Имом Бухорий ривоят қилган машҳур ҳадисда Жабройил алайҳиссалом Расулуллоҳдан “Қиёмат қачон?” - деб сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билувчироқ эмас”, - деб жавоб қиладилар.
Қиёматнинг кун ва соатлари Аллоҳ томонидан тайин қилиб қўйилгани, у асло ўзгартирилмаслиги, тобора яқинлашиб келаётгани - ҳақиқат. Аммо Қиёмат фалон йили бўлади, деб айтиш ғайб илмини даъво қилиш бўлиб, бу иш камида гуноҳи кабирадир. Қиёматга ишонган одам учун унинг қачон бўлиши эмас, балки у кунда ўзининг аҳволи қандай бўлиши муҳим. Шунинг учун мусулмон одам Қиёматда бўладиган ҳисоб-китоб ва савол-жавобларга тайёргарлик кўради. Гуноҳларига тавба қилади. Ёмон ишлардан ўзини тийиб, солиҳ амалларини кўпайтиради.