Шаръий ҳижоб қандай бўлади?
Шаръий ҳижоб ичи кўринмайдиган, қалин матодан тикилган бўлиши керак. Ҳижобнинг кўриниши зийнат бўлмаслиги шарт. Яъни, бичими тор, ранги эътиборни жалб қиладиган бўлмаслиги. Ҳушбўй атирлар сепилмаган ва машҳур (модадаги) кийим бўлмаслиги лозим. Мазкур сифатларга хилоф бўлган "ҲИЖОБ"лар ношаръийдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атир сепган ҳолда бегона эркаклар олдига чиқишни аёлларга ҳаром қилганлар.
«Қайси бир аёл ҳушбўй атирларни сепиб, (эркаклар) унинг ҳидини туйишлари учун бирор қавмнинг олдидан ўтар экан, у аёл зинокордир».
Бундан ташқари, ҳижоб эркакларнинг кийимларига ўхшамаслиги ва бутун баданларини – айниқса юзларини – тўлиқ тўсиб туриши лозим. Баъзи аёллар «Юз аврат эмас», деган даъво билан юзларини очиб юраверадилар. Натижада эркакларни ўзларига қаратадилар. Қандай қилиб юз аврат бўлмасин?! Ахир аёллардаги энг жозибали, кишиларни ўзига жалб қиладиган ва унинг гўзаллик нуқтаси бўлган аъзо юзлари эмасми?! Агар эркаклар аёлнинг юзига маҳлиё бўлишмаса, бошқа унинг қайси аъзоси билан фитналанишлари мумкин?!
Қуръони Карим ва саҳиҳ суннатда аёл ҳамма жойларини тўсиб юришга буюрувчи ҳужжатлар ворид бўлган. Чунки аёлнинг бутун бадани аврат!! Бегона эркакларга бирор жойини кўрсатиши ҳалол эмас. Қуйида ҳижобнинг фарзлигига далолат қилувчи далилларни келтириб ўтамиз:
«...ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмол билан тўссинлар!». (Нур: 31)
Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
- Мана шу оят нозил бўлганда Ансорларнинг аёллари изорларининг бир четидан йиртиб олиб, ўша нарсани рўмол қилиб бошларига ташлаб олдилар».
Юқоридаги оят ва ҳадисларга ортиқча изоҳ шарт бўлмаса керак.
Бошқа бир саҳиҳ ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳонинг машҳур «Ифк» ҳодисаси (Мунофиқлар тарафидан Оиша онамиз шанларига уюштирилган тухмат воқеаси) ҳақидаги қиссалари зикр қилинган. Унда айтилишича Оиша розияллоҳу анҳо бир жойда ухлаб қоладилар. Уйқудан турсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) кетиб қолишган бўлади. Узоқдан Сафвон ибн Муаттал розияллоҳу анҳуни кўришлари билан юзларини тўсиб оладилар.
Яна бир ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
«Жилбобим билан юзимни тўсиб олдим».
Шунинг учун ҳар бир муслима аёлга Аллоҳдан қўрқиши, ҳижобини комил суратда ўраши ва ҳижоб шаънини тўкадиган, ҳаёсига путур етказадиган ҳар қандай тўсиқ-сабаблардан воз кечиши вожибдир. Шундай қилса, баъзи бир фосиқ кимсаларнинг ҳаёсиз-бузуқ аёлларга қиладиган муомалаларидан ҳамда Аллоҳ таолонинг ғазаби ва жазосидан ўзини саломат сақлаган бўлади.
Кафт ва билакларни очиб юриш, кўзлари ва юзнинг бир қисмини кўрсатиб турадиган, эр кишини мафтун қиладиган ниқоблар тақиш ёҳуд остидан юзи ғира шира кўриниб турадиган юпқа мато билан юзини ўраш каби ҳижоб масаласида сусткашлик қилиш мумкин эмас. Бу каби ҳолат хунук юзни ҳам жозибадор қилиб қўяди.
Баъзи аёллар юқорида санаб ўтилган ножоиз амалларни қилиб юрган бўлсалар ҳам, ўзларини мукаммал ҳижоб ўровчи аёл деб ҳисоблайдилар. "Баданларидан баъзи жойларини очиб юришлари, фитнага сабаб бўлмайди, бундай юриш ман этилган ясаниб юришга кирмайди", деб биладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Икки тоифа кишилар борки улар жаҳаннам аҳлидандир. Мен ҳали уларни кўрмадим: Биринчиси қўлларида сигир думига ўхшаш қамчилари билан одамларни уриб юрадиган кимсалар. Иккинчиси кийиниб олган, (лекин) яланғоч, (бошқаларни ҳам) йўлдан оздирувчи, ўзлари ҳам (ҳақдан) оғган ҳамда бошлари (даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллардир. Улар жаннатга кирмайдилар, унинг ҳидини ҳам топмайдилар. Зеро, Жаннатнинг ҳиди фалонча масофадан келиб туради». Муслим ривояти
Аҳли илмлар ҳадисдаги «кийиниб олган, (лекин) яланғоч» деган сўзни «улар кийим кийишади, лекин тор, юпқа ёки баданининг ҳамма жойини тўсмайдиган кийимлар бўлади», дея таърифлашган.
Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймин раҳимаҳуллоҳ шаръий ҳижоб ҳақида шундай дейди:
«Энг рожиҳ-кучли гапга кўра шаръий ҳижоб – аёл эркаклар назарини жалб қиладиган барча аъзоларини, хусусан юзини тўсиш билан бўлади. Шунинг учун аёл кишига юзини номаҳрам эркаклардан тўсиши вожибдир. Аммо маҳрамларига юзини кўрсатиши мумкин».
«Сочни тўсиб, юзни очиб юриш шаръий ҳижоб бўлади», дейдиган кимсага келсак, унга битта саволимиз бор:
- Айтингчи, кишини кўпроқ аёлларнинг сочи ўзига тортадими ёки юзими? Совчи қўяётган киши аввал аёлларнинг сочи ҳақида сўрайдими ё юзи (чиройи) ҳақидами?
Бу саволга фақат битта жавоб бор. У ҳам бўлса: «Албатта аёлларнинг юзи бошқа аъзоларига нисбатан жозибалироқ бўлади. Эркак киши ҳам албатта аввал аёл кишининг чиройи ҳақида сўрайди» деб жавоб беришдир. Бундан бошқача жавоб бериш қайсарлик ва бефойда тортишиш бўлади. Бунда шак-шубҳа йўқ. Чунки инсон табиатан – гарчи сочи унчалик чиройли бўлмаса ҳам – юзи гўзал бўлган аёлга кўпроқ мойиллик билдиради. Аксинча, агар унинг юзи унчалик чиройли бўлмаса – сочи ҳар қанча чиройли бўлмасин – барибир унга рағбат қилмайди.
Шаръий ҳижоб ҳақида хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, аёл киши ҳижоб ўрасин, токи у сабабли фитна содир бўлмасин ва унга нисбатан ҳам фитна содир этилмасин. Албатта бу ерда фитнанинг бўлиш-бўлмаслиги юзнинг очиқ ёки ёпиқлигига кўпроқ боғлиқ. Шундай экан, аёлларга юзларини номаҳрам эркаклардан тўсиб юришлари вожиблигида шубҳа ва тортишишга ўрин йўқ.