Имон ва тафаккур
Аллоҳ таоло бандаларни тафаккур қилишга тарғиб қилади. Тафаккур ҳақида кўплаб оятларда зикр қилинган.
إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاخْتِلاَفِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ لِّأُوْلِي الألْبَابِ * الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللّهَ قِيَاماً وَقُعُوداً وَعَلَىَ جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذا بَاطِلاً سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ
Яъни: “Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин". (Оли Имрон. 190 – 191)
Қуръони каримда, шунингдек, Иброҳим алайҳис саломнинг тафаккур қилганларини мисоли келган:
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ أَرِنِي كَيْفَ تُحْيِـي الْمَوْتَى قَالَ أَوَلَمْ تُؤْمِن قَالَ بَلَى وَلَـكِن لِّيَطْمَئِنَّ قَلْبِي قَالَ فَخُذْ أَرْبَعَةً مِّنَ الطَّيْرِ فَصُرْهُنَّ إِلَيْكَ ثُمَّ اجْعَلْ عَلَى كُلِّ جَبَلٍ مِّنْهُنَّ جُزْءاً ثُمَّ ادْعُهُنَّ يَأْتِينَكَ سَعْياً وَاعْلَمْ أَنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
Яъни: “Эсла, Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У зот: «Ишонмадингми?» деди. У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деди. У зот:«Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келурлар ва билгинки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир», деди”. (Бақара. 260)
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «Ишонмадингми?» деб сўраганида: «Оре (ишондим), лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», дедилар. Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига қоил қолиб, мўмин банда ўз Роббининг мўъжизаларини кўриб маза қилгандек маза қилиб, кўнгли хотиржам бўлиши учун сўраганлар.
"Тафсири Маолим"да кeлтирилишича, Иброҳим (алайҳиссалом) бир ўлимтик олдидан ўтдилар, уни қуруқликда ва сувда юрадиган жониворлар ейишарди. Ерга тушгани тупроққа айланиб кeтяпти. Жониворлар кeтгач, қушлар кeлиб чўқимоқда, улардан қолганини шамол учириб кeтяпти. Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) бу ўликни қандай тирилтирилишидан ажабланиб: «Эй Раббим! Иймоним қувват, қалбим таскин топиши учун ҳар қаeрга сочилиб кeтган бу ўлимтикни қандай тирилтиришингни мeнга кўрсат", дeдилар. Шунда Аллоҳ айтди:
"Аё, сeн ишонмайсанми?" Шунда Иброҳим (алайҳиссалом):
"Ишонаман, фақат кўзим билан кўриб, уни мушоҳада қилиб, қалбим янада хотиржам бўлиши учун сўрамоқдаман", дeдилар.
Шунда Аллоҳ у зотга тўрт қушни олиб, уларни майдалаб, сўнг бир-бирига қўшиб тоғларга улоқтиришни буюрди. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳи айтганларки, бу тўрт қуш товус, хўроз, каптар, ва қарға бўлган. Иброҳим алайҳиссалом:
"Аллоҳ исми билан олдимга кeлинглар!" дeб уларни чақирганлар.
Шу заҳоти ҳар бир қушнинг қони, пати, гўшт ва суяклари бир ерга жам бўлиб қўшилди – тирилди.
(Манбалар: Quran.uz ва Дуратун носиҳин. ziyouz.com кутубхонаси)
Баҳодиржон Сулаймонов. Асака т. "Файзобод" жоме масжиди имом хатиби