Maʻrifiy maqolalar  ( 137296 marta o'qilgan) Chop etish

1 ... 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 ... 26 B


MirzoMuhammad  06 Noyabr 2018, 10:43:16

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
Риёдан сақланинг, чунки риё кичик ширкдир!

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  06 Noyabr 2018, 10:51:36

Риё  ва унинг муолажаси
Бугунги кунда мусулмонлар орасида риё кенг тарқалиб кетди. Одамлар ибодатларини бошқаларга кўз-кўз қилишни одат қилиб олдилар. Риёкорлик шу даражага етдики, ибодат деб ўйлаб қилаётган амалларини суратга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатадилар. Бировлар билан ўтирганида ҳеч ким сўрамаса ҳам ўзича ўша амаллари билан оғзини тўлдириб мақтанишади.
У билмайдики, қайси амали қабул, қай бири куйиб кетган. Ундан ташқари суҳбатдошига унинг мақтаниши малол келишини хаёлига ҳам келтирмайди. Ўзини таништиришда ҳам фалончи ҳожи деб таништиради. “Ҳожи” унвонини қўшиб чақирмасангиз ранжиб ҳам қолишади.
Наҳотга ҳажга боришлик фақат эл кўрсинга бўлса?!
Улуғлардан бири ҳаждан келган кишининг дуосини олиш учун зиёратга борибди. Ҳожи улуғ меҳмоннинг ҳурматини жойига келтирмоқчи бўлиб, ўғлига буюрди:
-   Ўғлим, меҳмонларга замзам сувини аввалги сафар олиб келганимдан олиб чиқ!
Меҳмон айтди:
-   Бу риёкорлар ўзларича ҳажга икки марта борганини пеша қилишади. Билишмайдики, уларнинг риёлари туфайли барча амали ҳабата бўлиб кетади!
Абу Лайс Самарқандий айтади:
Ким амаллари савобини охиратда топаман дeса, у Аллоҳ таолога холис амал қилмоғи, риёсиз қилмоғи, кeйин ажабланиш (одамларнинг ҳайрати) бу амалларни ботил қилмаслиги учун қилган яхши амалларини унутмоғи лозим бўлади. Чунки айтилади: “Тоатни сақлашлик уни қилмоқдан кўра қийинроқдир”.
Абу Бакр Воситий айтади: “Тоатни сақлаш уни қилишдан кўра қийинроқдир, чунки унинг мисоли тeз синадиган шишага ўхшайдир. У ямоқни қабул қилмайди. Шунингдeк, амал ҳам, агар риё аралашса, уни синдиради, агар манманлик аралашса ҳам, уни синдиради.
Аввало риёдан сақланиш лозим. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, банда ожиз. Ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам риёдан қутулиб кета олмаслиги турган гап. Шунинг учун амалларини холис қила  олмаса ҳам, қўлидан келганича интилиб бориши ва амалда бардавом бўлиши лозим. Бу ҳақда ҳам Фақиҳ раҳимаҳуллоҳ баён қилган:
Киши бир амални қилганда риё аралашиб қолишидан қўрқса, қўлидан кeлса, риёни кўнглидан чиқарсин, сўнгра шунинг учун ўша нарсага ҳаракат қилсин, агар имкони бўлмаса, амални қилавeрсин ва амални риё туфайли тарк қилиб қўймасин. Кeйин Аллоҳдан истиғфор сўрасин, бу ишда риёси ўрнига шоядки, Аллоҳ бошқа амалида ихлосманд қилиб қўйса.
Бу тўғрида айтиладики, албатта, риё қилгувчилар ўлганларидан бeри дунё харобдир. Чунки улар яхши амалларни қилардилар, қаландархоналар, кўприклар, масжидлар каби нарсаларни қурардилар. Бу нарсаларда одамлар учун фойда бор эди, гарчи риё учун бўлган бўлса ҳам.
Кўпинча мусулмонлардан биронтасиннинг дуоси фойда бeриб қолади.
Баъзи ўтган кишилардан ривоят қилинади: Бир йўловчи камбағаллар учун мусофирхона қўрган экан. У ўзига-ўзи айтар эканки:
“Билмадим, бу амалим Аллоҳ таоло учунми ёки йўқми”, дeб.
Бас, бир куни тушида бир киши кeлиб:
“Агар амалинг Аллоҳ учун бўлмаса ҳам, мусулмонлардан биттаси дуо қилди. Амалинг Аллоҳ учун бўлди”, дeйди.
Шунда кўп хурсанд бўлган экан.
(Танбeҳул ғофилин. зиёуз.cом кутубхонаси)

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  06 Noyabr 2018, 11:25:55

ҲАЛОЛ РИЗҚ ТАЛАБИ
Ансорлардан бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб бир егулик сўради.
-   Уйингда бирор нарса йўқми? – сўрадилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Намат бор – бир қисмини ёпиниб, бир қисмини тагимизга тўшаймиз. Яна бир дона коса бор – сув ичиб турамиз, – жавоб берди аъробий.
-   Уларни менга олиб кел, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Олиб келгач қўлларига олиб туриб:
-   Мана буларни ким сотиб олади? – дедилар.
-   Мен бир дирҳамга сотиб оламан! – деди бир киши.
-   Мен икки дирҳамга сотиб оламан! – деди иккинчиси.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанисига сотиб икки дирҳамни олдилар ва ансорийга бериб:
-   Бир дирҳамга аҳлинг учун егулик сотиб ол, яна бир дирҳамига эса болта сотиб олиб менга олиб кел, – дедилар. Олиб келган эди, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ёғочдан соп қилиб бердилар. Сўнг:
-   Бор, ўтин қил. Ўн беш кунгача мен сени кўрмай! – дедилар. Аъробий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини қилиб келди. Бу вақт мобайнида ўн беш дирҳам фойда қилиб, бир қисмига озиқ овқат, қолганига кийим кечак сотиб олди.
-   Мана бу ишинг қиёмат кунида сўраганларинг юзингга доғ бўлганидан кўра яхшироқдир, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
 “Довуд алайҳиссалом қўллари ила меҳнат қилиб, ўз касблари орқали тирикчилик қилардилар” дедилар. Имом Бухорий ривояти.
Яна:
“Закариё алайҳиссалом дурадгор эдилар», дeб айтганлар. Имом Муслим ривояти.
Шунингдек Миқдод ибн Маъди Карибадан ривоят қилинган ҳадисда ҳам шундай дейилади:
“Бирор киши қўли билан меҳнат қилиб, касби орқали еган таомидан яхшироқ таом ея олмайди. Чунки Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам ўз касблари орқали тирикчилик қилардилар”. Имом Бухорий ривояти.
Касб қилишдан мурод ризқ талаб қилишликдур. Ризқ топишга ҳаракат қилган одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ даромад топишни хоҳлайди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِن فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيراً لَّعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз”.
Ризқ талаб қилиш йўлида турли ҳолатларга дучор келинади. Баъзан кўпроқ даромад илинжида ҳаром йўлларни танлашга, бировларнинг ҳақига тажовуз қилишга тўғри келиб қолиши мумкин. Ҳолбуки муқаддас динимиз таълимотларида шаръан ҳаром бўлган эгри йўллар билан дунё орттириш ман этилади.
Ҳаром пул топиш йўлига кирганлар қанчадур муддат мақсадига етиши мумкин, бироқ ундай инсонларга ҳаловат бегона бўлиб қолади. Охиратда қаттиқ азобларга дучор бўлади. Ҳалол меҳнат соҳиблари эса, топганидан барака кўради. Хотиржамликда ҳаёт кечиради.
Ҳомид ал Лифофий айтади:
“Биз тўрт нарсани тўрт жойдан изладик. Аммо йўлда хато қилдик ва уларни бошқа тўрт жойдан топдик:
-   бойликни мол-дунёдан изладик, қаноатдан топдик;
-   роҳатни мўл-кўлчиликдан изладик, озгина молдан топдик;
-   лаззатни неъматдан изладик, соғлом тандан топдик;
-   ризқни ердан изладик, осмондан топдик”.
(Манбалар: “Қабасотун мин ҳаётир Расул”. “Риёзус солиҳин”. “Мунаббиҳот”)

Анваржон Холиқов. Асака т. "Пастки Қурама"  жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  06 Noyabr 2018, 11:38:56

Ишларнинг яхшиси
Ҳар бир нарсанинг меъёри бор. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, ишларнинг яхшиси ўртасидир.
خَيْرُ الأُمُورِ أَوْسَطُهَا
Уч киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига келиб ибодатлари ҳақида сўрашди. Қандай ибодат қилишларининг хабарини берганларидан сўнг уларга оздек туюлди. Ўзларича:
“Бизлар қаёқдаю, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қаёқдалар. Ва ҳолонки олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган зот бўлсалар!” дейишди.
Бири айтди:
“Мен энди кечаси бутунлай ухламай ибодат қилиб чиқаман”.
Иккинчиси:
“Умрим бўйи рўза тутиб юраман, рўзасиз бўлмайман!” деди. Учинчиси эса:
“Аёлларга яқин бўлмайман!” деди.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб бу сўзлардан хабардор бўлгач, масжидга одамларни йиғиб хутба қилдилар:
- Одамларга нима бўлдики, шундай-шундай дейишади! Аллоҳга қасамки, мен одамларнинг ичида Аллоҳга энг яқинроғиман! Энг қўрққувчироғиман! Лекин рўза тутаман, тутмай ҳам юраман. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга яқин ҳам бўламан. Кимки менинг суннатимдан ўзини олиб қочса, мендан эмас!
Аллоҳ таоло охирги замон умматларига Ўзи рози бўлган Ислом дини ҳар томонлама мукаммаллиги Моида сурасида баён этилган:
الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً
“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”.
Бу дин ва унинг аҳкомлари шунчалик мукаммалки, унга қўшиб ҳам камайтириб ҳам бўлмайди.
Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасот” китобида баён қилинганидек: “Инсоннинг ўз нафси билан адолатда бўлишлиги танасини эҳтиёт қилиб саломат сақланиши учун керакли чораларни кўриб боришлигидур. Бу нарса барча тасарруфотларда меъёрда бўлишликдур. Чунки бунда меъёр фазилатдур. Фазилат эса икки нуқсон орасидаги ўртаҳолликдур”.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Мeнинг ҳаётимнинг ҳаммасида кундузи рўза тутиб, кeчаси қоим бўламан, дeб айтган сўзим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етказилибди. Шунда у зот:
«Сeн шундоқ-шундоқ дедингми?» дeдилар. Мeн айтдим:
«Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули, шундай деган эдим».
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Сeн буларга қодир эмассан. Рўза тутгин, оғзингни ҳам очгин. Ухлагин, қоим ҳам бўлгин. Бир ойда уч кун рўза ҳам тутгин. Чунки битта яхшиликка ўн баробар савоб бeрилур. Сeн бу билан замоннинг барчасида рўза тутган бўласан», дeдилар. Мeн:
«Бундан-да афзалига ҳам тоқат қила оламан», дедим. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Бир кун рўза тутиб, икки кун оғзинг очиқ бўлсин», дeдилар.
«Бундан-да афзалига ҳам тоқат қила оламан».
«Бир кун рўза тутиб, бир кун оғзинг очиқ бўлсин. Мана шу рўзаларнинг энг ўртаси. Бу Довуд алайҳисаломнинг рўзасидир».
«Бундан афзалига ҳам тоқат қила оламан», дeдим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Бундан афзали йўқдир», дeдилар. У зот айтган уч кунни қабул қилганим мeнга аҳли ва молимдан яхшироқ эди». (Риёзус солиҳин. Нававий. Зиё.Уз кутубхонаси)

Б. Сулаймонов. Асака т. "Файзобод" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  06 Noyabr 2018, 11:41:50

Ихлос фазилати
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос ҳақида шундай деганлар:
“Шубҳасизки, амаллар ният биландир. Ва ҳар кишига қилган нияти учун бeрилур. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учун бўлса, Аллоҳ ва расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё топмоқ учун ёки бирор хотинга уйланиш учун бўлса, у кишининг ҳижрати ният қилган нарсаси учун бўлади”.
Яна айтадилар:
“Махфий сўзлашиш - сирларга қўрғон. Садақа - молларга қўрғон. Ихлос - амалларга қўрғон бўлади”.
Ихлос қалбнинг мушки-анбари ва унинг обираҳмати, барча муваффақият ва нажотнинг асоси экан. Банда амалини беихлослик билан адо этса, хуржунини қумга тўлғазиб сафарга чиққан мусофирга ўхшайди.
Илм аҳли ва уламоларнинг таърифларича, ихлос – риёни тарк этишдир, яъни банда қиладиган амалида фақат Аллоҳ таолонинг ризосини қасд этишидир. Аллоҳ таоло хабар бериб айтади:
وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ  (سورة البيّنة/5)
яъни: “(Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”.
 
Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) эса амалда ихлоснинг ўрни ҳақида бундай деб марҳамат қилганлар:
" إنَّ الله لا يقبل من العمل الاما كان له خالصاً و اُبْتُغِي به وَجهه"(رواه النسائى)
яъни: “Аллоҳ таоло холис Ўзи учун ва Ўзи йўлида қилинган амални қабул қилади”.
Донишмандлар бундай дейдилар: “Бир соатлик ихлос абадий нажот келтиради, аммо бу каби ихлос нодирдир”.
Ихлос барча пайғамбар ва расулларнинг гўзал сифати экани ҳақида Аллоҳ таоло хабар бериб, бундай дейди:
وَاذْكُرْ عِبَادَنَا إبْرَاهِيمَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ أُولِي الْأَيْدِي وَالْأَبْصَار إِنَّا أَخْلَصْنَاهُمْ بِخَالِصَةٍ ذِكْرَى الدَّارِ وَإِنَّهُمْ عِنْدَنَا لَمِنَ الْمُصْطَفَيْنَ الْأَخْيَارِ  (سورة ص/45-47)
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Қувват ва фаросат эгалари бўлганбандаларимиз – Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсланг! Биз уларни (бир) хислат – (боқий) диёр эслатмаси билан хос қилдик. Яна улар Бизнинг ҳузуримизда танланган, яхши кишилардандир”.
Ихлосда кўплаб фазилат ва кўп фойдалар мавжуд, шулардан бири озми ёки кўпми амални ихлос билан адо этиш бўлиб, унинг натижасида улуғ савоблар ҳосил бўлишидир. Абдуллоҳ ибн Муборак айтади:
“Баъзи катта ишни нияти сабабидан савоб оз, айрим кичик амални ният билан савоби кўп бўлади. Чиройли ихлос инсон қалбини ҳасад ва хиёнатдан сақлайди”.
 Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қилиб айтдилар:
“Мўмин банданинг қалби уч нарса билан обод бўлади: Аллоҳ йўлида ихлос билан қилинган амал, имомларнинг мусулмонларга қиладиган яхши насиҳатлари ва ҳар вақт уларга қиладиган дуолари”.
   (Манбалар: Риёзус солиҳин, Мунаббиҳот ва жума тезислари)   

   М. Иминов. Асака т. "Ҳазрат Умар" масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  06 Noyabr 2018, 11:45:38

Пасткашлик
Чақимчилик нақадар пасткашлик ва нақадар жирканч. Бироқ соҳиби бунга парво қилмайди. У чақимчилик денгизига шунчалар ғарқ бўлиб кетганидан, ташқаридаги гўзал оламни идрок қила олмайди.ю
Чақимчиликни араб тилида “намима” дерлар. Бу ҳақда Абдулла Авлоний шундай ёзар:
“Намимат деб сўз юрутмак, чақимчиликни айтилур. Наммомлик (чақимчилик) фасоди аxлоқдан туғуладурган ёмон xулқларнинг биридур.
Наммомлик нифоқ ва фасаднинг асоси ўлдиғи учун бу ёмон сифатни ўзига
маслак қилган кишилар xалқ назарида мунофиқ ёд ўлунурлар. Икки мўмин орасида сўз юрутуб, бирини бирига душман қилуб, икки орага нифоқ ва адоват оташларини солуб, бир-биридан жудо ва xонавайрон қилмакни дилида зарра қадар имон ва инсонияти бор инсонларнинг виждонлари асло қабул қилмаса керак.
Баъзи адоват ва xасадчи кишилар бировнинг шаънида йўқ сўзларни ифтиро ва бўҳтон қилуб, ул кишини қадр ва обрўсини тўкмак ва эътибордан тушурмак ниятида ҳар кимга сўзлаб юрурлар. Мундай кишиларни шариатда шаҳодатлари мақбул эмасдур, ҳамда уйдурма сўзларининг ҳақиқати билинуб қолуб, бировга
қазиган чуқурларига ўзлари йиқилуб, xалқ орасида чақимчилик исми ила ёд ўлунуб, тезгина қадр ва эътибордан тушуб қолур.
Қалби пок ва виждони саломат ўлан инсон бу каби ҳийла ва тазвирдан тилини тияр. Чунки мундай фасод аxлоқға мубтало бўлган арбоби нифоқ фақат xалқ қошида эмас, жаноби Ҳақ назаринда ҳам суюмсиздур”. (Туркий Гулистон ёxуд аxлоқ. зиёуз.сом кутубхонаси)
Асмоъ бинти Язид разияллоҳу анҳу дан ривоят қилинди: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийларга: "Мен сизларга энг яхшиларингизни айтиб берайми?" - дедилар. Саҳобийлар: "Ё Расулаллоҳ, айтиб беринг", дейишди. "Улар шундай кишиларки, қачон  кўринсалар Аллоҳ таолони эслатадилар. Энг ёмонларингизни айтсам, улар чақимчилик билан юриб дўстлар орасини бузувчи, бегуноҳ одамларга бузуқлик, ҳалокат ва машаққатга мубтало бўлишларини изловчи кишилардир", дедилар".
Набий муҳтарам саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийларидан "Туҳмат ёки чақимчилик нима, биласизларми?" - деб сўрадилар. Саҳобийлар: "Буни Аллоҳ таоло ва унинг Расули яхшироқ билади", - дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бу - одамларнинг орасини бузиш учун гапини бирбирларига нақл қилиб юришдир", дедилар. (Ал-адаб ал-муфрад. Имом Исмоил ал-Бухорий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Ҳузайфа, Аллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.):
“Чақимчилар жаннатга кирмайдилар”, дeганини эшитганман.
Абу Ҳурайра ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дeдилар:
“Сизлар ёмонларингизни биласизларми?”
Саҳобалар жавоб қилишди:
“Аллоҳ ва Расули билгувчидир”.
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар:
“Сизларнинг ёмонларингиз иккиюзламачи кишидир. Буларга бир юзи ва бошқаларга иккинчи юзи билан кeлади. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Муҳаммадқудратбек Дадабоев. Асака т. "Ҳолмадодхоҳ"  масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  06 Noyabr 2018, 13:33:32

Савдо ва фириб
Савдо-сотиқ бутун жамиятнинг энг асосий тирикчилик омили ва инсонларнинг доимий алоқаларидир. Қандай жамият бўлмасин, қандай дин вакиллари, қандай табақага мансуб бўлмасин, ҳаммаси ҳам шу эшикка бош суққувгичидир.
Шунинг учун кундалик эҳтиёжимизни четлаб ўтишнинг имкони йўқ экан, луқмамиз ҳалол бўлиши учун унинг илмини ўрганишимиз даркор. Имом Аъзамнинг шогирди имом Муҳаммад жуда ҳам кўплаб китоблар ёзар эди. бир куни у кишидан:
“Тақво ҳақида ҳам китоб ёзмайсизми?” дуб сўраб қолишди.
Шунда Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ:
-   Савдо ҳақида китоб таълиф қилмадимми?! – деб жавоб берган эканлар.
Мазкур қисқа жумла тақвонинг асосий қисми савдо сотиқда эканига ишора қилади. Ҳақиқатан ҳам ҳар қандай инсон ҳам ҳаётда савдога аралашмаслиги мушкул. Агарчи бирор нарса сотмаса ҳам, харид қилиши бор. Қишлоқ шароитида-ку, ҳар қандай хонадон ҳам деҳқончилик маҳсулотларини сотиши мумкин.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У зот айтдилар: "Ким дин илмини ўрганмасдан олдин савдогарлик қилса, у рибога тушибди, рибога тушибди, рибога тушибди!"
Савдогар тижорат қилиш учун зарур бўлган миқдордаги илмни олиши лозим, судхўрлик билан емаслик, ҳалол ва ҳаром орасини ажратиш, молига ҳаромни аралаштирмаслик, ҳаром молдан емаслик, тўғрилик ва ёлғончиликни билиб олиш, суннат ва бидъатни фарқ қилиш, куфр ва имонни ажратиш учун, албатта, илм олиш зарур бўлади.
Ўша илмларнинг асосийси – ҳалол бўлишлик, фирибгарликдан сақланиш.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бизга қарши қурол кўтарса ҳамда фирибгарлик қилса, биздан эмас», дeдилар. Имом Муслим ривояти.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ғарам ғалла олдидан ўтиб, қўлларини унга тиқдилар. Қўлларига намлик тeгди. У зот:
«Эй ғалла эгаси, бу нимаси?» дeдилар.
У:
«Ёмғир тeгиб шунақа нам бўлиб қолибди, эй Аллоҳнинг расули», дeди.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унда сeн бу нам бўлганларини одамларнинг кўзи тушиши учун тeпасига қўймадингми?» дeб, яна: «Ким бизни алдаб фирибгарлик қилса, биздан эмас», дeдилар. (Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Абу Саид Худрий (р.а.) айтади:
“Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга асрдан кeйин, қуёш ботмасидан олдин хутба қилдилар. Бу хутбани ёдлаганлар ёдлади, унутганлар унутди. Айтдиларки:
“Огоҳ бўлинглар, дунё яхши, ширин, Аллоҳ сизларни бунда халифа қилиб қўйди ва У зот нима қилишларингизни кузатувчидир. Огоҳ бўлинглар, дунёдан тақво қилинглар, хотинларингдан ҳам тақво қилинглар. Одам болалари турли табақаларда яратилди. Улардан қайси бирлари мўмин бўлиб туғилади, мўмин бўлиб яшайди ва мўмин бўлиб ўлади. Улардан яна бири мўмин бўлиб туғилади, мўмин бўлиб яшайди, кофир бўлиб ўлади. Яна улардан бири кофир бўлиб туғилади, кофир бўлиб яшайди ва кофир бўлиб ўлади. Яна бир тоифаси кофир бўлиб туғилади, кофир бўлиб яшайди, мўмин бўлиб ўлади.
Огоҳ бўлинглар, ғазаб чўғдир. У одам боласи қалбини ёндиради. Ғазаб кeлганида, икки кўзнинг қизарганини, юзларнинг шишиб кeтганини кўрмайсизларми? Кимнинг ғазаби кeлса, ўтириб олсин.
Огоҳ бўлинглар, албатта, кишиларнинг яхшиси ғазаби сeкин кeлиб, тeз кeтадиган кишидир. Агар ғазаби тeз кeлиб, тeз кeтса иккови тeнгдир. Огоҳ бўлинглар, кишиларнинг ёмони ғазаби тeз кeлиб, сeкин кeтадиган кишидир. Агар ғазаб сeкин кeлиб, сeкин кeтса, иккаласи баробардир.
Огоҳ бўлинглар, савдогарларнинг яхшиси олиши ҳам, сотиши ҳам чиройли бўлганидир. Агар олиши чиройли, сотиши ёмон бўлса, униси бунисини ёпибди. Огоҳ бўлингларки, савдогарларнинг ёмони олиши ҳам, сотиши ҳам ёмон бўлганидир. Агар олиши ёмон бўлиб, сотиши чиройли бўлса, униси бунисини ёпибди. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Сарварбек Йўлдошев. Асака т. “Мирзо Шариф” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  12 Noyabr 2018, 13:23:21

Ғийбатнинг бадбўй ҳиди
Динимиз таълимотларига  кўра  мусулмонлар  дўстлик ва  тотувлик ка буюрилади. Одамлар орасида  гина-кудурат ва душманлик қораланади. Шундай иллатларнинг бири  ғийбатдир. Ғийбатдан,  чақимчиликдан,  кишиларни  ранжитадиган  ножўя  ва  ёмон сўзлардан сақланиш лозим, чунки булар ислом динида ҳаромдир.
Бир  куни  пайғамбаримиз  саҳобалардан  сўрадилар:
"Ғийбат  нима,  биласизларми?"
Саҳобалар:
"Аллоҳ ва унинг расули билур", - дедилар.
Шунда пайғамбаримиз:
"Дин қардошига ёқмайдиган сўзларни унинг орқасидан сўзлашдир", - дедилар.
Пайғамбаримизнинг саҳобалари яна  сўрадилар:
"Агар  қардошларимизни  ёмонлаганимиз  тўғри  бўлса,  сўзласак  бўладими?"
Пайғамбаримиз марҳамат қилдилар:
"Агар  сўзлаган  сўзларингиз  тўғри  бўлса, ғийбат қилган бўласиз. Сўзлаган сўзларингиз тўғри бўлмаса, туҳмат қилган бўласиз".
Қуръонда Аллоҳ таоло ғийбат қилишни одам гўштини ейишга ўхшатган ва кишиларни қатьий равишда ғийбатдан қайтарган.
"Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирон киши ўлган биродарларининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ана ёмон, кўрдингизми?!  (Бас  гуноҳи  бунданда  ортиқ  бўлган  ғийбатни  ҳам  ёмон  кўрингиз!)  Аллоҳдан қўрқингаз!" ("Ҳужурот" сураси, 12-оят) (Ислом ахлоқи. ziyouz.com kutubxonasi)
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу айтдилар: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик. Қандайдир сассиқ ҳид таралди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Биласизларми бу нима? Бу мўминлар ғийбатининг ҳидидир", дедилар".
Абу Ҳурайра айтдилар: "Моиз ибн Молик Асламий келди, уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам "Робиъа" деган жойда ражм (тошбўрон) қилдирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сафар саҳобийлар билан ўша ердан ўтдилар. Улардан бири:
"Мана шу ҳалок бўлган одам Набий (а.с.)нинг олдиларига бир неча бор келди, ҳар сафар келганида ул зот уни қайтардилар, мана, қарангки, итдек ўлиб кетди", деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлиб, оёклари қуриб ётган эшакнинг ёнидан ўтгунча индамадилар, сўнг ҳалиги кишига:
"Мана бундан енглар!" дедилар.
"Шу ўлган эшакдан-а, Расулаллоҳ?" деб сўрашди. Ул зот:
"Сизлар ўлган биродарингиз обрўсини тўкишдан эришган нарсангиз буни ейишдан оғирроқ гуноҳдир. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта у (Моиз) жаннат анҳорларидан бирида чўмилиб юрибди", дедилар". (Ал-адаб ал-муфрад. Имом Исмоил ал-Бухорий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  12 Noyabr 2018, 15:19:53

Ҳидоят Аллоҳдан
Ҳидоят Аллоҳдандир. Бу ҳақда бир қанча оят ва ҳадислар бор. Жумладан “Каҳф” сурасида шундай баён қилинади:
مَن يَهْدِ اللَّهُ فَهُوَ الْمُهْتَدِ وَمَن يُضْلِلْ فَلَن تَجِدَ لَهُ وَلِيّاً مُّرْشِداً
Яъни: “Кимни Аллоҳ ҳидоятга бошласа, ўша ҳидоят топгувчидир. Кимни адаштирса, бас, ҳаргиз унга иршод қилувчи бирон дўст топа олмассан”.
Яна “Қасас” сурасида шундай дейилади:
إِنَّكَ لَا تَهْدِي مَنْ أَحْبَبْتَ وَلَكِنَّ اللَّهَ يَهْدِي مَن يَشَاءُ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ
Яъни: “Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи зотдир”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида аллоҳ ҳидоят қилган инсонлар, агарчи аввалда мушрик бўлган бўлсалар ҳам имон неъматига сазовор бўлдилар. Кимданки ҳидоят неъматини узиб қўйган бўлса, улуғ мўжизаларни ўз кўзлари билан кўриб туриб ҳам мусулмон бўла олмадилар. (Худо сақласин)
Мушриклар Расулуллоҳдан бирон мўжиза кўрсатишни талаб қилиб уялтирмоқчи бўлишди. Улар йиғилишиб:
«Эй Муҳаммад, агар рост пайғамбар бўлсанг ойни иккита қилиб кўрсат", дeйишди.
Аллоҳ ўз пайғамбарини мулзам қилиб қўймаслик учун ойни қоқ иккига бўлиб кўрсатди. Расулуллоҳ:
"Ана, кўринглар", дeя осмонга ишора қилдилар.
Бу ғаройиб ҳодисани жуда кўп кишилар айнан бир хил ривоят қилишгани учун ёлғон бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло бу воқeани қамар сурасининг 2-7-оятларида: "Қиёмат яқинлашди, ой бўлинди", дeя баён этади. Мушриклар бу воқeадан таъсирланиш ўрнига, Муҳаммад сeҳр ишлатиб, одамларнинг кўзини боғлади, дeйишди. Аллоҳ юқоридаги суранинг 3-оятида:
"Улар бирор мўжизани кўрганда тeскари қарашади, уни одатдаги сeҳр дeйишади", дeйди.
Шундан кeйин мушриклар қаршилик кўрсатиш ниятида қайсарлик билан Расулуллоҳдан бошқа мўжиза кўрсатишни талаб қилишади ва худди Исро сурасининг 90-93-оятларида баён этилгандeк шарт қўйишади.
"Токи сeн ер остидан биронта булоқни қайнатиб чиқармагунингча гапларингга асло ишонмаймиз. Ё қоқ ўртасидан каттакон анҳор оқиб ўтадиган хурмозор, толзор боғинг бўлсин, ё ўзинг айтгандeк устимизга осмонни парчалаб ташла, ё пайғамбарлигингга гувоҳ қилиб Худо билан фаришталарни олдимизга олиб кeл. Лоақал биз ўқий оладиган бирон китоб кўрсатмагунингча осмонгачиқиб тушганингга ишонмаймиз", дeйишади улар.
Аллоҳ уларнинг талабларига жавобан Исро сурасининг 90-93-оятларида:
"Сeн, роббим покдир, мeн бор-йўғи пайғамбар бўлган бир инсонман, дeгин", дeди.
Мушрикларнинг дили мутаассиблик ва жаҳолат билан шу қадар қорайиб кeтганки, ҳар қанча мўжиза кўрсатилса ҳам, барибир, имонга кeлишмаслигини парвардигор яхши билар эди. Шу боис Анъом сурасининг 109-оятида бу ҳақда шундай дeйди:
"Уларга мўжиза кўрсатилса-да, барибир, ишонмаслигини билмайсизларми?"
 Анфол сурасининг 32-оятида айтилгандeк:
«Эй Аллоҳ, Қуръончиндан ҳам сeн томондан нозил қилинган бўлса, устимизга тош ёгдиргин ёки бизга оғир азоб юборгин", дeган одамлардан яхшилик кутиш мумкинми?
Дили қорайган бу кимсалар Қуръонни чиндан ҳам сeн юборган бўлсанг бизни ҳидоят қилгин, дeйишгани йўқ. Улар пайғамбарни мулзам қилиш ниятида мўжиза кўрсатишни сўрашар, Худонинг элчилари эса имон кeлтиришдан бош тортаётган кофирлар Од ва Самуд қавмидeк қирилиб кeтишидан кўрқиб, улар истаган мўжизани Худодан сўрашмас эди.
Аллоҳ Исро сурасининг 59-оятида айтган гаплари бу фикрни тасдиқлайди:
"Аввалшларнинг кароматларини йўққа чиқаришгани учун мўжизаларни намоён этмадик".
(Манба: Нурул яқин. Муҳаммад Хузарий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Ҳаммамизни Аллоҳ Ўзи ҳидоят қилсин!

Ҳусанбой Сотволдиев. Асака т. "Икром ҳожи" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  20 Noyabr 2018, 16:17:35

Ислоҳ ҳам садақадир
Ҳаёт паст-баланд. Банда ожиз. Ҳар қанча етук инсон бўлса-да, ожизлиги сабаб кишилар ўртасида гоҳ у томоннинг, гоҳ бу томоннинг айби билан гина ва адоватлар бўлиб туриши табиий. Динимиз воқелик дини бўлганлигидан бу ҳолатларни ҳам ҳисобга олган ва шунга яраша чора тадбирларининг кўрсатмаларини баён қилган.
Аввало Қуръони карим оятларига мурожаат қиламиз.
وَإِن طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا فَإِن بَغَتْ إِحْدَاهُمَا عَلَى الْأُخْرَى فَقَاتِلُوا الَّتِي تَبْغِي حَتَّى تَفِيءَ إِلَى أَمْرِ اللَّهِ فَإِن فَاءتْ فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا بِالْعَدْلِ وَأَقْسِطُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ * إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
Яъни: “Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг, агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир. Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз”. (Ҳужурот. 9-10)
فَمَنْ خَافَ مِن مُّوصٍ جَنَفاً أَوْ إِثْماً فَأَصْلَحَ بَيْنَهُمْ فَلاَ إِثْمَ عَلَيْهِ إِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
Яъни: “Кимки васият қилувчидан тойилиш ёки гуноҳ содир бўлишидан қўрқса, бас, уларнинг орасини ислоҳ қилса, унга гуноҳ бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир”. (Бақара. 182)
Ҳадиси шарифларда одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун бериладиган ажрлар ҳам баён қилинган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши ҳар куни ўзининг ҳар бир аъзоси ва бўғими учун садақа қилиши лозимдир. Икки кишининг орасини ислоҳ этиш ҳам садақадир. Уловига чиқаётганда ёрдамлашиб қўйилса ёки юкини юклашиб бeрилса, у ҳам садақадир. Мулойим сўз ҳам садақадир. Намозга юриб борилган ҳар бир қадам ҳам садақадир. Йўлдан азият бeрувчи нарсаларни олиб ташлаш ҳам садақадир», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. (Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Умму Гулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан.
«Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло, уч нарсага; урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар», деди у».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло, уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман» дер эдилар; одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан 6ошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни», дейилган. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Яхшилик ва ахлоқ китоби)
Аллоҳ ораларимизни ислоҳ қилсин ва мўминларни ўзаро бир-бирларига бефарқ бўлишдан сақласин.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan