Umumiy bo'lim > Islom

Maʻrifiy maqolalar

<< < (25/52) > >>

HazratiBilol:
Эркак киши ўзига дўст танлашда, касб-у ҳунар танлашда ва бир умрлик жуфт танлашда, ҳеч қачон адашмаслиги керак.
Бир куни ишдан чиқиб, бир таксига ўтирдим. Ҳайдовчи, сочи оппоқ ёши анча улуғ, қария отахон киши экан. Мен уларга:
-  “Амаки, фарзандларингизни қарзидан қутилиб, ҳаммасини уйли-жойли қилиб бўлмаганмисиз”, - деб сўрадим. Улар менга:
-  “Ҳа, ўз фарзандларимни ҳаммасини оилали, уйли-жойли қилиб бўлганман, аммо, яна 2 та қиз фарзандларим бор, улар учун ишлаб юрибман,” - деди. Бу жавобдан яна ҳайрон бўлдим. Шунда улар менга:
-  “Аллоҳ учун қиёматли дўст тутинган жўрам бор эди. Жуда қадрдон эдик. У қазо қилаётганида менга ўзининг 2 та қизини васият қилиб, уларни яхши жойга узатишимни сўраган эди,” — деб тушунтириш берди. – “Дўстим - жуда яхши эди. Мен оиламдан узоқда юрган вақтларимда  у менинг фарзандларимни ўйлаб бозор қилиб эшикдан кирмасдан, фарзандларимга озиқ-овқат етказиб, улардан доим ҳабар олиб юрган. Биз Аллоҳнинг розилиги учун, охиратимиз учун - дўст тутинганмиз"- деди. Таксист амаки, яна: “Шу дўстимнинг 2 та қизларини узатмагунимча, Аллоҳ мени жонимни олмай турсин, мана ишлаб уларни тўйига анча сеп сарпосини йиғиб қўйдим, ҳаммаси тайёр бўлиб қолди, ИншаАллоҳ энди яхши жойга насиб этса, уларни узатиб олсам, кейин ёруғ юз билан дўстимни олдига борсам деб умид билан яшаб, Аллоҳдан ризқ сўраб юрибман,” - деди.
Мен йиғлаб юбордим. Ҳа, ҳали шундай имони мукаммал инсонлар орамиз борда. Ўшалар борлиги учун бу дунё - шунча разолатлар билан ҳам қиймат бўлмасдан турибдида, деб ўйладим.
Ўша амаки билан хайрлашар эканман, уларга жуда ҳавасим келди. Чунки, унинг ҳақиқий ИМОНИ билан бирга - қиёматли, вафодор дўсти бўлган экан.Бу инсонларга ҳавасим келди. Қиёматли дўстлар кўпайсин.

HazratiBilol:
Бир улуғ қози калон ўтган экан. Унинг бир покдомон, ҳалол боғбони бўлган экан. Кунлардан бир куни қози калоннинг уйига обрўли меҳмонлар ташриф буюришибди. Мезбон боғбонни чақириб, боғдан мевалар узиб келишини буюрибди.
Дастурхон тўкин, мевалар ранг- баранг. Меҳмонлар боғбонга таҳсинлар айтишибди. Аммо
анорлари жуда нордон эди.
Мезбон хижолат бўлиб боғбонни чақиради ва меҳмонлар кўз ўнгида уни койийди.

Боғбон узр айтади.
— Ҳожам, менга боғда ишлашни буюргансиз. Мевалардан еб юр, демагансиз. Шунинг учун мен боғингизни парвариш қилдим, лекин мевалардан еб кўрганим йўқ, — дебди боғбон.

Боғбоннинг жавобидан меҳмонлар ҳайратга тушдилар, ҳар бири бу боғбонни ўз боғида хизмат қилишини орзу қилдилар. Қози шундай ҳалол одамни қўлдан чиқаргиси келмади, унга миннатдорчилик билдириб, уни ўзига куёв қилиш нияти борлигини етказди. Тўй ўтди, хурсандчилик, тантана тугади, лекин янгалар ҳайрон.

Нима учун куёв келинга яқин
муносабатда бўлмаяпти? Ҳафта ва ундан кўпроқ кутишди, лекин аҳвол ўша.

Охири гап қозига етди. У киши боғбонни ҳузурига чақирди-да, минг андиша билан:
— Ўғлим, ожизамизни ўзингизга муносиб кўрмадингизми?

Боғбон эҳтиром билан узр айтди.
— Эй, муҳтарам Ҳожам, сиз менга энди ота ўрнидасиз. Каримангиз томонидан заррача нуқсон содир !бўлгани йўқ. Мени минг бор маъзур тутасиз, қайлиғим буткул покланиб, тозаланмагунча унга яқинлаша олмайман.

Қози баттар ҳайрон бўлибди. Боғбон кўнглини очди:
— Қизингиз қирқ кун парҳез
қилишлари, сизнинг парваришингизда еган таомлари қувватидан буткул халос бўлмоқлари керак. Чунки сизнинг маишатингиз ҳамма вақт ҳам ҳалол бўлавермаганди, уйингизга жуда кўп обрўли одамлар келишганди, совғалар, инъомлар қилишганди. Улар бу инъомларни ҳамиша ҳам рози бўлиб, чин дилдан туҳфа қилмаган бўлишлари мумкин. Айрим ҳимматлилар эса, одатда, бошқаларни норози қилиб, тарозидан, ҳисобдан уриб қолиш эвазига бойиганлар ва шу бойликлардан дабдабали зиёфатлар берганлар. Сизга ҳам совғалар келтирганлар. Шунинг учун менинг оилам, қайлиғим жисмидаги таом асоратидан ҳалос бўлгунча, парҳезда бўлмоғи лозим. Бу покланиш мен-у қизингиздан бўлак яна бир инсон –бўлғуси фарзандларимизнинг ҳалолати учун ҳам зарур.

Қозининг ҳайратига ҳайрат
қўшилди. Куёвига ҳурмати ўн
чандон ошди. Вақти соати етиб, боғбон ўғил кўрди. Отини Абдуллоҳ қўйдилар. Мана шу Абдуллоҳ ислом оламининг энг улуғ олим ва фозил кишиларидан бўлиб етишди.

 Қиссадан ҳисса шуки, инсоннинг ризқу насибаси, қанчалик пок, қанчалик ҳалол бўлса, фақат бундай инсонларнинг ўзларигина эмас, уларнинг зурриёдлари ҳам улуғ ва муносиб инсонлар бўлади.

HazratiBilol:
Мен водийликман, бир неча йиллардан буён Қўқондан Тошкентга киракашлик қиламан. Бир куни Қўқондан Тошкентга келаётганимда уйдагиларим билан Бухорога ўтишни режалаштирдик. Йўлга отландик. Суҳбатлашиб келаётган эдик. Ангрен шаҳрига кириш асносида узоқдан йўл четида бир машина тўхтаб турганини кўрдигу, суҳбатни тўхтатдик. Сабаби, одамлардан бензин сўраб зорланаётган бу кимсанинг машинасида кичик ёшли икки бола эътиборини ўзига тортарди. Ҳайдовчи бензини тугаб  қолганлигини ва яна у узоқ вақтдан бери машина тўхтатолмай хуноб бўлаётганлигини изҳор қила кетди. Мен унга 2 литрча бензин бердим, бу билан уйи яқинидаги бензин шахобчасига етиб боришини айтиб, миннатдорчилик билдириб, машинани катта тезликда шаҳар томон ҳайдаб кетди. Мен машинага аста жойлашар эканман, уйдагиларга шундай дедим:
  -Жуда ҳам шошиб турган экан, орқа ўриндиқда болалари бор эди. Эҳимол, бирортаси касалдир.
  Бу воқеа мен учун оддий бир ҳодиса, кейинчалик эса ёдимга ҳам келмайдиган ҳодиса бўларди. Аммо Тошкентда бир кун юрдик, керакли нарсаларни харид қилдик ва эртаси куни Бухорога сафарга отландик. Энг қизиғи, биз Тошкентдан чиқишдаги бензин шахобчасига етиб келганимизда ёнимда пул йўқ эди. Нима бўлганлигини тушунолмай қолдим, хотинимга қарадим, у ҳам ҳайрон. Олган нарсаларимизни яхшилаб ҳисоблаб чиқсак, керагидан ортиқча матоҳларга пул сарфлаб юборганлигимиз маълум бўлди. Уёқ-буёққа кириб қолган пулларнинг ҳаммасини тўпладик. Бор йўғи йигирма литр бензинга пул етарди, олдинда бизни катта сафар кутар, фақат Бухорога етиб борганимиздан кейингина қўлимизга пул тегиши аниқ эди. Унгача нима қиламиз? Қариндош-уруғларимиздан қарз-ҳавола қиламизми, бироқ йигирма литр билан бирон бир киши Тошкентдан Бухорога етиб борганини эшитганмисиз?! Хуллас бензин қуйиладиган жойга етганимизда ҳорғин бир ҳолатда қўлимдаги пулни узатдим ва “йигирма литр” дедим. Шунда бир савлатли киши бензин қуювчи қизга бакни тўлдириб қуйиб, пулни қайтариб беришини буюрди. Ҳайрон бўлдим, машинанинг баки тўлгандан сўнг, бир четга ўтиб ҳалиги аканинг олдига бордим.
  -Тушунмадим, бу нима қилганингиз?- деб сўрадим.
  -Йўқ, шундоқ бир ният қилгандим,- деган жавоб янгради.
  -Нега энди фақат менга?- деб сўрадим.
  -Чунки мен фақат биттагина машинага қуйиб бераман, деб ният қилган эдим,- деди хотиржам ҳолда. Мен саволимни қатъий қўйдим:
  -Ака, тушунтириброқ гапиринг, нималар бўляпти ўзи?
  -Биласизми ошна, мен шу бензин шахобчасининг бошлиғиман. Бир жиянимиз бор, кеча Ангрендан ташқарида бензини тугаб қолиб, менга телефон қилди. “Ака, кимнидир тез юбормасангиз бўлмайди, мен бензин шахобчасига етиб боришим учун камида ўн километр юришим керак, машиналар умуман тўхтамаяпти, ёш болам машина ичида касал, илтимос” деди. Одам юбордим. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, Тошкентдан бир машина боргунича қанча вақт кетади?! Лекин бироздан сўнг, у менга яна қўнғироқ қилиб, хотиржам бўлишимни, бир яхши инсон унга икки литр бензин берганлигини айтди. Яхшиям ўша одам тўхтаган экан, икки ёшли боласи қаттиқ шамоллаганидан, шифокорлар: “вақтида етиб келибсиз, акс ҳолда унга ёрдам беришимиз қийинлашарди”- дейишибди. Бу хабарни эшитган заҳотим ўзимга ўзим ният қилдим: “Эртага ишга чиққан заҳотим кўзимга кўринган биринчи машинанинг бакини бензин билан тўлдириб бераман”. Сиз келиб қолдингиз, бахтингиз бор экан. Мен кўзимда ёш билан:
  -Ёрдам кўрсатилган машина кўк рангда, ичида иккита боласи бормиди?– деб сўрадим.  Қаршимдаги акахон:
  -Ҳа, қаердан биласиз?- деди.
  -Унга бензинни мен берган эдим,-дедим.
 Бензин шахобчасининг бошлиғининг кўзларидан ёш қуйилиб кетди. “Субҳаналлоҳ! Ё Раббий, Оллоҳ Хаким Зот!  Иккаламиз узоқ вақт жим туриб қолдик, чунки бу бўлиб ўтган ажиб воқеага бирон бир изоҳнинг ҳожати йўқ эди...

HazratiBilol:
Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди.
 Бир куни унга хотини:
 - "Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман” -  деди.
 У:
 - Нима учун бундай деяпсан?” - деди.
 Хотини:
- Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди” - деди.
Толҳа хотинига қараб:
 - Аллоҳга қасамки, бу уларнинг мукаррам хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, (бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун) келишмайди” - деб жавоб берди.
Имом Мовардий ушбу қиссага қўшимча қилиб шундай дейди:
 - Унинг олийжаноблик билан қилган таъвилини қаранг! Биродарларининг хунук ишларидан яхшиликни гумон қиляпти, хиёнатларини эса вафо деб таъвил қиляпти. Аллоҳга қасамки, бу – соғлом қалбнинг дунёда роҳат, охиратда эса муваффақият эканига далолат қилади. Бу ҳам жаннатга кириш сабабларидан биридир!!!
Салаф солиҳлардан бири:
“Агар дўстларимдан бирининг соқолидан хамр (яъни вино) томиб турганини кўрсам, унга сепиб юборилгандир, деб ўйлайман, агар унинг тоғнинг тепасида туриб олиб: “أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى” (яъни, мен сизларнинг олий Роббингизман), деётганини кўрсам, Қуръон оятини ўқиётган бўлса керак, деб гумон қиламан.” - деган экан.
Уламолар айтадилар:
 “Аллоҳга қасамки, бандага ўзининг амалидаги ниятини билиши қийинку, қандай қилиб у халойиқнинг ниятини билишга имкон топа олади?”.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар:
“Биродаринг оғзидан чиққан сўздан бирорта яхшиликни гумон қилишга имконинг бўлса, у сўздан ёмонликни гумон қилмагин!”.
Ибн Сийрин роҳматуллоҳи алайҳи айтганлар:
“Биродаринг ҳақида бирон нарса эшитсанг, унинг узрини қидир. Агар унга узр топа олмасанг, “Балки мен билмайдиган узри бордир” - дегин”.
Демак, дўстларимиз ҳақида имкон қадар яхши гумонда бўлишимиз керак.

HazratiBilol:
Бир одам хотинидан:
 "Мени севасанми?" - деб сўраб, қасам ичдирди. Хотини:
- "Йўқ, севмайман", - деди. Бунинг хабари Умар розияллоҳу анҳуга етиб келди ва у аёлдан:
- "Эрига "Сени ёмон кўраман", деб айтган хотин сенмисан?" - дея сўрадилар. Аёл:
- "Ҳа, у мендан “Аллоҳ ҳаққи айт”, деб туриб олди. Мен ёлғон гапиришга журъат қилолмадим", - дея жавоб қилди. Шунда ҳазрати Умар дедилар:
 - "Ёлғон гапир!!!
 Агар сизлардан бирингиз бировни ёқтирмаса, бу ҳақда унга сўзламасин!!!
 Чунки жуда кам оилаларгина муҳаббат устига қурилади. Одамлар Ислом ва эҳсон асосида яшашади".
Ҳазрати Умарнинг фиқҳларига тасаннолар!!!Яъни, оилалар фақатгина муҳаббат узра бахтли бўлмайди. Балки гўзал оилавий ҳаёт учун кўпроқ Ислом ва бир-бирига яхшилик қилиш боис бўлади.

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

[*] Previous page

Go to full version