Umumiy bo'lim > Islom

Maʻrifiy maqolalar

<< < (19/52) > >>

MirzoMuhammad:
ОТА ВА ОНАНИ РАНЖИТМАНГ
Динимиз таълимоти ва йўл-йўриқлари ота-оналарга яхшилик қилиш, уларга итоатда бўлиш, ҳурмат-эътиборини ўрнига қўйиш, уларга ҳеч қачон осийлик қилмаслик, айниқса ёшлари улғайиб, кексалик палласига етганларида чиройли парвариш ва ғамхўрлик кўрсатишга чорлайди.
* وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَا أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيماً *  وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيراً *
“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт”. (Исро сураси, 23-24 оят)
Кимнингки ота-онаси тирик экан, у инсон дунёда энг бахтли инсонлардан эрур. Айниқса, бу табаррук зотлар билан бир хонадонда бўлишлик ва уларнинг хизматини чин дилдан адо қилишлик дунёнинг барча неъматларидан ҳам аълороқ. Аммо ҳаёт шундай эканки, бир неча фарзанд бўлса уларнинг ҳаммаси ҳам бирдан бундай улуғ неъматдан баҳраманд бўлиш имконига эга бўла олмас экан.
   Қаранг, ота-онангиз Сиз билан бир ҳовлида бўлса, агарчи икки дона иссиқ нон кўтариб келсангиз ҳам аввало уларга тақдим этиш имкони қўлингизда бўлади. Ҳовлингизда пишиб етилган ўрик борми, узум борми биринчи мевасини ўзингиз ҳам, бола-чақангиз емай туриб аввало уларнинг олдига қўйишингиз, улар бир донасини татиб беришларини кўриб турмоқ қандай ҳам завқли! Айниқса уларнинг кексалик чоғларида бозордан тўртта сомса олиб келсангиз ҳам, беш юз сўмлик нўхот олиб келсангиз ҳам  шундай.
Бошқа ҳовлига чиқиб кетганларчи? Улар бундай имкониятдан, демакки доимо жаннат боғларида юришдек бахтдан маҳрум бўлади десак муболаға бўлмас. Чунки топганини ўз уйига олиб келади. Онасига ёки отасига бирор нарса олмоқчи бўлса алоҳида ҳафсала қилиб олишига тўғри келади. Ўшанда ҳам бола-чақасидан ошиниб олади.
Абу Лайс Самарқандий Ибн Аббос разияллоҳу анҳо дан ривоят қилади: “Қайси бир мўминнинг ота-онаси бўлсаю икковларига яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан икки дарвоза очади. Икковларидан бири ғазабли бўлса, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлмайди, токи у рози бўлмагунча”. Сўради: “Агар золим бўлса-чи?”. “Агар золим бўлса ҳам!”
Расул акрам (с.а.в.) бу ҳақда марҳамат қилиб, бундай деганлар:
“Ким ота-онасидан бири ёки икковларини ҳурмат қилмай ва уларга яхшилик қила олмасдан жаннатга кира олмаган бўлса, бурни ерга ишқалансин,  бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин”.
Лекин афсуски, кўпчилик ота-онасининг қадрини билмайди. Вақти келиб ўз фарзандларидан нима келишини хоҳласа, бугун ота ва онасига ўшандай муомалада бўлиб олиши зарур энлигини эсидан чиқариб қўяди. Нтижада кун келиб фарзандидан жабр кўрса, меҳр кўрмаса йиғлаб юради, аммо унда энди кеч бўлади.
   
Бир йигит ўз отасини ҳакорат қилиб урганини кўрган одамлар нафратланиб, у адабсиз ўғилга ҳужум қилмоқчи бўлдилар. Йигитнинг отаси одамларни тўxтатиб:
— Биродарлар, ўғлимни тек қўйинглар! Бу ишда ўғлим эмас, мен ўзим айбдорман. Йигитлик вақтимда кунлардан бир кун xудди мана шу ерда отамни ҳақорат қилиб урган эдим. Мана энди отамга қилган беодоблигимнинг жазосини кўриб турибман, отамга қандай муомала қилган бўлсам, бугун ўшандай муомала ўз ўғлимдан қайтди. Нимани эксанг, шуни ўрасан, дeб жуда тўғри айтган эканлар. Мeн ёшлигимда ота-онамни ҳурмат қилмаган эдим, дилларини оғритган эдим, улар мeндан норози бўлиб кeтдилар. Мана энди одобсизликларим боламдан қайтмоқда. Азизларим, ўғлим айбдор эмас, ўзим айбдорман,— дeб ўксиниб-ўксиниб йиғлади.
Йигит отасининг сўзларидан таъсирланиб, дод-фарёд қилиб кўз ёшларини тўкди. Дарҳол отасини қучоқлаб, ўпиб, ундан узр сўради. Ота эмасми, у ҳам ўғлининг гуноҳини кeчирди, унинг кўз ёшларини артиб, қучоғига олиб эркалади. Бу воқeанинг гувоҳи бўлган xалқ ҳам таъсирланиб, кўзларига ёш олдилар.

Улуғбек қори Йўлдошев

MirzoMuhammad:
ТАҚВО ҲАҚИДА
Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Эй инсонлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
Ҳа, Аллоҳ таоло наздида банданинг моли ҳам, обрўси ҳам, насли ҳам, насаби ҳам эмас, балки тақвоси эътиборлидир. Бас шундоқ экан дунё матолари билан фахрланиб, ўзимизни бошқалардан баланд тутмоғимиз нечук?
Биз киммизки, кимларгадир бош эгиб таъзим бажо айласак-да, кимларнидир менсимасак?
«Тақво» сўзи луғатда «сақланиш, эҳтиёт бўлиш, қўрқиш, зарарли, қабоҳат ва кароҳиятли нарсалардан четланиш» маъноларини билдиради. Истилоҳда Аллоҳнинг уқубати ва азобларидан сақланиш учун Унинг буйруқларини бажариш, қайтариқларидан четланиш «тақво» дейилади. Тақво Аллоҳ таолодан қўрқиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийилишдир. Бундай хислат соҳиби тақводор саналади.
Аллоҳга тақво қилиш ундан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этиш ва савоб ишларни кўпайтиришга сабаб бўлади.
Баъзилар тақвони таркидунё қилиш, фақат ибодат билан шуғулланиш деб нотўғри тушунадилар. Ҳазрат Умар (разияллоҳу анҳу)дан тақво нима, деб сўралганда, араблар сертикон майдондан яланг оёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтишни тақво деб атайдилар деган. Ҳаётда гуноҳ ишлар худди тиконларга ўхшайди. Ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, гуноҳ маъсият ишлардан сақланган эса тақво қилган бўлади.
Умар разияллоҳу анҳу айтган: “Кўп либосларни кўрдим, аммо тақводан афзалроқ либосни учратмадим”.
Али розияллоҳу анҳу: “Тақво - озуқаларнинг яхшиси” деган.
Саъд ибн Ваққос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Албатта, Аллоҳ таоло тақводор, қалби бой ва панада юрувчи бандасини яхши кўради», дeлилар. (Муслим ривояти)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Инсонларни жаннатга кўп киргизадиган амал қайси?” дeб сўрадилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга қилинган тақво ва ҳусну хулқ”, дeдилар. Ва яна сўрадилар: “Инсонларни дўзахга кўп киргизадиган амал қайси?” Жавоб бердилар: “Оғиз ва жинсий аъзолар орқали қилинган гуноҳ», дeб айтдилар. (Тeрмизий ривояти)
(Жума тезислари, зиёуз.cом кутубхонасидаги Мунаббиҳот ва Риёзус солиҳин китобларидан фойдаланилди. )

Сарварбек Йўлдошев. Мирзо Шариф масжиди имом хатиби. Асака тумани

MirzoMuhammad:
ИБН АББОС
Абдуллоҳ ибн Аббос Расулуллоҳ (с.а.в) амакиларининг ўғли. Санаси аниқ бўлмаса-да, Маккада Абу Толиб оиласига қарши қўлланган иқтисодий қамал вақтида туғилгани маълум. Онаси Умму Фазл Лубоба бинти Ҳорис мўминлар онаси Маймуна (р.а.)нинг синглиси, Хадича онамиз (р.а.)дан кейин исломни қабул қилган иккинчи аёл.
Отаси Абдуллоҳни туғилиши билан Пайғамбаримиз (с.а.в.)га олиб борди. Расулуллоҳ (с.а.в.) чақалоқни бағирларига босиб: «Илоҳим, уни диннинг билимдони қил! Китоб (Қуръон)нинг тафсирини унга ўргат», дея дуо қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос ислом оёққа турган Мадина шаҳрида улғайди ва илм олди. Таҳорат қилиш, намоз ўқишни шахсан Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўрганди. Ёшлик чоғида Пайғамбаримиз (с.а.в.) унинг бошини силаб, бир неча бор: «Эй Аллоҳ, бутун илм ва ҳикматни шу бошга бер. Унга таъвил ва тафсирни ўргат. Парвардигорим, инсониятга берган барча илм ва ҳикматни унинг қалбига жо қил», дея дуо қилганлар (Муттафақун алайҳ). Саодат асрида жуда ёш бўлгани сабаб, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хонадонларига бемалол кириб чиқар, бошқа саҳобалар билмаган ва кўрмаган кўп нарсаларни биларди.
Ибн Аббос дин илмлари бўйича энг зукко шахслардан бири; Қуръон, тафсир, ҳадис ва фиқҳ илми, шунингдек, араб адабиётининг билимдонларидан эди. Шунинг учун Ибн Масъуд: «У Қуръоннинг таржимони, муфассирларнинг султонидир», дея таъриф берган. Илми кучлилигидан замондошларининг «Умматнинг олими, илмда мисли денгиз» деган эътирофларига сазовор бўлган. (https://irfon.uz/sahobiylar-hayoti/209-abdulloh-ibn-abbos.html)
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. “Умар разияллоҳу анҳу мeни Бадрда қатнашган кексалар билан (ҳузурига) киргизар эди. Гўёки уларнинг баъзилари ўзларича: “Боламиз тeнгқур бу бола нима учун биз билан киради?” дейишар эди.
Умар: “Уни сиз яхши биласиз” дeди. Бир куни мeни чақириб, улар билан бирга киргизди. Ўша куни фақат мeни уларга кўрсатиб қўйиш учунгина шундай қилганин билдим.
-   Аллоҳнинг إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللهِ وَالْفَتْحُ “Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса...” қавли тўғрисида нима дeйсизлар? – деди. Баъзилар:
-   Бизларга нусрат бeрилса ва фатҳ этилса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга буюрилганмиз, - дeйишди. Баъзилар ҳeч нарса дeмай сукут қилишди.
-   Эй Ибн Аббос, сeн ҳам шундай дeйсанми? – дeди.
-   Йўқ, - дeдим.
-   Унда нима дeйсан? - дeди.
-   Бу – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ажаллари. Уни бу зотга билдирмоқда. “Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ кeлса” - бу ажалингнинг аломатидир, “Бас, Раббингнинг ҳамди ила тасбеҳ айт ва мағфират сўра. Зeро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир” деган, - дедим. Умар разияллоҳу анҳу:
-   Бу оятдан мен ҳам сeн айтган нарсанигина биламан, холос, - дeди.
(Имом Бухорий ривояти)

Қамариддин Шаробиддинов. Асака туманидаги Имом Абу Юсуф жомеъ масжиди имом хатиби

MirzoMuhammad:
ҚУРБОНЛИК – АЛЛОҲГА ЯҚИНЛИК
Мусулмон умматига яна бир баракалик ой – Зулҳижжа ойи кириб келмоқда. Бу ой ҳақиқатан баракали ойдир. Айниқса қурбонлик ибодати қанчалаб кўнгли яримларнинг дардларига малҳам бўлади. Қанчалаб адоватларни кўтариб юборади. Қанчалаб кишиларни катта-катта савобларга ноил бўлишига сабаб бўлади.
Қурбонликнинг кўплаб фазилатлари бор. Инсонлар ўртасида меҳр ва муҳаббатни пайдо қилади. Адоватни кетказади. Қурбонлик қилувчининг мартаба ва обрўсини кўтаради. Гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло қурони каримда марҳамат қилади:
إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ {الكوثر/1} فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ {الكوثر/2} إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ {الكوثر/3}
“Биз сенга кавсарни бердик. Бас Роббингга холис намоз ўқи ва жонлиқ сўй. Албатта, сени ёмон кўриб, айбловчининг орқаси кесик”. (Маъно таржимаси “Тафсири ҳилол”дан олинди)
«Кавсар»ни тафсирчиларимиз «кўп яхшилик» деб айтганлар. Пайғамбарлик, Қуръон, ҳикмат, умматнинг кўплиги, шафоат ва Пайғамбаримизга берилган бошқа сон-саноқсиз яхшиликлар ҳам шулар жумласидан.
«Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй».
   Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.
Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: «Эй, одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва атийра лозимдир.  Атийра нималигини биласизларми? У сизлар, ражабия, деб атайдиган нарсадир» - деганларини эшитдим».  (Сунан эгалари ривоят қилган)
   «Кавсар» сурасининг ояти ва ушбу ҳадисга асосан мазҳабимиз  уламолари ҳур, муқим, бой мусулмон одамга қурбонлик қилиш вожибдир, деганлар.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа ҳадисларида:
«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз», дедилар». (Термизий ривояти)
Қурбонлик қилиш бойларгагина вожиб бўлганлиги камбағалларга енгилликдур. Шу билан бирга муқаддас динимизда қурбонликка қодир бўла олмаган камбағаллар ҳам ўкситилмайди.
Қурбонликнинг фазилатларини эшитиб саҳобалардан бирларининг рағбати қўзиб кетиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берди:
   «Айтингчи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?» деди».
(«Манийҳа» биров томонидан соғиб ичиб туриш учун берилган соғин ҳайвон).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саволга:
   «Йўқ!» деб жавоб бердилар ва :
«Лекин, сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар,  Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар».

Улуғбек қори Йўлдошев
Ҳадислар таржимасида “Ислом Уз.” сайтидан фойдаланилди.

MirzoMuhammad:
ИЛМ ВА ОДОБ
Илм одам фарзандининг мартабасини кўтариб бошқа махлуқотлардан устувор этиши “Таълимул-мутаъаллими” китобида чиройли тарзда баён этилган:
“Инсониятгагина хос бўлган илмнинг шарафли экани ҳеч кимга сир эмас. Чунки шижоат, журъат, қувват, саҳоват, шафқат каби илмдан бошқа ҳамма хислатлар инсонда ҳам, бошқа ҳайвонотларда ҳам муштаракдур. Аллоҳ таоло илм билангина Одам алайҳис салоту вас-саломни фаришталардан афзаллигини изҳор қилди ва уларни (Одам алайҳис салоту вас-салом)га сажда қилмоққа буюрди”.
   Ана шундай шарафли мартабага етишиш учун фақатгина китоб ўқишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Балки Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтганларидек одоб ҳам шарт қилинган:
   “Кимдаки одоб бўлмаса, унда илм ҳам йўқдур”.
Демак илмнинг аввали одоб бўлмоғи даркор экан. Бу ишга фақатгина мактаб ўқитувчиларигина эмас, кенг жамоатчилик ҳам масъуллигини унутмаслик лозим. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, фарзандимизни мактабга жўнатар эканмиз, ахлоқли, одобли бўлишга чорлаб, устозларини қаттиқ ҳурмат қилишликни, уларга зинҳор гап қайтармасликни, устозларнинг олдида ҳаргиз беодоблик қилмасликни албатта тайинлаб айтиш керак.
Кейинги йилларда устозларнинг ҳурматини мақомига келтириш ҳақиқий шарқона одоблар доирасидан чиқиб қолганини яққол кузатишимиз мумкин. Ваҳолонки, биз қандай инсонларнинг авлдоларимиз? Бизнинг ота-боболаримиз эмасми, устозга ўз жигарбандини “эти Сизники, суяги бизники”, ‒ деб топширганлар?! Бизнинг аждодларимиз эмасми, устозининг фарзандига ҳам ҳурмат-эҳтиром кўрсатган?!
Ҳа, аввал устозни ҳурматлашни ўрганмасдан туриб, илмнинг моҳиятини ҳам англаб етиш мумкин эмас, ўқиган китоблардан ҳам барака топилмайди.
Дарҳақиқат, устоз ҳурмат-эҳтиромга лойиқ инсон. Искандар Зулқарнайндан сўрабдилар:
‒ Нима учун устозингизни отангиздан ҳам кўпроқ ҳурмат қиласиз?
‒ Негаки, отам мени осмондан пастга туширди (яъни ‒ руҳият оламидаги руҳим ер юзига тушиб жасадимга киришига сабаб бўлди). Устозим эса мени ердан осмонга кўтаради, ‒ деб жавоб берган экан  Искандар Зулқарнайн.
Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига Аллоҳ таолонинг  Ўзи, фаришталар ва илм эгалари гувоҳлик бериши ҳақида баён қилинган “Оли Имрон” сурасининг 18-оятининг тафсирига кўра баъзи муфассирлар Аллоҳ таолонинг гувоҳлиги далиллар пайдо қилиши билан,  фаришталарнинг гувоҳлик бериши иқрор бўлишлари билан, илм эгаларининг гувоҳликлари эса далиллар келтириб исботлаб беришлик билан бўлади деганлар. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳининг тафсирларига кўра ушбу ояти каримада илм аҳлининг даражаси юқори эканлиги баён қилинмоқда. Бу эса ҳар бир илм йўлини  тутган инсонга шарафли масъулият юклайди.
Шартли равишда “дунёвий илм” деб аталаётган математика, астрономия, табобат, кимё, физика ва бошқа фанларни аслида “дунёвий илм” деб ажратиб бўлмайди. Негаки мазкур илмлар ҳаммаси ҳам Калом Қадим ‒ Қурони Каримда мавжуд. Уларни пухта ўрганмасдан туриб Қурони Каримни яхши тушуниб бўлмайди. Шунинг учун ҳам фарзандларимиз ўқув даргоҳи дастуридаги ҳар бир илмни қунт билан ўрганишини таъминлаш ҳам ҳар биримизнинг келажак олдидаги масъулиятлик вазифаларимиз сирасидандур.
Кези келганда уларнинг кийинишига ҳам алоҳида эътибор бериш керак. Ҳолбуки, Маориф Вазирлиги томонидан тавсия этиладиган кийиниш усули ҳаммабоп ва қулайлиги билан соддалик сифатига ҳам эга. Кўпинча қишлоқ мактабларида бир ҳил кийиниб олган қизларимизни кўриб кўзинг қувнайди. Бироқ аксарият шаҳар мактабларида ўқувчилар ким ўзарга кийингандек кўринади. Уларнинг эгнидаги кийимлари қимматбаҳолигидан ёқангни ушлайсан. Камига на мусулмончиликка, на тавсия қилинган кийиниш усулига мос тушмайди, балки йигит-қизларимизнинг юзидан шарм ва андиша пардасини йиртиб юборади.
Ажаб эмаски кенг жамоатчилик асосида бу камчиликлар ҳам бартараф этилса. Чунки, ҳақли равишда фахр билан айтиш мумкинки, таълим-тарбия соҳаси Мустақиллик йилларида тубдан ислоҳ қилинди. Таълим бериш усуллари ҳам тараққий топгани келажакка умид ила боқишимизга асос бўлажак.
Илоҳим, бизларнинг эртамиз бўлган келажак авлдоларимизни баркамол маърифатли, зиёли ва албатта ахлоқ-одоб соҳиблари бўлишини насиб айлагин.

   Улуғбек қори Йўлдошев Асаска т. "Холид ибн Валид" масжиди ғазначиси

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

[*] Previous page

Go to full version