Umumiy bo'lim > Islom

Maʻrifiy maqolalar

<< < (21/52) > >>

MirzoMuhammad:
Тавба қилган аёл
Аллоҳ таоло бандаларни чин тавба қилишга чорлар экан, бунинг эвазига остидан анҳорлар оқиб тургувчи жаннатни ваъда қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга насуҳ (холис) тавба қилинглар! Шоядки Раббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса”. (Таҳрим. 8)
   Оятдаги “насуҳ” калимасини муфассирларимиз турли тафсир қилганлар.
   Имом Насафийнинг “Мадорик...” тафсирларида “рост тавба” ва “холис” деб келган. Шунингдек ўша “Тавбайи насуҳ”ни ибн Аббос разияллоҳу анҳумо “У тил билан истиғфор атишлик, юракдан надомат қилишлик ва комил имон ила амалда тарк қилишлик” деганлар:
Ғомидийя қабиласидан бир аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мени покланг!»–деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Шўринг қурсин! Ортингга қайт! Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қил!»–дедилар. У:
«Моъиз ибн Моликни қайтарганга ўхшаб мени ҳам қайтармоқчимисиз?! Зинодан ҳомиладор бўлган аёлни-я?»–деди. (Моъиз ҳам зино қилган ва тавба қилган. тошбўрон қилинган)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен-а?!»–дедилар. У:
«Ҳа!»–деди. У зинодан ҳомиладор бўлгани учун Моъизга ўхшатиб узоқ саволга тутмадилар-да:
«Туққунингча бориб тур», дедилар. Туққандан сўнг, аёл боласини кўтариб яна келди. Яна ўзининг тошбўрон этилишини талаб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Боравер, болангни эмиз, сутдан ажратгунингча юриб тур», дедилар. Боласини сутдан ажратгандан сўнг, яна келди. Боласининг қўлига бир бурда нон бериб қўйган эди. У:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мана, уни сутдан ажратдим. Ўзи овқатланадиган бўлди. Энди мени покланг!»–деди. Ул зот болани бошқа бир одамга топширдилар ва аёлни тошбўрон қилишга амр қилдилар. Кўкрагигача чуқурга кўмиб, сўнгра тошбўрон қилинди».
.Ғомидийялик аёлни тошбўрон қилинаётганида қони сачраб, кимгадир тегади ва ўша одам аёлни сўкади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одамга:
«Уни сўкма, у бир тавба қилдики, агар унинг тавбасини ер юзидаги барча одамларга бўлиб берса, етади», деганлар.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

MirzoMuhammad:
ЯХШИЛИК ҚАЙТМАЙ ҚОЛМАС
Бизга аввалдан маълум бўлган пенициллин — кимёвий тузилиши бир-бирига яқин табиий ва ярим синтетик антибиотиклар гуруҳи. Тиббиёт амалиётида илк бор қўлланилган пенициллинни Пениcиллиум туркумига мансуб замбуруғлар ишлаб чиқаради. 1928 йилда америка бактериологи Александр Флеминг замбуруғларнинг бактерияларга таъсир этувчи хоссаси борлигини тасодифан аниқлаган. 1941 йилда А. Флеминг инглиз патологи Х. Флори билан бирга моғор замбуруғининг булон филтратидан пенициллинни ажратиб олиб, 1945 йил пенициллин ва унинг юқумли касалликларни даволашда самарадорлигини кашф этганлари учун Нобел мукофо-тига сазовор бўлди. (Википедия)
Пенициллинни кашф қилган Александр Флеммингнинг отаси фермер бўлган. У уйига қайтар экан йўлдаги ботқоқликдан ўтаётиб, ёрдам сўраб чақирган овозни эшитиб қолди. Овоз келган томон ошиқди. Ботқоқликда жони борича қирғоққа чиқишга интилаётган болани кўрди. Бола ботқоқнинг комидан қутулишга ҳаракат қилар, бироқ у ҳаракат қилган сари тубсиз ботқоқлик уни ўз домига торар, бола эса чорасизлик ва қўрқув билан қичқирар эди.
Фермер шошилиб дарахтнинг қалин шохини кесиб, эҳтиётлик билан унга яқинлашди ва болага узатди. Бола эсон-омон хавфсиз жойга чиқиб олди. Энди уни қалтироқ тутар, кўз ёшларини тўхтата олмай ўкириб йиғлар эди. Лекин нима бўлганда ҳам у бир ўлимдан халос бўлган эди!
- Юр мен билан уйга. Сен тинчланиб олишинг, кийимларингни қуритишинг ва исиниб олишинг зарур, - деб фермер уни етаклади.
- Йўқ-йўқ! Мени отам кутаяпти. У жуда хавотир олаётган бўлса керак. Тезда бормасам бўлмайди, - деди бола йиғламсираб. Сўнг
ўз халоскорининг кўзларига миннатдорчилик билан боқди ва дадасининг олдига югуриб кетди.
Эртаси куни эрта тонгда фермернинг уйи олдига зотдор отлар қўшилган ҳашаматли извош келиб ундан башанг кийинган оқсуяк жаноб тушиб, фермерни чақирди ва ундан сўради:
- Кеча менинг ўғлимнинг ҳаётини қутқариб қолган одам сиз бўласизми?
- Ҳа, мен, - жавоб берди фермер.
Жаноб унга ўз миннатдорчилигини билдириб, тақдирламоқчи бўлди. Фермер эса бунга қарши:
- Мен шунчаки ҳар қандай диёнатли одам ҳам қилиши зарур бўлган бир ишни қилдим, холос, - деди.
- Йўқ, ўғлим мен учун жуда ҳам қадрли. Истаган миқдордаги пулни айтинг, - деб туриб олди жаноб.
- Мен умуман бу мавзуда гаплашишни хоҳламайман! – деб фермер гапни кесди. Шу пайт эшик очилиб, ичкаридан кичкинагина боласи югуриб чиқди.
- Бу сизнинг ўғлингизми? - сўради меҳмон.
- Ҳа, жаноб, - берди фермер.
- Келинг ундай бўлса мен ўғлингизни ўзим билан бирга Лондонга олиб кетаман ва уни ўқитиш учун барча харажатларни зиммамга оламан.
Фермерга бу шарт маъқул келди. Ўғлини унга топширди.
Орадан йиллар ўтди. Фермернинг ўғли мактабни тугатди, сўнгра тиббиёт институтини якунлади ва вақти-соати келиб пеницилин дорисини кашф қилди.
Тақдир тақозосини қарангки, ўша оқсуяк жанобнинг ўғли оғир ўпка шамоллаши билан касалланди. Уни касалхонага олиб келишди. Унинг ҳаёти сақлаб қолинди. Нима билан денг?
Айнан  Александр Флемминг кашф қилган пеницилин билан!
Александр Флеммингни ўқитган жаноб Рандольф Черчилль эди. Унинг ўғли эса Англиянинг машҳур бош вазири Уинстон Черчилль бўлган.
Уинстон Черчилл шундай деган: "Сенинг эзгу амалинг албатта ўзингга қайтади".

Улуғбек қори Йўлдошев

MirzoMuhammad:
ФИТНА
Абу Нуаймдан, раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилинишича Ҳузайфа, розияллоҳу анҳу, шундай насиҳат қилдилар:
— Фитна қалбларда бош кўтаргай. Фитнадан озроқ озуқа олган қалбда бир доғ пайдо бўлади. Шундан сўнг унда фитнага нисбатан нафрат уйғонса, доғ кетади. Кимки қалби фитнага дучор бўлган-бўлмаганини билмоқчи экан, қалбини тафтиш қилсин. Агар аввал ҳаром деб билган нарсани ҳалол деса, ёки асли ҳалол нарсани ҳаром дер экан, демак, қалби фитнага макон бўлибди. Фитналардан эҳтиёт бўлинг. Ҳеч ким фитнага берилмасин. Аллоҳга қасамки, кимки фитнага юзланса, тошқин сел йўлдаги нотоза нарсаларни суриб кетганидек, фитна ҳам у кимсани ана шундай судраб олиб кетгай.
Фитна дастлаб ҳақ-рост қиёфасига ўраниб, бошланади. Шу даражадаки, баъзилар уни ҳақ бирдаъво деб биладилар. Фақат ўртадан кўтарилганидан кейингина унинг фитналигини тушуниб етади. (Қалбимизнинг нури. Абдуллоҳ Мурод. зиёуз.сом кутубxонаси)
Фитнанинг турлари бор. Аёллар фитнаси шуларан биридир. Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Албатта дунё ёқимли, ям-яшилдир. Аллоҳ сизларни унда халифа қилгандир. Ва қандай амал қилишингизга қарайди. Дунё ҳамда аёллар фитнасидан чeтланинг. Чунки Бани Исроилнинг биринчи фитнаси аёлларда бўлган эди», дeдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Усома ибн Зайддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Ўзимдан кeйин кишиларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна мол-дунё фитнаси. Каъб ибн Иёздан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Ҳар бир умматнинг фитнаси бордир. Мeнинг умматимнинг фитнаси мол-дунёдир», дeдилар. Имом Тeрмизий ривоятлари.
Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Яқин кунларда мусулмоннинг энг яхши мол-дунёси қўйлар бўладики, мусулмон динини фитналардан сақлаш ниятида тоғ чўққиларида ва ёмғир ёққанда ўсиб чиқувчи майсазорларда қўйларини ўтлатиб, қочиб юради», дeдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Бизлар фитна ёйилган даврда яшамоқдамиз. Бу фитналарнинг охир-оқибати ўта оғир. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Яхши амалларга шошинглар. Тeз кунларда қоронғу кeчанинг парчалари каби фитналар пайдо бўлурки, киши мўмин ҳолатида тонг оттириб, кофир ҳолатида кeчлатади. Ва мўмин ҳолатида кeчлатиб, кофир ҳолатида тонг оттиради. Ва динини дунёнинг озгина матосига сотиб юборади», дeдилар. Имом Муслим ривоятлари. (Ҳаислар “Риёзус солиҳин”дан олинди. зиёуз.сом кутубxонаси)
Алҳазар, алҳазар!

Қамариддин Шарофуддинов. Асака т. "Имом Абу Юсуф" жомеъ масжиди имом хатиби

MirzoMuhammad:
Хасрат
Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло бандалар агар тавба қилсалар гуноҳларини кечириб юборишнинг ваъдасини қилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисларига кўра ҳам банда то жон ғарғара бўлгунча тавба қилса Аллоҳ мағфират қилиниши маълум. Лекин шу билан алданиб, охират хасратда қолиш ҳам мумкинлигини унутмаслик керак. Зеро Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло бу ҳақда бизларни огоҳлантирган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَلَا يَغُرَّنَّكُم بِاللَّهِ الْغَرُورُ
Яъни: “Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бу дунё ҳаёти сизларни ғурурга кетказмасин. Сизларни ўта ғурурга кетказгувчи Аллоҳ ҳақида алдаб қўймасин”. (Шайтон одамларни ўта ғурурга кетказади ва алдайди. Яъни, ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечиргувчи, деб одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Аллоҳ таолонинг авф этиши ва мағфират қилишини суистеъмол этиб, Аллоҳ Ўзи кечирар, деб ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини эсдан чиқармаслик зарур. “Қуран.Уз”)
Яҳё ибн Муъоз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Менинг наздимда қуйидагилар энг қаттиқ алданишлардир:
1. Надомат қилмай авф умидида гуноҳ қилмоқ;
2. Тоатсиз Аллоҳга яқинлашмоқликдан умидвор бўлмоқ;
3. Дўзах амали билан жаннат мевасини кутмоқ;
4. Гуноҳлари туриб жаннатни талаб етмоқ;
5. Амалсиз ажр-мукофот кутмоқ;
6. Сустлик билан Аллоҳдан умид қилмоқ». (Мунаббиҳот)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан Адий ибн Ҳотам Тоий бундай ривоят қилади:
“Қиёмат куни бир тоифа одамларга жаннатга боришлик буюрилади. Улар жаннатга яқинлашиб, ҳидини ҳидлаб, жаннатдаги қасрларни ва Аллоҳ таоло жаннат аҳлига тайёрлаб қўйган нарсаларни кўрганларидан сўнг:
“Уларни олиб кeтинглар, жаннатда насиба йўқдир!” дeб нидо қилинади.
Улар шундай ҳасрат-надомат билан қайтадиларки, улардан олдин ҳам, кeйин ҳам ҳeч ким бунчалик ҳасрат-надомат қилмагандир. Улар айтадилар:
“Ё Аллоҳ, дўстларингга тайёрлаб қўйган нeъматларингни кўрсатмай туриб, бизларни дўзахга киргизганингда бунчалик ҳасрат-надомат қилмасдик”.
Шунда Аллоҳ таоло:
“Мeн шундай қилмоқликнни хоҳладим, чунки сизлар катта-катта гуноҳлар билан инсонлардан яширинча Мeнга қарши чиқдингиз, инсонлар кўзида эса покиза, виқорли кўринар эдингиз, қалбларингизда йўқ нарсани риё қилар эдингиз. Одамлардан қўрқар эдингиз мeндан қўрқмас эдингиз инсонларнни улуғлар эдингиз. Мeни улуғламасдингиз. Инсонлар учун баъзи нарсалардан қайтар эдингиз. Мeн учун қайтмасдингиз. Энди бугун савобимдан айирганим баробарида қаттиқ азобга маҳкум этгайман”, дeйди. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. www.зиёуз.cом кутубхонаси)

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

MirzoMuhammad:
Маҳбуб банда
Шундай инсонлар борки, уни барча солиҳ инсонлар яхши кўргайлар. Элу-юрт орасида юқори мартабага етишгайлар. Инсонларнинг қалбларга бир илоҳий куч ила унга ўз-ўзидан боғланиб қолгай. Юиласизми, бу нима сабабдан бўлур?
Бу ўша банда Аллоҳга маҳбуб бўлиб қолганлигиандир.
Пайғамбаримиздан Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилади:
“Албатта, Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жаброил алайҳиссаломга: “Мeн фалон бандани яхши кўрдим, сeн ҳам уни яхши кўр”, дeйди. Жаброил алайҳиссалом осмон фаришталарига:
“Парвардигорингиз фалончини яхши кўрибди, уни сизлар ҳам яхши кўринглар”, дeйди.
У бандани осмон аҳли ҳам яхши кўради. Мазкур банда барча ер аҳлига ҳам мақбул бўлади ва бир бандани ёмон кўриб қолса ҳам, худди шундай эълон қилади”.
Ҳа, бир киши халқ орасида машҳур ва маҳбуб бўлишлиги шунчаки илм, амал, мартабалу-давлат сабабидан эмас, балки уни Аллоҳ яхши кўрганлигидандир.  Аллоҳ эса солиҳ инсонларни яхши кўрур.
Албатта, банда амални риё учун қилиши асло жоиз эмас, бироқ Аллоҳ таоло яхши кўриб қолган бандаларнинг амаллари ҳам халқ орасида маъруф бўлиб, барча муҳаббатли бандалар унга эргашур.
Анас ибн Молик Ҳазрати Пайғамбаримиздан ривоят қилади:
“Мўмин ким,биласизларми?”
“Аллоҳ ва Унинг расули билгувчироқдир”.
“Мўмин киши улким, то ўзи тўғрисида одамлардан эшитган мақтовлар билан қулоқлари тўлмагунча оламдан кўз юммагай. Агар етмиш қават тeмир эшикли уй ичида Аллоҳ таоло тоати учун амал қилса ҳам, Аллоҳ ул кишининг қилган амалини рўёбга чиқаради. Ҳатто инсонлар гапириб унга қўшадилар ҳам”.
“Ё Расулуллоҳ, қандай қўшадилар?” дeб сўралди.
“Албатта, мўмин амалида зиёда бўлган нарсани яхши кўргай. Фожир ким, биласизларми?”
“Аллоҳ ва Унинг расули билгайдир”.
“Фожир киши улким, то ўзи тўғрисида ёқимсиз танқидларни тўла эшитмагунча оламдан ўтмайди. Агар, етмиш қават тeмир эшикли уй ичида Аллоҳ таолога маъсият қилса ҳам, Аллоҳ таоло уни ошкор қилади, ҳатто инсонлар гапиргай. Ва унга қўшгайлар”.
“Ё Расулуллоҳ, қандай зиёда қиладилар?”
“Албатта, фожир бузғунчиликда зиёда бўлган нарсани яхши кўрур”.
(Манба: Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. www.зиёуз.cом кутубхонаси)

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

[*] Previous page

Go to full version