганди — рост-да, на уни кўрқита ва на ҳайдаб юбора олади ва на чақириб, қўлига қўндира олади.
Ҳукмдор қошларини чимирди, кўк тоқига қирғийқараш билан боқди: э-ҳе, айланишини қаранглар-а, тинмайди қурмағур, ҳеч нарса билан иши йўқ. Бу қуш худди само султонига ўхшайди, деб ўйлади у. Бежиз уни шаҳаншоҳ қудратининг рамзи леб билмайдилар — бургутнинг боши кучли, тумшуқлари найзадай ўткир, кўзлари чўғдай ёнади, қанотлари худди чўяндан қуюлганга ўхшайди. Шаҳаншоҳ ҳам шундай бўлмоғи даркор! Шаън юксакларда учмоғи, халойиққа кўриниб турмоғи жоиз, токим унга ҳеч кимса етолмасин... Ва ўша мумтозлик мақомидан туриб оламни идора этсин. Ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ўзини тенг кўрмасин. Ҳатто шаҳаншоҳнинг худолари ҳам бошқалардан мутлақ фарқли, фақат ўзига тегишли бўлсин. Тобеларга лоқайд ва кибру кубаро билан боқсин. Куч-қудрат мана шунда, мана шу ҳокимият барчани титратиб-қақшатади, дунёнинг тузуги ва устиворлиги ҳам шунда. Анави Исо эса ғоятда ўжар, таълимотига ғоятда ишонади, шаҳаншоҳдан тортиб қора қулгача барчани баробар қилмоқчи бўлади, зеро, Худо битта ва жамийки одамлар унинг қошида тенг, дейди: ҳамма учун Адолат Салтанати келади, деб жар солади. У бани башар ақлини васвасага қўйди, авомни бузди, дунёни ўз хоҳиш-иродасига кўра қайтадан бичмоқни кўзлайди. Нима чиқди бундан? Ўша оломоннинг оқ калтак-қора калтагига учради, сохта башоратгўй, сохта расул, ёлғончи ва лўттибоз деб башарасига тупуришди... Қандай одам экан-а? Аҳволига маймунлар йиғлаяпти-ю, писанд қилмайди, гўё у эмас, уни жазога тортаётганлар енгилгандай...
Рим императорининг Кичик Осиёдаги нойиби, ўзи ҳам салкам шаҳаншохдан қолмайдиган ҳукмдор Понтий Пилат Исони бир неча дақиқага ёлғиз қолдириб бораркан, ана шуларни ўйларди. Майли, Исо ёлғиз қолсин, тубсиз чоҳ ёқасида турганлигини ҳис қилсин. Унинг иродасини синдириш керак. Токи тиз чўксин, ялиниб, ёлворсин. Ҳамма учун тенг-баробар воҳид Худодан, тенглик, биродорликдан воз кечсин. Сўнг уни бели синдирилган калтакесакдек Бани Исроил заминидан қувғин этилади. Борсин, санғисин, дайдисин, дом-дараксиз йўқолсин. Ўшанда узоққа бормайди, эътиқоди суст чўлиқларнинг ўзи бўйнига уриб ўлдирадилар...
Кўпни кўрган омилкор ҳукмдор Понтий Пилат дилини босган шубҳа-гумонларини ўй-ўйлаб бартараф қилмоқчи, янги чиққан бидъатни даф этишликнинг энг тўғри, энг фойдали ва энг ибратли чорасини топмоқчи бўлиб уринарди. Арк айвонидан чиқиб кетаркан, маҳкум ёлғиз қолгач, ўз аҳволининг накадар аянчли эканлигини тушуниб етади ва мен қайтиб келганимда оёқларимга йиқилиб, нажот сўрайди, деб умид боғларди прокуратор. Лекин ҳукмдор билсайди. Мана шу қисқагина дамларда ушбу ғаройиб одам бутунлай бошқа нарсани ўйлар, ростини айтганда, у буткул хотиралар оғушига чўмганди. Зеро, хотирлаш ҳам тирикларга хос, бинобарин, ҳаёт билан видолашаётган онларда одам боласига шундан бошқа яна нима қолади.
Ҳукмдор қадамлари узилиши биланоқ ён тимлардан тўрт посбон чиқди-да, гўё маҳкум қочиб кетадигандай Арк айвоннинг тўрт томонига бориб турди. Маҳкум сарой посбонларидан бирига мурожаат қилиб, сўради:
— Ўтирсам бўладими, ай, яхши посбон?
— Ўтир,— деди посбон найзасини тош саҳнга дўқ этиб уриб. Исо девордан туртиб чиққан мармар супачага ўтирди, унинг елкалари ҳорғин эгилган, ориқлаган, қони қочган, юзи пастга тўлқинланиб тўкилган узун қорамтир сочлари билан чулғанган эди. У қўли билан кўзларини беркитган кўйи ҳаёлга ғарқ бўлди. «Сув бўлса, ичсайдим,— деб ўйлари у,— дарё бўлса, чўмилсайдим». У қирғоқ бўйларида оқар сувларни шундоқ кўз ўнгига келтирди — сув ерни чўлп-чўлп ўпиб, майса-гиёҳларни силаб-сийпалаб оқиб боради, қулоқларига гўё сув шалдирагани чалинди, гўё аллакимдир уни қайиққа тушириб, бу ердан қайларгадир олисларга олиб кетмоқчи бўлаётганга ўхшайди. Онаси экан. Онаси қўрқинч ва ҳаросонлик ичра унга томон сузиб келарди. «Ойи! — эшитилар-эшитилмас пичирлади у.— Ойи, мен жуда қийналиб кетдим! Ўтган кеча Ҳефсиманияда Зайтун тоғда чўлиқларим билан бирга эдим.
Ўшанда бошимга қора тун каби ҳасрат ёғилди. Юрагим тарс ёрилай деди. Кўзимга уйқу келмади. Ўзимни қўярга жой тополмадим. Дилимни аллақандай даҳшат босди ва баданимдан тер ўрнига қон сизиб чиқди. Шунда мен Раббимга, осмонда Падаримга ёлвордим. «Раббано,— дедим.— Ажал косасини бу сафар менга тутмай қўя қол! Яна ўзинг биласан, Сенинг ҳукмингга тобеман». Мана, ўша ажал шарбати билан лиммо-лим тўла коса менга дам сайин яқинлашиб келяпти, у мени ташлаб ёнимдан ўтиб кетмайди, у муқаррар менга аталган, сиз бунинг нима эканлигини биласиз, ундан қочиб қутулмоқ йўқ. Бундан чиқди, менинг бошимга не синоатлар тушажагини олдиндан билган экансиз-да, унда, шунча йиллар, ё илоҳам, онажоним, меҳрибоним, менга жон ато этиб, умид, орзулар билан парваришлар қилиб, ҳаммасига қандай чидадингиз, ахир. Мени раббим яратганда, мана шу улуғ ва аламангез кун учун, энг шўрида кун учун яратган эканда: зеро, одам боласига ўз ўлимидан кўра мусибатлироқ нарса йўқ, она учун эса ўз пушти камаридан бўлган фарзанди ҳалокати — ундан юз чандон оғирроқ ва қайғулироқдир. Кечир, мени, онажон, сенинг ёзмишинг мендан эмас, ёлғиз Падарим Раббимдандир. Шундай бўлгач, Ундан ёзғирмайлик, Унга мусаллам нигоҳ билан қарайлик. Бор қилгувчи ҳам, йўқ қилгувчи ҳам иродасидир!»
У онаси Марйамни эсларкан, болалик чоғларида, беш яшар пайти бошидан кечирган бир воқеа ёдига тушди. Ўша кезлар уларнинг хонадонлари подшоҳ Ироднинг таъқибидан қочиб, Мисрда кун кечирарди. Ирод янги туғилган гўдак — бўлажак Исо Масиҳонинг жонига қасд қилган, зотан, коҳинлардан шу кунларда Бани Исроил шоҳи дунёга келди, деган хабарни эшитганди. Бу орада болани яшириб-яшириб катта қилдилар. Улар турган ердан пича нарида жуда катта тўлғин дарё оқарди. Нили муборак деганлари шу бўлса керак — у бетидан бу бети кўринмайдиган улуғ дарё эди. Шу ерлик бошқа аёллар каби Марям боласини ёнига олиб кир чайгани дарё бўйига тушарди. Улар ўша куни дарёга келганларида, бир чол қайиғини қирғоқда тўхтатди, оҳиста уларга яқинлашди-да, Марям ва болакайга илтифот билан салом берди. «Отажон! — деди унга қарата Марям.— Кайиғингизда ўғлимни сайр қилдирсам, майлими? Жуда ҳам қайиққа тушгиси келяпти, тентаквойнинг». «Майли, Марям,— деб жавоб берди чол,— бу қайиқни мен шунга олиб келдим. Унда ўғлон Исони ўйнатгил». Чолнинг ўғли ва ўз отини айтиб чақирганидан Марям ҳайрон бўлиб ўтирмади. Лекин, чолдан эшкакни сиз эшинг, деб сўрагани ўгирилган эди, чол худди ҳавода эриб кетгандай бирдан кўздан ғойиб бўлди. Марям бундан ҳам таажжубга тушмади. Болакай қайиққа тушар эканман деб, шу қадар суюниб кетган, азбаройи қувонганидан осмонга сакраб ўйнар, онасини тезроқ бўлинг деб, шоширарди. Шундан сўнг Марям кирларини қирғоқ бўйидаги тошлар устига ташлади, ўғлини кўтариб, қайиққа ўтқизди, қайиқнинг боғини ечди, дарёга итариб туширди, қайиққа сакраб чиқди, болани тиззасига олиб ўтирди ва улар дарё оқими бўйлаб сузиб кетдилар.
Қирғоқнинг яқингинасида порлаб турган сув узра сузиш — о, қанчалар ғаройиб эди — саёзроқ жойларда қамишлар шувиллаб салом берар, соҳил бўйларида гуллар чаппар уриб очилиб ётар, бутазорлар оралаб анвойи рангли қушлар не турфа товушлар билан сайрар, илиқ ҳавода капалаклар учиб-қўниб яйрашар, чирилдоқлар чириллашарди. Оҳ, не фароғат эди бу! Марям оҳиста хониш қилиб куйлай бошлади, у беҳад бахтиёр эди, ўғлининг эса қайиқда сузиб бораётганидан боши осмонда эди. Бундан Марямнинг дили янада яйрарди. Бу орада, улар ҳам унчалар узоқ сузмаган, қирғоқдан ҳам олис кетмаган эдилар — дарёнинг саёз ерида ётган каттакон тўнкага бирдан жон кирди ва сувни ўқдек кесиб, уларга қараб таҳдидли сузиб кела бошлади. Бу ғоятда баҳайбат тимсоҳ бўлиб, унинг дўлайган кўзлари еб қўяман деб, оч тикиларди. Болакай қўрқиб кетиб чинқириб юборди. Марям шамдай қотган, нима қилишини билмасди. Тимсоҳ қайиқни думи билан уриб ағдариб юборишга сал қолди. Марям эшкакни ташлаб, болани маҳкам бағрига босди. «Ё, Раббим! — ёлворди у.— Ўғлинг бу! Ўз ўғлинг Исо! Уни ўзинг бергансан! Ўзинг мадад қил, ё Раббим! Ўзинг уни халос эт!» Хотин шунчалар кўрқиб кетган эдики, кўзларини чирт юмиб, Оламни яратганга ва фарзандининг Самовий Падари бўлганга ёлворгани ёлворган эди. «Бизни тарк этма, Худоё. У ҳали сенга керак бўлади!» деб қичқирди Марям. Бошқарувсиз қолган қайиқни сув тубидан тимсоҳ италади ва у оқиб кетди. Марям бир замон кўзларини қўрқа-писа очди, шунда қувонганидан қичқириб юборди. Қайиқ қирғоқ четида тўхтаган, худди биров уни атай шу ерга келтириб қўйгандай эди. Тимсоҳ шундан сўнг орқасига қайрилди, у узоқларда кўздан ғойиб бўлди. Эс-ҳушини йўқотган Марйам эса қайиқдан отилиб тушдию ҳўнгир-ҳўнгир йиғлаганча ва суюниб кулганча соҳил бўйлаб чопиб кетди. У болани бағрига маҳкам босган, уни тўхтовсиз ўпар, кўзёшларига ғарқ қилиб, энтикиб такрорлагани такрорлаган эди, «Исо! Исо! Кўзимнинг оқу қораси ўғлим! Падаринг сени таниди! У сени халос этди! Ўзи сени халос этди! Сени суйди, сен унинг суюмли ўғлисан, Исо! Сенга донолик ато этди, сен ҳаким бўлдинг, Исо! Сен энди раббисан, Исо! Энди одамларнинг кўзларини очасан, Исо! Улар сенинг изингдан боражаклар Исо. Сен ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон одам болаларидан юз ўгирмаяжаксан!» Ана шундай шоду мукаррам нола қиларди «завжалар ичра муҳтарама».
Худонинг ўғли мўъжиза юз бериб, хавф-хатардан омон-эсон қутулганидан Марям ўзида йўқ қувонарди. Бу Яратганнинг каромати эканлиги унинг ҳаёлига келмасди. Ирод зуғумидан Мисрга қочган банно Юсуфнинг жигарбанди Исо кимлигини одамларга шу янглиғ маълум қилган эди Яратган. Бинобарин, Марям боласини кўтариб ерга тушиб югуриб кетган заҳоти қайиқ ҳам дарёда бир зумда ғойиб бўлган, дарё ёқасида кир чаяётган, унинг бақирганини эшитиб, чопиб келган хотинлар эса кейинчалик сиз қочиб бораётганингизда болангизнинг боши теварагида нурли олтин чамбар кўринди, деб ишонтиришганди.
Бу барчани ҳайратга солди. Кичкина Исо волидасининг кўксига маҳкам ёпишиб, бўйниларидан ачомлаб: «Ойи, мен катта бўлганимда ўша тимсоҳни думидан ушлаб оламан. Кейин бизни бошқа ҳеч қўрқитмайди!» — деб айтганда, ҳаммаларининг диллари юмшаб, кўзларига ёш олган эдилар. Болакайнинг сўзлари кўнгилларини яйратиб юборди ва қайиқнинг эгаси ким экан-а, деб эслай бошлашди. Шунда ўша чолни бу атрофда ҳеч ким танимаслиги ва ҳеч қачон кўрмаганлиги маълум бўлди. Банно Юсуф ўша сирли қайиқчини кечирим сўрай ва зарарнинг ҳақини тўлай деб, кўп кунлар ахтарди, лекин асло изини топмади...
Исо сабийлик чоғларида мана шундай саргузаштни бошидан кечирган ва ўша воқеаларни мана ҳозир, Арк айвонида туриб, волидайи муҳтарамасидан унга етказган азоб-уқубатлари учун узрхоҳлик тилаганда, яна бир карра эслади. «Мен сиз билан видолашаман энди, онажон,— дерди у ҳаёлан онаизорга,— мени қатл оғочига тортган чоқларида сизни ёд этиб улгурмаслигим мумкин, ўшанда мендан ранжида хотир бўлмагайсиз. Бугун иссиққа чидаб бўлмаяпти. Мен ўлимдан қўрқяпман. Оёқларим совқотяпти. Мени кечиринг, онажон, ва ушбу судманд дамда тақдирдан нолиманг. Сизга сабр-тоқат берсин. Одамлар Яратган учун энг оғир юк экан. Одамзодда бор ҳақиқатни ўз ўлимим воситасида барқарор қилмоқдан ўзга йўлим ва ўзга чорам йўқ. Бани башар сари ўзга йўл топмадим. Мен улар сари қадам қўйдим. Алвидо, мени кечиринг, она! Ўша тимсоҳнинг думидан ҳам тутолмадим, афсус. Айтишларича, тимсоҳлар жуда узоқ, икки-уч инсон умрини яшар эмишлар. Ушлаганимда ҳам, барибир, қўйиб юборган бўлардим... Увол-ку... Яна шуни ҳам ўйладимки, онажон, агар ўша қайиқчи чол қиёфасига кирган малоика бўлса, эҳтимол у билан нариги дунёда учрашиб қоларман... Эсида турганмикин ўшандаги воқеа? Қадам товушларини эшитяпман, ихтиёрсиз қотил — Понтий Пилат келяпти. Алвидо, она!»
Понтий Пилат Арк айвонидан қандай шаҳдам чиқиб кетган бўлса, шундай шаҳдам қадамлар ташлаб қайтиб келди. Посбонлар дарҳол кўздан ғойиб бўлдилар ва икковлари яна айвонда ёлғиз қолдилар. Уни кўрган заҳоти ўрнидан турган Исога маънодор нигоҳ ташлаган ҳукмдор ҳаммаси ўзи истагандай бораётганлигини тушунди. Маҳкум сўнгги қадамга чоғланган эди. Лекин, бу сафар ҳам прокуратор отни қамчиламасликни афзал кўрди. Шусиз ҳам иш кўнгилдагидай кетаётган эди.
— Хўш, нима ҳам дердик, қарасам, гапимиз тугаб қолганга ўхшайди,— деди Понтий Пилат ҳали жойига ўтирмасданоқ.— Гапингдан қайтмайсанми?
— Йўқ.
— Бекор қиляпсан! Яна ўйлаб кўр!
— Йўқ! — бошини сарак-сарак қилди Исо.— Бўлар иш бўлди.
— Бекор қиляпсан! — деб қайтарди Понтий Пилат ўзига ишонқирамаган оҳангда. Лекин ичидан зил кетди. Исо Назарлининг матонати уни лол қилиб қўйганди. Шу билан бирга у Исонинг ўз аҳдидан қайтишини, тавба-тазарру қилиб, раҳм-шафқат сўрашини хоҳламасди. Исо ҳам барини тушунди.
— Кўп ёнаверма,— табассум қилди у салимона.— Сўзларинг чин дилдан деб ишонаман. Сени тушуниб турибман. Мен ҳам яшагим келади. Адам остонасида турганида одам ҳаётнинг қанчалар қимматли эканлигини англайди. Онамга юрагим ачийди. Мен уни жуда ҳам яхши кўраман, болалигимдан бери яхши кўраман, лекин буни ўзига айтган эмасман. Лекин, нима бўлмасин, Рим нойиби, эсингда тут: сен бир одамнинг жонини қутқаришинг мумкин эди. Сенга бунинг учун минг-минг ташаккур. Мен эсам, кўпни халос этишим, ҳатто биздан сўнг келадиганларни ҳам халос этишим керак.
— Халос этиш дейсанми? Сен ер юзида бўлмасанг ҳам, халос этасанми?
— Ҳа, бунинг учун жисман одамлар ичида бўлишим шарт эмас.
— Ўзингдан кўр. Бу гапга бошқа қайтмаймиз,— қатъий қилиб деди Понтий Пилат яна таваккал этишликни истамай.— Аммо охирги саволимга жавоб берсанг девдим...— деди у тахт олдида тик туриб қолганча ўсиқ қошларини уюб ўйланаркан.— Ҳозир гаплашиш сенга малол келмайдими? — деб сўради у бир оз жим қолгандан сўнг ўзини Исога яқин олиб.— Агар оғирлик қилса, ўзингни, майли, зўрлама, мен сени ушлаб ўтирмайман. Сени Ғулқофда кутишяпти.
— Ихтиёр сенда, ҳукмдор, амрингга мунтазирман,— деб жавоб берди Мусоҳиб ва ҳукмдорга тиниқ кўккўзларини тикди. Унинг ниго-ҳида акс этган фикр-ҳаёли қудратидан прокуратор тонг қолди. Гўё уни тоғда ўлим жаври кутмаётгандай.
— Ташаккур,— деб миннатдорчилик билдирди Понтий Пилат кутилмаганда.— Унда менинг охирги саволимга жавоб бер. Шуни билмагунча тинчимайман. Озод одамлар каби очиқ сўзлашайлик. Мен сенга боғлиқ эмасман. Сен ҳам буткул эрк бўсағасида турибсан. Демак, очиқ гаплашсак бўлаверади,— деди у ўз жойига ўтираркан.— Айт-чи, сен ўз тарафдорларингга, шогирд - чўлиқларингга мени мабодо қатл этсалар, учинчи кун деганда тириламан ва қутлуғ бир кунда қайта дунёга келаман, барчани, олам яралгандан бери ёруғ жаҳонга меҳмон бўлган жамийки одамлар наслларини ва ҳатто энди туғилажак авлодларни қиёмат сўроғига тутаман, деганмисан? Мен сенинг ақидаларингга ишонмайман. Аммо бу сенинг оламга иккинчи бора ташриф буюришинг бўлармиш. Шундайми?
Исо, гап бу ёқда экан-да, ана холос, дегандай ғалати илжайди. Оғирлигини муздай тош устида у оёғидан бу оёғига олиб, жавоб берсаммикин ёки шарт эмасми, деган каби бир зум сукутга толди.
— Бу ҳавойи гапларни Иуда Искариот айтгандир-да?— сўради у киноя билан.— Сен бундан жуда ташвиш чекяпсанми, ҳукмдор?
— Мен Иуданинг кимлигини билмайман. Лекин менга зоти бобаракотлар, муҳтарам оқсоқоллар айтишди. Демак, буларни бари бекорчи гапларми?
— Нима деб ўйласанг, ихтиёринг,— совуқ жавоб берди Исо.— Ҳеч ким сенга ақлингга тўғри келмаган нарсани қабул қил, демайди.
— Мен ҳазиллашаётганим йўқ, жиддий айтяпман,— деб ишонтиришга шошилди ҳукмдор.— Сен билан бундай юракдан гаплашадиган бошқа имконият бўлмайди. Шунинг учун сўрадим. Сени бу ердан олиб кетадилару сўнг ҳеч қачон қайтиб келмайсан, ахир. Аммо ўзим учун билиб олмоқчиман. Туғилмай туриб, яна қандай қилиб ўлгандан сўнг оламга қайтиб келиш ва тирик жонларни сўроқка тутиш мумкин? Қаерда бўлади бу сўроқ? Осмондами, ердами? Абадий роҳат-фароғат топмоқлик учун имон келтирганлар сени қанча, узоқ кутишлари керакми? Ижозат бер, олдин бу ҳақдаги ўз фикримни айтай? Нимани мўлжал қилганингни билиш қийин эмас. Ҳар бир одам нариги дунёда роҳат-фароғатда, тинчгина бўлсам, дейди. Сен шуни назарда тутгансан. Э, бу бебақо одам, мудом бир нарсаларни таъма қилиб юради, мудом нимагадир ташна, оч. Мудом уни ваъдалар билан тузоққа илинтириш мумкин. Ҳатто нариги дунёда ҳам улар орқангдан итдай эргашиб борадилар. Аммо, майли, эй набий, сен айтганча ҳам бўла қолсин, ҳаёт шаминг сўниб тугамоқда, уни фақат озгина суҳбат қилиб, чўзишга қурбимиз етади...
— Менга қолса, чўзилмаса ҳам майли.
— Аммо менинг саволимга жавоб бермай кетмассан, ахир. Назаримда, бундай қилиб кетиш — ўлимдан ҳам ёмон.
— Майли, сўйлайвер.
— Фараз қилайлик, сенинг ақидаларинг тўғри. Унда нега айтмайсан сенинг иккинчи қайта дунёга келишинг қачон бўлади? Агар одамларга жуда узоқ, ҳаддан ташқари узоқ кутишга тўғри келса, бунинг уларга нима кераги бор? Бутун умри давомида рўёбга чиқмаган нарсадан одам боласига нима наф? Ундан кейин, ростини айтсам, бундай ақлга тўғри келмайдиган ҳаводисни кутиб юришни ҳатто тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмайди. Ёҳуд, кўр-кўрона ишониб, кутиш керакми? Нима беради бу? Қандай фойда чиқади бундан?
— Сенинг иштиболаринг тушунарли, Рим ҳукмдори. Сен бамисоли юнон устозларинг каби тўпори ва дунёвий фикр юритасан. Ранжима, бу сўзимдан. Ҳозир қошингда фоний кимса каби турибман, бемалол тортишавер. Бунинг устига сен билан иккимиз турли-туман одамлармиз —худди ўт ва сувдек. Фикрлаганда ҳам бошқа-бошқа томондан ёндашамиз. Сенга тинчлик бермаётган нарса ҳақида айтмоқчийдим, ҳукмдор... Иккинчи марта дунёга қайта келишликни узоқ кутиш керак бўлади, бу тўғри. Сен ҳақсан. Ўша кун қачон келади, буни ҳеч ким айтиб беролмайди. Бу олам яратганнинг изми-иродасига боғлиқ. Бизнинг наздимизда минг йиллар чўзиладиган ҳодисотлар унинг учун эҳтимол бир зумгина давом этади. Аммо моҳият бошқа ерда. Яратган бизга дунёдаги энг қутлуғ неъмат — ақл-ҳуш ато этди. Ва бизга ўз билгимизча яшаш ҳақини берди. Ушбу илоҳий туҳфани қандай тасарруф қиламиз, одамзод тарихларининг тарихи ана шу бўлади. Одам тириклигининг маъноси ўз руҳоний даражасини камолга етказа боришидадир. Одамда шундан ўзга олий омол йўқ. Сен буни инкор қилмасанг керак, Рим ҳукмдори? Кун-бакун одам бўлмоқдан кўра оғирроқ нарса йўқ одамга. Шу боис, сен ишонмаган кунни қанчалар узоқ кутиш-кутмаслик, ҳукмдор, одам боласининг ўзига боғлиқ бўлиб қолади.
— Ана холос!— Понтий Пилат ҳаяжонланиб ўрнидан туриб кетди, тахт суянчиғидан ушлади.— Шошма, шошма. Наҳот, бу одамларнинг ўзига қараб қолган, сира ақлим бовар қилмайди! Мен сенинг ақойидингга ишонмайман. Буни тасаввуримга сиғдиролмайман. Агар одамзод ўз инон-ихтиёри билан бундай ҳодисаларни яқинлаштира ёхуд узоқлаштира олса, улар Худога айланиб қолмайдиларми?
— Балки, сен ҳақдирсан, Рим нойиби. Аммо мен аввало ҳақни овозадан фарқлаб, ажратиб олишни истайман. Ҳақ борасидаги миш-миш — адоқсиз кулфат. Миш-мишу овозалар бамисол сув тагидаги балчиқ. Вақт ўтиб балчиқ йиғилиб, чуқур оқар сувлар кўлмакка айланади. Ҳаётда доим шундай. Башорат ва азобу уқубатлар ичра топилган, одамларнинг бахти-саодати учун ярайдиган ҳар қандай буюк фикрларни миш-мишу овозалар чайнаб-чайнаб алоҳа бузади ҳамда ўзи ва ҳаққа қарши ёвузликка дўндиради. Менинг айтмоқчи бўлган гапим шуки, Рим ҳукмдори, сен ишонган ўша ёлғон-яшиқларнинг ҳаммаси бу — миш-миш, ҳақиқат эса бошқа ерда.
— Ўша ҳақиқатни очиб бермайсанми?
— Майли, уриниб кўраман. Мусоҳабадан қочмай қўя қолай. Ахир, бу ҳақда охирги маротаба сўзлаяпман. Шуни яхши билгилки, Рим ҳукмдори, Олло-таолонинг ёзмиш йўл-йўриғи бир кунмас-бир кун Бани Башар худди ёз кези чаққан чақмоқдек ер юзига қайтиб, элатлар устидан қиёмат ҳукмини ўқишидан эмас, аксинча бўлади, лекин мақсад ўша-ўша қолади. Шаҳардан Ғулқофга ўтиб боргунча яшаш муҳлати қолган мен эмас, сиз, одамлар Исо Масиҳо каби яшаймиз деб, келажаксиз, билгисиз эндиги наслларга айланиб, олий солиҳот ичра мен томон келажаксиз. Ўша менинг дунёга иккинчи келишим бўлади. Бошқача айтганда, мен азобларим орқали одамларда ўзимга қайтаман, одамларда одамларга қайтаман. Гап ана шу ҳақда. Мен вақт ичида минг йиллар орқада қоламан-у, лекин сизнинг келажагингизга айланаман. Олло-таолонинг ёзмиши шу. Одам боласини унга аталган яхшилик ва гўзаллик тахтига ўтқазмоқнинг йўл-йўриғи шу. Менинг ваъзларимнинг маъно-мазмуни ҳам шунда. Ҳақиқатан ҳам мумтоз ғояларни бач-каналаштириб юборадиган овозалар ва юримсак миш-мишларда эмас, худди мана шунда. Аммо бу инсон насллари учун энг оғир ва энг олис йўлдир. Сени, Рим нойиби, ана шу нарса хавотирга солаётгани тўғри. Бу йўл бугунги ёзғириқ кундан, Худо ўғлининг ўлдирилишидан бошланади. Одамларнинг гуноҳларини ювиш, уларнинг кўзларини очиш ва илоҳий хислатларни уйғотмоқ учун мен бугун жонимни қурбон қиламан. Менинг бахшида жоним ҳар сафар инсон болаларини титроққа солажак. Уларни тавба-тазарру билан яшамоққа ундаяжак.
Мен одамзод ўтадиган йўллардаги шамчироқман. Шамчироқ бўлмоқ учун дунёга келганман. Одамлар мендан имдод кутиб яшайдилар ва азоб-уқубатлар чека-чека, ўзларидаги ёвузлик билан олиша-олиша, иллатлар, зўравонликлар, қонхўрликлардан нафрат қила-қила мен сари келажаклар. Худога муҳаббат билан тўлмаган дил иллатларга тўлади. Инчунун, инсонга муҳаббат билан лиммо-лим бўлмаган дил ҳам, вовайлоким, ўликдир!
— Тўхта, тўхта, Исо Назарли. Сен одамни Худо билан бир деяпсанми?
— Шундай десак ҳам бўлади. Мен ҳам аниқроғи, жамийки башарият Худонинг ердаги тажаллийсидир. Худонинг ўша нусхасини — Худо-Эрта дейиш мумкин. Бу олам яралгандан бери унга тортиқ қилинган чексизлик Худосидир. Кўпгина истакларинг ҳаммаси келажакка қаратилганлигига эътибор берган бўлсанг, сезгандирсан, Рим нойиби. Бугун ҳаётни қандай бўлса, шундай қабул қиласан. Аммо эртани, албатта, бошқа кўришни хоҳлайсан. Бугун яхши яшаб турган бўлсанг ҳам, бари бир, эртага ундан яхши бўлсин дейсан. Шу сабаб, юракларимизда умид Худонинг нуридай сира ўчмайди. Худо-Эрта — чексизлик руҳидир. Бир бутун олганда, у ҳамма нарсанинг моҳияти, инсон амаллари ва интилишларининг жамулжамидир. Ана шунга кўра, Худо-Эртанинг қандайлиги — у гўзал бўладими ёки хунук, оқкўнгилми ёки ғаддор — бу одамларнинг ўзларига боғлиқ. Мана шундай ўйлаш жоиз ва зарур. Худо-Яратувчи фикрловчи хилқатлардан шуни талаб қилади. Шунинг учун ер юзидаги эртанги ҳаёт ҳақида одамларнинг ўзлари қайғурсинлар. Ахир, ҳар бир одам Худо-Эртанинг ажралмас зарротидир. Инсон зоти ўзи кунининг ҳокими ва бунёдкоридир...
— Шошма. Сенинг ваҳимали қиёмат куни сўрови деганинг қайда қолди?
— Қиёмат кун... У ҳар кун бошимиздан ўтаётганини ўйлаб кўрмовмидинг, Рим нойиби?
— Ҳаётимизнинг турган-битгани қиёмат кун демоқчимасмисан?
— Шундай бўлса керак, Рим нойиби. Одам Атони тавқи лаънат қилмоқдан бошлаб, азоб-уқубатлар, қийноқлар ичра ўтган, асрлар бўйи маълум бир одамларнинг бошқа одамлар устидан юргизган зулмлари туфайли ёмонликдан ёмонлик, ноҳақликдан ноҳақликни кў-пайтирган бу йўл ёруғ оламда истиқомат этаётганларни бир нарсага ўргатгандир, ахир. Одам Ато ва Момо Ҳаво жаннатдан қувилганларидан бери қандай зулм ўпқонлари очилмади, одамзоднинг боши не урушлар, шафқатсизликлар, қотилликлар, қувғинлар, адолатсизликлар, ҳақоратларни кўрмади! Яхшиликка қарши, одам табиатига қарши олам яратилгандан буён ер юзида рўй берган барча даҳшатли гуноҳи азимлар — нима, буларнинг қаери Қиёмат кун сўроғидан кам? Тарихнинг азал вазифаси нима — ақл эгаларини шафқат ва муҳаббатнинг илоҳий юксакликларига етказишми? Аммо одамзод тарихида не-не ёмон синоқлар бўлмади? Олдинда эса уммонларнинг тўлқинлари каби қайнаб, қутуриб турган ёвузликларнинг бош-кети кўринмаяпти. Бу жаҳаннамнинг Қиёмат кундан нима фарқи бор, ахир?
— Ундай бўлса, Назаретдан чиққан Исо, сен тарихни унинг ёвузлигидан тўхтатиб қолмоқчимисан?
— Тарихними? Тарихни ҳеч ким тўхтатолмайди. Мен одам болаларининг онглари ва хатти-ҳаракатларидан қабоҳатни қуритмоқчиман. Мен шунга қайғураман.
— Унда тарихнинг ўзи ҳам бўлмайди.
— Қандай тарих? Сен ўзинг қайғураётган тарихни айтяпсанми? У тарихни надоматлар бўлсинким, одамлар хотирасидан ўчириш мумкин эмас. Лекин у бўлмасайди, ўзимизни Худога яқинроқ сезардик. Мен сени тушуниб турибман, ҳукмдор. Лекин чинакам тарих, инсонийлик гуллаб-яшнаган тарих ҳали ер юзида бошлангани йўқ.
— Сабр қил, Исо, ҳозирча мени бир чеккага қўйиб турайлик. Аммо сен, Исо, одамлар ва халқларни шу мақсадга қандай қилиб еткизмоқчисан?
— Адолат Салтанати тузамиз. Унда Қайсарлар зўравонлиги бўлмайди. Ҳа, шундай!
— Шунинг ўзи етарлими?
— Агар ҳамма шуни хоҳласа, албатта...
— Во ажабо. Хайр, майли. Мен сени яхшилаб эшитдим, Исо. Сен узоқни кўзлаган экансан. Лекин сен ўзингга ҳаддан ортиқ бино қўйиб юбормадингмикин, одамларнинг ишончларига ҳаддан зиёд умид боғламадингмикин, майдонларнинг тубан эканлигини ва тупроққа қорилиб ётишини унутмадингмикин? Шаҳар қалъасидан чиққанинг замон сен бунга ишонч ҳосил қиласан ҳали. Бирок сен ҳеч қачон тарихнинг йўлини буриб юборолмайсан, бу дарёни ҳеч ким буролмайди. Мен бир нарсага ҳайронман: нега ҳаммадан бурун ўзинг ёнадиган ўт ёқяпсан? Дунё Қайсарларсиз яшолмайди. Бировларнинг қудрати, шавкати бошқаларнинг тобелиги, мутелиги. Сен дунёни бошқача, ўзинг тўқиб чиқарган тартибга соламан, янги тарих яратаман деб, бекор қиляпсан. Қайсарларнинг ўз худолари бор. Улар сен ўйлаб топган Худо-Эртага сиғинмайдилар. «Эрта»нинг чеки йўқ. Чегараси йўқ. У барчага худди ҳаво каби баб-баробар тегишли. Зотан, барчага баробар мансуб бўлган нарсаларнинг қадр-қиммати ҳам йўқ, ўрни ҳам йўқ. Шу боисдан Қайсарлар ҳамма ва ҳар нарсанинг устидан ҳокимдирлар. Дунёда ҳукм суриб турган Қайсарлар ичра шавкатли Тиверий худоларга суюклидир. Унинг дов-давлати — Румо салтанати жаҳоннинг ярмини эгаллаб турибди. Мен Тиверий шаън-шавкати остида Яҳудода ҳокимлик қиляпман. Ҳаётимнинг маъноси шунда деб биламан. Виждоним пок. Мангу Музаффар Румога хизмат қилмоқдан ортиқ шараф йўқ менга!
— Ҳар бир одам ўзига ўхшаган бошқа бирон одам устидан ҳокимлик қилиш учун ўлиб-тирилади. Сен бундан мустасно эмассан, Рим нойиби. Ҳаммадан ёмони ҳам шунда. Сен, ахир дунё шундай қурилган-да, дейсан. Қусурни ҳар доим осонгина оқлаш мумкин. Лекин, башар қавмининг қарғиш теккан жойи шу. Аммо ким буни ўйлаб ўтирибди? Лекин, бозор фаррошларининг оксоқолидан тортиб, даҳшатли султонларгача ҳаммаси гирифтор бўлган ҳокимиятпарастлик касаллиги — барча ёмонликларнинг энг ёмонидир. Башарият ҳали бунинг оғир жазосини тортажак. Ҳокимлик ва ер даъво қилган халқлар қирилиб кетадилар, бир-бирларини таг-томирларигача йўқ қилиб юборадилар.
Понтий Пилат мусоҳибнинг сўзини тоқатсизлик билан бўлди ва қўлини кўтарди.
— Бўлди, бас. Сенга шогирд эмасманки, ҳар бир сўзингга соме бўлсам. Етар! Тилнинг суяги йўқ. Оғизда нималар қилмайди киши. Исо, сен қанча каромат қилма, бари беҳуда. Ҳокимлар бошқарадиган дунёнинг бошқача бўлиши мумкин эмас. Унинг тамал тоши шунга қўйилган, шунга туради абадул-абад: куч кимда бўлса — ҳокимият ҳам шунда. Дунёнинг жиловини зўрлар ўз қўлларида тутадилар. Осмонда юлдузларни ўз ўрнидан кўчириб бўлмагандай, бу низом ҳам ҳеч қачон ўзгармагай. Қани, ўзгартириб кўр-чи. Одамзод учун бекор кайғуряпсан, ҳаётингни қурбон қилганинг билан уни қутқаролмайсан. Одамларни на ибодатгоҳларда войизлар ва на кўкдан тушган ваҳийлар халос этади! Худди пода чўпон ортидан боргандай, Қайсарларга эргашадилар, неъматлар ва куч-қудрат олдида таъзимда турадилар. Ҳаммадан кўра бераҳмроқ ва ҳаммадан кўра шавкатлироқ кимсани кўкларга кўтарадилар, саркардаларни ва улар инсон қонларини дарё-дарё оқизган, бировларни ҳукмрон, бошқаларни қул қилган, хўрлаган жангларни оғиз кўпиртириб мақтайдилар. Шуни шижоат руҳи деб атайдилар, авлодлардан авлодларга қўшиқлар битиб қолдирадилар, ғолиблар шарофатига яловлар кўтарадилар, карнай-сурнайлар чалиб олқишлайдилар; томирларда қон кўпиради, касамёдлар айтилади — ўзгаларга бир қарич ҳам ер бермаймиз деб, онтлар ичилади; халқ номи билан қонли урушлар оқланади, зарурат деб тушунтирилади; насллар юрт ғанимларига нафрат руҳида тарбияланади: ўз шаҳаншоҳимиз бор бўлсин, ўзга шоҳнинг кули кўкка совурилсин, тиз чўктирилсин, эли банди қилинсин, ер-сувлари тортиб олинсин, ота-бобо замонларидан то ҳанузгача ҳаётнинг, умргузаронликнинг бутун лаззати мана шунда эмасми, ахир. Сен эса, Исо, буларнинг барини қоралаб, лаънат тамғаси осмоқчисан, шўрлик-бечоралар, ғариб-ғурабонинг ҳолига ачинасан, ҳамма жойда хайру барака бўлишини истайсан, инсон — ваҳший ҳайвон эканлиги, вужудимиз туз-намаксиз яшолмагандай бу ҳайвон ҳам урушсиз кун кечиролмаслигини унутасан. Ҳали-замон соқчилар қуршовида Ғулқоф сари қадам қўясан. Жиллақурса, қатлинг олдидан, мана шу соатда нимада янглишиб, қайда саҳву-хатога йўл қўйганингни бир бошдан ўйлаб кўрсанг эди. Сен билан хайрлашарканман, бир нарсани айтиб қўяй! Сен ёвузликнинг томирини одамларнинг ҳад-ҳисобсиз ҳокимиятпарастлигида, халқлар ҳамда элларни зўравонлик билан тобе қилинишида кўрасан, аммо бу билан ўз гуноҳларингни янада кўпайтирасан, зеро, ким зўрликка қарши бўлса, демак, зўравонларга қаршидир. Сен Адолат Салтанати тузиш ниятида Рум давлатига қарши чиқяпсан. Румнинг кун сайин ортиб бораётган куч-қудрати, бутун жаҳон миқёсидаги ҳукмронлигига тўсиқ бўлмоқчисан, ёлғиз шу бад ниятинг учуноқ сени яна уч карра қатл этса арзийди!
— Бунча саховат не даркор, эй яхши ҳукмдор. Бир мартаси ҳам етиб ортади. Аммо гапимиз, майли, чала қолмасин. Лекин, албатта, мени Ғулқофда кутавериб, жаллодлар офтоб тиғида сарғайиб кетган бўлсалар ҳам керак, бечоралар. Лекин гапимизни тугатиб қўяйлик. Бу менинг ўлим олдидан охирги сўровим. Шундай қилиб, Рим нойиби, сенингча ҳақиқий куч-қудрат зўравонликда. Лекин дунёда бошқа бир куч ҳам бор — бу яхшилик куч-қудрати. Бунга эришиш, менимча, қийинроқ ва мураккаброқ, эзгулик учун урушдан кўра кўпроқ матонат ҳамда саъй-ҳаракат керак. Нойиб, сен ўлимим олдидан менинг энг сўнгги мусоҳибимсан, шунинг учун сўзларимга қулоқ сол. Мен сенга дилимни очмоқчиман. Лекин сен чўчима. Сендан марҳамат сўрамоқчи эмасман...
— Кулгимни қистатма.
— Шунинг учун ҳам олдиндан писанда қилиб қўйяпман, хавотир олма деб. Энди буни фақат сенгина биласан. Ўтган кеча дилимга ваҳима тушди. Аввал нега бесабабдан-бесабаб бундай бўляпти, деб ўйладим. Ҳефсиманияда ҳаво дим эмасди. Тоғлик боғда ғир-ғир шабада эсарди. Фақат мен ўзимни қўярга жой топмасдим. Дилим ғам-ҳасрат, қўрқинчга ботди. Гўё юрагимдан кўкка мусибат ўрлай бошлади. Сомеларим, мусоҳибларим ухламай менга далда бермоқчи бўлишар, аммо барибир ҳеч енгил тортмасдим. Қазову қадарда битилган соат келганлигини кўнглим сезарди. Остонага ўлим шарпаси ёнбошлаганди. Шунда даҳшатга тушдим... Ахир, ўлим ҳар бир тирик жон учун сўнгсиз зулмат.
— Нега ундай?— заҳарханда қилиб қаради Понтий Пилат маҳкумга.— Нариги дунё нима бўлади, Масиҳим? Ахир, сен айтмовдингми, ҳаёт ўлим билан якун топмайди деб?
— Яна миш-мишларни тилга оляпсан, ҳукмдор! Нариги дунёда руҳлар худди сув устига тушган соядай сассиз кезиб юрадилар. Бу билгисиз маконлараро билгисиз ҳаёлларнинг зуҳротидир. У ерларга жисм учун йўл ёпиқ. Ул ўзга коинот, ул бир ҳаётдирким, уни асло билиб бўлмас. Ул ломаконда вақтнинг ўтиши ҳам ўзга, у ер вақти билан ўлчанмагай. Ҳолбуки, гапимиз ўлчовлик ҳаёт, ер юзидаги ҳаёт устида бораётган эди. Мени ғалати бир ҳис чулғаб олди, гўё ҳамма нарсалар менга бегона бўлиб қолгандай эди. Ўша кеча Ҳефсиман боғида тинчимни йўқотиб, совуқ шамол каби кездим, соя каби паришон эдим, гўё коинот қаватларида мендан бошқа идрок эгаси қолмагандай эди, бамисоли ер узра учардим ва на ёруғ кун ичра ва на зулматли тун ичра бирон-бир тирик инсон боласини кўрмасдим,— бари ўлган эди, барини сўнган ёнғинларнинг қоп-қора кул-кўрони қоплаган эди. Замин кета-кетгунча харобазорга айланганди — на ўрмон бор, на экинзорлар, на денгизларда кемалар бор, фақат олис-олис аллақайлардан жуда ғалати, элас-элас зинғиллаган овоз келади, худди шамол хислатли ингирлагандай, худди тубсиз ер чохларида темир тинғирлагандай, худди қабрлар узра қўнғироқлар жингирлагандай, мен эсам кўк тоқида қўрқинч ва ҳасратга тўлиб ёп-ёлғиз пар каби учиб юрар, юрагимни ёмон ҳавл ва хабар изтироблари ўртар, мана, охир дунё ҳам етиб келди, деб ўйлардим. Мени босган ҳасратга сира чидаб бўлмасди: одамлар кайда қолдилар, ахир? Мен бошимни энди қайга қўяйин? Жонимга ғалаён тушди: мана, Раббано, охир кун, уни барча инсон насллари интизор кутган эдилар, мана, Қиёмат, мана, идрокнинг интиҳоси, ақлли хилқатнинг итмоми... Нега бундай бўлди, қайдан бу ҳалокат, қайдан бу тубсиз чоҳ, нега ўз томиримизни ўзимиз қирқдик, куйдирдик, ҳаёлимга келган фикрдан дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди: мана, одамларни севганингнинг жазоси дедим, мана, ўзингни қурбон қилганинг учун ажир. Наҳот одамзоднинг қаҳрли дунёси қутуриб ўзини маҳв этди, худди ўз заҳри қотили билан ўзини ўлдирган чаёндай. Наҳот одамларнинг одамлар билан чиқишолмаслиги, салтанатларнинг салтанатлар билан чиқишолмаслиги, ғояларнинг ғоялар билан чиқишолмаслиги, такаббурликлар ва ҳокимиятпарастликларнинг чиққишолмаслиги, мутлақ ҳукмронлик нашъасини сурган буюк Қайсарлару тиш-тирноғигача қуролланган, сон-саноқсиз ўзаро қирғинларда қозонган ғалабалари билан кериладиган, мунофиқона ҳамду санолар ўқийдиган ва қул каби кўр-кўрона бўйин эгиб, эргашиб борадиган халқларнинг чиқишолмаслиги шу ваҳшиёна хотимага олиб келди? Ўзига ато этилган илоҳий ақл туҳфаларини олам даштига олиб кетган юнонларнинг ер юзида қолдирган нарсалари ҳали шуми? Худоё, дилимга исён тушди, нега уларга ақлу идрок, тил-забон бердинг, нега уларнинг қўлларига эрк ато этдинг, ўзларини ўзлари қийратсинлар дедингми, жаннатдай заминни бошдан-оёқ шармандагарчилик мозористонига айлантирсинлар, девдингми! Мен шундай йиғлар, гунг-соқов дунёда якка-ёлғиз фарёд чекар, қисматни қарғар ва Худога нола қилиб айтардимки, Сенинг журъатинг етмаган ишни Одамнинг ўзи гуноҳ ичра адо этди... Ҳа, билиб қўйки, Рум ҳукмдори, охир дунё мен туфайли эмас, табиий офатлар туфайли эмас, одам болаларининг душманчилигидан келади. Сен ҳокимиятингдан маст-аласт бўлиб шарафлаётган ўша ғалабалар ва ўша душманчиликлардан келади...
Исо нафасини ростлаб, сўнг давом этди:
— Ўтган кеча кўзимга шундай нарсалар кўринди. Уйқум қочди, узоқ-узоқ ўйга ботдим, дуо ўқидим, ибодат қилдим, имон камарини маҳкам боғладим, сомеларимга Падарим иноятидан етган сурат ҳақида сўйлаб бермоқчи эдим, шу пайт Ҳефсиман боғида ифрот кўп халойиқ пайдо бўлди, улар ичида Иуда ҳам бор эди. Иуда тез келиб мени қучоқлади ва ўпди, унинг лаблари жуда совуқ эди. «Хушвақт бўл, Равви», деди у менга. Халойиқ билан олдиндан келишиб олган экан: «Мен кимни қучоқлаб, ўпсам, ўшани ушланглар», деб. Шунинг учун улар мени тутдилар. Мана энди, мен сенинг қошингда амрингни кутиб турибман, Рум нойиби. Биламан, энди Ғулқофга боришим керак. Илло, менга марҳамат кўрсатдинг. Мен бир нарсадан розиман. У ҳам бўлса, ўлимим олдидан сенга кеча Ҳефсиман боғида бошимдан кечганларни айтиб бера олдим, ҳукмдор.
— Рост, ҳамма гапларингни эшитдим. Лекин ҳаммасига мени ишонди деб ўйлайсанми?
— Ишонсанг ҳам, ишонмасанг ҳам, ўзинг биласан, Рум нойиби. Тўғриси, ишонмаган бўлсанг керак. Сен билан мен бутунлай бошқа-бошқа ўйловли одамлармиз. Аммо шунга қарамай, менга қулоқ солдинг. Сен ўзингга ўзинг мен ҳеч нарсани эшитмадим деёлмайсан-ку ва ўз-ўзингга бу ҳақда ўйлашни ман этолмайсан-ку. Мен эсам, ўзимга қаноат бераманки, Ҳефсиман боғида менга очилган кароматни гўрга олиб кетмай, аён қилиб кетмоқдаман. Виждоним ҳам энди ризолик топди.
— Айт-чи, Масиҳо, сен одам ҳодис бозорларда фол очмовдингми?
— Йўқ, ҳукмдор, нега ундай деб сўраяпсан?
— Ажабо, сенинг ўйин қилаётганингни ҳам, ёки бўлмаса, умуман ҳеч нарсадан қўрқмаслигингни, ўлим азобига тик бораётганлигингни ҳам билолмайман. Наҳот, нимани айта олдим-у, нимани айта олмадим, ким қулоқ солди-ю, ким солмади, деган нарсалар ўлимингдан кейин ҳам сени шунчалар қизиқтирса? Кимга керак буларнинг бари? Ўткин-чи гаплар эмасми булар, ўша-ўша, эски ҳаммом, эски тос?
— Ундай дема, ҳукмдор. Бу ўткинчи гап эмас! Ахир, ўлим олдидан ўйларинг тўғри Худо даргоҳига етади. Худо одам боласи ўлим олдида нима деб ўйлашига қарайди. Барча тирик жонлар ичра энг олий хилқат каби яратилган одамзод ҳакида Худо шу ўйларга қараб ҳукм чиқара-ди. Зеро, ўйлар ичида энг сўнгги ўй доимо мусаффо ва ҳаддан зиёда самимийдир. Унинг турган-битгани ҳақиқатдир, муғамбирликдан ҳолидир. Йўқ, ҳукмдор, маъзур тут, лекин мен сен ўйлаганча ўйин қилаётганим йўқ. Сабий чоқларимда ўйинчоқлар ўйнаганман, холос. Менинг қийноқлардан қўрқиш-қўрқмаслигимга келганда, яширадиган жойи йўқ, мен боя айтдим. Қўрқаман, жуда қўрқаман! Мен Раббил оламиндан, архамар-роҳимин Падаримдан илтижо қиламанки, тақдирда борини кўргали менга сабру тоқат ато этгай, онгсиз махлуқотлар каби дод солмагайман, жон топширар маҳалда шармисор қилмагай мени... Мана, мен тайёрман, Рум нойиби, мени ортиқ тутиб турма, андармон қилма. Вақт етди...
— Ғулқоф сени кутяпти. Неча ёшга чиқдинг, Исо масиҳим?
— Ўттиз учни тўлдирдим, ҳукмдор.
— Жуда ёш экансан! Мендан йигирма ёш кичик,— раҳми келиб деди Понтий Пилат бошини чайқаганча ўйга толиб:— Билишимча, сўққабошсан, ўзингдан кейин қоладиган етимчалар йўқ. Во дариғо...— У жим бўлди. Яна нимадир демоқчидай оғиз жуфтлади-ю, лекин фикридан қайтди шекилли, индамади. Андиша қилди. Аёл зоти билан қовушганмисан?— деб сўрагиси келди унинг. Лекин сўролмади. Хотин киши каби эзма-чурук кўринишдан истиҳола қилди. Эркак одамнинг гапи эмас бу.
Шу асно кўзи Исонинг кўзига тушди. У нима деб сўрамоқчи бўлганлигини фаҳмлабди. Лекин бундай саволга жавоб беришни ўзига ор деб билади. Исонинг милдираган сувдай тиниқ кўк кўзларига шарпа тушгандай бўлди, у тумтайди. «Кўринишдан шунчалар ювош, мўмин, лекин тоғдай қудрати бор!»— ҳайратланди Понтий Пилат ерга сирғалиб тушган сандалини оёғи билан қидираркан.
— Майли эса,— деб гапини бошқа ёққа бурди у аёл хусусидаги савол ўрнини бошқа нарса билан қоплаш тараддудида.— Қулоғимга чалинган эдики, сенинг отанг йўқ эмиш, тўғрими?
Исо оппоқ текис тишларини кўрсатиб, очиқ юз, оқкўнгиллик билан жилмайди.
— Бир чеккаси ростдир балки.
— Аниқроғи-чи?
— Рост, рост, яхши ҳукмдор,— деб тасдиқлади Исо Понтий Пилатнинг жаҳли чиқаётганини кўриб. Очиғини айтганда бу савол ҳукмдорга муносиб эмасди.— Мени Илоҳий Падарим Муборак Руҳга опичлатиб ер юзига қўйиб кетган.
— Баракалла, энди бошқа ҳеч кимнинг бошини бундай гаплар билан айлантиролмайсан,— лабларини базўр қимирлатиб, ҳорғин деди прокуратор.
— Бўлмаса, волиданг кимдир?
— У Галилияда яшайди. Исми Марям. Сезиб турибман, бугун етиб келсалар керак. Кечаси билан йўл юрдилар. Билдим.
— Билмадим, фарзандининг ҳоли уни не кўйларга соладир,— тундваш деди Понтий Пилат Назаретдан чиққан девона билан чўзилиб кетган суҳбатга ниҳоят чек қўйиш ниятида.
Шундан сўнг басавлат, калладор, башараси йирик, кўз қарашлари қаттиқ, елкасига оппоқ ёпинчиқ ташлаган прокуратор Арк айвонининг равоқлари остида қаддини ростлади.
— Алқисса, охирги маротаба аниқлаб қўяйлик,— деди у қатъий қарорга келгандай.— Отанг ким эди? Оти — Юсуф, волиданг — Марям. Назаретда дунёга келгансан. Ёшинг ўттиз учда. Бўйдоқсан. Болаларинг йўқ. Халойиқни исёнга чақиргансан. Улуғ Байтул муқаддасни бузиб ташлайман ва уч кун ичида янгисини бино қиламан, деб ғалаён кўтаргансан. Ўзингни пайғамбар, Яҳудонинг подшоҳи деб гап тарқатгансан. Сенинг мухтасар тарихинг мана шундай.
— Менинг тарихимни гапириб ўтирма. Лекин сенга айтиб қўяй: Сен тарихда қоласан, Понтий Пилат,— овозини кўтармай оҳиста сўзлади, Исо ҳукмдорнинг юзига тик ва жиддий боқиб.— Буткул қолажаксан.
—Қўйсанг-чи!— энсаси қотиб қўл силтади Понтий Пилат. Барибир Исонинг бу гапи унга маъқул тушди. Аммо бирдан овозини ўзгартириб, тантанавор тусда деди:— Тарихда шавкатли император Тиверий қолади. Унга шон-шарафлар бўлсин. Биз эса унинг содиқ навкарларимиз.
— Барибир тарихда сен қоласан, Понтий Пилат,— ўжарлик билан такрорлади Қуддусдан чиқиб, Ғулқоф сари борар зот...
Кимнидир интизор кутгандай эрта тонгдан бери Ирод саройи узра чарх уриб айланаётган қарчиғай, бургутми, бир қуш ниҳоят давра ўрамоқни бас қилиб, хавфли жинояткор каби кишанбанд этилган, Яҳудонинг ҳукмдори Понтий Пилатга бунчалар узоқ мусоҳиб бўлган, ҳозир эса неча ўнлаб соқчилар қуршовида қатлгоҳ сари олиб кетилаётган зот ортидан оҳиста-секин эргашди.
Ҳукмдор эса ҳамон Арк айвонида Ғулқоф томон кетиб бораётган кимса изидан учган мутағаййир қушга ҳайрат ва қўрқув ичра тикилганча турарди...
— Бу не синоатдир?— пичирлади ҳукмдор таажжубот ва ташвиш ичида...

III

Ёғаман-ёғаман деб, ёз ёмғири анчагача ёғмай, кеча оқшомдан бери уфқ бетида қорайиб, тўлишиб, бағрида ялт-юлт чақинлар чақиб турган юрғун булутлар тун ярим кечадан оққанда ниҳоят қуйиб бердилар. Йирик марварид томчилар қақраган ерга шатир-шутур урилиб, сувлар шариллаб оқа бошлади, ёмғир Авдий Каллистратовнинг юзига ҳам сепалаб ҳушини ўзига келтирди. Бу ҳаётнинг ажиб тортиғи эди.
Авдий поезддан ташлаб юборганларида пастга қулаган кўйи темир йўл бўйидаги чуқурликда ётарди. Ҳаёлига дастлаб шу фикр келди: «Қаерда ётибман? Ёмғир ёғяпти шекилли?» У инграб, сурилмоқчи бўл-ди, биқинидаги даҳшатли оғриқдан чинқириб юборай деди, боши чўяндай оғирлашиб кетганди, у яна ҳушини йўқотди, лекин бир оз вақтдан сўнг кўзини очди. Халоскор ёмғир уни ҳаётга қайтарди. Ёмғир сахийлик билан шаррос солиб қуяр, сув тепадан Авдий ётган чуқурга шарқираб оқиб тушарди. Ёмғир Авдий атрофида зўр бериб чучвара тугар, сув ҳалимазотда унинг томоғигача келиб қолади. Авдий ўзини қўлга олмай иложи йўқ эди, бу хатарли жойдан чиқиш пайига тушди. Дастлабки дақиқаларда шалайим ва карахт танасини ҳаракатга келтириш азоби азим бўлди. Авдий тирик қолганига ишонгиси келмасди. Ахир, вагонда уни қон қақшатиб калтаклашмадими, шиддат билан бораётган поезддан бераҳмларча ташлаб юборишмадими, лекин, қаранг, у тирик-ку, ва буларнинг бари ҳеч нарсага арзимайди, қандай бўлмасин, у тирик экан! Жони чиқмаган экан, мана сурилиши, ҳаракат қилиши, кўриши, эшитиши, эмаклаши мумкин. Манави челаклаб ёғаётган оқ ёмғир ҳам қандай яхши! Унинг қон қақшаган баданларига шунчалар ҳам ёқяптики, қўл-оёқларига дармон бўляптики! Ғувиллаб, қизигандан қизиб кетаётган бошига шифо бўлаётганини айтмайсизми! Кучи етганча тепага сурилаверади. Тезда тонг ёришади. Эрталаб бўлади. Тағин ҳаёт, умргузаронлик бошланади... Ўшанда у нима қилиш кераклигини ўйлаб топади. Ҳозир эса бир амаллаб оёққа туриб олса бас...
Бу орада жала ва тун қоронғилигини ёрароқ бири кетидан бири поездлар гулдираб ўтдилар... У шунга ҳам хурсанд эди. Нимаики ҳаётдан нишона берса, уни беҳад қувонтирмоқда эди...
Авдий қўлидан келган тақдирда ҳам ёмғирдан қочишни истамасди. Ёмғир бутун вужудига қайта жон ато этаётганлигини ҳис қилиб турарди. Қўл-оёғи бутун бўлса, бас. Шилинган, тилинган, лат еган бўлса ҳам майлига, ҳатто биқинидаги оғриқ ҳам чикора, чидайди... У бир амаллаб бехатарроқ ерга, тепача устига судрала-судрала чиқиб олди. Энди бутун вужудини ёмғир ихтиёрига бериб, нафасини ростларди...
Шундай қилиб, у адам саҳросидан яна тириклик дунёсига қайтди ва ҳаётининг туб мазмунини яна бир бошдан тиклашга киришди. Фикр-ўйлари ажойиб бир равшанлик ва салмокдорлик касб этаётганлигидан ҳайрати ортди...
Шунда у Понтий Пилат ҳузуридан Ғулқоф сари олиб кетилаётган Зотга айтди: «Ё равви, мен шу ердаман! Ё равви, Сени халос этмоқ истайман, не қилай, не қилайин? Сени нечук қутқариб олайин? Мен яна ҳаётга қайтдим. Сенинг ҳолингни ўйлаб мени ваҳим босяпти!»
Инсон баъзан, ҳаёлан бир пайтнинг ўзида юзлаб, минглаб йиллар билан ажратилган вақт бўлаклари ичра яшай олади. Бундай тарихий ҳолат тасаввур қобилиятини йўқотмаган ҳар бир одамда бўлиб туради. Бироқ ўтмиш воқеаларини кўз ўнгидаги борлиқ каби яқин кўрадиган одам, узоқ ўтган кечмишларни худди ўз жонажон иши, ўз тақдири деб биладиган одам, ҳақиқий жафокаш, риёзат эгасидир, зеро, у ёхуд бу воқеа нима билан тугаганлиги, нималарни келтириб чиқарганлигини олдиндан кўра-била туриб, воқеаларнинг боришига ҳеч қандай таъсир кўрсатолмай, фақат дард-алам чекади ва ўзини ҳеч қачон амалга ошмайдиган адолатнинг тантанасига қурбон қилади. Кечмиш кун ҳақиқатини тиклаш ва тасдиқлаш муқаддасдир. Ғоялар мана шундай туғилади, янги наслларнинг олдинги ва ундан ҳам, ана ундан ҳам олдинги авлодлар билан руҳий чатишуви шундай рўй беради, дунё шу билан устивор, ҳаёт тажрибалари доим ортиб, устма-уст, қават-қават бўлиб бораверади — ёвузлик ва эзгулик насллардан наслларга битмас-туганмас хотира иплари каби, битмас-туганмас тирик вақт ва тирик маконлар каби кўчиб ўтаверади...
Дарвоқе, шунинг учун айтилганким, куни кеча ўтганлар бугун нима бўлишини билмагайлар, лекин бугун кун кечираётганлар кеча нималар бўлганлигини билгайлар, эртага эса бугуннинг кишилари кечаги кун кишиларига айлангайлар...
Дарвоқе, яна шунинг учун айтилганким, бугуннинг одамлари ўтган кун ичра яшагайлар, лекин эрта кун дунёга келгувчилар бугунни унутсалар, бу энди кулфат, ҳамма учун кулфат...
Авдий ўша кун, пасха арафаси куни ҳаяжонини боса олмас, умидсизликка тушарди. Ҳавонинг ҳали иссиғи қайтмаган арафайи ҳайит оқшоми паст шаҳардаги саҳобалар маҳфуз кечага йиғилган гўшани ахтариб топишга уринарди. Шу гўшада у нон ушатди, бу менинг хилқатим деди, май қуйиб узатди, бу менинг ҳалол қоним деди, ахир, ўшанда бостириб келаётган хатардан, Иуда Искариотнинг хиёнатидан огоҳ қилмоқ мумкин эди, ушбу қўрқинчли шаҳарни дарҳол тарк этиш, зудлик билан йўлга отланиш мумкин эди. Хуфтон чўкиб борарди. У қийшиқ-қинғир, илонизи кўчаларда чарх уриб айланар, ўша гўшани излар, худди бу ерда таниши учраб қоладигандай пиёда, от-улов минган ўткинчиларнинг юзларига тикилиб қарарди. Лекин, на уйларига кечки таомга ошиқаётган ва на дўконлар ёпилмай бурун тез-тез кириб чиқаётганлар орасида у дардини айтгали бир кимса тополмади. Аксаран ўткинчилар эса Исо Масиҳо кимлигини ҳатто билмас эканлар. Шаҳарда дайдиб юрганлар камми? Бир раҳмдил киши уни қўярда-қўймай уйига олиб кетиб меҳмон қилмоқчи бўлди. Аммо Авдий миннатдорчилик билдириб, рад этди. У Мураббийни хавфдан огоҳ қилмоқчи эди. Кўп ҳаяжонланганидан, дарчалардаги чироқ шуълаларидан, ўчоқларда қайнаётган турли таомларнинг хуштаъм ҳидларидан, салқин бўлсин деб, йўллар ва ҳовлиларга сепилган сувларнинг ҳавога кўтарилган ҳовурларидан унинг боши айланиб кетди. Кўнгли беҳузур бўлди. Шунда Авдий Ҳефсиман боғига қараб кетди. Мураббийни мусоҳиб ва чўлиқлар билан бирга тоат-ибодат қилаётган бўлса, шу ердан топарман деб ўйлади. Во дариғ! Бу ерда ҳам кеч бўлиб қолган, ҳеч кимса кўринмасди. Боғ ҳувиллаб ётар, Мураббийни қуролли оломон ушлаб олган катта анжир дарахти атрофи ҳам кимсасиз эди. Мураббий башорат қилгандай мусоҳибларнинг ҳаммалари тумтарақай қочиб кетган эдилар...
Моҳ олис-олис денгизлар ва соҳиллар узра сузар, тун ярмидан оққан, субҳи козиб палласи яқинлашган, оқибати неча-неча асрларга етиб ортадиган машъум кун ҳадемай отади ва у ҳақда инсоният тарихида турли афсоналар тўқилади. Бироқ Ҳефсиманда ва унинг ён-атрофларидаги қирларда ястаниб ётган узумзорлару боғотларда ўша соатда сукунат ҳукмрон эди. Фақат бутазорларда тун қушлари сайрашар, оламни бақа овозлари тутган, мангу уйғоқ Кедрон эса кедрзор тоғлардан қадим тош ўзанларидан шалдираб, шарқираб, ой шуълаларида ярқираб тушиб келар, неча-неча сойларга ажралиб, бўлиниб кетар, сўнг яна қўшилиб, бир улуғ оқимга дўнарди. Ҳаммаси минг йиллардан бери қандай бўлса, шундай сокин ва осуда эди. Ўша кеча замин фараҳбахш ва фаровон эди. Ёлғиз Авдийгина қўним билмас, ҳаммаси қандай бўлиши керак эса, худди шундай бўлган,— у гарчи бари нима билан тугашини билса-да, ҳеч нарсани тўхтатолмас, ҳеч нарсанинг олдини ололмасди. У ўртаниб, куйиб йиғлар,  Худо-Эртага ёлворар, аммо фойдаси йўқ эди. Ушбу ҳодисот рўй бергандан буён бир минг тўққиз юз эллик йил ўтганига қарамай, сира буни ақлига сиғдиролмас ва ўзини ахтариб ўтмиш кунлар ичига кираркан, замонлар оша эврила-эврила алоҳа унинг тақдир ипи боғланган ибтидо сари ҳаёлан қайтиб борди. Дам минг йиллар қаърига кириб, дам тағин бугунги кўз ўнгида бўлиб турган воқеликка, елкалари, бошини тинимсиз савалаб ёғаётган дашт ёмғири остига қайтиб, дам ҳаёл уммонига толиб, дам барча тафсилотларни бирма-бир ақл тарозусида ўлчаб, жавоб ахтарарди.
Ва холис ниятда тарихга нисбатан андак ўзбошимчаликка йўл қўяр — Қиёмат ҳақидаги хийла кейинроқ юзага чиққан фикрни бундан анча илгари яшаб ўтган одамларга нисбат берар,— Авдий шу хусусда қандай бўлмасин, Понтий Пилатга айтилишини истарди. Бинобарин, салтанатнинг ҳар нарсага қодир нойиби Пилатнинг шарпаси ҳатто шу бугунга қадар ҳали буткул йўқолиб кетмаганди. (Ахир, Пилат, бўламан деганлар ҳозир ҳам озми?!) Авдий Каллистратов воқеаларни белгилашда шундай илгарилаб кетаркан, дунёнинг азал қонуниятлари гарчи ўзларини анча вақт ўтиб ошкор қилсалар-да, лекин доим ҳаракатда эканлигидан келиб чиқарди. Қиёмат кун ғояси ҳам худди шундай эди — инсоният ақлини ер юзида қилинган барча адолатсизликлар учун бир кунмас-бир кун олинажак қасос ўртарди.
Инсон руҳининг ўз-ўзини англаш фожиалари нега энди Исодан бошланади. Худди илгари ҳаммаёқ бўм-бўш бўлгандай? Ким ўзи Исо? Нимага керак буларнинг бари? Наҳот мангу тавба қилиб ўтмоқ учун фақат бир баҳона ахтарган бўлсак? Ва нима боисдан у то хочга кўтарилгандан буён ақллар ҳамон ўзига келолмайди, ҳамон гаранг? Ахир, ўшандан бери қанча замонлар ўтиб, жуда кўп мангуликка даъвогар бўлган нарсалар унутилиб, хоки туробга айланмадими? Бунда одамларнинг ҳаёти кунба-кун камолот касб этиб боради, деган ақоид доим эсда турдимикин? Бугун янги туюлган нарса эртасига эскиради, жуда яхши деб топилган нарсалар эртага ундан ҳам гўзалроқлари олдида ўз тусини йўқотиб, хиралашиб қолади. Шундай экан, нега Исонинг сўзлари эскирмай, ўз кучини йўқотмай келади? Унинг туғилишидан тортиб, то хочга михлангунча бўлган ҳодисалар ва кейин ундан насллару замонларга ўтган нарсалар — наҳот инсониятга шун-чалар зарур эди? Наҳот улардан қочиб қутулиб бўлмасди? Ва ниҳоят, инсон тарихида бу ўтилган йўлнинг маъноси нимадан иборат? Одамлар нимага эришдилар? Нима қарорга келдилар? Натижа нима бўлди? Агар бундан кўзда тутилган яширин мақсад инсонпарварлик, алломалар айтмоқчи, гуманизм ғояси бўлса, яъни ақл-идрок ато этилмиш хилқат сифатида инсоннинг ўз-ўзига томон ташлаган қадами, руҳнинг ўз ичида ўзи интиҳосиз ва адоқсиз камолотга интилиши бўлса, ахир, бу йўл аввал-бошдан шунчалар мушкул, оғир ва шафқатсиз қилиб солинадими? Ким бундай қилди, нега? Одамлар ҳар бирлари ўзларича талқин ва тафсир этадиган насроний гуманизмдан то умумжаҳонийгача, ижтимоий-махдуд гуманизмдан то синфий ва мутлақо мавҳум гуманизмгача — шуларсиз ҳаёт кечиришлари мумкинмиди, йўқми? Бизнинг асримизга келиб, ўша йўлда аллақачон эскириб қолган диннинг маъноси нима?
Ростдан ҳам, нима кераги бор? Ахир, ҳаммага ва ҳат болаларга бари аллақачон маълум. Ахир, материалистик илм-фан христиан ва бошқа динларнинг ақидалари қабристонига ўз қозиғини қокиб ташламадими, бирдан-бир тўғри йўл — тараққиёт ва маданият йўлидан уларни қатъият ва шаҳд-шиддат билан супуриб ташламадими? Ҳозирги одам учун динга риоя қилиш эҳтиёжи йўққа ўхшайди, унга куни битган ақидалар хусусида тарихий маълумот бўлса, кифоя. Ахир, буларни бари ўз кучини йўқотди, эскирди, ўтди. Лекин биз нимага келдик? Ўша раҳм-шафқатли, фидойи, ҳаётий дунёқарашлар томонидан аллақачонлар аччиқ кулги остига олинган ва йўл чеккасига улоқтириб юборилган ғоя эвазига биз нима топдик? Нимамиз бор бизнинг? Шунга ўхшаш ёки ундан ўткирроқ ва ортиқроқ нимага эгамиз? Ахир, янгилик эскиликдан албатта яхши бўлиши керакмасми? Бор бизда ўша янгилик, бор! Янги қудратли ақида тобора кучга киряпти — бу ортиқ даражадаги ҳарбий куч-қудрат ақидаси. Инсон боласи кун-бакун, туғилгандан то ўлгунгача бу кучлар уруш чиқарармикин ёки ўзини босиб турармикин деган буткул ваҳима ичида яшаганмиди ҳеч? Ҳозир шу қурол эгалари худо бўлмаса бошқа ким? Фарки шундаки, ҳозир топинмоқ учун меҳробларига ядро снарядлари сурати нақшланган черковлару, таъзим ва қуллуқ бажо келтирмоққа генераллар йўқ, холос... Нимаси дин эмас бунинг?
Авдий Каллистратов гоҳида турмуш-тутмуш ҳақида ана шундай ҳаёлларга берилиб кетарди. Бу сафар ҳам, тафаккурнинг ўлчовсиз узунлигида у ўтмиш ичига, ўзидан неча замонлар олдин бўлиб ўтган воқеаларга улар худди ҳозир рўй бераётгандай, кириб борди. Янги сувлар кўҳна қирғоқлардан шундай оқиб ўтади. Шунда у ўша кунларнинг ибтидосига, ҳайит арафа — жума кунига кайтди. У Мураббийни қидириб топмоқчи, ўз ташвиш-надоматларини баён қилмоқчи, неча юз йиллар кечиб, сўнг келадиган замонларнинг таҳликаларини айтмоқчи, тарих саҳнасида янги Худо — ўзининг муфсид ва ҳаммабоп дини билан ер юзидаги жамики одамлар онгини заҳарлаган, ҳатто ҳарбий кучлардан ҳам устун чиққан Худо-Гулиаф пайдо бўлганлигини маълум этмоқчи эди. Нима дерди бунга Мураббий, не даҳшат, ҳаросонликка тушарди: ҳарбий устунлик учун қутуриб мусобақа ўтказаётган инсоният охири қаерга боради, ахир? Ва мабодо, у иккинчи маротаба бизнинг гуноҳларимизни елкасига ортиб, яна хоч узра кўтарилсайди, ўшанда ҳам таъқибкор ва ҳужумкор устун ҳарбий куч дини томонидан асоратга солинган одам болаларининг раҳмини келтиролмасди...
Бироқ таассуфки, у Мураббийни тополмади. Иуда сотган ва уни ушлаб олиб кетган эдилар. Ва Авдий ҳувиллаб ётган Ҳефсиман боғида барча бўлиб ўтган ва энди бўлажак нарсаларни ўйлаб йиғлар, дунёда ўзини ёлғиз сезарди. У шундай орқага тисарила-тисарила, ҳали ўша замонлар шимолдаги чакалакзор қоронғи ўрмонларда яшайдиган, ёғочдан чопиб ясалган санамларга топинадиган, ва ҳали унинг Авдий деган исмини ҳам билмайдиган бобокалонлари оша Ҳефсиманда ҳозир бўлган эди. Авдий исми анча кейинроқ бориб маълум бўлади ва унинг ўзи ҳам узоқ йигирманчи асрда дунёга келади...
Авдий Мураббий ушлаб олиб кетилган ўша анжир дарахти остида узоқ йиғлаб ўтирди. Кошкийди шунча ўртангани, бағрини тиғлаганига яраша оламнинг маъюс тақдири ўзгарса...
Кейин ўрнидан турди. Ғамбода бир ҳолда шаҳар сари йўл олди. Тунги Қуддус деворлари ортида халойик ҳайит арафаси осуда уйқуга чўмганди. Ёлғиз у юраги таҳликага тўлиб, сарсари шаҳар кезар ва яккаш суроқларди: қани, Мураббий, унга не бўлди? Кейин унинг ҳаёлига ҳали ҳам кеч эмас, ҳали Мураббийни қутқариш мумкин, деган фикр келди ва йўлида учраган барча дарчаларни тақиллатишга тушди: «Одамлар, туринглар, хатар келяпти! Ҳали вақт бор, Мураббийни қутқарайлик! Мен уни Россияга олиб кетаман. Ока деган дарёда бир холи орол бор...»
Авдийнинг фикрича, дарё ўртасидаги ўша оролда Мураббий ҳар қандай хавф-хатардан эмин бўлади. Шу ерда у дунёнинг буқаламунликлари ҳақида ўй суради. Эҳтимол, шу ерда Унга янги башорат келар ва у олис-олис замонларга одамзод учун янги йўл топар ва одамзодга янги илоҳий баркамоллик бахш этар, токи шунда у ўз зиммасига ихтиёрий тарзда ортган маҳдиулёлик бурчи ва мақсади қонли йўллардан ўтмагай, хорлик, хўрлик ва азоб-уқубатларга гирифтор бўлмагай. Ҳолбуки, у девона одамлар ва адолат деб, шу барча азобларни ўз устига олишга, таъқибларга дош беришга тайёр! Таъқиблар эса ашаддий ва шиддаткор! Ахир, келажак наслларнинг бахт-саодати учун у ўша ҳалокатли вазифани ўз зиммасига олди. Инсонни азал адолатсизликларга дахлдорлик зулмидан халос этиш йўли танланганда бундан қочиб қутулмоқнинг иложи ҳам йўқ. Зотан, табиий нарсаларда адолатсизлик бўлмайди. У фақат одамлар ўртасидагина мавжуд ва одамлардан бошланади. Бироқ, мақсадга шундай ғайритарихий йўл билан етиб бўлармикин? Аммо Мураббийнинг ушбу сабоғи инсон ўз шахсий манфаатларини қондириш учун интилганда, диёнат ва имон овозини ўчирганда, босганда, ўзини оқлаш учун сон-саноқсиз баҳоналар тўқиганда, мен ёмонликка қарши ёмонлик билан жавоб беришга мажбур бўлдим деганда, ҳар сафар унутилмасмикин? Шу сабоқ унутилмаслиги учун бир оз бўлса-да, ишонч бормикин? Хилқатлар гултожи инсонни фаровонлик ва кулфатларда, қашшоқлик ва дов-давлатмандликда, ҳукм сурганда ва ҳукм сурмаганда ҳар доим унга ҳамроҳ ҳалокатли. ҳирсу-ҳаваслардан қайтариб бўлармикин? Хилқатлар тожи инсонни бошқалар устидан ҳукмронлик юритиш иштиёқи ҳамда жазавасидан қайтариш мумкинми? Мудом кўнгли-ҳушига нима келса, шуни қилишдан қайтариш мумкинми? Ахир, ўзига бино қўйиш ва такаббурлик инсон куч-қудратда бўлган чоғда уни хукм юритиш ва зўрлик кўрсатишга ундайди, куч-қудратдан айрилган чоқда ҳам, ялтоқилик, мунофиқлик ва доғулилик билан яна ўша мақсад сари интилади. Шундай экан, ҳаётнинг асл маъноси нимадан иборат, асл мақсад нима, ниҳоят, бу саволга ким жавоб бера олади. Софлиги ва ҳаққонийлиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмайдиган шундай жавоб борми ўзи?
Мураббий, сен, инсон яхшилик ва мурувват йўлига кирсин деб оғир жазони бўйнингга олдинг. Ахир, шу икки нарса аслида оқилни аҳмоқдан ажратади. Инсон ер юзида қийналиб яшайди, унда ёмонлик томирлари жуда чуқур илдиз отган. Ҳур фикр билан қанотланган ақлни, ўзида ёвузлик сарқитини бамисоли юқумли касалликдай буткул қуритган ва қақшатган мумтоз зотни — бизнинг мутлақ идеалимизни шу йўл билан тарбиялаб бўлармиди? Ох, қанийди шунга эриша олсак! Илоҳо, нега ўз устингга шунчалар оғир юк олдинг, тузатиб бўлмас дунёни тузатаман деб? Халоскорим, андак тўхта, ахир, сен уларни деб, ўлим азобини қабул қиляпсану, улар эса, кейин устингдан куладилар. Ҳа, ҳа, ха-холаб куладилар, бошқалари эса минглаб йиллар ўтгач, моддий илм-фан Худога бўлган ишонч тамалларини батамом йўқотгандан, Сен бошдан кечирган барча нарсаларни чўпчак деб атаганган сўнг айримлари Сени мазах ва масхара қилажаклар: «Савдойи! Тентак! Ким шундай қилсин деди? Кимга керак бу хочга михлаш томошаси? Кимни ҳайрон қолдирмоқчи бу билан? Нима берди бу одамга? Уни қилча бўлсин ўзгартиролдими, бошқача қилолдими?» Сенинг жасоратингни бемаъни деб топадиган насллар ана шундай ўйлаяжаклар, Улар бу вақтга келиб, модда қурилишининг азал моҳиятини топажаклар ва ернинг тортиш кучини енгиб, коинот қаватлари сари йўл олиб, бир-бирлари билан очкўзлар каби осмонларни талашажаклар, сайёраларда ҳукмрон бўлгали уринажаклар, оламнинг чеки бўлмаса-да, уларга барибир оз кўринажак. Ер юзида қўлларидан ҳеч иш келмагач, кибру-ҳаволарга берилиб ва барча нарсаларни унга қурбон қилароқ, Сен Мурувват тамалини ўрнатмоқни ҳаёл сурган заминнинг кулини кўкларга совуришдан ҳам тоймаяжаклар. Ўйлаб кўр, ахир, улар ўзларини Худодан ҳам юқори деб турганларида Худони тан олармидилар. Ҳамма-ҳамма нарсаларнинг кулини кўкка совурмоқчи, Сенинг ҳам Хотирангни буткул йўқ қилиб ташламоқчи бўлаётганлар учун Сен фақат мажзубсан, холос. О шўрлик, о содда Мураббийим, юр, бирга Волга, Ока томонга қочайлик, ўша дарё ўртасидаги хилват оролга борайлик, у ер Сен учун мисоли кўкдаги юлдуздай бўлади, ҳар ёқдан кўринади-ю, ҳеч кимнинг қўли етмайди. Ўйлаб кўр, ҳали кеч эмас, ихтиёримизда ҳали бир кеча ва тонг бор, балким, Сен раҳмсиз қисматдан қутула биларсан? Ҳушингни йиғ, наҳот Сен танлаган йўл бирдан-бир тўғри йўл бўлса?
Азобдан Авдийнинг кўзлари лўкиллаб оғрир, у тунги дим Қуддус кўчаларини тинмай кезар, Яратган томонидан ер юзига азобли ва фоже қисмат учун, одамларга мангу сабок ва зикр учун юборилган Зотга ўз фикрини уқтиришга уринарди... Лекин одамзоднинг табиати шундай-ки, ҳеч ким бу маломатни ўз ҳисобига олмайди ва ҳар ким ўзича баҳона қидиради гўё бунинг унга ҳеч дахли йўқ, гўё дунёнинг ишлари унинг иштирокисиз ҳам битади, нима бўпти, битса, битаверсин... Ўша холис ниятда қанчалар битмас-туганмас киноя яшириниб ётибди, инсон табиати шунчалар ҳисобга олинмаган унда...
Шаҳар дарвозаси атрофида айланиб юраркан, Авдий уч оёқли дайди итга дуч келди. Ит тўртинчи лат ёган оёғини қорнига босиб турарди. Ит Авдийга мунглиғ ва ақлли кўзлари билан малқайди.
— Нима қилиб юрибсан, чўлоғим,— деди у итни кўздан кечираркан.— Сен ҳам мендай саргардон экансан, менга эргаш.
Шундан сўнг, ит то тонг-азонгача Авдий билан санғиб юрди. Ит жуда зийрак, ҳамма нарсани тушунарди. Тонг отди. Шаҳар уйғонди. Унинг ҳар кунги ташвиш, югур-югурлари бошланди. Бозорлар ва майдонлар саҳро бадавийларининг, юк ортган туялари, турли-туман мол-товарларга тўла от-аравалар, эшак-хачирлар, елкалари, бошларида нарса кўтарган ҳаммолларга тиқилиб кетди. Бозор қизигандан қизиди, ола-ғовур, олди-сотди авжига минди... Бироқ, кўпгина Қуддуси шарифликлар шаҳарнинг оқ деворли ибодатгоҳига қараб йўл олишди, сўнг оломон у ердан қайнаб-тошиб Рум прокуратори Понтий Пилат саройига томон юрди. Уларга Авдий Каллистратов ҳам қўшилди: у гап Мураббийнинг тақдири устида бораётганлигини англади. Оломон билан бирга Ирод саройига етдилар, лекин қўролланган посбонлар уларни нойиб қошига қўймадилар. Улар сарой олдида кутиб қолдилар. Кун эрталабдан қизиган, аммо халойиқ ҳамон оқиб келарди. Турли-туман одамлар бу ерга турли-туман истак-хоҳишлар билан йиғилмоқда эдилар. Серғулув оломон ўртасида нима гаплар бўлмайди дейсиз: бировлар пайғамбар Исони Рум нойиби ўзига берилган ҳуқуқ баробарида афв этади, Қуддуси шарифдан истаган томонга чиқариб юборади, фақат бу ерга ҳеч қачон қайтиб келмасликни шарт қилиб қўяди, дейишар, бошқалари эса ўлимга ҳукм қилинганлардан бирини ҳайит шарафига албатта озод қиладилар ва бу Исо бўлади, деб айтишар, учинчи бировлар Исони Худо Яхвенинг ўзи ҳамманинг кўз ўнгида қутқаради, деб ишонишарди. Лекин ҳаммалари ҳам саройда нима бўлаётганидан бехабар интизорлик билан кутишарди. Оломон ичида таги-туги йўқ тахтни деб, бошидан айрилаётган девона устидан мазах қилиб кулгувчилар ҳам топилар, нега нойиб гапни чўзяпти, калласини олиш керакми, шартта олиш керак, ади-бадини кўпайтириб нима қилади, қуёшнинг қиздираётганини қаранг, ҳали кун пешингача Ғулқофда ҳамма офтобда сарғайиб адабини ейди, дегувчилар ҳам йўқ эмасди. Бу Исо деганга гап топиб бериб бўларканми? Истаган одамнинг бошини айлантириб ташлайди. Албатта, у ерда ҳозир тоза шакаргуфторлик қилаётгандир, нойибни лақиллатиб ўтиргандир, Худо кўрсатмасин, нойиб ҳали уни қўйиб юбориши ҳам мумкин, бу ерда аҳмоқ бўлиб кутганимиз қолади... Исо ҳам хўп ғалати зот экан-да,
роса ваъдаларни қуюқ килди, лекин қани ўша Янги Салтанати? Мана энди, ўзини итдай осиб ўлдиришади... Шундай бўлар экан-да дунёда... Авдий уларнинг гап-сўзларини эшитиб, фиғони ошарди. «Уялмайсизларми ахир шундай дегани! Ношукур, ноинсоф бандалар! Инсон руҳининг ўз-ўзи билан улуғ курашини ерга уриб бўладими, ахир! Таҳқирламанглар уни! У билан фахрланиш керак, одамлар, унинг кўзи билан ўзингизга қаранглар!»— кўксини тиғлаб, кўзёшлар тўкиб нола-фарёд чекарди Авдий Каллистратов, Қуддус Шариф одамлари орасида. Лекин ҳеч ким унга қулоқ солмасди, биров ҳой, сен ҳам бормисан деб, писанд қилмасди. Ахир, ҳали у узоқ йигирманчи асрда туғилиши ҳам керак эди...

* * *

Ярим кеча челаклаб қуйган ёмгир аста тина бошлади. Яна аллақайларга жала бўлиб ёққани йўл олди. Сўнг алоҳа тинди, фақат онда-сонда кечиккан томчиларини ташларди. Субҳи козиб палласи эди. Тип-тиниқ осмонда юлдузлар чарақлаб кўринди. Лекин, осмоннинг туби ҳали қоронғу, фақат ёмғирдан сўнг уфқ четлари оқармоқда эди. Нам ерлардан, тун бўйи ёмғир тагида бўй чўзган ўт-ўланлардан салқин уфурарди.
Лекин чўл жониворларидан ҳеч қайсиси ҳаёт нашъасини ушбу соат Авдий Каллистратовдай ўткир ҳис қилолмасди. Гарчи унинг таъби очилмаган, лекин тирик ҳаётга чин дилдан шукрона ўқирди.
Бироқ Авдийнинг омади бор экан: куни кеча ҳаво қаттиқ исиган, шунинг учун тунда унчалик салқин тушмаган, Авдий совқотмаган эди. Гарчи у бошдан-оёқ ёмғирга бўккан, лат еган, жароҳатланган жойлари ачишиб, лўқиллаб турган бўлса ҳам, оғриқни енгиб, ҳаёлини бир ерга тўплади, равшан фикр йўриғи билан ўзини айни вақтнинг ичида ҳам узоқ ўтмиш, ҳам ҳозирги дамларида тасаввур эта олди. Энди ҳаёт унинг кўзларига тамомила бошқача кўринар, уни қисматнинг туҳфаси деб қабул қилар, шу боис яшаш ва фикрлаш имкониятини янада кўпроқ қадрларди. Ёмғир тинган чоқда Авдий темир йўл кўприги остида ўтирар, бу ерга сўнгги кучларини сарфлаб қоронғуда базўр судралиб келганди...
Кўприк ости бир оз бўлса ҳам қуруқ эди. У худди санғилардай шу ерга кириб ўтирди. Бошини пана қилгудай жой топилганидан; бемалол ҳаёл суриш имконияти туғилганидан хурсанд эди. Кўприк таги гулдуросга тўла, одам худди ўрта аср жомесининг юксак равоқлари остида ўтиргандай бўларди. Тепадан поездлар ўтганда узоқлардан замбараклар бирваракай ўқ ёғдираётгандай ва сўнг мўлжални аста бошқа ёқларга олгандай кўринарди. Ўша кеча Авдийнинг ҳаёли эркин қуш мисоли парвоз қилди. Фикр туғиларкан, руҳни ўз-ўзидан ҳеч қандай тўсиқ билмай вақт ва макон чексизликлари сари озод эргаштириб кетарди. Авдий дам Исо ва Понтий Пилат ҳақида ўйлар, ҳаёлан ўша замонларда сайр қилар, боши тепасидан ўтиб бораётган поездларнинг гулдурос шовқин-суронлари ўзини қадим Яҳудода Ғулқоф тоғидаги сершиква оломон ичра тасаввур қилишига халал бермас ва ўша ерда бўлаётган барча воқеаларни ўз кўзлари била кўраётгандай бўларди. Гоҳ Москвани, Пушкин музейига борганини, болгар кўшиқчиларини тинглаганини эсларди. Кўз ўнгига ўзига икки томчи сувдай ўхшаш болгар йигитни келтирар, ҳаёлида унинг юзи, қўшиқ айтаётганда катта очилган оғзи жонланарди. Не олий оҳангларни яратарди болгар қўшиқчиларининг овозлари, унинг ҳаёли ва дилини не юксак парвозларга чоғларди улар! Отаси Дьякон Каллистратов черков қўшиқларини жону дили билан яхши кўрар, эшитганда йиғлаб кўнглини бўшатарди. Бир куни кимдир отасига замонавий роҳиба ўқиган ғаройиб дуони берган эди. Ўша ёшгина жувон болалар уйида тарбияланган, сўнг шу ерда мураббия бўлиб қолган, бир ярим ойгина бирга яшашган севган йигити уруш йиллари немис сувости кемаси чўктириб юборган ҳарбий кемада ҳалок бўлгач, роҳибалик удумини қабул қилган эди. Дьякон Каллистратов надомат ва салавот қўшилиб кетган ўша «кўнгил ҳужжати»ни ҳар сафар ўқиркан, кўзёшларини тиёлмасди. У, сабий Авдий уйнинг қизил пучмоғида эски пианино ёнида тик туриб, ўсмирларга хос жарангдор тоза овози билан чўкиб кетган кема ҳақидаги салавотни қироат қилиб ўқишини беҳад яхши кўрарди. Авдий болалар уйидан чиққан қизнинг тиловатини ёдлаб олганди:
«Осмон оқариб келяпти, ҳали қуёш чиқмаган, ҳали ҳамма уйқуда. Сенга, ҳар нарсани Кўргувчи ва ҳар нарсага Раҳм қилгувчи кўнгилдаги зоримни тиловат қилиб айтаман. Худоё, ўзинг кечиргайсан, то Сени ёд этмоқдан бурун ўз арз-додимни эсладим. Лекин мен то тирик эканман, шу тиловат билан яшагайман.
Сен Раҳими Раҳмонсан, Ҳақсан, Ҳаллоқсан, кечир, Сени ўз арзим ила безовта қилмоқдаман. Мен ўзим учун сўрамайман, менга дунё роҳат-фароғати даркор эмас, умрим чироғини узайтирмасанг ҳам майлига. Ёлғиз одамзод болаларининг дилларини халос этмоқликни тилайман. Сен Ғаффори Оламсан, кўнгилларимизга муҳр босма, жаҳолатда қолдирма, токи яхшилик ва ёмонлик ёруғ оламда бирга мавжуд экан, бизни баҳонаи сабаб занжирларидан халос эт. Одамларнинг дил кўзларини очгайсан. Ўзим учун сўрамайман, тилим ожиз. Мен ҳар қандай ажр-оқибатингга ҳозирман — хоҳ жаҳаннам ўтига ташла ва хоҳ чек-чегараси йўқ Салтанатингга ол. Қисматимиз ўз қўлингда, ё Ҳаллоқ, ё Маллоҳ!
Сенинг Роҳибаи қулингман, ҳабий каломинг сомесиман, сенга якка-ёлғиз бир арзим бор, ўзга арзим йўқ. Дилимни ҳаёт ва дунё роҳатидан, қайғу-надоматидан, ўткинчи неъматларидан поку табар этдим. Сенинг пок Руҳингга етишмоқ илтижоси билан шундай қилдим, Худоё.
Ёлғиз шуни сўрайман, мўъжизангни кўрсат: майли, ўша кема кечани кеча демай, кундузни кундуз демай, ўша йўлида ҳеч тўхтамай давом этсин, то само эврилмоғида кун тунга батамом қуюлгунча, тун кунга батамом қуюлгунча. Майли, ўша кема тўп-тўпхоналарни оғизларини боғлаганча ҳеч тўхтамай уммонлардан уммонларга сузиб юрсин, денгиз тўлқинлари уввос солиб, шалдираб унинг тўшларига урилсин. Уммоннинг аччиқ сувлари унга шовуллаб тўкилсин, зарралар сочилсин, заррачалар зариллаб унга нафас берсин. У кема деворларининг қарсиллагани, машиналарнинг гурсиллагани, шамол билан кемага эргашган чорлоқларнинг ғайқиллаганини эшитсин. Майли, кема энг узоқ уммонларнинг энг узоқ соҳилларидаги. оппоқ шаҳарга йўл тутсин, лекин бари бир у ерга энди ҳеч қачон етолмагай...
Сендан тилагим ана шу, холос. Тун-кун тиловат қилиб, фақат шуни сўрайман. Ё Раҳими Раҳмон, мағфиратингга бегона қилмагайсан, кечир, чўккан кемани тиловатимга қўшдим, арзимас дема. Сен умидлар даргоҳисан. Оҳимиз даргоҳингга етиб борсин. Сен Қодирсан, Қаҳҳорсан, Раҳмонсан. Ҳар нарсанинг боши сенда, охири ҳам сенда. Сенга елвориб борамиз. Сендан нажот сўраймиз ҳар качон, ҳар қайда. Мен оламдан ўтганда, сендан ким илтижо қилади, ким ёлворади Худоё, майли ўша кема уммонларингда, мангу-мангу уммонларингда чексизликлардан ҳам нарида сузиб юраверсин. Омин!»
Ўша кеча роҳибанинг тиловати нима боисдан яна эсига тушганлигини унинг ўзи ҳам билмасди. Агар Учқудуққа мотоцикл миниб келган жувон учраб қолса, унга ҳам шу тиловатни ўқиб берардим, деган ўй ҳаёлидан лип этиб ўтди ва кулгиси қистади. Авдий беихтиёр кулиб юборди-да, э, бевош тентак, деди ўзига ўзи ва ҳолига маймунлар йиғлаб, шўрига шўрва тўкилиб, худди бесар, беватан ўғри-қароқчилардай кўприк тагида шумшайиб ўлтирганимни у кўриб қолса, нима бўларди, деб тасаввур қилди. Ким деб ўйларди мени, тағин шу аҳволда унга кема ҳақидаги тиловатни ўқиб бермоқчиман. Қип-қизил девона-ку, дерди у ва албатта, ҳақ чиқарди. Бу алфозда унинг кўзига кўринишдан номус қилса ҳам, лекин барибир уни жуда кўргиси келди...
Авдий тонг оқаргунча кўприк остида ўтирди, унинг боши устидан қалдираб чўлнинг поездлари ўтарди. Лекин, ҳаммадан кўпроқ хумор чопарларни ўйларди. Қаерда экан улар? Нима қилишаётган экан ҳозир? Жалпоқ-Создан ўтиб олишгандир, йўлда кетишаётгандир. Қаерда ҳозир Петруха, Лёнька ва бошқалар? Худди алвастидай тутқич бермайдиган Гришан-чи? Авдий қўпол хатога йўл қўйганлиги, янглишганлиги учун ҳозир қаттиқ ачинди. Гришан ютди, унинг қора иши тантана қилди, ҳаммаси жуда ёмон натижа билан тугади. Аттанг! Шундай бўлса-да, Авдий мана шу кунлар бошига тушган синоқлар бежиз кетмаганлигини тушунарди. Буларнинг барини кўриши керак эди. У чопарларни хатарли йўлдан қайтаролмади, лекин газетада чиқиши учун қизиқарли материал тўплади, бу материални ўз пешона тери билан топди.
Шу каби мулоҳазалар Авдийга андак тасалли берар, лекин жони айниқса, Лёнькага ачишарди. Уни тўғри йўлга солиш мумкин эди, бироқ улгурмади.
Авдий Мўйинқум чўлларида барча кўрган-кечирганларини бирма-бир ҳаёлидан ўтказди. Бўриларни учратгани, кўкёл бўри ўқдай учиб бошидан ошиб ўтгани, аммо унга зиён еткизмагани эсига тушди. Бу бир синоат, жуда ғалати ҳодиса. Бўрининг ўт чақнаган, ақлли кўк кўзлари бир умр унинг эсидан чиқмайди.
Аммо қаранглар-а, темир йўл узра яна қуёш чиқди ва ҳаёт ўзининг янги даврасига кирди. Тунги жаладан сўнг чўл гуркираб кетган эди. Ҳали ҳаво салқин, кўз илғаганча чўл мусаффо, кўк осмонда тўрғайлар сайрарди. Чўл ҳофизлари ер билан осмон ўртасида пирпираб ўрлашар ва беҳудуд қўшиқ тўқишарди. Бу ерлардан олис-олисларда қайнаб ётган ҳаёт ҳақида дарак бериб поездлар чўлнинг у уфқидан бу уфкига шошилишарди.
Кечаси кўкдан ёққан оби раҳмат туфайли ўша чўл тонготарида ажиб тароват ва уйғунлик ҳоким эди.
Куёш юқори кўтарилиб, қиздира бошлаши билан Авдий кийимларини қуритмоқчи бўлди. Уст-бошларини ечаркан, даҳшатга тушди. Улар далва-далва йиртилиб кетган, бу аҳволда одамлар кўзига кўрингандан ўлган маъқул эди. Баданига эса қараб бўлмас, соғ ери йўқ, ҳаммаёғи ғурра, шиш, моматалоқ эди. Яхшиямки, ойнаси йўқ экан. Акс ҳолда ўзига қараб қўрқиб кетарди, лекин ойнасиз ҳам ҳаммаси унга равшан эди: юзига қўл теккизса безилларди.
Бундан ҳам бадтар бўлиши мумкин эди, деб тасалли берарди у ўзига ўзи. Ҳар қалай, тирик қолди-ку, шунинг ўзи тенги йўқ бахт эмасми, ахир.
Кўприк тагида ечинаркан, яна бир нарса кўнглини хира қилди. Паспорти билан озроқ пули бутунлай яроқсиз ҳолга келган эди. Йиқилганда паспорт ғижим-ғижим букланган, ёмғирдан сўнг эса таниб бўлмайдиган ҳолга келганди. Пулидан эса йигирма беш сўмлик билан битта ўн сўмликкина яроқли эди. Шу пул билан Авдий Москвага ва ундай Приокс шаҳрига етиб олиши керак эди.
Авдий Каллистратовни нохуш ўйлар чулғаб олди. Семинариядан ҳайдалгандан сўнг Авдийга тангроқ аҳволда яшашга тўғри келди. Опаси Варваранинг розилигини олиб, эски пианинони сотди. Варвара болалик чоғларида унда пианино чалишни ўрганган эди. Комиссион магазинда пианинони ярим пулга баҳолашди. Ҳозир бунақа музика асбобига қизиқиш йўқ, улар ҳамма жойда тўлиб ётибди. Ҳатто, эски магнитофонларни қўйишга жой топилмайди, пианинони қаерга сиғдирамиз, деб баҳоналар қилишди. Илож йўқ эди, шунга рози бўлишга тўғри келди. Мана энди ҳеч вақоси қолмади. Бундан ортиқ яна нима керак!
Янги кун туғди. Яшаш керак эди. Яна турмуш уринишлари ҳаёлпараст Каллистратовнинг ҳиқилдоғидан олди.
Кечаси билан кўприк тагида ўтириб ўйлаб чиқди. Энди бу ердан қандай қутулишнинг чорасини излаш керак эди, бундан ташқари қориннинг ғамини ҳам ейиш керак.
Шунда Авдийнинг омади кулиб боқди. Кун ёришгач, у беркиниб ўтирган кўприк тагидан от-улов йўли ўтганини кўрди. Рост, бу йўлдан машиналар жуда сийрак қатнаса ажабмас. Йўловчи машинани кутса, Худо билади, яна қанча ўтиришга тўғри келади. Авдий энг яқин разъездгача пиёда юриб боришга қарор қилди. У ердан бир амаллаб Жалпоқ-Созгача етиб олар. Йўлга тушиш тадоригида Авдий нигоҳи билан атрофни тимирскилади: бир таёқ топилса, йўлда унга анча мадади тегарди. Поезддан қулаганда ўнг тиззаси лат еб, шишиб чиққан, энди қаттиқ оғримоқда эди. Атрофига олазарак назар ташлаб, Авдий кулиб юборди: «Петруха мени боплаб урган таёқни Гришан ташлаб юборган бўлса-чи? Энди таёқни бошига урадими?» Таёқ топилмади. Лекин, шу асно чўл ичидан кўприк томонга қандайдир машина келаётганлигини кўрди.
Бу юк машинаси бўлиб, тепасига қўлбола қилиб юпқа тахтадан айвонча ишланган эди. Шофёрнинг ёнида қўлида бола кўтарган хотин ўтирарди. Машина дарҳол тўхтади. Шофёр, юзи қорайган йирик қозоқ йигит кабинанинг ярим очиқ ойнасидан Авдийни қизиқиб томоша қилди.
— Ҳа, йигит, нима, лўлилар калтаклашдими сени?— сўради . у.
— Йўқ, лўлилар эмас. Ўзим поезддан йиқилиб тушдим.
— Маст эмасмисан?
— Мен умуман ичмайман.
Шофер ва хотин ачиниб, оҳ-воҳ қилишди. Ўзаро қозоқчалаб гаплаша бошлашди. Улар «бечора» деган сўзни кўп такрорлашди.
— Ҳой, менга қара, ўтир машинага. Биз Жалпоқ-Созга кетяпмиз. Бўлмаса чўлда бир ўзинг ўлиб қоласан, бечора. Бу йўлдан машиналар кўп юрмайди.
Авдийнинг томоғига бир нарса ҳиқиллаб тиқилди, йиғлаб юборишдан ўзини базўр тийди, ёш боладай қувониб кетди.
— Раҳмат, биродар,— деди у қўлини кўксига қўйиб.— Ўзим сиздан ола кетинг деб сўрамоқчи эдим. Юролмаяпман. Оёқ ишкал. Раҳмат.
Шофёр пастга тушди. Авдийга машинага чиқишга ёрдамлашди.
— Қани буёққа кел. Сени кўтаришиб юборай, бечора. Э, қўрқма, чиқавер. Тепада жун бор. Совхозники. Топшириб келаман. Кайтангга юмшоққина ўтирасан. Фақат чекмасанг бўлди.
— Мен умуман чекмайман. Ташвишланманг,— жиддият билан ишонтирди уни Авдий.— Мен кечаси ёмғирда қолиб кетдим. Тоза бўкдим. Бу ер иссиққина экан...
— Майли, майли! Айтдим-қўйдим-да. Дамингни ол, бечора.
Аёл кабинадан бошини чиқариб қаради. Шофёрга алланарса деди:
— Хотиним сўраяпти, қорнинг очдир? — тушунтирди шофёр жилмайиб.
— Жуда оч!— очиғини айтиб қўя қолди Авдий.— Раҳмат. Агар бир нима егулик бўлса, беринг, ўла-ўлгунча унутмайман.
Авдийнинг назарида бир шиша қўй сути ва ўчоқда ёпилган, ҳиди гуркираб турган оппоқ нон кечаси билан чеккан азоблари учун кўкнинг унга инояти эди.
Овқатланиб булиб, Авдий мой ва тер ҳиди анқиб турган қўй жуни тиқилган қоп-қанорлар устида ухлаб қолди. Машина кечаси жаладан сўнг тароват тўлган чўл бўйлаб ҳамон кетиб борарди. Тузаладиган касал табибга дуч келгандай бу йўл Авдийга шифо бўлди. У машина тўхтаганда кўзини очди.
— Келдик. Сен қаерга борасан?— шофёр пастга тушиб, орқадаги борт олдида юқорига қараб турарди.— Ҳой, йигит! Тирикмисан?
— Тирик, тирик! Раҳмат,— жавоб қилди Авдий.— Жалпоқ-Созга етиб келдикми?
— Ҳа, бекатга келдик. Биз энди хомашё омборига борамиз.
— Мени қутқардингиз. Яна бир карра раҳмат. Хотинингизга ҳам катта раҳмат. Нима деб миннатдорчилик билдиришимни ҳам билмайман.
Авдий тепадан шофёрнинг ёрдамида тушаркан, оғриқдан инграб юборди.
— Аҳволинг жуда чатоқ, бечора. Сен касалхонага бор,— маслаҳат берди шофёр.— Таёқ бўлса, анча ишинг осонлашарди.
Вокзалгача Авдий ярим соат чўлоқланиб борди. Яхшиям, йўлда ётган тахта бўлагини кўтариб олган экан, ундан қўлтиқтаёқ ўрнида фойдаланди, юриши анча енгиллашди.
Темир йўл излари, кўтарма кўприклар, катта, кучли чироқлар, юк кранлари, келаётган ва жўнаётган поездлар, вокзал майдони ва умуман, бутун бекат шаҳарчаси узра овоз кучайтиргичдан буйруқлар, фармойишлар, эълонлар янграр, чўл узра таралар, локомотивлар ҳуштак чалар, пассажир поездларнинг келгани ва кетаётгани хабар қилинарди. Овлоқдан келаётган Авдийга қайнаган ҳаёт дарров билинди. Атрофда одамлар ўз иш-ташвишлари билан югургилашиб юришар — Жалпоқ-Созни Туркистоннинг энг йирик бекатларидан бири деб ҳисоблашлари бежиз эмасди.
Чўнтакда бор-йўғи ўттиз беш сўм билан қандай қилиш, қайси поездда кетишга Авдийнинг боши қотиб қолган эди. Энди нима бўлади? Москвагача қаттиқ вагоннинг билети ўттиз сўм турар экан, у ҳам билет бўлса ҳали. Тирикчилик-чи? Оёғи бу аҳволда, жароҳатлари-чи? Касалхонага борсамикин ёки дарҳол жўнаб кетаверсинми? Авдий ҳаёлга ботганча одам билан гавжум, дим бекат бинолари ичидан оқсоқланиб ўтиб борарди. Унинг тўзган, йиртиқ уст-боши, ажива қилиб ташланган афт-ангори, таяниб бораётган чурик тахтаси одамларнинг эътиборини тортар — ҳамма унга аланглаб қарамоқда эди. Авдий поездлар жадвали осилган майдонга чиққанида, ўзини милиция ходими кузатаётганини пайқади.
— Қани, тўхта-чи, ҳей йигит! — чақирди уни милиционер яқинлашиб келаркан. Унинг жаҳлдор, қатъий қарашлари яхшиликдан дарак бермасди.— Бу ерда нима қилиб юрибсан? Ким бўласан?
— Менми?
— Ҳа, сен.
— Поездга чиқмоқчиман. Жадвал кўряпман.
— Ҳужжат борми?
— Қанақа хужжат?
— Оддий ҳужжат: паспорт, гувоҳнома, иш жойидан справка.
— Бор, мен фақат...
—Қани, кўрсат.                                                                                                                                                                                                                                                          Авдий чайналди.
— Биласизми, ўртоқ, бу мен, ўртоқ, ўртоқ...
— Ўртоқ лейтенант,— ғаши келиб деди милиционер.
— Мен, ўртоқ лейтенант, шуни айтмоқчийдимки...
— Нима демоқчи бўлганингни кейин билаверамиз. Ҳужжатларни ол.
Авдий товсиллана-товсиллана чўнтагидан ғижимланиб таниб бўлмас аҳволга келган паспортини чиқарди.
— Мана,— деб узатди милиционерга.— Паспортим.
— Паспортмиш!— милиционер Авдийга ғижиниб қаради.— Сен нимага мени лақиллатяпсан? Яна паспорт дейди! Ма, ол, ўзингга сийлов. Мен билан бўлимга борасан. Ўша ерда кимлигингни аниқлаймиз.
— Мен ахир, ўртоқ лейтенант...— ўзининг ночор аҳволидан, таяниб турган тахтасидан, атрофга бирин-сирин йиғилаётган бекорчилардан хижолат чекиб деди Авдий,— мен, биласизми, газетанинг мухбириман.
— Ҳали сен мухбирмисан!— хуноби ошди милиционернинг. Назарида уни очиқдан-очиқ ва сурбетларча лақиллатишаётгандай туюлди.— Э, қани, бу ёққа юр-чи, мухбир!
Йиғилган томошаталаблар мазах қилиб кулишди.
— Топган гапини қаранг — мухбирмиш!
—Балки ҳали ташқи ишлар министриман ҳам дерсан?                                       
Жаҳлдор лейтенант орқасидан бориб, кутиш залидан ўтишга тўри келди. Энди ким дуч келса, шу Авдийга ўгирилиб қарар, бир-бирларига пичирлашар, кулишарди. Катта оғоч ўриндиқда юклари билан ўрнашиб олган оила ёнидан ўтиб бораётганда Авдийнинг қулоғига узуқ-юлуқ сўзлар чалинди:

Кичкинтой қизча: - Ойи, ойи, қаранг, ким бу?
Аёл: -  Вой, болагинам-эй, бу қароқчи. Кўрдингми, уни милицонер амакинг ушлаб олибди.
Эркак: -  Мунинг нимаси қароқчи. Патак ўғриси. Чўнтаккесар. Худди ўзи.
Аёл: -  Вой, нима деяпсан, Миша. Кўриниши ўзи шунақа бечора. Хилватроқ жойда дуч келсанг, сўйиб кетади...
Лекин, Авдий учун энг даҳшатли, кутилмаган иш ҳали олдинда эди. Лейтенантнинг ортидан вокзал ёнидаги талай уйлардан бирининг эшигидан ичкарига қадам қўйган Авдий ўзини деразаси майдонга қараган каттакон милиция хонасида кўрди. Телефон қўйилган столда ўтирган унвони кичикроқ милиция ходими лейтенантни кўриб, ўрнидан турди.
— Ҳаммаси жойида, ўртоқ лейтенант,— деб ахборот берди у.
— Ўтир, Бекбўлат. Мана яна бир меҳмон,— деб Авдийга ишора қилди лейтенант.— Қара, шаҳзодаларга ўхшайди! Яна мухбирман дейди!
Авдий ичкарига киргач, атрофга аланглаб каради ва сал бўлмаса бақириб юборай деди. Шағамдай қотди. Не кўз билан кўрсинки! Эшикдан кираверишда чап томонда қалин симлардан қўпол қилиб ясалган ва хонани полдан шипгача икки бўлакка ажратган тўсиқ орқасидаги бурчакда худди панжарага солинган махлуқлардай бўлиб чопарлар — наша йиғувчи хуморилар: Петруха, Лёнька, Махач, Коля, икки қўпорувчи чопар ва яна қандайдир болалар ҳаммаси бўлиб ўн-ўн икки чоғлик одам ўтиришарди. Фақат Гришан кўринмасди. Булар орасида Ўзи йўқ эди.
— Болалар, нима қилди? Нега бундоқ бўлиб қолди?— беихтиёр оғзидан чиқиб кетди Авдийнинг.
Чопарлар миқ этишмади. Улар ҳатто қимирлашгани ҳам йўқ. Хуморилар панжара орқасида бир-бирларига зич тиқилишиб ўтиришар, башаралари жуда ўзгариб кетган, тумтайган, қовоқлари солиқ эди.
— Танидингми ошналарингни?— ғалати иршайди жаҳлдор лейтенант.
— Албатта!— деди Авдий.— Булар ҳаммаси бизнинг болалар.
— Э, ҳали шундоқми!— ҳайрон қолди лейтенант Авдийга диққат билан разм солиб.— Нима, бу ошналарингми?— сўради у чопарлардан.
Ҳеч ким жавоб бермади. Ҳамма кўзини ердан узмай жим ўтирарди.
— Ҳей, сизлардан сўраяпман!— жаҳли чиқди лейтенантнинг.— Жавоб бермайсизларми? Майли, кўрамиз ҳали. Товага тушган қисқичбақадай сакратаман ҳали. Ҳаммангга уч юз ўн еттинчини берганда, мени эслаб қоласанлар. Инсон қадами етмаган жойларга бориб ўтира-санлар. Ёшмиз дейсанлар-да. Ёшлигингга қараб ўтирмаймиз. Илгари суд бўлмагансанлар-да, а. Бу ҳисобга ўтмайди. Ҳа, ҳа, бу ҳисобга ўтмайди. Ашё билан қўлга тушдинглар!— у полда сочилиб ётган Авдийга таниш, наша билан тўлдирилган юкхалталар ва жомадонларни кўрсатди. Уларнинг айримлари очилган, айримлари йиртилган, у ер-бу ерда наша сочилиб ётар, хонани ёввойи гиёҳнинг оғир ҳиди тутганди. Стол устида телефон ёнида оғу солинган гугурт қутилари ва шиша идишчалар турарди.— Кўрсатиб қўяман жавоб бермасликни! Хафа бўлишди булар тағин! Ашё билан қўлга тушдинглар-ку!— деб такрорлади лейтенант тажанглиги ортиб, жаҳл устида унинг овози жаранглаб чиқа бошлади.— Мана, далил! Мана, ашёвий далиллар! Мана, сенларга афюн!— у наша тўла юк халталарни тепиб кўрсатди.— Шайкаларингдан битта аблаҳ қочиб қутулди-да. Лекин у ҳам ҳали шу ерга— панжарага келиб ўтиради, ярамаслар! Турларинг! Тур, кимга айтяпман! Ялпайиб ўтириб олганини қаранг! Тикка бу ёққа қараб турларинг! Кўзингни олма! Кимга айтяпман кўзингни олма деб! Сенларга ўхшаган ярамаслар мени вагоннинг тагидан отишди. Мендан раҳм-шафқат кутмаларинг энди! Аблаҳлар, мишиқилар, қуролланиб олишибди! Яна нималарни истайдилар! Ҳаётим борича сизлар билан олишаман. Мен қандай олишишни биламан. Ҳамма поездларда, ҳамма йўлларда сизларни қутурган итдай тутиб оламан! Мендан ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайсанлар!— кўпириб-тошиб қичқирарди у.— Сенлардан сўраяпман ким манави жулдурвоқи? Мухбирмиш! Ким бу рўдапо!— Лейтенант Авдийнинг қўлидан тутиб, панжара олдига судраб борди.— Айтларинг яхшиликча! Ошналарингми?
Бир зум ҳаммалари жим қолишди. Авдий чопарларнинг бадқовоқ башараларига разм соларкан, ҳеч ўз кўзларига ишонгиси келмасди. Шуларми кечагина чўлда поезд тўхтатган? Шуларми сўриб-сўриб наша чекиб, кайф сурган? Шуларми уни ўлгудай уриб, вагондан улоқтирган? Шуларми чапдаст болалар? Мана энди камарсиз шим кийиб, яланг оёқ бўлиб (заруратга олиб чиққанда қочиб кетмасинлар деб, шундай қилсалар эҳтимол), шўрларига шўрва тўкилиб, панжара ичида ночор тумтайиб ўтирибдилар.
— Охирги маротаба сўраяпман сенлардан,— ғазабидан бўғилиб деди лейтенант.— Мен тутиб келган манави тавия ошналарингми, йўкми?
— Йўқ, ошнамиз эмас,— ғўдинглаб ҳамма учун жавоб қилди Петруха, Авдийга истар-истамас қараб қўяркан.
— Нега ундай дейсан, Пётр?— ҳайратга тушди Авдий панжара томон судралиб яқинлашаркан.— Нима, мени эсдан чиқардингларми?— таъна қилгандай сўради у панжара ортидагилардан.— Сизларга жоним ачийди,— деб кўшиб қўйди у.— Қандай қилиб бундай бўлди?
— Таъзия билдирадиган жой эмас бу ер сизга,— силтаб ташлади уни лейтенант.— Мен энди ҳар биттангдан алоҳида-алоҳида сўрайман,— пўписа қилди у чопарларга.— Ким ёлғон айтса,— бу бари бир маълум бўлади,— унга яна бир модда қўшилади. Қани, сен айт,— деди у Махачга қарата.
— Бизданмас,— деб жавоб берди у тупук сочилган лабларини қийшайтириб.
— Энди сен айт,— буюрди лейтенант Лёнькага.
— Бизданмас,— деди Лёнька ва оғир хўрсинди.
— Бизданмас,— деди маллабош Коля.
Ҳаммалари бир бошдан Авдийни танишни истамадилар.
Қизиқ, чопарларнинг бу қилиқлари Авдийнинг ҳамиятига тегди. Уларнинг ҳаммалари бир оғиздан, қатъий, ҳеч қандай шубхага ўрин қолдирмай ундан воз кечишгани Авдий Каллистратовга ҳақоратлаган ва хўрлагандан бадтар алам қилди. Авдийнинг бир зумда иситмаси чиқиб кетди, бошига ёрилгудай сирқироқ оғриқ кирди.
— Нима бўлди, нега мени танимайман деяпсизлар?— каловланиб сўрарди у.— Ахир мен...
— Гап бундоқ, «Нью-Йорк таймс»нинг мухбири,— майна қилиб уни тўхтатди лейтенант.— Кўп гапирдингиз, етар. «Ахир мен», «ахир сен». Бўлди, бас. Бошимни айлантирма. Сенсиз ҳам иш бошдан ошиб-тошиб ётибди. Жўна, бу ердан. Оёқ тагида ўралашаверма. Булар билан ишинг бўлмасин. Уларга қарши қонун бор. Шафқатсиз қонун. Оғу тайёрлагани, тарқатгани ва сотгани учун дарҳол жазога тортилади. Улар билан гап қисқа. Сен, мухбир ошна, тезроқ бу ердан туёғингни шиқиллат. Жўна. Бошқа кўзимга кўринма.
Жимлик чўкди. Авдий Каллистратов оғирлигини дам у оёғига, дам бу оёғига солиб, кетишга шошилмасди.
— Сен ўртоқ лейтенантнинг сўзларини эшитдингми?— шу пайтга-ча аллақандай коғозларни тўлдириш билан машғул милиционер ўртага тушди.— Эсинг борида жўна. Раҳмат дегину чиқиб кетавер.
— Сизда манави эшикнинг калити борми?— деб сўради Авдий темир эшикнинг осиғлик қулфини кўрсатиб.
— Сенга нима? Бор, албатта,— деб жавоб берди лейтенант Авдийнинг нега шундай деб сўраганлигини тушунолмай.
— Унда очинг эшикни,— деди Авдий.
      — Яна нима хоҳлайдилар? Э, кимсан ўзинг!— тутақиб кетди лейтенант.— Жонингдан тўйдингми! Мен сени!
— Ана-ана! Мени дарҳол панжарага ташлашингизни сўрайман. Жойим ўша ерда!— Авдийнинг чеҳраси ловуллаб ёнар, яна унинг қаттиқ жазаваси тутганди. Вагонда нашани ташқарига сочиб ташлаганда худди мана шундай бўлган эди.— Мени қамоққа олишлари ва суд қилишларини талаб этаман!— деб қичқирарди Авдий.— Мен ҳам мана шу адашган бадбахтларнинг бириман! Дунё разолат ва ярамасликларга тўлиб кетди! Худди улар каби мен ҳам жавобгарман. Мен ҳам наша йиққанман. Эшикни очинг. Мен улар билан бирга ўтирай. Судда улар тасдиқлашади айбим борлигини! Гуноҳларимизга тавба қиламиз, дилимиз пок бўлади...
Милиционер шунда қоғозларини бир чеккага йиғиштирди-да, ўрнидан дик этиб турди.
— Э, бу ғирт жинни-ку, ўртоқ лейтенант. Қаранг башарасига. Жиннилиги шундоқ кўриниб турибди.
— Ақл-ҳушим жойида,— деб эътироз билдирди Авдий.— Мен улар билан тенг жазо тортишим керак! Жинни бўлиб нима қилибман?
—   Шошма, шошма,— иккиланди лейтенант.
Транспорт милициясидай оғир ишда шунча йиллар хизмат қилиб бунақа тентакликни энди кўриши эди: айтсанг, биров ишонмайди сира.
Орага сукут чўкди. Шу пайт кимдир ҳиқиллаб, сўнг ҳўнграб йиғлаб юборди. Бошини деворга ўгириб олган Лёнька йиғламоқда эди. Петруха унинг оғзини юмишга уринар, қулоғига бир нарсалар деб пўписа қиларди.
— Гап бундай, ўртоқ,— деди лейтенант кутилмаганда юмшоқлик билан Авдийга.— Юр, ташқарига чиқайлик, менга ҳаммасини бир бошдан гапириб берасан. Қани, чиқайлик. Юр, юр, рост айтяпман.
Улар яна йўловчилар тиқилиб кетган кутиш залига чиқдилар. Лейтенант Авдийни бўш скамейкага бошлаб келди, ўтиришга таклиф этди, кейин ўзи ҳам ёнига ўтирди.
— Сендан жуда ҳам илтимос қиламан, ўртоқ,— деди у бирдан дўстона бир самимият билан,— бизнинг ишимизга халал берма. Мабодо, мендан ўтган бўлса, кўнглингга олма. Ишимиз ўзи шундай, жуда қийин. Ўзинг ҳам кўрдинг-ку. Илтимос, борадиган жойингга жўна. Сен озодсан. Фақат бизга бошқа борма. Тушундингми, а?
Авдий аҳволимни қандай тушунтирсам, ушланган чопарлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимни қандай баён қилсам экан деб, ўйлаб, ҳаёлини йиғиштираётган эди, лейтенант ўрнидан турди-ю, одамлар орасини ёриб ўтиб, жўнаб қолди.
Йўловчилар бекорчиликдан тағин Авдийга аланг-жаланг кўз ташлай бошлашди: у турли-туман одамлар йиғилган шу халойиқ ичида ҳам отнинг қашқасидай кўзга ташланиб турмоқда эди. Кийимлари йиртилган, афт-башараси кўкарган, ғурра бўлган, қўлтиғига тахта қистириб олган бир ҳоли-бир сар Авдий одамларнинг ғашини келтириб, нафратини қўзирди. Устига-устак, уни ҳозиргина милиционер бу ерга ташлаб кетган эди.
Авдийнинг аҳволи тобора ёмонлашарди... Қаттиқ иситмалай бошлаган, боши сирқираб оғрирди. Кеча бўлиб ўтган воқеалар, тунги жала, шишиб, юролмай қолган оёғи, ниҳоят, оғир жазога дучор бўлган чопарлар билан ҳозирги учрашув — Авдийга булар ҳаммаси энди ўз кучини кўрсатмоқда эди. Авдийнинг бадани увишиб, тинмай қалтирай бошлади, жисми худди ёниб кетаётгандай эди. У кунишиб, бўйнини ичига тортиб ўтирар, ўрнидан туришга мажоли йўк эди. Қуриб кетгур қўлтиқтаёқ эса оёқлари тагида ётарди.
Шунда мурдадай бўлиб қолган Авдийнинг кўз ўнги туман билан қопланди. Одамларнинг хира тортган, ёйилиб кетган гавдалари, афт-ангорлари яна чўзилиб, бужмайиб, бири узра бири қалашиб кетарди. Авдийнинг кўнгли беҳузур бўлар, фикрлари чувалашар, нафас олиши тобора оғирлашарди. Авдий одам тиқилинч, ҳавоси дим шу бегона залда бир ўзига келиб, бир ўзидан кетиб ўтирарди. «Вой, мазам қочиб кетяпти,— ўйларди у,— одамлар ҳам кўп ғалати бўлишади-да. Ҳеч ким ҳеч кимга керак эмас. Ҳаммаёқ бўм-бўш, тирик зот қолмагандай».
Авдий бу бирпасдан сўнг ўтиб кетади, яна ҳушим ўзимга келади, ўшанда анави қамокдагиларга балки бирон ёрдамим тегиб қолар, деб умид қиларди. Куни кечагина уни ўласи қилиб уриб, поезддан улоқтириб юборганларини у ҳозир ҳатто эсламас ҳам эди. Бу қабиҳ жиноятчилар, нодон қотиллар унинг раҳмини эмас, ғазабини келтиришлари, унда интиқом ҳиссини уйғотишлари керак эди аслида. Лекин ҳаёлпараст Авдий Каллистратов ҳаёт сабоқларини ўзлаштиришни истамас, бунда ҳеч қандай мантиқнинг фойдаси йўқ эди. Наша йиғувчиларнинг патароти — ўзининг ҳам патароти эканлигини у ғайришуурий бир тарзда тушунарди. Бу фидойи раҳмдиллик ғояси ҳам тамомила енгилганлигидан дарак берарди. Чопарларни ҳалокат чоҳидан ҳалос этиш унинг қўлидан келмади. Уларга ўз таъсирини ўтказолмади. Шу билан бирга ҳар нарсани кечириб юборавериш ҳам ожизлик аломати эканлигини тушунмай иложи йўқ эди, бу ҳали қанчалар оғир оқибатларга олиб бориши мумкин...
Лекин барибир, дунёда яхши одамлар қуриб кетгани йўқ, вокзалдаги тасодифий йўловчилар ичидан ҳам шундай киши топилди. Авдийнинг рўпарасидаги скамейкада юкларини олиб ўтирган, бошини рўмол билан ўраган, сочлари оқарган хотин унинг мазаси қочиб, ёрдамга муҳтож бўлиб қолганлигини сезди.
— Гражданин,— деб гапини бошлади-да, шу заҳоти оналарча меҳрибонлик билан сўради:— Тобинг қочдими, болам? Касал бўлиб қолганга ўхшайсан-ку?
— Тобим қочяпти, лекин сиз ташвиш чекманг,— деб илжайишга уринди Авдий.
— Ҳеч қандай ташвиши йўқ. Вой, Худойим-эй, нима гап ўзи, бирон ердан йиқилиб тушдингми? Иссиғинг жуда баланд-ку,— деди у Авдийнинг пешонасига қўлини теккизиб кўриб.— Кўзларинг ҳам қизариб кетибди. Менга қара, болам. Сен ҳеч қаерга кетмай шу ерда ўтир. Мен бориб билиб келай, балки биронта врач топилиб қолар, эҳтимол, сени касалхонага ётқизиш керакдир. Сени бу аҳволда қолдириб бўлмайди...
— Қўйинг, овора бўлманг,— дерди унга Авдий овози ичига тушиб кетган ҳолда.
— Йўқ, йўқ. Сен бирпас ўтира тур. Мен дарров қайтиб келаман... Болали қўшни аёлдан нарсаларига қараб туришни сўради-да, раҳмдил хотин қайгадир кетди.
Орадан қанча вақт ўтди, Авдийнинг эсида йўқ. Унинг жуда мазаси қочди. Нима бўлаётганлигини энди фаҳмлади: томоғи қаттиқ оғрирди. Ҳатто тупугини ютолмасди. «Ангина бўлса керак,— деб ўйлади Авдий. У шунчалар ҳолдан тойган эдики, шу ернинг ўзида полга узала тушиб ётгиси келар — устидан босиб, топтаб ўтсалар ҳам майли эди — фақат кўз юмса бас, кўз юмса бас эди...
Авдийнинг кўзи эндигина илинган экан, бирдан кутиш залидаги халойиқ ҳаракатга келди, ғовур-ғувур эшитилди. Авдий кўзини очди ва милиция хонасидан чопарларни олиб чиқишаётганини кўрди. Уларни тўрт томондан милиционерлар ўраб олганди. Тажанг лейтенант олдинда — одамлар унга йўл бўшатишар, унинг орқасидан қўллари боғланган чопарлар келишарди. Петруха, Махач, Лёнька, Коля, икки қўпорувчи ва яна аллакимлар — ўн кишининг ҳаммаси шу ерда эди. Уларни соқчилар вокзалдан қатор қилиб олиб чиқишарди.
Авдий зўр бериб, не машаққат билан тахтасини қўлтиғига қистирди-да, чопарлар орқасидан лўкиллади. Назарида жон-жаҳли билан ҳаракат қилаётгандек бўлса ҳам, лекин негадир барибир маҳбусларни қувиб етолмади. Йиғилган оломон орасидан у томонга ёриб ўтиш осон эмасди. Лекин чопарларни қандоқ олиб кетишаётганини яққол кўриб турди: вокзал эшиги олдида орқа дарчаси панжарали ёпиқ машина турар— икки милицонер чопар болаларнинг қўлтиқларидан кўтариб, ичкарига жилдириб юборишарди.
Кейин машинага соқчи ўтирди ва эшик ёпилди. Лейтенант ҳайдовчининг ёнига чиқди. Шундан сўнг машина вокзал майдонидан жўнаб кетди. Халойиқ ҳар турли тахминларни бичиб-тўқирди.
— Қароқчиларни ушлашибди. Бир гала.
— Анави уйларга кириб одамларни ўлдириб юрганлар шулар бўлса керак.
— Вой, қўрқиб кетяпман-е...
— Э, қароқчими шулар! Таги ҳўл болалар-ку ҳаммаси!
— Бола дейсан-а? Ҳозирги болалар дуч келган одамни ўлдириб кетади. Ҳеч нарсага қарамайди.
— Э, қўйинглар-э, барака топкурлар. Булар наша йиғадиган, банги болалар. Нашага келишган. Ҳар куни қанчасини тутишади юк вагонларда!..
— Шунча тутгани билан яна ёпирилиб келаверишади булар...
— Қандай замонларга қолдик...
Чопарларнинг аччиқ-аламли ҳикояси ана шундай тугади. Негалигини ўзи ҳам билмайди: Авдийнинг юраги бўм-бўш бўлиб қолди...
Авдий қаерда ўтирганини яхши эслолмай кутиш залига юрди. У оёқларини базўр судраб босар, боши оққан томонга кетмокда эди. Шунда бояги сочлари оқарган хотинга дуч келди.
— Ҳа, мана ўзи, мана!— деди ўша хотин оқ халат кийган ҳамширага.— Сен қаёққа кетиб қолдинг, болам. Ахтариб юрибмиз. Мана, ҳамшира қиз келди. Иситмалаб турибсан шекилли. Юқумли касал эмасмикин, деб хавотир олишяпти.
— Ундаймас,— зўрға овози чикди Авдийнинг. Ҳамшира Авдийнинг пешонасига қўл теккизди.
— Иссиғи баланд,— деди у.— Нима бўлди? Сиздан балчиқ иси келяпти. Ичингиз кетяптими?— ўсмоқчилаб сўради у.
— Йўқ.
— Майли, фарқи йўқ. Медпунктга борайлик. Доктор кўради.
— Майли, мен тайёрман.
— Нарсаларингиз қаерда?
— Нарсаларим йўқ...

IV

Авдий Каллистратовни Жалпоқ-Соз бекат касалхонасига ётқизишди. Тунд юзли қозоқ врачи Олия Исмоиловна касални кўриб, жиддий деди:
— Аҳволингиз унчалар ҳам яхши эмас. Лат еган оёғингизни мутахассис врач кўриши керак. Касал бошқа аъзоларингизга ҳам тарқаб кетмаслиги учун ҳозирча антибиотиклар билан даволаб турамиз. Лекин сиз бошингиздан нима кечирган бўлсангиз, ҳаммасини менга сўйлаб беришингиз керак. Нега қизиқиб қолди, деб ўйламанг. Врач бўлганим учун сўраяпман...
Ҳаётда неча юзлаб, минглаб учрашувлар ва айрилиқлар ичида гоҳо шундайи ҳам бўладики, уни Худо етказди дейишдан бошқа иложимиз йўқ. Лекин бундай учрашувдан умуман ҳеч нарса чиқмаслиги ҳам мумкин, бироқ одам боласи буни фақат кейин тушунади — шунда у бир зум қўрқиб кетади ўша учрашув чиппакка чиқса, нима бўларди, деган фикрдан... Ахир учрашувнинг нима билан тугаши Худога эмас, одамлариинг ўзларига боғлиқ-ку.
Авдий Каллистратов шунга ўхшаш воқеани бошидан кечирди. Учинчи кун деганда касалхонага Авдийнинг олдига ўша қиз келди. Авдий уни фақат орзулар оламидагина кўрарди. Чунки қизнинг кимлигини билмасди. Бинобарин, одам боласи дунёда нималар ҳақида орзу қилмайди дейсиз...
Кундузи турли муолажалардан сўнг беморнинг ҳарорати анча пасайди, кечга бориб эса ўттиз еттию учдан юқори кўтарилмади. Лекин оёқнинг шиши ҳамон қайтмаган, бунинг устига ўнг қовурғасининг биттаси синган экан, рентгенда дарз тушгани маълум бўлди. Умуман олганда, бемор соғая бошлаган эди. Авдийнинг кайфияти мўътадил, шикоят қиладиган жойи йўқ эди. Олия Исмоиловна ҳақиқий врачлардан экан, у билим, тажрибалари билангина эмас, бутун рўй-равиши билан ҳам даволаркан. Унинг гап-сўзлари, муомаласи, муолажа тайинлаши беморнинг дилига умид ва ишонч бағишлар, касалликни енгиб ўтишига мадад берарди. У беморнинг руҳиятига донолик ва вазминлик билан таъсир ўтказардики, бошидан шунча савдоларни кечирган Авдий гоҳо инсонга бошқаларнинг ғамхўрлиги ва меҳрибончилиги нақадар зарур бўлишини айниқса, қаттиқ ҳис қилди. Очиғини айтганда, бир чеккаси, у касал бўлгани ва яхши врачнинг қўлига тушгани учун беҳад суюнди. Мўъжаз дарахтзор орасида жойлашган кўримсизгина ва сокин бекат касалхонасида у ўзини шунчалар хотиржам ва яхши сезмоқдайди.
Ҳиёбонга қараган, оппоқ пардалар тутилган дераза очиб қўйилган эди. Ҳавонинг иссиғи авжида. Палатадаги икки шериги ташқарига айлангани чиқишган, Авдий ёлғиз ўзи ётар ва тез-тез ҳароратини ўлчарди. У яна ҳарорат кўтарилишини сира истамасди. Дераза нарёғида ўткир пошналарнинг тақир-туқури эшитилди, аллаким навбатчи ҳамширадан уни сўради. Ким бўлди экан? Овоз Авдийга танишдек туюлди. Кўп ўтмай ҳамшира палата эшигини очди.
— Мана шу ерда ётибди.
— Салом!— деди қиз.— Каллистратов сизмисиз?
— Мен,— деб жавоб берди Авдий ўз кўзларига ишонмай.
Бу ўша Учқудуққа мотоцикл миниб келган ва Авдийнинг ҳаёлини ўғирлаб кетган қизнинг ўзгинаси эди. Авдий ўзини йўқотиб қўйган, қизнинг гаплари қулоқларига кирмас, у ҳақда жуда кўп ўйлаганлиги учунгина нима деётганлигини сўзи ҳали оғзидан чиқмасдан бурун уқиб оларди. Қизнинг исми-шарифи Инга Фёдоровна экан. Бу ерга илмий иш билан шуғулланиш учун келганига уч йил бўлибди. Ўшандан, бери Олия Исмоиловна билан таниш, дугона эди. Олия Исмоиловна унга Авдий ҳакида ҳикоя қилиб берибди. Инга Фёдоровна бунга қизиқиб қолибди. Ахир, сиз ҳам худди мен каби наша масаласи билан машғул экансиз. Мен Мўйинқум нашасини ўрганиб юрибман. У шундай деб, нашанинг узундан-узоқ лотинча номини айтди. Шунинг учун олдингизга келдим, танишгани... балки сизга наша юзасидан бирон маълумот керакдир деб ўйладим... Ахир, унинг назарида, журналистларга илмий маълумотлар ҳам зарур бўлади-ку.
У Худойим-ей, илмий маълумот дейди-я. Баногоҳ пайдо бўлиб лолу ҳайрон қилиб қўйдинг-ку. Сўзларинг қулоғимга эмас, юрагимга оқиб киряпти. Фақат кўзларингни кўраётирман. Назаримда, дунёда бошқа ҳеч кимда бундай кўзлар йўқ. Мунажжим сон-саноқсиз юлдузлар ичидан мана шундай ўз юлдузини топади. Лекин, бехабар одамларга барча юлдузлар мутлақо бир хил бўлиб кўринади. Авдий қизнинг нигоҳидан гўё қанот боғлаб учарди...
Буларнинг барини Авдий кейин ёлғиз қолгач ва ўзини босиб олгач, бирма-бир хотирасида тиклади. Ўша илк дамларда эса у худди жинни бўлиб қолгандек эди. Рост, Инга Фёдоровна буни унинг иссиғи чиқаётганига йўйган бўлиши мумкин. Ахир, фақат тентак одамгина дабдурустдан: «Доим сизни ўйлаганимни қаердан билдингиз?»— деб сўрайди-да.
Қиз жавоб ўрнига қошларини ҳайрон бўлиб чимирди. Шунда у янада гўзалроқ кўринди ва сирли жилмайиб қўйди. Агар қиз шу бемаъни, маза-матраси йўқ сўзларни бачканалик ва ёки суюқлик деб қабул қилса борми, Авдий унда ҳеч қачон ўзини кечирмас, умр бўйи қийналиб ўтарди. Лекин Худонинг марҳаматчилиги, қиз унинг сўзига алоҳида аҳамият бермади. Бунга одоб-икроми йўл қўймади. Шундан сўнг улар қизнинг Учқудуққа мотоциклда боргани, биринчи марта қандай кўришганларини кула-кула эслашди. Авдий шу унутилмас учрашувдан бир кун кейин чўлда Петруха ва Лёнька деган чопар болалар билан вертолётдан қочиб ўтлар ичига беркинганларини гапириб берди. Инга Фёдоровна қотиб-қотиб кулди. Маълум бўлишича, Инга Фёдоровна вертолётга Тошкентдан келган махсус илмий экспедиция билан бирга учган экан. Тошкентдаги илмий-текшириш институтларидан бири ёввойи нашани у ўсадиган ерларда кимёвий-биологик қуритиш устйда шуғулланаётган экан. Шунда Авдийга банг билан кураш икки томонлама олиб борилаётганлиги аён бўлди: ҳам гиёҳвандлик йўқотилмоқчи, ҳам оғули гиёҳлар қуритилмоқчи. Лекин буни ҳал қилиш дунёнинг ҳамма жойларида ҳам осон эмасга ўхшайди. Инга Фёдоровнанинг тушунтиришича, нашанинг ўсиши ва кўпайишига йўл қўймайдиган кимёвий дориларни топиш қийин эмас. Аммо бу усул нашадан ҳам баттароқ фалокатга сабабчи бўлади, у ерни хароб қилади. Ва у камида икки юз йилга ишдан чиқади. Гиёҳвандлик билан кураш йўлида табиатни хонавайрон қилиш — бу ҳам ақлдан эмас: таёқнинг икки учи бор. Инга Фёдоровна олиб бораётган илмий-текшириш доирасига шу мураккаб табиат муаммоларини ечишнинг энг оқил йўллари ва усулларини ахтариш ҳам кирарди. О, Худойим-ей, деб ўйларди Авдий, агар табиат фикр қилиш қобилиятига эга бўлганда, ўз ҳолича ўсиб ётган гиёҳлар билан инсоннинг маънавий бузилиши ўртасидаги даҳшатли ўзаро боғлиқлик унинг елкасига қанчалар оғир юк бўлиб тушарди. О, даҳмаза!..

* * *

Авдий Каллистратов Инга Фёдоровна билан ўрталарида туғилган муносабатларни «тақдиримда янги давр» деб атар ва бунда ростдан ҳам, ҳеч қандай муболаға йўқ эди. Она шаҳрига қайтиб келганининг нақ эртасигаёқ қизга узундан-узоқ хат ёзди. Бу-ку, майли. Лекин йўлда поезд беш дақиқадан кўп тўхтаган ҳар бир бекатдан откриткалар ёзиб жўнатганлигини айтмайсизми. Бу оддий ошиқ-маъшуқликка ўхшамасди. Авдий ўз ҳаёт йўлида Инга Фёдоровнани учратгандан бери шунчалар ҳаяжон ҳамда изтироблар ичида яшар эдики, буларни асло ақлга сиғдириб бўлмасди.
У қизга ёзарди: «Менга нима бўляпти — ҳеч ақлим етмайди! Ўзимни вазмин, босиқ одам, деб ҳисоблардим. Ақлим ҳам, туйғуларим ҳам, бир-бирларига равон, уйғун эди. Энди эса, ҳатто нима қилаётганимни ўзим билмайман. Дарвоқе, ҳеч нарсани билишни, таҳлил этишни истамайман. Нега шундай, ҳайронман. Бошимга худди тоғ кўчкисидай бахт ёғилди. Мен шу кўчкининг тагида қолдим. Бир ҳужжатли фильмда кўрган эдим — оппоқ қор тоғ кўчкиси йўлида учраган жамийки нарсаларни совуриб, эргаштириб кетади. Шундай кўчки менинг устимга ҳам ёғилди. Дунёда бошқа бундай бахтиёр одам йўқ, бўлмаган ҳам; омадим бор экан, мен худди ноғорасини чертиб ўйинга тушаётган ёввойи одамга ўхшайман. Шу ёз бошимга ёғдирган барча нағмалари учун тақдиримдан розиман: ахир, у мени тирик қолдирди, ҳаёт қийновларию гирдобларини кўриш имконини берди; бошқа яна қайда кўриш мумкин буларнинг барини. Бир шахс доирасидаги муҳаббат — бу чинакам руҳий инқилоб, дердим! Шундай экан, унда яшасин руҳий инқилоб! Совургувчи ва қайта яратгувчи!
Бошолмон сўзларим учун кечир, Инга. Лекин мен сени севаман! Мен учун қанчалар азиз эканлигингни ифодалай олмайман, бунга сўзим ҳам, кучим ҳам етмайди...
Ижозат эт, нафасимни ростлаб олай. Редакцияга бордим. Ҳаммасини мухтасар гапириб бердим. Очеркни тезлатишни айтишяпти, очеркни кутишяпти. Балки бу муҳим мавзуда бир туркум очерклар ёзарман. Агар ниятим йўлдошим бўлса, шояд доимий ишлаш учун шу газетада қолдиришар. Лекин, бу ҳақда гапиришга вақт эрта. Муҳими, эртага ёзишга ўтираман. Сафарда атай ҳеч нарса ёзиб бормадим. Ҳаммасини бир чеккадан хотирада тиклашга тўғри келади.
Нима қилганда ҳам, оғу тарқатганлиги учун оғир ва адолатли, қонуний жазосини кутаётган чопарларнинг тақдирларига мен бепарво қараёлмайман. Уларни қисмати аччиқ ва ўнгмаган тирик одамлар деб биламан. Айниқса, Лёнькага ачинаман. Болакай хароб бўляпти. Бу ерда яна ўша ахлоқий масала кўндаланг бўлиб туради. Бу ҳақда сен билан кўп гаплашганмиз, Инга. Сен мутлақо ҳақсан, Инга, Ер куррасининг ҳар қандай нуқтасида рўй берган ҳар қандай инсоннинг ҳар қандай жинояти, ҳар қандай ёвузлиги, гарчи биз бундан бехабар бўлсак-да, ва гарчи биз бундан жуда йироқда турсак-да, ва бу ҳақда ҳеч нарса билишни истамасак-да, бари бир барчамизга тааллуқлидир. Яшириб ўтирадиган жойи йўқ, гоҳо масхара қилиб кулиб қўямиз: қаранглар-а, бизнинг рақибларимиз қандай аҳволга тушишибди, деймиз. Лекин, газеталар мамлакатимиздан ташқарида бўлаётган жиноятлар ҳақида ёзиб тўғри килишади, бунинг ўзига яраша чуқур маъноси бор. Зотан, дунёда инсон елкасига тушган барча оғирчиликларнинг ўз мувозанати мавжуд, коинотда бирдан-бир фикрловчи хилқат — бу одам ва уларнинг мана шу хислатлари,— биз буни истаймизми, истамаймизми, уларни бир-бирларидан ўзаро айириб турган барча нарсалардан кўра афзалроқдир. Барча қарама-қаршиликларимизга қарамасдан, биз охир-оқибат ана шунга келамиз. Ер юзида ақл-идрок тантанаси шу бўлади. Инга, шундан ғоятда хурсандманки, мени ҳаяжон ва ташвишга солаётган нарсалар ҳақида сенга бемалол ёзишим мумкин, чунки, мени тушунасан, мен бунга аминман. Тўхтовсиз хатлар ёзавериб, жонингга тегиб кетаманми деб, қўрқаман. Нима қилай, ёзмай туролмайман, иложи йўқ, акс ҳолда чидаёлмайман. Фикру ҳаёлим сенда, доим сен билан бўлишни истайман, Гоҳо қанийди, яна Мўйинқумга бориб қолсам, мотоциклда Учқудуққа келганингни кўрсам, мен шўрлик художўй фикри жадидни бир қарашда асиру мубтало этганингни ҳис қилсам, дейман. Ўшанда сени кўриб, шу қадар лол қолган эдимки, ҳали-ҳанузгача эсласам, юрагим гурсиллаб уриб кетади, ўзимни қўйгани жой тополмай қоламан. Одам буни айтишга ҳам ҳатто, хижолат чекади. Сен замонавий либосларда мисоли ойдан тушган илоҳадай бўлдинг...
Мана шуларни эслаб ўтирарканман, ўшанда, чопарлар билан тўқнашганларимда инсон азоб-уқубатлари тошу-тарозусида майли, зиғирча бўлса-да, ёмонлик камайиб, яхшиликнинг ҳиссаси андаккина кўпайишига хизмат қилолмаганимдан ўкинаман. Улар Худодан қўрқадилар, деб ўйловдим. Лекин уларнинг худоси пул экан. Мана ҳозир ўша чопар болаларга қандай ёрдам беришим мумкин, деган фикр мени қийнайди. Такдир экан, уларга дуч келдим, улар ўртасида бўлдим. Мен аввало тавба-тазарруни назарда тутяпман. Мен уларга тавба йўлини кўрсатмоқчи эдим. Тавба — инсоният руҳияти тарихининг энг улуғ неъматларидандир. Бизнинг кунларда унинг сариқ чақачалик эътибори қолмади.
Ҳозирги замон кишисининг маънавий дунёсидан у тамомила бадарға қилинди. Лекин одам тавба-тазаррусиз одам бўлиши мумкинми? Хоҳ хатти-харакатда, хоҳ, ўй-фикрларда, хоҳ ўзини қийнаб ўртанишларда, хоҳ изтироб, пушаймонликларда айби, хатосини тан олиб, ларзага тушмоғи ва кўзи очилмоғисиз инсон — инсон бўлармиди?.. Ҳақиқатнинг йўли — камолотга эришмоқликнинг кундалик йўлидир...
О, Худойим, яна ўша эски гапга тушиб кетибман-ку! Мени кечир, Инга. Юрагим тошиб кетяпти, чунки фақат сени ўйлайман. Назаримда, сенга айтишим керак бўлган гапларнинг юз мингдан бирини ҳам айтиб улгуролмаётгандайман...
Қанийди, сени тезроқ, тезроқ кўра қолсам, ахир мундоқ ўйлаб қарасам, кўришмаганимизга бир ҳафта бўлибди...
Жуда, жуда соғиндим. Дилим тинмасдан ўртанади. Бошқа ҳамма ҳаёт ташвишлари мен учун ўз қимматини йўқотди, ҳеч нарсага арзимайдиган нарса бўлиб қолди, ажойиб...»

* * *

Июль охирлаб қолганди. Кунлардан бир кун мен газета редакциясидан кўнглим хира бўлиб чиқдим. Юрагимга қил сиғмасди. Негаки, кутилмаганда менинг чўл очеркларимга муҳаррирнинг муносабати ўзгарган эди. Зарбдор материал олиб келиш учун мени илҳомлантирган редакциядаги ўртоқлар ҳам энди ўзларини ғалати, худди айб иш қилиб қўйгандай тутишарди.
Буларни кўтариш менга оғир эди. Кишилар олдимда ўзларини алланечук гуноҳкор деб ҳис қилсалар, бундан шу қадар қаттиқ қийналаманки, уларни тезроқ виждон азобидан қутқариш пайига тушаман, токи, мени кўрганда, кисилиб-қимтиниб ўтирмасинлар дейман. Акс ҳолла уларнинг айблари учун ўзимни айбдор ҳисоблай бошлайман...
Редакциядан чиқиб кетарканман, бу ерга бошқа қадам босмайман, нима қиламан кўзларига хунук кўриниб, агар керак бўлсам чақиришар, деб ўйладим. Агар чақиришмаса, яна ўзларига ҳавола. Жилла қурса, бу ишдан ҳеч нарса чиқмаганлиги ва умид иплари кесилганлигини биламан-ку.
Россияда ёзнинг энг гўзал чоғлари эди. Мен хиёбонлардан ўтиб борар, ичимга чироқ ёқса ёришмасди. Чўл очеркларини ёзиш учун қанча куч-қувват сарфладим, уларда ўзимнинг гражданлик дардимни баён қилмоқчи бўлдим, изҳори дил ва башорат каби қоғозга туширдим. Лекин кутилмаганда, мамлакатнинг обрўйи деган қандайдир гаплар чиқди (бундоқ ўйлаб кўринг-а, биз ўзимиздан ўзимиз нимани яширамиз?), мана энди, не машаққатлар эвазига қўлга кирган чўл очеркларим шу гап-сўзлар тагида кўмилиб кетмоқчи. Қанчалар хафа бўлганимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Яна энг алам қиладиган жойи шундаки, муҳаррир нима дейди денг:
— Балки буларнинг барини юқори идораларга маълумот тариқасида ёзиб бериш керакдир. Зарур чоралар кўрилар, ахир.
Ҳа, шундай деди.
Мен эсам, токатим тоқ бўлиб, эътироз билдирдим:
— Қачонгача биз ўзимизни ҳатто фалокатларимиз ҳам бошқаларникидан яхши деб, ишонтирамиз?
— Бунга фалокатнинг нима алоқаси бор?— қовоғини уйди муҳаррир.
— Алоқаси шуки, гиёҳвандлик ҳам ижтимоий фалокат.
Кейин кетдим. Фақат Инганинг хатларигина кўнглимга ёруғлик олиб кирарди. Уни соғиниб, кўргим келса, дарҳол хатларини такрор-такрор ўқирдим. Телепатия бор, мен бунга ишонаман. Акс ҳолда мени тинимсиз ўйлатган, қийноққа солган, ҳаммадан кўпроқ тўлқинлантирган ва ташвишга қўйган нарсалар ҳақида аввалроқ унинг хатларида гап очилганлигини қандоқ тушунтириш мумкин? Бу хатлар менга умид ва ишонч бағишларди. Йўқ, қисмат мени алдамади, менинг устимдан кулмади. Ахир, ҳозирги замоннинг ёшгина жувонларига менга ўхшаганлар ёқармиди асло? Мен одоб-ахлоқ ҳақида эски тушунчаларда юрган, омади чопмаган, ови юрса-да, дови юрмаган, ўқиб-ўқимаган бир лакалов бўлсам? Алп қомат, алп тақлид йигитларга тенглашолмасам? Бироқ Инга хатларида менга шунчалар ишонч билдирар, ҳурмат-эътибор кўрсатар ва энг муҳими, қалбнинг майлини очиқ ифодалар эдики, бундан гўё менга қанот битар, кўнглим кўтариларди. Уни, менинг Ингамни учратганимдан қанчалар шоду бахтиёр эдим! Севгининг фасонаси ҳам шунда, бир-бирига тинимсиз талпинишда эмасми...
Ҳозирча ҳеч қандай турмуш икир-чикирларига дуч келмаган эдик. Шунга қарамасдан, бундай ташвишлар борлиги ва уларни ечиш зарурлигидан хурсанд эдим. Мен муқим даромади бўлган тайинли бир ишнинг бошини тутишим керак эди. Шу кунгача отамнинг эски китобларини сотиб тирикчилик ўтказиб турар ва бундан ҳаддан ортиқ эзилардим. Мен Осиёга, Инганинг олдига бориш ҳаёлида юрардим. Ўша ерда ишга жойлашсам, илдиз отсам, доим унинг ёнида бўлсам, дердим. Унинг экспедициясига ёрдамчи ишчи бўлиб киришга, тадқиқотларини муваффаққиятли олиб боришлари учун кўмаклашишга тайёр эдим. Бир чеккаси, бу тадқиқотларга ҳам энди бефарқ қарай олмасдим. Икковимизнинг умумий манфаатларимиз шу ерда бирлашар эди: мен гиёҳвандликни аҳлоқий-маънавий йўл билан йўқотишни кўзлар, у эса шу вазифани илмий жиҳатдан ҳал қилиш устида ишларди. Унинг ўз ишига берилганлигини кўриб, завқим келарди. Ваҳоланки, унинг иши унчалик эътиборни ҳам тортмас, обрў, шон-шуҳрат ҳам ваъда қилмас, тез кўтарилиш учун пиллапоя ҳам бўлолмасди. Очиғини айтганда, Инга ёввойи ҳолда ўсадиган нашапояни йўқотишдек илмий муаммо устида жиддий текшириш олиб бораётган бирдан-бир киши эди. Унинг ўзи шу ердан, жамбуллик эди. Тошкентда ўқиган эди. Илмий ишининг худди мана шу соҳасини танлашида албатта, буларнинг бари маълум даражада ўз таъ-сирини ўтказганди.
Инга ҳаётининг ўзига яраша ишкалликлари ҳам йўқ эмасди. Олдинги эри — ҳарбий учувчи билан уч йилдан бери бирга туришмасди. Инга ўғил кўргач, ажралишган эди. Ҳозир учувчи бошқага уйланмоқчи бўлиб юрарди. Шунинг учун Инга билан охирги марта учрашиб, ҳаммасини ва айниқса, ўғилча такдирини бир йўла ҳал қилишлари керак эди. Кичкина Игорь Жамбулда бобоси ҳамда момоси қўлида, докторлар хонадонида тарбияланар, лекин Инга ўғли доимо ўзи билан бирга туришини истарди. Инга хатларидан бирида ўғлимни кузда Жалпоқ-Созга олиб келмоқчиман, темирйўлчилар богғчасидан жой ваъда қилишяпти, деб ёзганида, мен бундан чандон хурсанд бўлдим ва унга мендан нима лозим эса, ҳаммасини бажонидил адо этажагимни билдириб, жавоб ёзиб юбордим.
Шундан кейин у кузда дам олгани чиқаман, бирга Жамбулга борсак, ўғилчани ва ота-онамни кўриб келсак, деб хат ёзди. Биргаликда сафар қилишимиз ҳақидаги гапдан ниҳоятда тўлқинланиб кетдим. Унга истаган пайтда боришга тайёр эканлигим, ундан жонимни ҳам аямаслигим, умуман олганда, доимо ҳар икковимизнинг, ва энг аввало, унинг манфаатларини кўзлаб иш тутмоқчилигимни ёзиб юбордим. Сенга фойдам тегса ва сенга керак бўлсам, менинг бахтим шу, дедим.
Кузда турмушимизни ҳал қилишимиз керак эди. Ўй-ҳаёлим фақат шу билан банд эди. Жамбулга Инганинг ота-онаси ва кичкина Игорни кўргани боришимизни ўйлаб, ўзимни қўйгани жой тополмасдим. Кўп нарсалар шунга боғлиқ эди. Сафарнинг ўзи бўлмайди, маблағ керак эди. Боришнинг ўзига қанча пул кетади. Мўйинқум очеркларининг чиқишига умид боғлаган эдим. Лекин, афсуски, бу ҳам чиппакка чикди. Шундан сўнг область босмахонасига вақтинча тунги корректор бўлиб ишга кирдим. Шу билан бир куним ўтиб турди...
Ниҳоят, яна Ингадан хат олдим. У хатида Жалпоқ-Созга октябрь ойининг охирларида кела оласанми, агар кела олсанг, ноябрь байрамига бирга Жамбулга борар эдик, деб ёзарди...
Мен бошимдан ҳушим учиб, ўша заҳоти телеграмма жўнатай деб шаҳар телеграфига югурдим... Китобларни тезроқ сотиб, йўлга тушиш керак эди.

V

Обер-Кандалов Мўйинқумда кийик қирғинига одам қидириб вокзални айланиб юрганида Авдий Каллистратовга дуч келди.
Бу юмушни Обер-Кандаловга топширган одам ишнинг кўзини биларкан. Кандалов кўпни кўрган киши, темир йўл ёнғиндан сақлаш идорасида комендант бўлиб жойлашиб олган, илгари ҳарбийда ва бунинг устига жазо батальонида хизмат қилгани, (бир балоси бордир-ку, ахир!) чўлдаги шошилинч тадбирга жуда мос тушарди. Бунда Камдаловнинг ўзи ҳам баъзи бир нарсаларни кўз остига олиб қўйган эди. Область бошқармасига гўшт топшириш планини бажаришга ёрдамлашсам, ўзимни анча тиклаб оламан ва айрим область идораларининг кўмак-кўшиши билан партия аъзолигига тикланаман, деб мўлжалларди. Ахир уни қандайдир пул, мол ўғирлаганлиги ёки оғир суъистеъмолларга йўл қўйганлиги учун партиядан ўчирганлари йўқ-ку. Давлатга ҳам заррача зиёни теккан эмас. Камдан-кам учрайдиган қилғилик билан қўлга тушган; жазо батальони казармаларида бор-йўғи эркаклар билан ётган; хизмат мавқеидан фойдаланиб, уларни шунга мажбур қилган, холос. Хўп, муддатдан ташқари хизматга қолган старшина айб қилиб қўйибди, хўп, баъзи мафкураси шубҳали шахслар ва айниқса, турли-туман мазҳабчилару гиёҳвандларни зўрлабди, хўп, шунга шунчами, уларнинг нимасига ачиниб ўтириш керак? Қачонгача шуни деб, уни оқ калтак-қора калтак қилиш мумкин? Хотини ташлаб кетганининг ўзи етмайдими? Хўп, ичса ичибди, лекин ким ичмайди ҳозир? Ҳолбуки, агар эътибор билан қарашса, у жуда ҳам керакли одам-ку. Мана, жиддий бир ишни топширишди. Кўз очиб-юмгунча одам тўплаб келмадими, ахир. Ярим кечаси вокзалга борди. Халойиққа шундоқ сарасоф солди. Унинг кўзлари пишиб кетган. Дарров Мўйинқумга боришга тайёр, пулга муҳтож, мўмай даромадга суяги йўқ одамларни ажратиб олди. Авдий Каллистратовни ҳам ана шунда учратди.
Авдий, Кандаловнинг таклифини муҳтожлик туфайлигина қабул қилгани йўқ: у ҳеч кутмаган, ғоятда ташвишли бир ҳол рўй берди — Инга Фёдоровнанинг хати бўйича Жалпоқ-Созга келиб, уни бу ерда топмади. Жуда маъюс тортиб қолди. Лекин бу шунчалик хафа бўлишга арзирмиди, номаълум эди. Самолётда келди. Самолётга чиқиш учун Москвага борди. Куни бўйи югуриб юриб билет топди. Олмаотадан бу ергача поездга ўтирди. Ниҳоят, икки кун деганда, касалхонага қўшни лаборатория ҳовлисидаги мўъжазгина уйга етиб келса, эшик берк. Калит солинадиган тешикда Инга Фёдоровна икки энлик хат қолдирган экан. Унда вокзал почтасидан Авдий номига ёзилган мактубни талаб қилиб олишни сўраган эди. Авдий зудлик билан почтага чопди. Унга хатни дарҳол топширишди. У юраги уришдан тўхтаб қолай деб, кичкина боғчага кириб, скамейкага ўтирди-да, хатни очди:
«Авдий, меҳрибоним, мени кечир. Бундай англашилмовчиликни билганимда, сенга ҳозирча келмай тур деб, хабар қилган бўлардим. Ҳойнаҳой, жўнатган телеграммамни олмагандирсан, йўлга чиққандирсан, бу пайтда. Гап шундаки, Жамбулга кутилмаганда Игорнинг отаси келиб, бола хусусида судга ариза берибди. Тезлик билан Жамбулга жўнадим. Бунга унга ёзган хатим сабабчи бўлса керак. Унга ўзим ғоятда ҳурмат қиладиган одам билан янги ҳаёт қурмоқчи бўлаётганимни очиқ маълум қилган эдим. Ўртамизда бола борлиги учун буни унга айтишим керак эди.
Севгилим, мени яна бир карра кечир. Шундай бўлиб қолди. Қайтага яхши бўлди. Эртами, кечми, бари бир бу масалани ҳал қилиш керак эди. Бошидан битадиган ишнинг битгани маъқул.
Сен келганингда эшик ёпиқ бўлади. Калитни лаборант қизимиз Саула Алимбоевага қолдириб кетаман. Жуда ҳам яхши қиз. Бизнинг лабораториямиз қаердалигини биласан-ку. Ундан калитни олиб, бемалол меникида туравер. Ҳеч нарсадан қисинма ва мени кут. Афсуски, Олия Исмоиловна дам олишга чиққан, бўлмаса у билан гаплашиб туришинг мумкин эди, антиқа аёл. У сени жуда ҳурмат қилади. Бир ҳафтада ишларимни битирсам керак. Бундан бизга ҳеч нарса тўғаноқ бўлмаслиги учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Кичкина Игорни кўришингни истаган эдим. Менимча, у билан иноқ бўлиб кетасизлар. Ҳаммамиз бирга турсак дейман. Унгача олдин айтганимдай, ота-онамни кўриб келсак, сен Федор Кузьмич ва Вероника Андреевна билан танишиб олишинг керак. Севгилим Авдий, ранжима ва кўнглингни чўктирма. Ҳаммаси жойида бўлади.
Сенинг Инганг.

Айтганча. Агар ишдан ташқари пайтда келиб қолсанг, Алимбоеванинг адреси: Абай кўчаси, 41. Эрининг исми шарифи Даурбек Иксанович».

Авдий хатни ҳовлиққанча ўқиб чиқиб, ўйга толди. У ҳанг-манг бўлиб қолди: ҳеч кутилмаганда иш бутунлай бошқача тус ола бошлаган эди. Авдий калит излаб бормади. Кутиш залида яхшилаб ўйлаб олишга қарор берди. Кейин жомадонини сақлаш учун топширди. Хиёбонга чиқиб ўтирди. Таниш касалхона атрофида айланиб юрди. Кейин бекат билан шаҳарча орасида ёлғизоёқ йўл борлигини кўриб, ундан нари бориб, бери кела бошлади...
Чўлга кеч куз кирган эди. Анча салқин тушган. Момиқ, укпар булутлар худди уммонларнинг олис оқ ёллари каби октябрнинг ёз ўтиб бўзранг тус олган осмонини қоплаган эди. Дарахтлар япроқларини тўкиб қўяёзган, оёқлар остида қип-қизил, қўнғир япроқлар шилдирарди. Отизлар ҳам йиғиштириб олинган, яланғоч бўлиб қолганди. Жалпоқ-Сознинг кўчалари ҳувиллаган, зерикарли эди. Ҳавода мезонлар учиб юрар, кутилмаганда юзга ёпишарди. Буларнинг бари Авдийни дилгир қиларди. Ўз техника қудрати билан чўл кенгликлйрини босган бекатда ҳаммаёқни гулдираган, қалдираган овозлар тутган, ҳаёт томирлари тўхтовсиз гурсиллаб уриб турарди. Ҳисобсиз темир изларда у ёқдан-бу ёққа поездлар юрар, одамлар ўтишар, радиодан навбатчиларнинг овозлари чўлга хириллаб тараларди.
Яна Авдий ўша ёз кунларини, чопарлар қиссасининг охирги дамларини эслади. Шу аснода Авдий яна неча-неча бор тавба-тазарру ҳақидаги ҳаёлларига қайтди. Қанча кўп ўйлаган сари, шунча кўп ишонч ҳосил қилар эдики, тавба — бу ҳаёт тажрибаси кўпайган сайин ортиб бораверадиган виждон қиймати, қўлга киритиладиган қиймат, инсон ақл-идроки томонидан тарбияланадиган, парваришланадиган қиймат экан. Одам боласидан бошқа ҳеч кимга пушаймонлик ҳиссиёти берилмаган. Тавба — инсон руҳининг ўзи ҳақидаги абадий ва ҳеч ўзгармас ғамхўрлигидир. Шундан хулоса чиқариш мумкинки, қилғилик ва ёки жиноят учун бериладиган ҳар қандай жазо — жиноятчини пушаймонга солиши керак. Акс ҳолда бу ваҳший ҳайвонни жазолашдан бошқа нарса эмас.
Шуларни ўйлаганча, Авдий вокзалга қайтди. Эсига анов тажанг лейтенант тушди. Мени эслармикин. Петруха, Лёнькага ўхшаган наша йиғувчиларнинг ҳоли нима кечдийкин, деган ҳаёлда лейтенантни кўрмоқчи бўлди. Буни билишни истаганининг бошқа бир сабаби ҳам бор эди: у худди осмон четида уюлиб келаётган қора булутлардай ўзини бетиним ўртаб, безовта қилаётган Инга Фёдоровна ҳақидаги ҳаёллардан жон-жаҳди билан фориғ бўлишни хоҳларди. У энди ўзининг бутун ҳаёти, келажагини шу нарса билан ўлчарди. Унинг тақдири узоқ Жамбулда ишнинг қандоқ боришига боғлиқ бўлиб қолганди. Бу ерда у чорасиз эди, шундай экан, буни ўйламаслик, ёпирилиб келаётган ҳаёллардан нари қочиш керак. Афсуски, тажанг лейтенантни Авдий тополмади. Авдий милиция хонасининг эшигини тақиллатган эди, бир ходим чиқди.
— Нима дейсиз?
— Э, биласизми, бир лейтенантни кўрмоқчи эдим,— деб тушунтира бошлади Авдий, бундан ҳеч нарса чиқмаслигини олдиндан сезиб.
— Ким у? Бизда лейтенантлар кўп.
— Афсуски, унинг исми шарифини билмайман, лекин кўрсам, танийман.
— Ишингиз бормиди?
—   Нима десамикин, гаплашмоқчи эдим...
Милиция ходими унга қизиқсиниб қаради.
— Майли, қараб кўр, балки лейтенантингни топарсан.
Лекин ичкарида бу сафар телефон олдида бошқа бир одам ким биландир гаплашиб ўтирарди. Авдий узр сўраб чиқиб кетди. Чиқаркан, илгари қўлга тушган жиноятчилар ўтирган тўсиқ орқасига кўз югуртирди. Қафас бўм-бўш эди.
Яна Авдий ўзи истар-истамас юрагини ўртаган ҳаёллар домига тушди. Ингага нима бўлди? Унинг ҳамон Инга ташлаб кетган калитни бориб олгиси келмасди: Инганинг ҳувиллаган уйида яна якка, азобли ўйлар исканжасида қовурилиши, ўзини ҳаддан ташқари ёлғиз ҳис қилишини биларди. Агар Инганинг аҳволини ва унинг қачон қайтишини билганда эди, вокзалда ўтириб ҳам кутаверарди. Авдий шу тобда Жамбулда нималар бўлаётгани, ўзи севган аёлга қанчалар оғир эканлигини тасаввур қилишга уринар, қўлидан ҳеч нарса келмаслигидан ўкинарди. Ота-онаси болани отадан маҳрум қилмаслик учун эринг билан яраш деб, туриб олсалар, унда нима бўлади? Иш шу даражага ҳам бориши мумкин-ку, ахир. Унда тўрва-халтасини кўтариб орқага қайтишга тўғри келади. Авдий ярқираб турган, келишган, форма кийган, погон таққан, унвони ҳам майордан кам бўлмаган кишини кўз ўнгига келтириб кўрди. Албатта, унинг олдида Авдийнинг ҳеч қандай афзал жойи йўқ. Инга учун қандайдир унвонлару ташқи йилтироқликнинг ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигига Авдийнинг ишончи комил эди. Ким билсин, балки Инганинг ота-онаси учун бунинг аҳамияти бордир, ҳарбий учувчи, Игорнинг отаси куёв бўлгани маъқулми ёки иш-ҳушининг тайини йўқ ғалати бир кимса маъқулми?— улар бунга бефарқ қарай олмасалар керак.
Қош қораймоқда эди. Қоронғу туша бошлаганини кўриб, Авдийнинг дили баттар хуфтон бўлди. Одамлар тиқилиб кетган вокзалнинг ичи ғира-шира ёритилган, ҳаво дим, тамаки тутунига тўлган, Авдийнинг ичига чироқ ёқса ёримасди. Назарида қоронғу, кўрқинчли ўрмонга кириб қолгандай эди. Ғариб эди. Ғарибдан ғариб. Кузнинг шамоллари шувиллаб дарахтларнинг бошларини эгади. Тез орада қор тушади. Қор дарахтларни ҳам, Авдийни ҳам кўмиб кетади. Ҳаммасини қор босади ва ҳаммаси унутилади... Авдий жонидан тўйган эди. Агар шу соатларда у Инганинг келмаслигини ёки мабодо, келса ҳам, ёлғиз келмай, нарсалари-ю китобларини йиғиштириб, сўнг ўз ҳарбий учувчиси билан жўнаб кетишини билса, шу заҳоти ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмай, ўзини поезд тагига ташлаган бўларди...
Мўйинқум сафари учун зарур одамларни тўплаб юрган Обер-Кандалов Авдий Каллистратовни мана шундай оғир соатда, бемаҳал бир вақтда Жалпоқ-Соз вокзалида учратди. Обер-Кандалов анча кўзи пишган одам бўлса керак, ҳар қалай, бир қарашда Авдий ғоятда ночор аҳволда эканлигини ва ўзини қўйишга жой тополмаётганлигини билди. Ҳақиқатан ҳам, Обер-Кандалов Авдийни Мўйинқум чўлига икки-уч кунга мўмай пул ишлаб келиш учун таклиф қилганда, у дарҳол кўна қолди. У шоми ғарибонда нима бўлади-нима қўяди деб, шумшайиб ўтирмаслик учун ҳар нарсага тайёр эди. Балки Мўйинқумдан пул топиб қайтгунимча, Инга Фёдоровна ҳам келиб қолар ва ҳаммаси жой-жойига тушиб кетар: ёки у (о, қандай бахт!) севгани билан буткул қовуша-ди, ёки орқага қайтишга, яна яшаш учун ўзида куч топишга тўғри келади... Лекин бунисидан у жуда-жуда қўрқади...
Ўша кеча Обер-Кандалов Авдийни ёнғиндан сақланиш биносига олиб борди. У шу ерда бўш каравотда тонг оттирди...
Эртасига эрталаб ҳаммалари машиналар карвонида Мўйинқум чўлига қирғинга отландилар. Ўйнаб-кулиб келамиз дердилар...

Qayd etilgan


Зайнаб  28 Dekabr 2011, 11:08:06

* * *

Мана энди улар Авдий Каллистратовни суд қилишарди. Улар деганимиз — беш ароқхўр — Обер-Кандалов, Мишаш, Кепа, Гамлет-Галкин ва Абориген-Узуқбой. Тўғрироғи, Гамлет-Галкин ва Абориген-Узуқбой фақат томошабин бўлиб туришар, анов қутуриб суд қилаётган учовни қандайдир юмшатишга қўрқа-писа, ботиниб-ботинмай уринишарди.
Гап шундаки, кечга бориб, ҳўв вагонда бўлганидай яна Авдийнинг жини тутди. Шундан кейин ўч олиш бошланди. Мўйинқум кийикларига уюштирилган қирғин Авдийга шунчалар оғир таъсир қилдики, бу хунрезликни дарҳол тўхтатишни талаб қилди, ваҳшийлашиб кетган овчиларни тавбага чақирди, Худодан кечирим сўрайлик деди, Гамлет-Галкин, Узуқбойга менга қўшилинглар, деб ялинди. “Учовлон бўлиб, Обер-Кандалов ва унинг малайларини ташлаб кетайлик, жаҳонга бир жар солайлик, ҳар биримиз Худони, Оллоҳ Каримни ўйлайлик, Унинг беҳудуд раҳм-шафқатидан умидвор бўлайлик, тирик табиатга еткизган зиён-заҳматимиз учун, қилган гуноҳларимиз учун Ундан мағфират тилайлик, инчунун, чин дилдан тавба-тазарру қилибгина марҳаматига етишмоқ мумкин”.
Авдий қичқирар, қўлларини осмонга кўтарар, менга қўшилинглар, ёмонликдан покланайлик, истиғфор айтайлик, деб ёлворарди.
У жазавага тушар, бемаъни ва кулгили бўлиб кўринар, худди охир замон келганидан хабар бераётгандай бўкирар, фарёд кўтарар, назарида ҳамма-ҳаммаси зулмат чоҳига, жаҳаннам оловлари ичига қулаётгандай эди.
У мўмай пул ишлаш учун келганларни Худо билан яраштирмоқчи бўларди... Кўз илғамас Мўйинқум кенгликларида авжга миниб бораётган қирғин баротни тўхтатишга кўшиш этарди. Лекин ҳар нарсадан қудратли механизацияга кучи етармиди унинг...
Енгиб бўлмас нарсани енгаман дерди...
Шундан сўнг Мишашнинг маслаҳатига кўра уни арқон билан чирмаб боғлашди-да, машинага юкланган ўлган сайғоқлар устига итқитишди.
— Шу ерда ёт, онангни. Сайғоқ билан қўшмозор бўл!— деб ҳирқиради Мишаш азбаройи бўғилиб.— Чақир энди Худойингни! Балки чақирганингни эшитса, олдингга тушар, ҳе, онангни...
Тун эди. Мўйинқум осмонида ой эди. Ҳаммаёқ қонга ботганди. Барча тирик жониворлар ва ҳатто бўрилар ҳам олам остин-устун бўлиб кетганлигини ўз кўзлари билан кўрган эдилар...
Хонавайрон қилувчилар эса байрам кайфини суришарди... Фақат Мўйинқумга кулфат тортиб келган Авдийгина кўкка тикилиб йиғлаб ётарди...
Шу боис уни суд қилмоқчи эдилар.

* * *

Мишаш билан Кепа Авдийни машинадан тортиб туширишди-да, Обер-Кандаловнинг олдига судраб келиб, елкасидан босиб чўккалатишди. Обер-Кандалов бўш яшикнинг устида бужмайиб ғижимланган плашчининг этакларини икки томонга ёйиб, кирза этикдаги оёқларини кериб ўтирарди. Машина кичик чироқларининг ёруғида у ғайритабиий ваҳимали, бадқовоқ ва ҳаддан ташқари мудҳиш кўринарди. Ён томонида тоза кийик гўштидан пиширилган кабобнинг ҳиди кўтарилаётган олов, бу ерда жунжиккан, қурпайишган Гамлет-Галкин билан Абориген-Узуқбой тик туришибди. Икковининг ҳам кайфи тароқ, Авдийни Обер қандай тергашини кутиб, нималарнидир пичир-пичир қилишиб, бемаъниларча илжайишар, бир-бирларини туртиб қўйишар, кўз қисишарди.
— Ҳа, нима дейсан?— деб сўради ниҳоят Обер олдида чўккалаб турган Авдийга еб юборгудай қараб.— Ақлинг кирдими?
—   Қўлимни ечинглар,— деди Авдий.
— Қўлингними? Нега қўлинг бойланди, шуни ўйладингми? Исёнчилар, фитначилар, ғаламислар, тартиб-интизомни бузувчиларнинг қўллари бойланади! Бузиқиларни, тушундингми? Тартиб бузиқиларни!
Авдий миқ этмади.
— Майли, ечсак, ечайлик қўлингни, ундан кейин нима қилар экансан, кўрамиз,— деб раҳм қилди Обер.— Қани, унинг қўлини ечинглар,— буюрди у,— ҳозир қўли ўзига керак бўлади.
— Онангни... чечиб нима қилади,— тўнғиллади норизо бўлиб Мишаш Авдийнинг қўлини арқондан бўшатаркан.— Буларни дарров кучук боладай сувга чўктириш керак. Бундайларни етти буклаб, ерга қозиқ қилиб қоқиш керак.
Арқон ечилгандан кейингина Авдий елкалари ва қўллари қанчалар увишиб қолганлигини сезди.
— Мана, илтимосингни бажардик,— деди Обер-Кандалов.— Ҳали вақтинг бор. Ҳозирча, ма, манавини ич!— у Авдийга ароқ тўла стакан узатди.
— Йўқ, ичмайман,— қайтарди Авдий.
— Ичмасанг ичма, кон қускур!— Обер стакандаги ароқни Авдийнинг юзига шартта сепиб юборди. Авдий чўчиб тушди, қалқий-қалқий ўрнидан ирғиб туриб кетди. Бироқ Мишаш билан Кепа яна елкасидан босиб, Авдийни ерга қапиштириб қўйишди.
— Ёлғон айтяпсан, онангни... ичасан!— ириллади Мишаш.— Айтмадимми, бундайларни чўктириш керак! Қани, Обер, ароқдан қуй. Оғзидан қуймасам, одаммасман. Ичмасин-чи, итдай уриб ўлдираман.
Стакан Мишашнинг қўлида қисирлаб кетди, чети Авдийнинг лаблари, юзларини тилди. Ўз қонига ҳалқоб бўлган ва ароқ томоғига тиқилган Авдий бошини олиб қочди, Мишаш билан Кепага қаршилик кўрсатиб, оёқ-қўлларини тарпитди.
— Болалар, қўйсанглар-чи, Худо кўтарсин, ичмаса, ичмасин, ўзимиз ичамиз!— Гамлет-Галкин тепкилашиб ётганларнинг атрофида зир югуриб, зорланарди. Абориген-Узуқбой машинанинг орқасига қочди. У ердан нима қилишини билмай қўрқа-писа қараб турди: қочай деса, ҳали шунча ичилмаган ароқ қолиб кетади, қочмай деса, бошига бало орттиради... Фақат Обер-Кандаловгина тахтда ўтиргандай бўш яшикдан қимирламай ўмбалоқ ошиб думалашаётганларни томоша қиларди. Гамлет-Галкин Обер олдига югурди.
— Тўхтат, Обер, барака топкур, ўлдириб қўйишади. Қамалиб кетамиз!
— Қамалармиш!— кибр билан ижирғаниб деди Обер.— Мўйинқумда қамоқ нима қилади, тентак? Бу ерда мен судман! Ким билиб ўтирибди нима бўлганини. Уни балки бўрилар бурдалаб кетгандир. Ким кўрган, ким исботлайди!..
Авдий ҳушдан кетиб, уларнинг оёқлари остига қулади. Икковлашиб уни тепкилай беришди. Кўзи қоронғилашаркан, Авдий охирги маротаба Ингани ўйлади: унинг ҳоли нима кечади, уни ҳеч қачон ҳеч ким ўзи севган каби севолмайди.
Унинг қулоғи чип битди, кўз ўнгини туман қоплади. Шунда ҳаёл лавҳасида кўкёл бўрини кўргандай бўлди. Иссиқ ёз пайти нашазорда устидан оловдай учиб ўтган бўри...
— Мени қутқар, бўрижон,— бу Авдийнинг бўғзидан чиққан охирги сўз эди.
У аллақандай савқи табиий билан Акбара ва Тошчайнар ўз инларига яқинлашиб келаётганликларини аниқ ҳис қилди. Лекин уя атрофида одамлар бор эди. Махлуқлар, одамлар энди жўнаб кетган бўлсалар керак деб, умидвор бўлиб яна қадрдон жойларини қора тортиб келган эдилар...
Лекин юк машинаси ҳамон ўша ерда ҳайбатли қорайиб кўринар, у ердан бақириқ-чақириқлар, тўполон, урган, сўккан овозлар қулоққа чалинарди...
Бўрилар яна чўлга қайтишга мажбур бўлдилар. Улар хит, афтодаҳол, бошлари оққан томонга кетиб борардилар... Одамлар туфайли улар ҳаловатларини йўқотган, на кечаси ва на кундузи тинчимас эдилар... Улар оҳиста судралишар, ой думларини қисганча оқсоқланиб бораётган махлуқларга маюс нурини сочарди...
Суд, тергов эса давом этарди... Ғирт маст қирғинчилар Авдийни дўппослаб ерга қулатишаркан, у энди бутунлай ўрнидан туролмай ётиб қолганига эътибор бермасдилар.
— Қани, ўрнингдан тур-чи, попнинг ўғли,— деб тепкилашарди уни дам Мишаш, дам Кепа ўрнидан турғизмоқчи бўлиб. Лекин Авдий тинмай инграрди, холос. Қутуриб кетган Обер-Кандалов қопдай бўшашиб қолган Авдийни ердан кўтарди-да, ёқасидан бўғиб олганча, оғзидан кўпик сочиб бўкира бошлади. У бўкирган сари яна баттар хурушга минарди:
— Сен қанжиқ, ҳали бизни Худо билан қўрқитадиган бўлдингми! Кўзимизни худо деб ўйиб олмоқчимисан, ифлос! Бизни Худо билан қўрқитолмайсан. Сен ўйлаган одамлар бошқа, қанжиқ! Ўзинг кимсан! Биз бу ерда давлатнинг топшириғини адо этяпмиз, сен, қанжиқ, планга қаршисан, областга қаршисан. Бундан чиқадики, сен, ифлос, халқ душманисан, халқ ва давлат душманисан. Сенга ўхшаган душманларга, зараркунандаларга, қўпорувчиларга ер юзидан ўрин йўқ! Сталин айтган: «Ким биз билан эмас, демак, бизга қарши». Халқ душманларини таг-томири билан қуритиб ташлаймиз! Аямаймиз! Агар душман таслим бўлмаса, уни мажақлаб онасиникига киргизиб юборадилар. Армияда бундай сўзлар учун оёғингни осмондан қиладилар, вассалом! Она заминимизни сендай ифлослардан тозалаймиз. Ҳей, черков каламуши, сен қилаётган ишингни биласанми? Сен ҳаммасини барбод қилмоқчисан! Топшириққа ғов қўйяпсан! Ҳаммамизни юзимизни ерга қаратмоқчисан. Ҳей, мен сени халқ душманидай бўғиб ўлдираман. Менга раҳмат дейдилар. Чунки сен империализмнинг айғоқчисисан, ифлос! Сталин йўқ, хоҳлаган ишимизни қиламиз дейсан-да, а? Сен попнинг газандаси, қани, тиз чўк, ҳозироқ тиз чўк. Мана, мен сенга ҳокимман. Қайт Худодан! Танимайман, билмайман де! Воз кеч! Аксинча, асфаласофилинга жўнайсан, ифлос!
Авдий тиззасида туролмади, йиқилди. Уни кўтариб қўйдилар.
— Гапир, ифлос,— бўкирарди Обер-Кандалов.— Худодан юз ўгир! Айт! Худо йўқ, деб айт!
— Худо бор!— ингранди Авдий.
— Э, ҳали шундоқми!— илон чаққандай ўкирди Мишаш.— Мен сенга айтдим-ку, онангни, тилини бермайди деб!
Обер-Кандалов қаҳридан бўғилиб яна Авдийни ёқасидан бўғиб силкитди.
— Билиб қўй, ҳой, художўй, ҳозир онангни учқўрғондан кўрсатиб қўямиз! Ҳеч эсингдан чиқмайди! Қани, уни ҳув анов саксовулга олиб боринглар. Ифлосни осамиз!— деб чинқирарди Обер-Кандалов.— Оёғининг тагидан ўт қўямиз. Ёниб кетсин бу тўнғиз!
Шундан сўнг Авдийни жар тепасида ўсган қари саксовул сари судраб кетдилар.
—   Арқон келтир!— буюрди Обер-Кандалов Кепага.
Кепа кабинага югурди.
— Ҳей, менга қаранглар! Узуқбой, мамлакатнинг эгаси, қайдасан, падарингга лаънат! Сен-чи, ҳой, бозори касод артист, нега бир чеккада қараб турибсанлар, а? Қани, келиб буни бир босларинг-чи! Бўлмаса, ароқ йўқ сенларга?— қўрқитди Обер-Кандалов ароқхўрларни. Шундан сўнг иккови югургилашиб келиб шўрлик Авдийни оса бошладилар.
Безорилик бирдан машъум тус олди. Бемаънилик, масхарабозликнинг охири катл билан тугайдиганга ўхшаб қолди.
— Онангни, бу чўлда мих билан тахта топилмади-да! Вой, онангни!— афсусланарди Мишаш саксовул шохларини қасир-қусур синдираркан.— Буни тахтага қоқсак, кўп зўр иш бўларди-да, онангни! Қанийди михлаб ташласак!
— Ҳеч зиёни йўқ! Уни арқонга тортамиз! Михлагандай бўлиб туради!— йўлини топди Обер-Кандалов.— Қўли, оёғидан тортиб бақадай қотириб қўямиз, қимир этолмайди! Эрталабгача осилиб турсин-чи, кўрамиз. Худо борми, йўқми! Ўйлаб олсин эрталабгача! Мен уни шундай ҳам тарбиялайки, бир умр эсидан чиқармайди, попнинг сарқити! Армияда бундан баттарларини кўп кўрганман! Ётқизиб турғизганман! Қани, кўтарларинг, болалар! Қани, ол, ҳа! Қўлини бу ёққа торт, оёғини бу ёққа!
Авдий энди зиғирча ҳам қаршилик кўрсатолмас, шунинг учун ҳаммаси кўз очиб-юмгунча рўй берди. Қўл-оёқлари саксовулнинг шохларига тортиб боғланган Авдий худди янги сўйилган қўйдай осилди-қолди. Авдий ҳали сўкинган овозларни элас-элас эшитиб турди. Азоб кучини қийиб ташлади. Ўнг биқини чидаб бўлмайдиган даражада ачишарди, белида нимадир узилиб кетди. Авдий ҳушидан айрилиб борарди. Уни қийноққа солганлар оёғининг тагида ёқишга зўр бериб уринишарди. Лекин, энди Авдийга бари бир эди. Ўт олдиролмадилар. Куни кеча тушган қор остида қолиб нам тортган шох-шаббани ёндириб бўлмади. Бензин сепиш ҳеч кимнинг эсига келмади. Шусиз ҳам Авдийни боплаб жабрлаганларидан мамнун эдилар. Ташқаридан қараганда, у худди осилган ва оғочга тортилгандек бўлиб турарди. Бу ҳаммаларининг кайфларини чоғ қилиб, баҳри дилларини очиб юборди. Айниқса, Обер-Кандаловнинг димоғи чоғ бўлади. Э, бу ҳали нима бўпти. Осилса, чўлда битта одам осилибди. Унинг кўз ўнгида ақлни лол қиладиган не-не шу каби манзаралар кенг миқёсларда гавдаланарди!
— Ҳар ким билиб қўйсин! Доим ана шундай бўлади!— деб иддао қиларди у саксовулга тортилган Авдийни томоша қиларкан.— Менга қолса, бизга қўшилмаганларнинг ҳаммасини ана шундай оёғини осмондан келтирардим. Тилини осилтириб ётарди. Ким бизга қарши бўлса, ҳаммасини осиб чиқардим. Ер шарини шундай сиқиб, исканжага олардим. Ана ўшанда ҳеч ким бизга миқ этиб оғзини очмасди. Ҳамма қуллуқ қилиб турарди... Э, қани, юрларинг, комиссарлар, яна биттадан отайлик, эҳ, биздан нима кетди...
Улар ҳаммалари Обернинг гап-сўзларини маъқуллашиб, тасанно ўкишиб, тўпаланг солиб, машина томон кетдилар. Обер эса чамаси, ёлғиз ўзигагина маълум қўшиқни хиргойи қила бошлади:

Галифени киямиз,
ёнимизда тўппонча,
Бир-икки, бир-икки...

«Комиссар»нинг кайфи тароқ улфатлари жўр бўлишди: «бир-икки, бир-икки». Кейин яна иккита яримталикни очишиб, шишанинг ўзидан ичишди.
Бир оздан сўнг машинанинг чироқлари порлади, мотор гуруллади, бурилиб, аста чўл ичига юриб кетди. Зимистон қоронғулик қуюқлашди. Атрофга сув қуйгандай жимжитлик чўкди. Дарахтга осилган Авдий дунёда ёлғиз қолди. Кўкраги сирқираб оғрир, ичи ағдарилиб, чидаб бўлмас азоб берарди... Сув босганда чўкаётган орол каби эс-ҳуш уни тарк этмоқда эди.
«Менинг Окадаги жазирам... Энди сени ким халос этажак, Мураббий?»— охирги фикр учқуни шундай сачраб сўнди.
Хайрул умурнинг сўнгги сувлари оқиб борарди...
Унинг сўнаётган нигоҳларига улуғ уммон, кета-кетгунча чексиз-ҳудудсиз сув кўринди. Сув сассиз қайнар, худди бўм-бўш далаларда ер бағирлаб югурган ялатма изғириндай сув узра сассиз оқ тўлқинлар мавж солиб югургилардилар. Уларнинг қаердан пайдо бўлаётгани ва қаёққа бораётгани номаълум эди. Лекин ўша гунг уммоннинг элас-элас илғанган соҳилларида сув узра бир одамнинг қораси ғира-шира кўзга чалинарди. Авдий бу одамни таниди. У ўзининг отаси дьякон Каллистратов эди. Шунда бирдан Авдийнинг қулоғига ўз ўсмир овози чалинди. Худди болалик чоғлари эски пианино олдида туриб қироат қилган каби овоз яна отасига чўкиб кетган кема ҳақидаги тиловатни ўқирди. Фақат ҳозир ораларида олис-олис маконлар ётарди. Ўсмир овози эса жаҳон мулкатлари узра илҳомкор бир жаранг билан садоланарди:

«Осмон оқариб келяпти, ҳали ҳамма уйқуда...»

...Сенга, ҳар нарсани Қўрувчи ва ҳар нарсага Раҳм ва Адолат этгувчи, кўнгилдаги зоримни тиловат қилиб айтаман. Худоё, ўзинг кечиргайсан, то Сени ёд этмоқдан бурун ўз додимни эсладим. Лекин то тирик эканман, шу тиловатни тилимдан қўймагайман.
Сен Раҳими Раҳмонсан, Ҳақсан, Каримсан, кечир, сени ўз арзим билан безовта қилмоқдаман. Мен ўлим учун ҳеч нарса сўрамайман. Менга дунё роҳат-фароғати даркор эмас. Умрим чироғини узайтирмасанг ҳам, майлига. Ёлғиз одамзод болаларининг дилларини халос этмоқ истайман. Сен Ғаффори оламсан, кўнгилларимизга муҳр босма, жаҳолатда ёндирма. Токи, яхшилик ва ёмонлик бу оламда бирга мавжуд экан,бизни баҳонаи сабаб занжирларидан халос эт. Одам болаларининг дил кўзларини очгайсан. Ўзим учун сўрамайман, тилим ожиз. Мен ҳар қандай ажр-оқибатингга ҳозирман — хоҳ жаҳаннам ўтига ташла, хоҳ ҳудудсиз Салтанатингга қабул эт. Қисматимиз ўз қўлингда, ўзингга аён, ё Халлоқ, ё Маллоҳ!..
Сенга ёлғиз бир арзим бор, ўзга арзим йўқ...
Ёлғиз шуни сўрайман: мўъжизангни кўрсат: майлига, ўша кема кечани кеча, кундузни кундуз демай ўз йўлида тўхтовсиз давом этсин, то само эврилмоғида кун тунга батамом қуюлгунча, тун кунга батамом қуюлгунча. Майлига, ўша кема, тўп-тўпхоналарни қантарганча, тўхтовсиз уммонлардан уммонларга кезиб юрсин, тўлқинлар уввос солиб тўшларига урилсин, уларнинг тўхтамас қудратли гулдуроси мудом эшитилиб турсин, уммон зарралари унинг устига шувиллаган ёмғир бўлиб ёғилсин, шу нам ва учқур заррот ила нафас олсин. Майлига, у кема деворларининг қарсиллагани, машиналарнинг гурсиллагани, шамол эпкинида кема кетидан эргашган чорлоқларнинг оҳу зорларини тингласин. Майлига, кема энг узоқ уммонларнинг кўз илғамас соҳилларига ва у ердан оппоқ шаҳарга йўл тутсин, ва лекин ҳеч қачон гарчи у ерга ета олмагай... Омин».
Унинг товуши узоқлашиб, тиниб борарди... Авдий ўзининг океанлар узра ҳўнграб йиғлаганини эшитарди...
Мўйинқумнинг интиҳосиз чўлида тун бўйи тўлин ой саксовулга осиб кетилган, энди совуб, қотиб қолган одам танасига кўзни қамаштирадиган ярқироқ шуълаларини тўкиб чиқди. Унинг қиёфаси осмонга парвоз қилиб интилган, лекин баногоҳ ўқ тегиб қулаган ва дарахт устига итқитиб юборилган, қанотлари ёзилган каттакон қушни эслатарди.
Мана шу ердан бир ярим чақирим нарида эса ўша ҳарбий сиёқли, усти брезент билан ёпилган юк машинаси турар, унда сайғоқларнинг тўшларига чалқанча тушиб, қусиқларига беланган Обер-Кандаловчилар ухлаб ётишарди. Хирқираган оғир хуррак товушлари эшитиларди. Улар Авдийни кечаси ёлғиз қолдириш учун нарироққа кетдилар, унинг таъзирини бериб қўймоқчи эдилар: қани, бир ўзининг қўлидан нима келаркин, ҳали думини ликиллатиб ялинади, балки Худодан ҳам қайтиб қолар...
Авдийга бундай жазо бериш йўлини собиқ артист Гамлет-Галкин қайта-қайта шиша кўтаргандан кейин тўқиб чиқарган эди. Обер-Кандаловга яхши кўриниш учун шуни айтди. Художўйни бир сазо қилайлик, қўрқиб ўтакаси ёрилсин, деди... Осиб, ташлаб кетишди деб ўйласин. Уларнинг орқаларидан чопай деса аҳвол бундоқ!
Эрталаб, кун ғира-шира ёриша бошлаган пайт бўрилар оҳиста ўз инларига яқинлашиб келдилар. Олдин Акбара борар, тунги қоча-қочдан қорни ич-ичига кириб кетган, хўмрайган калладор Тошчайнар унинг орқасидан оқсоқланиб қадам босарди. Эски қадрдон жойлари кимсасиз ҳувиллаб ётар, одамлар кечаси аллақайга ғойиб бўлган эдилар. Лекин жондорлар бу ерда агар таъбир жоиз бўлса, худди мина кўмилгандай, эҳтиёткор, ҳуркак қадам босишарди... Ҳар қадамда улар ёт-ёвуқ нарсаларга дуч келишарди: ўчган гулхан, бўш тунука идишлар, синган, синмаган, қўланса ҳид таратиб ётган шишалар, машина ғилдиракларининг изи ўрнида қолган резинка ва темир ислари. Булғаб ташланган бу ерни бутқул тарк этмоқ ниятида бўрилар жар ёқаси бўйлаб кета бошладилар. Шунда бирдан Акбара ўзини сапчиб четга олди ва турган жойида қотиб қолди — одам! Ундан икки қадам нарида қўлларини ёзиб, бошини солинтирган одам саксовулга осилиб турарди. Акбара ўзини буталар орасига отди, Тошчайнар унинг ортидан ҳатлади. Дарахтдаги одам қимир этмасди. Шамол шохлар оралаб чийиллар, одамнинг оқ манглайига тушган сочлари ўйнарди. Акбара ерга қапишди, ҳамла қилишга ҳозирланди. Унинг рўпарасида барча махлуқлар ичра энг даҳшатлиси, уларнинг бошига шунча кулфатларни солган қаттол душман турарди. Акбара қаҳр билан ўзини андак орқага олди. У шиддат билан сакрамоқчи, одамнинг бўғзига ўткир тишларини ботирмоқчи эди. Шунда охирги дамда бўри бу одамни таниди. Лекин қачон, қаерда кўрган эди уни? Э, бу ўша ғалати одам-ку, ёзда нашапояга борганларида дуч келган, болалари билан эркалаб ўйнашмоқчи бўлган, Акбара ҳамла қилиб сакраган ва уни аяб, устидан ошиб нарига ўтган. Ўшанда у қўрқиб кетиб, ерга ўтириб қолган, юзини қўллари билан беркитган эди. Акбара унинг ҳайрат ва қўрқинчда катта-катта очилган кўзларини эслади. Шилингпоча бўлиб, чўлга тирақайлаб қочганди ўшанда... Мана энди, ўша кимса пастак саксовулда қанотлари тарвақайлаган қуш каби ғалати осилиб турибди. У тирикми, ўликми, бўри билолмади. Одам қимирламас, ҳеч қандай сас чиқармас, боши ён томонга қийшайиб тушган, оғзининг бир четидан қон сизиб оқарди. Тошчайнар одамга ташланмоқчи эди, Акбара уни нари итарди. У одамга яқинлашиб, унинг юзига тикилиб қаради ва оҳиста увлаб юборди: ҳалок бўлган болалари ёдига тушди. Ҳаёт эса Мўйинқумда тўс-тўполон, абгор бўлди. Кимга йиғласин, кимга арз қилсин, ахир? Бу одам унга ҳеч ёрдам беролмайди. Унинг ҳаёт шами сўниб боряпти, лекин ҳали жони буткул чиқмаган эди. Одам шишиб кетган қовоқларини базўр кўтарди ва секин ув тортаётган бўрига қараб пичирлади:
— Келдингми...— сўнг унинг боши шилқ этиб тушди.
Бу унинг охирги сўзи эди.
Шу дам мотор шовқини эшитилди. Чўл бетида юк машинаси кўринди. У тобора яқинлашиб келар, кабинасининг ойналари хира йилтилларди, Обер-Кандаловчилар жиноят қилган жойларига келмоқда эдилар...
Шунда бўрилар бошқа бир зум ҳам пайсалламай лўкиллаб, борган сари қадамларини тезлатиб бу ерлардан бош олиб кетдилар. Улар орқага қарамасдилар. Бўрилар улуғ Мўйинқум чўлларини буткул тарк этмоқда эдилар...
Акбара ва Тошчайнар роса бир йил Алдаш бўйидаги қамишзорларда яшадилар. Шу ерда улар ҳаммадан кўп — беш фарзанд кўрдилар. Бўричалар анча катта бўлиб қолишганда, бирдан қамишзорга ўт тушди! Тоғда янги кон очилган, унга йўл шу қамишзордан ўтиши керак эди. Уни ёқишга тўғри келди. Алдаш кўли бўйларидаги юзлаб чақирим ерларга чўзилган қадим қамишзорларнинг кули кўкка совурилди. Урушдан кейин бу атрофларда қимматбаҳо маъдан топилган, мана энди ўз навбатида чўлда яна бир улкан почта яшиги қад кўтармоқда эди. Бундай пайтда қамишзор экан-у, ҳатто ноёб кўл йўқ бўлиб кетса ҳам, ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди. Ахир, гап камёб ва қиммат хомашё ҳақида боряпти-да. Уни олиш учун ер куррасини қовоқдек кавлаб ташлаш ҳам чўт эмас.
Аввалига қамишзорлар устидан аллақандай ёнилғи сепиб, самолётлар пастлаб учиб юришди. Қамишлар бирдан ўт олсин дейишди шекилли.
Ўт кечаси қўйилди. Ёнилғи сепилган қамиш бирдан гув этиб аланга олди ва худди қалин ўрмон каби ваҳшат билан ёна кетди. Аланга кўк тоқига кўтарилди. Қиш туманидай ерни қалин қора дуд чулғади.
Бўрилар олов тафтини сезганлари ҳамон, қамиш ҳар томондан ёнаётганини кўриб, бўричаларни қутқариш учун ўзларини у ёқдан-бу ёққа ура бошладилар. Уларни тишларида дам у ерга, дам бу ерга кўтариб ўтишарди. Алдашбўйи қамишзорларида қиёмат қўпди. Қушлар кўл узра булутдай учишар, тўхтовсиз зорланиб, чағиллар эдилар. Асрлар бўйи қамишзорда кун кечирган қобонлардан тортиб илонларгача қўрқинч саросимага тушдилар, ўзларини жонҳолатда тўрт томонга урдилар. Бўрилар бошига ҳам шу кун тушди. Олов ҳар ёқдан ўраб, ўрлаб келар, фақат кўлга ташлабгина қутулиш мумкин эди. Акбара билан Тошчайнар учта бўричани қолдириб, иккитасини тишларида тишлаб кўлда сузиб кетишди. Ниҳоят, нариги қирғоққа етиб борганларида, шу нарса маълум бўлдики, қанча юқорироқ кўтаришга уринмасинлар, бўри болалари сувга бўкиб ўлган эдилар.

* * *

Акбара билан Тошчайнар яна бошқа юртларга бош олиб кетдилар. Энди улар тоғ сари йўл олган эдилар. Бўрилар савқи табиий билан эндиликда фақат тоғлардагина жон сақлаш мумкинлигини англаган эдилар.
Бўрилар ёнган кулхоналарни ортда қолдириб, узоқ йўл босдилар. Қурдай тоғликларидан бордилар. Бир неча маротаба кечаси чироқлари кўзни оладиган қўрқинчли машиналар тинмай ғизиллаган катта йўлларни кесиб ўтдилар. Уларнинг назарида шу югурик чироқлардан кўра даҳшатли нарса дунёда йўқ эди. Қурдайдан сўнг бўрилар Оқ туз тоғларига кўчдилар. Лекин, бу ерлар ҳам кўзларига хатарли кўриниб, яна ичкарилаб кетдилар. Оқ туз довонидан ошиб, бўрилар Иссиқкўл ўйиғидан чиқдилар. Йўл тугади. Нарёғи денгиз...
Акбара билан Тошчайнар шу ерда ҳаётни яна қайтадан бошладилар...
Бола кўрдилар. Бу сафар улар тўртта эди.
Насл  қолдириш учун бу сўнгги қаттиқ уриниш эди.
Шу ерда, Иссиқкўлда бўрилар қиссаси кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фожиа билан тугади...
 
УЧИНЧИ ҚИСМ

I

Одамлар — тақдирни, тақдир — одамларни излаб юради... Ҳаётнинг азал айланиши шундай... Тақдир мудом ўз нишонини мўлжаллаб туради, деган гап рост бўлса, бу сафар ҳам у тўғри чиқди. Ҳаммаси ҳаддан ташқари оддий юз берди, қазо камонидан чиққан ўқни орқага қайтаришнинг иложи йўқ...
Келиб-келиб ўша куни Бозорбой Нўйғутов геологларга йўл бошловчиликка ёлланиб қолганини қаранг. Бозорбой геологларга йўл кўрсатувчи кераклигини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди, геологлар, уни ўзлари қидириб топишди, ўзлари таклиф қилишди.
Таманга улар ем-хашак ташиладиган, трактор юрадиган йўлдан ўтиб келишган эди.
— Нега бу ерни Таман дейишади?—сўради улардан бирови.
— Нима қилди?
— Ўзим, шундай...
— Таман — Товон дегани. Кўряпсанми, мана этикнинг пошнаси. Ана шу товон. Бу ер тоғларнинг товони. Шунинг учун Таман дейишади.
— Э, шундайми! Анов Тамань ҳам шу ердан олинган экан-да. Машҳур Тамань дивизияси!
— Билмадим, укам. Буни генераллар билишади. Бизнинг ишимиз жўн. Чўпонлик қиламиз.
Шундай қилиб десангиз, геологлар Таманга етиб келишиб, у ёғига ақлимиз етмайди, фақат картадан кўрганмиз, яхшиси, бизни шу ерлик одамлардан биронтаси тоғларга олиб чиқиб қўйсин, дейишди. Йўқ, деб бўларканми! Бунинг устига яна ҳақини ҳам тўлашаркан. Бор-йўқ иш — тўртта йигитни юклари билан Аччиқ Тош дарасига бошлаб чиқиш. Геологлар ўша ерда нималарнидир текширишармиш. Нима бўларди — олтиндир-да. Улар фақат олтин қидиришади. Топсалар, катта-катта мукофот олишади. Майли, бу уларнинг иши. Фақат Бозорбой кечқурун Таманга, қўрага етиб келиши керак. У ўтари билан шу ерда қишлаган. Ҳамма гап шу, холос.
Анов йигитлар шаҳарлик бўлишларига қарамай, пулнинг ҳисоби-ни билишмас экан. Бозорбой озгина оёғини тиради: менинг тоққа чиқишга вақтим йўқ, совхоз раҳбарлари келиб қолади, сизга нима, мендан талаб қилади, қани бу, катта чўпон Бозорбой Нўйғутов, қўй қўзилай деб турган пайтда қайларда юрибди, деб қийин-қистовга олишади. Ким ўшанда жавоб беради?— шундан сўнг йигитларнинг сахийлиги тутиб, йигирма бешни ваъда қилишди. Вой, тентаклар-эй! Э, уларни аяб, қисиниб ўтирармиди, пул давлатники, давлатнинг ғазнаси эса камаймайди. Бу болаларнинг ўзлари ҳам пулни хазондек супуриб олсалар керак пайтини пойлаб. Тўласинлар-да, ахир. Бозорбой геологларни ҳаш-паш дегунча обориб қўяди. Отга ўтирадию ҳайё-ҳуйт деб кетаверади. Унга нима, барибир кунора бўлар-бўлмас ишларга бошини суқиб лақиллаб юргани-юрган. Айниқса, тўй, таъзия, ишқилиб, ароқ иси анқиган жойдан қуруқ қолмайди. Ойлик олиб келгани оовхоз идорасига тушадиган бўлса-ку, чўпон-чўлиқлардан тортиб, тунги қоровулгача, хотинидан тортиб, (у ҳам ишчилар қаторида) қўзилаш пайтлари ёрдамчи-сомончиларгача — ҳамма жонини ҳовучлаб ўтиради. Бозорбой кечаси ғирт маст-аласт ҳолда етиб келади, отдан қулаб кетай-кетай дейди, пулга кетган одамнинг аҳволи шу. Ярамас хотини совхоз директорига йиғлаб-сиқтаган шекилли; мана уч ойчадан буён қўрага кассир Бўронбойнинг ўзи маош олиб келяпти. Қонун бўйича ҳар ким пулни ўзи қўл қўйиб олиши керак, дейди. Қатнаса-қатнайвермайдими, ҳалокунинг итидай...
Ана муни қаранг энди, аҳмоқ йигирма бешнинг ўзи киссасига тушиб турибди. Тўғри, Аччиқ Тошга чикадиган сўқмоқ тошлоқлар, тик ўр-жарлардан ўтади, юрагинг орқангга тортиб кетади, қулаб кетиш ҳеч гапмас, ўзи оти билан тоғ-да, бу сенга айланиб чопадиган ва бўйнингга нишон тақиб қўядиган стадион эмас. Нимасига ажабланасан бунинг — дунёда адолат азалдан йўқ эди, ҳозир ҳам йўқ. Қишин-ёзин тоғдан бошинг чиқмайди, на асфальт бор, на водопровод, ва на электр чироқ. Қора кунингни билганингча кўр, йил бўйи сассиқ шилта кечиб қўй боқ. У ёқда эса оппоққина кийинган чаққон йигит ликиллаб стадиондан чопиб ўтади ёки дарвозага копток тепади — ўзиям маза қилади, томошага йиғилган халойиқ ҳам хурсанд бўлганидан осмонга сакрайди, чаққонбойга шараф-шонлар, ҳамма газеталар оғиз кўпиртириб кўкларга кўтарган, эртадан-кечгача дам олиш, якшанба нима билмай, бели букилиб пешона тер тўкканларнинг топгани эса еб-ичишга базўр етади. Аламингдан ичасан. Кейин хотин дийдиё қилади, еган-ичганинг бурнингдан чиқади. Ит ётиш — мирза туриш. Талаб эса катта. Қўзи бер, биттаям қўй қисир қолмасин, вазн бер, майин жун бер. Жун ўрнига сунъий тола топамиз, деб-ку, тоза айюҳан-нос солишди. Қани, ўша тола? Қирқим бошланганда-ку юзтаси бер-бер деб, калхатдай бостириб келади, қил ҳам қолдирмайди. Ҳаммасини топшир, охиригача бер. Майин жун валюта учун керакмиш... Валюта деса, ўлигини осмондан ташлайди булар... Кейин буларнинг ҳаммаси ўпқонга тушгандай бадар ғойиб бўлади-кетади. Э, ҳаммаси қуриб кетмайдими — қўйи ҳам, одамлар ҳам, шу жонга теккан ҳаёт ҳам...
Йўлда Бозорбойни мана шундай нохуш ўйлар кемирар эди. Бора-боргунча миқ этмади, фақат унда-мунда орқада келаётган геологларга қараб қўяр, хатарли жойлар учраса, огоҳлантирарди... Кўнглига қил сиғмасди. Ҳаммасига ярамас хотин сабабчи... Вой, алвасти-ей! Ҳеч бурнини тиқмай туролмайди. Албатта, оҳ-воҳ қилади. Бегона кишилар бор демай, шанғиллаганини қаранг! Вой, шавақи-ей! Дод-вой кўтармаса, кўнгли жойига тушмайди. Уларнинг бари шундай — барбод бўлди! Қадимгилар бекор айтмаганлар: хотин киши кечаси мушукдай суркала-ди, кундузи — илондай буралади. Ана, кўрдингизми! Ҳа, шанғи-я! Яна қай гўрга қочяпсиз, дейди. Бошингизга урасизми, бу геологларни. Иш ошиб-тошиб ётибди. Қўй қўзилайман деб турибди. Қўли ёш боладан бўшамасмиш. Катталари интернатда безори бўлиб кетганмиш. Таътилга келса, оғзи овқатдан бўшамасмиш. Пишириб бер, куйдириб бер. Қўлларини совуқ сувга уришмайди. Яна чекканларига бало борми? Ароқ ичишдан ҳам қайтмайди булар! Интернатда уларга қарайдиган одам йўқ. Директорнинг ўзи — ароқхўр. Уйда кимдан ақл ўрганади улар? Сиз бўлсангиз, думингизни тутқизмайсиз, уззукун қорангизни кўрсатмайсиз. Қуриб кеткур ичкиликдан ортмайсиз. Яхшиям, от бор экан, жонингизга ора киради. Аллақачон йўл-пўлда ўлиб-нетиб қолмасмидингиз...
Вой, бу шаллақи-ей! Қанча урма-сўкма, барибир ақл битмайди. Доим кўкариб юради. Шунинг учун Кўк Турсун дейдилар-да. Лекин тили узун. Ҳеч тилини тиймайди.
Бу гал ҳам геологлар бор демай тоза вағиллади, аҳмоқ. Бўлмаса, неча марталаб кўзининг ола-куласини чиқариб бўғзидан олган! Қайда! Вой, ўлдим, бошқа гап қайтармайман деб, неча марта сўз берган. Қайда! Лекин барибир Бозорбой яна уни тинчитишнинг эпини топди. Гап бор, бери кел деб, ичкарига чақирди. Уйга киргач, индамай уни деворга босди. Юзини юзига тиради. Нафас олгани қўймади. Ана шунда у хотинининг моматалоқ бўлиб кетган, сўнган, ажин босган чеҳраси-да, беҳол очилиб қолган тишсиз оғзида, қўрқувдан хира тортган жонсиз кўзларида ўтган йилларнинг қайғу-ғамлари, ночорлик, омадсизлик, аламзадаликларини ўқиди. Шунда ўзи-ўзига хунук кўриниб кетди-да, вишиллаб заҳрини сочди:
— Ҳў, қанжиқ, яна оғзингни вақ этиб очсанг, қурбақадай босиб ўлдираман-қўяман!— шундай деб, уни бир чеккага итқитиб юборди.
Хотини миқ этмай челагини кўтарганча эшикни қарсиллатиб ёпиб, ҳовлига чиқиб кетди. Сал ўтмай, ўпкасини босиб олгач, у чиқди, отга ўтирди ва геологларни бошлаб йўлга тушди...
Ҳа, яхшики, от қурғур зотли — унинг бирдан-бир қувончи шу от, барака топсин, от заводдан чиққан. Аллакимга унинг туси ёқмай, чиқит қилган — ростданам, қора тўриқми, қўнғирми, билиб бўлмайди. Лекин ахир бунинг нима аҳамияти бор? Ақлли от, тоғда қаерга қадам қўйишни билади, ҳаммадан ҳам, жуда чидамли, нақ бўрининг ўзи. Доим эгарлоғлиқ, доим кўзи очиқ. Э, нимасини айтади, оти яхши, бу атрофда унга тараф йўқ, фақат Бўстонникини демасанг. Вой, бу совхознинг илғор чўпони. Э, одам бўлмай кет. Дунёда бунақа қурумсоқ топилмаса керак. Негадир бир-бирларини жинлари суймайди. Ана унинг отини — от деса бўлади. Сирти тилладай йилтирайдиган Дон оти, Дўнқўлиқ дейишади. Омади бор экан Бўстоннинг. Эртаю-кеч отини парвариш қилади. Бошқа иложи ҳам йўқ. Отда юриб, ўзини кўз-кўзламаса бўлмайди, азамат. Хотини ёш, Эрназарнинг беваси. Эрназар ўч йилча бурун Ола Мўнгу довонида муз ёриғига қулаганча, шу-шу ўлиб кетди, ўлиги ўша ерларда қолди...
Тоғларга турнақатор тизилиб кўтарилиб боришар, гаплашишга фурсат йўқ, бунинг устига хотини билан уришиб Бозорбойнинг таъби тирриқ бўлган эди.  Индамай йўл босишарди. Қиш охирлаб қолганди. Тоғ кунгайларида қорлар эрий бошлаган, кўклам нафаси уфурарди. Шу дамда атроф равшан ва сокин эди. Пастда садафдай ярқираб ётган улуғ мовий кўлнинг нариги томонида баланд тоғлар узра қуёш юксакка кўтарилганди. Чошгоҳ эди.
Орадан кўп ўтмай Бозорбой геологларни даранинг бўғзига етаклаб келди. Иссиқкўлнинг мусаффо кўзгуси сўнгги бор кўзга ярқ этиб ташланди, манзаралар орқада ғойиб бўлди. Энди бошлари узра кета-кетгунча тумтайган қояли учурумлар ҳайбат соларди. Ҳаммаёқ тош, қоя. Кимса йўқ.— Нима бор экан уларга бу ерда?— таажжуби ортарди Бозорбойнинг теваракка аланг-жаланг қараб. У геологларни манзилга элтиб қўйган заҳоти орқага қайтишга аҳд қилди. Аччиқ Тош дараси у билан ёнма-ён тўғри улуғ кўл бўйларига олиб чиқадиган қўшни дарадан кўра қисқароқ. У ичида орқага Бошат дарасидан қайтаман, деб қўйди. Шунда уйга ҳаялламай етиб олади. У геологлар билан хайрлашиб, шундай қилди. Лекин чўнтакка ниҳоят қурмағур йигирма бешни соларкан, у йигитларга гап қотди:
— Ҳой, оғайнилар, мундоқ қарасам, ҳаммаларинг ўғил бола экансизлар,— деди у иршайиб мўйлабини эррайимларча сийпаркан,— биз ҳам ахир юрган йигитмиз, бир томоқни ҳўллаб олмаймизми, а?
Бозорбой ичсам, бир стакан ичарман, деб чамалаган эди, йигитлар эса саховат билан унга шу ернинг ўзида чиққан кўк шишани ҳадя қилдилар. Ол, уйда ичарсан деб! Бу бахт қайдан тушди деб, Бозорбой ял-ял очилиб кетди. Типирчилаб қолди, чодирни қаерга тикиш, қаердан ўтин чопишни кўрсатди, йигитлар билан навбат-банавбат хайрлашаркан, ҳар бирининг қўлини узоқ силкитиб турди, ҳатто хуржунга ғамлаб олган емдан отга бериб ҳам ўтирмади. Биринчи марта эмас, уйгача чидайди, деб ўйлади. Апил-тапил эгарга ўтирдию, йўлга тушди. Чамалаб, кўп ўтмай сўқмоқни топди ва чала-ярим қор босган тизмалардан ошиб ўтиб, Бошат дарасига кирди. Даранинг ён атрофларида сийракроқ тўқай, ўрмонлар ўсган, ҳам ёруғроқ, Аччиқ Тошдек қоронғу эмасди. Бу ерда жилғалар ва булоқлар ҳам кўплаб оқиб ётарди. Шунинг учун бу ерларни Бошат дараси — Булоқ дара деб аташарди.
Пахталик устидан кийиб олган ёмғирпўшнинг чўнтагидаги шиша унга тинчлик бермасди. У дам сайин шишани ушлаб-ушлаб кўяр, қайси жилға бўйида тўхтасам экан, деб жой чамаларди. У ўзининг қанча ичишини биларди. Шишанинг ярмини бўшатади, устидан сув ичади, кейин яна йўлга равона бўлади. Бундай ҳолларда Бозорбой эгарга ўтириб олса, бас. У ёғига хоназот отнинг ўзи еткизиб оборади. Шўрлик Кўк Турсун Бозорбойнинг қўлтиғидан шайтон тутиб туради, деб бекорга айтмайди — у ҳали бирон марта эгардан йиқилган эмас. Ниҳоят, йўлда бир жилғани танлади, унинг устини юпқа шаффоф муз қоплаган, сув муз остида тошдан-тошга қилқиллаб урилиб, одамнинг ҳавасини келтириб оқарди. Бозорбой шу жойга тушди. Атрофда ёввойи тол ва зирк буталари ўсиб ётар, қор ҳам кўп эмас, отга ҳам сув ичириб, ем берса бўлади. У отнинг юганини бўшатди, сули солинган хуржунни эгардан туширди, боғични ечиб, ечилган томонини отнинг бўйни тагига суриб қўйди. От чарчоғини тарқатаётгандай енгил сўлиш олиб, кўзларини ярим юмиб, қуртиллатиб сули чайнай бошлади. Бозорбой эса сув бўйида қулаган дарахт танасига жойлашиб ўтириб олди-да, шишани чиқарди, ҳаваси келиб, қуёшга тутиб қаради, лекин нимани ҳам кўрарди, ўша-ўша шиша, фақат кун тугаб борар, тоғларда соялар қиялаб ётар, қуёшнинг ботишига агар кам бўлмаса ҳали бир соатдан ортиқ вақт бор эди. Лекин Бозорбойнинг шошадиган жойи йўқ. У ароқнинг мияга урадиган мазасини тамшаниб ҳис қилиб, йўғон тирноғи билан шишани очди, ҳидлади, бошини чайқади, оғзига кўтарди. Титраб-қалтираб қултиллатиб ютди. Кейин жилғадан ҳовучида сув олиб, курсиллаган муз парчалари билан қўшиб ичди. Муз тишларига тегиб қисирлади — нақ мияси қасирлаб кетгандай бўлди. Бозорбойнинг башараси хунук буришди, у томоғини қириб йўталди, оғу қачон бошига уришини кутиб, кўзларини юмди. Ҳа, теварак-атроф — тоғлар, қоялар — худди туманга чўлғангандай суза бошлашини, ҳаволаниб, кўтарилиши, қизиган миясида ғалати, ноаён товушлар, зинғилдоқ шовқин чиқишини кутди. Ўзини кайф қучоғига ташлаш иштиёқида бужмайиб қотди. Сўнг томирлари ёзилди, бўшашди, шунда қаердадир жуда яқин орадан худди ёш бола йиғлагандай оҳиста ингиллаган овоз эшитилди. Нима бўлди бу? Қайдадир зирк чангалзорлари ва уюм-уюм тошлар ортида яна нимадир худди кучук бола каби ангиллади... Бозорбой сергак тортди, яна беихтиёр шишани кўтариб ичди, сўнг уни аста тошга тираб қўйди, лабларини сидириб артди-да, ўрнидан турди. Тағин диққат билан қулоқ солди. Ҳақиқатан, адашмаган экан. Қандайдир ҳайвоннинг болалари овоз чиқармоқда эди.
Бўри уяси... бўри уясидан Акбара билан Тошчайнарнинг болалари узоқ йўқ бўлиб кетган ота-онасини қўмсашиб, ингиллашмоқда эди. Мўйинқум чўлларидан орқа-олдиларига қарамай қочганларидан сўнг, Алдаш бўйларидаги даҳшатли ёнғинлардан сўнг бир йил қисир ўтиб, мана, тоғларда эрта кўклам пайти Акбара бевақт болалаган — тўртта туққан эди.

Бу орада Бозорбой бўри уясига йўл топиб аста яқинламоқда эди. Бозорбой ҳушёр бўлганда, инга боришдан олдин, албатта, ўйлар, мулоҳаза қилиб кўрарди. У камар ичидаги коронғу инни осонликча топгани йўқ. Тажрибаси қўл келди. Қор устини синчиклаб қаради. Аниқ-таниқ тушган излар занжирини кўрди. Бўрилар эҳтиёткорлик билан доим эски излари устидан қадам ташлаган эдилар. Яна ҳам нарироқ юриб Бозорбой тош уюмлари ва буталар орасида ямланган, кемирилган тўда-тўда суякларга дуч келди. Демак, бўрилар ўлжасининг бир бўлагини судраб келиб, шу ерда бамайлихотир ётиб ғажиганлар. Катта-катта сон ва бўғин суякларининг кўплигига қараганда, ғажирлар бу ерда анчадан бери яшасалар керак. Энди инни топиш қийин эмасди. Бозорбой камарга киришдан нега чўчимади, бир нарса дейиш қийин. Ахир, бу ерда катта бўрилар ҳам бўлиши мумкин эди-ку! Лекин қорни очиб кетган бўричалар ангиллаб ўзларини ошкор қилишар ва гўё ёнларига чорлар эдилар.
Акбара билан Тошчайнарнинг овга чиқишдан бошқа чоралари қолмаганлигини бўричалар кошки билишса эди. Бўрилар учун эрта кўкламнинг оғир кунлари бошланган эди. Бунақа пайтда барча жониворлар қишдан ориқлаб чиққан бўлади. Бунақа пайтда яқин атрофдаги куч мадордан қолган ёввойи тоғ эчкилари ва архарлар аллақачон забт этилган бўлади. Кийиклар эса болалагани қадам етмас қояларга чиқиб кетадилар. Одамлар босиб турадиган сурувлар ҳам худди мана шу сабабларга кўра бу пайт қўра ва кўтонларга қамаладилар. Шунақада тинмай эмчак сўрадиган тўрт тайлоқни сут билан боқишнинг ўзи бўладими? Акбара эт-устихондан тушди, у энди сира ўзига ўхшамас — ҳурпайган, калласи катталашиб сўррайган, эмчаклари салқиб осилган эди. Бўрилар умуман, ғоятда чидамли бўлишади. Улар бир неча кунлаб овқат емай юришлари мумкин. Лекин эмизикли бўри ўзини емакдан сиқолмайди. Ҳаёт Акбарани таваккалига катта овга чиқишга мажбур қилмоқда эди. Лекин мабодо у ҳалок бўлса тойлоқлари ҳам ўлиб кетади.
Тошчайнар ҳамон унга эргашиб боради. Улар барига тез улгуришлари керак. Тез ўлжа топиш, уни тез ағдариш, этни тез-тез, катта-катта ютиш ва тез орқага қайтиш, таомни ҳазм қилиш керак эди. Бўри тойлоқларга тез сут бермаса сира иложи йўқ.
Бугун юрган йўллари кун тушган ерларда сирғанчиқ, терскай томонларда эса қиш аёзидан қаттиқ эди. Шунга қарамай бўрилар зўр бериб тоғдан тоққа лўкиллашарди. Бунақа чоғларда майдароқ махлуқлар ҳали ер тагидан бошини кўтармайди. Ёввойи ҳамда хонаки сурувларга эса яқинлашиб бўлмайди, бинобарин, тирик ҳайвонлар — отлар, қорамол, туяларга ёнда шериксиз ов қилиш фойдасиз, ҳаётнинг чигаллиги ҳам шунда. Тошчайнар нечоғлик бақувват бўлмасин, йирик ўлжани бир ўзи инга судраб келтиролмайди. Охирги марта икки кун бурун у тоғ ёнбағирларига улоқиб келиб қолган эшакни ўлжа қилди. Акбара тунда инидан чиқиб эшак гўштидан тўйгунча еди. Лекин эшак жониворлар тоғ ялангликларда ҳар куни бундай бош оғганча юравермайдилар-ку. Одатда эшакларнинг ёнларида албатта одам бўлади. Ана шунинг учун ҳам, Акбара овда қорнини тўйдириш учун ўзи инидан чиқди.
Аввалига Акбара иккиланиб турди, инни ташлаб кетишга сира кўнгли чопмади, ҳатто бир икки бор орқага қайтгиси ҳам келди — болаларидан хавотирланди: уларни доим иситиб, сут эмизиб туриш керак,— лекин зўр билан ўзини енгди, инни унутишга мажбур қилди. Кўл атрофларида ўлжанинг исини олганларидан кейин эса, ов нашъаси унинг бутун борлиғини қамраб олди.
Акбара билан Тошчайнарнинг омадлари бор экан: улар янги тушган изларни искаб борарканлар, кенг ялангликка чиқиб қолдилар.
Бу ерда подадан ажралиб қолган бўлса керак, учта қўтос ўтлаб юрарди. Бўрилар бир йилча бурун мана шундай ночор пайтларида уларга ташланиб кўрган эдилар. Ўшанда келгинди бўриларнинг дуч келган нарсани ўлжа қилишдан ўзга чоралари қолмаганди. Бўрилар у ёкдан-бу ёққа ўғринча боқишиб, дафъатан ҳужумга ўтдилар. Қўтослар чопиб келаётган бўриларни кўриб, олдинига ирғишлаб, ўкирганча қочдилар, лекин бўрилар қувиб етаётганлигини фаҳмлагач, тўхташди,— уларнинг бўксалари сандондай кўтарилиб тушарди — бўриларга шохларини тўғрилаб ҳужумга ўтишди. Қўтосларнинг бошқа иложлари қолмаган эди. Шунда қандайдир бир зум ичида дунёдаги азалий мувозанат ҳоким бўлди: осмондаги қуёш, ҳувиллаган сукунат, кимсасиз атроф жондорларга ҳам, кавш қайтарувчиларга ҳам баб-баравар тегишли эди. Кавш қайтарувчилар тўқнашувдан қочиб қутулмоқчи эдилар, лекин йиртқичлар осонлик билан орқага қайтиб кетадиган эмасдилар, очлик ич-ичларини таталаб ташламоқда эди. Улар қандай бўлмасин олишиб, жилла қурса, битта қўтосни ағдаришлари ва шу оилан ҳам ўзлари, ҳам болалари жон сақлашлари керак эди. Қўтослар йирик хам эмас, майда ҳам эмас, ўртача; қиш чиқишига жунлари патила бўлиб ўсиб кетганди. Думлари от думидай бу қўтослар ҳам жанг қилмай илож йўқлигини тушундилар. Улар қаҳр ва қўркинч ичида бошларини қуйи эгдилар, туёқлари билан ерни тирмаб, ўкириб таталай бошладилар. Кўк бетида қуёш ҳамон чарақлаб турар, теварагини қори эрий бошлаган кимсасиз тоғлар қуршаган сарғайиб ётган очиқ ялангликда ўтхўрлар билан йиртқичлар юзма-юз тўқнашдилар.
Бўрилар қулай фурсатни кутиб, қўтослар атрофида сакраб-сакраб айланишарди. Акбаранинг вакти зиқ — болалари уни интизор бўлиб пойлаб ўтирибди. Ниҳоят у андак кучсизрок бўлиб кўринган қўтосга таваккал қилиб ташланди. Қўтоснинг кўзларига қон тўлганди. Шунга қарамай, Акбара унинг юраги пўкиллаб турганлигини пайқади. Эҳтимол янглишаётгандир. Лекин, ўйлаб ўтирадиган пайт эмасди. Акбара ўзини қўтоснинг бўйнига отди. Ҳаммасини сониялар ҳал қилади. Қутуриб кетган қўтос уни елкасидан итқитиб юбориш ва шохлари билан ерга қоқиб ташлаш учун калласини зўр бериб силкитаётган маҳалда. Тошчайнар унинг иккинчи биқинидан ташланиб, бўйин томирларини узиб, ғажиб ташлаши, қонини оққизиши, миясини ишдан чиқариши керак эди.
Шундай ҳам бўлди. Лекин унгача қўтос Акбарани ерга улоқтириб, босиб улгурди, энди ўкириб уни шохларига илиб итқитмоқчи ва яна озгина бўлса, уни бутунлай эзиб, топтаб ташларди. Лекин Акбара қўтоснинг шохлари остидан илондай сирғалиб чиқди ва шу заҳоти яна қўтоснинг яғринига сакради, унинг жағни айириб юборадиган даражада қаттиқ жун босган гарданига ўткир тишларини куч билан ботирди. У ўзининг ваҳший ва раҳмсиз бўри табиатини тўла намоён қилди. У яшаш учун ўлдириши керак эди. Лекин бу сафарги ўлжа осонгина жон берадиганлардан эмасди. У — сайғоқ билан қуён — зўравонликка қарши бўйин эгиб турадиган. Баджаҳл қўтос яраланиб, қони оқаётганига қарамай, ҳали анча қаршилик кўрсатиши ва ҳатто енгиб чиқиши мумкин эди. Бироқ, ҳар қалай, Акбаранинг юлдузи бирдан балқиб чиқди: Тошчайнар худди шу дамда ён томондан Акбара билан олишаётган қўтосга ёпишди ва унинг кекирдагига тишларини ботирди. Тошчайнарнинг ҳужумига дош бериш қийин эди. Бу ҳужумга у бутун кучини сарфлади. Қўтос ўз қонига беланиб, қалтираб кетди ва ҳирқирай бошлади. Сўнг бўғзидан варақлаб қон отилди ва у оғир бўкириб ерга қулади. Қўтоснинг кўзлари шишадай қотиб қолди. Олишув бораркан, бошқа тирик қолган икки қўтос тирақайлаб қочишди ва анча нарига етиб олгач, қадамларини секинлатиб, гўё ҳеч нарса бўлмагандай шошилмай юриб кетишди.
Бўрилар чалажон қўтосни тортқилаб, юлқилай бошладилар. Ўлжанинг қачон жони чиқишини пойлаб ўтиришга фурсат йўқ. Қайси жойидан бошлаб ейишни ҳам чамалаб турадиган вақт эмасди. Акбара қўтоснинг човига ёпишди, ҳали иссиқ дириллаб турган гўштини тишлари, панжалари билан юлқиб олиб ямламай ютаверди. У иложи борича кўп эт ейиши керак ва иложи борича тезроқ инига қайтиши керак. Болалари зориқиб, маҳтал бўлиб қолишди. Тошчайнар ундан қолишмасди. У ваҳшиёна ириллаб, гўштни бурда-бурда қилар, бамисоли ёввойи қассобнинг ўзгинаси эди.
Бари ўз йўсин-йўриғи билан бўляпти. Қашқирлар олдин роса гўштга тўйишади, кейин тезроқ инларига етиб олиш учун йўлга тушишади. Кечаси яна гўштга тўйгани келишади, сўнг қолган гўштни бирон пана жойга судраб беркитишади. Лекин бунга ҳали вақт бор. Ҳозир эса, ғажирлар очлик билан лаҳм ютишарди...
Осилиб тушган қоя тагидаги торгина камардаги бўрилар уясида очиқиб кетган бўри болалари беихтиёр ангиллашар, исиш учун дам гуж бўлиб бир-бириларига тиқилишар, кейин яна ҳар томонга судралишиб тарқалишар, тағин тўпланишарди. Ташқарида шитирлаган овоз эшитилганда ин ичига Бозорбой тиқилиб кирмоқда эди. Улар аввалгидан ҳам баттарроқ ангиллашиб, ўмбалоқ-дўмбалоқ ошиб ин оғзига томон интилдилар ва шу билан одамнинг ишини ҳам енгиллатдилар. Бозорбой азбаройи кучанганидан бўғриқиб кетганди. У тор камар ичига пайпаслаб, туртиниб-суртиниб кирди. У пахталигини ечиб ташлаган, нимчанинг ўзида қолган эди. Бўри болаларини бирма-бир тутиб, учтасини қўйнига солди, тўртинчисини бўйнидан маҳкам сиқиб ушлаб олди-да, ташқарига судралди. Ёруққа чиққанида, кўзлари қамашиб кетди. Баланд тоғлар шу қадар ярқираб ётарди. Кўкрагини тўлдириб нафас олди. Қулоқни батанг қиладиган жимжитлик. У фақат ўзининг нафас олганинигина эшитарди. Қўйнидаги бўри болалари ғимирлаб қолишди, қўлидаги эса ўзини қутқармоқчи бўларди. Бозорбой шошилиб қолди. Ҳамон оғир-оғир нафас олганча у пахталигини елкасига ташлаб, жилға томонга жадаллади. У ёғи бир зумлик иш эди. У ўзи ўғирлаб чиққан тўрт бўри боласини боплаб пулламоқчи. Ҳозирча уларнинг барини хуржунга жойлайди. У бўриваччаларни тузуккина пулга сотишига ишончи комил эди: бултур бир чўпон ҳайвонот базасига аллақанча бўри болаларини сотган, хар бир бош бўрига эллик сўмдан тўлашган эди.
Бозорбой куртиллатиб ем чайнаётган отнинг оғзидан хуржунни тортиб олди, ичида қолган сулвини ерга тўкди, ҳар бир хуржунга иккитадан бўри боласини жойлаштирди, хуржунни эгардан ошириб икки ёққа ташлади, камар тортиб маҳкамлади, жиловни қўлга олиб, шитоб билан узангисига оёқ қўйди. Рав кетмаса бўлмасди. Мана, бунинг отини омад дейди! Лекин катта бўрилар етиб келмасдан жуфтакни ростламоқ керак. Бозорбой буни яхши билади. Ярим ичилган, тошга тираб қўйилган шишани Бозорбой эгарга ўтириб бўлгач, эслади. Аммо ароққа ҳам тупурди. Қолса, қолаверсин. Бўри болалари учун бир дунё пул олади. Бунақа яримталардан канчасини сотиб олиши мумкин. У отга кичов берди. Қуёш ботмасдан бурун иложи борича тезроқ дарадан чиқиб олиши керак.
Кейин-кейин Бозорбойнинг ўзи ҳам ҳайрон бўлиб юрди: қандай қилиб юрак ютиб бўри инига кирди, ҳатто ёнида қуроли ҳам йўқ эди-я, Она бўри ёки эркаги келиб қолса, унда нима бўларди... Буғу жуда ювош ҳайвон, лекин у ҳам болаларини ҳимоя қилади — ғаним устига шартта ташланади...
Лекин, буларнинг бари унинг ҳаёлига кейинроқ келди. Бўриларнинг чангалига тушишини ўйласа, кўнгли оза бошлайди. Ўша соатда у сангзор Бошат дарасида йўриғини қичаб ҳайдаб борар, дам сайин орқасига, тоғлар ичкарисида ботиб бораётган қуёшга хавотирланиб қараб-қараб қўяр, уни шом қувиб келмоқда эди. Ҳа, шошилмаса бўлмайди, тезроқ тоғ этакларига чиқиб олиши керак, кўл бўйлари ҳаммаси очиқ ялангликлар, от бошини хоҳлаган томонингга қўяверасан, аммо бу ернинг — тор, қўрқинчли даранинг иши бошқа...
Бозорбой кўл бўйларига, таниш яйловларга яқинлашган сайин ўзига ишончи ортар, дадиллашарди. Олган ўлжаси билан мақтангиси келиб қолди. Чўпон улфатларимдан биронтасиникига қўниб ўтсаммикин, ўлжаларни кўрсатиб кўзини куйдирсаммикин, юзта-юзтадан қилиб бўриваччаларни ювсакмикин, ахир уларни яхшилаб пулласам, мен ҳам қарздор бўлиб қолмасман, деб ўйлади. У чала ичилган шишани сув бўйида ташлаб келгани учун ачина бошлади; эх, қанийди, ҳозир бир кўтарсанг!.. Унинг шунчалар ичгиси қистади! Лекин барибир ичида бунга ҳали улгураман, аввало, бўричаларни омон-эсон еткизиб бориш, қоринларини тўйдириш керак, улар жуда чидамли бўлсалар ҳам, лекин ҳали сут эмиб юрган тойлоқ, кўзларини ҳам энди-энди очганга ўхшайдилар, кўр, ана чақчайиб туришларини... Ишқилиб, хуржунда ўлиб қолмасалар бас. Бозорбой бу пайт ўзини даҳшатли тезлик билан қувиб етаётганларини ҳаёлига ҳам келтирмасди. Худо билади, ҳали буларнинг охири нима билан тугайди...
Буқа гўштини бурунларидан чиққунча еб тўйган бўрилар орқага қайтдилар. Олдинда — Акбара, орқароқда — Тошчайнар борарди. Улар қоя остидаги инимизга тезроқ етиб олсак, болаларимиз билан яйраб давра олиб ётсак, оёқ-қўлимизни ёзсак, ана ундан кейин чала ейилган буқа тепасига борсак, ялангликда таланиб кетмасин тағин, дейишарди.
Ҳаёт-да бу энди, шунинг учун айтишган экан-да, бўрини оёғи боқади деб... Ахир, тайёр этни кўрса, бошқа бўрилар қараб туришармиди — бу бировники-ку, деб тортиниб ўтирмай, талаб, ғажиб кетаверадиганлар ҳам йўқ эмас. Ана, иннакейин жанжал-тўполон чиқади, қон тўкилади. Лекин ҳақ ўз номи билан ҳақ, куч ҳам ҳақ томонда...
Ҳали инига етмасдан, ҳали узоқдан Акбаранинг юраги бир кори ҳол бўлганини сезди. Худди ёнгинасида аллақандай қуш соя каби парпираб учаётгандай, ботиб бораётган қуёшнинг сўнгги нурларида англаб бўлмас ваҳим, харосонлик билан туйди. Юксак тоғ зирварларида аксланаётган қонли шафақ шуълалари борган сайин қорайиб, дилига ташвиш ва қўрқинч соларди. Инига яқин қолганда, у янада қаттиқроқ югурди. Тошчайнарга қайрилиб ҳам қарамади. Ниҳоят, у англаб бўлмас ваҳимага тушиб, елдек учиб кетди. Шунда ҳавода димоғига бегона ҳидлар урилди ва унинг ваҳимаси янада ортди: терлаб-пишган отнинг ўткир ҳиди ва яна қандайдир кўнгилни беҳузур қилувчи сассиқ ис анқирди. Нима бу? Қаердан келяпти? Акбара жилғадан сакраб ўтди, буталар орасидан йилдиримдай югуриб камарга чиқди ва лип этиб қоя остидаги инига ўзини урди. Ҳувиллаб колган бўм-бўш уясининг ҳамма бурчакларини овчи итдай искаб чиқди ва пишқирди, бир зум қотиб қолди, сўнг ўзини ташқарига отди, ин оғзида Тошчайнар билан тўқнашди, худди барига у айбдордай, худди эри эмас, ғаним-ёвдай уни алам устида тишлаб олди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ Тошчайнар аввал уяга кириб чиқди, сўнг Акбара орқасидан югурди ва жилға бўйида унга етиб олди. Акбара эс-ҳушини йўқотгудай бўлиб, изларни ҳидлаб юрар, юз берган воқеани англашга уринарди. Шу яқин ўртада бу ерга аллаким келган, у излардан шуларни ўқиди — мана, от сўлагининг ҳиди анқиб турибди, сочилган сули, мана, от тезаклабди, мана, ҳиди кўнгилни айнитадиган шиша, Акбара уни ногоҳ искаб кўриб, азбаройи нафрати қўзиб ёли тикка-тикка бўлиб кетди, мана, одамнинг қор устидаги излари. Кирза этикдан тушган излар. От миниб, жирканч нарса солинган шиша кўтариб келган қаттол ёв бостириб кириб, болаларини ўғирлаб кетибди! Уларни еб қўйган бўлса-чи! Шунда Акбара яна гуноҳсиз Тошчайнарга ёпишди, уни қутуриб тишлаб ташлади, кейин қўрқинчли ириллаб, из кетган томонга шитоб билан югурди. Тошчайнар унга эргашди.
Бўрилар сира адашмай ис олиб боришар — суриб, қичаб олға кетиб боришар, дарадан чиқар ерни кўзлашар, яна олға, олға таъжил ила югурик қадам ташлашар, одамлар турадиган жойларни, улуғ кўл бўйла-рини мўлжал олишарди...
Бозорбой эса дарадан чиқиб, отни яланг тоғ этакларидан, паст-баланд адирлар, ёзги яйловлардан йўрттириб борар, ниҳоят, мана олисда қорайиб кўлнинг бир чети кўринди. Яна бир соатларда уйга етиб олади. Бу орада қуёш ернинг у чеккасига, тоғ тизмалари орасига ботди, унинг сўнгги нурлари лов этиб, сўнди. Иссиққўл томондан аёзли шамол эсди. «Тойлоқлар совуқ қотиб қолмаса эди»,— деб ўйлади Бозорбой, лекин уларни ўраб қўядиган нарса йўқ эди. Бозорбой уларни тирикмикин, деб хуржунга қараб қўймоқчи бўлди. Булар ўлиб қолса, биров бошига урадими! У отдан тушди, камарларни бўшатиб, хуржунни очиб қарамоқчи эди, шу пайт от оёқларини кериб, ҳаммаёққа сачратиб шовдирата бошлади. Шунда бирдан сийишдан таққа тўхтаб, қаттиқ пишқирди-да, ўзини чеккага отди, жилов Бозорбойнинг қўлидан чиқиб кетишига сал қолди.
— Тек!— деб қичқирди Бозорбой отга.— Тек тур!
Лекин от худди ўтдан қўрққандай ўзини чеккага урмоқчи бўларди. Шунда Бозорбой орқасига қарамаёқ нималигини билди. Бир зум ичида муздек бўлиб қолган елкаси билан у қувлаб келаётган бўриларни ҳис қилди. Бозорбой жонҳолатда отга ёпишди, унинг ёлидан маҳкам тутиб, ўзини эгарга олди, от шу заҳоти пишқириб, елдек чопиб кетди. Бозорбой совуқ ел жиҳатидан бошини эгиб олди, атрофга аланг-жаланг қаради. Нарироқда икки бўри чопиб келарди. Қашқирлар югуриб адир устига чиққанларида, от жонивор уларни пайқаб ҳуркиган экан. Энди бўрилар отнинг йўлини тўсиб чиқиш пайида эдилар. Бозорбойнинг эсига шу тобда Худо тушди, унга ялиниб-ёлвора бошлади. Бошқа пайтда Худонинг гўрига ғишт қалашдан ҳам тоймасди бу одам. Қайси гўрдан келиб қолган геологларни бўралаб сўкарди: «Олтинларинг томоқларингга тиқилсин!» Хотинини қийнаганларидан афсусланар, ундан узр-маъзур сўрарди: «Сенга сўз бераман! Тирик қолсам, чертсам, одам эмасман!» Бўри болаларини олганига тавба қиларди: «Нима қилардим олиб! Нимага кирдим инига? Ҳаммасини тошга уриб, бошини ёриб ташламайманми? Энди, нима қилдим, қаёққа қўяман уларни?» Хуржун тасмалар билан маҳкам тортиб боғланган, уларни йўл-йўлакай ташлаб кетиб бўлмайди. Бунинг устига шом қоронғуси тушяпти, кимсасиз тоғ ёнбағирларига хуфтон қораси бостириб келмоқда — дунёда ҳеч кимнинг ўладими, қоладими, у шўрлик билан иши йўқ.

Фақат содиқ от жониворгина кўркувдан эсини йўқотиб, бор кучи билан чопиб бормоқда.
Лекин Бозорбой ҳаммадан ҳам ёнида милтиқ йўқлиги учун ачинарди. Милтиғи бўлса, уларга курсатиб қўярди: битта-битта отиб қулатар-ди, ўқни эса кеткизмасди. Милтиқ топилмас матоҳ эканми денг! Ҳамма чўпонларнинг уйида бор. Лекин ким уни доим ёнида олиб юради! Эҳ, билганда-ку! Бозорбой йиртқичларни қўрқитиш учун жони борича бўкирарди. Унинг барча умиди отдан эди. Яхшиям асл, зотдор от...
Ҳаёт-мамот пойгаси...
Ўғирланган бўри болаларини хуржунга солган отлиқ билан изма-из Акбара ва Тошчайнар хуфтон қоронғулиги тушган тоғ ораларидан ана шундай қочди-қувди бўлиб борардилар. Олиб қочилган тойлоқларининг ҳидини сезган бўрилар ўзларича ёлворар, ўзларича тавалло қилардилар. Кошкийди, от бир мартагина, бир зумгина қоқилса! Агар буқа гўштини бунчалар кўп емаганларида, қувиш қандай бўлишини кўрсатиб қўймасмидилар, аллақачон қароқчига етиб олиб, уни кўз юмгунча пора-пора қилиб ташламасмидилар, насл қолдириш йўлидаги азалий, омонсиз курашда қонли ўч олиб адолатни тикламасмидилар? Мўйинқум чўлларида сайғоқ сурукларини тумтарақай қувган, уларни ўзларига керак томонга буриш учун янада шиддат солиб югурганлари ҳам гапми? Лекин катта овга бўрилар қоринларини тўйдирмасдан, шиддатли қувғинга олдиндан тайёрланиб чиқардилар.
Болаларни боқиш учун устма-уст бўкиб эт еган Акбара, айниқса, қийналиб чопмоқда эди. Лекин у ҳам бўш келмас, жони борича югурар, агарда отлиққа етиб олса, бир зум ўйлаб ўтирмай, нима билан тугашидан қатъий назар, ўзини жангга ташларди. Шукрки, ёнида Тошчайнари бор, суянчиғи ва енгилмас мададкори, лекин нима деманг, ҳар кимнинг гўри бошқа... Акбара ҳар қандай ўлимга тайёр эди, ишқилиб етиб олса, ишқилиб, учқур отда кетаётган шу кишини қувиб етса бас... ишқилиб...
Гарчи Бозорбой чиндан ҳам учқур от минган бўлса ҳам, лекин бундай қараб, бўрилар қадам-бақадам яқинлаб, ўнг биқинидан етиб келаётганлари, уни кўл томонга ўтказмаслик учун йўлни кесиб чиқаётганларини кўрди. Ғаддор ғажирлар отлиқни тоғ томонга қараб ҳайдашга зўр бермоқда эдилар. Шундай қилсалар, эртами, кечми, барибир, албатта, юзма-юз тўқнашар эдилар. Улар ниятларига эришай деб қолган ҳам эдилар: ҳуркиб кетган от ўзини йўқотиб қўйиб, ўнг ёқдан даф этаётган бўрилардан қўрқиб, бошини тоғлар томонга буришга уринмоқда эди. Бироқ отни онгли махлуқ — одам бошқариб бормоқда эди, у йиртқичларнинг ниятини англаб турарди, бўрилар худди шу нарсани ҳисобга ололмасдилар, бу уларнинг фожиаси эди.
Бозорбойни яна бир нарса қутқариб қолди. Тақдирнинг марҳамати билан олдинда чироқлар кўринди. О, омаднинг келганини қаранг! Улар Бўстон Ўркунчиев қўрасининг чироқлари эди. Ҳа-ҳа, ўша илғор қулоқ Бўстон, ҳеч жини ёқтирмайдиган Бўстон. Лекин ҳозир ким кимни яхши кўрадию, ким кимни ёмон, суриштириб ўтирадиган пайт эмасди. Нима фарқи бор. У ҳозир ҳар қандай қимирлаган тирик жонни кўзига суртишга тайёр. Ишқилиб, одамлар яшайдиган жойга етиб келди-ку — бундан ортиқ қувонч бўлиши мумкинми одамга! У ахир, қутулди! У ўзида йўқ хурсанд бўлиб, отни яна товони билан қистади, шунда от қўралар, одамлар томонга шамолдеқ учди. Бироқ, ана энди қутулдим дегунча, Бозорбой учун яна бир аср вақт ўтгандай бўлиб кўринди лекин, мана, Бўстон қурган электр движокнинг пулемётдай тариллаган овози эшитилиб қолди, мана, чўпонларнинг итлари бўри исини сезиб, айюҳаннос кўтариб, Бозорбойнинг йўлига пешвоз чиқишди. Айни чоқда, бўрилар ҳам қолишмас — борган сари яқинлашиб келишар, от ҳолдан тояр, Бозорбой жондорларнинг қайноқ тафтини сеза бошлаган эди. «Худойим, ўзинг қутқар! Ё Баҳоваддин, ўзинг мадад бер,— деб илтижо қиларди Бозорбой,— сенга етти қорани қурбон қиламан!»
«Омон қолдим! Қутулдим!»— шодланиб қичқирди Бозорбой.
Албатта, у бир соат ўтмай ўз ваъдаю таваллоларини унутади. Одам боласи ўзи шундай...
Унинг қошига чўпонлар чопиб келишди. Бозорбой уларнинг қўлларига ўзини отди, тўхтовсиз шу сўзларни такрорларди:
— Бўри, мени бўрилар қувишди! Сув, сув беринглар!
Бўрилар эса афтидан, кетмай шу атрофда айланиб юришар, чидам билан ниманидир кутишарди. Бўстоннинг қўра, қўтонларида югур-югур бошланди. Чўпонлар чопиб юришар, қўраларнинг эшикларини беркитишар, ҳой-ҳуйлашиб қоронғида бир-бирларини чақиришар, улардан бирови том бошига чиқди-да, милтиқдан неча маротаба варанглатиб ўқ қўйди. Итлар тинмай вовуллашарди, лекин қўралардан ташқарига чиқишмасди. Ўзларини ёруғроққа олишарди. Итларнинг қўрқоқлиги эгаларини дарғазаб қиларди.
— Ату! Олкиш! Ол! Э, булар бўрибосар эмас, пўқбосар!— кимдир бўғилиб хириллаб итларни қистарди.— Ол, бос! Оқтош, Йўлбарс, Жойсан, Барпалон! Бос! Ату, Ату! Э, ўлларинг, думларингни қисмай! Бўридан қўрқиб ўтирибсанларми?!
— Ит ўз оти билан ит-да!— деб эътироз билдирарди бошқа товуш.— Нимага бақирасан? Бу итлар отлиқни этигидан тортиб туширади. Лекин, бўрига яқин йўлолмайди. Тўғрими? Нима дединг! Бўрига қарши биронта ит боролмайди. Қўй, индама! Акиллайверсинлар!
Лекин бўрилар нега уни қувалаб келишди, Бозорбой анчагача эслолмади. Фақат Бозорбойнинг отига қараётган йигит бирдан: «Бозорбой бойке, хуржунда нима бор? Қимирлаётганга ўхшайди»,— деб сўраб қолувди, ана шундагина у эслади.
— Хуржунда дейсанми? Э, бури болалари-ку улар! Э, қуриб кетсин! Тўртта бўлтуруқ. Бошатда ини бор экан. Тўғри инидан олдим. Шунинг учун бўрилар орқамдан қувиб келишди.
— Шундай демайсизми! Боплабсиз-ку. Тоза қўлга туширибсиз-да! Инидан дейсизми? Хўп омон қолибсиз-да тағинам...
— Хуржунда ўлиб қолишмабдими? Чопганда бўғилиб, эзилиб кетмабдими ишқилиб!
— Нега эзилади! Ўрикмиди сенга эзилади! Улар итдай чидамли бўлишади, оғайни.
— Қани, кўрайлик, қанақайкин?
Хуржунни туширишди ва Бўстоннинг уйига қараб юришди. Бунақа муҳим ишлар одатда Бўстоннинг уйида қилинади. Бу ерлар, қўра, қўтонларнинг эгаси ўша... Лекин ҳозир Бўстоннинг ўзи уйда йўқ. Районда навбатдаги йиғилишга кетган. Илғор чўпон Бўстон Ўркунчиев яна навбатдаги президиумда ўтириши керак эди.
Бозорбойни Бўстоннинг уйига худди қаҳрамонлик кўрсатган одамдек олиб боришди. Унинг шунга рози бўлишдан бошқа чораси қолмади. Майли, бир қўниб ўтса, ўтибди-да, ахир, у меҳмон-ку.
Бу уйнинг остонасига Бозорбойнинг биринчи келиши эмас. Кўп йиллардан бери Бозорбой бу ердан етти чақирим нарида Бўстонга қўшни ерларда чўпонлик қилади. Ана шу вақт ичида Бозорбой бу ерда уч марта бўлди: биринчи марта чўпон Эрназар Ола Мўнгу довонида музлик камарга йиқилиб нобуд бўлганда, унинг таъзиясига келган эди; иккинчи маротаба Эрназар ўлгач, олти ойдан кейин Бўстоннинг олдинги хотини (Орзигул бечора жуда ҳам яхши хотин эди, дейишади) вафот қилганда, маъракасида қатнашган эди, ўшанда атроф-теваракдан тумонат одам йиғилган, отлар, тракторлар, юк машиналарнинг саноғига етиб бўлмаганди. Учинчи маротаба худди бўйнидан судрагандай қилиб олиб келишган эди. Область раҳбарлари бу ерда ишлаб чиқариш семинари ўтказадиган, Бўстон Ўркунчиев чўпонларга ўз илғор тажрибаларини сўйлаб берадиган эди. Бозорбойнинг ҳеч келгиси йўқ эди. Лекин қочиб қутулиб бўлмади, мажбур қилишди. Ярим кун ўтириб ваъз эшитишга тўғри келди: қўзилар ўлмаслиги учун нима қилиш кераклигидан тортиб, қандай қилса, кўпроқ жун ва гўшт топшириш мумкинлигигача. Бир сўз билан айтганда, планни қандай бажариш тўғрисида. Топган оҳанжама гапларини қаранг, унинг ўзи билади нима қилишини: қишда емни ўз вақтида бер, ёзда тоғларда барвақт туриб, кеч ёт, хулласи калом, яхши ишла, молдан, қўйдан кўзингни узма. Жон куйдир Бўстон ва бошқаларга ўхшаб. Бироқ бировнинг иши яхши чиқади, бошқасиники мундоқроқ. Бировнинг иши ўнгидан келади, бировники келмайди. Мисол учун, Бўстоннинг қўрасида движок патиллаб турибди — кечаси билан уйларда ҳам, саройда ҳам, ҳовлиларда ҳам чироқ ўчмайди. Хўш, нимага? Чунки у иккита агрегатни қўлга киритган — биттаси ишдан чиқса ёки ремонтга турса, шу заҳоти иккинчиси ишга тушади. Бошқа чўпонларда эса, шу билан бирга Бозорбойда ҳам движок қурғур йил бўйи битта. Ўзи битта бўлгандан кейин одамни кўп овора қилади: бир қарасанг ишлайди, бир қарасанг, ишламайди, дам ёнилғи бор, дам йўқ, гоҳ бир жойи синган, гоҳ бир жойи чиққан, гоҳ унга қараб турадиган йигитча ҳамма нарса жонига тегиб, шаҳарга кетиб қолган — шаҳарда ёшларнинг ошиғи олчи, қишлоққа қараганда юз карра яхши яшашади. Ана шунақа ишлар. Ҳамма ҳисоботларда барча чўпон бригадалари электр чироғи билан таъминланди, деб айтилади, аслида эса ҳеч вақо йўқ...
Шундан кейин ким яхши? Албатта, Бўстон яхши. Бунинг устига ичмайди. Ким ёмон? Бозорбой ва унга ўхшаганлар. Бунинг устига улар ичишади. Хўп, ёмон бўлсанг, бўйнингга бир урсинлару ҳайдаб юборсинлар, тамом вассалом. Ваҳоланки, кетаман деб, ариза бериб кўр-чи, дарров сенга милицияни тўғрилашади, паспортни олиб қўйишади, ҳеч қандай ҳужжат-пужжат беришмайди; бор, акаси, ишингни қил, кетишга рухсат йўқ, дейишади. Ҳозир ҳеч ким чўпон бўлишни истамайди, аҳмоғи йўқ, дейди. Ҳамма шаҳарда яшасам, деб ишқивоз. Шаҳарда ишни тугатасану маза қилиб, маданий ҳордиқ чиқарасан, бўлмаса, квартирангда ётиб дамингни оласан. Ҳамма нарса тайёр, олдингда муҳайё, ўт ёқиш керакмас, сув олдингда, чироқ кечасию кундузи бор, ҳожат ҳам шундоқ бурнингни тагида... Ўтардаги турмуш ҳам турмушми? Мол болалайдиган маҳал-ку салкам бир ярим минг бош сигир-бузоқни эплашинг керак, на кечаси тиним бор, на кундузи, бир ярим минг қорамолнинг бари бошингда мўнграб туради. Шиптир-шилта кечмай, кўр-чи, ичмай кўр-чи, хотинингни, чўпон-чўлиқларингни урмай кўр-чи, ғирт ҳайвоннинг ўзи бўласан-қоласан... Хўш, кейин ким ёмон? Бозорбой ва унга ўхшаганлар...
Сал нарсага бармокдарини нуқиб пеш қилиб туришади тағин: Бўстон Ўркунчиевни кўр, ана, илғор, ана, ўрнак... Башарасига солиб-солиб юборсанг шу илғор тавиянинг! Бўстоннинг омади бор, унинг одамлари ҳам яхши, бир борган киши ҳеч қайтиб кетмайди, битта оиладек бўлиб ишлашади. Бозорбойга ўхшаган чўпонлар ўчиб қолган движоклардан аллақачон қўлни ювиб, қўлтиққа уриб, эскичасига, керосин чироқлару қўл фонарларига ўтиб олишган. Бўстоннинг МИ —1157 деган электр генератор агрегати қўраларнинг орқасида соатдай мунтазам юриб турибди, унинг гуп-гупи узоқ-узоқлардан эшитилади, чироғи не-не жойлардан кўринади. Бўриларни орқага қайтарган ҳам аввало шу бўлди, улар етай-етай деб турганларида чироқларни кўриб, движок овозини эшитдилару тақа-тақ тўхтаб қолдилар.
Итлар ҳамон бири олиб, бири қўйиб акиллашарди. Бўрилар шу атрофда изғиб юришганга, лекин яқин келишга юрак бетламаётганга ўхшайди...
Ҳа, Бўстоннинг омади чопгани чопган. Ҳаммасини қара, ҳаммаси ораста, ҳамма нарса жой-жойида, уйлари чироқлардан чароғон, гарчи қўй қўрасида турсалар ҳам, лекин ҳаммаёқ озода, супурилган, сидирилган. Этик-пайтаваларни даҳлизда ечишга, гилам пайпоқнинг ўзида ичкарига ўтишга тўғри келди.
Одамнинг бир омади келса, ҳамма нарсада келади. Муни қарангки Бозорбой илгари билмаган экан. Довонда нобуд бўлган Эрназарнинг беваси дуркунгина, ўктамгина жувон экан. Мана, энди шу Гулимхонни, Бўстоннинг хотинини олинг. Қанча ғамларни бошидан кечирмади, лекин ҳозир ўйнаб-кулиб бахтиёр бўлиб юрибди. Ёши ҳам ҳойнаҳой ҳали қирққа етмагандир. Унинг Эрназардан қолган икки қизи интернатда ўқишади. Бунинг устига омади чопса шунақа бўлади-да, яқинда Бўстонга ўғил туғиб берди. Олдинги хотинидан Бўстонга икки қиз қолишган эди, улар катта бўлишиб, турмушга чиқишиб, ўзларидан тинчиб кетишди. Гулимхоннинг ўзи ҳам очиқ чеҳраликкина аёл экан, ақли-ҳуши ҳам (ўзига етарлича, фаҳми-фаросати ҳам жойида, Бўстон ва Бозорбой икковлари бир-бириларига тоқат қилолмасликларини аниқ билади, лекин заррача сир бой бермай, уни очиқ юз билан қарши олди, ачинган, тасалли берган бўлди. Келинг, келинг, қўшнимизнинг қўшниси, тўрга ўтинг, ана гилам, ўтиринг, вой, намунча бўрилар сизни қувламаса, вой, омон-эсон қутулибсиз-ей бир балодан, ота-боболаримизнинг арвоҳлари қўллабди сизни, кулфатингиз аригани рост бўлсин. Лекин, ўзлари уйда йўқ эдилар. Районга мажлисга кетган эдилар, тезда келиб қолишлари керак. Директорнинг «Газиги»да ташлаб кетишмоқчи эди, ўтиринг, ўтиринг, ўтиринг, ҳозир чой дамлаб келаман, бирпас шошмай турсангиз, иссиқ овқат ҳам тайёр бўлади.
Кўргилик экан, ҳамон мундоқ меҳмоннавозликлар борлигини билди, Бозорбой ҳар қалай уй бекасини бир синаб кўрай-чи, чақирилмаган қўноққа меҳрибончиликлари ростмикан, деди. Бунинг устига қоча-қоча бўларича бўлган, сал ўзимга келволай деб, ичкиси қистаб, ароқ сўрагани жазм қилди. У бетини сидириб ташлади:
— Чойни хотинлар ичади,— деди у дабдурустдан.— Гапимдан хафа бўлма. Лекин Бўстондай давлатманд одамнинг уйидан ўткиррок бир нарса топилмайдими? Довруқ солиб юрган одам-ку, Бўстон!
Бозорбойнинг ўзи асли шундай итфеъл эди. Мабодо, ичкилик олиб келмаганларида ҳам, у Бўстоннинг хотини туси қочганлигини кўриб, ич-ичидан мамнун бўлди. Бозорбойнинг бетгачопарлиги Гулимхонга ёқмади. Нима, оҳанжама қилиб ўтирадими, хон бўлмаса, бек бўлмаса, бор-йўғи жўнгина бир чўпон — кўйбоқар бўлса?
— Вой, гапингизни қаранг,— деди Гулимхон сал ранги ўчиб.— Бўстонингизни ҳеч шу қуриб кеткурга ҳуши йўқ, шунинг учун...
— Биламан, биламан, Бўстонинг ичмайди!— унинг гапини писанд қилмай бўлди Бозорбой.— Бир айтдим-қўйдим-да. Чойингга раҳмат. Ўйловдимки, ўзи ичмайдию, лекин меҳмонларга...
— Вой, у нима деганингиз,— қисинди Гулимхон ва Бозорбойнинг ёнида ўтирган Рисқулга қаради. Рисқулнинг тиззалари бўри болалари солинган ўша қурмағур хуржунга тегиб турарди.
Рисқул ароққа чиқмоқчи бўлиб, ўрнидан қўзғалган эди, шу пайт эшикда Бўстоннинг иккинчи ёрдамчиси пединститутни чала ташлаб кетган, оёқ-қўли чаққон ва чапдаст йигитча Марат кўринди. Унинг областда кўрмаган жойи, қилмаган иши йўқ, мана энди эси кириб, Бўстоннинг олдида маҳкам ўрнашиб қўя қолган эди.
— Менга қара, Марат,— деди унга Рисқул.— Беркитиб қўйган яримтанг бор эди шекилли. Биламан сени. Қўрқма, агар Бўстон сўраса, мен жавобини бераман. Обке, тезроқ ўша яримтангни. Бозорбойнинг ўлжасини ювамиз.
—   Ювамизми? Мен бирпасда!— мамнун бўлиб ҳа-холади Марат.
Ярим стакандан кейин Бозорбойнинг хафагарчилиги ёзилди. Қўрқув кетиб, яна ўша-ўша қашшанг ва бетамиз Бозорбой бўлди-қолди. Худди ўз уйидай гиламга ёнбошлаб, бошидан кечирганларини ҳикоя қилди, бўри болаларини хуржундан чиқариб кўрсатди. Шунда ўзи ҳам уларни яхшилаб кўриб олди. Олдин бўричалар қимирлагилари келмай турди, ҳеч нарсага қарашмади, худди ҳимоя истагандай қайгадир яширинмоқчи бўлишарди, кейин иссиқ таъсир қилди шекилли, жонланиб, ғимирлаб қолишди, уй ичида ҳар ёққа думалаб, ингиллаб, тумшуқчаларини ўтирганларнинг тиззаларига уришди. Улар ҳеч нарсани кўрмаган, билмаган кўзчаларини мўлтиллатишиб, оналарини, унинг эмчакларини қидиришарди. Уй бекаси юраги ачиб, бошини сарак-сарак қилди:
— Вой, шўрликкиналар-ей, очкаб кетишибди-ку! Бўри боласи бўлса-да, барибир бола-да. Нима, буларни очдан ўлдирмоқчимисиз? Нима қиласиз?
— Нега энди ўларкан?— хафа бўлди Бозорбой.— Буларнинг жони тошдан ҳам қаттиқ. Икки кун боқиб тураману кейин районга топшираман. Ҳайвонот базасида билишади уларни қандай боқишни. Хўжайинларнинг қўлидан ҳар нарса келади — хоҳласа, бўрини ҳам кўлга ўргатиб, циркда ўйнатади, чипта сотиб, пул йиғади. Балки буларни ҳам циркка олишар.
Бекач билан бирга ачинишиб турган одамлар бу гапга илжайиб қўйишди. Лекин, бўри болаларини томоша қилгани келган хотинлар бир-бирларига пичирлаша бошлашди.
— Бозорбой,— деди Гулимхон,— бу ерда сут бериб боқилаётган қўзилар бор. Қўзиларнинг сутидан бўричаларга ичирсак, бўлмасмикин?
— Бўлади!— кулиб юборди Бозорбой.— Қўйлар бўриларни боқсин. Қойил! Қани, олиб келинглар!
Уларнинг ҳар бири кейин мана шу соатни эслаб, қўрқиб ёқасини ушлайди. Йиртқич болаларини қўй сути билан боқишаётгани ҳам, бўричаларнинг эркаланиб, алпонг-талпонг қадам ташлашлари ҳам, улардан бирининг кўзи кўк эканлиги ҳам йиғилганларга қизиқ эрмак бўлиб туюларди. Ахир, қиз бўрининг кўзи кўк бўлади деб, ким эшитган? Бунақасини фақат чўпчаклардагина учратиш мумкин. Бўстоннинг кичкинтойи Кенжашнинг ҳурсанд бўлганини айтмайсизми? Бирдан тўртта ширин думалашиб юрган бўричаларни кўриб кичкинтойнинг кўзлари ўйнаб кетди. Бир ярим яшар Кенжаш фақат ўзи тушунадиган тилда алланарсалар деб чулдирар, бўривойлар билан ачомлашиб ўйнашар, буни кўриб, катталарнинг завқи келарди. Тўртала бўрича ҳам худди бу ердаги энг яқин ва ишончли кимсаларидай негадир тинмай унга суйкалишарди. Катталар: қаранг, бола болани билади-да, деб бир-бирларига сўз қотишар, Гулимхон, ўғлингиз асти нималар деяпти, деб сўрашарди. Гулимхон эса очилиб-сочилиб, ўғилчасини бағрига босар, эркаларди:
— Вой, кучук, кучугим, вой сени қара! Кўрдингми бўричаларни. Қара, қандай юмшоқ, чиройли. Сен улар билан ўрток бўласанми, а? Шунда Бозорбой бир сўз деди. Унинг бу сўзларини кейин эслаб юришди:
— Уйдаги битта бўри бешта бўлди. Бўри бўлишни хоҳлайсанми? Вой,  Бўстоннинг тўрва қоқдиси-ей, сени булар билан бўри инига обориб қўяйми, бирга катта бўласан...
Ҳаммалари ҳазил-ҳазил қилиб кулишар, чой ичишарди. Бозорбой билан Марат яримтани тугатишган, юзлари қип-қизариб, бўғриқиб кетган, қовурилган гўшт-ёғ ейишар, ичган сайин ўзлари ҳам, тиллари ҳам ечилиб борарди. Ҳовли жим-жит бўлиб қолди — итлар вовуллашдан тўхташди, жунлари қалин каттакон Жайсон деган малла ит эса бирдан ярим очиқ қолган эшик остонасида пайдо бўлди. У эшик олдида туриб думини ликиллатар, ичкарига киришга юраги бетламасди. Унга бир бурда нон ташлашди, ит нонни ҳавода илиб олди, тишлари шақиллаб кетди. Шунда кайфи чоғ Марат ҳаммани қулдириш учун бўричалардан бирини ушлаб кўтарди-да уни итга рўпара қилди.
— Қани, Жайсон, ол, ол буни! Ол дейман!— у қалтираб турган мурғак бўричани ит олдига ташлади.
Ҳаммани ҳайрон қилиб, Жайсон жаҳли чиқиб ириллади, думини қисди, бўйнини ичига тортиб тирақайлаб қочиб кетди. Кейин ҳовлига, деразанинг тагига етгач, ночор ва қулинч вовуллади. Ҳаммалари ха-холаб кулиб юборишди. Айниқса, Бозорбой қаттиқ кулди:
— Қўй, бекорга уринма, Марат! Ит деганинг бўрининг ҳидигаёқ ўтириб қўяди! Нима, Жайсонингни йўлбарс деб юрувдингми? Бунақасини ҳеч ким кўрмаган!
Кичкинтой Кенжаш бўри боласи учун қўрқиб йиғлаб юборди. Ҳамма кулишдан тўхтади. Катталарнинг зил ҳазилларидан бўричани ҳимоя қилмоқчи бўлгандай, унинг олдига эмаклаб борди.
Кўп ўтмай Бозорбой хуржунга бўри болаларини солди-да, жўнаб кетди. Бу орада оти ҳам анча дам олган, унга бошқатдан згар-жабдуқ уришган, у шундан сўнг Бўстон қўрасидан шаҳдам йўлга тушган эди. Марат ва Рисқул отга миниб, елкаларига милтиқ осиб Бозорбойнинг икки ёнида кузатиб боришди. Уларнинг икковлари ҳам ичишган, лекин Маратнинг кайфи ошиброқ қолган, шунинг учун оғзи гапдан бўшамасди. Чақирилмаган меҳмон Бўстоннинг уйидан хайрлашиб чиқаркан, орада андак кўнгилхиралик ҳам бўлиб ўтди. Ана шуни сипоришлаш учун бу бақувват йигитлар Бозорбойни кузатгани чиққан эдилар.
Бозорбой уйдан чиқмоқчи бўлиб, қўлидаги бўричалар солинган хуржунни эгарга ташлаб қўярсан, дегандай қилиб Маратга берди. У Бўстоннинг қўрасида иззати жойига қўйилгандан хурсанд эди. Бозорбой деворда каттакон бўри териси ёнида осиғлиқ турган милтиқни қўлига олди. У милтиқни диққат билан кўздан кечирди. Қорамтир пўлати ярақлаб турган, кўп ўқланадиган, йирик ўлжа уришга мўлжалланган сойли милтиқ кўзни қувонтирар, у Бозорбойга ростданам ёқди. Деворга осилган бўри терисини Бўстон шу милтиқдан аниқ нишонга уриб қўлга киритган эди. Буни шу атрофда билмаган одам йўқ.
— Менга қара, Гулимхон,— бамайлихотир деди Бозорбой мастона кўзларини милтиқдан узиб бекага тикиларкан. Бу Гулимхон дегани чеккароқ ерда қўлимга тушса борми... Ҳаёлининг бир четидан ўтди унинг. У хотинларга дуч келган жойда, даладами, йўлдами шартта чангал солишга ўрганиб қолган, ниятига етгач, бундан заррача ачиниб ўтирмас, мана, ҳозир Гулимхонни ўз хотини Кўк Турсун билан қиёслаб кўраркан, Гулимхон эмас, шу жонга теккан, совуқ ошдай бўлиб қолган хотин ўз чекига тушганлигидан фиғони ошди. Мабодо шу тобда хотини кўзига тушса, унга тарсиллатиб шапалоқ тортиб юборишдан ҳам тоймасди бу бадбахт. Бозорбой ўзини базўр қўлга олиб деди:— Яхши яшар экансизлар. Сен яхши бекасан. Мен нима демоқчи эдим? Биласанми, Гулимхон, бўрилар яна кетимдан тушадими деб, қўрқаяпман. Мен шу милтиқни ола кетсам бўлармикин, эртага бировдан жўнатиб юборардим...
— Худо ҳақи, жойига илиб қўйинг,— қатъий деди Гулимхон.— Бўстон милтиғига ҳеч кимнинг қўлини теккизмайди. Милтиғини биров ушласа, ёмон кўради.
— Нима, битта милтиққа кучинг етмайдими?— тумтайиб иршайди Бозорбой. У қулай пайт топса, бу жувонни қандоқ қучоқлашини ярқ этиб кўз ўнгига келтирди.
— Э, нима деяпсиз? Бўстон келиб, милтиқ жойида йўқлигини кўрса, нима, бу менга... Ўқлари қаердалигини ҳам билмайман. Бўстон уларни яшириб қўяди. Бировга бир донасини бермайди.
Бозорбой ичида Бўстонни бўралаб сўкди. Ўзидан ҳам хафа бўлиб кетди: Бўстоннинг бунчалар қурумсоқлигини у билмасмиди, мана, хотини ҳам эридан бир тук қолишмас экан; сал бўлмаса, у жувонга милтиғинг бошингдан қолсин, деб юборай деди. Лекин шу пайт Рисқул жонга оро кирди, уни ноқулай аҳволдан қутқарди.
— Бекор ташвиш чекяпсиз, Бозаке. Марат билан сизни отлиқ кузатиб қўямиз, хоҳласангиз уйингизгача борамиз,— деб ишонтирди у кула-кула.— Вақтимиз эса бор, тун ўзимизники. Бу милтиққа эса сиз, яхшиси, тегманг. Жойига осиб қўйинг. Билмайсизми, уни ўз оти билан Бўстон деб қўйибдилар. Жуда тартибли одам!
Улар энди чиқмоқчи бўлиб турганларида Рисқул яна бирпас ушланиб қолди. У Бўстоннинг ўғилчасини алдаб юпатишга тушди. Болакай амаки бўричаларни хуржунга солганини кўриб, ариллаб йиғлаб берди. Қаёққа олиб кетяпти деб. Кичкинтой ўзини ерга урар, онасининг бағридан юлқиниб чиқмоқчи бўлар, бўричаларни қайтариб беришни талаб қиларди...
Қўрадан чиққанларидан кейин ўқишни чала ташлаб кетган Марат ҳамроҳларини зериктириб қўймаслик учун ўзига қизиқ бўлиб кўринган бир ҳангомани бошлаб юборди.
— Яқинда районимизда бир антиқа воқеа рўй берди. Кулавериб ичакларинг узилиб кетади! Эшитмовдингизми, Бозаке?
— Эшитганим йўқ,— деди Бозорбой.
— Э, тоза ғовға бўлиб кетди. Чин сўзим!
— Қани, қани, эшитайлик студентдан,— деди унинг қитиқ патига тегиб Рисқул отини йўрттириб бораркан.
— Областимизнинг раҳбарларидан бири район газетамизнинг редакторига қўнғироқ қилибди. Нима учун сизларнинг «Социализм тонги» газетангизда капиталистик Американи тарғиб этишяпти?— Редактор билан бир пайт бирга ўқиганман, жуда ҳам қўрқоқ ва лаганбардор одам, раҳбарнинг сўзларидан тили калимага келмай қолибди. «Б-биз А-Американи ё-ёзга-анимиз йў-ўқ! К-кечири-инг, қ-қана-ақа та-арғи-бот?» Раҳбар айтармиш: «Ҳали ёзмаганларинг шуми? Манови нима, оқ қоғозга қоп-қора қилиб ёзгансизлар?— «Бўстонга эргашайлик?»
—«Э, бу илғор чўпонимиз Бўстон Ўркунчиев ҳақида ёзилган».— «Мен ҳам биламан у ҳақда ёзилганини. Аммо кўплар фақат сарлавҳанинг ўзини ўқишади». Ҳа-ҳа-ҳа! Ана, кўрдингизми? Зўрми? «Хўп, унда нима қилайлик?»— деб сўрабди редактор. Раҳбар айтармиш: «Илғорга тайинланг, номини ўзгартирсин».
— Тўхта!— деди Бозорбой,— нима Америкада ҳам Бўстон борми?
— Э, йўқ,— деди кулиб Марат.— Бўстон — Американинг катта шаҳарларидан бири, Нью-Йоркдан қолишмайди. Бизда эса Бўстон — бўз тўн дегани, яъни кулранг чопон. Тушундингми?
— Туф-эй, ана, қурғурни қара, рост, рост!— деб тасдиқлади Бозорбой, бу гапларнинг бари икки пулга қимматлиги, Бўстоннинг обрўйига заррача ҳам путур етказолмаслигидан ачиниб.— Худди ўзи. Бўстон деб чопонни айтамиз...
Кечанинг серюлдуз фалаги — сарбаланд тоғлар қоронғуликда қуд-ратли яғрини элас-элас кўзга чалиниб турган кўл узра ёйилди. Уч отлиқ ҳазил-ҳузул қилишиб Таманга кетиб боришар, шу кеча бир қанча одамларнинг тақдир калавалари ечиб бўлмайдиган даражада оғир чувалашиб кетганлигини ҳаёлларига ҳам келтирмас эдилар... Мана, уларнинг гап-сўзлари, от тақаларининг тошларга урилган овозлари борган сари секинлаб, сўнг бутунлай эшитилмай қолди... Бўстон движогининг пат-пати ҳам орқада сўнди, унинг чироқлари тоғларга чўккан қоронғулик ичидан чўпонларнинг бир неча қўралари-ю ҳовлиларига оқ шуълалар таратарди.
Қаердадир узоқ кетмай қашқирлар изғишарди...

II

Гулимхон кичкинтойни алдаб-сулдаб, эркалаб бир амаллаб ухлагани ётқизди, ўзи ётмай — эрини кутди. Эри ҳали-замон келиши керак эди. Ташқарида итлар бирдан баравар вовуллай бошлади. Гулимхон елкасига иссиқ рўмолини ташлаб, деразага юзини босди. Директорнинг «Газиги» чироқлари билан қоронғуликни ёриб, қўзилайдиган қўйлар сақланаётган катта қўтон олдидан қайрилди. Бўстоннинг машинадан тушгани, хайрлашиб, кабина эшигини ёпгани ва машина орқасига кескин бурилиб кетганини Гулимхон кўриб турди. Эри дарров уйга кириб келмаслигини Гулимхон биларди. Бунақа пайтларда у аввал қўтонлар ва саройларни айланади, ғарамхонага қарайди, қоровул Қудурматдан куни бўйи бўлган иш-ҳушларни сўрайди, қўйлар ётиб қолмадими, чала ташлаб қўймадими, қўзилаганлари борми, йўқми, ҳаммасини билмагунча тинчимайди,
Куни билан кўчадан ҳориб-чарчаб келган эрини қайноққина об-ош билан кутиб олиш учун Гулимхон ўчоқ тагига олдиндан ҳозирлаб қўйилган ўтинларни ташлади. Гулимхон иссиқ чой бўлмаса эрига ҳеч нарса татимаслигини билади. У қачон келаркин деб, остонага қулоқ сола бошлади. Кичкинтой Кенжаш отасининг совуқдан муздай бўлиб қолган мўйловлари юзига теккач, иссиққина тўшагида маза қилиб думалаб, лабларини чапиллатиб қўйишини тасаввурига келтирди-да, Гулимхон жилмайиб қўйди. Одатда кичкинтойни Бўстоннинг ўзи ўринга ётқизарди. Бундан олдин у билан анчагача ўралашар, ва ҳатто ҳушига келса, эшик, деразаларни маҳкам беркитиб, уйни иситиб, ўзи кичкинани тосга солиб чўмилтирарди. Қўшнилари Бўстон ёши қайтиб, болага ҳаддан зиёд меҳр қўйяпти, илгари у бундай эмасди, дейишарди. Илгари у болаларидан ҳам кўра ишни кўпроқ яхши кўрарди. Мана, энди олдинги болалари вояга етишиб, ўзлари болалик бўлиб қолишди. Ўз кунларини ўзлари кўришади. Улар Бўстонни кўргани келиб туришади. Лекин, боланинг тўрва қоқдиси ҳаммадан ҳам лазизроқ бўлар экан. Бироқ, Бўстоннинг Кенжашга бунчалар қаттиқ меҳр қўйганлигининг бошқа бир аччиқ сабаби ҳам йўқ эмас. Буни бир Гулимхон билмаса, тушунмаса, ким билади, тушунади. Ахир, улар бир кунмас-бир кун эр-хотин бўламиз, фарзанд кўрамиз деб, ҳеч ҳаёлларига келтиришибдими: ахир, унинг эри Эрназар довонда нобуд бўлмасайди, ва шундан сўнг кўп вақт ўтмай Бўстоннинг биринчи хотини Орзигул қазо қилмасайди, бу ишлар қаёқда эди. Улар ўтган ишга салавот деб қўйишган, лекин ёлғиз қолган чоғларида ҳар бирлари ўз ҳаёлларига ғарқ бўладилар, кечган кунларини ўйлайдилар... Кичкинтой — уларни бир-бирларига мустаҳкамроқ боғлаб туради. Ахир, у не-не машаққатларнинг ширин меваси. Ахир довонга йўлни Бўстон бошлаган эди, ўшанда ёрдамчиси Эрназар унинг кўз ўнгида ҳалок бўлди, кўз илғамас чуқур музлик қаърида қолиб кетди... Фақат шу кичкинтойгина Бўстон юрагидаги ўпқонни тўлдириб турар, ярасига малҳам эди. Бинобарин, қадимдан қолган гап бор — фақат туғилишгина ўлимнинг ўрнини тўлдиради.
Мана, ниҳоят қадам товушлари эшитилди, Гулимхон эрининг қошига югуриб чиқди, этигини ечишга қарашди, сув, совун, сочиқ келтирди. Эрининг қўлига индамай сув қуйди, улар одатда, кейин — чой устида бафуржа ўтириб гаплашишади. Ўшанда эри: «Мана, энди қулоқ сол, дунёда нималар бўлмайди-я»,— дейди-да, кўрган-билганларини ҳаммасини бир бошдан оқизмай-томизмай ҳикоя қилиб беради. Улар икковлари мана шундай ёлғиз қолган пайтларида ўзларини жуда яхши сезишади. Бу бир-бирларига жуда яқин бўлиб кетган одамларнинг ўзаро гапи,— у худди таниш соҳилга ўхшайди, қаери паст, қаери чуқур-олдиндан маълум. Эсида, Орзигул қазо қилганига бир йилдан ошган, барча таъзия маросимлари ўтган эди. Улар алоҳа турмуш қурадиган бўлишди. Ўшанда Бўстон унинг кўл бўйида жойлашган қишлоқ чеккасидаги уйига тоғдан тушиб келди. Ўшанда улар Бўстоннинг отини отхонада қолдириб, одамлар кўз ўнгида ўзларини биргаликда ғоятда ўнғайсиз ҳис қилиб, автобусга ўтириб, район ЗАГСига боришди, зарур қоғозларга тезгина қўл қўйиб, тезгина чиқиб кетишди, кейин яна автобусга ўтиргилари, кўчаларда таниш одамларни учратгилари келмай кўлга караб юришди, сўнг соҳил бўйидан унинг бева бошпанасига ўтишди. Кузнинг қуруқ кунлари. Қилт этган шабада йўқ. Иссиқкўлнинг тиниқ мовий юзаси ҳар қачонгидан ғоятда сокин ва шаффоф эди. Ўшанда Бўстон тилоғоч бутазори ўсган соҳилга тушган сўқмоқнинг бошида қирғоққа боғлаб қўйилган икки қайиқни кўриб тўхтади. Қайиқлар оҳиста чайқалишар, сувнинг қумлоқ таги яққол кўриниб турарди.
«Қара, атроф сув, тоғлар, ер — мана шунинг ҳаммаси ҳаёт. Манов икки қайиқ эса тоб сен билан менга ўхшайди. Тўлқин бизни қаёққа бошлаб кетади — ҳали кўрамиз. Бошимизга нималар тушди, нималар кечирдик — то тирик эканмиз, доим хотирамизда туради, биздан қочиб кетмайди. Ке, доим бошимиз қовушиб, бирга бўлайлик. Мени чол десанг ҳам бўлади. Қиш кирса, қирқ тўққизга тўламан. Сенинг болаларинг эса ёш, уларни ўқитиш, одам қилиш керак... Юр, буд-шудни йиғиштирайлик. Балиқчининг қизисан. Сени тоғларга олиб кетаман... Мен бир ўзим яшолмайман, тоқатим қолмади...»
Гулимхон негалигини ўзи ҳам билмаган ҳолда йиғлаб юборди, Бўстон уни узоқ юпатиб турди... Кейин ўзлари ёлғиз қолган чоғларида турмуш ҳақида гаплашишар экан, Гулимхон тез-тез соҳилдаги ўша икки қайиқни эсларди. Шунинг учун ҳам, энг яқин одаминг билан қиладиган суҳбатинг худди таниш соҳилга ўхшайди, деб ўйларди у. Бироқ, бу сафар эри назарида одатдагидан сал ташвишлироқ кўринди. Бўстон даҳлиздаги лип-лип қилиб турган чироқнинг ёруғида йирик дағал қўлларини сочиққа атай эринмай артарди. У хотинига қараганда бўйи анча баланд, бир оз қисилган кўкимтир кўзлари норизо боқар, шамоллар ялайвериб пишиган чўнг ва қуйма даҳани қурч каби қорайган эди. Тинчликмикин ишқилиб? Қўлларини артиб бўлгач, Бўстон Кенжаш тепасига борди. Ўз қўли билан ясаган ёғоч каравот олдида чўк тушиб ўтирди, ўғлини эркалаб дағал лабларини унинг юзига босди, кичкинтой отасини сезиб, ўрнидан ширин қимирлаб қўйди, буни кўрган Бўстон беихтиёр жилмайди.

— Мен йўғимда бу ерга Бозорбой келган эмиш,— деб сўз қотди у овқатга ўтираркан.— Хосияти йўқ бу ишнинг...
Гулимхон бу сўзларни ўзича тушуниб, қизариб кетди, жаҳлини босиб хафа бўлиб деди:
— Мен нима қилай ахир? Ўзлари уйга бостириб келиб қолишди. Бўри болаларини тутишган экан, кўрсатамиз дейишди. Кенжаш ёпишиб олса бўладими — ёш болага ўйин-да... Чой қўйдим кейин олдиларига.
— Буни айтаётганим йўқ. Майли-ку-я, ўзи келар ёр-ёр, ўзи кетар ёр-ёр. Хосиятсиз одам дейман-да...
— Нима қипти шунга?— унинг нима демоқчилигини англолмай деди Гулимхон.— Ўзингиз ҳам бўриларни отгансиз-ку. Ана, териси бултурдан бери осилиб ётибди, хўпам яхши ошлашган экан терисини,— у девордаги бўри терисига ишора қилди.
— Туришга-ку турибди-я,— жавоб берди Бўстон хотинига бўш пиёлани узатаркан. Гапинг рост, мен ҳам бир пайт бўри отганман. Нима қилайлик, дунё шундай қурилган экан, бир ёқда одам бор экан, бир ёкда бўри. Лекин мен ҳеч қачон бўри уясини тўзғитмаганман. Шумқадам Бозорбой деганинг бўлтириқларни ўғирлаб олибди, катта бўрилар эса омон қолибди, энди улар тоза қутуришади. Ҳаммадан бизга ёмон бўлади. Бўрилар шу атрофда ин қуришган, аламини биздан олмасалар гўргайди...
Гулимхон унинг сўзларидан донг қотиб қолди. У ҳамма хотинлар га ўхшаб оҳ-воҳ қилди, хўрсинди, елкасига оғиб тўкилган соч ўримларини тузатди.
— Вой, шўрим! У шумқадамнинг ўзи нима қилиб бизнинг томонларда адашиб юрибди экан? Бўрининг инига тегиб нима бор? Одам ачинади. Ҳайвон бўлса ҳам, боласи ўзига ширин. Ҳамма билади буни. Ўшанда бу ақлимга келмаганини қаранг.
— Мен бошқа нарсани ўйлаяпман,— деди ташвишланиб Бўстон.— Қандай бўри экан бўлар? Ановлар эмасми?— Бўстон жим қолди. Сўнг қўшиб қўйди:— Қудурматнинг гапига қараганда, бўрилар Бозорбойни Бошат дараси томондан қувиб келишганмиш.
— Нима қилди?
— Анови келгинди бўрилар — Тошчайнар билан Акбара бўлмасин дейман-да ишқилиб. Шундай бир жуфт бўри бор.
— Вой, қўйинг, ҳазилингиз қурсин! — қиқирлаб кулиб юборди Гулимхон.— Ҳеч замонда бўриларнинг ҳам одамлардай оти бўладими? Ҳазиллашасиз!
— Ҳазилинг нимаси! Ҳазил гап эмас. Бу бўриларни биз биламиз. Ўзимизнинг бўриларга ўхшамайди. Кўрган одамлар бор. Жуда қаҳри қаттиқ бу бўриларнинг. Иккови ҳам кучли. Қопқонга тушмайди. Отаман десанг, кўзга кўринмайди. Қурмағур ароқхўр Бозорбой келиб-келиб уларнинг инларига дуч келиб қолганини қара. Бутун наслини қуритибди. Тағин сен уларнинг ўз отлари борлигига ҳайрон бўлиб ўтирибсан! Эркаги Тошчайнар шунақанги кучлики, ҳатто отни ағдаради. Онабоши Акбара эса ҳаддан ташқари ақлли, мен бунақа ақлли даррандани кўрмаганман! Шунинг учун жуда хатарли.
— Бўлди қилинг, отаси, юрагимни чиқарманг! Нима, мени бола фаҳмлаяпсизми? — ишонмай илжайди Гулимхон.— Худди болаликдан улар билан бирга ўсгандай гапирасиз...Ҳеч одамнинг ишонгиси келмайди...
Бўстон хайр майли, дегандай кўнгилчан кулиб қўйди, лекин ўйланиб колди, хотинини тинчлантирмаса бўлмаслигини билди.
— Бўлар иш бўлибди,— деди у бир оз жим ўтиргач,— ҳаёлингдан чиқариб ташла. Бир димоғингни чоғ қилай дедим-да. Қани, тўшакни сол. Кеч бўлиб кетди. Эрталаб барвақтроқ туриш керак. Эрта-индин ялписига қўзилаш бошланади. Баъзи қўйлар кечаси ё эртага эрталаб туғиб қўйиши мумкин. Айниқса, иккита, учталаб қўзилайдиганлари!
Чироқни ўчириб ўринга кирганларидан сўнг одатда дарров ухлаб қоладиган Бўстон районда бўлган мажлис, унда мана шу билан нечанчи марта нега ҳозирги ёшлар чорвачиликка қизиқмаётганлиги, нималар ва қандай қилиш кераклиги ҳақида икки оғизгина сўйлаб берди. Шунда ташқарида от туёқларининг товуши эшитилди. Гулимхон ўрнидан дик этиб турди, ички кўйлакда елкасига шол рўмолини ташлаб дарча олдига келди. Катта қўтон олдида милтиқ осган икки отлиқ отдан тушаётганларини кўрди.
— Рисқул билан Марат қайтиб келишди,— деди у.— Бозорбойни кузатиб қўйгани кетишган эди.
— Вой, тентаклар-эй! — деб ғўлдиради Бўстон ва шу заҳоти ухлаб қолди.
Гулимхон анчагача ухлолмай ётди. Каравотда ётган ўғилчасининг устини тўғрилади. Боласи тушмагур, доим устидаги кўрпаларини тепиб ташлайди, қорни очилиб қолади. Бола эмас, бало, ҳеч ухлагани бермайди, айниқса, кўзини уйқу тортиб кетаётган маҳалда. Ҳозир Гулимхоннинг уйқуси қочди. Хўп серғалва, бевош кун бўлди-да бугун. Ҳаммасига Бозорбой сабабчи. Осмондан тушгандай келиб қолганини қаранг. Кўзим учиб турувди сенга. Айниқса, Бўстон жини суймайди. Бўстон ўзи шунақа, шовқин-суронни, шошқалоқликни, Бозорбойга ўхшаган тамизи йўқларни гарчи шахсан ҳеч қандай ёмонлик қилмаган бўлса ҳам, ёқтирмайди. Бозорбойнинг эса Бўстонга бахиллиги келади, иши юришган, ошиғи олчи дейишади... Лекин иш юришсин деб, қанча тер тўкиш, ақл ишлатиш керак, Бозорбой буни билмайди. Эртага тонг қоронғусидан ишга шўнғиб кетади, то кеч говгумгача қўли бўшамайди, ҳаммасига ўзи қарайди, ўзи режа олади, пухталаб кўз солади...
Гулимхон дераза олдига келиб, сутдай оқариб ётган тун бағрига тикилди. Ой тизим-тизим тоғ ўркачлари узра порларди, дурдона юлдузлар бодраб чиққанди. Эрталабга қараб ой ботади, юлдузлар сўнади, аммо шу кеч алламаҳалда туннинг чеки йўқдай, ҳеч қачон тонг оқармайдигандай кўринарди. Тоғ этаклари сукунатида чекдаги пат-патнинг овозигина ҳоким эди.
Гулимхон узоқ ухладими, айтиш қийин, балки кўзи уйқуга эндигина илингандир, лекин шунда уйқу аралаш қулоғига итларнинг акил-лашгани ва қандайдир увлаган овоз чалинди. Гулимхон уйқудан базўр кўзини очди, энди бўрининг чўзиб-чўзиб, нола қилиб улиганини аниқ эшитди. Ув солган овоз кўкка ўрлар ва юракка оғир ваҳима соларди. Гулимхонни титроқ босди, у эрига яқинроқ сурилиб ётди, унинг бағрига тиқилди. Сал ўтмай бўри улиши аччиқ, аламли йиғига айланди. Азоб-уқубатда қолган махлуқ ғамини ҳеч қаёққа сиғдиролмай фарёд кўтарарди.
— Акбара-ку! — уйқу аралаш хириллаган овоз билан деди Бўстон ёстиқдан шаҳд бошини кўтариб.
— Қанақа Акбара? — сўради Гулимхон гап нима ҳақида бораётганлигини англамай.
— Она бўри! — деди Бўстон бўри овозига қулоқ тутиб, сўнг қўшиб қўйди: — Тошчайнар ҳам қўшилишиб увлаяпти. Эшитяпсанми, қассобхонадаги буқадай бўкиряпти.
Улар нафасларини ичларига ютиб қотиб қолдилар.
— Ув-ув-ув-в-ва-ув-В-ва-а-а-у! — андуҳ тўла фарёд тараларди чексиз тун қўйнида.
— Нима, нимага увлаяпти? — қўрқиб пичирлади Гулимхон.
—   Нима бўларди? Аламидан йиғлаяпти!
Улар индамай қолдилар.
— Вой қисталоқ! — жаҳли чиқиб сўкинди Бўстон.— Сен ёта тур, болага қара, уйғониб кетмасин. Э, қўрқма, нимадан қўрқасан, нодон! Бўри хўп увлаяпти яқин ўртада, боласини соғиниб довлаяпти, хўп, нима қилиш керак? Мен қўтонлардан хабар олай-чи, нима гап экан?
У шундан сўнг апил-тапил кийинди, даҳлизга ўтиб этигини оёғига тортди, сўнг хонага қайтиб кириб, чироқни ўчирди-да, эшик-ни маҳкам ёпиб ташқарига чиқди. Гулимхон унинг дераза ёнидан ўтгани, алланималар деб, сўкингани, «Жайсон! Жайсон! Маҳ!»— деб итни чақиргани ва қадамлари аста узоқлашиб кетганини тинглаб ётди. Шунда яна она бўрининг чўзиб ув тортгани, эркагининг дўриллаб унга жўр бўлгани эшитилди. Улар тортаётган уввос сасида қаҳру-ғазаб кўпириб тошар, дўқ йиғи билан алмашар, кейин яна телба васваса шиддатли хуружга минар, сўнг умидсиз ёлвормоққа ўтарди...
Одамнинг юрагини эзиб, буйдалаб юбормоқдайди бўриларнинг уввоси. Гулимхон қулоғини чиппа беркитди, сўнг бориб, худди қашқирлар уйга бостириб кирадигандай эшикнинг илгагини солди, қалтираб, шол рўмолига ўраниб, нима қилишини билмай гарангсиб ўрин тепасига келди. Ишқилиб, бола уйғониб, қўрқиб кетмасин-да, деди у. Ичи шундай алағ-чалағ эди.
Бўрилар эса ҳамон ув тортишар, улар худди шу яқин орада айланишиб, у ердан бу ерга ўтишиб, дайдишаётгандек эди. Итлар уларга жавобан қутуриб вовуллашар, лекин ҳовлилардан ташқари чиқишга ботинмасдилар. Шунда бирдан варанглаб милтиқ овози келди, яна бир отилди. Бўстон билан қоровул Қудурмат бўриларни қўрқитиш учун ўқ чиқарганларини Гулимхон тушунди.
Сўнг ҳаммаёқ жим бўлиб қолди. Итлар акиллаши босилди. Бўриларнинг ҳам уни ўчди., «Худога шукр, кетишди, одамнинг ўтакасини ёриб юборай дейишди-ей!»— ўйлади Гулимхон енгил тин олиб. Лекин барибир дили хавотирда эди. У ухлаётган Кенжашни каравотдан ўзларининг тўшакларига олиб ўтиб, ўртага ётқизди. Бу орада Бўстон қайтиб келди.
— Уйқуни ҳам ҳаром қилди, қисталоқлар,— деб норози тўнғил-ади у афтидан бўрилар ва итларни назарда тутиб.— Ҳайвон, қип-қизил ҳайвон экан, бу Бозорбой! — дерди у куфр бўлиб, қайта ўринга чўзиларкан.
Гулимхон эридан сўраб-суриштириб ўтирмади. Шусиз ҳам уйқуси чала бўлди. Эрталаб азонлаб яна қўтонларни айланиши керак. У мириқиб уйқуни уриб ётадиган чўпонлардан эмас.
Эрининг кўнгли ниҳоят жойига тушганлиги, ўғилчасини бағрига босиб, ширин сўзлар айтиб, эркалаганларини кўриб, Гулимхон ниҳоят енгил тортди. Бўстон ўзи кенжасини қаттиқ суяр, шунинг учун ҳам унга Кенжабек — наслнинг кенжа беги деб ном қўйганди. Чўпонлар ҳамма вақт бек бўлишликни орзу қилганлар, лекин тақдирнинг кулгисини кўрингни, ҳамма вақт чўпонлар — чўпон бўлиб қолаверганлар. Бўстон ҳам бундан мустасно эмасди.
Улар ўғилчани ўрталарига олиб ётганча ухлаб қолдилар. Лекин, ҳаял ўтмай яна мунглиқ бўри улисидан чўчиб уйғондилар. Итлар яна безовта вовуллаша бошладилар.
— Вой, яна нима бўлди? Қуриб кетсин шу турмуш! — уйқу азобидан норози бўлиб деди Гулимхон ва шу заҳоти айтган сўзи учун афсусланди. Бўстон индамай ўрнидан туриб, қоронғуда тимирскиланиб кийимини устига ила бошлади.— Кетманг,— илтижо қилди хотини.— Увласа увлайверсин...Мен қўрқаман, Керакмас, кетманг!
Бўстон кўна қолди. Шундай қилиб, улар қоп-қоронғу тунда, зимистон қопланган тоғларда, қоронғу уйда бўриларнинг нолакор улиганига қулоқ тутиб ётардилар. Тун ярмидан оғган, ҳализамотда тонг оқаради, бўрилар эса ҳамон қайғули, аламангиз ув тортганлари тортган эди.
— Одамнинг жонини суғуриб олай дейди-я. Уларга нима керак экан ўзи? — ўзини тутолмай деди Гулимхон.
— Нима керак буларди? Болам қани, деб сўрашяпти-да, жавоб берди Бўстон.
— Болалари бу ерда эмас-ку, ахир. Олиб кетдилар-ку аллақачон.
— Улар не билсин буни? — деди Бўстон.— Булар — Худонинг махлуқи. Фақат битта нарсани билишади: излар уларни шу ергача олиб келган. Шу ерда улар учун ҳамма нарса тамом бўлган — дунё охир бўлган. Қани, бориб уларга шуни тушунтириб кўр-чи. Аттанг, ўшанда уйда ўзим бўлмабман-да! Бозорбой аблаҳнинг шу иши учун бўйнини қайириб ташлардим. Ўлжани олган у — ўлпонини биз тўлаймиз...
Худди унинг сўзларини тасдиқлагандай қўтонлар ва қўй қўралари узра бўриларнинг дам мунгли ва оғир, дам дарғазаб ва қаҳрли уввослари таралар — аламидан ўзларини қўярга жой топмаган бўрилар атрофда тинмай изғиганлари изғиган эди.
Айниқса, Акбара ўртаниб ёнарди. У худди мозорга борган хотиндек нола чекарди. Шуни Гулимхон Эрназар довонда нобуд бўлганда, бошини деворга уриб йиғлаганларини эслади. Шу тобда аламидан дод деб юборай деди. Бўстонни уйғотиб унга ҳамма-ҳаммасини бир чеккадан сўйлаб беришига оз қолди, бундан ўзини базўр тўхтатди.
Улар шу тариқа мижжа қокмай ётишар, ёлғиз маъсум гўдак Кенжашгина мириқиб ухларди. Она бўрининг болаларидан айрилиб тинмай ув тортаётганини тингларкан, она Гулимхон гарчи ҳеч қандай хавфу хатар бўлмаса ҳам, ўз фарзандидан ташвишланарди.
Тоғларнинг боши оқарди. Қоронғулик кўк тоқларида эриб бормоқда. Тунги посбонлигини ўтаган юлдузлар бирин-бирин ўчмоқда. Олис-яқин чўққилар равшан тортди. Ер — ерга ўхшай бошлади.
Мана шу соатда Акбара билан Тошчайнар тоғларга, Бошат дараси томон кетиб борардилар. Уларнинг соялари дам адир-тепаликларга тушар, дам қоронғулик ичра йўқоларди. Бўрилар бошларини хам қилганча кадам ташлар — болаларидан айрилиш осон бўлмаганидек, тун бўйи улиб чиқиш ҳам осон эмасди. Улар йўл-йўлакай ўлжа қўтос тўши қолган ялангликка ўтишлари ҳам мумкин эди. Одатда улар тўйиб-тўйиб эт ейишдан ўзларини тийиб ўтирмасдилар. Лекин Акбаранинг кўнгли шу тобда эт тусамади ва Тошчайнар ҳам, унга буни эслатишга юраги бетламади.
Қуёш чиқай деб қолганди. Акбара инга яқинлашаркан, бирдан худди уни болакайлари кутиб тургандек, югургилаб чопиб кетди. Ушбу ғалати ҳолат — ўз-ўзини алдаш Тошчайнарга ҳам юқди. Энди улар икковлан дара ичидан ҳалака отиб югуриб боришар, бултуруқларни яна тезроқ кўрмоқ умиди юракларини ҳаприқтирарди.
Яна бари такрор бўлди. Акбара чангалзор оралаб шўнғиди, камарга кирди, ўзини қоя тагидаги инига урди, яна ҳамма ёқни искаб чиқди, совуган ўрнини тимдалади, яна бултуруклар ғойиб бўлганига ишонди, фарёд чекиб, ўзини индан ташқарига отди, кўзига аламидан ҳеч нарса кўринмай, ғор оғзида дуч келган ўнғайсиз Тошчайнарни яна тишлаб-тишлаб олди, яна жилға бўйига бориб, ҳар томонни искай кетди. Бу ерда ҳамма нарса кўзига хунук ва аламшўр бўлиб кўринди. Айниқса, тошга суяб қўйилган шишадан таралаётган ҳидга сира тоқат қилолмасди. Аччиқ, димоқни ёрадиган ҳид Акбаранинг қаҳру-ғазабини ошириб-тошириб юборди. У ваҳшат билан ириллади, ўзини тишлаб ташлади, ерни, тошни  тишлаб тирнади. Охири чидолмай фарёд кўтарди, унинг фиғону ошуби кўкдан ошди. Акбаранинг ўхшаши йўқ кўк кўзларидан олам қонли жала бўлиб ёғилди..
Оламда унга тасалли бергувчи ҳеч ким йўқ эди, ҳеч ким унга қўшилиб йиғламасди. Сарбаланд тоғлар совуқ эдилар...

III

Эртасига эрталаб соат ўнларда Бозорбой Нўйғутов район марказига бориш учун отни эгарламоқчи бўлиб туриб, бу ёққа қараб келаётган отлиққа кўзи тушди. Қизиқ, Таман қишловида нима иши бор экан? Олди очиқ сариқ поча пўстин, тулки тумоқ кийган отлиқ кунботар томондан тоғнинг кичик этагидан отни йўрттириб келарди. Эгарда у ўктам ва чапдаст ўтирарди. Бозорбой дарров, отлиқни ҳам, тикилиброқ қараб, саман отни ҳам таниди. Ҳа, чиндан ҳам адашмабди, бу Дўнкўликка миниб олган Бўстон Ўркунчиевнинг ўзгинаси эди. Бўстоннинг кутилмаганда пайдо бўлиши Бозорбойнинг кўнглини хира қилди. Шу дилхиралик билан у эгарни бир чеккага қўйиб, ўзи хуш кўрмайдиган узоқ қўшнисини кута бошлади. Бўстон мени пойлаб турибди деган ҳаёлга бормасин деб, бир даста сомон билан отни қашлай кетди. Ўзини иш билан овора одамдай кўрсатди. Бозорбойнинг назарида Бўстон уни худди қўлга туширгандай ғалати бир ҳолга тушди. У ҳовлилар, қўралар, қўтонлар, эрталаб ўз иши билан овора чўпонларни ҳаммаси жойидамикин, дегандай кўздан кечирди. Албатта, қишловда Бўстоннинг хўжалигида тартиб, саранжомлик кўпроқ. Бўстон итдай ишлайди, илғор бўлгач, бошқа иложи ҳам йўқ-да (оғзига кучи етмаган ғаламислар-э, анов ажойиб йиллар бўлсами, Бўстон аллақачон қулоқ сифатида Сибирь қилинарди, деб юришарди), Бозорбой эса, ким бўпти — жўнгина, соддагина осиёлик чўпон. Тоғу чўлларда ундайларнинг сон-саноғи йўқ. Улар миллионлаб бош қўй сурувларини суриб юришади, улар ўтган жойлардан ўт-ўлан таги-томиригача қурийди. Ундан кейин ҳар кимники ўзига. Бўстон — ўзига, Бозорбой — ўзига. Бўстон яқинлашиб келаркан, Бозорбойнинг ҳаёлида фикрлар чарх ура бошлади: «Бу қулоқ каллаи саҳарлаб нимага изғиб юрибди? Таажжуб? — ақли етмай ҳайрон бўларди Бозорбой. Нима бўлдийкин? Сабаб?» Бир кўнгли Бўстонни уйга таклиф қилсаммикин, деди, лекин бевош, бесаранжом ҳовлиси ва ҳаммадан ҳам бадбахт, шўртумшуқ Кўк Турсунни (ахир, уни Гулимхон билан асти тенглаштириб бўлармиди!) кўз ўнгига келтириб, тағин бу фикридан қайтди.
Таман қишловига кириб келаркан, Бўстон ҳовли олдида отнинг бошини тортди, атрофга аланглаб қаради ва айвон олдида уй эгасини кўргач, шу ёққа қараб юрди. Улар сиполик билан салом-алик қилдилар, Бўстон отдан тушмади, Бозорбой ўз иши билан машғул бўлди. Бу ҳолдан ҳар икковлари ҳам сира хижолатга тушганлари йўқ.
— Уйда экансан, яхши бўлди,— деди Бўстон кафти билан мўйлабларини силаб.
— Уйда бўлмай қаерда бўлардим. Хуш кептилар? Нима гап?
— Гапим бор эди.
— Сенга ўхшаган одам бекор юрмайди,— деди кибр билан Бозорбой.— Тўғри айтдимми?
— Тўғри.
— Иш билан бўлсанг, унда отдан туш.
Бўстон индамай отдан тушди, Дўнкўликни қозиққа боғлади. Одатдагидай, отнинг айилини бўшатиб қўйди, от қоринбоғдан дам олади, бемалол нафас ростлайди. Кейин атрофга синчковлик билан кўз югуртирди.
— Нима қилиб турибсан? Нимага қараяпсан? — ғаши қўзиб жеркигандай деди Бозорбой.— Манави тўнкага ўтир,— ўзи оёқ тагида думалаб ётган трактор ғилдирагига ўтирди.
Улар бир-бирларига ёвқараш қилиб туришарди. Очиғи, Бозорбойга Бўстоннинг ҳеч нарсаси ёқмайди. Чет ёқаларига барра қўзи териси ёпиштириб тикилган ёқаси очиқ почапўстин кийган бўлса, ўзига, пўстини кенг кўкрагига ярашиб турган бўлса, ўзига; соғ-лом, бақувват, ўктам, кўзлари тиниқ, тани мисдай бўлса, ўзига; Бозорбойдан беш ёш катта бўлса, ўзига: кеча кечаси билан Гулимхоннинг қучоғида ётган бўлса, ўзига; унинг булар билан неча пуллик иши бор, ахир.
— Қани, айт гапингни, қулоғим сенда,— деб бошини силкитди Бозорбой.
— Биласанми, нима иш билан келдим,— деб бошлади Бўстон.— Кўряпсанми, хуржун ҳам олиб келганман, ана эгарга боғлаб қўйибман. Ўша бўри болаларни менга бер, Бозорбой. Уларни жойига қайтариш керак.
— Қайси жойига?
— Инига дейман-да.
— Ана холос! — лабини қийшайтирди Бозорбой.— Мен бўлсам, бошим қотиб ўтирибман, илғор чўпонимиз нечук қадам ранжида қилдилар деб. Ишларини ташлаб чопиб келганини қаранг. Бўстон, эсингдан чикқанга ўхшайди, мен сенинг қўйчивонинг эмасман. Мен ҳам худди сенга ўхшаган одамман. Менга хўжайин эмас-сан.
— Гап унда эмас! Олдин сен гапни эшит. Кечаги бўлган ишни бўрилар эсларидан чиқариб юборадилар, десанг, қаттиқ хато қиласан, Бозорбой.
— Менга нима! Эсидан чиқармаса чиқармас, ишим нима, сенинг ҳам бу билан нима ишинг бор?
— Ишимиз шуки, бўрилар кеча кечаси билан қўра атрофида изғиб улиб чиқишди. Энди боласини қайтармагунча, улар тинчлик бермайди. Мен бўриларни биламан.
Бўстон унинг олдида илтимос билан келган эди. Шундан Бозорбой ўзини кўрсатгиси, мазах, майнавозчилик қилгиси келди. Ўз оёғи билан келиб, қуллуқ қилиб турибди. Мунақаси тушингга ҳам кирмайди. Бозорбой қулай фурсатдан фойдаланиб қолишни кўзлади. Бунинг устига ичида заҳарханда кулиб қўйди: кечаси билан ухламай чиқишибди, ажаб бўпти; Бўстон Гулимхонни қучоғида олиб ётолмаган бўлса, ажаб бўпти, хўп бўпти. Баттар бўлсин! У Бўстонга қинғайиб кўз қирини ташлади-да, деди:
— Бошимни қотирма, Бўстон! Топибсан аҳмоғингни! Бўри болаларини қайтариб бериш учун олганим йўқ. Ўзингга кўп бино қўяверма! Ҳар кимни кўзлагани бошқа. Сен — ўзингча, мен — ўзимча. Хотининг билан ухлолдингми, ухлолмадингми, менга бунинг алоқаси йўқ.
— Ўйлаб кўр, Бозорбой. Дарров йўқ дема.
— Нимасини ўйлаб кўради буни?
— Бекор қиляпсан,— ўзини зўрға босиб деди Бўстон. У катта хато қилиб қўйганини англади. Энди охирги чора қолган эди.— Ундоқ бўлса,— деди у ҳамон ўзини оғирликка солиб,— ке, ҳаппа-ҳалол савдолашиб қўя қоламиз, сен сотасан, мен оламан. Сен бари бир уларни пуллайсан, яхшиси, менга пуллаб қўя қол. Нархингни айту — қўлни ташла!
— Сотмайман! — Бозорбой ўрнидан сакраб туриб кетди.— Сенга ҳеч қачон сотмайман! Гапини қаранг — сот эмиш! Сенинг пулинг бору меники йўқми! Тупурдим ўша пулларингга! Мен буларни сотиб, пулига ичаман, лекин сенга сотмайман, билдингми? Ким бўлсанг, ўзингга, тупурдим ҳаммасига! Менга қара, ҳой, тезроқ, отингга ўтиргин-да, яхшиликча бу ердан жўнаб қол!
— Тентак бўлма, Бозорбой. Мундоқ эркакларга ўхшаб гаплаш. Сенга нима фарқи бор, кимга сотишнинг?
— Ўзим биламан! Менга ўргатма! Ақлим ўзимга етади. Менга қара, ҳой, бу партия мажлисларида ўзингни кўрсатиб мақтанишни биласан, андоқ қилодирмиз, мандоқ қилодирмиз деб, ҳамманинг бошини қотирасан. Э, агар хоҳласанг, мен ўша партия мажлисида бир пўстагингни қоқайки, ҳеч эсингдан чиқмайдиган бўлади, уйингни тополмай қоласан. Хоҳлайсанми?!
— Вой-бу! — чин юракдан ҳайрон бўлди Бўстон Бозорбойдан ўзини беихтиёр қўли билан тўсиб,— сен мени қўрқитгунча, мундай тушунтириб бер-чи, сени қайси ит талади?
— Мени ит талабдими! Ажаб бўпти! Сен ҳукуматга қарши иш қиляпсан. Билдингми! Сендан бошқа ақлли йўқ! Хўжайинлар ҳамма ерда бўриларни йўқотинглар, деб тайинлаб юрибди. Сен бўлсанг, бўриларга ачиниб, уларни кўпайтирмоқчисан — шундайми? Қулоқ бошинг билан ўйлаб кўр, ахир! Мен бутун бошли бўри боласини қуритдим. Демак, давлатга жуда катта фойда еткиздим. Сен эса, уларни инига қайтармоқчисан. Ўссин, унсин, бўрилар кўпайсин — шундай демоқчимисан? Ниятинг шуми? Яна мени сотиб ҳам олмоқчисан.
— Сени сотиб олиб бошимга ураманми! Бўри болаларини олмоқчиман. Бекор мени қўрқитяпсан, судга берадигандай дўқ-пўписа қиляпсан. Сен олдин сал каллангни ишлат, нима қиляпсан, шундан кейин қандай одам бўлдинг! Зўр экансан, аввал катта бўриларни йўқотгин эди! Айниқса, она бўрини! Инини топиб борибсан-ку, ахир. Кучинг етмаса, бошқаларга айтишинг керак эди, шундай-шундай деб. Кучи етадиган одам қилсин эди бу ишни.
— Ким экан у — сенми?
— Мен бўлсам, нима! Ана энди катта бўриларни топиб бўпсан. Тутқич бермайди. Ини бузилгандан кейин кетади боши оққан томонга. Думини тутқизмайди. Энди атрофдаги дуч келган мол-ҳолни бўғизлаб кетаверади. Одамдан қасдини олади. Қани ушлаб кўр-чи, уларни. Буни ўйлаганмидинг?
— Гапир-а, гапир. Яхши, бўрига ҳам адвокат чиқибди. Ким ишонади бу гапларингга? Одаммиди улар сенга, бўри-ку битгани. Қачон қараса, бошни айлантирганинг-айлантирган. Лақиллатмай қўя қол. Ичингдагини шундоқ кўриб турибман! Сенга бошқа нарсани айтмоқчиман. Агар бу ерга бир жиғини эзиб қўяй деб келган бўлсанг...— Бозорбой сўзини тугатмай тақир бошидан қалпоғини шарт тортиб олди-да, худди буқадай Бўстонга хезланиб келди. Улар пишиллаб нафас олганча бақамти, юзма-юз туриб қолдилар, бир-бирларига еб юборгудай бўлиб қарашарди.
— Хўп, қани, нима демоқчисан? — овози хириллаб сўради Бўстон.— Бўл, вақтим йўқ!
— Биламан, сен Худо урган зиқнасан, доим ўз фойдангни кўзлайсан. Шунинг учун мажлисма-мажлис юрганинг-юрган, чўпонлар менсиз ҳал қилиб қўйишмасин деб. Лекин бировнинг косаси оқарганлигини кўролмайсан. Ичингни ит таталайди- бошқанинг рўшнолигини кўрганда. Аммо буни ҳеч ким билмайди. Ўлжани сен олмадинг, сен бўри болаларини қўлга туширмадинг, юрагинг куйиб кетяпти илон чаққандай кечаси билан тўлғаниб чиқасан, бировнинг бахтини кўргани кўзинг йўқ!
— Туф сенга-ей! — тоқати тоқ бўлди Бўстоннинг.— Ҳали сенга ўхшаган аблаҳ билан гаплашиб ўтирибманми! Э, ўзим аҳмоқ! Билганимда қадам босмасдим! Бас, етар! Тамом! Энди берсанг ҳам, олмайман. Бор, ишингни қил!
Ҳазилакам жаҳли чиқмаган Бўстон отни қозиқдан зарда билан ечди, қоринбоғни шундай тортдики, от дош беролмай тебраниб кетди, сўнг шаҳд билан ўзини эгарга олди. Шунчалар қони қайнаган эдики, ҳатто орқасидан Бозорбойнинг хотини чақирганини ҳам эшитмади. Шўрлик хотин пичагина кеч қолди. Уйдан эшикка чиқиб, у эри ким биландир қўлларини пахса қилиб, қаттиқ-қаттиқ гаплашаётганлигини кўрди. «Ким бўлди бу? — ўйланиб қолди у.— Бўстонга ўхшайди-ку сиёқидан, нима қилиб юрибди экан, биз ёқларда?»—Шунда у эркаклар нимадир тўғрида тортишаётганларини пайқади. Шошилиб улар томон юрди. Лекин улгуролмади. Бўстон саман отига миниб, анча нарига бориб қолган эди, кўриниши ғоятда дарғазаб эди. Тулки тумоғини бостириб кийди-ю, отига қамчи босди, от учиб кетди, эгасининг пўстини барлари худди қанот каби силкинарди.
— Бўстон! Бўстон! Шошма! Тўхтаб тур! — қичқирди Кўк Турсун, лекин Бўстон қайрилиб қарамади — ким билсин, балки эшитмади, балки ўгирилиб қарашни истамади.
— Нега кишини хафа қилдинг? Нимани талашдинглар! — суриштира кетди Кўк Турсун Бозорбойдан.
— Ишинг бўлмасин! Ўчир овозингни, нега уни чақирасан? Киминг бўлади?
— Юз йилда бир уйингга келибди, сен бўлсанг! Э! Ким сени бундай қилиб туққан ўзи, а?! Одам эмас, ваҳшийсан, ваҳший!
Хотинининг сўзларидан Бозорбойнинг баданига ўт туташди. У жингиртоб бўлиб, дик этиб тўнка устига чиқди-да, Бўстоннинг орқасидан бўкира кетди:
— Онангни...палон-пистон! Ким деб ўйловдинг мени! Малайинг борми сенга бу ерда! Ҳе, онангни палон...
— Бас! Бас қил! — Кўк Турсун шаҳд билан бориб эрини тўнкадан тортиб туширди.— Мана, яхшиси, мени ур! Нега кишини шарманда қиласан? Нимага?
— Қоч, эй, мараз! — силтаб ташлади уни Бозорбой.— Сенга ким қўйибди! Ҳим-ҳи, Бозорбой унга ялинармиш! Ма, ол, бўрилар сеники! Оласан-а, оласан! Кўраман олганингни! Ҳали ким деб қўйибсан мени!
— Вой, шўрим! Ҳали бўриларни деб шунча ғавғоми! — ажабланди Кўк Турсун.— Вой, қуриб кетсин матоҳ бўлмай! Қиёмат қўпдими! Вой, шарманда...

IV

Ўша куни бўрилар жойларидан кўчдилар. Уяларини ташлаб кетдилар, тунда бу ерга қайтмадилар ҳам, атрофда дайдиб юра бошладилар. Дам бирон жойда ғамга ботиб уззукун чўзилиб ётишар, дам теваракни чарх уриб кезишар, ўзларини унчалар ҳам яширишмас, одамлардан эҳтиёт бўлишни бас қилгандай, асло тап тормас эдилар. Ўша кунлари атрофдаги кўп чўпонлар уларни ҳеч кутилмаган жойларда кўриб қолар эдилар. Она бўри худди эс-ҳушидан айрилгандай доим олдинда бошини қуйи солинтириб борар, эркак бўри эса ундан қолмай эргашган эди. Жуфт бўри худди ўлим истагандай хавф-хатарга парво қилмай қўйганди. Улар бир неча маротаба итларнинг юрагига ваҳима ва харосонлик солиб, уйлар ҳамда қўтонлар яқинидан ўтдилар. Итлар жон ҳолатда акиллашар, қутуриб, ҳужумга ташланмоқчи бўлишар, лекин бўрилар уларга мутлақо эътибор беришмас, ҳатто орқаларидан ўқ узишганда ҳам, қадамларини тезлатмай, худди милтиқ овозини эшитмагандай йўлларида давом этардилар. Бу таажжуб бўриларнинг телбалиги тилларда достон бўлди. Акбара билан Тошчайнар бўрилар расмини унутиб, одамларга даф қила бошлаганларида ҳаммаёқ шов-шув бўлиб кетди. Бир гал куппа-кундузи улар йўлнинг ўртасида тракторчи йигитга ташланганлар. У хашак олиб кетаётган экан. Руль ишламай қолибди-да, тракторчи йигит нима гап экан деб, пастга тушибди. Тузатаман деб, анча уринибди. Бир маҳал эрий бошлаган қор устидан икки бўри ўзига томон юриб келаётганларига кўзи тушиб қолибди. Ҳаммасидан ҳам бўриларнинг кўзлари уни лол қилиб қўйибди. Кейин унинг ҳикоя қилиб беришича, бўриларнинг кўзлари қутуриб кетган, бир нуқтага тикилган, она бўрининг эса ёли пастроқ, боши солинган, кўзлари кўм-кўк эмиш. Унинг кўзларига худди ёш тўлиб тургандай, худди шиша каби қотиб қолгандай эмиш. Улар яқинлаб келишаётганда, яхшиямки, йигитча ўзини йўқотиб қўймабди. Кабинага сакраб чиқиб, эшикни ёпиб олибди. Мурватини бураган экан, мотор дарров ўт олибди. Акс ҳолда доим моторни пастдан айлантириб ёндирар экан. Омади юришганини қаранг. Трактор тариллаб юриб кетибди. Бўрилар ўзларини четга олишибди, лекин бари-бир, бутунлай кетмай, тракторга дам у томондан, дам бу томондан яқинлашмоқчи бўлишаверибди.
Бошқа бир сафар эса бир қўйчивон бола мўъжиза билан омон қолган. Уям кундуз куни рўй берган. Эсликкина бола эшагига миниб ўтин-чўп олиб келиш учун йўлга чиққан. Ҳовлидан унчалик ҳам йироқ кетмай, бутазорда қуруқ шох-шаббаларни чопиб йиға бошлаган экан, бир маҳал икки бўри қайдандир пайдо бўлган. Эшак ҳатто овоз чиқаролмай қолган. Уни кўз очиб-юмгунча тилка-пора қилиб ташлаганлар. Бола қўлидан ўткир ўроғини қўймай жон ҳолатда қочган, қўтонгача чопиб келиб йиқилган ва ғайритабиий овоз чиқариб додлайверган. Одамлар қўрадан милтиқларини кўтариб чиқиб, бутазорга бориб қарасалар, бўрилар шошилмай адир орқасига ўтиб кетишаётган экан. Улар ўқ товушларини эшитиб ҳам, ҳатто қадамларини тезлатишмаган...
Шундан сал кейинроқ бўрилар қўтондан пича нарига ўтлатиш учун олиб чиқилган бўғоз совлиқларни қийратишган. Нима бўлганини ҳеч ким кўрмай қолган. Тасодиф билан омон қолган қўйлар қўрага тирақайлаб қочиб келганларидагина ишдан воқиф бўлганлар.. Ўтлоқда ўн беш чоғлик бўғоз совлиқ қонига беланиб ётарди. Ҳаммаси бемаъниларча, ваҳшиёна бир тарзда бўғизлаб ташланган эди.
Шундай қилиб, Акбара билан Тошчайнар қутургандан қутуришди. Улар ҳақида бир-биридан қўрқинчли гаплар тарқалди. Лекин, одамлар фақат сиртдан қараб фикр юритишар, бу қасоснинг асл сабабларини билишмас — она бўри индан ўғирлаб кетилган бола-ларини соғиниб бўзлаб, алам ўтида қовурилаётганидан бехабар эдилар...
Бозорбой эса айшини сурар, оғзини кўпиртириб мақтанар — қўлига пул тушиб, ичкиликка муккасидан кетган, ўша кунлари мавсум тугаб бўм-бўш ҳувиллаб ётган соҳил бўйидаги ресторанларда санғиб юрарди. Ароқ ҳар қадамда қалашиб ётарди. Бозорбой тепакалигача қизариб кетгунча ичиб, сўнг оғзига кучи етганча Бўстоннинг ғийбатини қиларди. Жуда димоғидан қурт ёғадиган бўлиб кетган экан, босар-тусарини билмай қолибди бу илоннинг ёғини ялаган қурумсоқ, тоза адабини бердим. Илгари замонлар бўлганда-ку, сиртига сув юқтирмас қулоқвачча совет ҳукуматининг синфий душмани сифатида шартта отиб ташланарди-я, оҳ-воҳига қарамай. Аттангга, у пайтлар ўтиб кетди-да. Бунақа турқи совуқларни гумдон қилсанг, фақат савобига қоласан! Рост-да! Йигирманчи, ўттизинчи йилларда хоҳлаган милиса қулоқми, бойми, вассалом, ҳовлисининг ўзида шартта отиб ташлайверарди. Китобларда ёзилган бу гаплар, ҳа. Тунов куни радиодан эшитдим. Бир қулоқ батрак шўрликни эзиб, ҳақини уриб қолган экан, куппа-кундуз куни ҳамманинг кўз олдида суробини тўғрилаб қўйишибди иккинчи маротаба камбағал бечоранинг юрак-бағрини эзмасин деб. Лекин Бозорбой ҳаммасидан ҳам, Таманга келиб қолган Бўстонни эшикдан қувиб солгани, отаси қолмай, онаси қолмай сўккани, Бўстон эса миқ этиб оғиз очолмагани ҳақида бичиб-тўқиб сўйлашни яхши кўрар, ўз сўзларидан ўзи ҳузур қиларди. Бозорбойнинг қиш мавсуми бекорчиликдан булак иши йўқ домотдихчи улфатлари совуқ, тамаки ва ичкиликнинг сассиқ ҳидига тўлган ошхоналарнинг деразаларини зириллатиб қаҳ-қаҳ уришар, Бозорбойнинг қитиқ патига тегиб, унинг қўлтиғига сув пуркашар, бунга сари маст Бозорбойнинг хуружи авжга минарди. Бу майнавозчиликлар Бўстоннинг ҳам қулоғига етган эди. Мана шу боис бўлиб, совхоз директори чақирган мажлисда қаттиқ жанжал кўтарилди.
Шундан сал бурунроқ Бўстон ёпирилиб келган нохуш ўйлардан уйқуси қочиб кечаси билан тўлғаниб чиқди. Ҳаммасига сабаб шу эдики, қишлоқ атрофида яна бўрилар изғиб қолишди, яна юракни ўртаб юборадиган, одамнинг асаблари дош бермайдиган нолишларини бошлаб юборишди, яна Гулимхон қўрққанидан дағ-дағ қалтираб эрининг пинжига тиқилди, яна тоқати етмай ухлаб ётган Кенжашни ўз тўшагига олиб келди, худди унинг жонига бир нарса хавф солаётгандай уни гавдаси билан тўсиб, тинмай силаб-сийпалаб ётди. Буларни кўриб Бўстоннинг юраги сиқилар, аёл киши-да, қоронғудан, турли ваҳимали товушлардан қўрқади, деб ўзига-ўзи далда бериб қўярди.
Бўстон бир неча бор ўрнидан туриб милтиқ отмоқчи бўлди, лекин хотини ёнидан қўймади, у ҳозир бир зум ҳам ёлғиз қолишни истамасди, кейин у барибир,  хавотирли қуш уйқусига чўмди. Лекин, Бўстон мижжа қоқмади. Миясида турли-туман ҳаёллар ғужғон ўйнарди. Дунё экан, у оламда қанча узоқ умр кечиргани сайин, яшаш ҳам шунча қийин ва мушкул бўлиб борарди. Яшашнинг ўзигина эмас, ҳаётнинг асл маъносини тушуниш оғирлашиб борарди. Илгари ҳаёлга келмаган ёки келган бўлса ҳам, кўнгилнинг қоронғу тубидагина хира тортиб кўринган нарсалар энди жиддий безовта қилар, жавоб сўрарди.
Болалигидан суяги меҳнатда қотди. Кўп машаққатлар тортди: у иккинчи синфда ўқиб юрган пайтда отаси фронтда ҳалок бўлди, кейин она ўлди, катта акалари ва опалари ўз кунларини ўзлари кўришар, баъзилари эса оламдан эрта ўтган, Бўстоннинг ўзидан ўзга таянчи, ишонган тоғи қолмаган эди. У бир нарсага қаттиқ аҳд қилди, сўнг бу аҳдидан ҳеч қачон, ҳатто бир зумга бўлсин четга тоймади, қўли ишдан бўшамади, меҳнатдан сира қочмади, ҳаётнинг маъноси, қизиғини фақат мана шунда деб билди. У қўл остида ишлайдиганларни ҳам қаро терга тушиб меҳнат қилишга ўргатди. У кўпларни одам қилди, йўл кўрсатди, уларга ҳаёт меҳнат билан қадрли эканлигини уқтирди. Ўз олдига мана шундай мақсад қўймаганларни Бўстон очикдан-очиқ ёқтирмас, уларни тушунмасди. Бундай одамларни нобакор деб ҳисобларди. Уларга қуруққина, хушламай муомала қиларди. Кўплар худди мана шунинг учун ҳам орқасидан ёмонлаб, қурумсоқ, қулоқ деб лақаб қўйиб юришларини биларди. Афсус, сал кечикиброқ дунёга келган-да, бўлмаса суяклари аллақачон Сибирь томонларда чириб ётарди, дейишарди надомат чекиб. Бўстон одатан, бундай ғийбатларга жавоб бериб ўтирмас, зотан, ҳақ ўзи томонда эканлигига заррача шубҳа қилмас, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас, бошқачаси дунёнинг остин-устун бўлиши билан баробар эди. Кун чиқишига қандай ишонса, у бунга ҳам худди шундай ишонарди. Фақат бир маротабагина сўқир қисмат уни тиз чўкишга мажбур қилди, пушаймонлик ўтида қовурди, ва шундан бошлаб у шубҳаларнинг зил, аламли юки нима эканлигини билди...

V

Гулимхоннинг аввалги эри марҳум Эрназар билан то у нобуд бўлгунгача уч йил бирга ишлашган эди. Сўз йўқ, хўп ишчан йигит, ўзига пухта эди — Бўстоннинг бригадасига худди мана шундай одам керак эди. Эрназарнинг ўзи иш сўраб келувди, шундан бошлаб, бирга бақамти ишлаб кетишди. Куз пайти эди, бир куни  у Бўстонни йўқлаб келиб қолди. Ўшанда Бўстоннинг отари қиш тушгунча Бешкунгайда турган эди. Маслаҳатга келган эдим, деди. Чой ичиб ўтириб, гаплашиб олдилар. Дуч келган одам билан ишлаш жонга тегди, деб шикоят қилди Эрназар. Қанча ҳаракат қилма, агар катта чўпоннинг ихтиёри ўзида бўлмаса, фойдаси йўқ. Умр ўтиб кетяпти, иккита қизим бўй етиб қолди, эрта-индин турмушга бериш керак, вақтнинг оқар сувдай ўтишини кўр, жонимни жабборга бериб ишлайман, лекин бошим қарздан чиқмайди, уй солдим, уй қуришнинг ўзи бўладими, сизнинг қўл остингизда ишласам, Бўске, (уни ҳурмат қилиб шундай деб чақирди),— яширишнинг нима ҳожати бор, ишлаш ҳам мумкин, тишлаш ҳам. Жун топширсанг, эт топширсанг, қўзи олсанг, ҳаммасига, Бўске, сизда мукофот чиқади, қўлинг пул кўради-ку, ишқилиб. Шунинг учун олдингизга илтимос билан келдим, агар рози бўлсангиз, директор билан гаплашиб кўринг, мени сизга ўнг қўл, биринчи чўпон қилиб ўтказсин. Ўзингиз ҳам биласиз, ерга қаратиб қўймайман, акс ҳолда буки гапириб ҳам ўтирмасдим...
Бўстон Эрназарни илгаридан биларди. Нима қилмасин, бир совхознинг одамлари. Бунинг устига Гулимхон хотини Орзигулнинг узоқ қариндошларидан эди. Ҳуллас, ўз одами. Лекин қандай бўлмасин, Бўстон Эрназарга дарҳол ишонди ва кейин ҳеч қачон бундан афсус чеккани йўқ.
Ҳаммаси мана шундан, шу жўнгина турмуш воқеасидан бошланди.
Улар тез тил топиб, чиқишиб ишлаб кетдилар. Чунки Эрназар ҳам худди Бўстондай ўз ишининг туғма эгаси эди. Лекин шу билан бирга бошқа баъзи бировларнинг назарида ғирт тентакнинг ўзи: яъни совхозга тегишли мол-ҳолга худди ўз шахсий молидай қарарди. Эси пастми, нима бало? Бошқа ишлар ҳам тамомила ҳамин-қадар эди — худди ўзи учун қилаётгандай ўлиб-тирилар, совхознинг нафи учун куйиб-пишарди. Меҳнатсеварлик Эрназарнинг қон-қонига сингиб кетганди. Табиатан ўзи шундай эди. Лекин ҳаёт уринишларига бу хислатини янада пишитган эди. Бу фазилат ҳамма халқларга хос, у ҳамма одамларда табиий бўлиши керак, фақат бировлар ўзида бу фазилатни ўстириб, кучайтириб боради, бошқалар эса йўқ. Мундоқ каллани жойига қўйиб ўйлаб қарасанг, дунёда қанчадан-қанча ялқов ишёқмаслар — катталар, ёшлар ичида ҳам, эркаклар, хотин-қизлар ичида ҳам бор. Қанчадан-қанча бахтсизликлар ва бечорачиликлар ҳаммаси ҳар қачон, ҳамма замонларда фақат ва фақат танбалликдан юзага чиққанлиги ҳамда юзага чиқаверажагини одамлар худди тушунмайдиганга ўхшайдилар. Лекин Бўстон билан Эрназар меҳнат деса, ўзини  томдан ташлайдиган, бир-бирларига жуда яқин одам эдилар. Шунинг учун жонни жонга суқиб дегандай, аҳил ишлашар, бир-бирларини сўзсиз тушунишар, кўнгилларици топар эдилар. Аммо ҳаёт экан, чамаси, худди мана шунинг ўзи уларнинг ҳаётларида тузатиб бўлмасдек бир ҳолларни юзага чиқарди...
Дарвоқе, бу аслида шундайми ёки шундай эмасми, яна не билайлик...Гап шундаки, оилавий ишлаб чиқариш бригадалари пайдо бўлмасдан анча аввал Бўстон Ўркунчиев худди олдиндан ниманидир сезгандай қулай пайт келди дегунча ўзига, тўғрироғи, ўзининг бригадасига доимий фойдаланиш учун ер ажратиб беришларини талаб қилгани қилган эди. Чўпонча одмироқ тил билан баён этилган, аммо айрим қотиб қолган расмиятчилар назарида ғашга тегадиган ушбу талабдан мурод-мақсад шу эдики, кошкийди, ўзимнинг яйловим, ўтлоқ-майдонларим бўлса, кошкийди, ўзимнинг сурув ва отарларим бўлса, уларга томингдан чакка ўтиб ётса боши оғримайдиган хўжалик мудири эмас, шахсан ўзим жавоб берсам, подаларни бош оққан томонга ҳайдаб юрмай, тоғдаги ўз ёзги яйловларимда боқсам, ўша ўтлоқлар бошқа бировга эмас, менинг ўзимга бириктириб қўйилса, ҳаммасига ўзим қарасам, ҳаммасини ўзим сақласам, ана ўшанда мен жамоатнинг умум ерига қараганда юз карра кўпроқ иш қиламан, планда кўрсатилгандан неча баробар кўп маҳсулот етказиб бераман, умумга тегишли ерларда худди ёлланган, келаси кузда қаерга боришга боши қотган батракдек ишлаганда, бундан нима чиқарди?
Аммо Бўстон ўз фикрини ҳеч кимга маъқуллата олмасди. Албатта, аввалига ҳам буни, рост, одамларга ерларни ажратиб берсак, тўғри иш бўлади, одамлар ўзларини ер эгасидай ҳис қиладилар, оила, бола-чақа ҳам бундан баҳраманд бўлишади, ишга баравар жон куйдиришади, деб рози бўлиб турар эдилар-да, маҳаллий ҳушёр сиёсий иқтисодчилардан биронтаси чиқиб, бу ахир, социализмнинг муқаддас қонун-қоидаларини бузиш эмасмикин?— деб шубҳа билдирган заҳоти ҳаммалари дарҳол бараварига сўзларидан қайтар ва бунга бутунлай тескари гапларни айтишга тушар, исбот қилишга арзимайдиган нарсаларни исботлаб ётар эдилар. Ҳеч ким қинғайишда айбланишни истамасди. Ёлғиз саводсиз чўпон Бўстон Ўркунчиевгина ҳар бир район ёки совхоз йиғинида ўз гапидан қолмасди. Унинг гапларини тинглаб, қойил қолишар, мийиғларида кулиб қўйишарди: Бўстонга нима, оғзига келганини қайтармай сўйлаверади, йўқотадиган нарсаси йўқ, ишдан олишмайди, шохини синдириш-майди. Азамат йигит-да! Ҳар сафар Бўстонга назарий нуқтаи назардан зарба беришади — айниқса, совхоз парторги, область партия мактабини битириб дипломли саводхон бўлган Қўчқорбоев ҳеч қўймайди. Ана шу Қўчқорбоев билан муносабатлари жуда алламбало эди. Қўчқорбоев неча йиллардан бери совхоз партия ташкилотининг секретари, лекин Бўстон ҳали-ҳанузгача яхши билолмайди — Қўчқорбоев ўзини қўй оғзидан чўп олмаган соддагина қироатхон қилиб кўрсатадими (балки бу унга нимагадир қўл келса ҳам ажабмас), ёки ўзи ҳақиқатан ҳам, асли шундайми. Кўринишдан икки юзи қип-қизил ахталарга ўхшайди — юмуртқадай сип-силлиқ, доим бўйин-боғ тақиб юради, доим папка, доим иши бошидан ошиб-тошиб ётгандай — иш кўп-кўп — чеҳраси ташвишли, худди одамларга газета ўқиб бераётгандай лаби-лабига тегмай гапиради, бир нимани қувиб бораётгандай оёғи ерга тегмай югуради. Бўстон баъзан ўйланиб қолади: эҳтимол, Қўчқорбоев тушида ҳам қоғозга қараб гапирса керак.
— Ўртоқ Ўркунчиев,— деб минбардан туриб таъна ёғдирарди парторг Қўчқорбоев,— сиз тушунишингиз керак ахир, ер бизда умумхалқ мулки ҳисобланади. Конституциямизда шундай деб ёзилган. Ер бизнинг мамлакатимизда фақат халққа, ёлғиз халқнинг ўзигагина тегишлидир, бошқа ҳеч кимга эмас. Сиз эса ўзингизга қишлик ва ёзлик яйловлар, қўра, қўтонлар, ем-хашак талаб қиляпсиз, биз буларни сизга хусусий мулк қилиб беролмаймиз. Йўл қўймаймиз биз бунга — социализм принципларини бузишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Сиз бизни қаёққа бошламоқчи ва оғдирмоқчи бўлаётганингизни тушундингизми?
— Ҳеч кимни ҳеч қаёққа бошламоқчи эмасман,— таслим бўлмасди Бўстон.— Агар ҳаммасининг эгаси, мен эмас, халқ бўлса, унда майли, менинг қўрамга халқ бориб ишласин, мен кўрай бундан нима чиқаркин. Ҳамонки, мен ўз ишимнинг хўжаси эмас эканман, кимдир ахир, барибир хўжайинлик қилиши керак-ку?
— Совет халқи хўжайинлик қилади. Ўркунчиев, яна такрорлайман, совет халқи ва давлати ҳаммасининг эгаси.
— Халқ дейсизми? Унда мен кимман, сизнингча? Ҳеч ақлим етмай қолди. Нега мен давлат бўлолмайман? Сен, парторг, ўзинг илмли йигитга ўхшайсану, лекин сизларни у ерда нималарга ўқитишган ҳайронман, ҳеч тушунмайман, айтаётган гап-сўзларингга?
— Мен, ўртоқ Ўркунчиев, сизнинг етагингизда юролмайман, бурнидан ип ўтказиб оламан деб ўйламанг. Гапларингиздан кулоқ сафсаталарининг ҳиди келади. Лекин ёдингизда турсин — сизнинг замонингиз ўтган ва биз ҳеч кимга социализм асосларини барбод қилишга йўл қўймаймиз.
— Майли, ўзингиз биласиз, ҳарқалай бошлиқсиз,— тап тортмасди Бўстон,— фақат мен ўз фикримда қоламан. Ишлайдиган бошқа биров эмас, мен ўзим. Сал гапга оғзимга урасиз: Халқ! Халқ! Халқ — хўжайин! — дейсиз. Бўпти, унда! Майли, халқнинг ўзи фикрлаб, ҳал қилсин, йилдан йилга мол кўпайиб боряпти, майда чорванинг ўзидангина совхозда қирқ минг қўй-эчки бор — илгари бунақаси бировнинг тушига ҳам кирмаган эди. Ҳолбуки, бўш ерлар тобора камайиб кетяпти, планлар эса ошяпти. Мана, ўзингиз қаранг: илгари мен бир бошдан уч килою етти юз грамм юнг олардим, йигирма йил аввал эса — буни ҳамма билади — икки килограммдан бошлаган эдим, яъни, йигирма йилдан кўпроқ вақт ичида бир кило етти юзга ўсибман. Ҳозир эса бир йилнинг ичида планни ярим килога кўпайтириб кўйишибди. Қаердан оламан буни? Нима, энди фол очиб, афсун ўқитишим керакми? Планни бажармасам, бригада қуруқ қолади. Ҳамманнинг оила, бола-чақаси бор. Унда одамларга ишлаш, йил бўйи тиним билмай қўй орқасидан юришнинг нима ҳожати бор? Ҳар бир чўпон худди калхатдек бошқа чўпоннинг яхшироқ ўтлоғини тортиб олиш учун бош тепасида айланиб турса, планни бажариб бўладими? Чунки ерга ҳамма хўжайин, ҳеч ким ҳеч нарсага жавоб бермайди. Ўтлоқларни деб, қанчадан-қанча жанжал-тўполонлар чиқяпти, сен эса парторг, ўзинг ҳам ҳеч вақонинг уддасидан чиқмайсан, директорнинг ҳам шаҳдини қайтарасан! Кўр эмасмиз, кўриб турибмиз!
— Мен нима қиляпман, бунга райком баҳо беради. Фақат райком ҳам сизнинг бу хатарли ўзбошимчалигингизга учмайди, ўртоқ Ўркунчиев!
Ҳар сафар мана шундай гап қумга сингиб кетади...
Мана шу кезларда унинг қўшига Эрназар келиб қўшилди. У Бўстонга қўлдош ва ҳамфикр бўлди. Хотинлари Орзигул ва Гулимхон баъзан улардан кулиб қўйишарди: икки ёрти бир бутун бўлиб, на ётар-турарда ҳаловат бор, на еяр-ичарда, ишдан бошқа нарсани билмайди булар деб. Ўшанда икковлари подани ёзга Ола Мўнгу довонидан нарига ҳайдасакмикин, деб юришди. Бу гап Эрназардан чиқди. Юрамизми ёз бўйи тоғ ён-бағирларида изғиб, озгина ўт-ўлан учун қўшниларимиз билан ёқа бўғишиб, ундан кўра ёз ичи довоннинг нариёғига Кичибел яйловига чиқиб кетсак, яхши эмасми? Қари-қартангларнинг айтишларига қараганда, илгарилари бой-бадавлат чорвадорлар пода, сурувларини ўша ёқларга ҳайдаб кетишаркан. «Кичибел» деган қўшиқ ўша замонларда тўқилган. Улар Кичибел яйлови унчалар катта бўлмаса ҳам, лекин ўт-ўлан белдан уриб ётишини билишаркан. Мол беш кун ичида ем бериб боқилгандай семириб кетаркан.
Бўстон аввалроқ ҳам бу ҳақда бир ўйлаб кўрган, лекин Кичибелнинг ноаниқ жойлари кўп эди. Колхоз чорвадорлари урушдан илгари ёзга Кичибелга бирдан-бир йўл Ола Мўнгу муз довонидан ўтиб боришган. Уруш пайти овулларда чоллару болалар қолганда ҳеч ким Кичибелга боришга юраги бетламай қўйган. Кейин қурби қочган майда колхозларнинг бари номи ҳам аллақандай ...йиллик деб тугайдиган бемаъни олти сўздан иборат катта совхозга бирлашганларидан сўнг, ана шу олатасир тўполон ва ғалвалар ичида улуғ Ола Мўнгу довони оша ўтиб бориладиган, ёзда чорвани икки ой ва ҳатто ундан ҳам ошиқроқ вақт олиб чиқиб кетиб, семиртириш мумкин бўлган яйлов борлиги аста-секин кўпларнинг ёдидан кўтарилди. Совхозни ҳам туб ерлик одамлари Берик сув жилғаси номи билан «Берик» деб аташга ўрганган эдилар. Очиғи, бунақа баланд, хатарли тоққа чиқишни хоҳловчиларнинг ўзи топилмас эди. Чорвани бундай қийин тоғ йўлидан ҳайдаб бориш учун молимни қандай бўлмасин, семиртираман дейдиган ўктам, жонига ачинмайдиган одам бўлиши керак. Эски замонларда қирғизлар бир-бирлари билан учрашганларида, «Мол-жон омонми?» — деб сўрашганлари бежиз эмас. Ҳа, аввало, чорванинг ҳолини сўрашган. Нима ҳам деймиз, ҳаёт оти билан ҳаёт-да...
Кўнгилларига шу фикр чўғ солиб, Бўстон билан Эрназар қўлларига қалам-қоғоз олиб, Кичибелдан келадиган фойда-зиённи чўтлаб чиқишди: чорванинг довондан ўтганда йўлда ташлайдиган вазнини қўшиб ҳисоблаганда ҳам, бу ишга бел боғласа арзирди. Катта фойда олишлари тайин эди — бунинг устига меҳнатга тўланадиган ҳақ ва тузга қилинадиган харажатдан бошқа чиқимнинг ўзи ҳам йўқ эди. Лекин, рост, ҳали булар қоғоздаги хомчўтлар.
Бўстон аввало, бўлим бошлиғига, ундан сўнг совхоз директорига мурожаат қилишга қарор берди. Парторгга ниятини айтиб ўтирмади. Парторгни унчалик хушламасди. Неча марта амин бўлди — гап деса, қоп-қоп, қачон қарама, одамнинг шаҳдини ўлдиради: у мумкин эмас, бу мумкин эмас, мажлисда нутқ сўзлаш бўлса унга, газетада ёзилган гапларни гапириб бериш бўлса унга, галстук тақиб олифтагарчилик қилиш бўлса унга. Совхоз бошлиғи — директорга Бўстон кўнглидаги ниятини очди: гап шундай-шундай, Ибройим Чўтбоевич, ишнинг фойдасини кўзлаб, Эрназар билан бирга Ола Мўнгу ортидаги эски яйловларни очмоқчи бўлиб турибмиз. Олдин икковимиз бориб, нима бор, нима йўқ билиб келамиз. Кичибелга қандай ўтишнинг азмойишини оламиз, кейин қайтиб келиб, кўч-кўронни кўтариб кўчамиз, ёз ичи Кичибелда бўламиз. Ҳаммаси кўнгилдагидай ўтса, ўша Кичибел яйловини бизнинг бригадамизга мустаҳкамлаб берилса. Бошқа чўпонлар ҳам, мабодо, Кичибелга бораман дейишса, бемалол, қаршилик йўқ, унга ҳам жой етади, лекин, энг муҳими, бизга ажратиладиган ўтлоқларни мен аниқ билишим ва мавсум ичи овора бўлиб қолмаслигим керак. Сизга ана шуни айтиб, маслаҳатлашгани келдим. Икки кундан кейин Эрназар билан Ола Мўнгудан ўтамиз. Ишларни ҳозирча хотинлар ва ёрдамчиларимиз юритиб туришади.
— Ростданам, Бўске, уйда хотинларингиз нима дейишяпти бу ишингизга? — қизиқди директор.— Ҳазилакам нарса эмас-ку.
— Ҳозирча индашгани йўқ. Худонинг қаҳри келмасину, хотиним Орзигулнинг ақли-хуши жойида. Эрназарнинг оиласи Гулимхол ёшроқ бўлса ҳам, ақли ўзига етарли. Бир-бирлари билан жуда аҳил, чиқишиб кетишган кўринади. Ана шунисига хурсандман бир чеккаси. Хотинлар чиқишолмаса, шундан ёмони йўқ. Уй жаҳаннамга айланади-қўяди. Илгари бўлган бундай гаплар...
Директор билан бошқа баъзи гапларни ҳам сўйлашиб олишди. Кузда Москвага, ҳалиги оти бирам қийин — ВДНХами, ВДНХими ўшанда бўладиган кўргазмага район илғорларининг бориши мўлжалланаётган экан, Бўстон рўйхатда биринчилар қаторида кўрсатилибди.
— Мен хотиним билан борсам бўлармикин, Ибройим Чўтбоевич? Орзигулим қачондан бери Москвани кўрсатасиз, деб ҳиқиллайди,— ростига кўчиб қўя қолди Бўстон.
— Сени тушуниб турибман, Бўске,— кулди директор.— Майли, бир гап бўлар. Борса нима қипти? Фақат парторгнинг розилигини олиш керак. У билан ўзим гаплашаман.
— Парторг билан денг? — ўйланиб қолди Бўстон.
— Э, хотиржам бўл, Бўске. Нима, бекордан-бекор қаршилик қилиб ўтиради дейсанми? Эркак одамнинг иши эмас бу.
— Йўқ, гап бунда эмас. Борсак — борармиз, бормасак — йўқ. Шунга ҳам ота гўри қозихонами? Мен сизга бошқа нарсани айтмоқчи бўлиб юрувдим. Шунақа парторг бўлмаса, хўжаликнинг куни ўтмайдими? Сизга жуда керакми шу? Усиз қўл-оёғингиз ишламайдими?
— Нима қилди?
— Мен шуни билгим келади. Мана, қаранг, араванинг тўртта оёғи бор. Ҳаммаси ўз ўрнида. Агар унга бешинчи оёқ ўрнатсангиз, ўзи ҳам айланмайди, бошқаларни ҳам юришга қўймайди. Хўш ана энди айтинг, керакми, шу бешинчи ғилдирак?
— Биласанми...— йирик, басавлат, эркакча катта юзидаги кўзлари қийиқ директор бирдан жиддий тортди, олдидаги қоғозларни олиб қўя бошлади, кўзларини ҳорғин юмди. «Уйқуси йўқ. Тинмайди», деб ўйлади Бўстон.— Очиғини айганда, бамаъни парторг керак,— деди у бир оз жимликдан сўнг.
— Манов-чи?
Директор унга ялт этиб бир қараб қўйди.
— Нима қиламиз буни гаплашиб ўтириб? Уни район юборган, қўлимиздан нима келади?
— Райком. Ана, кўрдингизми,— оғзидан чиқиб кетди Бўстоннинг.— Менга нимагадир у ўзини атай шундай тутаётганга ўхшаб кўринади. Доим одамларни қўрқитиб юришнинг унга нима кераги бор, гўё мен социализмни қўпориб ташлайдигандай? Ахир, тўғри эмас-ку, бу. Ахир, мен бир нимани талаб қилсам, иш учун талаб қиламан. Мен бу ерни сотмайман, бировга бериб юбормайман, совхознинг ери, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Барибир мен тирик эканман, ишга қурбим келаркан, ўз ақлим билан яшайвераман.
— Нега ҳадеб менга ёлғиз шу гапни такрорлайверасан, Бўске. Сен айтган нарсани қилиб бўлмайди.
— Нега бўлмайди?
— Чунки бўлмайди.
— Жавоб шунақа бўладими?
— Яна нима дей бўлмаса?
— Сизга ҳам тушунаман, Ибройим Чўтбоевич. Бир марта оғзингиз куйган. Ҳаммаси яхши бўлсин дегансиз. Сизни эса бўйнингизга боплаб бир уриб, вазифангизни пасайтиришган. Райкомдан совхозга ўтказиб қўйишган.
—   Рост. Яна бўйнимга уришларини хоҳламайман. Ақлим кирди.
       — Ана, кўрдингизми? Ҳар ким ўзини ўйлайди. Мен қарши эмасман. Одам ўзини ўйласин. Фақат, ақл билан ўйласин. Янгилик қилганни эмас, янгилик қилиши мумкин бўла туриб, қилмаган одамни жазолаш керак. Бизда ҳаммаси тескариси.
— Гапириш осон,— илжайди директор.
— Ҳамма шундай дейди. Меҳмонга келгандай яшаш жонимга тегди. Меҳмон нима иш қилиб берарди? Ўзингиз биласиз-ку. Олдинига бир-икки кун жон койитади, кейин бор-э, дейди...Бизда ахир, шундай бўлмаяптими, ишлайверасан, ишлайверасан, Қўчқорбоев эса, тўхтовсиз бурнингга чертиб туради сен меҳмонсан, сен хўжайин эмассан, деб...
— Гап бундоқ, Бўске. Келишиб олайлик. Сен мени рўкач қилмагину ўзинг қандай маъқул топсанг, шундай иш тутавер...
Улар хайрлашдилар...
Уч кундан сўнг улар тонг қоронғусида Эрназар билан Кичибелга отландилар. Улар отга ўтирганларида ҳали ҳамма ухлаб ётарди. Бўстон оқ-сарғиш ахта саманни минди. Дўнкўлик у пайтлар энди икки ёшга кирган той эди. Тоғларга вазмин от билан чиққан тузук, довонга чопиб кўтарилмайдилар. Эрназар ҳам яхши от минган эди. Йилнинг бу фаслида отлар кучга тўлган бўлади. Улар жадал йўл босдилар. Ҳар икковлари хуржунларини тўлдириб сули олган — қорлиқларда тунашга тўғри келса, асқотади. Ҳар эҳтимолга қарши қалин почапўстинларни ҳам эгарга ташлаб қўйишди.
Шундай бўладики, баъзан йўлнинг ўзи кишига роҳат бағишлайди. Айниқса, ҳамроҳинг дилтортар одам бўлса ва суҳбат содда, самимий кечса. Ўша куни ҳаво мусаффо, кун чарақлаб турар — олдинда қор босган тоғ тизмалари бир-бирларига мингашиб кетган, ичкарилаб борган сари тоғлар ҳам юксакроқ, қори қалинроқ бўлиб борар, орқага ўгирилиб қаралса, пастликда кўз илғамас улуғ кўл ёйилиб ётарди. Ҳар сафар одамнинг орқага, таги қорайиб кўринган кўл ойнасига қарагиси келаверарди.
— Иссиқкўлнинг ойнасидан бир парчасини хуржунга солиб олиб кетсакмикин, а? — деб ҳазиллашди Эрназар.
— Отни сулининг ўрнига ойна билан боқармидинг кейин,— босиқ жавоб берди Бўстон.
Кулишди. Чўпоннинг нимаси кўп — кундалик ташвиши кўп. Улар сурувларни довондан қандай олиб ўтишни аниқлаш учун боришар, ҳали олдинда жуда қийин ва мушкулписанд иш турар, шунга қарамасдан, икковларининг вақтлари чоғ, ота-боболарнинг сўқмоқ йўллари улардан ўз меҳру шафқатини дариғ тутмасди. Эрназарнинг кўнгли кўтарилган — ахир, ҳар қалай, унинг айтгани юзага чиқяпти-ку. Урушдан кейин чамаси қирқ йил бу йўлдан ҳеч ким ўтмаган, улар Бўстон билан юрак ютиб шу ишга жазм этишган эди.
Тўғрисини айтганда, Эрназар фикрлашни, сўраб-суриштиришни яхши кўрадиган одамлар сирасидан эди. Ўзи ҳам кўркам, бўлаликкина, урушдан кейин охирги отлиқ қисмларда хизмат ўтаб келган эди. Орадан шунча йиллар ўтган бўлишига қарамай, ҳали ҳам азамат, чингилинг йигит эди. Гулимхон эрим кинода ўйнайдиган артист бўлиб кетишига сал қолди, деб кула-кула сўйлаб юрарди. Бир кинорежиссёр бу томонларга келиб қолиб, Эрназарни кинода ўйнашга кўндираман деб, тоза уринибди. Агар эринг Америкада яшаганда, кинода ковбой бўлиб ўйнарди, дебди. Гулимхон эса, унга: «Биламан, сизларнинг киноларингизни, бир йилқибоқарни кинога тушасан деб, олиб кетишувди, шу кетганча ҳалигача қорасини кўрсатмайди. Бир артистка бошини айлантириб қўйган экан. Мен Эрназаримга жавоб бериб бўпман». Куласизми, қоласизми!
Бўстон эса кузда Кичибелдан қайтиб келсак, Эрназарнинг қўлига бирон бригадани топширишни чамаларди. Майли, ўзи мустақил ишлаб кўрсин. Энди асл чорвадор бўлди. Қачонгача ёрдамчилик қилади. Агар совхозга директор бўлганимда, ўзим билар эдим, қандай одамларни қаерга қўйишни. Лекин халқ айтмоқчи, «бири кам дунё»— одам боласига доим нимадир етмайди.
Тоғлар сари борар эканлар, энди йўлларида тракторлар ва от-улов минган кишилар учрамас, қишлов ҳамда қўтонлар онда-сонда кўзга чалиниб қолар, бу ерларда табиатнинг ҳам турқи бошқача эди: худди бегона жойларга ўхшар, теварак тумтайган ва совуқ эди. Бўстон билан Эрназар кечга томон, ҳали қуёш ботмасдан тошлоқ дара ичидан йўл босиб, Ола Мўнгу ёқасига етиб келдилар. Қош қораймай яна бир оз юрсалар ҳам бўлаверарди, лекин подани тонг қоронғилаб, ҳали юлдузлар ўчмай ҳайдаб келганда ҳам, кун бўйи юриб тоғларда бундан ортиқ масофа босиб бўлмаслигини ҳисоблаб чиқдилар-да, даранинг довон бошланадиган шу ерида тунашга қарор қилдилар. Чорвадорлар довонга чиқиш олдидан тунаб қолинадиган бундай кечани шикама дейдилар. Шикамага танлаган жойлари ҳам жуда қулай эди. Музликлардан жилға шалдираб тушар ва пастга қараб шу ердан йўл олар, агар тоғ ёнасидан жой танласалар, музликлардан эсувчи совуқ изғириндан сақланар эдилар. Музликлардан эсадиган, одамнинг суяк-суягидан ўтиб кетадиган совуқ изғирин ярим кечада бошланиб, қуёш эрталаб кўтарилгунча давом этишини чўпонлар билардилар. Сон-саноқсиз чорвани музликларнинг тунги аёзидан ас-раш ва эрталаб янги куч билан довон сари кўтарилиш — шикаманинг асл маъноси мана шунда эди.
Йўловчилар ерга тушиб, ҳориган отларни эгар-жабдуқдан бўшатиб, тунга ҳозирлик кўра бошладилар. Унча баланд бўлмаган қоя остидан жой топдилар — Эрназар дара ичидан, ҳов бутазорлар ўсган ерларгача бориб ўтин йиғиб келди. Ўт ёқиб, унинг атрофида уйдан олиб чиққан таомлари билан тамадди қилишди, ҳатто тунука чойнакда чой қайнатиб ичишди ва олис йўлдан сўнг ўрин тузатиб чўзилишди.
Довон остидаги тоғ ёналарида тез қоронғи тушди ва кун худди қиш киргандай бир зум ичида совуди. Ёздан қишга ўтиш учун отда бир кун йўл юриш кифоя қилди. Ола Мўнгу музликларидан изғирин эсди. Ахир мангу музликлар қўл узатса етадигандай яқин эди. Бўстон қайсидир газетада ўқиган эди, бу музликлар миллион йиллардан бери мавжуд, водийлардаги ҳаёт уларга боғлиқ, музликлар аста-секин эриб, жилғалар ва дарёларни тўлдиради, пастликлардаги барча дов-дарахт, ўт-ўланга жон ато этади, далаларда экин-тикинни яшнатади, табиатдаги ҳамма нарсалар мана шундай донолик билан яратилган.
— Эрназар,— деди ухлаш олдидан Бўстон,— совуқни қара-я! Суяк-суягингдан ўтиб кетади-я! Яхшиям, пўстинларимизни олган эканмиз.
— Пўстинни айтасиз,— жавоб берди Эрназар.— Илгариги вақтларда дуо ўқиб жон сақлашган, уни довон дуоси дейишган. Эсингизда борми?
— Йўқ, эсимда йўқ.
— Менинг эсимда қолган, бобомиз айтиб берган эди.
— Қани, ўқи-чи.
— Э, мен ўттан-бўттан биламан, холос.
— Ишқилиб, билар экансан-ку. Қани бошла!
— Хўп, майли. Мен айтиб турай, сиз такрорланг. Эшитяпсизми, қани, сиз ҳам айтаверинг: «Ё яхималак, осмоннинг Ҳокими кўк Тангри муз довон узра йўлимизни енгил қилгайсан. Чорвамизни қора изғиринга гирифтор этмагайсан, бунинг ўрнига осмондаги қора қузғунни олгайсан. Бола-чақамизни совуқ нафасинг билан қотириб қўймагайсан, бунинг ўрнига осмондаги ҳаққушни олгайсан. Отларимизнинг айилларини қаттиқроқ тортиб боғлагаймиз, қўтосларга ортган кўч-кўронимизни маҳкамроқ жойлагаймиз ва сенга тавоф қилиб айтгаймиз, йўлимизни боғлама, бизни довондан кўм-кўк ўтлоқлар, муздай булоқларга ўтказиб қўй, бизнинг ушбу сўзларимизни қабул эт...»Менимча, шундай эди. Уёғи эсимда йўқ...
— Аттанг...
— Нимасига ачинасиз? Ҳозир бунақа дуолар ҳеч кимга керак эмас. Энди мактабларда буларни қолоқлик ва жаҳолат деб ўргатишади. Қаранг, ахир, коинотга одам учяпти дейишади.
— Коинотнинг бунга нима алоқаси бор? Нима, осмонга учган бўлсак, аввалги ота-боболарнинг сўзларини унутишимиз керакми?
Кўкка чиқаётганларнинг сони бармоқ билан санарли, сиз ердагилар қанчадан-қанчамиз, қанчадан-қанчамиз ерда тириклик қиламиз? Ота-боболаримиз ерда яшашган, уларнинг тирикчилиги ер билан бўлган, осмонда нима бор бизга? Ким учса учаверсин. Ҳар ким ўз ишини қилсин.
— Айтишга осон, Бўске. Бизнинг парторгимиз Қўчқорбоевга ўхшаганлар ҳар майлисда эскидан қолган нарсаларни сўкканлари сўккан. Тўй қилишни билмайсизлар, нега тўйларда ўпишмайсизлар, нима учун келин бола қайнанаси билан танса тушмайди? — дейишади. Ҳатто болаларингизга тузукроқ от қўёлмайсизлар, деб дағ-даға қилишади. Янги тасдиқланган исмлар рўйхати бор эмиш. Ҳамма эски номларни ўзгартириш керак эмиш. Қўйинг-чи, ҳатто ўликни қандай кўмишгача аралашади, ундоқ қилинглар, бундоқ қилинглар, ундоқ йиғламанглар, мундоқ ош тортманглар. Ҳатто қандай йиғлаш кераклигигача кўрсатиб беради; эскича йиғламанглар, янгича йиғланглар, дейди.
— Биламан, Эрназар ҳаммасини. Билмай ўлибманми? Москвага борсам, кузда мени кўргазмага жўнатишмоқчи, гапнинг очиғи, Марказқўмга кириб айтаман: бизга Қўчқорбоевга ўхшаганлар ростдан ҳам керакми ёки бу пешонамизга битган шўрми? Ҳеч нарса демаганингда ҳам, сал нарсага ҳиқилдоғингдан олади, сен партияга қаршисан, дейди. Ўзини партия деб билганига ўласанми? Яна ҳеч ким унга миқ этиб оғиз очмайди. Ана, одамларимиз қандай. Ҳатто директоримиз ҳам ўзини четга олади. Э, қўйсанг-чи, уни! Ёмони шундаки, Қўчқорбоевга ўхшаганлар бошқа ерларда ҳам тиқилиб ётибди...Ке, энди ухлайлик, Эрназар. Ахир эртага кун оғир бўлади...
Икки чўпон улуғ Ола Мўнгу муз довони остидаги дарада ундан-мундан гаплашиб ётиб ухлаб қолдилар. Юлдузлар ҳаммаси, битта қолмай сим-сиёҳ осмон бағрида тоғлар узра бодраб-бодраб чиқдилар, чўнглиги худди муштдай-муштдай келади-я, лекин нимагадир ерга қулаб тушмайди, деб ажабланарди Бўстон. Дона-дона юлдузлар фалакда осилиб туришар, тинимсиз жимирлар, им қоқар, совуқ шамол тошлар оралаб қутуриб чийилларди...Шамоллар илоҳига доим жой етмайди...У доим недандир норози ва доим нелар-нидир ўз бағрида яширади...

* * *

Бўстон фиғон кўтариб улиган бўриларнинг овозларини тинглаб, шу тобгача бошидан нимаики кечирган бўлса, барини эслаб ётган ўша машъум кечада ҳам шиддатли совуқ шамол чийиллаб, ҳуштак чалиб дераза ёруқларидан уйга ёриб кирарди. У ўтган кунларни яна бир-бир ҳаёлидан кечирар, юрагини тубан кишилар томонидан еткизилган озор ўртарди. О, бу юзсизлик! Улар ҳатто бировларнинг бахтсизликларини ҳам масхара ва майнавозчилик, туҳмат манбаига айлантирадилар. О, нечоғлик кучли бу кўҳна дунёдан қолган юзсизлик! Истаган одамга азоб беришлари, истаган одамни — чўпондан тортиб подшоҳгача — руҳий қийноқ чоҳига ташлашлари мумкин. Юраги адоқсиз маҳзун ўйлардан гоҳо шунчалар ҳам сиқилиб кетардики, бу кеча яна пайдо бўлиб ув солаётган бўриларнинг фарёдлари Бўстонга ўз мустар кўкрагидан отилиб чиқаётгандай туюларди. Назарида бўрилар эмас, унйнг ўртаниб куйган дили қўралар ортида тун қоронғилигида ноумид кезаётгандай, қўзёш тўкавериб аламдан кўр бўлган дили Акбара билан бирга нола-афғон қилаётган, уввос солиб йиғлаётгандай эди. Бўрининг бу ноласига инсон тоқати етмасди, уни қандай бўлмасин, бўғиб, ўлдириб ташлагиси келарди. «Тоза оҳанига олди! Хўп, нима қилай ахир? Мендан, ахир, нима истайсан? — тажанг бўларди Бўстон.— Сенга ёрдам бериш қўлимдан келмади. Мен ҳаракат қилиб кўрдим, лекин ҳеч иш чиқмади, ишон менга, Акбара. Бўлди, бошқа увлама! Йўқ бу ерда сенинг болаларинг, йўқ, юз чақирим наридан ҳам тополмайсан қидириб. Болаларингни пуллаб, ичишди. Энди ҳеч қачон уларни тополмайсан! Бас қил энди! Қачонгача бизни қийнайсан? Кет, кет, Акбара! Унут энди барини. Биламан, сенга оғир, лекин кет энди, йўқол кўзимдан, Худо кўрсатмасин, менга асло йўлиқа кўрма, сен шўрликни отиб ташлайман, ҳеч нарсага қараб ўтирмайман, отиб ташлайман, чунки ҳоли-жонимга қўймаяпсан, мени мажбур қилма, сенсиз ҳам юрагимга қил сиғмайди, сени-ку ўлдирарман, лекин анов менинг шўрим устидан масхаралаб, кулиб юрганларни нима қилайин, ахир, жилла қурса, сен нари тур, сен йўқол кўзимдан, бошқа ҳеч қачон, ҳеч қачон нолангни эшитмай! Онаизоримнинг номига қасам ичаманки, яна баъзи бировларни ҳам ҳеч қараб ўтирмай отиб ташлаган, қўлим асло қалтирамаган бўларди. Сенинг ҳам, менинг ҳам душманимиз битта — у, Акбара, сенинг болаларингни ўғирлади, мени эса бу бадмаст махлуқ ҳаром тили билан шарманда қиляпти. Шуни ўйласам, ўшанда музлик қаъридан тирноқ-қўлларим кўчиб, шилиниб Эрназарни қидирганларим, тўхтовсиз чақирганларим, ёлғиз ўзим қолиб, бераҳм тоғларда йиғлаганларимда қандай жондан тўйган бўлсам, ҳозир ҳам шундай жонимдан тўйиб кетаман, сира яшагим келмайди. Агар манови кичкинтойни демасам, яшамасдим, ҳам, тупурардим ҳаммасига. Мана, онаси олдимга олиб келиб қўйган, ёнимда эркаланиб ухлаб ётибди. Рост, хотин киши бўри увилласа қўрқади, мурғак гўдак эса маъсум ва соф, бегуноҳ уйқуга чўмган, у менинг азоб-уқубатларим эвазига, барча бошдан кечирганларим эвазига дунёга келган, у менинг жоним ва қоним, мендан охирги ёдгор. Лекин ахир, мен бу қисматни тилаб олганим йўқ, унинг ўзи кириб келди ҳаётимга худди тонг отгандай, кун ботгандай, қадимгилар тўғри айтишган экан, тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди деб. Анов аблаҳ Бозорбой эса бошимга ифлос туҳматлар ёғдириб юрибди, ҳеч инсофга келадиган эмас, менга қолса, уни бўғиб ўлдирган бўлардим. Бошқа иш қуриб қолгандай парторг ҳам биринчилар қаторида бу ароқхўрнинг гапига учяпти, баракалла-баракалла деб турибди, кичкинамнинг ризқини қиймоқчи... Мен тушунмасам, сени ким тушунади. Акбара!»
Ўша кеча Бўстон уйқусизликдан азоб чекиб, ана шуларни ўйлаб ётарди. Лекин шунчалар ақли, меҳрибонлиги билан ҳам барибир у Акбара бошига тушган бахтсизликни тўла-тўкис кўз ўнгига келтиролмасди. Майли, гарчи Акбара тилсиз-забонсиз эди, лекин унинг тил билан ифодалаб бўлмас қийноқлари бор эди. У вужуди - хирмонини ёққан ана шу азоблардан ҳеч қутулолмасди. Ахир, ўз терисидан ташқарига чиқиб кетолмайди-ку? Ахир, тоғ-тошларда, сув босган қайирларда Тошчайнарни орқасидан тўхтовсиз эргаштирганча тиним билмай, ҳеч қандай мақсадсиз изғиб юрмаяптими ўзини буткул ҳолдан тойдириш, оёқдан қолиш, ётиб ўлиб қўя қолиш қасдида? Юрагидаги алам ҳовурини босмоқчи бўлиб, Тошчайнар билан бирга йўлида ким дуч келса, шунга қутуриб ташланмадими? Камар ичидаги инига аллақандай умид билан неча-неча бор қайтиб бормадими? Совуқ, бўм-бўш инни кўриб умидлари сўнмадими неча-неча бор? Қанча-қанча тушларига алданмадими?..
Ў, қанчалар оғир бу! Ўша кеча Акбара атроф ерларда боши оққанча дайдиб юраркан, бирдан, кутилмаганда, худди бир зарур иши чиқиб қолгандай, шартта Бошат дарасига бурилиб, елдай учиб кетди. Тошчайнар ҳам одатига кўра ундан бир қадам орқада қолмай чопиб борди. Акбара эса борган сари тезроқ югурар, худди қанот чиқаргандай тоғу тош, ўру қир, чангалзорлар оша телбаланиб учарди. Ниҳоят, таниш сўқмоқ, таниш камар, таниш зиркзордан ўтиб, инига етиб келди, ин ҳамон совуқ, ҳамон бўм-бўш, ҳувиллаб ётарди. Акбара болаларининг иси қолган ҳамма нарсаларни, ҳамма бурчакларни яна бирма-бир искаб чиқди ва яна юраги эзилиб, аламига чидолмай дод деб юборди, ингради, йиғлади, увлади: «Қани, менинг бўлтуруқларим? Қанисиз, эй ширин-шакар болажонларим? Кошкийди, сиз вояга етсангиз, тишларингиз чиқса, менинг ёнимда юрсангиз, қанчалар танимга мадор, жонимга жон, оёғимга қувват бўлар эдингиз, болажонларим».
Акбара ҳалигача шиша оғзидан бадбўй ҳид таралиб ётган, қушлар чўқиб, қолган-қутган сули доналари музлаб ерга ёпишган жилға бўйида ўзини телбаларча у ёқдан-бу ёққа урарди...
Сўнг у яна инига қайтди, тумшуғини човига тиқиб чўзилди. Тошчайнар ёнида қалин, ўсиқ жунлари билан уни иситиб ётди.
Тун кирган эди. Акбаранинг тушига болалари кирди, улар инда Акбаранинг биқинига ўраниб ётишарди. Улар энтак-тентак бўлишиб эмчакларини тортқилашарди. Қачондан бери эмизсам, дейди, сутга тўлиб, тирсиллаб кетди эмчаклари, оғрийди, сирқирайди... Бўлтуруқлар сут кўплигидан тамшаниб, чапиллатиб, маза қилиб эмишар, бўри вужуди худди эриб кетаётгандай ҳузурланарди, фақат нима учундир сути ҳеч камаймасди...Бўри бундан хавотирланарди: нега ундай бўляпти, нега эмчаклари бўшамаяпти, бўлтуруқлари нега ҳеч тўймаяпти? Лекин ҳар қалай, тўртала боласи ҳам ёнида-ку, ана улар — мановиниси думи оқ, у ҳаммасидан шўхроқ, ановиниси эмгани эмган, эмчакни оғзидан қўймайди ва шу кўйи ухлаб қолади, учинчиси эса уришқоқ ва йиғлоқи, тўртинчиси — қиз, у жуда ҳам ширин, кўзлари кўк. Кейин бориб, Акбаранинг худди ўзи бўлади...Кейин Акбара тушида ўзини улуғ чўл Мўйинқумда учиб кетаётганлигини кўрди, унинг оёқлари ерга тегмайди, ёнида тўртала боласи, улар ҳам учиб боришяпти, шундоқ ёнларида эса Тошчайнар катта-катта ҳатлаб сакраётибди. Кўкда қуёш чарақлаётир, сарин шабада елади, нақ ҳаётнинг ўзидай...
Шунда Акбара уйғониб кетди ва анчагача дунёнинг шафқатсизлигидан эзилиб, қимирламай ётди. Сўнг ғоятда эҳтиёткорлик билан ташқарига чикди. Ҳатто Тошчайнар билмай қолди. Ташқарига чиққанда биринчи кўрган нарсаси — қор босган тоғлар узра ой кўтарилган эди. Мусаффо кеча осмонида ой шу қадар яқин кўринар, шу қадар ярақлаб ётардики, унга чопиб етиб олса бўладигандай эди. Акбара чулдираб қўшиғини айтиб чопаётган жилға бўйига келди, бошини солинтириб, сув бўйида маҳзун айланиб юрди, кейин думини ерга тўшаб ўтирди, ой баркашига узоқ-узоқ термилди. Шу кеча Акбара ойда макон қурган бўрилар илоҳи Бўри Онани яққол кўрди, илгари ҳеч қачон бундай бўлмаган эди. Унинг ой юзидаги хира сояси баайни Акбаранинг ўзгинаси эди! Қашқир худоси Бўри Она ойда думини бир ёққа ташлаб, жағларини катта очиб ўтирарди. Акбаранинг наздида ой бўриси унга тикилиб, уни тинглаётгандай эди. Шунда Акбара бошини баланд кўтариб, ўз Илоҳасига йиғлаб нола қилди, унинг комидан оппоқ нафас отилиб чиқди: «Ё бўрилар худоси Бўри Она, ўзинг кўр ҳолимни, совуқ тоғларда толеи шўр ва забун бўлиб ўтирган мен Акбарангман! Ҳолим ёмон бўлди! Фарёдларим қулоғингга етиб боряптими? Аччиқ-аччиқ кўзёш тўкканларим, нолаларимни эшитяпсанми? Ичим оғриқдан ёниб кетяпти, эмчакларим сутга тўлди, кимни эмизаман энди, кимни боқаман энди? Болаларимдан айрилиб қолдим. Ў, қани ахир улар? Нима бўлди уларга? Бу ёққа туш, Бўри Она, ёнимга туш, ёлвораман, қўшилишиб йиғлайлик, қўшилишиб нола қилайлик. Ў, ёнимга, туш, туша, қол, сени ўзим туғилган юртга бошлаб борайин, бўриларга яшаш учун жой қолмаган чўлларимни кўрсатайин. Ў, туш, мана шу тошлоқ тоғларга туш, бу ерларда ҳам энди бизга жой йўқ, бизга ўзи ҳеч қайда бошпана қолмади шекилли...Агар тушмайдиган бўлсанг, ё Бўри Она, унда мен афтодани, болаларидан жудо Акбарангни ўз ёнингга ол. Сен билан бирга, майли, ойда кун кечирайин, сен билан бирга ватанимиз — ерни соғиниб йиғлашайин. Ў, Бўри Она-а-а, мени эшитяпсанми-и-и? Қулоқ сол, қулоқ сол, қулоқ сол менга Бўри Она, нолаларимга қулоқ сол!»
Совуқ тоғлар қучоғида ўша кеча Акбара ойга шуларни айтиб йиғлар, нола қилар, тинмай ув тортарди...

* * *

Довонда шикама кечаси тугаб, тонг отганда биринчи бўлиб Эрназар ўрнидан турди ва пўстинига ўраниб, тушовлиқ отларга қаради.
— Совуқми? — деб сўради Бўстон пўстин тагидан хавфсираб қараганча, қайтиб келган Эрназардан...
— Бу ерда ўзи доим шунақа,— жавоб қилди Эрназар.— Ҳозир совуқ, лекин офтоб чиқиши билан дарров исиб кетади.— У жун ёпинчиқ устига ёнбошлади.
Ҳали вақт эрта эди, ушбу соат ҳали тоғлар ғира-шира эди.
— Отлар қалай?
— Жойида.
— Менимча, подани олиб чиққанда, кечасига мана шу ерда чодир қурсак бўларкан, ҳар ҳолда совуқдан пана-да.
— Нега қурмайлик, қурамиз,— рози бўлди Эрназар.— Бир пастда ўрнатамиз. Ишқилиб, йўл қилиб олсак, бас. Қолгани ўзимизга боғлиқ.
Офтоб чиқиб, тоғларда чиндан кун илиди. Атроф ёришиб, аёзнинг дами қайтгач, улар отларни эгарладилар.
Бўстон отга ўтирмасдан олдин яна атрофга назар ташлади, теваракни ўраган учурумлар ва баҳайбат қояларга кўз югуртирди. Улар ваҳший ва юксак эдилар, инсон боласи улар қаршисида тирноқча ҳам кўринмасди. Улар шу тоғларга қасдма-қасд иш қилмоқда эдилар. «Довондан қўрқмаймиз,— деб ўйлади Бўстон,— гап ҳаёт устида боряпти. Гап ҳаёт устида борганда, одамни ҳеч нарса қўрқитолмайди,— у истаган жойдан — денгиздан, ер тагидан, осмондан йўл топади. Биз ҳам ўз йўлимизни топиб оламиз».
Бошламасига улар четига катта тошлар суриб қўйилган кўҳна сўқмоқни топдилар ва у довондан қандай ўтиб боришини тасаввур қилиб кўрдилар. Довон йўли икки баланд чўққи ўртасидаги қор босган ўркачдан ўтар экан. Ўша ёққа қараб йўл олишди. Ўркач ортида, чамаси, Ола Мўнгу тизмасининг нариги ёғига тушиш бошланарди. Кичибел яйлови ўша ёқда. Қарияларнинг айтишларига қараганда, у ерда қайин ўрмонзор ўсиб ётади ва айқириб тоғ дарёси оқади. Табиат ўз муқаддас жойларини одатда мана шундай овлоқ ерларга яширади ва уларга етиб боришни мушкул қилиб қўяди. Лекин тирикчилик экан, одам боласи уринмаса, бўлмайди — унинг ердан бошқа яшайдиган жойи йўқ...
Сўқмоқ борган сари тик ўрларди. Қор босган ерларга кўтарилганларида отларнинг юриши қийинлашди — ичкарилаб борганлари сайин қор бадтар қалинлашарди. Офтоб чарақлаб турар, изғирин тўхтаган, шу қадар жимжит эдики, отларнинг ҳансираб нафас олишлари ўз нафасларидай эшитиларди.
— Ҳа, қалай? — орқасига қайрилиб сўради Бўстон Эрназардан.— Агар қор қўйларнинг қорнидан юқори бўлса, мазамизни қочиради. Нима дединг?
— Шундай бўлиши ҳам керак ўзи, Бўске, кетаётган жойимизни кўринг! Лекин қийин ер ишқилиб, узоқ чўзилмасин-да. Нари борса, қўйлар ўтадиган сўқмоқ очамиз, у ер-бу ерда қор тепкилаймиз.
— Мен ҳам шуни ўйлаб турувдим. Белкурак олволишимиз керак экан. Эсингдан чиқмасин, Эрназар, белкурак олиб келишимиз зарур.
Қор отларнинг тиззасидан юқори келгач, чўпонлар ерга тушиб, уларни етаклаб бордилар. Ҳаво етишмай қўйди, оғизлари билан нафас олишди. Оппоқ қор кўзни қамаштирар — ҳозир ҳамма кўчада тақиб юрадиган қора кўзойнак асқотиб қолди. Отлар ҳарс-ҳарс нафас олар, қора терга ботган, бўксалари кўтарилиб-кўтарилиб тушарди. Бахтларига ўша баланд ўркачгача унчалик олис эмасди...
Офтоб бир-бирларига айқашиб кетган, абадий тош қотган қорли тоғ чўққилари узра тиккага келганди. Йўлларида ёйилган бир қанча тўп булутларни айтмаса, ҳеч нарса ҳавонинг ўзгаришидан дарак бермасди. Улар оралаб, яна ҳам тўғрироғи, улар устида худди пахтани босиб ўтгандай ўтиб бориш мумкин эди. Ҳозир Иссиқкўл бўйларида ҳавонинг исиб кетгани, дам олувчилар ҳатто соҳилдаги қумлоқларда ўзларини офтобга тутиб ётганликларига ишониш қийин эди.
Ҳали яна ярим чақиримча йўл босишлари керак. Айтинг-айтинг, ишқилиб, довоннинг нарёғида ишнинг пачаваси чиқмасин-да, деб ҳадиксирашарди улар...
Ниҳоят, довондан ўтдилар. Бўстон билан Эрназар нафас ростлагани тўхтадилар. Улар қаро терга ботгандилар. Ҳарсиллаб нафас олишарди. Отлар ҳам ҳолдан тойган эди. Улар чиқиб келган йўлларига қувониб, мамнун бўлиб қарашарди.
—Ана, бўлди, Бўске,— деди кулиб Эрназар. Унинг кўзлари бахтиёрликдан чарақларди.— Подани олиб ўтса бўлади бу ердан. Ҳаво очиқ турса, бас.
—Ҳамма гап шунда-да. Кун очиқ бўлиши керак.
— Сиз билан икки ярим соат юриб келдик,— деди Эрназар соатига қараб.— Унча кўп эмас, а, тўғрими?
— Қўй ҳайдаганда уч соат юрилади,— деб қўшилди Бўстон,— балки кўпроқ юрилса ҳам керак. Лекин энг муҳими, довондан ўтиш мумкин экан, шунга ишондик. Қани, юрдик. Ҳўв анави ердан менимча, тушув бошланади. Балки Кичибел ҳам кўриниб қолар. У ёкда ҳам-маёқ ям-яшил кўкариб ётгандир ҳозир...

Икков яна илгарилаб кетдилар. Атрофда текис, тоза қор кўрпаси тўшалган, баъзи ерларда шамол қорларни қуюнда уюб, буюғ ясаб, тепа қилиб ташлаган, улар офтобда ярқирайди. Лекин, олдинда аллақайда қорлик дунё тугаб, бутунлай янги олам бошланишидан нималардир дарак бериб турарди. Икковлари тезроқ ўша томонга ўтиш, орзу қилган жойларини кўришга ошиқардилар. Улар икки тоғ ўртасидаги ўркачдан ўтиб боришар, яна озгина юрсалар, мақсадга етадигандай эдилар. Бўстон отини етаклаганча қор тепкилаб олдинда борар, шунда бирдан оёғининг тагида алланима қалтираб кетгандай туюлди. Орқа томондан қичқирган товуш эшитилди.
Бўстон дафъатан ўгирилиб қаради ва анқайиб қолди: Эрназар кўздан ғойиб бўлган, қайгадир тушиб кетган эди. На ўзи бор, на оти. Фақат у ҳозиргина қадам ташлаган жойда қор тўзонланиб турарди.
— Эрназар!— ваҳимали қичқирди Бўстон ва ўз қичқириғидан ўзи қўрқиб кетди. Унинг товуши тоғларнинг ўлик сукунатида гулдураб акс садо берди.
Бўстон қор тўзиб турган ерга ўзини отди ва базўр ўзини ушлаб қолди, ўзини қандайдир ғайритабиий куч билан орқага олди. Унинг олдида тубсиз ўпқон очилди. Ўпқон қорайиб ётар, ундан абадий совуқ нафас уфурарди. Шунда Бўстон қорга қорни билан ётди-да, нима бўлганини ақлига сиғдиролмай, тўғрироғи, бунга асло ишонмай, қаър четига суриниб келди. Унинг бутун вужуди, бутун фикру ҳаёли қўрқинчга айланди, шу қўрқинч танасини бутунлай карахт қилиб кўйди. Шунга қарамай, Бўстон судралганча сурилиб борар, ўзи тушунмаган алланима кучига куч қўшар, нафас олишга кўмаклашарди. Бўстон тирсакларига тираниб, юзига ёпишаётган корларйр сидириб, суринарди. Ниҳоят, у қор таги кўк муз эканлигини тушунди. Шунда у қор тагида кўмилиб ётадиган ёриқлар ва ўйилган ерлар, уларга тушиб кетган йилқилар ҳақидаги ривоятларни эслади, «ер юткур», «жар ёқага кет!» деган қарғишлар эсига тушди. Лекин нима учун Эрназар, Эрназаргина эмас, унинг ўзи ҳам бу балога гирифтор бўлдилар?
Ҳеч нарсага қаноат қилмади, доим кўзига оз кўринди, ношукурчилик оқибати эмасмикин бу?.. Бундай кулфатга дучор бўлишини билганда-ку...
Бўстон тоғ ёриғигача судралиб келди. Унинг кўз ўнгида таги-туги йўк қаър қорайиб ётарди. Тубсиз жар ёқалари худди шар-шар йиртилиб кетгандай эди. У даҳшатдан титраб кетди.
— Эрназар,—оҳиста пичирлади Бўстон, бир зум ичида унинг томоғи қақраб кетганди, кейин ваҳшиёна ҳирқираган товуш билан бақирди:— Эрназар, қайдасан? Эрназар! Эрназар! Эрназар!
У жим бўлди. Шунда назарида қаър ичидан билинар-илинмас инграган бир овоз эшитилгандай туюлди: «Яқинлашманг».
Бўстон шунда фарёд кўтарди:
—Эрназар! Жигарим! Мен ҳозир! Ҳозир! Сабр қил! Ҳозир сени тортиб оламан!

У жарга қулай-қулай деб, ўзини ортга отди. Бориб отнинг жиловларини сидириб торта бошлади. Улар ўзлари билан Эрназарнинг эгарига маҳкамлаб арқон ҳамда болта ола келган, лекин энди бу нарсалар жарга қулаган от билан бирга кетган эди. Бўстон пичоғини қинидан суғурди, тери тасмалар — нўхта, қуйишқон, тизгин, узанги, жилов борми ҳаммасини кесиб чиқиб, сўнг битта қилиб, узунасига маҳкамлаб боғлади. Қўлини кесиб олди. Дағ-дағ қалтирарди. Яна қаър ёқасига сирғалиб борди, кўзига ҳеч нарса кўринмас, йўлга қарамас, талваса ичида титраб нафас олар, худди бирдан жон таслим этадигандай, Эрнёзарни қутқаролмай қоладигандай қўрқар, жониқарди.
— Эрназар! Эрназар!— товуш берарди у.— Мана арқон! Арқон бор! Эшитяпсанми, арқон бор! Эшитяпсанми! Эрназар! Жигарим, овоз бер!
У абзалдан кесиб ясаган арқоннинг бир учини муштига боғлади-да, иккинчи учини жарга туширди. Лекин ҳеч ким арқонни тутмади, ҳеч ким унинг чақирганига садо бермади. Қаър қанчалар чуқур — у билмасди. Арқон қанча жойгача тушди — у бехабар эди.
— Овоз бер, Эрназар! Овоз бер! Қайдасан, Эрназар! Жигарим!— тинмай чақирарди Бўстон. Лекин қоронғи қаър тубидан унинг ўз овозигина акс садо бериб қайтарди. Бўстоннинг эти жунжикиб кетди.— Қайдасан, Эрназар!— бўзларди Бўстон.— Эшитяпсанми, Эрназар! Мен нима қилай, ахир?— Шундан сўнг у ўзини тутолмай ўкириб йиғлаб юборди. Тинмасдан узуқ-юлуқ алланарсалар деб бақирарди. У аллақачонлар фронтда ҳалок бўлган отаси, неча йиллар бурун ўлиб кетган онасига, болалари, ака-укалари, опаларига ва айниқса, хотини Орзигулга жон-жаҳди билан ялиниб-ёлворарди. Йўқ, у рўй берган бу фалокатни ҳеч ақлига сиғдиролмасди... Ҳалок бўлди, ҳалок бўлди Эрназар! Энди унй ҳеч ким ва ҳеч нарса юпатолмас, аламли юрагига таскин беролмасди... Энди у ҳасратдан бир умр халос бўлолмайди... Шунда Бўстон ҳайқириқ солди: «Сен ахир бизнинг дуоларимизни эшитмовдингми?! Нима қилиб қўйдинг, ахир? Ким бўлдинг сен шундан кейин?»— У бу сўзларни кимга ва нимага қарата айтаётганлигини узи ҳам билмасди.
Ўрнидан гандираклаб турди, қоронғу тушаётганлигини сезди, довонда ҳаво айниётганлигини англади. Қаердандир булутлар пайдо бўлди, кечаси изғириқ турди. Лекин, нима қилиш керак ахир? Қаерга борсин? Сўқмокда ўз ҳолига қўйилган от кетиб қолган — отнинг пастга қараб эниб бораётганини у кўрган, лекин орқасидан етиб олишга иложсиз эди. Бироқ эгар-жабдуқдан тортиб, нўхта-ю жиловигача кесиб олинган отдан нима ҳам наф бор? Бўстон азбаройи фиғони чиқиб, қирда ётган эгарни бир тепди. У Ола Мўнгу довонида мангу музлик-лар устида, олайган қоялар орасида қорайиб, бўрсиниб кетган ҳолда бошяланг (телпаги боя ўрга тушиб кетган эди) ҳар томонга аланглаб ёлғиз ўзи қолган эди. Довонда эсаётган изғирин шамол унинг шусиз ҳам ларзага тушган дилини бадтар эзарди. Қаёққа борсин энди, нима қилсин? Ҳаммаси қандай яхши бошланиб келаётган эди-я? Қайдан чиқа қолди оёқнинг тагидан бу ўпқон? У ўзининг изларини кўриб чиқди ва Эрназар бутунлай тасодиф туфайли ёриққа тушиб кетганлигига амин бўлди. Унинг ўзи жар ёқасидан бир ярим қадамча наридан ўтган эди. Эрназар шўринг курғур ўнгроқдан юриб келаётган экан. Қор тагида яшириниб ётган тоғ ёриғига оти-поти билан кўз очиб-юмгунча қулаб тушган.
Дўстига ёрдам берай деса, кўлидан ҳеч нарса келмайди. Лекин, бунга кўниб ҳам кетолмайди. Бирдан Бўстон ўйланиб қолди: балки Эрназар ҳали тирикдир, балки фақат ҳушини йўқотиб қўйгандир — уни совуқда қотиб қолмасидан иложи борича тезроқ туз жардан чиқариб олиш керак. Ўшанда балки уни кутқариб қолиш мумкиндир. У пўстинни қорга улоқтирди ва гарчи бу ерлардан югуриш ғоятда кийин бўлса ҳам, пастга томон чопиб кетди. Совхозни рўй берган фалокатдан имкон қадар тез хабардор килмоқ керак, деб ўйларди у, шунда улар турли асбобу ускуналар билан одамларни ёрдамга юборадилар. Унинг ўзи чироқ билан арқонда Эрназар ётган жойгача тушади, уни албатта, қутқаради.
У неча марта йиқилиб, турди. «Ишқилиб, оёғимни синдирмасам, бас»,— деб ўйларди ҳар сафар хавотирланиб. Сўнг ўрнидан яна турар ва қадамини жадаллатарди.
Бўстон салт отини қувиб етишдан ҳам умидвор эди. Ҳаво дам сайин ўзгариб, айниб бормоқда эди. Қор учқунлай бошлади. Лекин, Бўстон бундан ташвишланмасди. Довонда қор қуюн қутурганда ҳам пастда ҳеч нарса ёғмаслигини у биларди. Фақат Эрназар нима бўлади, деб даҳшатга тушарди. Агар тирик бўлса, кутқарувчилар келгунча чидармикин? Тезроқ, тезроқ,— тинмай миясига нуқирди у. Хуфтон қоронғилиги қуюқлашиб борар, қоронғуда тез юриб бўлмайди, деб юрагига ваҳима тушарди унинг.
Бўстон отни барибир қувиб етолмади. Эркинликни ҳис этиб, саман от қадрдон ерлар томон жадаллаб кетган эди.
Ўзига таниш тоғ ёналаридан Бўстон тик пастга, йўлни анча қисқартириб тушиб борарди. У не-не ўтлоқлар, ўр-жарлардан ўтар, лекин булар уни ҳоритмас, уни оғир ўйлар тинмай эзар, бир дам ҳам қўймасди. Бошида Эрназарни қутқариш ҳақида турли-туман режалар гувилларди. Дам довондан кетмаслигим, Эрназарни шу ҳолда ёлғиз қолдирмаслигим керак эди, деб ўйлар, майлийди, мени ҳам қуюн кўмиб кетса, дерди. Дам мангу музлик ва совуқ, зулмат қаърида ўлим талвасасида инграб ётган Эрназарни кўз ўнгига келтирарди. Тоғ устида эса қорбўрон қуюн ясаб қаҳрли айланади. Эрназарнинг оиласи, хотини, болаларига нима дейди? Шуни кўз олдига келтираркан, у кўксини пора-пара қилиб йиртиб ташлагиси келар, эсдан оғиб қолаётганга ўхшарди.
Лекин ҳаёт фақат кулфат ва омадсизликдан иборат эмас. Толе шу тобда унга андаккина кулиб ҳам боқди. Ўша куни тоғликларда бир чўпон тўй бермоқда эди. Таътилга келган студент ўғлини уйлантираётган эди. Меҳмонлар узоқ ўтиришди. Энг охиргилари ярим кечадан оғганда, юк машинада қайтишмоқда эди. Осмонга тўлин ой кўтарилганди. Тоғ ёнбағирларида кўл салқини эсарди. Олисда, пастда Иссиқкўлнинг ойдини хира жилваланарди. Одамларнинг қўшиқ айтгилари келар, бир қўшиққа иккинчисини улаб юборардилар.
Қўшиқ товушларини эшитиб, Бўстон югурганча йўлга етиб улгурди-да, жони борича қўлини силкита кетди. Ана шу юк машинасида тунда соат иккилардан ўтганда, у «Берик» совхозига етиб келди. Юк машинаси совхоз директорининг уйи олдида тўхтади. Ит қаттиқ акиллаб, Бўстоннинг оёғига ташланди. Итга эътибор бермай, у деразани муштлай бошлади.
— Ким бу?— хавотирли сўради овоз.
— Менман, Бўстон Ўркунчиевман.
— Нима бўлди, Бўске?
— Аҳвол чатоқ.

* * *

Эртасига пешинга яқин қутқарувчилар бирин-кетин тизилишиб Ола Мўнгу довони томон кўтарилиб борардилар. Бўстонни қўшиб ҳисоблаганда, улар олти киши эдилар. Машина юриши мумкин бўлган жойгача уларни вездеходда олиб келиб қўйдилар. У ёғига ўзлари асбоб-ускуналарини олиб йўлга тушдилар. Улар Бўстон изидан нафасларини сақлаб, жим, адл кўтарилардилар. Шаҳардан тез орада, мана шу соатлар ичида вертолёт келиши, уларга учта тажрибакор альпинист ёрдамга қўшилиши керак эди.
Кеча худди мана шу пайтда, худди мана шу сўқмоқдан Эрназар икковимиз довонга ўтиб борган эдик, деб ўйларди Бўстон, бошимизга бундай фалокат тушишини ҳаёлимизга ҳам келтирмагандик...
Эрназар йиқилгандан сўнг бир оз вақт тириқ бўлганлигини у тушунар, лекин бир кечаю бир кундуз музлик қаърида одам чидаши мумкинлигига ақл бовар қилмасди. Шундайликка шундайку-я, лекин барибир ҳеч нарсага қарамасдан у мўъжиза рўй беришига ишонгиси келарди.
Ўтган кеча бўралаган бўрондан сўнг довонни қор босган, сукут чўккан эди. Қор кўзни қамаштириб, оғритарди. Қорбўрон кечаги изларнинг барини босиб кетган, Бўстон муз ёрилган жой аниқ қаерда эканлигини кўрсатишга қийналарди. Лекин бир ёмоннинг бир яхшилиги бор дегандай, қутқарувчилардан бирови Бўстон кеча ечиб ташлаган пўстинни топди, сал ўтмай пўстиндан андак нарироқда ётган эгарга ҳам кўзлари тушди. Ана шуларга қараб, кечаси қор кўмиб ташлаганига қарамай, ўйиқни аниқ мўлжаллаб топишди. Бу орада альпинистлар ҳам келиб қолишди. Улар ўз сўзларига қараганда, олти қаватли уйча келадиган муз ўйиқ ичига тушишди...
Альпинистлар юқорига қайтиб чиқиб, Эрназарни ололмаймиз, деб айтишди. Унинг ҳам, отининг ҳам лоши қалин музга ажратиб бўлмайдиган даражада ёпишиб, қотиб қолибди. Кўчириб олиш учун қаттиқ зарб урилса, муз қатлами сурилиши, натижада, қутқарувчиларнинг ўзлари кўчки остида қолиб ҳалок бўлишлари мумкин, деб тушунтиришди альпинистлар... Бўстоннинг ўзи ўйиққа тушиб кўрсин, истаса, дўсти Эрназар билан видолашсин, дейишди альпинистлар. Ўзга чора йўқ...
Кейин узоқ йиллар Бўстон хотирасига ҳеч ўчмас бўлиб ўрнашиб қолган даҳшатли туш кўриб юрди. У муз жар сари арқонда тушиб боряпти. Яхмалак деворларни қўлидаги фонар билан ёритади. Унинг яна бошқа фонари ҳам бор. Бирови қўлидан тушиб кетса, иккинчисини ишлатади. Бирдан назарида иккинчи фонарини йўқотиб қўйди. Қаерга ғойиб бўлди, билмайди. Бундан юраги ёмон сиқилди. Қўрқди, хавотирланди. Бақиргиси келади. Лекин ваҳимали қоронғу музлик қаърига тушганча тушиб бораверди. Ниҳоят, чироқ ёруғида музга тошдай ёпишиб ётган Эрназарни кўрди: Эрназар (аслида ҳам шундай эди) муккайиб ўтирибди, пўстини боши тепасига кўтарилиб қолган, юзи қонга бўялган, лабларини маҳкам қимтиган, кўзлари юмуқ. «Эрназар!— деб чақирди Бўстон.— Мен келдим! Қулоқ сол, мен сенга иккинчи фонарни қолдириб кетмоқчи эдим — бу ер жуда қўрқинчли ва қоронғу экан — лекин уни йўқотиб қўйдим. Тушундингми, Эрназар, йўқотдим. Лекин барибир сенга ўзимнинг фонаримни бераман. Ма, ол, бу менинг фонарим. Ол, Эрназар, илтимос қиламан!» Аммо Эрназар унинг қўлидан фонарни олмайди ва ҳеч қандай жавоб бермайди. Бўстон йиғлаб юборади. Ўкириб-ўкириб йиғлайди ва кўзёшлари шашқатор оққан кўйи уйғонади.
Кейин кун буйи ўзига келолмай бир ҳол-бир сар бўлиб тумтайиб, ранги очилмай юради. Бу тушини у ҳеч кимга, ҳеч қачон айтмаган, Гулимхонга-ку, айниқса, ҳатто унга уйлангандан кейин ҳам. Эрназар билан хайрлашгани муз ўйиғига тушгани ҳақида ҳам унинг оила аъзоларидан ҳеч кимсага оғиз очмаган.
Довондан уйга қайтганда, ҳамма рўй берган фалокатдан хабар топган эди. Бўстон учун ғамдан адойи тамом бўлган, кўзёши дарё Гулимхонни кўришдан ҳам оғирроғи йўқ эди. Довонда ўлиб кета қолсам ва яна неча минг марта ўша муз қаърига тушсам, барини қайта бошдан кечирсам, бундан кўра осонроқ эди, деб ўйларди у. Эрининг ҳалокатига Гулимхон ҳеч тоқат қилолмасди. Ишқилиб, эс-ҳушидан айрилиб қолмасайди, деб хавотир олишарди. Унинг доим бир ёққа қочиб кетгиси келарди: «Ишонмайман, ишонмайман унинг ўлганига! Қўйиб юборинглар мени! Уни ўзим топаман! Унинг олдига бораман!»
Бир куни кечаси у ростдан ҳам қочиб кетди. Бўстон куни бўйи эзилиб, абгор бўлиб, озгина дамимни олай деб турган эди. Мана бир неча кундан бери у тузукроқ ечиниб ўрнига ётолмас, таъзияга келувчиларнинг кети узилмасди. Одамлар эшитиб, бутун атроф-жавонибдан келишар, кўплар эски удум бўйича ҳали узоқдан Эрназар деб айтиб йиғлашарди: «Эрназар, қардошим, жигарим, қачон энди сени кўраман?» Бўстон уларга отдан тушишларига кўмаклашар, таскин берарди...
Ўша куни оқшом одам бир оз товсиллади. Бўстон ўз ҳовлисида белигача ечиниб, устидан ёлоғида сув қуйиб ювина бошлади. Орзигул Гулимхоннинг ёнида эди. Шу кунлари у қўшнисини ёлғиз қўймасди.
— Бўстон, Бўстон, қаердасиз?— бирдан Орзигулнинг чақирганини эшитди.
— Нима бўлди?
—Чопинг тезроқ, Гулимхонни олиб келинг. Қаёққадир қочиб кетди. Қизлари йиғлашяпти, мен уни ушлаб қололмадим.
Бўстон майкасини апил-тапил кийиб, елкасига ташлаган сочиқ билан йўл-йўлакай артингача, ҳушини йўқотиб қўйган Гулимхоннинг кетидан чопди.
Унга хийлагача етиб ололмади.
Гулимхон қия жарликдан тоғлар томонга қараб жадал кетиб борарди.
— Гулимхон, шошма, қаёққа?—чақирди уни Бўстон.
У орқасига қарамасди. Бўстон қадамини тезлатди, Гулимхон бундай аҳволда ҳозир ҳаммасини юзимга солади, Эрназарни сиз нобуд қилдингиз, деб таъна қилади, деган ҳаёлга борди, у баридан кўра худди мана шундан қўрқарди, бу фикр ҳаёлидан ўтди-ю, худди биров устидан қайноқ сув қуйиб юборгандай бўлди. Ахир унинг ўзи ҳам шуни ўйлаб ич-этини емаяптими, жони алам ўтида қовурилмаяптими? Унга нима деб жавоб беради?
У ўзини оқлаб ўтирардими? Унинг баҳоналарини Гулимхон инобатга олармиди? Одамнинг қўлидан ҳеч нарса келмайдиган фожеа ҳоллар бўлиши мумкинлигини унга қандай тушунтирсин? Лекин бу сўзлар ҳам малҳам бўлолмасди, бундай ҳолларда малҳам бўлоладиган, овунтирадиган сўзлар борми, ахир? Шунча ишлар бўлиб ўтиб ҳам, мана тағин тирик лошини кўтариб юрибди, буни Гулимхонга нима деб тушунтиради?
—Гулимхон, тўхта, қаёққа кетяпсан?— Бўстон ҳарсиллаганча унга етиб олди.— Тўхта, қулоқ сол, юр, уйга кетайлик...
Ўша оқшом чоғи ҳали кун ёруғ эди, аста кириб келаётган осуда хуфтон ғира-ширасида тоғлар аён кўзга ташланар, Гулимхон унга ўгирилиб қаради, шунда Бўстонга жувондан худди қайғу-ғам ёғилиб келаётгандай бўлиб туюлди, Гулимхон гўё шаффоф сув остидан туриб қараётгандай чеҳраси ўзгариб, қийшайиб кетганди. Унинг азобини кўриб Бўстон дод солай дерди, афтода ҳолидан юраги эзиларди. Кечагина гуллаб-яшнаб турмаганмиди шу жувон? Бўстон унинг эс-ҳушини йўқотиб қочиб бораётгани, устидаги ипак кўйлаги кўкраги узра йиғилиб қолгани, янгигина қора маҳсиси мотам учун кийилгандай бўлиб тургани, сочлари эса азадор хотинларники каби ўрилганига ҳеч чидай олмас, кўксини чок-чок қилиб ташлагиси келарди.
— Қаёкқа, қаеққа кетяпсан, Гулимхон?— деди Бўстон ва беихтиёр унинг қўлидан ушлади.
— Мен довонга, унинг олдига бораман,— деди Гулимхон аллақандай паришон товуш билан.
Бўстон: «Э-ҳой, ақлинг ўзингдами? У ерда нима қиласан? Қандай етиб борасан? Бундай юпқа кўйлакда кўз очиб-юмгунча шамдай қотиб қоласан-ку?» деб уришиш ўрнига, ялиниб, ўтина бошлади.
— Ҳозир эмас. Кечаси бўлиб қолди, Гулимхон. Бошқа бир пайт борарсан. У жойни ўзим сенга кўрсатаман. Ҳозир ундай қилма. Юр, уйга. Қизлар қўрқиб йиғлашяпти, Орзигул хавотир оляпти. Бемаҳал бўлиб қолди. Юр, энди Гулимхон, илтимос.
Гулимхоннинг қадди ғам-алам юкидан дол эди. У индамасди.
— Усиз мен қандоқ қиламан?— ҳасрат билан шивирлади у бошини чайқаб.— Қандоқ қилайки, у ёлғиз қолди, қандоқ қилайки, уни ўраб-чирмаб, аза-мотам тутиб ерга қўёлмадим? Мозор битмаган эканми пешонасига?
Бўстон унга нима деб таскин беришни билмасди. У чўпон ёзда ҳам, қишда ҳам оёғидан қўймайдиган кирза этикда, бўйнида сочик, суякдор елкаларига илган майкаси валангар ҳолда гуноҳкор бошини хам қилиб аёл қошида турарди. Бемажол, гуноҳкор, бечора. Бу жувон йўқотган нарсанинг ўрнини ҳеч нарса билан ҳеч қачон тўлдириб бўлмаслигини у тушунарди. Ва агарда унинг эрини тирилтириб, ўрнига ўзи ёта олсайди, буни бир зум ҳам ўйланиб ўтирмай адо этган бўларди.
Улар ўз ўйларига ботиб, жим қолдилар.
— Кетдик,— Бўстон Гулимхоннинг кўлидан тутди.— Биз одамлар Эрназарни йўқлаб келадиган жойда бўлишимиз керак. Уйда бўлишимиз керак.
Гулимхон унинг елкасига бош қўйди. Худди ўз отасига ҳасратини тўкиб солаётгандай силкиниб-силкиниб ииғлаб, ич-ичидан отилиб келаётган ўкириғини босиб, нималарнидир тинимсиз ҳўнграб пичирларди. Бўстон уни суяб олди. Улар бирга-бирга йиғлаб, ҳасрати кўйига ботиб уйга қайтдилар. Чаппар уриб гуллаган тоғ ўт-ўланларининг ўткир муаттар исларига тўлган осуда ёз оқшоми сўниб борарди. Эрназарнинг қизларини етаклаган Орзигул уларга пешвоз чиқди. Хотинлар бир-бирларини кўргач, яна қучоқлашдилар ва узоқ айрилиқдан сўнг топишгандай ҳўнг-ҳўнг кўзёшларини тўкдилар...
Ярим йил ўтгач, Орзигул район касалхонасида ётган, Гулимхон эса соҳил бўйидаги балиқчилар қишлоғига кўчиб кетган эди. Бўстон ўша оқшомни эслади, бостириб келган ҳислардан тўлқинланиб, кўзини туман қоплади.

Бўстон палатада хотини ётган каравот ёнида ўтирар, унинг пажмурда, оқариб кетган чеҳрасига жони ачиб термуларди. Кузнинг илиқ куни эди, палатадаги бошқа беморларнинг кўпчилиги ҳовлида айланиб юришарди. Шунда Орзигулнинг ўзи гап очиб қолди.
— Сизга айтадиган сўзим бор эди.— Сўзларини оҳиста чайналиб айтаркан, Орзигул эрига базўр кўзларини кўтариб қаради. Бўстон шу кеча унинг яна ҳам сарғайиб кетгани, ориқлаганини пайқади.
— Қулоғим сенда, Орзигул. Нима демоқчи эдинг?— меҳрибончилик билан сўради Бўстон.
— Сиз доктор билан гаплашдингизми?
— Гаплашдим. У айтдики...
—Шошманг. Нима деган бўлса дегандир, кейин сизга шуни айтмоқчи эдимки...
Бу сўзлардан Бўстоннинг юраги орқага тортиб кетди. У киссасидан рўмолчасини чиқарди-да, тер босган манглайини артди.
— Балки ҳозир ҳожати йўқдир. Аввал тузалгин, сўнг гап бўлса қочмас.— Бўстон бўладиган гапни орқага сургиси келди. Лекин хотинининг нигоҳидан гапни қолдириб бўлмаслигини сезди.
—Ҳамма нарсанинг ўз мавруди бор,— қон қочган лабларини зўр-базўр қимирлатди бемор.— Бу ерда обдан ўйладим. Касалхонада ўйлашдан бошқа иш ҳам йўқ экан ўзи. Сиз билан яхши умр кечирдик, мен ўз такдиримдан розиман. Худонинг қаҳрини келтириб нима қиламиз. Болалар кўрдик, уларни вояга етказиб, оёққа бостирдик. Энди ўзлари бемалол ўз ақллари билан яшайверишади. Болаларимиз ҳақида ҳали яна алоҳида гаплашармиз. Лекин сизга ачинаман, сизни кўзим қиймайди. Сиз одамлар билан яхши чиқишиб кетолмайсиз, уддабурон эмассиз, ҳеч кимга ялинмайсиз, қуллуқ қилмайсиз. Ёшингиз ҳам ўтиб қолди. Мендан кейин одамлардан тортиниб, қочаверманг. Мендан кейин сўққабош, одамови бўлиб юрманг. Таъзиям ўтгандан сўнг яна нима қилишни ўйлаб кўринг. Менга қолса, ёлғиз яшашингизни истамасдим. Фарзандларингиз ўзидан ортмайди.
— Қўйсанг-чи, шу гапларни,— бўғилиб деди Бўстон.— Бошқа нарса қолмадими бизга?
— Йўқ, буни гаплашмай бўлмайди! Бошқа нимани ҳам айтамиз? Сафар қариди ва буларни бир-биримизга айтмасак, иложи йўқ. Ўлгандан кейин гаплашмайсан-ку. Шунинг учун бу ерда термулиб ётиб сиз ни ва ўзимни ўйладим. Гулимхон олдимга пайдар-пай келиб турибди. Ўзингиз биласиз, у бизга етти ёт бегона эмас. Тақдир экан, ёш болалари билан ёлғиз қолди. Яхши аёл. Сизга маслаҳатим шу — унга уйланинг. Яна ўзингиз биласиз, сизга ўргатгулик эмас. Ҳар кимнинг гўри бошқа. Мен ўтгандан сўнг, унга шу гапимизни айтинг... Худо хоҳласа, балким, мен айтгандай чиқар. Ҳар қалай, Эрназарнинг болалари отасиз қолмайди...
Иссиқкўлга келувчилар кўпинча иссиқкўлликлар устидан ҳазиллашиб юришади: кўл бўйида яшаб, кўлни кўрмай ўтадилар. Бунга ҳеч қўллари тегмайди. Мана, Бўстон ҳам не замонлардан бери кўл ёқасига энди келиб туриши. Шунгача кўлга узоқ-узоқлардан кўз қири тушган, холос.
Бу сафар кечга томон касалхонадан чиқиб, тўғри соҳилга йўл олди. Тоғлар орасидаги мовий ойдинлик бўйида ёлғиз айлангиси келди. Бўстон шамол кўл юзасида худди ер ҳайдагандай оппоқ тўлқинларни равон мавжлантириб қувалаб юрганлигига узоқ тикилди. Унинг кўксидан йиғи отилиб келарди. Ўзини Иссиқкўл бағрига ташлаб йўқ бўлиб кетишни истарди. Яшашни хоҳлаб-хоҳламасди... Худди мана шу мавжлар каби тўлқин қайнаганда ғойиб бўлади, сўнг яна ўз доманидан ўзи дунёга келади...
Охир-оқибат бўрилар Бўстонни ҳоли-жонига қўймади — улар қўра атрофида тиним билмай увиллашавериб, ниҳоят, уни ётган еридан туришга мажбур қилишди. Лекин ундан бурунроқ Кенжаш уйғониб кетди. Кичкинтой уйқуси ўчиб, йиғлай бошлади. Бўстон ўғилчасини ўзига яқинроқ суриб, қучоқлаб, бағрига босиб, овутишга киришди:
— Кенжаш, ҳой, Кенжаш! Мана мен шу ердаман. Нима дейсан, тентагим? Ана, ойинг ҳам шу ерда — ана, кўряпсанми? Нима берай, айт? Чироқ ёқайми? Э, сен бунақа қўрқмагин-да. Мушуклар мовлаяпти. Мушук шунақа мовлайди.
Гулимхон ҳам уйғониб, кичкинтойни эркалаб овутишга тушди, лекин боланинг хархашаси тинмасди. Чироқни ёқишга тўғри келди.
— Гулим,— деди Бўстон эшик олдига боргач, у чироқни ёқаман деб ўрнидан турган эди.— Бориб уларни қўрқитиб қўймасам бўлмайдиганга ўхшайди. Ҳаддан ошиб кетишди.
—   Соат неча бўлди?
Бўстон соатига қаради.
— Йигирмата кам уч.
— Ана кўрдингизми,— норози бўлиб деди Гулимхон.— Ҳали олтида туришингиз керак. Шу яхшими? Бу қуриб кеткур Акбара бизни жинни қилиб қўяди. Қаердан ёпишди бизга бу бало?!
— Ўзингни бос. Нима қилсак экан? Мен дарров келаман. Сен қўрқма. Тоза жаззамизни берди-да, бу қашқир. Ташқаридан эшикни илиб кетаман. Хавотир олма. Ухла.
У сарпойчан оёғига шошилинч илган кирза этигини тўриқлатиб, ойна ёнидан ўтди. Бўстон қандай бўлмасин, бўриларни учратаман деб, ахд қилган эди, шунинг учун овози борича бақириб итларни чақира бошлади, уларни болохонадор қилиб сўкди. Аламидан қутурган бўрилар жонидан тўйдириб юборишган — у ҳар нарсага тайёр эди.
Бўриларга ҳеч қандай ёрдам беролмасди. Уларни дуч келтирса, отиб ташлашдан бошқа чора қолмаганди. У ярим автомат милтиғини шайлаб қўйганди.

Лекин бўриларни учратмади. Шундан сўнг дунё кўзига қоронғу кўриниб, уйга қайтди. Лекин бари бир уйқу келмади. Қоронғуда анчагача тўлғаниб ётди, миясини нотинч, дардли ўйлар пармаларди.
Нималарни ўйламайди дейсиз одам уйқу қочганда? Ҳаммасидан ҳам кўпроқ у йилдан йилга виждонан ишлаш қийин бўлиб бораётгани, ҳозирги одамлар ва айниқса, ёшларда ор-номус қолмаганлиги ҳақида ўйларди. Ҳеч ким ҳозир сўзга ишонмайди. Ҳар бир кимса ҳаммадан бурун ўз фойдасини кўзлайди. Ваҳоланки, машҳур Чу канали қурилишида одамлар мамлакатнинг ҳамма бурчакларидан ўз ихтиёрлари билан келиб, ҳатто пул-маош олмай меҳнат қилмаганмидилар. Мана энди ҳеч ким бунга ишонмайди, чўпчак айтяпсизми, дейди, шундай бўлиши ҳам мумкинми асти? Ҳозир ҳеч ким бўйнига арқон солсангиз хам, ўламан саттор, чўпон бўлмайман, дейди. Ҳаммалари буни билишади, лекин билмагандек юришади, вақтинчалик қийинчиликлар деб қўйишади. Очиғини айтсанг, туҳмат қиляпсиз деб юз-кўзингни очиришмайди. Кимнинг ноғорасига ўйнаяпсиз, дейишади! Ахир бу кетишда кейин нима бўлади, ҳеч кимнинг жиддийроқ бош қотиргиси келмайди. Унинг дилига таскин, кўнглига ором берадиган бирдан-бир нарса бор эди. У ҳам бўлса, Гулимхон ҳеч қачон отда тиним бор, итда тиним бор, сизда тиним йўқ, эртаю кеч қўй-кўзидан бўшамайсиз, деб таъна қилмаган, юзига солмаган эди. Ўтарни бир зум ҳам кўздан қочириб бўлмайди, сурувни тўхтатиб кўр-чи, бу темир дастак эмас сенга керагида кўтариб, кераксизда тушириб қўядиган, сурувгача кеча-кундуз кўз-қулоқ бўлиб турмасанг, иш чиқмайди. Аксига олгандай, қаёққа қарама, қўл кучи етмайди. Ҳолбуки, одамлар йўқ эмас, бор, лекин уларнинг ишлагилари келмайди. Нимага ахир? Ахир, меҳнатсиз яшаб бўлмайди-ку. Меҳнатсиз ҳаёт-ҳалокат. Балким, бутунлай бошқача яшаш ва ишлаш керакдир? Балки, ҳамма гап шундадир? Яна энг оғир масала — сақмончилар. Қўзилатиш бошлангач, пунктларда қўзиларга қарайдиган сақмончилар керак. Хўш, каердан оласан сақмончиларни? Ёшлар сақмончи бўлишни истамайди. Сақмончи эртаю кеч кўз юммай қўзиларга қарайди. Бу ишни кўрққанидан эмас, ҳалол, виждонан бажармаса бўлмайди. Шунинг учун сақмончиликка ёш-ялангни зўрлаб ҳам кўндиролмайсиз. Ҳозирги ёшлар шиптир кечиб, овлоқда — бир чеккада кун кечиришни хоҳламайди. Сақмончи қанча ҳам ҳақ оларди дейсиз. Ваҳоланки, шаҳарда завод ё фабрикада саккиз соат ишлаган ҳар бир йигит-қиз бундан кўра анча кўпроқ пул топиши мумкин. «Қандай қилиб биз кўпроқ фойда чиқадиган ерда эмас, бир умр ишчи кучи кўпроқ керак бўлган жойда ишлаган эканмиз-а? Мана энди ёшлар ишни қўлга оладиган пайт келганда, улар ҳеч нарсага ярамай қоляптилар — на ор-номус бор уларда ва на виждон», деб хафа бўлишади қариялар. Авлодлар ўртасида англашилмовчилик ҳамда ётсираш туғдирган мана шу тўқнашув қачонлардан бери одамларнинг юракларини ўртаб келади. Бўстон яна ўша гапини эслади. Ўшанда у тағин ўзини тўхтатолмади ва бекор қилди. Одам худди ўзи учун ишлагандай ишласин, деди у. Мен бошқа йўлни кўрмаётибман. Ишчи қилаётган ишидан шахсан манфаатдор бўлиши сув ва ҳаводай зарур. Бўстон иш ҳақи иш натижасига қараб белгиланиши керак, деб неча-неча мартабалаб айтган эди. Ҳаммасидан ҳам муҳими — чўпоннинг ўз ери бўлсин, чўпон шу ер учун жон куйдирсин, унинг ёрдамчилари ва бутун оила, бола-чақаси ҳам шу ерни деб тер тўксин, акс ҳолда бошқа ҳеч нарсанинг фойдаси йўқ...
Одатдагидай парторг Қўчқорбоев унинг пўстагини қоқди. Қўчқорбоевни совхозда «газет киши» деб чақиришарди, у директор столининг ўнг томонида Бўстонга ёнлама ўтирарди. Ғаши келаётган бўлса керак, унинг қош-қовоғи уюлган, посонига олиб дам сайин бўйинбоғини ушлаб, тузатиб қўядиган Қўчқорбоев Бўстонга ёвқараш қилиб, қия назар ташларди. Совхоз директори Чўтбоев Қўчқорбоевнинг нима демоқчи бўлиб турганлигини хўп яхши тушунарди. Кўп йиллар бирга ишлаб, унинг букилмас, ўтда куймас, сувда чўкмас, бир марта бир умрга ёд олинган сафсатасининг мантиғини жуда яхши ўрганиб олган эди: унинг сафсатасига кўра Бўстон Ўркунчиев янгича нусхадаги қулоқ ва акслинқилобчи, у яна кавагидан чиқиб, ҳаммани йўлдан айнитмоқчи. Ҳаёт уни ўласи қилиб неча марта чўзилтириб қўйди, у эса ҳамон ўз айтганидан колмайди. Қанийди, илгариги замонлар бўлса-ю, уни узоқроқ бир жойларга гумдон қилинса...
Ўша кунги ишлаб чиқариш йиғилишида райкомнинг кўринишдан камтарин янги инстуктори ҳам иштирок этар, «Берик»нинг халқи ҳали уни яхши танимасдилар. У сўзловчиларни диққат билан эшитар ва ҳаммасини ёндафтарига қайд қилиб борарди. Чўтбоевнинг тахминича, Қўчқорбоев райкомнинг янги ходими олдида албатта ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. У ҳақ чиқди. Бўстоннинг сўзидан сўнг Қўчқорбоев икки оғиз сўзим бор эди, деб ижозат сўради. Шу сайраб кетди: у нақ баайни газетада ёзилгандай қилиб сўйлар, асли унинг кучи ҳам мана шунда эди.
— Қачонгача, ўртоқ Ўркунчиев,— деб мурожаат қилди у Бўстонга қарата ҳар доимгидай расмий равишда «сизлаб»,— қачонгача сиз шубҳали таклифларингиз билан одамларнинг юрагига васваса соласиз? Социалистик коллектив ўртасидаги ишлаб чиқариш муносабатлари қандай бўлишини тарих аллақачонлар белгилаб берган. Сиз эса чўпонни хўжайинга айлантирмоқчисиз. Ким билан ишлайди, ким билан ишламайди, кимга қанча ҳақ тўлайди, ҳаммасини ўзи ҳал қилсин деяпсиз. Бу қандоқ бўлди? Бу бизнинг тарихимизга, инқилобий оламшумул зафарларимизга ҳужум, тўғрироғи, тажовуздан бошқа нарса эмас. Сиз иқтисодни сиёсатдан юқори қўймоқчисиз. Сиз ўз қўшингизнинг тор манфаатларидан келиб чиқмоқдасиз. Сиз учун бу масалаларнинг масаласи. Бироқ, қўшнинг ортида район турибди, ахир, область, мамлакат турибди, ахир! Сиз бизни қаерга элтмоқчисиз — хўжалик юритишнинг социалистик усулларидан воз кечишгами?

Зардаси қайнаб кетган Бўстон ўрнидан турди.
— Ҳеч кимни ҳеч ёққа элтмоқчи эмасман. Мен буни гапиравериб чарчадим. Ҳеч кимни ҳеч қаёққа бошлаётганим йўқ. Областда нима бўляпти, ундан нари мамлакатда нима бўляпти, дунёда нима бўляпти, менинг ишим эмас, мен оддий бир чўпонман. Менсиз ҳам ақллилар кўп. Менинг ишим — пода боқиш. Агар парторг менинг чорва ҳақидаги фикримни билишни истамаса, унда бундай йиғинларга нима кераги бор мени чақириб, ишдан қолдириб? Тарақа-туруқ гапларга тобим йўқ. Балким, кимгадир бундай гаплар керакдир, лекин менинг уларга ақлим етмайди. Ўртоқ директор, мени бошқа чақирма! Нима қиласизлар мени ишдан қолдириб?! Кераги йўқ менга бунақа мажлисларни!
— Э, нима деяпсиз, Бўске?— Чўтбоев ўтирган ўрнида ўнғайсизланиб қимирлади.— Сиз совхознинг энг яхши, илғор чўпони, тажрибали кишисиз, биз сизнинг фикрингизни билишни истаймиз. Шунинг учун чақирамиз.
— Сен мени ҳайрон қилиб қўйдинг, директор.—Азбаройи қони қайнаб деди Бўстон.— Агар мен илғор бўлсам, илғорликни қандай қўлга киритганим ҳаммадан кўра сенга яхши маълум-ку. Шунда, нега ахир миқ этмайсан? Бир нарса десам, оғзимни очмасимдан Қўчқорбоев оғзимга уради, худди прокурордай ҳар бир сўзимдан хато қидиради. Директор, сен бўлсанг, буларнинг сенга алоқаси йўқдай, ҳеч нарса бўлмагандай индамай ўтирганинг-ўтирган.
—   Шошманг, шошманг,— унинг сўзини бўлди Чўтбоев.
Директор ростдан ҳам ўзини йўқотиб қўйди. У жуда ҳам қийин аҳволда қолди. Бу сафар энди Бўстон билан Қўчқорбоев ўртасида бетараф туриб бўлмайди. Райком ходими қошида директор маълум бир нуқтага келиши керак. Шу «газет киши» Қўчқорбоев билан ҳеч ғиди-биди қилгиси йўқ-да ўзи. Бунинг сафсатаси не-не кучларни ҳаракатга келтириши мумкин: кўр-кўрона қироатхонликни иш услубига айлантириб олганлар ичида Қўчқорбоев ахир ёлғиз эмас-ку. Бу сафар ҳам Қўчқорбоев муҳокамани атай алангалатиб юборди, ҳе, йўқ-бе йўқ, чўпонни «зафарларимизга тажовуз қилишда» айблади. Хўш, шундан сўнг ким унга қарши чиқа олади? Лекин қандай бўлмасин, вазиятдан чиқиш керак эди.
—Шошманг, шошманг, Бўске, сиз қизишманг,— деди директор ва столдан туриб бу ёққа чиқди.— Ўртоқлар, келинглар, ақллашиб олайлик,— деди мажлисга қарата Чўтбоев томонларни қандай муросага келтирсам экан деб, эран-қаран ўйланаркан. Албатта, Бўске ҳақ. Лекин Қўчқорбоев билан ҳазиллашиб бўлмайди. Хўш, нима қилиш керак. Гапимиз нима ҳақда боряпти, дея фикрларди директор,— Менинг тушунишимча, чўпон ёлланиб ишлайдиган кимса эмас, қўшу-қўра, яйловларнинг эгаси бўлмоқчи. У ўз номидангина эмас, шу билан бирга бригадаси ва чўпон хонадонлари номидан ҳам гапиряпти, биз буни ҳам эътибордан қочирмаслигимиз зарур. Менимча, унинг гапида жон бор. Чўпон бригадаси бизнинг энг кичик иқтисодий ячейкамиз бўлади. Ишни шу ердан бошлаш керак. Назаримда, Ўркунчиев ҳаммасини ўз қўлига олмоқчи, жумладан, мол-ҳол, яйлов, ем-хашак, қўтон-қўра дегандек, ишлаб чиқариш учун нима зарур — барини ўз қўл остида бирлаштирмоқчи. У бригада ҳисобини жорий қиламан, дейди. Шунда ҳар бир одам қўшниси учун мановдан ановгача эмас, балки ўзи учун ишласа, қанча ҳақ олишини билсин. Мен Ўркунчиевнинг таклифини ана шундай тушунаман, биз буни ўйлаб кўрсак, арзийди, Жонтой Эшонович,— деди директор парторгга қарата.
— Мен эса, сиз билан бирга раҳбарлик қилаётган совхознинг парторги сифатида, ўртоқ Чўтбоев, буни бошқача тушунаман. Социалистик ишлаб чиқаришда хусусий мулкчилик психологиясини рағбатлантириш кимлигидан қатъий назар, ҳеч кимга ярашмайдиган иш ва айниқса, хўжалик раҳбарига,— овозига тантанавор тус бериб, директорга писанда қилди Қўчкорбоев.
— Лекин ишонинг ахир, ишимизнинг манфаати шуни талаб қиляпти,— ўзини оқлай бошлади директор.— Ахир, ёшлар чўпон бригадаларида ишлашни хоҳламаяптилар...
— Демак, бизда ташвиқот-тарғибот ишлари ёмон олиб бориляпти, ёшларга Павлик Морозов ва унинг қирғиз биродари Кичан Жақипов ҳақида эслатишимиз керак.
— Буниси энди сизнинг ишингиз, ўртоқ Қўчқорбоев,— қистирди директор.— Ҳаммаси ўз қўлингизда. Эслатинг, ташвиқ қилинг. Сизга ҳеч ким халал бермайди.
— Албатта ташвиқот олиб борамиз, сиз ташвишланманг,— деди иддао билан парторг.— Бутун бошли чора-тадбирлар ишлаб қўйганмиз. Лекин ҳар қандай ниқобдаги хусусий мулкчилик хатти-ҳаракатларига ўз вақтида зарба бериш жуда ҳам зарур. Биз социализм асосларини қўпоришга йўл қўймаймиз.
Ҳаддан ташқари жиддийлашиб кетган бу тортишувга қулоқ солиб ўтираркан, Бўстон Ўркунчиевнинг шахди қайтди, томоғига аллақандай қўрқинч беихтиёр тиқилиб қолгандай бўлди. Ахир, у нима деди? Бор-йўғи ерда ниҳоят бировнинг ташқаридан бўладиган кўрсатмаси билан эмас, ўз ақлим билан ишлашни хоҳлайман, деб истак билдирди, холос.
— Ҳеч кимга ҳеч қандай қулайлик ва ёнбосишлар қилинмайди,— давом этарди Қўчқорбоев,— Ишлаб чиқаришнинг социалистик шакллари барча учун мажбурий. Мен буни аввало, ўртоқ Ўркунчиевга қарата айтган бўлардим. У доим ўзи учун қандайдир алоҳида шарт-шароитлар талаб қилгани қилган.
— Менгагина эмас,— унинг сўзини кесди Бўстон.— Бундай шарт-шароитлар ҳаммага керак, ана ўшанда ишларимиз юришиб кетади.
— Ишонмайман! Умуман, бу қандай гап ўзи — шарт қўйиб ишлайман дейиш? Уни қилинг, муни қилинг. Сиз, ўртоқ Ўркунчиев, ўз мол-ҳолингиз учун шахсий яйловнинг ортидан қувиб, Ола Мўнгу довонида одам нобуд қилганингиз етмайдими? Ё сизга бу ҳали камми?
— Гапир-а, гапир!— азбаройи фиғони чиқиб қўл силтади Бўстон.

Эрназарнинг ҳалок бўлгани ҳакида мана шундай йўл-йўлакай ва беписандлик билан сўз юритилгани унинг ҳамиятига теккан, дилини оғритган эди.
— Нима гапир, гапир? Нима, нотўғрими, гапим?— чақиб олди Қўчқорбоев.
— Ҳа, нотўғри.
— Нега нотўғри бўларкан? Эрназарнинг ўлиги ҳалигача довонда музлаб ётмаяптими? Балки яна минг йил ўша ерда ётар.
Бўстон индамади. Мажлисда шу ҳақда гап очилганидан унинг кўнгли қаттиқ оғриди. Лекин Қўчқорбоев бас қилай демасди.
— Нимага индамай қолдингиз, ўртоқ Ўркунчиев?— деб оловга мой қуйди у.— Сиз эмасми, ахир, ўзингизга шахсан яйлов очаман деб, довонга йўл олган?
— Ҳа, яйлов очаман дедим,— кескин жавоб берди Бўстон.— Лекин фақат ўзим бўлай деганим йўқ, ҳамма учун, жумладан, сен учун ҳам Қўчқорбоев, очмоқчи эдим. Чунки мен сени еб-ичираман, сен эмас. Ҳозир эса, сен сув ичиб турган қудуғингга тупуряпсан!
— Бу нима деганингиз?— дарғазаб бўлди Қўчқорбоев, унинг юзига қон тепди.— Мен ҳаммаси учун партия олдида карздорман!
— Партия қаердан олиб сени боқяпти, биласанми ўзинг?— ўшқирди Бўстон.— Осмондан деб ўйлайсанми?
— Нима бўляпти ўзи, оғзига нима келса валдирайверадими киши!— чинқириб юборди Қўчқорбоев қўллари қалтираб бўйинбоғини тўғрилаганча.
Катта жанжал чиқадиган эди. Қўчқорбоев ҳам, Бўстон ҳам, худди ўлимга ҳукм қилинган одамлардай бири стол орқасида, иккинчиси девор олдида туришар,— ўтирганлар назарида яна озгина вақт ўтса, улардан бири ерга гурс этиб қулайдигандай эди. Райкомнинг ёш ходими вазиятни бирмунча енгиллатгандай бўлди.
— Ўзингизни босинг, ўртоқлар,— деб овоз берди у кутилмаганда чеккада дафтарига ёзиб ўтирган жойидан.— Назаримда, чўпон Ўркунчиев умуман ҳақ. Меҳнаткаш одам, биз уни кўпинча моддий бойликлар яратувчи, деб атаймиз, ўз сўзини айтишга ҳақли. Лекин бунчалар ошириб юбориш ўринлимикин?
— Э, сиз буни билмайсиз ҳали, ўртоқ Мамаетов,— шоша-пиша унинг сўзини илиб кетди Қўчқорбоев.— Ўркунчиев қилаётган даъволарнинг боши-кети йўқ. Мана, мисол учун, Нўйғутов деган бир чўпон, ҳа, худди мана шу Нўйғутов Бозорбой тоғда бўри инига дуч келган. У бўри тўдасини тугатиш учун уларнинг тўртта боласини инидан олиб чиққан, тўғрироғи, тортиб олган, илдиз-пилдизи билан қуритган. Эр йигитнинг ишини қилган. Шундан кейин нима бўлган денг? Мана шу Ўркунчиев Нўйғутовни тўхтовсиз таъқиб қила бошлаган. Олдин сотиб олмоқчи бўлиб уринган, лекин бу ҳунари ўтмагандан сўнг, Нўйғутов, биласизми, жуда бир сўзлик одам, Ўркунчиев дўқ-пўписа йўлига ўтган, Нўйғутовдан бўри болаларини жойига қайтар деб, оёғини бир этикка тиқиб туриб олган. Йиртқичларни кўпайтирмоқчи бўлган шекилли. Ўзи нима бўляпти, ўртоқлар? Буни нима деб тушунишимиз керак? Балки, сиз, ўртоқ Ўркунчиев, бошқа ҳаммаси бўлиб, бунинг устига ўз шахсий бўриларингизни ҳам боқиб кўпайтирмоқчидирсиз? Хусусан ва шахсан сизга тегишли бўрилар дейлик. Балки, совхоз ҳали сизни бўрилар билан ҳам таъминлаши лозимдир? Ўзимнинг ерим дейсиз, ўзимнинг чорвам дейсиз, ана энди, ўзимнинг бўриларим ҳам дерсиз! Шундайми? Ёки сизни қандай тушунайлик — бўрилар урчиб кўпаяверсин, қўй-қўзини бўғизлайверсин, умумхалқ мулки ҳисобига кун кечираверсинлар деганингизми бу?
Бўстон бу орада ўзини қўлга олди, хийла вазминлик билан жавоб қайтарди:
— Бўрилар ҳақидаги ҳамма гаплар тўғри, фақат битта ёмон жойи шуки, бўрилар умумхалқ мулкига чанг солаётганларига ақллари етмайди-да.
Одамлар беихтиёр кулиб юборишди, Бўстон ўртадаги вақтдан фойдаланиб, давом этди:
— Бу ер бўрилар ҳақида гап сотишнинг ўрни эмас эди. Лекин ҳамон улар ҳақида гап чикди, мен ҳам ўзимнинг сўзимни айтай. Ҳар қандай ишни ақл-фаросат билан қилса тузук, шунинг учун ақл билан туғилганмиз. Баъзи бировларимизда фаросат етишмайди, мақтанчоқлик эса қоп-қоп. Мисол учун ўша бўри болалари воқеасини олинг. Бу ерда айтилгандай, Бозорбой бўри болаларини инидан кўтариб чиққан, яна ҳам тўғрироғи, қароқчилардай ўғирлаб олиб кетган, энди атрофдаги шовқин-суронни кўринг, сал бўлмаса уни қаҳрамонга чиқариб қўйяпмиз. Қаҳрамон эса, аввало катта бўриларни йўқотишни ўйлаши, ундан кейин болаларини тинчитиши керак эди. У бўлса бўричаларни тезроқ пул қилишга қизиқиб кетди. Мана энди ичиб юрибди. Бозорбойдан бўри болаларини менга беришини ё бўлмаса, сотишини сўрадим. Болаларни тузоқ қилиб, катталарини қўлга туширмоқчийдим. Чунки, болаларини йўқотгач, катта бўрилар ҳаддан ортиқ қутуриб кетишди. Уларни энди шундай қолдириб бўлмасди. Қутурган битта бўри ўнта бўридан ёмонроқ, буни сал тушуниш керак эди. Қутурган бўри ўч олмагунча тинчимайди. Болалари тортиб олинган Акбара билан Тошчайнар деган бўрилар атрофда қанчалар йиртқичлик қилишаётганини ҳамма чўпонлар билишади. Энди улар ҳеч қўймайди, одамларга ҳам ташланаверишади, тап тортишмайди. Баъзи бемаъни одамларни иғвогар деб аташар экан, буни газета ва китобларда ўқиган эдим. Бозорбой деганимиз бўрилар ўртасида шундай иғво чиқарди, уларни қутуртирди. Ҳаммамизнинг бошимизни ғавғога қўйди. Мен унинг юзига тикка айтдим, яна айтаман: у қуёнмижоз иғвогарнинг ишини қилди. Сенинг ҳам, па-торг, тик юзингга айтаман: мен тушунмайман сенинг қандай одамлигингни. Мана, неча йилдирки, бизнинг совхоздасан, лекин шунча вақтдан бери газет ўқишу менга ўхшаган чўпон-чўлиқни қўрқитишдан бошқасини билмайсан, бизни инқилобга, совет ҳокимиятига қарши деб нах урасан, ўзинг эса хўжалик ишида ҳеч вақони тушунмайсан, маънисига етмайсан, акс ҳолда чўпон кишини бўрини кўпайтирмоқчи деб, айблаб ўтирармидинг. Э падарига қусур, ўша бўриларнинг. Куракда турмайдиган кулгили айбларни қўясан одамнинг гарданига. Лекин бу майли. Аммо, бошқа бир айб ҳам қўйдингки, ўртоқ Қўчқорбоев, мен буни жавобсиз қолдиролмайман. Тўғри, Эрназар довонда ҳалок бўлди. Лекин бизни довонга боришга нима мажбур қилди? Яхши кун кечираётган бўлсак, шундай қилармидик? Бошқа жой қуриб кетибдими бизга? Парторг, сен ҳеч ўйлаб кўрдингми, нега биз у ёққа чиқдик, яйловлар етарли бўлса, жонимизни хавф-хатарга қўйиб ўтирармидик асти? Сен буни ҳеч ўйладингми, парторг? Яйлов йўқлиги жонимизга бир бало бўлди. Кун-кундан бадтарроқ. Мана, директорнинг ўзи ўтирибди. Айтсин ўзи. У директорликни энди бошлаган кезлар қандай ўтлоқ, яйловлар бор эди, белдан уриб ётарди ўт-ўлан у ерларда! Энди-чи? Ҳаммаёқ қуриган, ернинг тупроғи ётибди. Ҳар бир қиёқ, ўт-ҳисобда. Барининг сабаби шундаки, бундай майдонларда илгаригидан ўн баробар кўп мол боқиляпти, шунча қўй туёғи ўтгандан кейин ўт ўсмаяпти. Ўлганнинг кунидан Эрназар билан Кичибелга йўл олган эдик. Яхши бўлармикин девдик, лекин фалокат оёқ остидан чиқди. Сафаримиз яхшилик билан тугамади. Шундан кейин мен бу мақсадимдан қайтдим, оғзимни очмай қўйдим, кулфат оғзимни очирмади, кўнглимга сиғмади бу иш. Ҳаммаси бошқача бўлганда, ўтган йил Москвага борардим кўргазмага, энг катта раҳбарларимизнинг олдига кириб, сен ҳақингда гапириб берардим, Қўчқорбоев. Сен ўзингни фақат партия ҳақида ўйлаётгандек қилиб кўрсатасан, кўкрагингга урасан. Ҳолбуки, партияга сенга ўхшаган ўзи ҳеч иш қилмайдиган, бошқаларнинг ҳам қўлини боғлайдиган текинтомоқлар керакмикин?
— Сиз жуда ҳаддингиздан ошиб кетдингиз!— чидолмади Қўчқорбоев.— Бу туҳмат! Сиз, ўртоқ Ўркунчиев, партия йўли билан ўз сўзларингиз учун жиддий жавоб берасиз.
— Мен ўзим ҳам истайман ҳаммасига партия мажлисида жавоб беришни. Агар мен ростданам нотўғри иш қилаётган, нобоп ўйлаётган бўлсам, майли, мени бўйнимга бир уриб, ҳайданглар. Партияга арзимас эканман, мени сира аяб ўтирманглар. Лекин сен ҳам, Қўчқорбоев, буни ўйлаб қўйишинг керак.
— Менинг ўйлайдиган жойим йўқ, ўртоқ Ўркунчиев. Менинг виждоним тоза. Мен доим партия билан биргаман.
Бўстон худди тоғ устига чопиб чиққан одамдек нафасини ростлади ва райком ходимига қараб туриб, деди:
— Сиздан, ўртоқ инструктор, ўтиниб сўрайман, ана шулар ҳақида райкомга айтинг. Бизнинг ишимизни мажлисда кўришсин. Бошқа бундай яшолмайман.
Кўп ўтмай Бўстон Ўркунчиев ўзининг Қўчқорбоев билан бўлган тўқнашуви атрофида ғалати-ғалати воқеалар рўй бераётганига амин бўлди. Ўша куни у ўзининг ишлари билан кўл бўйига тушган эди.
Иссиқкўл ёнларида боғлар гулга кирай деб қолганди. Баҳор ўтиб борар, у эса ҳамон боғдаги олма дарахтларини дорилаб улгурмаган, Эрназарнинг боғи ҳам қаровсиз ётарди. Бўстон билан Гулимхоннинг энди икки боғлари, икки ҳовлилари бор, икковиям қаровга, парваришга муҳтож эди. Ҳамма гап шундаки, чўпоннинг умри тоғларда ўтар, хўжаликка қарай деса, доим қўл тегмасди. Эрта дейсан, индин дейсан, қарабсанки, вақт ўтиб кетган, энди кечиктиришнинг ҳам иложи қолмаган. Лекин, барибир, қандай бўлмасин, боғни дорилаш керак, акс ҳолда зараркунандалар шу қадар кўпайишиб кетадики, ҳамма куртакларни тўкиб, ҳосилни барбод қиладилар. Бу гал Гулимхоннинг сабр-тоқати тугаб, ўзини тўхтатолмай Бўстонга қаттиқроқ гапириб юборди: мунча орқага чўзасиз, вақтлироқ бориб, бирон қўшни-пўшни билан келишиб келмайсизми, ўзингиз қилолмаганингизга яраша. Ҳақини гаплашинг, қўшнилар қилиб беришади.
— Ҳеч уйга қарамайсиз,— жаҳли чиқиб уришди Гулимхон.— Эртаю кеч мол кетидан юрасиз, мажлисдан бери келмайсиз. Агар боғ-роғга қарашга қўлингиз тегмаса, уйда бир кун Қенжаш билан ўтиринг, бу тентагингизни сал қаровсиз қолдириб бўлмайди,— ўзим соҳилга тушиб чиқаман, бир эркакнинг ишини қиларман, ахир.
Нима ҳам дейиш мумкин, Гулимхон ҳақ эди, унинг таъналарини индамай туриб эшитди.
Бўстон боққа қарайман деб, эрталаб барвақт соҳилга тушиб кетди. Дўнкўликни минди. Қадимдан қолган ҳикмат бор, баҳор келса, ўт ҳам, от ҳам кучга киради. Дўнкўлик жониворнинг айни кучга тўлган пайти эди. У ўт сочган кўзларини ўйнатиб, ёлларини яшиндай ёйиб, куч-қудратини ичига сиғдиролмай сўлиғини чайнаб учаман дерди. Лекин, ҳозир от чоптиргали Бўстоннинг рағбати йўқ эди. У ўйноқлаб турган отнинг шаштини босар, йўлда у-бу нарсаларни хўп пишитиб ўйлаб олмоқчи эди. Ўтган кеча яхши ухлолмади. Анчагача у ёғидан-бу ёғига ағнаб ётди, парторгнинг Эрназарни сен ўлдирдинг, дегани, юрагини тўхтовсиз ўртарди. Йиғилишдан қайтгач, хотинига нима гаплар бўлганини наридан-бери айтиб берди-ю, лекин Эрназар ҳақидаги гапдан оғиз очмади. Гулимхонга аввалги эрини эслатиб нима қилади, орадан ахир шунча йиллар ўтиб кетди, қанча сувлар оқиб ўтди. Эслатса, Гулимхоннинг эски яраси қайта янги бўлади, ўртага совуқчилик тушиши ҳам мумкин, ахир, Эрназар қўрқинчли Ола Мўнгуда мангу муз чоҳ қаърида кўмилмасдан тўнғиб ётибди ҳалигача. Шундай экан, яхшиси, бу гапни унга эслатмаган маъқул. Кейин Бўстоннинг кўзи эндигина илинган эди, яна бўрилар саси келди. Яна катта қўрадан наридаги тепалик томонда Акбара йиғлаб болалари ҳажрида дил тиғлаб фарёд кўтарди. Унга дўриллаган овоз билан Тошчайнар жўр бўлди. Илгари бўриларнинг ув тортганини эшитганда, Бўстон уларга ачиниб, раҳми келса, ҳозир ич-ичдан ғазаби тошди, ўжар йиртқичларни ўлдириб ташлашни истади, ишқилиб, шуларнинг овозини эшитмасам, бас, деди, назаримда, улар худди менга ҳам лаънат ўқиб, қарғиш ёғдираётгандай, лекин менинг айбим нима? Ўтган кеча қандай бўлмасин, бўриларни ўлдиришга ахд қилди, ҳатто буни қандай амалга оширишни ҳам ўйлаб қўйди. Дард устига чипқон дегандай, у йиғинда Қўчқорбоев билан тортишиб ўтирган маҳалда Акбара билан Тошчайнар унинг ўтаридан учта қўйни бўғизлаб кетган эдилар. Чўпон боланинг ҳикоя қилишича, у қанча қичқирмасин, таёғини кўтариб ҳайдамасин, бўрилар сира ҳайиқмай учта қўйни ўлдириб, яна индамай ғойиб бўлибдилар. Бу воқеа Бўстоннинг сабр косасини тўлдириб юборди. Агар шундай давом этадиган бўлса, деб ўйлади у, бу ерларни ташлаб кетишга, бўрилардан шармандаларча қочишга тўғри келади. Ўша соатда тинмай ув солаётган Акбара билан Тошчайнар ўзларига ўлим ҳукми ўқиётганликларини англамас эдилар. Бўстон энди нима қилиш кераклигини биларди. Мабодо эртасига хўжалик ишлари билан соҳилга тушиши лозим бўлмасайди, у ҳозироқ ўйлаган режасини амалга оширишга тайёр эди. Лекин у бундай қарорга келди: хотинидан яна дашном эшитмаслик учун аввал боғдаги ишларни битиради, ундан кейин бўриларнинг додини беради. Йўлда Бўстон ана шуларни ўйлаб борарди...
Олмаларни дорилаш, уларга баҳорги ишлов беришга бир кун вақти кетди. У қишлоқдан чаққон бир йигитни топди. У ҳақ эвазига ҳаммасини тез қилиб берадиган бўлди. Бўстон унга ўзининг қора қўйларидан битта қўзи ваъда қилди.
Ишларни тугатиб, Бўстон Кенжашга янги ўйинчоқ сотиб олгиси келди. Ўғилчани хурсанд қилишни истади: шундай ажойиб бола уйни тўлдириб чопиб юрибди, бир ойлардан сўнг у иккига чиқади. Шўх, ширин болакай ўзининг турли ғалати қилиқлари билан қариб бораётган Бўстонга эрмак, овунчоқ эди. Кичкинтойнинг ҳар бир янги сўзидан Бўстоннинг боши осмонга етар, хурсандчилигини ичига сиғдиролмасди. Бўстон болакай воситасида ҳаётнинг теран, сирли маъносига, фарзанд ҳамда унинг онасига нисбатан меҳру муҳаббатнинг туб маъносига етгандай бўларди. Бу Бўстонга ато этилмиш такдирнинг энг олий ва энг сўнгги туҳфаси эди. У хотини ва фарзандини чин дилдан суяр, ҳаётдан шундан ортиқ ҳеч нарса тиламас ва талаб қилмасди. Ахир,  бизга ато этилган шундан ортиқ неъмат борми? Бу ҳақда у ҳеч қачон оғиз очмаган, лекин бунинг аслида шундай эканлигини аниқ билади. У хотиним ҳам шундай ҳис қилади, деб ишонарди.
Бўстон «Маданият» раймаги олдида отдан тушди, ичкарига кириб, кўзи чақчайган, одамнинг кулгисини қистатадиган, калит билан бураса, юрадиган қурбақа сотиб олди. Болакай роса қувонадиган бўлди-да! У кўчага чиқиб, отига минмоқчи бўлиб турди-да, шу пайт очқаганини сезди ва эрталабдан бери туз тотмаганлигини эслади. Ошхона раймагнинг шундоққина яқинида эди, бахтга қарши, шу ерга кириб овқатланмоқчи бўлди. Бўстон кўпроқ ҳайдовчилар қўниб ўтадиган, ҳамма ёқдан арзон овқатлар ҳиди анқиган ярим қоронғу залга кириб, эшик яқинига ўтирган заҳоти орқа томонда Бозорбойнинг товушини эшитди. Бўстон орқасига қарамади — Бозорбой улфатлари билан бу ерда кайф қилиб ўтиргани шундоқ ҳам равшан эди. «Куппа-кундуз куни гушналар билан ичишиб юради, на ор-номус бор, на виждон бу занғарда»,— дили ғаш бўлиб ўйлади Бўстон. Бир кўнгли ўрнидан туриб нари кетмоқни ҳам кўзлади, ҳар қалай, қора қозондан йироқроқ, лекин кейин, нега энди овқат емай туриб кетар эканман, нима сабабдан, деб ўйлаб қолди. У карам шўрва билан котлет сўради. Бу орада Бозорбойга ҳам бу ерда Бўстон ўтирганини, чамаси, хабар қилишди. Дарҳол орқа томондан келаётган товушлар шовқини ўчиб, шум жимлик чўкди, сўнг яна ғала-ғовур қайтадан авж олди. Кўп ўтмай Бўстоннинг қошига Бозорбойнинг улфатларидан шу ерлик эррайим ва ғийбатчилардан бири Кўр Самад деган кимса келди. Кўр Самаднинг кўзини ёшлигидаёқ уриб чиқаришган эди.
— Салом, Бўстон, салом!— Самад маънодор иршайиб қўлини Бўстонга чўзди, унинг қўлини қисмоқдан бошқа илож қолмади.— Э, нега бу ерда ёлғиз ўтирибсан?— Гапга солмоқчи бўлди у Бўстонни.— Биз анов ерда Бозорбой билан ўтирибмиз. Анчадан бери кўришмаган эдик, бир йиғилишайлик дедик. Юр, биз билан ўтир, Бозорбойнинг ўзи чақиряпти.
— Унга айт, вақтим йўқ,— деб жавоб берди Бўстон иложи борича босиқлик билан. — Овқатланаману тоққа чиқиб кетаман.
— Э, ҳали вақт эрта, улгурасан. Тоғ қочиб кетармиди?
— Раҳмат, боролмайман. Иш кўп.
— Майли унда, шу, бекор қиляпсан-да,— хафа бўлгандай деди Кўр Самад кета туриб.
Унинг орқасидан Бозорбойнинг ўзи келди, анчагина кайфи тароқ эди. Бозорбойнинг изидан шериклари ёпирилишди.
— Менга қара, ҳой, нега биздан ҳазар қиласан? Сени ҳурмат қилиб, одам деб чақиришса, сен бурнингни жийирасан. Нима, бошқалардан сенинг ортиқ жойинг борми?— дарҳол тирғила кетди Бозор-бой.
— Мен айтдим-ку, вақтим йўқ деб,— хотиржам жавоб қилди Бўстон ва карам шўрвани хўриллатиб ича бошлади. Бошқа пайт бўлса, у биринчи қошиқдан кейиноқ тамом оғзига олмас эди.
— Сенда ишим бор эди,— деди Бозорбой ва Бўстоннинг рўпарасига сурбетлик билан ўтириб олди.
Бошқалар қани, нима бўларкин, дегандай томоша қилиб туришарди.
— Сен билан бизнинг қандай ишимиз бўлиши мумкин?— деди Бўстон.
— Балки сен билан анов бўричалар тўғрисида гаплашиб олсакмикин, Бўстон,— деб Бозорбой қовоғини уюб, бошини силкиди.
— Сен билан буни гаплашиб бўлганмиз. Чўзишнинг нима кераги бор?
— Менимча, керакмас. Менга халал берма. Овқатимни ейману чиқиб кетаман.
— Қаерга шошяпсан, итвачча?— Бозорбой шаҳд туриб, энгашди-да, ғазабдан ўзгариб кетган бетини Бўстонга яқинлаштирди.— Қаерга шошяпсан, аблаҳ? Сен билан ҳали бўрилар тўгрисида гаплашиб олмадик. Сен ахир директорнинг кабинетидаги мажлисда ҳамманинг ўртасида мени иғвогар дебсан, мен туфайли бўрилар қутуриб қўйларни бўғизлаётган эмиш. Иғвогар нима дегани, мени билмайди деб ўйлайсанми? Сенингча, мен фашист, фақат сен ичимизда виждонли, ҳалол экансан-да?
Бўстон ҳам ўрнидан сакраб турди. Энди икков юзма-юз келдилар.
— Тилингни тийиброқ юр,— бўш келмай деди Бўстон.— Сени фашист деганим йўқ. Билганимда айтардим. Сен иғвогар, аҳмоқ, ичи қора одамсан, бу — тўғри. Буни сенга илгариям айтганман, ҳозир ҳам айтаман. Лекин менга осилмай, жойингга қайтсанг, ўзингга яхши бўлади.
— Сен менга ақл ўргатма, қаерда бўлишим, нима қилишимни ўзим яхши биламан!— ҳаддан ташқари қаҳрга минди Бозорбой.— Менга хўжайин эмассан. Тупурдим сенга. Майли, сенингча иғвогар бўлай, сен-чи, сен ўзинг кимсан? Одамлар сенинг кимлигингни билмайди дейсанми? Эрназарни ўлдирдинг. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверди, деб юрибсанми ҳали? Сен, аблаҳ, Эрназар тириклигида унинг хотини билан дон олишгансан, хотининг ўлишини билгансан. Ўшандан кейин Эрназарни тоғдан итариб юборгансан унинг хотини, анов қанжиқ Гулимхонга уйланаман деб. Мард бўлсанг, қани айт, шундай эмас, де! Нега сен йиқилмадинг, Эрназар йиқилди? Битта йўлдан бораётган эдинглар-ку? Ҳеч ким ҳеч нарса билмайди дейсан-да, а? Лекин у ўлиб кетди, сен эса юрибсан. Шундан сўнг ким бўлдинглар, сен ҳам, анов қанжиқ Гулимхон ҳам? Эрназар довонда музлаб ётибди, бекафан кетди худди итнинг боласидай, сен ярамас гўсхўр бўлсанг, унинг шарманда хотинини, сотқин қанжиқни қучоқлаб ётибсан, ялло қилиб яшаяпсан! Яна партия аъзоси эмиш! Сени партиядан бўйнингга уриб ҳайдаш керак. Ўргилдим сендақа илғор, стахановчидан! Сени суд қилиш керак!
Бўстон Бозорга мушт кўтариб ташланишдан, унинг жирканч афт-башарасига боплаб туширишдан ўзини базўр тутди. Бозорбой очиқдан-очиқ жанжал чиқармоқчи, Бўстон билан ёқалашиб итдек уришмоқчи эди. Лекин Бўстон ўзини босди, тишларини қаттиқ қисди, аччикдан бўғилиб кетган Бозорбойга деди:
— Сен билан гаплашадиган гапим йўқ. Сенинг сўзларингни ҳеч нарсага олмайман. Сен билан тенглашиб ҳам ўтирмайман. Мен ҳақимда нима десанг, нима ўйласанг, ўйлайвер. Энди қани, йўлдан қоч. Ҳей, йигит,— деб чақирди у официантни,— ма, пулингни ол.— Унга беш сўмликни тутқизиб, индамай нари ўтди.
Бозорбой унинг енгидан тутди:
— Қани, тўхта-чи! Қанжиғингнинг олдига шошиб нима қиласан! Балки сен йўғингда биронта чўпон билан донлашаётгандир. Халақит бериб ўтирасанми!
Бўстон қўшни стол устида турган шампандан бўшаган шишани кўтарди.
— Қўлингни торт!— секин тишининг орасидан деди у кўзларини ранги қум ўчиб кетган Бозорбойдан узмасдан.— Қўлингни торт, бошқа қайтармай! Эшитдингми?— деди у каттакон қора шишани аста силкитиб.
Бўстон шу алпозда шампан шишасини қўлида маҳкам қисганча эшикка чиқди. Эгарга сакраб мингандан кейингина ҳуши ўзига келиб шишани йўл четидаги ариққа ташлади, Дўнкўликнинг ихтиёрини ўзига бериб, жиловни қўйиб юборди. У анча замонлардан бери ҳали бунчалик қаттиқ от чоптирмаган эди. От бошини шунчалар қаттиқ қўйдики, у кўп ўтмай ўзига келиб, ҳушёр тортди ва шунда бирдан юрагига ваҳма тушди: одам ўлдириб қўйишига оз эмас, кўп эмас, бир баҳя қолибди-я, тағинам Худо сақлади, бўлмаса, шиша билан бир уриб Бозорбойнинг миясини пўла қиларди. Йўлда прицепли тракторда кетаётган одамлар кўзларига ишонмай анқайиб қарашар, унинг орқасидан узоқ тикилиб қолишарди: бу Бўстонга нима бўлди, шундай кап-катта киши худди ўйинқарок ўспиринлардай ўпкасини қўлтиқлаб от чоптириб юрибди. Бўстон анчагача ўзига келолмади. Шўх оқиб ётган жилғанинг муздек сувидан ичгандан кейингина нафасини ростлади. Шунда у жаҳлдан тушди, отга ўтирди, лекин Дўнкўликни бошқа чоптирмади. Отни аста йўрттириб кетди. У одам ўлдиришдан қутулганига суюнарди.
Лекин, йўлда ҳаммаси қандай бўлганлигини ўйлаб бораркан, яна кўнгли ғаш тортди, қовоғини солди. Кенжашга совғага олган, кўзлари бакрайган, жағлари катта очилган ғалати ўйинчоқ қурбақани ошхонанинг деразаси четида унутиб қолдиргани бирдан эсига тушдию дили баттар хуфтон бўлди. Тўғри, унчалар қиммат ўйинчоқ ҳам эмасди, кичкинтойга совғани янаги сафар олса ҳам мумкин эди, яна ўша «Маданият» раймагининг ўзидан. Лекин, негадир шу тобда унинг назарида бу ёмон аломат бўлиб кўринди. Кичкинтойга аталган нарсани ҳеч қачон унутиб қолдирилмайди, ҳеч қачон. Унинг эса эсидан чиқибди...
Бундай нарсаларга ишониб ўтирганидан ғаши келди, қандай бўлмасин, хосиятсиз воқеаларнинг олдини олишга унда азму қарор уйғонди.
Бўриларга қандай пистирма қўйиши, лаънати йиртқичларни битта қолдирмай отиб ташлаши, бу яқин орада улардан ном-нишон қолдирмаслиги ҳақида ўйлаганда, қаҳрининг чеки йўқ эди.
Қаердан чиқди ўзи бу фалокат, деб ўйларди у, мана сал бўлмаса ошхонада Бозорбойни ўлдириб қўяй деди, ахир, шу жанжалнинг боши ҳам бўрилар туфайли чиқмадими.
Бўстон ўйлаган рочасини эртага амалга оширмоқчи бўлди. Кечаси билан режасини ҳар томонлама пишитиб, пухталаб чиқди. Бош қўшиб бирга яшаётганларидан бери биринчи марта хотинига кўнглига туккан ниятини очмади. Бўстон Бозорбой билан ўртада жанжалга сабаб бўлган бўрилару бўри болалари тўғрисида гап очишни истамас, довонда Эрназарнинг ҳалокатини эслатадиган нарсаларни ўзидан нари қуварди. Шунинг учун уйда камроқ гапириб, кўпроқ кичкинтойни ўйнатар, Гулимхоннинг саволларига ҳам ҳа-йўқ деб қисқа жавоб қила қоларди. Индамай юрса, хотини бундан ташвишга тушиши, ажабланишини у билар, лекин ўзини бундан бошқача ҳам тутолмасди. Бозорбой билан бўлган жанжал, бошларига дўлдек ёғилган ифлос маломатлар, эртами-кеч, албатта хотинига ҳам етиб келишини у жуда яхши тушунарди. Бироқ барибир ҳозир оғзини чурқ этиб очмас — бадбахт, ғаламус Бозорбой айтган ифтироларни оғизга олиб такрорлашни хоҳламас, тилга олиб бўлмайдиган жирканч мағзава гаплар эди улар.
Гулимхон билан турмушлари ҳам осонгина кечгани йўқ, ўртада оғир, таажжуб ишлар ҳам бўлиб ўтди. Бўстон мана шу ҳақда ҳам ўйларди. Улар эр-хотин бўлганларидан бери одамларнинг қанчадан-қанча яширинча кўролмасликлари, очиқдан-очиқ душманчиликларига дуч келмадилар дейсиз, не-не туҳматларни тарқатишмади улар. Бироқ шунга қарамасдан, Бўстон ўз тақдири Эрназардан қолган бева билан қўшилганидан афсусланмас эди. Бўстон усиз қандай яшашини ҳатто тасаввурига келтиролмасди, доим уни ўзининг бир ёнида ҳис қилиб туриши керак эди... Йўқ-йўқ, у бутунлай бошқа бир ҳаёт бўлар эди. Бўстоннинг ҳаёти фақат у билангина ҳаёт, майли, гарчи Гулимхон ундан баъзан ҳақ-ноҳақ норози бўлиб юради, лекин барибир Бўстонга вафодор, энг муҳими ҳам ўзи шу... Аммо бу ҳақда ўзаро ҳеч қачон гаплашмаган эдилар, бу ўзи шундай бўлиши кераклиги уларга равшан эди. Ва мабодо, Бўстондан манави кичкинтой ўғил болача, мана шу тили эндигина чиққан, оёқлари дўмбоқ-дўмбоқ, доим жилмайиб турадиган, кўзлари тип-тиниқ, унинг тиниб-тинчимас тўрва қоқдиси, сиз учун нима, деб сўрасалар, Бўстон тузук-қуруқ жавоб беролмасди. Бунинг учун унга сўз етишмасди. Унинг туйғуси сўзлардан юқорироқ эди. Зеро, кичкинтойга қараб туриб у Худонинг инояти билан яратилган ўз болалигини кўрарди...
Лекин, у дилдан ҳамма нарсани тушунар ва англарди, шунинг учун, кечаси хотини билан ўғилчаси ёнида ётаркан, унинг кўнгли жойига тушди, ўзини яхшиликка мойил сезди, ийиди... Ошхонада бўлган ҳангомани сира эслагиси келмасди. У ҳатто, мабодо бўрилар бугун кечаси келиб безовта қилишмаса, пистирма қўймасам ҳам балки бўлар, балки умуман уларни ўлдиришнинг ҳожати йўқдир, деб ўйлади. Бўстонга тинчлик керак эди...

Лекин, атай қилгандай, ярим кечага яқин бўрилар яна пайдо бўлишди. Яна катта кўра орқасидаги тепа томонда нола кўтариб Акбара ув солди, унга Тошчайнарнинг босиқ дўриллаган овози қўшилди. Яна Кенжаш қўрқиб уйғонди ва ҳиқиллай бошлади. Гулимхон эса уйқу аралаш шу оромсиз турмушни, балога гирифтор бўлгур бўриларни қарғади. Яна Бўстоннинг ғазаби жўшди, ўрнидан сакраб туриб, бўриларни дунёнинг у чеккасига дегунча қувиб боргиси келди, шунда яна эсига пасткаш ва тубан Бозорбойнинг ҳақоратлари тушди ва шунда унинг қабиҳ бошини шиша билан уриб мажақлаб ташламаганига ўкинди. Ахир, ўша оғир шиша билан бир урса тамом эди-ку, Бозорбойдан ном-нишон қолмасди. Ҳеч пушаймон ҳам қилиб ўтирмасдим, ўйланарди Бўстон, аксинча, одам қиёфасидаги манфур газандани ниҳоят янчиб ташладим деб қувонар, енгил тортармиди... Бўрилар эса авжга миниб увиллашарди...
Милтиқни олиб, жилла қурса уларни қўрқитиб қўйиш учун туришга тўғри келди. Йўлига бир-икки марта ўқ узиш ўрнига Бўстон қоронғу кеча қўйнига кетма-кет беш маротаба варанглатиб отди. Кейин уйга қайтди, лекин энди уйқуси бутунлай ўчган эди, негалигини ўзи ҳам билмайди, милтиқни тозалашга тушди. У олдинги хонанинг бир бурчагига ўтириб олди-да, «Барс» деган ов милтиғининг устига энгашганча, худди ҳозир шундан зарур иш йўқдай ҳафсала билан тозалай кетди. Милтиқ тозаларкан, бўриларни қандай жазолашини яна бир ўйлаб олди ва тонг оқарар-оқармас ишга киришишни кўнглига тугиб қўйди.

Бу орада милтиқ овозидан чўчиган Акбара билан Тошчайнар кечанинг қолган қисмини ўтказиш учун тоғ дараси томон кетиб боришарди. Бу бадбахт бўриларнинг энди доимий бошпаналари йўқ эди, улар дуч келган ерда тунаб қолишарди. Акбара одатдагидай олдинда борарди. Туллаш олдидан унинг жунлари ўсиб, намат бўлиб кетган, қоронғуда ғоятда қўрқинчли кўринарди. Унинг кўзлари кўкимтир йилтираб ёнар, тили осилиб тушган, кўрган одам уни қутурган деб ўйларди. Йўқ, болаларидан айрилган бўрининг алами босилай демасди, у жудоликни ҳеч унутолмасди. Болаларим Бўстоннинг қўрасида деган фикр унинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолган эди, Бўлмаса қайда улар? Ахир, изма-из қувиб келган кунлари ўша қароқчи шу ерга кириб кўздан ғойиб бўлмадими? Йиртқичнинг ақли ана шундан нарига ўтолмасди. Шунинг учун ҳам бўрилар ўша кунлари ҳамма нарсани кўзлари қонга тўлиб қийратишар, мол-ҳолни дуч келганча бўғизлашарди. Уларни оч қолиб, шундай қилишяпти деб бўлмасди. Улар ҳаётдан, жонларидан тўйган эдилар, бўриларнинг пайига тушган Бўстон мана шуни ҳисобга олган эди.
Эртасига эртаминан Бўстон ўтарни яйловга олиб чиқманглар, ҳар иккала қўш ичида боқинглар, кўпроқ ем-дон беринглар ва шу ердаги суғормадан сувлатинглар, деб буюрди. Ўзи ўтардан йигирмага яқин кўпроқ эгиз туққан қўйларни маърашиб, барашиб юрсинлар деб, қўзилари билан ажратиб олди-да, шу чоғроқ подани овлоқ, йўлсиз адирлар томонга ҳайдаб кетди.
Ёнига ҳеч кимни олмади. Ёлғиз ўзи подани узун таёғи билан ҳайдаб борди Елкасига кечаси ярақлатиб тозалаган, тўла ўқланган милтиғини осиб олди. Шошмасдан, узоқ йўл босди. Қишловдан иложи борича олислаб кетиш керак эди.
Кун илиқ, чинакам баҳор эди. Тоғлар қуёш ҳароратини эмиб, уни ўр-жарларда майин кўклаган ўт-ўланга айлантиради. Мовий осмон бағридан онда-сонда сутдай кўпирган қайнама булут парчалари пором эркаланиб сузишади. Тўрғайлар тинимсиз чулдирайди, тошлар оралаб какликлар макиёнини чорлаб, чулғилайди — нақ жаннатнинг ўзи. Фақат истаган пайтда қуюн бошланиши мумкин бўлган уфқни бошдан-оёқ бетлаб ётган баҳайбат қорли тоғ чўққилари ва ваҳший шамол номаълум ёқлардан ҳайдаб келган, қуёш юзини тўсишга тайёр турган қора булутларгина бу жаннат боқий эмаслигидан дарак бериб туради.
Лекин, ҳозирча ҳаво айнайдиганга ўхшамасди. Унча катта бўлмаган қўй- қўзилар подаси йўл-йўлакай барашиб, тўхтовсиз бир-бирларини чақиришиб чўпон таёғи кўрсатган ёққа жиларди. Қўзилар дикирлаб сакраб шўхлик қилишар, бирдан оналари томон югургилаб қолишар ва туртиб-туртиб ютоқиб эмиб кетишарди. Лекин, Бўстоннинг кечасидан бери дили хуфтон эди. У қанча кўп ўйлаган сайин, бўрилардан ҳам, бу ҳангомаларни бошлаб келган бехосият Бозорбойдан ҳам ёмон аччиқланарди. У Бозорбой билан ғиди-биди қилиб ўтирмоқчи эмас, буни ўзига эп кўрмайди, сасимасин десанг — тегма-да, яхшиси. Бўриларни эса йўқотиш, отиб тухумини қуритмасликдан бошқа чора қолмаган эди. Унинг режаси жуда оддийгина эди: маъраб қўзиларини чақирган она қўйларнинг овози албатта бўриларни ўзига тортади, у эса биқиниб пистирмада ўтиради. Бўрилар қўй-қўзиларга ташланишади, агар омади чопса, Бўстон шунда уларни отиб олади. Лекин, ҳикматда айтилгандай уйдаги гап кўчага тўғри келмайди. Аслида ҳам шундай бўлиб чиқди...
Кун пешиндан оққунча йиртқичлар қорасини кўрсатишмади. Бўстон подани холи, атрофдан яхши кўзга ташланадиган ўтлоққа қўйди-да, ўзи бир чеккада сийрак буталар остидаги катта тошлар орасига биқиниб ётди. У яхши мерган эди, болалигидан милтиқ отиб ўрганган, ов қилган, Иссиқкўлда неча-неча бўриларни отган эди. Шунинг учун бўриларни отишига кўзи етар, уларни пистирмага туширса, бас эди. Серхавотир она қўйлар тинмай овоз бериб, болаларини чақиришар, бир-бирларини жўрлашар, бироқ вақт ўтиб борар, бўрилардан эса ҳамон дарак йўқ. Ваҳоланки, бошқа пайтлар жондорлар куппа-кундуз  куни ҳужум қилиб, атрофда ўтлаб юрган подаларни тўс-тўс тўзғитиб, аламларини қўйлардан олардилар..
Офтоб қиздира бошлади. Бута тагида остига пахталигини тўшаб ётган Бўстон бошқа пайт мириқиб мудраб олган бўларди, лекин ҳозир бундай қилолмасди. Бунинг устига ичига чироқ ёқса ёримасди: Эрназарнинг ўлишида уни айблашаётганига сира чидай олмасди. Унинг ғанимлари Қўчқорбоев ҳам, Бозорбой ҳам тил топишган, уларнинг ҳар бири ўзича бичиб-тўқиб, уни айблар, боши берк кўчага киритиб қўймоқчи бўларди. Ҳаёт нега шундай қурилган, у ҳеч тушунолмасди: турли-туман одамлар нимага, нима сабабдан уни ёмон кўришаркин, Бунинг устига манови қашқирларни айтмайсизми, одамнинг жонини суғуриб оламан деб туришибди. Уйда ҳам шундан тинчлик йўқ. Хотинига Бозорбой билан ўрталарида қочган гапнинг хабари етиб борса, ҳали ҳаммаси ҳолва бўлиб қолмасайди. Бозорбой уни ҳам, хотинини ҳам оғзидан боди кириб, шоди чиқиб бўралаб сўкаётганда, анча одамлар томошабин бўлиб туришган эди. Улар ичида кўзингни ўяман деб тургани қанча...
Бўрилардан ҳануз дарак йўқ, Бўстон тоқатсизлана бошлади. Шунга қарамасдан, кўз-қулоқ бўлиб ётар, атрофни сергак кузатарди. Йиртқичларни қанча тез пайқаса, шунча яхши, улар қўйларга ташланар-ташланмас мўлжалга олиб отади. Бўрилар келадиган пайтни бой бермай дарров пайқаш осон эмас: хонаки қўйларнинг кўзи яхши ўтмайди, сезги, фаросати ҳам ўтмасроқ бўлади, ўз оти билан қўйдан ювошроқ жонивор йўқ. Бўрининг энг қулай ўлжаси ҳам қўй. Уларни йиртқичдан фақат одам сақлайди, шунинг учун доим бўрилар билан одамлар тўқнашадилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди...
Беғам қўйлар бу гал ҳам хатарни сезмай қолдилар. Улар бемалол ўтлаб юришар, фақат қўзилари барашганда бошларини кўтариб қарашар, дам-бадам уларга эмчакларини тутишар, шундан бошқа ташвишлари йўқ эди. Хавфни ёлғиз Бўстон сезди...
Шу атрофдан пар-пар учиб-қўниб юрган бир жуфт ола қанот тоғ зағизғони қулоқни батанг қилиб шақиллаб, у ердан-бу ерга тинмай учиб ўта бошлади. Бўстон сергак тортди. Тепкини кўтарди. Лекин бошини чиқармай, янада яхшилаб биқиниб олди. Ишни пухта қилмаса бўлмайди. Бир неча қўй кетса-кетсинки, лекин йиртқичларни шамғалат қилиб, албатта очиқ жойга олиб чиқиш керак. Аммо бўрилар балки хатарни пайқашгандир, ажабмас, уларга зағизғонлар хабар етказган бўлса, ҳайтовур, улар бир жойда чағиллашни бас қилиб, энди Бўстон бекинган ерга келиб, сурбетларча шақиллай кетишди. Ваҳоланки, Бўстон уларнинг диққатини тортмай, қимир этмай бута остида пусиб ётарди. Ҳар қалай, бўрилар бирдан ҳужум қилишмади. Маълум бўлишича, улар икки ёққа бўлинишган экан. Акбара катта харсанглар оралаб, ўтлоқнинг нариги чеккасидан, Тошчайнар эса, бу томондан биқиниб, пусиб келишмоқда эди (Сал кейин маълум бўлдики, Тошчайнар Бўстон милтиғи билан пистирмада ётган ердан андак нарида судралиб келаётган экан).
Лекин, буларнинг бари бирдан маълум бўлгани йўқ.
Бўстон бўриларнинг келишини кутиб, ҳушёр тортиб теваракни кузатар, лекин йиртқичларнинг қайси томондан пайдо бўлишига сира ақли етмасди. Атроф осойишта, жимжит, қўйлар бамайлихотир ўт чимдир, қўзилар чопишиб, ўйноқлашар, зағизғонлар шақиллашдан тўхтаган, фақат нарироқда тоғдан тушиб келаётган жилға шалдирар, бутазорларда қушлар сайрашарди. Бўстон кутавериб толиққан эди, аммо шу пайт бирдан тошлар оралаб бўздек соя лип этиб ўтдй, қўйлар ўзларини шатирлаб бир томонга отишди ва ненидир хавотирли кутиб серрайиб қолишди. Бўстоннинг асаблари таранг тортилди. Бўрилар одам қаерда яширинганлигини билиш учун подани ҳуркитган эдилар. Бундай пайтда ҳар қандай чўпон бақириб, қий-чув кўтариб, қўйлар олдига югуради. Бу Бўстонга маълум эди. Лекин, ҳозир унинг мўлжали бошқа эди, шунинг учун ётган жойидан қимирламади. Шунда харсангтошлар оралаб бўз соя лип-лип ўтди ва анграйиб турган жони ҳалак қўйларга ташланди. Қўйларга сакраб ҳамла қилган Акбара эди. Бўстон милтиқни ростлаб бўрини мўлжал олди-да, энди тепкини босаман деган эди, орқа томонида нимадир шитирлаб кетди ва у беихтиёр ўгирилиб қаради. Шу заҳоти ҳатто мўлжалга ҳам олиб ўтирмай ўзи томон отилиб келаётган ҳайбатли йиртқичга қараб ўқ узди. Ҳаммаси кўз очиб-юмгунча бўлиб ўтди. Тошчайнар осмонга сакраган чоғда ўққа дучор бўлди. Лекин у дарҳол ерга қулагани йўқ. У кўзларини қаҳрли олайтириб, сўйлоқ тишлари ириллаб очилиб, тирноқлари ўткир панжаларини ваҳшиёна олдинга чўзганча, Бўстон томонга забт билан учиб борди ва ундан нақ бир одим нарига гурсиллаб қулади. Бўстон дарҳол милтиқни бошқа томонга тўғрилади, лекин фурсат ўтган эди — Акбара тўнтариб ташлаган қўйни қўйиб, ўзини тошлар орасига урди. Бўстон милтиқни шай тутиб, бўри ортидан югурди, ҳали отиб улгуриш мумкин деб ўйлади, лекин Акбара жилғадан сакраб ўтиб кетганлигини кўз қиридагина кўриб қолди. Ўқ узди, лекин ўқи зое кетди...
Бўстон нафасини ростлади, атрофига хафагезак назар ташлади. Азбаройи зўриққанидан ранги оқариб кетган, оғир-оғир ҳансираб нафас оларди. Асосий мақсадига етолмади — Акбара қўлдан чиқди. Иш энди янада чигаллашди — уни дуч келтириш ва отиш осон кўчмайди: бўри энди этагини тутқизмайди.                  Э, хайрият-э, деб ўйлади Бўстон, агар Тошчайнарга вақтида қарамаса ва ўқи ҳам мўлжалга тегмаса борми, ана унда бадтар чатоқ бўларди. Рўй берган воқеани мулоҳаза қилиб кўраркан, Бўстон шу нарсага амин бўлдики, йиртқичлар подага яқинлашиб келган маҳалда хавф борлигини сезиб қолганлар-да, икковлари икки томонга ажралганлар. Тошчайнар милтиқли одам пистирмадан бехабар Акбарани мўлжалга олганини кўргач, ўйлаб ўтирмай ёвга ташланган...
Қўрқиб ҳар томонга қочган қўйларни йиғиб келгач, Бўстон ўққа учган бўрини кўргани борди. Тошчайнар сарғайиб кетган улкан қозиқ тишларини йириб, ёнига ағдарилганча ётарди, унинг кўзлари шишадай қотиб қолган эди. Бўстон Тошчайнарнинг бошини ушлаб кўрди. Бош ҳам ўзи отнинг калласидай келар, йиртқич уни қандай кўтариб юрганига ақл ҳайрон эди. Панжалари-чи? Бўстон унинг дастпанжаларини кўтариб, салмоқлаб кўрди, ва беихтиёр қойил деб юборди: қанчалар залворли ва қудратли эди бу панжалар. Қанча йўлларни ўтган улар, қанча жониворларни қийратган улар!
Бир зум иккиланиб тургач, Бўстон унинг терисини шилиб олмасликка қарор қилди. Садқаи сар, гап терисидами. Боз устига унинг жуфти тирик қолди, ҳали хурсандчилик қилишга эрта.
Бўстон яна бирпас ҳаёлга толиб турди. Кейин бўри қорнини ёриб ташлаган қўйни елкасига ортди-да, подани орқага қайтарди.
Кечроқ бу ерга белкурак ва занг кўтариб қайтиб келди. Кун ботгунча Тошчайнарнинг ўлигини кўмиш учун чуқур қазиди. Тошлоқ жой эмасми, анча уринди. Баъзан Бўстон ишдан тўхтаб теварагига жим назар ташларди, баногоҳ бўри келиб қолмасмикин, дерди. Нишонга бехато урувчи Бўстоннинг милтиғи ёнгинасида шай турарди, қўл узатса кифоя эди...
Аммо Акбара тун ярмидан оққаа келди... Янги қазилган ер олдида чўзилди, то азонгача шу ерда қолди, қуёшнинг илк нурлари тўкилганда, у ғойиб бўлди...

VI

Баҳор кунлари ўтиб, ёз яқинлашмоқда эди. Чорвадорлар ёзги яйловларга кўчадиган пайт келди. Тоғ ёнларида қишлаган қўйбоқарлар тоғ ичкарисидаги водий ва дараларга — янги тоғ ўтлоқларига кўчишар, бу ерлардан аста-секин довонларга ёвуқлаб боришарди. Қир-далада қишлаганлар эса ҳали мол-ҳол ораламаган, сақлаб қўйилган ўтлоқларга чиқишарди. Чўпоннинг иши қайнаган палла: мол ҳайдайди, кўч-кўронини ташийди ва ҳаммасидан оғирроғи, қўйларнинг жунини қирқади; буларнинг ҳаммаси қўшилиб, бош қашигани қўл тегмай қолади. Бунинг устига ҳар ким ёзги манзилга тезроқ чиқиб кета қолсам, дейди, серўтлоқ ерларга жойлашсам, дейди. Хуллас, иш деган қизиб ётади... Ҳар кимнинг ташвиши ўзига етиб ортади...
Ҳамма ҳамма билан, лекин ёлғиз Акбарагина дунёдан ноумид эди. Атрофда қайнаган ҳаётнинг фақат унгагина дахли йўқ эди. Одамлар ҳам энди уни унутган эдилар: Тошчайнар ўлгандан сўнг Акбара қорасини кўрсатмас, ҳатто Бўстоннинг қишловида ҳам тунлари ув тортмасди.
Оғир, чорасиз дард Акбарани эзарди. У бўшашиб, эринчоқ, лоқайд бўлиб қолди. Дуч келган майда-чуйда дарранда-паррандаларни овлаб юрди. Кўп маҳал вақтини кўздан йироқ овлоқ масканларда маъюс ўтказарди. Тоғлардан минг-минглаб қўй-қўзилар пода-пода бўлиб ўтиб борарди. Ана шу тўполон, шовқин-сурон ичида битта-яримта адашган-улоққан қўй-қўзини ўмариб кетишдан осони йўқ эди. Лекин Акбара булар билан иши бўлмас, барига бепарво эди.
Акбара учун дунё ўз қимматини йўқотиб қўйди. Унга ўтган умри ҳақида хотираларгина қолган эди. Акбара калласини дастпанжаларига қўйиб куни бўйи Мўйинқум чўлларида, Алдаш дала-тузларида, бу ерда, Иссиқкўл бўйларида кечирган қувонч ва қайғуларга тўлган кунларини эсларди. Унинг кўз ўнгидан Тошчайнар билан бирга ўтказган кунлари кунма-кун, ойма-ой, соат-басоат ўтар, ва ҳар сафар Акбара ҳасратини аламли жонига сиғдиролмай ўрнидан туриб кетар, атрофларда шўридаҳол санғир, сўнг яна қайғули қартайган бошини панжаларига ташлаб ерга чўзилар, яна болалари эсига тушарди. Дам яқинда ўғрлаб кетишган тўрт боласини, дам Мўйинқум қирғинида ҳалок бўлганларини, дам Алдаш бўйида қамишзорда ёниб кетганларини хотирларди. Лекин, ҳаммадан ҳам кўпроқ у ўзининг Тошчайнари — алп келбат, садоқатли эркагини эсга оларди. Гоҳо,нашазор ичра учратган ўша ғалати тайлоқ киши ёдига тушарди. Кўз ўнгига унинг болалари билан яланғоч, ҳимоясиз ҳолда ўйнашмоқчи бўлгани келарди. Акбара кекирдгини узиб ташлаш учун унга ҳамла қилганда, азбаройи қўрқиб кетганидан бошини қўллари билан чангаллаганча, ерга чўккалаб қолган, сўнг шилингпоча бўлиб тирақайлаб қочган эди... Кейин уни қиш бошланганда Мўйинқумда тонг қоронғусида саксовулга осилган ҳолда учратишди. Ўшанда унинг таниш юзига тикилиб-тикилиб, термулиб-термулиб қаради, сўнг у қовоқларини сал-палгина кўтарди, унга оҳиста нимадир деб шивирлади ва жим бўлди...
Эндиликда ўтган ҳаёт унга туш, такрорланмас туш каби туюларди. Лекин, шуларнинг барига басма-бас ҳали умид ўлмаган эди, умид Акбаранинг юрагида яшарди — гоҳо-гоҳо назарида охирги жигарпораси ҳали албатта топиладигандай эди. Шунинг учун ҳам, Акбара кечалари Бўстон қўраси атрофларида ўғринча изғар, лекин энди ёқасини чок этиб, юракларга ваҳима солиб увламас, фақат узоқдан туриб қулоғи динг тингларди: шояд шамол бўйига бўй қўшилиб қолган бултуруқларининг акиллаганларини олиб келса, шояд, уларнинг таниш ва не фароғатли бўй-исларини димоғига уфурса... Ў, шундай мўъжиза рўй бера қўйсайди! Акбара ҳеч нарсага қарамасди, на одамлар ва на итлардан қўрқиб ўтирмасди, ўзини лазиз болалари сари отарди, уларни асоратдан халос этарди, қанот-қуйруқ чиқариб бу ерлардан йироқ-йироқларга, ўзга диёрларга бошлаб кетарди, бўриларга хос ҳур ва қийин-қаттиқ ҳаёт кечирарди. Бўриларга ўзга не керак...

Шу кунлари Бўстоннинг югур-югури кўпайиб кетди. Кўчиш ташвишлари етмагандай бунга яна қандайдир аҳмоқона идора ишлари ҳам қўшилди. Қўчқорбоев ҳар қалай пўписа қилгандай юқори ташкилотларга Бўстон Ўркунчиев устидан шикоят ёзиб жўнатди ва у ердан ким ҳақ, ким ноҳақ аниқлаш учун комиссия юборилди, лекин комиссия бир фикрга келолмади. Комиссиянинг айрим аъзолари чўпон Бўстон Ўркунчиевни партиядан ўчириш керак, чунки у парторг шахсиятига тегиб, уни ҳақорат қилган ва шунинг баробарида партиянинг ўзига маънавий зиён етказган деса, бошқа аъзолар бундай қилишнинг ҳожати йўқ, чунки чўпон Бўстон Ўркунчиев иш юзасидан гапирган ва унинг танқидидан мақсад меҳнат унумдорлигини кўтариш бўлган, дерди. Комиссияга Бозорбой Нўйғутовни ҳам чақиришди. Ундан Бўстон Ўркунчиев инига қайтаришни талаб қилган бўри болалари ҳақида ёзма равишда тушунтириш олишди... Хуллас, ҳамма қоидаларга риоя қилинган қоғозбозлик бошланди...
Кейинги икки марта чақирганларида Бўстон бормади. Сурувни тоғларга ҳайдашим, хонадоним билан ёзги яйловга кўчишим керак, вақт зиқ, шунинг учун менсиз ўзларингиз ҳал қилаверинглар, мен комиссия лозим топса, ҳар қандай жазога розиман, деб айттириб юборди. Бўстоннинг бундай хатти-ҳаракати Қўчқорбоевга ғоятда қўл келиб, хурсанд бўлди.
Лекин, чўпоннинг шундан ўзга чораси ҳам йўқ эди. Ёзги яйловларга кўчиш бошланган, бунақа пайтда Бўстон ишни орқага суриш, кечикишга сира йўл қўймасди. Кейинги йилларда сурувни бир кун олдин йўлга ҳайдашар, кейин то машина ўтиб борадиган жойларгача хонадонларнинг ёзлик кўч-кўронларини ташиб элтишар, ундан у ёғига ота-боболар усулида юкларни от-эшакларга ортиб жўнар эдилар. Ҳатто шу нарсанинг ўзи ҳам сурувни кўчиришни бир томондан енгиллаштирса, иккинчи томондан тезлаштирар эди. Мана, Бўстон ҳам сурувни аввал ёзлик манзилга етказиб борди, ўтарда ўз ёрдамчиларини қолдириб кетди, сўнг кечаси йўл юриб орқасига қайтди, эртасига кўч-кўронларини машинага ортиб, бутун хонадон бир бўлиб, то куз тушгунча тоғларга чиқиб кетишлари керак эди.

Охири ўша кун келди...
Лекин, шундан бир кун бурун кечаси Акбара эски уясига қайтиб борди. Тошчайнар ҳалок бўлгандан бери биринчи марта бу ерга келиши эди. Сўққабош бўри қоя тагидаги инига йўламас эди — унинг ҳувиллаб ётгани, ўзини у ерда ҳеч ким кутмаслигини биларди. Шунга қарамасдан, кунларнинг бирида афтода бўри таниш йўллар, чангалзор оралари, камарлардан ўтгиси келди, қадрдон жойларини соғинди — баногоҳ у ерда болалари келиб, уни орзиқиб кутаётган бўлсалар-чи. У ич-ичидан хуруж қилиб келган васвасани енголмади, рўё ортидан чопди.
Акбара йўл танламай, сув кечиб, тош босиб, ёзги яйловларда ёнган тунги гулханлар, баджаҳл итлар яқинидан телбараб югурар, унинг ортидан милтиқ товушлари варангларди...
У осмонда юксалган ой шуъласига кўмилган тоғларда эс-ҳушини йўқотиб, якка-ёлғиз чопарди... Атрофини янги ўт-ўлан ва зирк ниҳоллари чирмаган, таниб бўлмас ҳолга келган уясигача етиб боргач, у сағир ва не замонлардан бери унутилган уясига юрак бетлаб киролмади... Лекин, орқага қайтиш, ўзини енгиш учун ҳам мажол қолмаган эди... Шунда Акбара яна қашқирлар илоҳаси Бўри Онага нола қилди, акиллаб, увлаб, узоқ йиғлади, бадбахт толеидан тўхтовсиз арз этди, илоҳадан ўзини ойга олиб кетишни, одамлар йўқ ерга элтишни ёлвориб сўради.
Бўстон ўша кеча йўлда эди. Сурувни ёзлик манзилга етказиб боргач, орқага қайтмоқда эди. Албатта, кечани ўша ерда ўтказиб, эрталаб қайтаверса ҳам бўларди. Лекин, унда қўшга кечки пайт етиб келарди-ю кун бўйи кутиб, сўнг кўчларни юклаб сурув кетидан йўлга тушишига тўғри келарди. Бунча вақтни йўқотишни у ҳеч истамас эди. Устига-устак, қўрада ёш боласи билан Гулимхон ва яна бошқа бир оиладан бўлак ҳеч ким қолмаган, улар ёзлик яйловларга кўчиш учун тайёр бўлиб ўтирар эдилар, эркаклар бари пода ҳайдаб кетишган эди.
Бўстон ўша кеча мана шунинг учун ҳам жадал орқага қайтмоқда эди. Не бахтки, Дўнкўлик ҳам одатдагидай шаҳдам, шеркелбат йўртиб борарди. Унинг юришига одамнинг завқи келарди. Чаққон от-да, бу Дўнкўлик. Олтин тусли зотдор Дон отининг ёллари ҳамда қулоқлари ойнинг нурида товланар, бақувват тўшларида тун чоғи сув жилвалангандай пайлари ялтираб ўйнарди. Ҳаво иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам, мўътадил. Ўт-ўланлар ҳиди гуркирайди. Бўстон милтиғини ҳар эҳтимолга қарши елкасига осиб олган — тоғда кечаси нималар бўлмайди. Уйга боргач, Бўстон милтиқни қозиққа илади ва бешала ўқи бўшатилмаган кўйи шу ерда осиғлиқ туради.
Бўстон қўшга тонг азонда, соат бешларда етиб боришни мўлжаллаган, чамаси, ҳисобдан адашмаган эди. Шу кеча у хотини билан фарзандига қанчалик қаттиқ боғланганлигига аниқ ишонч ҳосил қилди: бир кун ўтар-ўтмас уларни соғиниб қолди ва мана энди шитоб билан уй томон еларди. Йўлда ҳаммадан кўра ҳам, ишқилиб, Акбара яна қўра атрофида изғиб, Гулимхон билан Кенжашнинг ўтакасини ёриб қўрқинчли увиллаб юрмасин-да, деб хавотир оларди. Тошчайнар ўлгандан сўнг Акбара кўринмай кетган — ҳар нечук овози чиқмай қолди-ку, деб Бўстон ўзига-ўзи таскин берарди.
Ўша кеча Бўстон бекор хавотирланган эди.
Ўша кеча Акбара Бошат дарасида эски қўналғаси олдида Бўри Онага арз-шикоят қиларди. Мабодо, Акбара Бўстонларнинг қўраси атрофида пайдо бўлганда ҳам, у ҳеч кимни қўрқитиб, безовта қилмасди — Тошчайнарнинг ҳалокатидан сўнг, у.одамлар манзилгоҳидан келаётган товушларга ҳасрат билан қулоқ соларди, холос... Ва охири ўша кун келди...
Ўша куни эрталаб Бўстон уйқудан кўзини очганда, қуёш азот чиққан эди. У тонг қоронғусида қўшга етиб келиб, тўрт соатлар чамаси ухлаган эди. Эрталаб Гулимхон отасини безовта қилмасин деб, Кенжашни қанча ушламасин, кўчиш ташвишлари билан овора бўлиб кетиб, кичкинтойни андак кўздан қочириб қўйди. Болакай алланималарнидир чулдираб, ҳадеб отасининг юзларини силаб, шапатилай бошлади. Бўстон кўзини очди, кулиб кичкинани бағрига босди, бутун жисми-жони унга ажиб бир меҳр-муҳаббат билан тўлқинланди. Унинг пушти-камаридан дунёга келган кичкина, соғлом, ҳаракатчан бўлиб ўсаётган, ҳали иккини тўлдирмаган эса-да, зийраклиги, ота-онасини севиши, юзи, сумбати, қилиқлари қуйиб қўйгандай ўзига ўхшаши, фақат қора олхўридай порлаган кўзларигина онасини эслатиб туриши билан беҳад қувонч бағишларди. Бир сўз билан айтганда, боламисан бола эди ва унга қараб туриб, Бўстон шундай ажойиб ўғилчаси борлигидан ғурурланарди.
— Нима дейсан, ўғлим? Ўрнимдан турайми? Қани, қўлимдан тортиб юборчи? Торт, торт, ана, баракалла! Ўҳў, полвон-эй! Ана энди қани, қани, отасининг бўйнидан бир ачомласинчи, оҳ-оҳ!
Гулимхон бу орада унни қовуриб, сут ва туз солиб қуюқ қалмоқ чой ҳозирлади. Қалмоқчой эрининг жону тани эди. Ўтарларгина эмас, ҳатто итлар ҳам узоқ тоғларга чиқиб кетган, Ўркунчиевлар хонадони жилла қурса, шу тобда бемалол, хотиржам ўтириб чой ичсалар мумкин эди. Кўплар чўпон хонадонига бу фароғат камдан-кам пайтлар муяссар бўлишини яхши билмайдилар. Чорвага йил бўйи кеча-кундуз тинмай кўз-қулоқ бўлиб туриш керак, агар сурувни минг бош деб ҳисобласак, қўзиси билан бир ярим минг деяверинг, мана бунақа ўтириб чой ичишга қўл тегадими. Чўпон хонадонлари буни фақат орзу қиладилар. Улар кўчиш олдидан бамайлихотир ўтириб чой ичишарди. Сўнг ёз бўйи тоғларга чиқиб кетишади. Машина пешинга етиб келадиган эди. Ўшангача ҳаммасини йиғиштириб, саранжом-саришта қилиб қўйишлари керак.
— Вой, ҳеч кўзимга, ишонмайман,— дерди нуқул Гулимхон,— қандай, яхши, жонинг роҳат қилади, тинчликни қаранг! Сизни билмайману мен ҳеч кетгим келмаяпти. Келинг, уйда қола қолайлик. Кенжашжон, отангга айт, ҳеч ёққа бормайлик.
Кенжашжон нималарнидир бидирлар, дам отаси, дам онасининг тиззасига чиқар, Бўстон эса кўнгилчанлик билан хотинининг гапини маъқулларди:
— Шундайми? Майли, нима қипти, ёз бўйи бу ерда яшасак?
— Хўп, айтдингиз-да,— куларди Гулимхон,— икки кун ўтмай сурув қайдасан деб, ҳайё-ҳайт жўнаб қолардингиз, кейин сизга Дўнкўликда қувиб ҳам етиб бўлмасди!
— Рост, Дўнкўликни миниб ҳам етолмайсан! — тасдиқларди ийиб кетган Бўстон ва сўнг дикрайган мўйлабини силаб қўярди. Бу унинг кўнгли тўлганлигини билдирарди.
Улар хонтахта атрофида ерда ўтириб шундай нонушта қилишар, болакай атрофларида гирдикапалак бўлиб юрарди. Ота-онаси унга овқат едирмоқчи бўлиб уринишар, лекин болакай бугун шўхликни авжига чиқарган, ўйнар, чопар, тинчлик бермасди. Ҳеч жойда ўтиришни, овқат ейишни истамасди. Эшикни ҳаво дим бўлиб кетмасин деб, ланг очиб қўйишган, шунинг учун Кенжаш дам сайин ташқарига югуриб чиқар, галдираб ҳовли айланар, она товуқ атрофида пилдирашиб юрган кичкина, хурпайган жўжаларни томоша қиларди. Бу қоровул Қудурматнинг товуғи эди. Қудурматнинг ўзи яйловга чиқиб кетган, унинг хотини Асилгул Ўркунчиевлар билан бирга машинада борадиган эди. Асилгул боя уларникига кириб чиққан, юкларни йиғиштириб қўйдим, товуқни жўжалари билан саватга солсам бас, буни машина келганда қилсам ҳам бўлар, ҳозир кирларимни ювиб, қуритиб олай, деган эди.

Ўша куни эрталаб шундай ўтмоқда эди. Қуёш кўтарилиб, тузуккина қиздира бошлади. Ҳамма ўз иши билан овора. Бўстон хотини билан юклар, тугун, бўхчаларни боғларди. Асилгул кир ювар, ора-чора унинг ташқарига мағзава тўккани эшитиларди. Кичкинтой Кенжаш эса ўз ҳолига ўйнаб юрар, дам уйга чопиб кирар, дам чопиб чиқар, жўжалар атрофида ўралашарди.
Бу орада меҳрибон курк товуқ жўжаларни ҳовлининг нариги чеккасига ер титгани бошлаб кетди. Кичкинтой жўжалар орқасидан дўмбиллаб чопди, шу тариқа улар саройнинг баланд девори орқасига ўтиб қолдилар. Бу ерда қариқизлар ва отқулоқлар ўсиб ётар, ёз бўлгани учун осойишта, жимжит эди. Жўжалар чип-чип қилиб, гўнг титишар, Кенжаш эса тинмай жўжалар билан гаплашар, қиқирлаб кулар, уларни ушлаб, кафти билан силамоқчи бўларди. Она товуқ Кенжашдан чўчимас, бироқ бу ерда бирдан сассиз қадам ташлаб жуда катта кулранг ит пайдо бўлгач, товуқ хавотирга тушиб, хавфсираб қақағлай бошлади ва жўжаларини балодан нарига олиб кетишни маъқул кўрди. Кўзлари ажойиб кўм-кўк, каттакон бўз итдан Кенжаш сира ҳам тап тортгани йўқ. У кичкинага думини дўстона ликиллатиб муштипар боқарди. Бу Акбара эди. У анчадан бери қишлоқ-қўра атрофида изғиб юрган эди.
Ўтган кечадан эътиборан ҳовлилар бўшаб, ҳувиллаб қолган, на одамлар ва на итларнинг овозлари эшитилар, ана шунинг учун ҳам Акбара одамлар қароргоҳига бунчалар яқин келишга ботинган эди. Кўксида ўлмаган оналик соғинч, армони билан, ўлмаган умид билан у ғоятда эҳтиёткорона барча қўтонлар, саройларни айланиб чиққан, ҳеч қайда йўқотган бултуруқларидан номнишон топмаган ва шунда боши оғиб одам манзилига жуда яқин келиб қолган эди. Шундай қилиб,  Акбара кичкинтойимиз ёнида турарди. Ҳеч англаб бўлмайдики, у бу бола эканлигини қайдан билди? Одам сиёқи демаса, у ўз болаларининг баайни ўзгинаси. Болакай ушбу каттакон яхши итнинг бошини силамоқчи бўлиб, қўлини чўзганда, Акбаранинг аламдан ўртанган юраги патирлаб кетди. У болакай олдига келиб, унинг юзини ялади. Кичкина унинг эркалашидан хурсанд бўлиб, қиқир-қиқир кулди-да, бўрининг бўйнидан қучди. Ана шуна Акбара тамомила ийиб кетди, бола оёғи тагига чўзилди у билан ўйнаша бошлади — унга жудаям эмдиргиси келди, лекин болакай эмиш ўрнига унинг устига миниб олди. Кейин сакраб тушиб орқасидан эргаштириб чақиришга тушди: «Юр! юр!» — деб қичқирарди у қиқирлаб маза қилиб кулганча. Аммо Акбара нари қадам ташлашга юрак бетламас, у ёқда одамлар бор эди. Бўри ўрнидан қимирламай маъюс кўзлари билан болага термулиб ётар, шунда бола яна орқасига қайтиб, унинг бошини силаб-силаб қўяр, Акбара эса уни ялаб-юлқар, бу болага бениҳоя хуш ёқарди. Бўри юрагида йиғилиб қолган барча меҳрини унга тўкиб солмоқчи, унинг бола ҳидларини кўксини тўлдириб-тўлдириб искамоқда эди. Бу бола менинг қоя тагидаги уямда яшаса, қандай соз бўларди-я, деган ўй ўтди бўри калласидан. Шунда бўри боланинг нозик бўйнини тирнаб қўймаслик учун оҳиста унинг камзули ёқасидан тишлади-да, кескин бир ҳаракат билан ёли устига отди — бўрилар пода ичидан қўзиларни шундай йўл билан олиб қочадилар. Болакай худди яраланган қуён каби қисқа чинқирди. Саройга кир ёяман деб келаётган Асилгул Кенжашнинг бақирганини эшитиб, шошилиб, бурчакка ўтиб қаради ва шу заҳоти Бўстоннинг эшигига югурди.
— Бўри! Бўри болани олиб қочди! Тезроқ, тезроқ!
Бўстон эс-ҳушини йўқотиб, девордан милтиқни юлқиб олди ва Гулимхоннинг орқасидан уйдан чопиб чиқди.
— Ана! Ана! Ана, Кенжаш! Ана, бўри олиб кетяпти! — деб фарёд соларди Асилгул бошини қўллари билан чангаллаб.
Энди Бўстон ҳам бўрини кўрди — у бақириб йиғлаётган болани бўйнига ортганча лўкиллаб кетиб борарди.
— Тўхта! Тўхта, Акбара! Тўхта деяпман! — бор овози билан бўкирди Бўстон ва бўри ортидан қувиб кетди.
Акбара қочди. Бўстон унинг изидан милтиқ кўтарганча чопар ва ғайритабиий товуш билан ўкирарди:
— Тўхта, Акбара! Ўғлимга тегма! Сенга ҳеч қачон ёмонлик қилмайман! Болани қўй, тегма унга! Акбара! Қулоқ солсанг-чи, Акбара!
Бўри унинг сўзларига мутлақо тушунмаслигини шу тобда у унутганди. Бақириб-чақириб, қувиш баттар қўрқитиб юборган бўри энди тезроқ қочишга тушди.
Бўстон эса жавраганча-жавраб уни қувишдан тўхтамасди.
— Акбара! Ўғлимга тегма, Акбара! — деб ёлворарди у.
Ундан сал орқароқда Гулимхон билан Асилгул дод солиб югуришарди.
— Отинг! Тезроқ отинг! — деб қичқирди Гулимхон бола кўтариб кетаётган бўрини Бўстон отолмаслигини унутиб.
Қичқириқ, қув-қув бўрининг қонини жўштирди, унда бўри ваҳшати уйғонди, у ўлжасини қўлдан чиқармасликка қарор қилди. Болакайнинг ёқасидан маҳкам тишлаганча, бўри шиддат билан тоғларга қочиб тобора узоқлашиб борарди, орқасидан милтиқ отилиб, ўқ боши устидан чийиллаб ўтганда ҳам ўлжасини ташламади. Болакай дод солиб чинқирар, отаси, онасини чақирарди. Бўстон бўрини нима билан қўрқитиш-ҳни билмай яна осмонга ўқ узди, лекин бўри бу сафар ҳам қўрқмади. Акбара тошлоқ тепалар сари жадал югурар, у ерга етиб олса, бас, бирпасда изни чалкаштириб, кўздан ғойиб бўлишини ўзи биларди. Бўстоннинг юраги орқасига тортиб кетди: қандай қилса болани қутқариш мумкин? Нима қилсин? Бу даҳшатли офат қайдан чиқди? Қайси гуноҳи учун?
— Болани ташла, Акбара! Ташла, ташла дейман, тегма боламизга! — ҳансираган от каби оғир-оғир нафас олиб, ҳирқираб дерди Бўстон. У бўрига илтижо қиларди.
Бўстон учинчи марта осмонга ўқ узди, ўқ яна ваҳшнинг боши устидан визиллаб учди. Тошлоқ тепа-ўнгирлар яқин қолди. Ўқдонда иккита ўқ қолди. Яна бир сониядан сўнг ҳаммаси кўлдан кетишини сезиб, Бўстон бўрини отишга қарор қилди. Чопиб кетаркан, дарҳол тиззалаб ўтирди ва мўлжал ола бошлади, бўрининг оёқларини мўлжаллади, лекин ҳеч мўлжал ололмасди кўкраги ҳарс-ҳарс кўтарилиб тушар, қўли қалтирар, унга бўйсунмасди. У бутун кучи, иродасини йиғди, кўзини титраб турган милдан узмасди, бўри худди асов тўлқинлар узра сузиб кетаётгандек эди, шунда у тепкини босди. Тегмади. Ўқ бўри ёнидан тупроқни тўзғитиб учди. Бўстон милтиқни қайтадан ўқлади, охирги ўқ қолди. Яна мўлжал олди, энди у ўқ овозини эшитмади, фақат бўри бир сакраб ёнига ўмбалоқ ошиб тушди.
Милтиқни елкасига осганча, Бўстон худди туш кўраётгандай йиқилган бўри сари чопиб кетди. Назарида оёғи ерга ёпишиб қолгандай, ҳеч чопиб етиб бўлмайдигандай, худди бўм-бўш ҳувилдоқда сузиб кетаётгандай эди...
Ҳаво бирдан совиб кетган каби у зум ичида муздай бўлиб қолди, ва бир алфозда йиқилган бўри устига етиб келди. Унинг қадди бирдан етти букилди, гунг фарёд кўтариб ўзидан-ўзи чайқала бошлади. Акбара ҳали тирик эди. Унинг ёнгинасида кўкрагини ўқ тешиб ўтган бола ўлиб ётарди...
Гунг эди дунё, гунгсираб ётарди. Дунё ғойиб бўлди, унинг ўрнида фақат олов вошиллаган зулумот қолди. Бўстон кўзларига ишонмай букчайди ва ердан қонга беланган ўғлини кўтарди ва бағрига босганча орқасига тисарилди, шунда у нима учундир жон бераётган бўрининг кўзлари кўк эканлигига ажабланди. Сўнг орқасига ўгирилиб ғам-аламдан тилини йўқотиб, ҳаллослаб келаётган хотинларга қараб юрди.
Назарида хотинининг бўйи осмон қадар чўзилиб кетгандай туюлди. Мана, унга томон бўйи кўкка қадар чўзилган, ҳайҳотдай юзи онтарилган, ҳайҳотдай қўллари буралиб унга узалган хотин чўзила келмоқда.
Бўстон ўзи ўлдириб қўйган кичкинтойни қучоғига босганча худди кўзи кўр бўлгандай қадам ташларди. Унинг орқасидан нола кўтариб, уввос солиб, Гулимхон судралар, унинг қўлтиғидан вой-войлаган Асилгул тутган эди.
Аламдан кар бўлиб қолган Бўстон ҳеч нарсани эшитмади. Лекин бирдан худди қудратли шаршара юксакдан отилиб тушгандай қулоғи шанғиллаб очилди ва дунё шовқинга тўлди, у нима бўлганлигини тушинди ва кўзларини осмонга тикиб, даҳшат билан бақирди:
— Нимага, нимага ахир менга бу жазо?
Уйда у кичкинанинг жасадини кўчишга тайёрлаб қўйишган каравотчасига ётқизди. Шунда Гулимхон жасад пойига тиз чўкди ва худди Акбара тунлари ув тортган каби увиллай бошлади. Унинг ёнига ерга Асилгул чўкди...
Бўстон эса милтиғини кўтариб уйдан чиқди. У худди жангга бораётгандай бир даста ўқни милтиққа жойлади, бир дастасини чўнтагига солди. Сўнг Дўнкўликка эгар урди ва отига сакраб минди. На хотини ва на Асилгулга бир сўз демай уйдан чиқди...

Қўрадан пича нари боргач, Дўнкўликнинг бошини қўйиб берди. Олтин тусли саман от Таман қишлови томон учиб кетди. Бу йўлдан у қиш чиққанда ўтган эди.
У истаб борган одам жойида экан, акс ҳолда ернинг тагидан бўлса ҳам, уни топар эди.
Ўша куни Бозорбой Нўйғутовнинг ҳовлисида ҳам машинага юк ортишмоқда — кўч-кўронни ёзлик яйловларга жўнатишмоқда эди. Ўз юмушлари билан овора одамлар қўра орқасидан Бўстон келгани, отдан тушиб, милтиғини қайта ўқлагани, сўнг яна елкасига осиб олганини пайқашмади.
Машинага юк ортилаётган жойга келгандагина, унга кўзлари тушди. Бозорбой машина тепасидан сакраб тушиб, унга бақрайиб қаради.
— Нима дейсан? — деди у Бўстоннинг ёниб битган ғўладай куйган юзига тикилиб, энсасини қарт-қарт қаширкан.— Нима қилиб юрибсан? Нега бундай қараяпсан? — саросимага тушди у ёмон бир нарсани сезиб.— Яна бўри деб келдингми? Бошқа ишинг йўқми? Мендан сўрашган эди, ёзиб бердим, шу.
— Тупурдим нима ёзган бўлсанг ҳам,— қаҳр билан деди Бўстон унга ўқдай нигоҳини қадаганча.— Ишим йўқ. Сен ёруғ дунёда яшашга нолойиқсан. Сенга шуни айтмоқчийдим. Етар энди!
Бозорбой ҳатто ўзини тўсиб улгурмади. Бўстон милтиқни унга тўғрилаб, мўлжалга ҳам олиб ўтирмай тепкини босди. Бозорбой чайқалиб кетди, юк машинасининг орқасига яширинмоқчи бўлди, лекин иккинчи ўқ унинг нақ елкасига тегди, Бозорбой уч марта тўнтарилиб, сўнг боши кузовга урилди, ерпарчин бўлиб қулади ва титроқ панжалари билан қора ерни тирнади. Ҳаммаси шунчалар тез рўй бердики, олдинига ҳеч ким ўрнидан қимир этмади. Ниҳоят, шўрлик Кўк Турсун дод солиб ўзини эрининг устига ташлади. Ана шундагина ҳамма қий-чув қилиб отилган кишининг тепасига баравар ёпирилдилар.
— Қимирламанглар! — баланд овоз билан деди Бўстон атрофга аланглаб.— Ҳеч ким жойидан қимирламасин! — деб иддао қилди ҳар бирига милтиқни бир-бир тўғрилаб.— Керакли жойга ўзим бораман. Шунинг учун ҳеч ким жойидан қимирламасин! Акс ҳолда ўқим етарли! — У чўнтагига уриб қўйди.
Ҳамма яшин ургандай таққа тўхтади, ҳеч ким нима гаплигини тушунмас, нима дейишни билмас, тили калимага келмас эди. Ёлғиз бечора Кўк Турсунгина бадбахт эрининг жасади тепасида йиғлаб-сиқтарди.
— Билардим итдай ўлиб кетишингни, итдан фарқинг йўқ эди! Ўлдир, мени ҳам ўлдир, қотил! — паррихта, шўрида Кўк Турсун ўзини Бўстонга отди.— Мени ҳам итдай ўлдир. Кўзим ёруғ дунёни ҳеч кўрмади, нимага керак менга бундай ҳаёт! — У яна нималарнидир бақириб айтишга уринди: Бозорбойга айтдим, бўри болаларига тегма, дедим. Яхшиликка олиб бормайди, дедим. Лекин баттол қулоқ солмади, ҳатто бўри болаларини ҳам сотиб ичди.
Кейин икки чўпон унинг оғзини юмиб, нарига олиб кетишди.
Шунда Бўстон атрофда каловланиб турганларга қаҳрли нигоҳ югуртириб, овозини кўтармай, лекин кескин қилиб деди:
— Бас, ўзим керак ерга бораман, ўзим ҳаммасини айтаман. Ҳа, ўзим айтаман! Ҳа, ўзим айтаман! Сизлар шу ердан қимирламанглар. Эшитдингларми?
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Ҳамма бўлган ишдан анг-танг эди. Одамлар чеҳраларига бир-бир қараркан, Бўстон шу дақиқадан эътиборан ўзининг аллақандай чизиқдан ўтганлиги ва ўзини бошқалардан ажратганлигини англаб етди: шу дақиқагача унинг атрофини яқин одамлар қуршаган, улар билан биргаликда ойлар, йиллар ёнма-ён нафас олган, ризқ-рўз топаман деб уринган, кун кечирган эди. Уларнинг ҳар бирини билар, улар ҳам уни яхши билишар, ҳар бирлари билан муомала қилган, лекин мана энди улар бутунлай бегонасираб қарашарди, мана энди улардан мутлақо айрилди, улар билан ҳаётини боғлаган иплар бари узилди, ўртада энди гўё ҳеч нарса ва ҳеч вақо қолмади, гўё у ўлиб-тирилгандай ва шунинг учун уларга янада қўрқинчлидай туюларди. У шуларни тушунди.
Бўстон отини етаклаб кетди. У орқасига қайрилиб қарамас, кўл томонга, ўзи жавоб берадиган томонга йўл олганди. Унинг боши қуйи солинган, орқасидан бир оз оқсоқланиб, жилов-жабдуқлари ширқиллаб вафодор Дўнкўлик одимларди.
Ҳаёт шоми бошланган эди...

— Мана, дунё ҳам охир бўлди,— ўз-ўзига деди Бўстон ва шунда унга бир даҳшатли ҳақиқат очилди: шу дамгача бор ёруғ дунё унинг ўзида жамлашган экан, мана энди шу дунё битди. У осмон эди, у ер эди, у тоғлар эди, борлик, тирикликнинг буюк онаси бўри Акбара эди, Ола Мўнгу музликларида абадиян қолиб кетган Эрназар эди, пушти камаридан бўлган охирги бир парча эт, ўз қўли билан отган Кенжаш эди, лаънатланган ва ўлдирилган Бозорбой эди ва то шу тобгача нима кўрган, бошидан нимаики кечирган бўлса — буларнинг бари у, унинг ўз жаҳони эди, у учун яшарди, уни деб яшарди, мана энди, гарчи булар ҳаммаси азалдан қандай эса, худди шундай яна боқий қолаверади, лекин фақат энди булар ичида у бўлмайди — у энди бутунлай ўзга одам бўлади, унинг дўнмас, қайталанмас дунёси эса энди йўқолди ва у ҳеч қачон ҳеч кимда такрорланмагай. У буюк ҳалокатига етиб келди, унинг учун дунё охир бўлди...
Кўл бўйига элтадиган кимсасиз дала йўлида Бўстон бирдан шаҳд билан орқасига ўгирилди, отининг бўйнидан қучоқлаб осилди ва алам билан ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Ў, Дўнкўлик, нима қилиб қўйганимни фақат сен тушунасан! — деб ўкириб йиғларди у бутун жуссаси силкиниб.— Мен нима қилай?
Ўғлимни ўз қўлим билан ўлдирдим, уни ерга қўймай кетяпман, севган аёлим ҳам ёлғиз қолди.
Кейин чилвир-чумбурни ўради, тизгин-жиловни Дўнкўликнинг юганига ўраб тугди, узангилар отнинг биқинини уриб ташламасин деб, эгарнинг қошига маҳкамлади.
— Бор, бор, уйга бор, жонивор, майли, қайга десанг, ўша ерга бор! — видолашди у Дўнкўлик билан.— Энди бошқа дийдор кўришмоқ йўқ!
Отнинг сағрига кафти билан урди, уни чув деб ҳайдади, от бўшаганига таажжуби ортиб, қўра томон юриб кетди.
Бўстон йўлга тушди...
Иссиқкўлнинг мовий ошиёнаси дам сайин яқинларди, худди мана шу дам ғойиб бўлиб, дам яна ўз бағридан ўзи қайта яралиб, дўнгалакланиб чопаётган тўлқинлар каби кўл бағрида бадар йўқ бўлиб кетсам дерди, асло яшаб-яшагиси келмасди...

Qayd etilgan